Ro‘za ozish uchun tutilmaydi
©️ Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf
@AbuYusuf_official
Ассалому Алайкум! Азиз обуначилар "ҚУРЪОН ЁД ОЛАМИЗ" лойиҳасида шундай савол бериб борилади. Ёд олишга ваъда берган обуначиларимиз кейинги саволгача ИншаАллоҳ ёдлаб олишади деган умиддамиз
Қуръон ёдлашнинг олтин қоидаларидан хабардормисиз?
Ҳар бир мусулмон киши Каломуллоҳни ёдлаш ва унга амал қилишга интилади. Ҳадисларда Қуръонни ёд олган кишига кўп мукофотлар ваъда қилинган.
Жумладан: ҳазрат Усмондан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ҳам ўргатганларингиздир”
(📙Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръонни ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўқувчиларига шафоатчи бўлади” деганлар
(📙Имом Муслим ривояти).
Қуйида Қуръонни осон ва пухта ёдлашнинг айрим қоидаларини баён қиламиз:
Қуръонни ёдлашда Аллоҳга таваккал қилиш, яъни у Зотнинг розилигини истаб, бу йўлда ғайратли бўлиш.
Ҳар куни Қуръоннинг бир қисмини тиловат қилишга одатланиш. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Амалнинг яхшиси оз бўлса ҳам, давомлисидир” деганлар
(📙Mуттафақун алайҳ).
📚 Битта мусҳафдан ёдлаш ва такрор қилиш. Шунда ҳар бир саҳифадаги оятларнинг жойлашиши қори зеҳнига ўрнашиб, хотирасига келаверади.
🖇 Ёдланган оятларни устознинг текширувидан ўтказиш. Чунки Қуръонни ўзича ўқиб, ёдлаб, такрорлаган киши хатосини билмайди. Устоздан ўтказган кишининг эса хатолари тузатилади ва ёдлаганлари мустаҳкамланади.
📖 Кечалар Қуръонга қараб тиловат қилиш. Кечаси фикр кўп чалғимайди, ихлос билан тиловат қилиш ҳам оятларнинг қалбдан мустаҳкам жой олишига сабаб бўлади.
✏️Ёд олишга қийналган ёки хато ўқилган оятларнинг тагига қалам билан чизиб қўйиш. Хатолар тўғриланганидан кейин чизиқ ўчириб ташланади. Шунинг учун ҳам қорининг алоҳида Қуръони бўлиши керак.
🔗 Оятларнинг маъноларини билиш ҳам тез ва пухта ёдлаш сабабларидандир.
🗂 Араб тили наҳв қоидаларини билиш қориларни кўп хатолардан сақлайди. Натижада, талаба оятларга ҳаракатларни тўғри қўйиб, эркин ва равон ўқийдиган бўлади.
☝️ Қуръон оятларини тафаккур қилиш ўхшаш оятларни бир-бирига чалкаштириб юборишдан сақлайди.
🌤 Саҳар пайти, шом билан хуфтон намозлари оралиғи ҳамда зеҳн дунёвий нарсалар билан машғул бўлмайдиган бошқа вақтлар Қуръонни ёд олиш ва такрорлаш учун қулай, фазилатли ҳисобланади.
51-дарс /channel/AbuYusuf_official/34281
Ҳурматли #Хатм_Қуръон дан жузъ олган биродарлар!
Олган жузълар сизларга кейинги якшанбагача омонат бўлди, ўқиб бизга хабар бериб қўйинг! Ўқий олмасангиз бирорта одамга бериб ўқитиб қўйинг,Хатм нуқсонли бўлиб қолишига сабабчи бўлиб қолманг! Аллоҳ таъоло қилинган барча Хатмларни қабул қилсин! Хатм олган барча биродарларимиздан Аллоҳ рози бўлсин! Илтимос нечинчи хатмдан нечинчи жузни ўқиб бўлганиздан кейин ботга ўқиб бўлдим деб ёзиб қўйинг
Бугун умумий (1) хатм, 30 пора тақсимланди!
👉 @AbuYusuf_official ™
👉 @xatmquron2020_bot
#Аллоҳнинг_гўзал_исмлари
15. Ал_Гоффар
Аллоҳ таолонинг бу исмлари араб тилидаги “тўсиш” маъносини ифодаловчи “ғафр” сўзидан олинган. Дубулға урушда бошни тўсгани ва ҳимоя қилгани учун араб тилида “миғфар” деб аталган. Шунингдек, мағфират сўзи ҳам гуноҳларни тўсиш ва беркитиш маъносини ифодалайди.
Аллоҳ таолонинг бу уч исми бир-бирига маънодош бўлиб, Ғафур ва Ғаффор исмлари Ғофирнинг орттирма кўринишидир. Аллоҳ таолонинг Ғафур исми Қуръони Каримда тўқсон бир марта келган бўлса, Ғаффор исми беш марта зикр қилинган. Чунки Ғаффор исми Ғафур исмидан кўра янада кучлироқ маънони ифода қилади. Қуйида Аллоҳ таолонинг бу икки исми зикр қилинган баъзи оятларни айтиб ўтамиз:
1) “Билиб қўйинглар, албатта Аллоҳ Ғафур ва Раҳимдир” (Шўро: 5);
2) “Бандаларимга айтинг, албатта Мен Ғафур ва Раҳимман” (Ҳижр: 49);
3) “Албатта Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Албатта У Ғафур ва Раҳимдир” (Зумар:53);
Ғофир исми эса Қуръони Каримда фақат бир марта қуйидаги оятда зикр қилинган: “У гуноҳларни кечирувчи, тавбаларни қабул қилувчи ва азоби қаттиқ зотдир” (Ғофир: 3).
Зажжож роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг бу исмлари нима маънони англатиши ҳақида шундай дейди: “Аллоҳ таоло мағфират қилишининг маъноси шуки, У бандаларининг гуноҳларини кечиради ва уларни Ўзининг сатр сифати билан ўраб олади”[1].
Хаттобий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ғаффор – бандаларнинг гуноҳларини кўпдан-кўп тўсувчи, Ўз меҳр-шафқати билан уларни қамраб олган зот дегани. У банданинг қилмишини одамларга ошкор қилмайди, одамлар олдида гуноҳ қилгани фош бўлмаслиги учун уни азобламайди”.
Абу Бакр ибн Арабий роҳимаҳуллоҳ “Амад” китобида шундай дейди: “Учинчи масала бу уч исмнинг тартиби ҳақида. Бу борада уч хил фикр бор:
Биринчи фикр: Ғофир – гуноҳларни тўсувчи, Ғафур – бу ишни такрор-такрор қиладиган зот, Ғаффор эса кўпдан-кўп тўсувчи зот маъноларини ифодалайди.
Иккинчи фикр: Ғофир – бу дунёда гуноҳларни тўсадиган, Ғафур – охиратда, Ғаффор эса бандалар ва гуноҳкорларнинг кўзидан тўсувчи зот маъносини англатади. Шунда ҳар бир исмнинг ўзига хос маъноси бўлади. Биринчи фикр тўғрироқ, чунки кейингилари на ҳақиқатга ва на луғатга тўғри келади”.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло каттаю кичик гуноҳларни кечиришини айтди. Агар инсон тавба қилса, У зот гуноҳларнинг энг каттаси бўлмиш ширкни ҳам кечиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Албатта, (агар бандаси тавба қилса) Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Албатта, У Кечиримли ва Раҳмлидир” (Зумар: 53). Инсоннинг гуноҳлари ҳар қанча катта бўлмасин, Аллоҳ таолонинг мағфирати унданда улкандир. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Албатта Раббингизнинг мағфирати кенгдир” (Нажм: 32). Аллоҳ таоло тавба қилганларнинг гуноҳини кечиришни Ўз зиммасига олган. Бу ҳақда Парвардигоримиз шундай дейди: “Ва албатта, Мен тавба қилган, иймон келтирган, солиҳ амал қилган ва ҳидоятда юрганларнинг гуноҳини кечирувчиман” (Тоҳа: 82). Бироқ мусулмон киши бу оятларга таяниб, гуноҳ ва маъсиятларни тўхтатмаслиги мутлақо нотўғридир. Чунки Аллоҳ таоло тавба қилганларни мағфират қилади. Бу ҳақда Исро сурасида шундай дейилган: “Агар солиҳ бўлсангизлар, албатта, Аллоҳ тавба қилувчилар учун кечиримли зотдир” (Исро:25).
Демак, мўмин киши Аллоҳ таолонинг мағфиратига эришиш учун мағфиратга элтувчи сабабларга риоя қилиши керак. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, гуноҳи кабирадан тавба қилмай вафот этган мўминлар тўғрисида аҳли суннат ва жамоатнинг эътиқоди қуйидагича: унинг гуноҳлари кечирилишига кафолат берилмаган. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, уни гуноҳларига яраша азоблайди, агар хоҳласа, унинг гуноҳларини кечиради. Бу албатта, ширк амалини қилмаган мўминларга тегишли. Агар ширк амалини қилган бўлса, у амал кечирилмайди. Чунки ширк ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Албатта, Аллоҳ Унга ширк келтирилишини кечирмайди ва ширкдан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун мағфират қилади” (Нисо: 48).
👉 @AbuYusuf_official ™
#Аллоҳнинг_гўзал_исмлари
14. Ал_Мусаввир
“Мусаввир” (тасвирловчи) исми араб тилидаги “тасвирлади” маъносини ифодалайдиган “саввара” феълидан олинган. Имом Табарий роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг ушбу исмини таърифлаб шундай дейди: “Мусаввир – яратган нарсаларига ўзи хоҳлаганидек шакл берувчидир”. Аллоҳ таолонинг бу исми Қуръони Каримда бир ўринда зикр қилинган: “У Аллоҳ Холиқ, Бореъ ва Мусаввирдир” (Ҳашр: 24). Мазкур оятнинг тафсирида Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Яъни У зот бирон нарсани хоҳласа, унга “бўл” дейди ва у нарса Аллоҳ истаган шакл ва суратга киради. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “У сени Ўзи хоҳлаган суратида яратди” – дейди (Инфитор: 8). Шу боис Аллоҳ таоло Ўзини Мусаввир деди, яъни У зот хоҳлаган нарсасини хоҳлаган кўринишда яратади”[1].
Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мусаввир – бандалари бир-бирлари билан танишишлари учун уларни турли суратда яратган зотдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “У зот сизларни Ўзи хоҳлаган суратда яратди ва кўринишингизни гўзал қилди” – дейди (Ғофир: 64). Аллоҳ таоло инсонни онасининг қорнида яратиши уч босқичдан иборат. Инсон онасининг қорнида аввало лахта қонга, сўнг бир парча гўштга айланади. Шундан сўнг Аллоҳ таоло унга шакл, яъни уни бошқалардан ажратиб турадиган кўриниш ато этади…”[2].
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бутун борлиқни Ўзи яратганини айтган. Бу ҳақда Яратган зот шундай марҳамат қилади: “Айтинг, Аллоҳ барча нарсани яратган зотдир..” (Раъд: 14). Бошқа бир оятда эса шундай дейди: “Аллоҳдан бошқа яратувчи ҳам борми?!” (Фотир: 3). Аллоҳ таолодан бошқа ҳар қандай нарса азалий эмас. Тўғри, унинг яратилганига узоқ вақт ўтган бўлиши мумкин, лекин бундан унинг азалий экани келиб чиқмайди. Чунки Аллоҳ таоло барча нарсани, бутун борлиқни Ўзи яратганини айтмоқда. Демак, бу нарсалар Аллоҳ таоло уларни яратишидан олдин йўқ бўлган. Баъзи файласуфлар “олам азалийдир”, деган фикрни олға суришган. Лекин бу фикр Қуръонга, барча пайғамбарларнинг айтган сўзларига тескаридир.
Инсонларга бу кўринишни берган зот Аллоҳ таолодир. Шундай экан бирон кишининг ташқи кўринишидаги нуқсонлари туфайли унинг устидан кулиш Аллоҳ таоло яратган суратнинг устидан кулиш демакдир. Чунки ҳеч ким ўз суратини ўзи танламаган. Балки ҳар бир инсон онасининг қорнидалик вақтда унинг суратини Аллоҳ таоло яратган.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, Аллоҳ таоло руҳли мавжудотларнинг суратини чизишни ёки ҳайкалини ясашни ҳаром қилган. Бу иш билан шуғулланганларга қиёмат кунида қаттиқ азоб бўлиши бир неча ҳадисларда баён қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат кунида Аллоҳ ҳузурида энг қаттиқ азобланадиганлар тасвирчилардир” – деганлар (Бухорий, (5950) ва Муслим, (2019) ривояти). Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ тасвирчиларни уч қисмга ажратган:
1) Ибодат қилинадиган бут ва санамларни ясаш ёки чизиш. Бу ишни қилган киши кофир бўлиб, қиёмат кунида энг қаттиқ азобланадиганлардан бири бўлади;
2) Чизган сурати ёки ясаган ҳайкали билан ўзини Аллоҳ таолога ўхшатиши, “мен ҳам ярата оламан”, деган эътиқодда бўлиши. Бундай инсон ҳам кофир бўлади;
3) Бут ва санамлардан бошқа нарсаларни чизиш ёки ясаш ва бу иш билан ўзини яратувчанлик ва тасвирлаш сифатида Аллоҳга ўхшатмаслик. Бундай инсон шу қилмиши сабабли диндан чиқмаса-да, гуноҳи кабирани қилган бўлади.
Биз бутун борлиққа шундай гўзал кўриниш ато этган зот бизни нима учун яратганини унутмаслигимиз керак. Аллоҳ таоло бизга бу гўзаллик ва чиройни бошқаларга кўз-кўз қилиш ёхуд бошқаларни камситиш учун ато этмаган. Бизни яратишдан кўзланган асосий мақсад ибодатдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Мен инсу жинларни менга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан ризқ талаб қилмайман ва мени таомлантиришларини ҳам истамайман” (Зориёт: 56-57). Шундай экан, Аллоҳ таоло ҳеч кимни асл мақсаддан – У зотга ибодат қилишдан адаштирмасин!
👉 @AbuYusuf_official ™
🍃Бугун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар кунгидан кўпроқ салавот айтинг!🍃
اللهم صل وسلم على شفيعنا محمد وعلى آله وصحبه أجمعين.
"Аллоҳумма солли ва саллим ъалаа шафийъинаа Муҳаммадин ва ъалаа аалиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн".
Аллоҳим! Сен ягона шафоатчимиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ва унинг оиласи, саҳобалари, барчасига салавоту салом юбор!
@AbuYusuf_official
Рамазон муборак азиз биродарлар ☝🏻
Аллоҳ бу ойда бизга барча яхшиликларни насиб этсин, Рўза, таровиҳ, таҳажжуд, тасбиҳ зикрлар, қадр кечалари ва ҳайит намозларига куч қувват инъом эҳсон айласин 🤲🏻
@AbuYusuf_official
#Аллоҳнинг_гўзал_исмлари
12. Ал_Холиқ
Холиқ ва Халлоқ исмлари араб тилидаги “халқ” сўзидан олинган бўлиб, бу сўз икки маънони ифодалайди: бири мавжуд бўлмаган нарсани олдин кўрилмаган маълум бир шаклда пайдо қилиш-яратиш, иккинчиси эса ясаш, ўлчаш ва бичиш.
Аллоҳ таолонинг Холиқ исми Қуръонда ўн бир марта келган, жумладан:
1) “У Аллоҳ Холиқ, Борий ва Мусаввирдир” (Ҳашр: 24).
2) “Яратувчиларнинг энг яхшиси бўлмиш Аллоҳ хайр-баракали зотдир” (Мўъминун: 14).
3) “Сизлар ўзингиздан чиқадиган манийга бир назар солмайсизларми?! Уни ўзингиз яратиб, одам шаклига келтирасизми ёки биз яратамизми?!” (Воқеа: 58-59).
Аллоҳ таолонинг Халлоқ исми эса Қуръонда икки ўринда зикр қилинган:
1) “Албатта Раббингиз Халлоқ ва Алиймдир” (Ҳижр: 86).
2) “У Халлоқ ва Алиймдир” (Ёсин: 81).
Юқорида айтиб ўтганимиздек, “холиқ” сўзи яратувчи ҳамда ясовчи ёхуд бичувчи маъноларини ифода қилади. Аллоҳ таолонинг Холиқ исми ҳар иккала маънони ҳам ўз ичига олади. Холиқ исми биринчи маънода ишлатилганида бутун борлиқни олдин мисли кўрилмаган шаклда яратган, йўқдан бор қилган зот маъносида бўлади. Бу ҳақда Хаттобий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Холиқ – бир нарсани мисли кўрилмаган шаклда яратган, пайдо қилган дегани. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Аллоҳдан бошқа биронта яратувчи борми?!” (Фотир: 3) – деган. Холиқ сўзи иккинчи маънода ишлатилганида эса коинотдаги нарсаларни бир ҳолатдан иккинчи бир ҳолатга кўчирувчи маъносини ифодалайди. Аллоҳ таоло бутун борлиқни йўқдан бор қилгани ҳақида шундай дейди: “Албатта биз барча нарсани тақдир-ўлчов билан яратдик” (Қамар: 49), “Мана бу Аллоҳ яратган нарсалардир. Қани, менга Аллоҳдан бошқалар яратган нарсаларни кўрсатингларчи?!” (Луқмон: 11). Исо алайҳиссаломнинг: “Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясаб, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни ила у ҳақиқий қушга айланади…” (Оли Имрон: 49) – деган сўзларида ҳамда Аллоҳ таолонинг: “Яратувчиларнинг энг яхшиси бўлмиш Аллоҳ хайр-баракали зотдир” (Мўъминун: 14) – деган сўзидаги “халқ” сўзи иккинчи маънода қўлланилган.
Юқорида фақат Аллоҳ таолонинг Холиқ исми ҳақида сўз юритдик. Зеро, Холиқ билан Халлоқ исмлари орасида катта фарқ йўқ. Халлоқ – яратиши давомий, тўхтаб қолмайдиган зот маъносини ифодалайди.
👉 @AbuYusuf_official ™
Қуръони Карим фазилатлари
– Қуръон аҳли - Аллоҳга аҳлдир.
– Қуръон тиловатининг савоби дунёдаги энг нафис мол-мулкдан ҳам улкандир.
– Ҳар-бир ҳарф учун ўнта ҳасанот берилади.
– У инсонга осмонда ва ерда роҳат-фароғат ҳамда гўзал хотирани улашади.
– Мусулмон кишини ҳар-бир ёдлаган оятига Аллоҳ жаннатда даражасини кўтаради.
– Қуръонга моҳир бўлган кишиларни Аллоҳ энг афзал фаришталарга яқин қилади.
– Одамларнинг энг афзали Қуръонни таълим олиб, бошқаларга ҳам ўргатган кишидир.
– Қуръонни ёд олиб унга амал қилган кишини Аллоҳ таоло азобламайди.
– Дунёда Қуръонга амал қилган кишиларни Қуръон шафоат қилади.
– Қуръон соҳибини Пайғамбар алайҳиссалом уламолар мартабасига кўтарадилар.
– Қуръон аҳлининг ота-онасини Қиёмат куни Аллоҳ таоло энг улкан мукофот билан сийлайди.
– Қуръон Аллоҳ таолога яқин қилиб, Унинг муҳаббатига сазовор этувчи энг улкан амаллардандир.
– Қуръон ўқувчилардан бошқа ҳаммани ҳар кеча ғофиллар деб ёзилади.
– Қуръон ўқиладиган хонадонга хайр ва барака туширилади ҳамда Аллоҳ таоло у хонадон аҳлини барча ёмонликлардан сақлайди.
Манба: IslomUZ
Вафот этсак, ҳеч нарса қила олмаймиз
Бир бой киши деразадан ташқарига қарадида ахлат ташланадиган қутидан баъзи нарсаларни ажратаётган бир кишини кўриб «Аллоҳга шукрки, фақир эмасман» деди. Фақир кўчада тентираб юрган бир мажнунни кўриб қолди ва «Аллоҳга шукрки, мен мажнун эмасман» деди. Мажнун тез ёрдам машинасини кўриб қолди ва «Аллоҳга шукрки, мен бемор эмасман» деди.
Шифохонада бемор вафот этган кимсанинг жасади ёнидан ўта туриб «Аллоҳга шукрки, мен ҳали тирикман» деди. Фақат маййит Аллоҳ таолога шукр қила олмайди. Бу ҳаётда яшар эканмиз учта жойни зиёрат қилиб туриш керак.
Шифохона, қамоқ ва қабристонни. Шифохонага борсангиз саломатликдан кўра чиройлироқ нарса йўқ бўлса керак деб ўйлайсиз. Қамоқхонага борсангиз озодликдан чиройлироқ нарса йўқ деб ўйлайсиз. Қабристонга борсангиз ҳаёт жуда ҳам қадрли нарса эканини англаб етасиз.
Барчамиз бу дунёга ҳеч бир дунё матоҳисиз келдик ва кетаётганимизда дунё матоҳисиз кетамиз. Шу боис Аллоҳ таолонинг ҳузурида тавозе билан туришимиз, ибодатларда бардавом бўлишимиз, қул эканимизни асло унутмаслигимиз лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ
«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят)
Аллоҳ таоло барчамизни умрнинг қадрига етиб, уни ибодат ила самарали ўтказишимизни насиб этсин.
👉🏻 Манба: IslomUZ
Яхшиларга бериладиган мукофот нима?
Ислом дини инсонларни фақат яхшилик қилишга, ёмонликлардан узоқ бўлишга буюради. Яхшилик энг аввало ота-онага, оилага, қариндошларга, қўни-қўшниларга қилинади. Яхшиликнинг катта-кичиги ёки оз-кўпи бўлмайди. Кимдир моли билан, яна биров қўли билан, яна бошқаси чиройли сўзи билан яхшилик қилади. Ҳатто йўлларда инсонларга халақит бераётган нарсаларни олиб ташлаш ҳам яхшиликка киради.
Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», дедилар”. (Қасос, 77)
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бизларга кўп яхшиликларни берди, агар тафаккур қилиб сарҳисоб қилсак, адоғига етмаймиз. Аллоҳ таоло берган молу дунёга қандай муносабатда бўлиш кераклигини ушбу ояти каримада баён қилиб берди. Мусулмонман деган ҳар бир инсон қўлига молу дунё тушганда ўзини худди шу оятга мос тутмоғи лозим. Яъни, молу мулкини шариатда кўрсатилган, охиратда фойда берадиган жойларга сарфлаши керак. Ҳаром-хариш, гуноҳ, фисқу фужур ва беҳуда ишларга сарф этмайди. Чунки беҳуда ишларга сарфланган молу дунё бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда бермайди. Аксинча, икки дунёда ҳам зиён келтиради. Лекин мусулмон одам охиратни ўйлаб, бу дунёсини тарк қилиб-унутиб ҳам юбормайди.
Хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга дунёвий ишларнинг баракотли бўлишига ҳам сабаб бўлади.
Яхшилик қилиш мўминларнинг энг афзал хислатларидир, Аллоҳ томонидан бериладиган мукофотларга сазовор бўлишнинг энг осон йўлидир. Яхшилик Аллоҳнинг бандасига берган улуғ раҳматидир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло яхшиларга берадиган мукофотлари ҳақида башоратини берган. Аллоҳ таоло айтади:
Албатта, яхшилар жаннатдадир. (Инфитор, 13 оят).
Яна Аллоҳ таоло айтади: Ва тақво қилганларга: «Роббингиз нимани нозил қилди?», дейилди. Улар: «Яхшиликни», дедилар. Чиройли амаллар қилганлар учун бу дунёда чиройли (мукофот) бордир. Албатта, охират диёри яхшироқдир. Роббиларининг диёри нақадар яхши. (Наҳл, 30 оят).
Демак, имконияти борларимиз, ўзига тўқ тадбиркорларимиз, Аллоҳдан савоб умидида бўлган ҳиммати баланд бўлган мусулмонларимиз қўлларидан келганча, ажрини ёлғиз Аллоҳдан сўраган холда, қийналган оилалар, етими бор хонадонлар, ногиронлари бор оилаларга, камбағал мискинларга ўз саховатларини кўрсатсалар, ана шундай улуғ мақомга эришадилар ва албатта, аллоҳнинг мукофотига сазовор бўладилар.
Зеро, Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик қилиш ва яхшилик қилганларга бериладиган савоблар ҳақида ҳадислар ривоят қилинган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи васаллам марҳамат қилиб айтганлар: “Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг – эҳсондир. Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг – эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг – эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир”.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларингиздир ва мен сизларнинг ичингизда аҳлига кўпроқ яхшилик қилувчингиздирман” (Имом Термизий, Ибн Можа);
Ҳусайн Кошифий айтадиларки, «Гўзал феъл-атворнинг ўнта белгиси бўлиб, буларнинг биринчиси бошқаларга яхшилик қилишдир». Яхшилик қилиш билан инсон доим мақтовларга сазовор бўлади. Саъдий Шерозий шундай деган экан: “Бир шам бошқа бир шамни ёққани билан нуридан ҳеч нарса камаймайди”.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, яхшилик қилган инсон энг аввало Аллоҳнинг розилигини топади, Пайғамбаримиз алайҳиссалом мақтаган солиҳлар қаторига қўшилади, жамиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлиб, алал оқибат жаннатда улуғ мақомларга эга бўлади, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ана шундай хайрли ва савоби улуғ ишларга муваффақ айласин!
@AbuYusuf_official
#Аллоҳнинг_гўзал_исмлари
17. Ал_Ваҳҳаб
Араб тилида мол-мулкини ўзгаларга бирон эвазсиз беғараз улашувчи кишига ваҳҳоб дейилади.
Аллоҳ таолонинг Ваҳҳоб исми Қуръони Каримда уч ўринда зикр қилинган:
1) “Раббано, бизни ҳидоятлаганингдан сўнг қалбимизни ҳақдан оздирма ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат инъом айла, зеро Сен Ўзинг Ваҳҳоб (инъом этгувчи зот)сан” (Оли Имрон: 8);
2) “Ёки Азиз ва Ваҳҳоб Раббингизнинг раҳмат хазиналари уларнинг қўлларидами?!” (Сод: 9);
3) “(Сулаймон алайҳиссалом): “Раббим, менга мендан кейин ҳеч кимга берилмайдиган мулк ато эт, зеро Сен Ўзинг Ваҳҳоб (инъом этгувчи зот)сан” – деди” (Сод: 35).
Ибн Жарир Табарий роҳимаҳуллоҳ “Бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат инъом айла, зеро Сен Ўзинг Ваҳҳоб (инъом этгувчи зот)сан” оятининг тафсирида шундай дейди: “Яъни, динингда собит туриш ҳамда китобинг ва пайғамбарларингни тасдиқлаш учун Сен Ўзинг бандаларинга тавфиқ ва тўғриликни ато этувчи зотсан… Ваҳҳоб хоҳлаган бандасига мол-мулк, салтанат ёки пайғамбарлик каби хоҳлаган неъматларини ато этади… Албатта, Сен хоҳлаган бандангга хоҳлаган нарсангни ато этасан. Барча нарсанинг хазинаси Сенинг қўлингда, хоҳлаган бандангга хоҳлаган хазинанг эшигини очасан”[1].
Ҳулаймий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ваҳҳоб – бандалар ҳақли бўлишмасалар-да, уларга Ўз фазли карамидан ҳадя инъом этувчи зотдир”[2].
Аллоҳ таоло ҳақиқий Ваҳҳоб зот бўлиб, ҳамма нарсанинг хазинаси Унинг қўлида ва У осмонлару ердаги барча нарсанинг эгасидир. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Осмонлару ернинг мулки ёлғиз Аллоҳникидир. У хоҳлаган нарсасини яратади. Хоҳлаганига қиз, хоҳлаганига эса ўғил инъом этади. Ёки Ўзи хоҳлаган бандаларига ўғил ҳам, қиз ҳам беради ва хоҳлаганини бепушт қилиб қўяди. Албатта, Аллоҳ кимга нима инъом этишни билувчи ва хоҳлаган бандасига Ўзи хоҳлаган нарсасини беришга Қодир зотдир” (Шўро: 49-50).
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Аллоҳ таоло бизларга Ўзининг осмонлару ернинг холиқи, уларнинг эгаси ва уларда ўзи хоҳлаганидек иш юритишини маълум қилмоқда. Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди. У хоҳлаганига беради, хоҳлаганига бермайди. Аллоҳ берган нарсага ҳеч ким монелик қила олмайди, Аллоҳ бермаганини ҳеч ким бера олмайди ва У хоҳлаган нарсасини яратади… Аллоҳ таоло инсонларни тўртга бўлди: бир қисмга Аллоҳ таоло қиз ато этади, бошқа бир қисмга ўғил, бошқа бир қисмга ҳам ўғил, ҳам қиз ато этса, яна бошқа бир қисмга ўғил ҳам, қиз ҳам бермайди, яъни уни зурриёдсиз бепушт қилиб қўяди. Зеро, Аллоҳ таоло ким қайси қисмга лойиқ эканини яхши билади ва одамларни мазкур қисмларга бўлиб қўйишга қодир зотдир”[3].
Демак, фарзанд Аллоҳ таоло тарафидан бериладиган бир неъмат экан. Аллоҳ таоло Иброҳим ва Закарийё алайҳиссаломлар каби баъзи пайғамбарларга қарилик чоғларида фарзанд ато этган. Бу ҳақда Иброҳим алайҳиссалом шундай деган: “Аллоҳга ҳамд бўлсин, У менга қарилик чоғимда Исмоил ва Исҳоқни инъом этди. Зеро, Раббим дуоларни эшитувчи зотдир” (Иброҳим: 39). Закарийё алайҳиссалом ҳам қариган чоғларида фарзанд кўрганлар. У кишининг аёли бепушт бўлган. У зот ёши ўтган ва хотини бепушт бўлишига қарамай Аллоҳ таолога дуо қилиб, фарзанд ато этишини сўради. Маълумки, фарзанд дунёга келиши учун эр ҳам, хотин ҳам жисмонан фарзанд кўришга қодир бўлиши керак. Закарийё алайҳиссаломда эса бундай имконият йўқ эди. Шунга қарамай, у зот Аллоҳ таолодан ноумид бўлмадилар. Аксинча, Аллоҳ таолога: “Раббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза фарзанд ато эт, зеро, Сен дуоларни эшитувчи зотсан!”, деб илтижо қилди (Оли Имрон: 38). Шунда Аллоҳ таоло у кишига Яҳё алайҳиссаломни ато этди. Бу бизга жуда ҳам муҳим бир дарс бўлиши лозим. Барча сабаблардан узилиб қолган тақдиримизда ҳам ҳар қандай эҳтиёжимизни, хусусан, фарзандни қаёқдаги жинкаш, азайимхон ёки фолбинлардан ёхуд қабрлардан эмас, балки фақат ва фақат Ваҳҳоб таолодан сўрашимиз керак.
Аллоҳ таоло барчамизга манфаатли илм ато этсин. Бизларни Ўзининг исм ва сифатларини ўрганиб, бу исмлар билан Унга дуо-илтижо қиладиган, мазкур исмлар мазмунини теран англаб, унга асосан ҳаёт кечирадиган солиҳ бандаларидан қилсин. Омийн.
👉 @AbuYusuf_official ™
#Аллоҳнинг_гўзал_исмлари
16. Ал_Қоҳҳар
Аллоҳ таолонинг бу исмлари араб тилидаги “енгмоқ” ва “бўйсундирмоқ” маъносини ифодаловчи “қаҳр” сўзидан олинган. Зажжож шундай дейди: “Қаҳр сўзи араб тилида бўйсундириш маъносини ифодалайди. (Масалан), асов отни ўзига бўйсундирган ва уни жиловлаган кишига “отга қаҳр қилди” – дейилади”[1].
Аллоҳ таолонинг Қоҳир исмининг маъноси ҳақида Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ “У бандаларининг устидан Қоҳир зотдир” оятининг тафсирида шундай дейди: “Қоҳир – бандаларини Ўзига қул айлаган, бўйсундирган, улардан устун зот дегани. Аллоҳ таоло (оятда) “бандаларининг устидан”, деганинг боиси шуки, Аллоҳ таоло (бу оятда) Ўзини бандалардан устун экани билан сифатламоқда. Бирон нарсадан устун бўлиш учун ундан юқори бўлиш керак. Шунга кўра, оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: Аллоҳ бандаларидан устун, уларни бўйсундирган зот бўлиб, уларни яратгани ва бўйсундиргани сабабли улардан юқори – устундир. Демак, Аллоҳ таоло бандаларидан устун экани билан улардан юқори, бандалар эса Аллоҳ таолодан пастдирлар”[2].
Хаттобий роҳимаҳуллоҳ юқоридаги оят тафсирида шундай дейди: “Қаҳҳор – ҳаддидан ошган зўравон бандаларни жазо билан, жонзотларни эса ўлим билан енган зот”[3].
Зажжож шундай дейди: “Аллоҳ таоло кофирларни Ўзининг ягона эканини кўрсатувчи далиллари билан, зўровонларни Ўзининг куч-қудрати билан, бандаларни эса ўлим билан енган зотдир”[4].
Аллоҳ таолонинг Қаҳҳор ва Қоҳир исмлари ўртасидаги фарқ шундан иборатки, Қаҳҳор исми Қоҳир исмидан тушунилган маънони янада кучлироқ ва муболағалироқ ифода этади. Аллоҳ таолонинг Қоҳир исми Қуръони Каримда икки ўринда зикр қилинган:
1) “У бандаларининг устидан Қоҳир зотдир” (Анъом: 18);
2) “У бандаларининг устидан Қоҳир зотдир” (Анъом: 61);
Аллоҳ таолонинг Қаҳҳор исми эса Қуръони Каримда олти марта зикр қилинган. Шу жумладан:
1) “Айтинг, Аллоҳ барча нарсанинг яратувчиси ва У Ягона, Қаҳҳор зотдир” (Ғофир: 3).
2) “Бугун (яъни қиёмат куни бандалар қайта тирилишларидан олдин) подшоҳлик кимнинг қўлида?! Ягона, Қаҳҳор бўлмиш Аллоҳнинг қўлидадир” (Ғофир: 16).
Ҳақиқий Қаҳҳор Аллоҳ таолонинг ягона Ўзидир. У барча мавжудотлар устидан ғолиб ва енгилмас зотдир. Ҳатто бу дунёда энг ҳаддидан ошган зўровонлар ҳам Аллоҳ таолонинг куч-қудрати олдида чорасиз қолишга маҳкумдирлар. Бунга оддий бир мисол – ўлим. Ҳеч кимса ундан қочиб қутила олмайди. Бу борада кишининг қанча мол-мулк ёки қандай мансабга эга эканининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг Қаҳҳор зот эканини баён қилиб, ортидан ўлим ҳақида сўз юритади: “У бандаларининг устидан Қоҳир ва сизларга сақловчи фаришталарни юборади. Токи бирортангизга ўлим келса (яъни ажали етса), элчиларимиз (яъни ўлим фариштаси) ҳеч қандай сусткашликсиз (яъни уни ажалидан бир лаҳза ҳам кечиктирмай) жонини оладилар. Сўнг улар ўзларининг ҳақиқий ҳожалари бўлмиш Аллоҳнинг ҳузурига қайтадилар. Шуни билингларки, ҳукм фақат Аллоҳнинг иши ва У энг тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир” (Анъом: 61-62). Инсонлар дардларига даво топа олмасликлари ҳам уларнинг қанчалар кучсиз эканликларининг бир далилидир.
Аллоҳ таолонинг “У бандаларининг устидан Қоҳир зотдир” (Анъом: 18), деган сўзи У зотнинг барчадан олий, устун ва юқори эканига далил бўлади. Аллоҳ таолонинг барча нарсадан юқорида эканига Қуръон ва ҳадисларда жуда кўп далиллар бор. Аллоҳ таоло барчадан устун ва ғолиб, ҳеч кимдан енгилмас зот экан, демак, Ундан бошқа ҳеч бир нарса ибодат қилишга, сиғинишга лойиқ эмас. Ўзларини худоман, деб даъво қилганлар қанчалар хор бўлиб ҳалок бўлишгани барчамизга аён. Тарихда Намруд қандай ҳалок бўлганига бир назар солинг: Аллоҳ таоло уларга катта бир қўшин юбормади. Улар ҳатто Аллоҳ таолонинг энг заиф қўшини саналган пашшага ҳам қарши кураша олмадилар. Биз Раббимиз Қаҳҳор эканини билишимиз билан ундан бошқага ибодат қилиш, қалбнинг Ундан бошқасига таяниши қанчалар хато эканини тобора яхши англаб етамиз. Аллоҳ таоло барчамизни ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган бандалари қаторида қилсин!
👉 @AbuYusuf_official ™
Ҳурматли каналимиз обуначилари! Хар якшанба куни Хатми Қуръон бўлиб ўтади.
Хатми Қуръон қоидаси билан таништириб қўймоқчимиз 👇
🔸 Қуръонни ҳамма қисмини ўқишни билишингиз шарт! Чунки Хатм ўқиш билан бўлади!
🔸 Каналдан қолган бир ёки икки пора(жузъ)ларни танлаб Админга ўша пора рақамини ёзиб қўясиз,Админ (СИЗГА) деган стикер жўнатади ва ўша тақсим сизга ўқишга омонат бўлади!
🔸Хатм муддати БИР ҲАФТА!
Яъни кейинги Якшанбагача!
🔹Бу иш ҳудди Рамазонда таровеҳга ўтаётган Қориларга ўхшайди,ҳар бир Қори ўзига тегишли бўлган ерни ўқиб кетаверади,тартиб шарт қилинмайди,сабаби Қуръон ҳозирги биз кўриб турган тартибда нозил бўлмаган!
🔹Шу билан ҳар ким ўзи олган порасини нечанчи тақсимдан эканлигига ният қилади! Масалан: (Биринчи тақсимдан 1-2 пораларни олдим) деб ният қилиб,ўқиб бўлгандан сўнг дуо қилиб қўяди! Ин шаа Аллоҳ ўша тақсимга шерик бўлади,ўша тақсимда тўлиқ хатм қилган савобига эришади! Умидимиз шу!
🔹Ўқиб бўлгандан сўнг Админга (Мен ўқиб бўлдим) деб ёзиб қўйинг! Ўқий олмасангиз,ўзингиз Қори топиб ўқиттириб қўйинг! Чунки бу ОМОНАТ!
Ҳурмат билан Админ!
👉 @AbuYusuf_Official ™
Ассаламу алайкум!
Эслатиб ўтамиз эртага Хатми Қуръон тақсими бўлиб ўтади!
Тошкент вақти билан 13:30да! Ўтган хатмдан Жуз олган биродарлар эртанги хатмгача ўқиб қўйинглар илтимос
👉 @AbuYusuf_official ™
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо мукаммал жамият барпо қилишга ҳаракат қилганлар...
Уруш жанжалларсиз яшаш, бир-бирини ҳафа қилмасликнинг иложи борми?
Бор экан!
Мен буни Маккада, Каъбада кўрдим...
Эҳром кийгач ҳатто чумолини босиш мумкин эмас!
Бир-бирига ҳатто қовоқ уюб қараса ҳам қўй вожиб бўлиб қоларкан...
Элликбошимиз, ажойиб инсон, қори укам Баҳодирхон Аминов, бизга бу ҳақда батафсил тушунтираркан,
-Бировни туртиб юборсангиз ҳам дарров узр сўраб, кулиб қаранг, агар у туртиб юборса ҳам ёмон қараманг!
Ерга қараб бирор жонзотни босмасликка ҳаракат қилинг!
Ҳеч кимни ҳафа қилманг, қўй сўйиб Маккада тарқатишингизга тўғри келади!-деди.
Бу иқтисодий жазо туфайлими ёки Каъбанинг мўъжизасими, билмадим одамлар Маккада бир-бирига табассум билан қарайди, гуёки ҳамма яхши одам! Қалбингиз шу қадар таскин топадики, топ-тоза жамиятда яшаётгандек ўзингизни ҳис қиласиз!
Маккадан кетар экансиз, озгина муддат мукаммал жамиятда яшаганингизни ҳис қилиб, бу макондан асло кеткингиз келмай кўзларингиз ёшланади!
Шундай жамиятни орзу қиласиз, ҳамма тенг, мазҳабию, ирқи, мансабию, касби, ёшию, қарилигидан қатъиий назар ҳамма бир хил ҳурмат қилинадиган бу гўзал масканга қайта ва қайта келгингиз келаверади!
Қадрингиз осмон қадар кўтарилган бу ерни яхши кўриб қоласиз!
Кошки бу ҳолат ер юзининг ҳамма ерида бўлсаю, одам болалари бир-бирини ўлдирмаса деб орзу қиласиз...
Қанийда юртимизда ҳам шундай жамиятни барпо этсаку, одамлар бир-бирига табассум қилиб, ҳамма фақат яхшиликлар қилса?
Ҳафа қилиб қўйганлар қўй сўйиб, уни бева бечораю, етимларга тарқатса, ҳафа қилган одамидан узр сўраб, унинг кўнглини олса!
Оҳ, қанийди бу орзулар руёбга чиқсаю, бизнинг Маккага боришга эхтиёжимиз қолмай, кўнгил Каъбасини обод қилсак!
Қанийди...
@AbuYusu_official
Бугун салавот айтдингизми?
Пайғамбаримиз ﷺ шафоатига энг ҳақли одам у зотга энг кўп салавот айтган кишидир. У зотга салавот айтиш учун энг афзал кун – жума кунидир.
Салавот
Аллоҳумма солли ъалаа саййидинаa Муҳаммадин ва ъала али саййидинаa Муҳаммад !
Маъноси: Эй Аллоҳим саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг аҳли оилаларига саловот юборгин!
Яқинларга ҳам улашинг
👉 @AbuYusuf_official
👉 @Hikmatlisozlarbot
#Аллоҳнинг_гўзал_исмлари
13. Ал_Бариъ
Аллоҳ таолонинг “Бореъ” исми араб тилидаги “қутулди”, “воз кечди”, “узри йўқ эканини айтиб огоҳлантирди” маъноларини ифодалайдиган “бариа” феълидан олинган. Бу исм Қуръони Каримда уч ўринда келган:
1) “У Аллоҳ Холиқ, Бореъ ва Мусаввирдир” (Ҳашр: 24).
2-3) “Бореъга – сизларни яратган зотга тавба қилинглар, ўзингизни қатл қилинглар. Мана шу ишингиз Бореъ – сизларни яратган зотнинг наздида ўзингиз учун яхшидир” (Мўъминун: 14) (Бу оятнинг маъноси тавба қилиш учун инсон ўз жонига қасд қилиши керак, дегани эмас, албатта. Бу оятда Мусо алайҳиссалом йўқликларида бузоққа ибодат қилганларга берилган жазо ҳақида сўз юритилмоқда).
Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бореъ – борлиқни яратган, уни ўз қудрати ила йўқдан пайдо қилган зот дегани”[1].
Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бореъ Холиқ маъносини ифодалайди. Бироқ бу сўз Холиқ сўзига қараганда кўпроқ жонзотларга нисбатан ишлатилади. Осмону ерлар ҳамда тоғлар каби жонсиз нарсаларни яратиш хусусида сўз борар экан Бореъ сўзи кам қўлланилади”[2].
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Халқ” режалаштириш, “буръ” эса режалаштирилган нарсани амалга ошириш демакдир. Аллоҳдан бошқаси ҳамма режалаштирган ишларини амалга ошира ололмайди”[3].
Ҳалимий роҳимаҳуллой айтадилар: “Бу исмнинг икки хил маъноси бор:
Бири – Ўз илмидаги мавжудотларни пайдо қилувчи. Бу маънога қуйидаги оят далолат қилади: “Ерга ёки ўзингизга нима мусибат етмасин, биз уни пайдо қилишимиздан олдин у лавҳул маҳфузда битилган бўлади” (Ҳадид: 22)…
Иккинчиси – Бореъ исмидан “мавжудотларнинг аслини яратувчи” маъноси назарда тутилади, яъни У зот сув, тупроқ, олов ҳамда ҳавони йўқдан пайдо қилган. Сўнгра қолган мавжудотларни ушбу тўрт унсурдан яратган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Биз барча жонзотларни сувдан яратдик” (Анбиё: 30), “Мен лойдан инсон яратурман” (Сод: 71), “Аллоҳнинг мўъжизаларидан бири – У сизларни тупроқдан яратди” (Рум: 20), “У зот инсонни сополдек қотган лойдан яратди. Жинни эса оловнинг тутунсиз алангасидан яратди” (Раҳмон: 14-15)…”[4].
Демак, Аллоҳ таолонинг Бореъ исмининг маъноларини қуйидагича хулоса қилишимиз мумкин:
1) Бореъ – пайдо қилувчи ва яратувчи маъноларида бўлиб, бу исм Аллоҳ таолонинг Холиқ исмига маънодошдир;
2) Бореъ – мавжудотларни бирини бошқасидан ажратувчи, яъни турлича қилиб қўйган зот маъносини билдиради;
3) Бореъ – инсонни тупроқдан яратган зот дегани. Шунга кўра бу исм арабча “буръ” (яратиш) сўзидан эмас, балки тупроқ маъносида “баро” сўзидан олингандир.
👉 @AbuYusuf_official ™
Яхши ишларни кичик ҳисоблама!
Салим ибн Жобир (Жобир ибн Салим ҳам дейилади) Ҳажимий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб деди:
— Эй Аллоҳнинг Расули! Менга насиҳат қилинг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳдан қўрқ! Гарчи идишингдаги сувни биродарингга бўшатиб бериш ёки унга гапирганингда очиқ юзли бўлиш бўлсада, яхши ишларни ҳеч қачон кичик дема! Изорингни осилтириб юришдан сақлан. У кибрдандир. Аллоҳ уни севмайди. Агар бир киши сени сенда биладиган айби билан айбласа сен уни ундаги айб билан айблама. Уни тек қўй. Гуноҳи ўзига, ажри сенга бўлади. Ҳеч кимни сўкма!
Ибн Жобир розияллоҳу анҳу айтади:
«Шундан сўнг инсонни ҳам, бошқа нарсани ҳам сўкмадим».
Яхшиликни ҳеч қачон кичик дема. Қайси иш бизни жаннатга олиб киришини билмаймиз.
Мушук ўтиб кетиши учун машинангни тўхтатишинг ҳам яхшилик.
Бир қарияни йўлдан ўтказиб қўйишинг ҳам яхшилик.
Ногирон кишининг аравачасини судрашинг ҳам яхшилик.
Ишлаб турган кишига бир пиёла сув беришинг ҳам яхшилик.
Ёши катта инсоннинг юкини енгиллатишинг ҳам яхшилик.
Эр-хотин орасини ислоҳ қилишинг яхшилик.
Аёлингни эркалатишинг ҳам яхшилик.
Фарзандларингни кечиришинг ҳам яхшилик.
Қўшнингга бирор нарса ҳадя қилишинг ҳам яхшилик.
Беморнинг дори-дармонига ёрдам бериб юборишинг ҳам яхшилик.
Яхшиликнинг интиҳоси йўқ. Аллоҳга олиб борадиган йўллар инсониятнинг нафаси миқдорида кўпдир. Олдида шунча йўл бўла туриб тўхтаб қолган киши қанчалар бахтсиз!
Ўзингизга «Яхшилик қилганга яхшилик қил, ёмонлик қилганга ёмонлик қил» деган тарозу ясаб олманг. Агар биз ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтарсак, ёмонлик қачон тугайди?!
Дунёда бир хулқ бор. Унинг номи «Ўзини баланд тутмоқ (бу кибр эмас)». Ҳеч кимга сени ўзининг ахлоқи даражасига туширишига йўл қўйма. Ҳар бир жанжалга қўшилма. Олдингда содир бўлган ҳар қандай урушга аралашаверма. Бугунги уруш-жанжалларнинг кўпчилиги арзимасдир. Унда гарчи ғолиб бўлсангда ғолиблик нашидасини ҳис қила олмайсан. Аммо мағлуб бўлсанг, мағлубият аламини тортасан. Ахлоқидан воз кечган кишига тенг келиш учун ахлоқимиздан воз кечсак ундан нима фарқимиз қолади?!
Оқил инсон фақатгина жаннатни ўз баҳоси деб билади. Йўли жаннатга олиб бормайдиган масалани у нима бўлса ҳам тарк қил. Натижа қанақа бўлмасин сен сен ғолиб бўласан. Авф қилиш билан Аллоҳ инсоннинг фақат иззатини зиёда қилади.
Кунлар айланиб ҳақ соҳиби албатта ғолиб бўлади. Ботил эгаси эса мағлуб бўлади. Бу Аллоҳнинг инсонлар ичидаги жорий қонунидир.
Юсуф алайҳиссаломни арзимас пулга сотиб юборган қўллар вақт ўтиб у зотдан садақа сўраб, у зот алайҳиссаломга узатилди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни «сеҳргар», «шоир», «ёлғончи», «мажнун» деб ҳақорат қилганлар охирида Макка фатҳи куни у зотга: «Сен олийжаноб инсонсан, олийжаноб инсоннинг ўғлисан!», дейишган эди.
#Аллоҳнинг_гўзал_исмлари
11. Ал_Мутакаббир
Аллоҳ таолонинг бу икки исми араб тилидаги улуғлик, буюклик ва улканлик маъносидаги “кибар” сўзидан олинган. Кибр сўзи эса ўзи улуғликка лойиқ бўлмаса-да, ўзини катта олиш маъносини ифодалайди. Демак, “кабир” сўзи араб тилида улуғ, улкан ва буюк маъноларини англатса, “мутакаббир” сўзи “ягона улуғ” ҳамда “тенгсиз буюк” маъносини билдиради. Шунингдек, ўзи улуғ бўлмаса-да, ўзини улуғ ва барчадан устун деб ҳисоблайдиган кишига ҳам араб тилида “мутакаббир” дейилади. Бизнинг ўзбек тилида ҳам бу сўз худди шу маънода ишлатилади. Бироқ Аллоҳ таолога нисбатан айтилганида бу маъно эмас, балки биринчи маъноси назарда тутилади.
Аллоҳ таолонинг Мутакаббир исми Қуръонда бир марта, қуйидаги оятда келган: “У Аллоҳ шундай зотки, Ундан бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқ. У Малик (яъни ёлғиз Подшоҳ), Қуддус (яъни барча айбу нуқсонлардан пок), Салом, Мўъмин, Муҳаймин, Азиз, Жаббор ва Мутакаббир (барчадан Улуғ ва Буюк)дир” (Ҳашр: 23).
Аллоҳ таолонинг Кабир исми эса Қуръонда беш ўринда зикр қилинган. Жумладан:
1) “У зот ғайбни ҳам, ошкора нарсаларни ҳам Билувчи, Улуғ, Мутаол (Олий) зотдир” (Раъд: 9).
2) “… ва шак-шубҳасиз Аллоҳ Алий (энг Олий), Улуғ зотдир” (Ҳаж: 62).
Аллоҳ таолонинг Кабир исми Қуръони Каримда доимо Алий ёки Мутаол исмлари билан ёнма-ён зикр қилинган.
Аллоҳ таолонинг Кабир исмини ҳам уламолар худди шу маънолар билан изоҳлашган. Жумладан, Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кабир – барча нарсадан Буюк, қолган ҳамма нарса Ундан қуйи ва кичик дегани”.
Аллоҳ таоло шу даражада Буюк ва Улуғки, биз Унинг қанчалик Улуғ экани, Унинг кўриниши ёки сифатлари қандай эканини била олмаймиз. Шунинг учун У зотнинг қандайлиги ҳақида фикр юритишдан қайтарилганмиз. Чунки У бизнинг ноқис ақлимиз бовар қилмайдиган даражада Олий ва Улуғдир.
Аллоҳ таолони танишнинг ёгона йўли оят ва ҳадислардир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолони энг яхши танийдиган киши эдилар. Зеро, Қуръон у кишига нозил қилинди. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг барча зотий ва феълий сифатларини, барча гўзал исмларини яхши билганлар. Аллоҳ таолони яхши танимоқчи бўлган кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишдан бошқа чораси йўқ. Зеро, ҳадисда айтилганидек, нажот топувчи тоифа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг йўлларига эргашган кишилардир.
Кибрланиш бандага асло ярашмайдиган бир сифат. Чунки чинакам улуғлик ва буюклик Аллоҳ таолога хос сифатдир. Банда Аллоҳ таолони яхши танигани сари ўзини паст олаверади. Фақат жоҳил кишиларгина ўзини катта олиб, кибрланишлари мумкин. Зеро, кибр Аллоҳ таоло севмайдиган энг ёмон сифатлардан бири ҳисобланади. Буни янада яхшироқ тушунишимиз учун келинг, мутакаббирлар ҳақидаги оятларга бир назар солайлик:
1) “Бугун сизлар ерда ноҳақ кибрланганингиз сабабли қаттиқ азоб билан жазоланасизлар” (Аҳқоф: 20).
2) “Ахир, жаҳаннамда мутакаббирларга ўрин бор эмасми?!” (Зумар: 60).
Хулоса шуки, кибр ўтган умматларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган асосий иллатдир. Ҳатто иблис йўлдан озиши, Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиши ва бир умр лаънатга дучор бўлишининг сабаби ҳам кибр эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бироқ иблис (Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан) бош тортди, кибр қилди ва кофирлардан бўлди” (Бақара: 34).
Кибр кишини илмдан бебаҳра қолишига сабаб бўлади. Чунки мутакаббир одам билмаган нарсаларини сўрашдан ор қилади ва жоҳиллигича ўтиб кетади. Баъзи кишилар кибр сабабли кўра-била туриб, ҳақни инкор қилишади. Аллоҳ таоло бундай кишилар ҳақида шундай дейди: “Одамлар орасида уларни Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун кибрланиб, ҳеч бир илм, ҳидоят ёхуд (ҳужжат-далиллари) очиқ-ойдин китобсиз Аллоҳ борасида тортишадиганлари бор” (Ҳаж: 8-9). Шунинг учун салафи солиҳларимиз кибрдан қаттиқ огоҳлантиришган. Аллоҳ таоло ислом умматини бу дарддан Ўзи халос айласин!
👉 @AbuYusuf_official ™
Исро сураси 45-оят далилки Доимий Қуръон ўқиб юрганларга сеҳр жинлар таъсир қилолмайди ☝🏻
@AbuYusuf_official
#Аллоҳнинг_гўзал_исмлари
10. Ал_Жаббар
Жаббор сўзи араб тилида “кучли, бақувват, узун бўйли” маъноларини ифодалайди. Моида сурасининг 22-оятида жаббор сўзи худди шу маънода келган: “Эй Мусо, у ерда бақувват, бўйлари узун одамлар бор…”. Шунингдек, жаббор сўзининг “мутакаббир ва зўравон” деган маънолари ҳам бор. Жумладан, Марям сурасида жаббор сўзи мазкур маънода қўлланилган: “… ва мени мутакаббир бадбахт қилмади” (Марям: 32).
Аллоҳ таолонинг Жаббор исми Қуръони Каримда бир марта – Ҳашр сурасининг 23-оятида зикр қилинган: “У Аллоҳ шундай зотдирки, ундан бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқ. У Малик (яъни ёлғиз Подшоҳ), Қуддус (яъни барча айбу нуқсонлардан пок), Салом, Мўъмин, Муҳаймин, Азиз, Жаббор ва Мутакаббирдир”.
Табарий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Жаббор – бандаларининг ишларини ислоҳ қилувчи, уларни ўзлари учун фойдали ишларга бошловчи зот дегани”.
Қатода роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Жаббор – бандаларини ўзи хоҳлаган ишга бўйсундириб қўйган Зот”.
Баъзи уламолар Аллоҳ таолонинг Жаббор исмини “олий ва барча нарсадан юқори” деб тафсир қилишган. Шунга биноан, жаббор исми уч хил маънони ўз ичига олади:
1. Барчадан олий;
2. Бандаларининг ишларини ислоҳ қилувчи;
3. Унинг айтганига ҳеч ким қарши чиқа олмайдиган зот.
Аллоҳ таолога бу учала маънонинг ҳар бири тўғри келади. У зот нафақат бандаларидан, балки бутун мавжудот ва борлиқдан устувор ва олийдир. У зот бандаларидан нимани истаса, албатта у иш бўлади, бошқа чораси йўқ. Ҳеч нарса ва ҳеч ким У зотнинг хоҳиш ва истакларига қарши чиқа олмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
1. “Аллоҳ бирон ишни хоҳласа, Унинг иши фақатгина “бўл” дейишдир. Шунда у иш дарҳол вужудга келади” (Ёсин: 82).
2. “Улар Аллоҳнинг динидан бошқа дин истайдиларми?! Ахир, осмонлару ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турадику! Уларнинг барчалари У зотгагина қайтадилар” (Оли Имрон: 83).
3. “Сўнг осмонга қаради, осмон эса тутундан иборат эди. Шунда осмону ерга: “Буйруқларимни хоҳ истаб, хоҳ мажбуран бажаринглар” – деди. Шунда осмону ер: “(Эй Парвардигор), биз сенинг буйруқларингни ихтиёрий равишда бажарамиз” – дейишди” (Фуссилат: 11).
Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи хоҳлаган ишга бўйсундириб қўяди, деган сўзни икки хил тушуниш мумкин:
Биринчиси: У зот бандаларига ўзи хоҳлаган нарсани дин қилиб берди, уларни ўзи хоҳлаган ишларга буюрди ва ўзи хоҳлаган ишлардан қайтарди. Бу динни ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, ҳамма бу динга эргашишга мажбурдир. Бу динга эргашганлар жаннатга, унга эргашишдан бўйин товлаганлар эса дўзахга киради.
Иккинчиси: Аллоҳ таоло борлиқни Ўзи хоҳлаганидек бошқаради. Бу борада ҳеч кимса У зотга, Унинг иродасига қарши чиқа олмайди. Масалан, Аллоҳ таоло бандаларни бурун билан нафас оладиган, қулоқ билан эшитадиган қилиб яратди. Ҳеч ким қулоғи билан нафас олиб, бурни билан эшита олмайди.
Банда Аллоҳ таоло бутун борлиқдан Улуғ ва Олий зот эканини, ўзининг нақадар ожиз эканини унутмаслиги лозим. Банда ўзини катта олиб, кибрланиши асло дуруст эмас. Мутакаббир ва манмансираган зўравонларнинг оқибатига бир назар солайлик:
“Мана, Од қабиласи Раббиларининг оятларини инкор қилишди, пайғамбарларига итоатсизлик қилишди, ҳар қандай қайсар ва зўравонларнинг амру фармонларига бўйсунишди” (Ҳуд: 59).
“Аллоҳ таоло ҳар бир мутакаббир зўравон қалбини мана шундай муҳрлаб қўядию, (шундан кейин улар яхши-ёмон ўртасини ажрата олмай қолишади)” (Ғофир: 35).
Биз Аллоҳ таолонинг Жаббор исмини яхши ўргансак, ўзимизни юқори олиб, одамлар орасида манмансирашимиз ва мутакаббирлик қилишимиз қанчалар нотўғри эканига янада амин бўламиз. Аллоҳ таоло барча мўмину мусулмонларга Ўзининг гўзал исм ва сифатларини ўрганиб, улардан ўзига керакли сабоқлар олишни, ўз ҳаётига татбиқ қилишни насиб қилсин!
👉 @AbuYusuf_official ™