Ушбу каналда адвокат Абдуллаев Абдумаликнинг ҳуқуқий йўналишда, айниқса тергов ва суд жараёнларига оид юқори савиядаги профессионал фикр-мулоҳазалари, муносабатлари бериб борилади. Мурожаат учун👉 @himoyachigabot +998911664900
“Миннатдорчилик” коррупцияси
Кўпинча, инсонлар ишларини ҳал қилиб берган мансабдор олдида ўзларини ноқулай, аниқроғи, гўёки ўзларини унинг олдида қарздордек ҳис қилишади. Агар мансабдор ишни ҳал қилиб берганлигини таъкидлаб қўядиган бўлса, бу ҳиссиёт икки карра ошади. Чунки иш битди, илтимос қилинган масала, қийнаётган муаммо қонуний ҳал этилди. Инсон доим иши ҳал бўлса, бунга сабабчи бўлган одамлардан мамнун бўлган ҳолда уларни ҳам имкон қадар хурсанд қилгиси келади.
Қизиқ, амалдор одам ўз вазифасини сидқидилдан, виждонан ва ўз вақтида бажариши натижасида инсонларнинг муаммолари ҳал этилган бўлса, уларда нима учун қарздорлик ҳисси пайдо бўлмоқда?
Сабаби шунданки, ана шу қарздорлик ҳисси келажакка қолиб кетмаслиги, кейинги учрашув ёки яна бирор масала билан ўша мансабдорга дуч келиб қолган тақдирда, унинг самимий қабул қилиниши учун замин ҳозирлаб, миннатдорчилик қилиб қўйишга интилади ва бунга кўпчилик мойил бўлади.
Ҳаттоки, юқори даражадаги ҳамда ёши улуғ бўлган мансабдорлар орасида ҳам бир “нақл” борки, буни ёшларга ёйишга ҳаракат қилишади ва ўз шогирдларига уқтиришади: “Инсонларга ёрдам қилиб қўй, ўзлари уялиб миннатдорчилик қилиб кетишади. Шунинг ўзи етади. Таъмагирлик қилиш шарт эмас, шу кресло сени боқади”.
Мана шу ғоя ҳамда ундан ҳосил бўлган кайфият мансабдорларга ўз "кресло"ларига ёпишиб олишларини таъминлайди, ёшларни эса мансабга, кресло ортидан бойлик орттиришга қизиқтиради. Натижа эса жамиятда коррупцияга қизиқишни кучайтириб, коррупциянинг шаклланишига шароит яратиб беради.
Эътибор берганмисиз, моддий шаклдаги миннатдорчиликни қабул қилишни, асосан, эҳтиёткор мансабдорлар тоифасида учратиш мумкин. Улар буни “пора олиш” деб ҳисоблашмайди, аслида эса ушбу ҳаракат ҳам пора сифатида баҳоланадиган қилмишлар сирасига киради.
Эҳтиёткор мансабдорларнинг фикрича, бундай турдаги миннатдорчиликни қабул қилишда таъмагирлик қилинмаганлиги учун ҳам бу “пора” ҳисобланмайди, яъни улар ўз ҳаракатларида таъма бўлмаганлигига урғу беришади. Аммо мансабдор томонидан талаб қилиб олинмаган, инсонлар ўзлари хоҳлаб, чин дилдан рози бўлиб берган моддий қимматликлар мансабдор шахснинг вазифасидан келиб чиқиб бажарган ҳаракатлари учун “миннатдорчилик” тарзида тақдим этилганлиги поранинг муҳим белгисини кўрсатиб беради. Бундай порани оладиган мансабдорлар шу сабабли ҳам ўз эҳтиётини қиладилар. Улар иши тушиб келган, уларга мурожаат қилган инсонлар миннатдорчилик сифатида тақдим этаётган моддий қимматликларни беришса, олиб қоладилар. Мабодо беришмаса, талаб ҳам қилишмайди. Порани миннатдорчилик сифатида баҳолайдиганлар тоифасини шу белгилар орқали тасвирлаш мумкин.
Хўш, бундай “миннатдорчилик” олди-бердисининг қандай ижтимоий хавфи бор?
“Миннатдорчилик” тарзида “совға” ва “мукофот”лар олиб юрган давлат хизматчисининг виждони чирий бошлайди, қалбида аста секин таъма уруғи ниш уради. “Совға” берган инсонларнинг муаммосини навбатсиз ҳал қилиб бериши натижасида “миннатдорчилик” билдирмаган инсонларга “вақти етмай қола бошлайди”. Охири эса эҳтиёткор мансабдор таъмагир шахсга айланади.
Демак, жамиятда коррупция мансабдор олдидаги қарздорлик ҳиссиёти ва “миннатдорчилик” белгиларидан шаклланар экан. Бунда инсонлар жамиятда ўзларига алоҳида муҳит яратишади. Миннатдорчилик деб порани бераётган ҳам, олаётган ҳам шундай муҳитга мослашиб кетади. Бузилган жамият эса “Қарздорлик ҳиссини” туядиганлар ва эҳтиёткор мансабдорлар жамиятининг кенгайиб боришига ўз-ўзидан давлат бошқарувига ўнгдан ва чапдан, ҳам юқоридан, ҳам қуйидан зиён етказади.
Хулоса қиламиз.
👉 @Advokat_Abdullayev
Одил судлов: Президент барча раҳбарларни қатъий огоҳлантирди
Президент суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилди. Лекин судьяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилди.
Шунингдек, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.
“Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади”,
Тергов: Прокурорлик назорати сусайтириб юборилгани урғуланди
Йиғилишда прокурорлар тергов устидан назоратни сусайтириб юборгани кўрсатиб ўтилди. Жумладан, судлар томонидан 637 та жиноят иши камчиликлари учун терговга қайтарилган.
Бош прокуратура тергов сифатини ошириш ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича янада қаттиқ ишлаши кераклиги қайд этилди.
Бош прокуратура ҳам, ички ишлар вазирлиги ҳам уйғониши, янгича ишлаб, бир-бирини тийиб туриши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
👉 @Advokat_Abdullayev
Биз ўзимизга нимани раво кўрсак, сизларга ҳам шуни раво кўрамиз.
Телеграмда сифатли контент топиш сомон ичида игна излашдек мушкул. Биз эса сиз учун бу ишни осонлаштирдик — энг сара блогларни жамладик!
Бир-бирини такрорламайдиган, хабарлари билан чарчатмайдиган ва фойдали маълумот берувчи блоглар рўйхати сиз учун тайёр.
Биз энг яхшиларини сизга илиндик — сиз эса яқинларингизга улашинг!👇👇👇
👉 /channel/addlist/uavg5tjM_vJiYzgy 👈
Тергов судьяга нисбатан текширув бошланди
Kun.uz тарқатган хабарга кўра, ЖИБ Узун туман суди судьяси А.Алиқулов томонидан 24 февраль куни чиқарилган қарорга кўра, марҳум Тоҳир Ҳайитовга ўлимидан бир кун олдин «навбатчи» модда – МЖтК 183-моддаси (майда безорилик) қўйилган ва 6 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган экан.
Маъмурий қамоқ – классик усул
Тергов тезкор гуруҳи очилмаган жиноятни фош этишда шубҳали шахсларни ИИБ биносига олиб кириб олиш учун маъмурий қамоқ амалиётини қўллаб келади. Бунда шубҳа остига олинган шахсга МЖтКнинг майда безорилик, ҳақорат ёки ички ишлар органи ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик каби айбловлар «илинади». Шахс унга қўйилган айбловни содир этган-этмагани аҳамияти йўқ: судлар ўз вазифасини «қойиллатиб» ижро қилиб беради.
Судьялар олий кенгаши баёнотига кўра, мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан Судьялар одоби кодекси қоидалари бузилгани эҳтимолидан келиб чиқиб, тергов судьяси А.Алиқуловга нисбатан хизмат текшируви тайинланибди.
👉 @Advokat_Abdullayev
Ушбу модда билан маъмурий жавобгарликка тортиш учун қуйидаги асослар бўлиши керак:
➖ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото - ва (ёки) видеотасвири бўлиши;
➖фото - ва (ёки) видеотасвир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган бўлиши;
➖фото - ва (ёки) видеотасвир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фақат биттагина ходимига эмас, камида икки нафар ходимига тегишли бўлиши, (чунки модда матнида "лар" қўшимчаси ишлатилган ва бу кўплик маъносини англатади);
➖фото - ва (ёки) видеотасвирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари обрўларининг айнан тушишига олиб келадиган маъно, мазмун акс эттирилган бўлиши;
➖шундай фото - ва (ёки) видеотасвир жўнатилган, юборилган эмас, айнан тарқатилган бўлиши (чунки "жўнатиш" билан "тарқатиш" бошқа-бошқа жараёнларни ифодалайди);
👉 @Advokat_Abdullayev
Алламжонов ходимларига оид иш: далил ўзи бормиди?
Ушбу ахборотда ёзилишича, бугун Олий судда тафтиш тартибида кўрилган, ўша 7 (етти) нафар шахсга нисбатан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси йўқлиги асоси билан МЖтКнинг 271-моддаси 1-банди қўлланилиб, тугатилибди.
Биз суд қарорини муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Бироқ, Ички ишлар вазирлиги манзилига хусусий ажрим чиқарилиб, унда гўёки ИИБ ходими айбдорликка оид далилларни тўплаш чораларини кўрмаган деб ёндашилиши ғалати.
Сизни билмадик-ку, лекин биз бунда мантиқни топа олмадик.
Қайтарамиз: маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси йўқ экан, лекин ИИБ ходими айбдорликка оид далилларни тўплаш чораларини кўрмаган эмиш.
👉 @Advokat_Abdullayev
Жиноий жавобгарликни белгиловчи қонун бугундан кучга кирди
➖Транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқарганлик ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун;
➖Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик учун;
➖Автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини ёки идентификация рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаганлик, ўтказганлик ёки улардан фойдаланганлик, шунингдек уларни қалбакилаштирганлик учун;
➖Автомототранспорт воситалари, шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини ва тракторчи-машинистларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳонлар ўтказиш ва гувоҳномалар бериш тартибини бузганлик учун;
➖Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун амалдаги Жиноят кодексига тегишли қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилиб, жиноий жавобгарликлар белгиланди.
Қонун расмий эълон қилинди ва бугундан кучга кирди.
👉 @Advokat_Abdullayev
Тинтув: Адвокатга нисбатан зўравонлик ишлатилганми?
Ижтимоий тармоқларда “Адвокатга нисбатан зўравонлик ишлатилди” сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди.
Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси вазиятни ўрганиб, адвокатга нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан тазйиқ ўтказилгани, зўравонлик ва жароҳат етказилганини аниқлаган.
Мазкур ҳолатлари бўйича муносабат билдиришни сўраб Тошкент шаҳар прокурори ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғига расмий хат билан мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи "Barrister" адвокатлик фирмаси адвокати А.Ш. 2025 йил 12 февраль куни ҳимояси остидаги шахсга тегишли хонадонда Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар органи фаолиятни мувофиқлаштириш бўлими ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Б.К. томонидан тинтув ўтказилаётганидан хабар топган.
Буни унга ҳимояси остидаги шахснинг турмуш ўртоғи қўнғироқ қилиб айтган. Адвокат у ерга борганида терговчи Б.К. тинтувни қилаётганини кўрган. Шунда у уй эгасидан “терговчи сизни тинтув ўтказиш тўғрисидаги суд ажрими билан таништирдими?” деб сўраганида у “йўқ, мени таништирмасдан уйимга кириб, тинтув бошлади”, деб жавоб берган.
Адвокат терговчига дарҳол қонун доирасида суд ажрими билан таништириши кераклиги ҳақида айтган. Шунда терговчи қўпол муомалада бўлган ва “кимга шикоят қилсангиз қилинг, мен таништирмайман”, деган ва адвокатдан дарҳол хонадондан чиқиб кетишини талаб қилган. Акс ҳолда профилактика инспекторига буюриб, куч билан чиқаришини айтган.
Шунда адвокат “уй эгаси ажрим билан таништирилганидан кейингина чиқиб кетаман”, деб айтган. Терговчи ўзбек тилида ёзилган суд ажримини ўқишни бошлаганида уй эгаси ўзбек тилини тушунмаслигини айтган. Шунга қарамай у “ўзим таржима қилиб бераман, керак бўлса”, деган.
Терговчи жаҳл билан адвокатни қўли билан итариб, ички ишлар бўлими ходимларига уни олиб чиқишларини айтган. Яшнобод тумани ички ишлар органи фаолиятни мувофиқлаштириш бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ходимлари унга куч ишлатиб, қўлидан ушлаб, сиқиб, хонадондан итариб чиқарган. Шунда унинг қўлига енгил жароҳат етказилган.
Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси тегишли органларга юборилган мурожаатлар жавобини маълум қилиши ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, адвокатларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларга тазйиқ ўтказиш ёки куч ишлатишнинг ҳар қандай кўринишини қатъиян қоралашини билдирди.
Мавзуга яна қайтамиз. Бу масалада Тошкент шаҳар прокурори ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи қандай жавоб берар экан?
Манба: uza.uz
👉 @Advokat_Abdullayev
Ўз номи билан ҳимоячи бўлган адвокатдан ҳимоя учун ортиқча ҳужжат талаб қилиш қанчалик тўғри?
Судда адвокат иштирок этиши учун барча ҳолларда адвокатлик гувоҳномаси ва адвокатлар тузилмаси томонидан берилган ордердан ташқари ишончнома ҳам тақдим этилишини талаб қилиш ҳолатлари мавжуд. Бу қанчалик тўғри? Ахир, адвокат ўз номи билан ҳимоячи. Унда гувоҳнома ва ордер бўлишининг ўзи кифоя қилмайдими?
Адвокат ишга киришиши учун адвокатлик гувоҳномаси ва адвокатлар тузилмаси томонидан берилган ордер тақдим этилиши кифоя бўлиб, у адвокатга юридик ёрдам сўраб мурожаат этган шахс манфаатларини судда ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради. (Фуқаролик процессуал кодексининг 69-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари).
Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди судьяси Алишер Баҳромов
Манба ва батафсил
👉 @Advokat_Abdullayev
Репрессив ёндашув: қўлкишани асосли қўлланганми?
👉 @Advokat_Abdullayev
Юридик ёрдам - Вазирликдан масъулият
Шу кунларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатларни жалб қилиш бўйича “Юридик ёрдам” ахборот тизимида техник муаммолар тез-тез кузатилаётганлиги, бу эса, ишларни ўз вақтида кўриб чиқилишига салбий таъсир этаётгани ҳақида хабарлар келиб тушмоқда.
“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақатгина давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилади.
Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, махсус ваколатли давлат органининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қарори ёки адвокат тайинлаш тўғрисидаги суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори, ёхуд суднинг ажрими “Юридик ёрдам” ахборот тизимида рўйхатга олинганидан кейин давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатни тасодифий автоматик танлов асосида, мансабдор томонидан эмас, балки тизим томонидан белгиланади.
Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритиш ва бошқариш ваколати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига берилган.
Тарихда ўтган Афина сиёсатшуноси Солоннинг ажойиб гапи бор: "Бошқаларнинг масъулиятини хоҳласанг, ўзинг ҳам масъулиятли бўл."
Шундай экан, Адлия вазирлиги “Юридик ёрдам” ахборот тизимининг узлуксиз ва муаммосиз ишлашини таъминлашга масъулиятли ёндашади, деб умид қиламиз.
👉 @Advokat_Abdullayev
"Бирга бир": навбатдаги оқлов
Француз қўшиқчиси Софи Арну айтади-ки, одил судлов ниқоб таққан қизга ўхшайди. Уни даъвогар ташкил қилади, прокурор чалғитади, адвокат чигаллаштиради, судья қўллайди. Охир-оқибат адолатга эришилади.
Ва ниҳоят, деярли 2 йиллик курашлардан сўнг ҳимоямиз остидаги Ахмаджановга нисбатан қарйиб 5 млрд. сўмлик фирибгарлик айблови тўлиқ “синди”.
Хусусан, судья Мирғани Мирзоҳидов раислигида (маърузачи судья Наргиза Касимова) Тошкент шаҳар судининг апелляция ҳайъати Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан биринчи босқич суди ўқиган айблов ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукмини ўқиди.
Ҳимоя иш ҳужжатларида мавжуд далилларни “бирга бир” (1=1) деб баҳолаган. Бу нима дегани?
Ҳимоямиз остидаги Ахмаджановга нисбатан қарши фактлар фақатгина жабрланувчиларнинг “бердим, олмадим” дан иборат кўрсатувлари бўлса, ўзининг “олдим ва ортиғи билан бердим” деган кўрсатувлари. Демак, бирга бир. Ҳар иккала томон бир бирининг айтганларини инкор қилади.
Бундай вазиятда Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасидаги қоида, яъни айбдорликка оид барча шубҳалар судланувчи фойдасига ҳал қилиниши лозим бўларди ва шундай бўлди ҳам.
Деярли 2 йил вақт давомида қуйи ва ўрта бўғин тергов тармоқлари терговчиларига тушунтирдик, тушунишди. Лекин юқори тергов тармоғи тушунмади, тўғрироғи, тушунишни хоҳламади. Иш айблов хулосаси билан судга тақдим этилди.
Далиллар назариясида "Исботлаш қанчалик узоққа чўзилса, далил шунчалик шубҳа остида қолади.", - деган олтин қоида бор. Бу ишда ҳам худди шундай бўлди.
Агар прокурор протест билдирмоқчи бўлса, албатта ишнинг ичига тез кира оладиган схемаларимизни тақдим этиб, баҳам кўришимиз мумкин. Бундай шаштидан қайтиши аниқ.
👉 @Advokat_Abdullayev
Адвокат: баъзи чекловларда мантиқ йўқ
Афсус-ки, амалиётда адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда.
Куни кеча, адвокат Гулмира Бобожонова ўз ҳимояси остидаги шахс билан учрашиш учун Марказий тергов ҳибсхонаси (“Тоштурма”)га киришига Ҳибсхона маъмурлари томонидан монелик қилинганидан норозилик билдириб, чиқди.
Адвокатга у шахсий телефон аппарати билан кираётганини важ қилиб, смарт - соатини қолдиришини талаб қилганлар.
Хўш, мавжуд тартиб қоидалар нима дейди?
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидалари (162-1)да ёзилишича, адвокатнинг ҳимоя остидаги шахс билан учрашиш жараёнида электрон воситалардан (мобил телефон, фотоаппарат ва диктофон) фойдаланиш имконияти яратилади. Бунда адвокат томонидан электрон воситалардан маълумотларни қайд этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.
Адвокатга кўра, қўлидаги соати (smart-watch) айни пайтда мобил телефон қурилмаси ҳисобланади.
Шу каби, бизда ҳам бир ҳолат бўлган эди. Мобил телефонимизни унинг қувватлагичи (power bank) билан бирга олиб кирмоқчи бўлганимизда қувватлагични қолдиришимиз талаб қилинган эди.
Бундай мантиқсиз ва мақсадсиз чекловлардан нима кўзланган, ҳайронмиз.
Адвокат билан бўлган ҳолат юзасидан Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан тегишли Ҳуқуқни мухофаза қилувчи идораларга мурожаатлар юборибди.
Кўрайлик-чи, қандай муносабат билдириларкин?
👉 @Advokat_Abdullayev
Ўша сўз - ҳақорат қилиш
Ижтимоий тармоқларда ҳалиям муҳокама қилинаётган, рус тилидан таржима қилинганда аҳмоқ, тентак, онги паст деган маъноларни ифодалайдиган ўша сўз аслида ҳақорат қилиш саналади.
Яъни, шахснинг шаънини, қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантирувчи ҳар қандай сўзни бировга қарата ишлатилиши бу ҳақоратдир. Нотиқнинг "мен ундай маънода айтмагандим, мен буни билмасдим" каби баҳоналари шу сўз қаратилган шахс учун заррача аҳамият касб этмаслиги мумкин. Ва у ўзини камситилган, ҳақоратланган деб қабул қилиши керак.
Албатта, ҳақорат қилганлик учун тегишлича, маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликлар белгиланган.
👉 @Advokat_Abdullayev
Адвокатура: Президент топшириқ берди
Одил судловни амалга оширишда адвокатлар ўрни жуда муҳим. Бу борада адвокатларга ҳимоясидаги фуқарога ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсата олишлари учун имконият яратиш кераклиги қайд этилди.
Мутасаддиларга уч ой ичида сифатли юридик ёрдам кўрсатилишида адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш топширилди.
👉 @Advokat_Abdullayev
Ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик белгиланиши мумкин
Йиғилишда давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни қабул қилиш вақти-соати келгани таъкидланди. Бу борада жамоатчилик фикри жуда муҳимлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга тез фурсатда ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, 1 апрелгача киритиш топширилди.
Ноқонуний бойлик орттириш учун жавобгарлик масаласини ҳам ўйлаб кўриш зарурлиги таъкидланди.
Қонунчиликка ноқонуний бойлик орттириш ҳақида модда киритиш таклиф қилинди. Яъни, давлат хизматчиси декларация қилган даромадига мос келмайдиган мол-мулкини қаердан олганини исботлаши керак бўлади.
👉 @Advokat_Abdullayev
Ва ниҳоят ҳудудларни секторларга бўлиб бошқариш тизими бекор қилинди
Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида «Бундан буён секторлар фаолияти билан прокурор, ички ишлар ва солиқ шуғулланмайди», – деди президент.
Уларнинг ўрнига эндиликда Бош вазир ўринбосарлари ўзига тегишли соҳалар билан ўз кучи ва тизими билан шуғулланиши белгиланди.
“Прокуратура, ички ишлар, солиқ раҳбарлари яхшилаб эшитиб олсин: сектор ишидан озод қилиш бу – эски даврга қайтиб, аҳоли ва тадбиркорларга ҳар қадамда тўсиқ, коррупцияга шароит яратиш, дегани эмас”,
Тадбиркорлик субъектлари билан судлар ўртасида электрон маълумот алмашиш йўлга қўйилади
Президент Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни суд фаолиятини янада яхшилаш, очиқлик ва рақамлаштириш даражасини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан бутунлай воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси амалга оширилади. Бунинг учун Олий суд ҳузурида Ахборот технологиялари маркази ташкил этилади. У судларга зарур бўлган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар яратиш, сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади.
Мамлакатимиз Конституциясига кўра, Олий судга қонунчилик ташаббуси ваколати берилган. Шунга асосан, тадбиркорлик, инвестиция, инфратузилма, ер, солиқ, кредит, меҳнат муносабатлари каби энг кўп учраётган масалаларни таҳлил қилиб, ҳар ойда ҳукуматга, ҳар чоракда парламентга таклиф киритиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Манба: https://president.uz/uz/lists/view/7911
👉 @Advokat_Abdullayev
Ёпиқ судлар маълумотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 25 февраль куни бўлиб ўтган мажлисда ёпиқ суд мажлислари маълумотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Олий суд раиси ўринбосари — хўжалик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Полванов мазкур қонун лойиҳаси Президент администрациясининг 2024 йил 23 сентябрдаги хати асосида «мавжуд суд амалиётидаги муаммолар туфайли» ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли тизимнинг очиқлиги таъминланган. Хусусан, суд жараёнларида барча фуқароларнинг иштироки таъминланиб, суд қарорлари онлайн тарзда эълон қилинмоқда.
«Яратилган имкониятларга қарамай, бугунги кунда ёпиқ суд мажлиси иштирокчилари судья рухсатисиз суд жараёнидаги маълумотларни ошкор қилаётган ҳолатлар кўп», — деди у.
"Ижтимоий хавф" жиноят-ҳуқуқий тушунчагина эмас
Тошкент давлат юридик университети доценти Раззоқ Алтиевнинг жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев “Олти йил аввалги овозлик хабар учун беш йиллик қамоқ жазоси” деб номланган материали бўйича берган фикрларига биз ҳам тўлақонли қўшилмадик.
Албатта, сўз масъулияти қаршисида ҳар биримиз нозик чегаралардан ўтиб кетмаслигимиз керак.
Расул Кушербаевнинг ўша мақоласи ҳам мазмунан, ҳам юридик таҳлил қилинса, у шахснинг жавобгарликка тортилмаслиги кераклигини иддао қилмаганлигини тушуниш қийин эмас. Кушербаев мақолада сўз кетган ўша қилмишнинг жиноят-ҳуқуқий назариясидаги "ижтимоий хавфлилиги даражаси" га ишора қилмаган бўлиб, фактик жиҳатини урғулашга уринган. Яъни, материал икки нафар шахсгагина жўнатилган эканлигидан келиб чиқиб, хавф-хатар кенг жамоятчиликка, оммага йўналмаган эканини, бундан ташқари, ўша қилмишдан кейин орадан 6 йил вақт ўтганидан келиб чиқиб, бу узоқ вақт мобайнида шахснинг жамиятга реал хавфлилигини ифодаловчи ҳеч қандай аломатлар, белгилар мавжуд эмаслигини урғулашга уринган.
Бир жамоятчилик фаоли, журналист тилидан гапирилганида "ижтимоий хавф", "ижтимоий хавфи катта эмас" каби ибораларни профессионал жиноят ҳуқуқи назариётчисининг тилидан, деб қабул қилиниши тўғри бўлмайди. Чунки, айнан Р.Кушербаевнинг матни ва нутқидаги бу иборалар жиноий-ҳуқуқий категория сифатитда эмас, балки ижтимоий категория, халқчилик тушунча сифатида ишлатилган ва шундай қабул қилиниши керак ҳам.
Доцент Р.Алтиев матнни фақатгина юридик таҳлил қилиш билангина ўзини чеклаб қўйганлиги матн муаллифининг нуқтаи-назарини англаб олишига тўсқинлик қилиб қўйган, назаримизда.
Ўз навбатида, амалдаги Жиноят кодексининг 64-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига зид эмас.
Бир пайтда доцент эса, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни иддао қилган деб нотўғри ёндашган кўринади.
Шунингдек, Расул Кушербаев нутқида асосий фонда инсонларни тақиқланган диний материалларни тарқатишдан қайтариш, бу борада хўшёрликка чақириш ётибди, назаримизда. Ўз навбатида, келтирилган кейсда у С.Илиусиновга 5 йилу 1 ой жазо тайинланар экан, инсонпарварлик принципини қўлланмаганлигига эътироз билдирган.
Қолаверса, ЖКнинг 57-моддасини қўллашга етарлича асослар бўлгани ҳолда, суд буни қўлланмаганлигига танқидий фикр билдирилиши қандай асосларга кўра, қайси илмий манбадан келиб чиқиб, ноўрин ва хато деб баҳолаган, доцент Р.Алтиев, бизга ҳам қизиқ.
👉 @Advokat_Abdullayev
Алламжонов ходимларига оид иш “буюртма”миди?
Ушбу расмий ахборотда ёзилишича, бугун Олий судда тафтиш тартибида кўрилган, ўша 7 (етти) нафар шахсга нисбатан МЖтКнинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси йўқлиги асоси билан МЖтКнинг 271-моддаси 1-банди қўлланилиб, тугатилибди.
Ўзи одатда, афсуски, шу юқоридаги моддалар ким (лар)нидир “ичкари” га олиб кириб олишга эришиш учунгина хизмат қиладиган “навбатчи” моддалар бўлиб қолган. Бунга амалиётдан талайгина мисоллар бор.
Ушбу кейсда ҳам 7 нафар шахс айнан шундай “буюртма”нинг нишонлари бўлиб қолганлиги Олий суднинг ИИБ ходимига нисбатан чиқарган хусусий ажримидаги ёндашувидан ҳам яққол кўзга ташланиб қолган.
Шу ўринда, “буюртма”чиларга, суд бу “буюртма”ларни бажартириш воситаси эмаслигини, судьяларга эса, ўз мустақилликларини аввало, ўзлари ҳурмат қилишлари лозимлигини эслатиб қўймоқчимиз.
👉 @Advokat_Abdullayev
Шаҳар ҳокимининг ташаббуси. Шаҳар прокурори журъат қила оладими?
Қувасойда 300 га яқин дарахт шаҳар ҳокимининг ташаббуси билан қўпориб ташланганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Фарғона вилояти экология бошқармаси бошлиғи Баҳром Жумановга кўра, дарахтларни кўчирилишига рухсат берилиши ҳақида бирор бир мурожаат ккелиб тушмаган.
Қувасой шаҳар прокурори Санжархон Жаҳонов эса, ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилибди.
Бизга қизиқ туюлгани, бундай мазмундаги хабардан сўнг, шаҳар ҳокимининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо беришга қаратилган терговга қадар текширув эмас, шунчаки, ўрганиш ишлари олиб борилаётган эмиш.
Жамоатчилик вакили сифатида бундай ёндашувни қабул қила олмаймиз. Қонун ҳоким учун ҳам ишлаши керак. Шаҳар прокурори ўзи билан секторлар доирасида бирга ишловчи, айни бир ҳудуднинг ҳокимига нисбатан холисона процессуал қарор қабул қилишига эса, бизда шубҳа бор. Сизда-чи?
Бундай хабар жиноят ҳақидаги хабар сифатида қайд этилиб, ўрганиш ҳужжатлари тарзида эмас, терговга қадар текширув материали тарзида расмийлаштирилиб, камида вилоят прокуратураси терговчиларидан бирининг иш юритувига топширилиши мақсадга мувофиқ.
👉 @Advokat_Abdullayev
Жавобгарлик оғир эмас: ҳақоратланган, калтакланган, обрўсизлантирилган ўқитувчини қонун қандай ҳимоя қилади?
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги мактабларнинг бирида аёл киши дарс вақтида ўқитувчини ургани акс этган видеони кўрган бўлсангиз керак, албатта. Аёл синфда ўқитувчига қўпол муомалада бўлиб, унинг юзига мушт туширган ва ўлдириш билан таҳдид қилган. “Дарё” ўқитувчининг иш фаолиятига ноқонуний аралашганлик, ҳақорат ва бошқа турда тазйиқ ўтказганлик учун қонунчиликда белгиланган жазо чоралари билан қизиқди.
Манба ва батафсил
👉 @Advokat_Abdullayev
Репрессив ёндашув: қўлкишани асосли қўлланганми?
Ижтимоий тармоқларда жорий йил 14 февраль куни Бош прокурор ўринбосари Ш.Аминов раҳбарлигида Самарқанд вилоятида энергетика соҳасида содир этилаётган коррупцион ҳолатлар ҳамда тизимни “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича танқидий йиғилиш ўтказилганлиги ҳақидаги хабар тарқалди.
Аввало, коррупцияга биз ҳам бошқалар каби муросасизмиз. Бироқ, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, унга қарши курашишнинг ва бу ҳақидаги ахборотларни тарқатишнинг ўзига яраша белгиланган қоидалари, талаблари бор.
Энди, Энергетика вазирлиги томонидан тарқатилган ушбу хабарда воқеликнинг талқин қилинишига эътиборингизни қаратсак. Унда, йиғилиш жараёнида таъминот корхоналарининг коррупциявий жиноятларни содир қилганликда айбланган 7 нафар ходими гумонланувчи тариқасида ушланганлиги айтилган.
Биринчидан, шахс айбланган бўлса, айнан гумон қилинувчи тариқасида ушланмайди. "Айбланган" деган сўз замирида ҳукмий ёндашув бўлиб, бу суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми чиқарилганлигини ифодалаб қўяди.
Иккинчидан, шахсни гумон қилинувчи тариқасида ушлаш учун албатта, у айнан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этиш учун жалб қилинганлиги ҳақидаги суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг қарори бўлиши талаб этилади.
Учинчидан, суратларда ўша 7 нафар шахсларнинг қўлларига қўлкишани (наручник) солинганлигини кўрамиз.
“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуннинг махсус воситаларни қўллашга оид 23-моддасига кўра, қўлкишани махсус восита ҳисобланади ва уни қўллашнинг ўзига яраша асослари келтирилган.
Лекин, юқоридаги манзарада уларга нисбатан қўлкишани қўллашнинг асосларидан бирортасини топмадик ва шу боис ҳам, ушбу манзарани биз, ушланган шахсларнинг шахсиятларига нисбатан омма қаршисидаги репрессив ёндашув, деб ҳисоблаймиз.
Бош прокуратура телеграмдаги расмий каналида айни шу ҳолатни ёритишда репрессивликни ифодалаб қўйишдан тийилган кўринади. Лекин, бизнингча, Бош прокуратура ушбу ҳолатда ўша 7 нафар шахсларнинг ушланиши ҳамда уларга нисбатан омматан махсус восита ишлатилишининг процессуал ҳуқуқий асосини жамоатчиликка очиқлаши лозим.
👉 @Advokat_Abdullayev
Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод этилган шахсларга бир марталик нафақа пули тўланади
2025 йил 1 майдан озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга БҲМнинг 6 баравари (2,25 миллион сўм) миқдоридаги бир марталик нафақа пули «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали тўланади.
Ҳуқуқий асос: 2025 йил 30 январдаги 17-сонли Фармоннинг 6-банди "б" кичик банди
👉 @Advokat_Abdullayev
Битта китоб ўқиган маҳкумнинг жазо муддати 3 кунга қисқартирилади
Жиноят кодексига китоб ўқишга жалб қилиш орқали маҳкумларни ахлоқан тузатиш бўйича янги 74-1-модда киритилмоқда.
Унга кўра, фақат жазо муддатини тўлиқ ўташи лозим бўлган маҳкумларга нисбатан тасдиқланган рўйхат бўйича 1 та китоб ўқиган ва белгиланган тартибда имтиҳон топширган тақдирда жазосини 3 кунга қисқартириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 73, 74-моддалари асосида эса жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш масаласини ҳал этиш вақтида ҳам китоб ўқиганлик инобатга олиниши белгиланяпти.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
***
Ажойиб. Лекин шу ўринда савол туғилади.
Китоб ўқиган маҳкумнинг жазо муддатининг қисқараши ҳақида қоида белгиланар экан, жазо муддатини тўлиқ ўташи лозим бўлган ёки тўлиқ ўташи лозим бўлмаган маҳкумлар тоифасига ажратишдан маъно нима? Бундан нима кўзланган?
👉 @Advokat_Abdullayev
К.Алламжоновга суиқасд иши: Олий суд матбуоти нимани сир тутмоқчи?
Бугун Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида фуқаро К. Алламжоновга уюштирилган суиқасдга оид жиноят иши доирасида 10 нафар шахсга нисбатан суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинганлиги ҳақидаги хабарни тарқатди.
Унда айтилишича, Шуҳрат Расуловга 23 йил, Джавлан Юнусовга 18 йил 6 ой, Шохрух Ахмедовга 23 йил, Исмоил Жаҳонгировга 23 йил ва Дониёр Ташходжаевга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Қолган 5 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланганлиги айтилади.
Лекин, негадир қолган ўша 5 нафар айбдор деб топилганларнинг шахси очиқланмаган. Қизиқ. Нимасига кўра танланди?
Қолаверса, хабарда маҳкумлар Жиноят кодексининг айнан қайси моддалари билан айбдор деб топилганлиги ҳам очиқланмаган.
Ваҳоланки, жиноят ишига махфийлик грифи берилганлиги шахсларни айбдор деб топилган моддаларни ҳам сир тутилиши кераклигини билдирмайди.
👉 @Advokat_Abdullayev
"Маҳкум китоб ўқиса, жазо муддати қисқарадими?" - деган савол беришяпти
Шундай таклиф киритилган қонун лойиҳаси ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама босқичида. Лекин, бу ҳали қонун эмас ва амалиётга татбиқ этилгани йўқ.
👉 @Advokat_Abdullayev
Жиноий одил судлов: шакл эмас, маъно-мазмун устун
Адвокат Саидали Мухторалиевнинг қуйидаги фикрларига қўшиламиз:
"Битта меҳнат инспектори меҳнат шартномалари ЯММТда рўйхатдан ўтказилмаганлигини асос қилиб, бу ходимларга ноқонуний иш ҳақи тўланган ва бу пул маблағлари раҳбар томонидан талон-тарож қилинган деб хулоса берибди.
Ҳозир, шу раҳбарга ЖК 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши очилиб, тақдири жуда оғир ҳолатда турибди.
Ваҳоланки, меҳнат шартномасини ЯММТда рўйхатдан ўтмаганини қўйинг, ҳатто меҳнат шартномаси тузилмаган тақдирда ҳам, агар иш берувчи ходимга ишни бошлашга рухсат берган бўлса ва ходим иш бошлаган бўлса, у ишга қабул қилинган ҳисобланади. Бу Меҳнат кодексининг 128-моддаси талаби. Бундай ҳолларда, ходимга иш ҳақи тўланиши қонуний бўлади.
Лекин битта меҳнат инспекторининг қотиб қолган мияси сабаб берган хулосаси оқибатида бир айбсиз одам қамалиб кетиши мумкин.
Менимча, меҳнат ҳуқуқ инспекторларини бу лавозимга тайинлашда сал эҳтиёткор бўлиш керак, бунда: биринчидан, бу лавозимлар бўйича иш ҳақи миқдорини ошириш керак, иккинчидан, дордан қочган ва терговчилар нима деса ўшани ёзиб берадиган малакасиз одамларнинг келишига йўл қўймаслик керак."
👉 @Advokat_Abdullayev