Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot
ҲАВАС
Ухламагим келяпти!..
(Жиянимнинг хархашаси)
Эркалангин, болажон,
Қанд-қурс тўлсин қўйнингга.
Катта бўлсанг бир замон,
Ким ҳам қарар кўнглингга.
Майли, ётма, ухлама,
Ўйна ҳолдан тойгунча.
Тушиб қолмасин яна
Оғзингдаги мойкулча.
Қуйилмайди қариб ҳам,
Улар сендан баттар шўх.
Хафа бўлма, жиянчам,
Катталарнинг эси йўқ.
Текканида дам-бадам
Ташвишларнинг калтаги,
Сиз яхшисиз ҳаммадан,
Деб мени ҳам алдагин.
Кунларим эртак – хомуш,
Ишонмагим келяпти.
Болалик – энг ширин туш,
Уйғонмагим келяпти.
2009 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
МУСОФИР
Ҳисларимнинг сочлари оппоқ,
Ўйчан сўзлар юзида ажин.
Боққин ахир, Онажон, бир боқ,
Ўғлинг нега бунчалар ғамгин?!
Балки, жуда эрта улғайди
Юрагимда гуллаб ётган дард.
Кўзларимда тунлар ухлайди,
Ҳалқа-ҳалқа ёшларимни арт.
Кечагина подшодай эдим,
Атрофимда ҳурлар парвона.
Баридан воз кечиб мен энди
Бир сўққабош далли-девона.
Кун қариди, совиди чойинг,
Пахта гулли пиёланг маъюс.
Йиғмай менга тўшаган жойинг,
Дарвозадан ҳатлаб ўтди Куз.
Не кўйларга солмади Орзу...
Ногоҳ учиб борсам қошингга.
Оғушингга гўдакдай ол-у,
Меҳрлар бер мен бебошингга.
Ҳали жуда ёшсан, чироғим,
Армон сени йўқламайди, де.
Эркалаб айт: Ўйинқароғим,
Ўғил бола йиғламайди, де...
Дунё ҳақда ортиқ билгим йўқ,
Ҳар не дедим, барчаси – бекор.
Шоҳ бўлгим йўқ, шоир бўлгим йўқ,
Бугун фақат боланг бўлгим бор.
2010 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Дангалини айтавериш керак: биз ўз тилимизни яхши билмаймиз, яхши кўрмаймиз, ҳурмат қилмаймиз.
Шундай экан, бошқалар бизни қандай ҳурмат қилсин?!
***
Она тилимизни севишни уни яхшироқ ўрганиш, ҳурматини жойига қўйишдан бошлайлик.
Мен ҳамиша тилимиз тақдири ҳақида куюнчаклик билан мулоҳаза билдираётган ва миллатдошларни бу жиддий масалага бефарқ бўлмасликка чақираётган фикр эгалари тарафидаман.
Фақат бу мавзуни кимўзарга, пахтачилар пойгасига айлантириб қўймайлик.
@Behzod_Fazliddin
#Тил_тақдири #Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар
Агар еб қўймаса бебош қўзилар,
Даштни бу чечаклар жаннат қилгайдир...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Бир куни мен сенга қайтаман, Тупроқ,
Бир куни мен сенга кетаман, Само...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Хоразм. Хива суврати
#Кайфият #Лаҳзалар
Молдай яшаб ҳам ўзни бахтли ҳис қилиш мумкин экан-да...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Қушлар, Ҳабибимга бориб айтинглар,
Ҳеч йўқ, тушларимда меҳмон бўлсинлар...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Қош қорайди, ўйчан қисқарди кунлар,
Тағин не ташвишда кўнгли юпунлар?
Ҳали кул остида мудрар учқунлар,
Кутинг...
Бирдай ўтди ойнинг икки ўн беши,
Кечанинг бугунга ўтмади тиши,
Азалнинг иши бу, абаднинг иши,
Кутинг...
Севмаса севмасин сиз якто билган,
Келмаса келмасин сизни қон қилган,
Кутган ҳам ҳақ эрур, ҳақдир кутилган,
Кутинг...
Ким кимни ўчирди хотирасидан,
Ким четлашди ишонч доирасидан,
Кимдир боқар кўнгил ойинасидан,
Кутинг...
Бу асрий лаҳзалар сиғмайди сўзга,
Севги бир шарпами – кўринмас кўзга,
Яхши биласиз-ку, чора йўқ ўзга,
Кутинг...
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
https://www.youtube.com/watch?v=3Ktv3SWAzno
#Кайфият #Шеърлавҳа
***
Бир Ишқ ҳам дунёга етиши мумкин,
Сенсиз ҳаётимда қолармиди ранг.
Уйғонолмай ўтиб кетишим мумкин,
Ўзинг кўзларимга кириб келмасанг.
Яшашга етади қалбимнинг кучи,
Ишон, кипригингга қўнмайди ғубор.
Истасанг, шартлар қўй ёнмоғим учун,
Майли, ўтга юбор, оташга юбор.
Фақат менсиз Бахтнинг қошига борма,
Нимага яралдим Вақтдай елмасам?
Юрагингни берма, борингни берма,
Умрингга қуёшлар олиб келмасам.
Кафтимга юлдузлар қўндириб келай,
Буюк эканимга ишонтир, тегин.
Бориб осмонларни ёндириб келай,
Жоним, яна бир бор “Севмайман!” дегин.
2006 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим #Эски_дафтардан
#Кайфият #Лаҳзалар
Шоирларнинг соғи йўқ, дейишади. Албатта, бундай «касаллик» ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бутун умр сени безовта қилиб турувчи тоза бир дард ўзингни, одамларни даволайди. Шоирларни «ушлаб» турган ҳам ана шу Дард бўлса керак.
Албатта, бундай қисматни кўтариш оғир. Сени тушунмаган, сенга ишонмаган одамзорда ҳаётингни сақлаб қолиш... Бир ёқда тирикчилик юҳоси ютиб юборишга тайёр турибди. Баъзан туйғуларингни сўз қилиб сотиб, кун кўришга тўғри келиб қолиши мумкин. Аммо... ҳар кандай шароитда ҳам чинакам шоирлар ўзини йўқотмаганлар…
Шоир ҳам оддий инсон, ҳам ижодкор сифатида бурчлидир. Ички ва ташқи интизоми кучли бўлган кишилар қатори аввалида шоирлар туришини жуда хоҳлардим…
Беҳзод Фазлиддин
«Шоирликдан юксакроқ мавқе»
2008 йил, “JANNATMAKON” журнали.
P.S. Ушбу эски қайдларни қайта ишламай, борича ҳавола этгим келди.
Батафсил: https://www.facebook.com/behzod.fazliddin/posts/2817180591735899
#Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin
ҚАЙТИШ
Тинч қўймайди саволлар – саркаш,
Кўксимга ўқ отгани-отган.
Бирор чора сўрасам дил ғаш,
Оламлари сукутга ботган.
Йиғлаб борсам, ҳўнграб чиққайлар,
Табибларим ўзимдай хаста.
Бечораҳол, маъюс боққайлар,
Ҳаммасининг кўнгли шикаста.
Кимга айтиб, кимга ёлворсам,
Ўз ғамидан ортолган ким бор?
Этагидан тутай деб борсам,
Муршидимнинг ўзи пирга зор.
Сўраб-сўраб тилим толмади,
Қани бошим тўсар чўгирма?
Мени ҳеч ким қабул қилмади,
Энди Сен ҳам юзинг ўгирма...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
Ҳар куни кўксимда кўпкари,
Олишар чавандоз туйғулар –
Ғирромга ўрганган кўплари.
Уялиб кетаман ўзимдан,
Тағинам гуноҳнинг ҳиди йўқ!..
Нур қочиб боради юзимдан.
Улуғ бир хатони бошладим,
Қаламнинг юргиси келмайди,
Шўрликни... синдириб ташладим...
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
ЎЗИМНИ БЕР
Худойим, ўзимни ўзимга бергин,
Ўзимдан бошқани соғинганим йўқ.
Булут тўлиб қолган кўзимни кўргин,
Яшаш тугул, ҳали туғилганим йўқ.
Ёмғирлар Ҳаётдан бергайми дарак,
Ҳадемай чақмоқ ҳам ўтиб кетади.
Дунёга бир Инсон овози керак,
Қачон юрагимни тўлғоқ тутади?!
2005 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
***
Масжидга ўхшаса эди бу дунё,
Ишонч бирлаштирса одамиятни.
Оқибат дегани бўлмаса рўё,
Ҳеч кас йўқотмаса ор, ҳамиятни...
Ҳамма тарқалмоқда дилга бериб зеб,
Яна оташ олди юракда бир Чўғ.
Меҳримни эҳсондай улашайин деб
Ташқарига чиқсам, пойабзалим йўқ...
2010 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Бу нурсиз ҳашаму дабдаба ичра
Бунча кўз-кўз қилдинг ожизлигингни?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Иқтибос
Машрабнинг оти нега Машраб? Ким билади? Энг олдинда домланинг оғзидан кўз узмай, иложи бўлса, унинг томоқ қирганини ҳам дафтарга ҳафсала билан ёзиб олишга шайланиб ўтирадиган Бўстон билади! У биргина шу саволга “Онасининг қорнида йиғлагани учун”, дея жавоб бердию имтиҳондан ўтди-кетди.
Башарти курсдошларни танлаш ҳуқуқи берилганда мен Бўстон билан ўқишдан қатъиян бош тортган бўлардим. У билан бирга ўқиётганимни ўйлаб доим уялиб кетаман, келажакда ҳам эсимга тушса, ўзимни кечирмасам, номус қилсам керак. Қачон қараманг, телевизордаги “Қизлар давраси”да ишшайиб ўтиради. Гоҳида конфет шимиб ёзган шеърларини ўқиб берса, гоҳо ҳеч нарса қилмайди – шунчаки, ўзини кўрсатиш учун чиқади. Биламан, келажакда бир кун менинг омадим юришмайроқ қолганини эшитса, у албатта: “Ҳа, уми, бошдан ҳам аҳмоқ эди”, дейди эслагиси ҳам келмай, бурнини жийириб. Борди-ю Худо ёрлақаб тузукроқ одам бўлиб кетсам, у: “Бирга ўқиганмиз, бошдан ҳам зўр эди”, дейиши турган гап. “Бўстон, Худо ҳаққи, айт, сени қандай она туққан ўзи? –дейман баъзан ичимда нафратланиб ва негадир у осонгина жавоб топиб, истаган имтиҳондан ўтиб кетиши мумкин бўлган саволларни ёғдира бошлайман: – Машрабнинг оти нега Машраб? Отойи нечанчи йилда туғилган? Дурбекнинг қандай романлари бор? Саккокий нечта драма ёзган? Лутфий нега юз йил эмас, тўқсон тўққиз йил умр кўрган?..”
Олдимда даста-даста китоб, дарслик; теварагимда – бири илм учун яшаётган, бири яшаш учун илм олаётган кимсалар; ташқарида эса ҳаёт аталмиш беқиёс мўъжиза: чарақлаган қуёш, тип-тиниқ осмон, топ-тоза ҳаво, кўзни қамаштирувчи атлас кўйлаклар – барно қизлар, ўйноқи фавворалар, хушнағма қушлар... Уларни айнан ҳозиргидек намойишда кўриш менга ҳеч қачон насиб этмайди. Улар ҳаёт отлиғ мўъжизага айланганча учқур хаёллару шўх шамолларга, автобусу трамвайларга қўшилиб аёвсиз ўтиб бормоқда. Ҳеч қачон қайтариб бўлмайди! Атрофимдаги, чидам билан ҳарфларга термилган кўйи ғафлатда умр ўтказаётган кимсаларни чўчитиб, сескантириб, “Тўхтанг!” дея бақиргим келади...
Эркин Аъзам
“Отойининг туғилган йили” қиссасидан.
/channel/Behzod_Fazliddin
Орсизлар урчиган шовқинзор аро
Уялсам уялдим уялмасликдан...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Кўзларимнинг косасига юлдуз тердим,
Дилингизнинг дастурхони очиқми, Ёр?..
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Бугун интернетда холис таҳлил, теран кузатув камёб. Ҳамма пиар ва “ҳайп”га ружу қўйган. Нима қилиб бўлса ҳам кузатувчиларини кўпайтириш, обуначи йиғиш ва шу орқали танилиш, пул топиш пайида. Одамлар ҳам шунга ўрганиб қолди ва ҳадемай бундан зерика бошласа, ажаб эмас.
Шундай пайтда ҳақиқий журналистика ва албатта чинакам ижод ўзини кўрсатиши, майдонни бетайин шов-шувчиларга бўшатиб қўймаслиги зарур.
Зиёлилар, хусусан, шоир-ёзувчиларнинг “миллат виждони” экани ҳақида ортиқча гапиришга ҳожат бўлмаса керак...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Жаннатий ҳислардан энтикар руҳим!..
Хаёлимдай хафиф ҳурлар бормикан?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Умрбоқий асарлар яратиш – кўпинча катта-катта адибу санъаткорларга ҳам насиб этмайдиган неъмат. Бу ҳам тақдир инъоми.
Аммо ўз ҳурматини билган, адабиёт ва санъатни жондан севган, мухлисларни қадрлаган ижодкор имкон қадар умри узун асарлар яратишга ҳаракат қилмоғи, бачкана нимарсалардан иҳоталанмоғи зарур.
Омманинг тутуриқсиз талабларига оғишмай, юксак мезонлар асосида иш тутган ижодкорнинг бир кунмас, бир кун толеъ юлдузи порлаб, албатта юзи ёруғ бўлажак!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
“...ОДАМ БЎЛИШИМИЗҒА АҚЛИМ ЕТМАЙ ҚОЛДИ...”
Юсуфбек ҳожи:
“Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ, яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсақ ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширқучи – биз кўр ва ақлсиз оталарға Худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим!
Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғузхона қилишиға ҳозирланған биз итлар Яратгучининг қаҳрига албатта йўлиқармиз! Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Али Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилғанлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға қараб судрағучи албатта Тангрининг қаҳриға сазовордир, ўғлим!
Гуноҳсиз бечораларни бўғизлаб, болалар ятимхоналарини вайрон қилғучи золимлар – қуртлар ва қушлар, ердан ўсиб чиқған гиёҳлар қарғишиға нишонадир, ўғлим!..”
Абдулла Қодирий. “Ўткан кунлар”
#Иқтибос #Миллат_мунавварлари #Абдулла_Қодирий
@Behzod_Fazliddin
#Иқтибос
Қотиб қолган қайғу-андуҳларни, таассуфларни, хавотирликлар, ғашлик ва ғазабни сўзга ишониб топшириш руҳан покланмоқ демакдир. Баъзан эса бу нобуд бўлишдан ёки жинни бўлиб қолишдан сақлаб қоладиган ягона чорадир...
Сўз орзунинг эгиз оғасидир, у сизга шундай бир сирли эшикни очиб берадики, бу эшик орқали сиз истаган вақтингизда эркинликка чиқа олишингиз мумкин. Сўз ёрдамида кишини диққинафас қилиб юборадиган замондан, зериктирувчи манзарадан, чидаб бўлмайдиган турмуш шароитидан, ниҳоят, ўз-ўзингдан осонгина қочиб қутулиш мумкин...
Ян Парандовский. “Сўз кимёси” китобидан.
Озод Шарафиддинов таржимаси.
#Тавсия #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
Ҳурмат – холисона тан олмоқдир.
***
Нимадир сабаб билан ўз даврининг модасига кириб қолган одамлар бўлади.
Улар кўп вақт ўтмай эскириб, урфдан қоладилар, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетадилар ва унутиладилар.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Менинг дарахтлардан битта фарқим бор:
Истаган пайтимда гуллашим мумкин!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан #Сен_қачон_гуллайсан
Эрталабдан Ёзувчилар уюшмасида ишлайдиган шоир укамиз телефон қилди:
– Ака, биласиз, жойларда китобхонлик бўйича тадбирлар бўляпти. Бугун сизнинг навбатингиз, бир маҳаллага соат учда тадбирга боришингизни айтишди.
Тушдан кейин муҳаррирдан изн олиб, тадбирга чопдим. Сал кечикибман. Эшик олдида ўрта ёшлардаги бир киши кутиб олди.
– Ичкарида кимлар бор? – сўрадим пичирлаб.
– Ҳалима Худойбердиева бор.
– Йўғ-е, қачон келди?
– Боя, ўзим кутволдим.
– У ёқдан қандай чақирдиларинг? – дейман қўлимни тепага ишора қилиб.
– Хат берувдик, келди, – дейди бамайлахотир.
– Кечирасиз, ўзлари ким бўладилар? Мана бу ерга ёзиб қўйишим керак-да.
– Менми, мен “Шарқ юлдузи” журналида ишлайман...
– Ия, у журнал ҳалиям борми? – сўради кўзини бақрайтириб. Жавобимни кутмасдан яна саволга тутди:
– Кечирасиз, исми-шарифингиз?
Кейинги саволидан баттар жаҳлим чиқди.
– Агар ичкаридаги одам ростдан ҳам Ҳалима Худойбердиева бўлса, мен аниқ Ўткир Ҳошимов бўламан, – дедим.
Ҳалиги одам:
– Э, бор бўлинг, Ўткир ака, мен сизнинг шеърларингизни роса севиб ўқийман, – деб бошқатдан кўришди.
Ичкарига кирсам, Зулфия Мўминова “Болага китоб беринг!” деб ҳайқириб шеър ўқиётган экан. Менга сўз навбати бераётганида Зулфия опага қараб, "Сизга катта раҳмат, Ҳалима опа", деб қўйдим. Зулфия опа ҳайрон...
Тадбирдан сўнг ўша одамни қидириб тополмадим. Номард, кимсан Ўткир Ҳошимовдан дастхат олмай жўнаворибди.
Айтмоқчи бўлганим, мабодо, сизни ҳам бирор маҳаллага тадбирга чақиришса, қолиб кетманг, эҳтимол, Абдулла Орипов ёки Эркин Воҳидовни учратиб қоларсиз...
Муҳаммад Сиддиқ Раҳматов
https://www.facebook.com/100062923316984/posts/337923188315122/
@Behzod_Fazliddin
Баъзи оилаларда муҳит шундайки, болалар ундан кўра кўчада тарбия олгани ҳам маъқулроқми, дейсан.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Айни навқиронлик палласида жувонмарг этилган миллатпарвар, ҳақсевар ижодкор-шахслар, барибир, барвақт ўлиб кетарди; Худо асраб зулму оммавий жаҳолат тузоғидан омон қолган тақдирда ҳам, бундай саркаш руҳ, дардхўр юрак, ўта безовта виждон билан узоқ яшаб бўлмайди.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
Фарзандингизнинг қизиқишларини ҳурмат қилинг. Айниқса, касб танлашда унга эркинлик беринг.
#Йўл_йўлакай #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Илм-фан, адабиёт, санъатга юксак эътибор бериш, қўллаб-қувватлаш ҳукуматнинг вазифаси, керак бўлса, бурчидир. Бу соҳалар ривожисиз жамият, миллат тараққиёти ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Шундай экан, ҳадеб “Эътибордан бошимиз осмонга етди”, “Юксак ишончга муносиб бўламиз!” дея жўшиб-тошиб, эски усулда ўйин қилавермасдан, соҳадаги муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида кўпроқ гапириш керак.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin