Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot
Диндорлик ҳам модадай бугун...
***
Дин майда ҳасратларингни жим қилиб қўяди.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ожизларча яшаш тегмасми жонга?!
***
Ишончим йўқолиб бормоқда сенга,
Ишонч!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Кўкдан томчи келди, кўзларим тўлди,
Ўзинг бир Сўз айтдинг – сўзларим ўлди...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
“Бундайлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ...”
Донишманд Гёте бобо мана бу фикрлари орадан неча юз йиллар ўтиб ҳам “кун тартибида” туришини ҳис қилган бўлса керак:
“Агар мен табиатшунослик соҳасида тадқиқотлар қилмаганимда эди, одамларнинг бу қадар майдакашликларини, улуғ мақсадларга бу қадар бефарқликларини ҳеч қачон билмаган бўлардим. Энди зеҳн солсам, илм кўпчилик учун бор-йўғи тирикчилик манбаи экан, борди-ю шундан қоринлари тўядиган бўлса, ўз хатоларини ҳам илоҳийлаштиришдан тоймайдилар.
Бадиий адабиётда ҳам аҳвол яхши эмас. Бу жабҳада ҳам буюк мақсадлар, ҳақиқат учун чинакам қайғуриш, тиришқоқлик, буларни кенг ёйишга интилиш кам кўзга ташланади. Бири иккинчисини суяб, етаклайди, бу ҳам ўз навбатида унисини суяб, етаклайди, чинакам буюк нарсалар уларнинг ғашига тегади, улар ўзлари олдинга чиқиб олиш учун жон-жон деб буюк нарсаларни йўқ қилиб ташлаган бўлишар эди.
Деярли бутун омма шунақа, айрим буюк шахсларни камчилик ҳурмат қилади, ваҳоланки, даҳолар ўзининг юксак истеъдоди, кенг қамровли билими билан миллати назарида кўкларга кўтарилиши мумкин эди, афсуски, феъл-атворининг сустлиги миллатни унинг фойдали таъсиридан, ўзини эса халқнинг ҳурмат-эътиборидан жудо қилди.
Бизга Лессингдек одам зарур. Унинг бор улуғлиги характерида, ирода кучида! Ақлли, билимли кишилар кўп. Аммо бундай характер эгалари кам! Оқил, доно кишилар тўлиб ётибди. Бироқ улар шу даражада паст кетишадики, калтабин омманинг мақтовларига эришиш учун уятни ҳам, виждонни ҳам унутиб қўйишади, бундайлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ...”
Йоҳанн Петер Эккерманнинг "Гёте билан гурунглар"идан
P. S. Мазкур асар Янглиш Эгамова таржимасида ўзбек тилида чоп этилган.
#Иқтибос #Тавсия #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
...Яқин ўтган кунларнинг аччиқ тажрибаси шундан далолат бердики, истеъдоднинг даражаси тўғрисида башорат қилган Гёте барибир ҳақ экан. Бу закий зот “Қобилиятнинг юқориси – истеъдод, истеъдоднинг юқориси – даҳолик”, деганди.
Дарҳақиқат, нафис санъатнинг барча соҳаларида яратилган ва яратилаётган асарларга назар солсак, улар мана шу ўзаро фарқли даражалар берган самара эканига гувоҳ бўламиз. Жумладан, биз “истеъдод” деб суюнган баъзи қаламкашларда, нари борса, шеъру ҳикоя битишга қобилият бор экан, холос. Шунданми, уларнинг аксарияти хашаки шоирлик, нўноқ ёзувчиликдан нарига ўтмади. Ачинарлиси – кўпчилиги шахс сифатида шаклланмади: бошқалар етовидан чиқолмайдиган, шу етовга етишмоқнинг ўзини-да ҳаёт мўлжали деб биладиган майда одамлар мақомини ўзига раво кўрди. Абдулла Қаҳҳор топиб айтганидек, уларнинг бирини амал-эътибор, бошқасини хотин-халаж, яна бирини ўз ҳаётини тартибли қура билмаслик, бир қисмини бўлса маишат ва ичкилик хароб қилди. Ана шу қутқуларга бирваракайига мубтало бўлганлари қанча. Аслида, бу ҳолга ҳайрон қолиш ҳам, асабийлашиш ҳам ўринсиз. Чунки боя эслаганимиз – истеъдодни, айниқса, даҳоликни Худонинг ўзи юқтирмагач, бандасидан ўпкалаб ўтиришга не ҳожат?! Айтишади-ку, “дарёдан дарёни талаб айлагил...” деб.
Беҳзод Фазлиддинда:
... Бу йўлда юзини йўқотган кўпдир,
Илдизу изини йўқотган кўпдир.
Энг керак сўзини йўқотган кўпдир,
Аларнинг сафидан чиқишни ўргат...
... Бинобарин, бундай қўймижоз кишилардан боя айтганимиз – миллий эстетик идеални белгилайдиган ижодий ҳамлаларни, юксак манзиллар сари шитоб интилувни кутиб бўлмаслиги аниқ. Бу ҳолни Альберт Эйнштейн отлиғ шумгина донишманд истеҳзо ила бундай ифодалаган: “Подада энг намунали қўй бўлиш учун, энг аввало, қўй бўлиш керак...”
Дарҳақиқат, мана бу жиддий саволни ўзимизга бериб кўрайлик: подадаги қўй мавқеи билан, шу мавқега мос даража ва дид билан бутун бир халқни-ку айтмайлик, бир гуруҳ одамни-да недир нурли манзилларга даъват этиш, бошлаш мумкинми? Ҳар қанча намунали бўлмасин, қўймижоз кимсалардан нени кутиб, нимани умид қилиб бўлади?..
... Адабиёт иши бугун шахсий иш эмас, миллий иш, миллий вазифа ва масъулият эканини англайлик, бир-биримизга қўлдан келганча англатайлик...
Раҳмон Қўчқор. Ўжар ҳақиқатлар
Адабиётшунос олимнинг Беҳзод Фазлиддин шеърлари, жамият ва маънавият, ижод ва эътиқод ҳақидаги мулоҳазалари берилган мақоласини қуйидаги саҳифада тўлиқ ўқиш мумкин:
https://www.facebook.com/100062923316984/posts/1023706063070161/
#Иқтибос #Ижод_ва_эътиқод #Жамият_ва_маънавият
@Behzod_Fazliddin
Ҳали бу кунларни кулиб эслаб, анов одамларнинг қилғилиқларини ўзларига қўшилиб латифа қилиб айтиб юрамиз.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Отаю онамга саволларим кўп,
Сен ҳам саволлардан сил бўлма, болам!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
ЖАВОБ
Мени тушунмади тушунганларим,
Уларни тингладим, ўзимни тийдим.
Ишонмай қийнади ишонганларим,
Митти озорларни кечирдим-қўйдим.
Ёт сўзга беркитдим қулоқларимни,
Ҳақгўй кўзларимни атадим ғаним.
Шамоли ўчирди чироқларимни,
Мендан кечиб кетди кечмаганларим.
Дўстлар, дўстларимга айтинг, шошмасин,
Арзонга учмасин сотмоқчи бўлса.
Хиёнатида ҳам майдалашмасин,
Каттароқ тош отсин отмоқчи бўлса!
2008 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
САС
Соя солмиш сабримга Соғинч,
Саратонда сенсиз совқотдим.
Соҳилларда сарғайди севинч,
Сирларимни сўзларга сотдим.
Сочинг силаб саболар сархуш,
Сезмайсанми, сездирмайсанми?
Савол сонсиз, ситамлар серпушт,
Севмайсанми, севдирмайсанми?..
2010 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
***
...chunki koʻp narsadan koʻnglimni uzdim
chunki hafsalamni pir qildi hayot
chunki bilib-bilmay niyatni buzdim
chunki yer-u koʻkdan boʻlmadi najot
chunki oʻzim bilan kelisholmadik
jindakkina aqlim egmadi boʻyin
imkon ila vaqtni boʻlisholmadik
chunki hammasining maqsadi – oʻyin
chunki izgʻib yurar bunda qora ruh
battar avj oldirib bedov otashni
etimni chimchilar sovuq bir anduh
chunki istamadim oson yashashni
chunki...
2009-yil
© Behzod Fazliddin @Behzod_Fazliddin
#Kutmagan_kunlarim_kutgan_kunlarim
“Ин ҳам мегузарад”, дея кўҳна ҳикматни ёдга оламиз кўпинча. Яъни, “Бу кунлар ҳам ўтар-кетар” қабилида ҳаммасига қўл силтаган бўламиз. Аммо “Умр ҳам мегузарад” – шунақа савдолар, майнавозчиликлар билан умр ўтиб кетяпти. Шунисига куяди одам!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin
Адабиёт Адабиётга ўхшамай қолса, руҳинг чўкиб, йўлингдан қайтма. Ўзинг Адабиётга айлан!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Эски адабиёт билан янги адабиётнинг ўртасида қолғон шарқли ёш чинакам чучмал бир вазиятдадир. Эски адабиёт бир ширин, янгиси яна ширин, ғарбники тағин – яна ширин. Қайси биттасига кўпроқ берилсин? Бири биридан ширин ахир!
Бизнинг ўзбеклар учун ҳали ҳозирға у хил чучмаллик йўқ. Нимага десангиз, ўзбеклар эскидан – ҳеч сабабсиз – аразлағон, хафа; янгига – эндигина суқулиб кирмоқда. У адабиёт майдонида янгиликка нисбатан: ёш бола гўдак, чақалоқ, эскиликка нисбатан: етим, кимсасиз; беспризорный, ўзбошли! Журъат қилиб: «йўлсиз» деб юборайин деймен-у, қўрқамен; негаким бошлаб… ўзим йўлсиз!..
...Кўнгил бошқа нарса – янгилик қидирадир...
Абдулҳамид Чўлпон
#Иқтибос #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
https://www.facebook.com/659838710749363/posts/1009883819078182/
Бегонамиз дунёга мутлақ,
Бизни китоб “бузди”, биродар...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Эҳтимол, заррача қизиқмас элга
Сен бахт деб интилган шалдироқ орзу...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
МЕНДАН ЯХШИ ЁМОН ЙЎҚ
Кўнглингизнинг кўшкини ёполмайсиз, барибир,
Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир.
Мингта булбул нағмаси битта изҳоримча йўқ,
Дунёларнинг роҳати зарра озоримча йўқ.
Кўзингизга ўт ёқар кўкка чизиб расмимни –
Иниларим юлдузлар эслатади исмимни.
Кейин қандай яшайсиз – ҳаволар ҳам ёқмайди,
Оворалар бўлибсиз, менсиз Қуёш чиқмайди.
Изингизга гул отган дунёларнинг кўнгли кир,
Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир...
2006 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан #Тушларингдан_чиқиб_келдим
Фарзандларимизни эшак ва қўйларимиздан камроқ тарбиялаймиз!
"...Биз, туркистонликлар болаларимиздан кўра молларимизга яхшироқ қараймиз.
Эшак ва қўйларимизни фарзандларимиздан ҳам кўпроқ яхши кўрамиз, деб айтмаяпман. Йўқ-йўқ, болаларимиз жонимиздан ҳам азиз. Улар назаримизда ҳаммадан суюкли ва ардоқли. Лекин бахтимизга қарши шуни эътироф қилиш лозимки, шунча муҳаббат ва меҳрга қарамасдан, эшак ва қўйларимиздан камроқ тарбиялаймиз!
Менинг бу сўзларимдан ҳайрон бўлманг, сабр қилинг, даъвомни исботлайман. Фалон нарсани тарбиялаш, яъни уни аста-секин камолга етиштиришдир. Назаримизда, қўйнинг камоли унинг семизлиги ва соғломлигидадир. Эшакнинг камоли унинг кучи, оёқларининг бақувватлиги ва яхши юришидадир. Фараз қилинг, қўзи ёки хўтик сотиб олиб уйга келтирасиз. Диққат билан уларга қараб, бир муддатдан кейин қўйни семиртириб, эшакни бақувват ва йўрға қиласиз, яъни уларни тарбиялаб, камолга етиштирасиз. Аммо азиз фарзандларингизга шундай диққат билан тарбия бермайсиз. Баҳона қиласизки, болангиз ҳам камолга етишган. Эътироз билдиришингиз мумкинки, биз молларимизни боқишга қанча уринсак, фарзандимиз тарбиясига улардан юз баробар кўпроқ ҳаракат қиламиз, деб.
Бу даъвонгиз маълум бўлса-да, аммо тўғри эмас. Далил шулким, кимнинг уйида моли бўлса, текширса кўрадики, йил давомида унинг молларидан биттаси ҳам касал бўлмаган, аммо фарзанди, ҳеч бўлмаса, уч марта хасталикка чалинган. Бас, маълум бўладики, у киши молининг касал бўлмаслигига кўпроқ эътибор берар экан. Сўзингиз тўғри бўлса ҳам, менинг даъвомга ҳеч зарари йўқ, чунки боланинг соғлиғига эътибор бериш ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланишни билдирмайди. Ҳақиқатдан, агар одам қўй ва эшакка ўхшаб камол топиши, соғлиқ, билакларининг кучлилиги билан чегараланиб қолганида эди, биз ҳам фарзанд соғлиғи учун бўлган ҳаракатни фарзанд тарбияси деб атардик. Тану тўшли ва соғлом болани камолга етишган деб қабул қилардик.
Одамнинг камоли фақат соғлиқ ва кучдан иборат бўлмай, балки жисмонан, ақлан ва ахлоқан юксалишдан иборат. Одамнинг жисми, ақли ва ахлоқи турли касаллик ва нуқсонлардан узоқ бўлиши лозим. Одам ҳам ўз манфаатини ўйлаб, ҳам яқинларини бахтиёр қилишга қодир бўлиб ўсиши лозим. Зотан, бу мантиқий олишувларга нима ҳожат бор?.."
Абдурауф Фитрат
#Иқтибос #Миллат_мунавварлари #Фитрат
@Behzod_Fazliddin
***
Наҳот асли гўзал эмас гўзаллик?!
Вафосиз йилларда бор менинг қасдим.
Ҳаммамизга тақдир номукаммаллик,
Бутун бўлганимда одам бўлмасдим.
Феълимдан ўпкалаб борар виждоним,
Кўзи очиқ кунлар мендан норози.
Ҳамон томиримга сиғмайди қоним,
Ўртада овора ҳаёт – тарози.
Гоҳида ҳақиқат билан қовушмас –
Сўзларимдан қўрқиб кетаман бирдан.
Ё учиб кетмайди, ё ерга тушмас,
Яшаб бўлмайди-да бу юрак билан!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Ихлосга яраша кунда камида беш маҳал меърож бор.
Яна нима керак бизга?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Бола бўлолмадим, улгуролмадим,
Гарчанд кўзларимдан кетмас болалик...
***
Болаларнинг буюк ва беғубор оламида яшагим келяпти. Катталарнинг майда дунёсидан зерикдим, жуда чарчадим.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
2007 йил сурати. Болалар даврасида.
#Кайфият #Лаҳзалар
***
Алам қилмай қўйди ҳеч бири,
«Чиқ» дейди-ю, ўзи чиқмас Вақт.
Мен Ҳаётни борича суйдим,
Ҳар томонда, ҳар қадамда Бахт.
Озор санчмас юракка ортиқ,
Бу гулларнинг уфори ўзга.
Кечаги жўн, совуқ одамлар
Жуда иссиқ кўринар кўзга.
Аллақачон овутиб олдим
Кўнглимни(нг) шўр кўз ёшин артиб.
Ҳаммасини кечириб бўлдим
Ўзгалару ўзимдан тортиб.
Қандай ёвуз кучлар бор бунда,
Билмаганим яхши – билмадим.
Ғўр ёшликдан розиман, шаксиз,
Хато қилиб хато қилмадим...
2009 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
2007 йил сурати.
2014 йили YouTubeда Behzod Fazliddin ижодий канали очилганди: Behzod_Fazliddin" rel="nofollow">https://www.youtube.com/@Behzod_Fazliddin
Ҳозирча ҳаваскорона ҳолатда турибди. У пайтлари YouTube ҳали бизда унча оммалашмаган, ўзбек тилидаги контентлар ҳам бугунгидай ранг-баранг эмасди, чоғи.
Қисқаси, шу каналимизни янгилаб, доимий видеолар ҳавола этиб боришга ҳеч ҳафсала бўлмаяпти. Эҳтимол, кейинроқ янгича кўринишда ривожлантириб ё янги канал очиб шу ишга астойдил киришармиз.
Умуман, YouTube учун мўлжалланган бошқа алоҳида лойиҳаларимиз бор. Бундан ташқари, анчадан буён шахсий сайт http://behzodfazliddin.uz/ ҳам ишламаяпти. Кўпчиликка нафи тегувчи қанча материаллар, ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналари, суҳбат ва мақолалар... архив ҳолида турибди. Ҳаммаси учун вақт, имкон ва ҳафсала керак!
Аммо ҳар жойда фақат енгил-елпи нарсаларга ишқибозлар кўплигини кўриб-билиб яна ўйланиб қоласан: шу ишлар керакми ўзи?! Ижтимоий тармоқлар-ку ғалвабозорнинг ўзгинаси. Зўрға чидаб келяпмиз. Бироқ ижодкор учун ҳозирча интернетдан эркинроқ майдон ҳам йўқ...
@Behzod_Fazliddin
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Сизга_гапим_бор #Эски_дардлар #Ижод_ва_эътиқод
Бугунги жуда кўп қўшиқларнинг сўзларини шеър тугул, матн деб ҳам бўлмайди! Афсуски, аксарият одамлар шунақа бўлмағур нарсаларни эшитиб юрибди...
Нега кўпчилик қўшиқчи ва бастакорлар профессионал шоирлар билан ишламай, танилишга ўч ҳаваскор кўчирмачи “шоир”лар билан андармон? Нима учун ижодга санъат мезонлари билан эмас, тўй ва интернетдаги “просмотр”ни мўлжал олиб ёндашади? Аксариятининг асосий мақсади – тўй, рейтинг, пул! Бу ҳолда қандай қилиб ҳақиқий санъат асари яралиши мумкин?
Билишимизча, кўплаб ижрочилар тайёр қўшиқни сотиб олади. Шеър (ё қўшиқ матни) ва унинг муаллифи кимлиги билан қизиқиб ҳам кўрмайди. Уларга яхши қўшиқ, санъат асари эмас, “хит” керак! Шунинг учун ҳам кимнинг қўшиғи оммалашса, ўшанга қараб “ижод қилади” бундайлар. Бугунги ўзбек эстрадасида янгилик деярли кузатилмаётгани, қўшиқлар бир хил ва яна бир хил бўлиб қолаётганининг асосий сабаби ҳам шу бўлса, эҳтимол.
Яхши қўшиқ яратиш учун, албатта, ҳофизлик истеъдоди билан бирга, профессионал шоирлар билан ишлаш, доимий мутолаа, китобга, адабиётга меҳр зарур.
Турли тадбирлар, тўй-тантаналар, катта-кичик давраларда ижро этиш ёки қўшиқ қилиш учун мендан бот-бот шеър сўрашади. Хонандалар ҳам ҳамкорликда ишлаш таклифи билан мурожаат қилиб туради. Баъзи қўшиқчилар билан ишлаб кўрдим. Лекин аксариятининг сўзга муносабатидан ҳафсалам пир бўлган! Шу боис улар билан ҳамкорликдан воз кечганман.
Юзаки қараганда, ғалати туюлади: ахир шеърингни қўшиқ қилаётганига хурсанд бўлмайсанми? Йўқ, яна бир бор йўқ.
Назаримда, бугунги кўп шоирлар, айниқса, ёш ижодкорларнинг катта камчиликларидан бири шеърининг қўшиқ бўлгани, янада аниқроқ айтганда, оммалашгани билан фахрланиши, яхши шеърга қўйиладиган талабга шу мезон билан ёндашаётганидир. Оддийроқ қилиб айтилса, шеъринг қанча кўп қўшиқ бўлса, сен шунча яхши шоирсан! Шундайми? Бадиий ижод моҳиятини тушунган зукко кишилар ҳозир бу гапга мийиғида кулиб тургани аниқ.
Эшигидан ҳайдаса, тешигидан кириб “юлдуз”ларга “шиғир” тутаётган, майда манфаатлар йўлида ҳар мақомга йўрғалаётган сўзфурушлар бугун шоир деган ном қадрини тушириб юборди. Натижада кўпчиликда “Шоир шунақа бўлади” деган тушунча пайдо бўлгани рост.
Агар хонандалар мумтоз мақом касб этган беназир шеъриятимиз, ҳеч бўлмаса, ХХ аср назмининг гўзал намуналаридан дурустроқ хабардор бўлганларида, ўзини ҳам, сўзни, бизни ҳам бунчалик қийнамасдан, сермазмун ва дилтортар қўшиқлар яратарди-ку!
Шеърининг қўшиқ бўлиши шоирлар учун фахр, деб ўйлайди кўпчилик. Камина эса бундай фикрда эмасман. Аммо бу – шеърим қўшиқ бўлишига қаршиман, дегани ҳам эмас. Қани сўзни ҳис қилиб, шеър руҳини бузмай, маромига етказиб куйлайдиган хушнафас ҳофизлар?!
Бу аҳволда шоирлар ва хонандаларнинг ижодий ҳамкорлиги қандай давом этиши мумкин?! Бундай саволлар ҳамон жавобсиз қолмоқда...
@Behzod_Fazliddin
#Йўл_йўлакай #Кайфият #Таҳрирсиз_хаёллар #Сизга_гапим_бор #Эски_дардлар
Таълим-тарбия жараёнида аввалбошдан “бировнинг ҳақи” масаласини ўргатиш керакка ўхшаяпти. Агар тарбиячининг ўзи бировнинг ҳақидан қўрқадиган бўлса, албатта.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Жадидлар орзу қилган бойлар ҳали етишиб чиққанича йўқ...
...Халқнинг менталитети билан боғлиқ одатларнинг ўзгариши осон эмас. Ҳар қанча фармону қарор чиқарсангиз ҳам, саҳар-мардондан кўзини уқалаб тўйхонага кетаётган кишилар сафи озаймайди. Ҳали уйқуси қочиб улгурмаган одам тонг-саҳарлаб ҳазми оғир таомни тановул қилиши шартми?
Жадидлар ислоҳ қилмоқчи бўлган масалалардан бири ҳам айни шу – тўй масаласи эди. Улар яшаган замонларда тўй маҳалла миқёсидаги маърака эди, холос. Одамлар ухламасдан шаҳарнинг бир чеккасидан нариги чеккасига ош егани бормасди. Аҳолининг аксар қисми камбағал ёки ўртаҳол бўлган ва тўй харажатлари шу тоифа кишиларнинг баттар камбағаллашувига сабаб бўларди. Жадидлар тўй – оилавий байрам, шунинг учун кўпга ош тортаман деб қарзга ботманг, агар орзу-ҳавас йўлида сарф-харажат қилмоқчи бўлсангиз, шу маблағни фарзандингизни илмли, маърифатли этишга сарфланг, деган даъват билан чиқди.
У вақтдаги тўйларни ҳозирги дабдабали тўйлар билан асло солиштириб бўлмайди. Агар жадидлар ҳозир яшаганларида нима деган бўларди? Қўша-қўша дошқозонларда ош дамлаб, юртга тўй бергандан кўра меҳрга муҳтож оилаларга мадад қўлингни узат, фарзандларинг таълим олаётган мактабга уч-тўртта компьютер совға қил, маҳаллангдаги ўнқир-чўнқир йўлларни асфальтлаб бер... деган бўлмасмиди?
Кези келганда айтиш жоизки, ҳашаматли ресторан ва тўйхоналарнинг кўпайиши халқнинг бой бўлганини англатмайди.
Жадидлар орзу қилган бойлар ҳали етишиб чиққанича йўқ...
Жадидлар тўйдан ташқари, гиёҳвандлик, жувонбозлик сингари миллат камолига монелик қилган масалаларга ҳам бежиз эътибор қаратмаган. Аммо уларни ҳаяжонлантирган энг муҳим масала маърифат эди.
ХХ асрда қандай оламшумул воқеалар содир бўлган бўлса, буларнинг барчаси юксак ақл-заковат ва билимнинг самараси эди. ХХI асрда яшаётган ёш ватандошларимиз жаҳонга Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари машҳур сиймоларни етиштириб берган ўзбек халқининг илмий ва ижодий салоҳиятини намойиш эта оладиган етук инсон бўла оладими? Бор-йўғи икки-уч минг нусхада чоп этилаётган китобларни ҳам сотиб олмайдиган, олий ва ўрта махсус ўқув юртларидаги маърузаларни хуши келганда бориб тинглайдиган ёшлар буюк аждодларига муносиб маърифатли ворис бўла олармикан?..
Агар жадидлар бизнинг кунларга эсон-омон етиб келганида, яна енг шимариб ишлаган бўлардилар...
Наим Каримов
#Иқтибос #Жамият_ва_маънавият #Миллат_мунавварлари
@Behzod_Fazliddin
https://www.facebook.com/100003319579634/posts/498423106945004/
#Кайфият #Лаҳзалар
***
Китоб бўлганимда сизга борардим,
Қизғанмай тутардим варақларимни.
Уйингизга Қуёш олиб кирардим,
Тунлари ёқардим чироқларимни.
Чанг еб қурбон бўлди қанча бечора,
Тафаккур тақдири кимнинг дастида?
Жавонда ялтираб тургандан кўра
Бахтлироқ бўлардим ёстиқ остида.
2008
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Эски ТВ суратлардан.
Эй, сен, эй ўзига беркинган ўйчи,
Бўлмоқчи эдинг-ку Ҳақнинг навкари?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Мен пастга тушмадим, сиз чиқмадингиз –
Ҳаёт эшиклари очилмай қолди.
Дарду ҳолим билан қизиқмадингиз,
Хаёлимни буткул юлдузлар олди.
Ҳолбуки, ҳар недан изладим маъни,
Кунлар оқиб борар қолдиролмай из.
Ҳисобмас соатнинг минғирлагани,
Азизим, барибир, яшолмаяпмиз...
Самовий ўйлардан чалғийман бир оз,
Остона ортида ёқимли дупур.
Энтикаман холос, шошаман холос,
Эшик тақиллайди. Худога шукур!
2009 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Kayfiyat #Eski_daftardan
KELDIM
Gullar rang almashib zerikmadilar,
Dunyo tovlanishdan charchamadi hech.
Irmoqlar ko‘ksimda birikmadilar,
Kelib ko‘zlarimdan kishanlarni yech.
Bor-u yo‘g‘im bilan o‘zimga xosman,
Benazir ishqimdan hanuz ko‘nglim to‘q.
Qancha yulduz to‘kdi poyimga osmon,
Ko‘z uchida bo‘lsin, qaraganim yo‘q.
Boshimni egmoqchi edi ranj-alam,
Mudom borligingni bilib yashadim.
Seni bilmasam ham, tanimasam ham,
Yodingni mash'ala qilib yashadim.
Baxt shundoq yonimdan ketdi burilib,
Ishq haqqi, tilimni tishlab turibman.
Shuncha yildan beri o‘lib-tirilib,
Sen uchun o‘zimni asrab yuribman.
Aslo topolmasin qayg‘u izingni,
Kulaver, o‘rningga men siqilaman.
Uyqularingda ham asra o‘zingni,
Senga shamol tegsa, men yiqilaman.
Oy yana beparvo – ko‘chamdan o‘tar,
Shoshib Vaqtdan oldin qoshingga yeldim.
Ko‘zlaringni ochgin, pardani ko‘tar,
Qara, tushlaringdan chiqib men keldim!
2007-yil
© Behzod Fazliddin @Behzod_Fazliddin
АНТОНИМ ДУНЁ
Тез келган ғам кетгайми секин,
Армон – яқин, орзулар – узоқ.
Шодлик – қиммат, азоблар – текин,
Гуноҳ тинмай қўяди тузоқ.
Паст баландга келмас мувофиқ,
Инкор этар кеча кундузни.
Ким Осмонга, ким Ерга ошиқ,
Нега ҳамма суймас Ёлғизни?
Қорни очнинг, балки, кўнгли тўқ,
Ҳаёт – қисқа, бунча узун йўл?
Гарчи бугун кўзларим қуруқ,
Юрагимнинг кўйлаклари ҳўл.
Уйғонаман, нафсим ухласа,
Мен йиғлайман, дунё кулади.
Қаршилар кўп, Худо хоҳласа,
Антонимим Ўлим бўлади.
2006 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан