cabbalah | Unsorted

Telegram-канал cabbalah - 𝕔𝕦𝕝𝕥

-

𝔻𝕖𝕡𝕣𝕖𝕤𝕤𝕚𝕧 𝕞𝕖𝕕𝕦𝕫𝕒 Шеърлар ва ижод намуналари муаллифи Абдулазизхон Акрамов👇 @mister_tardid

Subscribe to a channel

𝕔𝕦𝕝𝕥

Чарх

Сахро юрдим, қудуқ тикилди
Чанқоғимнинг кўзларига тик.
Сув ичишга келдим эй қудуқ!
Десам келди тубдан ўкирик.

Ўкирикни ичдим, симирдим
Туям холсиз, мен эса тетик.
Не манзилга етсам қўймайди
Сув ичишга энди ўкирик.

Аста аста ёрилди лабим,
Димоқларим бетаъм қуриди.
Оёғимда тугади мадор
Бир қудуққа охир йиқилдим...

Элас элас очдим кўзимни-
Қабоғимни оғриқ чўқирди.
Ва тепадан Сув! деди кимдир-
Ўкирикни туфлаб Ўкирдим...

2017 йил Фарғона.

📚Думалоқ шеърлар дан

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Биз...

Гулнинг суягини синдирдинг
Уздинг уни-
Чирқирар қизил.
бир лаҳзалик хаёжон учун
Қурбон бўлди табиат қизи..

равишланган видони сермаб-
Кесиб ўтар хадиклар - хаммол.
айрилиққа қайғу ботириб-
қилгим келар бугун истеъмол.

севгисирар тунда бармоқлар..
шивирлашар ажнабий тилда.
таассуфлар -шаффоф гулдоним
Эхтиёткор ўтади қилдан.

Бугун келдинг..
кутмай қўйганман,
ўпқонланган баҳт халта таги.
менда қолди узала ўкинч
Сенда эса гулнинг суяги...

2018 йил Тошкент.

📚Туб дан

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

**

ой бўйнига илон ўралиб,
ёноғига суртар ёноғин.
мен бормайман!
мени кутгин ва-
суягингни синдириб соғин...

сиқиб борар тўртта тарафдан-
деворингни қора қўллари.
чўғларни бос, тиконларни бос,
туташмайди тақдир йўллари...

тўғноғични ютган одамдек,
ваҳм сезги бўғзингни ушлаб.
ташлаб юбор жарга,
ва бирдан-
қолгин беҳол ўзингни ушлаб...

сўнг тугайди қаноатларинг,
кўз очмайсан киприк кулидан.
етиб келиб пойимга ,
қайта-
тириласан вафо гулидан...

2013 йил 5 июль.

📘 Вафо туркумидан.


@Cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

эълон.

Менинг ишим - гулдон тубига
Нигохимни авайлаб қуйиш.
Кейин нафасимни яссилаб -
Ёлғиз, маюс сўзга лаб уриш..

Очлик тевараги кенгайиб-
Мени қийнар сенсизлик тиғи.
Сотиш учун эълон бераман :
- Йиғланмаган яп янги Йиғи...

2016 йил Фарғона

📚Туб дан.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Мўрт.

Ўкирик жумламга суқилар бурун
Тошойна синади
Ховуз қурийди.
Соям уйқусининг бурчакларида
Ўргимчак хурийди.

Муфассал.
Тирноғим кўчади ингроқ ичинда,
Ғар каклик чўқилар довучча.
Масал
Қирғоғида тулки ярадор...
Оғриғим чиқади икки ховучча.

Кўзимга тиралиб осмон унади,
Галма гал кипригим нафаси.
Алвидо Худонинг жимлиги
Ассалом эй Эрким қафаси!

2014 йил. Андижон.

📚 Рангин тушлардан

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Жозиба.

Мўтадил бир раво истарам-
Маъшуқ ашки, мурод устида.
Ашъорланмиш ғусса уйғониб-
Алвон оху фарёд устида.

Минг ирфонда минг жон истиғно,
Жон сувидин боғла ёр хино,
Оо вужудим қўмсамиш фано..
Рақс тушайин минг дод устида.

Сурингни қўй, май ич Исрофил,
Зухд илмида Халложга қоил,
Рухим бу кун жазбага моил,
Сажжодаи обод устида.

Заррам -хажр, кукуним -хажр!
Эй Ёр менга висолинг -ажр.
Ўшал кунда мен тамон мажбур -
Жаннат келар сирот устида..

Мўтадил бир раво истарам...


2014 йил Бухоро.

📚 Нафас дан

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Бир куни.. (метаморфоз)

Бахорий бир ёлғизлик билан
Кўзгуланди,
кўзгуда бир қуш.
Лаблари йўқ, лаблари тумшуқ,
Сукутининг акслари сархуш.

Соч силади, аксидаги қуш-
Қанотини силади такрор.
Аёл бахтли сезди ўзини-
Сочларида қанотланган қор.

Мен хонага кирдим асабий,
Кўнглим совуқ тошларни тўккан.
Ва хонада
Аёл
Йўқ эди-
Қуш бор эди кўзгуга чўккан..

2014 йил Яйпан.

📚 Халқоб дан.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Илон.

1.

Маюс аждахолар эртакда-
Олов пуркар, ютар ямламай.
Мен ўйлайман китобни ёпиб-
Нима қилар ғорга қайтганда?

Фахр туяр тенгсизлигидан,
Ё эхтимол бахайбатлиги-
Унга берар хавфсизлик, ором?

Ёки йиғлар, баходирларнинг
Маликалар туфайли бебурд
Нобуд бўлмоқлигини кўриб...

Мен аждархо ғамни истайман,
Бир ҳамлада ютсин беаёв.
Ғарқ бўлайин, бўлмасин нажот-
Нажот- қопқон, илинж хисси - ов!

Аммо сен қолдирган у ғусса
Синмайди таъби.
Мени ямлар шошилмай, секин
Илон каби..

2.

Илон деган мавзуни ўқиб,
Гавхарингга илмоқлар ортдинг.
Хомузага қўшилиб фикринг-
Фил думини хартум деб тортдинг.

Бўри қони бордек аккиллаб-
Хонаки ит баъзан истар эрк.
Аммо хонакилик ичида-
Энди унга вахшийлиги берк.

Шеърни ўқи майни симириб,
тун бўғзида най чалар сахар.
Бўш стакан четига тишни-
Тира ва кут
Томади захар..

3.

Гул тутаман сенга сўнгги бор,
Ва кетарман, оханг шунга мос.
Бу худдики парвоз олдидан-
Қушни
Пати тушиб қолгандай бехос..

Киноялар сояси аро-
Ўтиб борар мағрур хиёнат.
Нега менинг парвозим баланд?
Нега сенинг қўлларингда пат?

баҳтли кунлар ваза сингари-
Гулларидан айрилиб синган.
Тунлар бошқа боқма кўзгуга-
Кўзгуингга илон беркинган..

2014 йил Фарғона.

📚 Дераза ортидаги одам дан.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Сомеъ

Кўз соққангни зир юмалатиб
минг йил кут.
тилларингга осади ўзни-
Зўрланган сукут.

Умрим..
Фоже либосида ёнди,
Бахтга ютқаздим.
Тобутдан чиққан Искандар қўлига
Пичоқ тутқаздим...

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Тирқиш.

Тирқиш оралаган чизиқда-
Урчитаман шавқатли авзо.
Самоада телбалик йиқиқ,
Кундаликда мудрайди жавзо.

Ишваланган қафасдай очиқ
Хур қабоғи, дўзах қулоғи.
Лабларингни ёқалаб андух-
Қизғиш рангга кетади оғиб.

Эшигимни очмагил илкис,
Юзим сохта, овозим сохта..
Йиғлаб ётдим қоронғу уйда-
Мўралайди тирқиш безовта..

2015 йил.

📚 Соясиз мехрдан.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Деразамни очолмас кўклам,
Мўлтирайди,
Бармоқлари қон.
Фаслларда адашган кимса-
Кипригимга боғлайди хижрон.

Феврал.
Семиради хечкимлик.
феъл туғилар кўнгил қаърида.
жилмаяман
кўз ёш улғаяр-
ёлғизликнинг кулгичларида.

Тунга бўяб хўрсинишимни
мендан қочар ҳуркак кўзларим.
шеър ичида қонга бўялиб-
қимирламас ўлик сўзларим..

Дарёларга ёмғир ёғади..
шамол топар саҳрода ривож.
Майсадилим.
(йиғлаб уйғондим..)
Сенга жуда мухтожман, мухтож..

Қара минглаб шарпалар аро-
Ўхшашингни кўп излаб - толдим.
Сен жон эдинг-
Сенга эргашган
Бир сояга айланиб қолдим..

энди шундай бехуш умримда
Ғамга чўмган титроқ найсанми?
елкаларим қотиб совқотди-
қўлинг билан иситмайсанми?..

Хануз менда баланд виқорлар,
кулгуларим янграр беҳадик.
Чунки ишққа тўлган кўнгилни-
Иккимиз ҳам ётга бермадик.

Аммо севги қасосни истаб-
бизнинг бахтни ёвга ўхшатди.
дийдорларга шошилган ўшал-
юрагингни қучиб.. тўхтатди..

Аёз юрар биёбон аро,
Шамсиямни дўл турткилайди.
ҳамма фасл аро фаслман-
Ғусса менга умр тилайди..

Дарёларга ёмғир ёғади,
Ёшли кўзим- ёмғирли осмон.
Деразамни очолмас кўклам-
Мўлтирайди..
Бармоқлари қон..

2012 йил Андижон.

📚Бешинчи фасл дан

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Новда.

Кафтга ботди хажр тумшуғи,
мен висолдан тутганимда дон.
суратларга ханжарлар санчдим
Сурат кулар..
Ханжаримда қон..

иттифоқо сайраган фироқ-
товуш билан елкамни тилди.
Олислаган гулнинг ифори
Димоғимга аста йиқилди.

Ғурур шамсияси тўзғиди,
соғинчларда синди исёним.
Қабоғимда баҳмал изғиди
Қайтинг - нигоҳлари нордоним..

2010 йил Яйпан.

📚 Яшил мусиқадан.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Мўжиза..

На ҳайиққан ғусса йўлиқмиш,
На қисматга фарахлар чатди.
Сени менга этиб рўбарў-
Хажр қушларини сайратди.

Ажаб бунча дилрабо бу қад,
Борган сари сабр муваққат,
Мафтун бўлдим..
Ё раб бу не ҳилқат?
Кўзларингдан нурлар таратди.

Оташдаман, оловлардаман,
Музлар ичра қаловлардаман,
Юрагимни муҳаббат бирдан-
Юрагингга буткул қаратди..

Ай жайроним - умрима мазмун,
Сенсиз лаҳза - махзуну махзун.
Менинг умрим бўлсин деб узуун-
Худо лабларингни яратди...

2014 йил Фарғона.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Рукуъ.

эй нифоқда нафас олгучи,
ҳаракати келтиргучи ранж.
ифтирода гулнор нутқли-
чашми шаккок сояла булғанч.

эй покликнинг зилол ифори,
осойишта фараҳ кайқубод.
эзгуликни иҳтисос этиб,
дилни обод этгучи дилшод...

менга келинг икки тарафдан,
қўл узатинг, этиб итоат.
энг улуғ бир мувозанатда-
мен Худога қилгум ибодат..

📚Уфқ дан.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Севгилим.

Деразадан қўлим чиқарсам-
Аёз бармоқларим синдирди.
Бошқа унга ёзма деб мактуб.

Елкам узра ҳаволаб қушлар
Чўқилади гавҳарларимни-
Боқма дея суратларига.

Нафасимни ўғирлар бўшлиқ,
Аксимнида парчинлар афруз.
Ўзлигингда яшар У ! дерлар
Ғусса мени этар талаффуз.

Томиримни қирқди ёлғизлик,
Деворларга сачради қоним...
Қоним - исминг шаклида эди...

2014 йил Фарғона

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

***
далаларда маст кезар баҳор,
томиримда жунун оқади.
бедазорга думалаб дейман:
- менга зангор тўнинг ёқади.

қирга юрдим сўқмоқ ёқалаб,
қорачиққа ҳайратлар қалаб,
сўнг ҳайқирдим тоғларга қараб:
- Ҳей! пурвиқор қўйнинг ёқади.

эй қиз, сенга бўлибман тутқун,
парвоз этди ишқинг бир учқун,
меҳр билан иккимиз учун-
бахтга солган ўрнинг ёқади.

порлайверсин чақноқ юлдузинг,
ҳаммадан ҳам кераксан ўзинг,
кимга қошинг, кимларга кўзинг-
менга эса бурнинг ёқади. )))

2012 йил Яйпан

📚Бешинчи фаслдан

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Гугурт чўпига қараб...

Текис танни танлаб олибсан
Қирранг қарар тана ташига.
Сен ўйлашинг керакмас.
Фақат-
Бошингни қашима.

Вайсақилар урчийди бижғиб
Ёниқ овоз керакдир бизга.
Исёнимиз тилсиз тобора-
Номалумлар тилни тизгинлар.

Ҳали ваҳли. Аёз қутурсин.
Зулматларнинг чалинсин сози.
Аҳир сенинг исёнинг битта-
Аҳир сенинг битта овозинг!...

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

МетаМен.

Қадахимга нигохинг тушди
Чайқалади май билан бирга
Силлиқ медузалар пуфланган
Томоқларда нафас уфланган
Ёпинамиз қўрқинчли сирга..

Ўқ парвози нуқта қўяди
Қушнинг жонли парвозларига.
Сувараклар титкилар китоб
Кўзимиз муз, қабоқлар кимхоб
Панжара ғам овозларига.

Ёрилган анорлар инграган
Боғлар аро кузни тинглаган-
Хотирларга қўямиз қопқон.
Жарохат йўқ, аммо сизар қон..
Юрак бор..
Яшашга кўнмаган.

Қадахимга нигохинг тушди
Мен ёпиндим қўрқинчли сирга.
Хануз нигох охиста ғамгин-
Чайқалади май билан бирга...

2017 йил. Тошкент.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Раққос.(metamodern)

Гул қонига чўмилган
лабимдан азоб сизди..
Қамчиланган елкани-
Фариштага кийгиздим.

Хою хой ўлан
Хою хо ўлан.

Тирноғи уйқисирар-
Бармоқларинг қорилди.
Тунни симирдим буткул
Кўз гавхарим ёрилди.

Хою хай ўлан
Хою ха ўлан.

Денгиз ўйнар, кўл ўйнар
қуруқ ўйнар, хўл ўйнар.
Рухимнинг қайчилаган
Совуқ сўз - нуқул - ўйнар.

Хою хай ўлан
Хою ха ўлан.

Бизлар минг йилдан кейин
Учрашдик қалбда гидир.
Икки қучоқ аросат,
Қўрқиб турдик негадир...

Хою хай ўлан.

2016 йил. Фарғона.

📚 Туб дан.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Худкуш пуфак.

Овозимни ичиб қўяр кек,
Кўзим очиқ, нигохларим берк,
Анқо қушнинг тухумида Эрк-
Лабларимда қўрқувдан тугма.

Дарахтланди қуриган шохлар,
Оч кезади мангу илохлар
Пешонамдан ечилди рохлар
Шохимга тег, бошимга тегма.

Бу кенгликда вахшийлик удум,
Қоплонларни кесилган думи,
Ассалом эй қатл мавсуми-
Сенга севгим! Йўқдир хеч гина.

Фақат тушга аждодлар кирди,
Бошимизда қорин кекирди..
Бўйнимдаги ип зериктирди-
Мен Пуфакман, ютаман игна..

2018 йил Тошкент.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Шамоил.

жиддий қиёфадан нарида-
ер чизади соддадил юзим.
мен тоғларни силжитдим дадил
сочларимни силайди қизим.

ҳотиралар фақат йиғламли,
дод дейишга оғиз кичкина.
фақат ойни сўйилган қўли,
юрагимга санчилган игна.

Олисдаги юлдуз ой бўлди,
Хажр пуфлар лаблари сариқ.
Апрель кипригини юлади-
Кулгулари атлас айролиқ.

эркаларди ушлаб бурнимдан,
Қизим.
(мени аламлар йиқди.)
-мен онангни севардим...
десам
бармоғини кўзимга тиқди...

2014 йил Яйпан.

📚Халқоб дан

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Будда тирсаги

1.
Кўза каби ичингни кузат,
Гўё арслон қилган каби ов.
Бир туйнукка термулгандай, сўнг —
Ичинг сени кузатар синчков.

Ҳушёр ўлжа каби тўрингни —
Тишлаб қирқар худбинфеъл  ўзлик.
Ботиб турар думалоқ онгга-
Беқарорлик, учбурчак кўзли.

Сувга каби оқ. Олов каби ён,
Сенга яқин Худонинг тафти.
Сен ичингдан кимни қидирдинг?
Ва ичингдан ким қараяпти?…

2.
Тошга қара. Метинлашсин дид,
Тасаввуринг бўлсин чилпарчин.
Қўлингда бор бармоқ ўлчами —
Сен ўзингсан кимнинг қаричи?…

Тошдан қара. Ёноғинг оғриб,
Офтоб сени қилмайди зада.
Чечак кулгусини кўргани
Кетолмайсан. Силжимас қадам.

Эй сен инсон, икки ёнингга
Тошни қўйиб битгил қасида.
Ёриб чиқмоқ керак миллатни —
Ўсмоқ керак тош ўртасидан…

3
Оғриқ мавжуд. Мавжудлик — оғриқ.
Товуш ўйнаб тиқилмас томоқ.
Сен қабул қил ғуссани шодон —
Осон бўлар шунда қутулмоқ.

Девор бўлма ғазабга.
Синсанг
Қайта сени қурмоқлик мушкул.
Эшикка боқ —
Шабада бўлса —
Очилар, сўнг ёпилар буткул.

Инсондан ўз. Инсондайин тўз.
Гўзалликка боқмагил ғайран.
Қийноқдадир мангу илоҳлар…
Сен ўткинчи Худога айлан…

2015 йил Фарғона.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Қурб.

Сен хақингда фикрлаб ётдим.
Эхтимол сен саволдирсан бир,
Умр нечун кечмакда деган.

Сўзсизликка бурканар лахза,
Туғилишни истамайди ранг.
Алфавит устида сийғониб юрар шодон-
Бир оҳанг..

Маҳмур ўсар новдалар хушда,
Уят хисси лабимни тикиб-
Чалади хуштак.

Сенинг рад жавобинг - бир гулдон.
Синчков термуламан тубига.
Энг тубда ҳам -
"Йўқ" сўзи ярадор, йиқилган..

2009 йил Яйпан.

📚 Ҳаёл турмаклари дан.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Ёмғир хиди

Азроилнинг сояси ўлди,
Ва ечинди мендаги кибр.
Қофиямнинг ювош бошига-
Сиртмоқ тутиб турар верлибр.

биллур қабоғингда мураббаъ
Деразамда мудраб турди зах.
Томчиланган минг битта шовқин-
Май қуяди, қулоғим қадах.

шавқатимга тутади кўзгу
ўт қўйилган полопон ини.
конвертларда юбораман жим
ниқобдорга қарсак хиссини.

Севилмаган жондайин хадик-
Тутиб турар шамсиям диди.
Димоғимни тўлдирсин бу тун
Сенинг исинг - ёмғирлар хиди..

2015 йил.

📚Соясиз мехрдан.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

сенга еткунча... (антикатарсис)

Ташналикни чуқур жавоби-
Сахродаги кўзи берк чашма.
Ҳориб етдим лабига охир...
саробларда қизил карашма..

болдиримда тугади мадор,
Лаблар қақроқ. Барханлар кечдим.
Чашма кўзин очмоқлик учун-
туя сўйиб қонини ичдим...

охир чиқди туфроқ оралаб
милтираган хаёт - жон билан.
бироқ...
..бир қултум хам ичмадим..
ташналигим қонган - қон билан...

2013 йил.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Балиқ ва Худо хақида фикр

аквариум ичидан туриб
кузатаркан ташни жонивор.
шиша ортидаги дунёни
жаннат дея қилади хаёл.

фақат бир ўй таскин беради
гул қўшади ожиз хавасга.
фақат ўлсам тушаман кейин-
шиши ортидаги фирдавсга...

мени эса...
Худо деб ўйлар
ушоқ, емак ташлаганим чун.
оч кунлари ибодат қилиб
мендан тилар саховат, сукун.

Фақат бошқа бир хақиқат бор
Сенга айтай балиғим чида
Сенинг Худоингни дунёси
сал каттароқ шиши ичида.

мен хам сендай фикр қиламан,
бу дунёдан кўнглим тўлмайди.
сенга қийин
шишалар аро
икки мартта ўлиб бўлмайди.

2008 декабр.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Пишлоқ. ( Жаффал қалам.)

1.

ирғиб чиққан базм феълисиз
муқовачи жанда обрўда.
Ён томондан шохлайди мансуб,
Мафкураси бижғиган тўда.

Синчиклайди жавзо тараққий,
Нигоҳингга ғуссалар сизиб.
Манглайингни бахтга тайёрла-
арпа гулли атлас кийгизиб.

..қурт дараҳтни узоқ кемирса
ёлғизликдан чарчаган дараҳт.
Севиб қолар охир шу қуртни...
(севгисизлик айлаган караҳт.)

2.
Ишва сийғонади ёноқда,
Туриб қолар қошларда имо.
Нигохининг ярмида кибр
ярми тўла сергак илтижо.

Суст захарлар ҳушимни қараш,
Зулфи-арқон. Бир учида чох.
Оо лаблари қатлга моил-
Жоним эса бунга ҳайриҳоҳ.

Фақат ғарққа қўймас бир нима,
Ҳалал берар ишқимга шу чоқ.
Кўзлари бақрайиб, қаққайиб-
сарлавҳада турган сўз- Пишлоқ...

3.

қаландарга келтиришди сўз.
Сукут ичра журъати нозил.
"-Худо" деди. ( юммагил ҳеч кўз.)
ниқобини ечди азозил...

Сукут ичра журъати нозил,
Қаландарга келтиришди сўз.
Ниқобини ечди азозил,
Худо деди: - Юммагил ҳеч кўз.

Ниқобини ечди азозил,
Худо деди, юммагил ҳеч кўз!
сукут ичра журъати нозил-
Қаландарга келтиришди - Сўз...

2016 йил. Фарғона.

📚 Нафас дан

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Дарз.

мулоҳазам ориқлар чунон,
гапирётган фараҳга ишон,
ёноғингдан ўрмаласа қон-
бу ҳам бир йўлдир.

қисмларнинг бўлиб муҳлиси,
тасаввурни анқийди иси,
сиғмай қолди уни туфлиси-
аҳир бу қўлдир.

ўзгаради ҳар сафар тусинг,
бармоқларинг рангли товусинг,
менга қизиқ ҳар бир фокусинг-
сеҳрга тўлдир.

ярашмади сенга бу либос,
вафоинг йўқ, ишқинг иқтибос,
мендан кетдинг.
энди илтимос-
ўзингни ўлдир...

📚 Чайқалган соя дан.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Мўралаш.

эшитдимки мени овчи деб,
неча бахил узибди жилов.
бўғинларни санаб сўз тузиб-
мўйлабида эрибди қиров.

соддаликни севар эмишсан,
эй ундовдан қўрққувчи сўроқ.
мен қўлимни сенга узатсам-
ушлаганинг бўлди жимжилоқ.

буғдойранг бир оразни излаб-
минг бир кеча эртак тўқийсан.
ёр йўлига кўзингни отиб-
кипригингни ўзинг чўқийсан.

нафратангиз ҳисларим ҳалок,
баҳт пойида пояфзал кийди.
шеър ёзаман десам сиёҳга-
урғочи шер кўксини ийди.

менинг уйқу булоқларимни,
қизил тушлар билан булғадинг.
қошимгача соч орасидан-
ҳамма ажинларни чулғадинг.

ҳолбуки мен сен кулганингда-
боқаётган эдим сабримни.
йиғламаслик учун лой қориб-
суваб келдим отам қабрини.

хуфтонларда рақс тушган умид,
саҳарларда азон айтмайди.
жилва қилган ҳотира - бурғу
товушларда энди қайтмайди.

ташна бўлиб ҳаёт сувига,
мен руҳларни сўрар эмишман.
улар билмас.
саратон аро-
баҳорига етмаган қишман.

деразамга беҳи урулди,
ҳар ким яшар ўз сози билан.
ҳатто таҳдид қилади мева-
менга йўғон овози билан.

мен ҳақимда ғийбат тўқиган,
ўша тили қанотсиз учоқ.
билиб қўйсин ҳозирча мева-
бир тишласам бўлади пўчоқ...

тишим ўткир, тилим- қайроқтош,
юрак айлантирар қайроқни.
айбим шуки-
кутилмаганда-
намлаб қўйдим неча қароқни.

сен севгидан маст бўлган чоғда,
мени эзиб юрди минг рақиб.
кўнглим учун малҳам изладим..
наҳот сенга туюлди тақиб?

истагим шу-
пуфлаб ҳавасни,
кўзгуингга баҳтдан сўзлама.
Соя вужуд топганича йўқ...
мени сизла...
лекин излама...

эшитдимки мени овчи деб-
неча бахил узибди жилов.
бўғинларни санаб сўз тузиб-
мўйлабида эрибди қиров....

📚Соя тушлари дан.

@cabbalah

Читать полностью…

𝕔𝕦𝕝𝕥

Сарча .

Бизку майли ҳайли малоик
ё азозил нари бериси.
муаттардан мағлубга молик-
ижтиҳодда гулнинг териси.

бизку майли уйқуси кимҳоб
дарзга моил идрок гардиши.
пешонамиз бир чеккасида-
ағнаб турган тузнинг идиши.

мансуб қарсакланишга тайёр
кўзингиздан учиб чиққан туш.
кофир денгизингиз саҳнида-
чўкиб борар иймон фаромуш.

саронжом ҳуш тартиби ортиб
ўткирлашди этироз тиғи.
соянгизнинг оёқларига-
қонаб кирди шиша синиғи.

бизку майли сукутни чертдик,
кўтардингиз тикка лойқани…
ибодатни севмовчи тилда
Тавба сўзи кескин чайқалди…

2010 йил Яйпан.

@cabbalah

Читать полностью…
Subscribe to a channel