dil_siniqlari | Unsorted

Telegram-канал dil_siniqlari - Дил синиқлари

275

Гулноз Мўминова 1978 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. “Фасллар шивири”, “Сайёҳ қушлар”, “Дил синиқлари”, “Чиғаноқ” ва "комета" номли шеърий тўпламлари нашр этилган.

Subscribe to a channel

Дил синиқлари

ИШҚ
Ишқ – Мусонинг кафтидаги умрбоқий нур,
Ишқ – Мустафо меърожидир, бари, бари – ишқ.
Фарзона
Отилган оққушдан учган пар ила
Шамол ёзар бир ишқ ҳикоясини...
Оққуш фарёдидай туйғулар хира,
Хўрсиниб кутамиз ниҳоясини.
Дил – “ишқ” калимаси битилган оғоч,
Орзулаб яшайди қисмат рандаси.
Туйқус ёдимизга тушади Халлож
Ва унинг тўфонни тўсган жандаси.
Юнусни тушириб балиқ қорнига,
Сўнг қирғоқда уни пойлаган ҳам – Ишқ.
Жаброил кафтидан ясаб ойина,
Ойиша суратин жойлаган ҳам – Ишқ.
Ишқ – бир ўқи хато кетмаган мерган,
Одамнинг “оҳ”идан тушган олов – Ишқ.
Буюк жангчиларга “Ур-ҳо” айттирган,
Қўлдан қўлга ўтган оғир ялов – Ишқ.
Ишқ – қон билан кўз ёш аралаш оқиб,
Томирларда бўртиб турган дарёдир,
Ҳар сабоҳ шудрингдан маржонлар тақиб,
Уфққа тикилмиш Янги Дунёдир.
У – қиш оқлиги-ю кўклам яшили.
Ёз офтоби, кузнинг заъфарлиги – Ишқ.
Туйғу диёринда хуштаъм, асили
Ва шаксиз жонолуд, заҳарлиги – Ишқ!
Ишқ – кўклам жарчисин чорлаб қирларга,
Лола қадаҳини майга тўлдирган,
Эски қудуқларни кўмиб сирларга,
Кўҳна сир соҳибин яна кулдирган...
Ишқ – шамол эрмаклаб учирган укпар.
Сўраманг шеъримнинг ниҳоясини,
Отилган оққушман – мен ташлаган пар
Ёзар Ишқнинг янги ҳикоясини.
26.02.2018

Читать полностью…

Дил синиқлари

ГУЛЖАМОЛга
Ўтмаган борми - ўтгайлар,
Ёзлар ўтар, қишлар ўтар.
Кесилгай гарчанд кўкайлар,
Яхши-ёмон ишлар ўтар.
Дунни тўлдириб ғавғога,
Соғ-у дардчил кўп навога,
Қонни бўяб қаҳрабога
Ёнишлар, совушлар ўтар.
Бирда сел рангига кириб,
Бирда куз сувидай тиниб,
Бирда кориз* сори эниб,
Ажаб эврилишлар ўтар.
Дунёмсан, деб ёлғон айтган,
Дарёмсан, деб сўздан қайтган,
Дарёларинг лойқалатган
Савдолар – шўришлар ўтар.
Ишқ аҳлининг энг қайсари –
Қалб аҳдидан қайтмас ҳали,
Тўзғиганча болу пари
Отилган оққушлар ўтар.
Руҳ – зарб еган бир қуш эрур,
На соғаюр, на жон берур,
Тузатмагай уни сурур,
Чорасиз хонишлар ўтар.
Қўзғалса тақдирда исён,
Қолмагай Ўзидан ниҳон,
Ишон, ўтар ҳар не туғён,
Қисматга кўнишлар ўтар.
Ўтмаган борми - ўтгайлар,
Ёзлар ўтар, қишлар ўтар...
*кориз- ер ости сув йўли
2021, октябрь
Гулноз МЎМИНОВА

Читать полностью…

Дил синиқлари

Ромиз Равшан

Телба Алиш ва бизнинг Аласқар ҳақида эртак

1

Аввал Аласқар эди Алишнинг исми,
Шу исмла яшади у урушга қадар.
Ўсал бўлиб қайтди урушдан,
Дедиларки,
Аласқар қайтганмиш.
Кўрдиларки,
Бу қайтган Аласқар эмас,
Фақат Алиш эди, девона Алиш...
Рус тили муаллимамиз айтганларидек,
“Контуженный” Алиш,
“Ненужный” Алиш.
Алиш қайтган эди,
Лекин одамлар
Аласқар қайтади дердилар ҳамон.
Алишнинг хотини ҳам
Кутар эди Аласқарини.
Алиш бечора ҳам
Аласқарни кута бошлади.
Фақат...
Аласқар қайтмади.
Одамлар Алишга ўрганди охир,
Оғир-оғир боқди Алиш
Аласқарнинг хотини томон
Ва Алишни ҳайдамади бу хотин.

2

Алиш “Контуженный” эдию
“Ненужный” эмасди айтганларидек.
Юлдузи бор эди қалпоқларида,
Кўксида медаллар ярқирар эди.
Ва яна велосипеди...
Фақат чап педали бор эди велосипеднинг,
Ўнг оёқла юргизарди,
Тойиб кетарди...
Мактуб ташир эди Алиш уйларга,
Итлар ҳам Алишга хурмасди атай.
Жини қўзиб сўкар Алиш итларни,
Итлар уни одам деб билмаганларин
Сезиб қолган пайтлари, баъзан.

3

Алиш кўтарарди барча ҳазилни,
Болаларнинг ҳазилларин устига устак.
Бир марта
Почта қутисига мактуб солди болалар,
Мактуб...
Аласқарнинг хотинига ёзилган эди,
Гўёки
Аласқардан келган эди у.
Асир тушган эмиш анча вақт аввал,
Энди қайтётганмиш ота юртига.
Алиш қайдан билсин,
Не бу шайтонлик.
Мактубни ўқигач, балки ишонди,
Яширди мактубни қай бир бурчакка.
Ўлганида чўнтагидан чиқди у мактуб,
Кўзёш эритганди сатрларини.

4

На пул, на талон бўларди
Алишнинг ўша кенг чўнтакларида.
Алиш айтардики,
Худо бор,
Лек у жуда тепада
Ёки
Жудаям-жудаям пастдадирмиз биз.

5

Туш каби эди бу, худди туш каби...
Алишнинг
Аласқарнинг ётоғига илк бор кириши.
Папирос қоғозидек сиқар эди у
Тишларининг орасида
Қичқириғини...
Алишнинг бўсалари
“уятлироқ” эди,
“эслироқ” эди
Аласқарнинг қайноқ ўпичларидан.

6

Қачонлардир
Бир Аласқар туғилганди қишлоғимизда.
Кўтардилар
Алишнинг зил-замбил тобутин.
Туйқус
Оқ булутлар орасидан чиқди оқ отлиқ.
Кўрдиларки, у отидан тушган пайтида
Бу Аласқар эди,
Оқ от, оқ кўйлак...
Йўл бердилар унга –
Аласқар ёпишди
Алишнинг зил-замбил тобутига жим.
Сўнг олиб кетдилар
Алишни тупроққа қўймоқлик учун.

Мирзоҳид Музаффар таржимаси


@bobil_kutubxonasi

Читать полностью…

Дил синиқлари

ЧАРЛЗ БУКОВСКИ
ТУН ЧЕГАРАСИ


... Тунгача бир қадам – саваш бошланажак қайтадан
Кўп кунлар келадир ўзгалар учун, ўзгача кунлар
Ва ўзгача тунлар қўйнида
Кўппаклар кезажак, оғочлар эса
Долғаланар шамолда узоқ
Мендан жуда оз нарса қолар –
Ўқиш учун ул-бул, эҳтимол
Қазилган йўлдаги ёввойи пиёз
Ё зулматга ғарқ бўлган Париж

Г.М.таржимаси

Читать полностью…

Дил синиқлари

ЧАРЛЗ БУКОВСКИ
ИСБОТ

Ж...лар буюк шоирларга дуч келишдан қочиши керак
Ёки аксинча
Хатарлидир бу икки касб бир-бири учун
Чунки улар ғоятда ўхшаш
Рим империяси давридан токи
Бизнинг Атом асримизгача
Ж... ларнинг тахминий сони
Шоирларнинг тахминий сонига тенг бўлиб келган
Қонун эса ҳамма замонда
Ҳуқуқидан маҳрум этиб илк тоифани
Иккинчисин эътибордан қолдирар четда
Айни сабабдан
Фақат шу тариқа аниқлаш мумкин
Шеъриятнинг асл қудратин

Г.М.таржимаси

Читать полностью…

Дил синиқлари

ЧАРЛЗ БУКОВСКИ
САНЪАТ

Руҳ
Ожиз қолганда
Туғилар
Шакл

Читать полностью…

Дил синиқлари

СОВҒАЛАР

18 ёшимда
Чечаклар кутар эдим журъатсиз ошиғимдан
45 ёшимда
Менга тўппонча совға қилишларин истайман
Дастасига исми шарифимнинг
Бош ҳарфлари туширилган
Ихчам жигарранг тўппонча –
Кўряпсизми,
Йиллар одамни қандай ўзгартирар
Энди олажак совғамни
Таърифлаб бергум ҳатто киприк қоқмай.
Умримиз борича
Устимиздан кулади ҳаёт
Ва ҳеч қачон
Кечикмай тутқазмас совғаларини
Қалбим ўртанади аламдан
45 имнинг баланд пошналари остига
Сочим юборгум
Қачонлардир 18 имдан қизғанилган чечакларни
Қабул бўлар қурбонлигим –
Аста-секин пасая бошлар
Кечиккан қасоснинг аччиқ гулхани

Мен эса ўчаётган гулхан ёнида
Дастасини силаб узоқ ўтиргум
Жигарранг ихчам тўппончамнинг

ГУЛНОЗ МЎМИНОВА
2024, январь

Читать полностью…

Дил синиқлари

Гулноз МЎМИНОВА
***
Дунёнинг энг ифлос мегаполиси.

Қуритилган кўллари ўрнида
Қад ростлаган оғир биноларнинг
Тушларига қайиқлар кирар
Кесилган дарахтлари
Одамларнинг тушларида
Судралишар майриқ аскарлардай
“Ҳаво қўрғошиндай оғир”*
Бунда
“Болалар – келажагимиз” деган
Баландпарвоз ёзувга анграйганча
Эшитмай қоласан
12 ёшда зўрланаётган қиз чинқириғини
Бу юртда
Ҳар кун мингларча чақалоқ туғилар
Пайғамбар, саҳоба, султон,
Жаҳонгир исмли чақалоқлар:
Келажакнинг юртга сиғмас даҳолари,
Золим-у юҳолари,
Мазлуми-ю жафокашлари,
Шоҳ исмли қуллари, малика исмли чўрилари
Туғилишар бошларига кўтариб Дунёни
Улар ҳали билмаслар
Қандайдир доридан ёки
Бахтсиз ҳодисалардан ўлмоқ эҳтимолини,
Чиқинди қутисида ёинки
Ёт бир эшик олдида қолдирилмоқ даҳшатини,
Бахтга, пулга, машинага, уйга... Қўйингки
Қандайдир имконга айирбошлаш эҳтимоли
Ҳали анча йироқ улардан
Лек булар ҳақида ўйлаганда
Ёрилгудай ғовлар миянг
Яқинда кўрганинг фильмдаги каби
Инсоннинг кексайган ҳолида туғилиб
Чақалоқ ҳолида ўлмоғин истайсан:
Гўдакларни асраб қолмоқнинг
Бошқа йўли кўринмас бунда...

Дунёдаги энг ифлос мегаполис.

2023, январь

Читать полностью…

Дил синиқлари

Тасаввур кукунлари


Янги йил байрами
рост байрам аслида.
Одамни галлюцинация ҳолатига солиб,
Иллюзиялар кўйига ташлаб қўядиган байрам бу...
Мен қаердан билдим буни?
Синчиклаб қарасам атрофимда ҳамма янгилик истайди...
Болакайлар янги ўйинчоқ,
Қизалоқлар янги қўғирчоқ...
Кимдир янги дўст,
Эски уйи ҳам бўлмаганлар янги уй,
Ватани бордеклар
янги Ватан истайди...
Мана, энг яқин одамим ёнимда
янги бир саргузашт излаётир...
У менга сездирмай уддаламоқчи бўлади буни...
Интернет деган оламда юракчалар босар кўзлаётган саргузаштига...
Бу билан босилмас юрагин ҳовури...
Бориб,
кўзи билан кўриб,
қўли билан тутиб
кўргиси келар
ўз тасаввуридаги иллюзияни...
Куламан,
чунки мен унинг зериккан ҳисларини ундан аввалроқ туйиб бўлганман, яшаб бўлганман...
Чунки, мен ҳам
мастона кутилган янги йилнинг янги бир саргузашти бўлганман холос...
Ташлаб юборилган хотиралар ичида жонланиб тураман баъзида...
Янгилангим келар менинг ҳам!

01.01.2023 йил

@Guljamol_Asqarova

Читать полностью…

Дил синиқлари

ЯНА ГУЛЖАМОЛГА

Тескари айланса чархи дунёнинг –
Яна хушқад бўлсак, хушчирой бўлсак.
Ортда қолдирганча борки ҳулёни –
Осмон қудуғига тушган Ой бўлсак.
Айланиб довуллар гирдибодида,
Музли чўққиларни сайр этсайдик.
Гизли ошиқларнинг гизли ёдида
Қолган тушлардайин келиб-кетсайдик!
Тоғда девлар билан “кўч-бадик” ўйнаб,
Харсанглар ағдарсак, бўлмасак ҳайрон.
Бир кунга унутсак дунёни қувнаб...
Пастга қарамасак...
Қитъалар вайрон...
Қисмат чидаб берса қилиғимизга –
Пардан қанот бойлаб Узрога борсак.
Йўллар юрсайдилар йўриғимизга –
Мажнунга эргашиб саҳрога борсак.
Чечак афсун айтса, жимит паридек
Шаффоф шудрингларнинг қорнига тушсак.
Тилинган садафлар туққанда ҳадик,
Юмалоқ дурларнинг ўрнига тушсак.
Эсла, “Қуёш ичинг” деганди Нозим*...
Қуёшмас, ярим Ой ичдик, Гулжамол.
Қисмат судраб юрар синиқ тарози:
“Бор-е” деб, баридан кечдик, Гулжамол.
Ўтдик йўл ярмидан, қолган ярмисин
Бир хасча илмасмиз кўзга, Гулжамол.
Қуёш лахтак кесиб ўтли бағридан
Хирқа тикиб берар бизга, Гулжамол.

Тескари айланса чархи дунёнинг...

Гулноз МЎМИНОВА

Декабрь, 2023

Читать полностью…

Дил синиқлари

СЕВГИ

Севги –
инжа гулбарг.

Тебранганда жаннат чечаги
юракларга тўкилиб қолган,
тебраниш частотаси
бир бўсанинг ҳовурига тенг.

Севгисиз юраклар интизор
жаннат чечагининг
ҳаракатига.

Читать полностью…

Дил синиқлари

ИЧКАРИ

Жонимни тирноқлаб ўтмоқда кунлар,
Азоби сабоҳ-у кечимга тушди.
Қавс мўрисидан чиқди тутунлар –
Менсираган ғусса ичимга тушди.
“Воҳ, ичим” демадим, кетдим ичкари –
Кўрдим, ташқарида нажот йўқ эди.
Эски ғардек маккор ҳаёт қайнарди,
Шафқатсиз халоскор – Мамот йўқ эди.
Ичкари, ичкари, сирли ичкари,
Сурур шовқинидан пинҳон эт мени!
Лаҳм ковлат чилла қудуғи сари –
Хилват шаробила меҳмон эт мени!
Битмас дунё ғамин эслатмасин, йўқ...
Ўтингум, кўзимга туширма ёғду!
Офтоб хўп ўқталди оловли юмруқ,
Якканинг дўстидир хилват, қоронғу.
Ризқи лойга тушган қудуқчинг ўзим...
Ичкари!
Хилватим, борим ўзингсан.
Жимман бундан буён, охирги сўзим:
Қирқ йилда қовушган ёрим ўзингсан.
Ичкари, ичкари, ҳамроз ичкари...

Декабрь, 2023

Читать полностью…

Дил синиқлари

АНЕКДОТ
-Ҳаётингда ҳамма нарса яхши бўлган ҳолат қандай аталади?
-Галлюцинация.

Читать полностью…

Дил синиқлари

Сени кўрдим

Мен сени кўрдим яна,
яна йиғлаётган
кўзларим билан...

Барглар шивирида...
юзлар тафтида...
нигоҳлар исёни
лаблар эркида
аччиқ шодликларнинг таъмини туйдим...

Қушларнинг кўзида,
қуёш денгизга чўкаётганда,
Оппоқ булутлар
қора тортаётганда
Осмоннинг хўрсиниқларида,
Мен сени кўрдим...

Шамнинг шуъласида
ўйнаётган нур,
ўзини ўлдирган
парвоналарнинг
ҳаққига тиловат қилганин кўрдим.

Мен сени кўрдим...
Бир овоз янгради
маюс руҳимда:
Ё Худо,
Гулларнинг ёдидан ўчиргил мени...

19.03.21 й

@Guljamol_Asqarova

Читать полностью…

Дил синиқлари

“севги – жаҳаннамнинг кўппаги”*
у ўзининг мудҳиш маконидан
Ер юзига қачон чиқиб келганини
ҳозиргача ҳеч ким билмайди.
(худо билсин, балки Одам наслин жазоламоқни
уҳдага олган бу хунталаб махлуқ)
кезиб юрар шиқирлатганча
оёқларидаги илоҳий занжирларни
изимизни пойлар ҳар лаҳза
қулай фурсат келишин кутар
ва бир кун...
сурур иллюзияси бахт орзусила битим тузиб
кўзимизга сариқ кўзбоғ боғлаганида,
туйқус кўксимизга тишин ботирар –
чап кўксимизга!
шу лаҳза оғриғи
бизни тарк этмагай жаҳаннамгача...

*Буковски сатри
ноябрь, 2023

Читать полностью…

Дил синиқлари

Тез кунда...

Баҳор мавсумининг янги лойиҳаси

@mittihaqiqatlar

Читать полностью…

Дил синиқлари

Чарльз БУКОВСКИ
ИНТИҲО

Биз мисоли атиргулмиз
Гул мавсумида гулламоққа
Уриниб кўрмаган атиргуллар
Кута-кута чарчагандек кўринар Қуёш

Г.М таржимаси

Читать полностью…

Дил синиқлари

ЧАРЛЗ БУКОВСКИ
КИЧИК ШЕЪР

Кичик қуёш, кичкина ой, митти кучукча.
Оз емак ва озгина севги
Ва яшашга арзигулик митти нимадир
Сичқончалар ғорат қилган
Кичик хона бор –
Улар кемиришар, ўйнашар, югуришар мен ухлаганда
Кутажаклар митти тонгда юз беражак
Митти ўлимни
Кичик штатнинг
Кичик шаҳарчасида эса
Менинг марҳума онам
Ва митти отам, у ҳам марҳум
Ётарлар кичик мозорнинг бир чеккасида
Менинг ихтиёримда бўлса
Жуда оз фурсат бор
Сўзламоқ учун:
Ҳазир бўлгил
Яқин келган чоғ
Кичик ўлимлардан бирови
Улар бошқа милярд кичик ўлимлардай
Бир пулга арзимас, вассалом:
Демак, сен тўккан инжа кўзёшларнинг
Ҳаммаси беҳуда, азизам.

Г.М.таржимаси

Читать полностью…

Дил синиқлари

ЧАРЛЬЗ БУКОВСКИ
ДАҲО БИЛАН ТАНИШУВ

Бугун поездда
Олти яшар даҳони учратдим
У ёнимга келиб ўтирди
Ва поезд уммон яқинида
Соҳил бўйлаб елиб бораркан
Мен томонга ўгирилганча
Айтди манзара кўп хунуклигини
Мен буни илк марта англадим

Г.М.таржимаси

Читать полностью…

Дил синиқлари

ЧАРЛЗ БУКОВСКИ
НИМА ҲАМ ҚИЛАРДИК...

Бадиий асарда
Оғриқ ва изтиробнинг
Ҳиссаси борлиги
Ҳаққаст рост
Ихтиёрим қўлимда бўлса
Кўрармидим ўзимга раво
Бу машъум оғриқни
Бу азобларни
Бироқ улар мени
Топиб оладилар қаерда бўлмай
Қалам ҳақи эса
Йўқлаб келар
Ҳаммадан кейин...

Г.М.таржимаси

Читать полностью…

Дил синиқлари

ЯНГИ ТОШ АСРИ.
Тош эрлар тош ётоқларида
Қучиб ухлар тош хотинларини
Тош чақалоқлар туғилар улардан
Тўлғоқсиз, йиғисиз
Тош оналарнинг тош сийнасидан
Оппоқ сут ўрнига
Сизиб чиқар Вақтнинг кўкмак кўз ёши

Тош гўдаклар билмас асло чанқоқ нелигин
Номаълум жонзотларнинг тош қотган танаси устида
Зўлдир каби ўйнар экан тош тўпларини

Йиқилган учоқлар қабристонини
Тош билан белгилаб чиқишар улар
Қўнғир чиғаноқлар сочиб қўйишар
Қуриган денгизнинг қирғоқларига
Баъзан чорлашади сув маъбудини:
-Те-тис!

Янги тош асрини ёритган
Баҳайбат қизил тошдан кўзларим қамашганча
Қаршимдаги тошбитикни ҳижжалайман:
“ДНКни текширинг”...

ГУЛНОЗ МЎМИНОВА
Январь, 2024

Читать полностью…

Дил синиқлари

Асахий жамоаси эртага миллиардер Илон Маскнинг онаси Мэй Маскнинг "Режали аёл. Бахтли ҳаёт қоидалари" китоби тақдимотини ўтказади. Бу китобнинг нашр этилгани мени қувонтирди. Ҳам китобсевар, ҳам аёл сифатида. Бизга бундай китоблар керак. Айниқса, ҳозир.

Читать полностью…

Дил синиқлари

***

1
Жонсарак қуш эдим
Қадим куйларнинг
Оҳангин тинглаган кунлардан буён.
Бир ялдо кечасин кечиб ўтгач, сўнг
Умримда тонг бўлиб отдинг болажон.
Бир озод қул эдим -
Бешикни қучиб
Айтган аллаларим эрк ҳақда эди.
Улғайган тупроғим қумсаганимда
Юрагинг кенг бўлсин, даштимдек дедим.

2
Йўлларнинг кўзини боғлаб чопди вақт,
Ҳануз дийдорига муштоқман, зорман.
Отамни қошига чорлаганда Ҳақ
Нигоҳинг юпатди, - "она, мен борман".
Бир армон юксалди,
Бир қабр ўсди,
Ажина шамоллар кўтарди уввос.
Унда баҳор эди -
Майнинг илк куни.
Қирда қизғалдоқлар очилган қийғос...

3
Сўнг қўшбешик бўлди,
Икковлон бўлдинг.
Сабр либосини янгилаб кийдим.
Бўғзимда шеърпараст қушларим ўлди,
Кулгингда рост сўзлар ифорин туйдим.
Қолгани шу ватан
Онадек мискин
Товонига тошлар турибди ботиб.
Айт, қачон сўзлайсан
У сўзни, болам?!
Қачон юборасан руҳни уйғотиб?!

@Madina_Norchayeva

Читать полностью…

Дил синиқлари

KO‘ZGU

                  Silviya Plat

Nigohim tiniq va toza. G‘arazim so‘ngan.
Nimayiki ko‘rinsa ko‘zga                             
Boricha yutaman nigohlarimda.
Shafqatsizmas, haqgo‘yman xolos
Jajji Xudoning to‘rt tomondan boqqan ko‘zlari kabi.

Qarshimdagi devorni o‘ylayman ko‘p bor.
Uzoq termilaman bujur yuziga.
Biroq ayiradi bizni takror, takror
Xira tutam nur, zulmat va yuzlar.

Men endi ko‘lman. Ko‘lga aylandim.
Bir ayol engashib tikildi tubimga.
Qidirdi qa’rlarimdan  asli bo‘lmog‘i kerak nenidir.
Keyin oyga, nurga va kazzoblarga tikdi ko‘zini.
Orqasini o‘girib turardi ayol.  Qaytarardim men oydin aksini.
Muhtoj edi menga bu ayol. Kelgan edi u va ketdi.
uyg‘onardi har tong qaytadan.
Bir kun mening qa’rimga  cho‘ktirib yubordi u  navnihol qizni.
Qa’rimdagi qari xotin esa qizning qarshisida
Kattarib kelmoqda har kun maxluq baliq singari.

(Tillaniso tarjimasi)

Читать полностью…

Дил синиқлари

Шунақа маънавиятсиз шеърим бор экан. Қора пиар учун китобга қўшсаммикин.😂😂😀

Читать полностью…

Дил синиқлари

ҚОР АФСОНАСИ
Минглаган товушга тўладир кеча,
Музпарда ортида ухлайди сувлар.
Ой куйлар - зерикмай токи тонггача
Сочидан йўл эшар кўкда сулувлар.
Нурқадам юлдузлар афсонасини
Қаватлари узра сочаркан Осмон,
Аёзга ланг очиб дил хонасини,
Яна учмоқ ҳақда ўй сурар Инсон.
Булутларга қўнган улкан оққушлар,
Минглаган парларин сочмоқ қасдида
Тинмай силкитади қанотларини –
Қорлар ёғаверар Замин устига.
Қорга бас келолмас қисмат шамоли –
Ёпади умрнинг дарзи, доғларин.
Ўраб қўяр мунис она мисоли
Дарахтларнинг яйдоқ, хунук шохларин.
Фақат тонгга яқин қанотлар толар,
Теварак ранглари олади ҳушни.
Саноқли одамлар пайқашиб қолар
Ерга қўнганини улкан оққушнинг.
17.12.2016

Читать полностью…

Дил синиқлари

***
Ҳаёт - кекса ёнғоқ дарахти.
Шохларида
Ўйноқлаб юрамиз
Олмахондай
Тасодиф ўғирлаган
Меваларга
Ачинмаймиз асло
Ниҳоллар ўсажак улардан –
Келажакнинг ғўр эрмаклари.

Читать полностью…

Дил синиқлари

Уй зулук
қонимни сўради
эшик эса қулф
калитин ютиб юборган зулук.
Мен деразадан сакрайман
тиззаларим ейди лат
оқаётган қонга тупроқ сураман
тез битар -
биз битта унсурмиз
(ўзимни ерпарчин сезишим шундан).
Тошкентдан борарим учун
бир манзил излайман
оёқяланг
қаққайиб қоламан йўл ўртасида
шаҳарда бир манзил борми
мени сиғдирадиган
бир макон борми
тинглайдиган қалбимни.
Қаерда сўзлашай ўзим билан
қаерга айтай тазарруйимни
қаерсан, айт эй манзил маконим
кўкдамисан
ер остида.
Тошкентда бир жой борми
мени бағрига оладиган
қайдасан масканим
тентирайман оқизиб қора сиёҳ
ерга ёзиб кетаман шеърларимни
сариқ баргларни куйдириб.
Чумоли изидек майда қадамла
доирани айланиб чиқиб
қаршисидан чиқаман ўз уйим
ўз зулугимнинг.
Сиёҳларимдан қорайган
ва ичиб қонимни
илонга айланган у
деразадан ташлар думини
осиламан унга
осиламан бўйним билан.

Аниф

@Anif_poetry

Читать полностью…

Дил синиқлари

АБДУРРАҲИМ ҚОРАҚЎЧ
БИР ОЗ-ДА КИТОБЛАР СЕНИ ЎҚИСИН
Жонли бир китобсан, ёзари Мавло,
Очиқ тур, китоблар сени ўқисин.
Юзингда порласин назари Мавло,
Эгилсин, моҳтоблар сени ўқисин.
Қасирғага дўна-дўна зикр эт,
Ҳар нафасда ўн минг бора шукр эт,
Шубҳа пардасинда Ҳақни фикр эт,
Уёнсин, гирдоблар сени ўқисин.
Эрисин кечалар – кундуза келгин,
Тўсиқ йўқ, малакдек бир туса келгин,
Саждада Роббинг-ла юз-юза келгин,
Минбарлар, меҳроблар сени ўқисин.
Азалнинг, абаднинг ҳисоби сенда,
Манфийнинг, мусбатнинг нисоби сенда,
Ечилсанг-да бўлар, ечилмасанг-да,
Саволлар, жавоблар сени ўқисин.
Ишқдан, гўзалликдан, оҳангдан яна
Шеър, сурат, мусиқа эмрансин сана,
Жомелар, сабийлар келсин лисона,
Ажрлар, савоблар сени ўқисин.
Танинг жўғрофия, тарихдир дун*инг,
Айри-айри саҳфа соатинг, кунинг,
Тўрт эшиги очиқ турсин кўнглингнинг,
Олимлар, арбоблар сени ўқисин.
Нафрат бошдан қолсин, севгига тўл-да,
Етишмоқ йўлида тола нур бўл-да,
Қуръондан файзлана бир мактуб ол-да,
Ёзилган китоблар сени ўқисин.
турк тилидан Г.М. ўгирмаси

Читать полностью…

Дил синиқлари

Қўшиқчи, мусиқачи, шоир Жим Дуглас Моррисон. Тепадаги гапни шу одам айтган.

Читать полностью…
Subscribe to a channel