dil_siniqlari | Unsorted

Telegram-канал dil_siniqlari - Дил синиқлари

275

Гулноз Мўминова 1978 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. “Фасллар шивири”, “Сайёҳ қушлар”, “Дил синиқлари”, “Чиғаноқ” ва "комета" номли шеърий тўпламлари нашр этилган.

Subscribe to a channel

Дил синиқлари

Мазкур адабий танлов Мустақил ижодкор ёшлар ташаббуси билан ўтказилмоқда. Ташаббускорлар ижодкор аёл-қизларнинг асарларини кенгроқ аудиторияга етказиш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш, ижодий ва интеллектуал соҳаларда кучли эканлигини намоён этишни ўз олдига мақсад қилган.

Танлов низоми билан танишиш учун босинг!

Читать полностью…

Дил синиқлари

***
Бир замонлар
Кунгабоқар даласи олдида
Кулиб хайрлашгувчи ошиқлар эдик
Бошимизда турарди порлаб
Кўкнинг улкан кунгабоқари –
Ҳадафларга сиғмас ҳадсиз сарилиги билан
Сен сурурнинг олтин донларила
Гўваржин боқардинг
Мен қизил гул иси билан
Капалак ўстирардим
Умидимнинг боши қоронғу эди
Кўк кунгабоқари теграсин
Баҳайбат боларидай айланаётган сайёраларга
...Энди аҳволимизга боқ
Нима бўлди бизга, севгилим?
Врубелнинг изтироб чекаётган иблиси каби*
Ҳолимиз афтода бунчалар
Наҳот, иккимизни яна
Вақт машинаси туртиб юборган бўлса?
Ноябрь туманлигин оралаб юрган
Кулранг руҳлар бизга хайрихоҳ эмасмиди?
Биласанми, ҳеч нимани ўйлагим келмаяпти
Илло, кеч куз
На қуёшни севар,
На кунгабоқарларни

*Врубелнинг “Ўтирган иблис” асарига ишора

Гулноз Мўминова

30.11.-01.12.

Читать полностью…

Дил синиқлари

“Мендан иблисларимни олиб қўйманг, негаки улар билан бирга малакларим ҳам ғойиб бўлади”.

Райнер Мария Рильке

Читать полностью…

Дил синиқлари

​​Asli Sanjarning "Haram" kitobini tarjima qilganimda Usmonlilar imperiyasidagi nikoh masalalari eʼtiborimni tortgandi. Yigit va qiz nikohlanishdan oldin ikkala tomon aniq shartlarini aytadi va bu yuridik hujjat maqomida roʻyxatga olinadi. Deylik, qiz "Agar erim ikkinchi xotin olguday boʻlsa ajrashaman" degan shartni nikoh shartnomasiga kiritgan holatlar bor.

Yana bir muhim jihat, bu mahr. Qiz mahrga xohlagan narsasi va summasini soʻrashi mumkin. Bunda yigitning moliyaviy ahvoli hisobga olinadi albatta. Agar tomonlarning istagi va imkoni mos kelmasa bunda hech bir tomon ayblanmaydi. Katta summa soʻralganda, mahrni boʻlib-boʻlib berish ham mumkin boʻlgan. Bunda asosan mabodo ajrashishsa yoki er vafot etsa, ayol oʻzini va bolalarini ta'minlay olishi hisobga olingan, shu bois mahrga uy va kattaroq pul soʻralgan. Shuningdek, ayolga doimiy nafaqa berib turilgan. Erkakning topgan pulida uyda oʻtirgan ayolining tengma teng haqqi bor, ayolning ehtiyojlari uchun har doim pul berib turish kerak.

Shularni oʻqib, dindorlikka da'vo qilayotgan erkaklarga bir qarayman. Koʻpi uy yo mashina olguday boʻlsa oʻzining emas, ota-onasining nomiga oladi. Nega? Mabodo ajrashsa xotini da'vo qilolmasligi uchun. Chunki nikohdan keyin sotib olingan mol-mulk erkak va ayol oʻrtasida teng taqsimlanadi sudda.

Koʻpi ayolini uyga tiqib qoʻyadiyu, uning ehtiyojlariga pul bermaydi. Bu eng yomoni. Ishlari yurishmay, qoʻlida puli boʻlmasa tushunsa boʻladi. Ammo ishlab, qoʻlida puli boʻla turib oilasidan ayash na dinga, na insoniylikka toʻgʻri keladi. Odam mol emaski, faqat qornini toʻydirib qoʻyish bilan kifoyalansangiz. Uning ham siz kabi nimadir yegisi, nimadir kiygisi, nimadir olgisi, qaygadir borgisi keladi.

Ajrashgach aliment toʻlashdan qochib yurgan, oyligini kam koʻrsatish uchun qorovullikka yozilib olgan erkaklar koʻp. Ajrashgach yoki eri vafot etgach erning uyiga ham, ota uyiga ham sigʻmay yurgan ayollar koʻp. Mahr va ayolga nafaqa ayni shu masalalar yuzasidan joriy qilingan. Bu yerda sal yuqoridagi postda aytganim, keraksiz udumlar emas, insonning yashab qolishi va inson sifatida qadr topishi markaziy oʻrinda.

Bugun mediaga qarasak, katta mahr soʻragan qizlarni olaboʻjiga chiqarish kompaniyasi boshlanganini koʻramiz. Qoʻyib bersa, qonunniyam, dinniyam faqat oʻzimizga qulay tomonini olib, boshqasiga koʻz yumsak... Dindor erkaklar ayolim menga boʻysunishi kerak deb, uning majburiyatlarini sanash bilan band. Oʻzining majburiyatlarini esa hatto toʻliq bilmasa kerak. Menimcha, jamiyatimizdagi asosiy muammo ham shunda. Oʻz majburiyatimizga bepisand qaraymiz, oʻzgadan esa ortigʻi bilan talab qilamiz.

Masalan, "Haram" unaqa kuchli asar emasday. Biroq mana shu masalalar yoritilgani eʼtiborga molik.

@salimov_blogi

Читать полностью…

Дил синиқлари

28 ноябрь - севимли ёзувчим Стефан Цвейг дунёга келган кун. Цвейгнинг инсонийлиги қошида таъзим қилса, арзийди. Айнан инсонийлик ахлоқи юксак бўлгани учун ҳам ёзувчи фашизмни қабул қилолмади - худкушликни танлади. Ёвузлик якка ҳукмронлик қилиши мумкин бўлган ҳаётда яшашни истамади.

Читать полностью…

Дил синиқлари

Тошкент Халқаро Вестминстер университети битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлди. Битирувчилар қаторида менинг Дэниел Рэдклифим😊ҳам бор.

Читать полностью…

Дил синиқлари

ИЮЛЬ

Кўнглим қудуғини қуритди июль,
Мендан чиқиб кетди юввош гиначи.
Турибман – қаршимда охири йўқ йўл,
Теграмда бир гала сариқ ниначи.

Надоматнинг тахир ҳосилини кенг
Этагимга сола қаҳ-қаҳ отар ёз.
Шу лаҳзада ўлмак шаҳидликка тенг,
Шу лаҳзада ўлмак тирикликдан соз!

Саратон баргларга олов уфурган,
Қара – кузни кутмас хазонлиғлар бор.
Кўнгил қудуғига беўй тупурган
Кимсаларга наҳот омонлиғлар бор?

Ким у? Йўлга чиқмиш куннинг тиғида?
Ким у? Кетаётир ғамгин аланглаб.
Инонч ва шаккоклик оралиғига
Тикилган дор узра руҳим саланглар...

Маъносин йўқотди муқаддасликлар,
Бир дуо қолмади – бўм-бўш ҳовучим.
Ўчгач қалбимдаги жами битиклар,
Нафратим Иблисла кетар қовушиб.

Унгача эгнимда олов кўйлаги,
Унгача юз берар вулқон совиши.
Ларзага келтирар умрим йўлагин
Учрашган тошларнинг қарс-қурс товуши...


"Havo" dan (Gulnoz Mo'minova)

Читать полностью…

Дил синиқлари

"Ҳаво" нашрдан чиқмай туриб, у ҳақда тақризлар ёзиляпти. Қодирий таъбирича, "Кутилмаган бир бахт". Раҳмат, Аниф хоним. 😘

Читать полностью…

Дил синиқлари

Эй, Ҳаёт!

Бир ҳаёт истадим, гул-гулгун ҳаёт,
Етмиш минг жилоли кўп рангин ҳаёт,
Кел, бир очилайлик, эй ғамгин ҳаёт,
Мен ахир бағрингга гул бўлиб келдим.

Ошиқ минг оҳангга солар ўзини, Асранганлар асраб қолар ўзини,
Кўрлар, кўрмаганга олар ўзини,
Йўлин йўқотганга йўл бўлиб келдим.

Қайғулар юзига эшик ёпдим: қарс!
Шодон рақсга тушдим, ғамга қасдма-қасд.
Руҳим майхоналар ичра маст-аласт,
Ишқ деган пиримга қул бўлиб келдим.

Бошимни боғлаган ул бебош қани?
Ҳеч ёрлик қилмаган бағритош қани,
Энди кўролмасин мендан бошқани,
Кўзларига тортинг, мил бўлиб келдим.

Қуч мени, нафасинг сезай ман ҳаёт,
Бағринг жаннат эмиш, кезай ман ҳаёт,
Бездирсанг ҳам сени безайман  ҳаёт,
Бу дилсиз дунёга дил бўлиб келдим!

Мангу сўлмайдиган гул бўлиб келдим!

04.11.2024 йил

@Guljamol_Asqarova

Читать полностью…

Дил синиқлари

Мадлен Миллернинг “Кирка” китобини ўқияпман. Таржимон сўз қўллашда анча меҳнат қилгани, излангани кўриниб турибди. Лекин китоб мутолааси жуда секин ва оғир кечяпти. Куннинг китобини ўқишда ҳам шундай қийналганман.

Чунки юнон мифлари жуда тиғиз. Кўп нарсани эслаб қолиш керак. Маъбудлар, нимфалар, фонийлар ва ҳоказо. Шунча мифни битта романга сиғдириш ёзувчига осонмас, ўқувчига эса ўқиш.

Қанчадан-қанча бадиий асарларда, кино санъатининг энг юксак намуналарида, қўшиқларда ҳам мифларга ишоралар бор. Умуман мифлар кириб бормаган, улар таъсир ўтказмаган маданият йўқ ҳисоби. Ҳатто дунёнинг энг машҳур брендларигача таъсир қилган. Шу жиҳатдан юнон мифологиясини ўрганиш бир зарурат.

Немис файласуфи Адорнонинг бир гапи бор: “Миф аллақачон маърифатдир”. Ва яна бир тезис: “Бугунги маърифат кун келиб мифга айланади”.

👉 @xurshidabdurashid

Читать полностью…

Дил синиқлари

Aks | Tez kunda

***

Yarador ilonman – yoqilmoqqa shay,
Alanga domiga otilmoqqa shay.
Yo so‘nggi bor yanchib o‘tilmoqqa shay,
Inimdan chiqargan qo‘llaring kulsin.

Sirg‘alib umringdan o‘tdim – bilmading,
Jonu jahonimni tutdim – bilmading.
Borlikdan yo‘qlikka ketdim – bilmading,
Shohlardan uzoqsan, qullaring kulsin.

“Umrim mening aslan ishqqa qasida,
Uni tinglaganlar qolur rasida”,-
Desam, tun dolg‘asin har jilvasida
Hilolni suzdirgan ko‘llaring kulsin.

Sog‘laring ichinda xasta jon
o‘ldim,
Inonch berolmading – badgumon o‘ldim.
Mudom barbod o‘lgan xonumon
o‘ldim,
Xonumon qabrinda gullaring kulsin. 

Gulnoz Mo‘minova “Havo” kitobidan

📚@bookuzbekistan — yangi kitoblar!

Читать полностью…

Дил синиқлари

🔥 АКС тўплами муаллифларининг ижодий каналлари:

Гулноз Мўминова — @dil_siniqlari

Шаҳзод Шомансуров — @ShakhzodShomansurov

Рахшона Аҳмедова — @RaxshonaAhmedova

Алишер Файзуллаев — @perezagruzka_2021

Аниф — @Anif_poetry

Тилланисо — @TillanisoEN

__Бонусига__

Дизайнер Декабр —
@december_art

Читать полностью…

Дил синиқлари

***
Мавсумнинг охирги япроғи
Абгор оқиб борар
Куз жилғасидан
Жилға лабида
Телбавор қарсак урар
Ғамларни эгизлатиб
Туғиб ташлаётган Ноябрь...

Г.МЎМИНОВА

Читать полностью…

Дил синиқлари

– Bilasanmi, seni nimaga yaxshi ko‘raman, dedi eri bir gal mag‘rurlanib.
– Nimaga ekan?
– Xunukkinasan. Shu uchun. Chiroyli bo‘lishga intilma, chiroyliga kun boqmaydi. Chiroylining hayoti qiyin o‘tadi. Chiroylining baxti butun bo‘lmaydi.

“Tongotar”
Rahshona Axmedova

"AKS" ruknining navbatdagi kitobi! Tez kunda!

Читать полностью…

Дил синиқлари

Журналист, букблогер Нигора Ҳасановани кузатиб боришни тавсия этаман. Ўзим бу қизнинг чиқишларини бажонидил кузатаман. Китобга дахлдор барча мавзуларга ўзига хос ёндошади.

Читать полностью…

Дил синиқлари

Меҳрсиз жамиятда нур қидирган қалблар: «Тонготар»нинг ижтимоий драмаси

Асар жамиятдаги оғир масалалар – оилавий зўравонлик, аёлларнинг ҳуқуқсизлиги ва оғир шароитлардаги сабр-матонат мавзуларини ёритиб беради. Аёл – сабр қилиш, чидам қилиш учун яратилган деган фикр жамиятда аёлларнинг ҳуқуқларини чеклаш ва уларнинг мушкул тақдирларини ўзгармас деб қабул қилиш ғоясини акс эттиради. Эрнинг ўз боласини сотиш ғояси зўравонлик чегараларининг қай даражада бузилганини ва инсонийликнинг йўқолганини кўрсатади. Бу ҳолат инсон қадрининг молиялаштирилган жамиятда қандай арзонлашиб кетганини намоён этади.

Ўқиш: https://telegra.ph/Me%D2%B3rsiz-zhamiyatda-nur-%D2%9Bidirgan-%D2%9Balblar-Tongotarning-izhtimoij-dramasi-12-06

Читать полностью…

Дил синиқлари

#Шарқ_юлдузи (08/2024)
#Наср

Гулноз Мўминова

Чалахотин


“…Сен вужудимда сира кутилмаганда пайдо бўлдинг. Аввал кўксимда нимадир
ғимирлагандек туюлди, сўнг ғалати оғриқ бошланди, бир неча кундан кейин
танамдан нимадир бўртиб чиққанини сездим. Мен қўрқиб юрган ҳодиса шу қадар
тез содир бўлишини кутмагандим…
Чошгоҳда, ҳамма қайлулага кирган маҳал, секингина меҳмонхонамиз эшигини
ичкаридан беркитиб, пардаларни туширдим, чироқни ёқдим. Сўнг устига бир
пайтлар онамнинг чевар қўллари билан тикилган мунчоқли дастрўмол ташлаб
қўйилган тошойна қаршисига бориб, кўйлагимни кўтариб қарадим. Эвоҳ! Ўзимдан
ўзим уялиб, шарт этагимни туширдим. Бундан кейин нима қилиш ҳақида ўйлай
бошладим. Энг аввал иссиқ кийимлар солинган тугунни очиб, сариқ жемперимни
излашга тушдим.


Тўлиқ ўқиш

Бизни кузатиб боринг:
TelegramFacebook | web-sayt

Читать полностью…

Дил синиқлари

O'tish metafizikasi marosimi yoxud “Havo” oshkor qilgan isitma – Telegraph
https://telegra.ph/Otish-metafizikasi-marosimi-yoxud-Havo-oshkor-qilgan-isitma-12-01

Zaminimizda qish oyoqlanyapti. Unga qo'shilib “Havo” ham. “Havo” orqali esa sariqlanayotgan hislarning yuqumlari va zehniyatimiz sari emaklayotgan yangi bir tafakkur... Yuqumlanayotgan va emaklayotgan qismlarni ikkiga  kesib tahlil qilamanki, birida sizgayam, mengayam ustiga binolar qurib tashlagan  urbanistik ruhiyatimizda nafas olish uchun bo'sh joy ( Antonino o'z filmlarida ochiq, bo'm-bo'sh makonlar orqali urg'ulaganidek)  qolsin – bu bo'sh joy esa sizu mendan “havo” ga to'yish uchun singishni talab etadi, ikkinchisi esa yangi havo sipqoruvchilarga bo'sh joy ochish uchun iyulning qovjiragan harorati ichida bahoriy shabadani  tanangizning eng so`nggi irodasi orqali hosil qilishni…

Читать полностью…

Дил синиқлари

ИЛЛЮЗИЯ ВА ҲАҚИҚАТ ОРАСИДА

Тилланисо Нурёғду бир нечта шеърий ва ҳикоялар тўплами муаллифи. «Шакл» — унинг илк экспериментал романи. Тилланисонинг ижоди инсон руҳияти, изоляция ва ҳаётдан маъно қидириш каби экзистенциал мавзуларни ўрганади. Асарларидаги персонажлар кимлигини, яшашдан мақсадини излайди, кўпинча ўзларини жамиятдан ажралиб қолган ҳис қилишади. Мутолаа ўқувчига ўз ҳаёти ва дунё ҳақида чуқур фикр юритишга ёрдам беради.

"Шакл" ҳақида: https://telegra.ph/ILLYUZIYA-VA-%D2%B2A%D2%9AI%D2%9AAT-ORASIDA-11-29

Читать полностью…

Дил синиқлари

Йўл кўринмайди

қайга борар у...

Читать полностью…

Дил синиқлари

ТИЛЛАНИСО

... дан СAРИҚҚA

"Ҳаво"ни ўқидим кеча ярим тунгача ярмини. Кўнглимга энг кирган шеърлардан бири - "Июль" бўлди. Шеърнинг метафизикаси шундаки - ҳамма нарса ўша тошларнинг қарс-қурсидан кейин бошланаркан. Қолгани юрагизда қўпаркан. Майда тошлар қарс-қурс қилади. Тоғ тошлари гурсиллаб қулайди. Шоир агар гурсиллашни тасвирлаганда шеър тугарди. Aммо қарс-қурс билан шеърнинг давоми юракда бошланди. Чунки тоғ қулаши ҳам икки кичик тошнинг юмалашидан бошланади.

"Ҳаво" тўплами ҳам ўтиш метафизикаси ҳақида. ... (уч нуқтадан) сариққа ўтиш. Тўпламда сариқнинг шарпалари кезади (сари китоб, сариқ тулки, сариқ илон...). Бунгача руҳ қандай эди -билолмаймиз. Уч нуқта улар. Aммо энди сариққа ўтиш палласида - июль келган. Шоир аёл сифатида эса макондан маконсизликка ўтади ("Феминистнинг шеъри" ни ўқинг.) Чунки у макон - Шарқ билан рўпара -рўпара келган. Шарқни қутқарса, уни қутқариб бўлмайди. Кейин макондан - Шарқдан ажралиб чиқиб, шиша ичидаги жонсиз қўғирчоқ бўлади. Шоир "Ҳаво" да дахлсизликни излайди - эгаси бор нарсалар дахлсиз дейди ҳатто. Энди эгалими қўғирчоқ, йўқми билмаймиз - аммо у маконсизликка, дахлсизликка кўчяпти.

Шеърларда ўтиш метафизикаси шу тарзда сузади.

Читать полностью…

Дил синиқлари

​​#review

💌"Biz kutgan fasl"
💅Mansur Jumayev

Hayot maktabida men bitta tolib,
Tog‘lar kitobidan o‘qidim xatlar:
Ko‘rdim - alp og‘ochlar quyida qolib,
Yuksakda o‘sarkan tuban daraxtlar.


Tabiatan injiq emasman, lekin har bir she'r, har satr ham ko‘nglimga o‘tiravermaydi. Ko‘zim kitob sahifalari aro chopqillab borar ekan, goh tarjimon sifatida, goh muharrir sifatida muallif yo‘l qo‘ygan xatolarga duch keladi va "eeh" degan bir nido chiqadi o‘sha jarlikdan. Biroq bu safar bunday bo‘lmadi, har bir she'ri, har satri, har so‘zi menga yoqqan barmoq bilan sanarli insonni, shoirni yana topa oldim. U Mansur Jumayev.

Shoir kutgan fasl kelmadi afsus, u nuktadon kuzning so‘lim subhidamida bizni tark etdi. Lekin u yozib qoldirgan satrlar, yosh avlod uchun bir shoir berishi mumkin bo‘lgan narsadan ko‘ra ko‘proqdir. Mansur Jumayev qisqa umri davomida bunday falsafaga, bunday lisoniy tilga, bunday tasavvufiy haqiqatlarga erisha olganligini, uni o‘qirmanga yetkazib bera olish salohiyati yuqori bo‘lganligi kitob ahli uchun bebaho xazinadir.

Mansur Jumayev ijodini tushunish ham, tushuntirish ham bu ojiz qalam sohibining tafakkur ufqidan buyukroqdir. Men kitobxonlarga Mansur Jumayev ijodi durdonalaridan bir necha parcha tashladim, shularning o‘zi ham shoir matlabini belgilash uchun yetarli deb o‘ylayman. Barchaga bu sara chashmaning zilolidan bahra olishini tilab, hurmat va ehtirom ila S.N.K

P.s: 2024-yil o‘qilgan 43-kitob
#photo_by Santuagara

Читать полностью…

Дил синиқлари

Гулноз Мўминова шеърияти – бу аёлнинг нафақат руҳияти, балки жамиятдаги ўрни, ижтимоий адолат ва инсоний қадр-қиммат ҳақидаги мулоҳазаларини ифода этувчи бетакрор адабий ҳодисадир. Унда тириклик ва ўлим, тақдир ва эркинлик, гуноҳ ва кечирим каби умумбашарий мавзулар қаламга олинади. Бу шеърлар ўқувчига нафақат эстетик завқ беради, балки ҳаёт ҳақида чуқур мулоҳаза юритишга ҳам ундайди. Гулноз Мўминова замонавий аёлнинг овози бўлиб, у ўз ижодида аёлларнинг қудратини, оғриқларини ва интилишларини кўрсатади.

«Ҳаво» тўпламидаги шеърларга мулоҳазалар:
https://telegra.ph/MU%D2%9AADDASLIKDAN-ZHUDO-B%D0%8ELGAN-ODAM-11-21

Читать полностью…

Дил синиқлари

***
Дунёга севгили кўзлар керак,
Кўзингизни бера оласизми, жаноб?
Нега юзингизни
Яширасиз кафтингиз билан?
Уялманг, ҳижолат бўлманг,
Ҳаммамиз тенгмиз –
Ҳамма севгили кўз излаётир,
Мен уни охирги бор
Жокерда кўрган эдим,
Қотилга айланишидан аввал...
Кейин кўп гаплар ўтди,
Вирус, пандемия, совуққонлик хуружи...
Севгига ҳожат қолмади,
Севгили кўзларга инчунин.
Бугун эса дунёмизга
Севгили кўзлар керак,
Кўк севгили кўзлар.

Читать полностью…

Дил синиқлари

https://youtu.be/fkfLoV05w9s

Читать полностью…

Дил синиқлари

Дунё жиннихонага айланиб қолди. Севгига жой йўқ. Зўрликка, манманликка тўлиб-тошган, барча бир-бирининг гирибонидан олишга чоғланган рақобат оламида севги яралиши мумкинми? Ҳаёт фақат рақобатдан иборат бўлиб қолмаслиги керак, у қувонч ҳам бўлиши зарур. Таълим сизни қўшиқ, рақс, шеърият, мусиқа, тасвирий санъат, театр ва дунёдаги бошқа ҳамма нарсага “созламоғи” керак. Шунингдек, дарахтларга, қушларга, Қуёш ва Ойга ҳам.

Ошо. Сир.

Читать полностью…

Дил синиқлари

​​Катта ижодкор дўстимиз МАНСУР ЖУМАЕВ оламдан ўтди. Худо раҳматига олсин!

Биз сени ҳеч қачон унутмаймиз. Шеърларинг эса миллат кўнглида абадий яшайди, дўстим!

МАНСУР ЖУМАЕВ


Эсингдами, ака,
ёз оқшомлари,
зангор шуълаларга чўмган сўримиз,
бақалар сайраган тун илҳомланиб,
кўклам кенгликлардан аразлаган кез,
осмон ҳавзасида порлаган қизлар,
нозбўй ҳидларини улашган палла,
шакароб тупроқдан сочилган ислар,
кимсасиз маҳалла?!
Эски "Женифер"га термилиб қандай
ажаб афсоналар кўрардик қанча:
Дэвид Аттенборо,
Мел Гибсон,
Ван Дамм,
Жет Ли,
Жеки Чан...
Фильм ярмидаёқ ухлаб қолардик,
қолгани тушимда бўларди бунёд.
Қизиқтирмас эди бизни беҳадик
Бинямин расмига топинган дунё.
Бизни қизиқтирган ўшанда фақат
уруш саҳналари
ва жанг-талотум
ва мардона ўлим
ва буюк тоқат,
"бидиш-бидиш",
"бум-бум"...
Ажаб далли эдик иккаламиз ҳам,
мен — бир хаёлпараст,
сен — бир шумтака...
саҳарлар чанг ютиб арпа ўрган дам
эсингдами, ака?!
Ям-яшил пайкаллар ўроқ дамидан
бироз тин олганда — кар, соқов, сўқир —
кечаги кинони қолган ярмидан
айтиб берар эдинг ичингдан тўқиб.
Сенинг қиёфангда келарди балқиб,
сўзларди,
урарди
ва бўларди гум:
Брюс Ли,
Шоҳруххон,
Маколей Калкин;
"бидиш-бидиш",
"бум-бум"...
Ёлғон эди сенинг ҳикоянг гарчи,
гарчи ишланмаган сен айтган фильм,
аммо ишонардим сенга чиппа-чин,
шундай содда эди,
кенг эди феълим.
Эсингдами, ака,
ёз оқшомлари,
зангор шуълаларга чўмган сўримиз?!
О, ҳануз қўмсайман ўша онларни,
о, ҳануз қолсайдим ўшандай тамиз!
Гарчи давом этар то мана-ҳануз
уруш саҳналари,
кураш,
талотум,
ўлимлар,
ўлимлар...
ва яна ҳануз
"бидиш-бидиш",
"бум-бум".
Энди зерикарли бўлиб туюлар,
энди қўрқитади бу ваҳший "кино",
сенинг қиёфангда аврамоқ бўлар
Бинямин расмига топинган дунё.
Энди толиқади руҳим
ичимда
кечган "бидиш-бидиш, бум-буму буфф"дан,
зориққан,
ичиккан маҳдудман чиндан
қудуқда хожасин кутган Юсуфдай.
Ажаб икки далли бўлган эдик жам:
мен — бир хаёлпараст,
сен — бир шумтака...
ва ҳануз ишонай
ёлғон бўлса ҳам
кино тўқиб бергин мен учун, ака!
Ёлғон гапирмайсан энди, биламан,
биламан, рўйирост айтасан энди,
акажон,
ҳозирги ростгўйлигингдан
ўша ёлғонларинг азизроқ эди.
Биламан, уруш ҳам кўрдинг — ҳақиқий,
талотўплар ичра яшадинг ҳар зум,
чиндан чангал урди ҳар бир дақиқа
"бидиш-бидиш",
"бум-бум"...
Аммо унутмагин
шуълага ботган
эски "Женифер"га ёндош сўрини,
ёлғон ҳикоянгга ишониб ётган
уканг кўзларингга турсин кўриниб.
Осмон ҳавзасида порлаган қизлар,
кўйна зовурларда ҳайқирган бақа,
шакароб тупроқдан сочилган ислар...
эсингдами, ака?!

Эсингдами, ака,
ёз оқшомлари?!.

Читать полностью…

Дил синиқлари

Анна КАМЕНСКА

КУЛГИЛИ
Одам бўлиш қалай энди?
Бир қуш сўради мендан.
Қайдан билай.
Ўз терингнинг маҳкуми бўла-
Интилмоқ чексизлик сари.
Вақтга асир бўла –
Қўл узатмоқ абадиятга.
Мудом иккиланмоқ ва
Мубталоси бўлмоқ умиднинг.
Аёз игнаси бўла-
Бир ҳовуч нурга эврилмоқ.
Ҳаво юта-юта –
Бўғилмоқ сўзсизликда.
Гуриллаб ёна-ёна –
Кул уясида яшамоқ.
Нон кавшамоқ,
Яна тўймоқ очликдан.
Ишқсизликдан ўлмоқ
Ва севмоқ то сўнг нафасгача...
“Кулгили”- деди Қуш
Енгил учиб кета Кўк сари.

Г.М.таржимаси

Читать полностью…

Дил синиқлари

AYTIB BO'LMAYDIGAN QO'SHIQ

Hursan derlar – xoʼrlashar seni,
Gulsan derlar, zoʼrlashar seni,
Koʼnmoqqa majburlashar seni,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.
Shamol fursat sarosar boʼlar,
Qismat gʼarmi – oting gʼar boʼlar,
Guvohlaring koʼru kar boʼlar,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.
Togʼda alqor, choʼlda yantoq boʼl,
Kutib oʼtsin umring, mushtoq boʼl,
Gala boʼlma, yakka boʼl, toq boʼl,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.
Toj Mahal ham bir shoh riyosi,
Dunyoda yoʼq garchi qiyosi,
To kibrning yoʼqdir davosi,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.
Soʼz aytmoqqa kuch top Dunyoga,
Tosh alishma mehrigiyoga,
Аldanma koʼp ohangjamoga,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.
Chiq yodlardan - roʼyo boʼl, tush boʼl,
Koʼklarga uch, giryon oqqush boʼl,
Kabutar boʼl, bor-ey, boyqush boʼl,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.
Suvga tushsang, suvga loyiq boʼl,
Sol, yelkan yo sarbast qayiq boʼl,
Suv qizi boʼl, ilonbaliq boʼl,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.
Gʼururingni payhon etgaylar,
Oʼzligingni yakson etgaylar
Bir kun mendek pushmon etgaylar
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.

Gulnoz Mo'minova

"AKS" ruknida yana bir kitob! Tez kunda!

Читать полностью…

Дил синиқлари

/channel/+FYOX56cpnVxjZTVi

Читать полностью…
Subscribe to a channel