dil_siniqlari | Unsorted

Telegram-канал dil_siniqlari - Дил синиқлари

275

Гулноз Мўминова 1978 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. “Фасллар шивири”, “Сайёҳ қушлар”, “Дил синиқлари”, “Чиғаноқ” ва "комета" номли шеърий тўпламлари нашр этилган.

Subscribe to a channel

Дил синиқлари

СИР ИМЛОСИ
Мажнуннинг жавҳарли хокидан
Сир имлосин ажратиб олдим,
Қалбим ойнасига “куҳ-куҳ”лаб
Ёзиб қўйдим уни.
(Шаффоф ойналарни хушламайди сир)
Кейин қўлларимни силкидим,
Шамолдан самоъ дарсин олган
Муқим дарвишлар –
Оғочлар мисоли.
Ногоҳ сўз палахмонидан
Отилган бир тош
Қалбим ойнасига урилиб,
Дув тўкилди имло.
(Узоқ асролмасдим уни барибир)
Кейин палахмон эгаси
Еру Осмон аро
Ярқираб турган ҳарфларни
Ўкинч ила қилди талаффуз:
“Айн, шин, қоф...”
25.03.2018

Читать полностью…

Дил синиқлари

НАВРЎЗ
Бугун жуда сахийдир очун,
Зумрадланар жамики оғоч.
“Вал-фажр”ни айтмоқлик учун
Томоқ чайиб келар қарлуғоч.
Бугун Кун ҳам нур тарар кўпроқ
Ва сийлагай ҳар тирик жонни.
Қўйворишни истамас Тупроқ
Офтобрўйга шошган Йилонни.
Ҳаво кийиб шойи атворин
Илиқ сутдек ўтар томоқдан.
Жамики бахт ёнингда бугун,
Жами андуҳ сендан йироқда.
Сувлар гўё ўзи сархуш май,
Ҳар қатрада кулади гуллар.
Сувлар хушбахт – тунда ухламай
Ҳамал Ойин оқизган улар.
Шамол – чопар, ҳоримас сира,
Ялангликда тинмай елади.
Гоҳ эргашиб битта гулбаргга
Узоқларга бориб келади.
Адл тоши вақт мезонида:
Тенглашади кеча ва кундуз.
Тарозунинг шундоқ ёнидан
Чечак сочиб ўтади Наврўз.

Читать полностью…

Дил синиқлари

Chorak asr avvalgi rasmimni topvoldim.

Читать полностью…

Дил синиқлари

капалаклар ҳақда кўп ўйладим, дедимки капалаклар бир кун яшайди, нари борса, сўнг ўрик гулбаргидек ҳавода эркин қулайди

капалакларга кўп ачиндим, улар ўз ғумбагини ёриб чиқиши керак, дейлик, ғумбак ичида қанотлари оғримасмикин?

капалаклар гулларни севади деб ўйламадим, қорин ғамида фақат чивинлар ниманидир севиши мумкин, капалаклар эса гулларни яшашдан ортиқроқ яхши кўролмасдилар

тирик япроқлар эди
капалаклар

Читать полностью…

Дил синиқлари

МАКОНДО
...га
Макондода ёмғир тинар.
Рутубат анқир ҳаводан –
Шишган ўпкалар тубига
Чўкаётган оғир рутубат
Ғамнок тоғлар елкасига
Қуёш қадар ёғду уруғин
Энди ҳеч ким инонмас бироқ
Униб чиқишига уруғларнинг
Ногаҳон ёғду овига
Қанотланган сўнгги гўваржиннинг
Жонсарак бағри
Дайди ўқдан пора бўлар
Намчил зерикишга чалинган
Сариқбош илонлар
Ўзини ўзи юта бошлар
Думидан бошлаб...
Қайдадир хунук чийиллар
Суррогатлар қурсоғидаги
Чўчқа думли ҳомилалар –
Портлаган снаряд товушига монанд
Эсдан оға бошлар Макондо.
Телбалик ва алам ичра
Истиқболга тупургиси келар унинг
Қари мустабид сингари
2022, март

Читать полностью…

Дил синиқлари

https://youtu.be/KVc5Vobix0w

Читать полностью…

Дил синиқлари

АТВОР
Сўзамоллик ҳар доим ҳам
Севги билан келиша олмас.
Шундай экан, севгилинг билан
Сўзлашиб тур –
Хўрсиниқлар,
Кўзёшлар,
Воз кечишлар,
Исёнлар тилида.
Айниқса, исённи севади севги!

Читать полностью…

Дил синиқлари

ИЛК ИСЁН
Исмим айтма – афсун бор унда,
Афсун билан келишолмассан.
Савобингни, гуноҳларингни
Мен билан тенг бўлишолмассан.
Биз на рафиқ, на сирдош, на ёр,
На ағёрмиз – қисмат чалар жом!
Бахт ортидан улоққан йиллар
Сўраётир энди интиқом.
Фақат бахтли кунларга қара,
Чўчитмасин бу сўров сени.
Ва интиқом истаганларга
Иккиланмай топширгин мени!
Исмим айтма – афсун бор унда
Ва ишқ шарҳи – узундан-узун.
Айниқса, Ой тўлишган тунда
Телба қилар сени бу афсун.
12.02.2018

Читать полностью…

Дил синиқлари

ҲАЛИНА ПОСВЯТОВСКА
ГИНА
Дунё мўъжазгина
У бор-йўғи икки қаватли
Сен – тепа қаватда
Оғир-оғир нафас оласан
Ёнгинангда турар қора
Мангулик
Мен машаққат ила кўтариламан
Зина бўйлаб оппоқ кўйлакда
Сидириб лабимни
Илиқ, намхуш кафтларим билан
Мангулик
Ортимдан изма-из келар
Иккимиз ҳам
Эшигинг олдида тўхтаймиз
Пешона уриштирамиз
Сас-садосиз
Торларга банди хитоб янглиғ
Титроқ ичра ҳўплаб ҳавони
Санай бошлаймиз: бир, икки, уч...
Икки қавати бор дунёнинг
Атиги иккита
Мўъжаз қавати –
Юлдузлари чирпирак ердаги дунёнинг...
Жон бериш бунчалар оғир бўлмаса?
Г.М.таржимаси

Читать полностью…

Дил синиқлари

Гулноз МЎМИНОВА
***
Дунёнинг энг ифлос мегаполиси.

Қуритилган кўллари ўрнида
Қад ростлаган оғир биноларнинг
Тушларига қайиқлар кирар
Кесилган дарахтлари
Одамларнинг тушларида
Судралишар майриқ аскарлардай
“Ҳаво қўрғошиндай оғир”*
Бунда
“Болалар – келажагимиз” деган
Баландпарвоз ёзувга анграйганча
Эшитмай қоласан
12 ёшда зўрланаётган қиз чинқириғини
Бу юртда
Ҳар кун мингларча чақалоқ туғилар
Пайғамбар, саҳоба, султон,
Жаҳонгир исмли чақалоқлар:
Келажакнинг юртга сиғмас даҳолари,
Золим-у юҳолари,
Мазлуми-ю жафокашлари,
Шоҳ исмли қуллари, малика исмли чўрилари
Туғилишар бошларига кўтариб Дунёни
Улар ҳали билмаслар
Қандайдир доридан ёки
Бахтсиз ҳодисалардан ўлмоқ эҳтимолини,
Чиқинди қутисида ёинки
Ёт бир эшик олдида қолдирилмоқ даҳшатини,
Бахтга, пулга, машинага, уйга... Қўйингки
Қандайдир имконга айирбошлаш эҳтимоли
Ҳали анча йироқ улардан
Лек булар ҳақида ўйлаганда
Ёрилгудай ғовлар миянг
Яқинда кўрганинг фильмдаги каби
Инсоннинг кексайган ҳолида туғилиб
Чақалоқ ҳолида ўлмоғин истайсан:
Гўдакларни асраб қолмоқнинг
Бошқа йўли кўринмас бунда...

Дунёдаги энг ифлос мегаполис.

2023, январь

Читать полностью…

Дил синиқлари

ЭРК
Қафасман мен-
Танҳо қушнинг қафаси –
Уни Худо қамаган менга.
Сирдоши узлат,
Озиғи армон
Рангсиз қушимнинг.
Кўринмас қушим,
Гап уқмас қушим
Ҳар тун татиб кўрар
Юракни.
03.02.2018

Читать полностью…

Дил синиқлари

АБДУРРАҲИМ ҚОРАҚЎЧ
РАҲМАТ УЛАШАР
Илоҳий низом бу – чарчамас, шошмас
Булутлар дунёга раҳмат улашар.
На зарра, коинот ҳаддидан ошмас
Юлдузлар самога раҳмат улашар.
Сайр айла оламни ибрат ичинда
Кўрганга ҳикмат бор ҳикмат ичинда
Турфа ранг, саноқсиз лаззат ичинда
Тупроқ ҳам мевага раҳмат улашар.
Тўпланар чашмаси, дарёси, сойи
Тўхтамай муттасил кун, ҳафта, ойи
Азалдан то абад, асрлар бўйи
Ирмоқлар дарёга раҳмат улашар.
Қўрқинчли, қоронғу, кўр кечаларда
Ақлинг, ҳиссинг, илминг етмаган ерда
Маъно ўлкасидан сурилар парда
Уйқулар рўёга раҳмат улашар.
Беш юзу етмиш бир*... Муборак бир он
Ерга ташриф этар энг буюк Султон
Қўлида Аллоҳнинг каломи Қуръон
Фанодан Уқбога раҳмат улашар.
Турк тилидан Г.М.ўгирмаси
*Пайғамбаримизнинг туғилган йилларига ишора

Читать полностью…

Дил синиқлари

Анна КАМЕНСКА

КУЛГИЛИ
Одам бўлиш қалай энди?
Бир қуш сўради мендан.
Қайдан билай.
Ўз терингнинг маҳкуми бўла-
Интилмоқ чексизлик сари.
Вақтга асир бўла –
Қўл узатмоқ абадиятга.
Мудом иккиланмоқ ва
Мубталоси бўлмоқ умиднинг.
Аёз игнаси бўла-
Бир ҳовуч нурга эврилмоқ.
Ҳаво юта-юта –
Бўғилмоқ сўзсизликда.
Гуриллаб ёна-ёна –
Кул уясида яшамоқ.
Нон кавшамоқ,
Яна тўймоқ очликдан.
Ишқсизликдан ўлмоқ
Ва севмоқ то сўнг нафасгача...
“Кулгили”- деди Қуш
Енгил учиб кета Кўк сари.

Г.М.таржимаси

Читать полностью…

Дил синиқлари

San'at - fojea

San'at bu fojea. Sen unga umringni tikishga, bag'ishlashga majbursan. Chunki seni qalbing bag'ishlanishga muhtoj. Bundan boshqa yo'ling yo'q. Bag'ishlamasang, yasholmaysan. Tirik murdasan. Sen balki eng oxirigacha eng go'zal she'rlarni, eng zo'r romanlarni bita olmassan, eng istagan rasmingni chiza olmasan, balki sen eng iste'dodsizdan ham iste'dodsizsan. Lekin nima qilasan? Boshqa yo'ling bormi? Yo'q, hech qanday yo'ling yo'q. Na boshqacha yashashni bilasan, na boshqa nimadir qilishni. Sen faqat san'atda nimadir qilishni, nimadir yaratishni o'ylaganingdagina hayotga xarislik bilan yopishasan. Boshqa payt ustingdan tramvay bosib o'tsa ham parvo qilmaydigan tirik murdasan, beparvosan, choh ichidasan. Yashamaysan, xullas. San'atkorning butun hayoti fojea, u sendan butun umringni bag'ishlashni talab qiladi. To'g'rirog'i Sening o'zing bunga muhtojsan. Boshqachasini bilmaysan. Hatto sevganing seni sevmasayam sen umringni unga bag'ishlayverasan. Mana, san'at nima! San'at mana shu fojea.

Читать полностью…

Дил синиқлари

Ҳозиргина энам билан гурунгда оригинал мақол эшитдим: "Ғириллайсан, қопмайсан, Мендан яхшисини топмайсан".😂(Эридан куйган аёл тилидан айтилган мақол) О менинг донишманд халқим, тилинг бунчаям заҳар бўлмаса...😄

Читать полностью…

Дил синиқлари

АБДУРРАҲИМ ҚОРАҚЎЧ
ХАЁЛ ВА ҲАҚИҚАТ
Ой ёғдуси деразадан кирганда
Сен ҳақингда хаёл сурмоқ на гўзал.
Ё бир автобусда, ё бир трам*да
Ғурбат элдан сенга бормоқ на гўзал.
Ишқинг мойо*сини сендан олиб-да
Шаклландим севги деган қолипда.
Уйингизнинг эшигини чалиб-да,
Илк чиққандан сени сўрмоқ на гўзал.
Умиди йўқсилга бол берар Худо,
Минг уруғ жони бор бир қатра сувда,
Хоҳи уйғоқликда, хоҳи уйқуда
Мендан боқиб сени кўрмоқ на гўзал.
Қуримасдан туриб йўлчилик тери,
“Кел, дея ёнинга чорласанг мени,
Бир тарафга қўйиб ғаму кадарни
Тўя-тўя сени қучмоқ на гўзал.
Ишқ сўзининг англамидир ҳар нарса
Ўлим олди таъми келар бир нарса...
Азроилга жон бермоғи зўр нарса...
Сен истасанг, сенга бермоқ на гўзал.
*трам-трамвай
*мойо-хамиртуруш

Читать полностью…

Дил синиқлари

ҲАЛИНА ПОСВЯТОВСКА
Ипатия кирпикларин бўярди енгил
Камтарлигин англатарди оқ юзидаги
Пушти нимсоя
Ҳовучлаб сочарди кабутарларга
Сўзнинг алвон уруғларини
Оғочларла
Кўришарди силкиб бошини
Ботинида яшил ҳайрат ўсарди унинг
Новда-новда яшил ҳайрат
Шу қадар жўн кечди ҳаёти
Ва бир кун шунчаки
Ўлди Севгидан
Г.М.таржимаси

Читать полностью…

Дил синиқлари

Гулноз МЎМИНОВА
ҚАЧОНДИР
Жаннатдан қувилган
Ҳазрати Одамнинг кўксида эдим.
Поклик истарди тийнатим,
Мен илк гуноҳ измида эдим.
Ошиқ Сувнинг таслимлигида,
Маъшуқ Олов рақсида эдим.
Рангин тошлар сукутида, гоҳ
Пар-пар қушлар баҳсида эдим.
Гоҳи Малак онийлигида,
Гоҳо Иблис нуқсида эдим.
Митти далли - парвоналарнинг
Қалб рангли кўзида эдим.
Кўкламга яшил пуркаган
Кўк аждарининг бўғзида эдим.
Сен қайда эдинг, билмайман,
Шудрингдаги гул аксида эдим...
09.03.2023

Читать полностью…

Дил синиқлари

Бораман.
Бизни адаштирган йиллар оралаб
Жингалак сочимга тақасан ялпиз.
Сўнг ортга қайтаман...
Кимни қоралаб
Ёлғиз.

Мен такрор бораман
Бу не жасорат...
Ўтмишга судрайман вақт милларини.
Ўғирлаб қайтаман...
Деразангдаги
Бахт гулларини.

О, яна бораман
Бу қандай таҳқир...
Кўзимдаги бари томчилар озод.
Ногоҳ қўлларимдан тутади тақдир
Кишанбанд этади жисмимни ҳаёт.

Барибир бораман
Ҳеч бўлмаганда
Руҳимни дон каби ютганда бир қуш.
Сен титроқ кафтингда ушоқ тутасан
Сўнг учиб кетаман
Қайгадир сарҳуш.

Мадина Норчаева

@mittihaqiqatlar

Читать полностью…

Дил синиқлари

Muhayyo opamdan kutilmagan tuhfa. Tashakkur.😘

Читать полностью…

Дил синиқлари

Gulnoz opadan negadir doim hayiqib turaman, balki she'rlarini o'qib haddan ortiq sevganimdan, balki ulardagi, ko'zlaridagi ma'sumalikka ham havasim kelib, ham tik boqolmaganimdan, uyalganimdan o'zimdan...

Zamondosh shoiralar ichida ko'p talpinganim va eng ko'p istihola qilganim uchun yonlariga borolmaganim Gulnoz opam edi. Ular esa mani o'qirkanlar, parvozga teng bo'ldi bu tahlil men uchun! Rahmat, Gulnoz opa! Mehringizga munosib qilsin!💜🤍

Феруза Хайруллаеванинг ўн кунлиги бўйича ҳакам фикри

Сизни биринчи марта “Излам” тақдимотида кўрдим. Ўша куни саҳнага дадил чиқиб келган, чеҳрасида қатъият балқиб турган қиз тасаввуримдаги Ферузага ўхшамасди. Сизни тинглай туриб: “Нега Феруза китобини “Тутқун” деб номлади экан?”, деб ўйладим. Зотан, сиз аллақачон озод эдингиз, Феруза. Менимча, сиз туйган озодлик бировларнинг ғашига тегадиган, баъзи ўринларда ғазабини келтирадиган озодлик эмас.

Тўлиқ ўқиш: https://telegra.ph/BOTINDAGI-%D2%9AA%D2%B2RAMON-02-21

Читать полностью…

Дил синиқлари

@Guljamol_Asqarova

Читать полностью…

Дил синиқлари

Гулноз МЎМИНОВА
ДОСТОН ЯКУНЛАНГАН КЕЧА
Ҳазрат Навоийнинг пок руҳларига бағишлайман.
Ширин уйқу ичра гувранар Ҳирот,
Сарой ором олар, ухлайди авом.
Бу тун ҳам уйқудан воз кечар у Зот
Мажнун қиссасини этай деб тамом.
Бир ёнида Хисрав руҳи ўлтирар,
Бир ёнда сукутга чўмган Низомий.
Бу оламдан айро шоир ўй сурар:
“Боқийдир ишқ, гарчи одамзод фоний”.
Ҳирот чўчиб тушар қамиш оҳидан —
Якунламоқ азоб Лайло қиссасин.
Ҳазрат сўнгги бобга етган чоғида
Ўзга сиғдиролмай қолар ғуссасин:
Кўзёшга эврилар буюк андуҳи,
Қалбини ўртагай Қайс оҳи бўлиб.
Икки буюк устоз, икки дўст руҳи
Хонадан чиқишар ҳасратга тўлиб...
Шоир қисматида йўқ оромга жой,
Ухлайди Ҳиротнинг ёшу қариси.
Узун сочларини тараганча ой
Ойнадан термилар илҳом париси.
Илло, Мажнун шу тун ўлмоққа маҳкум,
Дил аҳли, шоирдан чекманг ранж, гина.
Пок севги заминда қололмас бир зум —
Кўкка тегишли ул кўҳна ганжина.
Кезар шодлигу бахт — бари-бариси
Бу дунёнинг яқин-йироқларини.
Шу он кўзга сурар илҳом париси
Ҳазратимнинг озғин бармоқларини.
Шоирга лаҳзалик ором ўғирлаб
Келар, сўнг бошлайди эртакларини,
Шаффоф бармоғи-ла қўяр тўғирлаб
Яшил қабосининг этакларини.
У Шоир кўзёшин артар бетиним,
Лек ўзи ҳам тинмай тўкар жолалар.
Илҳом парисини йиғлатар бу тун,
Достон якунига инган нолалар.
Нуқта қўйгач, чуқур хўрсинар қалам.
Чекина бошлайди ҳижрон ва ҳасрат.
Лайли-Мажнун исмин эслаб дам-бадам
Таҳажжуд намозин бошлайди Ҳазрат.
7.03.2016 йил

Читать полностью…

Дил синиқлари

Тўртинчи кун

Алфайз

энди 284 нинг
бурунги аҳволи
қолмади
синглим
болаларинг мактабларида
қирқма қоғозқушлар ҳали ҳам борми?
сен яна индамай ўз ёғингга жим
қоврилсанг
ўрганиб ҳоли-хуйингга
негадир акангни аяб турарсан
кўзингга илинган томчилардан ҳам
менку, эр туғилдим
омадим келиб
ҳа, йиғи менга ёт, ейман ичимни
аммо, сен, Қаноат, мендан кўра ўт
мендан кўра чуқур қурган хаёлинг
бийимиз атайин қўйган исмингни
сабрдан бўлак ишинг йўқ
синглим
ичингда бир ўлган шоир
ҳар оқшом тутар қўлимни
энди қишлоқдаги уйимиз яқин
ёзда шафтолилар териб емайсан
кўзларинг ичкари ўсиб кетган туғ
"ака, чиройлиманми?" демайсан

Читать полностью…

Дил синиқлари

МАГДАЛЕНА КАПУЧИНКА

ОҒИРОЁҚ

Шеърни кўтариб юрибман
Тўққиз ойлик ҳомила каби
Тўлишган, оғир шеърни
Мен уни
Дунёга келтиришим керак
Лек туғишдан жуда қўрқаман
Шунчалар қўрқаманки
Оҳ, балки
Илк чинқириғи янграши билан
Уни ўлдиришимга тўғри келар
Токи яшамоққа мажбур бўлмасин
Сезгилари ўлган дунёда
Илинж ёнаётган чоғда
Зарурати борми туғишнинг?

Г.М.таржимаси

Читать полностью…

Дил синиқлари

Кеча қўшним ўзига ўт қўйиб юборди. Мана, ҳозир унинг кули кўзимга, оғзимга кириб кетди. Хотинини болаларига кўринмайдиган жойга, бизникига боғлаб қўйдик. У жинни ҳаммага ўт қўймоқчи бўлди.

Ёш ижодкордан ҳикоя: https://nodirabegim.uz/archives/5405

Читать полностью…

Дил синиқлари

БИР ҚУШМАН...

Мен қушман, иситгум инимни
Бағримдан чиқариб куюклар.
Сезаман, қайдадир олисда
Шаҳд ила шох ташлар кийиклар.
Қарайман, куртаклар музлаган,
Офтобдан кушойиш сўрайди.
Балиқлар музларнинг тагидан
Дунёга ғалати қарайди.
Ҳеч сўзим қолмади оламга,
Метинман – тилимда “оҳ”им йўқ.
Янгириб чиқолмам кўкламга,
Одамман – отмоққа шохим йўқ.

Гулноз МЎМИНОВА
2023, январь

Читать полностью…

Дил синиқлари

ТУШ

Тонгда деразани очганимда
ҳар галгидек
қаҳратонда музлаган
дарахтлар эмас,
сирпана-сирпана
ишга шошаётган
тунд юзли одамлар эмас,
бир бирига йўл бермаётган
автолар эмас,
чексиз коинотни кўрдим.
Қаршимда сузаётган булутлар
тобора узоқлашиб
бораётган Ер
пастда –
менга ҳавас-ла боққан
қушларни кўрдим.
Учиб бораётган
минглаб хоналарни кўрдим.
Улар орасидан сенинг
бошпанангни изладим.
Деразанг ҳали ёпиқ эди…
уйғонмагансан
тезроқ тушдан туришингни
ўнгингда нақадар севишингни
тасаввур қилдим.
Балки тушингда ҳалиям
ишга кетаётгандирсан,
ҳалиям битмаган асаринг
устида ишлаётгандирсан,
ҳалиям ўша тушни
чин ҳаёт деб ўйлаётгандирсан.
Қара, мен уйғондим!
Энди ухламайман.
Тушингни тезроқ битир
ишингни тезроқ битир
ва булут чертган деразангни оч.

Мен сени шу ерда кутиб тураман.

Аниф

@mittihaqiqatlar

Читать полностью…

Дил синиқлари

Дарвоқе, ҳурматли ёзувчилар, бирор "Чоршанби"га айтиб бўлсаям, бир ерга илдириб қўйинг мақолни. Бирор кун асқотиб қолар. "Бир куйган хотун" ни асарингизга қаҳрамонка қилиб олсангиз, дейман-да...😂😂

Читать полностью…

Дил синиқлари

* * *

Шўх фасллар ичра маним диёрим йўққа ўхшайдир,
Ки, йўл қошидаман гирён — қарорим йўққа ўхшайдир.

«Унут», — деган сайин кўнгил баландроқ айтар исмингни,
Ёра, кўнгилдан ҳам ёмон ағёрим йўққа ўхшайдир.

Магар сандин келар бўлса, манга ғамнинг малоли йўқ,
Маним ҳам ғамлара ҳеч бир малолим йўққа ўхшайдир.

Манам гулман, парво этмай хазон селига отгайсан,
Ё бағринг тош, ё қўрқмайсан — уволим йўққа ўхшайдир.

Ёр, ҳасратинг селобидан ўтмоққа етмиш ғайратим,
Вале умрингга кирмоққа мадорим йўққа ўхшайдир.

Сан манинг маҳзунлигимни топмассан ўзга чеҳрадин –
Бу дунёсида маним ҳам такрорим йўққа ўхшайдир.

Аё Гулноз, «кетмагил» деб оёқ остингда йўл йиғлар,
Бу оламда фақат ёра даркорим йўққа ўхшайдир.

Читать полностью…
Subscribe to a channel