hidoyatuz | Unsorted

Telegram-канал hidoyatuz - Hidoyat.uz

11605

O'zbekiston musulmonlari idorasiga qarashli "Shamsuddinxon Boboxonov" nashriyot-matbaa ijodiy uyi. Hidoyat.uz hidoyatuz.taplink.ws Мақолангизни қуйидаги ҳаволага юборишингиз мумкин: @Hidoyat_jurnal @Muminalar_jurnali

Subscribe to a channel

Hidoyat.uz

#Ижтимоий_ҳаёт

Кексалик нуронийлик демакдир. Ҳаёт аччиқ-чучугини тотган инсонда комиллик сифатлари намоён бўлади. Барчани бирдек тушуниш, сабр, юмшоқлик каби фазилатлар инсонда йиллар давомида шаклланади ва улуғ ёшда айни юксакликка кўтарилади.

Ёши улуғ одам ҳар бир ишнинг оқибатини теран ҳис қила олади. Унда донишмандлик, оқиллик зоҳир бўлади. Инсон навқирон пайтида оловга ўхшайди. Марраларга тезроқ эришгиси келади, муаммоларни куч билан осонгина ҳал қилишни истайди. Натижада хатолар қилади. Аммо кексалик мақомига етганида бамисоли сокин уммонга айланади. Унинг бағри кенг бўлиб, ақли ҳикмат жавоҳирларига тўлади. Ҳар қандай чигалликни босиқлик ва ақл билан ечишни жуда яхши билади. Кўзлар нури қувватини йўқотади, лекин қалб назари дунё ҳақиқатларини кўраверади, чунки унда маърифат ёғдуси порлайди.

Инсон умридаги ҳар бир давр комилликнинг ўзига хос босқичларидир. Агар ёшликдаги хатолар бўлмаса, кексаликдаги донишмандлик қаердан келиши мумкин? Шундай экан, ёшлар айб қилса, уларни қоралашга шошилмасдан, тарбиялаш лозим. Кексаларнинг жисмоний меҳнатга қувватлари етмаса, уларни қадрлаб, ҳақларини адо қилиш керак.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилган бўларди”. Демак, Аллоҳ таоло кексаларнинг дуоси ва гўдакларнинг бегуноҳлиги туфайли халқларни ўз паноҳида асрайди, турли бало-офатлардан омон сақлайди.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Бир катта ёшдаги қария Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни йўқлаб келди. Қавм унга йўл очишда кечикиб қолди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас”, дедилар”.

Демак, ёши улуғларга ҳурмат кўрсатишни, уларни қадрлашни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амр қилмоқдалар.

Халқимиз фарзандларни ҳамиша ёши улуғларни ҳурмат қилиш ҳисси билан тарбия этган. Яхши ишлар, савобли амаллар билан умр кечирган кексаларимиз барчамиз учун файзу ҳикмат конига айланадилар. Уларнинг суҳбатлари, ҳаёт ҳақидаги ўгитлари, қимматли маслаҳатлари ҳамиша тўғри йўлни топишда ёрдам беради. Улар жамики хайрли ишларда йўлбошчи бўлишган. Отахон ёки онахонларимизнинг фотиҳаларини олмасдан бирор ишга қўл урилмаган.

Қадимда ота-боболаримиз пахсадан қурилган уйларда умргузаронлик қилган. Қиш ойлари уйларнинг томидаги қор кураб ташланган. Ўша чоғларда агар уйда ёши улуғ инсон бўлса, у киши бошқа хонага олиб ўтилмагунича, шу уйнинг томига чиқилмаган. Чунки бу ҳурматсизлик саналган. Бу кексаларга ҳурмат туйғуси бизнинг қон-қонимизга сингиб кетганининг бир исботидир.

Абдулҳамид МАЛИКОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ИМОМИ АЪЗАМ КЎРСАТГАН ЙЎЛ
#Ибратли_ҳикоялар

Имом Аъмаш исмли кишининг аччиғи тез ва қаҳри қаттиқ эди. Онт ичиб, хотинига: “Ун тамом бўлганини менга билдирсанг, хат ёзиб хабар берсанг, бирор кишини юбориб айттирсанг ёки ишора қилсанг, талоқсан!” деди.
Ун тугаб болалар оч қолди. Бечора аёл нима қиларини билмай ҳайрон бўлди. Қўшнилари унга: “Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)га бориб воқеани айтинг-чи, бирор чорасини топиб берар”, дея маслаҳат беришди. Аёл Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурига келиб, бўлган воқеани айтиб, ёрдам беришини сўради. Шунда Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бўшаган ун халтасини эринг ухлаб ётганида унинг либосига чандиб тикиб қўй. Уйғонганидан кейин бўш халтани кўради ва ун тамом бўлганини англайди", дедилар.

Ғайрат ЎЗБЕКОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“Бир мусулмоннинг хатосини билсанг, унга буни танҳо қолган вақтида айт. Асло уни ғийбат қила кўрма. Унга насиҳат қилмоқчи бўлсанг, айбини билганинг учун унга ҳақорат кўзи билан қарама. Мақсадинг уни гуноҳдан холи қилиш бўлсин, бунда сен гўё ўзингдан ноқислик содир бўлгандек хафа бўл, бу ҳолда сен уч ажрга – насиҳат қилишлик, биродаринг камчилигидан ғамнок бўлиш ва уни динда собит бўлишига кўмаклашиш ажрига эга бўласан”.

Имом Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ)

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ФОТИМА БИНТИ АЛОУДДИН
#Мовароуннаҳр_уламолари

Абдулҳай Лакнавий «ал-Фавоид»да ёзишича, Фотима отаси Алоуддин Самарқандийнинг «Туҳфатул фуқаҳо» китобини ёддан билган, ота­сига фатво чиқаришда ёрдам берган, фатволар ҳар иккаласининг ижозати билан чиққан. Абу Бакр Косонийга турмушга чиққанидан ке­йин фатволар учаласининг ҳам муҳри билан чиқарилган. Эри Абу Бакр хатога йўл қўйганида, Фотима тўғрилаган ҳоллар ҳам учрайди.

“Табақот”да ёзилишича, Ибн Адимнинг ота­си унга Фотима ҳақида бундай маълумот берган экан: «У, мазҳабни янгича нақл килар экан, фатво биринчи унинг ижозати билан, кейин отасининг ижозати билан чиқарди. Ҳаловия (Ҳовия)­даги фақиҳлардан бири Довуд ибн Али айтишича, рамазон ойида фақиҳларга фитр садақасини беришни илк бор Фотима жорий қилган».

Манбаларда айтилишича, Фотима эри Абу Бакр ибн Масъуд Косоний билан баъзи сабабларга кўра, бир муддат Ҳалаб диёрида истиқомат қилишади. У эрини Ҳалабдан кетишга ундайди. Буни эшитган Нуриддин Маҳмуд Занкий Косонийни чақириб, уни қолишга кўндиради. Нимага кетмоқчилиги сабабини сўраганида, у устозининг қизига хилоф иш қила олмаслигини айтади. Кейин Нуриддин Маҳмуд у билан маслаҳатлашиб, Фотимага бир аёлни юбориб, уни кўндиради ва улар умрларининг охиригача Ҳалабда қолиб, ҳанафий фиқҳини тарқатиш билан шуғулланадилар.

Фотима бинти Алоуддин Суриянинг Ҳалаб шаҳридаги “Иброҳим Халил мақоми” деб аталувчи зиёратгоҳга дафн этилади.

Шайх Абдулазиз МАНСУР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Мен баъзан тик турсам бошим айланиб, кўзим тиниб кетади. Шундай пайтда намозимни ўтириб ўқисам ҳам бўладими?

Жавоб: Фарз намозларни тик турган ҳолда адо этишга ожиз бўлган киши ўтириб ўқиши мумкин. Аммо тик туришда озгина машаққат бўлса, у узр ҳисобланмайди. Қиёмга тургач, бир оз бош айланиб, тезда ўтиб кетса, унда фарз намозни тик туриб ўқиш лозим. Шунинг учун, бир оз бўлса-да, тик туриши мумкин бўлган кишилар фарз намозни тик турган ҳолларида бошлаб, сўнг тоқат қилолмасалар, ўтириб, давом эттиришлари мумкин.

Тик турганида, зарар етиши ёки касали зўрайиши ёхуд бош айланиб йиқилиши эҳтимоли бўлган беморлар ўтириб намоз ўқишлари жоиздир (“Фатовойи Ҳиндия”, “Хулоса”).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“Кишининг ақлли ёки ақлсизлигининг аломати ўз эҳтиёжидан ортиқча дунёга кўнгил қўймаслиги ёки кўнгил кўйишидадир”.

Аҳмад Дониш

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

«Эй Одам болалари, жисмингиз билан дунёда, қалбингиз билан охиратда бўлинг. Ҳикмат ўнта нарсада: тўққизтаси сукутда, биттаси кам гапиришда. Кишининг кимлиги дўстлашган одамларига қараб аниқланади. Ўзидан юқориларга ҳасад, пастдагиларга зулм қиладиган илм аҳлидан саналмайди. Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қилган байъатимни бугунгача бузмадим ва ўзгартирмадим. Фитна ва тортишувга тарафдор бўлган киши билан бирга бўлмадим. Ҳеч бир мусулмоннинг тинчини бузмадим. Аллоҳ учун севинг, У Зот учун дўстлашинг, душманлигингиз ҳам шундай бўлсин. Аллоҳ таоло муҳаббатига шу йўл билан эришилади. Бирорта одам биродаридан кўпроқ пул ёки бойликка эга бўлиш ҳақида ўйламаган замонларни кўрдик. Энди эса, олтин-кумуш жуда қимматли санала бошланди. Аллоҳдан қўрқиб, бир томчи кўзёш тўкиш мен учун минг олтин садақа беришдан севимлироқ. Киши имкони борича яхшилик қилиши, ҳамиша ширинсўз ва очиқ юзли бўлиши лозим».

АБДУЛЛОҲ ИБН УМАР (РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ)

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Имом Муъафо Мувсимий бундай деган: “Имоми Аъзамда ўнта ёқимли хислат жам бўлган эди:

1) парҳезкорлик;

2) содиқлик;

3) иффат ва поклик;

4) одамлар билан муроса қилиш;

5) самимий дўстлик;

6) фойдали нарсага хайрихоҳлик;

7) узоқ сукут сақлаш;

8) тўғрисўзлик;

9) ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қилиш;

10) тамадан узоқлик".

Васлий САМАРҚАНДИЙнинг “Имоми Аъзамнинг ҳаёти ҳақида қимматли сўзлар” китобидан

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Халқимиз орасида мучал ёшига тўлган киши қабристон ёки масжидга бирон оқлик мато, қанд, туз каби нарсалар бериш одати мавжуд. Шундай қилиш асослими?

Жавоб: Йўқ. Динимизда бирон кун ё сана билан боғлаб эҳсон ё садақа қилиш йўқ. Шунинг учун айнан мучал ёшига етган киши, хоссатан, бирон нарсани масжид ёки қабристонга олиб чиқиши шарт, деган тушунча хатодир. Киши истаган вақтида эҳсон қилиши ё садақа бериши мумкин.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ЎЗИНГ ЯХШИ КЎРГАННИ...
#Ҳадис_шарҳи

Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча мўмин бўлолмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Уламолар ҳадис шарҳида “мўмин бўлолмайди” жумласини “чинакам мўмин бўлолмайди”, деб шарҳлаганлар. “Ўзи яхши кўрган нарса” эса киши учун фойдали, ёқимли ва хайрли бўлган барча нарсадир. Англашилган иккинчи маъно ўзи ёмон кўрганини биродарига раво кўрмаслик, дегани ҳамдир.

Буни яхши тушуниш учун, аввало, инсон нимани яхши кўриши ва нимани ёқтирмаслигини ўйлаб, тафаккур қилиши керак. Одам боласи соғ-саломат, тинч, фаровон турмуш кечиришни, яхши касб-кор эгаллашни, обрў-мартабаси улуғ бўлишини, фарзандлари камолини кўришни, эзгу ниятларига эришишни орзу қилиб, шунга интилиб яшайди. Бу яхши, албатта, лекин қўни-қўшни, ёр-биродарларга ҳам биз хоҳлаган неъматлар етишида биздан ёрдам, кўмак лозим бўлганда, “лаббай” жавобини бера оламизми? Бизнинг манфаатларимизга зид бўлиб турган ишнинг бошқалар фойдасига ҳал этилишига рози бўла оламизми, кўнглимиз тусаб, ёқтириб турган нарсадан воз кеча оламизми? Энг яхши нарсамизни эҳсон қила оламизми? Агар шундай қила олсак, чинакам мўмин бўламиз, савобга эришамиз. Ояти каримада бундай марҳамат қилинади:

“Суйган нарсангиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Нимани эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон, 92).

Ушбу оят тафсирида муфассирлар бир-биридан қизиқ, барчаси ўзига хос, бир-бирини тўлдирадиган ривоятларни келтирганлар.

Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бунда икки хил масала бордир:

Биринчиси – Насоийнинг лафзлари билан Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Суйган нарсангиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар” ояти нозил бўлганда Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) айтди: “Раббимиз молимиздан сўрамоқда. Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизни гувоҳ қиламанки, ўз еримни Аллоҳ учун атадим”. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қариндошларинг Ҳассон ибн Собит, Убай ибн Каъбларга (розияллоҳу анҳум) эҳсон қил”, дедилар. “Муватто”да келтирилишича, Абу Талҳанинг (розияллоҳу анҳу) энг яхши кўрган моли “Байруҳо” деган боғи эди. Боғ масжидга туташган бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга кирар, ширин сувидан ичар эдилар”.

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ХОЛИС ДУО ИЖОБАТИ
#Ибрат

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, бошқалар қатори, минг-минглаб ўзбек ўғлонлари фронтга сафарбар этилди. Улар орасида Шеробод туманидаги Рабатак қишлоғидан Эшмирза Муҳаммадиев ҳам бор эди. Эшмирза ўзи каби ёш йигитлар билан фронтга кетар экан, уйимизга эсон-омон қайтиш насиб этармикан, деган ўйлар гирдобида қийналар эди. Эшмирза ўзи хизмат қилган қўшинда сурхондарёлик йигитлар борлигини эшитиб, излашга тушди. Термиз туманидаги Таллимарон қишлоғидан келган Ёрмуҳаммад билан танишгач, олис-олисларда қолган юртини кўргандай бўлди. Тез орада улар ака-укадек бир-бирига суянч бўлиб қолишди. Ёрмуҳаммад қўлини дуога очиб, Яратганга илтижо қилди: “Илоҳим, Ўзинг қўлла, жангда ғолиб чиқиб, юзимиз ёруғ бўлиб, уйимизга соғ-саломат қайтишни насиб эт”.
“Эшмирза, душманларни йўқ қилиб, уйга қайтиш насиб қилса, мен сени меҳмон қилиб, қўй сўяман. Эшмирза, сен Ватанимиз қовунини яхши кўрасан-а? Шомда қовунни сўйиб ўтов устига қўяман. Эрталаб олиб еймиз, ширин бўлади-да. Шу ниятларимиз ҳаммамизга насиб этсин”, деб дуо қилиб, Ёрмуҳаммад дўсти Эшмирзани бағрига босди. Шиддатли жангдан сўнг Эшмирза дўсти Ёрмуҳаммадни учратмади. Ва ниҳоят, 1945 йил уруш тугади.
Эшмирза соғ-саломат қайтиб, қиш­лоқдаги ишини давом эттирди. Уруш йилларидан сўнг, қақроқ ерларга сув келтириш учун Таллимарон каналини қазиш ишлари бошлаб юборилди. Рабатаклик ҳашарчилар билан Таллимаронга келган Эшмирза дўстининг тириклигини эшитиб, йиғлаб юборди. Одамлардан дўсти Эшмирза ҳам келганини эшитган Ёрмуҳаммад эса от чоптириб, зум ўтмай етиб келди. Икки дўст бир-бирларини узоқ вақт бағрига босиб, йиғлаб кўришдилар.
Ёрмуҳаммад фронтдаги воқеаларни эслаб, қилган дуосининг ижобати учун Аллоҳга шукр айтиб, дўсти Эшмирзани уйига чорлади. Қўй сўйиб, меҳмон қилди. Шомда қовун сўйиб, косалаб ўтовнинг устига қўйиб, эрталаб тонгда қовунни олиб йиғлаб-йиғлаб ейишди. Машъум уруш майдонларида қадрдон бўлиб қолгандан сўнг айрилган дўстлар орадан йиллар ўтиб қайта учрашгач, ўзаро дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди. Фарзандлари, набираларини бир-бирларига таништириб, дўстлик ришталарини боғладилар. Мустақил, обод, доруломон кунларга Эшмирза ва Ёрмуҳаммад бобо етмаган бўлса-да, уларнинг зурриётлари бу кунларга етиб, боболарининг эзгу орзу-ниятларини амалга ошириб келмоқдалар.

Нишон ЭШМИРЗАЕВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Биз ва... Ҳожар онамиз
#Аёллар_саҳифаси

– Юрагим сиқиляпти... – ҳазин овоз эшитилади гўшакдан.
– Ие, нега? – қувноқроқ оҳангда сўрашга ҳаракат қиламан.
– Эртани ўйлаб...
– Индинни-чи? – гапни яна ҳазилга буришга уринаман.
– Аҳвол шу бўлса, индинни қўйинг, эртадан нима умид?..

“Кўрасиз, ҳаммаси яхши бўлади”, тасалли бераман. “Ҳа-а”, дейсиз ишончсиз оҳангда. У ёқ-бу ёқдан мисоллар келтириб, юпатаман. Бу ҳаракатларим деярли самара бермайди, на сиз, на ўзим таскин оламан. Чунки айтганларимнинг ҳаммаси тилимдангина чиқади, дилимда эса... Ўзимнинг кўнглим тўла келажакнинг қайғуси бўлгач, гапларим сизнинг қалбингизга қандай таскин берсин? Юрагимни сизни маҳзун қилаётган ўйлардан ҳам оғирроқ хаёллар босиб, ўзимни овутолмай турган ҳолимда, сўзларим бошқага юпанч бўлармиди?..

Ҳафсаласиз хайрлашиб, гўшакни қўйдингиз. Сиздан хафа бўлмайман, ўзимдан оғринаман – таваккулдан шунча узоқманми? Ахир, мен Ҳожар онамизни, ҳаёт нишонаси бўлмаган тоғлар орасидаги водийда муборак гўдакни кўтарганча ёлғиз қолган муборак аёлни ўзимга ўрнак билмаганмидим? Агар бошга синов келганида умидсизликка тушиш керак бўлса, Ҳожар онамиз тушиши керак эмасмиди? Мен нега умидсизман, менга нима етишмайди, теранроқ назар ташласам, ҳамма нарсам бор-ку! Ваҳоланки, моддият нуқтаи назаридан менда бор неъматларнинг кўпи ўша пайтда Ҳожар онамизда йўқ эди. Бори шу – кимсасиз, озуқа ҳам, ичимлик ҳам топиб бўлмайдиган жой, бир оздан кейин тугайдиган хурмо, сув. Неча марталаб сўраган саволлари жавобсиз қолди: “Эй Иброҳим, бу водийда ҳеч нарса йўқ-ку, бизни кимга ташлаб кетяпсиз?”

Ниҳоят: “Бу Аллоҳнинг амрими?” дейилган сўровга: “Ҳа” жавобини олди ва илоҳий буйруққа бўйин эгди: “Агар Аллоҳнинг амри бўлса, мен Унга таваккал қиламан. У мени зое қилмайди, ташлаб қўймайди”. Иброҳим Халилуллоҳ (алайҳиссалом) дуо қилдилар: “Эй Раббимиз! Мен зурриётимдан (бир қисмини – ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Эй Раббимиз! (Улар) намозни баркамол адо этсинлар деб (шундай қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгин ва уларни (барча) мевалардан озиқлантиргин, шояд (шунда) шукр қилсалар” (Иброҳим, 37).

Ҳожар онамизда катта имон кучи ва таваккул бор эди. Чиройли сабр ва таваккулнинг мукофотлари кўп гўзал бўлди. Замзам суви ато қилинди, чақалоқ улғайди, унга пайғамбарлик берилди, Ҳожар онамизнинг Сафо ва Марва орасида сув қидириб югуришлари ҳаж ибодати амалларидан бири бўлди. Муборак она ва бола баракотидан улар ўрнашган жойга одамлар кўчиб келишди, ҳаёт бошланди, вақтлар ўтгани сари кенгайди, такомиллашди ва дунёдаги энг гўзал, бугун дунё мусулмонлари қутлуғ ибодат учун шошадиган муқаддас шаҳарга айланди!

Шуларни билатуриб, эртанинг ғамини чексак ярашадими, дўст? Гуноҳ, исён ичра эканимиз, сабрсизлигимиз, таваккулдан узоқлигимизни ўйлаб, кўзёш тўкишимиз керакмасми?..

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ИМОН САБОҚЛАРИ
#Динимизни_ўрганамиз

Қуръон Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нозил этилган. У мусҳафларда битилган. Қуръон оятларининг барчаси Аллоҳнинг каломи бўлганидан фазилатда ва улуғликда тенгдир. Аммо баъзи оятларида ҳам зикр фазилати ва ҳам зикр қилинганнинг фазилати бор. Бунга мисол, Оятул Курсийдир. Унда Аллоҳнинг улуғлиги, буюклиги ва сифатлари зикр қилинган. Демак, мазкур оятда икки фазилат жам бўлган, яъни зикр фазилати ва зикр қилинганнинг фазилати.

Қосим, Тоҳир ва Иброҳим Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ўғилларидир. Фотима, Руқия, Умму Гулсум ва Зайнаб Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларидир.

Агар мўмин кишига Тавҳид илмининг нозик масалаларидан бирортаси тушунарсиз бўлса, шу заҳоти бир олимни топиб ундан сўраб билгунга қадар, "Аллоҳ олдида қандай тўғри бўлса, шундай эътиқод қилдим", демоқлиги лозимдир.

Меърож тўғрисидаги хабар ҳақдир. Ким уни рад этса, аҳли сунна вал жамоадан ажралган ва адашган бўлади.

Дажжолнинг ва Яъжуж-Маъжужнинг чиқиши, Қуёшнинг ғарбдан чиқиши, Исонинг (алайҳиссалом) осмондан тушиши саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлган.

"Фиқҳул Акбар" китобидан.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

МИССИОНЕРЛИК – МАЪНАВИЙ ХАВФСИЗЛИККА ТАҲДИД
#Долзарб_мавзу

Миссионерлик, содда қилиб айтганда, бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.

Бугунги кунда миссионерлик фаолияти билан шуғулланувчи секта вакиллари соф диний ғояларни эмас, балки сиёсий мақсадларни кўзлаган ҳолда фаолият олиб боришмоқда. Дунё бўйлаб фаолиятини кенг ёйишга интилаётган миссионер ташкилотларнинг мақсадини икки – иқтисодий ва сиёсий гуруҳга бўлиш мумкин.

Иқтисодий мақсад – одамларнинг диндорлик туйғуларидан фойдаланган ҳолда уларни гўёки хайр-эҳсон қилишга даъват этиш ва шу орқали мўмай даромадга эришишда кузатилади. Айниқса, турли бузғунчи секталар ўз издошларидан кўпроқ маблағ ундириш мақсадида қиёмат қойимнинг аниқ санасини эълон қилиш амалиётидан кенг фойдаланишади. Чунки инсон ўз умри тугаб бораётганини ҳис қилса, бор имкониятидан фойдаланиб, қолган ҳаёти давомида эзгулик, хайр-эҳсон қилишга, бойлигини ўзи хайрли деб билган ишларга сарфлашга интилади. Бу психологик жараёндан секта раҳбарлари усталик билан фойдаланишади. Жумладан, секта вакиллари томонидан 1914, 1918, 1925, 1941, 1982 йилларда охир замон бўлади, деб эълон қилинишида ҳам айнан шундай мақсад кўзланган эди. Бундай таги пуч маълумотдан таъсирланган ва лаққа ишонган кўплаб сармоядорлар маблағлари, ҳатто кўчмас мулкларини ҳам секта раҳбарлари номига ўтказиб беришади. Бундай ҳолатлар славян давлатларида кўп кузатилади.

Миссионерликдан кўзланган иккинчи мақсад эса бундан ҳам даҳшатлироқ бўлиб, у сиёсий мақсадларга йўналтирилади. Бунда, ўз диний таълимотларини тарғиб қилиш йўли билан ўзларига хайрихоҳ бўлган гуруҳларни шакллантириш ва шу орқали муайян мамлакат ва ҳудудда ўз таъсирини ўрнатиш кўзланади. Буни улар олиб бораётган фаолият, тарғибот-ташвиқотларидан англаш қийин эмас. Жумладан, айрим секта аъзолари ташқаридан келаётган барча маълумотларни ёлғон ва зарарли, деб билишади. Шунингдек, баъзи миссионерлик ташкилотлари ўз аъзоларига оила қуришни ман этади, улар даромадларининг деярли барчасини ушбу жамоа раҳбариятига топшириш талабини қўяди.

Миссионерлар ўз мақсадига эришиш учун бир қанча усулларни ишлаб чиққанлар. Улар кўпроқ аҳолининг ёшроқ қатламини қамраб олишга ҳаракат қилишади. Жумладан:

– ёшларга чет тилларини, компьютерда ишлашни ўргатиш баҳонасида ўқув курслари очиш ва мазкур жойларда ўз динига тарғиб қилиш, хорижга ўқишга, ишга ёки чет эл фуқароси билан оила қуриш учун жўнатиш баҳонасидан фойдаланиш, ўсмирларни черков қошидаги ёзги оромгоҳларга жалб қилиш ва шу ерда таъсир ўтказиш;

– нодавлат-нотижорат ташкилотлар сифатида инсонпарварлик ёрдами (пул, дори-дармон, кийим-бош, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш) кўрсатиш ниқоби остида миссионерлик ҳаракатларини олиб бориш, маҳаллий тилда ўз ғояларига тўлиб-тошган газета-журналларни нашр этиш ва аҳоли ичида тарқатиш;

– бепул тиббий ёрдам марказларида беморлар ичида тарғибот ўтказиш йўли билан одамлар орасига киришга уринишади.

Миссионерлар дунё бўйича демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари устувор аҳамият касб этиб бораётганидан ҳам ўз манфаатлари йўлида усталик билан фойдаланишмоқда. Жумладан, уларнинг фаолияти қайси давлатда тақиқланса, гўёки инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида жар солишади. Эътиқод эркинлиги бошқаларни ўз динига алдов ёки зўрлик йўли билан киритиш ҳуқуқини бермайди. Республикамизда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, “Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар”.

Шукрулло ЖЎРАЕВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Яхшиликлар жамланган дуо
#Динимизни_ўрганамиз

Аллоҳ таоло кўп дуо қилувчи ва дуоларида ҳаддан ошмаган бандаларини яхши кўради. Дуо узун ва қофияли эмас, балки қисқа ва жамловчи бўлиши лозим. Аллоҳ таоло дуода ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди: «Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай» (Аъроф, 55). Дуони одамлар кўрсин ёки эшитсин деб узун, қофияли қилиш, дуода фақат дунёсини сўраш дуода ҳаддан ошишдир. Аллоҳ таоло дуолар қабул бўладиган ўринлар ва қандай дуо қилиш ҳақида таълим берди. Фақат бу дунё яхшиликларини сўраб дуо қилувчиларга охиратда ҳеч қандай насиба йўқ: «Одамлар орасида шундайлари ҳам борки, улар: “Эй Раббимиз, бизга шу дунёда бергин”, дейдилар. Ваҳоланки, уларга охиратда насиба йўқдир» (Бақара, 200). Икки дунё яхшилигини сўровчиларга икки дунёда ҳам ўша сўраган яхшиликлари берилади: «Яна шундайлари ҳам борки, улар: “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, дейдилар. Айнан ўшаларга қилган ишларидан насиба (савоб) бордир. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи Зотдир» (Бақара, 201–202).

Энг афзал дуо Қуръон ва суннатда келган дуолардир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръони каримдаги Бақара сураси 201-оятда келган дуони кўп такрорлар эдилар ва бошқаларни ҳам шу дуони қилишга чақирардилар. Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг кўп айтадиган дуолари “Аллоҳумма роббана атина фид дуня ҳасанаҳ ва фил ахироти ҳасанаҳ вақина азабан нар” (“Ё Аллоҳ, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”) дуоси эди (Имом Аҳмад ривояти). Яна Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир касалнинг зиёратига бордилар. У худди жўжадек (оғзини зўрға очадиган) бўлиб қолган эди. Унга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таолога бирор нарса сўраб дуо қиляпсанми?” дедилар. У: “Ҳа, ё Аллоҳ, охиратда менга азобинг бўлса, бу дунёда бергин, деб сўрайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Субҳаналлоҳ! Бунга тоқатинг етмайди. Ё Аллоҳ, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин, деб дуо қилмайсанми!”» деб таълим бердилар. У саҳоба (розияллоҳу анҳу) шундай дуо қилгач, Аллоҳ унга шифо берди (Муслим ривояти).

Анас (розияллоҳу анҳу)нинг ўзи ҳам ана шу дуони кўп такрорлар эди.

Абдуссалом ибн Шаддод ривоят қилади: Мен Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ҳузурларида эдим. У кишига Собит: “Биродарларингиз сиздан ҳақларига дуо қилишингизни сўрашяпти”, деди. Шунда Анас (розияллоҳу анҳу): “Ё Аллоҳ, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин” деб дуо қилди.

Улар бир муддат суҳбатлашдилар. Сўнг турмоқчи бўлганларида Собит яна: “Эй Абу Ҳамза (Анас), биродарларингиз туришмоқчи, уларнинг ҳақларига дуо қилинг”, деди. Шунда Анас (розияллоҳу анҳу): “Сизга тушунтириб беришимни хоҳлайсизми?! Аллоҳ сизларга бу дунёда ҳам яхшилик ва охиратда ҳам яхшилик берса ва сизни дўзах азобидан сақласа, шубҳасиз, сизларга яхшиликларнинг ҳаммасини берибди”, деди (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Мўмин банда дунё деб охиратни эсидан чиқариб қўймаганидек, охират деб бу дунёни ҳам четга суриб қўймайди. Балки икки дунёдан насибасини олади. Ҳикматларда келганидек “Дунё охират экинзоридир”.

Дуо қилувчи икки дунё яхшилигини ўзигагина эмас, ҳаммага сўраши лозим. Зеро, зикр қилинган ояти каримада ана шунга ишора бор.

Салоҳиддин ШАРИПОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Кимки улуғроқ, анга хизмат керак,
Улки кичикроқ, анга шафқат керак.

Алишер Навоий

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“ЧАҚИМЧИ ЖАННАТГА КИРМАЙДИ”
#Ёмонликдан_қайтариш

Оила, жамиятнинг мустаҳкамлиги ва тинчлигига путур етказадиган салбий ҳолатлардан бири чақимчиликдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мусулмонларни ушбу иллатдан қайтариб, бундай дейдилар: “Сизларга энг ёмонларингиздан хабар берайми? Улар чақимчилик орқали дўстлар ўртасини бузиб, айбсизларга қийинчилик истаб юрувчилардир” (Имом Аҳмад ривояти).

Гап оғиздан-оғизга ўтганда кўпинча мазмун-моҳияти ўзгаради. Яхшилик маъносида айтилган фикр мутлақо акс тарзда етказилиши мумкин. Ожиз бандамиз – жаҳл устида ёки билмай ножўя бирор гап айтиб қўйиб, кейин афсусланадиган ҳолатларимиз ҳам бўлади. Ана шундай вазиятлардан одамларнинг орасини бузиш ёки бировга яхши кўриниш учун фойдаланиб қоладиганлар бор. Аммо чақимчилик ҳеч кимга наф келтирмайди. Бир-биридан ранжиган икки томон ўртасида кўнгилхиралик, адоват пайдо бўлади. Гап чаққан эса бузғунчилиги учун гуноҳга ботади. Қолаверса, кимнидир гиж-гижлаб, мақсадимга эришаман деганлар адашади. Ундайлар фасод қилмишлари учун охир-оқибат ўзи ҳам ҳаммага ёмон кўринади.

Мусулмон киши тилини фойдасиз сўзлардан сақламоғи лозим. Бу хусусда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дейдилар: “Кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, фақат яхши, фойдали гапни гапирсин, бўлмаса жим турсин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Инсон ҳар бир сўзига масъул эканлигини унутмаслиги лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир”, деб марҳамат қилади (Инфитор, 10-11).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадиси шарифларидан бирида: “Чақимчи жаннатга кирмайди”, дея огоҳлантирганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Мусулмоннинг зийнати гапга чечанлиги эмас, мавриди келганда гапириб, ўрни келганда сукут сақлай билиши эканини ёдда тутайлик.

Мақсудали ҚОСИМОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

#Сийрат

"Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) араб жазирасига саййид бўлиши билан бирга, унвон ҳақида ўйламасди, уни эгаллаш учун ҳаракат ҳам қилмасди. У мусулмонларнинг ходими эди. Уйини ўзи тозаларди, олижаноб ва саховатли эди. Бирор камбағал ёки ҳожатманд киши ундан бирор нарса сўраб келса, унга ўзида бор нарса билан мурувват кўрсатар эди".

Эвелин Коболд

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ҚИЁМДА ҚЎЛЛАР ҲОЛАТИ
#Динимизни_ўрганамиз

Бу масалага доир баъзи ҳадислар:

Воил ибн Ҳужр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У айтади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг намозда ўнг қўллари билан чап қўлларини ушлаб, киндик остида тутганларини кўрдим” (Ибн Абу Шайба).

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) айтдилар: “Кафтни кафт устига қўйиб, киндик остида тутиш намозда суннатдандир” (Имом Аҳмад ва Дорақутний ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) деди: “Намозда кафтни кафтга қўйиб киндик остида тутилади” (Абу Довуд ривояти).

Абу Миъшар Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилади: “Намозда ўнг қўлининг (кафтини) чап қўли устига қўйиб, киндик остида тутади” (Ибн Абу Шайба ривояти).

Ҳажжож ибн Ҳассон айтади: «Абу Мижлаздан “Қандай қилади?” деб сўрадим. У айтди: “Ўнг кафти ичини чап кафти устига қўйиб, киндикдан пастда тутилади» (Ибн Абу Шайба ривояти).

Ҳанафий мазҳаби китобларида бу масала қуйидагича баён қилинган:

Муҳаммад ибн Абу Саҳл Сарахсийнинг «Мабсут» асаридан:

«Али (розияллоҳу анҳу) айтдилар: “Намоз ўқувчи намозда ўнг қўл (кафт)ини чап қўл устига қўйиб, киндиги остида тутиши суннатдир” (Воил ибн Ҳижрдан ривоят қилинган). Марфуъ ҳадисда (“қўйиб” сўзи ўрнига) “ушлаб” дейилган. Кўпчилик шайхларимиз шу икки ривоятни жамлаб, ўнг кафти ичини чап кафти устига қўйиб, бош бармоқ билан жимжилоқни билак атрофида ҳалқа қилиб ушлайди. Шунда икки ҳадисга ҳам амал қилган бўлади. Қўлларни қўйиш ўрни эса, бизнинг наздимизда афзали – киндикнинг остидир... Бизнинг далилимиз, ривоят қилганимиздек, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисидир. Суннат, агар умумий айтилса, ундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатлари тушунилади.

Алоуддин Косонийнинг «Бадоиъус саноиъ» китобидан:

«(Қўлларни) қўйиш жойи эса, эркак киши учун киндикнинг остидир... Бунга бизнинг далилимиз Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қилганимиз бу ривоятдир: “Уч нарса пайғамбарларнинг суннатларидандир. Намозда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, киндик остида тутиш улар жумласидандар”».

Бурҳониддин Марғиноний «Ҳидоя»да айтади:

“Ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, киндик остида тутади. Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, киндик остида тутиш суннатдандир”, деган ҳадисларига кўрадир... Чунки (қўлларни) киндик остида тутиш, таъзимга яқиндир”.

Қиёмда қўлларини бундан бошқа жойларга қўйиш ёки қиёмда қўлларни «ирсол», яъни осилтириб туриш, тўрт мазҳабдан бирортасига тўғри келса, ўша мазҳабдагилар учун тўғри бўлади.

Аёллар қўлларини ўнг кафтларини чап кафтлари устига қўйиб, кўкраклари устида тутадилар.

Абдулазим МУҲАММАДИЙ тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ОЛАМНИНГ ОЛТИН ҚОНУНИ
#Яхшиликка_чақириш

Меъёр азал-азалдан борлиқнинг олтин қонуни сифатида қадрланиб, ижтимоий ҳаётда, шахсий-оилавий турмушда, руҳий оламда ҳам унга амал қилишга интилиб келинади. “Меъёр” сўзи “олтин оралиқ”, чегара, маром, зарурий миқдор, мўътадиллик, мукаммаллик, мувозанат каби тушунчаларни ўзида жамлайди. Бир сўз билан айтилса, табиатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам тараққиёти ё таназзули меъёрга бўлган муносабатга, унга қай даражада амал қилинишига боғлиқдир.

“Кишининг ақлли ёки ақлсизлигининг аломати ўз эҳтиёжидан ортиқча дунёга кўнгил қўймаслиги ёки кўнгил кўйишидадир”, дейди Аҳмад Дониш ҳазратлари. Ақлли инсон фақат зарур даражада мол-дунё орттиради. Ақлсизлар эса бу борада меъёрни унутади. Мол-дунёга ҳирс қўяди. Натижада эса ўз бойликлари, ҳирс-ҳаваслари қулига айланиб, ҳаётнинг асл моҳиятидан бехабар, бебаҳра ўтади. Меъёрнинг ҳар қандай кўринишдаги бузилиши хасталикларга сабаб бўлади.

Инсонга зийнат бахш этувчи сифат-фазилатлардан бири нафсни жиловлаб олиш, ейиш-ичишда меъёр сақлай билишдир. Бундай кишилар ҳамиша соғлом, бардам, хушсурат, яхши ахлоқ билан ажралиб туради. Баднафслик оқибатлари эса аянчлидир. Кўп ейиш оз ейишдан ҳам маҳрум қилади, дейди донолар. Яъни, овқатга ружу қўйиш соғлиқни издан чиқаради. Энг ёмони, нафси бузуқликдан нафақат тана, балки кишининг табиати ҳам зарар кўради. Ақл-идрок хира тортади. Зеҳн ўтмаслашади, ўй-фикрлар ҳам бадбинлашади.

“Мол қадрини билгувчи кишилар ўринсиз ерга бир тийин сарф қилмас, ўрни келганида эса мол-дунёсини аямас. Саховатнинг зидди бахиллик бўлгани каби, иқтисоднинг зидди исрофдир. Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни суймас. Тежамкорликка риоя қилган кишилар эса ҳамма вақт тинч ва роҳатда яшайдилар”. Абдулла Авлоний бу сўзларини давом эттириб, сафоҳат, яъни исрофгарлик энг ёмон хулқлардан ҳисобланади, дейди.

Агар инсон ҳар бир хатти-ҳаракатида меъёрни сақлай билса, бу унга зийнат бағишлаши, меъёрни билмаслиги эса кўпдан-кўп нохушликларга сабаб бўлиши ҳадиси шарифларда қайта-қайта таъкидланади. Масалан, ўзаро муносабатларда ҳазил-ҳузулнинг ҳаддан ошиши охир-оқибат адоват келтириб чиқариши ёки кўп кулиш юздаги нурни кетказиши ҳақида огоҳлантирадилар Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Қудсий ҳадисда эса: “Эй одам боласи, кифоя қилгудек ризқинг туриб, ҳаддингдан оширадиган молни истайсан. Эй одам боласи, озга қаноат қилмайсан, кўпга ҳам тўймайсан. Эй одам боласи, тонг отиб кўз очар экансан, танинг сиҳат, оиланг тинч, бир кунлик таоминг бўлса бор, ортиқча бойликни исташни қўй!” дея марҳамат қилинади. Биз ўз ҳаётимизда Қуръони карим амри, ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатлари, донишманд аждодларимиз панд-насиҳатлари ҳамда анъаналари асосида яшасак, оламнинг олтин қоидасига амал қилган бўламиз ва икки дунё саодатига эришамиз, иншааллоҳ.

Азимжон АЛИМЖОНОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

АБДУЛЛОҲ ИБН УМАР (РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ)
#Саҳобалар_ҳаёти

Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар Маккада, ҳазрат Умар хонадонида дунёга келди. Куняси – Абу Абдураҳмон. Отаси имонга келгач, у ҳам кичик ёшида мусулмон бўлди. Болалигиданоқ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан кўп вақт бирга бўлгани сабаб у зотдан энг кўп ҳадис ривоят қилган ва илм ўрганган саҳобалардан саналади.

* * *

Абдуллоҳ ибн Умар илмнинг барча соҳалари, жумладан, тафсир бўйича ҳам пешқадам эди. Шунингдек, ҳадис ҳофизлари орасида ҳам етакчи ўринда турувчи Абдуллоҳ ибн Умар унутиш ва адашишдан қўрқиб, эшитган ҳадисларини доим ёзиб борар, зарурат бўлмагунича ҳадис ривоят қилмасди. Бизгача етиб келган ҳадис китобларида у зотдан ривоят қилинган икки минг олти юз ўттизта ҳадис бор. Улардан бир юз олтмиш саккизтасини Имом Бухорий ва Имом Муслим биргаликда ривоят қилган бўлса, алоҳида ҳолда Имом Бухорий саксон бир, Имом Муслим ўттиз бир, Аҳмад ибн Ҳанбал икки минг ўн тўққизта ҳадис ривоят қилган. Қолганларини бошқа муҳаддислар тўпламларига киритишган.

Ибн Умар ҳалол-ҳаром мавзуидаги ҳадисларни энг кўп ривоят қилган саҳобадир.

У киши фиқҳ соҳасида ҳам шуҳрат қозонган бўлиб, Мадинанинг кўпгина фақиҳлари бу улуғ саҳобадан таълим олишган. Аҳси суннатнинг тўрт улуғ олимидан бири – Имом Молик мазҳабининг асосини Абдуллоҳ ибн Умарнинг фатволари ташкил этади.

* * *

У жўмард, ҳалим одам бўлиб, қул ва жорияларини ибодат қилаётган ҳолда кўрса, озод қилиш одати бор эди. Бундан айрим қуллар фойдаланаётгани айтилганида: «Хайр учун алданишдан яхшиси борми?» деб жавоб қилди. Улуғ тобеинлардан Имом Нофеъ ҳам Ибн Умар озод қилган қуллардан эди.

Ибн Умар бир киши золим Ҳажжожга қарши гапираётганини эшитиб, сўради: «Гапларингни Ҳажжож шу ерда бўлса ҳам айта олармидинг?» «Йўқ», деган жавобни эшитиб, айтди: «Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида буни мунофиқлик ҳисоблардик».

* * *

У зот нопок ва шубҳали нарсалардан сақланар, дунё муҳаббатидан узоқ, ҳар ишда жуда диққатли эди. Кечки овқатни ҳеч қачон шериксиз емас, оч қолмасдан овқатланмас, жуда оз ерди. Ироқдан зиёратига келган бир дўсти у кишига дори бериб, ҳазмга ёрдам қилишини айтди. «Унда буни бошқа бирортасига бериб юбор, – дедилар Ибн Умар. – Чунки мен шу пайтгача бирор марта қорним тўйгунича овқат емадим, бундан кейин ҳам бу дори менга керак бўлмайди».

* * *

Макка фатҳи куни Ибн Умар чопқир от миниб олган эди. Йигирма беш ёшлардаги навқирон йигит бу ҳолатида жуда ҳайбатли кўринарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни: «Абдуллоҳ! Мана, Абдуллоҳ!» деб мақтадилар завқ билан. Маккага Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туяда, Ибн Умар от устида ёнма-ён кириб боришди.

Абдуллоҳ ибн Умар Ҳунайнда катта қаҳрамонлик кўрсатди. Тоиф қамалида қўшиннинг манглай қисмидан жой олди. Мутъа ва Ярмукда қатнашди. Хулафойи рошидин даврларидаги сафарларда иштирок этди. Шунга қарамай, у зот кўпроқ илм оламида шуҳрат қозонди. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) айтади: «Ибн Умар юриш-туриш ва ҳаракатларида Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жуда ўхшарди». Тафсир, фиқҳ, ҳадис ва бошқа илмларда пешқадам эди. Фатво борасида жуда ҳассос бўлиб, Имом Моликнинг хабар беришича, Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўнг ҳаж мавсуми ва бошқа пайтларда инсонларга олтмиш йил фатво берди.

* * *

Абдуллоҳ ибн Умар ҳижрий етмиш тўртинчи йилида саксон тўрт ёки саксон беш ёшида вафот этган ва Муҳассаб деган жойга дафн этилган.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

Шоакмал ШОАКБАР ўғли тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

CЕМИРИШ ХОТИРАНИ СУСАЙТИРАДИ
#Янгиликлар

Инглиз олимлари ҳаддан зиёд семириш ақлий фаолиятнинг ривожланишига путур етказишини аниқлади.

Лондон университети олимларининг сўзларига кўра, ниҳоятда оғир вазнли кишилар нафақат қон босими хасталиги билан оғрийди, балки уларда хотира пасайиши жараёни ҳам кечади. “The telegraph” нашрининг ёзишича, 50-60 ёшдаги 6500 киши билан олиб борилган узоқ йиллик тадқиқотлар натижасида шундай хулосага келинган.

Маълумотларга қараганда, жуда оғир вазнли кишилар қонида меъёридан ортиқ холестерин моддаси бўлади. Бу эса уларнинг қон босими ошишига олиб келади. Семизлик, шунингдек, қандли диабетга чалинишга ҳам сабаб бўлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Ҳазрат Имоми Аъзам дарс айтиб турганларида бир киши келиб ҳар хил ёмон сўзлар билан у зотни сўкди. Имоми Аъзам бутун диққатларини дарсга қаратиб, унга эътибор бермади. У одам сўкишдан тўхтамас эди. Улуғ имом ҳатто шогирдларини ҳам унга гапиришдан қайтариб, шу зайлда дарсни тугатди. Сўнг уйларига жўнадилар. У киши ҳам ортидан эргашди. Уйига етганида у кишига қараб бундай деди: “Мана бу менинг уйим, агар дилингда яна ҳақорат ва сўкиш қолган бўлса, айтиб кет, яна ичингда кетмасин”. У киши ҳайрон қолди ва уялди.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Шунингдек, Зайд ибн Ҳорисанинг (розияллоҳу анҳу) Сабл номли оти бор эди. Зайд (розияллоҳу анҳу) айтди: “Аллоҳ, албатта, Сен мана шу отимдан кўра севимлироқ молим йўқлигини биласан”, деди-да, уни Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб келди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Усомага (розияллоҳу анҳу): “Буни олгин”, дедилар. Бундан Зайднинг (розияллоҳу анҳу) кўнгли оғригандай бўлди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (Зайд ибн Ҳорисага): “Аллоҳ буни сендан қабул қилди”, дедилар.

Умар ибн Абдулазиз (раҳматуллоҳи алайҳ) шакар сотиб олар ва уни садақа қилиб юборар эдилар. У кишига одамлар: “Шакарнинг пулини садақа қилиб қўя қолсангиз бўлмайдими?” дейишди. “Шакар мен учун жуда севимлидир. Шунинг учун севимли бўлганини инфоқ қилишни хоҳладим”, деди.

Иккинчи оятдаги “бирр” – яхшилик хусусида турли фикрлар билдирилган. Яхшиликни “жаннат” деб тафсир ҳам қилганлар. Ибн Масъуд, Аъто, Мужоҳид, Умар ибн Маймунлар (розияллоҳу анҳум) оят замирида “Ўзингиз яхши кўрган нарсани инфоқ қилмагунингизча яхшилик савобига ета олмассиз”, деб келтирадилар. “Бирр”ни яна солиҳ амал ҳам деганлар. Чунки бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ўзингизга ростгўйликни лозим тутинг. Чунки у яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди”, деб айтилган. Атийя Авфий: “Ўзингиз саломат, бойликни истаб, фақирликдан қўрқиб турган ҳолингизда садақа қилмагунингизча диннинг шарафига ва тақвога эришолмайсиз”, деди.

Ислом шариатида хайру эҳсоннинг йўллари ва яхшилик эшиклари кўп, инсон қай бирини Аллоҳ розилигини кўзлаб амалга оширса, улуғ ажр ва савобларга эга бўлади. Биз ўрганган ҳадисга мувофиқ мўмин банда ўзи яхши кўрган молидан берса, имоннинг камолотини топган, мақталган даражалардан бирига етган бўлади. Албатта, бу ҳадиснинг бир жиҳати. Мўмин мўминга моддий нарсалар қаторида маънавий яхшиликларни ҳам илиниши, ёмонликлардан қайтариши, биродарининг ҳам камолотига ёрдам бериши керак.

Нилуфар САИДАКБАРОВА

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

"Ўзингиз яхши кўриб, афзал билган нарсангизни инфоқ қилмагунингизча яхшиликнинг ҳақиқатига етолмайсиз, аброр бандалардан бўлолмайсиз".

Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ)

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

* * *

“Ана, овсиним кетма-кет қиз туғди, шундаям ҳар айтгани муҳайё. Шунча ўғил туғиб берганимдан кейин, эрим айтганимни қиладиям-да, қилмай кўрсин-чи!”

“Менга уйланганмисиз, таъминлашга мажбурсиз! Нима қилсангиз, қилинг, биз ҳам бошқалардай яшайлик!”

...Иброҳимнинг (алайҳиссалом) фарзандлари йўқ эди, Ҳожар онамиз ўғил туғиб берди. Уларни кимсасиз чўлга ҳеч вақосиз ташлаб кетдилар. Ҳожар онамизда нима қолди? Иброҳимнинг (алайҳиссалом) дуолари, эмизикли чақалоқ, Аллоҳга бўлган мустаҳкам ишонч ва таваккул...

Эрининг орқасидан югуриб, ёқасига ёпишмади. “Сизга ўғил туғиб бердим, мени ташлаб кетолмайсиз”, демади. Эри пайғамбар эди, фарзанди туғилди – бу неъматларни Аллоҳдан деб билди. Ўша неъматлар билан имтиҳон қилинди. Эри уни мурғак гўдаги билан саҳрода қолдирди – бу синовни ҳам Аллоҳдан билди. “Мен аёлингиз эмасманми, бу ўғлингиз эмасми? Нега бу мусибат менинг бошимга тушди?” деб маломат қилмади. Бир оғиз гап айтди: “Аллоҳга таваккал қилдим, у бизни зое этмайди”. Синов ҳамма нарсани бор ҳикмати билан қамраган Аллоҳдан эканини билган Ҳожар онамиз бошига келган машаққатни эридан ахтариб, унга боғлашни хаёлига ҳам келтирмади...

* * *

Биз Ҳожар онамиздек бўлолмаймиз, бу аниқ. Бироқ бу ҳеч нима қилолмаймиз, дегани эмас. Бизда имкон бор – ўрнак олиш, ўзимизни тузатиш, назорат қилиш имкони. Синовлар эса, сабрда, таваккулда собит мўминга икки дунё яхшиликларининг, ёруғликларнинг дебочаси бўлади, иншааллоҳ.

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Ҳақиқий муҳаббат яхшилик сабабли зиёда бўлмайди, жафо сабабли нуқсонга учрамайди.

Яҳё ибн Муоз (розияллоҳу анҳу)

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Ҳар бир нарсанинг жавҳари бор. Инсоннинг жавҳари ақл, ақлнинг жавҳари эса тавфиқ (ҳидоят)дир.

ИМОМ МУҲОСИБИЙ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Сафарда бўлган эр хотинига sms орқали “талоғини берса”, аёлига талоқ тушадими?

Жавоб: Ҳа, талоқ тушади. Агар бир киши хатда аёлига талоқ берса, унда ёзилганидек талоқ тушади. Хат ёзилган кундан эътиборан идда бошланади. Агар хатда: “Менинг талоқ хатим борганидан сўнг сен талоқсан” деб ёзилган бўлса, мактуб боргач, талоқ воқе бўлади (“Раддул муҳтор алад Дуррул мухтор”).

Талоқ сўзини айтишдан олдин етти ўлчаб, бир кесиш керак. Ҳадиси шарифда: “Бандаларга ҳалол қилинган нарсалар ичида Аллоҳ таолонинг ғазаби ва нафратини қўзғатадигани талоқдир”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Дуоимнинг ижобат бўлиши муҳим эмас. Балки қилган дуоим аҳамиятлидир. Агар мен ҳақиқий, ихлос билан дуо қилолсам, албатта, ижобат мен билан биргадир.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…
Subscribe to a channel