ҚУРЪОН ЎҚИЙДИГАН МЎМИН
#Ҳадис_шарҳи
Шарҳ. “Қуръон ўқийдиган мўмин худди утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин”. Утружжа апельсинга ўхшаган мевадир, у мевалар ичида энг яхшиси саналади. Унинг кўриниши чиройли, ранги сариқ-қизғиш, унга қараган инсоннинг кўзи қувнайди. Унинг ҳиди ёқимли ва мазаси ширин. Утружжа мевалар ичида энг сараси бўлгани учун Қуръон ўқийдиган мўмин шу мевага ўхшатилмоқда. У ўқиган Қуръон унинг зоҳирини ҳам, ботинини ҳам безатибди. Унинг ташқи кўриниши гўзал, хулқи чиройли ва қалби гўзал бўлади. Демак, комил мўмин бўлиш учун банда ҳам зоҳирини, ҳам ботинини ислоҳ қилиши керак экан.
“Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. Унинг ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин”. Имон кишининг сийратини гўзал қилади. Хурмонинг мазаси жуда ширин, аммо унинг ҳиди бўлмайди. Мўмин банда Қуръон ўқиёлмаса ҳам асли қалби пок бўлади. Унда ёмонлик бўлмайди. Эътибор берсак, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нозик ўхшатиш орқали Қуръон ўқийдиган ва Қуръон ўқимайдиган мўмин ўртасидаги фарққа ишора этганлар ва Қуръон ўқишга тарғиб қилмоқдалар.
“Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, аммо мазаси аччиқ”.
Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг райҳонга ўхшатилишига сабаб шуки, мунофиқ қалбида касаллик бор. У тилида имон келтиргани билан қалбида имон бўлмайди. Аммо Қуръон қироати унинг зоҳирини чиройли қилиб туради.
Маълумки, райҳоннинг ҳиди ҳаммага хуш келади, аммо унинг баргини чайнаб кўрсангиз, аччиқлигига амин бўласиз. Мунофиқ ҳам шундай, фақат Қуръон ўқиши унга хушбўйлик бағишлайди, холос. Мўмин банда Қуръон ўқиш орқали қанчалик юксалишини шундан ҳам билиб олиш қийин эмас.
“Қуръон ўқимайдиган мунофиқ худди ҳанзала янглиғ ҳидсиз ва таъми аччиқдир”. Ҳанзала таъми ва ҳиди ёқимсиз бўлган ўсимлик туридир. Меваси апельсин катталигида бўлади.
Ҳам қалбида нифоқ аломати бор, ҳам Қуръондан узоқ бўлган банда ҳанзалага ўхшайди. Унинг таъми аччиқ, устига-устак, ҳиди ҳам ёқимсиз.
Ҳадисдан хулоса чиқарадиган бўлсак, ҳар биримиз аввало нифоқдан узоқ бўлишимиз, фақат зоҳиран мусулмондай кўриниб, аслида Исломга тескари бўлган ишларни қилишдан тийилишимиз керак. Аллоҳга имон келтириб, Қуръони каримни ўқиш ва унга ихлос билан амал қилиш орқали ҳадисда мақталган мўминлар сафида бўлиш қандай яхши!
Бундай амаллар туфайли мўминлар дунё ва охират саодатига мушарраф бўлишади.
Манбалар асосида Зиёвуддин РАҲИМ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Ота-онасига оқ бўлиб, розилигини ололмай қолган фарзанднинг гуноҳи охиратда кечириладими?
Жавоб: Ота-онага оқ бўлиш гуноҳи кабирадир. Абу Бакр Нафиъ ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Гуноҳи кабираларни сизга айтайинми?”, дедилар. Биз: “Ҳа, эй Расулуллоҳ!”, дедик. У зот: “Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш”, дедилар”. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)дан “Гуноҳи кабиралар кечирилмайдими?” деб сўрашганида бундай жавоб берганлар: “Ширкдан бошқа баъзи гуноҳлар мағфират қилинади. Мен уларни билмайман. Зеро, Қуръони каримда бундай дейилган: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди” (Нисо, 48).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
МУСУЛМОНГА ОЗОР БЕРИШ АЛЛОҲ ВА РАСУЛИГА ОЗОР БЕРИШДИР
#Тафсир
«Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар» (Аҳзоб, 58).
Динимизда ҳар қандай шаклдаги зулм, зўравонлик, фитна-фасод, бузғунчилик, қўпорувчилик, қароқчилик, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш, ноҳақ одам ўлдириш, нафақат инсонларга, ҳатто бирор жонзотга ҳам озор бериш қатъиян ман этилади.
Қуръони каримнинг кўп оятларида, жумладан, мазкур ояти каримада ҳам мўмин ва мўминаларга ноҳақ озор берган ва улар ўртасида фитна-фасод, бузғунчиликларни жорий қилган кимсаларга қаттиқ жазолар муқаррарлиги таъкидланади. Зеро, имон келтирган, солиҳ амаллар қилган ва гуноҳлардан тийилган мусулмонлар Аллоҳнинг дўстларидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ (эса) мўминларнинг дўстидир» (Оли Имрон, 68). Ҳадиси қудсийда бундай келган: “Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, ҳақиқатда унга қарши уруш эълон қиламан” (Имом Бухорий).
Озор турлича бўлади: ўлдириш, уриш, жароҳат етказиш, ҳақоратлаш, лаънатлаш, туҳмат, масхара, мазах қилиш, лақаб қўйиш, сўкиш, дўстлар орасини бузиш, фитна қўзғаш, зулм қилиш ва ҳоказолар озор ҳисобланади.
Мўмин-мусулмонларга озор бериш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га азият етказиш кабидир. У зот (алайҳиссалом)га озор бериш эса, Аллоҳ таолога азият етказиш ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг наздида дунёнинг йўқ бўлиб кетиши, мусулмон кишининг ўлдирилишидан енгилроқдир”, дедилар» (Имом Насоий).
Алишер Навоий ҳазратлари айтадилар: “Намозни тугатгач, устимда бир чумолини кўрдим. У таҳорат олган жойимдан менга илашганини билдим ва бир жонзотни ошёнидан жудо қилиш гуноҳи юкини ўйлаб, уни ўз жойига қўйиб келдим”. У зот бундай деганлар:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Тили ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган киши ҳақиқий мусулмондир”» (Муттафақун алайҳ).
Ҳақиқий мўмин-мусулмон оға-иниси, диндошигагина эмас, ҳатто ўзга диндаги шахсларга ҳам жабр, хиёнат қилмайди. Кези келганда, уларга иззат-икром кўрсатади. «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтадилар: “Ким аҳдлашган ғайридинга зулм қилса, ё унинг обрўсини тўкса, ёки унга тоқатидан ташқари нарсани юкласа, ёхуд ундан бирор нарсани унинг розилигисиз олса, қиёмат куни мен унинг хусуматчиси бўламан”» (Имом Абу Довуд). Агар ғайридинларга зулм қилиш шунчалик бўлса, мусулмон дўстига зулм қилганнинг ҳоли қандай бўлади?!
Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг ҳимоясидадир. Қуръонда бундай келган: «Албатта, Аллоҳ имон келтирганларни мудофаа қилур...» (Ҳаж, 38). Инсонларга озор берган ёки бераётганлар бу қилмишидан мағрурланмасин, балки огоҳ бўлсин, тийилсин. Йўқса, Аллоҳ дўстларига озор берганларни қандай жазолашни яхши билади. Жундуб ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳнинг ҳимоясидадир. Бас (эй инсонлар), Аллоҳ сизларни ўша ҳимояга тажовуз қилган ҳолда топмасин. (У Зот) кимни Ўзининг ҳимоясидаги нарсага тажовуз қилган ҳолда топса, уни юзи билан жаҳаннам ўтига ташлайди”, дедилар» (Имом Муслим).
Айбсиз мўминларга “озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар”.
Ёлғон энг улкан гуноҳдир, у бутун ёмонликларнинг бошидир. Аллоҳ таоло айтади:
«Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир» (Наҳл, 105).
«ЖЎЙБОРИ КАЛОН»
#Маълумотнома
Тарихдан маълум, Бухоро шаҳри бир қанча гузарлардан ташкил топган. Гузарлардан бирида жўйборилар, яъни, мавқеи юксак, ҳурматли шайхлар истиқомат қилган.
Ҳозирги Бухоро шаҳрининг жануби-ғарбидаги Жўйбор мавзеи жойлашган ҳудуд шайбонийлар сулоласидан Абдуллахон II (ҳукмронлик даври 1557–1598) фармони билан Бухоро девори қайта қурилгач, шаҳарга қўшиб олинади. Мавзе таркибида Жўйизор, Дасторбандон, Чақар, Жаъфарон маҳаллалари бўлган. Бу ерда масжид, мадраса, хонақоҳ, сардоба, ҳовуз каби иншоотлар қурилган. Солорҳаж (ҳажга борувчилар бошлиғи) дарвозаси ҳам шу мавзеда жойлашган. Ҳажга борадиган бухороликлар шу дарвозадан чиқишган. Кейинги асрларда у Қоракўл дарвозаси деб номланган (ҳозиргача шаҳарда сақланиб қолган ягона дарвоза). XX аср 20-йилларигача бу мавзеда Бухоронинг бадавлат хонадонлари истиқомат қилган. Жўйбор хожаларининг ақлу фаросати, донишмандлиги туфайли хону амирлар орасидаги низолар бартараф этилган.
XV–XVI асрларда Бухоро машойихлари нақшбандия тариқатини янгича шароитларда ривожлантирдилар. Машҳур Чор Бакрнинг авлодлари – Жўйбор хожалари ана шулар жумласидан. Улар шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида тарих саҳнасига чиқиб, кейинги юз эллик йил давомида Бухоро хонлигининг ижтимоий-сиёсий ҳаётига фаол аралаша бошлашди.
1559 йили Бухорода бўлган инглиз сайёҳи Антоний Женкинсон Жўйбор хожалари ҳақида бундай деган эди: “Бухорода диний раҳбар бор. Қиролга нисбатан унга кўпроқ қулоқ солишади, у ўз хоҳиши билан қиролни ўрнидан олиб, бошқасини қўя олади”.
«Жўйбори Калон» мадрасаси Субҳонқулихон даврида, яъни, XVII аср охири – XVIII аср бошларида Бухоро ҳокими Абдулазизхон фармони билан барпо қилинган. Мадрасанинг қурилишига Абдулазизхоннинг онаси Ойпошшабиби бош-қош бўлган. У ниҳоятда маърифатли, тақволи аёл бўлиб, мадраса учун маблағ аямаган. Мадраса билан бир қаторда «Волидаи Абдулазизхон» жоме масжиди ҳам қад кўтарган. Шунингдек, мазкур икки бино оралиғида ҳовуз – «Ҳавзи Нав» ҳам қурдирилган.
«Жўйбори» сўзи Ойпошша бибининг наслларига ишора бўлиб, «юксак мартабали», «улуғ мавқели» каби маъноларни англатади.
Советлар даврида мадрасадан турли мақсадларда фойдаланилган. Натижада ташландиқ ҳолатга келган. Ниҳоят истиқлол қуёши порлагач, 1992 йил 1 сентябрда мадраса иш фаолиятини қайта тиклади.
«Жўйбори Калон» билим юрти динлар тарихи ва назариясини чуқур эгаллаган, ўрта маълумотли диншунос, бошланғич араб тили мураббийси, диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи тайёрлашга ихтисослашган. Мадраса Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим бўлими тасдиқлаган режа асосида фаолият юритади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Йиллар ўтди. Бир тадбирда фарзанд тарбияси ҳақида маъруза қиладиган бўлдим. Одамлар елкасига қуш қўнса, сезмайдигандай диққат билан тинглашарди. “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “...Фарзандларингга одоб ўргатаман деб ҳассангни кўтарма, уларни Аллоҳ билан қўрқит!” дея тавсия қилганлар”, дедим. Шу пайт ёнимда ўтирган, тик сўзли инсон Анваржон домла: “Тақсир, ўрни келса, “Ур!” деганлар-ку”, деб луқма ташлади. Нафасим ичимга тушиб кетди. Хатоимни ўша лаҳзада тушундим. Дарҳол отам кўз олдимга келди. Миямдан яшин тезлигида: “Мирқот”ни бир кўрай девдим-а!” деган фикр ўтди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг сўзларини нотўғри тушуниб юрганим, раҳматли отам ҳақида ноўрин хаёлга борганим мени карахт қилиб қўйган эди.
Уйга келган заҳотим жавондан Мулла Али Қори (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг “Мирқотул мафотиҳ”ини олиб, кўз югуртирдим. Биринчи жилднинг 237-саҳифасида юқоридаги ҳадиси шариф шарҳи ёзилган эди: “Ва ло тарфаъ аънҳум аъсока адабан”, яъни, “Улар одоб ўрганишлари учун калтаклашингга лойиқ бўлсалар, уларга ён босиб, урадиган ҳассангни устларидан кўтариб қўймагин”. Нисо сурасининг 34-ояти: “Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг” маъносига риоя этган ҳолда, одоб бериш учун ургин, зинҳор азоб бериш учун урмагин...”
Субҳаналлоҳ! Устозларимизни ва умрини фарзандлар тарбиясига бағишлаган ота-оналаримизни Аллоҳ таоло раҳмати ила шод айласин!
* * *
Ота-оналар фарзандини бахтли кўриш учун жонини фидо қилишга тайёр бўлишади. Ҳаёти давомчиси, кўз қувончига совуқ шабадани ҳам раво кўрмайди. Аммо тарбия соҳасида хато қилишга ҳеч бир ота-онанинг ҳаққи йўқ. Фарзанд бу фидойиликни тушунсин ва унга сўзсиз итоат қилишни бахтининг кафолати деб билсин.
Азалий ва аслий душман шайтон қалбларга васваса солиб, отани боладан, эрни хотиндан, дўстни дўстдан ажратишга ҳаракат қилади. Бу ғанимга “тош” отиб, уни юракдан қувиш керак. Отанинг “одоб хипчини” шайтонга ўз вақтида отилган, ўта таъсирли, ҳалок қилувчи “тош” бўлса, ажаб эмас.
Сўзсиз итоат қилишни ўргатиш учун баъзи гўдакларга “одоб хипчини” зарур бўлса, отага уни қўллаши вожиб бўлади. Буни она қилолмайди, чунки унинг қўлида “адаб ҳассаси” йўқ. У боласини отанинг “ҳасса”си билан қўрқитиши мумкин. Отага сўзсиз итоатни ўрганган фарзандда Аллоҳ таолога итоат; отанинг сўзини эшитиб, тушунишга ўрганган болада ҳар бир инсонни ва ҳар бир яхши сўзни тушунишга қобилият пайдо бўлиши табиий.
“Одоб ҳассаси” юмшоқ, фақатгина терини ачитадиган бўлсин. Бу усул бола тарбияга ўта муҳтож бўлиб турган пайти – гўдаклигида қўлланилса, натижага эришилади. Ҳадиси шарифларда айтилганидек, бу боланинг 7 – 10 ёшли давридир.
Ота меҳри аввало, насиҳат, сўнг огоҳлантириш, иложсиз қолинганида эса “одоб хипчини” билан изҳор қилинади. Отаси ўз вақтида сўз билан огоҳлантирган бола улғайганида бошқаларнинг маломатларига қолиб, юзи ерга қарамайди. Отасининг “одоб хипчини” аччиғини танасида ҳис этган бола улғайганида бегоналарнинг хўрлик ва азоб берувчи калтакларига дучор бўлмайди.
Отанинг “одоб хипчини” бамисоли овқатга қўшилган туз. Илм-маърифат – бутун оламга нурлари баробар етувчи қуёш ёки хушбўй ҳидларни оламга ёйгувчи, майсалар бошини силовчи ёқимли шабада. Отанинг “одоб хипчини” – боғбоннинг ҳар ниҳолга алоҳида меҳрига, атрофини бегона ўтлардан тозалаб, тагини юмшатиб, мева бермайдиган ортиқча шохчаларини олиб ташлашига ўхшайди...
Абдумутталиб ЗОМИНИЙ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Шайх Саъдий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Агар ҳушёр, ақлли, илмли киши ибрат кўзи билан фикр этиб ўйласа, дунёдаги ҳамма дарахтларнинг (битта) барги Худони танишга бир дафтардир”.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Мажусийлар ҳам аҳли китобданми? Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.
Жавоб: Қуръони каримда яҳудий ва насронийларни “аҳли китоб” деб зикр этилган. Шариатда Аллоҳ таоло ва Унинг Китобларидан баъзиларига ишониб, унга амал қилганлар “аҳли китоблар” дейилади. Яъни, яҳудий ва насронийлар аҳли китобдир. Яҳудийлар “Таврот”га, насоролар эса “Инжил”га амал қилишади.
Мажусийлар эса оташпараст, бутпараст, санампараст кимсалардир. Яъни, улар олов, Қуёш, Ой каби нарсаларга сиғинишади. Улар аҳли китоблардан ҳисобланмайдилар.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Исмоил Истанбулийнинг “Руҳул Баён” тафсир китобида қуйидаги маълумотлар келтирилади: “Жаброилнинг (алайҳиссалом) Диҳя Калбий (розияллоҳу анҳу) суратида ваҳий олиб келиши Диҳя Исломга киришидан олдин ҳам содир бўлган”.
Умму Салама онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир одам билан гаплашиб ўтирардилар. Ҳалиги киши туриб кетгач, у зот (алайҳиссалом) мендан: “Эй Умму Салама, бу киши кимлигини биласанми?” деб сўрадилар. Шунда мен: “Бу Диҳя Калбий”, дедим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўртамизда бўлиб ўтган воқеани саҳобаларга айтиб бермагунларича келган киши Жаброил (алайҳиссалом) эканини билмаган эдим”.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаброил менинг олдимга Диҳянинг суратида келади. Диҳя жуда чиройли ва хушсурат одам”, деб айтардилар”.
Абу Муҳаммад ибн Қутайба (розияллоҳу анҳу) айтади: Диҳя Калбий (розияллоҳу анҳу) Мадинадаги саҳобийларнинг энг гўзал ва хушсурати бўлганига шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам Жаброил (алайҳиссалом) унинг суратига кириб, ваҳий олиб келардилар”.
Олимлардан бири айтади: “Диҳя ўз замонасининг энг хушсурат кишиси бўлган. Жаброил (алайҳиссалом) бу саҳоба суратида Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) олдиларига келишининг ҳам ўзига яраша ҳикмати бор эди. Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) азобнинг хабари ёки танбеҳ оятлари нозил бўлган пайтда элчининг истарали юзи у зотга (алайҳиссалом) таскин берарди”.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ЁЛҒОННИ ОДАТ ҚИЛМАНГ
#Шеърият
Ёлғон – кабира гуноҳ,
Йўл қўйсангиз гар ногоҳ,
Дарҳол истиғфор айтинг
Аллоҳдан сўраб паноҳ.
Ёлғонни одат қилманг,
Ёлғонга тоқат қилманг.
Ёлғончини билсангиз,
Сўзлашга рухсат берманг.
Ёлғончи ҳолига вой,
Фитна қилар пайдар-пай.
Агар тавба қилмаса,
Дўзахдан олади жой.
Ёлғонни қилманг одат,
Йироқ бўлсин касофат.
Олимлар айтганидек,
Ростгўйликдир саодат.
Маҳмуджон ЖЎРАЕВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Бу ҳақида Қуръони каримда: “Амримиз (шамол азоби) келгач, Ҳудни ва у билан бирга имон келтирганларни Биздан (бўлмиш) марҳамат туфайли халос этдик ва уларга қаттиқ азобдан нажот бердик” (Ҳуд, 58), дейилади. Юборилган жазонинг қай тариқа келгани ҳақида Аҳқоф сурасида бундай марҳамат қилинади: “Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир (қора) булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга ёмғир келтирувчи булутдир», дедилар. Йўқ, у ўзларингиз қистаган нарса бўрондирки, унда (сизларга аталган) аламли азоб бордир. У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон қилур. Бас, (у бўрон келиб) тонг отганида фақат уларнинг (қолдиқ) масканларигина кўзга ташланар эди. Биз жиноятчи кишиларни мана шундай жазолаймиз» (Аҳқоф, 24-25).
Хабарларда келтирилишича, Од қавмида қурғоқчилик бошланган. Аллоҳ таоло уларни ҳалок этишни ирода қилгач, ёмғирга ташна бўлиб турганларида бир булутни юборади. Қавм уни кўриб ўша булут остига тўпланиб туришганда қаттиқ шамол келади. Натижада улар етти кечаю, саккиз кун қум остида қоладилар. Сўнгра шамол ҳаммасини учириб бориб денгизга улоқтиради. Ҳуд (алайҳиссалом) билан бирга қолган мўминлар хавфсиз жойда омонда бўладилар.
Од қавмининг қиссаси бизларга ибрат учун Қуръони каримнинг турли сураларида қайта-қайта баён қилинган.
Ривоятларда келтирилишича, Од қавмига беҳисоб бойликлар ато этилган. Улар бино қилган қасрларнинг ғишти тиллодан бўлган, деган хабарлар бор ҳатто. Куч-қувватда барча қавмлардан устун бўлиб, ақлу заковатда ҳам баркамол эдилар. Бунга қўшимча равишда фарзандлар, боғу роғлар ва булоқлар берилди. Бироқ уларнинг шукрини адо этмадилар. Бу неъматлар уларга нима учун берилганини “баркамол ақл”лари билан тадаббур қилиб кўрмадилар. Ўзларига берилган жисмонан зиёдаликни яхшилик эмас, ёмонликка ишлатдилар. Бойликни эҳсонга эмас, айш-ишратга сарф этдилар... Топган оқибатлари эса бутун оламларга ибрат бўлди.
Од қавмининг қиссаси билан танишгач, менга берилган ҳар бир неъмат ҳақида, у нега берилди, унинг тасарруфида хатога йўл қўймаяпманми, дея фикр юрита бошладим. Авваллари оддийгина, табиий туюлган барча нарсалар – берилган қобилият, тўрт мучамнинг соғлиги, тинч юртда яшаётганим, Аллоҳ карами билан ҳидоят топа олганим, ризқимнинг келишига сабаб бўладиган ҳалол касбимнинг борлиги улуғ неъмат эканини теран тушуниб етдим. Бу неъматларни берган Ягона Аллоҳ бор. У неъматларни бандаларига шукр қилишлари, унинг воситасида Ўзига бандалик қилишлари яна биз ҳикматини англаб етмаган бошқа сабабларга кўра берган… Уларни буюрилганидек, Аллоҳнинг ҳадларини босмай, тоатидан чиқмай шукрини қилган ҳолда «ишлатишим» кераклигини англадим. Бугун шу англаганларим туфайли қалбимда қўрқув билан дуога қўл очаман: "Эй, Раббимиз, бизлар Сенга имон келтирганмиз. Бас, бизнинг гуноҳларимизни кечир ва бизни дўзах азобидан асра!" (Оли Имрон, 16)
Нигора МИРЗАЕВА
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ҲУД (АЛАЙҲИССАЛОМ)
#Тарих
Ҳуд (алайҳиссалом) Од қабиласига пайғамбар қилиб юборилди. Ушбу қабила боида арабларидан бўлиб, Нуҳ (алайҳиссалом)нинг Сом исмли ўғилларининг авлодлари эди.
Од қавмига Аллоҳ жуда кўп неъматлар ато этганди: улар йирик жуссали, куч-қувватга тўла. Бунинг устига беҳисоб бойликлар билан сийланган. Улар доимо «Қани биздан ҳам кучли одамлар борми?» деб мақтаниб юришар, ўзларининг саркашлиги билан машҳур эдилар. Бу қавмни ҳидоятга бошлаш учун ўзларидан бўлган Ҳуд (алайҳиссалом)ни Аллоҳ таоло пайғамбарликка танлади. Аъроф сурасида бундай марҳамат қилинади: «Од (қабиласи)га биродарлари Ҳудни (пайғамбар этиб юбордик). У айтди: «Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир! Сизлар (сохта илоҳларни) фақат ўзларингиз тўқиб олувчисиз» (Ҳуд, 50).
Од қавми ҳам ўзига зулм қилган бошқа қавмлар каби бу чақирувга “лаббай” деб жавоб қайтармадилар. Ҳуд (алайҳиссалом)нинг имонга, тавҳидга чорловлари уларнинг туғёнларини давомли қилди. «Қавмининг кофир бўлган зодагонлари айтдилар: “Биз сени нодонликда (эканингни) кўраяпмиз. Биз сени ёлғончиларданмикан, деб гумон қилаяпмиз”» (Аъроф, 66), деб Аллоҳнинг пайғамбарига нисбатан энг катта бўҳтон қилдилар. У кишини ҳам нодонликда, ҳам ёлғончиликда айбладилар. Аслида эса икки ўртадаги суҳбатда энг пурмаъно сўзлар Ҳуд (алайҳиссалом)ники эди. У зот нодон ҳам, ёлғончи ҳам эмасдилар.
Ҳуд (алайҳиссалом) қавмининг зодагонларига муносиб жавобни қайтарди: “Эй, қавмим! Менда нодонлик йўқ. Лекин мен оламлар Раббидан (юборилган) элчидирман. Сизларга Раббимнинг топшириқларини етказаяпман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйдирман. Сизларни огоҳлантириш учун ўзларингиздан (бўлмиш) бир киши зиммасида сизларга Раббингиздан эслатма келганидан ажабланаяпсизми?! Аллоҳ сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилиб қўйган ва сизларни жисмонан зиёда қилганини эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз, токи (охиратда) нажот топгайсиз” (Аъроф, 67–69).
Од қавми ўзлари орасидан бир кишининг пайғамбар қилиб сайланганига, унинг ҳеч бир таъмасиз уларни яхшиликка чорлаётганига ишона олмаётгани, бу ҳам аслида Яратганнинг бу қавмга бир инояти эканини қосир ақллари қабул қила олмаётгани ояти каримадан англашилмоқда. Ҳуд (алайҳиссалом) эса сўзларининг якунида уларни инсофга чақириш ниятида: “...Аллоҳ сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилиб қўйган ва сизларни жисмонан зиёда қилганини эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз, токи (охиратда) нажот топгайсиз”, деб таъкидламоқда. Дарҳақиқат, Од қавми йўқ бўлиб кетган қавм ўрнига ер юзида халифа ўлароқ қолдирилди. Бунинг устига уларга барча қавмлардан куч-қувватда устунлик ато этилди. Аллоҳ таоло берган шу неъматларни эслаб, шукр қилиб, имонга келиш лозим, бу эса ўз навбатида нажот топишларига сабаб бўлиши таъкидланмоқда.
Од қавмига берилган неъматлар ҳақида Шуаро сурасида батафсилроқ айтиб ўтилади:
“Сизлар (фақат шу дунёни деб) ҳар бир тепаликка ўйин-кулги учун бир белги (баланд бино) қураверасизми?! Гўё (ўлмаймиз, балки) мангу яшаймиз, деб қасрларни солаверасизми?! Қачон (бирор кишини жазога) тутсангиз, бераҳмларча тутасизми?! Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга (айтганларимга) итоат этингиз! Сизларни ўзларингиз биладиган (моддий) неъматлар билан сийлаган зотдан (Аллоҳдан) қўрқингиз! У сизларни чорва ҳайвонлари ва (сиз ёқтирадиган) ўғиллар билан қўллади, боғлар ва булоқлар билан ҳам” (Шуаро, 128-134).
“Одамларнинг қилган қилмишлари сабабли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик (турли офатлар) пайдо бўлди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан) қайтишлари учун (ва) қилган баъзи (гуноҳ) ишлари (жазоси)ни уларга тотдириб қўйиш учундир” (Рум, 41).
idoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
РИЗВОН ИСТАСАНГ
#Шеърият
Зикрда бўл – давру даврон истасанг,
Ҳақни ёд эт – нури Субҳон истасанг.
Тавба, таҳлил, истиғфорга ғайрат қил,
Саҳар тургил – фазли Раҳмон истасанг.
Поклик ила илму дониш йўлин тут,
Доим пок бўл – илми Қуръон истасанг.
Намоз – жаннат калитидур, билиб ол,
Ибодат қил – афви Ғуфрон истасанг.
Кўп емоқлик, кўп демоқлик офатдур,
Рўза тутгил – лутфи Ризвон истасанг.
“Аллоҳ зикри ила ором топур дил”*,
Тиловат қил – равҳу райҳон истасанг.
Яхши амал – боис бўлур жаннатга,
Тақво қилгин – Ҳақдан омон истасанг.
Саодатдан бўлсанг агар умидвор,
Расул йўлин тутгил – дармон истасанг.
Суннатларга ихлос ила амал қил,
Шафоатдан умид – бурҳон истасанг.
Устозларинг хизматин қил ҳамиша,
Ҳақдан иззат – илму ирфон истасанг.
Бу дунёда номаҳрамдан узоқ бўл,
Охиратда ҳуру ғилмон истасанг.
Ота-она ризосини топиб қол,
Ҳақ ризосин агар чандон истасанг.
Элу юрту дин хизматин доим тут,
Агар бахти Ўзбекистон истасанг!
Аҳмад айтур: тўғри юргил, тўғри бўл,
Агар роҳи комил инсон истасанг!
Аҳмаджон Бобомурод
* “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” – оятига ишора. (Раъд, 28).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ОТА-ОНА ҒАНИМАТ
#Яхшиликка_чақириш
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оналарининг қабрини зиёрат қилдилар. Ўзлари йиғладилар, атрофларидагиларни ҳам йиғлатдилар. Кейин: “Раббимдан ун (онам)га истиғфор айтишга изн сўрадим, изн берилмади. Унинг қабрини зиёрат қилишга изн сўрадим. Изн берилди. Қабрларни зиёрат қилинглар. Чунки у охиратни эслатади”, дедилар» (Имом Муслим, Абу Довуд, Насоий ривоятлари).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гўдакликларида оналари қазо қилган. Бу ҳадиси шариф эса пайғамбар бўлганларидан анча кейин айтилган. Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оналарини эслашлари, қабрини зиёрат қилиб йиғлашлари у зотнинг фарзандлик бурчларини чуқур ҳис этганларини билдиради.
Бу гўзал одоб ота-онасини ранжитадиган, ҳатто вафотидан кейин ҳам ҳурматини сақламайдиган кимсалар учун катта ибратдир.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Ва яқин қариндош-уруғларингни огоҳлантир» ояти (Шуаро, 214) нозил бўлганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қурайш қабиласини жамлаб, бундай деган эдилар:
“Эй Бану Абду Шамс, эй Бану Каъб ибн Луъай, ўзингизни жаҳаннамдан қутқаринглар! Эй Бану Мурра ибн Каъб, ўзингизни жаҳаннамдан қутқаринглар! Эй Бану Абдуманноф, Эй Бану Ҳошим, ўзингизни жаҳаннамдан қутқаринглар! Эй Бану Абдулмутталиб, ўзингизни жаҳаннамдан қутқаринглар! Эй Фотима, ўзингни жаҳаннамдан қутқар! Мен сизлар учун Аллоҳ ҳузурида бирон нарсага молик эмасман, бироқ ўртамизда қариндошлик бўлиб, у орқали сизлар билан (дунёда) алоқа қиламан, холос” (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота-оналарингизга яхшилик қилинглар, фарзандларингиздан қайтади”, мазмундаги ўгитларини унутмаслигимиз зарур. Шунда табаррук ёшга етган ота-оналаримиз, қариндошларимиз ҳолидан хабар олиш доимий хайрли амалларимиздан бирига айлангай, иншааллоҳ.
Муҳаммадназар ҚАЮМОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Аллоҳ таоло Қуръонда бундай марҳамат қилади: “Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини ҳам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир ақл юргизмайдиларми?!” (Ёсин, 68).
Ушбу оят ҳар бир инсонни кексаларга нисбатан бағрикенглик билан яхши муомалада бўлишга ундайди. Қарамоғида кекса ёшли ота-онаси ёки бирор қариндоши бор кишилар ўзлари ҳам бир кун келиб, шу ҳолга тушишларини ўйлашлари, бундан хулоса чиқариб, уларга доимо яхши қараб, эътиборли бўлиб, эҳтиёжларини имкон қадар қондириб боришлари керак.
Аслида, кексаларнинг борлиги улкан бахт. Уларнинг дуолари туфайли Аллоҳ таоло турли офатлардан асрайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) шундай деганлар: “Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келарди”.
Ота-онанинг ёши улғайиб, кексайган сари ақл доираси тўлиб боради, ҳаёт тажрибаси ортади. Айни вақтда, хасталикларга тез чалинишади, ҳолсизланиб қолишади, руҳий ҳолатлари ҳам тез-тез ўзгариб туради. Фарзандлар ва қариндошлар ҳар қандай вазиятда ҳам бундай ҳолатни тўғри тушунишлари, улар билан муносабатда самимий, мулойим ва ширинсухан бўлишлари шарт.
Кайковус “Қобуснома” асарида қуйидагиларни ёзган: “Ўз фарзандинг сени ҳурмат қилишини истасанг, сен ҳам ота-онангни ҳурмат қил, чунки сен ота-онангга нима қилсанг, фарзандларинг ҳам сенга шундай иш қилади”.
Ота-онанинг барҳаёт чоғлари фарзанднинг энг бахтиёр, энг масъул ва ғанимат дамларидир. Шу боис, уларни рози қилиш ва дуоларини олиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчидир.
Шукур ЖАББОРОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Бўҳтон нима ўзи? Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан: “Ғийбат нималигини биласанми?”, деб сўрадилар. У: “Аллоҳ ва расули яхши билади”, деди. У зот: “(Ғийбат) биродарингни унга ёқмаган нарса билан зикр қилишинг”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, мен айтадиган нарса биродаримда бўлса-чи?”, деди. У зот: “Агар айтган нарсанг унда мавжуд бўлса, ҳақиқатда уни ғийбат қилибсан, мабодо айтган нарсанг унда топилмаса, унга бўҳтон қилибсан”, дедилар» (Имом Аҳмад).
Ғийбат катта гуноҳдир. Ғийбатчига тайин қилинган азобларни киши эшитганида вужуди титрайди. Бўҳтоннинг гуноҳи эса, ғийбатникидан бир неча марта улкандир. Шундай экан, кишиларга, айниқса, мўмин ва мўминаларга озор берувчилар буни асло унутмасин!
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Муфлис (ўта мискин, ночор) кимлигини биласизларми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Бизнингча, муфлис сариқ чақаси ҳам, матоси ҳам йўқ кишидир”, дея жавоб беришди. Шунда у зот айтдилар: “Менинг умматимдаги муфлис шундай кишики, у қиёмат куни намози, рўзаси ва закоти билан келади. Аммо кимнидир ҳақорат қилган, бошқасини бадном этган, бунисининг молини еган, бошқасининг қонини тўккан, яна бировни урган бўлади. Кейин яхшиликларидан уларга олиб берилади. Мабодо бўйнидаги нарсалар битмай туриб яхшиликлари тугаса, уларнинг хатоларидан олиниб, бунга юкланади. Сўнг дўзахга улоқтирилади”» (Имом Муслим).
Аллоҳ таоло барчамизни ушбу салбий сифатлардан сақлаб, оқибатимизни хайрли қилсин!
Тафсир китоблари асосида Толибжон ҚОДИРОВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Беозорлик юксак фазилатдир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ана шу сифат билан зийнатланиши зарур. «Тафсирун Насафий»да Фузайл (раҳимаҳуллоҳ) бундай деган: “Бирор ит ёки чўчқага ноҳақ азият етказишинг мумкин эмас. Шундай экан, мўмин ва мўминаларга озор бериш гуноҳини бир ўйлаб кўр-чи?”
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Ойша онамиз айтади: “Бир куни Расулуллоҳга “София бундай хотин”, дея қўлим билан бўйи пастлигига ишора қилдим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен шундай сўз айтдингки, уни денгизга ташланса, унинг сувини ҳам бузарди!” дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ОТАМНИНГ “ОДОБ ХИПЧИНИ”
#Тарбия
Раҳматли отам илм-маърифатли, шижоатли ва озгина қайсар одам эди. Болалиги Зомин тоғларининг тоза ҳавосида яйраб, зилол сувларидан симириб, адирларда чопқиллаб ўтган. Уруш йиллари отасидан айрилган, онаси ва акаларига ёрдам бериш учун қишлоқ фермасида сигирлардан ажратилган бузоқларни боқиб, катта бўлган. Хуллас, суяги меҳнатда қотган.
Мирзачўлда яшаганида қўқонлик Абдуваҳоб исмли зиёли кишига қўшни бўлган. Отамга араб алифбосидан, Қуръони каримдан, туркий алифбодан ўша одам таълим берган. Эсимни таниганимда отам қишлоғимизнинг имоми, ҳурматли кишиси эди.
Отам ўқувчиларга ҳавас билан қарарди. Уруш бошланиб, мактаблар ёпилгач, ўқиёлмай қолганларига афсусланарди. Бош фарзанд бўлганим учун кўпинча мени ёнида олиб юрар, биринчи синф алифбосини беш ёшимдаёқ ўқитиб, ёдлатиб бўлган эди. Ўқишимга қаттиқ турарди. Мен эса бошқа болалар сингари ўйинқароқ, шўх эдим. Ўйинга берилиб, дарсларимни ташлаб, китоб ўқимай қўйсам, раҳматли ҳўл чивиқ билан саваларди. Онамнинг ялинишларига парво ҳам қилмасди. Аммо раҳматли онажоним бирор марта “Отанг – ёмон одам”, демасди. Аксинча, “Отангнинг айтганини қил!” дер эди.
Уйимизда яхшигина кутубхонамиз бор эди. Саводим равон бўлиб қолгач, отам билан бирга достонлар ўқир, китобни тушуниш, ундаги воқеаларни тасаввур қилиш жонимнинг роҳатига айланган эди. Шеъриятни ҳам яхши тушуна бошлагандим.
Отам тарбияда қаттиққўл бўлгани учун менда фикрлаш қобилияти, вазиятга қараб иш тутиш, қийинчиликка сабр қила олиш каби хислатлар пайдо бўлганини анча кейин тушундим. Баҳоларим доим беш, биринчи синфдан ўнинчи синфгача жамоатчи раис – синфком бўлганман. Дўстларимни, умуман, одамларни тушунишга ҳаракат қилар, кечиришни ҳам билардим, ўртоқларим кўп эди. Отам мунтазам эрталабки бадантарбия машқларини бажаришга мажбур қилгани учун ҳамиша тетик ва зийрак юрардим.
Кимнингдир кўзи билан қаралса, отамнинг усули эҳтимол тарбия услубларига тўғри келмас. Лекин бир нарса аниқ – мени қанчалик қийнаган бўлмасин, отамга нисбатан нафрат ёки ғазаб уйғонмаган. Мен у кишини жуда яхши кўрар, ҳурматим баланд эди. Ёшим улғайгач, отамнинг баъзи қарорларига эътироз уйғонарди. Бироқ доим “Яхшиям отамнинг айтганини қилганим, йўқса, бу муваффақиятга эришолмасдим”, дея тан берган пайтларим жуда кўп бўлган.
Ҳарбий хизмат йилларида, ўқишга киролмай пойтахтда юрган, мадрасада ўқиган пайтларимда, ҳаётнинг равон бўлмаган йўлларида, қийинчилик онларида қўрқув нималигини билмасдим. Оғир дамларда довдирамас, аксинча, кучга кирар, ғалабага етишимга ишониб, сабр қилардим. Шундай паллаларда талабчанлиги учун отамга ич-ичимдан миннатдорлик билдирардим.
1979 йили отамнинг тавсияси билан Бухородаги “Мир Араб” мадрасасига ўқишга кирдим. Яхши ўқидим, устозлар назарига тушдим. Охирги босқичда ўқитувчиларим таклифи билан, мустақил дарс ўта бошладим. Ҳадис дарсларидан бирида “Мишкотул масобиҳ” китобидаги узун ҳадиси шарифнинг “...ва анфиқ аъло иъйолика мин товлика, ва ло тарфаъ аънҳум аъсока адабан ва ахфиҳим филлоҳ” жумлаларини: “оилангга топган мулкингдан нафақа қил, уларга одоб ўргатаман деб ҳассангни кўтарма (яъни, урмагин) ва уларни Аллоҳ йўлида қўрқитгин”, деб таржима қилдим. Бу ўринда нозик нуқтада, аниқроғи, араб тилидаги “аън” жар ҳарфига “аъло” маъносини бериб, адашганимни сезмай қолдим. “Аън” “устидан, ундан”; “аъло” эса “устида, унда” маъноларини англатар, бирга келган феъл сўзининг таъсири билан маъноси ўзгариши ҳам мумкин эди. Таржимани зоҳиран чиройли ва асл маънога яқинроқ деб ўйладим. Афсус, бир умр истиғфор айтишга арзигулик хатога йўл қўйган эдим. Раҳматли отамга ошкора норозилик билдирмаган бўлсам ҳам, онгимга: “Мана, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) “Урма!” деган эканлар-ку”, деган тушунча ўрнашиб қолди. Фарзандларимни фақатгина маърифат ва илм билан тарбиялашга қарор қилдим.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Диҳя Калбий
#Саҳобалар_ҳаёти
Тўлиқ исми: Диҳя ибн Халифа ибн Фарва ибн Фазола Калбий Қузоъий.
Аллоҳ таоло набийлар ва расулларга ваҳий элтиш вазифасини юклаган буюк фаришта Жаброил (алайҳиссалом) Пайғамбаримиз ҳузурига Диҳя Калбийнинг (розияллоҳу анҳу) суратида келар эди.
Исломни қабул қилиши: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Диҳянинг Исломга киришини жуда хоҳлардилар. Чунки унинг етти юзга яқин қариндоши бўлиб, яқинлари орасида таъсири кучли эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, Диҳя Калбийнинг мусулмон бўлишини насиб эт”, деб дуо қилдилар. Бир куни Диҳя Исломни қабул қилиш ҳақида ўйлаб қолди. Аллоҳ таоло пайғамбарига бу ҳақда хушхабар бериш учун бомдод намозидан кейин: “Эй Муҳаммад, ҳозир сенинг ҳузурингга Диҳя киради”, деб ваҳий қилди. Баъзи саҳобалар жоҳилият даврида Диҳя билан чиқишмай юрганларидан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) хабардор эдилар. Саҳобаларнинг унга совуқ муомала қилиб қўйишларидан ва Диҳянинг Исломдан юз ўгиришидан хавотирландилар. Диҳя масжидга кириб келди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўринларидан туриб, ридоларини ечиб, ерга тўшадилар ва уни ўтиришга таклиф этдилар. Диҳя Калбий Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) эҳтиромларидан тўлқинланиб, йиғлаб юборди ва ридони ердан кўтариб, ўпди. Юз-кўзларига суртди.
Фазилатлари: Ибн Саъднинг (раҳматуллоҳи алайҳ) айтишича, Диҳя Бадр жангидан олдин Исломни қабул қилган. Лекин унда иштирок эта олмаган. Шаъбий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: Диҳя Калбий бундай хотирлаган: “Мен Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жундан тўқилган чопон ва бир жуфт кавуш ҳадя қилдим, уларни йиртилиб кетгунича кийдилар”.
Яҳё ибн Салама отасидан, у киши Диҳя Калбийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) мени мактуб билан Қайсарга элчи қилиб юбордилар. Сарой эшигига етиб келганимда: “Мен Аллоҳ элчисининг элчисиман”, дедим. Улар бу сўздан даҳшатга тушди. Бир киши Қайсар ҳузурига кириб рухсат сўради. Шундан сўнг мени ичкарига киритишди. Мактубни Рум қайсарига узатдим. Мактуб бошида: “Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Рум подшоси Қайсарга” деган ёзув бор эди. Саройда ўтирган Қайсарнинг амакиваччаси бундан ғазабланиб: “Нима учун мактубни сенинг номинг билан бошламабди, шу сабаб сен уни бугун ўқима”, деди. Қайсар атрофидаги одамларга чиқиб кетишларини буюрди ва ўзи руҳонийни чақирди. Руҳоний мактубни ўқигач: “Аллоҳга қасам, бу бизга Исо ва Мусо башорат қилган Аллоҳнинг элчисидир”, деди. Қайсар: “Нима қилиш керак деб ўйлайсан?” деб ундан сўради. Руҳоний: “Унга эргашмоғимиз керак”, деди. Шунда Қайсар: “Сен айтаётган нарсани яхши тушуниб турибман. Лекин унга эргашолмайман. Ундай қилсам, салтанатимдан айриламан. Румликлар мени ўлдиради”, деди” (Имом Бухорий, Имом Муслим).
* * *
Саҳиҳ ривоятда келади. Хайбар жанги кунида асирлар ичидан Сафийя онамиз Диҳя Калбийга (розияллоҳу анҳу) улуш бўлиб тушди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Диҳядан Сафийя онамизни (розияллоҳу анҳо) сотиб олиб, озод қилдилар, сўнг уйландилар.
* * *
Ярмук жангида қатнашганидан сўнг Дамашқ шаҳрининг жанубида жойлашган Мизза деган кичик қишлоқда яшади. Ўша ерда ҳазрат Муовия (розияллоҳу анҳу) замонида дунёдан ўтди.
Сурайё ИБРОҲИМОВА тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ФЕЪЛИНГ КЕНГ БЎЛСА...
#Ўгит
Фикри ҳур, ниятлари эзгу одамлар жанда ичида ҳам олтиндек товланади.
* * *
Дунёдаги ҳеч бир ҳид бешикдаги қалампирмунчоқ, тоғ арчаси ва гўдак ҳидининг қоришмасига тенг келмаса керак.
* * *
Дард сени ҳалим ва маҳзун этди, дарддан фориғ бўлишинг билан яна жоҳиллигингга қайтма.
* * *
Феълинг кенг бўлса, тангадек жойга ҳам сиғасан, тор бўлса, шу кенг дунёга ҳам сиғмайсан.
* * *
Иштиёқ меҳнатга унум ва самара берса, рағбат қанот бағишлайди.
* * *
Кўнгил кўнгилдан сув ичса, унинг лаззатига нима етсин!..
Ражаб ИБРОҲИМОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Шамсулаимма Сарахсий
#Мовароуннаҳр_уламолари
Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Саҳл Абу Бакр шамсулаимма Сарахсий Ўрта Осиёда ҳанафий фиқҳи, усули фиқҳ ва калом илмларининг буюк олими сифатида шуҳрат қозонган. Уни Камол Пошо масалаларни ечиш бўйича мужтаҳидлар даражасида кўради.
Сарахсий буюк фақиҳ Абдулазиз Ҳалвоний хизматида, ундан илм ўрганиб, даврининг тенгсиз алломаси бўлди.
Машҳур фақиҳлардан Бурҳонулаимма Абдулазиз ибн Умар ибн Моза, Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳасирий, Маҳмуд ибн Абдулазиз Ўзгандий, Рукнуддин Масъуд ва Усмон Байкандийлар шамсулаимма Сарахсийнинг шогирдларидан бўлишган.
У Имом Муҳаммаднинг муҳим асари «ас-Сияр ал-кабир» шарҳини шогирдларига ёддан айтиб ёздирди.
Лакнавийнинг таъкидлашича, Сарахсий Мовароуннаҳрнинг усул ва фуруъ илмини эгаллаган буюк олимларидан биридир.
Шамсул аимма Сарахсийнинг энг муҳим асари 15 жилдлик «ал-Мабсут» китобидир. Ушбу китоб ҳанафий мазҳаби бўйича мўътабар манба сифатида барча ислом мамлакатларида ўрганилади. «Ал-Мабсут» китоби Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳасан Исмоил Шофиъий ёзган шарҳу тадқиқот билан бирга 2001 йил Байрутда 30 жузда нашр этилди.
Сарахсийнинг асарларидан яна бири «Усулул фиқҳ» китобидир. Ибн Қутлубғо ёзишича, ушбу асар икки қалин жилддан иборат.
Муҳаммад ибн Ҳасаннинг «ал-Жомиъ ас-сағир», «ал– Жомиъ ал кабир», Хассофнинг «Адабул қозий», «Китобун нафақот» китобларига шарҳлар, «Ашротус соат» (Қиёмат аломатлари ҳақида китоб), «Ал-Фавоид ал-фиқҳия» кабилар ҳам Имом Сарахсий қаламига мансубдир.
Шайх Абдулазиз МАНСУР
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Од қавмига берилган неъматлар беҳисоб бўлган экан. Улар баланд тепаликларга иморатлар қуришган, қасрлар бунёд этишган. Яна чорва ҳайвонлари, фарзанд, боғ-роғлар, булоқлар ояти каримада зикр этилмоқда. Қавм бу неъматларнинг шукрини қилиш ўрнига куфрони неъмат қилдилар. Неъматни берган зотни унутиб қўйдилар. Ҳуд (алайҳиссалом) ҳар қанча бу ҳақиқатни уларга уқтиришга уринмасин, нафи бўлмади. Пайғамбарнинг таъкидлари, сўзлари уларнинг ҳеч бирининг қалб кўзини очмаяпти. Қавм яна ҳам залолатда давомли туриб, жавоб бермоқда: «Фақат ягона Аллоҳга сиғинишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб келган нарса (бут-санамлар)ни тарк этишимизга (даъват қилиш учун) бизнинг ҳузуримизга келдингми? Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга (ўша) ваъда қилган (қўрқитган) нарсангни келтир!» (Аъроф, 70).
Улар бу сўзлари билан ҳали-ҳамон Ҳуд (алайҳиссалом)га “Сенинг сўзларинг ёлғон, сенинг эсинг паст” дегандек муомала қилишмоқда. “...Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга (ўша) ваъда қилган (қўрқитган) нарсангни келтир!”. Қавмнинг сўзларида Аллоҳнинг ғазабига, пайғамбарнинг сўзига нисбатан беписандлик бор. Уларга «(Ҳуд) айтди: “Сизларнинг устингизга Раббингиз (томони)дан азоб ва ғазаб ёғилиб бўлган. Сизлар ва ота-боболарингиз номларини атаб (сиғиниб) юрган, Аллоҳ уларга бирор ҳужжат (ҳукм) туширмаган (бут-санамлар) тўғрисида мен билан баҳслашмоқчимисиз?! (Азоб келишини) кутингиз! Мен ҳам сизлар билан бирга кутувчилардандирман”» (Аъроф, 71).
Қавмнинг саркашлиги, Аллоҳ ва унинг пайғамбарига нисбатан қилган беписандлиги, имонга келмай, Ҳуд (алайҳиссалом)ни ёлғончига, эси пастга чиқаргани сабаб уларга Аллоҳнинг аламли азоби тушиши аниқ бўлиб қолди. Аслида Од қавмининг ўзи бу ўринда ақлан қосирлик қилмоқда. Ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз ота-боболари сиғинган бут-санамга ибодат қилишмоқда, бироқ уларга шунча неъматлар берган, ораларидан пайғамбар чиқариб, Ўзининг борлиги ва бирлигини беҳисоб далиллар асосида кўрсатиб қўйган Аллоҳга итоат қилишдан бўйин товламоқдалар. Шу даражада ҳам инсон ҳидоятни қўйиб залолатни маҳкам тутадиган бўладими?!
Уларнинг бу шаккокликлари учун муқаррар азоб бор. Ҳуд (алайҳиссалом) бу азобни Яратувчи туширишини, ўзи ҳам улар каби оддий инсонлигини қавмига эслатиб ўтмоқда: «…Мен ҳам сизлар билан бирга кутувчилардандирман».
Ҳуд (алайҳиссалом)нинг чақириқлари, насиҳатлари уларга кор қилмади. Азоб келишининг хабари берилганидан кейин ҳам одатий ҳаётларини давом эттирдилар. Қуръони каримда уларнинг пайғамбарга берган жавоблари аниқ-равшан баён этилган: «Улар дедилар: “Сенинг ваъзхонлик қилишинг ҳам, ваъз қилувчилардан бўлмаслигинг ҳам бизлар учун баробардир. Албатта, бу (айшу ишратга берилиш бизга) аввалгилардан қолган хулқ (одат)дир. Бизлар (дунёда ҳам, охиратда ҳам) жазоланувчи эмасмиз» (Шуаро, 136–138). Уларнинг қалбларига шу даражада маҳкам “қулф урилган”ки, келиши муқаррар азобнинг хабари ҳам дилларини ларзага солмаяпти. Бизга ҳеч қандай жазо берилмайди, деб хотиржам бўлиб қолмоқдалар. Қавм ўзига берилган неъматлар сабаб ғулуга кетиб, итоатсизлик қилмоқда. Неъматларни айшу ишратга, ғурур учун кераксиз қасрлар бунёд этишга сарф этмоқдалар. Ваъда қилинган азоб эса юборилди. “Уни (Ҳудни) ва у билан бирга бўлган (мўмин)ларни Биздан бўлмиш раҳмат билан (азобдан) халос этдик ва оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса қириб ташладик. (Улар) мўмин бўлмадилар" (Аъроф, 72).
Тафсир китобларида айтилишича, Ҳуд қавмига Аллоҳнинг шамол азоби келгач, улардан бирорта қолмасдан қирилиб кетган. Имон келтирган саноқли кишилар эса омон қолган.
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Нафси аммора (ёмонликка амр қилувчи нафс) қутқуси ва шайтони лаъин васвасаларидан омонда бўлиш учун кўпроқ нима амалларни бажариш керак?
Жавоб: Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш, Қуръон тиловат қилиш, тасбеҳ айтиш, намоз ўқиш ва бошқа яхши амалларни бажариш лозим. Жумладан, “Лаа ҳавла валаа қуввата илла биллаҳ” ва “Муваззатайн”ни (“Нос” ва “Фалақ” суралари)ни ўқиб, Раббил оламиндан паноҳ сўраб, дуою илтижолар қилиш лозим.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ҲАР КИМНИНГ ТОҚАТИГА ЯРАША
#Яхшиликка_чақириш
Бошига мусибат тушган бандани сабрга чақириб, ёнида далда бўлиш улуғ фазилатлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “...Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Анфол, 46). Яна бундай марҳамат қилади: “Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир” (Шўро, 43).
Қудсий ҳадисда: “(Эй бандаларим), Мен бандаларим ичидан бир мўмин кишини бирон мусибат етказиб имтиҳон қилсам, у Менга ҳамд айтиб, Менинг имтиҳонимга сабр қилса, у ўша жойидан хато-гуноҳлардан онаси туққан кунидагидек пок бўлиб туради”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сабр эвазига бериладиган мукофотлар ҳақида бундай деганлар: “Ким жаҳлу ғазабини тўхтата олса, Аллоҳ таоло унга ажру савоб ато этади. Ким мусибатларга сабр қилса, Аллоҳ таоло унинг эвазига ажр-мукофот беради” (Байҳақий ривояти). Мусибатни кўтариш осон бўлмагани учун ҳам сабр қилувчиларга ана шундай мукофот ваъда қилиняпти.
Мусибат сабрли одамга бир, сабрсиз одамга икки ҳисса оғир туюлади. Ҳадислардан бирида: “Сабрлилик мусибатнинг биринчи дақиқаларида билинади”, дейилади (Имом Аҳмад ривояти). Мусибат кўрган киши: “Эй Аллоҳ, мени сабрлилардан қилгин. Мусибатнинг ажрига муваффақ эт”, дея дуо қилиши яхшидир. Афсус, айрим кишилар мусибат тоши остида эзилганида гапираётган гапларию қилаётган хатти-ҳаракатларини назорат қилолмай қолишади. Аллоҳга қарши исён қилиш даражасигача боради. Имом Ғаззолий ҳазратлари: “Бало фақат гуноҳ ва куфрдан келади. Мусибатлар асло бало эмас, уларнинг ичида сен билмайдиган яхшиликлар бордир”, деганлар.
Инсон жисмонан бақувват бўлгани билан, аслида, у ғоятда ожиздир. Унинг тоқатсизлик, калта ўйлаш ва сабрсизлик туфайли йўл қўядиган хатолари кўп бўлиши мумкин. Шу боис банда Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари синов бермаслигини ҳис этиб, бардошли бўлиши лозим.
Умри давомида кишининг боши узра қуёш чарақлайдиган кунлар билан бирга турли ғам-ташвиш булутлари ҳам сузиб ўтади. Кенглик-тангликни ҳам, тўқлик-очликни ҳам, ғалабаю мағлубиятни, шодлигу мусибатни ҳам кўради одамзод. Инсондан машаққат, мусибат пайтида сабр қилиш, тушкунликка тушмаслик, умидсиз бўлмаслик, ҳақ устида сабот билан туриш талаб этилади. Банда шундагина саодатга эришади.
Муҳаммадий ҚОРАЕВ
idoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
“...Эй Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, бизни койима! Эй Раббимиз, биздан илгари ўтганларнинг зиммасига ортган машаққатни бизнинг зиммамизга ортма! Эй Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама! Бизларни афв эт ва кечир ҳамда раҳм қил!..” (Бақара, 286).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Жамоат намозида имом адо этмаса, тобелар ҳам бажармайдиган ва аксинча, имом қилса ҳам, тобелар қилмайдиган амаллар борлигини эшитдим. Шу масалани кенгроқ ёритиб берсангиз.
Жавоб: Қуйидаги бешта амални имом тарк қилса, унга иқтидо қилганлар ҳам тарк қилишади:
1. Агар имом икки ҳайит намозининг такбирини айтмаса, қавм ҳам уларни айтмайди.
2. Агар имом қунут дуосини ўқимаса, жамоат ҳам ўқимайди.
3. Имом тўрт ракатли намознинг иккинчи ракатидан сўнг ўтирмаса, жамоат ҳам ўтирмайди.
4. Имом сажда оятини тиловат қилса-ю, тиловат саждасини қилмаса, қавм ҳам саждаи тиловатни адо этмайди.
5. Агар имом саждаи саҳв қилмаса, жамоат ҳам саҳв саждасини бажармайди (“Хулоса”).
Қуйида саналган амалларни имом тарк қилса ҳам, унга эргашганлар тарк қилмайди:
1. Имом такбири таҳримада қўлларини кўтаришни тарк қилса.
2. Имом санони (“Субҳанакаллоҳумма”ни) ўқишни тарк қилса. Бу масала қироати махфий қилинадиган намозларга тегишлидир.
3. Имом руку такбирини тарк қилса.
4. Имом саждаларнинг такбирини тарк қилса.
5. Имом руку ва сажда тасбеҳларини тарк қилса.
6. Имом “Ат-таҳийёт”ни ўқишни тарк қилса.
7. Имом салом беришни тарк қилса.
8. Имом ташриқ такбирларини тарк қилса (“Фатовойи Оламгирия”).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
“Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” (64-модда).
“Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” (66-модда).
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ