СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Эҳсон-йиғинларга кирганимизда баъзилар чап қўлда чой қуйганларни койиб беришади. Шу иш тўғрими?
Жавоб: Чойни қайси қўлда қуйиш муҳим эмас. Муҳими чойни ўнг қўл билан ичиш. Чунки бу суннатдир. Бизнинг мусибатимиз – муҳим бўлмаган нарсалар устида бошимизни қотириб, зарур, қилмаган қаттиқ гуноҳкор бўладиган фарз, вожиб, суннат амалларни ўрганишга, бажаришга етарлича эътибор бермаслигимиз, бунинг ўрнига қайсидир, қилса савоб бўлиши ҳам даргумон масалаларда ихтилоф чиқариб, бир-биримизни ранжитиб юришимизда. Ҳар бир амалнинг даражаси, ҳукми, фазилати бор. Уларни билиш учун китоб ўқиш керак, имом-домлалардан сўраш керак, хуллас, ўрганиш керак, тинимсиз ўрганиш...
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ҲАЛОВАТ
#Мактубларда_манзаралар
Инсон баъзида беҳуда ташвишлар, орзупарастлик ҳамда кеча ва эртанинг оғир юкидан асабийлашиб хотиржамлиги, ҳаловатини, энг асосийси, Аллоҳнинг буюк неъмати – соғлигини йўқотади.
Ҳеч қачон ўзингизни фаолиятсизлик тўрига ташламанг. Сизни қийнаётган ўтмиш воқеалари ҳамда келажакнинг оғир юкини елкангиздан ағдариб ташланг! Ўтган нохуш воқеаларни энг кучли тўсиқ билан тўсинг. Чунки уларни эсласангиз, кўпинча изтироб, қайғу-алам... ёки бўлмаса кўзларингиз ёшланади. Келажак ҳақида орзу қилишда ҳаддингиздан ошмасангиз, ўз кучингизни сақлаб, нафақат ҳаловатингизни, балки кўплаб ютуқларни ҳам қўлга киритасиз. Чунки кеча ва эртанинг ташвишлари бугунги кун учун ҳам яшаш имкониятларингизни камайтиради. Аслида, биз учун БУГУН муҳим ва аҳамиятлидир. Ҳар бир кун, ҳатто олган нафасимиз қайтарилмаслигини унутмайлик.
Вақт ўтиб ҳар бир муаммо ечимини топади. Йўқотишларнинг ҳам ўрни тўлади. Бугунимиз – атиги йигирма тўрт соат. Уни кераксиз, ноўрин иш-ташвишларга сарфламайлик. Бугунимиз қандай ўтказилса, эртанги кун унинг давомчиси бўлади.
Агар ўзимизни тафтиш қилсак, арзимас нарсаларга ҳам хафа бўладиган, ўзгаларнинг хатоларини кечирмайдиган одамга айланиб бораётганимизни тушунамиз.
Ҳар бир соатингизни режалаштиринг. Ҳар бир кунни асрасангиз, ойлар, йиллар беҳуда кетмайди.
Энг оғир ҳолат ва муаммоларда сабр билан қалб осойишталигига эришиш мумкин. Шу билан ўзимизни келажакнинг номаълум зарбаларидан ҳам асраймиз, иншоаллоҳ.
Ўтган кундан сабоқ ва керакли хулоса чиқариб, эртанги кунни орзулар ва имкониятларнинг чегарасидан чиқмаган ҳолда режалаштирган яхши.
Бугунги ишларни Аллоҳга таваккал қилиб бошлайлик. Кутилмаган муаммолар, иншоаллоҳ, ўтиб кетади, ечими Ўзига осондир, ҳар бир ишнинг ҳикмати бор.
Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Биз томонларда (Қўқонда) умра, ҳаж амалларини бажариб қайтган айрим зиёратчиларни оила аъзолари, яқинлари томонидан карнай-сурнай ва дабдаба билан кутиб олиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу ҳолатга қандай муносабат билдирган бўлардингиз?
Жавоб: Бундай қилиш мутлақо нотўғри ва исрофдир! Ҳаж қилган киши зиммасидаги фарзини адо этган бўлади, қилган ҳажи Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабул бўлганми-йўқми, буни ҳеч ким билмайди. Шунинг учун, ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган қутлуғ фурсат – ҳаж қилиш имконияти берилган киши, шунинг шукронасини қилиб, қайтганидан кейин амали қабул бўлишини сўраб Яратганга ёлвориши ва гуноҳ-маъсиятлардан қатъий тийилиши керак. Зеро, ҳажи қабул бўлганининг белгиларидан бири ҳам шу, аслида.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
МАСЪУЛИЯТЛИ ВАЗИФА
#Аёллар_саҳифаси
Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси – катта масъулият. Бу борада оталарнинг ўрнини камситмаган ҳолда, оналар ўрни беқиёс эканини айтиш ўринли. Зеро, халқона тил билан айтганда, эркак – кўчанинг одами: оила эҳтиёжини таъминлаш, аҳли аёлига ҳалолдан едириш, кийдириш учун ишлайди, тер тўкади. Эркакнинг топганини ўрнига сарфлаш, хонадон покизалигини сақлаш, фарзандларни яхши тарбиялаш орқали оиладаги маънавий муҳитни тўкис қилиш аёл зиммасига тушади.
Оналар ва болалар ўртасида руҳий ва биологик жиҳатдан боғланиш мустаҳкам. Бундан тарбия жараёнида таъсирчан омил сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бироқ барча оналар ҳам ана шу тарбиявий таъсирдан тўлиқ фойдаланяпти, дея олмаймиз.
Ҳозирги кунга келиб аёллар ўртасида “гап ейиш” яхшигина урфга айланди. Бундан ташқари, интернетдаги ижтимоий тармоқларда уй бекаларининг фаоллашиб бораётгани ҳам сир эмас. Эътибор берсангиз, оналар учун энди болалар тарбияси эмас, турли ўтиришлар, интернет мулоқотлари муҳим бўлиб қолаётгандек. Бу каби ишлар замонавийлик белгисидек кўринса ҳам, аслида, оналарнинг болалар ва уларнинг тарбиясидан узоқлашувидан бошқа нарса эмас. Шу тарзда баъзи оилаларда ота-оналар ва фарзандлар ўртасида мулоқотнинг камлиги, ўзаро эътиборнинг пасайиши, муносабатларнинг ёмонлашуви натижасида асабий танглик, ҳатто ўз жонига қасд қилиш сингари оғир ҳолатлар ҳам кузатилмоқда.
Бизнинг давр фарзанд тарбиясига ҳар қачонгидан ҳам жиддий ёндашишни талаб қилади. Вақтимизни “ўтириш”ларга, “гап ейиш”ларга сарфламай, фарзандларимиз ёнида кўпроқ бўлайлик, уларнинг ўқишлари, орзу-мақсадлари билан қизиқиб, пешонасидан силаб, ҳақларига хайрли дуолар қилайлик. Шунда улар телефондан, интернетдан “дўст” қидиришмайди, кўнгилларини бизга очишади.
Оилада отанинг бошқарувчилик ўрни аниқ бўлса, она аёллигини англаб, эрига итоатда бўлса, болалар эътибордан четда қолмайди, жиноятчилик кўчасига кирмайди, адашган оқимлар таъсирига тушмайди. Оила парокандалигининг олди олинади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг”, деб таъкидлаганлар. Зеро, икки дунёмиз обод бўлиши фарзандларимиз камолига боғлиқ. Шундай экан, бу йўлда лоқайдлик қилмасликка, ҳар дамгидан ҳам эътиборли бўлишга мажбурмиз.
Гулрух АШУРОВА
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Мен умра ва ҳаж амалларини бажариб бўлганимдан сўнг ўтиб кетган отам, онам ва аёлим номларидан ҳам навбатма-навбат эҳром боғлаб, умра қилдим. Энди уларни ҳожи отам, ҳожи онам, ҳожи аёлим десам бўладими?
Жавоб: Фиқҳий манбаларга кўра, умра зиёратини бадал сифатида бошқа кишининг адо этиши машруъ эмас, лекин нафл умра қилиб, савобини бошқаларга ҳадя этиш жоиз, дейилган («Жавҳара»). Энди уларни эслаганда “ҳожи” дейишингизга келсак, сиз улар учун умра қилдингиз, ҳаж эмас. Бундан ташқари, уларнинг исмига бундай қўшимча қўшиш руҳларига бирор манфаат келтирмайди.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Изн сўраш
#Тарбия
Динимиз уйларга киришда ҳам маълум одобларга риоя қилишни тавсия этади:
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Эй мўминлар, қўл остингиздагилар ва балоғатга етмаган фарзандларингиз уч марта ҳузурингизга киришда сизлардан изн сўрасинлар – бомдод намозидан илгари, пешин вақтида иссиқдан кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. Бу уч вақт сизларнинг авратларингиз очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлардир. Улар ўша вақтдан сўнг изн сўрамай кирсалар, сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир” (Нур, 58).
Рухсат сўрашда эшик оҳисталик билан уч бор тақиллатилади. Чунки уй эгалари биринчи тақиллатганида эшитади, иккинчисида тайёрланади, учинчисида рухсат беради. Агар рухсат берилмаса, қайтилади. Аллоҳ таоло шундай баён қилади: “Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз. Агар сизларга “қайтингиз!” дейилса, қайтиб кетаверингиз! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир” (Нур, 28).
Эшик қоқаётган киши дарвозанинг ўнг ё сўл томонида туриши ва изн бўлгач, салом бериб, сўнг ичкарига кириши лозим.
Уйдан ёш бола чиқиб, “кираверинг” деса, бу рухсатга ўтмайди. Чунки болакай уйдагиларнинг рухсатисиз ўзича “кираверинг” дейиши ҳам мумкин. Яна уй эгалари “ким?” деб сўраганида, “мен” демасдан, ўзини таништириш ҳам одобдандир. Дарвозадан киргач, ҳар томонга аланглайвермасдан уй эгаси кўрсатган жойга ўтириш ҳам одобдир.
Худоёр ЎРАЗИМБЕТОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Аллоҳ ҳамиша ҳимоячимиз
#Динимизни_ўрганамиз
Инсон дунёнинг ҳамма матоҳларига эришиши мумкин, аммо ҳаётдан ором ва таскин топиш учун эса у дуога муҳтождир.
Қисқа, аммо маъноси муаззам бўлган дуоларимиз руҳимизни тетик, қалбимизни шод этади, имонимизга ҳаловат беради.
Ҳаётимиздаги барча эзгу нияту мақсадларимизни амалга оширишда “Иншоаллоҳ” (Агар Аллоҳ хоҳласа) калимаси дилларимизга умид ва ишонч бахш этса, дунёга эндигина келган гўдакни “Машааллоҳ” (Аллоҳ нимани хоҳласа) дея кутиб оламиз ва бирор кишининг қазоси ҳақидаги хабарни эшитсак, “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун” (Биз Аллоҳникимиз ва Унинг ҳузурига қайтажакмиз) дея тасалли топамиз. Роҳатланганда ва шукр қилинганида “Алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳ таолога чексиз мақтовлар бўлсин) дейилса, ҳайратланганимизда “Субҳоналлоҳ” (Аллоҳ барча нуқсон ва айблардан покдир) деймиз ва эҳтиром, эътибор ва қутловимизни “Баракаллоҳ” (Аллоҳ баракали қилсин) дея ифода этамиз.
Гуноҳу маъсиятларимиз ҳамда хатою камчиликларимиз учун Аллоҳга “Астағфируллоҳ” (Аллоҳдан мағфират сўрайман) дея илтижо қиламиз. Устоз ва ота-онамиз ҳамда яқинларимиз ва дўстларимиз билан “Фи аманиллаҳ” (Аллоҳ таолонинг омонати ва ҳимоясида бўл) дея хайрлашамиз. Янги бир ишга енг шимарганимизда “Таваккалту аллоҳи” (Аллоҳ таолога таваккул қилдим) деб жазм қиламиз. Туғилишдан ўлимга қадар давом этган ҳаёт йўлининг ҳар қадамида бу дуолар ила Парвардигоримизга бандалигимизни ифодалаймиз.
Абдулвосе КАРИМОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Салмон Форсий
#Саҳобалар_ҳаёти
Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) Эронда туғилган. Асл исми “Рузбеҳ”дир. “Мобаҳ ибн Юзхешон” деганлар ҳам бор. Куняси: Абу Абдуллоҳ. Форслардан биринчи бўлиб Исломни қабул қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хизмат қилиб, ҳадислар ривоят этди. Матонати, ақл-заковати, ибодатда мустаҳкамлиги, донишмандлиги билан ажралиб турарди.
Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) ҳақ динни излаб ўз ота уйини тарк этди. Олдин насроний динини, кейинроқ эса Мадинага келиб Исломни қабул қилди. У зот (розияллоҳу анҳу) бундай ҳикоя қилади: “Ўшанда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Қубога келганларини эшитдим. Эртаси куни егулигимдан олиб у зот (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига бордим ва: “Эшитишимга қараганда солиҳ киши экансиз. Сиз билан ғариб-ҳожатманд саҳобаларингиз ҳам бор экан. Менда садақа бор. Бу шаҳарда унга энг ҳақли киши сиз деб билдим. Мана олинг”, дедим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) озуқани олиб, саҳобаларига: “Енглар”, дедилар. Шунда мен ўзимга ўзим: “Мана шу устозим зикр қилган унинг ўзига хос сифатидир”, дедим. Кейин ортимга қайтиб кетдим. Бу орада Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Мадинага кетдилар. Ўзимда бор нарсани тўпладимда яна у зот (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига келдим ва: “Сизнинг садақа емаслигингизни кўрдим. Мана бу ҳадя”, деб айтдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам саҳобалар ҳам ундан олиб едилар”. Шу онда: “Мана бу иккинчи хос хислат”, деб ишонч ҳосил қилдим.
Кейинги сафар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг олдиларига келганимда у зот (алайҳиссалом) саҳобалари орасида жанозага эргашиб кетаётган эканлар. Эгнимда икки қават чопоним бор эди. Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да пайғамбарлик муҳрини кўриш учун у зот (алайҳиссалом)нинг ортларидан кузата бошладим. Кетларидан ҳеч қолмаётганимни билгач, пайғамбарликларининг исботини кўрмоқчи эканимни англадилар ва ридоларини елкаларидан ташладилар. Мен муҳрга қараб, уни танидим. Сўнг ўзимни у зот (алайҳиссалом)нинг бағрига отдим, қучоқлаб йиғладим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга нима бўлди?” деб сўрадилар. Мен бошимдан ўтказганларим ҳақида сўзлаб бердим...
* * *
Али ибн Толиб (розияллоҳу анҳу) Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)ни “Луқмони ҳаким” дерди. Абу Бухтарий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)га: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари ҳақида хабар беринг”, деб айтишди. Али (розияллоҳу анҳу): “Қайси бирлари ҳақида сўраяпсизлар?” деди. “Салмон ҳақида?” деб сўрашди. Жавоб берди: “Илмнинг аввали ҳам, охири ҳам берилди. У илмда тубсиз уммон кабидир. У биздан, аҳли байтдан” (Имом Табароний).
САХИЙЛИКДА ҲИКМАТ КЎП
#Яхшиликка_чақириш
Тотувликнинг асосий омилларидан бири сахийликдир. Кимгадир мурувват кўрсатгимиз, шу йўл билан савоб олгимиз келади. Айтайлик, уйимизга етти ёт бегона одам кириб келди. У ким бўлишидан қатъи назар, илтифот кўрсатиб, олдига дастурхон ёзиб, чой-нон қўямиз. Меҳмонимиз мусофир бўлиб бир кечага жой сўраса, йўқ деёлмаймиз. Ғарб дунёсида ундай эмас. Ҳатто хонадон эгасининг яқин қариндоши ҳам меҳмонхонага бориб тунайди.
Яқин ўтмишда ҳам ўзбек аёллари, онахонлар тандирдан узилган иссиқ нонни қўни-қўшниларга тарқатиб чиқишарди-да, ўзларига етмай қолса, яна тандирга ўт ёқардилар. Уйларига қачон кирманг, самовор қайнаб турарди.
Сахийлик ҳақида қатор ҳадиси шарифлар бор. Бир ҳадисда айтилганидек, “Ким Аллоҳ розилиги учун эҳсон эшигини очса, Аллоҳ унга дунё ва охират яхшилигини беради” (Ибн Жарир ривояти). Ҳақиқий обрў учун бойлик асос бўлолмайди. Аксинча, инсоннинг мартабасини сахийлик улуғ қилади. Ҳаётда ҳар хил вазиятларга дуч келамиз. Одам турли сабабларга кўра ночор аҳволга тушиб қолиши мумкин. Кимдир соғлиғини тиклаш учун катта маблағ сарфлашига тўғри келади. Фарзандини ўқитаман деб ёрдамга муҳтож бўлиб қолаётганлар бор. Ана шундай пайтда биров сахийлик кўрсатиб, ҳожатманднинг жонига оро кирса, нур устига нур бўлади.
Қарз бериш ҳам сахийлик ҳисобланади. Бироқ қарздан қарзнинг фарқи бор. Бирор зарурат сабаб ёки бошига ташвиш тушиб муҳтож бўлиб қолган одамга қарз берилса, савоб олинади, иншоаллоҳ. Шунингдек, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар ва таниш-билишларнинг кундалик эҳтиёжлари билан боғлиқ ҳолатларда ҳам қарз бериш савобдир. Аммо ҳашаматли ресторанда тадбир ўтказиш, эрка ўғилга енгил автомашина, кенжатой қизалоққа қимматбаҳо жиҳоз, хотинга зеб-зийнат сотиб олиш учун қарзга кириш зарурат сабаб бировнинг қўлига қарашдан бутунлай йироқдир. Орамизда ҳиммат қилиб қарзидан кечиб юборадиганлар ҳам бор. Аллоҳ таоло бундай инсонларнинг гуноҳларини кечиши ҳадисда айтилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларида айтилади: “Кимки бир мўминни шу дунёдаги бирор ташвишидан халос этса, Аллоҳ уни охиратдаги ташвишларидан халос этади. Кимки бечораҳол кишига ёрдам берса, Аллоҳ унга икки дунёда ёрдам беради. Кимки бир мўминнинг айбини ёпса, Аллоҳ унинг икки дунёдаги айбларини ёпади. Банда бировнинг ёрдами учун ҳаракат қилар экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлаверади” (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).
Одатда сахийликни кўпроқ бадавлат одамлардан кутамиз. Аслида, ҳар биримиз қурбимиз етганича, имконият даражасида саховат кўрсатишга, мурувватли бўлишга бурчлимиз. Бизнинг халқ бу бурчга ҳамиша содиқ бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Иброҳим НОРМАТОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Мен ҳозир шаҳарда яшайман. Туғилиб, ўсган қишлоғимдаги уйимга борсам муқим ҳисобланаманми?
Жавоб: Киши ўз шаҳридан (қишлоғидан) кўчиб, бошқа бир шаҳарга (қишлоққа) бориб жойлашса, сўнг сафарга чиқиб ўзининг олдинги яшаган жойига борса ва у ерда ўн беш кун туришни ният қилмаса, мусофир ҳисобланади. Намозни қаср ўқийди (“Ҳидоя”).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Ирландия Республикаси
#Олисларга_саёҳат
Майдони: 70 273 кв.км.
Аҳолиси: 4 595 000 киши (2013 йил).
Пойтахти: Дублин шаҳри.
Тузуми: парламентар республика.
Давлат бошлиғи: президент.
Маъмурий тузилиши: 4 та вилоят, 26 та графликдан иборат.
Йирик шаҳарлари: Корк, Лимерик.
Пул бирлиги: евро.
Жуғрофий ўрни. Атлантика уммони жанубида, Ғарбий Оврупа минтақасида жойлашган. Ирландия оролининг асосий қисмини эгаллайди. Мамлакат номи ирландча “йire” – давлат сўзидан олинган. Ҳудудининг ярмидан кўпини тепаликлар ва паст тоғли Марказий текислик эгаллаган. Тепаликлар, асосан, қумтошдан, паст тоғлар эса оҳактошдан иборат. Оҳактошли ерларда турли унгур ва ғорлар, ер ости дарё ва кўллари учрайди. Чекка қисмларида паст ва ўртача баландликдаги тоғлар бор. Жануби-ғарбдаги Керри тоғининг энг баланд чўққиси 1041 метр.
Иқлими – мўътадил, об-ҳавоси беқарор, серёмғир, туман кўп тушади, тез-тез шамол эсади. Январдаги ўртача ҳарорат 5–8 даража, июлда эса 14–16 даража илиқ. Ирландияда дарё, кўл ва ботқоқлик кўп. Дарёлари тезоқар, музламайди. Энг йириги Шаннон дарёси.
Иқтисоди. Ирландия иқтисоди барқарор ўсаётган мамлакатлардан биридир. Ўтган асрнинг ярмигача мамлакат иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик устун бўлган. Кейинчалик хорижий сармоя ёрдамида машинасозлик, электроника, кимё саноати каби оғир саноат тармоқлари ҳамда ички имкониятлар ҳисобига озиқ-овқат, ўрмон хўжалиги, тўқимачилик, енгил саноат каби анъанавий тармоқлар яхши ривожланди. Ҳозир Ирландия иқтисодий тараққиёт туфайли Оврупада олдинги ўринлардан бирида. 1995–2000 йиллари мамлакатда иқтисодий ўсиш ўртача ўн фоизни ташкил этди. Экспорт ҳажми ошди. Бироқ бутунжаҳон молия-иқтисодий инқирози сабаб сўнгги йиллари ўсиш уч фоиздан юқориламаяпти.
Саноат ялпи ички маҳсулотнинг қирқ олти фоизини ишлаб чиқаради, экспортнинг 80 фоизига эгалик қилади. Иш кучининг йигирма тўққиз фоизи саноат тармоқларида меҳнат қилади. Мамлакатда иқтисодий ўсишнинг асосий омили четга тайёр маҳсулот чиқаришдир.
Ирландия энергияга бўлган эҳтиёжининг қирқ фоизини ички имкониятлари ҳисобидан қоплайди. Йилига ўртача ўн беш миллиард кв. соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Чет эл сармоялари кўп жалб этилган. Бу соҳада Буюк Британия, АҚШ, Олмония, Франция, Япониянинг мавқеи кучли.
Аҳолиси. Аҳолисининг тўқсон саккиз фоизи ирландлар, қолганлари инглиз, шотланд ва бошқалар. Расмий тиллари – ирланд ва инглиз тили, асосий сўзлашув тили – инглиз тили. Аҳолининг эллик саккиз фоизга яқини шаҳарларда яшайди.
Дини. Сон жиҳатидан католик ва протестант насронийлари етакчи ўринни эгаллашади. Мусулмонлар ўттиз икки ярим мингдан ортиқ. Бошқа ҳар хил эътиқодларга эргашувчилар ҳам бор.
Ирландияда илк масжид 1976 йили иш бошлаган. Мамлакат мусулмонлари 1974 йили бир уйни сотиб олиб, қайта таъмирлашди. Икки йил ўтиб, бу ерда масжид очилади, Ирландия Ислом маркази иш бошлайди. Мусулмонлар сони ортгач, Дублиндаги ушбу жоме масжид кичкиналик қилиб қолди. Шу боис 1983 йили яна бир бино сотиб олиниб, масжидга айлантирилди.
Ирландияда мусулмонлар сони кўпаймоқда. Мамлакат мусулмонларининг ярмидан кўпроғи асли Осиёдан, Африкадан келганлардир. Маҳаллий ирланд мусулмонлари ҳам озчилик эмас.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
МУСИБАТЛАР ЕЧИМИ
#Таянч_нуқта
Инсон ҳаётини бирдек равон, мусибатларсиз ўтишини истайди. Шу сабабли, баъзилар бошига бирор кулфат етса тушкунликка тушади, ноумид бўлиб нима қилишни билмайди. Баъзилар бу мусибатларнинг ечимини топа олмаганидан сиқилиб фолбиннинг ҳузурига боради, бошқаси эса ичкиликка берилади. Натижада, ўзига ҳам, яқинларига ҳам зарар етади.
Ҳар бир банда ҳаёти давомида турли қийинчилик ва мусибатларга дуч келади. Чунки бу ҳаёт синов ва имтиҳонлардан иборат. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай маълум қилинади: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз»(Бақара, 155).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қийинчилик ва мусибатлар орқали имонимизни синайди. Мол-мулкнинг касодга учраши, бемор бўлиш, ўқиш ёки ишдаги муваффақиятсизлик кабиларнинг барчаси синовдир. Ушбу оят ҳар қандай кишига ҳам мусибат етиши мумкинлигига далолат қилади. Бирор бандага етган мусибат Аллоҳ таоло у бандани ёмон кўрганидан эмас ёки аксинча, бандага етган неъмат у бандани Аллоҳ яхши кўрганидан ҳам эмас. Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандасини гоҳ яхшилик билан, баъзан қийинчилик билан синайди.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло бандаларини яхшилик билан ҳам, ёмонлик билан ҳам имтиҳон қилишини, ҳар бир иш фақат Унинг иродаси билан бўлишини билган мусулмон мусибатларда ўзини йўқотиб қўймайди. Чунки Қуръони каримда мусибатларнинг осон ечими очиқ-ойдин баён қилинган:
«...(Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда:“Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар» (Бақара, 155–156).
Мусибат етганида Аллоҳни эслаш, истиғфор сўраш ва Ўзидан умидвор бўлиш мусибатнинг ечимидир.
Юнус (алайҳиссалом) ана шу йўл билан мусибатдан фориғ бўлдилар. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:«Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!) Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз» (Анбиё, 87–88).
Даврон НУРМУҲАММАД
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
“КЕРАКЛИ СЎЗНИ СЎЗЛАНГ”
#Яхшиликка_чақириш
Тил неъматлар ичида энг улуғидир. Шу боис унинг шукрини адо қилиш масъулияти ҳам катта бўлади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўзни гапирсин, бўлмаса жим турсин” (Имом Бухорий ривояти).
Инсоннинг таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи сўзида ўз аксини топади. Шунинг учун халқимиз тилга жиддий эътибор беради. Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билик” асарида айтади:
Зеҳнлини кўрдим, у оз сўзлади,
Талай сўзладим, деб ўкинди бироқ.
Ҳакимларнинг айтишича, тил ҳар бир ақл соҳибининг фазилат хазинаси калитидир. Киши билими унинг сўзларидан маълум бўлади.
Муҳаммад ибн Исо айтади: “Ҳар бир нарсанинг кўпи фойда келтиради. Аммо гапнинг кўпи зарардир”.
Кераксиз ва ноўрин сўзлаш инсоннинг маънавий қашшоқлигидан дарак беради.
Иброҳим ибн Ашъас айтади: “Фузайл ибн Иёзнинг бундай деганларини эшитдим: Икки нарса қалбни қорайтиради; кўп гапириш ва кўп ейиш”.
Луқмони Ҳаким айтади: “Камгаплик ва сукут инсон учун тақинчоқсиз зийнат, девори йўқ қалъа ва айбларни беркитувчи ёпинчиқдир”.
Соғлом ва комил авлодни тарбиялаб, вояга етказиш ҳар бир ота-онанинг зиммасидаги муҳим вазифадир. Фарзандларимизни юксак маънавиятли, ширинсўзли, ватанпарвар қилиб тарбияласак, юрт ободлиги ва тараққиёти янада юксалади. Яратганнинг ўзи барчамизни хушхулқ, ширинсухан бандаларидан қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Кўча-кўйда очиқ-ойдин гуноҳ иш қилаётган кишининг айбини бошқаларга айтиш ғийбат бўладими?
Жавоб: Одамларни менсимасдан, мусулмонларнинг ҳурматига риоя қилмасдан кўчада очиқ-ошкора гуноҳ қилаётганларнинг айбини бошқа одамларга огоҳлантириш маъносида айтиш ғийбатга кирмайди.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ИЛМ АҲЛИНИНГ ҚУЁШИ
#Мовароуннаҳр_уламолари
Ахлоқни яхшилаш, ботин ва зоҳирни нурлантиришда устоз, йўл кўрсатувчи комил инсонларнинг ҳиссаси катта.
Китоб туманининг Хожаиспароз қишлоғида яшаб ўтган аллома Мавлоно Муҳаммад Дарвеш (қуддиса сирруҳу) шундай инсонлардан бири. Бу улуғ зотнинг исми Нақшбандия шайхлари силсиласига киритилган. Юртимизга ташриф буюрган хорижликлар нақшбандий пирлари Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний (қуддиса сирруҳу), Хожа Орифон Ревгарий (қуддиса сирруҳу), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (қуддиса сирруҳу), Хожа Али Рометаний (қуддиса сирруҳу), Хожа Муҳаммад Бобои Саммосий (қуддиса сирруҳу), Саййид Амир Кулол (қуддиса сирруҳу), Ҳазрат Шоҳ Баҳоуддин Нақшбандий Бухорий (қуддиса сирруҳу), Хожа Алоуддин Аттор (қуддиса сирруҳу), ҳазрат Хожа Убайдулло Аҳрор Валий (қуддиса сирруҳу), ҳазрат Хожа Муҳаммад Зоҳид (қуддиса сирруҳу), ҳазрат Хожа Шайх Мавлоно Муҳаммад Дарвешнинг (қуддиса сирруҳу) мақбараларини зиёрат қилишади.
Мавлоно Муҳаммад (Шайх Хожа Маҳмуд) тақволи, ориф ва ошиқ, комил инсон бўлган. Аллома “Қўл ишда-ю, қалб Аллоҳда” шиорини илгари сургани ҳолда, бутун умрини халқни илм-маърифатга йўналтиришга бағишлаган. Ҳалол йўл билан касб қилиб, хуфёна зикр қоидаларини тарғиб этган.
Мавлоно Муҳаммад ўрта бўйли, гўзал юзли, буғдой ранг, қалин соқолли, нуроний киши бўлган. Зоҳирий ва ботиний илмларини мукаммал эгаллаган, қатъий фикрли бўлиб, қалбни ортиқча туйғулардан тозалаш лозимлигини илм аҳлларига ҳамиша таъкидлагани боис “Илм аҳлининг қуёши” деган шарафли ном билан эъзозланган.
Мавлоно Муҳаммад Яъқуб Чархий ҳазратларига эвара, ҳазрат Муҳаммад Зоҳидга (раҳматуллоҳи алайҳ) жиян бўлган. Мавлоно Муҳаммад Дарвешни Хожа Маҳмуд ҳам дейишган. Тоғаларининг хизматини қилиб улуғ даражага эришган Хожа Маҳмуд шогирдларига Қуръон, ҳадис ва дин аҳкомларидан дарс берган. Аллома “Рисолаи дар сулук”, “Рисолаи хуш дар дам” каби асарлар ёзиб қолдирган.
Манбаларда, у зот ҳазрат Хожа Аҳрор Валийга ҳам шогирд бўлгани айтилади.
1447 йилда боболари Яъқуб Чархий вафот этганида, Хожа Маҳмуд ёш бола бўлган. Боболарини қучоқлаб, дуоларини олгани ҳақида ривоятлар бор.
Мавлоно Муҳаммад Дарвеш 1462 йилда тоғасининг тавсияси билан Кеш ҳудудига келган ва бу ердаги Хўжаиспароз (Аспароз) мадрасасига мударрис этиб тайинланган. Умрларининг охирига қадар шу мадрасада таълим берган. Мавлоно Муҳаммад Дарвешдан кейин фарзанди Абдулбоқи Ҳожаги Имканагий, шунингдек, Хожа Мирак Гумбади Сабзий, Хожа Муҳаммад Ризо, Мавлоно Шермуҳаммад, Шайх Салотий каби шогирдлари етук олим бўлиб етишади.
Шайх Мавлоно Муҳаммад 1562 йили табаррук ёшда Хожаиспароз қишлоғида вафот этган. Ҳозир у жой зиёратчилар билан гавжум.
Азамат НОМОЗОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
РОСТГЎЙ ОДАМ ЮТҚАЗМАЙДИ
#Динимизни_ўрганамиз
Сиз неча йил умр кечирдингиз? Ҳаётингизнинг қанча қисми одамлар билан мулоқотда ўтди? Неча марта ёлғон гапирдингиз, неча марта ўз-ўзингизни, ота-онангизни, умуман, сиз билан суҳбатда бўлган, сиздан бирор саволнинг жавобини сўраган одамларни алдадингиз? Бирор марта ростгўй бўлишнинг фойдалари ва ёлғончиликнинг зарарларини ҳис қилдингизми? Ёлғон гапириб, бу алдовингиз фош бўлганида мулзам бўлиб қолмаганмисиз?
Агар шу саволларимизга: «Мен бирор марта ҳам ёлғон гапирмаганман, фақатгина дўстларим ўртасини ислоҳ қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаш учун ёлғон ишлатганман», деб жавоб беролсангиз, мўмин экансиз, тўғри тарбия олган экансиз.
Кимки қалбини имон учун холис ва соғлом, тилини ростгўй, ўзини хотиржам, хулқини тўғри, қулоғини ҳақни тингловчи, кўзини ибрат назари билан боқувчи қилиб олган бўлса, демак, у бахтлидир.
Мунофиқлик белгиси учтадир: ёлғон сўзлаш, ваъдасининг устидан чиқмаслик ва омонатга хиёнат қилиш.
Гапларнинг ёмони ёлғончиликдир. Уни ҳазил билан ҳам, жиддий ҳам гапириб бўлмайди. Ростгўйлик эзгуликка бошлайди, эзгулик эса жаннатга, ёлғончилик ёвузликка бошлайди, ёвузлик эса жаҳаннамга. Ростгўй одамга яхши баҳо, ёлғончи одамга ёмон баҳо берадилар. Ростгўй одам чин сўзи билан Аллоҳ ҳузурида сиддиқ (сўзида содиқ) деб ёзиб қўйилади. Ёлғончи эса Унинг ҳузурида каззоб (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади.
Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам, рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам ёлғондан сақланинглар. Чунки ёлғоннинг охири вой.
Ростгўйлик инсонни очиқлик ва ваъдага вафо қилиш каби кўп фазилатлар билан сифатланишга чақиради. Барча эзгуликларнинг, хайрли ишларнинг боши ҳалолликдир.
«Ҳалол бўлсанг, яшай олмайсан» каби пуч гаплар оғзига кучи етмаган, бўйни меҳнатга ёр бермайдиган маҳмадоналарнинг чала хулосаси эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ҳалол луқма томоғингизга тиқилмайди, жиғилдонни қайнатмайди, уйқунгизни қочирмайди. Ҳар нарсанинг ҳалоли бўлсин, деб бежиз айтишмайди.
Ёлғончилик инсонни пасткашликка ундайди, пасткашлик эса жиноят сари етаклайди. Ёлғончи ўзининг манфаати учун кўрмаган нарсасини “кўрдим” дейди, ишининг оқибати ҳақида ўйламайди. Эй инсон! Сен бирор нарса ҳақида хабар бермоқчи бўлсанг, аввало ўйла, шошилма, кўрганларингнинг айнан ўзини баён қил, ўз мақсадингни назарга олган ҳолда ортиқча сўзларни қўшма, шубҳали нарсаларни ростдек қилиб гапирма. Оқибат натижада ҳеч кимга зарар тушмаса ҳам, сен зарарга тушасан, одамлар ичида обрўйинг кетади, сенга ҳеч ким ишонмай қўяди.
Муҳаммадназар ҚАЮМОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Яхши ният – барака калити
#Яхшиликка_чақириш
Инсон қалбидаги ният Ислом динида муҳим ўрин тутади. Шу боис, қилинаётган ҳар бир амалда ният фақат Аллоҳнинг ризолиги учун, холис бўлиши лозим. Чунки Аллоҳ таоло банданинг зоҳирига эмас, қалбига қарайди. Кимнинг қалби тоза ва тўғри бўлса, бутун вужуди ҳам покиза. Аксинча, қалб бузилса, бутун вужуд маънан жароҳатланади. Буни қуйидаги ҳадис ҳам қувватлайди.
“Кимки ўз ичини (қалбини) ислоҳ қилса, Аллоҳ таоло унинг зоҳирини ҳам ислоҳ қилиб қўяди”.
Қалб жуда нозик бўлиб, у тез ўзгарувчандир. Ҳадисда: “Инсоннинг қалби бамисоли саҳродаги бир қуш қанотининг шамол гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга ағдариб турадиган пати кабидир”, дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:
“Одам боласининг қалби қозон қайнаган вақтдагидан ҳам кўра ўзгарувчанроқдир”.
Ана шундай ўзгарувчан қалбни турли шайтоний васвасалардан эҳтиёт қилиш лозим. Табароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир қалбни ҳам худди ойнинг юзини булут қоплаганидек парда қоплаши мумкин. Ой атрофни ёритиб турганида тўсатдан булут келиб уни беркитиб қўйса – қоронғилик, булут кўтарилса – ёруғлик бўлади”. Инсон бирор амални қилаётганида ниятига риё аралашса, бутун амали зое бўлади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ниятни холис қилиши лозим. Шунда амал билан эришолмаган савобларни ният билан қўлга киритади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:
“Мўминнинг нияти амалидан яхшироқдир. Мунофиқнинг амали ниятидан яхшироқдир. Ҳар ким ўз ниятига қараб иш тутади. Мўмин киши қачон бирон эзгу иш қилса, қалбига нур ёғилади”.
Дарҳақиқат, мўминнинг қалбида жуда кўп яхши амалларни қилишга ният ва истак бор. Лекин уни бажариш учун имкон бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун мўминнинг қалбидаги нияти қилаётган амалидан кўра яхшироқдир. Аксинча, мунофиқ кишининг қалбида жуда кўп ёмонликларни қилишга ният ва хоҳиш бор. Лекин уни рўёбга чиқаришга имкон топа олмайди. Шунинг учун нияти амалидан ёмонроқдир.
Ният амалдан ҳам муҳимроқ эканига қуйидагилар ҳам далолат қилади:
Бир хил тоифа инсонлар борки, уларга Аллоҳ таоло илм ва мол-дунё ато этган. Улар молни илм асосида тўғри ишлатиб, яхши амаллар қилади. Иккинчи хил инсонлар борки, уларга бу нарсалар берилмаган. Лекин улар: “Агар Аллоҳ таоло ўшаларга берган нарсалардан менга ҳам ато қилганида эди, мен ҳам улар каби яхши амаллар қилган бўлардим”, дейди. Бу икки тоифа одамлар савобда баробардирлар. Бошқа бир тоифа одамлар борки, Аллоҳ таоло уларга мол-дунё ато этган, лекин илм бермаган. Улар жоҳилликлари сабабли молларни беҳуда совуриб юборадилар. Бошқа бир одамлар эса: “Агар Аллоҳ таоло менга ҳам унга берилгани каби нарсаларни ато этса эди, мен ҳам улар қилган ишларни қилар эдим”, дейди. Ушбу икки тоифа инсонлар гуноҳда баробардирлар.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
АБДУЛЛОҲ ИБН ҲУЗОФА САҲМИЙ
#Саҳобалар_ҳаёти
Ҳижрий олтинчи йили Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалардан бир гуруҳини йиғдилар. Саҳобаларнинг вазифалари Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг мактубларини ажам халқларининг подшоҳларига етказишдан иборат эди. Мазкур вазифа ўта муҳим бўлиб, саҳобалар борадиган шаҳар ҳақида ҳам, у ернинг подшоҳлари ҳақида ҳам ҳеч нарса билишмасди. Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча саҳобаларини жамлаб, шу ҳақда хабардор этдилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, сиз буюрган ишни, албатта, бажарамиз. Бизни хоҳлаган жойингизга юборинг”, деб айтишди. Бу ишга саҳобалардан олти нафари сафарбар этилди. Улар ичида Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу) Форс шоҳи Кисронинг ҳузурига бориши белгиланди.
Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу) Форс диёрига етиб келгач, сарой аъёнларини мактуб олиб келгани ҳақида огоҳлантирди ва подшоҳ ҳузурига киришга изн сўради. Кисро аъёнларини ҳамда амалдорларни ҳузурига чақириб, сўнг саҳобага кириш учун изн берди.
Кисро одамларидан бирига хатни топширишга буюрганда, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу): “Йўқ, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бу хатни ўз қўлим билан топширишимни буюрганлар”, деди. Шунда Кисро: “Майли қўйинглар, ўзи берсин”, деб буюрди. Кисро котибни чақирди ва унга мактубни ўқишни буюрди. У ўқий бошлади: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Форс шоҳи Кисрога. Ҳидоятга эргашганларга саломатлик бўлсин…” Кисро мактубдан фақат шу миқдорини эшитди-ю, ғазаб отига минди. Юзлари қизариб, бўйнидаги томирлари бўртиб чиқди. Сўнг котибнинг қўлидан мактубни юлиб олди ва уни йиртиб ташлади. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу)ни ҳузуридан чиқариб юборди.
Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу) уловига миниб юртига қайтиб кетди. Ғазабидан тушган Кисро Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу)ни келтиришларини буюрди. Аммо у кишини қидириб топа олишмади...
* * *
Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу)нинг Рум шоҳи Қайсар билан учрашуви ҳижрий ўн тўққизинчи йили, Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврига тўғри келди.
Қайсар олдин ҳам мусулмонларнинг комил имонли, мустаҳкам эътиқодли эканлари ҳамда Аллоҳ ва Унинг расули учун ҳар нарсага тайёр туришлари ҳақида эшитган эди. Ўз диёрига фотиҳ мусулмонлари келганидан хабар топиб, одамларига: “Агар улардан бирортаси асир тушса, ҳузуримга олиб келинг!” деб буюрди. Асирлар орасида Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу) ҳам бор эди. Уни Қайсарнинг олдига олиб келишди.
Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу)га подшоҳ узоқ тикилиб турганидан сўнг: Сенга бир таклифим бор”, деди. “Динингдан қайт. Агар шундай қилсанг, сени озод этаман ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатаман”. Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу): “Ҳеч қачон! Бундан кўра ўлим мен учун минг марта яхшироқ”, деди. “Сен жуда ҳам шижоатли одамга ўхшайсан. Агар таклифимга кўнсанг, салтанатимнинг тенг ярми сеники бўлади… Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳга қасам, барча мулкингни, шунга қўшиб бутун арабларнинг бойлигини берсанг ҳам динимдан қайтмайман!” деди. “Ундай бўлса, сени ўлдираман”, деди Қайсар. “Хоҳлаганингни қил”, жавоб қилди саҳоба. Қайсар уни ёғочга боғлади, сўнг бир моҳир мерган чақиртириб, ўқ узишни буюрди. Биринчисида қўлининг яқин ерига, иккинчисида оёғининг яқин жойига ўқ узилди. Аммо саҳоба Қайсарнинг буйруғини бажармади.
Ўзининг қабиҳ ниятига ета олмаган золим шоҳ одамларига Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу)ни ечиб юборишни буюрди.
Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу) Румдан қайтиб келиб, Умар (розияллоҳу анҳу)га бўлган воқеани гапириб берди.
Аллоҳ таоло барча саҳобалардан, хусусан, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу)дан рози бўлсин.
Манбалар асосида Сайдуллоҳ ТОҲИРОВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ЖАҲОЛАТ ДАРДЛАРИДАН
#Долзарб_мавзу
Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаси, таниқли драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий нашр этган (1914 йил 20 август) «Ойна» журналида миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқига, тарихига, тил ва адабиёт масалаларига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб борилган. Беҳбудий миллатнинг тараққийси учун бир неча тил билишни шарт ҳисоблади. Журналнинг биринчи сонидаёқ «Икки эмас, тўрт тил лозим», деган мақола билан чиқиб, ўзбек, тожик, араб, рус ва ҳатто хориж (мас. француз) тилини билиш шарт деб ҳисоблади: “Бизға лозимки, ўз нафъимиз учун русча билайлук, ҳукумат мактабларинда ўқуйлик. Давлат мансаблариға кирайлук. Ватанимизға ва ўз динимизға хизмат этайлук. Мусулмон бўлуб туриб тараққий қилайлук. Бу замон тижорат иши, саноат ва мамлакат ишлари, ҳатто, дини ислом ва миллатға хизмат илмсиз бўлмайдур...” Айни пайтда тилнинг муҳофазаси, ўзаро муносабатлари ҳақида муҳим ва зарур мақолалар чоп этди. Ўша даврда чоп этилган “Жаҳолат дардларидан” мақоласи бугунги тилимиз ҳолидан ҳам шикоятдир.
***
Исмимизни билмаймиз! Нима учун? Бизға ўргатмабдурлар. Масалан, исмимиз Абдулсамад экан, «Абсамат», ҳатто, қишлоқларда «Апсат» дерлар. (Афу буюрулсун, адабдан хориж бўлса-да, адабға даъват этар.) Оти Ёдгор экан — «Жодигор», Лутфулло экан — «Нутфулло» аталадур. (Астағфурулло!) Ғалат атамоқ сабаби ила авом котиблар тарафидан қозихона, валаснойхона ҳужжатларинда ва ҳукумат маҳкамаларинда ҳам шул тариқа ғалат ва масхаралик ҳолатинда ёзилур. Ҳатто, шаҳарларда, дўкон ва корхоналарни тепасинда русча ва мусулмоний хат илан «Обдукодир», «Патхулла», «Санатулло» («Санъатулло»), «Обдурахмон» ва мундан ҳам ғалатроқ ёзилиб осилган лавҳалар бордур. Бу ғалатлар бонка ва хазина ва нотариус-мақоволот муҳаррирлиги доиралариғача борар. Бир замон бу ғалат исмларни тўғри ёзиб маҳкамаға берилса, маҳкамадан тўғрини ғалат деб қайтарарларки, аларни қайтариши тўғридур. Бу ғалатларни тузатмоғи ва ё дурустларни ғалат қилмоғи учун иш эгасиға, яъни исмни соҳибиға ҳафталар ва ойлар ила югурмоқ лозим келур. Муни-да қўйдук.
Шундай ғалат кета берса, йигирма-ўттуз сана сўнгра халқ янадан авомроқ бўлуб, мусулмон исмлари яна зиёдароқ бузилур. Дўкон ва корхоналар тепасиндаги унвонлар мундан зиёдароқ ғалат исмларни шомил бўлур. Энди мунга илож, исм қўйганда, исмни маъносини баён қилинмоқ ва кайфияти талаффузни ота-онаға билдурмоқ керак. Ва алар болани ўзиға ҳам билдурсунлар ва исмларни ёзганда ва чақирганда дуруст атамоқ керак. Ва ҳам «Жўрақул», «Норқул», «Тошмурод», «Болтақул»дек маъносиз исмлар ила болани аталмасун. Балки арабий, туркий, форсий маънолик исмлар ила аталсун…
Ажаби шулки, идорада ғалат ёзилиб келган исмларни тўғри ёзиб юборилса, эгалари рози бўлмайдур. Исмлари арабий экан, араб қоидаси бўйинча «алиф» — «лом» ила ёзсанг, шикоят этарлар. Оре, ул бечораларға айб йуқ. Айб жаҳолатға ва мактабсизликға ва руҳонийларни(нг) мусоҳалаларинда, диний ва миллий ишларға диққат этмаганлариндадур. Исм тўғрисинда тотор биродарларимизни ҳам баъзи ҳоллари ажойибдур. Масалан, «Айнулло», «Набиюлло», «Руҳулло» деган исмларға учраладурки, бу ҳам бир навъ диққатсизликдур.
«Ойна» журнали, 1914 йил, 18-сон
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ГЎЗАЛ ХУЛҚЛАР
#Динимизни_ўрганамиз
Аллоҳ таолонинг розилигини топишда одобнинг ўрни жуда муҳим. Беодоблик барча нарсани, яъни амални ҳам, қалбни ҳам, тилни ҳам бузади. Одобсиз одам бирор нарсага эришиши, жамиятда яхши ўрин топиши қийин. Шунинг учун машойихларимиз: “Ким нимага эришса, фақат одоб билан эришади”, деганлар.
Баъзи кишилар одамлар билан юзма-юз турганида одоблидек кўринишга уринади, лекин ёлғиз қолганда эса кўнглига келган беодобликни қилаверади. Демак, у одобни хўжакўрсинга қилади.
Одоб инсоннинг зийнатидир. Шунинг учун ҳам ота-оналар фарзандларига, устоз шогирдларига одоб ўргатишлари керак.
Исломда одоб масаласи ибодат даражасига кўтарилган. Шаръий одобга амал қилган кишиларга ажр – савоб ваъда қилинган ва ибодатларни адо этишда ҳам одоблар жорий этилган.
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тарозида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса йўқдир”, дедилар.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “Инсонларга чиройли хулқ билан муомала қилинглар”, деганлар.
Абу Шурайҳ Хузоъийдан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, дедилар.
Шундай экан, ахлоқ-одобли, бир-биримизга меҳр-муҳаббатли бўлайлик.
Илҳомжон МАДАЛИЕВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Замонасининг пешволари
#Мовароуннаҳр_уламолари
Ўн тўққизинчи аср охири ХХ аср биринчи ярмида Намангандан бир қатор дин арбоблари етишиб чиқди. Мулла Сотти охунд, у зотнинг ўғиллари Иброҳим махдум, Исмоил махдум ва Исҳоқ махдум шулар жумласидандир. Бу зотлар совет замонининг даҳриёна тақиқлари ва ҳар қадамдаги ситамларига қарамай, диний билимларни пухта эгаллашди. Кўп йиллар дину диёнат йўлида турли масжиду мадрасаларда холис хизмат қилишди.
Сотти Охунднинг тўнғич ўғли Иброҳим махдум 1890 йили туғилган. Тўққиз ёшида Қуръонни ёд олиб, араб ва форс тилларини мукаммал ўрганди. Отасининг изидан бориб турли йиллар масжидларда имомлик, Бухородаги Мир Араб мадрасасида мадаррислик қилди. Иброҳим махдум диний билимлардан ташқари тарих ва тиб илмидан ҳам етук олим эди. У киши 1983 йили оламдан ўтган.
Иккинчи ўғил – Исмоил махдум 1893 йили дунёга келган. Бошланғич билимларни отасидан, маҳалладаги мактабда олган бу зот 13 ёшида Қуръони каримни Наманганнинг машҳур қориларидан Ғофир қори домлада ёд олди. Кейинроқ таҳсилни “Мулла Қирғиз” мадрасасида давом эттирди.
1943 йилга келиб шўролар ҳукумати динларга бир оз эркинлик берди. Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон бошчилигида бир неча уламолар Москвага таклиф этилади. У ердан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасини ташкил этиш, масжидлар очишга рухсатнома ва совет армияси ғалабасини тилаб дуода бўлиш топшириғи билан қайтишади. Ўша гуруҳ сафида Исмоил Махдум ҳам бор эди. Кейинчалик у Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳазратлари билан бирга муборак ҳаж сафарига бориш бахтига муяссар бўлди. Бирмунча вақт Намангандаги “Шайх Эшон” масжидида имомлик қилган Исмоил махдумни Тошкентга диний идорага ишга таклиф этишади. Исмоил махдум 1952 йилдан бошлаб ушбу идорада муҳтасиб, кейинчалик Мир Араб мадрасасида мудир, 1957 йилдан то умрининг охиригача диний идора раиси муовини ва қози лавозимида хизмат қилди. У кишининг диний идорадаги фаолияти жуда серқирра, шарафли, айни дамда масъулиятли ва мушкул бўлган. Бир томондан даҳрийлик асосига қурилган тузумнинг тазйиқи, иккинчи томондан Аллоҳнинг динини исломий заминда яшаётган, аммо зўрлик қутқуси остида динини унута бошлаган мусулмонлар орасида тарғиб этиш зарур эди.
Совет даврида машҳур бўлган бир жамоат арбоби: “Агар Исмоил махдум дин арбоби бўлмаганида, ўткир сиёсатчи ёки моҳир дипломат бўлиши мумкин эди”, деб айтган экан.
Исмоил махдум 1976 йили оламдан ўтди.
Сотти охунд домланинг учинчи ўғли Исҳоқ махдум 1911 йили туғилган. Бошланғич диний таълимни отасидан, сўнгра Умарча қори домла ва Ғофур қори домладан олган. Исҳоқ махдум жуда эрта Қуръон ҳофизи бўлган. У киши 1946 – 1951 йиллари Мир Араб мадрасасида таълим олди ва Наманган шаҳридаги “Шайх Эшон”, Тошкент шаҳридаги “Жўрабек”, Гулистон, Ўш, Асака, Қўқон шаҳарларидаги, Уйчи ва Чуст туманларидаги масжидларда имом-хатиблик қилади. “Тафсирул калом ва одобут таом”, “Мажмуатул ахлоқ мин таърифи қори Исҳоқ” номли асарлар ёзган. У зот шахсий кутубхонасида жуда кўп машҳур тарихий манбаларни тўплаган.
Исҳоқ махдум 1994 йили Наманган шаҳрида оламдан ўтди.
Аллоҳ таоло маърифат аҳлларидан бўлган уламоларимизнинг руҳларини шод, охиратларини обод айласин.
Низомжон УБАЙДУЛЛАЕВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Салмон билан Абу Дардо (розияллоҳу анҳумо)ни дўст тутинтирган эдилар. Бир куни Салмон Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)ни зиёрат қилгани уйига борди. Умму Дардо (розияллоҳу анҳо)ни эскирган кийимда кўриб: “Сенга нима бўлди?” деб сўради. Умму Дардо (розияллоҳу анҳо): “Дўстингиз Абу Дардонинг дунё билан ҳеч иши йўқ”, деб жавоб берди. Абу Дардо келганда Салмон унга таом тайёрлаб берди ва: “Мана бундан ол”, деб айтди. Абу Дардо: “Мен (нафл) рўза тутганман”, деганда Салмон: “Сен емагунингча, мен ҳам емайман”, деб туриб олди, сўнг у таомдан еди. Кечаси Абу Дардо намоз ўқишни бошлади. Салмон: “Ухла”, деб, уни ухлашга мажбур қилди. Туннинг иккинчи ярмида яна намозга турди. Бунда ҳам Салмон уни ухлашга мажбурлади. Туннинг учинчи қисми кирганда Салмон: “Ана энди тур”, дея иккалалари намоз ўқишди. Сўнг Салмон Форсий Абу Дардо (розияллоҳу анҳумо)га бундай насиҳат берди: “Раббингни сенда ҳақи бор, нафсингни сенда ҳақи бор, оила аҳлингни сенда ҳақи бор. Сен ҳар бир ҳақ эгасининг ҳақини бергин”.
Эртаси куни Абу Дардо бўлиб ўтганлар ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га гапириб берди. У зот (алайҳиссалом): “Салмон тўғри айтибди”, дея унинг қилганларини тасдиқладилар (Имом Бухорий, Имом Муслим).
* * *
Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) ўлим тўшагида эканида унинг ҳузурига кирди. Салмон (розияллоҳу анҳу) йиғлаётган экан. У кишидан: Эй Абу Абдуллоҳ, нега йиғлаяпсиз? Ахир, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) сиздан рози ҳолда вафот этган бўлсалар”, деди. Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу): “Ўлимдан қўрқиб, дунёга муҳаббат қўйганимдан йиғлаётганим йўқ. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам ) бизга: “Ҳар бирингизнинг дунёдан насибаси, мусофирнинг юки каби бўлсин”, дея тавсия берганлар. Мени қаранг, ёнимдаги нарсаларни? деганида, Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) ёнига қараб, тоғора ва обдастадан бошқа нарса топмади. Шундан сўнг Салмондан: Эй Абу Абдуллоҳ, мени бир нарсага буюргинки, унга амал қилай”, деб айтди. Салмон: “Эй Саъд, ҳукм чиқараётганингда, нарсани тақсимлаётганингда ва ишни бошлашингда Аллоҳга тақво қилгин”, деди (Ибн Можа).
Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)нинг хотини бундай ривоят қилади: “Салмон вафоти куни болохонада эди. Мени чақирди ва: “Эшикларни очиб қўй. Бугун менинг зиёратчиларим келади. Қайси эшикдан кириб келишларини билмайман”, деб айтди. Сўнг мушк олиб келишни буюрди. Келтирганимда: “Буни идишга солиб, сув билан аралаштир, кейин тўшагим атрофига сепиб чиқ”, деди. Шундан сўнг у кишига қарасам, жони узилган экан. Гўёки ухлаб ётган кишига ўхшарди” (Абу Наъим).
Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) ҳазрат Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) замонида вафот этди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.
Мухторжон АКРОМОВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Она – бебаҳо!
#Тарбия
Дунёда ҳеч бир инсон волидаи муҳтарама ўрнини боса олмайди. Унинг олдига дунёдаги энг лаззатли таомларни олиб келсангиз ҳам, озгина ейди-да, қолганини албатта, фарзандига илинади. Халқимизда: “Онага берманг баҳо, чунки она – бебаҳо! ” деган ҳикматли гап бор. Ота-она ҳақини адо этиш учун эса фарзанднинг умри етмайди. Шоир айтганидек:
Фақатгина она қадринг биларкан,
Фақатгина она дардинг оларкан.
Қалбинг йиғлаганда, юрагинг ёнса,
Фақатгина она дардинг оларкан.
Бир куни онамнинг кундалигини ўқиб, кўзларимга ёш келди. Унда қуйидагилар ёзилган эди:
“Жоним болам! Шундай пайтлар келадики, мен қарийман. Ўшанда сабрли бўл ва мени тушунишга ҳаракат қил.
Агар еяётган овқатимни бехосдан тўкиб қўйсам ёхуд кийимларимни ёрдамингсиз киёлмасам, “Ёш боладан баттармисиз?” деб оғринма. Сен ҳам шундай ёрдамга муҳтож эдинг, бу ишларни ўргатаётганимда қанча вақтим кетгани ҳақида ҳатто ўйламаганман. Чунки сен учун жонимни ҳам аямайман.
Қариликда агар битта гапни кўп маротаба такрорласам, эзмаликда айблама. Мени эшит, кичиклигингда ухлатиш учун сен яхши кўрган эртакни неча марталаб айтишимга тўғри келарди. Ҳар гал жон деб тинглар эдинг, мен бундан қувонардим. Менинг ҳаёт эртагим охирлаб боряпти, қачондир надоматда қолмаслигингни хоҳлайман.
Баъзи бир янгича буюмларга тушунмасам мени айблама, тушуниб олишим учун бир оз сабр қил. Ахир сенга ҳаёт синовларидан ўтишни ўргата олгандим.
Хотирам панд бериб, ниманидир эсдан чиқариб қўйсам, суҳбатда фикрларим чалкашса, койима. Ахир энг асосийси гапни гапираётганим, сенинг ёнингдалигим эмасми?!. Кичкиналигингда мендан бир зум нари кетишни истамас эдинг...
Агар ҳориган оёқларим менга хизмат қилишдан, суянч бўлишдан толиқса, қўлларингни узат. Худди қачонлардир илк қадамларингни ташлаётганингда сенга қўлларимни тутганим каби. Қариётганимдан хафа бўлма, ўзингни ожиз ҳис қилма. Ёнимда бўл, мени тушунишга, ҳаёт йўлим якунига қадар меҳр-муҳаббат, тоат-ибодат билан етишимга ёрдамингни аяма. Бунинг учун сени розилигим, дуоларим, табассумим ва ҳеч қачон сўнмайдиган меҳрим билан тақдирлайман! Сени яхши кўраман, болажоним!”
Ҳадиси шарифда: “Яхшиликни аввал онангга, онангга ва яна онангга, сўнг отангга қилгин”, деб бежиз айтилмаган. Шунинг учун ғанимат умримиз давомида ота-онамизга яхшилик қилишга шошилайлик!
Саидбараҳмабек КАРИМОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ОНАДЕК АЗИЗ
#Долзарб_мавзу
Маърифатпарвар шоир Фурқатнинг “Фиғонким, гардиши даврон, айирди ўз диёримдан”, дея бошланадиган ғазалини ўқирканман, Ватан дея аталган энг азиз гўшага қанчалар боғлиқ эканимни, усиз бирор кунимни тасаввур қила олмаслигимни теранроқ англайман. Зеро, ундан айро тушган ҳеч бир зот мукаммал бахтни орзу қилолмайди. Қанча бадавлат бўлмасин, Ватаннинг бир ҳовуч тупроғи учун борини беришга шай туради. Ватандан олисда мудом қалбининг бир чеккаси ҳувиллаб, кемтиклигини билдириб тураверади.
Бундан улкан бир ҳақиқатни англадим: Ватанни унинг гўзалликларига, сарватларига ёки қудратига қараб севиб бўлмас экан. Уни Ватанинг бўлгани учун, киндик қонинг тўкилгани учун ҳеч қандай таъмасиз яхши кўраркансан киши.
Тонгда туриб фарзандларим хотиржам ухлаб ётган уйимнинг деразасидан ташқарига боқаман. Ғира-шира ёриша бошлаган тонг, беҳол титраб турган дарахт барглари, катта йўллар ёқасида гуркираб ўсган райҳонлар, уларнинг хушбўй ислари, хуллас, Ватанимда ҳар куни кўраётганим кичик бир манзара ҳам қалбимни шодликка тўлдиради. Булар менга тинчликнинг, хотиржамликнинг белгиси бўлиб туюлади.
Аслида ҳам шундай! Аждодларимизнинг хоки поклари қўним топган, барча дўсту ёрга, хешу ақрабога тинч ва осуда ҳаёт берган ана шу Ватан билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Истиқлолнинг илк йилларидаги Ўзбекистон билан бугунгисининг қанчалар фарқи бор?! Энг чекка қишлоқлардаги мактаблар ҳам замон талаблари даражасида, кўчалар кенг ва равон, барча қулайликларга эга уйлар, ёшларнинг ҳам маънан, ҳам жисман баркамол бўлиб улғайишлари учун яратилган шароитлар...
Шаҳарларимиз манзараси ундан ҳам гўзал: кундан-кун чирой очаётган кўчалар, ҳар йили халқимиз ихтиёрига топширилаётган бинолар... Уларнинг ҳар бирига алоҳида бир меҳр ва эътибор билан ёндашилаяптики, ҳам миллий меъморчилик анъаналари, ҳам замонавийлик руҳини ўзида мужассам этган иншоотлар бугун халқимизнинг юксак салоҳиятини, қудратини бутун жаҳонга кўз-кўз этмоқда.
Шунинг баробарида таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ўзини оқламоқда. Ёшларимиз фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгалламоқдалар, спортнинг турли йўналишлари бўйича жаҳон чемпионларининг сони эса йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Эътироф этиш лозимки, бугун юртимизда барча нарса инсон ва унинг манфаатлари учун. Олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли бугун фуқароларимиз тўкин ва фаровон ҳаёт кечирмоқда.
Шундай дамларда қалбимдан бир ўй ўтади. Инсон фарзанди учун барча неъматларнинг энг сарасини хоҳлайди, бор ҳаракатини шунга кўра амалга оширади. Ватан ҳам шундай, биз учун энг яхши ҳаётни, энг сара неъматларни илинади. Олиб борилаётган барча ишлар ҳам шу халқ учун, биз учун.
Ватан! Ҳар дақиқа сен ҳақингда ўйларканман, кўнглим фақат фараҳга, шодликка тўлади. Сенинг бағрингда эркин қадам босарканман, қалбим хотиржам, бошим баланд. Мен Ўзбекистон дея аталган мустақил юртнинг озод бир фуқаросиман. Эртанги кунимнинг янада яхши бўлишидан кўнглим тўқ, фарзандимнинг ҳам обод бир келажагидан умидим катта. Бу умидимнинг, ишончимнинг асоси Сенсан она Ватаним! Энди биздан лозим бўлгани шу Ватанда туғилганимиз, унинг фарзанди эканимиз учун шукрона этиб, бу неъматларнинг қадрига етиб яшашдир. Зеро, неъматнинг шукри уни заволдан сақлаши ҳақида Аллоҳнинг ваъдаси бор! Шукр қилайликки, энг азиз неъматимиз – истиқлолимизга кўз тегмасин, Яратган уни заволдан Ўзи асрасин!
Шоир айтганидек:
Бошинг эгиб, таъзим айла, шукрона айт,
Сени гулдек эркалаган чаман учун.
Осмонларда юрган бўлсанг, тупроққа қайт,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?
дея яшайлик, азиз ватандош!
Нигора МИРЗАЕВА
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Маърифат она қалби остида шаклланади
#Аёллар_саҳифаси
Қодир ва моҳир Яратувчи ўзининг беқиёс тадбиру чеварлиги билан ҳар бир яратиғига мукаммалликни ато этиб қўйган. Олимлар ҳомиланинг ривожланиш жараёнини ўрганиб, Аллоҳ таолонинг тенгсиз қудратига яна бир бор иқрор бўлдилар.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсон Аллоҳнинг изни ва қудрати билан она раҳмида пайдо бўлади. Қирқ кунда лахта қонга айланади. Ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Ҳақиқатан, сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув (нутфа) ҳолида амалга ошади. Сўнг шунча муддат ичида лахта қон (алақ) ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт (музға) ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуркайди. Сўнг фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани – ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш буюрилади” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).
Илм-фан шуни аниқладики, ҳомила 120 кунлардан кейин ўйлаш-фикрлаш иқтидорига эга бўлади. “Фикрловчи ҳомила” китобида тадқиқотлардан чиқарилган қуйидаги хулосалар келтирилади: Аниқланишича, мия ишлаганида электр ўзгаришлар кучайиши керак. Бироқ илк олти ҳафта давомида бола миясида ҳеч қандай ўзгаришлар содир бўлмайди. 120 кундан кейин секин-аста кучсиз электр ҳаракатлари пайдо бўлади. Демак, бу ҳолатни фикрлаш деб айтиш мумкин.
Зеро, 120 кундан сўнг ҳомилага жон ато этилганидан кейин фикрлаш бошланади. Масалан 23 ҳафталик (161 кунлик) ҳомила кундузи уйғоқ бўлса, кечаси она билан у ҳам ухлайди. Ухлаш эса, ақлнинг маълум бир қисмини ишлатиш иқтидорига далил бўлади... (“Фикрловчи ҳомила” китобидан).
Шу даврда ҳомила яна она қорнида, бармоқларини сўриш, ҳис-туйғуларини билдириш, тепиниш кабиларни амалга оширади. Тадқиқотлар яна шуни кўрсатадики, ана шу пайтда болада хотира шаклланади. Шунингдек, эшитиш қобилияти ривожланиб, турли товушларни ажрата бошлайди, баъзи товушларни эслаб қолади.
Ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатади:
– Ҳомила бўлган даврида кўпроқ эшитган сўзларни бола туғилганидан сўнг ҳам эшитишни яхши кўради.
– Она кўриб ёки эшитиб хотиржам тортган мусиқа ёки кўрсатувларни тинглаганда бола ҳам тинчланади.
Яъни, бу вақтда она Қуръони карим ёки унинг баъзи сураларини такрор қилиш орқали болага уни таълим бериши мумкин бўлади. Шунда бола туғилгач, айнан ўша сураларни ёдлаши осон кечади. Агар доимий равишда Қуръони каримни ўқиб, болага эшиттириб борилса, кейинчалик Аллоҳнинг тақдир-иродаси билан бола уни тиловат қилишни хуш кўради.
Бир тасаввур қилинг, бу ҳолда ҳомиладор аёл қанчалар улкан савобларга эришади. Ҳам Қуръони каримни ўқигани, ҳам боласига ўргатгани, ҳам ҳомиладорлик машаққатларига чидагани учун Аллоҳ унга ҳисобсиз савоблар ёзади, иншоаллоҳ!
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, фарзандини ҳар томонлама комил инсон бўлишини истаган ота-оналар тарбияни уларнинг ҳомилалик пайтидан бошлаганлари маъқул.
Зокиржон ШАРИФОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Ёдингдан чиқарма
#Шеърият
Барча мавжудотни яратган У Зот,
Барига ризқу рўз тарқатган У Зот.
Қуёшдан тафту нур таратган У Зот –
Аллоҳни ёдингдан чиқарма асло.
Қатрадан чиқариб комил этар У,
Эрта не бўлишин фақат билар У.
Фарзини бажарсанг, раҳмат қилар У,
Аллоҳни ёдингдан чиқарма асло.
Барча дуолар ҳам бўлмас ижобат,
Худонинг хоҳиши бўлади албат.
Чин дилдан тиласанг беради мадад,
Аллоҳни ёдингдан чиқарма асло.
Аллоҳдан қўрққанлар қилмайди гуноҳ,
Сен ҳам қўрқувчи бўл, бўлмагил гумроҳ,
Ҳар бир қадамингдан Ўзидир огоҳ,
Аллоҳни ёдингдан чиқарма асло.
Қай қалбда камайса гар зикри Аллоҳ,
Ўша қалбдан шайтон топади паноҳ,
Ҳар қилган амали бўлади гуноҳ...
Аллоҳни ёдингдан чиқарма асло.
Комил тавба қилгин, қилгин ибодат,
Бу жон бугун сенга эрур омонат.
Бақода умидинг бўлса гар Жаннат,
Аллоҳни ёдингдан чиқарма асло.
Комил ҲАМДАМОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
МАЪРИФАТ ДИНИ
#Динимизни_ўрганамиз
Қуръони каримда “илм” калимаси 80 ўринда зикр қилинган. Илм сўзидан ясалган калималар эса юзлаб ўринларда келади. Илм билан боғлиқ “фикр” сўзи ва ундан ясалган калималар 18 маротаба, “фиқҳ” сўзи ва ундан ясалган калималар 21 марта, “ҳикмат” сўзи эса 20 марта такрорланади.
Шу рақамларнинг ўзиёқ илмнинг Ислом динидаги ўрни нақадар беқиёс эканини ифода этади.
Қуръони каримнинг илк нозил қилинган сурасининг биринчи оятида ҳам ўқишга буюрилади: «Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!» (Алақ,1). Шунингдек, Каломуллоҳда илмли инсонларнинг даражоти юксак бўлиши алоҳида таъкидланади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартабаларга) кўтарур»(Мужодала, 11).
Ҳадиси шарифларда ҳам илм олишга тарғиб қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Фаришталар толиби илмнинг қилаётган амалидан рози бўлиб, унга қанотларини қўядилар. Албатта, олим учун осмонлару ердаги нарсалар, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обидга нисбатан фазли – ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқ эканига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар фақатгина илмни мерос қилиб қолдирганлар, холос. Ким илм олса, улкан насибани қўлга киритибди” (Имом Аҳмад ривояти).
Яҳё ибн Муоз: “Уламолар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига оталари ва оналаридан ҳам меҳрибонроқдирлар”, деди. Шунда: “Қандай қилиб?” деб сўрашди. У зот: “Чунки ота-оналари фарзандларни дунё оловидан сақлайдилар. Уламолар эса охират оловидан сақлайдилар”, деб жавоб берди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: “Инсоннинг илмга бўлган эҳтиёжи ичимлик ва таомга бўлган эҳтиёжидан кўпроқдир”.
Шундай экан, ҳар бир киши илм олишга интилиши ва олган илмига амал қилиши лозим. "Бешикдан қабргача илм изла", деб бежиз айтилмаган. Илм олиш учун махсус вақт, ёш талаб қилинмайди. Кишида иштиёқ, ихлос билан ҳаракат бўлса, бас, Аллоҳ таоло унга илм олиш йўлларини осон қилиб қўяди. Дунёдаги энг ёмон нарса билимсизлик – жаҳолатдир. Зеро, илм инсонни зулмат қаъридан ёруғлик сари етаклайдиган маёқдир.
Абдураҳим ТУРСУНОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ОМИН
#Маълумотнома
“Омин” сўзи луғатда “ижобат қил” маъносини билдиради. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан оминнинг маъноси ҳақида сўрадим. У киши: “Ижобат қил”, дедилар». “Омин” дуодир. Мўмин “омин” дейиш билан дуолари қабул бўлишини Аллоҳ таолодан тилайди.
Фотиҳа сурасидан сўнг “омин” дейиш суннатдир.
Фотиҳа сурасини ўқигандан сўнг “омин” дейишни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Жаброил (алайҳиссалом) ўргатган. Абу Майсара (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Жаброил (алайҳиссалом) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фотиҳа сурасини ўқитдилар. У киши: “Валаз золлийн”, деганларида, “омин”, денг, дедилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Омин”, дедилар» (Ибн Абу Шайба, Байҳақий).
Фотиҳа сурасини ўқигандан сўнг “омин” дейиш Аллоҳнинг муҳаббатига боисдир. Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Имом «Ғойрил мағзуби алайҳим валаз золлийн», дегач, “омин” денглар, Аллоҳ сизларни яхши кўради”, дедилар» (Имом Муслим, Абу Довуд).
Фотиҳа сурасидан сўнг, мазҳабимизга кўра, овоз чиқармай, ичда “омин” дейилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Биронтангизнинг намозда (Фотиҳадан сўнг) “омин” дегани фаришталарнинг “омин”, дейишларига тўғри келса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қайси бир жамоа йиғилиб, бирлари дуо қилиб, қолганлари “омин” деб туришса, Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини албатта ижобат қилади», деганлар (Табароний ва Ҳоким ривояти).
Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ
#Динимизни_ўрганамиз
Азал-азалдан ўзбек халқи қўни-қўшничилик ҳақларига риоя этиб, меҳр-оқибат занжирларини маҳкам тутган ҳолда яшашга одатланган. Бу урф-одатнинг асли эса динимизнинг гўзал ҳаётбахш кўрсатмаларидир. Ислом таълимотида ҳар бир жабҳада бўлгани каби қўшничилик муомаласида ҳам эътиборли ва мулойим бўлишга чақирилади. Бу борадаги ҳадиси шарифларда қўшничилик ҳақлари, мажбуриятлари ва уларга амал қилиб қозониладиган савоб ёки бу ҳақлар адо этилмаганида елкага тушадиган гуноҳлар тўғрисида атрофлича эслатилади.
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жуда кўп ўринларда ўз умматларини қўшниларга нисбатан сабрли бўлишга, шунингдек, уларга яхши муомала қилиб, хайр-эҳсон ва ҳадялар улашишга чорлаганлар.
Шунингдек, уламоларимиз ҳадиси шариф ва Қуръондаги бу борадаги ояти карималарни ўрганиб чиқиб, қўшничилик вазифаларни аниқлаб берганлар: Улар қуйидагилардир:
• Қўшни билан учрашганда саломлашмоқ,
• гаплашганда гапни чўзмаслик,
• кўп савол бермаслик,
• касал бўлганда кўргани бориш,
• бошига мусибат тушганда таъзия билдириш,
• севинчли онларида қутлаш,
• уйининг олдига ахлат ва супуринди тўкмаслик,
• ҳақроҳа (ўтиш йўллари)ни торайтирмаслик,
• бирон баҳона билан уйига қарамаслик,
• қулоққа чалинган оилавий сирларини ёймаслик,
• ўзи йўқлигида уйини қўриқлаш.
Бу бурчлар ҳақида ҳадиси шарифларда эслатиб ўтилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Биласизми, қўшнининг ҳақи нима? Ёрдам сўраса ёрдам берасиз. Қарз сўраса қарз берасиз. Камбағаллашса, рўзғорига мадад бериб турасиз. Хасталанса, зиёратига борасиз. Омад кулиб боқса, уни қутланг. Бошига мусибат тушса, таъзиясида бирга бўлинг. Ундан рухсат бўлмаса, уйингизни унинг уйидан баланд қилиб қурманг. Чунки уйингизни баланд қилиб қурсангиз унинг нимасигадир тўсқинлик қилган бўласиз. Унга азоб берманг. Борлиғим қудрат қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, қўшни ҳаққини фақат Аллоҳнинг марҳаматига ноил бўлган кимсаларгина ўтай олади", деган эканлар. (Имом Байҳақий ривояти)
Яна бир машҳур ҳадисда бундай дейилган: “Жаброил (алайҳиссалом) менга қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида шунчалик узоқ уқтирдиларки, мен ҳатто қўшнилар бир-биридан мерос олишни ҳам тайинласалар керак, деган хаёлга бордим” (Имом Ахмад, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Қўшничилик ҳаққи шу қадар аҳамиятли эканидан у ҳақида бот-бот такрорланмоқда. Шундай экан, мўмин-мусулмон киши, бу бурч ва мажбуриятларни тўғри англаб олмоғи ва уларни ўташ йўлида жидду жаҳд кўрсатиши лозим.
Камолиддин АБДУЛЖАМИЛ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Раббимиз заиф, ожиз, ғариб-мискинларни Каломи шарифида зикр этади; уларга ёрдам берувчиларни мақтайди, бу иш учун мукофотлар ваъда қилади. Биз эса Аллоҳ Китобига ғафлат назари билан қараймиз. Кўп еймиз, кўп гапирамиз, кўп ухлаймиз, кўп унутамиз. Ҳиссизлик, лоқайдликдан деярли ҳалок бўладиган ҳолга келдик. Ваҳоланки, бошқаларнинг тўғри йўлга кириши учун ҳар қандай фидойиликка тайёр турган Пайғамбар (алайҳиссалом)га умматмиз. Яримта хурмони ҳам муҳтожга илинишни камситмаган, қарздорга, беморга, кексага ёрдам қўлини чўзишга тарғиб қилган раҳмат элчиси (алайҳиссалом)нинг йўлидамиз (Имом Муслим). Набийимиз (алайҳиссалом) орамиздаги заифлар сабабли ризқ берилишини эслатган, зулм ҳаромлигидан огоҳлантирган (Имом Бухорий). Жанобимиз (алайҳиссалом) дастурхонидан Абдуллоҳларга, Анасларга жой берган, етимнинг қорнини тўйдирган, муҳтожга қучоқ очганлар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки кишилик овқати бўлган кимса учинчи одамни, тўрт кишилик озуқаси бор эса бешинчи одамни меҳмон қилишини истардилар (Имом Бухорий). Саҳобаларга шўрванинг сувини кўпайтириб, қўшниларга ҳам тарқатишни тавсия қилардилар (Имом Муслим). У киши (алайҳиссалом) қўшниси оч мўминнинг тўқ ҳолда ухлашини қоралаганлар (Ибн Аби Шайба). Биз эса дунёнинг қай бурчакларида неча инсонлар очликдан ухлолмаётганини билганимиз ҳолда... Умматнинг қанчалаб етимлари совуқдан қалтирайди, бизнинг юрагимизда эса уларни иситишга ҳарорат йўқ...
Тузалишни истамаймизми? Бизни ўраб олган бўшлиқдан, зерикишлардан қутулишни хоҳламаймизми? Хоҳлаймиз, тўғри эмасми? Шундай экан, набавий насиҳатларга бўйсуниб, биздан нажот кутганларга паноҳ бўлайлик, улар учун дуо қилишдан эринмайлик. Ғафлатдан қутулиб, юрагимизни кенгроқ қилсак, ўзимиздан ортиб, бошқаларнинг дардида яшашни ҳам ўргансак, ичимиздаги қовжироқ водийларимизни тирилтира оламиз. Гўдакларнинг маъсум юзларига табассум бахш этолсак, юрагимизда ҳаммага етадиган даражада жой борлигини англаймиз. Шунда шовқинли кўчалар, осмонўпар бинолар орасида сиқилиб қолган қалбимиз эркин нафас олади. Биз одамларга, одамлар бизга кераклигини ҳис қиламиз. Шунда кулранг туслар, қора ранглар кетиб, олам кўз олдимизда камалак рангларида жилолана бошлайди.
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ