hidoyatuz | Unsorted

Telegram-канал hidoyatuz - Hidoyat.uz

11605

O'zbekiston musulmonlari idorasiga qarashli "Shamsuddinxon Boboxonov" nashriyot-matbaa ijodiy uyi. Hidoyat.uz hidoyatuz.taplink.ws Мақолангизни қуйидаги ҳаволага юборишингиз мумкин: @Hidoyat_jurnal @Muminalar_jurnali

Subscribe to a channel

Hidoyat.uz

ОНА ИСТАГИ
#Шеърият

Фарзандларим, дилбандларим, ўғлим-қизим,
Дил ҳузури, қалб сурури, кўрар кўзим,
Меҳр бериб, минг ўргилиб сиздан ўзим,
Фидо бўлсам, молу дунё сўрамасман.

Борлигингиз меним учун бир давлатдир,
Соғлиғингиз ажаб бахту саодатдир,
Шодлигингиз ўзи улуғ мукофотдир,
Шундин ўзга улуғ савғо сўрамасман.

Узун-узун кечаларни тонгга улаб,
Доим бахту омадингиз Ҳақдин тилаб,
Эвазига сиздан қилгум қатъий талаб:
Аҳил бўлинг, бошқа асло сўрамасман.

Тинчу тотув бўлсангизлар, дил хотиржам,
Сабр қилгум соғинтирган вақтингиз ҳам.
Ҳар бир ишда ҳамдам бўлинг, бўлинг бирдам,
Шундан ўзга суду савдо сўрамасман.

Минг розиман, Парвардигор бўлсин ризо,
Қўлим очиб ҳар сония қилай дуо:
Барчангизга Аллоҳ этсин ажр ато,
Шундан бўлак ажру ато сўрамасман.

Муниса ҲАМИДОВА

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Қуръони каримда, муборак ҳадисларда ота-­она олдида “уфф” дейишдан қайтарилган. Аммо бошқа жойларда киши “уфф” деб юбориши мумкин, бундай пайтда тавба қилиш керакми?

Жавоб: “Уфф” дейиш, ўрнига қараб, турлича маъноларни ифодалайди. Баъзида у норози бўлиш, сиқилиш маъноларини билдирса, айрим ҳолларда чарчоқни англатади. Шунинг учун фиқҳ китобларида, жумладан, юртдошимиз Низомиддин Шошийнинг “Хамсийн” ёки “Усули Шоший” деб номланган асарида агар “уфф!..” дейишдан ранжиш, безор бўлиш маъноси қасд қилинмаса, ота-она олдида “уфф” дейишнинг зарари йўқдир, дейилади.
Оғир ишдан сўнг чарчоқни ифодалаш маъносида бўлса, “уфф!..”ни ишлатиш мумкин.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Элинг билан ҳамнафас бўл
#Ўгит

Ота-оналик меҳримиз ила тасалли берайлик фарзандларимиз юракларига. Шунда улар меҳнат билан етар орзу-тилакларига.

* * *

Тили, миллати, дини ва Ватанига содиқлиги билан бахтлидир одамзод.

* * *

Ота-онамдан эл, ҳаёт, жамият, Ватанга бўлган меҳрни олдим.

* * *

Куч-қудратим етадиган ишга қўл уриб, ютуққа эришдим, бунда устозларим ва элимга таяндим. Уларнинг мададлари боис юзим ёруғ бўлди.

* * *

Сахий, ишончли, меҳнатсевар, қут-баракали қўллар бошимни силагани боис элга қўшилдим.

* * *

Хато-камчиликларини бартараф этиш учун чин дилдан, самимий узр сўраш фақат мард инсонларгагина хосдир.

Эргаш АТОЕВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Масжидларда намоз ўқиётганларнинг олдидан бемалол ўтиб кетиш ёки орқасидаги кишининг намозни тугатишини кутмасдан туриб кетиш ҳоллари учрайди. Бунинг ҳукми ҳақида тўхталиб ўтсангиз...

Жавоб: Пайғамбаримиз бир ҳадисларида “Агар одамлар намоз ўқиётганнинг олдидан ўтиш қандай катта гуноҳ эканлигини билганларида эди, 40 (кун ёки 40 ой ёки 40 йил) бўлса ҳам кутар эдилар”, деб марҳамат қилган эканлар (Муттафақун алайҳ). Аслида, ривоятда уч хил муддат кўрсатилмаган, балки Пайғамбаримиз мазкур ҳадисларида 40 сонини тилга олганлар, холос. Уламолар эса 40 сонини уч хил талқин қилиб, 40 кун, 40 ой ёки 40 йил деб фатво беришган.
Пайғамбаримизнинг 40 лафзини ишлатишлари ушбу гуноҳнинг оғир эканлигига далолатдир ҳамда уни қиладиган одамлар учун етарли қайтариқдир.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

РОСТГЎЙЛИК – МАЪНАВИЙ ЗИЙНАТ
#Яхшиликка_чақириш

Ростгўйлик инсонни маънавий етук, камолотга кўтарувчи омиллардан биридир. Мўмин-мусулмон киши ёлғончи бўлмайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди” (Аҳзоб, 70–71).

Суютийнинг “Жомиъ ул-кабир” асарида: “Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам ёлғондан сақланинглар. Чунки ёлғоннинг охири вой”, дейилган. Савфон ибн Сулайм (розияллоҳу анҳу): “Эй, Аллоҳнинг расули, мўмин қўрқоқ бўладими?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа”, деб жавоб бердилар. Саҳоба: “Эй, Аллоҳнинг расули, мўмин бахил бўладими?” деб сўради. У зот: “Ҳа”, дедилар. Саҳоба яна: “Эй, Аллоҳнинг расули, мўмин ёлғончи бўладими?” деб сўради. Жанобимиз: “Йўқ”, деб жавоб қайтардилар (Имом Молик ривояти).

Ёлғончилик барча разолатларнинг бошидир, инсоннинг обрўсини тўкади. Аллоҳ таоло ёлғончилар ҳақида:

“Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас” (Ғофир, 28).

“Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир”, дея марҳамат қилади (Наҳл, 105).

Шунингдек, ёлғон гувоҳлик бериш бузғунчиликнинг бош сабабчиси саналади. Чунки бунинг натижасида кишилар жабру жафо тортади, ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлади, энг ёмони, инсон умри завол топади. Исломда ёлғон гувоҳлик бериш катта гуноҳдир.

Аллоҳ таолонинг яхши кўрган бандалари ёлғон гувоҳлик бермаслиги ҳақида шундай марҳамат қилади:

“Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолда) ўтарлар” (Фурқон, 72).

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклашини, яхшилик эса уни беҳиштга бошлашини ва рост сўзлаб юрган киши Аллоҳ ҳузурида ростгўй (сиддиқ) деб ёзилиб қўйилишини баён қилганлар”.

Халқимиз “Бошингга қилич келса ҳам рост гапир”, деб бежиз айтмаган. Тижоратда, ўзаро муомалада, олди-берди қилишда, умуман, ҳаётнинг барча жабҳаларида ростгўйликка қатъий риоя этишимиз лозим!

Зафар МАҲМУДОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТЛАРИ
#Долзарб_мавзу

Жамиятшунос Шерри Теркл “Alone together” (Биргаликдаги ёлғизлик) номли китобида: “Ижтимоий тармоқлардаги суҳбатлар инсонийликни барбод қилаётган аҳмоқликнинг янги шаклидир”, дея таъкид­лайди.
Ҳақиқатан, одамларнинг ижтимоий тармоқларда шиддат билан суҳбатдош излаши замонамиз авлодига хос аҳмоқликнинг янги туридан бошқа нарса эмас. Виртуал оламда ёшларнинг қанча фаоллигига қараб, уларнинг феъл-атворига баҳо берса бўлади.

Оила кушандаси

Ижтимоий тармоқ­ларнинг жамиятга солаётган энг катта таҳдидларидан бири – кўп тинч-тотув оилалар барбод бўлиб кетаётганидир.

Биз учун оила муқаддас ҳисобланиб, ундаги тартиб-қоидалар долзарб аҳамиятга эга. Умуман, унда ўрнатилган ўзига хос қоидалар оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим бўлиб келган. Масалан, Марказий Осиё ҳудудига ислом дини ёйилгач, оилага доир қонун-қоидалар ушбу дин таълимотлари асосида шаклланди. Яъни, оилада эрнинг мавқеи баландлиги, шу билан бир қаторда, хотин ҳам тенг ҳақ-ҳуқуқларга эга экани, фарзандлар билан ота-оналари ўртасида одоб, ҳурмат чегараси борлиги, ўзаро яхши муомалада бўлиш кабилар.

Ижтимоий тармоқдаги турли кимсалар азалдан шаклланиб келаётган ана шундай қоидаларни фарзандлар онгида ўзгартиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу билан уларни ўз ота-оналарига қарши қилиб қўйишмоқда. Натижада ана шундай руҳда катта бўлган ўғил-қизлар вақти келиб, ­оила қурганларида ҳаёт синовларига чидолмасдан, енгил ҳаётни афзал кўриб, оилалар бузилишига сабаб бўлмоқда.

“Санкт-Петербург таҳлил маркази” мутахассислари ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ажрашган оилаларнинг ­15 фоизи ижтимоий тармоқларни сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Ғанимлар ноғорасига ўйнама!

Интернет жамоатчилик фикрини эгаллашга қаратилган курашларни ўзгартириб юборди. Эндиликда ҳеч қандай куч сарфламасдан, қаршилик ва чекловларга дуч келмай, омма онгига осонгина таъсир кўрсатиш, бошқаларнинг қарашларини ўз манфаатлари сари йўналтириш мумкин.

Дастлаб, ижтимоий тармоқларга махсус хизмат қилувчи блоггерлар жамоатчилик онгига кучли таъсир қилувчи воқеа-ҳодисаларни бўрттириб, қўшиб-чатиб етказишади, бошқалар эътиборини жалб этиб, уларни ҳам фаол фикр алмашишга чорлайди. Миш-миш, бўҳтону ёлғон етарли даражада тарқатилгач, секин амалий ишларга ўтилади. Ҳаммани муайян жойга тўпланишга чақирилади, воқеа-ҳодисаларга бўлган муносабатига қараб, жавобгарлик талаб қилиниши уқтирилади.

Шу тариқа, бир-бирини кўрмаган, фақат интернет орқали танишган бекорчилар тўдаси шаклланади. Блоггерлар эса олов устига мой сепишда давом этаверади. Қарабсизки, жамоатчиликдан, онгу шууридан айрилган оломон кўр-кўрона бузғунчи-буюртмачилар ноғорасига ўйнай бошлайди. Ижтимоий сайтлар, микроблоглар, глобал тармоқдаги уйдирмалар кибер макондан реал воқелик бўлиб ҳаётга кўчганидан сўнг, бузғунчилар гижгижлашни янада кучайтиради.

Воқеа жойидан тўғридан-тўғри репортажлар – мобил воситалари орқали аудио, видео ва фотолавҳалар тайёрланиб, энг таъсирлилари ижтимоий сайтларга жойлаштириб борилади.

Айрим давлатларда бўлиб ўтган ҳодиса деб кўрсатилаётган лавҳалар махсус суратга олиш майдонларида сунъий равишда ҳосил қилингани кишини ўйлантиради. Шу йўл билан одамлар ҳақиқат билан ёлғон ўртасидаги чегарани пайқашдан маҳрум этилади.

Тажрибасиз, ҳали оқ-қорани ажрата олмайдиган ўқувчи кибер дўстларига шахсий ҳаёти, ўй-кечинмалари, ўтмиши, келажаги ҳақидаги барча маълумотларни, сирларини ишониб айтаверади. Уларнинг далдаси, ширин алдовлари, сохта мулозаматлари кун сайин уни интернет билан мустаҳкамроқ боғлайверади. Бориб-бориб у интернетсиз яшаёлмай қолади...

«Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя» китобидан

idoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ФОЛБИНЛИК – УЛКАН ГУНОҲ
#Ёмонликдан_қайтариш

Халқимиз орасида фолбинлик, азайимхонлик, сеҳр билан шуғулланаётганлар оз бўлса-да учрамоқда. Улар аслида халқни эмас, ўзларини алдашяпти, нафсининг қулига айланиб, имонини сотишмоқда. Одамлар орасида сеҳр-жоду қилувчи фолбинлар диндан чиқади. Уларнинг олдига борганлар, айтганларини бажарганлар эса эътиқодда адашади ва гуноҳга ботади.

Фолбинларнинг сўзи билан икки қўшни бир-бирига душман, фарзанд отага қарши бўлиш ҳолатлари учрамоқда. Бир аёл бошига тушган шундай ҳолатдан шикоят қилиб дейди: «Яккаю ёлғиз фарзандимнинг оиласи бузилиш арафасида эди. Шу боис, қўшниларим менга фолбинга боришни тавсия қилишди. Фолбиннинг эшиги олдида бир соатдан ортиқ навбат кутдим. Навбатим етгач, ичкарига кирдим. Қоронғи хонага қадам ташлашим билан юрагим орқага тортиб кетди. Хира шам ёруғида қора либосга ўранган фолбин ўтирарди. У мендан дардимни сўради. Айтган эдим, бироз ўйланиб туриб: “Биров қизингизнинг суратини қабрга кўмган ва қабр тупроғига дам солиб, уйи олдига сочган. Энди қайтариқ қилмасак, қизингиздан ажраб қолишингиз мумкин”, деди...»

Аллоҳ таоло фолбинлик, азайимхонлик ва сеҳр-жоду улкан гуноҳ эканлиги тўғрисида бундай огоҳлантиради: «Яна, (улар) Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) ўқийдиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар. (У икки фаришта): «биз фақатгина синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!», – деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар. Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар. (Хуллас) ўзларига фойдаси йўқ, балки зарарли нарсаларни таълим олар эдилар. Уни (Аллоҳ китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди! (Бақара, 102).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ким фолбин ёки сеҳргарга бориб, унинг айтганларини тасдиқласа, Муҳаммадга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди", деганлар. Демак, мўмин инсон фолбинларнинг олдига бориб, унинг айтганларини тасдиқласа, Қуръонга куфр келтирган бўлади.

Бугунги кунда баъзи кишилар ўзаро жиноий тил бириктириб, қабиҳ ишларни қилишмоқда. Улардан биттаси бир кишининг молини ўғирлайди ва яшириб қўяди. Молини қидириб тополмаётган кишига иккинчиси бориб, фалон фолбин молингни топиб беради, дейди. Шу тариқа мол топилади. Фолбиннинг обрўйи ошиб бораверади. Афсуски, бу каби ёлғон, фириб йўли билан мол тўплаётганлар охиратда аламли азобни сотиб олаётганидан бехабардир.

Дунё синовлардан иборат, шунинг учун ҳар биримиз ўз яқинларимизни дунёю охиратимиз учун зарарли бўлган иллатлардан қайтаришимиз зарур. Зеро, яхшиликка далолат қилганлар ҳам уни бажарганчалик ажр олганидек, ёмонликка сабабчи бўлган кимсалар ҳам ўшаларнинг гуноҳига шерикдир. Аллоҳ ҳеч кимни ҳидоятдан адаштирмасин!

Алишер ДЎНГБОЕВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Борар жойни обод қилайлик
#Ибратли_ҳикоялар

Қисса: Бир ғаройиб шаҳар-давлат бўларди. Ўша шаҳар-давлат аҳолиси ўзлари учун фақат бир йилга ҳукмдор тан­лашарди. Бир йил тўлганидан кейин уни умрининг қолганини яшаши учун узоқ оролга юборишар, ўрнига яна бошқа кишини кўтаришарди. Улар эски ҳукмдорни оролга юборишдан олдин унга яхши кийимларни кийдириб, уни катта бир филга ўтқазиб, унинг атрофида айланиб, хайрлашиб қолишарди. Бу лаҳза ҳукмдор учун энг қийин ва аламли бўларди. Улар ҳукмдорни умрининг қолганини ўтказиш учун кемага ўтқазиб, ўша оролга юборишарди.

Ҳолат шу зайлда давом этаверди. Халқ охирги ҳукмдорни ҳам оролга кузатиб қайтаётганида яқиндагина сувга ғарқ бўлган бир кемага дуч келишди. Улар у ерда бир парча тахтага осилиб жон сақлаб қолган бир ёш йигитни қутқариб олишди. Улар ўша йигитни ўз юртларига олиб келиб, ундан ўзларига бир йил ҳукмдорлик қилиб беришини сўрашди. У бошида бу таклифга унамади. Кейинчалик рози бўлди. Одамлар унга шаҳарни роппа-роса 12 ой бошқариши, сўнг у ҳам ўша охирги ҳукмдор юборилган оролга кетишини таъкидлашди. Орадан уч ой ўтгач, йигит шаҳар тахтини эгаллади. У вазирлардан ўтган ҳукмдорлар юборилган оролни бориб кўрмоқчилигини айтди. Вазирлар унинг истагига рози бўлиб, уни ўша оролга олиб боришди. Ёш ҳукмдор бориб қараса, у жой катта ўрмон билан ўралган, ҳар томондан йиртқич ҳайвонларнинг товушлари эшитилиб турадиган бир жой экан. Ҳукмдор шаҳарга қайтиб, юз нафар бақувват йигит­ни тўплаб, уларга оролни ҳар хил зарарли ҳашаротлар, ўсимликлар ва йиртқичлардан тоза­лашни буюрди. У ҳар ойда оролга ишнинг кетишини кўриш учун келарди. Иш секин-асталик билан олдинга силжий бошлади. Оз фурсатдан кейин орол топ-тоза ҳудудга айланди. У ўша жойда яшайдиган айрим ҳайвонларни қўлга ҳам ўргатди. Орадан уч ой ўтгач, оролга муҳташам қаср ва бандаргоҳ қуриш учун меъмор-ишчиларни юборди. Қурилишлар битгач, орол чиройли гўшага айланди. Ҳукмдор жуда зийрак бўлиб, оддий кийимлар кияр, шаҳарда ўзи учун кўп харажат қилмас, унга қилинган инъомларнинг кўпини шу оролни таъмирлаш учун сарфларди. Муддат ўтиб, ҳукмдор бўлганига ҳам бир йил тўлгач, унинг сафар қилиш вақти етди. Аҳоли, анъанага мувофиқ, унга ҳам қимматли кийимлар кийдиришиб, катта филга ўтқазиб хайр-хўш қилиб оролга кузатишди. Лекин бу ҳукмдор ўтган ҳукмдорлар каби ғам-андуҳга ботмасдан, хушчақчақликда одамлар билан хайрлашди. Ажабланган одамлар хурсандлиги боисини сўрашди. Ҳукмдор уларга донишмандларнинг ушбу ҳикматини сўзлаб берди:

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ТАСБЕҲ
#Маълумотнома

Тасбеҳ айтиш ёки “Субҳаналлоҳ” де­йиш мусулмон кишининг кундалик амалларидан ҳисобланади. Луғатда “тасбеҳ” сўзи улуғлаш, “Субҳаналлоҳ” дейиш зикр, намоз маъноларини англатади. Қуръони каримда «Бас, тунга кириш пайтингизда ҳам, тонгга кириш пайтингизда ҳам Аллоҳни зикр этинг!» дейилган (Рум, 17).

Журжоний тасбеҳни: “Ҳақ таолонинг ҳар қандай нуқсон-камчиликдан поклигини ёд этиш, улуғлаш”, деб таърифлаган.

Тасбеҳ айтаётган, яъни, “Субҳаналлоҳ” деяётган киши қалбида унинг маъносини англаб, Яратганининг улуғлигидан қўрқув ва ҳайбат ҳосил бўлиши лозим.

Тасбеҳ айтувчи ўтирган бўлса, қиблага юзланиши, бошини қуйи эгиб, вазмин ва виқорли, хокисорлик ва хушу билан ўтириши афзалдир.

Тасбеҳни таҳоратсиз ҳолда ҳам айтиб юрса бўлади.

Тасбеҳ айтганда овозини баланд кўтармайди, ўзи эшитадиган, ёнидаги одам эшитмайдиган қилиб айтиши лозим.

Тасбеҳ айтишнинг муайян вақти йўқ. Уни барча вақтларда айтиш жоиз. Ойша (розияллоҳу анҳо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳни барча вақтларда зикр қилар эдилар” (Имом Муслим ривояти).

Жимоъ ва хутбадан бошқа вақтда, ҳожатхона ва ифлос жойлардан бошқа жойда тасбеҳ айтса бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тонг отганда ва кеч кирганда тасбеҳ айтишга тарғиб қилиб: “Ким тонг отган ва кеч кирганда юз марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” (Аллоҳ барча нуқсонлардан пок, Унга ҳамд айтаман) деса, қиёмат куни ҳеч ким ундан яхши нарса билан келмайди. Фақат у айтганидек ёки ундан кўп айтган киши ундан яхши нарса билан келиши мумкин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Абдулазим МУҲАММАДИЙ тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Ҳаёт таянчларидан бири – мол-дунё. Инсон яхши ҳаёт кечириши учун жисмининг табиий эҳтиёжи бўлмиш моддий озуқага эътибор бериши керак. Шунинг учун динимизда тарки­дунёчилик, яъни жисмнинг эҳтиёжларини қондирмай, буткул ташлаб қўйиш мумкин эмас. Аксинча, унинг эҳтиёжларини шариатнинг аҳкомларига мувофиқ қондириб бориш ва бу борада тўғри йўл тутиш керак. Маишатпарастликка берилиб, ҳаётнинг маъно-мазмуни фақатгина жисм, нафс талабларини юқори даражада адо этишда деб тушуниб қолмаслик керак. Шу билан бирга, жисмни тирикчилик, оғир меҳнат билан, ортиқча қийноқларга солиб, уни бирор касб-ҳунар билан шуғулланишга ҳам, ҳатто ибодатларни адо этишга ҳам яроқсиз ҳолга келтириб қўймаслик керак. Банда меъёрида ҳаракат қилиб, бировга қарам бўлмай, тиланчи ёки гадойга айланиб қолишдан сақланиши лозим. Бундан ташқари, яшаш учун саъй-ҳаракат қилишда, нафақат ўзининг, балки қарамоғидаги аҳли аёли, бола-чақаси ва яна бир қанча камбағал-мискинларнинг ҳам нафақасини адо этишдек хайрли амаллар бор.

Инсон жасад ва руҳдан иборат экан, ҳар иккаласининг ҳам ўзига яраша талаблари, лаззатланишга эҳтиёжи бор. Кимки бу иккисининг талабларига қарши чиқиб, табиий фитратни бузса, ҳаёти издан чиқади. Бунинг мисолларини тарихдан ҳам, ҳозир ҳам истаганча топиш мумкин. Бутун борлиғини, мол-дунёсини, куч-қувватини фақат моддий эҳтиёжларга бўйсундирганларнинг худди ҳайвон каби ҳаёт кечираётганини кўриб турибмиз.

Инсон мазкур жисмоний талабларни ҳалол йўл билан адо этмаса, унга ҳаракат қилмаса, моддийлик ундан ғолиб келиб, шайтон ва нафси уни ҳаром йўл билан бўлса ҳам эҳтиёжларини қондиришга чорлайди.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг раҳ­матига эришган, ҳавои нафсига қарши турадиганлардан қилсин!

Обиджон МАМАЖОНОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Фарзандни қандай бўлса шундайлигича – ўзининг алоҳида хусусиятлари, одатлари билан қабул қилиш лозим. Ҳар бола алоҳида бир олам, унинг шахси такрорланмаслигини, ўзига хослигини тушуниш ота-онадан сабр ва масъулият талаб қилади. Фарзанд ота-онаси истаганидек мукаммал шахс бўлмаслиги мумкин. Шуларни ҳисобга олган ҳолда болалар дунёқарашини шакллантириш, камчиликларини, ҳиссиётларини, иқтидорини инобатга олган ҳолда тарбиялаб бориш ота-онанинг энг муҳим вазифасидир.

Шунингдек, боланинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, атрофдагиларни ҳурмат қилиш, меҳр-муҳаббат кўрсатиш ва бирдамликда ҳаракат қилишга ўргатишда устоз-муаллимлардан кўра, ота-она ва бобою бувиларнинг ўрни беқиёс. Улар ўз ҳаётлари давомида кўрган қийинчиликлари ва йўл қўйган хатоларидан тўғри хулоса чиқариб, болаларга бундай ҳолга тушмаслик йўлларини тушунтиришлари ўзига бўлган ишонч, меҳнатсеварлик ҳамда сабр-тоқат ҳиссини юзага келтиради.

Шунингдек, ота-она боланинг хато ва камчиликларини юзига солишдан, бошқалар олдида уялтиришдан тийилишлари керак. Бу ҳолат болада ўзига нисбатан ишончсизликни пайдо қилиши мумкин. Аксинча, болага: “Сени бугунги ишинг яхши, эртага бундан ҳам яхши бўлади”, дея рағбатлантириб туриш лозим. Тарбиянинг бу йўли боланинг руҳий ва жисмоний саломатлигини мустаҳкамлайди, олдига қўйган мақсади йўлида ички ва ташқи келишмовчиликларни енгиб ўтишида куч бағишлайди ва энг асосийси ўзига бўлган ишончни кучайтиради.

Айтиб ўтилган тарбия ишларини амалга оширишда дастлабки қадам эса ота-онанинг маънавий билим савиясини юксалтириш, уларда соғлом тафаккур ва замонавий дунёқарашни шакллантиришдир. Бу эса ҳар бир ота-онанинг ўз фарзанди, қолаверса, эл-юрт олдидаги бурчини тўғри англашини, боланинг камол топиши борасидаги диний ва миллий кўрсатмаларни пухта билишини тақозо этади.

Аброр АЛИМОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

БАНДАГА МУҲТОЖ ҚИЛМАГИН
#Шеърият

Биламан, оламга сиғмас гуноҳим,
Фарёдим чексиз-у, кўп оҳу воҳим.
Парвона қошимда пушту паноҳим,
Хешларим омонда сақла, илоҳим,
Бандани бандага муҳтож қилмагин.

Оғзингга чайналган нонин тутса ҳам,
Лабингга кавсар сув чойин тутса ҳам,
Қўшқўллаб яшаган жойин тутса ҳам,
Малҳам деб заҳмингга жонин тутса ҳам –
Бандани бандага муҳтож қилмагин.

Бемору кексалар инжиқ бўлади,
Кўнгиллари ярим, синиқ бўлади.
Аммо хотиралар тиниқ бўлади,
Қалбдан дуолари илиқ бўлади,
Бандани бандага муҳтож қилмагин.

Сўзларим кўнглингга олмагин малол,
Жигарим, ҳеч қачон кўрмагин завол.
Меҳрли нигоҳлар бўлмасин увол,
Йиғла, Абдураҳмон, айтиб хасби ҳол:
Бандани бандага муҳтож қилмагин...

Абдураҳмон МАҚСУДОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Маҳаллага тайинланган имом кунда беш вақт намозни ўқиб бериши шартми?

Жавоб: Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги вакиллик­лари томонидан имом-хатиблар, уларнинг ноиб­лари маҳаллага эмас, балки масжидларга тайинланади. Тайинланган имом-хатиблар, улар бўлмаганида эса ноиблари беш маҳал намозни ўқиб беришлари шарт.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“ЭЛГА ҚИЛСА БИР ЖАФО...”
#Долзарб_мавзу

Бир донишманд оилали, бола-чақали йигитнинг ҳар куни зарур юмушларини ташлаб, тепаликка чиқиб узоқдаги ўтовларни кузатаётганини кўриб: “Ўғлим, қачон қарасам, олислардан кўз узмайсан. Сен аввал ўз гўшанг, яшаётган уйингга ҳушёр бўл, йўқса, уйингни бошқалар кузатади. Кейин аттанг қилиб қоласан”, деб танбеҳ берди. Дарҳақиқат, йигит ортига ўгирилиб қараса, аёли аллақачон уйини ташлаб кетган экан...

Бу ҳикоят мағзини чақиб кўрайлик. Алдов­лар, пуч ғояларга учиб, қаерлардадир адашиб, дайдиб юрган ғофил кимсалар оиласидан, фарзандларидан айрилиб қолаётгани сир эмас. Яқинда хизмат тақозоси билан бир хонадонга кирдик. Ҳовли ҳувиллаб ётибди. Томорқа қаровсиз, ҳатто мевали дарахтлар ҳам қуриб қолган. Уй эгаси етмишларга яқинлашган онахон. Рангсиз юзлари, нурсиз кўзларига боқиб, дилинг хуфтон бўлади. Ўрнидан туриб, юргани мажоли йўқ, қўллари қалтирайди. Бизни кўриб, йиғлай бошлади. Қўни-қўшнилар уни ёлғизлатиб қўйишмабди. Иссиқ таом билан йўқлаб туришибди... Одамийлик ўлмасин, дейсиз.

Бояқиш кўнглини ёзди. Бундан бир неча йил аввал ўғлининг юриш-туришида ўзгаришлар юз берган. Келинига турли чекловлар қўйган, ҳатто унга алоҳида ҳайдовчи ёллаган. Тез-тез хизмат сафарига кетяпман деган баҳонани рўкач қилиб, оила аъзоларини алдаган. Улфатлари билан бузғунчи тўдага қўшилган. Жаҳолат ва залолат ботқоғига ботган ўғил қамоқ жазосига маҳкум этилади. Хотини эса эри қамалгач, ҳайдовчига турмушга чиқиб кетади. Болалар бувининг қарамоғида қолади. Ўғил қамоқдан қайтганидан кейин янги улфатлар топади. Онасининг оҳу зоридан пинак бузмайди. Аёлининг хиёнати кўнглига ғашлик ҳам солмайди. Россияга жўнаб кетади. Бирор марта на онаизоридан, на болаларидан хабар олади. Пуч ғояларга алданган ўғил уларнинг сиртмоғидан омон қололмади.
Телеэкран орқали панжара ортида ўтир­ган турли ёшдаги кимсаларни кўр­га­ним­да, уларга қараб, юракда ўкинч, алам билан сўзлагим келади: “Эй замондо­шим, азиз юртдошим, сизга нима керак эди?! Урушни суйган одам эл бўлармиди? Юртига қайғу-кулфат соғинган кимсанинг косаси оқарадими?! Она Ватанга, муқаддас тупроққа, содда ва самимий халқимизга му­носиб яшашни қачон ўрганасиз?! Қал­бингизни ёмон иллатлардан халос этинг! Юртимизнинг забардаст уламолари фатволари турганида сохта “дин пешво”­ларининг олди-қочди кўрсатмаларига таян­дингизми?! Аниқ далиллар турганида ёлғон даъволарга шунчалик тез ишондингизми?! Кимлар аждодингиз, кимнинг авлодисиз? Наҳот унутган бўлсангиз?!”

Азизлар, меҳнат ва ижод билан зийнатланаётган ҳар бир кунимизнинг қадрига етсак, боболарнинг маънавий чашмаларидан қониб ичсак, юртни улуғласак, тинчликни асраган бўламиз. Халқ тинчлигини, фаровонлигини ўз манфаатларидан устун қўйган аждодлар авлодимиз, ахир! Ҳазрат Навоий битганларидек,

Манга қилса юз жафо, бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам...

Маъмура АБДУРАҲИМОВА

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

6. Эр-хотин арзимас нарса устида хусуматлашмасин. Хусумат шундай иллатки, қаерда тарқалса, ўша жойни хароб қилади. Турмушда келишмовчиликлар юз бериши, эрдан ҳам, хотиндан ҳам хатолар содир бўлиши табиий ҳол. Бундай пайтларда икки томон ҳам сабрли ва кечиримли бўлиши зарур.

Бир киши хотини билан гап талашиб қолиб, унга қўл кўтарди. Бундан хабар топган отаси сабабини сўради. У: “Овқатга туз cолишни унутгани учун”, деди. Оқил ота: “Хотининг унутган бўлса, ўзинг солиб қўя қолганинг урганингдан маъқулроқ эди-ку!” деб айтди. Шундай оддий нарсадек кўринган сабаблар устида жанжаллашиш уйдан барака, эр-хотин ўртасидан муҳаббат кўтарилишига олиб келади.

7. Эр-хотин айбу нуқсонларини бир-бирларининг юзларига солишдан сақланишсин. Бу ишнинг фазилатли экани манбаларда тез-тез тилга олинади: “Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз” (Бақара, 187); Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади”, дедилар» (Имом Муслим).

8. Эр-хотин бир-бирлари билан маслаҳатлашишсин. Эрнинг аёли билан кенгашмоғи жуфтини хурсанд қилади. Аёл эри олдида қадри борлигини ҳис этади. Эр-хотин ўртасида меҳр-муҳаббат зиёда бўлади. Бу хусусда ҳам энг гўзал мисолни Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳаётларидан топамиз. Ҳудайбия сулҳи имзолангач, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга: “Туринг, қурбонликларингизни сўйинг ва сочларингизни олдиринг!” дедилар. Аммо бу амрни уч марта қайтарсалар ҳам, бирор киши ўрнидан турмади. Асҳобнинг бу ҳаракатига, улар назарида, шартлари оғир бўлиб кўринган сулҳ сабаб бўлган эди. Набий (алайҳиссалом) бу ҳолдан хафа бўлдилар. Завжалари Умму Саламанинг чодирига кирдилар ва воқеани айтдилар. Умму Салама (розияллоҳу анҳо): “Ё Расулуллоҳ! Ташқарига чиқинг. Бир оғиз сўз айтмай қурбонлигингизни сўйинг, соч олувчингизни чақиринг, сочингизни олсин! Асҳоб сизни кўриб, ортингиздан эргашади!” дея у зот (алайҳиссалом)га тасалли бердилар. Расули акрам (алайҳиссалом) маслаҳат қилинганидек иш тутдилар. Саҳобалар ҳам у кишига эргашишди.

Бадихон БАРАТОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Неъматлар калити
#Яхшиликка_чақириш

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида сўзлаш шукрдир, неъмат шукрини гапирмаслик куфрдир” (Имом Аҳмад).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эсланг: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”» (Иброҳим, 7).

Шайх Саъдий: “Бир нафасга икки марта шукр айтиш вожибдир”, дея таъкидлайди. Неъматларга шукр қилиш, қадрлай билиш уларни давомийлигига, зиёда бўлишига олиб келади.

Манбаларда, банда кишини қилган яхшилигини билмаса, яъни ундан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолонинг неъматларига ҳам шукр қилолмайди, дейилади.

Бугун неъматлар қадрини англаб етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран назар ташлаб, тафаккур қилишимиз кифоя. Айрим давлатларда кечаётган сиёсий жараёнлар, турли бузғунчи оқимларнинг ўз мақсадлари йўлидаги қонли урушлари, хунрезликлари оқибатида қанчадан-қанча тинч аҳоли азият чекмоқда.

Яратганнинг ўзи бизга тинчлик-омонлик каби тенгсиз неъматларини ато этиб турибди. Улуғ неъматларнинг шукри елкамизга улкан масъулият юклайди.

Фаровон ўтаётган кунларимиз қадрига етиб, турли нопок, бузғунчи оқимларнинг найрангларидан ҳамиша огоҳ яшашимиз зарур.

Шукр фақат лафз билан бўлмайди.

Қайси соҳада ишлашидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро тинчликни сақлаш, фитналарнинг олдини олиш борасида ўзини масъул, деб билиши зарур. Шунда Аллоҳ таоло берган улуғ неъматларга шукр қилувчилардан бўламиз.

Исломиддин ЗУҲРИДДИНОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

КЕЛИНГА “СОЛИҚ” СОЛМАНГ
#Аёллар_саҳифаси

Не-не орзулар ила кутганингиз – хонадоннинг янги бекаси эрта-индин остона ҳатлаб кириб келади. У нафақат ўғлингизга жуфти ҳалол, балки бўлажак невараларингиз, наслингиз давомчиларининг онаси, биринчи ва асосий тарбиячиси бўлади. Қадами қутлуғ келсин, ўзи имонли-инсофли, маърифатли бўлсин, Илоҳим... Хаёлингиздан мана шундай ўйлар ўтяптими ёки тўйнинг дабдабасию келадиган мебелларнинг шаклу шамойили муҳимроқми сиз учун?
Кейинги йилларда матбуотда тинимсиз бонг урилгани, маҳалла ва жамоатчилик аралашуви ўз самарасини кўрсатди: тўй тадбир-маросимлари бироз ихчамлашгандек, 40–50 талаб тоғора олди-бердисига чек қўйилгандек бўлди. Аммо, таассуфки, уларнинг ўрнини исрофга олиб келувчи бошқа “орзу-ҳаваслар” эгаллади. Энди қиз томонга “солиқ солиш” одат тусига кирмоқда. Ёзилмаган қонунларга кўра, юртимизнинг айрим ҳудудларида (Тошкент ва водий томонларда) янги рўзғорга керакли барча ашёлар, мебеллар тўплами, уйни жиҳозлаш тўлиқ қизнинг ота-онаси зиммасига тушади. Бунга қўшимча янгидан-янги талаблар урфга киряпти: ҳайит айёмига – автомат кир ювиш машинаси, куёвтўранинг туғилган кунига – телевизор, чақалоқ туғилса, яна қимматбаҳо жиҳозлар...
Яқинда бир воқеага гувоҳ бўлдик. Уйнинг тўй олди таъмири ниҳоясига етгач, келиннинг яқинлари уни жиҳозлашга киришган.
– Гилам деворлар рангига мос тушмабди, ҳажми ҳам кичик экан. Алмаштириб, қандилларни ҳам шуларга мослаш керак, – дебди куёвтўра бўлажак қариндошларига. Буни эшитган қайнота қаттиқ ранжиган, куёвини майдакашликда айблаган. Икки тараф бир-биридан норози, ўртага совуқчилик тушган. Бу ўринда йигитлик, эркаклик орияти қаерда қолади? Бундай нарсаларга ортиқча аҳамият бериш аёлларга хос, кўпгина хотин-қизларнинг мол-давлатга ўчлиги сир эмас. Сўнгги пайтларда эркак­ларимиз, айниқса, тўй-ҳашам масалалари, ёш оилалар муаммоларини ҳал этишда тизгинни кўпроқ хотинлар қўлига бериб қўймоқда. Оила бошлиғи – эркакларнинг фикри, қарори бирмунча қадрсиз. Шу боис баъзи қайноналар келин томонни “солиқ”қа тортишдан уялмайдилар.
Аслида оилани баҳоли қудрат уй-жой, жиҳозлар билан таъминлаб, никоҳни эл-юртга ошкор қилиш фақат куёв томоннинг вазифасидир. Икки томоннинг келишуви билан ёшларни энг зарурий жиҳозлар билан таъминлаш ҳам мумкин. Қолганини эса эр-хотин пешона териси билан, ҳамжиҳатликда топгани маъқул. Шунда бор-йўғининг қадрига етади, яхши-ёмон кунларида елкадош бўлган жуфти ҳалолини ардоқлайди.
Бизда тўй олди-бердилари, уларнинг сони ва қиймати кўп муҳокама қилинади. Аммо икки ёш мустаҳкам оила қуришга, жиддий муносабатларга, соғлом ва баркамол фарзандларни тарбиялашга тайёрми ёки йўқми, шу ҳақда қанчалик қайғуряпмиз?! Ҳаётнинг мазмуни ҳою ҳавас, дабдабадан иборат эмас. Маблағни кўпроқ фарзандларнинг илм олиши, ҳунар ўрганиши, жамиятга фойдаси тегадиган комил инсон бўлиб етиши йўлида сарфласак, ҳам уларнинг, ҳам ўзимизнинг икки дунёмизга фойда келтирган бўламиз, иншааллоҳ.
Динимизда исрофгарчилик қаттиқ қораланади. Аллоҳ таоло: «Енглар, ичинг­лар, исроф қилманглар» (Аъроф, 31); «Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро, 26), деб огоҳлантиради.
Ортиқча дабдаба риёкор­ликка, манманликка, ким­ўзарга, ўзаро ҳасадга, имкони йўқларнинг кўнгли ўксишига олиб келади. Исрофгарчиликнинг барча кўриниш­ларига барҳам бериш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг вазифаси. Фақат илоҳий кўрсатмалар, набавий таълимотлар, дину диёнат, гўзал ахлоқ асосида қурилган оилагина мустаҳкам ва бахтли бўлади.

Мунира ЭРКИН қизи

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ТАВАККУЛ
#Динимизни_ўрганамиз

“Таваккул” сўзи луғатда ўзгага суяниш, топшириш, таслим бўлиш маъноларини англатади. Шариатда эса таваккул Аллоҳга ишониш, Унинг ҳукми бўлишига имон келтириш, амалида керакли сабаб (восита)­ларни тутишда (қўллашда, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига эргашишдир.

Таваккул – Аллоҳга ишониш, барча ишларда Унга суяниш вожибдир. Қуръони каримда бундай буюрилган: «(Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 159); «Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар!» (Оли Имрон, 122).

Олимлар Аллоҳга таваккул қилиш ва ризқ излаш, душман ва касалликлардан ҳимояланиш бир-бирига зид эмаслигини таъкидлашган. Фақат воситаларнинг ўзи фойда ҳам, зарар ҳам келтиролмаслигига ишониш, сабаб ва натижа Аллоҳ таолонинг феъли ва Унинг хоҳиши билан бўлишига имон келтириш зарур.

Саҳл (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Ким таваккул амал қилишни тарк қилиш билан бўлади, деса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларини қадрламаган бўлади”.

Жумҳур уламолар ҳақиқий таваккул сабабларни (воситаларни) қўллаш билан бўлади, сабабларни қўлламай таваккулни даъво қилиш, шариатни билмаслик ва ақлнинг ноқислигидир, дейишган.

Умар (розияллоҳу анҳу): «Ҳеч бирингиз ризқ топиш учун ишламай, “Ё Аллоҳ, менга ризқ бер!” (бекор) деб ўтирмасин. Биласизларки, осмондан тилло ҳам, кумуш ҳам ёғмайди», деганлар.

Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ида ривоят қилади: «Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Туямни боғлаб, туваккул қилайми ёки уни қўйвориб таваккул қилайми?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Боғла ва таваккул қил!” дедилар».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирингиз арқонини олиб, бир боғ ўтин териб келиб сотгани, шу билан Аллоҳ уни тиланчиликдан сақлагани одамлардан тиланганидан яхшироқдир. Одамлар унга ё берадилар ё бермайдилар” (Имом Бухорий ривояти); “Эй Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар, Аллоҳ қандай дард берган бўлса, унинг шифосини ҳам бергандир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

У зот ҳақиқий таваккул тўғрисида бундай деганлар: “Агар сиз Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда эди, сизларни ҳам худди эрталаб оч кетиб, кеқурун тўқ қайтган қушлар каби ризқлантирган бўлар эди” (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти). Бу ҳадисдан таваккулнинг ҳаракат қилиш билан бўлиши англанади. Чунки у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қушларнинг эрталаб ризқ излаб кетишини, кечқурун эса, тўйиб қайтиб келишини айтдилар.

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

НАВОИЙ ҲИКМАТЛАРИ
#Ўгит

- Сен агар бировдан йўл-йўриқ ўрганмоқчи бўлсанг-у, бу насиб этмаса, сен шунда ҳам умидсиз бўлма ва Аллоҳнинг иноятидан баҳраманд бўлиш ниятидан қайтма.

- Сен агарда йўлга чиққан мард инсон бўлсанг, нопок нафсингдан кеч ва шу маҳалнинг ўзида пок кишилар юрган тўғри йўлга чоғлан.

- Бу йўлга кираётганингда аввал тавба-тазарру ёшлари билан бутун баданингни покла. Яхши томони шундаки, Яратган (ўз ишидан) пушаймон бўлганларни пушаймон қилдириб қўймайди (ўтган ишларнинг домига ташлаб қўймайди).

- Нафсингни турли риёзатларга буюрмасдан туриб, унинг иллатлари устидан ҳукмрон бўлишинг мумкин эмас.

- Айтайлик, нафсинг сенга бўйсунди, лекин бу ҳали қийинчилик, машаққатлар бутунлай чекинди, дегани эмас (сен ниманики мушкул деб билган бўлсанг, бундан ҳам ортиқ мушкулликлар бор).

- Дил денгизида кетма-кет келадиган тўфонлар хатари борлигидан билгилки, агар сен ҳам зарарли туғёнларга берилсанг, кўнгил кемаси ғарқ бўлиши мумкин.

- Сен тоат-ибодатни юз карра ўрнига қўйсанг-у, унга риё юққан бўлса, уни тоат денгизи эмас, гуноҳ денгизи деб бил.

- Риёзат қудуғини қазиб, кўнглинг равшанлик тортганда англаб биласанки, у сени оқибатда иззат билан канъонли ой (яъни Юсуф) каби тахтга ўтқизади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ФОТИМА БИНТИ МУҲАММАД САМАРҚАНДИЙ
#Мовароуннаҳр_уламолари

Шарқ аёллари ҳамиша ақлу заковатлари, илму ирфонлари билан дунё аҳлини лол қолдириб келган. XI-XII асрларда яшаб ижод этган Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий (ваф. 1144 й.)нинг қизи Фотима бинти Муҳаммад ҳам шулар жумласидандир.

Алоуддин Самарқандийнинг кўплаб етук шогирдлари бўлиб, улар орасида қизи Фотиманинг алоҳида ўрни бор. Фотима фиқҳ илмида етук бўлиб, оталари чиқарган фатволарда унинг ҳам муҳр ва имзоси қўйилган. У отаси Алоуддин Самарқандийнинг “Туҳфатул фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) номли машҳур асарини ёддан билган. Шогирди Алоуддин Абу Бакр Косоний “Туҳфатул фуқаҳо” асарини шарҳ этиб, “Бадоиъ ас-саноъи фи тартиб аш-шароъи”ни ёзиб, устозларига тақдим этганида Алоуддин ҳазратлари мамнун бўлиб, қизи Фотимани унга турмушга беради.

Ибн Адим айтади: “Отам Фотима бинти Муҳаммад умр йўлдоши Косонийнинг фатволаридаги хато-камчиликларини кўрсатиб берганини, Косоний ҳам унинг раъйини қабул қилганини ҳикоя қилиб берган эди”. Яна бир ўринда: “...олдинлари ҳазрат Фотима ва оталари тарафидан фатволарга имзо чекар эди. У турмушга чиққач, ҳар уччовларининг ҳам имзо ва муҳрлари босилган муштарак фатволар чиқадиган бўлди”, дейилган.

Бир гал Абу Бакр Косоний саройда олимлар билан кўп тортишувлар, мунозара ва муноқашаларга боради. Натижада, ҳукмдор билан унинг ўртасида тушунмовчилик вужудга келади. Сўнг вазирлар маслаҳати билан Абу Бакр Косонийни Самарқанддан Шомга, Ҳалаб ҳукмдори Нуриддин Маҳмуд ибн Зангининг (1146-1174) олдига элчи қилиб жўнатади. Ҳалабда уни жуда яхши кутиб олишади. Қисқа муддатда катта шуҳрат қозониб, олимларнинг истагига кўра, шахсан Нуриддин томонидан 1148 йилда бино этилган “Ал-Ҳаловийя” мадрасасига “Хожа” (бош мударрис) этиб тайинланади.

Алоуддин Косоний ва Фотима бинти Муҳаммад Мовароуннаҳрга қайтмоқни ихтиёр этганларида, Ҳалаб ҳукмдори уларга шу ерда қолишларини сўраб, нома жўнатади. Ҳукмдор умр йўлдошлари раъйини қайтармаслигини билиб, номани атайин ҳазрат Фотимага юборади. Нома олиб келган киши эркак бўлгани сабабли ҳазрат Фотима уни қабул қилмайди. Элчи қайтиб кетади. Ҳазрат Фотиманинг тақвосидан ҳайратланган ҳукмдор бошқа бир аёлни элчи қилиб жўнатади ва унинг бу илтимоси қабул қилинади.

Шу сабаб Фотима бинти Муҳаммад жуфти ҳалоли Алоуддин Косоний билан умрларининг охирига қадар Ҳалаб шаҳрида қолади.

Демак, Исломнинг илк даврларида ва ундан кейинги асрларда ҳам оқила ва фозила аёллар диний ва дунёвий фанларни эгаллаб, турли соҳаларда ишлаб, тараққиётга ҳисса қўшганларига тарих гувоҳдир.

Аллоҳ таоло мўмина, муслима аёлларимизни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлаб, уларга хайрли ва барокотли ҳаётни насиб қилсин.

Ҳусан ЖЎРАЕВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Имомга иқтидо қилаётганда Фотиҳа ҳамда зам сурани ўқиш мумкин эмаслигини яхши биламиз. Лекин баъзиларнинг имом билан бирга пичирлаб қироат қилаётгани эшитилиб қолади. Бу ҳақда уламоларимиз нима дейишади?

Жавоб: Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) жаҳрий намозда ҳам махфий намозда ҳам имом орқасида турган кишини қироат қилмаслигини айтганлар.

Бу сўзларига Қуръони каримдан далил қилиб, Аъроф сурасининг 204-оятини келтиради: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимни (намозда) имоми бўлса, имомнинг қироати унинг учун қироатдир”, деб марҳамат қилганлар».

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, имом унга иқтидо қилиниши учун қўйилгандир. Бас, агар (имом) такбир айтса, такбир айтинглар ва агар қироат қилса, жим туринглар”».

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“Эсингдами инсон, сен туғилган он?
Барча хандон эди, сен эдинг гирён.
Сен шундай яшаки, кетар чоғингда
Барча гирён қолсин, сен боргин хандон”.

Мендан олдин ўтган ҳукмдорлар имконлари борида нафс ва ҳою ҳавасга берилишган экан. Мен эса ҳукмдорлик давримда келажагим бўлган ўша оролни обод қилиш режасини туздим ва шунинг фикр-хаёлида бўлдим. Ҳозир бу орол ҳаётимнинг қолган қисми тинч, истиқоматда саломат ўтиши учун бир кичик жаннатга айланди.

Ҳисса: Азизлар, бу дунё охират экинзоридир. Вақтимизни дунё ҳавасларига берилиб ўтказмайлик. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳаётлари сингари ҳаётимизни содда ўтказайлик. Охират учун сармоя йиғайлик. Биз ҳаргиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Қиёмат куни бандадан тўрт нарса: умрини нималарга сарфлагани, ёшлигини қандай ўтказгани, молини қаердан топиб, уни қаерга сарфлагани ва олган илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича қадамлари олға босмайди”, деган ҳадисларини унутмайлик. Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен бу дунёда худди ғариб ёки йўловчи сифатида яшагин”, деганлар. Шундай экан, охиратимизни ҳам, дунёмизни ҳам обод қилайлик.

Ё Аллоҳ, хотимамизни чиройли қилгин ва бизга Фирдавс жаннатингдан жой бергин. Омин!

“Қисасун алламатнил ҳаят” (“Қиссалар менга яшашни ўргатди”) китобидан
Фазлиддин СУВОНОВ таржимаси.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

НАМОЗДА САФДА ТУРИШ ТАРТИБИ
#Динимизни_ўрганамиз

Жамоат намозида сафни тўғри ва жипс қилиш суннатдир. Намозхонлар жамоат намозида бир-биридан олдинга чиқмай жипс бўлиб, елка ва оёқ тўпиқларини бир чизиқда туриши, ораларида бирорта ҳам очиқ жой қолдирмасликлари керак. Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саф­ларингизни тўғриланг, сафни тўғрилаш намознинг комиллигидандир”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Сафда туриш тартиби:
Аввал олдинги саф тўлдирилади. Би­ринчи саф тўлмасдан иккинчи сафга турилмайди. Олдинги саф тўлмай туриб, орқа сафда турмайди.
Имом сафларнинг олдида, ўртасида туради.
Имомдан бошқа бир эркак ёки бир бола бўлса, имомнинг ўнг томонига туради, орқасида турмайди. Бунда унинг оёқ­ларининг бармоқлари имомнинг товони тўғрисида бўлиши лозим.
Сафнинг яхши жойи имомнинг орқаси, сўнг ўнг томон, сўнг чап томондир.
Имом бир киши билан намоз ўқиётганида яна бир киши жамоатга қўшилса, имомнинг ёнидаги кишини орқага тортиб, бир сафда туради ёки имом олдинга чиқади.

Биринчи сафнинг фазилати:
Эркаклар сафларининг энг афзали биринчи сафдир. Аёллар сафларининг афзали энг охирги сафдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дейдилар: “Агар одамлар азон ва биринчи сафда қандай савоб борлигини билганларида, сўнг бунга фақат қуръа ташлаб эришишдан бошқа йўл топмаганларида, қуръа ташлаган бўлар эдилар” (Муттафақун алайҳ).

Жаноза намозида саф тортиш:
Жаноза намозида ҳам сафларни тўғри қилиш суннатдир. Бунда камида учта саф қилиш яхши. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимга уч сафда жаноза ўқилса, Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Аллоҳ таолодан кўп йиллар сўраган дуомиз ижобат бўлиб, бизни фарзанд неъмати билан сийлади. Шунинг шукронасига қўй сўйиб ақиқа маросими қилмоқчи эдим. Лекин шу кунларда акамнинг иши юришмай, қарзга кириб қолди. Муфтий ҳазратлари, маслаҳат беринг, нима қилай: ақиқа қилганим савоблироқми ёки акамнинг қарзини узганимми?

Жавоб: Бизнинг ҳанафий мазҳаби­мизда ақиқа вақтидан узр билан кечиктирилиши жоиз. Қийин вазиятда қолган бир мусулмонга, устига-устак туғишган акангизга ёрдам қилиш, машаққатини енгиллатишнинг савоби, шубҳасиз, беқиёсдир. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мусулмоннинг дунёда бир мушкулини аритса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги мушкулини осон қилади”, деганлар. Шунинг учун яқинларингизнинг қарзини узинг.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ОҚИЛЛИК БЕЛГИСИ
#Ҳадис_шарҳи

Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «“Ё Расулуллоҳ, Иброҳим­нинг саҳифаларида нималар бўлган?” дедим. У зот бундай дедилар: “Барчаси зарбулмасал бўлган. Уларда бундай дейилган:

– оқилнинг ақли жойида бўлса, унинг бир қанча соатлари бўлиши керак: Раббига муножот қиладиган соати; ўзини ўзи ҳисоб-китоб қиладиган соати; Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқотлари ҳақида тафаккур қи­лади­ган соати; еб-ичиш каби эҳтиёжлари учун холи қоладиган соати;

– оқил инсон уч нарса учунгина уйидан чиқиши керак: охиратга зоди роҳила тайёрлаш учун, тирикчилик учун ва ҳалол лаззат учун;

– оқил ўз замонини таниган, ўзига керак нарсага уринган, тилини тийган бўлиши керак.

Ким гапини амал деб ҳисобласа, беҳуда гапи оз бўлади”» (Ибн Ҳиббон ва Ҳоким).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) Иброҳим (алайҳиссалом)нинг саҳифа­лари­дан мазкур сўзларни келтиришлари, биз умматлар учун ҳам бу сўзлар жуда муҳим­лигини билдиради. Беҳуда кўчага чиқ­маслик ҳам айни оқиллик белгиларидан бири экан.

Охиратда асқотадиган ҳар бир ишга интилиш керак. Акс ҳолда, инсон қисқа умри давомида керакли зоди роҳилани жамлашга улгурмайди. Ажал эса, барчамизга маълумки, кутиб турмайди. Вақти-соати етганда ҳар бир инсон охират сафарига чиқади. Ана шунда бу сафар учун зоди роҳила тайёрлаган инсонлар ютадилар.

Инсоннинг табиати қизиқ: бир неча соатлик ёки бир неча кунлик оддий сафар учун қанчалар тайёргарлик кўради, аммо абадий сафар учун бепарво бўлади, ҳеч қандай тайёргарлик кўрмайди, “Ҳали ёшман, соғломман, тетикман, қанчадан-қанча орзу-ҳавасларим бор, бола-чақанинг ташвишидан қутулиб олай, нафақага чиқиб олай” деб, ўзига-ўзи таскин беради. Ваҳоланки, охират сафари кутилмаганда бошланиб қолишини ҳамма билади, лекин негадир бу ҳолат ўзига эмас, балки кўпроқ бошқаларга тегишли деб ўйлайди. Охират ишига ҳозирлик кўриш деганда, ҳар бир ибодатни, амални ўз вақтида, рисоладагидек адо этиш тушунилади.

Бу ерда Аллоҳнинг зикри деганда намоз тушунилади. Демак, намоз вақти кирса, хоссатан, азон айтилганидан кейин намозга шошилиш керак. Акс ҳолда, намоз қазо бўлади ёки кечикади. Натижада, инсон бир қанча яхшиликлардан маҳрум бўлади. Қачонлардир буни тушуниб етганда эса зиммасида бир неча йиллик намозларнинг қазоси турган бўлади. Унда вақтида адо этилмаган ҳар бир ибодатининг қазоларини адо қилишга тўғри келади. Доно халқимиз: “Бугунги ишни эртага қўйма”, “Қол­ган ишга қор ёғар” де­ган мақолларни бежиз айтмаган.

Охират зоди роҳиласи ичида бирин­чи ўринда намоз туради десак, хато қил­маймиз. Намозга чақириқ бўлмиш азонда “Ҳайя алас солаҳ!”, “Ҳайя алал фалаҳ!”, ­яъни, “Намозга шошилинг! Нажотга шошилинг!” де­ган чақириқ икки мар­та­дан так­рорланади.

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Бола азиз, одоби ундан азиз
#Тарбия

Халқимизда қадим-қадимдан фарзанд тарбияси, унинг одобига алоҳида эътибор берилган. “Бола азиз, одоби ундан азиз”, деган қадимий нақл ҳам ана шунинг инъикосидир. Бунинг илдизи эса миллатимиз қон-қонига сингиб кетган динимизнинг ҳаётбахш талаб ва чақириқларига бориб тақалади. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) жуда кўп ҳадиси шарифларида тарбия масалаларига алоҳида тўхталганлар. Жумладан: “Ота ўз фарзандига чиройли одобдан афзалроқ нарса беролмайди” (Имом Термизий ривояти), “Ўғилларингизга сувда сузишни, камонда отишни, қизларингизга эса касб-ҳунарни ўргатинглар” (Имом Байҳақий ривояти).

Шу каби талаблар таъсирида ўсиб-улғайган Шарқ мутафаккирлари ҳам ўз асарларида боланинг оиладаги тарбиясига алоҳида урғу берганлар. Жумладан, Абу Али ибн Сино ўзининг “Донишнома” асарида бу масалага аввало ота-она масъуллигини таъкидлайди. Шунингдек, ота-онанинг илмли, фозил ва дунёқараши кенг бўлиши лозимлигини уқтиради.

Абу Али ибн Сино ёш болани яхши ахлоқли, жисмонан соғлом қилиб камол топтиришда шахсий намуна бўлиш усулининг афзаллигини бундай изоҳлайди: “Бола тарбиясида аввало оила ҳаётини тўғри йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки оилада катта ёки кичик нарса бўлмайди. Ҳамма нарса, ҳатто энг оддий бўлиб кўринадиган оилавий муносабатлар ҳам болага таъсир кўрсатади. Айниқса, ростгўйлик, самимийлик, садоқатли ва ширинсўз бўлиш бола камолотидаги муҳим ҳаётий воситалардандир”.

Кайковус ҳам “Қобуснома” асарида фарзанднинг ақлли бўлишини давлатманд бўлишдан кўра улуғроқ санайди: “Агар молсизликдан қашшоқ бўлсанг, ақлдан бой бўлмоққа ҳаракат қил, чунки мол ила бой бўлмоқдан, ақл ила бой бўлмоқ яхшироқдур. Ақл ила мол жам этса бўлур, аммо мол ила ақл ўрганиб бўлмас. Билгил, ақл бир қимматбаҳо нарсаки, уни ўғри ололмас, у ўтда ёнмас ва сувда оқмас”.

Демак, бола тарбиясида энг муҳим жиҳат бу – ота-онанинг сабр-тоқати, хотиржамлиги ва ҳамжиҳатлиги. Чунки нотинч оилада ўсган боланинг асаби толиқиб, жаҳлдор бўлиб қолади, вояга етганидан сўнг ҳам бу нарса ўзининг салбий оқибатларини кўрсатиши табиий.

Олимлар фикрича, ота-онанинг оиладаги масъулиятини қуйидагича белгилаш мумкин:

– болага соғлом турмуш тарзини ўргатиш, илк ҳуқуқий, иқтисодий билимларни бериш, ахлоқ-одоб меъёрларига ва тиббий-гигиеник талабларга риоя қилишни уқтириб бориш;

– қизиқишларига қараб бўш вақтни тўғри тақсимлашни ўргатиш;

– спорт билан шуғуллантириш, турли ҳаракатли ўйинлар, машқлар орқали уни чиниқтириш, экологик ва эстетик жиҳатдан тарбиялаш;

– болаларнинг ўғил ёки қизлигига қараб тарбияда ўзига хос алоҳида хусусиятларига эътибор қаратиш, у билан дўстона суҳбатлар қуриб туриш;

– дунёвий ва диний билимларни эгаллашларига жиддий эътибор бериш, уларни Ватанга муҳаббатли қилиб ўстириш мақсадга мувофиқдир.

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Машҳур имканагийлар
#Мовароуннаҳр_уламолари

Китоб туманида Хожаимкана қишлоғи бор. Бу маскан XV-XVI асрларда диний-маърифий марказлардан бири бўлган. Бухоро амири Олимхон ҳукмронлигининг охирги йилларигача давлат қозиси ва котиблар мана шу қишлоқ ахлидан сайланган. Бу ердан кўпгина таниқли мутасаввифлар, дин олимлари етишиб чиққан. Шулардан бири Мавлоно Муҳаммад Дарвеш ҳазратларидир. У киши ота томондан Термиз саййидларидан бўлса, она томондан машҳур шайх Яъқуб Чархийга боғланади. Мавлоно асосан Чағониённинг Вахшивор (ҳозирги Сурхондарё) қишлоғида яшаган. Муршидлик мақомига эришганидан кейин Кешга келиб, Имкана қишлоғида қўним топади. Милодий 1562 йили дунёдан кўз юмади ва Хожаазфароз қишлоғига дафн этилади. У кишидан Хожа Офоқ ва Абдулбоқий Хожагий исмли икки ўғил қолгани маълум. Хожа Офоқ тўғрисида маълумотлар кам. Мавлоно Абдулбоқий Хожагий 1510 йили Имкана қишлоғида туғилган. Носириддин Ҳанафий “Туҳфатуз зоирин” китобида Хожагий Имканагийга: “У кишининг юзини Аллоҳ таоло жуда ёруғ қилиб қўйган эди, ундан нур ёғилиб турарди”, деб таъриф беради. “Нақшбандия тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи” китоби маълумотига кўра, Абдулбоқий Имканагий насабда Имом Ҳусайннинг (розияллоҳу анҳу) ўттиз иккинчи авлоди ҳисобланади.

Бўлажак олим ёшлигиданоқ отасидан зоҳирий ва ботиний илмларни, руҳий тарбия усулларини ўрганади. Замонанинг буюк кишилари суҳбатидан баҳраманд бўлади. У киши наср ва назмда бир қанча китоблар ёзган. Бироқ улардан фақатгина “Китобун насма” асари бизгача етиб келган.

Шарафиддин Раҳимий “Тариху томм” китобида мавлоно Хожагий Имканагийнинг вафоти ҳақида Мирзо Мўмин Мунший битган таърихни келтиради. Ундан келиб чиқадиган абжад хисобига кўра, Имканагий оламдан ўтган сана ҳижрий 1010, милодий 1601 йилларга тўғри келади.

Хожаимкана қишлоғида олти юз йиллик тарихий хонақоҳ сақланган. Уни мавлононинг ўғли Хожа Абулқосим 1601 – 1602 йилларда қурдирган. Узунлиги йигирма тўрт, эни йигирма метрли жоме ҳозир қайта таъмирланяпти.

Собитхон НАЖМИДДИНХОН ўғли

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

УМАР ИБН ХАТТОБ
#Саҳобалар_ҳаёти

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу).... Шу номли буюк саҳоба бундан 14 аср муқаддам яшаб ўтган бўлса-да, у зотга бўлган ҳурмат-эҳтироми мусулмонлар қалбларидан ўчмаган. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматига севимли у муборак сиймо ёди ҳамиша эҳтиром билан эсланади.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) дуоларининг баракоти билан исломни қабул қилган, тириклигида жаннат башоратини олган саҳоба Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулуззо ибн Каъб ибн Нуай ибн Фиҳр. Тўртинчи бобоси Каъб ибн Луайда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) насаблари билан туташади. Фил йилидан ўн уч йил ўтиб туғилди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га нубувват келганида ёши йигирма еттида эди. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)дан сўнг ўн йил, олти ой, тўрт кун мусулмонларга раҳбарлик қилди.

***

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) аввалда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобаларга адовати кучли шахслардан бири бўлган. Аллоҳ таоло унинг қалбига Ўз дини ва расулининг муҳаббатини солгач, одил, динпарвар инсонга айланди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг энг яқин кишиларидан бири бўлди. У зот (алайҳиссалом)ни ўз жонидек ҳимоя қилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уни: “Абу Хафс” (қизи Ҳафсага нисбатан айтилган) ва: “Форуқ” (ҳақ билан ботилни ажратувчи) деб атай бошладилар. Мўъминларга раҳбарлик қилган даврида эса “Мўминларнинг амири” номини олди. Унинг Абдуллоҳ исмли ўғли бўлиб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг феълларига энг кўп эргашган саҳобалардан. Хафса, Фотима, Осим ва бошқа фарзандлари ҳам бўлган.

***

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблари орасида ўтирганларида: “Абу Бакр қандай ҳам яхши инсон, Умар қандай ҳам яхши инсон” (Имом Термизий), дея марҳамат қилдилар. Бошқа бир куни Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) масжидга кириб: “Абу Бакр қаерда? Олдимга келсин. Умар қаерда? Олдимга келсин”, деб айтдилар. Олдиларига келганларида эса, иккисининг ҳам қўлидан тутиб: “Қиёмат кунида худди шундай қайта тириламиз”, дедилар (Ибн Асокир).

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига кириш учун рухсат сўради. Ўша вақтда Қурайш аёллари Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳузурларида гапира туриб овозларини у зот (алайҳиссалом)нинг овозларидан баланд кўтармоқда эдилар. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)га киришга рухсат берилганида тезда парда ортига яшириниб олдилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) унга кириш учун рухсат бердилар. Умар кирганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кулаётган эдилар. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ сизни суюнтирсин, ё Расулуллоҳ”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): Ана уларнинг ҳузуримда қилган ишлари мени ажаблантирди. Сенинг овозингни эшитишлари биланоқ яшириниб олишди”, дедилар. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, ҳайбатланишларига сиз ҳақлироқсиз”, деди ва аёлларга: “Эй ўз жонининг душманлари, мендан ҳайбатланасизлар-у, Аллоҳнинг расулидан ҳайбатланмайсизми?” деб айтдилар. Аёллар унга жавобан: “Ахир сен қаттиқ қўлсан-да”, дедилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) кулдилар ва: “Биласанми эй Ибн Хаттоб, жоним измида бўлган Зотга қасам, агар шайтон сенга водийда дуч келиб қолса, бошқа водийга ўтиб кетади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Манбалар асосида Хусанбой ШЕРМАТОВ тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Ростгўйлик эзгуликка бошлайди
#Яхшиликка_чақириш

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар:

“Гапларнинг ёмони бу ёлғончиликдир, ёлғонни ҳазил билан ҳам, жиддий ҳам гапириб бўлмайди. Ота ўз болаларига бирон нарсани ваъда қилиб, кейин уни бажармай қўймасин! Ростгўйлик эзгуликка бошлайди, эзгулик эса жаннатга. Ёлғончилик ёвузликка бошлайди, ёвузлик эса жаҳаннамга. Ростгўй одамга яхши баҳо, ёлғончи одамга ёмон баҳо берадилар. Ростгўй одам чин сўзи билан бора-бора Аллоҳ ҳузурида “сиддиқ” (содиқ) деб ёзиб қўйилади. Ёлғончи ҳам бора-бора унинг ҳузурида “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади.

Чақимчилик ҳам ёмон иллатдир, чунки у туфайли одамлар ўртаси бузилади. Чақимчилик ўзи нима, биласизларми? У – одамларнинг гапларини (уларнинг ўзаро муносабатларини бузиш ниятида) бир-бирларига ташимоқликдир”.

“Ростгўй, ишончли савдогар пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўларлар”.

“Ёлғон гувоҳлик берувчининг оёқлари ердан қўзғалмай туриб, Аллоҳ унга дўзахни раво қилиб қўяди”.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ТОТУВЛИК АСОСЛАРИ
#Динимизни_ўрганамиз

Оила мустаҳкам ва баракали бўлиши учун динимизнинг гўзал кўрсатмалари бор. Улардан айримларини кўрсатиб ўтамиз:

1. Эр-хотин бир-бирлари учун зийнатланишсин. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Аёлим мен учун зийнатланишини яхши кўрганимдек, мен ҳам аёлим учун зийнатланаман”.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг олдиларига сочлари тўзиган бир киши аёли билан келди. Аёл эридан норози эди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) эркакни уст-боши, сочларини тузатиб келиш учун жўнатдилар. Ювиниб, энгил-бошини ўнглаб, чиройли бўлиб келган эрини кўриб, хотин мамнун бўлди.

2. Эр-хотин бир-бирларининг қарин­дошларини ҳурматлашсин. Чунки умр йўлдошининг яқинларига яхши муносабатда бўлиш жуфти ҳалолига нисбатан ҳурматдир.

Шу ўринда бир мулоҳазамиз бор. Дини­мизда ҳақорат қилиш, сўкиниш қаттиқ қораланади. Бироқ кейинги пайтда кўпчилик бундан ҳазар қилмай қўйди. Айниқса, аёлини, унинг яқинларини сўкиш айрим эркакларнинг одатига айланиб қолган. Ваҳоланки, эркак учун аёлининг ота-онаси ҳурматда ўз ота-онаси билан баробардир.

3. Эр-хотин бир-бирларига чиройли муо­мала қилишсин. Киши хонадонига очиқ юз ва табассум билан кириб келса, жуфтининг қалбига сурур тўлади. Кўпинча аёлларнинг шикояти қулоғимизга чалинади: “Эрим дўстлари даврасида доим хушчақчақ, уйда эса хўмрайиб юради”. Бу – кўпчилигимизга таниш ҳолат. Баъзилар дўстлари билан гўзал муносабатда бўлишади. Бироқ уйга келганда жиддий кўринаман деб, аҳли ­аёли, фарзандларига қўпол муомала қилади. Бу эса оилада дилхираликларни келтириб чиқаради. Шундай экан, уйда табассумли, очиқ чеҳрали бўлиш мақсадга мувофиқ.

“Қарс – икки қўлдан”, дейдилар. Аёлининг салом бериб кутиб олиши, табассум билан айтган бир оғиз “Яхши келдингизми?” деган сўзи, олдига меҳр билан тайёрланган таомларни қўйиши эр учун уйини ҳақиқий ҳаловат масканига айлантиради.

4. Умр йўлдошини унга хуш ёқадиган исмлар билан чақиришсин. Чунки бу қалбга шодлик бахш этишнинг осон йўли. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Уч нарса биродаринг меҳрини қозонтиради: йўлиққанингда салом беришинг, мажлисларда ҳурмат кўрсатишинг ва унга энг маҳбуб исмлар билан чақиришинг”.

Ҳанафий уламолар айтади: “Киши ота­сининг исмини айтиб чақириши ва аёл киши эрининг исмини айтиб чақириш макруҳдир” (“Ҳошияту ибн Обидин”). Лекин баъзан аёллар эрининг исмини айтиб, “фалончи ака, пистончи ака”, дейишларига гувоҳ бўламиз. Бу эса динимиз, миллий қадриятларимизга ҳам ёт иш. Эрининг исмини айтмасдан, унинг кўнглига ёқадиган бирор ном ёки болалари бўлса, бош фарзанднинг исми билан чақириш момоларимизга хос одоблардандир.

5. Эр аёлига уй юмушларида кўмак­лашсин. Бу, айримлар ўйлаганидек, эркакнинг шаънини ерга урмайди. Аксинча, меҳрибонлик, шафқатнинг бир кўриниши бўлиб, бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётларида ўрнаклар кўп. Ривоятларда у зот (алайҳиссалом)нинг ки­йимларини, пойабзал ва мешларини ўзлари ямаганлари айтилади.

Читать полностью…
Subscribe to a channel