СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Мунажжимлар башоратига ишонган киши гуноҳкор бўлмайдими?
Жавоб: Мунажжимлар ғайбни билишни даъво қилишади. Ғайбни фақат Аллоҳ таоло билади.
«(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас» (Жин, 26).
Ҳадиси шарифда: “Кимки башоратчи ёки фолбиннинг олдига борса ва у айтган нарсани тасдиқласа, шубҳасиз, у Муҳаммад (алайҳиссалом)га тушган нарсага куфр келтирибди”, дейилган (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Бруней Султонлиги – Доруссалом
#Олисларга_саёҳат
Бруней жануби-шарқий Осиёдаги Борнео оролининг шимоли-ғарбида жойлашган давлатдир. Шимолда Жанубий Хитой денгизи, шимоли-шарқда Бруней қўлтиғи ва ғарбда эса қумли соҳиллар билан туташ. Энг юқори нуқтаси денгиз сатҳидан бир минг саккиз юз эллик метр баландликдаги Букит Пагон тоғидир. Мамлакатдан оқиб ўтадиган Бруней, Тудонг, Тембуронг ва Белайт дарёлари Жанубий Хитой денгизига бориб қуйилади. Иқлими нам бўлиб, қаттиқ шамол эсиб, тез-тез ер силкиниши бўлиб туради. Ҳавонинг ҳарорати йил бўйи ўртача йигирма олти даража. Ҳудуднинг етмиш беш фоизи тропик ўрмон билан қопланган.
Бруней тўртта – Белайт, Бруней-Муара, Тембуронг ва Тудонг вилоятларидан ташкил топган. Аҳолининг олтмиш етти фоизи Ислом, ўн уч фоизи буддийлик, ўн фоизи насронийлик ва ўн фоизи бошқа динларга эътиқод қилади. Мамлакатдаги барча дин вакиллари тенг ҳуқуқ ва эркинликка эга.
Бруней бой мамлакатлардан биридир. Мамлакат ҳудудининг Жанубий Хитой денгизи соҳилидаги Сериа ва Муара туманлари катта нефт захирасига эга. Юртнинг асосий даромад манбаи нефт ва газни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаб чиқариш ҳисобланади. Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича мамлакат дунёда тўртинчи ўринда туради. Сўнгги йиллар мобайнида Осиё давлатлари орасида Бруней энг илғор мамлакатга айланди. Даромади аҳоли жон бошига эллик минг долларга тенг, яъни дунёда тўққизинчи ўриндадир. Бундан ташқари ўсимлик ва дарахтдан олинадиган қоғоз, минерал ўғит, қурилиш моллари ва ёғоч тайёрлаш яхши йўлга қўйилган. Гуруч, маккажўхори, кокос ва крахмал берадиган саго палмаси, банан, овқатга ўзгача таъм бағишлайдиган турли ўсимликлар, какао ва кофе ҳам етиштирилади. Бруней асосан, Япония, Индонезия, Жанубий Корея, Австралия, Сингапур, Малайзия, Хитой, Таиланд, Америка ва Буюк Британия билан савдо-сотиқ алоқаларини йўлга қўйган.
Бу диёрдаги масжид, мадраса ва кутубхоналар ўзгача миллий услубда қурилган. Ислом университети ҳамда олийгоҳларда юқори малакали олим ва профессорлар таҳсил беришади. Ислом ташкилотлари, илмий-текшириш институтлари, халқаро Исломий банк тизими уюшмаси ҳам фаолият юритади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
"Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларга чиройли одоб ўргатинг"
#Тарбия
Ёши етмишдан ошган бир мунис онахон қалбини очиб шундай деди: “Тобора қувватдан кетяпман, бу ёғига ҳам пешонада борини кўраман, дейман-у... Яратганга шукр, фарзанд, ризқ-неъматларидан қисмади. Уй-жойим, топармон-тутармон болаларим, уддабурон келинларим, бир-биридан аълочи, чиройли ўғил-қиз набираларим бор. Аммо набираларим ўртасида ҳар куни арзимаган нарсалардан можаро чиқади. Улар телевизорда бири у канални, бири бошқасини қўямиз деб талашиб, дўппослашишгача боришади. “Ҳой, айланайлар, ҳамма ишни чиройли муроса, ҳалимлик билан ҳал қилса бўлади-ку!” дейман. Ўғил-қизларим: “Сиз инжиқ бўлиб қолгансиз”, дейишади.
Мен урушдан кейинги оғир йилларни кўрганман. Ҳатто ўша дамларда ҳам отам ҳамиша онамни сизлаб гапирар, онам ҳам отамнинг юзига тик қарамасди. Болалар ўртасида ҳам бақир-чақир, жанжал-тўполон бўлмасди. Етишмовчиликлар кўп бўлса-да, жуда аҳил-иноқ эдик...
Ҳозир эса ҳамма нарсамиз бор. Дастурхонимиз турли-туман ноз-неъматларга тўла. Набираларимнинг кийимлари башанг. Уларнинг эртанги кунини ўйлайман. Қиз набирамнинг пардози меъёридан ортиқ экани, ўзини тутиши ҳақида фикримни билдираман, насиҳат қиламан. Шунда унинг қайсарлиги тутади, келин ва ўғлим норози. Шундай дамларда дилимдан: “Индамасам, тилимни ҳакка чўқирмиди”, деган ўй ўтади. Бироқ нима қилай, болаларим, набираларимнинг келажагини ўйлайман-да...
Онахон кўз ёшларини артиб, бир зум тин олди-да, гапида давом этди:
– Ёшлари бир жойга борганда онахон менга шикоят қиляпти, деб гапларимни бошқача тушунманг. Менинг ҳолатим кексалар орасида кўп учрайди. Айрим ёш оналарнинг ўзи тарбияга муҳтож, дейман-да?!”
Яна бир зиёли суҳбатдошим шунга ўхшаш воқеа хусусида арз қилиб қолди: “Ўғлим билан келиним набирамни болалигидан турли тўгаракларга бериб, билимдон қилиб тарбиялашди. Набирам ҳозир йигирма ёшда. Кўпинча ўзаро суҳбатларда ота-онаси билан баҳслашади. Дунёқарашда ўзиб кетганини пеш қилиб, ота-онасининг фикрини писанд қилмайди. Энг ёмони, онаси уни ортиқча мақтаб, фикрини маъқуллаб, кези келганда ўғлимнинг овозини “ўчириб” ҳам қўяди. Бир куни набирамни ёнимга ўтқизиб насиҳат қилдим: “Қанчалик доно бўлсанг ҳам ота-онангнинг юзига тик қарама. Улар билан бу хилда баҳслашиш одобдан эмас...” Лекин гапларим охиригача етмади.
Келиним сўзимни бўлди: “Сиз болани муте қилиб қўймоқчисиз, эркин фикрини бўғманг, у хоҳлаганича баҳслашсин. Ахир ҳурфикрли бўлишнинг нимаси ёмон?” деса бўладими?..
Онахонларнинг куюниб айтган фикрларини бир ўйлаб кўрайлик. Оилада шундай ҳолатлар юзага келишининг асосий сабаби билим ўзлаштиришу моддий неъматлар кўпайтиришга кўпроқ эътибор қаратиб, одоб-ахлоқ, азалий анъана ва қадриятлардан узоқлашаётганимиз, бола руҳиятига “оммавий маданият”нинг салбий таъсири эмасмикан?!
Халқимизда “Бола азиз, одоби ундан азиз” деган мақол бор. Дарҳақиқат, инсоннинг ташқи кўриниши, ҳусни жамоли – ўткинчи, унинг қалб гўзаллиги, билими, хулқи, одоби ҳаёти давомида ўта муҳим ўрин тутади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг “Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларга чиройли одоб ўргатинг” деганлари ота-онанинг фарзандига қолдирган энг яхши мероси одоб эканини таъкидлаб туради.
Ана шу ҳақиқатга амал қилиб, бугун фарзандларимизга гўзал тарбия берсак, иншоаллоҳ, эртага унинг ширин меваси насиб этади.
Маъмура АБДУРАҲИМОВА
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
МАХДУМИ АЪЗАМ
#Мовароуннаҳр_уламолари
“Фақат мустақиллик шарофати ўлароқ Имом Бухорий, Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бурҳониддин Марғиноний, Махдуми Аъзам Косоний каби кўплаб нафақат миллий маданиятимиз, балки бутун жаҳон цивилизацияси хазинасига салмоқли ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг номлари ва хайрли ишлари бутун бўй-басти билан намоён бўлди” .
Ислом КАРИМОВ
Саййид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Хожаги Косоний – Даҳбедий Махдуми Аъзам ҳазратлари 1461 йили Фарғонанинг қадимий пойтахти Косонда таваллуд топган.
Аллома нақшбандия тариқатининг давомчиси бўлиб, фиқҳ илмида ҳам шуҳрат қозонган.
Зироатчилик билан ҳам машғул бўлган ва янги мева ва полиз навларининг яратилишида ҳисса қўшган.
Махдуми Аъзам мадрасани тамомлагач, устозлари Мир Сайид Алининг маслаҳати билан Самарқандга Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди Мавлоно Муҳаммад Қози ҳузурига боради.
Узоқ йиллар Мавлоно Муҳаммад Қозидан таълим олиб, илмини оширади.
Махдуми Аъзам ҳазратлари 1514–1516 йиллари шайбонийлар давлати бошқарув ишларида фаол қатнашиб, тинчлик ва осойишталикнинг сақланишига хизмат қилади. Ҳукмдорларни доимо инсоф, халқпарварлик ва адолатга даъват қиладилар.
Оддий фуқародан давлат ҳукмдорларигача, толиби илмлардан то уламоларгача, барчанинг Махдуми Аъзам ҳазратларига муҳаббати баланд эди.
Жонибек Султон 1510 йили Самарқандга ҳоким қилиб тайинлангач, Махдуми Аъзам ҳазратларини пойтахтга таклиф қилади. У зот 1528 йили Самарқанд ҳудудидаги сўлим маскан Даҳбед мавзесида қўним топади, деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланади.
Манбаларда у зот валийтарош қаторида зикр қилинади. Хожагон тариқатининг пешвоси Махдуми Аъзам 1542 йил 8 май душанба куни (949 ҳижрий 21 муҳаррам) ўзи яшаб турган Даҳбед қишлоғида вафот этади ва васиятларига биноан боғ ўртасидаги ўзлари экиб парваришлаган нок дарахти тагига дафн этилади.
1618 йилда Махдуми Аъзамнинг набиралари Хожа Ҳошим даврида Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир алломанинг мақбарасини ободонлаштириб, унинг яқинида катта хонақоҳ барпо эттиради.
Ялангтўш Баҳодир ҳам мазкур мақбарада дафн қилинган.
Мустақиллик йилларида тарихий ёдгорлик “Махдуми Аъзам” жоме масжиди ва ҳазратнинг мақбаралари ободонлаштирилди.
Олимхон ЮСУПОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Улар далдамизга муҳтож
#Мактубларда_манзаралар
Бир отахонни танийман. Ёшлари саксондан ошган бўлса-да, ҳали тетик, қадам ташлашлари салкам йигитдек.
“Кексалик барибир ғолиб келаркан, улим, – ҳасрат қилиб қолди отахон. – Мана, кўз ҳам борган сари хиралашяпти. Кундузи бир нави-ку, кечаси жуда билинадида. Газет-журнал ўқишгаям бироз қийналяпти одам”.
“Нолиганингиз нимаси, отахон?! Бу ёшга етмаганлар қанча. Қариганда ўзини эплолмай қолганлар-чи!” – шу гаплар оғзимдан чиқиб кетай деди-ю, вақтида тилимни тийдим. Меҳр билан елкаларига кафтимни қўйдим. “Сизга ҳавасим келади. Аллоҳнинг марҳаматини қарангки, шу табаррук ёшингизда фикрлашингиз бизникидан тиниқ, сўзларингиз бурро, ўзингиз шунчалик бардам-бақувватсиз. Ҳаммага ҳам сизга ўхшаб кексайиш насиб этсин.” Гапларимдан отахоннинг чеҳраси ёришди. Димоғи чоғ бўлиб, эл-юртни, жумладан, мени узоқ дуо қилди.
Инсон кўнгли ўта нозик. Биргина сўз билан одамнинг қаддини букиб қўйиш ҳам, унга қанот бағишлаш ҳам мумкин. Кексалар эса айниқса далдага муҳтож бўлади.
Ғулом ДУВАЛОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Ҳозирги пайтда одамлар арасида бўлар-бўлмасга қасам ичиш ҳолатлари учраб турибди. Бу ёмон бўлмайдими?
Жавоб: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сизларни оталарингиз номи билан қасам ичишдан қайтаради. Кимки қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳ номи билан қасам ичсин ёки жим бўлсин”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Кўпчилик ўзаро суҳбат қилиб туришганида гапига бошқаларни ишонтириш мақсадида “нон урсин”, “тил тортмай ўлай”, “кўзим чиқсин” сингари ибораларни келтиришади. Аллоҳ таоло номидан бошқа нарсалар билан қасам ичиш гуноҳи кабирадир. Инсон, фақат зарур бўлса Аллоҳ номи билан қасам ичиши мумкин. Ҳатто Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), фаришталар, Каъба, жон, бош кабилар билан қасам ичиш ҳам хатодир.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) бир кишининг “Каъбага қасамки”, деганини эшитиб қолиб, «Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичма. Мен Расулуллоҳнинг “Ким Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичса, куфр ёки ширк келтирибди” деганларини эшитганман», деди.
Демак, Аллоҳга имон келтирган, ўзини мўмин-мусулмон ҳисоблаган кишининг турли нарсалар номи билан қасам ичиши жуда катта гуноҳдир. Қасамхўрлиқдан йироқ бўлиш ҳақиқий мусулмоннинг фазилатидир.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ҚАРАМЛИК – ЭНГ КАТТА ФАЛОКАТ
#Долзарб_мавзу
Мол-дунё ташвишига тушган инсонлар бандилик занжирини бўйнига илиб, қўлидаги пулдан ясалган кишан билан ҳузур-ҳаловат топишга интиладилар. Энг ачинарлиси, мана шу молу дунёга қул бўлишни ихтиёр қилиб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юрганларнинг аксарияти ўз Ватанига ҳеч вақосиз, яримжон ҳолатда қайтиб келмоқда. Хорижда мардикорлик қилаётганлар орасида ароқхўрлик, қиморбозлик, фоҳишабозлик каби иллатлар одат тусига кириб бормоқда. Бу эса айрим бебош ёшларнинг ОИТС каби оғир дарди бедаво касалликларни юқтириб олишига сабаб бўлмоқда.
Афсуски, ҳанузгача айрим калтабин кишиларнинг “хорижда осон йўл билан мўмай пул топиш мумкин” деган пуч гапларига учиб, ўзга юртларда сарсону саргардон бўлган ватандошларимиз охир-оқибат террорчилар домига илинмоқда. Шундай тоифалардан бири – ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати) бўлиб, бу хатарли террорчи гуруҳнинг таркибида юз минглаб жангарининг аксарияти четдан ёлланган нафс қулларидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобида аламли азобларни бошидан кечирган бир йигитнинг афсус-надоматлари қуйидагича баён қилинган.
“Кунларнинг бирида айримлар каби мен ҳам “Чет элда ишлаб, осон пул топиш ва тез бойиш” фикрига тушиб қолдим. Шу мақсад билан Санкт-Петербург шаҳрига бордим. У ерда мени укам Шавкат кутиб олди. Ишга жойлашиб, оиламнинг моддий аҳволини яхшилашга иштиёқим кучли эди. Аммо у ердаги ҳаёт мен ўйлаганчалик осон эмас экан. Укам Шавкат ва атрофидагилар ниманидир режалаштирар, тундан тонггача суҳбатлашиб, кундузлари эса уйқудан бош кўтаришмасди.
Шундай кунларнинг бирида телефонимга “Нисо сурасининг 97-оятини ўқинг”, деган хат келиб қолди. Хатнинг давомида ҳижрат қилишга оид сўзлар ёзилган экан. Мен бу оят мазмунини укам Шавкатдан сўрадим. Укам ва шериклари менга оят мазмунини шарҳлаб, халифаликка асосланган Ислом давлатини барпо қилиш зарурлигини айтишди.
Шу тариқа мен ҳам уларнинг даъватларига қизиқадиган ва интернет орқали бўладиган мулоқотларни интизорлик билан кутадиган бўлдим. Ниҳоят, мен укам билан бирга жиҳод қилишга тайёргарлик кўриш ва Сурияда бўлаётган қуролли тўқнашувларда бевосита иштирок этиш мақсадида Истанбул шаҳрига йўл олдик. Истанбулдан Урфага, сўнгра чегарани бузган ҳолда симтўрлар тагидан Сурия ҳудудига ўтдик. Сурияда бўлаётган қонли тўқнашувларда иштирок этиб, укамдан айрилдим.
У ерда кўрган қора кунларим менинг кўзимни очмади. Қарийб беш ой сарсон-саргардонликда юрганимдан кейин ортга қайтишга қарор қилдим. Мақсадим юртимга келиб, халқни жиҳод қилишга тарғиб этиш эди. Суриядан чегарани бузган ҳолда Урфага ўтиб, у ердан Истанбул шаҳрига етиб олдим. Истанбулдан Қирғизистонга келиб, Ўш орқали Фарғона водийсига ўтиб олдим. Она Ватаним Ўзбекистон тинчлигини, одамларнинг хотиржам яшаётганини кўриб қувондим, лекин шундан ҳам кўзим очилмаганидан афсусдаман.
Мен бугун суднинг қора курсисида ўтириб, бир нарсани айтмоқчиман. Аслида мен зулмат оламидан нур излабман, оёғим остида турган нурли ва чароғон йўлни кўрмасдан охири йўқ, боши берк кўчага кириб қолганимни билмаган эканман”.
Индонезия Республикаси
#Олисларга_саёҳат
Жануби-шарқий Осиёда жойлашган ушбу давлат ҳудудининг катталиги ва аҳолиси сони бўйича дунёда энг йирик мамлакатлардан биридир. Икки юз қирқ олти миллион нафар аҳолининг саксон саккиз фоизи Ислом динига эътиқод қилгани боис, жаҳонда мусулмонлар сони кўплиги жиҳатидан энг йириги ҳисобланади. Ҳудуди бир миллион тўққиз юз ўн тўққиз минг тўрт юз қирқ квадрат километрни эгаллаган. У йирик ва майда ороллардан иборат бўлиб, Калимантан оролида Малайзия ва Янги Гвинея оролида Папуа-Гвинея давлатлари билан чегарадош. Пойтахти – Жакарта. Мамлакат ўттиз учта вилоятдан иборат. Мустақилликка 1945 йил 17 августда эришган.
VI–XIII асрларда бу юртда ҳинд миллати вакиллари ҳукмронлик қилишди. Ўша пайтда аҳоли асосан ҳиндулийлик ва буддийлик динларига эътиқод қилишар эди. XVI асрга келиб Индонезиянинг барча ҳудудида Ислом дини ва маданияти кенг тарқалди. Ҳозир виждон эркинлиги ҳақидаги давлат қонунига биноан Индонезияда турли конфессия вакиллари ўз динларига эмин-эркин эътиқод қилиш ҳуқуқига эга.
Мустақиллик йилларида мамлакат барча соҳаларда улкан ютуқларга эришди. Кўпгина хорижий йирик ширкатларнинг олиб кирган сармоялари, ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқ алоқаларининг жадаллашиши уни Осиёда етакчи мамлакатлардан бирига айлантирди. Ҳукумат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун замин яратиш, халқ моддий ва маънавий фаровонлигини таъминлаш мақсадида катта ишлар қилди. Индонезия океан бўйи давлатлари орасида бир неча халқаро уюшмаларда фаол қатнашади. Хусусан, жануби-шарқий Осиё давлатлари уюшмасини ташкиллаштиришда ташаббус кўрсатган. Бундан ташқари, Бирлашган миллатлар ташкилоти, "Йигирматалик" илғор давлатлар гуруҳи ва Ислом ҳамкорлик ташкилотлари фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.
Индонезия ўн етти минг беш юз саккизта оролчалардан ташкил топган бўлса-да, олти мингтасидагина одам яшайди. Бу ернинг табиати ва ҳавоси ўзгача. Оролларида бир юз элликка яқин вулқонлар мавжуд. Шу сабаб бу ерда сув тошиши ва ер силкиниши тез-тез бўлиб туради. Оролларнинг кўпи тоғлик ва тепаликлардан иборат. Улар нефт, табиий газ, темир рудаси каби турли ер ости бойликларига эга. Об-ҳавоси нам, йигирма беш даража иссиқлиқ деярли йил бўйи ўзгармайди ва ёғингарчилик жуда мўл бўлади. Диёрнинг олтмиш фоизини қалин ўрмон қоплаган, қишин-ёзин ям-яшил бўлиб турадиган йигирма саккиз мингдан ортиқ йирик баргли дарахтлар ва турли хил ўсимликлар бор. Ҳайвонот олами жуда бой бўлиб, юз хилга яқини қизил китобга киритилган камёб ҳайвонлар мавжуд.
Индонезия ер юзида аҳолиси сонининг кўплиги бўйича тўртинчи ўринда туради. Ҳудудининг ҳар бир квадрат километрига бир юз йигирма тўрт нафар одам тўғри келади. Бу юртда уч юздан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади.
Қудачилик ришталари узилмасин
#Ижтимоий_ҳаёт
Оила тинчлиги, фаровонлиги қавм-қариндош, қўни-қўшни, қуда-андачилик ришталари мустаҳкам бўлишини тақозо этади.
«У яна (ҳақир) сувдан (манийдан) инсонни яратиб, сўнгра уни (насл) насабли ва қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, Раббингиз (ҳар ишга) қодирдир» (Фурқон, 54).
Аллоҳ таоло эркак ва аёл, покиза насаб, оқибатли қудачилик замирида ҳаёт давомийлигини ирода қилади. Аллоҳнинг иродасига қарши бориш, қуда-андачилик муносабатларининг бузилиши, ёш оилалар ажримлари мусибатдан бошқа нарса эмас. Зеро, оила эр-хотиннинг биргаликда тинч-тотув яшаши учун қурилади. Оила ҳаёти осуда бўлишида эр-хотин билан бирга қайнота-қайноналарнинг ҳам бажариши лозим ҳақлари бор. Ёш оила аъзоларига насиҳатда бўлиб тўғри йўл кўрсатадиган, аввало, қайнота-қайнона, ота-оналардир. Оқил, диёнатли, софдил ота-она, қайнона-қайноталарнинг ибрати, йўл-йўриқлари ёшларга ижобий таъсир қилади. Агар акси бўлса, муаммоли, нотинч оила жар ёқасида турганга ўхшайди, сал шамол ҳам уларни қулатиб юбориши мумкин. Ҳатто оилада эр-хотин жанжаллашиб қолган вазиятларда улуғларимиз айтадилар: “Қайнона келиннинг тарафини олсин, ўғил ўзиники, уришса ҳам ўғли онасига бош эгиб келади”.
Кўпинча қайнонанинг келинини тушунишга ҳаракат қилиши, ҳимоясига олиши жанжалнинг кучайиб кетмасдан барҳам топишига сабаб бўлади. Аммо ҳаётда айрим қайноналар ёшгина келинини уқувсизликда айблаб, қуда-андачилик ришталарига путур етказадилар. Келинни уқувли қилиш, ўз хонадонининг паст-баландига кўниктириш, билмаганини ўргатиш, қайноналар – оналар зиммаларидаги ҳақлардир. Оилаларда қайнота-қайноналар, эр-хотинлар, қуда тарафлар ўз ҳақларини ўрнида адо қилишса, бунинг самараси – оилалар мустаҳкам, қуда-андачилик ришталари маҳкам бўлади.
“Қуда-андачилик – минг йилчилик”, дейди доно халқимиз. Зеро, қуда-андаларнинг ўзаро самимий ҳурмат-эҳтироми ёш келин-куёвларга ҳар икки хонадон аъзоларига бирдек меҳр қўйиб эъзозлашни ўргатадиган ҳаётий мактабдир.
Ҳазрат ЖАҲОНОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Дарҳақиқат, Имом Доримий “Сунани Доримий” асаридаги 82 та бобда “Қуръон фазилатлари китоби”ни ҳисобга олмаганда 164 та оятга шарҳ бериб ўтган. Ушбу оятларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда бошқа пайғамбарларга берилган махсус фазилатлар борасида сўз борган бўлиб, уни тафсир сифатида қабул қилиш мумкин. Бу маълумотлар бошқа тафсир китобларида ҳам зикр қилинган. Жумладан, Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳам айнан шу маълумотларни келтирганига гувоҳ бўламиз. Қуйида мазкур асарда келган оятлар тафсирининг баъзилари билан батафсил танишиб чиқамиз:
1. Вузуъ – таҳорат китоби, унинг аввалида “Агар намозга турсангиз, юзларингизни ювинг...” (Моида, 6) ояти келтирилади. Бу оятнинг шарҳи сифатида иккита ҳадис шарҳланган. Биринчиси 661-ҳадис: Икримадан ривоят қилинади, Саъд ҳамма намозни бир таҳорат билан ўқир эди. Али (розияллоҳу анҳу) эса ҳар бир намозга таҳорат қиларди ва қуйидаги оятни ўқирди: “Агар намозга турсангиз, юзларингизни ювинг...”. Иккинчиси 663-ҳадис: Ибн Бурайда отасидан бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир намоз учун таҳорат қилардилар. Макка фатҳ қилинган куни бир таҳорат билан бир неча намозни ўқидилар ва маҳсиларига масҳ тортдилар. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Олдин қилмаган ишни қилаётганингизни кўрдим”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қасддан шундай қилдим, эй Умар”, дедилар». Абу Муҳаммад бундай деган: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу ишлари қуйидаги “Агар намозга турсангиз, юзларингизни ювинг...” оятининг амри таҳоратсиз кишилар учун, таҳорати борлар учун эмаслигига далилдир. Шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қуйидаги “Фақат таҳоратсизликдан таҳорат қилиш вожибдир”, деган сўзлари ҳам бу оятнинг шарҳидир».
2. Намоз китоби: “Яратган Раббинг номи билан ўқи” ояти билан бошланиб, 1478-ҳадисда Иншиқоқ ва Алақ сураларининг илк оятлари тафсир қилинган.
3. Рўза китоби: “Бас, сизлардан ким Рамазон ойига гувоҳ бўлса, бу ойда рўза тутсин” ояти билан номланиб, 1740-ҳадисда Бақара сураси 184-ояти тафсир қилинган.
4. Яхшиликлар китоби: “Бу, ер бошқа ерга ва осмонлар ҳам (бошқа осмонларга) алмаштириладиган кунда...” ояти билан аталиб, 2811-ҳадисда Иброҳим сураси 48-ояти тафсир қилинган.
Кўриб турганимиздек, Имом Доримий ўз асарида “Тафсир бил маъсур” – “оятни ҳадис билан тафсир қилиш” услубидан фойдаланган. Ундан ташқари, мазкур асарда “Қуръон фазилатлари” китоби ҳам мавжуд бўлиб, унда ҳам кўплаб оятлар тафсир қилинган. Бу мавзуга атрофлича тўхталиб ўтганимизнинг боиси шундаки, Доримий ўз асарларида бошқа муҳаддислар каби “Қуръон тафсири” деб аталувчи алоҳида китоб ёзиб қолдирмаган. Шу боис ҳам айрим тадқиқотчилар Доримийни фақат муҳаддис сифатида ўрганганлар. Лекин юқорида келтирилган далиллардан шу нарса маълум бўладики, Имом Доримий Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан нафақат буюк муҳаддис, балки муфассир олим ҳамдир. Унинг шоҳ асари “Сунани Доримий”дан кўп оятларнинг тафсири ўрин олгани сўзимизнинг исботидир.
Аброр АЛИМОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ЎЗ ЎРНИМИЗНИ БИЛСАК...
#Аёллар_саҳифаси
Динимиз бизларни покликка, бир-биримизни ҳурматлашга, ғазабни жиловлаш, кечиримлилик, ҳалимлик, камтарлик, шарм-ҳаёни маҳкам ушлашга, яъни чиройли хулқ эгаси бўлишга тарғиб қилади. Зеро, яхши адаб соҳибларининг ҳамиша юзи ёруғ, сўзи таъсирли бўлади. Бу талаб барча мусулмонга бир, эркак-аёлга ажратилмайди. Лекин яна бир ҳақиқат бор – эркакнинг ахлоқи чиройли бўлгани яхши, аёлнинг одоби гўзал бўлгани нур устига нурдир.
Азалдан аёлларга ҳаё тимсоли, одоб намунаси сифатида қаралган. Чунки насллар давомчиси, фарзандлар тарбиячиси бўлиш шуни тақозо қилади. Бу масъулиятни ҳис этган ҳар бир аёл, она вазифасини чин дилдан адо этиш учун ҳар қандай фидойиликка тайёр туради. Бошқаларга намуна, ўрнак кўрсатади. Бироқ аёллар орасида хунук хулқи билан хонадони нотинчлигига, оилалар бузилишига, қўшнилар ўртасига низо тушишига сабабчи бўладиганлар ҳам борлиги дилга оғриқ солади. Баъзан кўринишидан бамаънига ўхшаган ёши катта аёлга ҳавас ила қараб турсанг, оғзидан чиққан беҳаё сўзларни эшитиб ихлосинг қайтади.
“Аёл – муқаддас, аёл – она, аёлни асранг”. Бундай шиорларни кўп учратамиз. Ўйлаб қоламан, уларга энг олдин ўзимиз амал қилишимиз керак эмасми? Лекин биз нима қиляпмиз? Оилада қандай иш тутяпмиз, эркакнинг ўрнига даъвогар бўлмаяпмизми? Кўчада соатлаб ўтириб ўтган-кетганни хижолатга қўймаяпмизми? Қариндош-уруғларини эримизга ёмон кўрсатиб, ака-укаларни бир-биридан айириб юбормаяпмизми? “Ҳамма ҳозир қизига шунақа мебел олади, мана бундай байрамликлар жўнатади”, дея турмуш ўртоғимизни қулоғигача қарзга ботирмаяпмизми?
Шу саволларни бериб, ўзимизни ўзимиз тафтиш қилайлик. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) айтганларидек, биздан ҳисоб сўраладиган кунга етмасдан туриб, ўзимиздан ҳисоб сўрайлик. Бизлар аёлмиз, онамиз, ояти карималарда, ҳадиси шарифларда ўрнимиз, мавқеимиз белгилаб қўйилган, улуғ ажрлар ваъда қилинган, катта имкониятлар берилган. Улардан унумли фойдалансак, ҳар соҳада ўрнимизни билсак, фарзанд тарбиясини тўғри йўлга қўя олсак, шундагина жаннат оёғимиз остида бўлади.
Шундай экан, хулқимиз, одобимизни гўзал қилайлик, гуноҳлардан сақланайлик, яхшиликда бардавом бўлайлик, жуфти ҳалол, она, ҳамкасб сифатида ҳам гўзал ўрнаклар кўрсатайлик.
Гулруҳ АШУРОВА
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Дуодан сўнг қўлларни юзга суртиш ҳукми нима?
Жавоб: Дуодан сўнг қўлларни юзга суртиш суннатдир.
Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуо қилсалар, қўл бармоқларининг учлари елкалари баробарида бўларди” (Имом Байҳақий).
Сойиб ибн Язид (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуо қилсалар, қўл кўтарар, кейин юзларига суртар эдилар (Имом Байҳақий).
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуога қўл қўтарсалар, уни юзларига суртмасдан туширмас эдилар" (Имом Термизий ривояти).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ФАРЗАНД НЕЪМАТИНИНГ ШУКРИ
#Ижтимоий_ҳаёт
Киши фарзандли бўлганида бениҳоя қувонади, яқинлари уни муборакбод қилади.
Абдулла Қодирийнинг машҳур “Ўтган кунлар” романида фарзанд туғилганида хушхабар етказиб, суюнчи сўраш бундай тасвирланади: “...Орадан кўп фурсат ўтмади, ичкаридан Ойбодоқ югуриб чиқди ва даричадан туриб “Суюнчи!” деди. Юсуфбек ҳожи ёнчиғини кавлай туриб алҳамдулиллоҳ, деб қўйди. Ҳасанали ҳам илжайиб ён кавлашга тутинди ва:
– Ўғулми, ҳолва? – деб сўради хотинидан.
– Ўғул!
– Баракалла.
Ҳожи кулимсираб қўлидаги уч-тўрт оқ танга билан битта тиллани Ойбодоққа узатди. “Тангаларни ўзинг ол, тиллани доячага бер!” деди. Ҳасанали суюнчини топширганидан сўнг дуога қўл очди: “Аллоҳ таоло умри билан берган бўлсун!”
Фарзанд кўрган аёл оналик бахтига мушарраф бўлади. У мол-давлати, мансаб-мартабаси туфайли сезмаган ҳузурни ҳис этади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларидан бирида фарзанд ҳақида: “Гўдаклар жаннат райҳонларидир” деганлар. Ҳазрат Фотима онамиз туғилган вақтларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бу райҳонни менга ҳидлаб туришим учун ризқ қилиб берди”, дедилар.
Ҳар бир неъмат учун банда Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Фарзанд неъматининг шукри эса унга чиройли тарбия беришдир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Ота-онаси эса уни яҳудий ё насроний ёки мажусий қилиб тарбиялайди", дедилар» (Имом Бухорий, Абу Довуд, ИмомТермизий ривояти).
Фарзандни соғлом эътиқодда вояга етказиш ҳам ота-онанинг бурчидир. Чунки ақидаси тўғри бўлган фарзанд ота-онага меҳрибон, раҳм-шафқатли, Ватанига содиқ, фидойи, мурувватли, комил инсон бўлиб вояга етади.
Олимхўжа ШАМСИХЎЖАЕВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Динда ҳараж йўқ
#Тафсир
«Аллоҳ (тоати йўли)да ҳаққоний жидду жаҳд қилингиз! Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади. Отангиз Иброҳимнинг дини (Ислом)ни (ушлангиз)! Токи (қиёматда) пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (қолган) одамларга гувоҳ бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) ўзи сизларни илгари (муқаддас китобларда) атагандек, мана шу (Қуръон)да ҳам мусулмонлар деб атади. Бас, намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ва Аллоҳга боғланингиз! У сизларнинг хожангиздир. Бас, У нақадар яхши Хожа ва (мадад сўраган мўминларга) нақадар яхши Мададкордир!» (Ҳаж, 78).
Аллоҳ азза ва жалла бу ояти каримада бандаларни нафс истакларига қарши курашишга амр этган. Имом Насафий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Нафсга қарши туриш энг катта курашдир”, дейди. Имом Самарқандий (раҳматуллоҳи алайҳ) бу оятни бундай тафсир қилган: “Холис Аллоҳ азза ва жалла учун амал қилинглар”.
Ҳасан Басрий бундай деганлар: “Ҳақиқий жидду жаҳд қилиш Аллоҳ таоло буюрган барча нарсаларни адо этиш ва қайтарган ҳамма нарсалардан тийилишдир”.
«Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади».
Яъни, Аллоҳ таоло сизларни ўз динида бўлишингизни ва сизларга нусрат беришни ихтиёр этди. Бу оятда мусулмонларни шарафлаш бор. Диндан мурод Ислом динидир. Ислом динида буюрилган бирор амалда қийинчилик ва машаққат йўқ: сув йўқ пайтида ёки хаста кишининг таяммум билан намоз ўқиши, оғир хаста кишиларга имо-ишора билан ибодат қилишнинг жоизлиги, сафардаги кишининг тўрт ракатли фарз намозларни қаср қилиши ёки унга рўза тутишнинг ихтиёрийлиги каби енгиллик ва рухсатли ҳоллар шулар жумласидандир.
«Отангиз Иброҳимнинг дини (Ислом)ни (ушлангиз)! Токи (қиёматда) пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (қолган) одамларга гувоҳ бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) ўзи сизларни илгари (муқаддас китобларда) атагандек, мана шу (Қуръон)да ҳам мусулмонлар деб атади».
Яъни, “Оталарингиз Иброҳим (алайҳиссалом)нинг динига эргашинглар”. Иброҳим (алайҳиссалом) Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг катта боболари бўлгани эътиборидан у зот барча мусулмон умматига ота каби ҳисобланади. Пайғамбарнинг уммати у зотнинг болалари ҳукмида бўлади. Ҳадиси шарифда: “Мен сизларга отангиз кабиман”, дейилган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Аллоҳнинг рисолатини ўз умматига етказганига гувоҳлик беради. Пайғамбарлар ўз умматларига Аллоҳ таолонинг ҳукмларини етказишганига биз мусулмонлар гувоҳ бўламиз. Аллоҳ таоло олдинги самовий китобларда ҳам ва Қуръони каримда ҳам бу умматни шарафлаб, “мусулмонлар” деб номлаган.
Шундай экан, бу неъматларнинг шукрини адо этиш лозим бўлади. Шукр Аллоҳга итоат қилиш билан бўлади. Шариатда буюрилган нарсаларни бажариш, қайтарганларидан тийилишимиз билан зиммамиздаги Аллоҳ таолонинг ҳақини адо этамиз. Аллоҳ фарз қилган ибодатлар орасида намозни мукаммал ўқиш, закотни хурсандчилик ила адо этиш зарур.
Бандаларга фақат Аллоҳ таоло мадад беради ва уларни асрайди. Фақат У зотгина нажот бергувчидир. Бандаларнинг бир-бирларига қилган ёрдами ҳам Аллоҳ таолонинг изни ва хоҳиши биландир.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Фарзандлар салоҳиятли бўлса
#Таянч_нуқта
Дунё – охират экинзори. Дунё ҳаётида бизнинг вазифамиз неъматлар берилганида шукрини адо этиш, мусибатларга йўлиққанда чиройли сабр қилишдир.
Аллоҳ таоло бандаларига чексиз раҳмат, лутфу карам кўрсатиб, санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматларни берган. Улардан бири фарзанд неъматидир.
Ота-она фарзандларининг тарбиясини гўзал қилиб, бу неъмат шукрини адо этиши зарур.
Фарзанд туғилмасидан бўлажак ота-она имон-эътиқодли, ахлоқ-одоби гўзал, илм-маърифатли бўлиши, Аллоҳга дуо-илтижо қилиб, солиҳ, яхши фарзанд сўраши, луқмани ҳалол қилиб яшаши керак.
Фарзанд туғилгандан кейин танглайини (ширин нарса билан) кўтариш, ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айттириш, унга чиройли исм қўйиш, ҳақига эзгу дуолар қилиш, уни ёмон дўст ва офатлардан сақлаш, нафақа (едириш, кийдириш, уй-жой) билан таъминлаш, ахлоқини гўзал қилиб тарбиялаш лозим бўлади.
Ота-она фарзандини Аллоҳ таоло ва Расулининг кўрсатмаларига мувофиқ тарбия қилса, боласи дину диёнат, ахлоқу одоб, илму маърифатда комил фарзанд бўлиб вояга етади. Фарзанднинг келажакда салоҳиятли, яхши инсон бўлиши нафақат ўзи ёки ота-онаси учун, балки қавм-қариндош, қўни-қўшни, бутун жамият учун фойдалидир.
Ота-она тарбияли, яхши фарзандидан дунё ва охиратда ҳам фойда кўради. Солиҳ фарзанд ота-она розилиги Аллоҳ розилиги, ота-она ғазаби Аллоҳ ғазаби эканини унутмай, ота-онасининг ҳурматларини ўрнига қўяди, хизматларида қоим бўлади. Оқибатда, ота-она фарзандидан рози бўлади, унинг ҳақига хайрли дуо қилиб, мамнун ва масрур ҳаёт кечиради.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, яхши фарзанднинг ҳар бир эзгу амали савобларидан вафот этган ота-онаси ҳам баҳраманд бўлиб туради.
Абдувоҳид МИРЖАЛИЛОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ГЎЗАЛ ЎХШАТИШ
#Мулоҳаза_муносабат
“(Эй Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз уни осмондан ёғдиргач, (баҳорда) у сабабли ер ўсимликлари (бир-бирига) аралашиб (қалинлашиб) кетур, сўнгра (кузда) шамоллар учириб кетадиган хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир Зотдир” (Қаҳф, 45).
Ояти каримада инсоннинг ёшлик даври баҳорга, қарилигини эса кузга қиёсланаяпти. Дарҳақиқат, одам боласи ёшлигида янги нарсаларни кўради, худди ердан униб чиққан майсалар каби атрофга ажабланиб, ҳайратланиб қарайди.
Фарзандларимизни олайлик. Улар ҳамма нарсага қизиқиб, ҳар бир кўрган нарсалари ҳақида сўрайдилар. Ўзимиз ҳам доимо билмаган нарсаларимизни ўрганишга интиламиз. Кирмаган кўчамиз қолмайди: адашамиз, талашамиз, хатолар қиламиз. Ёмғирларга, дўлларга учраймиз. Катталарнинг ёрдами ва панд-насиҳатлари, йўл-йўриқлари билан шу дўллардан, кучли шамоллардан ўтиб оламиз. Агар уларга қулоқ солмасак, адашиб, бир умрга, нафақат бир умрга, балки икки дунёмизга зарар берамиз.
Ояти каримада кексалик кузга қиёс қилинади. Нақадар гўзал ўхшатиш. Куз сокинлиги, билан қарияларимизнинг табиатига ўхшаб кетади.
Ёшликнинг куч-қудрати билан инсоннинг қуввати ҳар нарсага етади. “Тоғни талқон қилади” деган ибора ҳам айнан ёшлик чоғига нисбатан айтилади.
Кексалик етиши билан эса инсон кучдан қолади. Бирор ишни бажаришга шижоат бор, лекин куч йўқ. Қизиқиш-истак бор, бироқ қувват йўқ.
Аллоҳ таоло бизга ана шу ояти карима орқали бир ҳақиқатни эслатмоқда: ёшликни ғанимат билиш керак. Инсон умри, ёшлиги тез ўтиб кетади, ёз ортидан куз келади.
Шу сабаб ёшлик давримизни сермазмун, манфаатли, ибратли ўтказишимиз, илм олиш, бирор ҳунарни эгаллашимиз лозим бўлади. Токи, қарилик ёшига етганимизда – умримизнинг кузда имконларни йўқотгач, афсус чекиб қолмайлик. Аксинча, у чоғда бажарган савобли амалларимиздан, ўрганган илмимиздан, ҳунарларимиздан манфаат олиб яшаш насиб этсин.
Мактума АБДУЛАЗИЗ қизи
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ДУОНИНГ ШАРОФАТИ
#Мактубларда_манзаралар
Бизнинг Хонақо қишлоғида яшовчи Юсуф бобо қўй-эчкиларини боқиб юрган кунларнинг бирида бир эчкиси йўқолиб қолади. Атрофдаги чўпонлардан сўраб-суриштиради, лекин тополмайди. Қишлоқлар оралиғи 10–15 км, тарқоқ жойлашгани сабаб, ҳамма чўпонлардан сўрашнинг иложи бўлмайди. Ниҳоят, эчкидан умидини узади. Кунларнинг бирида “Тариқпоя” қишлоғида яшовчи Шойим чўпонда бир бегона эчки борлигини эшитиб қолади.
Чўпон йигит билан салом-аликдан сўнг, бундан уч йил олдин бир эчки йўқотганини айтади. Шунда йигит: “Бобо, эчкини танийсизми?” дейди. Юсуф бобо сурув орасидан ўз эчкисини таниб, кўрсатади. Чўпон йигит: “Бобо, мана булар эчкингизнинг бу йилги, булар эса ўтган йилги болалари”, деб, яна тўрт-бешта эчкини ажратиб беради. Чўпоннинг ҳалол инсон эканидан таъсирланиб, кўзига ёш келган Юсуф бобо: “Ўғлим, сурувингга Аллоҳ барака берсин. Чўпон ўтган Занги бобонинг ҳимматлари сенга ёр бўлсин!” деб дуо қилади ва эчкилардан биттасини ҳадя этиб, қолганларини ҳайдаб кетади.
Чўпон йигитнинг қишдан беталофат чиққанини, баҳорда эчкиларидан ўттизтасининг эгиз туғиб, сони ортиб кетганини эшитган Юсуф бобо: “Ё Аллоҳ! Бировнинг ҳақидан қўрқадиган ҳалол, тақволи бандаларингдан Ўзинг рози бўл!..” дея яна дуо қилади...
Сирожиддин МАМАДИЁРОВ, Хатирчи тумани
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Эҳтикор нима?
Жавоб: Эҳтикор, луғатда, нарсанинг баҳосини ошишини кутиб, сақлаб туришдир. Шариатда одамлар ва ҳайвонлар озуқини сотиб олиб, нархини ошишигача сақлаб туриш эҳтикор ҳисобланади. Мазкур нарсаларни сотиб олиб сақлаб туриши, агар кишиларга зиён қилса, макруҳ бўлади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ким бирор озуқани қирқ кунгача эҳтикор қилса, у Аллоҳ таолодан безган, Аллоҳ таоло ҳам ундан безор бўлган бўлур” (Имом Аҳмад, Абу Яъло ва Ҳоким ривоятлари).
Киши ўз даласида етиштирган ҳосилини сақлаб туриши эҳтикор бўлмайди (“Ҳидоя”, “Мухтасарул виқоя”).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
САБР БИЛАН КАМОЛОТГА ЭРИШИЛАДИ
#Мутолаа
1972 йил Тошкентнинг Уста Ширин маҳалласидаги хонадонлардан бирида бўлган амри-маъруф йиғинида Соғуний ҳазратлари “Вал аср” сурасини тафсир қилган эди. Ўшанда магнит тасмасига туширилган мазкур мавъизани у зотнинг набиралари, пойтахтимиздаги “Искандархўжа” жоме масжиди имом-хатиби Абдуллахон АСИЛХОН ўғли оққа кўчирди.
Қуръони каримдаги икки энг қисқа суралардан бири "Вал аср"дир.
Ислом шариати жорий этилганида араблар Аллоҳни билар, Унга шерик қўшар, айримлари қуёшни Худойи таолонинг шериги дер, бошқалари ясаб олган бутларига сиғинишар эди. Кўплари Аллоҳнинг исми билан қасам ичишарди. Яъни, валлоҳи, биллоҳи, таллоҳи дерди. Аллоҳ таоло ҳам сурани “Вал асри” деб, қасам билан бошлади. Яратган махлуқлари ичидаги энг улуғлари билан, оламга фойдаси етиб турган нарсалари билан қасам қилган. Масалан, махлуқлари ичидаги энг улуғи қуёш бўлгани учун “Вашшамси” деди. “Вашшамси” деганнинг маъноси – офтобдир ёки ой билан “Валқамари” дея қасамёд этди.
“Вал асри” дегани замоннинг ҳақи-ҳурмати учун қасам ичаман, деганидир. “Иннал инсона лафи хусрин” – Инсон болалари ҳақиқатан зиён ичрадир. “Хусрин” – зиён деганидир. Аллоҳ таоло кўрсатган йўлдан бошқа ҳар бир йўлда машаққат бор, роҳат йўқ.
Ҳар бир кириб чиқаётган нафасда яхшилик бўлмаса, у зиёндир.
Инсон бу зиён-заҳматдан қутулиши учун Аллоҳ таоло унга ҳақ йўлни кўрсатди. Бундан (зиён)дан қутулиш, нажот топиш, роҳатга эришиш йўли – “Иллаллазийна оманув” – (Аллазийна оманув) имон келтиришдир.
Мўмин банда ўн саккиз минг оламни яратган Аллоҳга имон келтиради.
Ҳар бир инсон бирон нарсага фаҳми етадиган, биладиган даражага етса, олдинига яратган Аллоҳни танийди. Зеро, яратган Парвардигорни таниш унга лозимдир.
Шайх Саъдий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Агар ҳушёр, ақлли, илмли киши ибрат кўзи билан фикр этиб ўйласа, дунёдаги ҳамма дарахтларнинг (битта) барги Худони танишга бир дафтардир”.
Лекин бунга ҳушёр ақл ва фикр керак.
“Иллаллазийна оманув” энди зиёндан қутулган – имон келтириб ишонганлар бу билан тўхтамайди.
Аллоҳга ишонган банда Унинг фаришталарига ҳам ишонади.
Фаришталар биз инсонларга ўхшаб яратилган эмас, улар нурдандир. Ана шу малоикалар орқали пайғамбарларга ваҳий келди.
Яна китобларига ҳам инониш имоннинг шартларидан биридир. Отамиз Одам (сафиюллоҳ)дан бошлаб жаноби ҳақ Пайғамбаримизгача бўлган барча пайғамбарлар Худо тарафидан юборилди. Аллоҳ инсонларни ҳақ йўлга бошлаш, Ўзини танитиш, Жаннат йўлини кўрсатиш, зиён-заҳматлардан қайтариб, яхшилик йўлларини билдириш учун бандалари орасидан пайғамбарлар чиқарди.
Ҳаммамиз қайта тириламиз. Инсон қайта тирилгач, дунёда заррача яхшилик қилган бўлса ҳам унинг роҳатини кўради, заррача ёмонлик қилган ҳам унинг жазосини олади.
Ўлим ҳақ. Бунга ишонамиз ва иқрормиз.
Мўмин Аллоҳга имон келтирганидан сўнг солиҳ амал қилиш билан имонини мустаҳкамлайди. Ўзига, оиласига, ватандошу замондошларига, ҳаттоки ҳайвонларга ҳам яхшилик қилади. Агар у яхшиликдан йироқ бўлса, жаҳолатга кетади, “Ватавосов билҳаққи” – яна мўмин киши бошқаларнинг ёмонликда бўлишини ҳам истамайди. Уларни яхшиликка ундайди.
“Ватавосов биссабри” – ҳақ ишни бажаришда қанча қийинчиликлар бўлса ҳам сабр қилади ва бир-бирларига шуни маслаҳат беради. Зеро, сабрсизлик ила имон комил бўлмайди. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир.
Ҳазрат Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сенинг биродаринг зулм кўраётган бўлсаям, зулм қилаётган бўлсаям ёрдам бер, деганларида, саҳобалардан бирлари: “Ё Расулуллоҳ, зулм кўраётган бўлса унга ёрдам бериб, зулмдан қутқазамиз, аммо зулм қилаётганга қандай ёрдам берамиз”, деди. У зот: “Зулм қилаётганни ёмонлигидан қайтара олсанг, унга ёрдам қилган бўласан”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳақ йўлда, яхшилик қилишда меҳнат ва машаққатлар келса ҳам унга сабр қилишда ажр бордир. Зеро, сабр билан дунё иши ҳам, охират иши ҳам камолига етади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Охират сармояси
#Яхшиликка_чақириш
Инсон соф ният билан қилган ҳар бир яхши амали учун ажр олади. Вақти соати келиб у вафот этса, амаллари ҳам тўхтайди, ёзиладиган савоблар ҳам кесилади.
Лекин мўминга тириклик чоғида охиратни ўйлаб вафотидан кейин ҳам савоби узилмай бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Қачонки одам вафот этса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақа, манфаат оладиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди”, дедилар” (Имом Муслим). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ҳадисда одам вафотидан сўнг амали кесилишини айтиш билан бирга, кейин ҳам савоби етиб турадиган амалларни баён қилдилар.
Улардан бири мусулмонларга доимий равишда фойда бериб турадиган хайрли ишлар кўзда тутилади. Мисол учун, кўпчилик фойдаланиш учун қурилган кўприк, қудуқ ёки ариқ қазиб сув келтириш, доимий манфаат бериб турадиган бошқа вақфлар шулар жумласидандир.
Дунё каби унинг бойликлари ҳам ўткинчидир. Инсон умр бўйи йиғиб-терган маблағи бир кун келиб меросхўрларига қолади. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай дедилар: “Қайси бирингиз меросхўрининг молини ўз молидан яхши кўради?” Саҳобалар (розияллоҳу анҳум): “Ё Расулуллоҳ, ҳар биримизга ўз молимиз суюклироқдир”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзидан аввал (охиратга) жўнатган моли унинг (ҳақиқий) молидир, орқада қолдиргани эса меросхўрларининг молидир” дедилар (Имом Аҳмад).
Аллоҳ таборака ва таоло бизга инъом этган молидан бир қисмини Ўзининг ризоси учун сарфлашимизга буюради. “Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қайси садақа афзалроқ?” деб сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай жавоб берганлар: “Сен соғлом бўлиб, молга қизиққан, фақирликдан қўрқиб, бойлик умид қилиб турган ҳолингда қилган садақангдир. (Жон) халқумга тиқилиб, фалончига бунча, пистончига шунча дейдиган ҳолатинггача (садақа қилишни) ортга сурма. Зотан (мол) фалончиники бўлиб бўлди” (Имом Бухорий).
Аллоҳ таоло: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон, 92), деб яхши кўрган молимиздан Аллоҳнинг йўлида сарф қилмагунимизча, асло яхшиликка етолмаслигимизни баён этган. Фурсатдан унумли фойдаланиш ўз қўлимизда.
Ҳошимжон ОМОНОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Сир эмаски, бугунги кунда баъзилар турмушида учрайдиган айрим синовларга сабр-тоқат қилолмай, юқоридаги йигит сингари бузғунчи гуруҳларнинг алдовларига учиб, ўзини қурбон қиляпти.
Ислом дини таълимотида умр инсонга берилган энг улуғ неъмат экани, уни асраш, унга хиёнат қилмаслик кераклиги таъкидланган. Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон омонат эканини унутмайлик.
Яқинда ойнаи жаҳон орқали намойиш этилган “Қарз қиёматга қолди” ҳужжатли фильмида ҳам фарзанди тарбиясига эътиборсиз бўлган ота-оналарнинг боламни едириб-ичириш, бошқалардан кам қилмасликка зўр берибман-у, бироқ уларнинг маънавий тарбияси ҳақида ҳеч ўйламаган эканман, қабилидаги иқрорларини эшитдик. Фарзандимга оила, она-Ватан туйғусини сингдира олмаган эканман, деб қилинган фарёдлар энди фойдасиз. Боласи қаерда, кимлар билан юрибди, нима ишлар билан машғул эканидан доимо огоҳ бўлиш ота-онанинг ҳар кунги вазифасидир.
Кўп пул топиш илинжида Ватанидан узоққа ишлашга кетаётганлар ана шу аччиқ ҳақиқат тўғрисида чуқур ўйлаб кўрсалар, яхши бўлар эди. Халқимизда ажойиб нақл бор: “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу”. Шу ўринда улуғ зотлардан Иброҳим Адҳам ҳаётида рўй берган воқеани айтишни маъқул деб топдим.
Иброҳим Адҳам дўстлари билан кемада сафарга чиққан эди. Бирдан денгизда кучли шамол турди. Одамлар саросимага тушиб: “Тақсир, бу фалокатни кўрмаяпсизми?” дейишди. Иброҳим Адҳам: “Аллоҳга қасам, ҳали бу фалокат эмас, ҳақиқий фалокат – одамларнинг қўлига қарам бўлиб қолишдир”, дедилар. Қаранг, донишманд Иброҳим Адҳам шиддатли денгиз, даҳшатли тўфондан ҳам кўра, одамларга қул бўлиб қолиш ёмон фалокат эканини уқтирмоқда.
Шукрки, юртимиз тинч, ҳалол меҳнат билан яшашни истаган одам учун ҳамма имконият бор. Кишини ҳайрон қолдирадиган жиҳати, ўз юртида ишлаб пул топишга эринган одам ўзга элда нимани уддалай оларкин?!
Умид ХОДЖАЕВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Мамлакат автомобил ва самолёт эҳтиёт қисмлари, электрон техника, каучук, ёғоч, озиқ-овқат, кимёвий модда, текстил, тамаки, қоғоз ва кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқаришда етакчи. Қора олтинни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш бўйича "Пертамина" каби гигант ширкатлари жаҳонга машҳурдир. Шунингдек, аҳоли деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик ва ёғоч ўймакорлиги билан ҳам шуғулланади. Гуруч, кокос, жўхори, банан, палма ёғи, қаҳва, қуруқ чой, гул, қалампир ва денгиз маҳсулотларини етиштириш, қадоқлаш ва хорижга экспорт қилиш бўйича дунёда юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Асосан, Япония, Хитой, Америка, Сингапур, Корея, Ҳиндистон, Малайзия, Таиланд каби давлатлар билан савдо-сотиқ алоқаларини йўлга қўйган.
Индонезия ҳукумати туризм соҳасини ривожлантириш ва кўпроқ хорижий сайёҳларни жалб қилишга ҳаракат қилади. У ерда ЮНЕСКО ташкилотининг ноёб дурдоналари сафидан ўрин олган еттита қадимий осори атиқалар мавжуд. Ушбу тарихий обидаларни асраб-авайлаш, мамлакатни ободонлаштириш ва тозаликка риоя қилишга катта куч сарфланади.
Жакарта шаҳридаги "Истиқлол" жоме масжиди миллат фахри ҳисобланади. У жануби-шарқий Осиёдаги энг катта масжиддир. Жоме масжиди мамлакатнинг биринчи президенти Сукарно ташаббуси билан бунёд этилган. Масжид қурилиши ўн етти йил давом этиб, 1978 йилда битказилган. Унда бир вақтнинг ўзида бир юз йигирма минг намозхон ибодат қилиши мумкин. Хонақоҳдаги гумбаз диаметри қирқ беш метр бўлиб, алюминийдан ишланган ўн иккита устун унга таянч вазифасини ўтайди. Меҳробда "Тоҳа" сурасининг ўн тўртинчи ояти тилла ҳал билан ёзилган. Ушбу улкан бинода маърифий тадбир, кўргазма, анжуман ва турли йиғилишлар ҳам ўтказилиб туради.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Зубайр ибн Аввом
#Саҳобалар_ҳаёти
Машҳур саҳобалардан Зубайр ибн Аввом ибн Ҳувайлид Асадий Қурайший (розияллоҳу анҳу)нинг насаби Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) насаблари билан Килобда туташади. У Хадича онамиз (розияллоҳу анҳу) сингари Бани Асад уруғидан. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) аммалари София бинти Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳо)нинг ўғли бўлган.
Ибн Саъд (раҳматуллоҳи алайҳ) “Тобақотул Кубро” асарида София бинти Абдулмуттолиб (розияллоҳу анҳо) ўғли Зубайрга қаттиққўллик билан тарбия бераётганини кўриб одамлар: “Ахир уни жуда қийнаб юбординг”, деганларида: “Мен уни пишисин, қатъиятли бўлсин дейман”, деб айтганини келтирган.
Йиллар ўтиб, онанинг орзуси ушалди. Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу) баланд бўйли, ўта чидамли бўлиб вояга етди. Унда вафодорлик, бирсўзлик, сахийлик каби фазилатлар мужассам эди. Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг қўлидан тутиб: “Ҳар бир пайғамбарнинг хос ёрдамчиси бўлган, менинг хос ёрдамчим Зубайр ибн Аввомдир” деб марҳамат қилдилар (Имом Ҳоким).
Зубайр (розияллоҳу анҳу) олдинига фақирона ҳаёт кечирди. Аёли Асмо (розияллоҳу анҳо) уй ишларидан ташқари чорва боқиш, ўтин териш кабилар билан турмуш ўртоғига ёрдамлашди. Кейинроқ Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу) тижорат билан шуғулланиб, бойиб кетди. Аммо сахийлиги туфайли уйида бирор нарса турмаган. Катта маблағ тушса, уйигача етиб бормай, йўлдаёқ одамларга тарқатиб юборарди.
Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Зубайрнинг уйида чироқ ёниб турганини кўрдилар ва “Эй Ойша, Асмо фарзандли бўлганга ўхшайди. Унга исм қўймай туринглар. Мен ўзим қўяман”, дедилар. У зот чақалоқни Абдуллоҳ деб атадилар ва хурмо билан танглайини кўтардилар”» (Имом Термизий).
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) маслаҳат олган олти саҳоба, “аҳли шўро”нинг бири Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу) бўлган.
Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)нинг замонига келиб Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу) энг кўзга кўринган арбобларидан бирига айланди.
Зубайр ибн Аввом Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир лаҳза ҳам ажрамади. Доимо хизматларида бўлиб, буюрилган ишни сидқидилдан адо этарди. У киши Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан жами ўттиз саккизта ҳадис ривоят қилди. Ҳижрий ўттиз тўртинчи санада (милодий 656) Басрада вафот этди.
Манбалар асосида Алиқул РАҲМОНҚУЛОВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Бир танишим ўғлига Муҳаммад исмини қўйса, қариндошлари бу исм болага оғирлик қилади, дебди. Шу тўғрими?
Жавоб: Фарзандга чиройли исм қўйиш ота-онанинг бурчларидан биридир. Фарзанд келажакда ўз исмидан уялмайдиган бўлиши керак. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай буюрганлар: “Қиёмат кунида ўз исмларингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Шунинг учун чиройли исм қўйингизлар!” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Исм болага оғирлик қилади, деган гап хатодир. Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган зотнинг исми ҳам оғир бўладими?! Ҳолбуки, бу каби исмлар муборак исмлардир.
Ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Пайғамбарларнинг исмлари билан исм қўйингиз! Аллоҳ таолога энг ёқимли исм Абдуллоҳ ва Абдурраҳмондир” (Имом Бухорий ва Абу Довуд ривояти).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Имом Доримий – улуғ муфассир
#Мовароуннаҳр_уламолари
Мовароуннаҳр тафсир илми ривожига ҳисса қўшган олимлардан бири Имом Ҳофиз Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл ибн Баҳром Доримий (ваф. 255/869 й.) саналади. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ Доримий 798 йили Самарқандда таваллуд топган муҳаддис бўлиб, тафсир илмида ҳам улуғ олимдир. Имом Доримий илм талабида Хуросон, Шом, Ироқ, Миср ва Ҳижоз шаҳарларида бўлган. “Сиҳоҳи ситта” муаллифларидан тўрттаси – Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий ва Насоийлар Имом Доримийдан ҳадис ўрганган.
Имом Доримий Имом Бухорийнинг ҳам устозларидан саналиб, ўзининг “Сунани Доримий” асарини сомонийлардан бўлган Самарқанд амири Аҳмад ибн Яҳё ибн Асад даврида ёзиб тугатди. Баъзи олимлар Имом Доримийнинг “Сунан” асарини “Сиҳоҳи ситта” китоблари жумласига киритиш фикрида бўлган. Уни олти “Саҳиҳ”нинг муаллифлари қаторига биринчи бўлиб Фазл ибн Тоҳир қўшган эди. Ундан кейин Ислом оламининг бошқа олимлари ҳам шундай йўл тутди. Уларнинг фикрига кўра, “олти саҳиҳ”нинг олтинчи ўрни Молик ибн Анаснинг “Муватто”, Ибн Можанинг “Сунан” ҳамда Имом Доримийнинг “Сунани Доримий” асарлари ўртасида бўлинар эди. Бундай баҳолашдаги турли фикрлилик эса ўзининг объектив ва субъектив асосларига эгадир. Масалан, Ибн Можадан кўра кўпроқ Имом Доримийга ён берувчиларнинг фикрича, Доримийнинг китобида келтирилган ҳадислар Ибн Можанинг “Сунани”дагига нисбатан ишончлироқ ва олдинроқ тўпланган. Шунингдек, Имом Доримийнинг асарида ровийларининг сони камроқ, бу эса ҳадислар иснодининг аниқ ва ишончлилигидан дарак беради. Шунинг учун шайх Салоҳиддин Алаий “Олтинчи ўринга Ибн Можа эмас, Имом Доримий қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди”, деб ҳисоблайди.
Ҳофиз Алоуддин ибн Абдуллоҳ Ҳанафий Туркий Мўғултоий (ваф.762 й.) ёзишича, «Кўплаб уламолар Имом Доримийнинг “Сунан”ини “Саҳиҳ асарлар” синфига қўшганлар». Лекин ушбу асар юқорида олти китоб, шунингдек, Молик ибн Анаснинг “Муватто”, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”и билан бир қаторда “Тўққизта энг эътиборли ҳадис китоблари” (“Кутуб тисъа”) (ёки “Сиҳоҳ тисъа”, яъни “Тўққизта тан олинган ишончли ҳадис тўпламлари”) ичида энг ишончли тўплам сифатида тан олинди.
Имом Доримийнинг “Сунани Доримий” номли ҳадислар мажмуаси Абдулазиз Холидий таҳрири остида Байрутнинг “Дорул кутубил илмия” нашриётида 1996 йил икки жилдда чоп этилган. Китобнинг 2-жилдида “Фазоилул Қуръон” номли алоҳида бир боби бўлиб, у 35 фаслдан иборат. Унда Қуръон оятларининг тафсирига алоқадор бўлган ривоятлар, баъзи сура ва оятларнинг фазилатлари ҳақидаги ҳадислар жамланган.
Шарафли хислат
#Ҳадис_шарҳи
Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Эй Аллоҳнинг расули, нажот нима?” – деб сўрадим. У зот: “Тилингни тий. Уйинг сени сиғдирсин. Хатоларингга йиғла”, – дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бандадан содир бўладиган аксар гуноҳларга унинг тили сабаб бўлади. Ҳадиси шарифда: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки сукут сақласин”, дейилган (Муттафақун алайҳ). Демак, айтиладиган сўзларда яхшилик бўлсагина гапириш, акс ҳолда жим туриш зарурдир.
Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Одам боласи тонг оттирганида унинг барча аъзолари тилга ёлвориб: “Биз ҳақимизда Аллоҳдан қўрқ. Бизларнинг ҳолимиз сенга боғлиқ. Агар сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз”, дейди» (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз” (Нисо, 114).
Абул Қосим Қушайрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Ўз вақтида сукут сақлаш ва мавриди келганида сўз айтиш шарафли хислатлардандир”.
Донишмандлар айтади: “Инсон маблағини тежаб сарфлагани каби, зарурат туғилсагина сўзлаш лозим”.
Луқмони ҳаким ўғлига: “Агар сўз кумушдан бўлса, сукут тиллодандир”, деганлар.
“Уйинг сени сиғдирсин”. Уй мўмин банда учун хотиржамлик ва ҳаловат масканидир. Бандага ташқаридаги гўзалликлар жозибали кўринса-да, уйидаги хотиржамликка етмайди. Солиҳа жуфти ҳалол ва фарзандлар камолини кўриш инсон учун дунёю охират бахт-саодатидир. Аксинча, жанжал, тўполон, ўзаро низо ва асаббузарликлар бўлган маскандан файз-барака кетади. Инсон ундай маскандан узоқлашиш илинжида бўлади.
“Хатоларингга йиғла”. Хатоларга йиғлашдан мурод гуноҳлар учун афсус-надомат чекиш, тавба қилиш, қайтиб гуноҳ қилмасликка азму қарор этишдир.
Али ибн Абу Толиб (каррамаллоҳу важҳаҳу) айтади: “Тавба олти нарсадан иборатдир: қилган гуноҳларига пушаймон бўлиш, қолдирган фарз амалларини қазосини адо этиш, ҳақ эгаларини рози қилиш, маъсият орқали семирган нафсни тоат билан муолажа этиш, хатоларини савобларга, ўйин-кулгиларини тавба йиғисига алмаштириш”.
Манбалар асосида Абдулазиз МЎМИН тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
МУСУЛМОН ОДОБИ
#Тарбия
"Ёмон гумон билан одамларга зарар етказишдан сақланинг" (Имом Аҳмад ва Байҳақий ривояти).
***
"Эснаган одам оғзини қўли билан ёпсин, овозини чиқармасин, акс ҳолда шайтон кулади" (Ибн Адий ривояти).
***
"Ота-онаси ҳаққига дуо қилмайдиган банданинг ризқи қирқилади" (Дайламий ривояти).
***
"Сувни оз-оздан бўлиб ичинг, бирдан ичиб юборманг" (Дайламий ривояти).
Абдуллоҳ ШОКИРОВ таржимаси.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ҲИДОЯТГА БОШЛАГУВЧИ СЕН
#Шеърият
Кипригимдан томчилаб ёшим,
Тош деворга урилди бошим,
Кўп ўйланиб бағримни тилдим,
Эгам учун мен нима қилдим?
Ёмонликни четлаб ўтмадим,
Ғийбатчини ёлғиз этмадим.
Ширин сўзни тилимдан юлдим,
Эгам учун мен нима қилдим?
Нола қилган пайтим Худога,
Қўлларимни очсам дуога,
Сўраганим армонсиз олдим,
Эгам учун мен нима қилдим?
Ҳидоятга бошлагувчи Сен,
Қалб кўзларин ёшлагувчи Сен,
Нафс йўлида югурдим, елдим,
Эгам учун мен нима қилдим?
Гуноҳлардан бир зум толмадим,
Савоб ишим ҳеч эслолмадим,
Қўрқув – тубсиз жарга йиқилдим,
Эгам учун мен нима қилдим?
Тавба қилсам қабул этарми,
Мендан кулфат йироқ кетарми?
Кеч бўлса-да, очилди кўзим,
Тавба қилдим, шафқат эт Ўзинг!
Жамшид КОМИЛОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Овқатдан кейин нима учун дуо қилинади?
Жавоб: Таомдан сўнг дуо қилиш суннатдир. Ривоятларда келтирилишича, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) таомдан сўнг бундай дуо қилардилар: “Алҳамдулиллаҳиллази атъамана ва сақона ва жаъалана минал муслимин” (Бизларни таомлантирган ва сув билан қондирган ҳамда бизларни мусулмонлар жамоасидан қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!)
Ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда бир луқма таом еб ҳам Аллоҳга ҳамд айтса, ё бир қултум сув ичиб ҳам Аллоҳга ҳамд айтса, Аллоҳ таоло уни яхши кўради”, деб марҳамат қилганлар.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Қувайт
#Олисларга_саёҳат
Қувайт давлати Араб ярим оролининг шимоли-шарқида жойлашган. Умумий майдони 17,8 минг квадрат километрни ташкил қилади. Аҳолиси 3 миллион 566 минг нафар. Ундан 40 фоизи қувайтликлар, қолган 60 фоизи Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва араб давлатларидан келганлардир. Аҳолининг 97 фоизи шаҳарда яшайди. Давлат тили араб тили ва аҳолининг 99 фоизи Ислом динига эътиқод қилади. Пойтахти Қувайт. Пул бирлиги Қувайт динори. Давлат раҳбари амир. Амир ёки бир палаталик миллий йиғин қонун чиқарувчилар ҳисобланади.
Қувайт олти вилоятдан иборат: Аҳмадий, Фавония, Асима, Жахра, Хавалли ва Муборак Кабир. Салмия ва Фахалил туманлари аҳоли яшаш пунктларидир. Ишлаб чиқариш Асимада, Амир қароргоҳи эса Баянда жойлашган. Ҳудуднинг асосий қисми чўлдан иборат.
Ҳар йили 26 феврал Қувайтнинг миллий байрами - мустақиллик куни сифатида кенг нишонланиб келади.
Иқтисодининг асоси нефт ишлаб чиқаришдир. Бундан ташқари аҳоли ўймакорлик, автомобил йиғиш, чорвачилик ва деҳқончилик билан ҳам шуғулланади. Шувайх, Шуайб, Мина Аҳмадий портлари бор. Мамлакат ичида фақат енгил автомобил улов сифатида ишлатилади. Ташқи савдо асосан Ҳиндистон, АҚШ, Саудия Арабистони ва Хитой давлатлари билан олиб борилади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ