hidoyatuz | Unsorted

Telegram-канал hidoyatuz - Hidoyat.uz

11605

O'zbekiston musulmonlari idorasiga qarashli "Shamsuddinxon Boboxonov" nashriyot-matbaa ijodiy uyi. Hidoyat.uz hidoyatuz.taplink.ws Мақолангизни қуйидаги ҳаволага юборишингиз мумкин: @Hidoyat_jurnal @Muminalar_jurnali

Subscribe to a channel

Hidoyat.uz

Натижада, бола ёши улғайган сари одамови, қайсар, ўзиникини маъқуллайдиган, асабий, қаҳри қаттиқ бўлиб қолади.
Ота-оналар ўз фарзандининг бешафқат, ваҳший махлуққа айланмаслиги учун унинг таълим ва тарбиясига алоҳида эътибор бериши керак. Маънавий тарбия ва сабоқни ўз вақтида олиб бориш келажакда самарасини беради. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар қандай маънавий таназзул кўзга унчалик ташланмайдиган арзимас амал ва иллатларга аҳамият қилмасликдан бошланади.
Бугунги кунда ёш болалар интернет клуб ва кафелардаги хунрезлик ўйинлари билан ўз қалбини яралаётганига эътибор бермас эканмиз, уни ислоҳ қилиш тадбирлари йўлга қў­йилмас экан, келажакда асорати ва келтирадиган зарари янада кўпаяди, кейин унинг ислоҳи қийинлашиб кетади. Шунинг учун вақт ўтмасидан, яра ва жароҳат тузатилиши лозим.
Оммавий ахборот воситаларидан бирида “оммавий маданият”ни зангга ўхшатилганди. Агар ундан ўз вақтида муҳофаза қилинмаса, ҳатто метин иродани, мустаҳкам эътиқодни ҳам емиради. Ахлоқий бузуқлик билан миллатни ичдан бузиш, миллий қад­риятларини йўқотиш, уларнинг ўрнига манқуртлик, имонсизликни жорий қилиш замирида, аслида шунчаки эрмак, ўйин-кулги ва кўнгил очиш билан боғлиқ “маданият” эмас, балки ёвуз мақсадлар, миллатни миллий ўзагидан айириб, оломонга айлантириш нияти борлигини ҳамма ҳам, айниқса, ёшлар анг­лаб етолмайди.
Болани жисмонан соғлом вояга етказиш, тарбиялаш унчалик қийин иш бўлмаслиги мумкин, аммо руҳан ва қалбан соғлом улғайтириш учун анча йиллар ва катта меҳнат керак бўлади. Шунинг учун бу муҳим вазифа ҳар бир ота-онадан улкан масъулият талаб қилади.
“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” асари бу соҳада муҳим қўлланмадир. Китобда бугунги кун талабидан келиб чиқиб, нафақат ёшларга, балки оммага керакли бўлган зарур маслаҳатлар, кўрсатмалар берилган.

Собиржон АРЗИҚУЛОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Баъзи жойларда меҳмон келганида қўй сўйиш одати бор. Бу ҳақда динимизда нима дейилган?

Жавоб: Меҳмонни сийлаш, иззат-ҳурмат кўрсатиш фазилатли амаллардандир. Шу боис меҳмонга зиёфат қилиш мақсадида жонлиқ сўйиб, ундан таом тайёрлаб, едириш яхши амал. Аммо меҳмоннинг оёғи остига сўйилган жонлиқ ҳалол бўлмайди. Чунки банда ҳар бир амалини холис Аллоҳ таоло учун қилиши зарур (“Фатовойи Ҳиндия”).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ЎҚИБМАН-У, УҚМАБМАН
#Мулоҳаза_муносабат

Бомдод намозини адо этгач, ошхонага ўтдим. Бир юмуш бошлашдан олдин одатим бўйича радио қулоғини бурадим. Миллий мусиқа асбобларимизда ижро этилган ёқимли куйга хонанданинг дардли овози жўр бўлди:

Махтумқули айтар: топмадим омон,
Ёмон тилнинг заҳри қиличдан ёмон,
Ёмон тил олдида заҳарли илон
Чақса-да, бир чивин чаққанча бўлмас...

Ажаб, шоир шу тўрт қаторга сингдириб сиғдирган фикрни кимлардир қалин китобда ҳам бунчалик аниқ, таъсирчан, халқона ифодалаб беролмаса керак. Бир қатра... Аммо аждодлардан авлодлар қалбига умрбоқий дарёдек шарқираб оқиб кирмоқда. Сабаби – инсон боласи ўзини англай бош­лаган пайтдан токи умрининг охиригача амал қилиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бирининг баёни бу. Асрлардан ёши улуғ бу сатрларни мен ҳам ёшлигимдан биламан. Лекин... ўқибман, ёдлабман-у, уқмабман-да! Тилимнинг заҳарли қиличи яралаган қалбларнинг, тиғи сўлдиргану ўлдирган шодликлар, умид, ишонч, илинжларнинг сон-саноғи ўзимгагина номаълум, холос. Бироқ ҳисоб-китобнинг вақти муқаррар келади. Сабрсизликдан, нафсимнинг йўлига юриб, оқибатини ўйламай сўзлашимдан панд еганларим озми? Фақат ўшандаям чарчаганимни, шошилиб турганимни, кайфиятим йўқлигини, ёшим кичик ёки катталигини баҳона қилиб ўзимни ҳимоялайман... бировни чақиб қўйган тилимни унга малҳам қўйишга эмас, яна ўзимни оқлашга хизмат қилдираман...

Ўсмирлигимизда дўппи тикиб ўтириб эски радиомиздан эшитардим бу ашулани. Энди набиралар ўсмир ёшидан ҳам ўтиб бормоқда. Бир умр эшитиб, таъсирланиб, ҳатто бошқаларга ибрат сифатида ўқиб берибмиз-у, ўзимиз ибрат кўчасидан айланиб ўтибмиз. Тил жиловини шайтонга бериб қўйиб, дилозорликдан ҳали-хануз қутулолмаймиз. Ҳисоб-китоб муқаррар!

Тонг ёришиб боряпти. Қалблардаги эзгу орзу-­умид, янги режалар ниҳоли барг ёзиб гуллашга шайланяпти. Сўзларнинг ҳарорати, майин нафасидан ҳам бу гуллар қувват олади – мевага айланади.

Шу тонгга етказганингга, субҳи содиқда қалбимни яна бир карра огоҳликка чақирганингга шукр. Дилим билан тилимни мулойим ва уйғун эт! Дилозорлик азобидан ўзимни, ўзгаларни асра. Қалбларимизни чиройли сабр, меҳру оқибат, ақлу фаросат, икки дунё саодатидан умидворлик нурлари билан ёруғ эт. Ҳақ йўлингда собит айла, карами кенг Парвардигор!

Муҳтарама УЛУҒОВА

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

САРИМСОҚПИЁЗ
#Маълумотнома

Саримсоқпиёз энг кучли табиий антибиотик ҳисобланади. У бир вақтнинг ўзида ҳам бактериялар, ҳам вирусларни йўқ қилишда ишлатилиши мумкин. Айниқса, сутда чала пиширилган саримсоқпиёзга сариёғ ва асал солиб ичилса, қуруқ йўтал хуружини йўқ қилади. Шунингдек, у қон босимини туширишда ҳам фойдали.

Ҳозирги даврда сарим­соқ­пиёзнинг антибактериал хусусияти 23 хил турдаги бактерияларда синаб кўрилган. У стафилококк, стрептококк, сальмонеллёз, ич терлама ва паратиф касал­лиги бак­те­рия­ларини, бўғма та­ёқ­­­ча­сини ўлдириб, сил таёқчасининг ривожланишини секинлаштиради. Меъда-ичак тизими яра касалликларида хом саримсоқпиёз истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Аммо меъда яраси ривожланишига сабабчи бўладиган бактерияни даволашда самарали таъсир кўрсатганлиги сабабли бундай беморлар сарим­соқпиёзни чала пишириб истеъмол қилиши мумкин.

Саримсоқ қайнатмаси бўғил­ган овозни очади. Оғиз чайқалса, тиш оғриғи тўхтайди, сурункали йўтал ва астмага ҳам даводир. Қорин дам бўлганида у зайтун билан қайнатиб ичилади. Нафас йўллари шамоллашида, нафас қисишида, безгак, ичбуруғ касалликларида ишлатилади. Саримсоқ қон томирларини кенгайтириш билан бирга организмни юқумли касаллик­лардан муҳофаза қилишда катта аҳамиятга эга.

Cаримсоқ қулоқ, томоқ оғриғида, мигрень, гипертония, дизентерия, юрак инфаркти, гепатит, ларингит, бронхиал астма, кўк йўтални даволашда истеъмол қилинади.

Саримсоқни анжир барги ва зира суви билан қўшиб илон ва қовоқари чаққан жойга қўйилса, фойда қилади. Бундан ташқари, саримсоқ соч тўкилишини олдини олишда ҳам фойдали. Шунингдек, майдалаб эзилган саримсоқни докага ўраб ярага боғлаб қў­йилса, уч-тўрт кундан сўнг яра йиринглардан тозаланиб, бита бошлайди .

Илмий тиббиётда саримсоқ­пиёздан тайёрланган дори воситалари (настойка, аллисат, аллифид) ичак фаолияти заифлашганда, гипертония касаллигида даво сифатида қўлланилади. Қадимги юнон файласуфи Пифагорнинг ёзишича, сарим­соқ барча сабзавотларнинг қиролидир. Диоскирид уни заҳар тафтини оладиган энг кучли восита сифатида қўллаган бўлса, Арасту қутуришга қарши фойдаланишни тавсия этган. Гиппократ саримсоқни пешоб ҳайдовчи ва балғам кўчирувчи дори сифатида ишлатган.

Интернет материаллари асосида
Зебо ОМОНОВА
тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Масжидларда қибла томондаги деворларда оятлар ёзиб қўйилади. Шу жоизми?

Жавоб: Агар ёзув тушиб кетмаса ва оёқ-ости бўлмаса, жоиздир (“Ниҳоя”).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Яхшиликдан яхшилик унар
#Шеърият

Ҳадислар мазмунини ихчам тарзда шеърга солиш – эзгу анъана. Нусратуллоҳ Каримхон ҳам яхши ниятда ушбу анъанани давом эттиришга қўл урди. Унинг ижод намуналаридан айримлари билан танишинг.

“Ҳадя улашинглар, (бир-бирингизни) яхши кўрадиган бўласизлар. Қўл бериб кўришинглар, диллардан ғам, гина кетади...”

Совға беринг, сизга шафоат етгай,
Раб эзгу амалга яхшилик битгай.
Қўл бериб кўришинг очиқ юз билан,
Дилдан ғусса ариб, гиналар кетгай...

“Ҳар бир эшитган нарсасини гапириши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади...”

Ҳар замон кўришиб, қилганда суҳбат,
Яқин дўстлар сўзин билгил омонат...
Эшитган ҳар гапни ўзгага сўзлаш
Ёлғончи бўлмоқ-чун қилур кифоят...

“Биродаринг устидан кулма, Аллоҳ унга раҳмат бериб, сени эса ўша балога гирифтор қилмасин”.

Омонат кучингга кеккайиб ошкор,
Сен дўст кемтигидан кулмагин зинҳор.
Тангри ул бандага раҳмат ёғдириб,
Шу дардга қилмасин сени гирифтор.

“Агар икки мусулмон қилич яланғочлаб, бир-бири билан урушса ва бири иккинчисини ўлдирса, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам дўзахга тушади”.

Қатлни қасд этиб икки мусулмон,
Қилич яланғочлаб тўкар экан қон,
Ул бири соғ қолиб, бири берса жон,
Иккисин ҳам жойи дўзах бегумон...

“Жони бор нарсани ўқ отишда нишон қил­манглар...”

Расулуллоҳ амрин унутманг бир он:
Ҳар бир жонли учун азиз эрур жон.
Бекорчи эрмак-чун ўқ отиб зинҳор
Жони бор ҳайвонни қилмангиз нишон...

“Киши дўстининг динида бўлади. Ҳар бирингиз кимни дўст тутмоқдасиз – қараб дўстлашинг”.

Ҳар кимки дўстлашур бўлиб жонажон,
Дўстига у диндош бўлгай бегумон.
Сен кимга ёндашдинг, эҳтиёт бўлки,
“Ўзингга душмандир сўнгги пушаймон...”

“Кимки қавмин икки гуруҳга бўлини­шига сабабчи бўлса, у биздан эмас”,

Расулуллоҳ дер: ким аҳли мусулмон –
Дўст бўлиб, тинч-тотув яшайдир ҳар он.
Кимки қавмин ёвлаб, бўлгай иккига,
Биздан эмас ўшал бузғунчи инсон...

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Абу Мусо Ашъарий
#Саҳобалар_ҳаёти

Имом Заҳабий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) илм, амал ва қалб саломатлигини жамлаган кишилардан биридир. Ҳокимлик уни ўзгартиролмади, дунё уни ғурурлантиролмади” (“Сияру аъламин нубало”). Бу зот (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан илм ўрганди. Ҳазрат Умар ва Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳум) даврида Басрага волийлик қилди.

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) бундай ҳикоя қилади: “Қавмимдан элликдан ошиқ киши билан Нажошийнинг ҳузурига бориш учун Ямандан чиқдик. Дўстларим Абу Руҳм, Абу Амр, шунингдек, Жаъфар ва унинг ҳамроҳлари ҳам кемада биз билан бирга сафар қилдилар.

Хайбар фатҳи куни Мадинага қайтиб келдик. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сизга икки сафар насиб бўлди: “Нажошийнинг ҳузурига ва менинг ҳузуримга сафар”, деб марҳамат қилдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Мусо Ашъарий ва унинг қавмдошларини жуда яхши кўрардилар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эртага олдингизга Исломга кўнгиллари сиздан кўра мойилроқ бир қавм келади”, дедилар. Кўп ўтмай ашъарийлар келишди. Улар яқинлашаётганида бундай дердилар: “Яқинда бизга суюкли бўлган Муҳаммад (алайҳиссалом) ва унинг саҳобалари билан кўришамиз...”. Етиб келишгач, қўл бериб кўришдилар. Биринчи бор қўл бериб саломлашишни жорий қилган шулар бўлади” (Имом Аҳмад).

Иёз Ашъарий (розияллоҳу анҳу) айтади: “...Аллоҳ шундай бир қавмни келтирурки, уларни Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган...” (Моида, 54) ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абу Мусо, улар сенинг қавмингдир”, деб уларга ишора қилдилар” (Имом Ҳоким).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг саҳобалари орасида Абу Мусо (розияллоҳу анҳу)га тенг келадиган овоз соҳиби топилмасди. Унинг ўзи бундай ҳикоя қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абу Мусо, дарҳақиқат, Довуд каби сенга ҳам хуш овоз берилган”, деб марҳамат қилдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Абу Мусо(розияллоҳу анҳу)-нинг овози жуда ҳам ширали эди. Бир куни кечаси у туриб намоз ўқиди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) аҳллари уйғониб, уни тинглай бошлашди. Тонг отганда унга: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонадонидагилар бу кеча сени тинглашди”, деб айтилди. Бу хабарни эшитган Абу Мусо (розияллоҳу анҳу): “Агар бу ҳақда билганимда эди, уларни бундан ҳам кўп шодлантирган, бундан ҳам кўп завқлантирган бўлардим”, деди (Ибн Саъд, “Табақот”).

Абу Усмон Наҳдий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) овозида найда ҳам, танбурда ҳам сажда бўлмаган бир шира бор эди. У имомликка ўтган пайти гўзал қироатини кўпроқ эшитишни ўйлаб Бақара сурасини ўқисайди, дердик” (Ибн Асокир).

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) ҳадис ривоят қилишга катта эътибор қаратди. Ундан Бурайда ибн Ҳусайб, Абу Умома Бохилий, Абу Саид Худрий, Анас ибн Молик, Ториқ ибн Шиҳоб, Саид ибн Мусаййиб, Асвод ибн Язид, Абу Усмон Наҳдий, Абу Воил ва бошқа саҳоба ва тобеинлар ҳадис ривоят қилдилар. Муҳаддислар Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган 355 та ҳадисни китобларига киритишган.

Солиҳ ибн Мусо Талҳий (раҳматуллоҳи алайҳ) отасидан ривоят қилади: “Ашъарий ўлими олдидан ибодатга шиддат билан киришди. Унга: “Ўзингизни бунча қийнаманг”, дедилар. У: “Пойгада маррага яқинлашиб қолган от ўзидаги бор кучни ишга солади. Менинг вақтим эса бундан ҳам оз қолди”, деб жавоб берди” (Ибн Асокир).

Имом Заҳабий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Абу Мусо Ашъарий қирқ тўртинчи йили вафот этди”.

Манбалар асосида Жаҳонгир НЕЪМАТОВ тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ИСЛОМ ТАМАДДУНИДА АЁЛЛАРНИНГ ЎРНИ
#Аёллар_саҳифаси

Ислом тарихининг илк дамларидан то ҳозирги кунимизгача тамаддуннинг барча жабҳаларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган аёллар талайгина. Албатта, бу сафнинг аввалида нубувват хонадонининг хонимлари – мўмина оналаримиз турадилар. Зеро, уларнинг ҳаётлари ибрат олишга арзигулик.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг завжаи мутоҳҳараларининг аввалгиси Хадича бинти Ҳувайлид (розияллоҳу анҳо)дир. Катта тожира бўлган Хадича (розияллоҳу анҳо) жуда бой, мулоҳазали, мурувватли аёл бўлган. Рисолат келган чоғда Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам маънан, ҳам молиявий кўмак берган, у зотга энг аввал ишонган инсон эди. У зоти кариманинг бу фидойиликларини Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муносиб тақдирлаганлар. Умрларининг охиригача Хадича (розияллоҳу анҳо) ҳақларида фақат мақтов гаплар айтганлар: “Албатта, менга Хадичанинг муҳаббати берилган”, дер ва зикр қилинганларида, ҳаққига истиғфор айтишдан чарчамас эдилар. Хадича (розияллоҳу анҳо) ҳақида: “Одамлар менга ишонмаганида, у менга имон келтирди. Инсонлар мени ёлғончи қилганларида, у мени ростгўйлигимни тасдиқлади. Одамлар мендан нарсаларини беркитганларида, у молини мен учун сарф қилди. Аллоҳ таоло менга ундан фарзанд берди”, деганлар.

Оиша (розияллоҳу анҳо)! У зоти шарифа Пайғамбар (алайҳиссалом)дан жуда кўп ҳадислар ривоят қилганлар. Аёлларга оид фиқҳий масалаларнинг аксарияти айнан Оиша (розияллоҳу анҳо) сабабли мукаммал тарзда Ислом умматига етиб келган. Ривоят қилган ҳадислари орқали энг нозик масалаларга ҳам ойдинлик киритилган. Қолаверса, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг барча завжаи мутоҳҳаралари бу йўлда жонбозлик кўрсатганлар.

Шу билан бир қаторда бошқа саҳоба ва тобеин аёллар ҳам Ислом илмларининг ривожига алоҳида ҳисса қўшганларини таъкидлаш лозим. Жумладан, Шифо бинти Абдуллоҳ Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) томонидан бозор назоратчиси ва бош­қарувчиси этиб тайинланган илк муслима эди.

Амро бинти Абдурраҳмон кўзга кўринган олималардан бўлган. Фиқҳ ва ҳадис илми билимдони саналган бу тобеин аёл халифа Умар ибн Абдулазиз (розияллоҳу анҳу) томонидан алоҳида эътироф этилган.

Оиша бинти Саъд ибн Абу Ваққос ҳам фақиҳа ва олима эди. У моликий мазҳаби асосчиси – Имом Моликка дарс берган.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) авлодидан бўлган Саййида Нафиса Ислом ҳуқуқшунослиги илмида тенгсиз эди. Ундан ҳатто Имом Шофеийнинг таҳсил олгани ривоят қилинади.

Ислом билимларини мукаммал эгаллаган муслималардан яна бири дамашқлик Оиша бинти Муҳаммад ибн Абдулҳодийдир. Ундан илм ўрганган талабалар орасида машҳур муҳаддис Ибн Ҳажар Асқалоний ҳам бор. Шунингдек, Дамашқ ва Қуддусда дарс берган Оиша бинти Муҳаммаддан халифа Абдуллоҳ ибн Марвон таҳсил олган.

IX асрда яшаб ўтган олима Фотима ал Фаҳрия Марокашдаги энг қадимий илм даргоҳи ҳисобланган ал-Қараваиййинга асос солган. Ушбу илмгоҳ ҳозирги кунгача фаолият юритмоқда.

Халифа Ҳорун ар-Рашиднинг рафиқаси Зубайда ҳам илм-маърифат ривожи йўлида тинимсиз изланган мўминалар сирасига киради. Катта меҳмонхоналар, сув омборлари қурдиришдек савобли амалларга бош-қош бўлган Зубайда ҳар жиҳатдан ўзининг фикрига эга салоҳиятли аёл эди.

Таъкид жоизки, ислом тамаддунида муносиб из қолдирган аёлларни яна кўплаб санашимиз мукин. Биз эса мақоламиз орқали уларнинг айримлари ҳақида тўхталиб ўтдик, холос. Айтмоқчи бўлганимиз, Ислом динининг илм-фанга қаратган эътибори, қолаверса, аёлларга кўрсатган алоҳида эҳтироми уммат ичида аёлларнинг ҳам илм билан шарафланиб, уларнинг салоҳиятининг муносиб баҳоланишига замин яратди.

Мадина ТУЛЕПОВА

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

КАЪБАНИ ОБОД ЭТГАНЛАР
#Ибрат

...Бизга қўшни маҳаллада умри косибчиликда ўтган бир отахон истиқомат қилади. Бир ўғил, уч қизи бор – барчалари уйли-жойли бўлишган. Уларнинг оиласи маҳалладаги намунали хонадонлардан ҳисобланади. Сабаби, Зиёвуддин ота ва унинг аёли фарзандларига гўзал тарбия бериб, уларни соғлом фикрли этиб камол топтирганлар. Дилбандлари оёққа туриб, эл корига ярайдиган инсонлар бўлиб вояга етгунларига қадар ота-она тиним билмай ҳалол меҳнат қилишган. Косибчилик орқасидан рўзғорини бутлаб, ҳатто маҳалла-кўй, қариндош-уруғ, дўст-биродарлари орасидаги муҳтожларга моддий-маънавий кўмак беришган.

...Ҳаж мавсуми яқин эди ўшанда, кўпчилик улуғ сафарга тайёргарлик кўраёт­ган паллада отахоннинг ўғли ҳузурим­га келди ва хайрли йўлда сарф этиш учун маблағи борлигини айтди.

– Маҳалламизда серфарзанд бир оила бор, – деди у сўз бошлаб. – Камхарж бўлгани учун уларга ҳар замонда ёрдам бериб турардик. Яқинда билдим, катта ўғлининг ёши ўттизга яқинлашиб қолибди, аммо уни уйлантиришга имконлари бўлмаяпти. Шу боис, оиламиз аҳли билан келишиб, қўшнимиз ўғлининг никоҳ тўйига қарашиб юборадиган бўлдик. Ҳаж ибодатига деб йиғиб қўйган сармоямизни олиб чиқдик. Қўшнимизнинг ночор аҳволини билатуриб, ҳаж сафарига чиқишга истиҳола қиляпмиз...

...Маблағни ўзларига топширишимиз ҳам мумкин эди, лекин кўнгиллари ўксимасин, деган андишага бордик, эҳсонни сиз орқали, махфий амалга оширмоқчимиз... Агар мумкин бўлса, “Маҳалладаги энг намунали оила бўлганингиз учун мукофот”, дебми, хуллас, бир йўлини топиб, шу пулларни айнан ўғлининг тўйига сарфлаши учун топширсангиз, деган илтимос билан келдим...

Бир инсон кўнглини ранжитмоқ – Каъбани вайрон қилиш демакдир. Лекин бир ўксик дилни яйратмоқ, унга қувонч бахш этиш гўё вайрон бўлган Каъбани тиклаган, обод этган билан баробар деб айтилади ҳикматларда. Шу маънода, бу инсоннинг илтимосини ўзи айтганидай бажардик ва дуо­га қўл очдик: “Ё Аллоҳ, аввало, ушбу хайр-эҳсонни улуғ даргоҳингда мақбул айлагин, унга ҳаж ибодатининг савобини бергин, унинг каби нияти холис, одамлар кўнглини авайлаб-улуғлайдиган солиҳ фарзандларимиз сафини кенгайтиргин. Парвардигоро, шундай олижаноб бандаларингни икки дунё саодатига мушарраф айла!..”

Дарҳақиқат, инсон ҳаёти моддий ва маънавий борлиқдан иборат. Демак, киши маънавиятини юксалтириши ҳамда моддиятини тузатиш учун тинимсиз ҳаракат қилмоғи, ғайрат кўрсатмоғи талаб этилади. Ушбу ояти карима фикримиз тасдиғидир: «Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур. Унинг қилган саъйи (ҳаракати) яқинда (қиёматда) кўринур. Сўнгра у тўла жазо (ёки мукофот) олур» (Нажм, 39–41).

Нуруллоҳ ЖАМОЛОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Бандага ҳам шукр қилинадими?
#Ҳадис_шарҳи

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб, дедилар:
.«لا يشكر الله من لا يشكر الناس»

Бу ҳадисни Имом Аҳмад, Имом Бухорий (“Ал-Адаб ал-муфрад”), Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Таёлисий ривоят қилишган. Имом Хаттобий бундай дейдилар: «Бу ҳадис икки хил таъвил қилинади: биринчиси: “Аллоҳ таоло инсонлар (нинг яхшиликлари)га шукр қилмайдиган кимсанинг шукрини қабул қилмайди”. Иккинчиси: “Одамлар (нинг яхшилиги)га шукр қилмайдиган кимса Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”».

Биринчи таъвилга кўра, киши ўзгалар­нинг яхшиликларига шукр қилмай, миннатдорлик изҳор этмай, нонкўрлик қиладиган бўлса, ёхуд бировнинг яхшилиги учун дуо ҳам қилиб қўймаса, Аллоҳ таоло унинг Ўзига қилаётган шукрини қабул қилмайди.

Ҳадиснинг иккинчи таъвилига кўра, кимнинг одати ва табиати куфрони неъматдан иборат бўлса, ўзгаларнинг яхшиликларига, мурувватларига, иззату икромларига бефарқ ва лоқайд бўлса, лоақал оғзаки равишда миннатдорлик билдириш ёхуд дуойи хайр орқали ўз мамнуниятини изҳор қилмайдиган ношукр инсон бўлса, унинг Аллоҳга ҳам шукр қилиши қийин.

Ҳадис замирида инсонларга шукр қилиш, қилган яхшиликларини қадрлаб, яхши сўз, дуо ва зикр қилиш орқали яхшилик қилувчини мукофотлашга тарғиб этилмоқда. Шунингдек, ҳадисда одамларнинг яхшилик­ларини қадрламасликдан, куфрони неъматдан қайтарилади ва нон­кўрлик қораланади.

Одамларга шукр қилиш турли кўриниш­ларда амалга оширилиши мумкин. Масалан, яхшилик қилган одамга ташаккур айтиш, миннатдорчилик билдириш, унинг яхшилигини уни танийдиган шахслар ичида тилга олиш, ҳақига дуо қилиш ва ҳоказо. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда бундай марҳамат қилинади: “Кимга бирон яхшилик қилинса, ўша яхшиликни мукофотласин (яъни, ўша инсоннинг яхшилигини қайтарсин), агар бунга қодир бўлмаса, у эсласин. Зеро, кимки (бировнинг яхшилигини) эсласа, демакки, шукр қилибди” (Имом Аҳмад). Ушбу ҳадис мазмунига кўра, бировнинг яхшилигини қайтаришга қодир бўлмаган одам лоақал ўша кишининг қилган яхшилигини ўзгалар ичида тилга олиб, у ҳақида яхши сўзларни гапириб, мақташи лозим. Ана шунда у инсоннинг яхшилигини қайтарган бўлади. Зеро, шукр сўзининг луғавий маъноси ўзганинг яхшилигини билиш, мақташ ва уни тилга олиб, ёйиш демакдир. Ҳадисдан келиб чиқадиган маъноларга кўра, бировнинг яхшилигини тилга олмай, беркитиш айни ношукурликдир. Шу боис биров бизга яхшилик қилдими, аввало унга миннатдорчилик билдиришимиз, ҳақига дуо қилишимиз, яхши сўз айтишимиз, сўнгра унинг яхшилигини таниш-билиш, қариндош-уруғ ичида гапириб, ошкор қилишимиз керак.

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Ҳаким Термизийнинг “ал-Амсол мин ал-Китаб вас-Сунна” (Қуръон ва суннадаги масаллар) асаридан парчалар
#Мутолаа

Олимнинг мисоли

Олим мисли хушбўйлик сотадиган аттордир. Унинг ёнидан ўтсанг, хушбўй ҳидни туясан, агар у билан бирга ўтирсанг, унинг атридан оласан, агар у билан ҳамсуҳбат бўлсанг, унинг хушбўй таъмидан баҳраманд бўласан. Уйингга ҳам шу ҳолда қайтасан.

Қуръонни тушунмай тиловат қиладиган кишининг мисоли

Қуръонни тушунмай тиловат қиладиган кишининг мисоли худди бир юртдан бошқа юртга жавҳарларни юз дирҳам эвазига олиб боришга келишилган одамга ўхшайди. Унга: “Бу жавоҳирларни ўша юртга олиб бор ва уларни ишлатиб фойдалан, даромадини ўзингга қолдир”, дейилди. Унинг даромади эса уйлар тўла тилла ва кумуш бўларди.

У берилган юкни кўрсатилган юртга олиб борди ва кира ҳақинигина олиб, жавоҳирлардан фойдаланмади. Унга кўтариб келгани учун юз дирҳамгина берилди. Жавоҳирлардан фойдаланиш насибаси бошқага ўтди.

Худди шу каби, кимки Қуръонни ўқиса-ю, аммо ундаги жавоҳирлар билан Аллоҳ таолога муомала қилмаса, унга фақат қироатидаги саъй-ҳаракати, машаққати учунгина ажр берилиб, жавоҳирларни ишлатиш, унинг фойдасидан бебаҳра қолади.

Яхши ва ёмон ишларни аралаш қиладиган кишининг мисоли

Яхши ва ёмон ишларни аралаш қиладиган кишининг мисоли гўёки подшоҳга бир дастурхон ҳадя қилган кишига ўхшайди. Дастурхонда алвон таомлар, анқо егуликлар ва турфа либослар ҳам муҳайё. Шунинг қаторида унда ўлимтик суяклари ва ахлатхона латта-путталари, чорва чиқиндилари ҳам бор. Бу нарса подшоҳ даргоҳига етиб келганда, дастурхончи унинг бир четини очиб шу ҳолатини кўрди ва уни подшоҳ нигоҳидан яшириб, ертўлага тушириб юборди. Бир кун келиб подшоҳ уни чақиртирганда, дастурхончи юборилган нарсани подшоҳ ҳузурига олиб кирса, қанчалик хижолат чекади, қанчалик хавф-хатарда қолади?

Ёки бунинг мисоли подшоҳга зебигардон ҳадя қилган кишига ўхшайди. Унда ёқут, гавҳар, тилла, маржон, забаржад билан бирга ўлимтик суяги, шиша бўлса, булар маржон ва гавҳарларнинг қадр-қимматини тўсиб қўймайдими? Яхши ва ёмон ишларни аралаш қиладиган киши ҳам шу каби бўлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ҚАЙСИ ВАҚТЛАРДА НАМОЗ ЎҚИШ МАКРУҲ?
#Динимизни_ўрганамиз

Қуйидаги уч вақтда фарз намози ҳам, жаноза намози ҳам, тиловат саждаси ҳам жоиз эмас:

Қуёш чиқа бошлаганидан кўтарилиб, оқаргунгача бўлган вақтда.

Қуёш тиккага келиб, заволга кетгунча бўлган вақтда.

Қуёш қизғиш тусга кириб, ботаётган вақтда.

Бу вақтларда Байтуллоҳни тавоф қил­гандан сўнг ўқиладиган икки ракат нафл намоз ва таҳийятул масжид намозини ўқиш макруҳ. Жаноза ана шу вақтлардан олдин ҳозир бўлган бўлса, сажда ояти у вақтлардан олдин ўқилган бўлса, жаноза намози ўқиш ва тиловат сажда қилиш бу вақтларда жоиз бўлмайди. Аммо агар шу вақтларда жаноза ҳозир бўлган ва сажда ояти ўқилган бўлса, жаноза намозини ва тиловат саждасинигина адо этилса, жоиз. Бу вақтларда қазо намозларни ўқиш ҳам жоиз эмас («Фатовойи Ҳиндия»).

Қуйидаги вақтларда эса, нафл намоз ўқиш макруҳ:

Тонг отганидан бомдод намози ўқилгунича.

Бомдод намозидан сўнг қуёш чиққунича.

Аср намозидан кейин қуёш ботгунича.

Бу вақтларда нафл ўқиш макруҳ. Фарзлар ва вожибларнинг қазосини ўқиш бу вақтларда кароҳатсиз жоиздир. Тавофдан кейин ўқиладиган икки ракат ва таҳийятул масжид намозларини у вақтларда ўқиш макруҳдир...

Тиловат саждаси, жаноза намози каби вожибларни бу вақтларда адо этиш кароҳатсиз жоиздир...

Қуёш ботгандан кейин шом намозидан олдин нафл ва бошқа намозларни ўқиш макруҳ. Чунки бу шомни ўз вақтидан кечиктиришга олиб келади.

Тун ярмидан сўнг хуфтонни адо қилиш макруҳ. Чунки бу жамоатнинг камайишига сабаб бўлади.

Жума куни хутба вақтида намоз ўқиш макруҳ. Чунки бу хутбани эшитмасликка сабаб бўлади.

Имом хутбага чиққан вақтда. Хутбани бошлашидан олдин ва хутбани тугатганидан сўнг то намозни бошлагунча нафл ўқиш макруҳ.

Имом жамоат намозини бошлаганидан сўнг қавм нафл намоз ўқиши макруҳ. Бундан бомдод намози истисно қилинади. Киши агар жамоат намози ўтиб кетишидан қўрқмаса, бомдоднинг суннатини ўқиб олиши мумкин.
Ҳайит куни намозгоҳга келган киши учун ҳайит намозидан олдин нафл ўқиш макруҳ (Алоуддин Самарқандий. «Туҳфатул фуқаҳо»).

Абдулазим Муҳаммадий тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

БОЛА АЗИЗ, ОДОБИ УНДАН АЗИЗ
#Долзарб_мавзу

Халқимиз: “Бола азиз, одоби ундан азиз” деб бежиз айтмаган. Барча замон ва маконда болаларга берилиши лозим кўрилган одобнинг ўзи нима?

Араб тилидаги "адаба" феълидан олинган "одоб" сўзи, инсонларнинг таом устида жамланиши маъносини билдиради. "Ал-адибу" – зиёфатга чақирувчи маъносида бўлиб, бунга қиёсан уламоларимиз одоб – яхши, гўзал деб ҳи­соб­ланган фазилатларни жамлашдир, деганлар. Яъни, одоб бандада барча яхши хислатларнинг жам бўлишидир.
Истилоҳда одоб – нафс­нинг риёзати, хулқларни гўзаллаштиришдир. Ислом олимлари одобга ҳар хил таъриф берганлар. Ибн Манзур одобли деб инсонларни мақталган нарсаларга ча­қирадиган ва хунукларидан қайтарадиганларга айтилади, дейди. Мир Сайид Журжоний одоб инсоннинг барча турдаги хатолик­лардан сақланишни билиши, деган бўлсалар, яна бир таърифда тилни ва нутқни тўғрилаш, муомаласини хатоликлардан фориғ қилиш, дейилган.

Қуръони каримнинг Таҳрим сурасидаги: “Эй имон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг...” оятини ҳазрат Али ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳум) “Аддибуҳум ва аллимуҳум", яъни уларга яхшиликни таълим беринглар ва одобли қилинглар, деб тафсир қилганлар.

Одоб инсоннинг зоҳир ва ботини, яъни ичи ва ташида намоён бўлади. Уламоларимиз одобнинг 3 турли бўлишини айт­ганлар:

1. Ал-адаб маъаллоҳ – банда билан Аллоҳ таоло ўртасидаги одоб. Бунга Аллоҳ таолонинг исм-сифатларини, дини ва шариатини билиш, ҳақни илм ва амал билан қабул қилиш, унга нафсни тайёрлаш кабилар киради.

2. Ал-адаб маъннабийи, яъни банда ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орасидаги одоб. Бунга Набий (алайҳиссалом)га салавотлар йўллаш, у зотни севиш каби одоб­ларни киритиш мумкин.

3. Ал-адаб маъал холқи, банда билан халқ ўртасидаги, яъни ўзидан бошқа инсонлар билан бўладиган одоб. Бу ота-она, яқинлари, бегоналар, ўзидан катта ё кичиклар билан муомаладаги одобларни ўз ичига олади.

Халқимизнинг неча асрлик миллий-диний қадриятлари замирида ҳар бир ҳолатнинг алоҳида одоби бор. Масалан, овқатланиш, сафарга чиқиш, ухлаш, сўзлаш... Ҳар бир одобни баён қилган асарлар ёзиб қолдирилган. Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад”, Кайковуснинг “Қобуснома”, Ҳусайн Воиз Ко­шифийнинг “Футувватномаи султоний” каби асарлари бор. Уларнинг жуда кўпи ҳозир она тилимизга таржима қилиниб, чоп этилмоқда ва халқимизга етказиб берилмоқда.

Динимиз инсонларни ҳамиша юксак одоб-ахлоқли бўлишга тарғиб этган. Зеро, одоб дунё ва охират яхшиликларини жалб қилувчи, инсоннинг сао­дат ва нажотга эришишини таъминловчи омилдир.
Ҳик­матларда: “Инсон бу дунё­да нимага эришган бўлса, одоби би­лан эришибди, нимани қўлдан бой берган бўлса, одобсизлиги билан бой берибди”, дей­ил­ган. Шунинг учун ҳам од­об­­сизлик – бахтсизлик ва ҳало­кат белгиси саналган. Бундан англашиладики, ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, яқинлару фарзандларимизнинг одобларига жиддий эътибор қаратишимиз керак. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек: “Ҳеч бир ота ўз фарзанди­га яхши хулқ ва одобдан кўра буюкроқ мерос беролмайди”.

Адина САЙДАҲМЕДОВА

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Рамазонни соғиниб...
#Яхшиликка_чақириш

Уламоларни яхши кўрсангиз, қалбингиз покланишини, фаришталар сифатига эришишни, сабр-бардошли бўлишни, вужудингизни раҳм-шафқат эгаллашини, онадан янги туғилган гўдакдек гуноҳлардан пок бўлишни истасангиз, рўза сизни мақсадингизга етказади!

Аллоҳ таоло: “Бу фақат Мен учун”, деб мукофотини сир тутган ибодатни бажаришни, оғзингиздан чиқаётган ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк-анбардан хушбўйроқ бўлишини, жаннатнинг Райён дарвозасидан киришни хоҳласангиз, ҳамроҳингиз рўза бўлсин!

Фаришталар сизга салавот айтишини, дуойингиз ижобат, юзингиз дўзахдан 70 йил узоқда бўлишини, катта-кичик гуноҳлардан сақланишни истасангиз, рўза ниятингизга етказади!

Ўқиган китобингиз, эшитган-кўрган маълумотларингиз хотирангизда яхши сақланиб қолишини, қувватингизга қувват қўшилишини хоҳласангиз, рўзага эътиборсиз бўлманг!

Яхшиликка буюриб, панд-насиҳат қилганингизда сўзингиз таъсирли бўлишини истасангиз, рўза тутишни канда қилманг!

* * *

Буйракда тош тўпланишидан хавотирдамисиз? Сийдик йўлидаги тузларни эритмоқчимисиз? Танангизни заҳарли моддалардан тозалашни, асабларингизга дам беришни, қон босимингиз бир меъёрда бўлишини истайсизми? Бу ниятларга етиш учун рўза энг яхши дармондир!

Қабзият қийнаяптими? Тўғри ичакда касаллик борми? Бавосир ва камқонликдан сақланмоқчимисиз? Жигарингиз безовта қилишини истамасангиз, рўза қалқонингиз бўлсин!

Ичингиз дам бўляптими? Юрагингиз безовтами? Қанд ёки саратон касаллигига чалинишдан қўрқяпсизми? У ҳолда рўза тутишни канда қилманг! Паришонхотирлик, ўпка касаллигининг олдини олиш учун ҳам энг яхши восита рўзадир!

Юқорида саналган касалликларни рўза билан даволаш ижобий самара бериши илмий ва амалий тасдиғини топган. Фақат олдин шифокор билан маслаҳатлашиш тавсия қилинади.

Козимжон АКРАМОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” ХАТАРЛАРИ
#Долзарб_мавзу

Бугун инсон маънавияти ва одоб-ахлоқи ғарбдан кириб келаётган “оммавий маданият”нинг нишонига айланган десак, хато бўлмайди. Ушбу маънавий хуруж қурол воситасида амалга оширилмайди, бировнинг юртига ёки тинч яшаётган аҳоли устига бостириб борилмайди. Бу таҳдид кўпчилик кўз ўнгида рўй бермайди, юзаки қараганда, ўзгаларнинг тинчини, ҳузур-ҳаловатини ҳам бузмайди. Аксинча, “оммавий маданият” кўзга ташланмайдиган жуда нозик йўллар орқали ижтимоий ҳаётга суқилиб киради, у одамлар онгини ўзлари билмаган йўллар орқали заҳарлаб, манқуртга айлантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идо­­раси раиси ўринбосари, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли асарида бу ҳақда алоҳида таъкидланади: “Оммавий маданият” Исломнинг туб моҳиятига зид ҳодиса десак, сира янглишмаган бўламиз. Асосан ғарбдан кириб келаётган “оммавий маданият” турфа усуллар билан инсон ақлини зойил этиб, унда нафсу шаҳватда меъёрни сақлаш ҳиссини сусайтиради. Нафсу шаҳватда меъёрни сақлаш, асосан, ҳар бир инсоннинг ўзига, унинг имон-эътиқодига боғлиқ бўлгани каби, “оммавий маданият” домига тушиш ёки сақланиб қолиш ҳам унинг ўзига боғлиқдир. Шунинг учун Ислом дини таълимотидаги пурмаъно ибора билан айтганда, ҳар бир инсон "тазкиятул нафс", яъни нафсни поклаш билан машғул бўлмоғи лозим.
Афсусланарли жиҳати, “омма­вий маданият” кичик ёшдаги болаларни ўзининг сирли ва сеҳрли тузоғига осонгина илинтирмоқда. Интернет кафелар, компьютер клублари унинг беминнат ташвиқотчилари десак, хато бўлмайди. Табиатан янгиликка ўч, ҳиссий туйғуси жўшқин болалар уларнинг доимий мижозига айланмоқдалар.
Компьютерхонага йўл ол­ган бола у ердан маънавий-ахлоқий жиҳатдан бойиб қайтади, деб ўйлаган ота-оналар хато қи­ла­дилар. У ерда фақат шафқатсизлик, меҳрсизлик каби иллатлар ўрганилади. Мабодо йўлингиз тушиб қолса, бир назар ташланг. Болаларнинг аксари турли ўйин­ларга “шўнғиб кетганига” кўзингиз тушади. Улар бир-бири билан мусобақалашаётгандек, бақириб-чақиришади, беҳаё сўзлар...
Шу тариқа кун бўйи компьютерга қадалиб ўтирадиган болалар жисмонан заифлашиб, боши тез-тез оғрийдиган ва кўзи толиқадиган бўлиб қолади.
Исломшунос олим, устоз Айдар­бек Тулепов айтади: «Интер­нетга муккасидан кетиш ёшларда бир қанча маънавий иллатларни урчитмоқда. Минг афсус, ҳозир ёшлар орасида лоқайдлик оғир бир дард, худди тузалмас бир хасталикдай илдиз отиб бораётганга ўхшайди. Ҳатто: “Қўшнининг уйи ёниб кетса, менга нима, меники омон қолди-ку”, дейдиганлар ҳам учраб туради».

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“ЖАЛСАТУЛ ИСТИРОҲА” ҚИЛИНМАЙДИ
#Динимизни_ўрганамиз

Ҳозирги кунда масжидларимизда баъзи намозхонлар биринчи ёки учинчи ракатлар саждаларидан сўнг, озроқ ўтириб, кейин туришади. Бу бизнинг ҳанафий мазҳабимизда макруҳдир. Бу тўғрида ҳанафий фиқҳи китобларида қуйидагича баён қилинган.

Ширинбилолий “Мароқил фалоҳ”да айтади: “Сўнг сажда учун такбир айтади ва сажда қилади. Саждада уч марта тасбиҳ айтади. Қорнини сонларидан узоқ тутади. Қўлларини ёнидан очиб туради. (Иккинчи саждадан) кейин такбир айтиб бошини кўтаради, иккинчи ракатга туради. Агар узри бўлмаса, тураётганида қўллари билан ерга суянмайди. Туришдан олдин ўтирмайди”.
Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя”да айтади: “(Иккинчи) саждани қилганидан сўнг такбир айтади. Буни айтган эдик. Оёқларининг олд қисмига таяниб тик туради. (Туришдан олдин) ўтирмайди ва қўллари билан ерга суянмайди. Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ) эса: “Енгил ўтириб, кейин туради, ерга суяниб туради. Бунга далил – Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай қилганлари ҳақидаги ривоят”, деган. Бизнинг далил эса, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоят. Унда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оёқларининг олд қисмига таяниб туришлари айтилган. Шофиъий ривоят қилгани эса, қарилик ҳолатига йўйилади. Бундан ташқари бу ўтириш истироҳат, яъни дам олиш учун. Намоз эса, дам олиш ўрни эмас”.

Шу мавзудаги баъзи ҳадислар:

Аббос ёки Айёш ибн Саҳл Соидийдан ривоят қилади. У саҳобий Абу Ҳурайра, Абу Ҳумайд Соидий ва Абу Усайд (розияллоҳу анҳум) иштирок этган бир мажлисда отаси билан қатнашганини айтиб деди: “...Сўнг (Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) такбир айтиб, сажда қилдилар. Сўнг такбир айтиб, турдилар, ўтирмадилар” (Абу Довуд ривояти).

Нўъмон ибн Абу Айёшдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир қанча саҳобаларини кўрдим. Улар биринчи ва учинчи ракатларда саждадан бош кўтарганларида дарҳол турардилар, ўтирмасдилар” (Абу Бакр ибн Шайба ривояти).

Абдурраҳмон ибн Язиддан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд (розиял­лоҳу анҳу)га намоз ўқиётганларида қараб турдим. У кишининг (саждадан) дарҳол турганларини, ўтирмаганларини кўрдим” (Табароний “Кабир”да ривоят қилган).

Шу ўринда интиқол такбирларини қайси ҳолда бошлаб қачон тугаши тўғрисида маълумот бериб ўтсак. Интиқол такбирларини айтиш ҳанафий мазҳабида суннатдир. Булар рукуга бориш, рукудан қайтиш, саждага бориш, саждадан қайтиш такбирларидир. Бу такбирларни айтиш рукнни бошлашга киришилгандаёқ айта бошланади ва рукуга киришиш билан тўхтатилади. Масалан, рукуга боришда такбир айтиш эгилишнинг аввалида бошланади ва руку ҳолатига етиш билан тўхтатилади. Худди шундай, саждага боришда пасайиш билан такбир айтиш бошланади, бошини саждага қўйиш билан тугатилади. Интиқол такбирларини ўз ўрнида айтмаслик макруҳдир, уларни тарк қилиш саҳв саждасига сабаб бўлмайди.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Орзу қилишнинг ҳам шаръий чегараси борми? Киши ножўя орзулари учун гуноҳкор бўладими?

Жавоб: Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Орзу, агар дунёга муҳаббатни зиёда қилиб, охиратни унуттирадиган даражада бўлмаса, унинг зарари йўқ, Ҳар бир нарсанинг ҳадди бор. Орзуда ҳам ҳаддан ошмаслик, турли бидъат, хурофот ва исрофгарликларни орзу қилмаслик керак. Шунингдек, ношаръий нарсаларни орзу қилишдан сақланиш лозим. Зеро, бу каби орзулар киши қалби пок эмаслигини билдиради ва у амалга ошмаган тақдирда гуноҳ ёзилмаса ҳам, эгасини охир-оқибат ёмон йўлларга олиб боради.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ҚОЗИНИНГ АДОЛАТИ
#Ибратли_ҳикоялар

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) ўзлари учун қадрли бўлган қимматбаҳо совутларини йўқотиб қўйдилар. Бир муддат ўтгач, уни бир зиммий (ислом юртида яшовчи ўзга диндаги) киши Куфа бозорида сотаётганини кўриб, таниб қолдилар ва зиммийга: “Бу менинг совутим, мен уни фалон куни, фалон жойда туямдан тушириб қўйган эдим”, дедилар. Зиммий: “Эй мўминлар амири! Бу совут меники ва қўлимда турибди”, деди.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Бу менинг совутим, мен уни ҳеч кимга сотмаганман, ҳадя ҳам қилмаганман. Қандай қилиб у сеники бўлсин?!” дедилар.

Зиммий: “Бизнинг масаламизни мусулмонлар қозиси ҳал қилсин”, деди.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) унга: “Аммо-лекин шу гапинг инсофдан бўлди, қани, унинг олдига кетдик”, дедилар. Сўнг улар Қози Шурайҳнинг олдига боришди.

Қози Шурайҳ ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)га: “Эй мўминлар амири! Сиз нима дейсиз?” деди. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Мен мана бу совутимни бу кишининг қўлида кўрдим. Уни фалон куни, фалон жойда тушириб қўйган эдим, совутим бу одамга бирор савдо йўли билан ҳам, ҳадя йўли билан ҳам етиб келмаган”, дедилар. Шурайҳ зиммийга: “Сен нима дейсан?” деди. У: “Бу совут меники ва шунинг учун менинг қўлимда турибди, айни пайтда, мўминлар амири ёлғон гапир­япти, деб туҳмат ҳам қилмайман”, деди.

Шурайҳ ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)га юзланиб: “Эй мўминлар амири! Сизнинг ростгўйлигингиздан, совут ҳам сизникилигидан менда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бироқ даъвоингиз тўғри эканини исботлаш учун менга иккита гувоҳ келтиришингиз керак”, деди. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Майли, қулим Қанбар ва ўғлим Ҳасанлар менга гувоҳ бўлишади”, дедилар. Шурайҳ: “Эй мўминлар амири! Фарзанднинг отасига берган гувоҳлиги қабул қилинмайди”, деди.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Субҳоналлоҳ! Жаннат аҳлидан бўлган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайдими?! Сен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир”, деганларини билмайсанми?!” дедилар. Шурайҳ: “Биламан, мўминлар амири, биламан, лекин мен барибир фарзанднинг отасига берган гувоҳлигини қабул қилолмайман”, деди. Шунда ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) зиммийга юзланиб: “Сен совутни олавер, менинг улардан бошқа гувоҳим йўқ”, дедилар.

Шунда зиммий: “Мен бу совут сизники эканига гувоҳлик бераман, эй мўминлар амири!” деди. Яна гапида давом этиб: “Ё Аллоҳ! Мўминлар амири ўз қозиси ҳузурида мен билан даъволашиб ўтирса, қози эса менинг фойдамга, унинг зарарига ҳукм чиқарса-я! Гувоҳлик бераманки, уларни шунга буюраётган дин ҳақдир, яна гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг пайғамбари ва қулидир!”. Билгин, эй қози! Бу мўминлар амирининг совутидир. Мен Сиффинга кетаётган қўшинга эргашдим, бу совут мўминлар амирининг кулранг туясидан тушиб қолди ва мен уни эгаллаб олдим”, деди.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Сен мусулмон бўлдинг, совутни ҳам, у билан бирга туямни ҳам сенга ҳадя қилдим!” дедилар.

Бу воқеадан кўп вақт ўтмади. Ўша киши Наҳравон куни ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) байроқлари остида хорижийларга қарши жангда ҳалок бўлди.

“Сувар мин ҳаятит табиъин” (“Тобеинлар ҳаётидан лавҳалар”) асаридан Туйғун ИБРОҲИМ таржимаси.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Яхшилар билан суҳбат
#Яхшиликка_чақириш

Мўмин кишининг нияти икки дунё саодатига эришиш. Бунинг учун унинг хатти-ҳаракати, амали ва сўзи фақат эзгуликка йўғрилган бўлиши лозим. Шу боис атрофидаги инсонларга эътибор қаратиш, айниқса, суҳбатдошнинг муносибини танлаш керак. Халқимизда ажойиб бир нақл бор: “Яхши билан юрсанг, етарсан муродга. Ёмон билан юрсанг, қоларсан уятга”.

Ҳадиси шарифда эса яхши суҳбатдош топишнинг фазилати янада яққол акс этган. Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Яхши ҳамсуҳбат ва ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушк (хушбўй нарса) сотувчи ва темирчининг қўрасини пуфловчи босқонга ўхшашдир. Бас, мушк сотувчи ё сенга мушк ҳадя қилади, ё сотиб оласан, модомики, олмаганингда ҳам ундан ёқимли ҳид қолади. Темирчининг босқонидан эса ё кийиминг куяди ёки ёқимсиз ҳид қолади”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳикмат – мўминнинг йўқотган нарсаси, уни қаерда топса олишга, корига яратишга ҳақли экани ҳақида ҳадиси шарифда айтилган. Шу сабаб инсон яхши гапни, хайрли амални кимдан бўлса-да ўрганиши лозим.

Ривоят қилинадики, олим киши оддий бир инсоннинг зиёратига бормоқчи бўлди. Шунда у зотнинг атрофидагилар шундай одам оддий кишининг суҳбатидан қандай наф топиши мумкин, дея ҳайрон бўлдилар.

Олим ўша кишининг зиёратига боргач, уни саволга тутди:

– Бу дунёда дўст ва душманнинг орасида қийналмай яшашнинг сири нимада деб ўйлайсиз?

У киши: «Тўрт нарса сабаб дўсту душман орасида қийналмай яшаяпман, – деб жавоб берди. – Биринчидан, дўстимнинг нотўғри иш қилаётганини кўрсам, хафа бўламан. Иккинчидан, душманимни тўғри йўлга қадам қўйганини билсам, қувонаман. Учинчидан, бировга яхшилик қилсам, севинаман. Шунга қодир қилгани учун Аллоҳга шукрона айтаман. Тўртинчидан, ҳеч қачон ҳеч кимдан бирор нарса тама қилмайман. Менинг хотиржамлигим сири ана шунда».

Айюбхон СУПИЕВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Ҳақиқий мўмин
#Тафсир

Аллоҳ таоло мўминларни бундай васф қилади:
«Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол, 2–4).

Демак, ҳақиқий мўминлар юксак сифатларга эга бўлган кишилардир:

“...Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган...”

Банда доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлиши керак. Бу ҳақда Қуръонда бундай марҳамат қилинади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз! (Аҳзоб, 41-42); Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152);

Дарҳақиқат, мусулмоннинг бутун ҳаёти, қалби, тили, ўй-хаё­ли Аллоҳ таолога боғланган бўлади. Зикр бандани Раббисига энг осон ва тез яқинлаштирувчи йўлдир. Банда ўз Раббисининг зикри ила умр кечирар экан, ҳаёти осо­йишта ва хотиржам бўлади.

“...Оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган...”

Банда Қуръонни қанчалик кўп тингласа ва тиловат қилса, унинг маъноларини тафаккур қилса, имони шунча мустаҳкам бўлади.

“...Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган...”

Аллоҳга таваккул қилиш ҳақиқий мўминнинг сифатидир. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Осмонлар ва Ернинг ғайбий сири (уларнинг илми) Аллоҳга хосдир. Барча иш Унгагина қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Унга таваккул этинг! Қилаётган ишларингиздан (эса) Раббингиз ғофил эмасдир» (Ҳуд, 123).

Мўмин банда ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси ила бўлишига имон келтиради, шу сабабли ҳар бир ишини Аллоҳга таваккул қилган ҳолда бажаради.

“...Намозни баркамол ўқийдиган...”

Ҳақиқий мўминлар намозни бенуқсон адо этишади.

“...Ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир...”

Мўмин қўлидаги барча нарса Аллоҳнинг унга берган омонати эканини билади. Шу боис, Аллоҳ рози бўладиган йўлларга сарф қилади, қўлидаги бойликнинг кўп ёки озлигидан қувонмайди, балки холис Аллоҳ йўлида сарфлаганидан севинади.

Аллоҳ йўлида сарф қилинган бойлик асло камаймайди, аксинча, янада кўпаяди. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (саво­бини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара, 261).

Демак, ушбу оятнинг бошида келтирилган сифатларга эга бўлган мусулмон ҳақиқий мўмин номига лойиқдир ва улар учун “...Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)...”.

Ҳақиқий мўминлардан бўлишни истаган банда ўз нафсини тафтиш этиши лозим. Зикр этилган сифатларнинг бандада мавжуд бўлиши мўминнинг комиллигидандир. Барчамиз Аллоҳ таоло ҳузуридаги улуғ даражаларга ана шу сифатлар билан эришишга ҳаракат қилмоғимиз зарур.

Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг номлари зикр қилинганида баъзилар салавот айтаётиб, эгилиб гўё таъзим қилишади. Шу тўғрими?

Жавоб: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтаётганда эгилиш хатодир. Зеро, бу ишда таъзим, ибодат маъноси бор. Динимизда Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга қуллик қилинмайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари ҳам мақташлари ва таъзим қилишларини ёқтирмас, камоли камтарлик ила ўзларини зикр қилганларида “Аллоҳнинг қули ва расулиман”, дея аввал банда эканларини изҳор этардилар.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СИҲАТ ТИЛАСАНГ...
#Тиббиёт_бурчаги

Ҳозирги кунга келиб инсон танасидаги барча аъзолар, жумладан, меъда ҳам чуқур ўрганилган. Меъда танадаги ковак (бўшлиқ) аъзо бўлиб, ҳажми ўрта ҳисобда 1,5 литрни ташкил қилади. Меъданинг кардиал (кириш) ва туб (юқори) қис­мида ярим литргача ҳаво, пилорик ва антрал (пастки 1/3 қисми) қисмларида ярим литргача меъда шираси йиғилса, тана қисми ярим литр сиғимида бўш ҳолатда туради.
Меъда шираси таркибига шиллиқ суюқлик, хлорид кислота ва ферментлар киради. Шиллиқ суюқлик ишқорий муҳитга эга бўлиб, меъда деворини хлорид кислота таъсиридан асрайди. Хлорид кислота эса меъдага тушган овқатни парчалаб, оқсил, углевод, ёғ ва витаминларни синтез қилиш учун ферментлар таъсирига мо­йил қилиб беради. Ҳаво қисми овқатнинг тўлиқ парчаланиши ва ҳазм қилинишида муҳим ўрин тутади.
Ейилган овқат ўртача 1–1,5 соат мобайнида меъда ва ўн икки бармоқ ичакда туриб қолади. Бу вақт ичида меъда суюқлиги, сафро ва меъда ости бези шираси таъсирида парчаланади, ҳазм қилиниши учун ингичка ичакка оз-оздан ўтказиб турилади.
Овқат тушиб бориши жараёнида, ошқозон тўлгани ҳақидаги хабар (импульс) меъда деворидан бош мияга юборилади. Бош миядан қайтган ахборот эса тўйиш ҳиссини уйғотиши натижасида одам ейишдан тўхтайди. Сўнгги тадқиқотларга кўра, бу хабар меъда тўлгач, бош мияга 20 дақиқа кечикиб борар экан. Табиийки, бу пайтда инсонда очлик ҳисси сўнмаган бўлиб, овқатланишда давом этади. Тўйганлигини билса ҳам, баъзан нафси ғолиб келиб, баъзан атрофдагилар қистови ёки бошқа сабаб билан кўп овқат истеъмол қилиши мумкин. Натижада меъда фаолияти бузилади. Ортиқча овқат ундаги ҳавони сиқиб чиқаради. Меъда ҳужайраларидан ажратилган шира миқдори эса кўп овқатни парчалашга етмай қолади. Оқибатда таом ҳазм бўлиб, фойда бериш ўрнига зарарли моддаларга айланади; танада турли касалликлар пайдо бўлишига имкон туғилади. Шу сабабли динимизда қорин шаҳвати ҳалокатга элтувчи нарсаларнинг энг катталаридан ҳисобланади. Бундан ўн беш аср илгари, инсоният одамнинг ички аъзолари ҳақида мутлақо тушунчага эга бўлмаган даврда қорин шаҳватига берилишнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида огоҳ­лантирганлар. “Одам боласи тўлдирадиган идиш­лар­нинг энг ёмони қориндир. Одам боласи қаддини тутиб турадиган даражада овқатланиши кифоя: ошқозонининг учдан бирини овқат учун, учдан бирини сув учун, учдан бирини ҳаво учун (ажратиб қўйсин)”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Ўта даражада кам овқатланиш ёки сурункали очлик ҳам саломатлик учун хатарли. Чунки бунда вужуд етарли миқдорда озуқа моддаларини ололмайди, натижада, турли касалликлар ривожланади.
Муҳаммад Ҳузарий “Нурул яқин” китобида бундай ёзади: «Инсон ҳаётига зарур ҳисобланган айрим нарсаларнинг оз бўлиши фазилатдир. Масалан, овқат билан уйқу шу жумлага киради. Одамлар азалдан меъёрида овқатланиш билан кам ухлашни мақтаб, кўп ейиш билан кўп ухлашни айблашган. Кўп ейиш ва кўп ухлаш бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам зарар, кони зиён, турли касалликларни келтириб чиқаради, ақлни заифлаштириб, хомуш қилиб қўяди; оз ейиш эса қаноатнинг, нафсни жиловлай билишнинг, шаҳватни ўлдиришнинг нишонасидир, баданни соғломлаштириб, зеҳнни ўткирлаштиради. Кўп ухлаш кишини ланж, заиф, хомуш, ялқов қилиб қўяди, инсон умрини зое кеткизади, дийдасини қотиради, ғафлатда қолдириб, дилини ўлдиради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) оз еб, кам ухлаганлар. Бошқа­ларни ҳам шунга тарғиб этганлар.
У зот (алайҳиссалом) айтадилар: “Мен суяниб ўтириб овқат емайман”. Табиийки, киши чордона қуриб, бемалол суяниб ўтирса, кўпроқ овқат егиси келиши турган гап. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса бир тиззаларини қучоқлаб ўтирганларича овқатланганлар».
Шунинг учун уламолар Қуръони карим ва Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) кўрсатмалари асосида қорин ёмонлигидан ҳимояланишда мўътадилликка тарғиб қилишади. Овқат­ланиш­даги мўътадил­ликни сақлашнинг энг мақ­бул йўли, бир оз иштаҳа қолганда (ҳали тўймай туриб) ейишдан тўхташдир.

Абдувоҳид МИРЖАЛИЛОВ,
Жамшид НОРЧАЕВ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ОЛИЖАНОБ ФАЗИЛАТ
#Яхшиликка_чақириш

Инсон қай бир ишга қўл урмасин, албатта, бирор фойдани кўзлайди. Беҳуда ишга ақл, куч, вақт, маблағ сарфлаш фазилат эмас, айб. Аммо ана шу фойда, ризқу рўзни чиройли исташ мўминларга хосдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Муқаддас руҳ (фаришта) менинг қалбимга етказдики, албатта, ҳеч бирингиз ўз ризқини мукаммал олмай туриб ўлмас. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ризқни гўзал талаб этинглар”, дедилар (Ҳоким ривояти).

Фойда кўзлашда ҳаддан ошиш, ўз нафини ўйлаб, бошқалар манфаатини кўзга илмаслик худбинликдир. Мўмин-мусулмон кишига ҳеч ярашмайдиган бу хунук одатнинг зарарларини санаб саноғига етиш мушкул. Оддийгина тартибсизликдан тортиб, катта-катта жиноятларгача худбинликдан туғилади. Бу дардга чалинишнинг оқибати ўта аянчли. Худбин кимсанинг гўёки ҳақ-ҳуқуқлари бор-у, бурч-мажбуриятлари йўқдек. Ўз нафси эҳтиёжларини бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш эвазига қондириш унга оддий ҳол. Ўзининг хизмат вазифасини бажармай, тамагирлик йўлига ўтади, турли баҳоналар билан ишингизни ортга суради. Зулмдан тап тортмай қўяди. Бундай ҳол инсоннинг ўзи учун ҳам, жамият учун ҳам хавфли. Халқ орасида худбин, бировнинг ҳақига тажовуз қиладиган одамларни “Нафси ҳакалак отиб кетган” дейишади. Жамият уни ўз-ўзидан четга чиқариб ташлайди.

Инсонларни икки дунё саодатига чақирувчи динимиз бизни худбинликдан қайтариб, олижанобликка буюради. Ҳатто бу масалага имонимизнинг комиллик даражасини ўлчовчи мезонлардан бири сифатида қарайди. «Набий (с.а.в.): “Бирортангиз ўзига раво кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўла олмайди”, дедилар» (Муттафақун алайҳ). Ушбу ҳадис Абу Довуд: “Тўрт ҳадисни билиб, амал қилиш одамга дини учун кифоя қилади”, дея таърифлаган ҳадислардан бири экани ҳам худбинлик сифатининг нақадар зарарлию олижаноблик фазилатининг башарият ҳаёти учун қанчалар зарурлигини кўрсатади.

“Ўзим бўлай” қабилида ҳаёт кечирадиган кимсаларнинг, аслида, эришганидан йўқотгани кўп. Одамларнинг ундан кўнгли қолади, ундан четланишади. У ҳақиқий дўст топиши амри маҳол. Расулуллоҳ (с.а.в.) уқтирганларидек: “Раҳм қилмаган раҳм кўрмайди” (Муттафақун алайҳ). Ўзгалардан меҳр-оқибат кутсак, биз ҳам уларга меҳр-шафқат кўрсатайлик. Меҳр ва эътиборимизни туйган кишиларнинг бизга ишончи ортади. Қалбида одамларга нисбатан шафқат уйғонади, ҳиммат туйғулари жўш уради, иншоаллоҳ.

Машҳур маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг қуйидаги сўзларини ўқиб, инсон феълидаги худбинлик иллатининг ўрнини эгаллаши лозим бўлган фазилат ҳимматдир, деган хулосага келдик: «Ҳиммат шундай бир олижаноб фазилатдурки, инсониятнинг кони, яхши хулқларнинг посбони демак жоиздур. Ўз жинси (миллати)нинг авлодидан ҳар вақт ёрдамини аямас. Хайру саховатлик ишлардан ўзини тортмас. Пул ва молини бу йўлда сарф этмакдан қизғанмас. Олиҳиммат киши сояси латиф, меваси лазиз дарахт кабидурки, бу сояга яқин бўлган кишилар ҳар вақт фойдаланурлар».

«Сояси латиф, меваси лазиз дарахт» каби олижаноб ва олиҳиммат инсон бўлишни эса шоир айтганидек:

Кўз қарочуғидан ўрганмоқ жоиз,
Ҳаммани кўрар, ўзини кўрмас.

Ғолиб АҲМАД ўғли

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Бир мусулмон вафот этса, унинг жанозасига қатнашиш учун бориладими ёки маййитни кўтариш учунми?

Жавоб: Вафот этган мусулмоннинг жанозасини ўқиш ҳам, дафн этиш ҳам фарзи кифоядир. Шунинг учун имкони бўлса, жаноза намозида ҳам, дафн этишда ҳам қатнашиш керак. Аммо маййит яқинлари маййитни ўзлари дафн этишга қурблари етиб, “рухсати ом” дейишса, дафн маросимида иштирок этмаса ҳам бўлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Азизлар, Аллоҳга шукр қилувчи шокир бандалардан бўлишни истасак, Аллоҳ таолонинг сўнгсиз неъматларига шукрона тарзида амалга ошираётган нафл ибодатларимиз ва бошқа хайрли амалларимиз ҳусни қабул бўлишини хоҳласак, аввало, бандаларнинг кичик яхшиликларига ҳам шукр айтишни одат қилишимиз керак. Ана шунда жамиятимиз гуллаб-яшнайди, инсонлар ўртасида аҳиллик, иноқлик ва тинчлик ҳукм суради. Зеро, бир-бирига ширин сўз бўлган, каттаю кичик яхшиликларни қадрловчи, сал нарса учун ҳам бир-бирига раҳмат айтиб, ташаккур билдирадиган, ортидан дуо қиладиган халқ ҳеч қачон таназзулга юз тутмайди. Бундай жамият узра Аллоҳнинг раҳмати мудом ёғилиб туради. Бир-бирига нисбатан шукр қилувчи қавмнинг ибодатлари ҳам қабул бўлади. Натижада, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини зиёда қилаверади, уларга неъматларини давомий бераверади. Ундай халққа осмону ердан ҳеч қандай азоб ҳам нозил бўлмайди, самовий ва арозий барча бало-офатлардан омонда бўладилар. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: “Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю куфрони неъмат қилсангизлар, албатта азобим ҳам қаттиқдир!”» (Иброҳим, 7).

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин. Бугунги нотинч замонда бундай дориломон юртда яшаётганимизнинг ўзи катта бахт. Сўнгги пайтларда дунё уруш ва ғалаёнлар, хунрезликлар гирдобига ғарқ бўлаётганини кўриб, билиб, эшитиб турибмиз. Атрофимизда содир бўлаётган бундай мусибатларни, ҳолатларни кузатар эканмиз, Аллоҳ таолонинг бошимиз узра соябон қилиб берган эмин-эркинлик, фаровонлик ва тинчлик-хотиржамлик каби буюк неъматларига шукроналар қиламиз, Раббимизга ҳамдлар айтамиз. Бу неъматларни давомий қилишини сўраб Ўзига ёлворамиз. Турли гуноҳ ва ҳаром ишлардан тийилишга ҳаракат қиламиз, маъсиятлардан паноҳ тилаймиз. Тинчлигимизни кўз қорачиғидек сақлашга ҳаракат қиламиз. Зеро, мустақиллик, тинчлик ва тўкин-сочинлик неъматлари шу қадар буюк неъматларки, уларга нафақат тилда шукр қилиш, балки, амалий равишдаги шукр лозим. Бу эса, неъматнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш, кейинги авлодларга бус-бутун ҳолда етказишга интилиш ва Аллоҳ буюрган ишларни бажариб, қайтарган ёмон ишлардан тийилиш билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло жонажон юртимизни ҳар қандай нохушлик ва ёмонликлардан Ўз паноҳида асрасин, ички ва ташқи душманларга, ғаразгўй кимсаларга Ўзи кифоя қилсин! Омин.

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Ҳаким Термизий
#Мовароуннаҳр_уламолари

Жаҳон эҳтиромига сазовор бўлган термизлик буюк сиймолардан бири – Абу Исо Термизий бўлса, яна бири Ҳаким Термизийдир. Манбаларда таъкидланишича, Термиз Ҳаким Термизий туғилган IX асрда Мовароуннаҳрнинг энг йирик ва обод шаҳарларидан бири сифатида машҳур бўлган. Шаҳарда илм ва маданият юксак даражада тараққий этган. Ҳаким Термизий сермаҳсул алломалардан ҳисобланади. У кўплаб муҳим асарлари билан асрлар оша ўзидан кейинги олимлар ижодига таъсир этди. Алломанинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизий бўлиб, у ҳижрий учинчи (милодий тўққизинчи) асрда яшаган.

Ҳаким Термизий ҳанафий мазҳабида бўлган. Асарларида турли диний оқимларнинг қарашларига танқидий фикрларини билдирган. Аллома фиқҳ соҳасида ўзига хос янги йўналишни тизимга солиб берди. Чунончи, ислом ҳуқуқида “мақосид аш-шариъа”, яъни шариат аҳкомларидан кўзда тутилган мақсадларга эътибор қаратиш орқали ҳукм чиқариш услубиятини ишлаб чиқди. Бу эса бирор масалада ҳукм чиқарилаётганда шаръий ҳукмдан кўзда тутилган ҳикматни, унинг мақсадларини инобатга олишни тақозо этар эди. Ҳаким Термизийнинг “Исбат илал фил-амр ван-наҳй” (Илоҳий буйруқлар ва қайтариқлар сабабларининг тасдиқ-исботи) асари айнан шу мавзуга бағишланган. Алломанинг “Ҳаж ва асроруҳу”, “Салот ва мақосидуҳа” асарлари ҳам мақосид аш-шариъа йўналишида ёзилган илк асарлардан ҳисобланади. Ҳаким Термизий асослаб берган бу йўналиш ислом оламида ҳозирга қадар амалий ифодасини топиб келмоқда.

Жумладан, айрим мутаассиб кучларнинг диний матнларга кўр-кўрона ёндашув ва талқинлари қанчалик асоссиз ва саёз эканини улуғ алломанинг асарлари билан танишгач, билиб олиш мумкин.

Ҳаким Термизийнинг ижоди жуда серқирра бўлиб, у ислом илмларининг кўплаб жабҳаларини қамраб олган. Асарлари чуқур мушоҳадага, инсоннинг кўнглида кечаётган энг нозик жиҳатларга эътибор қаратишга ундаши билан диққатга сазовор. Алломанинг асарлари араб тилида бўлиб, айримларининг тили жуда мураккаб. Бу эса унинг араб тилини мукаммал билгани, унинг нозик жиҳатларидан ҳам хабардор бўлганидан далолат беради. Ҳатто, айрим араб тадқиқотчилари Ҳаким Термизий асарларидаги тил савиясига юқори баҳо бериб, у кишининг келиб чиқиши араблардан эканини исботлашга уриниб ҳам кўришган.

Аллома қуйидаги соҳаларда самарали ижод қилгани маълум: тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, ислом фалсафаси, тасаввуф тарихи, тасаввуфий қарашлар.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Биз томонларда (Сурхондарёда) ерлар қаттиқ, тошлоқ. Ер қазиш, жумладан, қабр кавлаш анча машаққатли. Қиш кунларида бу машаққат икки карра ортади ва анча вақт талаб этади. Шунинг учун бир одам вафот этса, қабр тайёр бўлишига қараб, жаноза вақтини суришга тўғри келади. Баъзан пешин намозидан кейин жаноза белгиланса-да, қабр тайёр бўлмагани сабаб жанозага келганлар асргача кутиб қолади. Шу боис саволим: қабрни олдинроқдан кавлатиб қўйиш мумкинми?

Жавоб: Фиқҳий китобларда киши тириклик вақтида ўзи учун қабр кавлатиб қўйиши мумкинлиги айтилган (“Фатовойи Ҳиндия”, “Музмарот”) (“Татархония”).

Динимиз маййитни, имкон қадар, тез дафн этишни буюрган. Шунга асосан, жойлардаги қабристон мутасаддилари маслаҳати билан, гўрковлар бўш вақтларида бир-икки қабр қазиб, тайёрлаб қўйишса, ёзнинг иссиқ, қишнинг аёзли кунларида маййитни дафн этиш чўзилмайди. Маййит яқинлари ва таъзияга келганларнинг қимматли вақти ҳам тежалади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ҚУРЪОНДА ЗИКР ЭТИЛГАН АНОР
#Маълумотнома

Анор нафақат дастурхонимиз кўрки, балки кўнглимизни хушловчи шифобахш неъматдир. Айниқса, унинг нордон доначалари безгак хуружида ва меъда яллиғланишида катта наф берувчи омил сифатида қўлланилади. Нордон анорнинг пўсти, айниқса, куйдирилгани жароҳатлар учун дори бўлиб, уруғи асал билан бирга тиш ва қулоқ оғриғига фойда келтиради.

Анор йўтални тўхтатади, талоқ касалликлари, юракнинг бежо уришида ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, юз терисини тиниқлаштиради.

Халқ табобатида анор пўстлоғи ва гули ичбуруғ, сариқ касалликларига даво сифатида қўлланилади.
Замонавий тиббиётда анор меваси ва унинг шарбати оғир хасталикларни бошидан кечирган кишиларга дармондори сифатида тавсия этилади.

Уй шароитида анор пўстлоғидан қайнатма тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган чинни ёки сирланган идишга 200 грамм сув ва бир чой қошиқ майдаланган мева пўсти солиниб, 15 дақиқа давомида қайнатилади. Қайнатма 2 соат давомида тиндириб қўйилгач, сузиб олинади. Ундан кунига овқатдан олдин уч марта бир ош қошиқдан ичилади.
Анорнинг янги сиқиб олинган шарбати эса қонни тозалайди. Бироқ анор шарбатини гастрит (меъда яллиғланиши), геморрой (бавосил) ва меъда шираси нордонлигининг ортиб кетишида истеъмол қилиш мумкин эмас.
Оғриган томоқни анор шарбати билан чайиш ва шарбатни озгина асал билан истеъмол қилиш дарддан фориғ бўлишингизда ёрдам беради.

Огайо университети олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида анорни доимий равишда истеъмол қилиш кўкрак бези саратони хавфини сезиларли равишда камайтириши аниқланди.

Зебо ОМОНОВА тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ҲАЛОЛ КАСБ
#Динимизни_ўрганамиз

Мўмин киши ризқини, ҳаётий эҳтиёжлари учун зарур бўлган ҳар бир нарсани ҳалол касб қилиб, меҳнати эвазига топиши лозим. Динимиз ишёқмаслик, танбаллик, бекорчилик ва тиланчилик каби иллатларни қоралайди. Ҳалол ризқ топишга амр қилинади: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз (Жумъа, 10).

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик ва иффатини сақлаш учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, юзи тўлин ой кечасидаги ой каби (порлаган ҳолда) бўлиб, Аллоҳга йўлиқади” (Имом Сарахсийнинг “Ал-Мабсут” китобидан).

Киши бировга муҳтож бўлмаслик, ўзгага юк бўлмаслик учун меҳнат қиларкан, ҳам ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади, ҳам Яратганнинг амрига бош эгади.

Зеро, мўминга Аллоҳнинг амри, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўрсатган йўли ҳалол меҳнат қилмоқлик. Забийдий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Киши ўз қўл меҳнати билан касб қилиб топганидан яхшироқ ва ҳалолроқ ризқ қозонмаган. Кишининг ўзига, аҳли оиласига, фарзандига ва хизматчисига инфоқ қилган нарсаси ҳам садақа (яъни ажр-савоб)дир” (Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳадиси шарифлардан англашиладики, инсон ўзининг ҳожатларини ҳам унутмаган ҳолда оиласининг эҳтиёжларини қондираркан, агар мол-мулкини ўз пешона тери эвазига топган бўлса, бу фақат ҳаёти учунгина эмас, охират учун қозонилган ажр ҳамдир.

Ҳасанбой ЙЎЛДОШЕВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…
Subscribe to a channel