Тўртинчи услуб: Ота-она фарзандини тўғри иш қилса, рағбатлантириши, хато қилса, огоҳлантириб, тушунтириши керак.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бирингиз (бамисоли чўпон каби) жавобгардир ва қўл остидагиларга масъулдир. Эр ўз аҳлига жавобгардир ва у қўл остидагиларга масъулдир. Аёл эрининг уйига ва болалари учун жавобгардир ва у қўл остидагиларга масъулдир. Ходим хожасининг мол-мулкига жавобгардир ва у қўл остидагиларга масъулдир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур ҳадисда тарбия беришда ҳар бир инсон чўпон каби масъул, демоқдалар. Чўпон қўйларни яйловда боқиб, кузатувчи бўлади. Тўдасидан четлашган қўйни қайтаради. Уларни иссиқдан, совуқдан ва ёвдан ҳимоя қилади. Оилада ҳам ота-она фарзандини доим кузатиши лозим. Фарзандларнинг хато ва камчиликларига вақтида танбеҳ бериши, огоҳлантириб бориши тарбиядир.
Ҳикоя қилинишича, уч-тўрт ёшли гўдак қўшнисиникидан тухум олиб чиқиб онасига беради. У қилмишининг ўғирлик эканини билмайди. Тухум кўзига чиройли кўрингани учун олган. Ҳаром ва ҳалолнинг фарқига бориши лозим бўлган, аммо бунга амал қилмайдиган жоҳил она эса боласини қайтариш ўрнига, тухумни унинг қўлидан олиб: “Менинг ақлли болагинам, онасига меҳрибон ширингинам”, деб алқайди. Натижада бола қўшнисиникидан тухум ўғирлашни одат қилади. Чунки онасининг мақтовларидан бу ишни хайрли деб билади. Бола улғайгани сайин ўғирлик тухумдан товуққа, товуқдан қўйга ўтади. Ниҳоят, у ашаддий жиноятчига айланади-ю, қўлга тушиб ўлимга ҳукм қилинади. Она эса ёлғиз ўғлига шафқат қилишларини сўраб ёлворади. Онанинг илтижолари эътиборсиз қолдирилиб, ўғри йигит дор остига келтирилади. Унга: “Сўнгги тилагингни айт”, дедилар. Йигит: “Ўлимим олдидан онажонимнинг тилларидан бир ўпай”, деб илтимос қилади. Онани яқин келтирадилар. Йигит онасининг тилини ўпиш ўрнига тишлаб узиб ташлайди. Оломон: “Бу қаттол бунча бемеҳр экан”, деб уни лаънатлайди. Шунда йигит: “Мени жиноят йўлига буриб, дор остига олиб келган шу тилдир. Аввал у жазо олмоғи керак эди”, деган экан.
Ота-она фарзандларига хоҳлаганча телевизор кўриши, компьютер ўйнаши ёки интернетдан фойдаланишига рухсат бериши яхши эмас.
Ёшлар интернет тармоғидан фойдаланишни суиистеъмол қилиши оқибатида турли кўнгилсизликлар кузатилмоқда. Интернет тармоғига боғланиб турадиган киши бу борада ҳам ўзига яраша одоблар, ахлоқий кўрсатмалар борлигини ёддан чиқармаслиги шарт.
“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китобнинг “Огоҳ бўлинг” рукнида: "Болалар тарбиясига оиланинг 50%, оммавий ахборот воситаларининг 30%, мактабнинг 10% ҳамда кўчанинг 10% таъсири бор”, дейилади.
Бешинчи услуб: Одоб бериш ниятида жазолаш. Оилада тартиб бўлиши учун баъзан ота-она фарзандини жазолашга мажбур бўлади. Ота-она фарзандини яхши кўргани учун, унинг тарбияли бўлиши учун, ёмонликдан қайтариш ниятида жазолайди. Агар ота-она боласини азоблаш ва қийнаш ниятида жазоласа, гуноҳкор бўлади.
Жазога лойиқ топиш учун ҳам бир неча шартлар келтириб ўтилган:
– юқорида айтиб ўтилган тарбия услубларидан тўлиқ фойдаланиш ҳам фойда бермаса, жазолаши мумкин;
– қаттиқ ғазабланган ҳолда болани жазоламаслик керак;
– ота ёки она фарзандини кўпчилик олдида жазоламасин. Бегоналар олдида фарзандни уриш ёки ҳақоратлаш тарбия бериш ўрнига, унинг бузилишига олиб боради.
– ота ёки она фарзандини ўзи жазоласин. Жазолаш учун бошқага топширмасин.
Оилада тарбия топган, барча ахлоқий фазилатларга эга бўлган фарзанд ҳар қандай қимматбаҳо дурлардан ҳам қимматли. Ҳақиқий бойлик тарбияли фарзанддир. Қобил фарзанд тарбиялаган ота-оналар умрларининг охиригача бахтли яшайдилар.
Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Бир дақиқа...
#Маълумотнома
Бир дақиқада 50 маротабага яқин салавот айтиш мумкин. Ҳар бир салавот келтиришда 500 савоб мавжуд. Кўп салавот айтиш орқали Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шафоатларига ноил бўлиш мумкин. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар:
«Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг:
– Ким менга салавот айтса, фаришталар унга ҳам менга айт¬ган салавотининг баробарида салавот айтиб турадилар. Банда салавотни хоҳласа, оз айт¬син, хоҳласа кўп”, деганларини эшитдим».
Бошқа бир ҳадисда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва ўнта хатосини ўчиради”, дедилар».
Даврон Нурмуҳаммад
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Мен ҳунармандман. Бир маҳалладошимнинг хизматини қилгандим. У ҳақимни бермади. Мен унинг ўғлига бу ҳақда айтганимда: “Ҳақинг бўлса, дадамда, менда эмас, ўзларидан сўрайсан!” деди. Отаси яқинда вафот этди. Жанозасида имом: “Марҳумнинг бировлардан қарзи бўлса, ким тўлашни зиммасига олади?” деган саволига ҳалиги ўғли: “Мен”, деб жавоб берди. Мен эса ўша заҳоти ҳақимдан кечганимни дилимдан ўтказдим, чунки ўғли ҳақимни бермаслигини яхши билардим. Мен тўғри иш қилдимми? Менга бу ишим учун савоб бўладими?
Жавоб: Аллоҳ таоло истаган бандасидан ўз ҳақини кечиб юбориши мумкин. Аммо банданинг бошқа бир банда устидаги ҳақини, то ҳақдор банда кечмагунича, Аллоҳ кечмайди. Шундай экан, сиз жуда ҳам олижаноб иш қилгансиз ва вафот этган одамнинг қарзидан кечиб, унинг зиммасидан ҳақингизни соқит этгансиз. Бу ишингиз учун, иншааллоҳ, албатта савоб оласиз. Зеро, қилинган зарра қадар яхшилик ҳам ажрсиз қолмайди ва ўн баробардан етти юз баробаргача савоб ёзилади.
Шу ўринда, одамлардан ўзаро олди-берди масалаларида сусткашликка йўл қўймасликларини сўраймиз. Бу дунёнинг арзимас моли кўзларига чиройли кўриниб, бировлар ҳақини еб кетаётганлар охиратда уни ўз савоблари билан тўлашларини билсинлар. Мабодо савоблари бўлмаса ёки савоблари зиммаларидаги қарзни тўлашга етмаса, ҳақдорнинг гуноҳини олиш эвазига қарзларини узишади. Ҳақнинг адолат тарозиси олдида макру алдов, таниш-билиш ва илтимосу узрлар ўтмайди. Ҳисоб-китоб кунидан ҳеч ким қочиб қутулмайди. Мана шунга ишонган одам мўмин ҳисобланади ва қадамини шунга кўра босади...
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Давраларда юқоридаги мулоҳазаларни айтсангиз, “Ҳа энди, тўй ёшларнинг ҳаётида бир марта бўлади. Шунинг учун келин-куёвнинг кўнглига қараш керак”, дейдиганлар кўп. Афсуски, масала хотимаси улар ўйлагандек бир кунлик тўй билан тугаб кетмайди. Келинлар очиқ-сочиқ, тор-танқис либосларида янги хонадонга – кексалару ёшларнинг олдига кириб борадилар. Бу ҳолатни андишали, ор-номусли қарияларга нисбатан ҳурматсизлик деса бўлади. Момоларимиз айтишларича, китобларда ўқиганларимизга кўра, илгари келинлар ҳатто қайнотасининг олдида овқатланишга, гапиришга ҳам уялган. Келин-куёв катталарнинг олдида бир-бирига ҳазил-ҳузул ёки меҳрибончилик қилишмаган – бундан тортинишган.
Тўйдан кейин кийиладиган кўйлаклар ҳам узунроқ, тўкисроқ тикилгани маъқул. Чунки ҳамма келин ҳовли супуради, таъзим билан чой узатади. Баъзан шундай вазиятлар бўладики, кўпчилик кириб-чиқаётган ҳовлини эгилиб супураётган ёки дастурхон атрофидагиларга таъзим билан чой узатаётган келин ўзининг очиқ-сочиқ кийимига бепарво, аммо унинг ҳолатидан ёши катталар хижолатга тушади. Ёшлар ўзи табиатан чиройли, ранглари тиниқ. Аммо ясама қошлар, ясама киприклар улаш, юзни ҳаддан ортиқ турли бўёқлар билан бўяб пардоз қилиш, қошларни ўзгартириш, яъни Аллоҳ яратган нарсаларни ўзгартиришга уриниш хайрли эмас.
Биз, оналар, қизларимиз ва набираларимизга ҳар бир хатти-ҳаракатнинг маънавий, ахлоқий жиҳатларга қай даражада тўғри келиши билан бирга, унинг жисмоний ҳолатга таъсирини айтишни ҳам унутмаслигимиз керак. Ҳозирги кунда шифокорлар балоғат ёшидаги қизлар орасида оилавий ҳаётга жисмонан тайёр эмаслик, айниқса, тос суяклари, оналикни таъминлайдиган аъзолари етарли ривожланмаслик ҳолатлари кўп учраётганини ташвиш билан гапиришмоқда. Бунинг асосий сабаби қизларнинг тору танқис шим кийишлари экан.
Яна бир нарсани эътироф қилгим келади: ҳозирги қайноналарнинг аксарияти келинни тушунишга, эҳтиётлашга ҳаракат қилишади, оиласининг мустаҳкам бўлишига ёрдам беришади. Аммо либосдан бошланган андишасизлик баъзи келинларнинг муомала-муносабатлари, ўзини тутишига ҳам соя ташлаяпти. Азалдан келинчаклар эрта тонгда уйқудан турганлар, катталарнинг олдида ухлаб қолиш жуда уят саналган. Ҳомиладорлик пайтларида жуда зарур бўлмаса, кўча-кўйда юришмаган. Энди қайнона-келину эр-хотин келишмовчиликларини муҳокама қиладиган бўлсак, баъзан ёшгина келиннинг эрига, қайнона-қайнотасига бор овозда, ўйлаб-ўйламай гапириши, уларнинг олдидан тарс-турс қадамлар билан ўтишини кўрсангиз... Бу – тўқликка шўхлик, ширин ҳаётнинг қадрига етмаслик, ҳаёсизлик эканини улар тушунмайдилар ҳам. Шунинг учун ҳам оилада, маҳаллада, мактабларда тарбиянинг бу жиҳатига жиддий эътибор кўрсатиш учун тадбирлар белгилаб, амалга оширяпмиз.
Дилбар РАҲМАТОВА
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ЙЎЛЛАР
#Шеърият
Йўллар бор – сўнгида кимдир интизор,
Йўллар бор – сўнгида йўқловчи йўқдир.
Одам боласига, эй онаизор,
Сен каби кўнглини тўқловчи йўқдир.
Онажон-ватаннинг бағридан ўтар
Ким илдам йўл босиб, кимдир – сустқадам.
Ҳорғин йўлчиларни манзиллар кутар,
Файзга тўлар агар қўйса дўст қадам.
Дўстлар келаверсин яқин-йироқдан
Бизнинг Ўзбекистон – кошонамизга.
Толе муҳрланмиш туғилган чоғдан
Она бўсаси-ла пешонамизга.
Оллоёр БЕГАЛИЕВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Маълумки, сафарга чиқилганда фарз намозлари қаср қилиб ўқилади. Сафар нияти билан чиқиб, 60–70 километр юргандан кейин ортга, уйга қайтилса, шу масофада вақти кириб қолган намоз қаср қилиб ўқиладими ёки тўлиқми?
Жавоб: Киши уч кеча-кундузлик масофага боришни ният қилиб йўлга чиққач, ўз шаҳри (қишлоғи)нинг охирги уйлари кўринмай қолганидан бошлаб мусофир ҳисобланади ва мусофир учун белгиланган енгилликлардан фойдаланади (“Фатовойи Оламгирия”). Аммо ҳали уч кеча-кундузлик масофага етиб бормасидан, уйига қайтиши лозим бўлиб қолса, ўша жойда ва қайтгунича вақти кирган намозларни ҳам тўлиқ ўқиши лозим бўлади. Чунки уйига қайтишни ният қилиши билан, ҳали тўла мусофир бўлиб улгурмагани учун, сафар нияти бекор бўлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ЎЗИМИЗНИ БИЛАМИЗМИ?
#Мулоҳаза_муносабат
“Табиатга қараб, ўрнак олса арзийди. Ундаги барча нарса: одам ҳам, йилқи ҳам, қурт-қумурсқаю қушлар ҳам ўз хили билан юради. Кўпчиликка бош бўлиб, яхши-ёмонларни жуда кўп синаган киши нима дейди, эшитгин:
– Чумчуқни кўрдим, қийқириб учмоқда. Шеригига назар солсам, иккови бир хил. Униси ҳам, буниси ҳам қоп-қора. Оққуш қўшилмайди. Қорақушга боқ. Қорақуш оққушдан жуда ҳам йироқ. Учар қушлар ҳам ўз шерикларини ажратиш уддасидан чиқар экан, инсоннинг бунга амал қилмоғи шарт” (Юсуф Хос Ҳожиб).
Аллоҳ таоло инсонларни турли-турли яратганидек, уларнинг ризқини ҳам айни тарзда тақсимлаган. Бу ҳолат инсонлар учун имтиҳон бўлиб, берилган ризққа шукрона билан, қаноат қилиб яшашлари лозимлигига ишорадир. Аллоҳ таоло марҳамат қилган: «Аллоҳ баъзиларингиздан баъзиларингизни ризқда юқори қилиб қўйди...» (Наҳл, 71).
Аллоҳ таоло одамни тупроқдан яратди. Шу боис камтарликда тупроқ каби бўлиш афзалдир. Чунки тупроқ тавозели бўлгани учун ундан ўн саккиз минг олам гултожи Одам (алайҳиссалом) яратилди.
“Ўзимизни биламизми?” деган саволга жавоб бериш мушкул. Инчунун, ўзини таниш – зўр кашфиёт. Биз фақат бошқаларнинг нуқсонини кўра оламиз, ошиб-тошиб сўзлаймиз. “Мен кимман, нима учун яратилдим, аслида қандай иш тутишим керак?” деган саволларни аввало ўзимизга беришимиз, қалбимизга қулоқ солишимиз лозим.
Аллоҳ таоло махлуқотлари орасида инсонни азизу мукаррам қилди. Лекин инсон табиати қизиқ: кундалик турмушнинг икир-чикирлари, ҳою ҳаваслари, зебу зийнатлари ичра ҳаёт йўлини, умр мазмуни ва мезонини йўқотиб қўяди.
Инсонда имон сусайса, залолат зўрлик қилади. Маърифат камайса, жаҳолат кучаяди. Жисм асли тупроқдан эканини унутган одам эса, гуноҳ ва шаҳватга мойил бўлади.
Абдуҳамид ИСҲОҚОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
«Мутакаббир кишининг олимлик ва обидлик, зоҳидликни даъво қилиши жоҳилликдир, икки оламдаги энг катта фитнадир. Мутакаббир ва жоҳил кишиларга эргашиш эса энг катта фитнага асос бўлади».
Бурҳониддин Марғиноний
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Куфр билан ширк ўртасида қандай фарқ бор?
Жавоб: Куфр – ҳақни беркитиш бўлса, ширк – Аллоҳ таолога шерик келтиришдир. Аммо ҳукмда иккиси ўртасида фарқ йўқ (“Ат Тамҳид фи баёнит тавҳид”).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СОБИТХОНТЎРА АБУЛМАОНИЙ (1866–1928)
#Мовароуннаҳр_уламолари
ХIХ асрнинг иккинчи ярми ХХ асрнинг бошида Наманган шаҳрида яшаган машҳур уламолардан бири Саид Собитхонтўра Абулмаонийдир. Унинг тўлиқ исми – Шайх Мавлоно Саид Собитхон Абулмаоний Ҳанафий ибн Саид Файзхон Намангонийдир. У 1866 йилда Наманган шаҳрида таваллуд топган. Дастлаб отаси қўлида савод чиқарган Собитхонтўра Намангандаги Азиз хожа ва Саидқулибек мадрасаларида ўқиб, олим Ҳазрат Иноятхон Лангарийдан сабоқ олади. Илмини янада такомиллаштириш мақсадида Қўқонга бориб, Хон мадрасаси мударрислари қўлида дарс олади. У илк бор ўн икки ёшида ҳажга борган. Ёши улғайгач ҳам бир неча маротаба ҳаж қилади. Охирги сафарида уч йил Мадинада муқим яшаб қолади. Кейин ватанга қайтиб, умрини Наманганда дарс бериш билан ўтказади. Ўтган аср бошида Намангандан етишиб чиққан илм аҳлининг кўпи ундан дарс олган.
Собитхонтўра Абулмаоний бир муддат Фарғона водийсининг муфтийси бўлган. Қирғизистон Республикаси Жалолобод шаҳрида истиқомат қилиб, юз ёшдан ошиб дунёдан ўтган Зуҳриддин Махдум бундай эслайди: “Қиблагоҳим Қўқонга, уламолар мажлисига таклиф қилинган эканлар. Мени ҳам улуғларнинг зиёратига олиб бордилар. Биз Қўқонга поездда бордик. Кенгаш раиси Собитхонтўра Абулмаоний эканлар. Ўша даврда фатво берувчи муфтий лавозимида хизмат қилар эканлар. Қиблагоҳим у зотдан менинг ҳақимга дуо олдилар. Ўша вақтларда 9–10 ёшларда эдим”.
Собитхонтўра Абулмаоний ҳар куни «Тафсири Жалолайн»ни мутолаа қилган. Иршод бериш мақомига чиққанидан кейин ҳар жума бомдод намозидан кейин омма учун махсус йиғин ташкил этиб, маъруза ўқиган. Унинг нутқини тинглаш учун чор атрофдан турли касб-ҳунардаги одамлар тўпланишган. У араб, форс ва ўзбек тилида асарлар ёзган. Шогирди Мирзо Ҳомид ал-Фарғоний тузган «Ал-Фатҳур Раҳмоний» фатволар тўпламида Абулмаонийнинг «Башоратун нажот фи ишоратис салот», «Тажҳизул-амвот», «Кашфун ниқоб фи масъалатил ҳижоб», «Рисола китобит талоқ», «Ал Фатово» каби асарлари қайд этилган. Китоблари ўтган аср бошида тошбосма усулида босилган, айримлари қўлёзма ҳолида ЎзР ФАШИ қўлёзмалар фондида сақланмоқда.
Собитхонтўра Абулмаоний 1928 йилда вафот этган. Наманган шаҳридаги “Мангулик” қабристонига дафн қилинган.
Ҳайдархон ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Биз маййитни ювиб, кафанлаб бўлганимизда, қуёш ботишига яқин қолган эди. Шу пайтда жаноза ўқиш макруҳ бўлмайдими?
Жавоб: Макруҳ бўлмайди. Чунки жаноза намозини ҳар қандай ҳолатда ҳам кечиктирмаслик афзалдир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Уч нарса борки, уларни асло кечиктириб бўлмайди. Улардан бири жаноза намозидир”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти), (“Ал Баҳр”, “Раддул муҳтор алад Дуррил мухтор”).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Ягона
#Мутолаа
Она – фолбин, ўғил – судхўр. Ўғил онасининг ёрдамида оёққа туриб олган. Иккаласининг сердаромад “касби” ортидан хонадонга мўмай пул сувдай оқиб келарди.
Кунларнинг бирида мазкур хонадонга фоизга пул сўраб, Ягона исмли бир аёл келди. У жуда ҳам сўзамол эди. “Жоним, жоним” деб одамга жон томиридан ҳам яқин бўлиб оларди. Жуда уддабурон, будли-шудли эди, айтган сўзининг устидан чиқарди. Икки-уч бор ҳафта, ўн кунга олган пулларини бошқалардан каттароқ фоизда, келишилган вақтдан бирон кун ҳам кечиктирмай қайтарди. Хонадон эгаларининг унга ишончи ортди. Ягона бу уйга қуруқ қўл билан келмасди. Оила аъзоларининг туғилган кунларида, байрамларда уларни совға-саломга кўмиб ташлар эди.
Шу тариқа Ягона бу хонадоннинг қадрдонига айланди. Уй эгалари катта ишларга қўл уришдан олдин Ягонадан маслаҳат сўрайдиган, нозик масалаларини сирлашадиган бўлишди. Хонадон соҳиблари бундай омадли йўлдош учраганидан, фойдага фойда қўшилаётганидан хаёлан кўкларда учиб юрарди.
Шундай фараҳли кунларнинг бирида Ягона улардан уч кунда қайтариш шарти билан катта миқдорда пул сўради. Уй эгалари дарҳол бу пулни муҳайё қилишди. Роппа-роса уч кун ўтгач, қўлида катта елим пакет кўтарган Ягона пайдо бўлди. Фолбин аёлга: “Мана, аяжон, бу пуллар сизга, совғалар эса жиянларимга”, деди. Уч кунда катта фойда ва бир талай совға-салом олган фолбин ҳали лаб-лунжини йиғиштириб олмасдан Ягона яна катта фойдадан гап очиб: “Аяжон, ўн кундан сўнг жуда катта бир “операция” бор, шунга уч юз йигирма миллион керак, сиз ҳам, мен ҳам фойданинг тагида қоламиз”, деди. Айни вақтда бундай катта маблағи бўлмаса-да, она-бола Ягонага ўн кун ичида топиб беришга ваъда қилишди.
Она-бола шунча пулни топиб, “ишончли” қўлга тутқазишди. Ягонахон эса раҳмат айта-айта пулни олди-ю, ғойиб бўлди. На ерда, на кўкда ундан хабар бор. Одамларга фол очиб келажагини “башорат” қиладиган, йўқолган нарсаларнинг қаерда эканини айтиб берадиган аёлнинг фоли ўзига келганда иш бермай қолди. У на келажакни кўра билди, на оёқ остини. Улар қолган-қутган пулларини йиғиб, тилла тақинчоқларини, машиналарини сотиб, кимларнидир ёллаб, ҳатто қўшни давлатлардан Ягонани қидиришди. Аммо ҳеч ким уни топа олмади.
Уйда эса ҳар куни жанжал. Она болани, бола онани нопокликда айблайди. Нима эмиш, она фол кўриб рўзғорга ҳаром аралаштиргани боис шу кўргулик юз берган эмиш, онанинг наздида эса, ўғил судхўрликка, шариат тақиқлаган ишга қўл урмаса, бу воқеа юз бермас экан...
Дамин ЖУМАҚУЛ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Одамлар орасида руҳ ҳақида кўп тортишув бўлади. Бу борада динимизда нима дейилган?
Жавоб: Мусулмонлар руҳнинг махлуқ эканлиги, яъни, яратилганига ижмо қилишган. Аммо инсон ўлса ҳам унинг руҳи қолади. Тақводор бандаларнинг руҳи жасаддан чиққач, дорун наъимда бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Дарҳақиқат, яхшиларнинг номаи аъмоллари, албатта, “Иллийюн”дадир» (Мутаффифун, 18). Гуноҳкор бандаларнинг руҳи эса дорул жаҳимда бўлади. Аллоҳ таоло бундай хабар беради: «Йўқ! Албатта, фожирларнинг (кофирларнинг) номаи аъмоллари “Сижжин”да бўлур» (Мутаффифун, 7).
Қиёматда руҳ ўз жасадига қайтади ва Аллоҳ таолонинг амри ила ҳисоб-китоб қилинади. Кейин руҳ жасади билан жаннатда ёки дўзахда абадий қолади (“Ат Тамҳид фи баёнит тавҳид”).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Алишербекнинг эслашича, Бақара сурасини 8 кунда ёдлаган экан. Ҳозирги кунда у ҳар ҳафтада бир марта Қуръонни хатм қилади. Ҳисоблаб кўрсак, кейинги 30 йил ичида Алишербек қори Қуръони каримни бир ярим минг мартадан кўпроқ марта хатм қилган! Бундай ҳолатда уламолар “Қуръон мулк бўлди”, яъни қорининг хотирасидан ўчмас бўлиб жой олди, деб айтишар экан. Каломуллоҳ қорининг бутун вужудига сингиб кетган дегани, шу бўлса керак!
Алишербек болалигида, ҳали мактаб ёшига етмай туриб, араб тили ва имлосини ўрганиш давомида, кирилл ҳарфларини ҳам таниган, ўзбекча ва русча матнларни ўқий олар эди.
Истибдод ҳукм сурган ўша вақтларда бу боланинг Қуръон ёдлаётганини яширишга қанчалик уринишмасин, барибир, гап тарқаб, ҳатто, Тошкентга ҳам етиб келган экан. Коммунистик мафкура корчалонлари бу ишга чек қўйиш мақсадида, туман газетасида Алишербек ҳақида танқидий материал босиб чиқаришди. Махсус тайинланган одамлар ҳали мактаб ёшига етмаган болани “Нега мактабда ўқимайсан?”, деб саволга тутишган. Шунда, Алишербек уларнинг қўлидаги русча ва ўзбекча газеталарни олиб, матнларни ўқиб берганда, худосиз мафкурачилар ҳайратга тушиб, лол қолишган экан.
Алишербек Қуръони каримни ёдлаш ниятида бўлган ёшларга бундай маслаҳат беради: Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига тўла риоя этишга ҳаракат қилиш, ниятни холис қилиш, яъни Қуръонни ёд олишдан одамлар орасида иззат-эътиборга эга бўлишни эмас, балки Аллоҳнинг розилигини кўзлаш, ёдланган сураларни мунтазам такрорлаб туриш, луқманинг ҳалол бўлиши, шубҳа, ёлғон, гуноҳлардан тийилиш, айниқса, тил, кўз ва қулоқ зиносидан нари бўлиш, ота-оналар фарзандларини ўқишга, билим олишга қизиқтиришлари керак.
Алишербек Ражаббек ўғли Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини битирган. Тўрт йил давомида Бирлашган Араб Амирликларида билимини оширган.
Бу йигит ҳозир Тошкент давлат шарқшунослик университетининг 4-курсида илм олишни давом эттирмоқда. Оилали, 4 фарзанди бор.
Ўзбекистон – буюк алломалар, олиму фузалолар ватани, Ислом дини тараққиётига беқиёс хизмат қилган оқиллар юрти. Диний эркинлик тўлиқ қарор топган бугунги кунда Алишербек каби Аллоҳ ато этган юксак салоҳият эгаларининг янги авлоди ҳамма соҳаларда дунёни ҳайратга солишига ишонамиз.
Анвар ТОЖИЕВ, журналистика фахрийи
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
МУНОЖОТ
#Шеърият
Қўлимиздан тушмасин Қуръон,
Дилимизни ёритсин имон.
Тилимизни бурро қилсин Ҳақ,
Ўзига дўст, ошно қилсин Ҳақ.
Йўлимизни ёритсин илм,
Ғам, ташвишни аритсин илм.
Солиҳ бўлсин болаларимиз,
Ҳаққа етсин нолаларимиз.
Хокисорлик ташлаб кетмасин,
Шайтон, кибр бошлаб кетмасин.
Ҳар бир дамга қилайлик шукр,
Йўл кўрсатсин ҳазрати Хизр...
Дуо қилсин Соҳибқироним,
Ҳақ асрасин бу азиз жоним.
– Бандам дея, қўлласин Аллоҳ!
– Умматим десинлар Расулуллоҳ!
Бибисора ТУРОБ қизи
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ТАРБИЯ ЎЧОҒИ
#Динимизни_ўрганамиз
Муқаддас Ислом динининг мўътабар манбаларида ота-она ўз фарзандларига бир неча услубда тарбия бериши, одоб-ахлоқни сингдириб бориши баён қилинади.
Биринчи услуб: Ота-она ўз фарзандига ўрнак ва намуна бўлиши. Фарзанд, аввало, ота-онага тақлид қилади. Халқимиз:“Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтмаган.
“Болам ақли кириб, гапни тушунадиган бўлганда тарбиясини бошлайман”, деганлар, янглишадилар. Ҳакимул уммат Ашраф али Таҳонавий (раҳимаҳуллоҳи алайҳ) “Инсон умри давомида хоҳ яхши, хоҳ ёмон хулқни беш ёшгача олиб бўлади”, дейди.
Болаларни жонли видеокамера, дейиш мумкин. Улар тарбия берувчини кузатиб ибрат оладилар. Шу боис психологлар “Фарзандингизни эмас, ўзингизни тарбияланг”, дейишади.
Биз, фарзандларимиз учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ўрнак ва намуна қилиб кўрсатишимиз лозим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг гўзал тарбиячи эдилар. Ҳаётлари барчага бирдек ибратдир.
Саҳобаларнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га меҳр қўйишлари ва муҳаббатли бўлишларининг сабаби, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хулқлари гўзал, комил инсон бўлганларидир. Аллоҳ таоло у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг барчамизга юксак намуна эканликларини Қуръони каримда бундай баён этади: «(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб, 21).
Иккинчи услуб: Фарзандини болаликдан гўзал одоб-ахлоқларга одатлантириш. Инсон боласи нимага ўргатилса, ўшанга одатланади.
Масалан, бола мустақил овқатланишни бошлагандан, таомланиш одобини бериш лозим. “Бисмиллаҳ билан бошла”, “Ўнг қўл билан еб-ич”, “Ўз олдингдан ол”, “Луқмани катта олма”, дея шунга одатлантириш керак.
Болага ёшликдан бадани, кийими ва атроф-муҳитни тоза тутишни ўргатиш тарбиянинг алоҳида босқичи саналади. Ёшликдан шунга ўрганган фарзанд ҳамиша озода ва покиза юришга интилади.
Ёлғон ва ҳаёсиз сўзлардан тилни тийишга одатлантириш тарбиянинг яна бир аҳамиятли жиҳатидир. Имом Абулҳасан ал-Мовардий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Тарбия икки даврда босқичма-босқич бўлади. Бири болани ёшлигида одатлантириш билан, иккинчиси катта бўлганда панд-насиҳат билан. Биринчи босқич иккинчи босқич муваффақияти учун замин яратади”, дейди.
Учинчи услуб: Ота-она ўз фарзандларига доимо панд-насиҳат қилиши, уларни яхшиликка бошлаб, ёмонликлардан қайтариб бориши ҳам жуда муҳимдир.
Қуръони карим оятларида пайғамбарлардан Нуҳ, Яқуб ва Иброҳим (алайҳиссалом)ларнинг ва Луқмони Ҳакимнинг “Эй ўғлим...” деб бошланадиган насиҳатлари келади. Бундан ота-оналар ҳам фарзандларга ҳикматли панд-насиҳат қилиб туриши лозим экани тушунилади.
Панд-насиҳат қилишда фарзанднинг ёшини эътиборга олган ҳолда воқеаларни содда ва равон ҳикоя қилиб бериш керак.
Шунингдек, ота-оналар фарзандларига тарбия бериш мақсадида улар билан ўзаро савол-жавоб тарзида суҳбатлашиб туриши янада фойдалироқ. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) илоҳий таълимотни сингдириш мақсадида саҳобалар билан савол-жавоб қилиб турганлар.
МАВЛИД
#Маълумотнома
“Мавлид” арабча сўз бўлиб, туғилиш, туғилган жой ва туғилган вақт маъноларини англатади. Биз, мусулмонлар, мавлид деганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган ойларини назарда тутамиз.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган саналарини Ибн Исҳоқ Фил йилида рабиул аввал ойининг 12 куни, душанба; Маҳмуд Пошо Фалакий эса астрономик ҳисоб билан милодий 571 йилнинг 9 рабиул аввал, душанба куни деб кўрсатган.
Тарихчиларнинг таъкидлашича, мавлидни биринчи бўлиб фотимийлар (909–1171) нишонлаган. Кейинроқ Айюбийлар давлатида Ирбил шаҳри амири Амир Музаффариддин Абу Саид Кўкбўри ибн Зайниддин Али ибн Табуктекин (1153–1232) байрам қилиб белгилаган. Шунингдек, мавлид усмонийлар давлатида, мағриб давлатларида алоҳида эътибор билан тантана қилинган.
Ҳозирда ҳам мусулмон юртларда мавлид асосан масжидларда ўтказилиб, унда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мадҳларида битилган қасидалар тингланади, сийратлари тўғрисида суҳбатлар бўлади, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавотлар айтилади.
Мавлид тўғрисида Имом Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжий “Иқдул жавҳар фи мавлидин Набиййил азҳар”, Ибн Диҳя (633 ҳ.й.) “Ат-танвир фи мавлидил Баширин Назир”, Ибн Туғробек (670 ҳ.й.), Аҳмад Азлий (677 ҳ.й.), Сахховий (902 ҳ.й.) “Ал-фахрул улвий фил мавлидин Набавий”, Мулла Али Қори (1014 ҳ.й.) “Ал-мавридур равий фил мавлидин Набавий” номли китоблар ёзишган. Муҳйиддин ибн Арабий (638 ҳ.), Ибн Касир, Ибн Жазарий, Ибн Ҳажар Ҳайсамий, Хатиб Ширбиний ва бошқалар ҳам мавлидга бағишлаб асарлар ёзган.
Мавлид Ироқ, Жазоир, Марокаш, Сурия, Миср, Ливия, Иордания, Тунис, Бирлашган Араб Амирликлари ва Уммон султонлигида расмий байрам, дам олиш куни деб эълон қилинган.
Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ИСЛОМ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИ
#Маълумотнома
Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) (2011 йилгача Ислом конференцияси ташкилоти (ИКТ) 1969 йил 25 сентябрда Работда ўтказилган мусулмон мамлакатлари раҳбарлари анжуманида ташкил этилган бўлиб, асосий вазифаси мусулмон мамлакатларининг ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий соҳада ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ҳисобланади. Аъзо давлатларнинг ривожланаётган мамлакатлар сафига кўтарилишига кўмаклашиш ҳам ташкилотнинг бош мақсадларидан.
Ташкилотнинг бош қароргоҳи Жидда шаҳрида. Ислом ҳамкорлик ташкилоти БМТ дан кейин дунёдаги энг йирик ва катта таъсир кучига эга расмий халқаро ташкилотдир. Ташкилотнинг олий ижро органи Бош котибият ҳисобланади. Унинг Бош котиби аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг умумий йиғилишида 4 йил муддатга сайланади. Бош котиб ваколати бир марта узайтирилиши мумкин. Ҳозирги кунда ушбу ИҲТга аҳолиси деярли бир ярим миллиард киши бўлган 57 та давлат аъзо. Ташкилот доирасида ҳукуматлар раҳбарларининг уч йилда бир марта учрашуви ўтказилиб, мусулмон мамлакатларининг умумий сиёсий масалалари белгиланади. Ташқи ишлар вазирларининг халқаро анжумани эса ҳар йили ўтказилади. Фавқулодда муҳим масалаларни кўриб чиқиш учун йиғилишга эҳтиёж бўлса, навбатдан ташқари анжуманлар ташкил қилинади.
2008 йилнинг март ойида Сенегалнинг Дакар шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги Саммити бўлиб ўтди. Унда ташкилотнинг янги Низоми тасдиқланди. 2011 йил 28–29 июль кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтган Саммитда ташкилот номи “Ислом ҳамкорлик ташкилоти” деб ўзгартирилди.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти қошида Бош котиб томонидан назорат қилинадиган бир нечта ташкилотлар фаолият юритади. Улардан баъзилари қуйидагилардир: Ислом тараққиёт банки; Исломий хабарлар агентлиги; Исломий теле-радио хизмат; Иқтисодий-маданий масалалар бўйича Ислом комиссияси; Фан ва техникани ривожлантириш Ислом жамғармаси; Ислом санъати ва маданиятини ўрганиш маркази; Савдо-саноат палатаси; Ислом пойтахтлари уюшмаси; Статистика, иқтисодиёт ҳамда ижтимоий изланишлар ташкилоти; Эвазсиз қарз бериш Ислом уюшмаси;
Ўзбекистон ушбу ташкилотга 1996 йил 2 октябрда қабул қилинганидан бери унинг серқирра фаолияти ва тадбирларида фаол иштирок этиб, жаҳонда ИҲТнинг ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
2016 йилда Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилди.
Сардор ХУДОЁРОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ЛИБОСИДА ҲАЁСИ БЎЛСИН!
#Аёллар_саҳифаси
Кейинги пайтларда турмушга узатилаётган қизларимизнинг никоҳ куни оқ либос кийиши деярли урфга кириб бўлди. Лекин катта ёшлилар: “Қизларимиз миллий матолардан тўй либослари тиктирсалар, қандай яхши бўларди!” деган орзусифат гапларни ҳам кўп айтишади. Беихтиёр савол туғилади: келинлар – ўзимизнинг қизларимиз, набираларимиз, уларни миллий атлас, адрас, шоҳилардан келин либослари тиктириб, никоҳ кечаларида асл ўзбекона кийимларда бўлишлари кимларга, нималарга боғлиқ?
Менимча, бу, аввало, қизнинг оиладаги урф-одатлар, олган тарбиясига, айниқса, онаси ва бўлажак куёвга боғлиқ. Агар қизлар ёшлигидан ўзбекона либосларнинг миллий анъаналар ҳамда табиий иқлим шароити билан боғлиқ равишда ўзига хос ва мослигини англаб, уларни фахрланиб кийсалар, тўй куни ҳам бу одатларини тарк этмайдилар. Тўй оқшоми учун келинга муносиб либос танлашда куёвнинг ҳам фикри, ўрни бўлиши керак, деб ўйлайман. Ахир тўй олдидан бўлажак келин билан куёв ўзлари нимани ёқтириш-ёқтирмасликлари ҳақида фикрлашадилар-ку. Шунда йигит келиннинг очиқ-сочиқ кийиниши яхши эмаслигини айтиши мумкин. Ақлли қизлар кўр-кўрона орзу-ҳаваслардан бўлажак умр йўлдошининг асосли истак-талабини устун қўядилар.
Бироқ... “Момоларимиз кийган либослар қандай кўркам, чиройли бўлган”, десангиз, ҳатто айрим катта ёшли аёллар ҳам қош чимиришади. Ҳолбуки, миллий матолардан уста чеварлар қадимий бичимлар асосида тикаётган кийимларга дунё аёлларининг ҳаваси келаётганини телеэкранларда кўриб турибмиз. Келин кийимлари ҳақида гап кетганда, бир аёл шундай гапириб берди:
– Бундан қирқ йиллар олдин турмушга чиққанман. Тўйга ўша пайтдаги урфга кўра елкаси кенг ўйилиб, тиззамга етиб-етмайдиган оқ кўйлак кийгандим. Тўйдан расмлар эсдалик бўлиб қолган. Невараларим уларни ҳар сафар кўрганда: “Бувижон, ўша пайтда келинлар шунақа кўйлак кийганми?”, деб мени хижолатга қўйишади.
“Ҳаё имондандир”, дейдилар Пайғамбаримиз (соллаллоҳи алайҳи ва саллам) ҳадисларидан бирида. Кийимлардаги ибосизлик аста-секин қалбларнинг андиша пардаларини ҳам кўтариб ташлайди. Бу ҳолат ёмон оқибатларга олиб келади. Яна бир гап: тўйга ҳар хил одам келади, суқ, назар дегани бор нарсалар, гулдек келин-куёвни, айниқса, ҳамманинг эътиборида бўладиган келинни ана шулардан сақлаш учун ҳам кийимларига эътибор бериш керак.
Қизлар орасида телевизорда, интернетда кўрган ҳар хил хорижий модаларга кўр-кўрона эргашиш кучли. Афсуски, айримлар ғарбдан кириб келаётган либосларга, соч турмакларига тақлидни маданиятлилик деб тушунадилар. Кейинги пайтларда тўй оқшомида ҳамманинг ўртасида келин-куёвнинг, ҳаттоки уларнинг олдида қайнона-қайноталар ҳам вальсга тушишни ўзини жуда замонавий ҳисоблаган айрим кишилар урфга киритмоқчи бўлишяпти.
Бир дақиқа...
#Маълумотнома
Бир дақиқада «Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи ъадада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи»ни 15 мартадан кўпроқ айтиш мумкин.
Жувайрия (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эрталаб субҳ намози пайтида унинг ҳузуридан чиқиб кетдилар. У намоз ўқийдиган хонасида эди. Сўнгра зуҳо намозини ўқиб бўлиб қайтиб келсалар, Жувайрия (розияллоҳу анҳо) ҳали ҳам ўтирган эди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Чиқиб кетганимдан бери шу ҳолатда ўтирибсанми?” деб сўрадилар. Онамиз (розияллоҳу анҳо): “Ҳа”, дея жавоб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мен сендан кейин тўртта калимани уч мартадан айтдим, агар улар тарозида ўлчанса, сен бугун айтган нарсалардан оғир келади. Улар: "Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи ъадада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината ъаршиҳи ва мидада калиматиҳи" (маъноси: Яратганларининг ададича, нафси рози бўлгунича, Аршнинг вазнича, калималарининг узунлигича Аллоҳга ҳамд айтаман ва Уни поклайман)дир, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Даврон Нурмуҳаммад
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Саид ибн Зайд
#Саҳобалар_ҳаёти
Саиднинг умр йўлдоши Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг синглиси Фотима бинти Хаттоб (розияллоҳу анҳо) эди. Опаси Отика эса Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг завжаси бўлган. Кейинчалик Саид оиласи билан Мадинага ҳижрат қилди. Улуғ саҳобалардан бирига айланди.
Бадрдан бошқа барча юришларда иштирок этди. Бадрда бўлмаганининг сабаби, ўшанда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Саид билан Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳумо)ни Қурайш ҳақида хабар келтириш учун жўнатган эдилар. Улар Бадр воқеасидан сўнг қайтиб келишди. Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Бадрдан қайтганларидан сўнг Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) Шомдан келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга улуш ажратдилар. Саид (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, менга ажр ҳам бўладими?” деб сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ажр бўлади”, деб марҳамат қилдилар».
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)ни яхши кўрардилар. Ҳатто унга жаннат башоратини берганлари бир неча ҳадисларда ворид бўлган. Улардан бирини Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Абу Бакр жаннатда, Умар жаннатда, Усмон жаннатда, Али жаннатда, Талҳа жаннатда, Зубайр жаннатда, Абдураҳмон ибн Авф жаннатда, Саъд ибн Абу Ваққос жаннатда, Саид ибн Зайд жаннатда” ("Сунани Термизий").
Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларига қадар у зот (алайҳиссалом), кейин эса хулафои рошидинлардан ажралмади. Ярмук жангида, Дамашқ қамали ҳамда унинг фатҳ этилишида иштирок этди. Шундан сўнг Абу Убайда ибн Жарроҳ (розияллоҳу анҳу) Саидни Дамашққа волий этиб тайинлади.
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) вафот этганда Саид ибн Зайд қаттиқ йиғлади. Ҳатто кишилар: “Эй Абу Авар, бошингизга қандай ташвиш тушди?” деб сўрашди. У: “Ислом учун йиғламоқдаман. Умарнинг ўлими қиёматгача беркилмайдиган бир ёриқ очиб кетди”, деб жавоб берди.
Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) ҳижрий эллик биринчи йил, етмиш ёшдан ошганда Ақиқда вафот этди. Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) ювиб, кафанлади. Сўнг уни Мадинаи мунавварага келтириб, дафн этишди.
Манбалар асосида Абдулносир БОБОМИРЗАЕВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
АРАБ ХАЛҚ МАҚОЛЛАРИ
#Ўгит
Сенга итоат қилишларини истасанг, бажариш мумкин бўлган ишларни буюр.
Сенга итоатсизга итоат қилган сенга ҳам итоатсиз.
Душманингга дўсти бўлган ҳам душманингдир.
Кучли одам ғазаби келса, ўзини босар.
Иффатли ва шижоатли киши чинакамига сева олади.
Ҳикмат қалбда униб, меваси тилда кўринган дарахт.
Йиғлаб туриб жилмайиш энг гўзал табассумдир.
Марваридни фақат ғаввос танийди.
Агар ҳаё кетса, бало келади.
Яхши одам бошқалар бахтидан хурсанд бўлади.
Жазолашдан олдин танбеҳ бериш керак.
Муаллими йўқ кишининг муаллими вақт.
Йўлга чиқмай туриб йўлдошни танла.
Нозимжон ҲОШИМЖОН тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ИНСОН ХОТИРАСИ – АЗИЗ
#Динимизни_ўрганамиз
Инсон ўтмишидан тегишли хулосалар чиқариши хайрлидир. Аллоҳ таоло: «Айтинг: “Ерда сайр қилинглар, бас, олдингилар оқибати не бўлганини кўринглар!”» деб марҳамат қилган (Рум, 42).
Бу ояти каримадан маълум бўладики, ўтмишдан ибрат олиш келажакнинг порлоқ бўлишига муҳим омилдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, ўтганларни хотирлаш ва уларнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро, у сизларга охиратни эслатади”, дедилар (Имом Термизий ривояти). Қабристонга борганда, у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ҳар ким ибрат олиши лозим. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўлим насиҳат олиш учун етарли ҳодисадир”, дедилар ( Имом Табароний ривояти).
Қабристонни зиёрат қилиш чоғида марҳумлар руҳига бағишлаб тиловати Қуръон ҳамда дуойи хайрлар қилинади. Бунинг, албатта, марҳумлар учун фойдаси кўп. Шунингдек, қабристонларни обод қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Чунки бу дунё – қайтар дунё. Аждодларимиз руҳларини шодлантириш мақсадида уларни қанчалик кўп хотирласак, эҳтиром қилсак, фарзандларимиз бундан яхши ибрат оладилар.
Шаробидин МУСАБОЕВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ИСТИҒФОР
#Яхшиликка_чақириш
Истиғфор – Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўрашдир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «(Аллоҳ буюрадики), Раббингиздан мағфират (кечирим) сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур ва ҳар бир фазлли (карамли, сахий) кишига Ўз фазлини ато этур. Агар юз ўгирсангиз, бас, мен сизларга Улуғ кун (қиёмат) азоби (етиши)дан қўрқаман». (Ҳуд, 3).
Банда ҳар кеч уйқуга ётишдан олдин кун бўйи билиб-билмай қилган хатолари учун чин дилдан истиғфор айтиши лозим. Агар саломат тонг оттирса, эрталаб ҳам чин ихлос билан истиғфорни айтсин. Шунда, иншоаллоҳ, Аллоҳ таоло гуноҳларини авф этади.
Гуноҳлардан тийилмай истиғфор айтаверишнинг ҳеч қандай фазли йўқ. Бундай тавбадан фақат банданинг тили чарчагани қолади, холос. Чунки тавбамиз қабул бўлишининг шарти гуноҳларни қайта қилмасликка аҳд қилишдир.
Гуноҳларни кичик санаб, уларда бардавом бўлиш билан инсон фақат ўз жонига зулм қилади. “Тома-тома кўл бўлур”, деганларидек, кичик хатолар тўпланиб улуғ надомат бўлади. Шу сабаб инсон доимо Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмай, унинг авфини сўраши лозим. Зеро, Жаноби Ҳақнинг Ўзи яратиқларини шунга чақиради: «(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир”» (Зумар, 53).
Маҳмудахон МУХТОРОВА
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Шайтон васваса қилолмайди
#Тафсир
«Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Бақара, 153).
Аллоҳ таоло бизларга Ўз амрларига итоат этишимиз ва қайтарганларидан тийилишимиз учун сабр билан мадад олишимизни буюради. Чунки киши барча яхшиликларга сабри боис эришади.
Али (розияллоҳу анҳу)дан қўшнининг ҳақи хусусида сўрашди. У зот: “Сизлар қўшнининг ҳақи унга озор бермаслик деб биласизларми?” дедилар. Ўтирганлар: “Ҳа”, дейишди. Шунда у зот: “Озорларига сабр қилиш ҳам унинг ҳақи ҳисобланади”, дедилар. Демак, фақатгина унга озор бермаслик эмас, балки ундан етадиган озорларга сабр қилиш ҳам қўшнининг ҳақи экан.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Билол (розияллоҳу анҳу)ни азон айтишга буюраётганларида: “Бизни намоз ила роҳатлантир, эй Билол”, дердилар. Намозда банда Раббисига мурожаат қилади. Банда Раббисига мурожаат қилар экан, ҳамма машаққатлар унга осон бўлади. Зеро, борлиқдаги ҳар бир нарса Аллоҳга бўйсунади, итоат этади. Аллоҳга мурожаат қилган кишига бирор нарса журъат этолмайди. Яна Раббисининг итоатида бўлган кишига шайтон яқинлашолмайди, йўлдан оздиришга қуввати етмайди. Чунки шайтон ханнос, яъни инсон Аллоҳни эслаганда чекиниб, эсламаганда васваса қилувчидир.
Инсон Аллоҳ зикридан ғофил бўлса, шайтон унга ҳамла қилади. Агар Аллоҳни зикр қилса, у чекинади, заифлашади. Аллоҳ таоло бундай дейди: «(Иблис) айтди: “Энди, Сенинг қудратингга қасамки, албатта, уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман. Фақат уларнинг орасидаги (айрим) ихлосли бандаларинггина (озмай қолурлар)”» (Сод, 82–83).
Манбалар асосида Тўрақўрғон тумани “Усмон Зуннурайн” жоме масжиди имом ноиби Нозимжон ИМИНЖОНОВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
КАСБ-ҲУНАРГА ОИД ҲАДИСЛАР
#Динимизни_ўрганамиз
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар:
- Киши ўз қўл меҳнати билан касб қилиб топганидан яхшироқ ва ҳалолроқ ризқ қозонмаган. Кишининг ўзига, аҳли-оиласига, фарзандига ва хизматчисига инфоқ қилган нарсаси ҳам садақа (яъни, ажр-савоб)дир (Ибн Можа ривояти).
- Шубҳасиз, киши ризқланадиган нарсаларнинг энг ҳалоли ва ёқимлиси ўз касби орқали топганидир (Ибн Ҳиббон, Абу Довуд ривояти).
- Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб-чарчаган ҳолда тунаса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди (Ибн Асокир, Табароний ривояти).
- Албатта, Аллоҳ таоло Ўз бандасини ҳалол ризқ талабида ҳориб-чарчаган ҳолда кўришни яхши кўради (“Кашфул хафо”).
- Ким одамларга тиланишдан ўзини тийиш, оиласини боқиш ҳамда қўшнисига меҳр-мурувват кўрсатиш учун ҳалол мол-дунё топиш ҳаракатида бўлса, ўша киши қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурига юзи тўлин ойдек нур сочиб боради (“Шуъабул имон”).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ҚАЛБИМИЗ ҒУБОРЛАРИНИ АРИТАЙЛИК
#Яхшиликка_чақириш
Мўмин банда қалбига эътиборли бўлиб, уни доимо пок тутиши зарур.
Ҳазрат Алишер Навоий айтади: “Кўнгил бадан мулкининг подшоҳидир. Кўнгилнинг саломатлиги баданнинг ҳам саломатлигидир”.
Донишмандлар инсон қалбини бундай таърифлайди:
“Инсон қалби – мулойимлик, ихлос, камтарлик, саховат, ризо, умид каби бўстонлардан иборатдир”.
Инсон ушбу бўстонларга бирма-бир кириб, қалбидаги турли жоҳиллик, дангасалик, адоват, ҳасад, риё, бадгумонлик, такаббурлик, манманлик, қайсарлик, ноумидлик, тушкунлик каби ёмон иллатларни йўқотиши, ўрнини илму ҳунар, ҳалимлик, ихлосу муҳаббат, камтарлик, шукр, умид ва ишонч каби фазилатлар билан тўлдириши керак.
Донолар айтади: “Сен ўзингни кўрмоқ истайсанми? У ҳолда кўзгудаги ташқи қиёфангга эмас, ичингдаги кўзгуга боқ”.
“Агар банда ўз қалбида Аллоҳга бўлган муҳаббат лаззатини тотса, у ўз нуқсонларини кўра бошлайди. Шунда у ўзгалардан айб қидирмай, фақат ўз хатолари билан машғул бўлади”, дейди Робия Адавийя.
Ҳазрат Абу Ҳомид Ғаззолий “Мукошафатул қулуб” китобида бундай дейди: “Аллоҳ бир бандасига хайр (яхшилик) ато этмоқчи бўлса, уни ўз камчиликларини кўрадиган қилиб қўяди. Ўз айбларини билган кишида уни даволаш имкони туғилади. Лекин инсонларнинг кўпи ўз қусурларини кўрмайди. Баъзан киши бир мўмин қардошининг юзидаги тариқдай кирни кўради-ю, аммо ўзида ёнғоқдай доғ бўлса ҳам, уни кўрмайди. Кимки ўз камчиликларини билишни истаса, ниҳоятда тўғрисўз, пок қалбли киши билан дўст тутиниши лозим. Шунда дўсти унга зоҳирий ва ботиний нуқсонларини айтиб, танбеҳ бериб туради”.
Қалб хотиржамлигига эришишни истаган киши Қуръони каримни тиловат этиши, Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг муборак васиятларига амал қилиши ва яхши инсонларнинг насиҳатларига қулоқ тутиши зарур.
Акмал ИСМОИЛОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ҒАЗАБЛАНМАНГ
#Ҳадис_шарҳи
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам инфоқ-эҳсон қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон, 133–134).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га “Менга насиҳат қилинг”, деди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ғазабланма”, дедилар. У (саволини) бир неча бор такрорлаганида ҳам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ғазабланма”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Комил мусулмон доимо мулойим ва ҳаёли бўлади. Одамларга озор беришдан сақланади, интиқом олишга қурби етса-да, кечириб юборади, қийинчиликларга бардош билан сабр қилади.
Гарчи кишининг билаклари қувватга тўла, жисми соғлом бўлса-да, ғазаб туфайли бу кучини зарур мақсадга йўналтиролмаслиги оқибатида мағлубиятга юз тутиши мумкин. Шунинг учун мақсадга фақат жисмоний қувват билан эмас, балки ғазабни енга олиш ва оқилона иш юритиш билан эришилади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ҳаммани йиқитадиган паҳлавон кучли эмас, балки ғазаб келганда ўзини қўлга оладиган киши кучлидир”» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ғазабланган пайтда ҳолатни ўзгартириш ҳам жаҳлни енгишнинг самарали усулларидандир.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Сизларнинг бирортангиз тик турган ҳолда ғазабланса, ўтириб олсин. Агар ундан ғазаб кетса, кетди, бўлмаса, ёнбошлаб олсин” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Киши ғазабланган ҳолда гапирмаслиги керак. Чунки у бу ҳолатда гапирса, ғазабини зиёда қиладиган жавоб олиши ёки кейинги пушаймонга сабаб бўладиган гап айтиб юбориши мумкин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қачонки бирортангиз ғазабланса, сукут қилсин”, дея уч бор такрорладилар (Имом Аҳмад, Термизий, Абу Довуд ривояти).
Ғазаб жисмда ҳароратни кучайтиради. Шу боис, бундай пайтда таҳорат олиш ғазаб алангасини ўчиради.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Албатта ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Бирортангиз ғазабланса, таҳорат олсин” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Манбалар асосида Фарғона вилояти Бағдод тумани “Қўштегирмон” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадсафохон ДАВЛАТЁРОВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
НОЁБ ИСТЕЪДОД ЭГАСИ
#Ибрат
1993 йили “Туркистон” газетасида чиққан мақоладан сатрлар:
Алишербек Ражаббек ўғли 1977 йили Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида туғилган;
6 ойлигида – “Аллоҳ” сўзини айта олган;
9 ойлигида – “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган;
1 ёшида – Қуръон сураларини ёдлай бошлаган;
2 ёшида – Қуръондан 4–5 сурани тажвид билан ўқиган;
6 ёшида – Қуръонни тўлиқ ёд олган ва хатм қилган;
13 ёшида – Тошкентда 48 қори иштирокида ўтказилган танловда ғолиб чиққан ва отаси билан бирга диний идора томонидан ҳаж сафарига юборилган.
Бу маълумотлар салкам чорак аср муқаддам республика матбуотида берилган ва анчагина шов-шувга сабаб бўлган эди.
Мен бу Аллоҳ таоло берган истеъдод эгасини узоқ вақт қидириб, ниҳоят топдим. Алишербек Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида истиқомат қилар экан. Бу йигит кўркам чеҳраси, хушмуомаласи, билими ва камтарлиги билан кишини ўзига мафтун этади. Суҳбатлашиб тўймайсиз. Шубҳасиз, суҳбатимиз мазмуни унинг ноёб салоҳияти ҳақида бўлди.
– Менинг Каломуллоҳни бу қадар барвақт ёд ола бошлашим дадам туфайли бўлган, – дейди Алишербек. Дадам – Ражаб Нурмуҳамедов ва онам Жамила Нурмуҳамедова ўқимишли, диний ва дунёвий билимлардан бохабар инсонлар. Улар Навоий, Бобур, Саъдий ва бошқа алломаларнинг ижодини яхши билишади.
Дадам 24–25 ёшларида Қуръонни мукаммал ёд олганлар. Умуман, бизнинг аждодларимиз ичида 6–7 ёшидаёқ қори бўлган кишилар кўп бўлган.
Онам менга ҳомиладор вақтларида отам: “Менга кўзни қувонтирадиган", "тақволи, аҳли Қуръон фарзанд ато этгин”, деб Аллоҳга ёлвориб илтижо қилганлар.
Туғилганимда буюк бобомиз ҳазрат Навоий руҳига чексиз ҳурмат кўрсатиб, менга Алишербек деб исм қўйганлар.
Бешикда ётган мурғак вақтимдаёқ менга илм бера бошлашган экан. Дадамнинг айтишларича, 6 ойлигимда дадам менга араб алифбоси ҳарфларини кўрсатиб, ўргата бошлаган, 9 ойлигимда араб имлосидаги ҳарфларни таниган, бир ёшлигимдан Қуръон сураларини ўргана бошлаган эканман. Дадам намозни овоз чиқариб ўқиганларида, мен ҳам нима десалар такрорлаб турар эканман.
Тўрт ёшимдан Қуръонни ёдлашга тушдим. Дастлаб ўттизинчи пора сураларидан бошлаб, уни уч ойда ёдлаб олдим. Дадам ёдлашим осон бўлсин учун шундай услубни жорий этдилар.
Ҳар куни кечқурун Қуръондан бир бетни дадам менга тажвид билан ўқиб берардилар. Кейин мен шу бетни беш марта китобга қараб ўқирдим. Сўнг беш марта ёддан ўқирдим. Янглишган жойларимни дадам тузатиб турардилар. Кечаси тинч ухлаб, эрталаб уйғонганимда, кечаги ёдлаган оятлар хотирамга ўрнашиб қолган бўларди.
Кейинчалик бир варақ (икки бет)дан ёдлай бошладим. Шу тариқа, ҳар куни бир варақдан янги сабоқни ёдлашдан олдин, аввал ёдлаганларимни, албатта, такрорлардим. Ёдлаганларим тўлиқ бир порага етганда, устозим Исмоил ҳожи отанинг синовидан ўтар эдим. Беш порага етганида, уларнинг ярмини эрталаб, қолган иккинчи ярмини кундузи такрорлардим. Отам иш билан банд вақтларида такрорлаш жараёни онам назоратида бўларди. Ёдлаш ва такрорлаш ишлари ҳар куни 3–4 соат давом этарди.
Фолбин ҳам худди коҳинга ўхшайди. Уламолардан Имом Бағавий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Фолбин турли ишларнинг сабабларини, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирланган нарсани ким олганини ва шунга ўхшаш нарсаларни билишни даъво қилувчидир”, дейди.
Бундан ташқари, фолбинлар келажакда рўй берадиган ишларни ҳам билишни даъво қилади. Буларнинг ҳаммаси шариатимиз ҳукми бўйича куфр ҳисобланади. Чунки ғайбдаги нарсаларни ва келажакда бўладиган ишларни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.
Имом Баззор Имрон ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади”, деганлар.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “биздан эмас” деб айтишлари жуда оғир ҳукмдир. Яъни, у мусулмонликдан чиқади, демакдир. Бу амални ўзларига касб қилиб олганларнинг гуноҳи эса ундан-да оғир бўлади.
Халқимиз фолбинлар қилмишларининг ҳақиқати нимадан иборатлигини билсинлар. Билмасалар, ўқиб ўргансинлар ва ўзларини бу маънавий иллатдан сақласинлар. Шунингдек, бу ёмон амал билан машғул бўлганлар ўзларига хулоса чиқариб, тавба қилиб, бу иллатдан ўзларини тийсинлар.
Манбалар асосида Янгиер шаҳридаги “Абдуқаҳҳор ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби Илҳом ЭГАМҚУЛОВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ