МУЛОЙИМЛИК МЎМИННИНГ ЗИЙНАТИДИР
#Ҳадис_шарҳи
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам): “Ким мулойимликдан насибасини олса, яхшиликдан ҳам насиба олади. Ким мулойимликдаги насибасидан маҳрум бўлса, яхшиликдаги насибасидан ҳам маҳрум бўлади. Қиёмат кунида мезонда энг оғир келадиган нарса – хусни хулқдир. Аллоҳ таоло ахлоқсиз ва уятсизни ёмон кўради”, дедлар» (Имом Бухорий).
Шарҳ. Ҳалимлик, чиройли хулқ ҳар бир кишининг зийнатидир. Ҳадис матнидаги биз “мулойимлик” деб ўгирган “рифқ” сўзи муомалада, амалда, ўзаро муносабатларда қўполлик, дағалликдан йироқ бўлишни англатади.
Ҳақиқатан юмшоқ муомалали киши барча ишларида яхши натижаларга эришади, Аллоҳ таоло унинг ишларига хайр ва барака беради. Қўполлик, дағаллик эса оилавий низоларга, ўзаро келишмовчиликка, жанжалларга сабаб бўлади.
Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида: оилада, кўчада, ишда, бозорда ҳалимлик, юмшоқлик билан муомала қилсак, ўзаро ҳамжиҳатлик ортади, оилада тинчлик-тотувлик, рўзғорда барака бўлади. Барчанинг кайфияти чоғ бўлиб, ишлари бароридан келади.
Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари ҳалимлик, юмшоқликда энг юксак намунадирлар. Бунга қуйидаги ҳадисни келтириш етарли далил бўлади: Пайғамбармиз (алайҳиссалом) масжидда саҳобийлар билан суҳбат қуриб ўтирганларида бир аъробий ўрнидан туриб, бурчакка бориб, пешоб қила бошлади. Бу ҳолдан саҳобийлар ғазабланиб, аъробийни жазолашга чоғландилар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тўхтанглар, аъробийни менинг олдимга чақиринглар, пешоб қилган жойини бир идиш сув билан ювиб юборинглар, албатта сизлар осонлаштирувчи қилиб юборилдингизлар, қийинлаштирувчи қилиб эмас”, дедилар.
Биз мусулмонлар дунёда ва охиратда ҳам мукаррам бўлишимиз учун гўзал хулқли бўлишимиз лозим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Инсонларни жаннатга энг кўп киритадиган нарса тақво ва гўзал хулқдир”, деганлар (Термизий ва Ҳоким ривояти).
Қуръони каримда бир неча оятларда мулойимликка, юмшоқ муомалага тарғиб қилинган. Оли Имрон сурасининг 159-оятида бундай дейилади:
«Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (Улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар...»
Шу ўринда айтиш жоизки, алданиб, ёт оқимларга қўшилиб қолаётган ёшларимиз билиб қўйишлари лозимки, комил мусулмон бўлишга, у оқимларнинг асосий хусусияти бўлган дағаллик, қўполлик, шафқатсизлик билан эмас, балки юксак ахлоқи билан, гўзал хулқли Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муносиб уммат бўлиш, у зотнинг суннатларига амал қилиш билан эришилади.
Муҳаммадюсуф ХУШВАҚТОВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ЎЗГАГА РАВО КЎРМАГУНЧА...
#Ёмонликдан_қайтариш
Инсон қай бир ишга қўл урмасин, албатта, бирор мақсад, фойдани кўзлайди. Беҳудага куч, вақт, маблағ сарфлаш фазилат эмас. Аммо бу борада ҳаддан ошиш, фақат ўзини ўйлаб, бошқалар манфаатини назарга илмаслик худбинликдир. Мўмин-мусулмон кишига ҳеч ярашмайдиган бу хунук одатнинг зарарини санаб саноғига етиб бўлмайди. Оддий тартибсизликлардан тортиб, катта-катта жиноятларгача ана шу худбинлик оқибатида юзага келади. Худбин кимсанинг гўёки ҳақ-ҳуқуқлари бор-у, бурч-мажбурияти йўқдек. У ўз нафси эҳтиёжларини бошқаларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш эвазига қондиришдан, ҳатто зулм қилишдан ҳам тап тортмайди. Бундай ҳол инсоннинг ўзи учун ҳам, жамият учун ҳам хавфлидир. Халқ орасида худбин, ўзгалар ҳақига тажовуз қиладиган кимсаларни «нафси ҳакалак отган» дейишади.
Ислом дини одамларни худбинликдан қайтариб, олижаноб, бағрикенг бўлишга чақиради. Бу масалага имонимизнинг комиллик даражасини белгиловчи мезонлардан бири сифатида қаралади. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бирортангиз ўзига раво кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўла олмайди», дея марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).
Фақат «ўзим бўлай» қабилида ҳаёт кечирадиган кимсаларнинг, аслида, эришганидан йўқотгани кўп. Бундайлар ўз-ўзидан жамиятдан ажралиб, одамларнинг ундан кўнгли қолади. Худбин киши чин дўст топиши амри маҳол. Атрофдагиларга раҳм-шафқат, ҳиммат кўрсатган одамгина меҳр-оқибат кутиши мумкин. Бошқалардан эътиборини аямаган одамга ишонч ҳам ортади. Бир инсоннинг меҳри кўплаб кишиларнинг қалбида шафқат туйғусини уйғотиши, қўли очиқлиги бошқаларни ҳам саховатга чорлаши мумкин.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ЗАЙНАБ БИНТИ МУҲАММАД (РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲО)
#Саҳобалар_ҳаёти
Зайнаб бинти Муҳаммад (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўнғич фарзандлари бўлиб, ўттиз ёшларида, рисолат келишидан ўн йил олдин туғилди. Онаси Ҳадича бинти Хувайлид (розияллоҳу анҳо).
Турмуш қуриши: Ҳазрат Ҳадича (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайнабни Абул Ос ибн Робеъга турмушга беришларини сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) завжаларига эътироз билдирмасдан розилик бердилар. Ёшларнинг никоҳ тўйи пайғамбарлик келишидан олдин бўлиб ўтди.
Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) рисолат келгач, ҳазрат Ҳадича ҳамда барча қизлари (розияллоҳу анҳунна) Исломни қабул қилишди. Шу жумладан, Зайнаб бинти Муҳаммад ҳам (розияллоҳу анҳо) Исломга кирди. Аммо эри кирмади. Абул Ос ибн Робеъ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан қалин дўст эди. Қурайш мушриклари ундан Зайнабнинг жавобини беришини талаб қилишди. Абул Ос бундай қилишдан бош тортди. Лекин кейинчалик у Исломни қабул қилди.
Ҳазрат Зайнаб (розияллоҳу анҳо) бундай ҳикоя қилади: "Мен Мадинага отамнинг олдига бориш учун тайёргарлик қилаётгандим. Ёнимга Ҳинд бинти Утба келиб: "Эй Муҳаммаднинг қизи, Мадинага кетмоқчи экансан", деди. Мен: "Ундай қилмоқчимасман", дедим. У: "Эй амакимнинг қизи, боравер. Агар бу сафарингда сенга мато ёки пул керак бўлса, мен бераман. Сенга ҳеч қандай адоватим йўқ", деди. Зайнаб (розияллоҳу анҳо) айтади: "Аллоҳга қасам, у бу гапни айтади, деб ҳеч ҳам ўйламагандим. Унга ишонмаганим учун буни хоҳлаётганимни билдирмадим ва таклифини раъд қилиб, тайёргарликни давом эттирдим".
Сўнгра Кинона ибн Робеъ бир туяни етаклаб келди, Зайнаб (розияллоҳу анҳо) унга миниб олди. Кинона камонини олиб, йўлбошчилик қилиш учун тонгда йўлга чиқди. Бундан қурайшликлар хабар топиб, уни йўлидан қайтариш учун йўлга чиқишди ва Зу Туво деган ерда етиб олишди. Зайнабнинг (розияллоҳу анҳо) олдига биринчи бўлиб Ҳиббор ибн Асвад ва Нофеъ ибн Абдулқайс Фиҳрий етиб келди. Ўшанда Зайнаб (розияллоҳу анҳо) ҳомиладор бўлиб, бундан мушрикларнинг хабари йўқ эди. Ҳиббор найза отиб уни чўчитиб юборди. Мадинага борганда ҳомиласи тушди.
Вафоти: Ҳазрат Зайнабнинг (розияллоҳу анҳо) ҳомиласи тушгач, қон тўхтамади ва ҳижратнинг саккизинчи йили Мадинада вафот этди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайғуда қизларини қабрга қўйдилар. Кейин: "Мен Зайнабнинг жисми заиф эканлигини эсладим. Аллоҳдан қабрини кенгайтиришини ва ғамини енгиллатишини сўрадим. Бас, Аллоҳ таоло сўраганимни берди", дедилар.
ФАЙЗО тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
НАВОИЙ ЗАМОНДОШЛАРИ ТАЪРИФИДА
#Мунаввар_олам
Султон Ҳусайн Баҳодирхон подшолиги даврида зилзила бўлиб, Ҳирот Жоме масжидининг тоқи ҳамда мақсураси бутунлай шикастланди; ул обод жой бошидан охиригача вайрон бўлди; баланд деворлари тиз чўкканларга ўхшаб букчайиб қолди; олий асар пиллапоялари сажда қилувчиларга ўхшаб юзини ерга қўйдилар, баланд шифтининг оппоқ ганчлари тўкилиб, нам тупроқ билан қоришиб кетди.
Бу аҳвол Султон Ҳусайн ҳазратларининг яқин дўсти амир Алишернинг равшан хотирига нур сочди. У зот тамоми олий ҳимматини ушбу шарофатли масжид биносини янгилаш ва асосларини мустаҳкамлаш ишларини жадаллатишга қаратди, сўнг мусулмонлар подшосидан ижозат олиб, 903 йилнинг рамазон ойи (1498 йилнинг апрель-май ойлари ораси)да дастлаб мақсуранинг қулаб тушган гумбази ва пештоқини тиклашни буюрди, сўнгра тажрибали меъморлар ҳамда мудаққиқ муҳандисларнинг маъқуллаши билан, мустаҳкам бўлмаган ўша бинони тузатишга амр қилди. Мақсура суфасининг икки томонига баланд қўш айвон ҳам қурдирди. Шу билан улкан тоқ мустаҳкамланди ва у таърифлаб бўлмайдиган даражада пишиқ бўлди. Хайру саховатли бинокор амир Алишер ўша иморатни тиклаш хусусида кўп ғамхўрлиги бўлганидан ҳар куни ўша шарофатли манзилга ташриф буюрар, кўп кунлари этакни белга қистириб, ёлланган ишчилар каби усталарга ғишт олиб берарди ҳамда бошқа юмушларни қиларди, тез-тез ўша ердаги меъморлар, усталар ва косибларга қимматбаҳо саруполар кийдирар ва уларни кўп сийлаш ва бошқа инъомлар билан хушдилу хурсанд қиларди. Шу тариқа Тангрининг қувватлаши ҳамда подшонинг чексиз ёрдами билан уч-тўрт йиллик иш олти ой муддат ичида охирига етказилди...
Бу шарофатли жоме 408 гумбаз, 130 равоқ ҳамда 444 пиллапоядан иборат.
...Масжид 905 йил 14 шаъбон шанба (1500 йил 16 март) куни безакдан чиқарилди. Тавфиқ ва тадбир эгаси амир Алишер ўша куни катта ош берди, хатиб, имом, воиз, ҳофиз, мутавалли, ходим ҳамда иморатни битирган барча усталарни, улар қарийб 100 киши эди, ўша жойга чақиртириб зиёфат берди ва ўша пайтнинг ўзида уларнинг қобилиятли қоматини қимматли либослар билан безади...
...Султон ҳазратлари яқин дўсти қурдирган бинолардан яна бири “Дорушшифо” рўбарўсида қад кўтариб турган “Халосия” хонақоҳи ва “Ихлосия” мадрасасидир. Бу шарофатли жой нафис безаклар ва ғаройиб ихтиролар билан ораста қилингандир. Ўртасидан суви тотли Инжил ариғи оқиб ўтади. Фазилатпаноҳ хонақоҳда ҳар куни Қуръон тиловат қилиниб, фақир ва заифларга таом берилади ва ҳар йили қарийб икки минг пўстин, чакмон, кўйлак, чолвор, тоқия ва кафш тарқатилади.
Хондамир, “Хулосатул ахбор”дан
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
“(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кечани қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси “илоҳ” сизларга бирор ёруғлик келтира олур?! Ахир, эшитмайсизларми?!” Айтинг: “Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси “илоҳ” сизларга таскин топадиган кечани келтира олур?! Ахир, кўрмайсизларми?!”(Қасас, 71 – 72).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Ҳасан Басрийдан: “Дунёдан кўнгил узишингизнинг сири нимада?” деб сўрашди. У: “Ризқимни ҳеч ким ололмаслигини билдим ва бундан қалбим хотиржам бўлди. Амалларимни мендан бошқа бажармас экан, шунинг учун улар билан ўзим шуғулландим, Аллоҳ таоло мени доим кўриб, кузатиб турганини билдим ва Унга гуноҳкор бўлиб юзланишдан уялдим. Ўлим мени кутиб турганини англаб, Аллоҳ таолога учрашишга тайёргарлик кўрдим”, деб жавоб берди.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Ибрат
Бир киши бошқа бир кишининг олдида уни кўп мақтаб гапирибди. Мақталган киши унга: “Эй Худонинг бандаси, мени нега бунча мақтаб юбординг? Ғазабланган пайтимда мулойим, ҳалим бўлиб турганимни синаб кўрганмисан?”
У киши: “Йўқ, кўрмаганман”, деди.
Айтди: “Сафарга чиққанда чиройли хулқли бўлиб юрганимни синаб кўрганмисан?”
У киши: “Йўқ кўрмаганман”, деди.
Айтди: “Омонат сақлашда ишончли эканимни синаб кўрганмисан?”
“У киши: “Йўқ, синаб кўрмаганман”, деди.
Айтди: “Шундай экан, бировни мана шу уч нарсада синаб кўрмасдан мақташ тўғри эмас”.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) ўғли Ҳасанга (розияллоҳу анҳу) васият қилиб:
“Эй ўғлим, мендан тўрт нарсани ёдлаб олгин”, деди:
- ақл бойликнинг байроғидир;
- аҳмоқлик энг катта қашшоқликдир;
- ўзига бино қўйиш энг ёмон ёлғизликдир;
- ҳусни хулқ шарафнинг улуғидир.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Гоҳида чўнтак телефонимга келган хабарлар салом билан бошланган бўлади. Унга алик олиш керакми?
Жавоб: Агар бирон киши мактуб орқали ё бирон киши орқали салом йўлласа, унга ҳам алик олинади ё хатига жавоб ёзилади. Чунки салом бериш суннат, алик олиш вожибдир.
Ҳазрат Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Жаброил (алайҳиссалом) сенга салом айтди”, деганларида, мен ҳам: “Ваъалайҳиссалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” (“У зотга ҳам Аллоҳнинг раҳмати, саломи ва баракаси бўлсин”), дедим” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Шариатсиз киши учса ҳавога,
Кўнгил берманг анингдек худнамога.
Сўфи Оллоёр
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ТИЛАНЧИЛИК КАСБ ЭМАС !
#Мулоҳаза_муносабат
Ҳар куни эрталаб ишга кетаётиб, метронинг “Буюк ипак йўли” бекатига зинадан тушаверишда кўзойнакли, ҳассага таянган юпун чолнинг садақа сўраб турганига кўзим тушарди. Уни кўрган одам раҳми келиб, албатта, чўнтагини кавлайди. Бир куни одамлар оқими камайганида ундан: “Ҳеч кимингиз йўқми?” деб сўрадим. У дағал оҳангда: “Ҳеч кимим йўқ. Мен ёлғиз бечораман!” деб жавоб қилди. Савол берганимдан уялиб кетдим. Баъзилар: “Ишингиз нима? Шундай ҳам кўриниб турибди-ку бечоралиги”, деб менга дашном беришди.
Шунда бир одам мени четга тортиб, қизиқ гап айтди: гадойни ҳар куни эрталаб чет эл машинасида олиб келишаркан. У соат 7 дан 9 гача, атиги 2 соат шу ерда “пост”да тураркан. Сал наридаги барзанги йигитни имо билан кўрсатди: у гадойнинг қўриқчиси экан. Мен чолга мурожаат қилганимда, у ҳам чолнинг тақдири билан қизиқаётган одамдек ёнимда эди! Менга ўхшаган қизиқувчиларга: “Чол бечорага озор берманглар. Яхшиси, эҳсон қилинглар, савоб бўлади”, мазмунида гап айтаркан. «Гадойни танийман, – деди суҳбатдошим, – ҳовлиси бор, яшаш шароитлари яхши, бу ерда ҳимоячиси паноҳида “бизнес” қилади!»
Бу гапларга унча ишонмадим-у, дам олиш куни уни кузатишга қарор қилдим. Эрталаб, соат 9 дан ошганда ўша метро бекатидаги катта савдо дўкони орқасига ўтиб бораётганини кўриб, секингина унга эргашдим. Хилватроқ жойдаги қўлбола стол устига уюм пулни тўкиб, тахлай бошлади, яқинлашганимни сезмади.
– Ота, топишингиз зўр экан-ку. Ҳар куни шунақа даромад қиласизми? – дедим.
– Одамлар ўзлари дилдан чиқариб беришди. Садақа – радди бало. Бу пулни менга Худо етказди.
– Сиз агар муҳтож бўлсангиз, одамлардан бир кунлик насиба сўрашингиз мумкин. Олдингиздаги пулга бир ой яхши яшаса бўлади-ку.
– Ишинг нима? Йўлингдан қолма! Текширмаган битта сен қолувдинг. Ёки берган пулингни қайтарайми?
Бошқа бир кун тасодифан шу гадой билан ошхонада юзма-юз келдик. Кийимлари башанг, кўринишидан ҳеч ким уни тиланчи деб ўйламасди.
Катта йўлнинг бу бетида бошқа гадой ҳар замонда пайдо бўлади. Тўхтаб турган автобусларга чиқиб, садақа сўрайди. Уни кейин “Чилонзор” метро бекатида ҳам кўрадиган бўлдим. Бир кун пайт топиб, уни саволга тутдим. Тирикчилигидан нолиди. “Хоҳласангиз, ҳокимиятга мурожаат қилиб, сизни қариялар уйига жойлаштиришга ёрдам берайлик”, дедим. Суриштирсам, бу одамнинг уч (!) ўғли бўлиб, ҳаммаси ишлар экан!
– Наҳот уч ўғил бир отани боқолмаса? Сизнинг бундай аҳволда юришингиз уларга иснод эмасми? – дедим.
– Ота касб. Шу ишни қилмасам, бошқа топганим татимайди, – дея очилди тиланчи.
Якшанба кунлари кўчамизга лўли-гадойлар гуруҳ-гуруҳ ташриф буюришади. Бир йигит, 24–25 ёшлар чамаси, бутун оила (отаси, онаси, хотини, икки бола)сини етаклаб, дарвозани ҳасса билан тақиллатиб келди. “Аллоҳ йўлига, олис юртдан келдик, хайр қилинглар”, дейди.
– Э, шундайми? – дедим. – Болаларни нега олиб юрибсиз? Уларни ҳам тиланчиликка ўргатяпсизми? Ёш йигит экансиз, ишласангиз бўлади-ку!
– Эй ако, тиланчилик – бизга ота касб. Эшикка келганни қуруқ қайтарманг. Шу болаларга раҳм қилинг. Савоб олинг.
Нон берсам, олишмади. Пул керакмиш!
Ҳа, садақа қилиб савоб олиш керак! Тўғри, ёрдамга муҳтож одамлар бор. Лекин улар ҳеч қачон қўл чўзиб, тиланчилик қилганини кўрганмисиз? Шундай одамларга оғир ботмайдиган қилиб ёрдам бериш керак.
Садақани етим боқаётганларга, ёлғизларга ва оғир бетобларга, узоқ жойдан келиб, стипендияга илинмай ёки пул тўлаб ўқиётган талабаларга берган яхши эмасми? Йўлларни таъмирлаш, дарахт экиб, обод қилиш, мевасини улашиш савоб эмасми?
Ночор оилалар фарзандларининг суннат тўйини маҳаллаларда жамоатчилик йўли билан ўтказиш одатга айланиб бормоқда. “Чилонзор Оқтепа” маҳалласида бир тадбиркор болалар учун ажойиб спорт майдончаси қуриб берди. Болаларнинг завқ-шавқ билан футбол ўйнаётганини кўриб, кўзингиз қувонади. Бундай мисоллар кўп. Бу ҳам садақанинг ўзгинаси-ку.
Динимизда, очликдан ҳалок бўлиш хавфи туғилса, камбағал одамнинг бир кунлик таоми миқдорида тиланишга рухсат берилган. Ундан ортиғи эса, ҳалол бўлмайди.
НИҲОЛ
#Ибрат
Ёз. Бутун мавжудот иссиқдан ҳансирайди. “Ғир” этган шабада йўқ. Одамларнинг назаридан четда қолган ёлғиз ниҳолнинг япроқчалари иссиқдан қорайган, чанг босган ва “сув-сув” дея инграшади. Афсуски, ҳеч ким ниҳолнинг ноласига қулоқ тутмас эди. Ҳатто дайди шамол ҳам уни мазах қилиб, гоҳ чангга белар, гоҳ новдаларини тортқилаб, танасини дол қилишга уринарди. Ниҳолнинг эса дилхун йиғлашдан ўзга чораси йўқ эди. Лоақал қушлар ҳам у билан дўстлашмади, шохига қўниб, дилбар қўшиқларини куйламади. Фақат самодан Булутбобо аҳён-аҳён унга раҳм-шафқат қатраларини ато этарди. Бу ниҳолнинг ҳаётга бўлган умидини кучайтирар, иродасига қувват берарди.
Ниҳолнинг бошига тақдир не-не кунларни солмади. У таслим бўлмади, умидсизликка тушмади. Бутун вужуди ила ҳаётга талпинди. Ҳатто тунги шудринг қатраларига ҳам шукр қилди, исроф қилмади. Жон сақлаш учун у томирларини заминга янада чуқурроқ қадарди...
Орадан йиллар ўтди. Йўл четида ёлғиз дарахт барқ уриб ўсмоқда. Шохларига қушлар ин қурган. Майин эсган шабада эса унинг бошини силайди. Остидаги ариқда шовуллаб сув оқади. Иссиқдан лоҳас бўлган одамлар шу дарахт остида жон сақлашади. Бу – ўша ниҳол эди.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Аллоҳ таоло, бундай марҳамат қилади:
“... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба) ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала, 11).
Ушбу ояти каримадан кўриниб турибдики, илмли кишиларнинг мартабаси Аллоҳ таолонинг наздида юксакдир.
Илмли киши вафот этгандан кейин ҳам номи ўчмайди. Илмли киши ўз ишини билиб қилади. Афсусга сабаб бўлмайдиган ишларни қилиш инсон ҳаётининг мазмуни ва баракасидир.
Илм – Аллоҳ таолони танишдан бошланади. Аллоҳ таолони танишдан бошланган илм баракали ва яхшиликлари кўп бўлади. Илм ўзликни англаш. Ўзлигини танимаган киши қурт-қумурсқа, парандаю даррандадай гап: туғилади, ейди, кўпаяди ва ўлади. Аллоҳни, ўзлигини таниса, дунёга нима учун келганини билади. Дунёси ва охиратини обод қиладиган ишларни кўпайтиради. Зеро, амалсиз илм – пўстлоғи йўқ дарахт, либоссиз танадир. Халқимизда “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин”, деган гап бор. Бу ҳикматда ҳам илмига амал қилиш улуғланиб, амалсиз яшаш инсонни одамийлик сафидан чиқариши таъкидланмоқда.
"Бараканинг сири" китобидан
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Муъарраб сўзлар
#Маълумотнома
Ҳамма тиллар каби араб тилида ҳам бошқа тиллардан ўзлаштирилган сўзлар бор. Ундай сўзларни “муъарраб” дейилади. Луғатда “муъарраб” арабчалашган маъносини ифода этади.
Қуръони каримда араблашган сўзлар бор ёки йўқлиги борасида уламолар ўртасида турли фикрлар айтишган. Баъзи олимлар: “Қуръони каримда бирорта ҳам арабча бўлмаган (ажамий) сўз йўқ”, десалар, яна бир тоифа олимлар эса: “Қуръони каримда асли араб тили луғатида учрамайдиган, кейинчалик арабчалашган (“муъарраб”) сўзлар бор”, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) ва бошқа бир неча уламолар Қуръони каримда асли арабча бўлмаган сўзлар бор, дейдилар. Улар Қуръони каримдаги سجيل [сижжил] (Ҳуд, 82), اليم [алямм] (Тоҳо, 39), مشكاة [мишкаат] (Нур, 35), طور [Тур] (Бақара, 63), استبرق [истабрақ] (Каҳф, 31), أباريق [абаарийқ] (Воқеа, 18) ва яна бир неча сўзларни муъарраб сўзлар, дейишган.
Зухруф сурасининг 3-оятига асосан, имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ) ва яна бир неча уламолар: «Қуръони каримда келган лафзларнинг барчаси арабчадир. Баъзи сўзлар асли арабий сўз эканлиги номаълум бўлгани учун улар ажамий сўзлар дейилмайди. Зеро, Қуръонда арабларнинг ўзи ҳам билмайдиган сўзлар бор. Араб тили жуда кенг ва сўзларга бой тилдир, унинг барча илмларини Пайғамбардан бошқа ҳеч ким қамраб ололмайди», деганлар.
Манбалар асосида Хайруллоҳ Нуриддинов тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Баъзи намозларда узунроқ, баъзи намозларда қисқароқ қироат қилган яхши, деб эшитдим. Шу ҳақда кенгроқ маълумот берсангиз.
Жавоб: Фарз намозларнинг аввалги икки ракатида, бошқа намозларнинг барча ракатида қироат қилиш фарз. Қироатнинг энг оз миқдори бир узун оят ёки уч қисқа оятдир.
Қироатнинг суннат бўлган миқдори, сафарда, вақтнинг зиқлигида, Фотиҳадан сўнг исталган сурани ўқишдир. Ҳазарда (ватанда) ва бемалол вақтларда эса бомдод намозида Фотиҳа сурасидан кейин икки ракатда қирқ ёки эллик оят ўқиш суннат. Пешин намози (фарзи)да ҳам шу миқдорда қироат қилиш суннатдир (“Жомиъус сағир”). Аср ва хуфтон намозларида қироатнинг суннат миқдори Фотиҳа сурасидан сўнг йигирма оятдир. Шом намозида эса Фотиҳадан кейин икки ракатда ҳам биттадан қисқа сура ўқиш суннат (“Муҳит”).
Муқимликда бомдод ва пешин намозлари фарзларида узун суралар ўқилади (“Виқоя”). Узун суралар Ҳужуротдан Буружгача бўлган суралардир. Аср ва хуфтон намозларига ўртача узунликдаги суралар ўқилади. Улар Буруждан Баййинагача бўлган суралардир. Шом намозида эса қисқа суралар ўқилади. Қуръоннинг Баййина сурасидан охиригача бўлган суралар қисқа суралар ҳисобланади (“Виқоя”, “Муҳийт”).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
БОЛАЛАР МЕҲМОНГА БОРГАНДА...
#Тарбия
“Уйга бир меҳмон боласи келганидан кўра, тўққиз отлиқ келсин”, деган экан кексалар.
Чунки ота-онаси билан меҳмонга келган болалар аксар ҳолларда одоб меъёрларига амал қилмайди. Бола бегона уйга киради-ю, ўйинчоқ дўконига қадам босгандек ҳамма ёқни бирма-бир кўздан кечириб, атрофни титкилашни бошлаб юборади. Бу ҳам камдек, “қулоғига пахта тиқиб олади”, ҳеч кимнинг танбеҳини эшитмайди. На гап гапга қовушади, на меҳмоннавозлик оби-тобига етади.
...Нима бўлганда ҳам “улар меҳмон”! Шу сабабли мезбон ҳар қандай ҳолатда зўраки табассум билан сокин кўринишга ҳаракат қилади. Кўпчиликка таниш бу ҳолатга “оз қолди, бир– икки соатда кетишар”, дея сабрли бўлишга уринади. Бунга меҳмон болаларнинг бир неча ёмон одатлари сабаб бўлади:
Биринчидан, меҳмонга борилганда баъзи оналар болаларнинг қўлларига егуликлар тутқазиб қўйишади. Аммо фарзандининг у ёқдан бу ёққа югуриб, тўкиб-сочиб, гилам, диван ва кўрпачаларга кир ёки ёғли қўлларини суркашига парво ҳам қилишмайди. Фақат баъзи-баъзида “бу ёққа кел” ёки “унақа қилма” деб қўйиб, яна ўз суҳбатларида давом этишади. Қизиқ, ўша оналар уйларида ҳам шундай “бағрикенг”микан? Аслида, дастурхон солиб ёки жой тайёрлаб, аввал болаларнинг қорни тўйдирилса, уй эгасининг меҳмон кетганидан сўнг ювиб-тозалаш учун сарфлайдиган кучи анча тежалади.
Яна бир ҳолат: баъзи болалар меҳмондорчиликдан қайтаётганида бирор ўйинчоқ ёки буюмни ўзлари билан олиб кетиш учун оёқ тираб оладилар. Ўлжасига эришиш учун бола йиғидан қурол сифатида фойдаланиб, атрофни бошига кўтаради. Уй эгаси назокат юзасидан ҳам ўша нарсани ҳадя этишга мажбур бўлади. Шундай ҳолатлар такрорланаверса, бу қилиқ боланинг одатига айланади ва борган жойида ота-онани хижолатга қўяди. Шунинг учун болага меҳмондорчилик одобларини ўргатиш лозим.
Бир жойга борилганда болада мослашиш муаммоси борлигини ҳис этсак ёки аввал ҳам шундай ноқулай вазиятни бошимиздан ўтказган бўлсак, аввало боланинг бундай ҳаракатлари сабабларини топиш даркор. Айтайлик, балки бола уйда ортиқча босим остида бўлганлиги учун бир жойга борганда қафасдан чиққандай сезар ўзини...
Ўз уйларида ўйнайдиган жойлари чегараланган, шунингдек, катталарнинг давомли “қилма, тегма” танбеҳларига дуч келган болалар гап эшитмаслик учун жимгина бир бурчакда ўтирадилар. Меҳмондорчиликда эса онасининг суҳбатларга астойдил киришиб, ўзига эътиборсиз бўлиши ҳам боланинг ортиқча хатти-ҳаракатларига сабаб бўлиши мумкин. Маълум вақтга бўлса ҳам онасининг эътиборидан четда қолган бола ўзини унутилгандек ҳис этади ва ножўя ҳаракат билан бўлса ҳам онасининг диққатини тортишга уринади. Боласининг феъл-атворини яхши биладиган ота-она доимо фарзандига эътиборли бўлиши, яхшиси, уни турли машғулотлар билан банд қилиб қўйиши лозим. Агар шунда ҳам муаммо ечилмаса, ўзини тўғри тутишни ўргангунга қадар бола билан меҳмонга боришни ортга суриш, лозим топилса, болалар руҳшуносига мурожаат қилиш керак.
Унутмаслик лозим, “бола-ку!” дея бефарқ ташлаб қўйилган ва бошқаларни ҳурмат қилишга ўргатилмаган болалар вояга етганларида жамиятнинг ўзларига мослашишини кутадилар. Турли вазиятларда ўзини қандай тутиш кераклигини болага ўргатиш ҳам ота-оналарнинг энг муҳим вазифаси. Меҳмонга борилганда, уй эгасига иложи борича заҳмат ва азият бермаслик учун ҳар бир ишни ота-онадан ва уй эгасидан сўраб қилиш кераклигини болага яхшилаб тушунтириш керак. Бунда зиёрат одобларини ўргатадиган китоблар ва ҳикоялардан фойдаланиш яхши натижа беради.
Боланинг бирдан одобли бўлиб қолишини кутиш нотўғри, албатта. Тарбия жараёни изчил олиб борилиши керак, болага ҳар қадамда кўмаклашиш, доимо назоратда ушлаш, ўрни келганда тартибга чақириш лозим. Шундагина ҳаракатларимиз самара бериб, ўзимиз ҳам хижолат чекишдан йироқ бўламиз.
Мадина МУРОДОВА тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Ҳиммат шундай бир олижаноб фазилатдурки, инсониятнинг кони, яхши хулқларнинг посбони демак жоиздур. Ўз жинси (миллати)нинг авлодидан ҳар вақт ёрдамини аямас. Хайру саховатлик ишлардан ўзини тортмас. Пул ва молини бу йўлда сарф этмакдан қизғанмас. Олиҳиммат киши сояси латиф, меваси лазиз дарахт кабидурки, бу сояга яқин бўлган кишилар ҳар вақт фойдаланурлар.
Абдулла Авлоний
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Азонни эшитган киши азон калималарини такрорлаб туриши лозим деб эшитдим. Шу тўғрими?
Жавоб: Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Азонни эшитганингизда муаззин айтаётган сўзларни такрорлаб туринглар!”
“Раддул муҳтор алад Дуррул мухтор” китобида бундай дейилади: “Азонни эшитган киши, жунуб бўлса ҳам унинг калималарини такрорлаб туриши вожиб бўлади. Муаззин “Ҳайя алас солаҳ” ва “Ҳайя алал фалаҳ” деган пайтда “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ”, “Ма шааллоҳу кана ва ма лам яшаъ лам якун” дейилади. “Ассолату хойрум минан навм” дейилганида, “Содақта ва барорта”, деб айтилади. Ҳайз ва нифосдаги аёллар, қазои ҳожатдагилар азон калималарини такрорламайди”.
Азон айтилаётганида масжид ичида бўлса, азон калималарини такрорлаб туриш лозим эмас.
Имом Ҳалвоний (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Азонни эшитган киши унинг калималарини такрорлаб туриш мустаҳабдир. Азонга қадам билан жавоб қилиш, яъни масжид сари юриш вожибдир”.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,
Не дардки ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур,
Қуръонни тиловат этсун, гар огоҳ эрур,
Эл дардига чун даъво Каломуллоҳ эрур.
Алишер Навоий
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
АЛОУДДИН САМАРҚАНДИЙ
#Мовароуннаҳр_уламолари
Ўрта Осиёда ҳанафийларнинг буюк имомларидан бири Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий (вафоти мил. 1145 йил) фиқҳ илмини Абу Муин Маймун Макҳулий ва садрулислом Абулюср Паздавийдан ўрганиб, даврининг буюк алломаси сифатида тан олинган ва ҳанафий ҳуқуқшунослиги тараққиётига катта ҳисса қўшган. У ёзган «Туҳфатул фуқаҳо» (Фақиҳлар туҳфаси) номли китоб ҳанафий фиқҳи бўйича катта эътиборга эга бўлиб, унга кўплаб шарҳлар ёзилган. У қизи Фотимани ёшлигидан тарбиялаб, истеъдодли фақиҳ ва олим даражасига етказган эди. Манбаларда ёзилишича, Фотима фатво бериш ваколатига эга бўлиб, ушбу соҳада отаси билан ҳамкорлик қилган. Алоуддин Самарқандийнинг шогирди, қорахонийлар даврининг буюк фақиҳи имом Абу Бакр ибн Масъуд Косоний устозининг «Туҳфатул фуқаҳо» китобига «Бадоиъус саноиъ фи тартибиш шароиъ» номли уч жилдлик шарҳ ёзиб, устозига тақдим этади. Ҳожи Халифа ривоятига кўра, унинг шарҳи устозга манзур бўлиб, қизи Фотимани унга никоҳлаб беради.
Алоуддин Самарқандий фиқҳ илмидан ташқари калом илми бўйича ҳам ҳанафий мазҳабининг йирик вакилларидан бири сифатида Имом Абу Мансур Мотуридийнинг издоши ва таълимотининг тарғиботчиси бўлган. Ҳожи Халифа ёзишича, у Имом Мотуридийнинг «Таъвилот» китобига саккиз жилдли шарҳ битган.
Шайх Абдулазиз МАНСУР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Мастликни аниқловчи мослама
#Ислом_ва_олам
Россиялик олимлар қондаги алкоголь миқдорини ўлчовчи янги арзон мослама ихтиро қилди. Узунлиги 1 сантиметр электрон платадан иборат мосламанинг ишлаш тартиби жуда оддий. Датчик электродли трансфер қоғоз ёрдамида терига ёпиштирилади. Мосламанинг электродлари кучсиз ток ишлаб чиқади, натижада терига ёпишган қоғозда гел қатлами юзага келиб, терига пилокарпин препарати тушади. Датчик чиққан тердаги этанол миқдорини аниқлайди.
Ихтиро муаллифлари муомаладаги нафасни текширувчи анъанавий алкотестер воситаси баъзан хато кўрсатиши мумкинлиги, янги мослама эса ундан анча афзал ва жуда арзон эканини таъкидламоқда.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ДОИМИЙ МАСЪУЛИЯТ
#Таянч_нуқта
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди...» (Исро, 23). Демак, ота-онага яхшилик бандалар ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас, балки Аллоҳ таолонинг буйруғидир. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ёки қариб, кўп ишга ярамай қолганида бажариладиган амал ҳам эмас. Балки ҳар бир фарзанд доимо ҳушёрлик ва фидойилик билан адо этиши зарур бўлган масъулиятдир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзига ибодат ва ота-онага яхшилик қилишни бир калимада жам этиб буюрди.
Қуръони карим ва суннатга асосланиб, фарзанд ота-онага қилиши лозим бўлган яхшиликларни қуйидагича баён этамиз:
– ота-онасига берган неъматлари учун Аллоҳ таолога шукр қилиш;
– ўзига кўрсатган яхшиликлари учун ота-онасига ташаккур билдириш;
– ота-онани жеркимаслик ва уларга “уфф” демаслик;
– тавозе кўрсатиб, очиқ чеҳра ва табассум билан меҳрибонлик қилиш;
– олдиларига изн сўраб кириш ҳамда рухсат олгандан сўнг чиқиш;
– келганларида ўрнидан туриб кутиб олиш, юзларига тик қарамаслик;
– исмлари билан чақирмаслик, улардан олдин юрмаслик ва олдин ўтирмаслик;
– олдиларига кирганда ва чиққанда салом бериш;
– динлари ва дунёларига манфаат берадиган гапларни айтиш;
– барча вожиб ва мандуб амрларига итоат қилиш;
– олдиларига кирганда фақат уларнинг изни билангина ўтириш;
– бирга ўтирганда рухсатларисиз чиқиб кетмаслик;
– ота-онадан содир бўлган хато, камчиликни айб санамаслик;
– уларнинг муҳаббатини қозонган кишиларни ҳурматлаш;
– нафақаларини яхшилаш, ҳадялар бериб туриш, уларни сўрашга мажбур этмай, ҳеч бир миннатсиз иззат-ҳурмат кўрсатиш ва ҳоказо.
Абдумутал ОТАБОЕВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
БАСМАЛА
#Динимизни_ўрганамиз
“Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим”ни айтиш ё ёзиш “Басмала” дейилади.
Аллоҳ таоло Ҳабиби – Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га барча ишларни Ўзининг Раҳмон ва Раҳим исмларини ёд этиш билан бошлашни таълим берди, “Басмала”ни у зотнинг умматларига суннат қилди.
“Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” дейиш “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман” дейишдир.
Фақиҳлар “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” Қуръони карим Намл сурасининг 30-оятидан эканига иттифоқ қилишган. «Албатта, у Сулаймондандир ва у (мактубда): “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Сизлар Менга катталик қилмай ҳузуримга итоатли ҳолингизда келингиз!” (деб ёзилган)» (Намл, 30–31).
Намозда “Бисмиллоҳ”ни ҳар ракатда Фотиҳа сурасидан олдин махфий ўқиш имом ва ёлғиз ўқувчи кишига суннатдир.
Шунингдек, таҳорат ва таяммумни бошлашда, овқатланиш олдидан “Бисмиллоҳ”ни айтиш суннатдир.
Ҳайвон сўйишдан олдин, ҳайвонни овлаш учун ўқ отишдан олдин ва ов итини қўйиб юборишдан олдин “Бисмиллоҳ Аллоҳу акбар”, дейиш вожибдир.
Бундан ташқари, ҳар бир эътиборга молик иш “Бисмиллоҳ” билан бошланиши керак. Уловга миниш, уйга, масжидга кириш ва чиқиш, чироқни ёқиш, ўчириш, қўшилиш ва ухлаш олдидан, идишлар устини ёпишда, қўлни оғриган жойга қўйганда “Бисмиллоҳ” айтиш машруъдир.
Ҳайзли ва нифосдаги аёллар ҳамда жунуб бўлган кишилар “Бисмиллоҳ”ни тиловат ниятида ўқишлари жоиз эмас.
Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ЭЪТИҚОД ВА АХЛОҚ ЖАВОҲИРИ
#Мунаввар_олам
Сўфи Оллоёр нақшбандия тариқатининг йирик намояндаларидан, туркий адабиётнинг машҳур вакилларидандир. Мутасаввиф шоир, адиб, аллома сифатида Туркистон халқлари ўртасида юксак ҳурмат-эътибор қозонган сиймодир.
Сўфи Оллоёр тахминан 1634 йилда Самарқанддаги Каттақўрғон мавзеида дунёга келди. У олти ёшида Қуръони каримни ёд олди. 12 ёшида Бухоронинг Жўйбор мадрасасида ўқишни давом эттирди. Юксак иқтидорлилиги туфайли мадрасани имтиёзли тугатиб, Бухоро хонининг эътиборига тушди. 25 ёшида хонликнинг божхона-солиқ тўралиги лавозимига тайинланди. Кейин Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғига бориб, ўша ерда макон топди. Тасаввуф йўлини танлаб, тоат-ибодат билан машғул бўлди.
Ўша даврнинг улуғ олими, шайх Ҳабибуллоҳ ҳузурида 12 йил таҳсил олиб, тариқат сирларини ўрганди ва шайхлик (сўфийлик) даражасига етди. Халққа ўз таълимотларини тушунтириш мақсадида бир қанча шаҳар ва қишлоқларга сафар қилди, у ерларда бир неча йиллар яшаб толиби илмларга таълим берди.
Сўфи Оллоёр “Маҳзанул мутеъийн”, “Маслакул муттақин” ва “Муродул орифин”, “Саботул ожизин” асарларини ёзиб, ўзидан улуғ мерос қолдирди.
“Сабот ул-ожизин” китоби Ислом эътиқодини назмий услубда баён этган мўътабар асар ҳисобланади. “Сўфи Оллоёр” номи билан ҳам машҳур ушбу асар йигирманчи асрнинг бошларигача Ўрта Осиё мадрасаларида ўқитилган.
“Сабот ул-ожизин” Ислом маърифати хазинасини бойитган дуру жавоҳир, маънавиятимиз юксалишига қўшилган улкан ҳисса десак, муболаға бўлмайди. Асарда, инсон комилликка эришиши учун аввало эътиқодли бўлиши, Аллоҳ таолони таниши, шариат ман этган ишлардан ўзини тийиши, имонли ва маърифатли бўлмоғи таъкидланган. Асарда нафсни поклаш, тамагирликдан йироқ бўлиш, ёмонлик, такаббурлик, ёлғончилик, шуҳратпарастлик, мансабпарастлик, ҳасадгўйлик, хиёнат каби ёмон иллатлар қораланган.
Сўфи Оллоёр жамиятнинг ҳар бир аъзосини диёнатли, виждонли, инсофли, адолатли, имонли бўлишга чорлайди. Ўз асарларида инсон феълидаги салбий жиҳатларни изтироб билан тасвирласа, ижобий томонларини завқ-шавқ билан баён қилади. Сахийлик, очиқ чеҳралик билан бир қаторда ширин сўзли бўлиш инсон зийнати эканини таъкидлайди.
“Саботул ожизин” асари Тошкентда 1882, 1884, 1905, 1915 йилларда, Когонда 1910 йилда, Қўқонда 1890 йилда, юртимиз мустақилликка эришгач, Тошкентда 1991, 2007 йиллар қайта-қайта нашр қилинди. Шунингдек, мазкур асар Ўрта Осиё, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Татаристон, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Хитой, Венгрия, Россия ва бошқа мамлакатларда ҳам кўп марта нашр этилган.
Хайрулло МАРДОНОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Ҳозирги тўкин, ишлаш, ҳалол меҳнат қилиш учун барча шароитлар муҳайё замонда киши бу даражада муҳтожликка тушиб қолиши мумкин эмас. Меҳнатга лаёқатсиз, боқувчисини йўқотган кексалар, ногиронларни эса давлат ҳимоясига олган. Қолаверса, халқимиз ён-атрофидаги ёрдамга муҳтож одамга лоқайд қараб турмайди. Ҳақиқий эҳтиёжмандларни йўқлаш, қўллаб-қувватлаш қадимий анъаналаримиздан бири.
Демак, кўча-кўйда жулдур кийим ва бечораҳол кўринишда йўлимизни тўсиб тиланаётганлар жамиятнинг кўркига доғ солаётган қаноатсиз кимсалардир. Уларнинг оч кўзлари тўймайди, нафси қонмайди. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек: “Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади”.
Анвар ТОЖИЕВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик ва иффатини сақлаш учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, юзи тўлин ой кечасидаги ой каби (порлаган ҳолда) бўлиб, Аллоҳга йўлиқади” (Имом Сарахсийнинг “Ал-Мабсут” китобидан).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Китоб
#Шеърият
Яхши инсонларга доим ёру улфатсан, китоб,
Хазинаи илму одоб ҳам кони ҳикматсан, китоб.
Сенда илм, сенда ибрат, сендадур сир, ҳам кашфиёт,
Аждодлардан бизга қолган панду насиҳатсан, китоб.
“Муаллими соний” дея ҳурмат қилур шогирдларинг,
Улуғларнинг қалбидаги яхши фазилатсан, китоб.
Барча шоир, барча олимлар олганлар сендан сабоқ,
Дарс бериш келмас малол, устози беминнатсан, китоб.
Қанча ёзган бирла Шокир мақтовинг бўлмас мухтасар,
Мақтови оламга сиғмас сирру ҳикматсан, китоб.
Шокиржон ДЎСТМАТОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Ҳазрат Алидан (каррамаллоҳу важҳаҳу) тақво тўғрисида сўраганларида:
“Тақводорлик – Улуғ Зотдан қўрқиш, Қуръонга амал қилиш, озга рози бўлиш, боқий дунёга кетиш кунига тайёрланиш”, деб жавоб берган эканлар.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
“Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер устида қимир этган жониворни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр. Ўша ажаллари келганда эса. Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи Зотдир” (Фотир, 45).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Ҳазрат Билолга одамлар уни ҳазрат Абу Бакрдан устун қўяётганларининг хабари келди. Шунда у: “Қандай қилиб мени Абу Бакрдан устун қўясиз. Ахир мен унинг яхшиликларидан бир яхшиликман, холос”, деди.
Анас айтади: «Набий : “Жаннат уч кишига муштоқ. Улар: Али, Аммор ҳамда Билол”, дедилар» (Имом Термизий).
Ҳадис ривоят қилиши: Ҳазрат Билол Расулуллоҳдан ҳадис ривоят қилган. У кишидан: Абу Бакр, Умар, Усома ибн Зайд, Каъб ибн Ужра, Абу Зиёд, Ибн Умар, Баро ибн Озиб, Сунабиҳий, Абу Усмон Наҳдий, Абу Идрис Ҳавлоний, Абу Абдураҳмон ибн Абу Лайло, Ториқ ибн Шиҳоб ва бошқалар ривоят қилишди.
Ҳазрат Билол Мадинага кўчди. У ерда ҳамма вақт – кеча-кундуз, намозда ҳам, ғазотда ҳам Пайғамбаримизнинг ёнларида бўлди, сояларидан ҳам яқинроқ кишига айланди.
Расулуллоҳ Мадинада илк масжидни қурдирганларидан сўнг, азон жорий этилди. Илк муаззин эса ҳазрат Билол бўлди. Бадр ва бошқа катта-кичик юришларда қатнашди. Расулуллоҳга умрларининг охиригача муаззинлик қилди. Набий унинг овозини яхши кўрдилар.
Шомда: Расулуллоҳ дафн этилганларидан сўнг, намоз вақти киргач, ҳазрат Билол азон чақирди ва “Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ”, деганида кўзларидан ёш оқди, овози томоғига тиқилди. Бу ҳолни кўрган мусулмонлар ҳам ўзларини йиғидан тўхтата олишмади. Ҳазрат Билол уч кун азон айтди ва ҳар гал: “Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ”, деганида йиғлайверди, бошқаларни ҳам йиғлатди. Шундан сўнг Абу Бакрга мурожаат қилиб, Шомга кетиш учун изн сўради. Мадинада Расулуллоҳсиз яшолмаган ҳазрат Билол Дамашққа йўл олди. Азон айтмай қўйди.
Орадан бир муддат ўтгач, ҳазрат Умар Шомга келиб, ҳазрат Билол билан учрашди. Шу муносабат билан ҳазрат Билол яна азон айтди. Қалбни жунбишга келтирадиган нолали овоздан ҳазрат Умар ва саҳобалар йиғлаб юборишди. Азон асносида Мадинаи Мунавварада Расулуллоҳ билан бирга кечган осуда ҳаётга қайтгандай бўлишди.
Вафоти: Билол Шомга кетгач, Мадинага қайтмади. Бир куни Расулуллоҳ тушига кириб: “Эй Билол, мени соғинмадингми? Мени кўргани келмайсанми?” дедилар. Ҳазрат Билол тун бўйи йиғлади ва тонг-саҳар йўлга чиқди. Мадинада Пайғамбаримизнинг қабрларини зиёрат қилгач яна Шомга қайтди ва умрининг охиригача ўша ерда яшади.
Ҳазрат Билол ҳижратнинг йигирманчи йили Шомда ўзи истаганидек Аллоҳ йўлида посбонлик қилиб, вафот этди. Дамашқда дафн қилинди. Қабри ўша ерда.
Шаҳло БИЛОЛИДДИН қизи тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ