Ҳақиқий депутат ақлли бўлиши шарт эмас, сайланган бўлиши шарт
Бугун Ўзбекистон парламенти янгиланадиган кун. Шу сабаб каналда аввалроқ парламент ҳақида ёзилган қайдларни йиғиб, бир постда улашиб қўйгим келди.
Парламент вакиллик органи ҳисобланади. Унинг вакиллилик функцияси эса ӯз навбатида у сайловчиларнинг вакили эканини англатади. Депутатлар ва сенаторлар энг ақлли, энг виждонли, энг ватанпарвар одамлар бӯлиши шарт эмас, бунга эҳтиёж йӯқ. Қонун доирасида сайловчини ӯзига ишонтира олган исталган одам мандатга эга бӯлиши керак. Парламентда ёш ёки қари, олий маълумоти бор ёки йӯқ, консерваторми ёки либерал бӯлиши мамлакат учун шармандали ҳолат эмас. Мамлакат учун шармандали ҳолат парламентда ҳеч кимнинг вакили бӯлмаган одамлар ӯтиришидир.
Парламентарийларнинг компетентлигини муҳокама қилувчи одамлар қонунларнинг ижтимоий-сиёсий табиатини тушунмайди. Қонунлар формал равишда ҳужжат бӯлса, моҳиятан умумжамият келишувини англатувчи бир битим саналади.
Мамлакатдаги 10 ёки 100 нафар энг яхши юристни йиғиб, улардан ёпиқ хонада энг яхши қонунларни ёзиб беришини сӯраш ҳеч қандай яхши оқибат олиб келмайди. Умумжамият келишувини фақат унинг вакиллари расмийлаштириши керак.
...
Жуда кам ҳолатда парламентга эътирозлар у ниманидир қабул қилгани эмас, ниманидир қабул қилмагани ортидан келиб тушади. Одатда парламент қайсидир ҳужжатни қабул қилгани учун танқидга учрайди. Чунки қонун ижодкорлигининг биринчи қоидаси шуки, тартибга солиш зарурияти бӯлмаган нарсани тартибга солмаслик керак. Нимани тартибга солишга зарурат бор, нимани тартибга солишга зарурат йӯқлигини эса фақат сайловчилар орқали аниқлаш мумкин, янги қонунга ёки эскисини ӯзгартиришга талаб айнан сайловчидан келиб тушиши керак, «бошлиқлардан» эмас.
Парламент муваффақиятига KPI қабул қилинган қонунлар эмас, сайловчининг овози қанчалик ҳукуматга таъсир ӯтказаётгани ҳисобланади. Жамоатчилик муҳокамалари улар қандай натижа беришидан ёки умуман натижа бермаслигидан қатъий муҳим қадрият ҳисобланади.
Депутатлар мажлис залида бир-бири билан муштлашиб кетиши муаммо эмас, сайловчиларнинг овози бир четда қолиб кетиб, ҳукумат уларни эшитмай қӯйиши, айни вақтда эса парламентда ӯтирганлар хор бӯлиб бир гапни маъқуллаши эса муаммо. Катта муаммо.
...
Парламентаризмнинг қон томири бюджет ҳисобланади. Тарихдаги исталган демократик тузумлар парламенти, қонун чиқарувчи органи, маҳаллий кенгашининг мавжудлиги моҳияти айнан шунда: бюджет ва солиқларда - умумий маблағни умумий эҳтиёжлар учун коллектив шаклда тақсимлашда.
Қонун яратиш фаолиятининг исталган бошқа кўриниши иккинчи даражали. Ҳар сафар айнан иқтисодий инқироз ёки танглик шароитида ҳукумат парламент эшигига ёрдам сўраб келади ва уни эшитишни, айтганини бажаришни, гапига қулоқ солишни бошлайди. Ижро этувчи ҳокимиятни тийиб туриб, унга таъсир қилишнинг бундан яхшироқ йўли йўқ.
Солиқ ва бюджет сиёсатида парламент овози бўлмаган, ижро этувчи ҳокимият мажбурий тўловларни жорий қилиш ва уни истаганича сарфлаш имкониятига эга бўлган жойда парламентнинг бошқа исталган қилаётган ишлари бир пул.
Парламентарийлар сайланган бўлса бўлди, бошқа нарсанинг кераги йўқ.
Эминем Ҳаррисни қўллаб-қувватлагани майли, Обаманинг рэп айтишини кўриш жуда қизиқ😃
https://youtu.be/cfCAuAjrrM8
Ҳозирги Ўзбекистонда яшаётган одам учун бу гапларни тушуниш қийин
Ҳаёт яқиндан қараганда трагедия, узоқроқдан қараганда эса комедия дейишади-ку. Uzbekonomics подкастнинг навбатдаги сонини кўриб, яқин тарихдаги шу қадар абсурд нарсалар ҳақида ўйлаб, баъзи нуқталарда кулиб ўтирдим.
Ҳозир ёмон тушдек туюладиган бунақа нарсалар ҳеч қачон ортга қайтмайди деб умид қиламан. Қуйида подкастдан баъзи иқтибосларни келтираман.
«Ўшанда турли корхоналар конвертацияни очсангиз биз ўламиз дейишарди».
«Ҳозир қандайдир қўрқинчли туш каби туюлади».
«Бутун давлат корхоналари нима оламан деса ҳам бемалол кўчада 8 минг сўмлик долларни 4 минг сўмдан оларди».
«Олган дарсимиз шунда бўлдики, агар бундан манфаатдор гуруҳлар шу нарсанинг устида туришса, ниҳоятда ёмон қарор ҳам ўнлаб йил мамлакатни камбағаллаштирувчи бўлиб туриши мумкин. Ва кўпинча бу нарсадан чиқиб кетиш учун жуда катта сиёсий ирода талаб қилинади».
«Ҳозирги Ўзбекистонда яшаётган одам учун бу гапларни тушуниш қийин».
«Конвертацияни чеклаш назарий жиҳатдан хато эди. Биз назарияга ишонмаймиз, бизнинг йўлимиз ўзгача, биз бошқачамиз, бизга бу тааллуқли эмас деб туриб, велосипедни бошқатдан ўйлаб топмоқчи бўлдик ва ўша ботқоққа тушдик. Ҳозир ҳам биздаги кўп ислоҳот қилиниши керак бўлган жойларда одамлар «сизлар китобий билим бераяпсизлар, назарияда бу ишлаши мумкин, лекин бизнинг амалиёт биздан олдинги ва биздан кейинги бошқа ҳеч қайси жамиятга тааллуқли эмас, шунинг учун бу ишламайди» дейишади. Биз кўп нарсани амалиётда ишлайдими деган савол қўямиз, аслида назарияда ишлайдими деган савол қўйишимиз керак».
«Конвертациянинг очилиши қандайдир маънода сўз эркинлиги очилишининг оқибати бўлди. Чунки жамиятда конвертация қийшиқ тизим экани ҳақида консенсус фикр бор эди. Ва шу ҳақида одамлар ижтимоий тармоқларда ёза бошлашди, кейин эса мутасаддилар бу билан жиддий шуғулланишди. Буни амалга оширган мутасаддилар билан гаплашсангиз, «йўқ, биз бу ҳақда ҳар доим ўйлаганмиз», дейишади. Лекин агар бунақа бўлганида улар конвертацияни очиш учун 2017 йилни кутишмас эди».
https://youtu.be/HRaNXLc4SbU
Дунё учун юмшоқ куч сигнали
Дунёга қилинаётган ядровий таҳдидлар ва шантаж фонида тинчлик бўйича Нобель мукофоти Япониянинг Хиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбаларидан жабрланганларни бирлаштирган Нихон Ҳиданкё ташкилотига топширилди. Мукофот бу ташкилотга «ядро қуролларидан бошқа ҳеч қачон фойдаланмаслик зарурлигини кўрсатгани учун» берилган.
https://www.gazeta.uz/uz/2024/10/11/nobel-peace/
Яна ўша эски гап
Кўп соҳаларда бўлгани каби маданият ва санъатда ҳам унинг ривожига энг катта тўсиқ — уни бошқармоқчи бўладиган вазирлик, идора ёки бюрократлар жамоаси борлиги. Шунингдек, уларнинг қўлига турли ваколатлар берилгани.
Тасаввур қилинг, бир қанча жиддий кўринишдаги одамлар ўтириб олиб, томошабинга нима жоиз, нима ножоиз, нима салбий, нима ижобий таъсир қилишини биламиз деб ўйламоқда.
https://www.gazeta.uz/uz/2024/10/04/mass-events/
Кўпинча таклиф қилинадиган янги иқтисодий сиёсат XIX асрдаёқ номақбул деб топилган эски ғояларни қайта тирилтиришга уриниш бўлиб чиқади
Учинчи жаҳон уруши хавфини ҳисобга олмаганда, яқин келажакда АҚШнинг иқтисодий эркинлиги учун энг катта хавф тўлов баланси муаммосини энг жиддий оқибатларга олиб келадиган давлатнинг иқтисодиёт устидан назорат механизмлари орқали «ҳал қилишга» уринишдир, десак муболаға бўлмайди.
Кўпчилик ҳукуматнинг халқаро савдони назорат қилиши, давлатнинг мамлакат ичидаги иқтисодий ҳаётга аралашувидан фарқли ўлароқ, ҳеч қандай зарар келтирмайди, деб ўйлайди, шунинг учун у кўпинча «Америка турмуш тарзи»нинг бир қисми сифатида қаралади.
Аммо, аслида, бу миллий иқтисодиётни сезиларли даражада ўзгартириши ва ҳатто эркин тадбиркорлик асосларини бузиб юбориши мумкин. Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, бозор иқтисодиётини авторитар иқтисодиётга айлантириш кўпинча валюта бозори устидан давлат назоратини жорий этишдан бошланади.
Бунинг ортидан импортга чекловлар жорий этилиши, импорт қилинадиган маҳсулотлардан фойдаланаётган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар устидан назорат ва бошқа қатор чекловлар ҳамда назорат механизмлари келиши муқаррар.
Ҳатто сенатор Барри Голдуотер каби эркин тадбиркорликнинг ашаддий тарафдори ҳам «олтин оқимлари» деб аталадиган муаммони муҳокама қилиш давомида валюта бозоридаги операцияларни чеклаш «тикланиш чораси» сифатида зарур бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Аслида, иқтисодиёт учун бундай «тикланиш» касалликнинг ўзидан кўра хавфлироқ бўлади.
Кўпинча таклиф қилинадиган янги иқтисодий сиёсат XIX асрдаёқ номақбул деб топилган эски ғояларни қайта тирилтиришга уриниш бўлиб чиқади. Бироқ, валюта операциялари устидан тўлиқ давлат назорати ва валютанинг «конвертация қилинмайдиганга айлантирилиши» ХХ аср авторитар режимларининг меросидир.
Милтон Фридман. 1962 йил.
Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган футзал бўйича жаҳон чемпионатида Украиналик мухлислар ўз жамоаларини қўллаб-қувватламоқда.
Суратлар муаллифи: «Газета.uz» мухбири Мурод Юсуф
Кўпроқ суратлар ва тафсилотлар: https://www.gazeta.uz/uz/2024/09/30/brazil-ukraine/
Фридманнинг Кеннедига жавоби
1/2
«Ватан менга нима берди деб эмас, мен ватанга нима бердим деб яшаш керак». Қачондир сиз ҳам бу гапни эшитганмисиз?
Бу жумлани 1961 йилда 20 январда АҚШнинг 35-президенти сифатида лавозимга киришаётган Жон Кеннеди айтган. Албатта, Кеннеди ватан деган сўзни ишлатмаган. Кеннеди нутқида мамлакат дейилади. Лекин баъзи мамлакатлар пропагандаси бу жумлада тушунчаларни чалкаштириш учун ватан сўзини мамлакат сўзи билан алмаштириб ишлатади. Майли, гап ҳозир бу ҳақда эмас.
XX асрнинг энг муҳим иқтисодчиларидан бири бўлган Милтон Фридман ўзининг «Капитализм ва эркинлик» китобини шу жумланинг муҳокамаси билан бошлайди. Қуйида Фридманнинг ўша мулоҳазаларини келтираман.
Президент Кеннеди ўзининг инаугурацияcидаги нутқида тез орада машҳур бўлиб кетган иборани айтди: «Мамлакат сиз учун нима қилди, деб сўраманг. Аксинча, мен ўз мамлакатим учун нима қила оламан, деб сўранг».
Афсуски, бу ибора айтилганда унинг маъноси эркин жамиятдаги фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатлар тамойилларига зид эканига эмас, балки муаллифига кўпроқ эътибор қаратилганди.
«Мамлакат сиз учун нима қилди, деб сўраманг» деган патерналистик баёнот давлат ғамҳўрлик қилувчи экани, фуқаро эса ўз тақдирини ўзи белгилайдиган эркин шахс эмас, балки унинг қарамоғидаги бола каби эканини англатади.
Иқтибоснинг иккинчи қисмидаги «мен мамлакатим учун нима қила оламан, деб ўзингиздан сўранг» деган жумлада эса фуқаро ўз давлатининг хизматкори бўлиши кераклиги айтилади.
Аммо эркин инсон учун давлат фақат алоҳида олинган шахслар жамоаси бўлиб, ҳукмронлик қилувчилар ёки итоат қилувчилардан иборат ҳисобланмайди.
Эркин инсон умумий мерос билан фахрланади ва умумий анъаналарга содиқ бўлади. У давлатни ўз хизматкорларига имтиёз ва неъматлар тақсимловчи хўжайин ёки муҳокамасиз сиғиниш ва итоат қилиш керак бўлган Худо сифатида эмас, балки фақат восита сифатида кўради.
Эркин шахс давлатнинг алоҳида фуқароларнинг келишуви натижасида аниқланган мақсад ва вазифаларинигина тан олади. Эркин одам ўзига давлат унга нима қилиб бера олиши ёки ўзи давлат учун нима қила олиши ҳақида савол бермайди.
Унинг учун қуйидаги саволнинг жавоби муҳим: «Мен ва менинг ватандошларим давлатдан фойдаланиб, шахсий мажбуриятларни бажариш, умумий муаммоларни ҳал қилиш ва биринчи навбатда, эркинлигимизни ҳимоя қилиш учун нима қила оламиз?»
Бу саволдан иккинчи савол келиб чиқади: «Қандай қилиб давлат ўзи ҳимоя қилиши зарур бўлган эркинликни йўқ қиладиган Франкенштейнга айланишининг олдини олиш мумкин?»
Озодлик жуда нозик ва ноёб ўсимликдир. Тарихдан маълумки, эркинликка энг катта таҳдид куч бир қўлда тўпланганида юзага келади.
Давлат эркинлигимизни асраш учун зарурдир, бу биз эркинлигимиздан фойдалана олишимизни таъминлайдиган воситадир. Аммо агар ҳокимият ҳукумат қўлида тўпланадиган бўлса, унда давлат эркинлик учун таҳдидга айланади.
Ҳокимиятдагилар дастлаб яхши ниятли инсонлар бўлиб, юқори лавозимларда бузилиб кетмаган тақдирида ҳам, кучли ҳокимият бу одамларда ўз асоратини қолдириши ва уларни бутунлай бошқа эътиқодга таянишга мажбур қилиши муқаррар.
Жамият манфаати учун ишлаётган давлат ҳеч қачон унинг эркинлиги учун таҳдидга айланмаслигини кафолатласа бўладими?
Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган икки тамойил эркинлигимиз бугунги кунга қадар сақланиб туришини таъминлаб келди. Гарчи амалда ушбу тамойилларга содиқлик доим таъкидлаб келинганига қарамай, уларни доим бузиб туришади.
Биринчидан, ҳукуматнинг ваколатлари чекланган бўлиши керак. Унинг асосий вазифаси озодлигимизни ташқи душманлардан ҳам, унга тажовуз қилаётган ўз фуқароларимиздан ҳам ҳимоя қилиш: қонун ва тартибни сақлаш, хусусий шахслар ўртасидаги шартномаларнинг бажарилишини назорат қилиш ва адолатли рақобат учун шароит яратишдир.
Ушбу асосий функцияларга қўшимча равишда, баъзида давлат мураккаблиги ёки харажатлари юқорилиги туфайли биз ўзимиз ҳал қила олмайдиган муаммоларни ҳал қилиши мумкин. Бироқ, асосий хавф ҳам айнан шу ерда.
Халқ пулига қурилган йўллар унга муқобил йўналиш бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар пулли йўлга айлантирилмаслиги керак.
Читать полностью…Осонроқ ва тезроқ ишлаш учун яна бир восита
Вақт ўтиши билан инсоният ҳаёти технологик ва бошқа соҳадаги илмлар ҳисобига осонлашиб боряпти. Кечаги бир нечта қийин амални, бир неча соатлик меҳнат билан қилинган ишларни бугун бир неча сонияда бажариш имконияти бизда бор.
Масалан, матн билан ишлашда, матнни таржима қилишда ҳозирги даврни олдингиси билан солиштириш қийин. Айниқса, медиа оламидагилар баъзида катта ҳажмдаги матнни бошқа тилга ўгириши, ўгирганда ҳам бу ишни тезкорлик билан қилиши талаб этилади.
Яқинда шу муаммони енгиллаштирувчи яна бир янги лойиҳа пайдо бўлди. Tilmoch деб аталадиган ёрдамчи бир вақтнинг ўзида таржима қилиш, шунингдек, матнни бир неча бор сайқаллаш имконини ҳам беради.
Уни қўллаш орқали сиз таҳрир ва таржима вақтини каррасига қисқартиришингиз мумкин.
Унинг бошқа сунъий интеллект таржимонларидан фарқи — айнан ўзбек тили учун яратилгани ва базасида энг нодир таржималарни асос қилиб олгани туфайли нафақат оддий матн, балки мақол, иборани туб маъносида, шеърни қофиясини йўқотмаган ҳолда ўгириб бера олиши экани айтилмоқда.
Фойдаланувчи берилган вариантлар орасидан ўзига маъқул сўз ва услубни танлаб олаверади. Ишлатиб кўришни тавсия қиламан:
Лойиҳа манзили: tahrirchi.uz/translator
Telegram канали: t.me/tahrirchi_uz
P.S. Бу реклама эмас, тавсия.
Айтганча, вазият ўзгаришига қараб ҳар бир жамиятнинг ўз Соловьёв, Киселёв ва Симоньянлари топилади.
Читать полностью…❗️Портлаш, заҳарли газ ва бадбўй ис: Бойсун қандай яшаяпти?
“Мустақилликнинг 25 йиллиги” конидаги биринчи авариядан иккинчи аварияга қадар Бойсун аҳолиси қандай яшади? “Газета.uz” жамоаси 14-15 сентябрь кунлари туманда бўлиб, у ердан репортаж тайёрлади.
Видео: https://youtu.be/ZH-za1ihmHc?si=YFd-8e9mc-_UaGfO
Telegram | Instagram | GazetaOzb">YouTube
Олимларни Ўзбекистонга жалб қилиш, яхши университетлар қуриш, яхши факультетлар яратишдан маъно йўқ, токи муҳим маълумотлар барча учун очиқланмас экан.
Висконсин университетининг социология бўйича профессори Феликс Элверт билан қисқа суҳбатда менга энг кўп ёққан қисм маълумотлар очиқлиги бўйича фикрлар бўлди.
Элверт айтяпти: «— Ҳа, маълумотлар муҳим. Фактлар маълумотларни англатади. Фактлар сиёсатни режалаштириш учун зарур, чунки фактларни билмай туриб, оқилона сиёсат юритиш жуда қийин. Муҳим нарсалардан яна бири шуки, маълумотлар нафақат ҳукумат, балки фуқаролик жамияти учун ҳам очиқ бўлиши лозим. Ҳукумат қанчалик даҳо бўлишидан қатъи назар, фактларни аниқлаш ва уларни тегишли контекстга қўйишда тадқиқот ҳамжамияти билан алмашишдан фойда олади».
...
«Мен каби одамни нима ўзига жалб қилади? Ҳа, одамга муносиб маош тўлаш керак. Бу одамлар ўйлайдиган биринчи нарса. Аммо ҳақиқатан ҳам тадқиқот қилиш учун маълумотлар керак. Биз каби тадқиқотчилар Ўзбекистонга келиб, бу ерда охир-оқибат Буюк Британия ёки Франция ҳақида тадқиқот олиб боришга мажбур бўладиган ҳолатга тушишни истамаймиз. Улар Ўзбекистон бўйича тадқиқот олиб боришга қодир бўлиши керак».
Тўлиқ кўриш учун:
Видео
Матн
«Газета.uz» нашрнинг ўзбек таҳририяти янгиликлар бўлими учун муҳаррир изламоқда
Вазифалар:
— ахборот маконини доимий мониторинг қилиш;
— янгиликларни ёзиш, таҳрирлаш ва эълон қилиш;
— катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлаш;
— таҳририят сиёсати талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
— янгиликлар муҳаррирлари билан хатолар устида ишлаш.
Талаблар:
— ОАВ ёки журналистика билан боғлиқ соҳада иш тажрибаси (камида 1 йил);
— ўзбек тилида юқори даражадаги саводхонлик;
— рус ва инглиз тилларини билиш устуворлик беради;
— юқори даражадаги ёзма саводхонлик ва деталларга эътиборлилик;
— мулоқот кўникмалари (ходимлар билан мулоқот, муҳокамалар ва ҳоказо);
— ташаббускорлик ва масъулиятлилик.
Шароитлар:
— беш кунлик иш тартиби: 09:00-18:00. Офисдан ишланади (Тошкент);
— иш вақтида алоқада бўлиш (Telegram) ва имконият даражасида ишдан ташқари вақтларда ҳам турли ҳолатларда алоқада бўлиш.
Номзодлар тест топшириғини бажариш орқали сараланади. Иш ҳақи мазкур жараёндан ўтганлар билан алоҳида муҳокама қилинади.
Ариза юбориш учун ҳавола: https://forms.gle/wXBjsfutge9EF9k16
Баъзи нарсалар одамларни биттада ўлдирмайди. Инсонлар ҳаётига зарар келтириш деганда фақат ўша вақтда кимдир ўлгани ёки оғир жароҳатлангани тушунилмаслиги керак.
Читать полностью…Jan Tirol bilan intervyu ingliz tilida
Fransiyalik iqtisodchi Jan Tirol bilan intervyu eʼlon qilinganidan so‘ng bizdan suhbatning ingliz tilidagi asl variantini ham YouTube‘ga yuklashni so‘rashdi. Biz esa yukladik. Mana uning havolasi:
https://youtu.be/IP3oSBcum1A
Ҳаммаси биз ҳақимизда
Ойнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга дунёдаги энг машҳур иқтисодчилардан бири Жан Тироль келганидан хабарингиз бўлса керак. Ўша ташриф давомида Тироль билан ярим соатдан сал кўпроқ суҳбатлашиш имконияти бўлди.
Олим Ўзбекистон ҳақида деярли маълумотга эга бўлмагани учун унга қайсидир кейс бўйича тўғридан-тўғри савол бериб бўлмасди. Бир томондан бу яхши ҳам. Бутун суҳбат иқтисодиётнинг барча учун тааллуқли бўлган қонуниятлари ҳақида кечгани учун томошабин ўзига керакли параллелларни бемалол чизиб ола олади. Тасаввур ва олиш мумкин бўлган хулосалар чекланмайди.
Жан Тиролга берилган саволлар имкон қадар биз учун актуал бўлган ва фойдали бўлиши мумкин бўлган мавзуларда тузилган. Ўйлайманки, суҳбат барча учун фойдали бўлади. Ëқимли томоша. Улашишлар, изоҳлар ва лайклар учун олдиндан раҳмат! Кимгадир матнини ўқиш қулай бўлса, бу ерда ўқиш мумкин.
https://youtu.be/bKcCR3_WPc0
Институтларнинг муҳимлиги янги гап эмас. Унда Ажемўғли, Жонсон ва Робинсон нима учун Нобель олди?
Беҳзод ака шу масалани батафсил тушунтирди: https://www.gazeta.uz/uz/2024/10/17/nobel-economic-sciences/
It is not a bug, it is an undocumented feature
Маҳалла раиси бирдан одамларни пахтага олиб чиққиси келиб қолганига ишонасизми? Мен ишонмайман. Муаммо ҳеч қаерга кетгани йўқ. Давлатнинг моддий ёрдами билан ким таъминланишини ҳал қилишда инсон фактори қисқартирилиши керак. Маҳалла раиси қайси она бола пули олишини ҳал қилиши тизимнинг хатосими ёки ўйланган бир функциясими, унча тушунмаяпман.
https://www.gazeta.uz/uz/2024/10/10/qashqadaryo/
2/2
Мураккаб ёки қиммат лойиҳаларни амалга оширишда давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортиш мумкин эмас ва ҳеч қандай маънога эга ҳам эмас, лекин бунинг барча ижобий ва салбий томонларни аниқ тасаввур қилиб олиш лозим. Иқтисодиётда ҳам, бошқа соҳаларда ҳам ихтиёрий ҳамкорлик ва хусусий бизнесга кўп таянадиган бўлсак, хусусий сектор давлат ҳокимиятини чеклашини ва шу орқали сўз, дин ва виждон эркинлигини ҳимоя қилишини таъминлай оламиз.
Иккинчи асосий тамойил давлат ҳокимиятининг бир қўлда тўпланишидан қочиш лозимлигини таъкидлайди. Агар ҳокимият округлар ва штатлар ўртасида тақсимланаётган бўлса, у ҳолда округларга, агар штатлар ва Вашингтон ўртасида тақсимланаётган бўлса, штатларга кўпроқ берган яхши.
Масалан, маҳаллий ҳокимият органларининг иш услуби менга ёқмаяпти дейлик. Айтайлик, мен яшайдиган жойда оқава сувларни тозалаш, кўкаламзорлаштириш ёки мактабларда муаммолар бор. Мен бу вазиятда бошқа округ ёки штатга кўчиб ўтишим мумкин.
Албатта, амалда бундай муаммолар туфайли кўчиб кетиш камдан-кам ҳолларда учрайди, лекин бундай қилиш мумкин ва бу имконият ҳокимиятни маҳаллий даражада назорат қилиш имконини беради. Аммо Вашингтондаги федерал ҳукумат мамлакатни қандай бошқараётгани менга ёқмаса, бошқа давлатга кўчиб кетишим даргумон.
Вашингтонда ҳокимиятни марказлаштириш тарафдорларининг аргументларидан бири шундаки, федерал ҳукумат ўз дастурларини бутун мамлакат бўйлаб амалга ошириши мумкин. Шунинг учун улар даромадларни камбағаллар фойдасига ёки хусусий сектордан давлат секторига қайта тақсимлашда маҳаллий ҳокимият даражасидаги дастурлардан кўра жамият учун самаралироқ ва фойдали бўлади.
Бундай далиллар ишончли кўринса-да, куч нафақат яхшилик, балки ёмонликка ҳам хизмат қилиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак. Бугун ҳокимиятда бўлган киши эса эртага уни йўқотиб қўйиши мумкин, энг муҳими, кимдир учун яхши бўлган нарса бошқалар учун ёмон бўлиши мумкин.
Ҳокимиятни марказлаштириш ва ҳокимият ваколатларини кенгайтиришнинг асосий хавфи шундаки, бундай ғоя одатда яхши ниятли одамлар томонидан илгари сурилади ва айнан ўша одамлар бунинг оқибатларидан биринчилардан бўлиб пушаймон бўладилар.
Давлат ҳокимиятини чеклаш ва марказсизлаштириш нафақат эркинликни ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилишга хизмат қилади, балки жамият тараққиётига ҳам ҳисса қўшади.
Цивилизациянинг асосий ютуқлари, жумладан, рассомлик, архитектура, фан, адабиёт, саноат ёки қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ютуқларни қарайдиган бўлсак, уларнинг ҳеч бири марказлашган ҳокимият орқали содир бўлмаган.
Ўрни келиб қолганида, яна бир гап.
Тошкентда яшайдиган бир сурхондарёлик йигит ўзи туғилиб ўсган ҳудуддаги ҳозирги аҳволдан, аниқроғи, Бойсун заволидан хавотирга тушиб, ижтимоий тармоқларда бир-икки фикр қолдирган экан. У фикрларни фавқулодда ўзгача деб бўлмайди, ўта танқидий ҳам эмас. Шу, эл қатори гаплар – Тошкентдаги бошқа сурхондарёликлар, хусусан, бойсунликлар, шунингдек, Сурхондарёдаги ва Бойсундаги аҳоли айтаётганидек: одамлар газ ҳидидан сал-пал қийналяпти, сал-пал ёрдам қилинса, айни муддао бўларди, сал-пал маълумот ҳам бериб турилса, янада яхши бўларди. Шугина холос. Давлатни, раҳбарларни “урмаган”, сўкмаган, “бир ойдан бери бу муаммони ҳал қилолмаётган мутасаддиларнинг боридан йўғи!”, деб бирор бузғунчилик ё вайронкорликни ҳам тарғиб қилмаган.
Ўша, Тошкентда яшайдиган сурхондарёлик йигитнинг Сурхондарёда қолган онасига телефон қилиб: “Биз Терроризмга қарши кураш бўлимиданмиз, ўғлингиз қаерда, нима қилиб юрибди, нималар деб ёзяпти, телефонини беринг, ўзи билан гаплашамиз”, деб безовта қилишибди. Энди, биламиз-ку – улар ўзига керакли одамнинг телефон рақамини унинг ота-онасини безовта қилмай ҳам топа олади, аниқроғи, уларда ҳамма ахборот бор. Лекин йўқ – айнан ота-онаси, оиласига телефон қилиб, хавотирга солиш керак. Шунчаликки, оиласи ҳалиги йигитга: “Сурхондарё нима бўлса бўлар, сан ҳеч қаерда ҳеч нарса ёзма, дамингни ҳам чиқарма!”, деб дўқ уриб, ақлини киритиб қўйсин. Сурхонда бехавотиргина юрган онанинг юрагига ғулғула солиб қўйишдан муддао шу.
Лекин, биласизми, Бойсундаги вазиятга жамоатчилик эътиборини қаратиш ва шу тариқа бойсунликларга бирор ёрдам ташкил этилишидан умидвор бўлган ўша йигитнинг Сурхондарёда бехавотир, хотиржам юрган онасига нисбатан Терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан қилинган иш нима деб аталади? Терроризм. Ҳа, улар қилган иш – энг ҳақиқий терроризм.
Террорчи мақомини олиш учун айнан одам ўлдириш шарт эмас, ахир террордан асосий мақсад – шунчаки ўлдириш эмас, балки қўрқув уйғотиш. Она қўрқитилди, она бу қўрқувини боласига ўтказади, энди бола ҳам қўрқади – келаси сафар Бойсундаги кон эмас, ўз уйи портлаб кетса ҳам ғинг демайди. Террорчининг ўз ниятига етгани шу.
PS. Терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари йигитнинг ўзига ҳали ҳам қўнғироқ қилишмабди. Қилишмаса ҳам керак. Қилишмасин ҳам. Ҳеч биримизга.
Футболга ўхшайдиган футбол
Бу йил Ўзбекистонда футбол томонлама қизиқ йил бўлди ва мавсум энг юқори нотада тугаш арафасида турибди. Бир томондан, «Насаф» чемпионлик совринини 22 йилдан бери илк бор пойтахтдан ташқарига олиб чиқишга яқин.
Иккинчи тарафда эса мухлислари фанатлик эталони бўлиб келган «Навбаҳор» ва бир неча йиллардан бери улардан қолишмаётган, бу йил, айниқса, барча мусобақаларда яққол ажралиб турган мухлислар армиясига эга «Андижон» кубок финалида ўйнаши керак. Финал бўлиб ҳам, Фарғонадаги финалда. Даҳшат, шундай эмасми?
Хуллас, футбол байрамини якунлаб бериш учун бундан яхшироқ сценарийни мен ўйлаб топа олмаган бўлардим. Фарғонадаги финалда юқори даражаги спорт тадбири бўлиш учун ҳамма нарса бор: мухлислар, принципиаллик, бир жамоанинг 60 йиллиги нишонланаётгани, бошқа бир жамоанинг эса мавсумни энг кучли таркиблардан бирига эга бўла туриб, совринсиз якунламаслик истаги.
Финални албатта кўринг, имкони бўлса, стадионда. Ҳозирча «Андижон» фанатлари ҳақида тайёрланган мана бу репортажни ва «Навбаҳор» мухлислари қандай қилиб «Пахтакор»га қарши ярим финал ўйинида жамоасига ғалабани юлиб олиб берганини кўриб турсангиз бўлади.
Яқин тарихнинг қизиқ инсонлардан бири Ҳоқон Шукурнинг ҳикояси
https://www.gazeta.uz/uz/2024/09/24/hakan-sukur/
Қоида буза олиш кучи
Баъзи жамиятларда сиз қанчалик кучли бўлсангиз, шунчалик кўп қоидаларни буза оласиз. Яъни жамиятдаги «ўрнингиз» қанчалик баланд бўлса, сизга нисбатан тизим шунчалик кучсизланиб боради.
Бундай жамиятларда қоидабузарлик қилиниши эмас, уларнинг муаллифлари томонидан очиқ-ошкора оммага кўрсатилиши қизиқроқ феномен. Сабаби, соғлом тизимда одамлар қоида бузмасликка интилади, бузган тақдирида эса буни яширади.
Бузуқ тизимда эса қоидабузарлик сизнинг «обрўйингизни» оширади. Одамлар «у шу даражада кучлики ёки бойки, мана шундай қоидаларни ҳам менсимасликка журъат қила олади» дейишади. Бу нарса ҳатто ҳуқуқий майдонда ҳам ишлайди. Корхонанинг таъсири қанчалик катта бўлса, у шунчалик кўп имтиёзлар олиши мумкин. Яъни у учун умумий қоидалар истисно қилиб берилади, қанчалик кучли бўлса шунчалик кўп.
Одамлар аҳмоқ эмас, улар ҳукумат жўнатаётган сигналларни жуда яхши тушунади, қабул қилади ва ҳаётида бу нарсаларни ҳисобга олади. Тўғри, улар бу нарсани тушунтириб беролмаслиги мумкин. Лекин бу дегани уларга сигналлар таъсир қилмаяпти дегани эмас.
Қоидалар аввало энг кучлилар орасидаги муносабатларни тартибга солиши керак. Соғлом тизим шундай қурилади.
⚡️Бойсундаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ конида 17 сентябрь куни тушдан кейин яна водород сульфид сизиб чиқиши юз берди. Бош прокуратура бошқарма бошлиғига кўра, оқибатда 2 киши ҳалок бўлган, жароҳатланганлар ҳам бор.
Бугун Бойсун тумани ҳокимлиги биносида мазкур вазият бўйича фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ҳамда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида брифинг бўлиб ўтиши режа қилинмоқда.
https://www.gazeta.uz/uz/2024/09/18/m-25/
Telegram | Instagram | GazetaOzb">YouTube
Фухимори ва Фухимедиа ҳақида
«Медиани назорат қилиш орқали аҳолининг ҳукуматга бўлган муносабатини назорат қилиш мумкин. Аҳоли кайфиятини назорат қилиш сиёсатни назорат қилиш демакдир».
«Фухимори каби манипулятив диктаторлар яратган усуллар эски, қўрқув устига қурилган цензурани тамоман ўзгартириб юборди. Классик диктаторлар кенг кўламли қудратга эга бўлишни истаган бўлса, янги усул матбуот эркинлиги иллюзиясини яратган ҳолда, яширин тарзда ҳукуматга ён босишдан иборат эди».
«Очиқдан-очиқ цензура қилишга уриниш ҳукумат ниманидир яширишга уринаётганини фош қилиб қўяди ва ўша яширилган ахборотни одамлар томонидан қидирилишига олиб келади. Бирор маълумотни беркитишга уриниш унинг янада кенг тарқалишига ҳисса қўшади. Фанда бу ҳолатга «Стрейзанд самараси (эффекти)» деб ном берилган».
«Оммавий репрессия қаҳрамонларни яратганидек, оммавий цензура ҳам қизиқишни уйғотади. Шунингдек, тадқиқотларга кўра, одамлар цензура қилинган маълумотларга ишонишга кўпроқ мойил. Буни пайқаган Фухимори медиа нашрлари эгаларини ўз томонига оғдиришга аҳд қилади».
«Нақд пул кўринишида пора беришдан ташқари Монтесинос медиани бошқа турдаги рағбатлантиришлар орқали ҳам назорат қилган. Масалан, ҳукумат фаолиятини ижобий тарзда ёритиш эвазига тегишли ОАВ солиқлардан озод этилар ёки ҳукумат томонидан ҳали расман эълон қилинмаган хабарларни биринчилардан бўлиб оларди».
«Классик диктаторлар заиф кўринишдан қочиш учун ҳар бир танқидни цензура қилишга мажбур эди. Лекин манипулятив диктаторлар маълум даражада мустақил медиа нашрларига имкон бериш ва ахборот эркинлиги мавжуд деган иллюзияни яратиш орқали бу тузоқни четлаб ўтади. Чекланган миқдордаги танқидларга бардош бериш уларни кучлироқ қилиб кўрсатади».
«Диктаторлар қудратни монополия қилишлари учун доим ҳам ноқонуний йўллардан фойдаланиши шарт эмас. Баъзида қонуний йўлларни ўз фойдангга қўллай билишнинг ўзи етарли».
«Танқидий ахборотни йўқ қилишнинг яна бир йўли — унинг манбасини обрўсизлантиришдир. Агар ўқувчиларни хабарга нисбатан ишонмасликка ундай олсанг, уни цензура қилишнинг ҳожати йўқ».
«Халқ эътиборини бошқа томонга буриб юбориш — яна бир бошқа тактика. Муҳим вазиятларда фуқароларни чалғитиш учун Монтесиноснинг агентлари газета ва телевидение учун сенсацион мавзулар ўйлаб топарди».
https://www.gazeta.uz/uz/2024/09/16/fujimori/
Сўнгги пайтларда асосан Совет даври, 90-йиллар ҳақида ўқияпман. Ана шу мавзудаги китоблардан бири —Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг ўтган йили чоп этилган автобиографияси.
Шу китобдаги бир парчани улашмоқчиман. Нурсултон Назарбоев бу воқеада камчилик каби кўрсатган нарсани мен энг асосий устунлик деб билганим учун ҳам шу ерга ёзиб қўйиш керак деб ўйладим.
Унга кўра, Россия собиқ президенти Борис Ельцин расмий ташриф билан монархия анъаналари сақлаб келинадиган ва қирол ҳукмронлик қиладиган Европа давлатларидан бирига боради ва қиролнинг ваколатлари билан қизиқиб кўради. Ельциннинг саволларига қирол қуйидагича жавоб беради:
«Замон ўзгарди. Албатта, улар мени ҳурмат қилишади, лекин аввалгидек менинг айтганим айтган, деганим деган эмас. Буларнинг барчаси қайтариб бўлмайдиган ўтмишда қолди».
Кечқурун қабул жараёни бошланади. Официант столга келиб, стаканга вино қуяди. Ельцин қиролдан «ароқ ҳам бўладими?», деб сўрайди. Қирол эса «йўқ, ароқ бўлмайди, бизда этикет шундай», деб жавоб беради.
Елцин буни эшитиб, «ё Худойим, мен қаерга тушиб қолдим, бу ерда ҳатто подшоҳ официантга буйруқ бера олмайди?!» – деб ажабланган ва афсусланган экан.
Қирол меҳмонининг кайфияти бузилиб кетганини кўриб, Нурсултон Назарбоев таъбири билан айтганда «баҳона қилиб», «бизда демократия бор. Масалан, менинг саройимга кираверишда автобус бекати турибди, у ноқулай ва сарой атрофидаги манзарани бузади. Лекин мен бекатни олиб ташлашни буюра олмайман. Бунинг учун муниципалитетга ариза беришинг керак, улар фикр алмашади, баҳслашади, натижада эса ҳеч нарсани ҳал қилмайди», деган экан.
Нурсултон Назарбоев мазкур ҳикоядан кейин қуйидаги жумлани ёзяпти:
«Борис Николаевич менга бу воқеани айтиб бергандан сўнг сўзига қўшимча қилиб «агар автобус бекатини ҳам кўчира олмайдиган бўлса, у қандай қирол? Қўшним Нурсултон кичик бир бекат эмас, балки бутун бошли пойтахтни кўчирди» — деб кулиб қўйди».
Юқорида айтганимдек, демократиянинг моҳияти ва энг катта ютуғи Қозоғистон ва Россияни йиллар давомида бошқарган Назарбоев ҳамда Ельцин учун камчилик каби кўрингани одамни ўйлантиради.
Назарбоевнинг китобидаги Ўзбекистон ва Ислом Каримов билан боғлиқ қисмларни қуйидаги материалда ўқиш мумкин:
https://www.gazeta.uz/uz/2024/01/09/nazarbayev/
Бойсундаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конига қарашли қудуқда 1 сентябрь куни авария бўлиб, атрофга олтингугурт гази тарқалиши бошланган эди. Маълум бўлишича, газ ҳиди анқиши ҳали тўхтамаган ва одамлар саломатлигига таъсир қиляпти. Аҳоли вазият борасида расмий ва аниқ ахборот берилишини сўраяпти.
https://www.gazeta.uz/uz/2024/09/10/boysun/
Telegram | Instagram | GazetaOzb">YouTube