kundalikuz | Unsorted

Telegram-канал kundalikuz - KUNDALIK

2533

Kun.uz сайти ўқувчилар учун янада яқин. Бу каналда саҳна ортидаги гапларни ўқишингиз, қизиқ воқеаларни кузатиб боришингиз мумкин. Эркин матбуот яхши ёки ёмон бўлиши мумкин. Аммо эркин бўлмаган матбуот фақат ёмондир

Subscribe to a channel

KUNDALIK

Алҳамдулиллаҳ...

Мана шундай кичик ғалабалардан куч олсак керак.
Биргина сайтда эълон қилинган муаммо кетидан, юзлаб ишчилар маошларини олиб, уларнинг оилалари хурсанд бўлди.

Бир ташкилотнинг муаммоси ҳал бўлиб, ишлари изига тушмоқда. Аллоҳ сени бошқаларнинг хурсандчилигига сабабчи қилиб қўйиши ҳам бир бахт. Алҳамдулиллаҳ.

Мен орзу қилган нарсани, Аллоҳ ортиғи билан берди. Аллоҳим, доимо ишимизни эл-юрт ва жамият учун манфаатли қилгин. Амин.

Маълумот учун: Kun.uz'да чиққан танқидий мақоладан сўнг «Тошкент сити» қурилиши сабаб бузилган ресторан эгаларига 14,9 млрд сўм компенсация маблағлари тўлаб берилди.

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Бу воқеага ҳам роппа-роса 1 йил бўлди. Умуман олганда эса, бу лойиҳа билан ишлай бошлаганимга 6 йил бўлди. 6 йил... бир қарашда катта муддат эмас, лекин бу давр биз учун, мен учун катта мактаб, катта ҳаёт йўли бўлди. Ҳозир жамоамизда салкам 100 киши ишламоқда, 6 йил аввал 4–5 киши билан бошлагандик йўлимизни.

Нима учун бу расмни ва воқеани асос қилиб эслаяпман. Бу – илк катта чақириқ бўлганди. Илк жиддий синов, биз учун ҳам, умуман лойиҳамиз учун ҳам. Ўша кунлари албатта кўпчилик бизни қўллаб-қувватлади, бир кун ўтиб қоралади. Бошқалар майли, лекин ҳамкасблар, шу соҳанинг қаттиқ нонини еб юрганлар ҳам қоралаб чиқиши менга эриш туюлганди.

Алҳамдулиллаҳ. Ўзим орзу қилган ҳаётга етказди Аллоҳим. Айнан қандай ҳаётни ва нимани орзу қилганимни яқин инсонларим билади. Алҳамдулиллаҳ, шу синовларни кўрдик, танамизда ҳис қилдик, юрагимиздан ўтказдик, виждонимиз элагидан ўтказишга имкони борича ҳаракат қилдик, нафсимиз билан курашдик.

Яқинларимга бир нарсани кўп қайтараман: Ҳаётда шундай яшаш керакки... биринчи навбатда ўзинг кўзгуга қарашга уялишинг керак эмас. Ин шаа Аллоҳ, бу лойиҳамизда қилган ишларимиз учун кўзгуга қараб уялмайман. Аллоҳим, иш жараёнида бўлган хато-камчиликларимиз учун Ўзинг бизни афв эт. Бойликни қўлимизга бер, қалбимизга эмас, атрофимизга яхшиларни жамла, ёмонлардан узоқ қил. Эл-юрт олдида юзимизни ёруғ қил, ишимизни жамият учун манфаатли қил. Бу дунё ва охиратимизни обод қил... Сўнгги йилларда дуоларда Аллоҳдан сўрайдиган энг асосий тилакларим.

Фаришта эмасмиз. Камчиликлар бўлди, лекин шу йиллар ичида ўзимиз билганча адолат қилишга ва ҳақиқат тарафда бўлишга уриндик. Ҳалол ишладим, бировдан бир сўм пул олмадим. Топган пулимиз фақат рекламадан бўлди, рекламани ҳам танлашга, яхшилаб текширишга ҳаракат қилдик, дунёқарашимиз ва тарбиямизга тўғри келмайдиган рекламаларни бермасликка ҳаракат қилдик. Топган пулимизнинг аксарият қисмини лойиҳанинг ўзига, жамоага сарфладик.

Бу жамият учун сўз эркинлиги, Kun.uz, Daryo.uz, Xabar.uz, Газета.uz'лар жуда керак. Фақат кўпайишини истайман. Яна шуни айтишни истардимки, журналист ҳам инсон, у ҳам инсон фарзанди.

Бир интервьюда Kun.uz биз учун биринчи навбатда бизнес дегандим. Бу гапимни ҳам баъзилар ўз қаричи билан ўлчади, тушунди. Азизлар, бизнес бу ҳаром пул ёки эгри йўл дегани эмас. Мен учун бу – тўғри ва ҳалол ризқ топиш учун восита. Агар лойиҳамиз асосида бизнес бўлмаганда, у сиёсий инструмент ёки кимларнингдир қўлида ўйинчоқ восита бўлиб қоларди, ким пулини тўласа ўша куйни чаладиган. Алҳамдулиллаҳ, ундай бўлмади шу пайтгача, бунинг асосий сабаби – молиявий мустақил бўла олдик, тўғри бизнес стратегия қила олдик, Аллоҳ барака бериб, ишимиз ўзимизга ва атрофимиздагиларга етарлича даромад келтирди, келтирмоқда, ривожланишимизга, кенгайишимизга сабаб бўлмоқда.

Алҳамдулиллаҳ. Эътибор учун раҳмат. Ўз устингизда ишлашдан, ўзингизни ислоҳ қилишдан тўхтаманг. Ҳурмат билан, бош муҳаррир.

P.S. Бу постдан мақсадни аниқ ўзим ҳам билмадим. Балки, атрофга... ҳали-ҳамон кўзгуга қарай оляпмиз, уялмаяпмиз, юзимизни йўқотмадик, Ин шаа Аллоҳ, ишлашда давом этамиз; жамиятга, атрофга керак эканимизни ҳис қилиб турибмиз... шуларни айтмоқчи бўлдим балки. Озгина бўлса ҳам ишимиздан мамнун бўлсангиз, дуоларингизда эслаб қўйинг. Раҳмат, барчамиздан Аллоҳ рози бўлсин.

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

🇺🇿 Ўзбекча бренд

Кўчаларни бемаза қовуннинг уруғидай инглизча, русча ёки тушунарсиз мазмундаги баннерлар босиб кетган бир вақтда, миллий брендлар ҳам пайдо бўлаётгани одамни қувонтиради.

Ажойиб кунларнинг бирида Самарқандда «Xalqsevar Vatansevar» номли дўкон пайдо бўлганини пайқамай қолибмиз. Одатда ўзбек тадбиркорлар ҳам (!) дўкон номларини танлашда ажнабий сўзлардан фойдаланишади. Мана, ўзбекчада ҳам бинойидай, жарангдор бренд ўйлаб топиш мумкин экан.

🖇📸 P.S. Сурат Самарқанд туманида олинган.

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Сиз суратда кўриб турган ёзув М-39 автомобил йўлининг Чиноз тумани ҳудуди (туманнинг Эшонобод қўрғонига олиб борувчи йўл)дан ўтган кўприкда битилган.

Ёзувдаги “N” харфи қачон ва нима сабабдан тушиб қолгани маълум бўлмаганидек, шу ҳарфнинг яна қачон ва ким томонидан жойига осиб қўйилиши ҳам маълум эмас.

Бу манзара ҳам мухбиримиз Муҳаббат Маъмирова кўтарган масаланинг долзарблигини кўрсатмоқда. Сиз қандай фикрдасиз, тарғиботнинг бу шакли бюджетдан миллионлар ажратишга арзийдими?

✅ – Ҳа
❌ – Йўқ
➖– Менга қизиқ эмас

Читать полностью…

KUNDALIK

Пулхокимми ёки Пулхокин?

Бойсундаги бу қишлоқнинг номи юзингизга табассум югуртирган бўлса ажабмас. Лекин, қишлоқ номининг пулга ҳам, ҳокимга ҳам алоқаси йўқ (қолаверса, ҳоким сўзи «х» ҳарфи билан ёзилган).

«Пул» — қадимий форсчада «кўприк» маъносини беради. (Пулисротни эсланг, Тошкент шаҳридаги Тахтапул мавзесини эсланг).

«Хоким» сўзи ҳам форсча «хокин» сўзининг бузилган формаси бўлиб, «тупроқдан ясалган» маъносини беради.

Демак, бу қадимий қишлоқнинг номи «тупроқ» ва «кўприк» сўзларидан келиб чиққан.

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

«Бу кунда шунчалар кўп одам отилганидан, Чўлпонга келганда ўқлар тугаб қолган...» — 4 октябрь даҳшатлари ҳақида

Бундан 82 йил муқаддам ўзбек миллатига қарши улкан жиноят содир этилган эди – 1938 йил 4 октябр куни миллатнинг энг олди инсонлари советлар қатағони қурбони бўлди. Халқнинг ҳақиқий фарзандлари «халқ душмани» сифатида отувга ҳукм қилинди. Сохталаштирилган ҳужжатлар, зўрлик билан олинган гувоҳликлар асосида. Суд ҳукмисиз.

Атрофдаги аҳоли ўқ овозини эшитмаслиги учун мотор ёқиб қўйиб, оқшомдан тонгга қадар маҳбуслар отилган ва барчаси битта чуқурга кўмилган. Уларга на жаноза, на бир энлик кафан насиб қилганди...

👉 Мақолани ўқиш

📹 Видеони кўриш

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Пандемиядан энг муҳим сабоқ ҳақида

COVID-19 ва у келтириб чиқарган пневмониядан қаттиқ оғриб, ҳатто реанимацияга тушиб қолган ва даволаниб чиққан ходимларимиздан бири ёзмоқда:

«Ҳаммага ассалому алайкум. Икки кунда ён-атрофимда икки-уч киши ўлиб қолганига гувоҳ бўлдим. Ўлим жуда кўп бўляпти. Ўртада ўзим оғирроқ ўтказаётгандим. Қўрқдим. Шунинг учунки, ўлимга тайёр эмас эканман...

Қайси фарз амални қай даражада қилганимиз аён... Танишлар, акалар «нима ёрдам керак?» деб сўрасалар, фақат дуо сўрадим. Ўргатганларидек, дуоларни ўзим ҳам қайтариб турдим.

Айтмоқчи бўлганим: шу вақтгача ҳамма нарсани тескари қилган эканмиз. Аввало ўлимга тайёр бўлиш керак экан. Шунда ҳеч нарса қўрқинчли бўлмайди...»

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Бошида тугун кўтарган онахон

Бугун Қувада уч-тўрт йилдан бери фотосуратга олиш учун излаб юрган кадримни топдим. Шаҳрихон – Қува йўлида бир тўп онахонлар бирор маросимдан қайтаётган эдилар. Энг қизиғи, улардан бирининг тугуни бошида эди. Ёшлигимдан, “Қандай қилиб тугун аёлларнинг бошида тушмай тураркин?” деган савол мени қийнарди.

Онахон дадил, гапга чечан экан. “Суратга чиройли қилиб олинг. Рўмолимни тўғрилаб олай”, деди.

Бошида фақат рўмол, ҳеч қандай ускуна ёки халқа йўқ экан. Унинг юз-кўзидаги самимиятни кўрсангиз эди... Афсуски, уни фотоускуна сезмайди.

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

​​Сиз бу ёшни жиддий муаммолар билан кутиб олмоқдасиз, жаноб президент!

“Каттага ёпишган дард ҳам катта бўлади” дейишади. Ўзимнинг чоғроқ уйимда, уч фарзандим мана шу ярамас касаллик билан олишиб турган бир пайтда ғалати ҳисларни ўтказдим. Болангнинг саломатлиги олдида қолган муаммолар жуда майда бўларкан...

Жаноб президент!

Бугун сиз чиройли ёшни нишонлаб турибсиз. Аммо барибир кўнглингиз ғашлиги аниқ. 2020 йил оғир келди – Бухоро бўрони, Сардоба тошқини ва ниҳоят тобора кенгроқ қулоч ёзаётган пандемия...

Пандемия туфайли сиз мураккаб қарорлар қаршисида турибсиз. Қатор муаммолар устма-уст келиб, дастлабки йилдагидек катта ишонч ва кўтаринкилик йўқлиги ҳам аниқ. Лекин инсон иродаси айнан мана шундай пайтларда синалади, умидлар шунақа кунларда оқланади ёки чилпарчин бўлади.

Билмадим... Тарқоқ фикрларимда нима демоқчиман ўзи? Менимча, табриклаш билан бирга, сиз эгаллаб турган лавозим талаби ва табиатан чаққонлигингизга кўра айни ғайратли ёшдалигингизни айтмоқчиман. Яқинда “шу одамнинг сочи оқарди...” деган бир жумлали пост қолдиргандим. Чинданам кўз ўнгимизда шундай бўлди. Лекин бу оқарган сочлар ошаётган тажрибани англатган бўлсин.

Бугун сизни қутлаётганлар баландпарвоз гаплар гапиришса, қарсаклар чалишса, қаттиқ ишониб кетманг. Уларнинг чиройли гапларидан кўра қишлоқда қўллари қадоқ бўлган фақирнинг “пошшомиз омон бўлсин” деб пичирлаб қўйгани қадрли. Танқидчилар кўпайиб қолгани билан ана шундай пичирлаб қўядиганлар камайгани йўқ.

Соғ бўлинг!

Аброр Зоҳидов.

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

​​Онамга 20 минг

Ҳовлида озгина иш бор эди, вақт тополмай мардикор олиб келадиган бўлдим. Улар тўпланадиган жойга бориб машинани тўхтатгандим, 20-30таси бирдан ёпирилди.

Кунига 80 мингдан чиқаман, нима иш бўлсаям қилавераман, деди бир йигит. Унинг кўзларидаги қандайдир мунг мени фақат шу йигитни олиб кетишга ундади.

Одамзот қизиқ, ўзи 100 мингларни чамалаб келаётган эдим. Шундай бўлса-да, тортишдим:
— 60 минг бераман, гап тамом.

У бир муддат жим турди-ю машинага ўтирди. Уйга келиб кийимларини алмаштирди-да, ишни бошлади.

Ярим соатлар ўтгач банкада совуқ чой олиб, унинг кийимлари ёнига қўяётганимда бир ёзув дафтарчасига кўзим тушди.

Ҳуснихатнинг чиройлилиги эътиборимни тортди. Унда "20.07.20. Ишим яхши бўлса, ойимга 20 минг, синглимга 20 минг, уйга 20 минг, майда-чуйдага 20 минг" деб ёзилган.

Лекин негадир “уйга 20 минг” деган ёзув устига чизиқ тортилган.

Демак, бу кела келгунча мендан оладиган пулини ҳисоб-китоб қилган. 60 мингга кўнмаса, ишсиз қолишини ўйлаб, айтганимга рози бўлган. Кейин оладиган пулининг уйга ишлатадиган қисмини ўчирган.

Одамлар бор, жарақ-жарақ пул топади, аммо синглиси ё опаси тугул туққан онасини ҳам бир йўқламайди.

Акалик, укалик, фарзандлик бурчини унутиб қўйган баъзилар эса давраларда ҳеч кимга гап бермайди, лекин суриштирсанг нечта ака-укаси борлигини ҳам эсидан чиқарган бўлади.

Шулар ҳақида ўйларканман, ҳалол меҳнати билан топадиган пули арзимас бўлса ҳам оқибатни унутмаган мардикор йигитга тан бердим.

Тан бериш билан қорин тўярмиди?

Ишни тугатгач, укамизга: "Жуда яхши ишладингиз, ҳовлимни гулдай қилиб қўйдингиз, раҳмат", деб икки ҳисса пул бердим. У аввал унамади.

Энди фақат сизни опкеламан, қўлингиз гул экан, деганимдан сўнг рози бўлди, чеҳрасидаги мунг тарқагандай бўлди. Ва дуо қилди.

Қалби соф, ҳалол, содда одамларнинг бундай дуоларидан кейин яйраб яшайсан...

Мақсуд Жонихонов (Facebook'дан олинди)

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Бугунги кун зарурати: Kun.uz «Соғлом ҳаёт» канали фаолиятини йўлга қўйди

Пандемия шароитида ва умуман саломатликка эътибор масаласи ҳар қачонгидан ҳам муҳим бўлиб турган бугунги кунларда Kun.uz сайти ва расмий саҳифаларида тиббий мавзудаги мақолалар ҳажми ҳам анча ошди.

Шунга қарамай маълумотлар кўлами шу қадар кенгайиб бормоқдаки, улар сайт ва расмий саҳифаларга сиғмай ҳам қолмоқда.

Шу боис, мазкур йўналишдаги қисқа, аниқ ва тезкор ахборотга эҳтиёж юқорилигини ҳисобга олиб, Kun.uz сайти ижодий жамоаси томонидан «Kun.uz | Соғлом ҳаёт» Telegram-канали ишга туширилди.

Каналимизда сиз тиббиётга, хусусан коронавирусга қарши курашга оид энг сўнгги янгиликлар, зарур тавсиялар, етакчи мутахассислар билан мазмунли суҳбатлар ва қизиқарли фактларни мутолаа қилишингиз мумкин бўлади.

«Kun.uz | Соғлом ҳаёт» орқали Сизга зарур ва фойдали ахборот тақдим этиб боришга интиламиз.

👉👨‍⚕️Kun.uz | Соғлом ҳаёт

Читать полностью…

KUNDALIK

Mail.ru виртуал диктор платформасини тақдим этди

Тизимдан фойдаланиш учун янгилик матнини киритиш, рақамли бошловчи ва виртуал студия дизайнини танлаш кифоя экан.

Биз платформани коронавирусдан уйида даволанаётган беморлар бепул дори-дармон билан таъминланиши ҳақидаги янгиликда синаб кўрдик. Хабар билан тўлиқ ушбу саҳифада танишишингиз мумкин.

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Ҳурматли сайтимиз муштарийлари!

Сўнгги кунларда юртимизда аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар сони кўпайиб бораётганини инобатга олиб, таҳририят ходимлари онлайн режимда (масофадан туриб) ишламоқдалар. Шу боис муайян муддат мурожаатлар таҳририят офисларида қабул қилинмаслигини маълум қиламиз.

Kun.uz'нинг Тошкент шаҳридаги таҳририяти ҳамда Самарқанд ва Андижон шаҳарларидаги ҳудудий бўлимларига карантин сабабли мурожаатчилар киритилмайди ва қоғозга ёзилган, чоп этилган ҳужжатлар қабул қилинмайди.

Сиз ўз мурожаатингизни info@kun.uz электрон почтасига ёки Телеграмдаги @kunuzyordambot ботига йўллашингиз мумкин.

Мурожаатлар сараланиб, зарурият ва имкониятга қараб ўрганиб чиқилади.

Мурожаат учун:
E-mail: info@kun.uz
Телеграм-бот: @kunuzyordambot

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

😃 Пандемия даврининг бахтли жуфтлиги

Энди ҳам кўп қаватли уйда, 30 киши билан хурсандчиликда тўй ўтказиб бўлмайди, деб ўйлайсизми?

😊 Ёшлар бахтли бўлишсин!

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

​​Оқсаётган ижтимоий ҳимоя

«Андижон шаҳрида турамиз. Қизим икки ярим яшар. Туғма ногирон. Германиядан олиб келинадиган дориси 2,5 миллион сўм туради. Эрим иккаламизнинг ойлигимиз 1,5 миллион. Кеча уйимизни ва мебелларимизни залогга қўйдик. Ўта ёрдамга муҳтожмиз...»

«Марғилонданман, икки нафар фарзандим руҳий носоғлом, ногирон. Даволагани маблағ йўқ. Хайрияга ёрдам беринглар. Кўп бора ҳокимиятга бордим. Ёрдам беришмаяпти. Келиб-кетинглар. Кутяпман...»

«Булоқбоши туманида яшайман. Ёшим 75да. Операцияга, тирикчиликка, дори-дармонга хайрия ташкил қилиб беришингларни сўраб алоқага чиқдим...»

Шу каби мазмундаги мурожаатлар жуда кўп, деярли ҳар куни бўлади. Қанийди, уларнинг барчасига кўмак бериш учун имконият бўлса.

Ижтимоий муҳофазага муҳтож кишиларнинг бугунги ҳолати ачинарли. Бизнингча, ижтимоий ҳимоя масаласига кўпроқ эътибор қаратиш, туғилажак болаларни скрининг-марказларида муолажа қилиш сифатини ошириш зарур.

Масаланинг ечими йўқ эмас, маблағларни бошқаришда адолат ва ҳалоллик билан иш тутилса бас...

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Шу кеча-кундузда Ўзбекистонда биринчи рақамли муаммо – газ ва свет. Иккинчи ва учинчи рақамли муаммолар ҳам газ ва свет. Балки ундан кейинги ўринларда ҳам.

Юқоридаги аудио – жамоамизнинг Telegram'даги гуруҳига ҳамкасбимиз юборган овозли хабар. У Kun.uz'нинг ҳудудий мухбирларига мурожаат қилган бўлса-да, воқеан ундаги фикрларни бутун Ўзбекистон журналистларига чақириқ дейиш ҳам мумкин.

Бизнингча, журналистнинг миссияси ва мажбурияти – даволай олмаса-да, оғриқ борлигини айтиш. Оғриқ кучайганда эса, имкон қадар баралла айтиш...

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

«5600 сўм» воқеаси қандай хулосаларга етаклади?

Журналист сифатида буни ёзиш оғир, аммо кенг омманинг саводхонлиги, ахборотни таҳлил қилиш кўникмаси яхши шаклланмагани Обид Ҳакимов интервьюси мисолида яққол кўзга ташланди. Ҳозир унинг сўзларига баҳо бермоқчи эмасман, бошқа масалага — «5600 сўм» воқеаси қандай пайдо бўлганига назар ташлашни таклиф қиламан.

Воқеалар кетма-кетлигига бир эътибор қилинг: 3 ноябрь куни интервью эълон қилинди. Ўша куни видео остида 9та изоҳ қолидирилган.

4 ноябрь куни 13:34да иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов интервьюни белгилаб, Telegram-каналида хабар қолдирди. У суҳбатни томоша қилишни тавсия қилган ва иқтибос келтирган:

Аҳолимизнинг 10 фоизи, яъни таҳминан 3,3 миллион одам ойига 168 минг сўмга кун кўрар экан.

Шу куни соат 15:23да Troll.uz'да пост пайдо бўлди:

Агар инсон кунига 5600 сўм топса, у камбағал эмас. Обид Ҳакимов Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори. Шу одамни ойлигини 168000 сўм қилиб қўйиб тажриба қилайлик.

Мана шундан сўнг, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар орасида норозилик кайфиятида ёзилган постлар кўпайди. Ҳакимовнинг сўзлари сарказм нишони бўлди. Ажабланарлиси, муҳокама қилувчилар интервьюни ҳам, мақолани ҳам билмайди. Суҳбатдан қирқиб олинган кичик лавҳанинг тарқатилиши оммани чалғита олди.

Хулоса шундайки, одамларда номаълум манба орқали тарқатилаётган ахборотга скептик қараш кўникмаси йўқ. Шунингдек, ижтимоий тармоқдаги катта саҳифа муаллифларининг ҳаммаси ҳам ахборот олиш, тўплаш ва тарқатишда таҳлилий ёндашувдан фойдаланавермайди. Бу жамиятнинг кемтик ўрнини зудлик билан тўлдириш лозим. Акс ҳолда «5600 сўм» воқеаси каби бошқа мисоллар такрорланаверади.

PS. Иқтисодчи аслидан нимани назарда тутганди? Обид Ҳакимов ўзи бунга жавоб берган. Томоша қилишингиз мумкин — https://youtu.be/d3EsqUIDnZQ

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Очиқ ҳавода, кўмир чангидаги оғир меҳнат. Лекин ойлик 2 миллионгача

Яқинда «Ангрен» кўмир конига медиа-тур ташкил этилди. Сафаримиз давомида кон ишчилари билан нафақат камера қаршисида, балки кадр ортида ҳам суҳбатлашишга ҳаракат қилдик.

Ишчиларнинг айтишича, бир кунда 11 соатдан ишлашади. Улардан бири биз билан суҳбатда буни айтар экан, ҳайрон қолганимизни кўриб, тезда қўшиб қўйди: «Йўғ-е, узр, 7-8 соат ишлаймиз». Менимча, бошлиқларига гап тегиб қолишидан қўрқди шекилли, соатларни камайтириб айтди.

Кондаги оддий ишчилар узоғи 2 млн.гача ойлик олишар экан. Кунлар совий бошлади. Биз борган 9 октябрь куни ҳам ҳаво анча совуқ эди. Бундай шароитда очиқ ҳавода ишлаш осон эмаслигига гувоҳ бўлдик. Қиш ҳам яқинлашяпти...

Эртадан кечгача, очиқ ҳавода, кўмир чанглари ичида меҳнат қилиб, узоғи 2 млн ойликка ишлаётган бу ватандошларимизнинг топганларига Aллоҳ ўзи барака берсин.

Камтаргина ойлик билан оила боқаётган бу инсонларни кўриб, биз камбағал давлат эканимизни яхшироқ тушундим. Биз Тошкентда яшаб, бошқа ҳудудлардаги аҳвол бутунлай фарқли эканини унутиб қўймаслигимиз керак...

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Green card'ни Самарқандда ўйнаш ютиш имкониятини оширадими?

Ҳар йили бошқа вилоятлардан, ҳатто қўшни республикалардан Самарқандга келиб, Green card ўйнайдиган одамлар борлиги ҳақида эшитганмисиз? Чиндан шунақа. Негадир кўпчилик «Green card» лотереяси учун анкета Самарқандда тўлдирилса, ютишига ишонади. Бу борада кўплаб афсоналар ҳам юради.

Хўш, чиндан самарқандликларда қандайдир магия бормики, уларнинг аксари Green card ютиб кетади? АҚШ кўчаларида минглаб самарқандликлар турли соҳаларда меҳнат қилиб юришининг синоати нимада? Аслида барчаси оддий омиллар билан боғлиқ.

Ҳар йили Green card учун анкета тўлдириш бошланиши билан Самарқанд шаҳридаги ҳар бир кўчада мана шундай лавҳалар пайдо бўлади. Самарқандликлар октябрь Green card ойи эканини яхши билишади. Бир сўз билан айтганда, жуда-жуда кўп самарқандликлар Green card ўйнашади ва табиийки, улар орасида ғолиблар ҳам кўп бўлади.

Самарқанднинг олис қишлоқларида ҳам анкета тўлдиришни биладиган йигит-қизлар «Green card ўйнамайсизми?» деб уйма-уй юриб, хоҳловчилар учун анкета тўлдириб беришади. Бепул эмас, албатта. Ҳа, Самарқандда Green card учун анкета тўлдириш бутун бошли бизнес турига айланган. Ҳатто лотереяда ютиш учун нима қилиш кераклиги борасида махсус билимларни хорижда ўрганиб келган ёшлар ҳам бор.

Энди қуйида суратдаги ёзувга эътибор беринг. У ерда калит сўз – «кодни ўз қўлингизга берамиз»! Бежизга бундай ёзилмаган, Green card учун анкета тўлдириб берадиганларнинг кўпи мижозга кодни бермайди. Мабодо қайсидир мижозга ютуқ чиқса, улар бир неча минг доллар «суюнчисини» олиб кодни беради. Шу сабаб баннердаги ёзув анкета тўлдирувчи фирманинг фавқулодда инсофли эканига ишора 😊

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Сўз айтиш, фикр билдириш эркинлигига ҳеч бир мамлакатда осонликча эришилган эмас. Икки йўл бор, балки учтадир...

1. Тез ёниб, тез ўчиш
2. Ҳамма нарсага қўл силтаб ташлаб кетиш
3. Сабр қилиш ва имконият даражасида ҳаракат қилиш, ўхшаётган ишлардан илҳомланиш ва давом этиш

Сизнингча, қайси йўл тўғри?

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

12 ёшли Жавоҳирнинг орзулари ушалмоқда

Тошкент туманилик 12 ёшли Жавоҳир таҳририятимизга мурожаат қилгач, унинг опаси Севинчнинг даволаниши учун хайрия акцияси ташкил этган эдик.

Бир ой давом этган хайрия акцияси билан Жавоҳирнинг орзулари деярли ушалди. Саховатли инсонлар томонидан ушбу оилага 4 бош қўй, велосипед, музлаткич, электропеч, телевизор ва бошқа анжомлар, Жавоҳир учун уст-бош ҳамда оила рўзғори учун озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Шунингдек, бемор қиз номига очилган пластик картага 192,5 млн сўм маблағ йиғилди. Болаларнинг онаси Саломат Ўрозова бу пулларга қизини даволатиш билан бирга, хонадон ҳам сотиб олиш ниятида эканини маълум қилди. Аниқлашимизга кўра, оила яшаётган ҳудудда 130–200 млн сўмга улар орзу қилгандек уйни сотиб олиш мумкин экан.

Kun.uz сайти хайрия акциясида ўз ҳиссасини қўшган саховатли инсонларга ушбу оила номидан миннатдорчилик билдиради.

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

12 яшар оила боқувчиси яхшилар кўмаги билан синглисини даволаб, уйли бўлиш арафасида

Яқинда Тошкент туманилик Жавоҳир исмли 12 ёшли боладан мурожаат келиб тушди. Оиланинг шароити билан танишиб, хайрия акцияси ташкил этишга қарор қилдик.

📹 Акция эълон қилингач, алҳамдулиллаҳ, кўплаб ватандошларимиз Жавоҳир ва унинг оиласига ёрдам бериш истагини билдирди. Мақола чиққан куниёқ, яъни бугуннинг ўзида кўрсатилган картага 60 млн сўмга яқин пул келиб тушди ва бу ҳали давом этяпти.

Бугун Жавоҳирнинг оиласи ҳолидан хабар олиш учун яна хонадонга бордик, уларнинг режалари билан қизиқдик. Оиланинг орзуси, мақолада айтилганидек, бемор қизни даволатиш ва уй сотиб олиш.

Оила ижарада яшаб турган уй эгаси билан боғландик. Ҳозирда уйнинг нархи келишилмоқда. Худо хоҳласа, саховатпеша ватандошларимиз ёрдами билан Жавоҳир ва унинг оиласи тез орада уйли бўлади.

Акция давом этмоқда. Кунингизни савобли амал билан якунлашга чақирамиз...

Uzcard: 8600 0424 9714 5093
Sberbank: 4276 3801 5887 0969

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Андижон вилояти Жалақудуқ тумани йўлсозлари Амир Темур билан “Радар” йўл белгиси ўртасида яқин ўхшашлик топишган бўлса керак. Лекин биз топа олмадик. Йўл белгиси алоҳида устунчага қўйилар эди, шекилли...

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Таълимнинг бугунги ҳолатини билмоқчи бўлсанг, йўллардаги реклама ва эълонларга қара

Фарғона вилояти, Ёзёвон тумани, 24.07.2020

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Daryo.uz сайтидаги ҳурматли ҳамкасбларимизни Telegram'даги обуначилари сони бир миллиондан ошгани билан самимий табриклаймиз!

"Daryo" ижодкорларига сайт аудиторияси яна ҳам кенгайиб боришини ва бундан кейин ҳам профессионал журналистика ривожига муносиб ҳисса қўшишда давом этишларини тилаб қоламиз.

Миллионлик аудиторияга етиш катта машаққат, узоқ вақт ва албатта инсонлар ишончини қозонишни талаб этади. Юртимизда улкан аудиторияга эга мустақил ОАВлар яна ҳам кўпайишини ният қилиб қоламиз, ана шунда журналистларнинг холис саъй-ҳаракатлари жамиятимиз учун ҳали бундан-да кўпроқ фойда олиб келади.

Ҳозирги мураккаб даврда барча ҳамкасбларимизга куч-қувват ва саломатлик тилаб қоламиз.

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Андижон дорихоналарида нарх кескин кўтарилиб кетмоқда

📩 — Ўғлим Тожибоев Жаҳонгир жигар циррози касаллигига чалинган. Ҳафтада 3 марта гемодиализ олади. Тинимсиз дори-дармон сотиб оламиз. Андижон тиббиёт институти клиникаси атрофидаги дорихоналарда нархларнинг ошиб кетиши бизни қийин ҳолатга тушириб қўймоқда.

Оддий спирт – 1500. Гепарин уколи бир ҳафта олдин 16000 сўм нархда сотилаётган бўлса, бирданига 32 000 сўмга кўтарилди. ЭПО 160 000 сўм эди, 200 000 бўлди. Юрак касалликлари билан боғлиқ кўплаб дориларнинг нархи кўтарилган.

Вилоятда кимдир нарх-навони назорат қиладими? Мутасаддиларга мана шу муаммони етказишга ёрдам беринглар.

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Мурожаатчилар, #мурожаат'лар турлича бўлади

«Мутасаддилар ҳудудимизда ёки менга нисбатан ноқонуний иш қиляпти. Келиб ўрганиб беринглар. Фақат исми-фамилиямни ёзмайсизлар», дейишади баъзи ҳолларда.

Фарғонадан кечаси қўнғироқ бўлди: «Ҳоким буйруғи билан боғимизни бузишяпти. Келинглар. Лекин мен бўлмайман. Ҳоким Kun.uz вакиллари келганини кўрса, орамиз бузилиб қолади».

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Юқори кучланишли линиялар остида қурилиш қилиш мумкин эмас, деган бир қадар эскирган талабга Наманганда риоя қилиш қийин. Сабаби бир қарич ер ҳам қадрли.

Эътибор берган бўлсангиз, бир вақтлар бўш жойга ўрнатилган симёғоч асоси сақлаб қолиниб, атрофига ҳам қурилиш қилиб юборилган.

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Нима учун ишлаяпмиз?

Ҳозиргина қўнғироқ бўлди. Ўша ака! Яқинда у кишининг муаммосини ўрганиб, мақола эълон қилгандик. Бир фожиа сабаб аёли учта операцияни бошидан ўтказди. У моддий жиҳатдан анча қийин ҳолатда қолган, зарарни ундириб олиш муаммо бўлаётганди.

«Мақола эълон қилинди-ку, энди нима деркинман. Ҳеч нарса ўзгармади, деса қандай жавоб бераман», деган ўйда телефонни кўтардим.

— Укажон, зарарни охирги сўмигача ундириб беришди. Аёлим йиғлаб дуо қиляпти, ҳақиқат бор экан, деяпти. Барака топингизлар!

Аллоҳга шукр! Мана, нима учун ишлаяпмиз!..

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…

KUNDALIK

Нега “Андижан”даги “н” ҳарфини тўсиб суратга тушдик

Бугун Андижон шаҳрида мурожаат ўрганиш жараёнида, шаҳарга кириш жойидаги Andijan” ёзуви олдида тасвирга тушмоқчи бўлдик.

Ёзувнинг жуда оҳори тўкилиб кетибди. Ноилож, синиб тушган “н” ҳарфини камера объективидан гавдамиз билан тўсиб тасвирга олишга тўғри келди.

Ёзув бир ойдан бери шу ҳолатда экан. Мутасаддилар эътибор бериб қўйса бўлар эди. Ахир, мана шу жой Андижон шаҳрининг кириш остонаси...

Kun.uz кундалиги

Читать полностью…
Subscribe to a channel