Мен ҳеч қачон ўзимдан қониқмаганман ва ҳеч қачон ўзимни юксак нарса ва ҳодисаларга лойиқ кўрмаганман. Бу ўзимга ишончим пастлигидандир балки. Айбдорлик ҳисси ҳам кучлилигини ҳис қилиб келганман. Лекин нимада айбдорлик? Ҳамма нарсада! Доим ҳаётимдаги ҳамма нарсага жавобгарликни ўз бўйнимга олавераман. Масъулият юки керагидан ортиқ даражада оғир менда. Балки етар. Ўзимни тарбиялаш, "мен"имни қадрлаш, ортиқча жавобгарлик ва масъулиятларни улоқтириб, керагини олиб қолиш вақти келгандир. Мен кўп нарсага лойиқлигим, баъзи иш ва ҳолатларимдан қониқиш туйғусини туйишни ўрганиш даврим бўлгандир. Буни қандай қилишни ҳозирча билмайман.
@qodirova_g
Эркинлик бу масъулиятдир. Эркин одам ўз қарорлари учун, ҳаракатлари учун ўзи жавоб беради.
Шу учун ҳам кўпчилик умумий қабул қилинган қоидалар бўйича яшашни, стандартдан чиқмасликни маъқул кўради. Бир томонда жамият қабул қилган ҳаёт тарзи, унда сени қанақа ўйлашинг, қанақа яшашинг, қанақа фикрлашинг белгиланган. Унинг қанчалик тўғри ёки хатолиги муҳим эмас, муҳими жамият уни тўғри деб билади. Иккинчи томонда сен масъулиятни ўз бўйнингга олиб ўз йўлингдан юришинг. Жамият айтганидек қилсанг, хато жамиятники, ўзинг билганингдек қилсак, хато сеники, жамият сени лаънатлайди.
Эрк масъулиятини ҳамма ҳам кўтаролмайди. Шу учун кўпчилик осон йўлни танлайди. Бирор идеология ёки гуруҳ талабига мос яшайди қўяди. Ўйлаш, қийналиш керак эмас, сен учун ёзиб, чизиб, қарор қабул қилиб қўйишган.
Буни энг оддий оила мисолида тушунтираман. Фарзанд улғайгач ота-она айтганига уйланиш фарзанд учун қулайроқ. У ота-она айтганини қилмасдан, ўзи танлаб уйланса, эртага жавобгарлиги ўзида бўлади. Ота-она айтганига уйланса, ҳамма муаммони ота-онага ташлаб қўяди. Ўзингиз танлаган келин дейди. Биттасида жавобгарлик ўзида бўлса, иккинчисида жавобгарлик ота-онада. Ота-она ҳам жамият чизган чизиқ бўйича яшайди. У жамиятнинг муваффақиятли аъзоси бўлиши учун фарзанд эрта турмуш қуриши, тез фарзандлик бўлиши керак. Ота-она бутун маҳаллага тўй қилиши, орзу-ҳавасга етишаётганлигини кўз-кўз қилиши керак. Эртага фарзанди келин билан келишолмаса, маҳалла нима дейди деб иккита ёшни ажрашишига қаршилик қилади. Майли, булар бахтсиз яшашсин, муҳими маҳалла айтганидай яшайлик. Бу жараён яна бир-бирига уланиб кетаверади.
Худди шунақа, бирор идеология таъсирига тушиб, унинг қоидалари бўйича яшаш ҳам осон. Ҳаммаси сен учун олдиндан ҳал қилинган, сен чизилган чизиқ бўйлаб юрсанг бўлди. Атрофингдагилар ҳам сени ҳеч нарсада айблашмайди. Аксинча, қилаётган ишинг хато бўлса - да, жамият тўғри деб билгани учун сени олқишлашади. Сени ҳақиқий жамиятнинг аъзоси сифатида ўрнак қилишади.
Лекин, матрицани кимлардир бузмаса, ўз ўқимиз атрофида айланишда давом этамиз. Эркинлик масъулият, ўзи учун қарор қабул қилиб билиш, ўз йўлини излаш масъулият. Хато қилмасликдан ҳеч ким кафолатланмаган. Лекин, масъулиятни ўз бўйнига олиб ҳақиқий ҳур инсон бўлиш лаззати бошқача.
©Firuz Allayev
@qodirova_g
Бир кун бир дўст иккинчисидан сўрабди:
- Дўст, хотиним билан хеч келиша олмаябман. Кундан кунга ёмонлашиб кетаябди. Хар доим камчиликларини айтаман, ёмонлашаётганини эслатаман, аммо хея яхшиланмаябди. Орқамдан мендан арз қилаётганини хам эшитдим. Жахлим чиқди.
Қарасам сени хотининг билан муносабатинг жуда зўр. Орқангдан хам фақат фахрланиб гапиради. Нима маслахат берасан менга?
Дўст: дўстим, мени хотиним кундан кунга яхшиланиб бораверади. Биласанми нега? Чунки ман унга хар куни яхши эканлигини эслатаман. Мақтайман. Фахрланишимни эслатаман. Сен эса кундан кунга қанақа бўлишини ўзинг айтиб ўтар экансан.
….
Кимгадир ёмонсан, десангиз, яхши бўлай деб эмас, балки ёмон эканман деб янада хафсаласи пир бўлиши мумкин. Шунинг учун кўришни истаган холатингизни чиройли қилиб айтинг. Билингки, сизнинг жуфти халолингиз, бу сизнинг аксингиз. Қанақа муносабатда бўлсангиз, ўша нарсани оласиз. Айниқса аёлга нисбатан. Аёлларда такрорлаш хислати кучли ривожланган бўлади.
Мустахкам оилалар кўпайсин🤍🤲🏼
Umida Rahmatullayeva. Psixolog
Сал кам беш ойлик меҳнатимиз натижаси етиб келди. Хурсандман. Китоб соҳасида ишловчилар билади қўлингизгача етиб келган китоблар қанчалар машаққат талаб қилишини. Бу соҳа қизиқувчи одам учун энг чарчоқли ва шу билан бирга завқлидир.
Читать полностью…*
Ayol. Kulgu. Yolg'on. Bayram. Baxt,
Qudrat. Qo'rquv. Borliq va Sarob.
Ayol. Yig'i. İsyon. İtoat.
Olov. Arqon. O'lim. Vassalom.
Erkak. Qusur. Qolgani yallo,
Ayol. Gunoh. Do'zaxiy mutlaq.
Ayol qulning qulidir, illo,
Erkak – xudo. Xudo doim haq.
Ayol – og'ir ko'z yosh, ulkan oh,
O'zing bas kel, yagona Alloh!
✍️ Mehrinoz Abbosova
@qodirova_g
Erkak (Xudoning nazdida) loyiq bo’lsa, ayol unga yordamchi bo’ladi.
Erkak noloyiq bo’lsa, ayol unga balo bo’ladi.
the Talmud, "If the man is worthy, the woman will be his helper; if he is not worthy, she will be against him."
Kun mavzusiga, va umuman, erkak-ayol dinamikasi borasida yahudiy donishmandlaridan hikmat.
Бошланғич синфда машқ сўзини "машиқ" ёзиб қўяверганим учун ўқитувчимиз онамни чақириб дакки берганди. Шундан сўнггина ўнгланганман ва кейин ҳеч қачон бу сўзда хато қилмадим. Ваҳоланки, аввалроқ ўқитувчим неча бор машқ ёзилади деб огоҳлантирганди. Юқори синфда меҳр сўзини меҳир ёзиб қўйиб олимпиададан қолиб кетгандим. Ҳамон қулоғим остида устозимнинг "неча марта меҳр сўзингни машқлар давомида қизил билан белгилардим. Яна айнан шу сўзда хато қилибсан. Агар биргина шу сўзда хато қилмаганингда олимпиадага сен кетардинг" деган гаплари жаранглайди. Бу ютқазиқдан сўнг ҳам шу пайтгача меҳрни қайта меҳир дея ёзмадим. Ёзолмадим. 2-3 йилдан буён мусаҳҳиҳ(корректор) бўлиб ишлаётган бўлсам, бу фаолиятим давомида анча-мунча ишкаллар қилдим, қовунлар туширдим, муҳарриримизни жиғибийронини чиқардим. Бу касбдан қўл силтаб кетмоқчиям бўлдим. Аммо вақтлар ўтиб шуни тушундимки, ҳар бир хатойим бугунги яхши натижаларимга, орттирган тажрибаларимга, эришган маҳоратимга бир қадам бўлган экан. Ҳар нарсани шунчаки билиш бошқа, бошдан кечириш эса умуман бошқа нарса эканини англадим.
Фақат ишда эмас, шахсий ҳаётда, умуман яшаш мобайнида қилган хатоларимиз орттирилган тажрибаларимиз ҳисобланаркан. Аммо хатони шунчаки қилиб, эътибор бермаслик тажриба эмас. Унинг жабрини ҳам тортиб кўришимиз шарт. Худдики олимпиададан қолиб кетганимдан сўнг қайта меҳир дея ёзмаганим каби. Ваҳоланки илгари ҳам бу сўз устида кўп хатолар қилганман ва огоҳлантиришлар олганман.
Инсон хатосининг жабрини чекавергач автоматик тарзда мулоҳазали бўлиб боради. Тўғри деб ўйлаётгани хато чиқишидан, нотўғри деб билгани тўғри бўлишидан қўрқа бошлайди. Хато қилишдан ҳайиқмаслик керак. Хато қилиш айбмас, уни тушуниб етмаслик ёки тан олмаслик, такрорлайвериш айб. Ким хато қилмабти. Валломатлар ҳам адашади. Зеро, муваффақиятсизликлар йиғиндиси муваффақият томон йўлдир.
@qodirova_g
Нимадир сабаб билан йўлим туғруқхона томон тушди. Дорихона ёнида шеригимни кутиб турганимда қулоғимга беихтиёр эр-хотин тортишуви чалинди. Бир назар ташладим. Хотин ҳомиладор. Биринчиси бўлса керак. Эр асабий ҳолатда уёқдан бу ёққа тинмай бориб келяпти. Одамлардан ҳам истиҳола қилмасдан аёлига ўшқиряпти: "Мунча қиммат дориларинг. Ҳаммаси бўлиб 160 минг бўляпти. Б...т." Аёл жаҳлдан афти бужмайиб кетган жуфтига қўрқув билан йиғлагудек бўлиб қараб турганди. Охири секингина ноиложликдан паст овозда "Майли, унда ҳеч бўлмаса энг арзон икки хилидан олаверинг" деди. Эр рози бўлиб дорихонага кириб кетди. Аёлга қарадим. Кўзи тўла ёш. Шарт бориб қўлига пул тутқазгим ёки дорихонага етаклаб дориларини олиб бергим келди. Аммо аралашмадим.
Аёллар, ачиняпсизларми? Ачинманглар! Шу ҳўкиз эриниям қайсидир аёл тарбиялаган. Одамлар новвос олиб, гўшти учун маълум муддат боқиб сотади. Фарзандни туғиб яхши тарбия қилмасликниям худди шу жараёнга ўхшатаман. У фақат жисмонан боқилган. Сурати жойида, соғлом, қадди-басти келишган. Аммо шу ёшигача, уйланиб, яқинда ота бўлгунга қадар сийрати билан на онанинг, на отанинг иши бўлмаган. Эрлик, эркаклик, қўйингки, инсонийлик вазифалари тушунтирилмаган. Масъулиятли қилиб ўстирилмаган. Ҳозир зиммасидаги эрлик мажбуриятини бажаролмаяпти, жуфти ҳалоли олдидаги ҳақларини адо этолмаяпти, вазифаси нималигини билмаяпти. Эртага оталик масъулиятини қайдан билсин, қандай бажарсин?! Бунақа отадан ўғлига : "Хотинни бошга чиқариб олиш керакмас. Озгина кекиртагини чўзгудек бўлса, айлантириб солиб туриш керак. Кўкармайдиган жойига уриш керак", қизига эса: "қиз болага пишириб қўйибдими ўқиб?! Энамникидан пул топаманми сенга ўқишга? Пул заводим борми? Кўзингни қисиб эрга тег. Жуда хоҳласанг эринг ўқитволади"дан бошқа гапларни, бошқача тарбияни тасаввур қилолмайман.
Болани шунчаки катта қилиб қўйиш эмас, унга диний, дунёвий, маънавий, иқтисодий ва албатта эстетик тарбия бериш лозим. Зеро, фарзандлар ота-онанинг акси ҳисобланади.
@qodirova_g
#iqtibos
«Kambagʻallik ayb emas, biroq yoʻqchilik – illat. Birinchisida inson tugʻma olijanob fazilatlarni saqlab qola oladi,
ammo yoʻqchilikda ularni hech qachon va hech kim saqlab qola olmaydi»
Hayot qonunlari adolatli – jinoyatni jazosiz qolishiga imkon bermaydi.
Биз нима учун ўзбек жамиятида "аёллар ҳуқуқи" деб гапирамиз ва бу кўпчиликка ёқмайди?
Бунинг сабабларини билиш учун қиз бола бўлиб туғилиш керак.
Шаҳарга ўқишга ё олимпиада-семинарларга хорижга кетиш учун кечалари ухламай "ишқилиб рухсат беришсин" деб Оллоҳдан илтижо қилиб чиқиш керак.
Келин бўлиб кўриш керак. Қўлингга битта узукни маҳр деб тутқизиб, ота-онанг емай-ичамай, қизим тинч бўлсин деб 5-10 минг долларга қилган сепидан айб топишларига чидашинг керак.
Эрингдан бунга қарши бир оғиз эътироз кутма, ўша пайтда у кар-кўр бўлиб олади.
Туғруқхонада тўлғоқдан суткалаб азоблансанг-да, врачлар "кесарча кесайлик" деганига қайнонанг ва эринг рухсат бермаса, ўз танангга ўзинг эга чиқолмай, минг азобда охири кўзинг ёриганда боши қаттиқ лат еган ногирон фарзандни қўлингга тутқизишса, "касалманд бола туғдинг" деб таъналарга кўмишса, овоз чиқармай кўзёшларингга кўмилишинг керак.
Эринг билан бирга нонушта қилганинг учун қайнонанг додингни берганида, кечқурун ишдан қайтгач унга табассум қилишга ҳам қўрқиш нималигини туйишинг керак.
"Нуқул хўмрайиб кутиб олади" деб устингга хотин олганида эса, кўнишинг керак.
Кўниб ҳам бирон марта эрингга "икки хотин аро адолат қил" демаслигинг лозимки, ё мушт тагида қоласан ё жавобингни оласан.
Мабодо ишлашга рухсат беришса, иш кунинг соат 6 да тугаса-да, соат 6 яримда кечки овқатинг пишмаса, тамом. Лекин ойлигингни тийинигача олиб қўйишлари мумкин.
Ишхонангда эса сени "бу аёл, туғади, боласи касал бўлади" деб лавозимларга лойиқ кўрмасликлари мумкин.
Шундай яшаб, чидаб, охири яхши қайнона бўлолмасанг, фақат ўзинг айбдорсан.
Бунга чидамай, ажрашсанг ҳам сен айбдорсан.
Умуман, сен ҳар доим айбдорсан.
Буни гапирсанг, айбдорсан.
Жим турсанг, айбдорсан.
Кетсанг, айбдорсан.
Қолсанг, айбдорсан.
Эркаклар, ҳамма масъулият менда, сен уйда ўтир, итоаткор бўл деган эркаклар бу ҳолатни ўзгартирмасалар, ислоҳни ўзларидан бошламасалар, Исломдан ҳам, анъаналардан ҳам фақат ўзларига ёқадиган томонларини олиб, омухта ва қулай бир тутумларни яратиб олган бўлсалар, бу тутумлар оналари, опа-сингиллари, қизларига ҳам зарар етказишини билиб ҳам, вазиятни ўзгартирмасалар, чидайсан!
Тушунмайдиларки, ҳар қандай исёнлар зулм ортидан келиб чиқади. Исёндан кейин ҳаммаси баттарроқ бўлиши мумкин, аммо исён қилувчилар аҳволни яхшилаш учун эмас, ҳолатга чидай олмаганларидан дод демоқдалар...
"Гендер тенглик" деса сакраб тушаётган, аёллар ҳуқуқлари ҳақида гапирганларга турли ёрлиқлар илаётганлар, Сизлар оқибат билан курашяпсизлар.
Сабабларни ҳам кўринг, адолат қилинг!
Shahnoza Soatova
@qodirova_g
Барно Султанова ёзяптилар.
Қишлоқда бир воқеанинг гувоҳи бўлиб келдим. Келин икки боласи билан ота уйига кеп қўйган. Сабаби эри уриб бурниларини синдирган. Онаси жўнатмоқчм эмас, келин бормоқчи эмас. Ҳаммаси маҳалла фаолларидан тортиб келиннинг қариндошларигача келин гап қайтаргани учун калтак еганини иддао қилишмоқда. Бу иддаода келинни айблаш бор. Ижтимоий тармоқларда ҳам бир келинни ўлдирибди ёки калтаклабди дейишса, сабабини сўрашади. Аёлнинг калтакланиши ёки ўлдирилиши учун нега сабаб қидирасизлар. У қулми. У инсон эмасми, уни сабабларни қаторлаштириб ташлаб дўппослайвериш, ўлдириб юборавериш керакми? Сабабини билсангиз кўнглингиз жойига тушадими? Хўп келин гап қайтаргани учун калтак ебди. Демак СИЗ қўл кўтарганингиз учун сизни ўлдирворса бўладими? Ахир қўл кўтарганингиз келинни ёки уни қариндошларини худди СИЗ келин гап қайтарганда ўзингизни босолмай қолганингиздек ғазабини қўзгаяптику. Хўп, нима деб гап қайтарибди келин денг. Уйидаги овсини 25 килоли бакларни кўтариб майиб бўлган. Бу келин айтибдики, мен оғир иш қилмайман, 4 ойлик чақалогим билан оғир иш қилиб майиб бўлиш ниятим йўқ. Мен каттага гап қайтарма деган гапдан нафратланаман. Қачон катталар ёшларга гап қайтармайдиган гап айтишни ўрганади. Масалан кап катта ўглингизни нафсониятига тегадиган гап гапирас. У СИЗГА аччиқланиб нимадир дейди. СИЗ ўғлим е келиним гап қайтараяпти менга деб баттар авжига чиқасиз ё калтаклайсиз. Кейин ёшларни гап қайтарадиган, одобсиз, шаллақи дейсиз. Қачон бизда катталар ҳам тилини тийишни ўрганади. Ахир улар катта, ақлли эмасми ёшларга қараганда. Хуллас оғир иш қилмайман, майиб бўлиш ниятим йўқ деган келинни калтаклаш керакми ё 4 ойлик чақалогим яна бир ярим ёш гўдаги бор келинни оғир иш қилдирмоқчи, қилмайман дегани учун Ўғлига урдирган қайнонани калтаклаш керакми. Биз катталаргаям инсоф берсин. ёшларнинг гап қайтаришини истамасангиз фаросатни ишлатинг уларни шахс сифатида ҳурмат қилинг, ўшанга яраша жавоб оласиз. Ёшларнинг хақ ҳуқуқларини ҳурматласак улар ҳаққини сўрамайди.
@qodirova_g
#Мени_аёлман
Мен аёлман, паранжиларим
Қачонлардир ёнганлари бор.
Муҳаббат деб кўксимни доғлаб,
Сўнг баридан тонганлари бор.
Мен аёлман, қийшиқ қовурға,
Эгрилиги бошимга бало!
Нодираман, мана, юз йилки
Ўлдиради амир Насрулло!
Мен аёлман, душманим аёл
Қўлларидан заҳар ютдим жим.
“Сиз ўшами?” Мен ўша эдим
Кумушларинг урди, азизим.
Мана кетди Сибирга кимдир,
О, кимнидир дорга тортдилар.
Йўқ, билмайсиз улар ортига
Оналарин қўйиб отдилар.
Мана тулпор, унинг қўлида
Доро боши, оқиб борар қон.
Эй Тўмарис, қонлар юволмас
Иснодлар бор, қутқар, онажон!
Хонзодаман, тақдирим сулҳдир,
Ҳали ҳамон сулҳга кўнаман.
Қизларимнинг қисмати талҳдир,
Орзуларин ўзим қуваман.
Мен аёлман, номардни туққан,
Ўйлайвериб эсдан оғаман.
Эй қаттол дун, қачон Алишер,
Яна қачон Темур туғаман?!
Мен аёлман, ким ёмон боқса,
Ўтда куйгай қорачиғлари.
Аёлининг номусин сотган
Элнинг одам бўлмас эрлари.
Мен аёлман, менга гуллар бер,
Шараф бергин, шафоат бергин.
Мен аёлман, номусим учун
Қилич тутгин, ҳимоят бергин.
Мен аёлман, агар хор бўлсам,
Тулпордан туш, бош эгиб юргин.
Эй сен эрлар, қавмингни қутқар.
Ўз қавмингга ҳидоят бергин!
Gulrux Xudoyorova
@qodirova_g
Мен 1962 йилда туғилганман.
Бизнинг болалигимизда «бор» деган гап йўқ эди, «йўқ» бор эди. Нима хоҳласак «йўқ» деган жавоб эшитардик. Йўқлик замонида катта бўлдик.
Нима истасак, йўқ. Масалан отамга, «шим олиб беринг» дейман. У: «йўқ», дейди. Ўйинчоқ олиб беринг, дейман. «Ўзинг ясаб ол», дерди. Лойдан ўйинчоқлар ясар эдим. Отамнинг эски костюмининг чўнтагини кесиб, ичига юнг тўлдириб, кўптўк ясардим. Ўшани тўп қилиб ўйнардим. Синглим ҳам қўғирчоқларини ўзи ясарди...
Шунинг учун, бизнинг наслимизда бир нарсанинг қадрини билиш, деган нарса бор.
Бир куни отам деди:
-- Сизга шим олиб келайми?
Биласизми, бу сўзни эшитиш биз учун қандай қувончли эди?
Биз уч ака-ука қўлимизни даҳанимизга тираб, хаёл сура бошладик. Зўр-а? Қишлоқ раисининг ўғли киядиган шимдан биз ҳам киямиз...
Мен учинчи синфда ўқирдим. Укам биринчида эди. Кейингиси олти ёш эди. Шундай хаёллар сура бошладикки...
Бизнинг умидимиз ўша автобус. Отам шу автобусда бозордан қайтиши керак эди.
Қишлоғимизда электр йўқ, телевизор йўқ. Дунёдан хабаримиз йўқ. Онам, бобомнинг гулли эски тўнини бузиб бизга шим тикиб берар эди...
Укам деди:
-- Сенга қанақа рангидан олиб келаркин?
-- Қора.
-- Меники мовий ранг бўлса эди.
-- Нега? -- дедим.
-- Син гулли тўн билан мактабга боргансан-ку. Мен эса, шимда мактабга бораман.
Кейин деди:
-- Отам «шаҳар пойабзали»дан ҳам олиб келармикин?
Мен:
-- Қора калиш олиб келади, -- дедим.
Шу пайт чангитиб автобус кўринди. Бизнинг умидимиз, бизнинг кутганимиз ўша автобус. Отам кўринди...
Пакетларни оча бошлади. Менга бир қора шим. Оқ ёқалик қора кўйлак ва бир резина калиш чиқарди. Кейинги укамга ҳам менга нима олган бўлса, шундан бир хил...
Ҳавас билан кутган кичик укам Раъфат пакетларни очиб қаради, лекин унга ҳеч нарса йўқ эди. Отамга умид билан термулди.
-- Менга-чи?
-- Ўғлим, сенга кейинги сафар борганимда олиб келаман.
Раъфатнинг лаблари бурилиб йиғлаб юборди. Хонадан чиқди. Отамнинг кўзларига ёш қалқди.
Кечки пайт дастурхон атрофига ўтирдик. Жим-жит. Ҳеч биримиз гапира олмаймиз. Фақат укамнинг овози келади. Ҳўрсиниб-хўрсиниб, болаларча пиқ-пиқ йиғлайди...
Мен эрталаб мактабга отландим.
-- Вуй чиройлилигини. Сизга жуда ярашибди. Бир марта кийиб кўрсам майлими? -- деди ҳавас билан укам.
-- Йўқ. Кир қиласан, -- дедим мен.
Иккинчи куни ҳам ялинди. Бермадим. Учинчи куни ҳам сўради.
-- Бўлмайди.
-- Сизга жуда ярашади-да. Оёқ кийимингиз билан янада кўпроқ ярашади. Менга ҳам ярашса керак.
-- Сенга узун келади.
-- Почасини қайириб оламан.
-- Йўқ, кир қиласан.
-- Гиламнинг устида кияман, -- деди. -- Ойнага бир қараб оламан, бўлди.
-- Бўпти. Эртага жума. Мактабдан келганимда, беш дақиқа кийиб кўрасан.
Раъфат севиниб кетди.
Кечқурун тўрт ака-ука бир қатор бўлиб чўзилдик. У мени туртади.
-- Ухламадингми? Мен ухлай олмаяпман. Эртага шимингни кийиб кўраман...
Эрталаб мактабга кетаётганимда у ҳам турган эди.
-- Бугун эртароқ кел, ҳўпми? Мен сени эшикнинг олдида кутиб тураман, -- деди.
Мен ўқишга кетдим...
Учинчи соат эди. Эшик очилиб, синфга мудир кирди. Ўқитувчининг олдига келиб, унинг қулоғига бир нарсалар деди. Ўқитувчимнинг негадир ранги оқарди.
Менга қараб:
-- Алишон ўғлим, уйингга бора қоласанми? Отанг сени чақираётган экан, -- деди.
Мен ўзимча: «Укам қўймай отамни кўндирган бўлса керак, шимни кийиш учун. Дарс тугашига ҳам сабри чидамабди-да,» деб ўйладим.
Нарсаларимни йиғиштириб, мактабдан чиқдим. Қишлоқ одамлари ҳам бизнинг уйимиз тарафга кетишар эди. Кўчанинг бошига келдим. Укам эшикда кутаман деганди, негадир кўринмади. Ҳовлига кирдим. Бутун қишлоқ одамлари ҳовлимизда эдилар. Ичкаридан онамнинг аянчли йиғлаган овози эшитиларди. У ўзини ерга отиб тўлғанар эди.
-- Раъфатни беринг менга! Болажонимни беринг, қўзимни беринг...
Билсам, қишлоқдаги кекса бир амаки янги олган тракторида уйимиз олдидан ўтаётганида укамни кўрмай қолибди. Укам тракторнинг остида қолиб, ўша ерда жон берибди...
Ишонгим келмасди... Мен укамга шимимни бериб турадиган кун, у ўлган эди...
Bolalar meni nimaga o'rgatdi?
1. Ushoqlar va legolarni bosmasdan yurib o'tishga😅 bo'masam umrim tozalash va yig'ish bilan o'tarkan;
2. Yuvilmagan idishlarni rakovinada qoldirish mumkinligiga. Ba'zan bundan ham muhimroq ishlar bo'larkan. (Hozir bu muammo yo'q😀);
3. Rejalarni soniyada o'zgartirishga/ keyinchalik, umuman reja tuzmaslikka;
4. Qo'l izlari chaplab tashlangan oyna va jihozlarni oldidan befarq o'tib ketishga😅;
5. Keyin esa, tozalab artgan oynalarimni orqamdan nam salfaetka bilan boshqatdan chaplab chiqsa ham e'tibor bermaslikka;
6. Ba'zi narsalarni umuman kutilmagan joylardan topib olsam hayron qolmaslikka: oyoq kiyimlarni yotoqning tagidan, qoshiqlarni manejdan, o'yinchoqlar idish-tovoqlarni ichidan chiqib kelishiga;
7. Va umuman hamma joydan o'yinchoqlar chiqib kelishiga: yuvinish xonasida ham o'yinchoq, sochiqlar tahlangan tortmada ham o'yinchoq, oyoq kiyimni ichida ham o'yinchoq, muzlatkichda ham o'yinchoq;
8. Rasm chizib tashlangan devorlar tufayli asabiylashmaslikga;
9. Xohlagan ishni oxirigacha tugatmay qo'yish mumkin ekan, mutloq har qanday ishni😄;
10. Orqa fonda multfilm bilan kitob o'qishga;
11. Shirinlik, konfet, shokoladlarni tezroq yeb olishga😅;
12. O'zim va bolalarni kiyimidagi dog'larga xotirjam qarashga;
13. Ishlatilgan, lekin vaqtida balandroqqa olib qo'yilmagan pomada, krem, kosmetikalar bilan osongina xayrlashishga;
14. Oddiy narsalarga ham xursand bo'lishga, sabrli bo'lishga, bir necha yil ketma-ket uyquga to'ymasdan ham yashash mumkinligiga, usting kir, qo'llaring shira bo'lsa ham quchoqlashish mumkinligiga
15. Kiyimlarni dazmol urmasdan ham kiyish mumkinligiga)
16. Uyulib yotgan kiyimlarni pastga uloqtirib, mazza qilib uhlashga;😄
17. Endi hayotim avvalgidek bo'lmasligi va bu aslida eng katta baxt ekanligiga🥰
Siz farzandlaringizdan nimalarni o'rgandingiz?
Facebook sahifasidan olindi
@qodirova_g
#ҳаммаси_ширинликдан_бошланади
Бахтнинг шакли кўп, бахтнинг кўриниши ҳар хил. Ҳаммаси ширинликдан бошланади. Катталардан кимдир болага ширинлик беради. Боланинг кўзларида беғубор бахт порлайди. Жажжи қўлчалари билан ширинликка талпинаркан, унга меҳрибонлик кўрсатган одамга миннатдорона боқади.
Мактабда ўқийдиган ўқувчи учун 5 баҳо бахт. Яна юлдузчали! Қайта-қайта кундалигини очиб кўриб қўрсайиб қўяди. Овқат маҳал оила аъзоларига мақтангиси келаверади. Дадасининг: "Ўғлим (қизим), кундалигингни олиб кел-чи, қани" дейишини интизор бўлиб кутади.
Абитуриент учун бахт - бу қийин тестларни қойиллатиб ечиш! Бугун 30 тадан 30та урдими маладес! Ҳеч кимга айтмасаят ичидан "Иншооллоҳ, мен ўқишга ўтарканман", деган фикр ўтади. У ўзидан мамнун. Бедор тунлари, китобга мук тушиб ўтирган кунлари бекор кетмабди.
Ўқишдан ўтган абитуриент, ярми талабанинг хурсандчилигини энди айтишга ҳожат йўқ. Ундан зўр, ундан олғири йўқ ҳаётда гўёки…
Талабалик қисмини ташлаб ўтиб кетаман)). Контрактдаги талаба учун контракт пулини тўлаб олиш бахт.
Турмуш қуриш остонасида турганлар учун ўзига мос инсонни учрата олиши бахт. Бутун бир ҳаёт йўлида унга йўлдош, елкадош бўлгувчи ҳамроҳ қандай бўлиши албатта муҳим ва қизиқ. Аёл киши учун оилада ўз ўрнига эга бўлиш, ҳурматли бўлиш катта бахт. Ёрининг кўзларида ўзини кўра олиши, истакларининг инобатга олиниши, фикри билан қизиқилиши катта ютуқ. Эркин танлов имконияти бериляптими? Танлов натижаси қандай бўлишидан қатъи назар таъна қилинмаяптими, демак, у аёлга ишониляпти.
Аёллар! Бирор жойга борган вақтингиз турмуш ўртоғингиз "қаердасан, қачон қайтасан" каби саволларни бериб тергаса, уйга тунашга рухсат бермаса жаҳлингиз чиқмасин. Менга ишонмаяпти деган хаёл ҳам келмасин. Шунчаки у уйда сизсиз сиқиляпти. Ёлғиз қолгиси келмаяпти. Хонадон файзи сиз билан кетган. У ўша файзни қачон қайтишини сўраяпти. Қайнаб турган қозон, ёниб турган печка, янги дамланган чой, юмшоқ ўрин, қайноқ бағир, меҳр тўла нигоғлар ва ширин-шакар фарзандлар сиз билан. У шуларни кўпга жўнатгиси келмайди.
Аёл учун битта бахт борки, сира қиёси йўқ. Бу - қора кўзчалар, дўмбоқ оёқчалар, эмаётганда сут бочкасини чимчилаб-чимчилаб қўювчи жажжи қўлчалар. Она учун ўша қўлчаларни беозоргина шапатилаб қўйишчалик саодат қаерда бор?..
Яна ўша ширинликка қайтамиз. Ширинлик олган гўдакнинг хурсандчилигини тасвирлаб бўлдик. Энди ширинлик берган кишининг хурсандлигини бир тасаввур қилинг. Ширинликни еган бола, бундан кўпроқ суюнгувчи берган бўлади.
Аллоҳим ҳар бир бандасига ўша ширинлик мисоли бахтнтнг катта-кичигини бераркан ширинлик эгаси сингари бандаларидан-да кўпроқ суюнади… ҳар бир мўмин-мусулмон учун тунда бошини ёстиққа қўйган маҳали дилида ҳеч кимга нисбатан ғилла-ғаши йўқ ҳолатда, эртанги кунини Оллоҳга таваккал қилиб ҳотиржам ухлаш ҳам катта бахт аслида. Энг катта ютуқ.
Булар бахтнинг энг оддий ва буюк кўринишлари. Ҳаётда ҳар ким учун бахтнинг миллионлаб шакллари бор.
@qodirova_g
Оллоҳ насиб этган экан республикага ҳам чиқиб олдик. Ол қулим, деса ҳеч гап эмас...
@qodirova_g
#душанбатавсияси
Жойингиз фақат ошхонада эмас!
Азиз дугонам! Уйингизнинг саришта-тартибли туриши, мазали таомларнинг ҳиди уфуриши яхши, албатта. Бироқ бу бутун ҳаёт, дарёдек оқиб кетадиган умрингизни кундалик ишларга буткул бағишлашингиз кераклигини англатмайди.
Сиз илм-фанда, маданияту сиёсатда, адабиётда, ҳатто замонавий касблар борасида ҳам илғор бўлишингиз, муваффақиятга эришиб, жамиятга фойдангиз тегиши мумкин. Уй ишлари эса оиланинг барча аъзолари кундалик ҳаётда қилиши керак бўлган юмушлар, бунга ҳамма каттаю кичик бирдек масъул бўлиши керак.
Ўйлаб кўринг ахир, ниманидир бошқалардан минг чандон ортиқ дўндира оласиз. Унақа хислат йўқ деб ўйлаган тақдирингизда ҳам янглишаётгандирсиз, эҳтимол. Балки ҳали уни кашф қилиб улгурмагандирсиз? Яширин қирраларингиз, қизиқишларингиз бордир, шундай эмасми?
Ўзингизга имкон беринг, шу билан бирга устингизда ишлашни ҳам унутиб қўйманг. Ёшингиз, бугунгача ҳаётингизда бўлган ҳеч нарсага қарамай, ўзингиз яхши кўрган нарса билан шуғулланиб, унда профессионал бўлишга урининг. Бора-бора бу сизга завқ бера бошлайди ва ҳаётингизга маъно бағишлайди.
Сиз ўқишингиз, ўқитишингиз ўрганишингиз ва ўргата олишингиз, намуна бўлишингиз ва ҳаётингиздан қониқиб яшашингиз мумкин. Бунинг учун жойингизни фақат ошхонада деб билманг. Ким нима деса ҳам сиз ўзингизга паст баҳо берманг, ўзингизни маиший ишларга бутунлай «топшириб қўйманг».
Гулираъно Мусаева
#СукутСақлама #мотивация
Ишон сени тинмай соғинаман. Бир дам хаёлимдан нари кетмайсан. Кундузлари ўй-фикримга ўрнашганинг камдек кечалари ҳам тушларимга бесўроқ ва бетўхтов бостириб кираверасан. Кўпинча илгаргидек қучоғингда ўйнаётган, бағрингда сайрда юрган бўламан. Сен билан ўтказган 4 йил умрим мени шу ҳолга солди. Сендан айрилгач бирор куним йўқки хажрингда уҳ тортмаган, айрилиқ қароридан афсусланмаган. Баъзан ҳаммасига қўл силтаб қучоғингга отилгим, ўзингдан ўзгасидан кечгим келади. Афсус, афсус, бу қўлимдан келмаса керак. Менинг аҳволимни менинг ҳолимга тушганларгина тушунолади. Мен худди сен учун туғилгандекман. Эсимни таниганимдан сенга интилдим. Сени ҳали кўрмай туриб бор ички ҳиссиётларим билан, бор вужудим ила сен томон талпиндим. Ҳатто илк марта қалам тебратиб ёзган шеърим ҳам сенгга аталганди. Билмадим, қандай қилиб сенгга бу қадар меҳр қўйиб улгурдим. Бир қанча тўсиқ ва курашларни енгиб ўтиб ниҳоят сенга етишдим. Сен менинг тасаввурларимдан-да яхшироқ, олийжаноброқ ва сеҳрлироқ бўлиб чиқдинг гўёки. Мени сен кашф қилдинг. Мен сенгача мен эмасдим. Сен менга дадилликни, шижоатни, умуман, ўзлигимни ўргатдинг. Йиқитдинг, турғаздинг, югуртирдинг, учирдинг. Менинг барча салоҳиятим, имкониятларимни қўлловчи ҳомийимсан. Булар учун миннатдорман сендан. Энг қувончли дамларимниям, оғриқли вазиятларимниям, ғам-андуҳга тўла ҳолатларимниям сен билан баҳам кўрдим. Сен менга кўп нарса бердинг. Буларни асло унутмайман. Имкон туғилиши билан бағрингга отиламан. Мени кут. Мен сен томон ҳар дақиқа интилмоқдаман. Сенсиз ҳар соатим, ҳар куним машаққат. Сени жуда яхши кўраман, Тошкентим.
Читать полностью…Ta'sirli post.
#tarjima
Agar biror bir erkak o'z kiyimlarini yuvayotganini atrofdagi kishilar ko'rib qolishsa, bu ishini qadrlash o'rniga "Hey, nima qilyapsan, bor, tezroq uylan, uylansang kiyimlaringi o'zing yuvishga majbur bo'lmaysan", deyishadi. Agar taom tayyorlayotgan erkakni ko'rishsa ham xuddi shunday, "Hey, nima qilyapsan yana? Sen tezroq uylanishing kerak, senga xotining ovqat pishirib beradi shunda" , deyishadi.
Xattoki ona ham taomlangach oshxonaga o'zi foydalangan idishini olib borolmaydigan, choy ichish uchun xatto choy qaynatolmaydigan, yoki uxlaydigan o'rnini epaqaga ham keltirolmaydigan 30 yoshli o'g'liga aytadi,"O'glim, sen tezroq uyli-joyli bo'lmasang bo'lmaydi. Senga qaragani, oq tarab, holingga e'tibor beradigan bir ayol kerak", deydi.
Rostdan ham shundaymikin?
Bundayin jamiyatlarda erkaklar odatda ayollarga uyni tozalash,saranjomlash, taom tayyorlash, uyini, molini qo'riqlab o'tirish va farzand tug'ib berishdan tashqari maqsadlarda uylanmaydi, sababi uy yumushlarini qilish erkak kishining izzat-nafsiga to'g'ri kelmaydi, erkakligiga putur yetkazadi. Ba'zida bir o'y meni hayron qoldiraveradi, o'zi erkak kishiga"Munosib bir umrlik juft" kerakmi yoki ular shunchaki "Ko'p funksiyali xizmatkor" xohlaydilarmi?
Eng og'iri, er va ayol birgalikda tashqi ko'rinishiga sinchiklab qaralsa, stress va surunkali charchoq oqibatida xotin erdan ko'ra uch marotaba qariga o'xshab tuyuladi, er esa doimo sog'lom va yosh ko'rinadi, axir ular ayollari uy yumushlari bilan bandligida oyog'ini televizor qarshisiga uzatib, ularning o'lar holatga yetgunlaricha jim qarab o'tiraveradilar-da. Ayolining uy yumushlaridagi qilgan mehnatlarini qadrlash o'rniga, ba'zi birlari doimo ko'ngillari to'lmay, xuddi o'zi xotinidan yaxshi oshpazdek, "Nima bu ovqating sho'r, nima ovqat bu, ovqat qilishni bilasanmi o'zi?" deya tirnoq ostidan kir axtaradilar, noliyveradilar. Bu juda ham achinarli holat.
Agar, o'zingiz taomlangan likopchani yuvib qo'ysangiz yoki kiyadigan kiyimlaringizni o'zingiz tozalasangiz, bu xato bo'ladi deb sizlarga kim aytgan o'zi? Bu xotiningizga bir oz yordam bo'lsa-chi bu? Bu yordamingiz ayolingizni ko'nglini ozgina bo'lsa ham ko'tarsa-chi?
Imom Buxoriy rivoyat qiladi Al Aswad dedi: Men Oisha (R.A.)dan Payg'ambarimiz (S.A.W) xonadonida nima ishlar qilganini so'radim. U javob berdi:"U ayollariga yordam berar, ibodat payti kelganida esa namozga chiqib ketar edi".
Vallohi, Sarvari Olam, Rasululloh(S.A.W.) taom tayyorlagan, kiyim tikkan, tozalagan, ahlatlarni tashqariga tashlab kelgan. Allohning Yerdagi eng suyukli bandasi ayollariga yordam bergan bo'lsa, bu ishni nahot siz qilolmaysiz?
Nahot erkaklikni isbot qilish uchun sunnatdan voz kechasiz? Chin erkaklik faqatgina qorindagi mushaklar, botir qo'llar, kalondimog'lik bilan emas, mehribonlik va sahiylik orqali yuzaga chiqadi. Chin erkaklik ayolining yuzida aks etgan minnatdorlik bilan jilmayishi ila yuzaga keladi.
"Sizlarning eng yaxshilaringiz ayollaringizga yaxshilaringizdir".(Termiziy)
"Marriage is Sunnah" sahifasidan olib tarjima qilindi.
@qodirova_g
#kechki_mutolaa
KOSHKI SHUNAQA BOʻLSAK...
Yemakxonada oʻtirgandik. Bir odam telefonda gaplashib boʻlib, quvonchdan qiyqirib sakradi va ofitsiantni chaqirib:
— Hammaga mening nomimdan kabob tarqating! Oʻn sakkiz yillik intiqlikdan keyin bugun men ota boʻldim!- dedi.
Uch-toʻrt kundan keyin erkakni 5-6 yoshli bolachaning qoʻlidan tutib bolalar xiyobonida sayr qilib yurganini koʻrdim. Uni tanigan zahoti yoniga borib, oʻsha kungi ishini eslatdim va yonidagi bolachaga ishora qildim. Erkak tortinib, xijolat chekib shunday dedi:
— Oʻsha kuni yemakxonada mening oldimdagi stolga kelib oʻtirgan keksa er-xotin oʻzaro suhbati qulogʻimga chalindi. Onaxon choliga "kabob yeylik, anchadan beri yegim kelib yurgandi”, dedi. Otaxon esa ayolidan koʻzlarini olib qochib “Hozir kabob ololmaymiz, pulimiz faqat shoʻrvaga yetadi, xolos” deya siniqqina javob qildi. Shu orada men telefonda gaplashganday boʻlib, hammaga kabob buyurtma qildim.
— Faqat oʻsha keksa juftlikka olib bersangiz boʻlardi, hamma xoʻrandalarga buyurtma qilishning nima keragi bor edi?- deya soʻradim undan.
Erkakning javobidan koʻzlarim yoshlandi:
— Faqat ularga olib berganimda otaxon ayolining oldida xijolat boʻlardi. Shuning uchun hammani birday mehmon qildim. Mening pulim ketsa ketsin, bir erkakning izzat-nafsi sinmasin!..
🔎/channel/yoshkitobxonuz
Бахт учун кўп нарса керак эмас экан. Шунчаки қалбда иймон, дилда ҳаловат, оилада хотиржамлик, севимли инсон, уйда сизни кутиб турган митти кўзчалар, келганингизни кўргач ачом учун узатилган жажжи қўлчалар, хурсандлигидан катта очилган тишсиз оғизчалару қийқириқ овозлар. Аслида буларнинг ҳеч бири шунчаки эмас. Ҳар бирининг ортида ОЛЛОҲнинг инояти, менҳнатнинг роҳати бор. Алхамдулиллаҳ❤️🥰
Читать полностью…Мен мусаҳҳиҳман. Кимларнингдир ёзувдаги хатоликларини куни бўйи тўғрилаб ўтираман. Аммо бир нарсага энди эътибор берибман: ўзим ёзганда кўплаб хатоликларга йўл қўярканман. Бундан бир фалсафа чиқардим)): Бировнинг хатоларини кўриш, ўзимизча тўғрилаш осон экан-у, аммо хато қилмай яшаш, қилган хатоларимизни ўзимиз кўра билишимиз қийин экан)
@qodirova_g
Аёлингизнинг жаҳли чиққанида у билан тортишманг, унинг сўзини жиддий қабул қилманг, уни ўз ҳолига ташлаб қўйингки, хоҳлаган гапини айтиб олсин, унга асло жавоб қайтарманг! Чунки аёл кишининг жаҳли чиққан пайт у гўёки ёш болага айланиб қолади. Ёш болалар жаҳл қилганида эса уларни бағрингизга босишингиз керак бўлади, аёллар ҳам худди шундай.
Абдулҳодий Юсуф
Иккинчи хотинга уйланишни хоҳлаган эр хотинининг қандай жавоб зарбаси беришини кўриш учун хотинига: "Мен иккинчи хотин олмоқчиман", дебди...
Биринчи кун ўтибди, ҳеч нарса кўрмабди... Иккинчи кун ҳам ўтибди, яна ҳеч нарса кўрмабди... Ва нихоят учинчи кун ўнг кўзи базўр кўра бошлабди...
Бу дунёда ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор. Ҳар кимнинг ўз асоси ҳам. Ҳеч ким буткул ҳақ эмас, шунингдек, ҳеч ким бутунлай ноҳақ бўлмайди. Дунё шундай яралган. Ҳар кишида камчилик. Барча хато қилади, нуқсонга йўл қўяди. Айб ишнинг бошидан билиб-билмай тутади. Яхшига ёндашганидек ёмонгаям эргашади. Ҳар ёмоннинг бир яхшиси, яхшининг эса бир ёмони бўлади. Инсон нуқсон деганидир. Нуқсонсиз юролмайди, туролмайди, умуман яшолмайди. Кимнидир бутунлай ёмон кўриб қолишдан қочиш керак. Одамзот хато қилишдан эмас, уни тушунмай қолишдан ёки тан олмасликдан қўрқиши керак. Хатони қилиш, хатолигини тушуниш, тан олиш ва тузатишга киришиш яхши одамнинг иши.
@qodirova_g
#nazm
#bismillah
Menda faqat,
Xudo bor, Siz bor va so‘z bor.
boshqasini bilmayman.
uzoqda yashayman dunyodan....
ichim-bomdod, tashim - bomdod
dilim-xufton.
Tasbehlar teraman havodan.
Menda faqat,
Xudo bor, Siz bor,va so‘zlar bor.
Yerdagi umrim - savatdagi suv.
Sajdadan sajdagacha borman, tirikman
Hecham ko‘rmay turib Sog‘inganim U.
Muhtojligim U dir va murodim U.
Menda faqat,
Xudo bor,Siz bor va so‘z bor.
Tunlarim - halovat, har tongim - huzur.
Yana kitobim bor behisob sevaman
behad sevaman,
Muallifini
Dilimda, tilimda, ko‘nglimda- “An_Nur”
Menda faqat
Xudo bor,Siz bor, so‘z bor.
Va bir kun sizdan bunyodlarga
Ona bo‘lganda,
Siz “sizlar”ga aylanib,
So‘z “so‘zlar” ga ulanib,
Jannat ham bo‘larmi mening poyimda....
Uyimda, bag‘rimda, jami borimda
Menda faqat Xudo bor, Sizlar bor, so‘zlar bor....
Xonzodabegim
@qodirova_g
Отам ўзи меҳр кўрмагани учун бизга ҳам меҳр беришни билмади... Аслида бизни жуда яхши кўрарди. Аммо, бизни қучоқлаб эркаламас эди. Бағрига босолмас эди.
Биласизми ўша куни нима бўлди?
Маййит ювилиб кафанга ўралар экан, отам: «уни мен оламан», деди. Укамни қучоғига олди ва йиғламсираб, шундай деди:
-- Раъфат, мен сени мозорга эмас, бозорга олиб бориб шим олиб бермоқчи эдим. Ўғлим, тур борайлик...
Мен йиғлар эдим.
-- Отам бу сўзларни кошки укам тириклигида айтганида эди... Биз отамнинг шундай меҳр билан гапиришларини жуда хоҳлардик. Аммо, биз ҳеч қачон эшитмаган бу сўзларни, укамга, у эшитмайдиган бир вақтда бақириб, фарёд қиларди...
* * *
Бугун болалар биздан топа олмаган нарсаларини телефонларидан қидирадилар.
Болаларимизни нопок йўлларга бошламоқ ниятида, кўчаларда пайт пойлаган инсонлар, ота-оналаридан кўра кўпроқ кулиб муомала қиладилар.
Мен ўлкамни, оиламни, аёлимни, болаларимни яхши кўраман...
Мен ҳар йили конферансларга бораман. Бу йил қизим оғир ҳаста бўлди. Энди ҳеч қаёққа бормайман. Унинг ёнидаман. Фурсат борида, уни яхши кўришимни айтаман...
Shoolim Shomansur
@qodirova_g
Бир аёл учун энг хавфсиз жой - уйининг ичидир.
Бир аёл учун энг муқаддас вазифа - оналикдир.
Бир аёл учун энг яхши дўст - Аллох ризолиги учун яшаган жуфтидир.
Бир аёл учун энг хайрли машғулот - ибодатдир.
Бир аёл учун энг ҳузурли лахза - фарзандларининг рохати, севинчли лахзаларидир.
Бир аёл учун энг гўзал хусн - Одобдир.
Фбдан олинди
@qodirova_g
Ўғил 4-5 ёшларда:
”Менинг дадам энг зўр дадалар!”.
Ўғил 7-8 ёшларда: ”Катта бўлсам, дадамдақа бўламан”
Ўғил 10-11 ёшларда: ”Дадамдан хафа бўлдим”.
Ўғил 13-14 ёшларда: ”Дадам мени ёмон кўрадилар”.
Ўғил 18-19 ёшларда: ”Бўлди кетаман! Бунақа ота билан яшамайман!”.
Ўғил 22-23 ёшларда: ”Аралашаверадилар, аралашаверадилар,
бирор нарса қилиб бўладими ўзи?”.
Ўғил 25-26 ёшларда: ”Дадам мени ҳеч тушунмайдилар”.
Ўғил 30-32 ёшларда: ”Дадам ҳақларидаги гумонларимдан уялдим”
Ўғил 35-36 ёшларда: ”Дадамни тушунмаган эканман”.
Ўғил 40 ёшда: ”Дадамсиз мен ҳеч ким эмасман”.
Ўғил 42 ёшда: ”Буни мен учун дадамдан бошқаси қилмас эди”.
Ўғил 45 ёшда: ”Дадам тузалиб кетишлари учун жонимни ҳам берар эдим”.
Ўғил отаси вафот этган лаҳзада: ”Дада! Менда рози бўлинг, мен яхши ўғил бўла олмадим. Сиз дунёдаги энг яхши отасиз!”.
Ота вафотидан кейин ўтган илк тонгда ўғил: ”Сизни қайтариш учун бору йўғимни берар эдим. Энг азиз кишимдан айрилдим.
Сиз менга ҳамиша яхшиликни раво кўрар эдингиз, дадажон.....”.
Малика Равшанова
@qodirova_g
Чол олтин балиқни тутиб олди. Балиқ тилга кириб:
— Тила тилагингни, — деса, чол:
— Пушкинни ўқиганман, нима билан тугашини яхши биламан, шунинг учун энг аввал кампиримни алмаштир!!! — дермиш.