"Ёш шифокорлигимда мен Австриянинг энг йирик давлат касалхонасида тўрт йил ишладим. У ерда мен оғир депрессияга учраган беморлар жойлаштирилган бўлимда раҳбарлик қилдим. Бўлимдаги беморларнинг аксарияти ўз жонига қасд қилишдан сўнг уерга келганди. Касалхонадаги тўрт йиллик фаолиятим давомида чамаси ўн икки минг беморни кўрикдан ўтказган бўлсам керак. Улар билан ишлаб ўзим учун катта тажриба йиғдим ва ҳар гал суиқасдга мойиллиги бор инсонларга дуч келганимда ушбу тажрибамдан фойдаланаман. Мен бундай одамларга сон-саноқсиз беморлар жонига қасд қилишлари муваффақиятсиз бўлганлигидан ҳозир қай даражада хурсанд эканликларини менга қайта-қайта такрорлаганликларини айтиб бераман; улар менга ҳафталар, ойлар, йиллар ўтиб муаммоларининг ечими, саволларининг жавоби ва ҳаётларининг мазмуни мавжудлигини англаб етганликларини сўзлаб беришганди. "Ҳолат яхши тарафга ўзгаришининг эҳтимоли мингда бир бўлса ҳам," - тушунтиришда давом этаман мен, - "сизнинг ҳолатингиз, эртами-кечми, ижобий тарафга ўзгармайди деб ким кафолат бера олади? Асосийси сиз ўша ўзгариш содир бўлиши мумкин бўлган кунни кўриш учун яшашингиздир, аниқроғи, сиз ўша куннинг илк қуёш нурларини кутиб олиш учун ҳаётда қолишингиз керак. Демак, бунда буёғига ҳаётда қолиш маъсулияти сизни тарк этмаслиги зарур.""
Man's Search for Meaning, Viktor E. Frankl
@readnroll
Салом дўстлар,
Академнашр билан биргаликда деярли 1,5 йилдан бери бир китоб нашри учун ҳаракатда эдик. Ваниҳоят, муаллифлик ҳуқуқи масалaси ҳам ҳал бўлди ва келаётган ойларда китоб чоп этилади.
Каналимда кўпдан бери борлар гап қайси китоб тўғрисида эканлигини тахмин қилишлари қийин бўлмаса керак.
Нима деб ўйлайсиз қайси китоб таржимаси чоп этилиш арафасида?
Китоб ҳақида:
Энг яхши бадиий китоб учун Пулитцер мукофотини олган. BBC талқинига кўра энг яхши 200 китоб рўйхатининг илк ўнталигидан жой олган (2003 йил). The Guardian талқинига кўра инглиз тилида ёзилган энг яхши 100 китоб рўйхатидан жой олган. BBC талқинига кўра энг кучли руҳлантирувчи 100 китоб рўйхатига қўшилган. 80% АҚШ мактаблари дастурига киритилган.
p.s. Лирик чекиниш. Бу китобни биринчи марта, адашмасам, 15-16 ёшларимда ўқиганимда "шу китобни ўзбек тилига мен таржима қилсам-у" деб орзу қилгандим. Мана орзуларим рўёбга чиқишига оз қолди.
@readnroll
#няя
Ким биландир баҳслашаётганингизда қарши тарафдаги одамнинг жаҳли чиқиб, қизишиб, баланд(роқ) овозда гапириш уёқда турсин, бақир-чақирга ўтганини кузатганмисиз? Одатда, масалан, илмий баҳсда ёки бирор тор мавзудаги мунозарада ўзини йўқотиб қўйган одамларга нисбатан (шаблон гаплар билан) "буни тушунишга унинг ақли етмайди" ва ҳкз. деб қўямиз. Бу гапимиз қисман тўғри бўлиши мумкин, аммо у одамнинг конструктив баҳс юрита олмаганининг асосий сабаби унинг психикасининг баҳс мавзусига бўлган муносабати экан.
Эрик Берн ўзининг Психиатрия ва психоанализга кириш китобида, инсонлар ўзларига доимо сиймолар (образ) яратиб яшашади ва атрофда бўлаётганларни ўша яратилган сиймоларига таяна таҳлил қилишади дея таъкидлайди. Мисол учун, кимнингдир бир бошқа инсонни севиб қолганини олайлик. Ошиқ инсон ҳеч қачон севгиси маркази бўлган инсоннинг аслини эмас, яъни қандай бўлса шундай эмас, балки ўз ҳаёлида у инсон учун яратган тимсолини севар экан. Турмуш ҳаётида ҳаёлий тимсолига зид ҳолатларга дуч келганида эса, одатда, кўнгил совишлар ёки узоқлашишлар юз беришни бошлайди.
Берн нимани назарда тутганини яхшироқ тушуниш учун яна бир мисол келтирай. Тасаввур қилинг, бирор янги уйга кўчдингиз. Янги уйингиз эски уйингиздан, айтайлик, каттароқ, марказдароқ, шинамроқ ва ҳкз.роқ бўлсада, сиз учун уер қандайдир ноқулай. Янги тураржойингизга ўргана олмаганингизнинг сабаби сизнинг кўчишингиздан аввал психикангиздаги уй тимсоли эски уйингиз билан боғлиқлигидир. Одатда, инсон янги тураржойига бир ярим ой деганда ўрганишни бошлар экан, яъни унинг психикасидаги уй тимсоли бир ярим ойда аста-секин ўзгаришни бошлайди. Олти ойдан сўнг эса у ўзини янги уйидан бошқа жойда уйидагидек ҳис қила олмай қолади.
Қисқа қилиб айтганда, инсон ҳаётидаги ва атрофидаги нарсаларга нисбатан психикасида доимо сиймолар яратишга ўрганган ва уларни ўзгартириш доимо вақт талаб этади.
Энди сокин ҳолда баҳслаша олмайдиган инсонга қайтайлик. Сиз оппонентингизга баҳс мавзуси бўйича далилар ва мантиқий хулосалар келтиришингизга қарамай, у кундек равшан бўлган ҳақиқатни тан олгиси келмай, сиз билан урушишни ва айрим ҳолатларда муштлашишни ҳам бошлайди. Бундай ёш-болача реакциянинг сабаби унинг калтафаҳмлигида эмас, балки унинг психикасида ўша мавзу бўйича яратиб олган тимсоли сабабчи. Яъни рақибингиз баҳсга сабаб бўлган мавзунинг тўғриси а эмас, балки б эканлигини ўзи учун олдиндан аниқлаб олган. Сиз унинг ҳақиқатига қарама-қарши далилар келтирар экансиз, унинг психикасида яратган тимсоли қулашни бошлайди. Лекин у янги ҳақиқатни (тимсолни) дарҳол қабул қила олмагани сабабли, ўзининг ҳақиқатини ўз йўллари билан, қўлидан келганча ҳимоя қилишга ўтади. Юқорида айтиб ўтилгандек, инсон бирор нима учун психикасида яратган тимсолини ўзгартириши учун маълум муддат зарур.
Демак, келаси сафар баҳсда кимнингдир ўзини йўқотиб қўйганини кўрсангиз, уни дарҳол ақлипастликда айбламасдан, бундай реакция инсон психикаси учун ҳос эканлигини эслаб қўйинг, холос.
@readnroll
Уста ва Маргарита, М.Булгаков
Бир неча кун олдин Уста ва Маргарита асарини қайта ўқиб чиқдим. Асар ревьюсига кўп вақт ажратилса, энг ками уч-тўрт вароқли ревью чиқади. Лекин уни қисқа қилишга ва асарни ўқиган ўқувчиларда ё ўзлари ё кимдурлар билан соатлаб давом эттирса бўладиган баҳсларга сабаб бўладиган қисмларига тўхталиб ўтишга қарор қилдим.
1. Понтий Пилат ва Иешуа Га-Ноцри ўртасидаги суҳбатда, Иешуа ўқувчиси ва издоши бўлган Левий Матвей ҳақида қуйидаги гапларни айтади:
"...биттаси бор, қўлига така терисидан ишланган пергамент ушлаб олиб, орқамдан изма-из юргани-юрган, тўхтовсиз ёзгани-ёзган. Лекин бир марта ўша пергаментга кўз қиримни ташлаб ҳангу манг бўлиб қолдим. Мен у ерда ёзилган гапларнинг бирортасини ҳам гапирмаганман. Ҳудо ҳаққи, ёқиб юбор бу пергаментингни, деб ёлвордим унга. Лекин у пергаментни қўлимдан юлиб олиб, қочиб кетди."
Христианлик тарихи билан қисқача таниш бўлганлар ва асарни ўқиганлар буни билади, аммо қолганлар учун Понтий Пилат, Га-Ноцри ва Левий Матвей тўғрисида қисқа маълумот.
Понтий Пилат Исо Пайғамбарнинг ўлими ҳақида қарор чиқарган рим прокуратори эди. Айтишларича (яъни аниқ далил борми менга қоронғу), Пилат Исо Пайғамбарни ўлимга маҳкум этишни ҳеч хоҳламаган, бироқ омма босқинига бўйсиниб, уни қатлга маҳкум қилган экан.
Иешуа Га-Ноцри евангелизмда Исо Пайғамбарнинг иккинчи исми. Булгаков ҳам ўз асарида Пайғамбарни шу исм билан номлайди.
Левий Матвей (Матфей) - Исо Пайғамбарнинг 12 апостолларидан бири бўлиб, Инжил(лардан бири)ни - Матфей Инжилини - ёзган одамдир.
Иешуа юқоридаги гапларида ўзининг илк ўқувчиси Матвейнинг унинг таълимотларини нотўғри қайд этаётганини ва унинг ёзиб қолдирганлари Га-Ноцрининг сўзларига зид эканлигини таъкидлайди. Албатта, Уста ва Маргарита (айрим) тарихий далилларга таянган тўқима асар ва Иешуанинг бу гаплари ҳам муаллифнинг ҳаёл маҳсули. Аммо айнан шу гаплар инсон ўзига ўзи динларда муқаддас ҳисобланган, асрлар давомида одамлардан одамларга айтиб келинган таълимотлар, ривоятлар, ҳикоялар ва ҳкз.лар ўз аслиятини йўқотмаганмикин деган саволни беришга ундайди. Бундай қиёслама кўпчиликнинг жаҳлига тегиши мумкин, лекин, мисол учун, кўз олдингизга ҳалқ оғзаки ижодини ва унинг қай тарзда авлоддан авлодга ҳикоя қилинишини келтиринг.
2. Воланд (Шайтон) ва Берлиоз ўртасидаги баҳс. Берлиоз муккасидан кетган атеист эди. У атеист эканлигини кўксини кериб, ҳар бурчакда фаҳр билан қичқиришга рози бўлган атеистлардан бири бўлиб, на Яратганга, на Шайтонга ишонарди. Воланд дин ва Исо Пайғамбар таваллуди тўғрисида оғиз очаркан, Берлиоз буларнинг бари сафсата эканлигини ва бутун оламни инсон бошқаришини иддао этади. Шунда Шайтон унга жавобан, ундан ўлиши муқаррар бўлган ва, ҳаттоки, тўсатдан ўлиши муқаррар бўлган жонзот қандай қилиб Борлиқни бошқаришга, келажакни режалашга қодир эканлигини сўрайди. Берлиоз яна бир бор ҳеч қандай илоҳий куч йўқлинини ва инсон ўз тақдирини ўзи бошқаришини айтади. Ушбу суҳбатдан бир неча дақиқа сўнгра турли ҳил нарсаларни режалаштирган Берлиозни трамвай босиб кетади ва у ўлади. Яъни унинг ҳам тўсатдан ўлиши муқаррар эди.
3. Инсонларнинг нафси. Профессор Воланд кўринишидаги шайтон ва унинг мулозимлари Варьете Теартида намойиш кўрсатар экан, бир неча фокуслар билан томошабинларни лол қолдиради. Залда ўтирган ҳамма бу фокуслар қора жоду билан боғлиқ эканлигини ва асло чин эмаслигини билардилар. Воланднинг мулозимлари аёлларга уларнинг эски кийимлари эвазига Париж мода уйларидан келтирилган кийим-кечаклар, атир-упалар беришни бошлайди; театрда бирдан пул ёмғири бошланади ва томошабинлар бир-бирини туртиб, йиқитиб, қўлларидан келганча, кўп пул йиғиб олишга ҳаракат қилади. Томошабинлар буларнинг барчаси қалбаки эканлигини била туриб ҳам, нега энди уларни олишга, тўплашга рози бўлади? Албатта, бунинг сабаби назорат қилиш ўта машаққатли бўлган инсон нафси. Шайтон (Воланд) бўлаётганларни чеккадан туриб кузатар экан, Москва ўша-ўша дейди. Воланд, тўғрироғи, одамлар ўша-ўша.
@readnroll
Blindness, Jose Saramago
Инсон (ҳеч қандай машаққат кўрсатмай) эга бўлган нарсаларининг қадрига камдан кам эътибор беради. Айрим ҳолларда эса ҳаттоки уларнинг "мавжудлигига" эътибор ҳам бермайди. Гўё дунёдаги барча қонунларга кўра ўша нарса/ҳислат унда бўлиши мажбурий ҳолатдек.
Одам зоти соҳиб бўлганларидан айрилгандагина, уларга эга бўлиш нақадар буюк имконият эканлигини идроқ қила бошлайди. Ўзингизни алдамасдан, мисол учун, охирги марта таъм билиш, ҳид сезиш, бармоқларингизда тирноқларингиз борлиги ва шулар каби юзлаб "одатий бойликларингиз"нинг қиймати ҳақида қачон ўйланиб кўрганингизни эслангчи?
Нобель мукофоти совриндори Jose Saramagoнинг Blindness асари ўқувчига айни юқоридаги "одатий" бойликлардан бири кўра олиш қобилияти тўғрисида жиддийроқ фикр юритишга ундайди.
Кунларнинг бирида ўрта ёшлардаги бир киши ишидан машинада қайтаётиб, тирбандликка тушиб қолади. У машиналар ҳаракатланишни бошлашларини сабрсизланиб кутар экан, атроф тўсатдан, худди сут тошқини юз бергандек, оқимтир рангга бўялади. Дастлаб у нима бўлганини тушунмай, кўзларини қўллари билан ишқалай бошлайди, атроф ҳали ҳам оппоқ. У кўзларини бир неча бор очиб юмади, бу ҳам ҳеч ёрдам бермайди. Ҳануз кўзига оқ рангдан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. У машина курсисида нима бўлаётганини тушунмай ўтирар экан, орқадан эътирозли баланд сигнал товушлари қулоққа эшитила бошлайди. Ҳайдовчилардан бири нима бўлаётганини билиш учун унинг олдига келади ва "нега юрмаяпсиз?" дея савол беради. Унинг оғзидан эса "мен кўр бўлиб қолдим" деган гапдан бошқа калима чиқмайди.
Машина олдига келган киши унинг нима деяётганини аввалига тушинмайди, лекин сўнгра унинг ожизлигидан фойдаланиб, машинасини ўмариб кетиш мақсадида, кўр бўлиб қолган кишига уни уйига етиб олишига ёрдам бермоқчилигини айтади. У кўрни уйига ташлаб, машинасини миниб қочади.
Кўр бўлиб қолган одам аёли уйга келишини кутиб ўтиради ва у келгандан сўнг бирга офтальмолог ҳузурига боришади. Врач унинг нега бирдан кўр бўлиб қолганини тушунмайди ва бу жумбоқни ечиш учун бир неча ҳамкасбларига тушунарсиз касаллик ҳақида айтиб беради. Бахтга қарши улар ҳам муаммо нимада бўлганлигини топа олишмайди.
Ушбу ғайритабиий ҳодисанинг эртасига кўр бўлиб қолган киши билан мулоқотда бўлган барча одамлар бирма бир кўр бўлишни бошлайди. Бутун давлат бўйича кўрлик эпидемияси ёйила бошланади. Фақатгина биргина аёлга, офтальмолог рафиқасига, номаълум сабабларга кўра бу касаллик юқмайди. Асли, кўрликка "юқмоқ" феълини ишлатиш қандайдир "мос эмас". Лекин, афсуски, асарда ёритилган фожиа шундан иборат эдики, кўрлик, худди грипп, ковид ва ҳкзлар каби, юқумли эди.
Тасаввур қиляпсизми? Кўрлик эпидемияси. Натижада, бир аёлдан ташқари бутун аҳоли кўр. Давлатда хаос бошланади. Очарчилик. Антисанитария.
Кўзингизнинг нури нақадар қийматли инъом эканлигини янада кўпроқ, чуқурроқ англаш учун ва атрофдаги ҳамма кўр бўлиб қолганда ҳаёт қандай кўринишга эга бўларди тасаввур қилиш учун ушбу китобни ўқишни тавсия қилган бўлардим.
@readnroll
Миямиздаги GPS
Ўқишдан/ишдан чиқиб, уйингизга кетадиган йўл қаер эканлигини қандай билиб олишингиз ҳақида ҳеч ўйланиб кўрганмисиз? Ёки кечки пайт туриб, чироқлар ўчиқ ҳолда, фақат, айтайлик, ойдан тушиб турган ёруғликда ётоқхонангиздан ошхонага йўлни қандай топиб олишингизни ва ошхонага етганингизда уер айнан ошхона эканлигини қаердан билишингиз ҳақидачи?
Камчилигимиз бундай ноодатий одатий ҳоллар ҳақида бош қотирсак керак. Мен ҳам, масалан, бир профессорнинг маърузасини кўришимдан олдин бу ҳақида ҳеч қачон ўйланмагандим. Имтиҳонларга тайёрланиш жараёнида она/чет тили ўрганишга оид бир неча назарияларни бошқа фанлардан олинган далиллар билан исботлай олиш учун проф. Kanwisher'нинг (Массачусест Технология Институти) инсон мияси тўғрисидаги маърузалар тўпламини кўришни бошладим. Фанга кириш қисмида профессор инсон мияси нақадар ажойиб нарса эканлигини талабаларга ёритиб бериш учун яқин дўсти бн содир бўлган вокеани айтиб беради. Профессорнинг дўсти нормал iq'га эга, ўрта ёшлардан ўтган, ҳеч қандай касалликка мойиллиги йўқ, оддий ҳаёт кечируви эркак киши эди.
Проф ва унинг дўсти кунларнинг бирида бир конференцияга боришади. Конференция узоқ давом этади ва уйга қайтиш учун кеч тушиб колгани сабабли у проф.нинг уйида қолади. Иккаласи анча йиллардан бери таниш эди. Кечки пайт профессор кайсидир хонада иш килади, олдидаги хонада - дўсти. Бирдан дўсти ўтирган хонадан қаттиқ шовқин келади, худди катта бир нима ерга тушгандек. Проф дўстини бир неча марта чақиради, жавоб келмагач, ўша хонага югуриб киради.
Хонага кирса, ерда дўсти ҳушидан кетган ҳолда ётибди ва у дарҳол 911га телефон қилади. Тез ёрдам келиб, дўстини шифохонага олиб кетади. У касалхонада 2 ҳафтача даволаниб чиқади. Чиққандан кейин у одам қайтадан соппа-соғлом одамдек яшайверади, лекин (!) ўзини қаердалигини, қаерга қандай қилиб бориши кераклигини ва ҳкз. кўрсата олмай қолади. Ҳаттоки, уйидан чиқиб, 15 йилдан ортиқ ишлаган ишхонасига бориш учун йўл топа олмай қолади. Бир куни проф ундан уйининг тузилишини чизиб беришини илтимос қилади. У чизган уй 2-3 ёшли болалар чизган уйларга ўхшаб, ҳеч қандай режасиз, қийшиқ чизиқлар йиғиндиси эди, холос.
Сўнгра уни бир неча текширувлардан ўтказишади ва шу аён бўладики, у кишининг миясининг макон учун маъсул бўлган кисмида анча йиллардан бери бир ўсимта ўсаётган бўлади. Ўша ўстимта у қисмни нормал ишлашига тўсқинлик қилаётган бўлади.
Бу маърузани кўрганимдан сўнг макон/йўлларни осонликча аниқлашимизга эътибор беришни бошладим ва Унни Эйкесетнинг Окей, мозг, где я? Как работает наша внутренняя система навигации, зачем нужны номли китобини ўқиб чиқдим.
Китобда 2014 йили нобель мукофоти олган норвегиялик икки олим, Мэй-Бритт и Эдвард Мозерлар, ва уларнинг илмий фаолияти ҳақида ёзилган. Тўғрироғи, Мозерларнинг инсон миясининг гиппокамп номли қисмидаги GPSни қандай қилиб топганликлари ҳақида. Китобда ёзилишича, гиппокамп барча сутэмизувчилар турмуш ҳаётида муҳим аҳамиятга эгалиги ва унинг маконни аниқлай олишимиздаги ўрни жуда катталиги 1970-чи йиллардаёқ аниқланган экан, аммо Мозерлар ва уларнинг ҳамкасби америкалик олим Джон О'Киф гиппокампдаги қайси нейронлар, қай йўсинда бизнинг йўлимизда адашиб қолмаслигимизга ёрдам беришини аниқлашган эканлар.
Китобни ўқишни барчангизга тавсия қиламан, негаки ўзингиз, тўғрирояи миянгиз ҳақингизда бир неча қизиқ нарсалар ўрганиб олишингиз мумкин.
@readnroll
Бир куни бир ўртоғим бн гаплашаётгандик, энг катта орзуларимдан бири Туркияга, Истанбулга бориш десам, ўртоғим "сен реалистсан-ку, орзу эмас, мақсад деб гапиргин" деганди.
Мана орзу-мақсадимга эришишимга, насиб қилса, озгина қолди.
Истанбулда тарихий жойлар ва бир неча музейларга боришни режа қилдим. Имкон бўлса, таассуротлар бн каналда бўлишаман.
Инсон маъносизликка¹ дуч келишдан аввал ўз мақсадлари, келажак тўғрисидаги ташвишлари ёки ўзининг мавжудлигини оқлаш тараддуди билан яшайди... У ўз имкониятларини тарозилаб кўради; келажакка, нафақа чиқишга ёки фарзандларининг яхши лавозимлар эгаллашларига умид билан боқади, бунга умид боғлайди (ёки боғлай олади). У ҳаётининг маълум қисмларини бошқариш мумкинлигига ҳануз ишонади. Дарҳақиқат, у худди ҳур мавжудотдек яшайди, ҳаракатланади, гарчи барча ҳақиқатлар бунинг аксини кўрсатсада. Маъносизлик билан учрашгандан сўнг эса, унинг бутун борлиғи остин-устун бўлиб кетади. "Мен мавжудман" тушунчалари ёки эркиндек ҳаёт кечиришлар - буларнинг барчаси муқаррар ўлимнинг маъносизлиги билан бир сонияда пучга чиқади. Инсоннинг эртанги кун ҳақида фикр юритиши, олдига мақсадлар қўйиши, бирор нимани афзал кўриши - бу ҳолатларнинг тубида ҳурликка бўлган ишонч ётади, гарчи у вақти-вақти билан бунинг тескарисини, яъни эркин эмаслигини иддао этсада. Бироқ маъносизликни кашф этган илк ондаёқ, инсон ҳақнинг асоси бўла олиши мумкин бўлган энг юксак эркинлик - "мавжуд бўлиш" эркинлиги - йўқлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилади. Ўлим ягона ҳақ ва воқеликдир. Ундан сўнгра барчаси баҳам топади.
Сизиф ҳақида афсона, Альбер Камю
¹Абсурдизм назарияси
@readnroll
Мезоамерикаликларга ташаккурнома
Чипс, музқаймоқ, кетчуп, сарёғ, дезодорант, тирноқ ва автомобил бўйоқлари, совун ва шу каби кундалик ҳаётимизнинг муҳим қисмига айланган бир неча масҳулотларнинг ишлаб чиқарилишида (маълум миқдорда) маккажўхори ишлатилишини билармидингиз? Маккажўхорининг донли экинлар орасида энг сирлиси эканлигиничи?
Билл Брайсон ўзининг At Home китобида маккажўхори олимларни шу кунгача ҳайратга солиб келаётганини ва улар ушбу фойдали ўсимликнинг пайдо бўлиш жумбоғини ҳануз (тўлиқ) еча олишмаганини таъкидлаб ўтади. Илк бор Мезоамерика ҳудудларида топилган ушбу экинга ўхшаш ҳеч қандай ёввойи ўсимлик йўқ, дейди Брайсон. Унга генетик тарафдан биргина тўп бўлиб ўсувчи теосинте номли ўт бироз яқин. Аммо бошоқдошлар оиласига мансуб бўлган узун пояли маккажўхорининг донлари семиз сўтада зич жойлашган бўлса, узунлиги борйўғи 3-4 см бўлган теосинте ўти бир неча поялар тўпламидан иборат. Бундан ташқари, маккажўхорининг бир донининг тўйимлилиги (калорияси) бутун бошли теосинте поясидан кўпроқдир.
Йигирма биринчи асргача пайдо бўлиши ноаниқ бўлган бу ўсимликни Шимолий ва Жанубий Америка ҳудудида яшаган аҳоли бир неча минг йиллар аввал культивация қилган. Маккажўхорининг келиб чиқиши бн боғлиқ бўлган саволларга тамомила жавоб топиш учун 1969-йил Иллинойс Университетида Маккажўхори конференцияси уюштирилади. Тортишувлар шу даражада ҳароратли бўладики, олимлар муштлашиб кетмасликлари учун конференция режалаштирилганидан вақтлироқ тугатилади ва маккажўхори топишмоғи ечилмай қолиб кетади. Биологлар биргина масаладагина ҳамфикр бўлади - маккажўхорини мезоамерикаликлар етиштирган, аммо қандай қилиб ноаниқ.
Мезоамерикаликлар маккажўхорини қандай йўл бн етиштирган бизга қоронғу, лекин уни кўпчилик ёқтириб ейишини ва ундан сон-саноқсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилишида фойдаланилишини биламиз. Шунинг учун уларга катта ташаккур айтамиз.
p.s. Жуда ҳам кўпчилик турли хил саволлар ёки шунчаки ҳол-аҳвол сўраб contactbot'га смс ёзибди. Раҳмат катта. Имкон бўлиши бн, жавоб ёзишга ҳаракат қиламан.
@readnroll
Ҳозир Hoshimov Iqtisodiyotiнинг Michael McFaul бн бўлган сонини кўриб тугатдим.
Авваламбор, қизиқарли суҳбат ва фикрлар алмашинуви учун муаллифга раҳмат.
Суҳбат давомида менинг эътиборимни энг кўп тортган ҳолат Mr. McFaul'нинг жавоб бериш тарзи бўлди. Б.Ҳошимовнинг Россиянинг Украинага бўлган юқори даражадаги қизиқиши ёки дунёда демократия ёйилиши (мустаҳкамланишида) АҚШнинг ўрни ҳақида берган саволларига меҳмон, сиёсатчиларга ҳос равишда, доимгидек, АҚШни бутун дунё ва демократия халоскори каби кўрсатиб жавоб берди. Унинг жавобларини эшитар эканман, худди Hollywood'нинг АҚШ армияси ҳақида олган киноларини кўргандек бўлдим.
Россия ва Украина муаммосини фарқли призма остида кўриб чиқмоқчи бўлсангиз, Tim Marshallнинг Prisoners of Geography ёки Zbigniew Brzezinskiнинг The Grand Chessboard китобларини ўқиб кўринг.
Дунёда демократия ёйилиши ва мустаҳкамланишида Американинг тутган ва тутаётган ўрни ҳақида альтернатив фикрларни ўқимоқчи бўлсангиз, мисол учун, Noam Chomskyнинг Who Rules the World? китобини ўқишни тавсия қиламан.
@readnroll
Georges Perecнинг A Man Asleep асари охирги 3 йилда ўқиган энг зўр асарларимдан бири бўлди.
2 соатча аввал интернетда шу китобдан келтирилган қизиқ иқтибосга дуч келдим ва, (ҳар доимгидек) шу бир иқтибосни деб, китобни ўқиб кўришга қарор қилдим.
Китобга тақриз ёзишни хоҳламадим, негаки китобда тасвирланган руҳий ҳолатни инсон ҳис қилмаган ёки ҳис қилмаётган бўлса, тақриз ҳам, китоб ҳам унга маъносиз сўзлар йиғиндиси бўлиб туйилади.
Китоб нима ҳақида эканлигига қизиқсангиз, ундан 10 бетча ўқиб кўринг. Ёқса давом этинг. Унинг тескариси бўлиб, китоб Сизга ёқмаса, Сиз учун чин дилдан хурсандман.
@readnroll
Салом дўстлар!
Январьдан бери каналнинг contact боти ишламаётган экан. Лекин мен буни бугун эрталаб билдим. Январьдан бошлаб кимингиздир бирор савол/смс жўнатган бўлсангиз, афсуски, у менгача етиб келмаган.
Каналнинг янги контакт боти - @rnrc_bot
#smth
Хань империясида маълум муддат бош вазир ва ҳоқон бўлган Цао Цао ўзининг қонунчиликка оид китобларида шундай деб ёзган экан:
Қонунларни бузган ҳар қандай киши, ким бўлишидан қатъий назар - ҳоҳ оддий бир фуқаро, ҳоҳ ҳоқон бўлсин - қатл этилиши ва калласидан жудо этилиши лозимдир.
Кунларнинг бирида Цао Цаонинг суюкли оти унга тегишли бўлмаган ва давлатга оид бўлган жойда ўтлаб юрибди. Буни кўрган қонунсевар Цао Цао ўзининг қонунни бузганини (чунки оти бировнинг мулкини еб қўйди) ва шу сабабли қатл этилиши кераклигини бутун империяга эълон қилибди. Қатл куни келганда эса, жон ширинлиги эсига тушиб кетибди шекилли, жаллодга боши ўрнига сочини кесиб ташлашини буюрибди.
Манба: The Art of War, Sun Tzu
@readnroll
Каналда Pink Floyd фанатлари борми? ^^
The Australian Pink Floyd Show концертидан саломлар.
Залдаги атмосферани тарифлашга тил ожиз.
Видеода Pink Floydнинг энг машҳур қўшиқларидан бири Another Brick in the Wallни эшитишингиз мумкин.
@readnroll
Бир неча кундан бери кўчага чиқа олмагандим, почта қутимни текширмагандим. Бугун қарасам бир китоб келибди (:
Кимдан бўлса ҳам, ташаккурлар!
...буларинг бари менинг ҳаётим, дея қайта-қайта ўйлайди у. Сўнгра эса бу ҳаёт эмас, балки мавжуд бўлмоқ эканлигини англаб етади.
Сукунатнинг жавоби, Макс Фриш
Фалокат шундаки, сен ҳаддан ташқари одамови бўлиб қолгансан ва инсонларга бўлган бутун ишончингни йўқотгансан.
Уста ва Маргарита, М.Булгаков
Салом дўстлар,
кўпчилигингиздан канал фаолиятини тўхтатдими, аҳволингиз яхшими каби смслар олганим учун канал фаоллиги тушиб кетганига кичик бир пост ёзай дедим.
Январь ойида жуда ҳам муҳим бўлган икки имтиҳон топширишим керак эди. Имтиҳонларга тайёргарликни октябрь ойида бошладим, негаки сал кам 1950 бетлик материални бир неча марта ўқиб чиқишим ва сўнгра ўқиб чиққанларимни иҳчамлаб, қайта ўқишга қулай бўлиши учун, ҳеч бўлмаса 400-450 бетлик қайдлар ҳолатига келтиришим керак эди. (Расмдаги) ёзиб чиққан қисқартирилган 380 бетлик қайдларимни неча марта ўқиб чиқдим, ростини айтсам, билмайман ҳам.
Керакли китобларни ўқиб, имтиҳонларга тайёрланиб ва имтиҳон ҳаяжонидан кўп нарсага вақтим етмай қолди. Шу сабабли каналга ажратаётган вақтимни ҳам камайтиришга мажбур бўлдим.
Минг шукр, бугун имтиҳон натижалари чиқди ва кўнглим тинчиди.
Янги постларда кўришгунча.
Ва... доимгидек, яхши китоблар ўқишда чарчаманг!
@readnroll
Муз бизнеси
Frozen мультфильмидаги Кристофф эсингиздами? Кристофф ҳамкасблари билан музлаб қолган кўлдан муз бўлакларини кесиб олиб, уларни Arendelle номли шаҳар бўйлаб сотиш билан шуғулланувчи ёш йигит эди. Сал кам ўн йил аввал мультфильмни биринчи марта кўрганимда Кристоффнинг касби менга кулгили туйилганди ва, табиийки, бу касб мультфильм муаллифларининг тўқимаси деб ўйлагандим.
Bill Brysonнинг At Home китобини ўқиб бу таҳминим нотўғри бўлганлигини кўрдим. 1840-чи йилларда Янги Англия ҳудудларида Wenham Lake Ice номли компания ташкил топади. Ушбу компаниянинг бизнеси музлаган Wenham кўлидан улкан муз бўлакларини кесиб олиб, турли хил тадбиркорларга сотиш эди. Кесиб олинган музларнинг ҳажми ва уларни транспортировка қилишдаги қийинчиликлар юзасидан, муз бўлакларини оддий ҳонадонларга сотиш, афсуски, имконсиз эди. Қимматбаҳо музни сотиб олишга қурби етадиган ягона ҳонадон Қиролича Виктория ҳонадони эди, холос.
Кейинчалик муз бизнеси ривожланиб кичикроқ ҳажмдаги муз бўлаклари пайдо бўлишни бошлайди ва аста-секин Америка, Британия ҳонадонларида маҳсулотларни узоқроқ сақлаш имконияти пайдо бўлади. Бундан ташқари бизнес ривожлангани сари у турли хил маҳсулотларни шаҳардан шаҳарга, давлатдан давлатга поездларда ташиш имкониятини яратиб беради.
Демак, Кристоффнинг касби тарихий асосга эга эди экан.
@readnroll
Бироқ... ўзимдан бошқа ким билан ҳам суҳбатлаша олардим?
Нотинчлик китоби, Фернандо Пессоа
#interesting
Англияда 1696-йил William III Ойна солиғини жорий қилган экан. Унга кўра уй эгалари ойналарининг сонига қараб солиқ тўлаган экан, яъни ойналарнинг сони қанча кўп бўлса, солиқ шунчалик ошаверган экан. Солиқ тўлаш ўнта ойнадан кейин мажбурий бўлган экан.
Маълумот тўғрими йўқми текшириб кўргандим, Буюк Британиянинг Миллий Архивида, ҳаттоки, бир фуқаронинг шу солиқни тўлагани тўғрисида ҳужжат ҳам сақланиб қолган экан.
У пайтларда ойнанинг нарҳи (оддий аҳоли учун) ақлбовар қилмас даражада қиммат бўлгани етмагандай, у учун солиқ тўлаш фуқаролар ҳаётини янада оғирлаштирган. Солиқ жорий қилингандан сўнг моддий аҳволи яхши бўлмаган оилалар уйларидаги ойналар сонини камайтиришга мажбур бўлган. Бу эса уларнинг турмуш тарзига ва соғлигига салбий таъсир кўрсатган.
Манба: "At Home: A Short History of Private Life" by Bill Bryson
@readnroll
На расм, на видео чироқлар ёнгандаги ҳақиқий гўзалликни етказиб бера олар экан.
Парижга иккинчи марта бориш насиб қилганига шукр (ва ўзимга катта раҳмат).
Буерга боришни ният қилганлар, албатта ниятига етсин.
Парижда Илья Репиннинг кўргазмаси бўлаяпти экан.
Мактабда литература китобида кўрган расмларимни реал ҳаётда бориб кўриб келай.
Насиб қилса, бу кўргазмадан ташқари яна бир музейга киришни режа қилдим.
Таассуротлар бн бўлишишга ҳаракат қиламан.
@readnroll
Анчадан бери ўқимоқчи бўлган китобимни охири кеча кечки пайт бошладим. 2-3 соатда китобнинг ярми тугаб қолганини сезмай қолибман. Жуда қизиқ ёзилган экан.
Сиз нима ўқияпсиз?
Ulyssesни ўқиётгандим, бир ҳазилга дуч келиб қолдим:
- ... айтишларича, Ирландия яҳудийларни ҳеч қачон таъқиб қилмаган ягона давлат деган обрўга эга экан. Буни билармидинг? Йўқ. Нега ундайлигини биласанми?
- Йўқ, жаноб.
- Чунки Ирландия уларни ҳеч қачон ичкарига киргизмаган.
@readnroll