readnroll | Unsorted

Telegram-канал readnroll - Read'n'Roll

1528

саволлар учун 👉 @rnrc_bot реклама ⛔

Subscribe to a channel

Read'n'Roll

​​#smth

Информатив ва руҳлантирувчи кичик пост. Ҳаммага аён, вақт қайтариб бўлмайдиган бойлик. Ҳозир, ҳар кун қилган ишларингиз келажагингиз қандай тус олишини у ёки бу маънода белгилаб беради. Машҳур цитата бор эди-ку, ҳар кун қилган кичик юксалишларинг катта муваффақиятга олиб келади (ёки шунга ўхшаш).

Бир неча ой аввал араб тилини ўрганишга қарор қилдим. Вақтим кўп эмаслиги сабабли аввал бошлашдан бироз чўчидим ва бир неча ҳафта ўйланиб юрдим. Ҳафталик режамга қарасам, иш, спорт, таржима ишларимдан фақатгина бир неча бўш соат қоляпти экан. Бир амаллаб ҳафтада икки соат вақт топа олдим ва ноябрнинг охирги ҳафтасидан дарсларни бошладим.

Мана ҳозир бир неча ойда араб тилининг А2 даражасининг деярли ярмига келдим. Бари, қизиқишим учун ҳафтада атиги бир неча соат вақт ажратганим учун. Ёлғон гапирмай, ўрганиш жараёни осон бўлмаяпти. Араб тили олтинчи тилим ва айрим пайтлар барча билган тилларим ҳақидаги маълумотлар янги тилни эгаллашимга тўсқинлик қиляпти. Айрим пайтлар шу уч ой давомида худди ҳеч нарса ўргана олмагандек туйиляпти. Бироқ, аниқ биламан, буларнинг бари - қўрқувлар, иккиланишлар, қатъиятсизликлар - табиий. Кун келиб, шу қарорни қабул қилганим ва янги билим ўрганишга озгина вақт ажратганим учун ўзимга ўзим раҳмат айтаман.

Қиссадан ҳисса шуки, сиз ҳам ҳозирда бирор иш бошламоқчи, аммо қўрқаётган ёки иккиланаётган бўлсангиз, шунчаки бошлаб кўринг¹. Балки ўхшаб қолар. Ва эсингиздан чиқарманг, режангизни амалга оширмай ўтказган вақтингизни қайтариб ола олмайсиз.

¹ табиийки, ҳар қандай ишни бошлашдан аввал ҳеч бўлмаса тахминий режага эга бўлинг

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

​​#smth

Ёзувчиларнинг дўстларидан бири, Дейв, кўп иш саёҳатларига боради. У навбатдаги иш саёҳатларининг давомида кечки пайт бир барга боришга қарор қилади. Дейв барда ёлғиз ўтирар экан, бир нотаниш аёл келиб, унга бир қадаҳ виски сийламоқчи эканлигини таклиф қилади ва у совғани қабул қилади.

Унинг хотиралари айни шу он тўхтайди. Дейв кўзини очганида бир меҳмонхона ҳаммомида ётган бўлади. Қаршисида телефон ва бир қоғоз. Қоғозда "Қимирлама. 911 га қўнғироқ қил!" деб ёзилган бўлади. У ўрнидан туришга ҳаракат қилади, бироқ чидаб бўлмас оғриқдан ўрнидан туриш уёқда турсин, бошини ҳам кўтара олмайди.

Нима бўлаётганини тушунмай, Дейв 911 ни теради. Гўшакни кўтарган аёлга қандай ҳолатда ҳушига келганини айтиб беради ва у аёл қаердандир нима бўланини аниқ билади:
- Тушунарли. Сизга нотаниш одам ичкилик таклиф қилдими?
- Аҳа.
- Нотаниш жойда уйғондингизми?
- Ҳа.
- Қимирлай олмаяпсизми?
- Ҳа. Нима бўляпти ўзи?
- Ҳавотир олманг. Ёрдам йўлда. Жойингиздан қимирламанг. Афсуски, сиз бу шаҳарда фаолият юритаётган буйрак ўғриларининг қурбонига айлангансиз.

👉🏻 ўқиб бўлиб, илтимос, шарҳларга ўтинг

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

​​#brieview

Китоб - The Invisible Gorilla (C.Chabris and D. Simons)

Мавзу - диққатимиз, хотирамиз, интуициямиз, билимимиз ва ақлимизга асли таяниб бўладими ва уларга керагидан ошиқча ишонишимиз кундалик ҳаётда қандай оқибатларга олиб келади.

Позитив - шу кунчага ўзингиз, зеҳнингиз ва идрокингиз тўғрисидаги хомхаёллардан қисман бўлсада халос бўласиз.

Негатив - муаллифлар китобни чўзиб юборган. Китобдаги кераксиз қайтарилишлар олиб ташланса, китобнинг 50% қолади.

Субъектив баҳо - 5.8/10 (чунки кераксиз чўзиб юборилган).

~ brieview = brief + review

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

#оффтоп

Классик мусиқа тинглаш инсоннинг зеҳнини оширади деган гап деярли тамомийла афсона экан.

Бу ҳақида кўпроқ маълумот учун The Invisible Gorilla китобининг The Magic Genius of Mozart бўлимини ўқишни тавсия қиламан.

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

​​#smth

Одатда, биз бирор нарса ҳақидаги билимимизни у нарсанинг бизга таниш эканлиги билан адаштириб қўямиз экан¹. Жуда ҳам қизиқ фикр. Бу ҳақида ҳеч бунчалик чуқур ўйланмаган эканман. Маласан, оддий велосипедни олайлик. Ўзимизга ўзимиз "Велосипед қандай ишлайди?" деган осон саволни берайлик ва велосипед тўғрисидаги билимларимизни 1дан 7гача баҳолайлик.

Баҳоладингизми? (Ўзингизга неча баҳо берганингизни, илтимос, шарҳларда ёзиб қолдиринг)

Билимингиз даражасини аниқлаб олганингиздан сўнг қаршингизда тўрт яшар болакай турганини тасаввур қилинг ва унга велосипед қандай ишлашишини бир чеккадан тушунтиришни бошланг: нега баллонлар бир-биридан маълум масофада жойлаштирилган, нега педальлар иккита, уларнинг вазифаси қандай, нега занжир велосипеднинг ўртасида ва ҳкз. ва ҳкз. Яъни велосипед қандай ишлашини тушунтираётганингизда унинг энг муҳим қисмларининг тузилишидан тортиб улар нега айнан шундай эканлиги ҳақида ҳам қисқача бўлсада маълумот беришга ҳаракат қилинг.
Бу жараённи бошлаганингизда, ҳаёлингиздаги болакайнинг навбатдаги "Нега?" деган саволига жавоб бера олмай қолганингизда, велосипед тўғрисидаги билимларингиз ўз поёнига етган бўлади.

Ўтказилган тажрибаларда², аксарият қатнашчилар ўз билимларини ўртача 4,5 балл билан баҳолайдилар. Бироқ уларнинг билим деб ўйлаган иллюзиялари асл нарсани велосипедни кундалик ҳаётларида кўп кўрганликлари, яъни у нарса билан таниш эканликлари эди.

Манбалар:

1. Chabris, C., & Simons, D. (2011). The invisible gorilla. HarperCollins.

2. R. Lawson, “The Science of Cycology: Failures to Understand How Everyday Objects Work,” Memory and Cognition 34 (2006): 1667–1775.

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

​​#smth

Ақлсиз ақллилар

Yale Университети психология профессори Брайн Шолл ўзи билан боғлиқ бир латифа айтиб беради. У студентлик даврларида Хитойда тахминан 2500 йил аввал ўйлаб топилган қадимий Go ўйинини ўрганади. Брайннинг фикрича, ўз устида бироз шуғулланса, бу ўйинни билган барча дўстларини юта олади.

Кунларнинг бирида у Нью Йоркка боради ва уерда бу ўйиннинг устаси фаранг бўлган бир танишини учратиб қолади. Имкониятни қўлдан бой бермай, Брайн таниши билан ўйинни ўйнайди ва фақатгина ярим балл фарқ билан ютказади. Натижалар бу даражада яхши бўлишидан ҳайратланган Брайн, университетидаги Go ўйнида эксперт бўлган бир профессорга бу ҳақида мақтанади. Профессор бошини бироз чайқаб, шундай жавоб беради: "Одатда, ўйинни ҳақиқатдан ҳам яхши билан ўйинчилар ўзларидан анча кучсиз бўлган рақибга дуч келганларида, уни имкон қадар балларда кам фарқ билан ютишга ҳаракат қиладилар."

Эсингизда бўлса, Даннинг-Крюгер-Эффекти тўғрисида қисқа пост ёзгандим. Даннинг ва Крюгерни бу мақолани¹ ёзишга ундаган инсон 1995-йил Питсбургдаги бир йирик банкнинг икки филиалини куппа-кундузи маскасиз ўмаргани тушган жаноб Вилер эди. Моҳир ўғри қўлга тушгандан сўнг, полиция ҳодимлари унга банк видеокамераларига олинган видеони кўрсатиб, ундан банкни нега маскасиз ўмармоқчи бўлганини сўрашади. Жаноб Вилер видеода юзи кўринганлигидан қаттиқ ҳайратланиб, шундай жавоб беради: "Ахир мен юзимга лимон шарбатини суртиб олгандим-ку. Юзим кўринмаслиги керак эди."

Ҳаммамиз биламиз-ки, болалар сувга лимон шарбатини аралаштириб уни кўринмас сиёҳ сифатида ишлатадилар. Машхур ўғримиз ҳам шу мантиқ бўйича ўйлаганди: лимон шарбатини юзимга суртиб олсам, юзим кўринмас бўлиб қолади.

Энг ачинарлиси шундаки, Вилер бундай ақлсизликни фақатгина бир марта қилмайди; у айни тарзда бир неча марта турли хил банкларни ўмаргани тушади. Психология олимлари бу феноменни ўзга бўлган ишонч иллюзияси деб номлайди².

Ҳудди Даннинг-Крюгер-Эффектида тушунтирилганидек, ўзига ортиқча ишонган ва (ҳануз) етарлича билимга/маълумотга/қобилиятга эга бўлмаган одамлар ўз қобилиятларини ошиқча даражада юқори баҳолашга мойилдирлар. Айтайлик, бирор бир мавзуга янги кириб келган эксперт, ҳали мавзунинг асл миқёсини англамагани сабабли, дастлаб ўзини бу соҳада энг зўр деб ҳисоблайди. Вақт ўтиб, ўрганаётган мавзуси бўйича кўпроқ билим йиғгани сари, бу мавзуда қай даражада тажрибасиз бўлганини англаб бораверади. Худди Go ўйнида ўзини сал кам чемпион деб ҳисоблаган профессор Брайн сингари.

Демак...

Манбалар:

1. Kruger, J., & Dunning, D. (1999). Unskilled and unaware of it: How difficulties in recognizing one's own incompetence lead to inflated self-assessments. Journal of Personality and Social Psychology, 77(6), 1121–1134.

2. Chabris, C., & Simons, D. (2011). The invisible gorilla, HarperCollins.

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

"У ўзини ҳаммадан узоқ ҳис қиларди, гўё юраги музлаб қолган ва гўё у шиша девор ортида яшаётгандек. У ўз-ўзига қарши ҳам туйғусиз, карахт бўлиб қолганди. У бир лаҳзали ғазаб ва уятдан ташқари ҳеч нимани ҳис қила олмасди. У устарани олиб ойна қаршисига келганда, ўзини базўр таний олганини тасвирлади."

The Body Keeps the Score, Bessel van der Kolk

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

#танлов

Илк бор To Kill a Mockingbird (Мазахчини ўлдириш) асарини ўқиганимда, ақлимда китоб билан ассоциация бўлиб қолган сўз виждон бўлган. Ундан бери китобни уч марта ўқиб чиқдим. Ҳалигача бу китоб ҳақида эшитганимда, ҳаёлимга дарҳол виждон сўзи келади.

21-март соат 22:00га қадар (Ўзбекистон вақти бн), шарҳлар остида "Виждон нима?" деган саволга қисқа жавоб ёзиб қолдиринг.
5 нафар ғолиб random йўли орқали 22-март куни аниқланади.
Соврин - Мазахчини ўлдириш асари.

p.s. Постни дўстларингизга ҳам улашинг!

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

Мен сиёсатчи эмасман ва мен учун барча сиёсий мафкуралар-у партиялар сариқ чақага қиммат. Мен - инсонман. Менинг сиёсатим инсонийлик!

Die Traumbude, Erich Maria Remarque

Читать полностью…

Read'n'Roll

​​Ягона ечим - тарки дунё?

Into the Wild асарининг бош қаҳрамони Chris McCandless жамиятдан, жамиятдаги худбинлардан, иккиюзламачилик, инсонлар ўртасидаги тинимсиз низолардан ва ҳкз.лардан тамомийла безор бўлгани сабабли кимсасизликка бош олиб кетади. Chris ёввойи табиатга ёлғиз саёҳатини бошлар экан, ўзининг асосий мақсади қилиб Алясканинг чўққиларини забт этишни танлайди. 112 кун давом этган бу дарвешчиликнинг оқибати аянчли бўлади ва асар қаҳрамони очлик сабабли бу оламдан кўз юмади.

Асар бўлган воқеаларга асосланган ва муаллиф ушбу воқеага алоқадор бўлган барча билан - Chris'нинг ота-онаси, синглиси, дўстлари ва танишлари билан - бирма-бир суҳбат қуриб, асар қаҳрамонини тарки дунёчилик қилишига нима сабаб бўлганини асарда ёритишга уринади. Ёш йигитнинг фожиали ўлими ҳақида оммавий ахборот воситалари хабар беришни бошлаганларидан сўнг, деярли ҳамма Chris'ни бераҳмликда, ақлсизликда ва худбинликда айблай бошлайди. Хабарларни ўқиганлар Chris ёввойи табиатга ёлғиз ва пухта тайёргарликсиз саёҳат қилишнинг якуни фақатгина ўлим эканлигини яхши била туриб, оиласи ва дўстлари тўғрисида ўйламай, улар билан барча алоқаларни батамом узиб, кимсасизликка бош олиб кетишини суиқасднинг бир кўриниши деб атайдилар. Ҳар қандай жамиятда суиқасд мавзуси табу бўлгани ва бу қўрқинчли ишга қўл урганлар автоматик равишда "қўрқоқ ва худбин" тамғасини олганликлари сабабли, асар қаҳрамонини ҳам деярли барча танқид қилади. (Асарни 4-5 йилча аввал ўқиганимда, мен ҳам улар каби Chris'ни айблагандим) Албатта, уларнинг хулосалари ҳам қисман тўғри - яқинларининг аҳволи қай ҳолатга тушишини ўйламай ёки пухта режа ва тайёргарликсиз бу каби жиддий ишга (яъни тарки дунёчиликка) қўл уриш, албатта, ақлсизлик. Бироқ Chris'ни танқид қилганлар унинг руҳий ҳолати жамиятдан бош олиб кетишга қарор қилганида ёки ундан аввал қандай бўлганини тушинишга уринмасликлари ҳам ақлсизлик.

Китоб муаллифининг тасвирлашига кўра Chris'нинг руҳий ҳолати оилавий низолар ва ота-онасининг тинимсиз назорати оқибатида ёмонлашади. Бундан ташқари у худбинликларга тўла жамиятда яшашда ҳеч қандай маъно топа олмай қолади ва кимсасизликда "Асли, ҳаётнинг маъноси борми?" саволига жавоб топишга уринади. Фожиани юзаки таҳлил қилсак, деярли ҳаммамиз асар қаҳрамони худбин ва тентак деган тўхтамга келамиз. Лекин ўша "худбинлик ва тентакликка" нима сабаб бўлганини аниқлашга уринсак, менимча, уни (ҳеч бўлмаса) озмунча тушуна оламиз.

Инсоннинг ақлини ўқиш имконсиз эканлиги сабабли китоб муаллифи ҳам Chris ўзини онгли равишда бундай тақдирга, яъни ўлимга, маҳкум этганми, аниқ айта олмайди. Аммо унинг - асар қаҳрамонининг - бундай мақсади аввалига бўлган бўлса ҳам, ўлимдан бошқа якуни қолмаганини сезган онида ўзининг ёш болача қароридан минг бор пушаймон бўлганлигини унинг дафтарларига ёзиб қолдирган изоҳларидан англаш мумкин бўлади. Bojack Horseman'нинг машҳур шеърида ёзилганидек, ўзини ўлдирмоқчи бўлиб, ўзини баландликдан ташлаган одам, йўлнинг ўртасига келиб, ўз қароридан пушаймон бўлади, аммо ортиқ орқага йўл йўқ. Энг аянчлиси шундаки, Chris ҳаётининг охирги кунларида ҳаётдаги ягона маъно ва бахтнинг асосий калити бошқалар учун умр кўриш, ҳамда яқинларига ва атрофдагиларга ёрдам бериш эканлигини тушуниб етади. Бироқ энди кеч.

"We like companionship, see, but we can't stand to be around people for very long. So we go get ourselves lost, come back for a while, then get the hell out again."

Into the Wild, Jon Krakauer

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

Бойлик камбағалликни барпо қилади.

Мулоҳазалар? (ўзаро ҳурматни сақлаган ҳолда)

(c) Michael Parenti

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

Chomsky'нинг Optimism over Despairида берилган аччиқ ҳақиқатлардан сўнг шу китоб яхши кетса керак деб ўйладим.

Мен бу китобни ўқигунимча, Сизлар The Republicга ёзган эски ревьюимни ўқиб туринглар:

/channel/readnroll/762

Читать полностью…

Read'n'Roll

​​Платоннинг The Republic асарида¹ Суқрот Адимант² билан наъмунали жангчи ва аскарлар етиштириш учун қандай чоралар кўрилиши керак эканлиги ҳақида суҳбат олиб боради.

Икки файласуф бу учун бир неча таклифлар киритади. Таклифларнинг бири аскарлардаги ўлим қўрқувини йўқотиш кераклиги эди. Суқротнинг таъкидлашича, ўлимдан ва ўлимдан кейинги ҳаётдаги қийноқлардан қўрққан инсон жанг майдонида ҳеч қачон довюрак бўла олмас экан.

Ушбу қўрқувни бартараф қилиш учун эса, Суқрот аскарлар (болаликларидан) ўқишлари мумкин бўлган барча шеърлардан, поэмалардан ва ҳкз.лардан ўлимга қўрқув уйғотиши мумкин бўлган мисрларни ўчириб ташлашни таклиф қилади. Мисол учун, Суқрот Гомернинг машҳур Илиадасидаги юқоридаги каби мисраларни бутунлай олиб ташлаш шарт эканлигини айтиб ўтади.

Ушбу аргументни ҳозирги кунга (ёки бироз олдинги пайтларга) боғлайдиган бўлсак, нега бўлажак аскарларга Ватанпарварлик ҳисси, урушга бориб жанг олиб бориш олий шараф эканлиги, урушга боришдан бош тортган инсон ўта кетган пасткаш эканлиги ёки шунга ўхшаш ғоялар сунъий равишда мунтазам сингдирилиб борилишини тушунишимиз мумкин. Сунъий равишда деганда кўз олдингизга урушни улуғлаган ва мадҳ этган шеърлар, қўшиқлар, асарлар, кинолар ва ҳкзларни келтиринг.

Эътибор берсангиз, бош саркардалар, қўмондонлар ўз жангчиларига урушга "мотивация" бераётганларида, ўз нутқларини авваламбор аёллар, болалар ва қариялар ҳимояси билан бошлайди. Бу гапим билан, уларни қўриқлаш ёмон иш ёки уларни қўриқлашга эҳтиёж йўқ демоқчи эмасман. Йўқ. Демоқчиманки, ўша урушни бошида турганлар аскарларнинг нозик жойларидан мисол келтириб, урушга руҳлантирмасалар ёки уларга Ватанпарварлик ҳиссини сунъий тарзда сингдирмасалар, улар урушга табиийки бормайдилар (чунки жон ширин).

Урушнинг бошида турганларнинг манипуляциясига учраган оддий халқ урушдан фақатгина бошлиқлар наф кўришини айрим пайтлар эътиборсиз қолдиради. Машҳур ёзувчи Маргарет Митчелл ўзининг Шамолларда Қолган Ҳисларим асарида жуда ҳам чиройли фикр³ билдиради:

"Урушлар уларни олиб борганлар учун доимо муқаддасдир... Агарда урушнинг бошида турганлар урушни муқаддас деб эълон қилмаганларида, қайси аҳмоқ жанг майдонига ўз хоҳиши билан борар эди? Нотиқлар уруш йўлида минглаб гўзал шиорларни тўқисалар ҳам; олдиларига хоҳлаганларича улуғвор мақсадларни қўйсалар ҳам, урушнинг мақсади ва сабаблари  ягонадир. Пул. Бироқ ҳамма ҳам буни тушунмайди. Аксариятнинг қулоқлари фанфара ва барабан садоларидан, минбар ортига беркиниб олган кимсаларнинг чиройли нутқларидан битиб қолган."

Ҳаволалар:

¹Plato, The Republic, Translated by Desmond Lee, 2nd ed., Penguin Group, 1987, p. 140

²Миллоддан аввалги 432-382 йиллар яшаб ўтган ва Платоннинг яқин дўсти бўлган файласуф

³Ўзимнинг таржимам

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

Ҳар сафар Noam Chomskyнинг китобларини ўқиганимда, George Orwellнинг қуйидаги гапи эсимга тушади:

"Political language is designed to make lies sound truthful and murder respectable, and to give an appearance of solidity to pure wind."

Читать полностью…

Read'n'Roll

​​#smth

Ҳаётим давомида жуда ҳам кўпчиликнинг бирор ҳар-нарсанинг мутлақ яхши ёки мутлақ ёмон дея қабул қилишларига кўп дуч келаман. Гўё дунё¹ фақат оқ ва қора рангдан иборатдек. Тўғрироғи, гўё маълум бир ҳар-нарса фақатгина ё оқ, ё қора тусда бўлади, холос.

Румийнинг The Elephant in the Dark шеърини эсласангиз, филни илк бор кўришга келган инсонлар унинг турли хил аъзоларини ушлаб кўрадилар; унинг хартумига тегиб кўрган инсон филни ғадир-будур бироз юмшоқ ва тўлиқроқ узун нарсадек тасаввур қилса, қулоқларинигина ушлай олган одам у ҳақида тамомийла бошқа тасаввурга эга бўлади². Яъни маълум бир ҳар-нарсани турли призмалар ортида таҳлил қилсангиз ва унга фарқли томондан (ёки фарқли ёндашувлар билан) қарасангиз, у ҳар-нарса ҳақида бир-бирига ўхшаш бўлмаган - бири оқ, бири қора, бири қизил ва бири балки сариқ - тўхтамларга келасиз.

Борлиқни ва унинг (ёки ҳаётингизнинг) таркибий қисмларига абсолютизм³ ёндашувини қўллар экансиз, барчаси сиз учун мантиқсиз равишда қийинлашиб бораверади. Нега дейсизми? Чунки, айтайлик, бирор ғоя сизга ёқади ва сиз уни фақат оқ ғоя, яъни қусурсиз ғоядек, қабул қилиб олгансиз. Вақт ўтган сари сизда у қор каби оқ ғоя фанатизми сезилишни бошлайди (аввал билинар-билинмас, сўнгра бироз кучлироқ, сўнгра ундан ҳам кучлироқ ва оҳир оқибат мутлақ фанатизм).
У ғояни ҳар томонлама таҳлил қилишни истамаганингиз сабабли натижада сизда у ғоя тарафдорлари бўлмаган инсонларга нисбатан автоматик равишда салбий муносабат пайдо бўлишни бошлайди. Ўзингизга "йўқ, менда ундай бўлмайди, менга бир ғоя ёқади, лекин уни ёқтирмаганларни мен ҳеч қачон ёмон кўрмайман" десангизда, сизда қарши тарафга нисбатан ҳеч қачон объектив муносабат бўлмайди⁴. Бу ҳолатга етганингиздан сўнг ёқтирган ғоянгиз ҳақида бирор бир салбий фикр эшитишингиз биланоқ, у фикрнинг тўғри-нотўғрилигини таҳлил қилишдан аввал, сизда сабабсиз ғазаб пайдо бўлишни бошлайди.

Бундан ташқари кун келиб, ақлингиз кириб, ҳар-нарсага⁵ нисбатан абсолютизм ёндашувини қўллаш нотўғрилигини ичингизда англаб, унинг қора, сариқ, кулранг ва ҳкз. томонларини ҳам кўришни бошлаб⁶, аммо ташингизда ҳамон уни бутунлай қўллаётган бўлсангиз, сизда когнитив диссонанс пайдо бўлади; ботинингиз сиртингиз билан айни бўлмай қолади. Психологларнинг таъкидлашича, узоқ давом этган когнитив диссонанс клиник депрессиягача олиб келиши мумкин экан
Бу мисоллар бир тарафлама ёндашувнинг ҳаётингизда келтириб чиқариши мумкин бўлган муаммолардан бир қисми, холос.

Ҳозир Bertrand Russelнинг Authority and the Individual китобини ўқияпман. Уерда файласуф ҳаммамиз севган фан ҳақида жуда ҳам қизиқ фикр билдириб ўтади. У билдирган фикрни юқорида келтирилган фикрга боғлаб, абсолютизмни таҳлил қилиб кўришга урининг:

"Замонимизнинг аждодларимизнинг ҳаётидан яхшироқ ва ёмонроқ қилиб турувчи нарса бу фандир. Турмуш ҳаётимизда чироқ, радио ва кинога эга бўлдик. Фандаги ютуқлар натижасида саноатда машиналар ва ёқилғи ишлатиш имкониятига эришдик. Меҳнат унумдорлиги ўсгани сабабли кучимизнинг олдингига қараганда сезиларли даражада кўпроқ қисмини урушларга ва урушларга тайёргарлик кўришга ишлатиш имкониятини қўлга киритдик. Бундан ташқари фарзандларимизни одатдагидан кўпроқ вақт таълим муассассаларида ушлаб туришга қодир бўлдик. Фан ривожи сабабли оммавий аҳборот воситалари орқали чин ва ёлғон хабарларни Ерюзидаги деярли ҳаммага етказиш имкониятига эга бўлдик. Фан ривожи сабабли ҳукумат ёқтирмаган, ҳукуматга тўғри келмаган инсонларнинг давлатдан қочиб кетишларини имконсиз қилиб қўйиш қобилиятини қўлга киритдик. Турмуш ҳаётимиз ва ижтимоий тизимимизнинг бари фаннинг маҳсулидир."

----
¹дунё - ғоя, фикр, ҳолат ва ҳкз.
²шеърнинг бошқача талқинлари ҳам мавжуд
³яъни бир нарса ё мутлақ оқ, ё мутлақ қора дейиш. Тарихда абсолютизм атамаси мутлақ кучга эга бўлган тизимларга нисбатан ишлатилади
⁴негаки сиз уларни душманлар сифатида қабул қилишни бошлаган бўласиз
⁵ва ўша ҳар-нарсанинг қарама-қарши тарафига ҳам
⁶жуда ҳам зўр ҳолат

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

​​#interesting

Билим лаънати

1990-йил Элизабет Ньютон жуда ҳам оддий ўйин устида тадқиқот олиб боргани учун Стэнфорд университетида психология бўйича профессорлик унвонини олади. Ўйин тапиллатувчилар ва тингловчилар эди.

Тадқиқот икки гуруҳ қатнашчилардан иборат эди: тапиллатувчилар (А) ва тинловчилар (Б). А гуруҳ аъзолари йигирма беш энг машҳур қўшиқлар рўйҳатини олади ва уларни Б гуруҳга стол устига қўллари билан тапиллатиб чалиб беришлари ва қарши гуруҳ қайси қўшиқ янграганини топишлари керак бўлади. Тадқиқот давомида тапиллатувчилар 120 қўшиқни чалиб беради. Тингловчилар 120 қўшиқдан фақатгина 3 тасини топа олади, яъни 2,5 фоизини.

Элизабетга профессорлик унвонини бера олган сабаб тадқиқот натижалари эмас, балки бошқа нарса эди. Тадқиқот бошланишидан олдин олимлар А гуруҳ қатнашчиларидан уларнинг тахминича Б гуруҳ нечта қўшиқни топа олишини сўрайдилар. Уларнинг фикрича, энг ками 50 фоиз қўшиқлар топилиши керак эди.

Хўш, бундай тахмин бўлган бўлса нима бўлибди, ким ҳам чамалашда адашмайди, шунга ҳам профессорлик оладими одам деятган бўлсангиз, адашасиз. Қатнашчиларнинг тахмини ва тадқиқот натижалари ўртасидаги фарқ фанда билим лаънати дея аталган ҳолатни англатиб бера олади. Аниқроғи, А гуруҳ қўшиқни тапиллатганда, куй уларнинг онгида янграётган бўлади. Улар аввалдан қайси қўшиқни ўйнаётганликларини, яъни қўшиқ номини билганлари учун, улар қайси куй янграётгани барчага аён бўлиши ва Б гуруҳдагилар уни осонликча топа олишлари керак деб ўйлайдилар. Бироқ (!) тингловчиларга қўшиқ номи қоронғу бўлгани сабабли улар эшитаёган куй улар учун шунчаки шовқин эди, холос. А гуруҳ куй тўғрисида муҳим маълумотга олдиндан эга бўлгани учун, бу билим уларнинг лаънатига айланади.

Кундалик ҳаётимизда ҳам бундай ҳолатга деярли ҳар кун дуч келамиз. Мисол қилиб, бир ботаника ўқитувчиси ва ўқувчиларни олайлик. Ўқитувчи дарс давомида куйиб-пишиб турли хил илмий атамалар билан ўсимликларнинг қўпайиш йўлларини тушунтирди. Ўқитувчи дарсни ўзидан мамнун ҳолда тугатади, негаки у мавзу бўйича билган барча маълумотларини ўқувчиларга етказиб берди. Унинг ҳаёлида, кечки пайт бирор ўқувчини уйқудан уйғотиб, ўсимликларни вегетатив йўл билан кўпайтириш нима деб сўралса, у аниқ ва тўғри жавоб бера олади, чунки у мавзуни билими етгани қадар зўр қилиб тушунтирган. Бироқ воқелик унинг ҳаёлларидан фарқли: деярли барча ўқувчилар синфхонадан чиқиши биланоқ мавзу ҳақида унутган, мияларида у тўғрисида бирор маълумот ҳам қолмаган бўлади.

Бундай мисоллар асли сон-саноқсиз: ишчиларга янги тизимни тушунтиришга уринаётган бошлиқ, мижозига нега бу ранг билан у ранг бир бирига мос келмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилаётган дизайнер, бу таомга нега бу зираворлар айтмаслигини тушунтирмоқчи бўлган кулинар, ёқилғи ҳақида заррача билимга эга бўлмаган одамга бензин машина дизелда юрмаслигини англатаётган уста, нега буерда қурилиш бошлаш ҳавфли эканлигини формулалар билан чизиб бераётган инженер ва ҳкз ва ҳкз.

Манба: Heath, C., & Heath, D. (2008). Made to Stick. Arrow Books.

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

Ноам Чомски: 2014-йил 9-июл, Ғазо вақти билан эрталабки соат 03:00 да, Исроил ваҳшийликларининг қоқ ўртасида, Ғазодаги бир ёш журналистдан қўнғироқ олдим. Ҳаракатланган ҳар қандай одамни ва уйларни ҳам мўлжалга олган бомбалар ва реактив самолётларнинг орқа фондаги овози остида унинг гўдагининг йиғиси эшитиларди. У ҳозиргина аниқ қилиб "матбуот" деб ёзилган машинада ўтирган дўстининг портиллаб кетганини кўрганди. Ва портлашдан сўнг у қўшни хонадонда чинқириқлар эшитган, бироқ ташқарига чиқа олмаганди, акс ҳолда ўзи ҳам очиқ нишонга айланарди.

On Palestine, N. Chomsky, I. Pappe and F. Barat

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

#interesting

S. Pinker'нинг айтишича, Noam Chomsky дунёдаги энг кўп cite қилинган 10 та ёзувчилар қаторига кирар экан.
Маълумот тўғрими деб манбаларни текширсам ҳақиқатдан ҳам шундай экан.

Тўлиқ рўйҳат - Marx, Lenin, Shakespeare, Aristotle, the Bible, Plato, Freud, Chomsky, Hegel ва Cicero.

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

Rijksmuseum, Amsterdam

(асар номи ва муаллифи эсимдан чиқиб қолди)

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

"Азобларимизнинг энг йирик манбаси ўзимизга ўзимиз сўйлайдиган ёлғонларимиздир."

Охирги 3-4 йилда ўқиган энг яхши китобларимдан бири шу бўлди. Ярмидан кўп бўлимларини ҳаттоки қайта-қайта ўқиб чиқдим. Китобда ментал соғлигимизнинг ҳолати баданимизга, турмуш тарзимизга, ўзимизни бошқалар олдида тутишимизга ва ҳкз.ларга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида илмий далилларга асосланган маълумотлар берилган.

Вақтингиз бўлса, Сиз ҳам ўқиб кўринг.

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

​​...биз фаол жамоатчиларга айланмаймиз. Биз шунчаки фаол эканлигимизни унутиб қўямиз. Биз барчамиз бошқаларга нисбатан раҳм-шавқат, сахийлик ва севги билан туғилганмиз. Биз барчамиз адолатсизлик ва таҳқирлашни кўрганимизда безовта бўламиз. Барчамиз, асл табиатимизда, атрофдагилар тўғрисида ҳавотирланувчи инсонлармиз. Барчамиз олганимиздан кўра кўпроқ қайтаришни хоҳлаймиз. Барчамиз бирдамлик ва ҳамроҳлик яккалик ва худбинликдан муҳимроқ бўлган дунёда яшашни истаймиз. Барчамиз чиройли нарсаларни баҳам кўришни, қувонч, шодлик ва севгини ҳис қилишни ва биргаликда тажрибалар ўтказишни хоҳлаймиз.

Бироқ бизнинг бир муаммомиз бор. Катта муаммо. Биз ўйлашга вақтимиз бўлмаган жамиятда, даврда яшаяпмиз. Биз ортга қадам ташлаб, нафасни ростлаш кўпчилик учун имконсиз ҳашамга айланган замондамиз.

Биз шундай дунёда яшаяпмизки, асосий таълим тизими болаликданоқ барчамизга давлатга қулоқ солиш ва бўйсунишни ўргатади ва эркин фикрлашимиз, ўзимизни ўрнатилган меъёрлардан фарқли тарзда ифодалашимиз учун ҳеч қандай имконият бермайди.

Биз “ҳеч нарса” (харид қилиш, телевизор томоша қилиш) “бир нарса”га айланган ва асл “бир нарса” (ҳордиқ чиқариш, мулоҳаза қилиш, улашиш) кераксиз нарсалар билан тўлдирилишга муҳтож бўлган бўшлиққа айланган жамиятда яшамоқдамиз. Бизнинг онгимиз, қалбимиз биз учун яратилган, кўзўнгимиздаги билбордларга ёпиштирилган материалист ҳечлик ва маркетинг, реклама ва ваҳший капитализм томонидан ҳужайраларимизга босилган татуировка томонидан аста-секин забт этилмоқда.

Бизнинг дунёмизнинг пулти фақатгина иккита тугмачага эга: “play” ва “fast forward”. Биз қидираётган тугмача эса “pause”.

On Palestine, Noam Chomsky, Ilan Pappe and Frank Barat

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

​​#оффтоп

Атрофдаги кўринмас гориллалар

Simons ва Chabris инсонларнинг визуал эътиборини ўрганиш учун 1999-йил Гарвард Университетида қизиқ тажриба¹ ўтказадилар.
Университет талабалари ёрдамида икки олим сал кам 1 дақиқа давом этган видео тайёрлайдилар². Видеода оқ ва қора кийим кийган икки гуруҳ баскетбол ўйнайди. Тажриба давомида қатнашчилардан видеодаги оқ кийимли ўйинчиларнинг коптокни бир бирига неча марта узатганликларини санашлари сўралади. Истасангиз, постимни ўқишдан аввал ўзингиз ҳам тажрибада иштирок этиб, видеони шу линк орқали кўринг ва жавобингизни пост остидаги шарҳларда қолдиринг. Бундан сўнгра постни ўқишда давом этсангиз бўлади.

Тажрибанинг асл мақсади қатнашчилар оқ кийимли гуруҳ коптокни бир бирига неча марта узатганликарини топа оладиларми йўқми аниқлаш эмас, балки бизнинг визуал эътиборимизнинг камчиликларини топиш эди.
Сал кам 1 дақиқали видеода тахминан 9 сония давомида горилла костюмини кийиб олган бир талаба баскетбол ўйинининг қоқ ўртасида уёқдан-буёққа айланиб юради, камеранинг қаршисига туриб бир неча сония кўкрагига қаттиқ уради ва сўнгра майдонни тарк этади.
Ҳар бир қатнашчидан қуйидаги саволлар сўралади ва аксарият қатнашчилар шу тарзда жавоб беради:

С: Коптокни узатишни санаш топшириғи давомида бирор ноодатий нарса кўзингизга ташландими?
Ж: Йўқ.
С: Видео давомида ўйинчилардан ташқари бирор нима кўрдингизми?
Ж: Бир неча лифт, "S" ҳарфи чизилган деворлар.
С: Ўйинчилардан ташқари бирор кимса кўрдингизми?
Ж: Йўқ.
С: Гориллани кўрдингизми?
Ж: Нима, нима?

Тажриба кўп марта турли хил шартлар остида фарқли-фарқли қатнашчилар билан ўтказилади, бироқ тажриба натижалари ҳеч ўзгармайди: қатнашчиларнинг деярли 50 %и (!) видеодаги гориллани умуман кўрмайди.
Олимлар буни шундай изоҳлайди: одатда, биз кутилмаган объектларга етарлича эътибор бера олмаймиз ва фанда бу феномен эътиборсизлик кўрлиги деб аталади.

Изоҳлар:
1. D. J. Simons and C. F. Chabris, “Gorillas in Our Midst: Sustained Inattentional Blindness for Dynamic Events,” Perception 28 (1999): 1059–1074.

2. Тажриба видеоси линки - http://www.theinvisiblegorilla.com/videos.html

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

Сўровнома.

Тез кунда "Мазахчини ўлдириш" (5×) асари совринга қўйилган кичик танлов ўтказмоқчиман. Ғолибларни аниқлаш қандай бўлишини истардингиз? Random? Лайклар? Бошқа бир таклиф?
Фикрингизни қисқача билдириб ўтсангиз, танлов яхши ўтишига ёрдам бўлади.

Олдиндан катта раҳмат!

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

Узоқ кутилган кун келди. Бир неча йиллик мақсадим рўёбга чиқди 🎉

Мазахчини ўлдириш ҳар бир китобсеварга маънавий озуқа бера олади деган умиддаман. Китоб ҳақидаги фикрларингизни кутиб қоламан.

Ҳурмат билан @readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

"I think I’m going to disappear for a while."

Into The Wild, Jon Krakauer

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

"Кимдир қачонлардир сиёсатчиларни камбағаллардан овоз ва бойлардан пул йиғиб, уларни бир-бирларидан ҳимоя қилишга ваъда берувчи кишилар деб таърифлаганди."

Democracy for the Few, M. Parenti

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

"Мен ҳеч нимани жиддий қабул қилишни истамасдим; ғоялар ва одамларга қарши ҳаммавақт сергак эдим. Агарда улардан ростдан ҳам айрилиб қолсам, бундан қаттиқ азобланмаслик учун, уларни йўқотишга ҳар доим тайёр турардим."

Муҳаббат иқлимлари, Андре Моруа

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

Бугун Дортмундда Музейлар кечаси. Бугунги режа соат 17:00 дан тунгача музейларни айланиш.

Сизлар шу расмни интерпретация қилиб туринглар, мен бошқа музей ва кўргазмаларни айланиб келай.

Читать полностью…

Read'n'Roll

​​Биз Homo Economicus'мизми?

Бир гуруҳ олимлар¹ инсонларни Homo Economicus² таързда кўриш қай даражада тўғри ва жазо ҳавфи бўлмаган ҳолатларда инсонлар наф кўриш учун ёлғон сўйлайдими каби саволларга жавоб топиш учун 2012-2015 йилларда тажриба³ ўтказган.

Тажриба давомида олимлар Германия оилаларига қўнғироқ қилиб танга ташлашларини илтимос қилади: танганинг олд томони тушса - иштирокчи ҳеч қандай ютуқ олмайди, орқа томони тушса - ваучер кўринишидаги пул мукофоти. Тажриба иштирокчиларини назорат қилиб турувчи ҳеч қандай одам бўлмаган, яъни танганинг олди туштими, орқасими фақат иштирокчи билган, холос.

Одамлар ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам фойда орттириш илинжида бўлган мавжудотлар деган назария таҳминларига кўра тажриба натижалари⁴ барча иштирокчиларда танганинг орқа томон тушганига тенг бўлиши керак эди. Аммо тажриба сўнгида 50 % иштирокчилар танганинг олд томони тушганини айтади, 50 % эса - орқа томони тушганини.

Бу китобни ўқиганимдан бери, агарда мен шу тажрибада иштирок этганимда қандай жавоб бергар бўлардим экан деб ўйланяпман. Албатта жавобим қандай бўлишига мукофотнинг миқдори, мукофотни ишлата олиш имкониятлари ва тажриба ўтказилаётган даврдаги иқтисодий ҳолатим ҳам таъсир кўрсатарди. Лекин ҳали ҳам 100% аниқ бир тўхтамга келмадим.

Сиз қандай жавоб берган бўлардингиз?

-------
¹Rose, T. (2022). Collective Illusions: Conformity, Complicity, and the Science of Why We Make Bad Decisions. London: Hachette UK
²яъни ҳатти-ҳаракатларини фойда кўриш учун йўналтирадиган мавжудот
³Johannes Abeler, Anke Becker, and Armin Falk, “Truth-Telling: A Representative Assessment” (CeDEx Discussion Paper Series No. 2012-15, University of Nottingham, Centre for Decision Research and Experimental Economics, 2012).
⁴Албатта шуни унутмаслик керак-ки, Германия оилаларининг иқтисодий аҳволи, айтайлик, Мексика оилалариникидан сезиларли даражада яхшироқ. Бу ҳолат қарор қабул қилишдаги бир неча жараёнларга таъсир кўрсатади

@readnroll

Читать полностью…

Read'n'Roll

​​Тўда ортидан югурган қўй

2010-йил августда кичик самолёт (P-Jet) 20 кишини Британиядан Бандундуга олиб бориши керак эди. Самолёт аэропортга яқинлашиб қолганда, стюардесса йўловчилар кабинаси олдида ноодатий шиқираган товушни эшитиб қолади. Стюардесса товуш келаётган жойга бориб қараса, уерда митти тимсоҳ болачаси унга "жилмайиб" турган экан. Уни кўриб қўрқиб кетган стюардесса шоша-пиша учувчи кабинасига кириб кетади. Унинг юзидаги қўрқувни кўрган йўловчиларнинг бири унинг ортидан тезлик билан учувчи кабинасига йўл олади. Нотинчликни сезган қолган йўловчилар ҳам бирма-бир учувчи кабинасига, худди бир нимадан қуруқ қолаётгандек, отилишади.
Барча йўловчилар самолётнинг уч қисмида тўпланиб олганлиги сабабли кичик самолёт мувозанатни йўқотади ва, учувчи қанча ҳаракат қилмасин, ерга қулаб тушади. Тимсоҳ ва биргина йўловчидан ташқари ҳамма ҳалок бўлади.

1634-йил Голландия оқсуяклари "ҳар кимда бахорги лола пиёзбошларининг махсус коллекцияси бўлиши ўта муҳим" дея қарор қабул қилади ва Голландия ўрта қатламининг барча аъзолари, ҳаттоки даромадлари жуда паст бўлганлари ҳам, бошини йўқотиб, лола пиёзбошларини сотиб олишни бошлайди ва, натижада, лоламания² юзага келади. Аслини олиб қараганда, бахорги пиёзбошларнинг ҳеч қандай ғайритабиий ҳусусияти бўлмаган, бироқ талаб тинмай ўсиб бораверганлиги сабабли 1635-йилга келиб биргина лола пиёзбошининг ўртача нархи олтин нархидан ҳам баланд бўлиб кетади (ҳозирги кунга солиштирилса $50000).
Давлатда юз бераётган "тентакликни" кўрган ҳукумат, лоламания давомида тузилган барча шартномалар бекор қилинишини ва улар ҳеч қандай қийматга эга эмаслигини эълон қилади. Табиийки, юз минглаб одамлар юқори миқдорда моддий зарар кўради.

1994-йил АҚШнинг табиатни муҳофаза қилиш агентлиги фуқароларни қудуқдан сув олиб ичиш ҳавфи ҳақида огоҳлантиради ва ҳукумат эски насосларни пўлатдан ясалган янги насосларга алмаштиргунча¹ дўконларда сотиладиган пластик идишдаги сувни ичиб туришларини масҳалат беради. Бунинг сабаби қудуқ учун мўлжалланган эски насосларнинг ўзидан ҳавфли даражада кўп қўрғошин чиқариши эди.
Кўп ўтмай дўконда сотиладиган сув крандан оқадиган сувдан ҳавфсизроқ ва яхшироқ деган тушунча оммалашишни бошлайди. Аслида эса дўкондаги сувнинг крандан оқаётган сувдан деярли фарқи йўқ эди³. Бироқ имкониятни бой беришни истамаган ичимлик ишлаб чиқарувчи компаниялар турли хил таъмлар қўшилган пластик идишдаги сувларнинг яхшироқлигини тарғиб қилиш кампанияларини бошлаб юборади. 1994-йил муаммонинг вақтинчалик ечими бўлган пластик идишдаги сувлар саноати 2026-йилга келиб $400 миллиард бизнесга айланиши кутилмоқда.

Юқорида келтирилган бир-бирига умуман алоқадор бўлмаган тарихий ҳодисалар ўртасида қандай ўхшашлик кўряпсиз? Ўхшашликни кўра олдингизми аниқ билмайман, лекин ҳа, тўғри топдингиз. Учала ҳодисанинг ўртасидаги ўхшашлик бу инсонларнинг тўданинг ортидан қўйга ўхшаб кетавериши, тўда нима қилса уни қилиши, тўданинг ҳаракатларини сўзсиз тўғри деб қабул қилиши ва ҳеч нимани ўзи текшириб кўрмаслиги натижасида юзага келган муаммолардир.

Todd Rose ўзининг Collective Illusions китобида инсонлар нима сабабдан тўхтовсиз нотўғри қарорлар қабул қилишини ва бу ёқимсиз ҳолатни қай йўл билан тўғирлаш мумкинлигини тушунтиришга уринади. Умумий иллюзиялар нима эканлиги ва уларнинг ечими қандайлигини ёзсам, бу пост жуда узун бўлиб кетади. Шунинг учун улар ҳақида кейинги постларда ёзаман.

----
¹Бунинг сабаби қудуқ учун мўлжалланган эски насосларнинг ўзидан ҳавфли даражада қўп қўрғошин чиқариши эди.

²Криптомания?

³Албатта, бу одамларнинг қаерда яшашларига ҳам боғлиқ. Мисол, 2015-йил Мичиганда крандан оқадиган сув захарли деб топилган экан.

@readnroll

Читать полностью…
Subscribe to a channel