Азоб-уқубатлар ичида яшашни истамай қўйган одамга ўзини ўлдиришни таъқиқлаш қанчалик тўғри? Агарда ўша инсонда бу ишни қилишга журъат бўлса, у нега ўзини ўлдирмаслиги керак? Буларнинг барчасини оқлайдиган ва инсон азобларига маъно берадиган нима бор? Ҳаётнинг ўзи бунга арзийдими?
Ўлимни бир марра деб оладиган бўлсак, ўзини ўлдириш орқали маррага тезроқ бориш мумкин. Бироқ, ҳеч ким бу маррага бошқалардан олдинроқ боришни хоҳламайди. Чунки у ерда бизни ҳеч ким гуллар билан кутиб олмаслиги тайин. Ҳаёт ҳар қанча оғриқли бўлмасин ҳеч ким ўлишни хоҳламайди. Инсон сўнгги лаҳзагача нимагадир умид қилади, ниманидир кутади. Бундан ташқари, ўлим олдидаги қўрқув ҳам бор. Яна бир сабаб, бу ҳаётнинг ягоналиги, яъни инсон бошқа бир ҳаёт борлигига ишонса ҳам ақлан уни тасаввур қилолмайди, қандай бўлиши мумкинлигини билмайди. Бу ҳаёт у кўриб турган, ҳис қилаётган ягона ҳаётдир. Шунинг учун ундан ажралиш қийин кечади. Ҳар ҳолда яшаш азоб бўлса-да, ўз ўрнида ундан лаззатланиш ҳам мумкин. Шу лаззатларгина инсонга таскин бериши мумкин. Бироқ, ўлим ҳаммасидан қутулишнинг бирдан-бир йўли. У ҳамма муаммолардан бизни халос қилиши мумкин. Ўйлаб кўринг қабрда ётган одамда уй-рўзғор, бола-чақа, тирикчилик ташвишлари бўлиши мумкинми? У пул топиш, овқатланиш, кийиниш ҳақида ўйламайди, у ўқимайди, контракт тўламайди, сессиядан қандай ўтишни ўйлаб бош қотирмайди. У интернет кирмайди, постлари лайк олмаётгани, каналидаги обуначилар камаяётганини ўйлаб сиқилмайди. Ҳеч нарсани ўйламай ёнбошлаб ётиш, йўқ бўлиш бахт шундай эмасми? Ҳаёт бизни шундай имкониятдан маҳрум қилган экан. Лекин, шукрки, бизда танлов имконияти бор. Фақат озгина журъат бўлса кифоя - исталган пайтда ҳаммасига нуқта қўйиш мумкин.
Лекин нега ҳали ҳам бу ердамиз?
@safsataxonlik
Мулла шундай улуғ мавжудотки, кимсасиз саҳрода озгина сув билан бирга қолиб кетсанг, сувни ўзи ичиб, сенга жаннатдан жой гаплашиб берадиган зотдир.
@safsataxonlik
Ҳамманинг тасавурида ўзи тан олган, ўзидан кўра ақллироқ ҳисоблаган инсонлари бўлади. Шунинг учун фикр билдирганда, нимадир иш қилганда энг кўп хавотир улардан бўлади. Хато қилмадимми, кулгили гап айтиб қўймадимми деган ўй доим безовта қилаверади. Уларнинг баҳоси, айтадиган фикри муҳим. Бошқаларнинг фикрига тупурганда ҳам уларнинг фикри аҳамиятли бўлади. Улар томонидан айтилган танқид ёки бир оғиз ножўя сўз кишининг ҳафсаласини пир қилиши, руҳан чўктириб қўйиши мумкин.
Энг қизиғи, баъзида ҳеч ким фикр билдирмайди. Шунчаки тасаввурдаги ўша ақлли инсонлар туфайли фикрларинг ўзингга кулгили туюла бошлайди. Ва ўша фикрлардан воз кечасан.
@safsataxonlik
Дин оч-яланғочлар учун таскиндир. Ўзига тўқ инсонларнинг динга эҳтиёжи йўқ. Уларнинг диндорлиги жамиятда шаклланган одат, кўникма тарзида бўлиши мумкин. Бу яхши муносабатга, ҳурматга эришиш учун бир восита.
Чин, самимий эътиқод эса, асосан, қашшоқларда учрайди.
@safsataxonlik
Худонинг бу оламни яратишдан мақсади нима эканлиги номаълум. Илоҳий таълимотларда ўзининг қудратини, ягоналигини билдириш учун бу оламни яратган дейилади. Лекин шу сабаб учун шунча тирик жонни машаққатга, азобга маҳкум қилиш, етмаганига яна дўзахда азоблаш меҳрибон сифатли зотга ярашмаган бўларди. Чунки дунёнинг ўзи дўзах. Умид қиламанки, унинг бизга айтишга арзирли сабаби бор...
@safsataxonlik
#гап_йўғида_гап
Тасаввур қилинг, умримиз, ризқимиз, тақдиримиз белгилаб берилган. Ҳар бир қадамимиз ҳисобда. Биз гўё қандайдир машина ичида турли йўллар орқали номаълум тарафга қараб кетяпмиз. Бизда ҳеч қандай ихтиёр йўқ. Ҳеч бир йўсинда бу механизмнинг ҳаракатига, жараёнга таъсир қилолмаймиз. Бизда фақат фикр эркинлиги бор. Яъни биз бу жараённи инкор қилишимиз ёки қабул қилишимиз мумкин. Лекин ўзгартиролмаймиз. Инсоннинг вазифаси эса шуни тан олиб, қадарга таслим бўлиш ва бу ҳаракатни вужудга келтирган кучни англашдан иборат. Бунда қай йўлдан бораётганинг аҳамиятсиз.
Фақат бундан ўша номаълум кучнинг мақсади не эканлиги қоронғу.
П/с шунчаки тассавур бу.) Бирон фикр бўлса, айтарсизлар.
@safsataxonlik
Гуноҳ мавжуд бўлса, Худо энг катта гуноҳкор. Чунки бу номукаммал дунёни у яратган. Агар буни шунчаки синов деб олганда ҳам буткул бизнинг ихтиёримизсиз содир бўлган. Шу мажбурийликнинг ўзиёқ барча масъулиятни биздан соқит қилади. Биз ҳеч кимдан на ҳаёт, на жаннат сўрамаганмиз. Агар бу имтиҳондан ўта олмасак, бу бизнинг эмас, бизни бу имтиҳонга мажбурлаганларнинг айби бўлади.
@safsataxonlik
Агар онгимиздаги тасаввурларни бир четга суриб қарайдиган бўлсак, бизнинг дунёдаги вазифамиз тирик қолиш ва насл қолдиришдан иборат бўлиб қолади. Яъни бошқа ҳайвонлар билан бир хил ишни қиламиз. Ягона фарқ бизнинг онгимиз ва ундаги тасаввурларда.
Маймундан фарқли ўлароқ биз жуфтлашишдан олдин тўй қиламиз, никоҳ ўқитамиз ва шунга ўхшаш мажбуриятларни адо этамиз. Ва бу мажбуриятлар вақт ўтгани сари ортиб бораверади.
Бу эса маданият деб аталади.
Умуман олганда, маймунга нисбатан осонроқ. Чунки у ўзига-ўзи қийинчилик яратиб олмайди.
Инсон эса ақлли мавжудот, агар бу анъана ва қадриятларга амал қилмаса, унинг ҳайвондан фарқи қолмайди. Бу қадриятлар уни ҳайвондан ажратиб турувчи белги бўлиб хизмат қилади.
Яъни инсон ҳеч қачон мавжуд бўлмаган хаёлий чегаралар ичида яшайди.
@safsataxonlik
Ташқи кўриниш эмас, ички гўзаллик муҳим.
Жуда чиройли ибора.
Лекин мен ақлли, кўнгли тоза хунук қиздан кўра ақлсиз, чиройли фоҳишани севиб қолишим осонроқ.
@safsataxonlik
Мен шу қадар уятчанманки, кутилмаганда ўлиб қолсам телефонимдаги порно ва ёзишмаларни кимдир кўришидан уяламан)
Худбинликни қарангки, биз ҳатто ўлганимиздан кейин ҳам биз ҳақимизда ёмон гапиришларини истамаймиз. Худдики, ортимиздан айтилажак гапларни қабрда эшитиб ётадигандек. Ҳолбуки, қабрда қай ҳолатда бўлишимиз номаълум. Агарда илоҳий китобларда айтилганидек, қайта тирилганимизда ҳам гуноҳларимиз учун ҳеч ким бизга таъна қилолмаган бўларди. Орқангдан бир-икки сўкиб қўйиши мумкиндир, лекин шунинг учун олдингга келадиган ахмоқ топилмаса керак)
Бир асарда айтилганидек, биз ойда яшаб, гуноҳлар қилсаг-у, ўлганимиздан сўнг ерга тушсак ортимиздан айтилажак гаплардан бизга нима зарар?
Шундай экан қўрқишга хожат йўқ.
П/с ҳар эҳтимолга қарши телефонингизни тозалаб қўйинг. Ўлмай туриб биров кўриб қолиши ҳам мумкин.)
@safsataxonlik
Узилишга маҳкум баргларнинг шивири
Қуйила бошлар ерга,
Яшалмаган ёшликнинг аянч хотираси
Жонланар онгимнинг мажруҳ йўлакларида
Қилинмаган гуноҳлар лаззатин туйиб
Шивирлай бошлайман секин...
2019
@safsataxonlik
Шу пайтгача қотиллик қилмаганим учун ҳеч ким менга раҳмат демаган.
Лекин сигарет чекканим учун ҳаммадан дакки эшитдим. Ҳолбуки, чекиш қотилликка нисбатан анча безарар. Демак, қотил билан солиштирганда мен анча яхши одамман.
Лекин атрофдагилар биздаги нуқсонларга кўпроқ аҳамият беришади. Ва бизни биздан яхшироқ инсонлар билан таққослашни яхши кўришади.
Умуман олганда, биз доим бошқалар ўйлагандан кўра яхшироқ бўлиб чиқамиз.
П/с жуда камтар одамман. Раҳмат айтиш шарт эмас.
@safsataxonlik
Беъмаза шеърларимам бор)
Кўкда хаёлланиб сузар ой,
Атроф жим-жит ва сокин.
Икки ошиқ унсизгина,
Тут ортига ўтди секин.
Шабада эсди қитмир,
Қизнинг сочи тўлғонди.
Ой уялди - беркинди,
Қалбда иблис уйғонди.
Лаблар титрар - эҳтирос,
Кўзлар майин сузилди.
Титраб турган қўл бирдан
Қиз томонга чўзилди.
Барглар кулди қиқирлаб,
Қўллар бeлга чирмашди.
Икки чанқоқ лаб бу тун
Тўйгунича сирлашди.
2020
Б.Ш
@safsataxonlik
Шоирликка даъвоим йўқ. Бу қўлимдан ҳам келмайди. Лекин баъзида шеър ҳам ёзиб тураман. Агар буни шеър дейиш мумкин бўлса. Қандай бўлишидан қатъий назар шеър ҳиссиётларнинг энг яхши ифодаси бўла олади.
Ёлғонларга тўладир дунё,
Борлигим ҳам бир рўё, холос.
Бу ҳаётда ягона маъно,
Сенга бўлган туйғуларим рост.
Қара, қандай беъмани сўзлар,
Бир-бирини қилади инкор.
Тўлиб кетган ёввойи ҳислар,
Телба қалбим шундай беқарор.
Маъно йўқдир, ҳаммаси хато,
Ҳаёт шундай беъмани асли.
Нигоҳингга тушмагунча то,
Борлигим ҳам ёлғон эмасми?!
Дунё сенинг кўзларингдадир,
Дунё менинг кўзларимда ҳам.
Дунёимга кирдинг-ку, ахир.
Дунёингга кирайин мен ҳам.
Кўзларингдан жой бергин, гулим...
@safsataxonlik
Биз ҳаётимиз маълум бир тартиб асосида, бир текисда кечишини маъқул кўрамиз. Кутилмаган ҳодисалар бизни довдиратиб қўяди. Онгимиз тасодифларни қабул қилиши қийин кечади. Шу туфайли тасодифларни тақдирга йўямиз. Тақдир эса биз тушунмайдиган айрим нарсаларга энг яхши изоҳ бўла олади.
Лекин ҳаётда жуда кўп воқеа-ҳодисалар бизга боғлиқ бўлмаган ҳолда ўз-ўзидан, шунчаки содир бўлади. Биз эса тушунмаганимиз, эҳтимол, қўрққанимиз туфайли уларга турли изоҳлар берилишига муҳтож бўламиз.
@safsataxonlik
Биз ҳамма нарса қандай ишлашини биламиз. Лекин нега ишлашини билмаймиз.
@safsataxonlik
Ўйлаб кўрсам, мен ўзимда мавжуд бўлмаган камчиликни айтишганда эмас, ўзим ақлан борлигини тан оладиган нуқсонимни юзимга солишса, кўпроқ жаҳлим чиқаркан. Масалан, менга зиқна дейишлари эмас, нодон дейишлари кўпроқ алам қилади)
Биринчи ҳолатда, мен унинг туҳматлигини биламан. Иккинчисида эса инкор қилишга асос бўлмаганидан жаҳлим чиқишни бошлайди)
@safsataxonlik
Миямда ўзимники бўлган ҳеч вақо йўқ. Фикрлар, тасаввурлар, тушунчалар ҳаммаси ўзлаштирилган. Оғриқлар ва дард ҳам сохта.
Менинг азобим менга ўргатилган нарсаларнинг амалга ошмаганидандир. Мен туғилган заҳоти қандай яшаш кераклигини белгилаб беришган ва мен шундай яшай олмаганим учун азоб чекаман.
Энг ёмони бу мен биладиган ягона йўл. Чунки менга бошқа йўл борлигини айтишмаган.
@safsataxonlik
Балиқчи ва Сирена
Фредерик Лейтон. (1858)
Гўзал кўринган нарсаларнинг ортида қандайдир жирканчлик бордай туюлади доим...
@safsataxonlik
Шоқосимнинг биринчи китоби нашрдан чиқибди. Номи "Ватанга садоқат" эмиш. (Қайердан топибди бунақа ваҳимали номни ҳайронман).
Ўтган кун бир гуруҳ қишлоқ зиёлилари иштирокида асарнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда мен ҳам қатнашдим. Раисимизнинг шахсан ўзи сўзга чиқиб асарни этироф этди. Айтишларича, бу ҳамма ўқиши шарт бўлган асарлардан бири экан. Лекин асарнинг мазмуни ҳақида гапирмади. Менимча, китобни ўқимаган бўлса керак. Шундай бўлсада, Шоқосимни чин дилдан табриклади.
Шундан сўнг ҳаммага биттадан китоб тарқатилди. (Лекин бир бурчакда бурнини ковлаб ўтирган Марайим китобни олишдан бош тортди. Ва шу заҳоти даврани тарк этди. Кейинчалик одамларнинг айтишича, у очиқ-ойдин маддоҳликка чидай олмаган эмиш).
Мен китобни олгач, уйга келиб синчковлик билан ўқиб чиқдим ва ҳайратдан ёқа ушладим. Асар чиндан ҳам доҳиёна эди. Асарни ўқир эканман биринчи саҳифадаёқ нақ йигирма саккизта "мустақиллик" сўзига дуч келдим. Кўзларимга ишонмай қайта санадим: ҳа, йигирма саккизта!
Тан олиш керак, асардаги ҳар бир жумла юксак маҳорат билан тузилганлиги сезилиб турарди. Жумладан, Шоқосим асар муқадимасида шундай дейди: "Мустақиллик йилларида мустақил ҳаётга қадам қўяр эканман мустақиллигимиз ҳақида ўзимнинг мустақил фикрларимни билдиришга жазм этдим". Чиндан ҳам ажойиб...
Бу асарни ўқигач айрим зиёлиларимиз Шоқосимни етук ижодкор бўлиб етишганини эьтироф этишди ва "Бу мукофотга лойиқ" дейишди. Одамларга ҳам асар маьқул бўлди. Ҳар ҳолда бирон ёмон гап эшитмадим. Улар фақат кулишди, холос!
Чинданда эьтирофга лойиқ асар билан мен ҳам Шоқосимни табриклаб қўйдим. Келгусида Шоқосимдан бунданда яхшироқ асарларни кутиб қоламиз.
2020
Б.Ш
@safsataxonlik
Мактуб
Худога.
Сендан тобора узоқлашяпман...
Биласанми, мен ҳар доим сенга ишонганман. Ўша ғазаб ва нафратдан сенга ҳақоратлар ёғдирганда ҳам, тушкунликка тушиб ўзимни ўлдирмоқчи бўлганимда ҳам бу ишонч мени тарк этмаган. Бу нафрат ва ғазабнинг бари сенга қаратилган бўлиб, мен борлигингни инкор қилмаган ҳолда сендан нафратланардим, холос.
Мен қанча хоҳламай сени инкор қилолмас, вужудимда жон каби яшаётганингни ҳис қилиб турардим. Эсимда, бир гал отам ичиб келиб, мени уйдан қувганида осмонга қараб, "Худо борми, ўзи", дея бақиргандим. Бу сенга нисбатан қилган биринчи исёним эди. Бироқ ўша куннинг ўзидаёқ айтган сўзларимдан даҳшатга тушиб тавба қилгандим. Ҳозиргача бу воқеани эслаб куламан: ўйлаб кўрсам, мен ўшанда ҳам сенга мурожаат қилган эканман...
Кейинчалик бунданда ёмонроқ сўзларни айтганим ҳам рост. Ва бундан заррача пушаймон қилмаганман. Чунки мендаги нафрат тобора кучайиб борарди. Шу билан бирга қўрқардим ҳам...
Ҳа, мен сени ёмон кўрардим. Чунки бутун бахтсиз болалигим сабабчиси сен, менга бу тақдирни сен берганингга ишонардим. Гуноҳим нималигини билолмас, сени адолатсизликда айблаб тинимсиз сўкар, тунда эса ўлиб қолишдан қўрқиб тавба қилиб чиқардим.
Лекин шу вақт мобайнида мавжудлигингга бир лаҳза бўлсин шубҳа пайдо бўлмаган, шунчаки бахтсизлигим туфайли сендан аламзада эдим. Агар йўқлигингга бир лаҳза бўлсин ишонганимда мен адойи тамом бўлар, бу ҳақиқатга дош беролмай аллақачон ўзимни ўлдирган бўлардим. Зеро, мен учун бу аянч ҳаётим тасодиф маҳсули бўлмай, сен томондан берилган тақдир бўлиб чиқиши яхшироқ эди. Чунки бунда ҳаётим учун кимдан ҳисоб сўрашни билардим.
Бугун қилган гуноҳларим ҳақида ўйласам, мени кечирмаслигингга амин бўламан. Бироқ, бунда сира ҳам ўзимни айбдор ҳис қилмайман. Чунки содир бўлган воқеаларнинг барчаси ночорлик ва ожизлигимнинг оқибати эди. Буни гуноҳларим учун берилган жазо деб ҳам айтолмайманки, унда бу кўза синдиришдан олдин урилган тарсакига ўхшаб қоларди. Лекин бу ботқоққа қанчалик ботиб бораётганимга, сендан қанчалик узоқлашаётганимга қарамай мен ҳамон сенга ишонишда давом этяпман...
Мен ишонаманки, қачондир сенинг адолатинг қарор топади. Ўша кун келганида мен ғофиллигим ва қилган гуноҳларим учун дўзахда ёнишга ҳам рози бўламан...
@safsataxonlik
Қадим-қадим замонларда бир маймун бошқа бир маймуннинг егулигини тортиб олган лаҳзадан бошлаб адолат ҳақидаги ғоялар яратилган бўлса керак)
@safsataxonlik
Бизнинг орзу-истакларимиз турли шакллар кўринишида намоён бўлади. Бироқ, ҳеч бир шакл хоҳишларингни тўла ифода қилолмайди. Доим нимагадир эришганингда, қидирган нарсанг аслида бу эмаслигини тушуниб қоласан. Яна ичингдаги бўшлиқни тўлдира оладиган нарсани қидиришда давом этасан. Лекин ҳар гал топдим, деб ўйлаганингда бу шунчаки хомхаёл бўлиб чиқади. Чунки нима қидираётганингни ўзинг-да билмайсан. Шаклсиз, мавҳум бир нарса... Шаклсизлик эса инсон тасаввурига сиғмайди. Чунки у мавжуд эмас. Мавжуд нарса эса қандайдир шаклга эга бўлишга маҳкум. Биз ҳатто худо ҳақида ўйлаганда ҳам динда таъқиқланган бўлишига қарамай тасаввуримизда қандайдир шакллар жонланади. Чунки биз шаклсизликни тасаввур қилолмаймиз. Лекин ич-ичингда бир бўшлиқ борки, уни ҳеч қандай шакл тўлдира олмайди. Қалбни бўлаклардан йиғилган бир бутун деб тасаввур қилсак, унинг бир бўлаги тушиб қолганга ўхшайди. Назаримда, биз ўша кемтикни тўлдира оладиган бўлакни қидираётганга ўхшаймиз. Лекин уни аниқ тасаввур қила олмаганимиз учун шаклсиз, мавҳум бир нарсага айлантириб қўйганмиз. Бироқ, у мавжуд. Чунки бўшлиқнинг мавжудлиги уни тўлдириши мумкин бўлган шаклнинг ҳам мавжудлигини билдиради. Шунчаки биз унинг қандайлигини билмаймиз, холос.
Қайердадир нимадир бор ва биз ўша ниманидир қидираётганга ўхшаймиз.
П/с бу постдан маъно қидирманг, барибир тополмайсиз.
@safsataxonlik