sh_matkarim | Unsorted

Telegram-канал sh_matkarim - Shuhrat Matkarim ijodi

194

Assalomu alaykum! Siz ushbu kanalda xorazmlik taniqli adib Shuhrat Matkarim ijodidan bahramand bo‘lasiz! Murojaat: @Yuldashev_Jumanazar

Subscribe to a channel

Shuhrat Matkarim ijodi

Traktorining buzilib qolgani, ro‘zg‘orini sudraydigan oriqqina govmishining suti teng yarmiga tortilib ketgani, natijada qizi Zulfizarning shu sigir sutini shaharga olib borib sotadigan biznesining kasod bo‘lgani uni tashvishlantirar edi. Xuddi “Sohil bo‘ylab chopayotgan olapar”dagi O‘rxun bobo nerpa go‘shtini zahira qilib ro‘zg‘orni betalofat qishdan olib chiqish ma’suliyati tashvishlantirgani singari. Boltaboy hikoya davomida ochiqlanib boradigan obraz. Ya’ni u avvaliga biroz qattiqqo‘l ota sifatida kitobxon ongida tasavvur paydo qiladi, keyinchalik esa uning jigariga joni achib kuyunadigan aka sifatida gavdalanadi. Uning ukasi savdo sahosida yurgan, toparmon-tutarmon yigit edi. Bir katta ish qilaman deb muttahamlarga aldanib bor budidan ayrilgan ukasi kasal bo‘lib, yotib qoladi. Bu o‘rinda ukasiga achinishi orqali Boltaboyning samimiyligi, yaqinlarini qay darajada qadrlashini bilib olish mumkin. Yana Boltaboyni og‘rintiradigan, vujudini nafratga soladigan bir hasrati, ukasining o‘g‘li Samadning o‘z otasiga, uning kasalligiga beparvoligi edi. Samadning o‘zini tutishiyu, otasiga bo‘lgan bemehrligi qaysidir jihatdan fransuz adabiyotining buyuk namoyandalaridan biri mohir adib, dramaturg Alber Kamyuning “Begona” asaridagi Mersoni eslatadi. Mersoning onasi o‘lgan paytdagi yig‘lamasligi, aksincha, hech nima bo‘lmaganidek Mari xonim atrofida parvona bo‘lishi bilan Samadning otasi kasal yotgan paytda biron marotaba yoniga kirib hol-ahvol so‘ramagani va “Keyin o‘ziga-o‘zi dedi: “Mahkam bo‘l, yig‘lab-siqtab bolaparqirni qo‘rqitib o‘tirma! [Matkarim Sh., 2017: 168]. Boltaboy shu o‘ylar bilan ko‘chaga chiqsa, Samad mashinasining yonida bir qiz bilan hiringlashib turibdi” kabilar o‘rtasida bog‘liklik bor. Boltaboy bir tomondan shuning uchun ham azoblanardi. Ukasi farzandlarining qo‘lini sovuq suvga urdirmagan, maktab uyiga yaqin bo‘lishiga qaramay ularni mashinada olib borgan va hatto yesa tishi og‘riydi deb mevaning ham suvini ichirib o‘stirgan farzandi bugun otasiga joni ham achimaydi. Bu o‘quvchida chuqur nafrat hissini uyg‘otadi.
Oila tashvishi nafaqat Boltaboyning, balki qiz bola boshi bilan Zulfizarning ham qayg‘usiga aylangan edi. “ – Uch litr bilan ketmadim, oyi!... O‘n besh litrdan oshdi. Foydasi ham zo‘r bo‘ldi lekin!” deya kasalligiga ham beparvogina quvonar va onasiga tasalli berar edi Zulfizar. Bu esa Boltaboyning yaqinlari orasida o‘ziga nisbatan mehr uyg‘ota bilganiga dalolat. Chunki Zulfizar qaysidir ma’noda otasiga yelkadosh edi.
Yozuvchi Boltaboy obrazini har tamonlama keng va mukammal yaratadi, uni “qum”dan yasamaydi. Bu esa o‘quvchining ishtiyoqini orttiradi. Adib Boltaboy va uning ukasi orqali to‘laqonli ota obrazini yaratib bera olgan. Qahramon va persanajlarning ichki kechinmalari o‘quvchida chuqur taassurot qoldiradi. Manzarani, voqelikni, holatni, sezimlarni yorqin tasvirlay olgan adib mayda detallar bilan o‘quvchini chalg‘itmaydi. Asar tili ravon, sodda va o‘qishli. Adib unda Xorazm shevasiga oid so‘zlardan unumli foydalanganki, bu esa asar tilining jozibdorligini ta’minlagan.
Xulosa qilib aytganda, “Qahratonning achchiq azobi” hikoyasida qahraton sovuq azobidan ko‘ra, yo‘qchilik azobi tufayli jigarporalarini boqa olmayotgan “ota”, mehrga tashna kasal ukasiga achinayotgan “aka” – Boltaboyning azoblari, iztiroblari hayotiy lavhalar orqali badiiy talqin qilinadi. Shuhrat Matkarim hikoyalari milliy nasrimizga o‘ziga xos hissa bo‘lib qo‘shiladi va uning taraqqiyotida muayyan o‘ringa ega bo‘lishi, shubhasizdir.
Foydalanilgan adabiyotlar:
1. Маткарим Ш. “Кун шундай бошланади”. –Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2017.
2. Normatov U. “Umidbaxsh tamoyillar”. –T.: “Ma’naviyat”, 2000.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Хуллас, бу сафар фол Миччи билан Шамшодга тушган эди. Аммо улар доцентми, профессорнинг эътиборини икки хил қабул қилди. Шамшод бундан ўта ийманар, ўзини ноқулай сезарди. Миччи эса ичида пишиб келаётган даҳшатли ўч олиш режасига кўра “бу қарри ғарнинг” қилиқларидан завқланарди. Шамшод қисинса, Миччи куларди. “Ҳай, ҳай сиз бу ёмпиқни қаранг! Ўзи кундуз кун йўлини зўрга топиб юрибди-қу, кўнгли нималарни истийди! Ҳаййй,қарри ғаррр! Бир шармандасини чиқараман мунинг. Унинг доцентми, профессорлиги менга бир тийин!”
Шамшод дарҳол қайтиб кетишни маслаҳат солганида, Миччи қатъий рад этган. “Нании?!! Навчун қайтиб кетади? Бу ерга келамиз деб чиқарган пулларимизни бу доцентми, профессорнинг энаси тўлаб берами? Жонимни ёқса ҳамманинг олдида мўрдасига “Туф!” дейман, шундий шарманда этаман-киии!” Бу гапларни эшитганда Шамшоднинг капалаги учиб кетади. “Қўйинг, қўйинг дугон! Қизларидай кўриб эркалаб юрибди-да бизни. Унақа қилманг. Эсон-омон кетайлик бу ердан шовқин-суронсиз”. “Навчун шовқин-суронсиз кетар эканмиз. Шармандасини чиқарамиз буларнинг!”
Миччининг қизишида ҳам гап бор эди. У бу ерга келаётганида фалончи, фалончилар билан танишишни, уларнинг оддий одам ақли етмас жуда юксак ва гажак-гажак фикрларини эшитамиз, деб ўйлаганди. Лекин келиб кўрди-ки, аҳвол бу...
Улар бу ерда учратган ягона одами Хаёлкаш эди. У ҳам аёлларга ҳаддан ошиқ сирли, тушунарсиз кўринди.
XVI
Хаёлкаш овқатланишга бормади, ташқарига чиқди. Кун ботиб бормоқда эди. Уфқ қип-қизил. “Тонг билан шом ўхшаб кетади”, ўйлади Хаёлкан. “Лекин бутунлай бошқа-бошқа нарса улар”. Ҳорғин ва ўйчан одимлаб Оқ уйдан анча йироқ кетди. Юриб-юриб бир тумпак нинг устига чиқди. “Аааа, яна бошқалари ҳам бошланибми?” Ҳақиқатан ҳам силикат заводининг қарама-қаршисида улкан тўс-тўполон кўринарди. Бир неча жойда қурилиш бошланган эди. Хаёлкаш санамоқчи бўлди. “Бир, икки, уч, тўрт... ўн беш... йигирма...” Бир неча марта неча жойда қурилиш кетаётганини санашга уриниб кўрди. Аммо ҳар сафар адашиб кетаверди. Гоҳ бу қурилишлар майда-майда бўлакларга бўлиниб кетар, гоҳ ҳаммаси бирлашиб, чўнг бир қиёмат қўпгандай, улардан кўтарилган чанг қуюн янглиғ осмону фалакка ўрлар эди. Хаёлкаш бу ўзгарувчанликни англолмаётганини ўзининг хаёл паришонлигига йўйди. “Бирми, мингми барибир эмасми? Барибир бу ерларга ёт нарсалар бу.” Тобора тўқ рангга кираётган қип-қизил уфқда бу жойлардан тобора узоқлашаётган алланарсалар ғимирлаб кўринди. “Қаррими?” ўйлади Хаёлкаш. “Қўйларини ҳайдаб кетаётирми?” Ҳайрон бўлди. “Ахир ота-боболар ботарга эмас, отарга қараб юр, деганлар-ку. Наҳот буни қарри билмаса?”
Ҳақиқатан ҳам Қаррининг отарга эмас, ботарга қараб кетаётгани тушунуксиз бир ҳол эди.
ТАМОМ
30.03.2023.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Шундай қилиб икки аёл бир-бирига дил ёра бошладилар. Бу Бальзак хуш кўрувчи, Бальзак истайдиган деб таърифланадиган аёллар, тўғриси, бу ерга кўнгил ғамларини сал бўлса-да, қисқа муддатга бўлса-да аритишга келган эдилар. Улар ҳам дунёнинг истаган бурчагидаги минглаган, миллионлаган аёллар каби қизалоқ чоғларида хаётлари энг порлоқ, бахт ва омадга тўла бўлишларига қаттиқ ишонишган. Ўн беш, ўн олти ёшларида нақш олмадай қизариб келаётган ёноқлари ортида уриб турган нозик юраклари эса олисдаги, аммо қадрдон кўм-кўк далалар, алвон гулзорларни кўрган ва қулоқлари остида сонсиз булбуллар тўхтовсиз чаҳ-чаҳлаган. Аммо ҳамишагидек турмушдаги илк қадамлариданоқ хаёт қўшиқларда куйланганидек гўзал, юрар йўллари текис ва равон эмас, нари борса чақиртиканаклар қоплаган торгина сўқмоқ эканлигига амин бўлганлар. Ортдан қувган турмуш қашғирлари эса тез-тез етиб, талаб уларнинг тани-бадани, кўпроқ юрагини яралаганлар. Шундай қилиб умрининг энг гуллаган вақтларини турмуш чангалзорларидан қуролсиз, яланг қўлларини қонга белаб, ўзларига йўл очиш билан оввора бўлган эдилар. Ҳар куни, ҳар соат, ҳар дамда янги-янги йўлларни очишар, бироқ бу йўллар улар кетар-кетмас шу заҳотиёқ ботил бўлар, кўмилар, издан келгувчиларга ҳатто нишон ҳам кўрсатишмасди. Ҳозиргина очилган йўлак устини зумда чангалзор қоплар, изидан келгувчилар эса яна ўзлари учун янги йўллар очишга мажбур бўлаверар эдилар. Ҳар кимнинг ўз азоби ўз орқасида, биров чеккан шунча заҳмат ҳеч кимга бир мисқоп ҳам роҳат келтирмасди. Шамшод бир марта оғзидан қочирганидек, “Хаёт дегани китобларда ёзилганидан ҳам, киноларда тасвирланганидан ҳам минг баттар, қўрқинчли ва аёвсиз экан”.
XV
Аммо инсонга, айниқса, аёлга хос бир ўжар хислат бор. У ҳеч нарса билан ҳисоблашмайди, ҳеч нарса билан муроса қилмайди ва ҳеч қачон ортга қайтмайди. Бу манзилга етиш истаги. Бу истак, айниқса аёлда кучли. Аёл бирор нарсага қасд этдими, югансиз асов отга айланади. Уни тўхтатишнинг ҳам, бошқаришнинг ҳам ҳеч иложи йўқ. Бу ҳис аёли хоҳишларининг ўринсиз, асоссиз эканлигини уқтиришга уринган эркакларга яхши таниш. Аёл ўзи истаган мақсадга эришиш учун ҳар қандай мантиқ, тўсиқ ва қонун-қоидаларни бузиб ташлашга қодир.
Шамшод билан Миччи ҳам аёл эдилар. Улар ҳам булбул навосини истаб зоғларнинг сасини эшитган, гул истаб тикон чангаллаган, бахт деб армонни қучоқлаган аёллар эди. Аммо улар ҳам ҳамма аёлларга ўхшаб ҳар тонг бир илинж билан ўйғонар, бугун кечадан, албатта, яхши бўлади, ҳали ҳаммаси олдинда деб ишонардилар.
Аммо кейинги пайтда бу аёлларнинг ҳам юракларининг аллақайида фитнакор бир туйғу пайдо бўлганди. Ўтди, жуда оз қолди бу хаёт, шошил, яшашга шошил, деб шивирлар эди бу шайтоний туйғу. Уларнинг юракларини йўқотилган ва яна йўқотилиши шаксиз бўлган дамлар армони аёвсиз чангаллар, ғижимлар эди. Ёқимсиз эди бу туйғу. Нима қилмоқ керак? Шошилиш керак, деб вас-васа қиларди у бузғинчи.
Миччи билан Шамшодни бу ерларгача судраб келган ҳам шошилиш туйғуси эди. Улар эшитди-эшитдидан бу ерда самовий, аввал ҳеч кўрилмаган бир бахт кутиб турибди, деб ишонган эдидар. Бироқ мана минг биринчи марта амин бўлишди-ки, Оқ уйда ҳам улар кутган бахтнинг урвоғи ҳам йўқ экан. Аксинча, бу ерда улар кўниккан оддий тўполон ўринида кишибилмас шавқатсиз кураш, талаш ҳукмрон экан. Аммо бу ерда у чиройли ниқобларга, ўта расмий, сохтакор муомала маданиятига ўралган, ҳеч ким ҳеч кимни баралла сўкмайди, бир-бировига лаънат тошларини отмайди. Ўзаро нафратини “қадрдонмиз”, “ҳурматли ҳамкасабимиз”, “соҳамизнинг етакчи мутахассиси”, каби сотқин сўз ва ибораларга ўрашар эди. Ташқаридан қарасангиз ҳаммаси гўзал, гўё булар одам эмас, фаришталар эди. Ҳақиқатда эса уларнинг ўнғайи келди, дегунда бир-бирларини аёвсиз ғажиб ташлашга тайёр чиябўрилардан фарқи кам эди. Бахт излаб, иқбол истаб келганларга эса шафқат йўқ эди бунда.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

XIV
– Сиз дугон, бугун ўрисдан гап очманг. Модадан қолган. Европа, Америкадан гапиринг. Худо кўрсатмасин, анавилар эшитиб қолса, дарров ўриснинг пайтавасини байроқ қилди, дейди.
– Ҳайй, мен ўрисдан ҳам, бошқасидан ҳам, ҳеч кимдан ҳам қўрқмайман. Бугун бировнинг этагини тутиб, эртанг бошқасининг этагини ўпадиганлардан эса менинг итим ҳам яхши. Лекин ёмпиқ бўлса ҳам шу одам ёқиб қолди менга.
Иккаласи ҳам жим бўлиб қолди.
– Нуқул мен тушунмайдиган гапларни айтасиз. Ёмпиқ, юмруқ, юмурта...
Миччи бирдан шарақлиб кулиб юборди. Ҳамма унга ўгирилиб қаради. Лекин бу Миччининг сарига ҳам келмади .
– Ёмпиқни ҳам билмийсизми, ёмпиқни?! – Миччи қиқирлаб кулишда давом этди. – Шуни ҳам билмайсиз!
– Вой! – ростакамига хафа бўлди Шамшод. – Билмаганни билмадим, дейманда..
– Уфф... –Миччи яна бирдан хомуш тортиб қолди.
– Бундай пайтда унинг ҳеч кимни кўргиси ҳам, гаплашгиси ҳам келмай қоларди. Ташқаридан қараганда шўх-шодон, ерга урсанг осмонга сапчийдиган бу аёлнинг ичи тўла дард эди. Ғам унинг юрак-бағрини кун сайин емирар, ботини қоп-қора кўмирга айланган эди гўё. Унинг нелигини ўзидан бошқа билмас ва у бу иллатни ташқарига чиқармасликка жон-жаҳди билан уринарди. Дўстни кулдириш, душманни куйдириш учун қаддини тик, бошини баланд тутиб юрарди. Бу осон эмасди албатта. Жуда катта руҳий зўриқишлар эвазигагина бу мушкул иш амалга ошиларди. Лекин муштдек гавдани ёмон ҳоритарди. Гоҳ-гоҳида бир зумга, бир дақиқага бўлса-да ўша дард хумдан қутилган дев каби Миччининг ичидан чиқиб қочарди. Худди ҳозиргидай. Шунда Миччининг кўнгли алағда бўлар, ташқи дунёдан узилар, бутун кучини ўша дардини яна ичига қамашга уринар эди. Бу ҳам осон эмасди. Кайфиятининг зумда баҳор ҳавосидай ўзгариб туриши ҳам шундан эди.
– Дугон, сизга нима бўлди, – шивирлади ташвишга тушиб қолган Шамшод. – Дугооон...
Шамшод ҳақли равишда жуда катта фожеагина кишининг кайфиятини бундай тез ўзгаришига, қайғу-ғамга ботишига сабаб бўлиши мумкин, деб ўйларди. Чунки у мулойимлик ва босиқликнинг, сабринг намунаси эди. Бўлмаса унинг ҳам ўзига яраша ташвиши, дардлари ва айтимчилик этиб йиғласа арзийдиган ғамлари бор эди. Асли буларни бир-бирига яқинлаштирган ҳам шу, ички дардкашликлик туйғуси эди. Гарчи улар бу ҳақда бирон оғиз ҳам гаплашмаган бўлсалар-да, дардкашлик туйғуси уларни бир-бирига тортиб турарди. Бундай сўзсиз сўзлашишга фақат аёл қалбгина қодир. Атрофдаги хос кайфият, хос руҳиятни аёллар эркакларга нотаниш бўлган сеҳрли, сирли бир туйғу билан англаб оладилар. Шу сабаб бу икки аёл ҳам илк кўришгандаёқ бир-бирларини ёқтириб қолгандилар. Уларнинг узундан-узоқ суҳбатлари, бир-бировларига юрак ёришлари ва кўз ёши қилишлари ҳали олдинда эди. Ҳозир эса Шамшод дугонасини кўнглини олишга уринарди.
– Нима бўлди сизга, дугоон, мени кечиринг...
Шамшоднинг ялинчоқлик билан эгнини силаётганини кўриб Миччи яна шарақлаб юборди. Эҳтиросли, руҳий қийналган одамларгина шундай кулиши мумкин. Миччининг ҳам тушкунликка тушиши ҳам, бирдан хо-холаб юбориши ҳам ҳеч гапмас. Мана ҳозир ҳам Шамшоднинг маъюс, қайғу тўла кўзларини кўрган Миччи чақмоқ чаққандек ўзига қайтди.
– Ҳайй, сиз-аййй! На даб ўтирибсиз? Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ.
– Билмасам... Бирдан...
Миччи бошини кўтариб залга бир қараб олди-да ажиб эҳтирос билан шивирлади.
– Жилли эканмиз бу ерга келиб . Олавейимни соғиндим. Дим моззи, дим ақлли. Кўчадан топиб олганман. Йўқ, йўқ ўзи келган эди. Ҳамма ёғи кир, яра-чақа. Худди анув кинодагидек. Шарикми, Шариковми, шундай.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

XIII

Хаёлкаш охирги нуқтани қўйиб бошини кўтарганда хона бўм-бўш эди. “Мажлисни тугатишибди”, ўйлади у. Кейин бўлган воқеалар ёдига тушди. Пушаймон этди. “Буларга гап айтиб ўтирибман...”
Кейинги пайтларда доцентми, профессорнинг номи, унинг атрофида уюштирилган ташкилот ҳақида турли гап-сўзлар кўпайган эди. Бировлар бу ташкилотнинг Оқ уйдаги тадбирлари фақат бузуқичиликдан иборат эканлигини айтсалар, бошқалар эътироз билдириб, бу ташкилот тадбирларининг фойдаларини бармоқ букиб санаб кетардилар. Яна бировлар бу ердаги ишлар узоқлардан бошқарилаётгани, масалан, Қумни қутқариш ҳақидаги эколойиҳаси ҳам уни сақлаш учун эмас, балки қумни қуритиш учун қилинаётгани, шунинг учун буларнинг ҳамма иши фақат куллий зиён эканини айтсалар, бу лойиҳада қатнашаётган яна бирлари бунга қарши жанжал-тўполон кўтарардилар, яна бировлар ташкилот ҳомийлик этган тадбирларни санаб, булар савобдан бошқа нарса эмаслигини таъкидласалар, бошқалари тўрт мучаси соғ бўлган безбет томоқсовларнинг бировнинг қўлидан садақа олгунча осилиб ўлганлари яхши, деб ёзғирардилар.
Бу гаплар баъзан Хаёлкашнинг ҳам қулоғига чалиниб қолар эди. Аммо у бу ташкилотни ҳам, унинг ишини ҳам ҳеч қачон жиддий қабул қилмасди.
Мана бугун улар дуч бўлди. Тасоддифан, албатта. Хаёлкашнинг булар билан учрашиши минг ухлаб ҳам тушига кирмаган. Бугун ҳам гапга аралашмаслиги мумкин эди. Аммо даврада икки янги аёл – Миччи билан Шамшодни кўрганда гапиргиси келиб қолди. Аёлларни ҳурмат қиларди у. Бундай давраларда аёл бўлмаслиги керак, деб ўйларди. Аёлларни огоҳлантирмоқчи бўлган эди.
– Ҳаай, ўлсин! – деди Миччи тортинмай эркакларни ҳам икки тирсаги билан у ёқ - бу ёққа суриб эшикка интилар экан. – Бу кишиларга қуври гап бўлса бўлди. Ичим оч бўлиб кетди. Ичим оч бўлса ўласим келади. Кучукларимга ўхшийман.
– Шошманг, – деди унинг елкасидан ушлаб тўхтатиб қолишга уринар экан Шамшод. – Эркаклар чиқиб кетишсин.
– Оғзингизни очаверманг! – ўз сўзидан қайтмади Миччи. – Турсангиз тураверасиз оғзингизни очиб, кейин оч қоласиз.
– Ээээ, – дунонасининг гап уқмаслигни кўриб Шамшод иложсиз унга эргашди.
– Обеддан шунча вақт ўтиб кетди, – деди Миччи ростакамига асабийлашиб. – Менам Олавейимга ўхшийман. Очликка ҳеч чидай олмайман.
– Олавой, – уни тузатмоқчи бўлди Шамшод. У ҳамма сўзни ўзича бузиб айтадиган дугонасининг шу қилиғидан ҳам завқланар, ҳам ёқтирмасди. – Олаво-оой, тўғри айтинг.
– Йўқ, Олавей! – ўжарлик билан такрорлади Миччи. – Олавей! У шунга ўрганган. Олавой, десанг қарамайди.
– Шунақасиз-да! Нотўғри гапириб итингизни ҳам ўргатиб олгансиз.
Миччи шарақлаб кулиб юборди.
– Вой-вой - эй! Итнинг одини ҳам дўғри айт, дейсиз-а!
– Тсс! – Миччининг кутилмаганда хандон отганини кўриб Шамшод дарров баҳсни тўхтатди. – Секинроқ...
– Ҳа, на қўрқасиз! Ҳаммаси шу ернинг одамлари-қууу... – деди Миччи. Кейин бироз ўйланиб қўшиб қўйди. Итларимни соғиндим. Дим моззи хароблар.
Тушлик ниҳоясига етаётган эди. Боягина шарақлаб кулаётган, ўз ғайратидан ўзи завқланаётган Миччи бирдан маъюс тортиб қолди.
– Ўзи-ии, мази келибман бу ерга. Дим қизиқ бўлади, деб ўйлабман. – У ўтирганларга бир-бир назар солди, хўрсинди. Ким ҳамон иштаҳа билан кавшанар, ким қорни тўйиб паришонгина ўтирар, ким ёнидаги одам билан қизғин суҳбатга киришиб кетганди. Миччи уларнинг ичида бирор бир кўнглига “тиқ” этадиган одам кўрмади. Бири қари, бири ёш, бири ориқ, бири семиз, бири калта, бири зўррай , яна бир бало. Энг асосийси уларнинг юзида фаришта йўқ эди. “Тавбаа. Шундий ҳам бўлар экан-да. Ҳамма фариштасизлар гаплашиб бир ерга йиғилгандай ёки кимдир ҳамма фариштасизларни била-кўра бир ерга йиғнагандай. Шуларнинг қайсиси билан гаплашиш мумкин ахир?!!” Миччи беихтиёр Хаёлкашни ахтарди. У кўринмади. – Анави дали йўқ-қу. Не ерда қолди экан?
– Вой! – деди Шамшод. – Қанақа одамсиз-эй! Одамга шунақа деб ҳам бўладими?
– Бўлади! – деди Миччи иошонч билан. – Бўлади.
– Э, қўйинг-э! Қанақа бўлса ҳам одамни телба, деманг-да.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

ХII
Ўртага ноқулай, оғир ва жуда ёқимсиз жимлик чўкди. Хаёлкаш доцентми, профессорнинг тик ўқ томирига болта урган эди. “Падарингга лаънат, дали”, ўйлади доцентми, профессор . “Сийлаганни билмаган эшшак!”
Хаёлкаш ўрнига ўтирди-да, яна худди ҳеч нарса бўлмагандай ўйга толди. Блоггер бир Хаёлкашга, бир доцентми, профессорга , бир Бошлиққа қаради. Бир нарса демоқчидай безовта ғимирлади. Лекин сўз айтишга ботинмади шекилли, ўрнида жим қолди. Доцентми, профессор Ҳарфхўрга қаради: “Тур, гапла! Не ўтирибсан?” Қўрқоқ, лагандарбор ва латтачайнар Ҳарфхўр жуда оғир аҳволда қолди. Бир ёнда доцентми, профессор , иккинчи томонда эса Хаёлкаш. Доцентми, профессордан бир пешкаш билан қутилиш мумкин. Аммо Хёлкаш билан сотошмагани маъқул. Ҳарфхўр жуда катта хавф остида эканлигини билса-да гапирмасликка аҳд қилди. Бошлиқ ўрнидан қўзғала бошлади. У яна газики келганлигини ҳис қилган эди
– Мен Хаёлкаш дўстимизнинг ҳамма гапларига юз фоиз қўшиламан, –деди Бошлиқ ва Хаёлкашга қараб. – Тўғри, ишларимиз яхши эмас Жуда яхши эмас. Ҳатто ёмон, жуда ёмон дейиш мумкин. Буни, менимча бу ерда ўтирганларнинг ҳар бири кўнглидан ўтказиб ўтирган бўлиши керак.
Блоггернинг кўнглида яна умид учқунлари пайдо бўлди. Ҳозиргина уни юзсизларча танқид қилган Жўрасига алам билан тикилди. “Ҳайй, мени танқид этган тилларингни ҳаққа чўқисин! Мана, энди не деркинсан?”
Жўра Блоггернинг аёвсиз нигоҳи юзи-кўзи, тани-баданини куйдираётганлигини ҳис қилди, чидай олмай бошини елкалари орасига олди. Бошлиқнинг ҳар гапи унинг ҳам бошига болға билан ургандай бўлар, нотиқ гўё ташкилотни эмас, уни-Жўрани, Жўрага қўшиб ҳозиргина олгани мукофотини ҳам қора ерга қораётгандай эди. Қўлидаги ёрлиғи лаппик қоғозга айланиб қўлларини ҳам булғаштиргандай бўлди гўё. Жўранинг афти бир ери қаттиқ оғриётгандай ёмон буришди. Иложи бўлса ер ёрилса, у Блоггернинг нигоҳидан ҳам, Бошлиқнинг аёвсиз гапларидан ҳам бирданига қутилса! Блоггер яна қаддини ростлай бошлади. У атрофга ғолибона назар ташлади, “қани, қани муттаҳамлар, ҳозир кўрасизлар”, дер эди ўзича.
Аммо шу вақт Бошлиқ устамонлик билан гапни тескари қайира кетди. Жўранинг жонига сўл юрди.
– Тўғри, ташкилотимиз кўнгилдагидай ишламаяпти, ёмон ишлаяпти. –Бошлик доцентми, профессорга , “Ҳовлиқмай, турасан энди”, деган маънода қараб қўйди. – Буни ҳурматли нотиқимиз ҳам ўз сўзларида таъкидлаб ўтдилар. Нутқнинг танқидий қисмида, албатта. Бироқ биз бир нарсага эътибор беришимиз керак. Бунга ҳеч қачон, ҳеч ким эътибор бермаган. Бир қарашда бу нарса арзимаган бўлиб кўриниши мумкин. Аммо ҳозир ана шу арзимаган, кичкинагина бир деталь, ўйлайманки, сизларнинг фикрингизни ўзгариб юборади. Ўртоқлар, эътибор беринг: бу ташкилотда бор йўғи беш киши ишлайди. Ҳа, ҳа! Фақат беш киши. Шу беш киши, ҳисоботда кўрсатилганидай, ўтган йили 1503 та, шундайми, ҳа 1503та турли хил тадбирлар ўтказган! Энди оддийгина арифметика билан шуғуллансак. Шу 1503ни бешга бўламиз. Нима бўлади? Бу беш кишининг ҳар бири, диққат ўртоқлар! ҳар бири ҳисобот йилида 300 тадан ортиқ тадбир ўтказгани аён бўлади. Ҳа, ҳа, ҳар бири 300дан ортиқ. Энди бир йилда неча кун бор? Баракалла. 365 кун. Неча дам олиш, неча байрам кунлари бор? Яна баракалла. 365дан дам олиш, байрам кунларини олиб ташласак нима бўлади, нимани кўрамиз? Бу ташкилотда ишлайдиган шўрлик беш кишининг ҳар бири ҳар куни, ҳавво, ҳавво, ҳар куни биттадан тадбир ўтказган бўлиб чиқади. Камида! Қойилмисизлар? Энди ўйлаб қаранг, тадбирнинг, гарчи у энг оддий энг оддий тадбир бўлса ҳам, ўзи ўтадими? Албатта, йўқ. Аввал уни ўйлаб топиш, режалаштириш, тайёргарлик кўриш керак. Кейингина ўтказасан улли бўлсин, киччи бўлсин тадбирни. Буларнинг ҳар бири эса ҳар куни биттадан тадбирни ҳам ўйлаб, ҳам режалаштириб, ҳам ўтказиб ўтирибдилар. Шунда буларни ишламаётир, ё ёмон ишлаётир, дейишга ҳаққими борми? Кимнинг вижони чидайди бунга?

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

– Ме-еен, – ўрнидан оғир қўзғалди Хаёлкаш, - аслида гапламоқчи эмас эдим. Чунки бу мажлисда тасоддифан иштирок этаётирман. Ўзи шу кунларда бу ерларда бўлмаслигим ҳам керак эди. Тасоддиф-да. Унинг олдида ҳаммамиз ожизмиз. Қаранг, тақдир мени бу ерга судраб келди ва мен шу ерда, сизлар билан дуч келиб ўтирибман. Хўшш... Бу мажлис ва унда кўрилган масалалар ҳақида нима дейиш мумкин? Биринчидан, бу мажлис ва унда кўрилган масалаларга менинг мутлақо алоқам йўқлигини ҳаммангиз яхши биласизлар. Бу ҳол жуда ва жуда аҳамиятли. Айтадиган гапларим кимгадир ёқмай қолса, уни турли хил йўриб, ундан мен айтмаган маъно ва мазмунлар қидириб аввора бўлиб ҳам юрманглар... Чунки, яна бир марта айтаман, мажлисингизда тасоддифан қатнашиб ўтирибман. Бугун азонда тинчроқ деб, шу хонага кириб қолган эдим, сизлар бир тўпор- тўпор бўлиб қуйилиб кириб қолдингизлар... Мен чиқиб кетишни юзларингизга оқ қўйиш, деб билиб, мана шу ерда қолиб кетдим. Ҳовваа. Энди бу йиғноқ ва кўрилган масалаларга қайтамиз. Бизлар бола вақтимизда понгқилдовуқ деган ўйин бўлар эдик. Биласизлар, бу ўйиннинг мақсади бошқанинг қўлидаги лойни утиб олиш. Ҳар кимда юмруқдай пишитилган лой бўлади. Бошқаларнинг лойини утиб олиш учун ҳар ким навбат билан ўзининг лойидан қозон ясар ва шу қозонни ерга юзтубан урар эди. Қозоннинг ичига қамалиб қолган ҳаво куч билан понқилдаб қозоннинг кўтини тешиб чиқар эди. Кимнинг қозони қаттиқроқ понгқилдаб, ёриқ ниччили улли бўлса шу боланинг омади келган ҳисобланарди. Чунки бошқа болалар қўлларидаги лойидан узиб-узиб олиб ўша ёриқни тўлдирар эдилар. Ёриқ қанча улли бўлса шунча кўп лой кетар эди унинг тўлдиришга. Шунинг учун ҳар ким қўлидаги лойини яхшилаб пиширар, уни юзтубан уришдан олдин қозон қўти иложи борича юпқа бўлишига ҳаракат қилар эди. Кейин ғолиб овурт ини шишириб ҳар кимга бир-бир қараб, “порт-пурт” овоз чиқариб, овоз чиқарар эди. Бу ғолибликнинг белгиси эди. Сизларнинг ишларингизни шу понқилдовуқ ўйинина ўхшатаман. Боланинг лойдан қозон ясагани, - Хаёлкаш хонада жам бўлган кишиларга бир-бир қараб чиқди. “Буларнинг санъат, адабиёт, мусиқага қандай алоқаси бор?”, ўйлади у. Кўзи умрида бирор муваффақиятга эришмаган, аммо уялмай-нетмай ҳар кимга устозлик даъво қилувчи ўта бахил, ичи қора касга тушди. У гўё ўзини диққат билан тинглаётгандай кўрсатиб ориқ, сертомир бўйнини олдинга бир қарич чўзиб олганди. Нигоҳларида ялинчоқлик бор эди. Гўё, “мен тўғримда бирор бир кескинроқ гап айтиб қўйма-а, илтимо-осс”, дегандай. “Сен тўғрингда нима гап ҳам айтиш мумкин?” ўйлади Хаёлкан. “Ҳатто бирон танқидий гап ҳам айтишга арзимийсан. Ёзган-чизган том-том нарсаларингни сиқиб сувини чиқарсанг қўлингда юқ ҳам қолмайди. Яна ҳамманинг буюк устози”. Кўзи оқ куйлак, қора костюм-шим кийиб, ингичка галстук тақиб олган чингирикдай узун йигитга тушди. “Ким эди-я, бу? Нерда кўрган эдим? Ҳа, ҳа! Ахир бу ... Ҳовва, ҳовва тоб ўзи!” Йигитни Хаёлкаш таниди. Бундан бир неча йил бурун унинг ёнига илҳом учқунлари билан ёзилган “битикларини” кўтариб келганди. Сўнг у, бу обрўли кишилар, қайсидир нашрларга тавсияномаларни қўлга киритгач зим-ғойиб бўлди. Кейин қайсидир нуфузли нашрда ишлаётганини эшитди. Сўнг яна бирида. Ўзининг йўқ иқтидори ва йўқ обрўсини усталик билан шиширишда ҳатто бугунги ёшлар ўртасида ҳам бунга тенг келадиган йўқ эди. Энди у ўзини, бугунги ибора билан айтганда, “улли устоз” билиб, юртига “мурид” овлагани келган эди. Ахир у бу ердагиларга ўхшаб чанг босган, қолоқ вилоятда эмас, ялтираган ва ҳашаматли марказда яшайди-да. У мурид овлашни ўзининг дўстлари ва тенгқурларидан бошлаган ва илк натижалардан рози, ёш кўкрагида устозлик ғурури тепа бошлаган эди. Хаёлкашга, мана, биз ҳам устоз бўлиб қолдик, биз ҳақимизда бир-икки оғиз мақтов гапларини айтиб қўйинг, деган талаб бор эди ним кулган ошкора таъма ва кибр балқ урган нигоҳларида. “Ҳа-а, сен шу кетишингда дим узоққа бораса-ан. Чунки сенга ўхшаган учарлар баланд-пастни жуда яхши кўрадилар. Сендайлар ҳақиқий истеъдодларни босиб-янчиб кетаверадилар”. Кейин кўзи негадир ўзини ҳаммадан ақлли, талантли, деб ҳисобловчи яна биттасига тушди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Ҳозир ҳам дунёнинг бир чеккасидаги Оқ уйда шундай, бир-бирини инкор қилувчи, икки олам бир-бирига хавфли масофага яқинлашиб қолган эди. Аммо Хаёлкаш ва доцентми, профессор бу тўқгашуви ҳеч қандай “табиий офат”ларсиз ўтиб кетиши мумкин эди. Асли шундай ҳам бўлиши керак эди. Аммо бугунги ғалабадан руҳланган доцентми, профессор энди Хаёлкашнинг оламини ҳам “босиб олишга”, ҳеч бўлмаса унинг саркардасини асир олишга қарор қилди. Жангми, жанг-да. Нега энди бир ғалабадан кейин иккинчи ғалаба келмаслиги керак экан. Доцентми, профессорнинг руҳига ғолиб бир саркарда, билаги пўлат бир ботир ўрнашиб олганди. Ҳамма нарсага қодир сезди у ўзини. Жумладан, сал нарсага шатта қоядиган Хаёлкашни ҳам тушовлаб, ювоштириб, мингига ўргатиб олишига ҳам.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Х

Доцентми, профессорнинг кўнглига яна шубҳа оралади. Бироқ Бошлиқ, бироз қўрсроқ оҳангда бўлса ҳам, гапни айнан доцентми, профессор кутгандай бошлади:
– Авваламбор сизга, ҳурматли раис, – Бошлиқ доцентми, профессорга энди кўпроқ эгилди. Кейин Ҳарфхўр ва ташкилотда ишлайдиган яна бир ходим ўтирган томонга ҳам салгина бош эгди. – Сизларга ҳам раҳмат, ташаккур. Энди-ии... бу мукофотнинг солдоми бировларга ёқмабмиш. Халқимизда бир гап бор: “Дўстинг бир ғўз берсин, у ҳам пуч чиқсин”, деган. Ҳали мукофотнинг маблағ томони таъминланганда ҳам, у, кечирасизлар, чилимимизга пилик бўлмийди. Шундий акан мукофотми, мукофот – тамом! Мукофотнинг улли-киччиси бўлмайди, шуни билиб қўйинглар. Бу ерда бошқа бир гаплар бўлиши ҳам мумкин. Бироқ бу гапларга эътибор бермаслик керак. Энди такилотнинг бир йиллик фаолияти ҳақида. Баъзи бировлар ҳар хил гаплар айтиб юрибдилар. Буни ҳаммангиз биласизлар – қайтариб ўтирмийман. Лекин менинг ўзимнинг фикрим, ўзимнинг қарашим бор ҳар нарсага. Баъзи бировларнинг фикри мени қизиқтирмайди. Ҳеч ким менинг фикримни ўзгартириб ҳам билмийди. Мен бир кун ундий, бир кун мундий деб, гап сотиб юрадиган одамлар тоифасидан эмасман. Энди менинг қатъий фикримни эшитажак бўлсангизлар у шундай: Ташкилот ёмон ишламади. Зўр, осмонга чиқиб кетди, деб ҳам айтолмийман. Лекин ишлади. Тиришиб - тирмашиб ишлади. Ким не деса десин. Мана, Блоггер дўстимиз, пул қани?! деб қичқириб ўтирибди. Шу кишининг саволига қарши савол. Сиз ўзингиз ташкилот учун не иш қилдингиз? Беш тийин келтирдингизми?! Пулни аввал топиш керак. Кейин пул қани, деб қичқириш мумкин. Қичқирадиганлар эса олдин ўзлари бир ишлаб кўрсинлар шу ташкилотда. Пул топсин. Қилолмайдилар. Чунки уларнинг иши шу – қичқириш. Бошқа нарсага ярамайдилар. Қичқириш онгсот. Иш қилиш қийин. Шунинг учун мен ташкилотнинг бир йиллик ишини қониқарли, деб топишни тавсия этаман.
Бошлиқнинг уни босиб-янчиб йўқотишга уринаётганлиги Блоггер учун бутунлай кутилмаган ҳол эди. Блоггер жуда безовталаниб қолди. Аммо бошлиқдан кейин гаплаган Жўра уни бутунлай эсанкиратиб қўйди. У нималар бўлаётганлигини калласига ҳеч сиғдиролмай қолди.
– Тўғри, – гап бошлади Жўра ўрнидан туриб. – Тўғри. Мана мени ҳам мукофотлашибди. Ўтириб ўйландим. Лойиқманми мен бу мукофотга? Нима иш қилдим шу азиз ташкилотим учун? Жавоблар топдим. Ва бу жавоблар фақат мени ишлашга даъват этишини тушундим. Менимча, нима иш қилдим шу азиз ташкилотим учун, деган саволни ҳар ким ўзига бериб кўрса яхши бўлар эди. Ким бўлишидан қатъий назар.
Блоггер бир нима демоқчи эди, деёлмади, ютинмоқчи эди, ютинолмади. Томоғида алланарса тиқилиб турганини ҳис қилди. Жуда катта ва жуда қаттиқ нарса эди бу. Блоггер нафас олишга қийнала бошлади.Аҳволи ўта ёмон эди. Жўра эса гапида давом этди.
– Мана, ҳурматли Бошлиқ жуда тўғри айтдилар. Мукофотнинг улли-киччиси бўлмайди. Мабодо у кимларгадир ёқмаан бўлса бу ерда мукофотнинг ҳеч қандай айби йўқ. Айб ҳар бир яхши нарсада ҳам ёмон нарсани кўришни истаган кишида. Шундай. Бундай мукофотга етолмай кетганлар қанча. Етолмай, сори мой сассиқ деб юрганлар-чи? Шунинг учун ўйлаб гаплаш керак ўртоқлар, ким бўлишингдан қатъий назар...
Блоггер бутунлай гангиб қолди. Нималар бўляпти ўзи бу ерда? Аввалги келишилган гаплар қани? Доцентми, профессорни ағанатиш не ерда қолди? Жўра ҳам бу гапни икки қўллаб қувватловчи эди-ку. Бошлиқ-қу, майли, у Бошлиқ. Аммо Жўрага не бўлди? “Ўйлаб гаплаш керак ўртоқлар, ким бўлишингдан қатъий назар”, дегани не? Уни айтяптими? Уни сотяптими?
Доцентми, профессор ҳаммасини тўғри режалаштирганидан хурсанд эди. Мана, душманлар орасида оғзи олачилик бошланди. Оғзи олачилик бор ерда эса истаган ишингни этасан. Мана уч бошли аждарнинг икки , асосий боши янчилган эди, учинчиси ҳеч нарсага ярамас бўлди. Бу бош энди ўт пуркашга қодир эмас. Пуркагани билан узоққа бормай, фақат ўзинигина куйдириши мумкин.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

IX

Доцентми, профессор бўлажак қўзғолон ҳақида ўз айғоқчилари томонидан огоҳлантирилган эди. Буни эшитиб озмунча ташвиш чекмади. У бугунги мақомига етгунча, қанча тер тўккан, неча-неча ташкилотларнинг улли-киччи, кенгу тор тешигу ёриқларига, қанча лақма, муттаҳам, кекчи ва баъзан очиқкўнгил раҳбару бошлиқларнинг ёқасидан кириб енгидан чиқмаган. Ўҳ-ҳўў! У юрган йўллар олдида мана бу ақли тўмтоқ Бошлиғу арзон гаров Блоггер, ўз фойдаси учун истаган одамнинг хунини бир тийинга сотувчи Жўра деганлари нима деган гап?
Доцентми, профессорнинг тажрибаси катта эди. Бундай пайтда илоннинг бошини янчиш кераклигини жуда яхши биларди. Керак бўлса қоп-қоп ваъдаларни ҳам бераверади, қўлтиқларни пуч ёнгоққа ҳам тўлдираверади. Ҳозир, майли, булар кенг-кенг кисалар тиктираверсинлар, сўнг сўкиб ташлайверадилар.
– Шундай қили-иб, ўртага ҳурматли устозимиз, улкан талант соҳиби, ҳаммамиз учун ижод ва хаёт намунаси, адолат тарозуси Бошлиқ бувани таклиф этамиз. Келинг Бршлиқ бува! Қани қарсаклар!
Тараддудланиб қолган бошлиқ ҳали бўлаётган гапларни бошида тўлиқ айлантириб улгунмасдан доцентми, профессор презиумдан тушиб келди-да, унинг қўлтиғидан олди, юқорига юра бошлади. Шу аснода унинг ташкилот олдидаги хизматларини бир-бир санай кетди. Хизматларни санаш анчагина вақтни олди. Уларнинг кўпи ёлғон эди, албатта. Масалан, Бошлиқнинг иқтидори ҳақидаги гаплар. У ўртачадан пастроқ, иккинчими, учинчи даражали ижодкор эди. Бу ерда бунга фаҳми етадиганлар ҳам бор эди. Бироқ Бошлиқ эса ҳамма раҳбарлар каби ўз иқтидори ҳақида жуда юқори фикрда эди. Унинг бугунги исёнкорона руҳда бўлишининг бош сабаби ҳам ўз иқтидорига яраша ҳурмат ва эътибор кўрмаяпман, деб ўйлашида эди у. Доцентми, профессор буни яхши биларди.
Доцентми, профессор унинг қўлтиғидан олиб унинг ёлғон хизматларини бир-бир санай бошлаши билан Бошлиқнинг жанговор кайфияти ва шаҳди аллақачон қайтиб бўлган эди. Ахир мана, доцентми, профессор унинг хизматларини эътироф этаяпти-ку. Демак унинг иқтидори қадрланяпти. Ҳаммаси жойига тушётир. Шуларни хаёлидан кечирар экан Бошлиқ доцентми, профессорнинг ёнида сохта камтарлик билан бошини эгди. Аввалги уюлган қош-қопоқ аста-аста ёзилди.
Найрангги бехато ишлай бошлаганини сезган доцентми, профессор бироз осайиш тортди. Энди ўтирганларнинг чин кайфиятини илғаб олиш учун залнинг тўридан аданигача бир-бир нигоҳ ташлади. Вазиятни баҳолади. Ўтирганларнинг юзларида ҳамон бир саросималик излари бор эди. У гапида давом этди.
– Биз бугун Бошлиқ бувани қутлар эканмиз, бошқа ҳурматли фаолларимизнинг ҳам хизматларини чин дилдан эътироф этамиз ҳамда уларга ҳам ўз ҳурматимизни изҳор этамиз.
Ҳамманинг қулоғи динг бўлди. “Яна кимларни назарда тутаяпти? Мен ҳам бормиканман?..”
Яна кўпларга “Эътироф белгиси” тегди. Мукофотланмаган одам деярди қолмади. Бир-иккиларгина доцентми, профессорнинг марҳаматидан қуруқ қолди. Уларнинг аксари ё янги ходимлар, ё ташкилотга янги кирганлар, ё умуман уларни ҳисобга ҳам олмаса бўладиган, майда-чуйдалар эди. Аммо мукофотланганларнинг кўпчилиги нафақат эътирофга, балки ижодкор деб саналишга ҳам нолойиқ эди. Бироқ елкасига қоқилмай қолганларнинг орасида шундайлар ҳам бор эди-ки, уларнинг “хўрозқанд”сиз қолгани мукофот олганни ҳам, олмаганни ҳам довдиратиб қўйди. Масалан, Блоггер. У ҳамиша Жўрадан яхшироқ, истеъдодлироқ ҳисобланган. Ҳозир эса у қолиб Жўра чин дилдан истагани А 4 форматидаги қаттиқ ялтоқроқ қоғозни ихлос билан силаб-сийпалаб ўтирибди. Силаб-сийпалар экан бу бахтдан юраги ёрилар даражага етган, айбини билган боладай Блоггерга қарамасликка ҳаракат қилар эди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

VIII

Аммо мажлис кутилмаган бир янгилик билан бошланди.
– Ҳурматли хонимлар ва жаноблар! – салобат билан сўз бошлади мажлис раиси доцентми, профессор. Овозида одатига қарама-қарши ўлароқ ўтирганларнинг ҳаммасига улкан ясама ҳурмат, яширинча, кўз ва ҳис илғамас бир ёвуз ялтоқланиш ҳам зоҳир эди. – Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
“Ҳурматли хонимлар ва жаноблар” ҳайратланиб бир-бирлари билан кўз уриштириб олдилар.
– Бугунги тадбиримиз менга алоҳида фахр бағишлайди. Чунки иш бошлаганимизга шунча йил бўлди ва бугун, маълум масофани юриб ўтиб А манзилдан Б манзилга етиб олган карвон сифатида, босиб ўтилган йўлларимизга бир назар ташлаш зарурати бор. Чунки йўналиш тўғрими, нотўғрими, саъю ҳаракатларимиз кутилган натижаларни бераяптими, йўқми аниқлаштириб олишимиз керак. Чунки биз ва ташкилотимизнинг фаолияти энг юқори доираларда, энг юқори баҳоланиб турилганлиги билан бир қаторда ҳар хил бўлмағур гапларни сақичдай чайнаб, обрўимизга доғ туширишга уриниб юрганлар ҳам борлигидан хабаримиз бор. Булар обрўйимизга зўр бериб тупроқ тортмоқдалар.
Блоггер эгнини қисиб, кўз остидан астагини Бошлиққа бир қараб қўйди. Бошлиқнинг юзида жаҳл аломатлари кўринди, лаблари уча бошлади. Блоггернинг қулоғига бўлажак жанг шовқинлари чалингандай бўлди.
– Биз бундай сақичмонлардан қўрқмаймиз. Чунки карвонимиз тўғри йўлдалигини аниқ биламиз. Бундай ишончимизга сабаб карвонбошиларимиз ҳақ ва бизни ҳақ йўлдан, ҳақ манзилларга бошлаб бормоқда. Тўғрми ўртоқлар?
Хонанинг у ер, бу еридан, бир-икки кишининг тўғри, тўғри, деган ишончсизгина минғирлашларигина эшитилди. Доцентми, профессорга шунинг ўзи етарли эди.
– Раҳмат сизларга! Мана шундай бизга ишонч билан боқаётган ҳамқанотларимиз бор экан манзилга албатта етамиз. Чунки бизнинг сафларимизда, тўғрироғи сафларимизнинг бошида улкан истеъдод соҳиби, устозимиз Бошлиққа ўхшаган ўз ишининг усталари турибди. Билиб қўйинглар, устозларимизнинг ҳар бир сўзи ва ҳаракати биз учун сабоқ. Қани устозни, чўнг истеъдод, ирода ва ҳақ сўз эгаси, фахримиз Бошлиқни бир олқишлаб қўяйлик!
Ҳамма Бошлиққа ўгирилди. У ҳали юзидаги ғазабнок ниқобини алмаштиришга улгурмаган, шунинг учунми доцентми, профессорга қадалган нигоҳи тош қотган эди.
Доцентми, профессор шартта ўрнидан туриб жони борича чапак чала бошлади.
– Қаниии, устозни олқишлаймиз! Карвонбошимизни олқишлаймиз!
Доцентми, профессорнинг қарсиллатиб ураётган чапаклари гўё дув-доло бўлган мажлис аҳлининг ўнг ён, чап ён, чап ён, ўнг ён чаккаларига туширилаётган тарсакилар эди. Одамлар шапалоқлар таъсирида ғафлат уйқусидан ўйғониб, хушларига кела бошлади. Ҳарфхўр ҳам ўзининг янгроқ қарсилдоқлари билан доцентми, профессорга қўшилиб, кафтларидан ўт чиқар даражада қарсак чала бошлади. Бошлиқ иложсиз аста ўрнидан турди. Юзида лоқайдликка ўхшаган бир ифода билан доцентми, профессорга енгилгина эгилди. Буни кўрган Жўра ҳам чапакка қўшилди. Зўр иккиланишлар билан бўлса-да, чапакка қўшилувчилар сони ва қарсақлар авжи ортаётган эди. Бирдан Блоггер воқеалардан ортда қолаётганидан хавотирга тушди. Сўнг Жўрадан қаттиқроқ ва эҳтирослироқ қарсак қоқа кетди. Доцентми, профессор эътирозли нигоҳи билан ўтирганларни бир айланиб чиққан эди, қарсакбозлар янада кўпайди. Қарсакбозлик аста-аста бод олиб, бир зумда авж пардаларга кўтарилди. Шунда доцентми, профессор икки қўлини кўтариб ишора қилди: “Раҳмат, бўлди!” Қарсаклар тинай демасди. секин-секин тинди. Гўё буларнинг изҳорлари ҳали бисёр эди.
- Раҳмат сизларга қўллаб - қувватловингиз учун. Ўйлайман-ки, ҳозир эълон қиладиган янгилигимизни ҳам худди шундай қўллаб-қувватлайсизлар.
Ҳамманинг қулоғи динг бўлди.
– Ташкилотимиз ташкил топганлигининг йиллиги муносабати билан бир гуруҳ фаолларимизни “Эътироф белгиси” билан тақдирлашга қарор қилдик. Ҳозир моддий имкониятларимиз чегараланганлиги туфайли мукофотга илова қилинадиган суммани имконият пайдо бўлиши билан унинг бахтли соҳиб ва соҳибаларига етказамиз. Имконият пайдо бўлишига эса менинг имоним комил.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

VII

Блоггер ўзининг чумчуқюраклиги яна бир марта ҳис қилди. Кўмак, ҳеч бўлмаса бирор далдаловчи нигоҳ истаб, атрофига аланглади. Ҳеч ким ҳеч қандай нидо бермади албатта. Чунки бу ерга ғирт аҳмоқлар эмас, ўзларинини фойда-зиёнини яхши билувчилар йиғилган эди. Улар қачон, қаерда, кимнинг ҳимоясига ёки кимни қоралаб сўз дейиш керак ё демаслигини жуда яхши биладилар. Шунинг учун ҳозир ҳам бу икки тегирмон тоши орасига бошларини тиқишни исташмади. Ўзларини онгсизга солиб, оғизларини катта - катта очиб, бир нуқтага тикилганларича, ўтирабердилар.
“Ҳаа, одамига тушмай юрган экансан”, ўйлади Блоггернинг обрўси ошиб кетишидан хавфсираб, юраги пўккилаб ўтирган жўраси. “Жўрамизми, бирга юрибмизми, обрўмиз ҳам бир, тенг бўлиши керак”, ўйларди у.
Жўра ҳам ўзини унчалик катта бўлмасаям, мундайроқ даҳо, балки даҳоча биларди. Шу даъвосига мос кийинарди. Доимо оқ шим, оқ костюмда, бўйинбоғда бўлиши, ҳатто жўрроб, туфлисигача оқ бўлиши шундан эди. Кийимига ҳеч қачон чанг юқтирмас, ҳатто оппоқ туфлисида на қиш, на баҳор на ёз ва на кузда бирор гард кўринмасди. Бу нарса, тан олиш керак, тузли-тўпирли Хоразмда осон эмасди. Бироқ Жўра бунинг уддасидан чиқарди. У обрў масаласида жуда жинг-жинг эди. Аммо Жўра фақат кийим-кечакдагинамас, ўзига ҳам қойил қолишларини истарди. Ёниб, кўнгли куйиб истарди. Жўра атрофдагилардан ҳеч бир эътибор сезмаганидан одамларнинг кўзи кўр дерди. Бундан жуда ўртанарди. Ўртанганда ҳам ҳеч кимга билдирмай, ҳаммадан норози бўлиб, йиғланиб ўртанарди. Аммо у ўзининг кимлигини яхши билар ҳам эди, албатта. Шунинг учун унинг ҳурмат истагида кишибилмас ялинчоқлик, тиланиш, хўрланиш бор эди. Аммо улуғлар қаторида бўлиш учун бу ҳол арзирлик тўлов деб биларди. Ҳеч бўлмаганда беш-ўн кишилик давранинг доимий етакчиси, дим қуриб қолганида етакчиларидан бири бўлиш унинг умрлик, аммо ҳамон амалга ошмаган орзуси эди. У бу тилакка эришиш учун бир умр тиришиб келади. Шу тиришиш асносида ўрни бўлса-бўлмаса, эҳтимол, ўқиган ва лекин уқмагани, машҳур шарқ алломасининг асаридан ўринли-ўринсиз иқтибослар келтирар, бироқ бу иши ёриққа сиғмаган йўнқадай кўзга туртилиб турса ҳам бунга эътибор бермас, у шу фикр, шу гап, шу иқтибос билан суҳбатга улуғ бир самовийлик бахш этдим, деб ўйларди. Албатта, мундайроқ давраларда унинг бу усули иш берар, қисқа муддатга бўлса-да давранинг гулига айланарди, Бундан жуда шод бўлар ва ўзини янада каттароқ билим эгаси, мавлонодай тутишга киришарди. Аммо худди ана шу уриниш унинг кузги юпқа музга ўхшаган обрўсини дарров йитирар эди.
– Агар ёқмаса чиқиб кетинг! – Ҳали кўнглимдаги нафратимни тўла ифодалай олмадим, деб ўйлаган Бошлиқ хитоб қилди. – Сизсиз ҳам масалани ҳал қилиб оламиз. Арзимаган иш бу биз учун.
– Мен, мен..– довдиради ҳамма нарсадан қутилиб, четга чиқдим, деб ўйлаган Блоггер. Энди у Бошлиққа кўзларини мўлтираб ялтоқланганича тикилди. – Мен новви дедим?
– Именно! Айтадиган гапингиз йўқ. Шунинг учун жим ўтиринг!
Бошлиқнинг шафқатсизлик билан иккинчи марта берган танбеҳидан кейин Блоггер энди ҳақиқатда сувга тушган мушукдай бутунлай шалвираб қолди. Бу кутилмаган ҳол эди. Чунки шу пайтгача Блоггер ҳеч қачон, ҳеч кимдан гапини олиб қолган эмас. Жўра ҳам унинг бирдан мунғайиб, боши икки эгни орасига тобора кўпроқ кириб бораётганини кўрди. Бу ёқди унга. Кўнгли батамом жойига тушиб, устидан тоғ қулагандай енгил нафас олди. “Хуога шукуррр”, пичирлади у беихтиёр. “Борингга шукуррр”.
Бошлиқ аввалги фикрида давом этди.
– Буларнинг кимлигини фош қилиб ташлаш керак. Бошқа ташкилотлар қандай ишлаб ётганлигини яхши биламиз. Нега бизда шундай эмас? Шунинг учу-уун, ўртоқлар, сизларни билмадим-у, лекин мен буларнинг башараларини очиб ташлайман.
– Дўғри! – хитоб қилди Блоггер энди Бошлиқнинг қўлловига умид этиб. – Очиб ташлашкерак!

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

VI

Уларнинг агланиб қолганларини Оқ уйдагилар сезмадилар ҳатто. Бу ерда кўпдан режалаштирилган тўнтариш пишитилаётган эди.
– Туврисини айтганда, – деди баланд бўйли, ёши анча ўтиб қолган Бошлиқ салобат билан. – Мен буларнинг ишидан умуман норозиман. Фақат бизни бу ерга бўлар-бўлмасга чақириб, пул йиғнаб бошимизни қотиришдан бошқа ҳеч нарса этмайдилар. Бир гап айтсанг, ҳа, мана ишлаб турибмиз-ғў, дейдилар. Булар ҳар кун интернетда кўринсалар, бир тийинга қиммат йиғноқ этсалар, шуни иш деб биладилар. Бу, конечно, иш эмас, мана бизлар ишлаб кўрганмиз-ғў, биламиз ишнинг нелигини. Шунинг учун алмаштириш керак буларни. Ўрнига ишлийдиган, ишнинг кўини биладиган одамларни қўйиш керак, – Бошлиқ ўтирганларга бир-бир қараб чиқди. Нигоҳини ҳеч кимда алоҳида тўхтатмади. Гўё уларнинг кайфиятларини бирров ўрганди. – Шунинг учун...
– Дўғри айтасиз, лекинн... – Блоггер ўрнида безовта ғимирлаб қўйди. У касбига кўрами ва ё табиатан шундайми, ҳар қандай фикрга эътироз билдиришни, шу йўсин эътиборни ўзига қаратишни хуш кўрарди. У яхши нотиқ эди. Буни ўзи ҳам билар ва бу борада ўзига маҳлиё ҳам эди. Икки одам йиғилган ерда ҳам доно-доно қилиб, катта йиғинда микрофонсиз гапираётгандай, баланд овозда гапирарди. Эҳтирос билан. Агар гапнинг бир жуйини топиб олса борми, чўққидан қулаган ҳарсанг тошга айланарди. Бундай вақтда уни тўхтатиш иложсиз бир нарса эди. Блоггер учун ўзи айтаётган гапнинг тўғри ёки нотўғрилигининг мутлақо аҳамияти йўқ эди. Асосийси эътиборда бўлиш. Яна у баҳслашишдан ҳузур топарди. Кишиларнинг кўнглига ғул-ғула солишни хуш кўрарди. Дейлик, шаҳарнинг фалон жойини қазишаётганида саккиз метрлик, икки бошли йилон чиқибди, деб бемалол жар солавериши мумкин эди. Биров билан тиралиша қолса ноҳақлиги минг марта исботланса ҳам, кес каллам, асло гапидан қайтмас эди. Ҳаммага, ҳатто ёш болага ҳам маълум фактлар ёки умумқабул қилинган, андоза даражасига етган, эси бор одам тил теккизишга андиша қиладиган гапларни ҳам бемалол инкор қилаверарди. Масалан, Амударё Орол денгизига қуймайди ва ҳеч қачон қуймаган деб туриб олиши мумкин эди. Шундай пайтда уни ёқасидан тутиб, аҳмоқона фикрдан қизиган бошини Амунинг Оролга қўйиш жойига элтиб, пишсанг ҳам, Аму Оролга қуймаган ва қуймайди ҳам, деб кўр ҳўкиздай гапида маҳкам тураверарди. Ўзи ҳақда гапирилганда блогер эмас, иккита г билан блоггер деб гапириб, худди шундай ёзиши ҳам терс-йўнқалигининг бир исботи эди.
Ҳозир ҳам Бошлиқнинг ўта ишонч билан, салобат билан гапираётганини кўриб ичи пишди. Ахир бу ерда у, Блоггер, ўтирибди-ку! Нега қандайдир Бошлиқ обрў улоғини илиб кетиши керак экан. Баҳслашмаса, бу валломатнинг кайфиятини бир пул қилмаса, нима қилиб ўтирибди у? Ахир ўн-ўн беш минутдан бери ҳамманинг эътибори фақат Бошлиқда. Гўё бу ерда ҳеч қандай Блоггер-плоггер йўқдай. Агар Блоггер мажлис бошиданоқ Бошлиққа эътироз билдирмаган бўлса нинг салобатидан чўчиб, тишини тишига қўйиб ўтирганди. Аммо ҳозир “пичоқ суякка бориб етганини” ҳис қилди. Ўтираверишнинг ҳеч иложи қолмади. Яна Бошлиқнинг обрўси ачиган хамирдай тоғорадан тошиб бораётгани ҳам ҳасадини келтирди, бетоқатлигини ҳаддан оширди.
– Гапингиз дўғри, лекинн, – ўтирган ерида бўйнини чўзди Блоггер. – Масаланинг бошқа томони ҳам бор.
Ҳамма унга ўгирилиб қаради. “Бошлиқ эътибордан қочирган нима нарса бўлиши мумкин?” У бу нигоҳларни сезди. Салолат билан ўрнидан кўтарила бошлади. Гўё бу кўз қарашлар сонсиз куч манбаи бўлиб Блоггернинг жисмига қувват қуя бошладилар. Блоггер бу қувватланишни бутун жисму жони билан ҳис қилди. Бояги иккиланиш, оёқларидаги қалтираш йитиб, ўзини нафақат Бошлиққа, балки бутун оламга қарши туришга қодир сезди. Бироқ Бошлиқнинг чимирилган қошларига кўзи тушди-ю шу пайтгача бехато ишлаб келган мияси бирдан тормозланиб қолди. Бир бало бўлди Блоггерга.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

V

“Қармоқ ташлаяпти”, пиқиллаб кулди ерга урса осмонга сапчийдиган Миччи. “Эээ, ўлсин!” жиғи-бийрони чиқди Шамшоднинг. “Уят-пуяти ҳам ҳам йўқ экан, гап отиб, қармоқ ташлаб”. “Эээ, жиллимисан! Қайта қизиқ-қу! “Синиқ арва юришдан тўтамийди, дейди Хоразмда. Кххх!” “Эййй, барибир...” Шундай қилиб аёлларнинг муносабатларида сезилар – сезилмас мазах оҳнглари ҳам бор эди.
Ҳозир эса доцентми, профессор қўлидан келгунча ҳазиллашар, турли латифалар айтиб, ўзини тетик тутишга уринар, аммо бикаларнинг билакларидан ўтган қўллари сотқинларча қалтираб, унинг яширишга жаҳд қилаётган сирини қадам сайин аямай фош қилиб борар эди. Доцентми, профессорга қолса ҳозир ҳар иккала жанонни икки тарафга итариб юборган ва шу ерга, тўппа-тўғри тупроққа кетини ташлаб, бир пас оёқларига дам берган бўлар эди.
Болага эса онасининг бегона эркак билан очиқдан-очиқ, куппа-кундузи, барчанинг кўзи олдида, уялмай-нетмай қўлтиқлашиб бораётгани ёқмас, шунинг учун ҳадеб онаси билан доцентми, профессорнинг биқинлари орасига бошини суқиб, уларни ажратишга уринар эди.
Миччи ҳам бу ергаги барча эркакдан онасини қизғаниб, арзимаган ҳар нарсага хархаша қилаётган ўғлидан баттар тортинар, канадай ёпишиб олган доцентми, профессор билан щзининг орасига ўғлини киритишга уринар, бунинг уддасидан чиқолмай асабийлашар эди.
– Орироқ юр, – хириллади доцентми, профессор бир вақт боланинг бошига тирсаги билан қаттиқ уртиб. – Уп-улли бола... Орироқ юрсанг бўлмийми?
Бола оғриган бошини уқалаб бир зум тўхтаб қолди. Сўнг жаҳли чиқиб кетди ва худди бояги қўчқор шофёрга қандай калла қўйган бўлса бу ҳам бироз орқага басди-да, қайта югуриб доцентми, профессорнинг кетига калла қўйди.
– Ииии, – доцентми, профессор ерга қапишди. Миччи ҳам ерга ағанади. Булардан вақтида қўлини тортиб ололган Шамшодгина йиқилмай, оёқ устида қолди.
– Во-оой! –Бир бодга қўрқиб кетганидан Шамшоднинг кўзи шокосасин чиқай деди, аммо кейин оғзини икки қўли билан бекитиб, яна ўзини тутолмай пихиллаб юборди. – Туринглар эйй, туринглар...
У аввал Миччининг қўлидан ушлаб туриб олишига кўмаклашди. Миччининг ҳамма ёғига чоп-чор илашиб қолган эди. Шамшод ерда ағанаб ётган доцентми, профессорнинг тортинибгина қўлтиғидан тутиб саъй қилди. Ўзига келган Миччи ҳам доцентми, профессорга кўмаклашди. Бола ўз ишидан ўзи қўрқиб кетганди. Онасининг жаҳли чиқса қарғаб қора ер қилар, ҳатто елкасига туймалаб ташлаши ҳам мумкин эди. Унинг кўзойнаги учиб кетганди. Хира кўзлари аланг-жаланг, чўккалаганича атрофни сермалаб кўзойнагини ахтарарди. Уни биров босиб олиб синдириб қўйишидан жуда-жуда қўрқарди.
– Тур болам, мана кўзойнагинг, – Шамшод шошилиб кўзойнакни кўтарди-да, Ферузбекка узатди. – Тургин ўрнингдан, арслоним.
Ўртада бир ноқулай вазият юзага келди. Кўзойнагини тақиб яна ҳамма ёқни равшан кўраётган ўғлига Миччи икки муштини уста-уст уриб кишибилмас ишора қилди: “Ой уйга бораверайлик ҳали, ейман сани!” Ортиқ сўз бўлмади.
Бу ёқда эса томошанинг иккинчи қисми давом этар эди.
Ҳарфхўр елпаррик қўчқорнинг ярим баҳосини бериб, Қаррини шунга рози қилмоқчи бўларди. Унингча Қарридан қўй олиб унга улуғ илтифот кўрсатилаётган эди. Бу биринчидан. Иккинчидан булар, шаҳарликлар, бу йиртоқ-ямоқ юрган чол билан гаплашиб ўтирибдилар. Қаррининг ўзини тутиши эса унинг Ҳарфхўр елпаррикнинг бу фикрларини бутунлай рад қилаётганини кўрсатар эди. У эса Қаррининг меҳнатда қотиб кетган темирдай кафтини жони борича сиқиб оғритишга, ҳеч бўлмаганда унинг шунга интилаётанини кўрсатиб қўйишга уринарди.
– Ме-еен сизларга қўчқорнинг энг бодлисини бердим, – деди Қарри. – Энг бодлисини. Сенинг айтиб турган пулингни қара...
– Эээ, – деди ҳарфхўр. – Бодли, бодлимас... Сан на буларни орқаштириб боқвадингми? Майдонга чиқариб юборасан ўзи юради, ўзи ўтлийди, ўзи уллайиб, ўзи семиради. Ўзи уллайиб, ўзи уллайган шу юмруқдин қўзингга палон пул бер дийсан! Бу пуллар сизнинг қумингдаги ўтдай ўзи ўсиб ётқони йўқ. Уларни манглай тери билан ишлаб топамиз. Ё мана бу қумдай ердан панжалаб ҳам олиб ўтирганимиз йўқ.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Доцентми, профессор ҳам, Ҳарфхўр елпаррик ҳам йигитнинг умбалоқ ошиб тушишини кўрганларида аёлларга ўхшаб қиқирлаб кулиб юборган бўлмасалар ҳам, ҳарқалай ичларидан бир қониқиш туйдилар. Гўё адодатнинг кўринмас қўли бу жўнқи дан улар учун ўч олаётгандай эди. Гарчи доцентми, профессор ва Ҳарфхўр елпаррик жанонларнинг эътиборини тортиш масаласида бир-бирига зимдан рақиб бўлсалар-да, “умумдушман” – Йигитни иккиси ҳам бирдай ёқтирмай қолган эдилар. Чунки доцентми, профессорга ҳам, Ҳарфхўр елпаррикка ҳам бикаларнинг Йигитга кўрсатаётган сал бўлса-да эътибори бирдай кўнгилсиз эди. Улар аёлларнинг эътиборига ўзларини кўпроқ ҳақли ҳисоблардилар. Чунки доцентми, профессор ўзини олим, Ҳарфхўр елпаррик эса шоир санарди. Уларнинг наздида бетаъмиз Йигитча улар учун экмаган ерда белга келган бегона ўт эди. Асли “бегона ўтни” зудлик билан орадан олиб ташлаш талаб этилар, аммо на доцентми , профессор ва на Ҳврфхўр елпаррик шаҳар, турли инфратизилмалардан анча узоқда қолган бу ерларда шофёр Йигитнинг хизматисиз қўл-оёқсиз чўммиққа айланардилар. Буни улар яхши бишар эди.
Айтиш керак-ки, бу ёши ўтиб қолган икки эркакнинг ёшига номуносиб тирғалишлари аёлларнинг ҳамиятига ҳам бироз теккандай эди. Булар не мақсадларда келган-у бу ерларга, бу қариб қуюлмаганларнинг кўнглида не гап.
Миччи ҳам, Шамшод ҳам шароит тақозаси билан ҳафсаласи пир бўлганликларини ошкор қилмасликка ҳарчанд интилсалар-да, Миччининг “пов” этиб ёнишлари уларнинг кайфиятини халтага яшириган бигиздек тез-тез ўзини ошкор қилиб қўяётган эди. Агар жононларнинг бир-биридан, ҳатто ўзларидан ҳам ким сир тутаётган бир истакми, шўхликми ёки шунга ўхшаш бир ҳохиши бўлса, улар хоҳлаган ҳамсуҳбат асло доцентми, профессор ёки мана бу жимси Ҳарфхўр елпаррикдай одам эмас эди. Ҳамма аёллар каби буларга ҳам келишган, жўмард, қарса-қарса гаплайдиган, ҳатто бироз қўпол ва тўпорилар ёқар эди. Бикаларнинг Йигитга сал ортиқчадай кўринадиган эътиборида ана шу қарашлар яширин эди. Гарчи бу Йигит ҳам улар мияларида пиширган образга лоппа-лойиқ келмаса ҳам.
Ҳозир ҳам улар ўзларини қўчқордан калла еган Йигит устидан маза қилиб кулаётгандек қилиб кўрсатаётган бўлсалар, бу фақат унинг жиғига тегиш, бундан унинг қизариб - бўзаришларидан завқланиш, доцентми, профессор ва анави Ҳарфхўр елпаррикка, сизлар ҳатто устингиздан кулишга ҳам арзимайсизлар, деган гап эди. Лекин на доцентми, профессор ва на Ҳарфхўр елпаррик буни тан олмас, бикаларнинг бу қилиқлари фақат уларни тобора кўпроқ аччиқлантирар эди.
Бу ҳол, айниқса, қари ва ҳаммадан даъвоси каттароқ бўлган доцентми, профессорни янада жиддийроқ ва қатъийроқ ҳаракат қилишга ундарди. У ҳар бир сўзи ва ҳаракати билан ёш жиҳатдан ҳам, жамиятдаги обрў ва мартаба жиҳатдан ҳам буларнинг иккисидан ҳам устун эканлигини таъкидлашга интилар ва маълум маънода бунинг уддасидан ҳам чиқар эди. Қаламкаш ошноларининг ичида ўзининг йўқ обрўсини мустаҳкамлаш учун доцентми , профессорнинг бир сўз ва бир ишорасига умид этиб юрган Ҳарфхўр елпаррик, гарчи бу аёлларга нисбатан иштаҳаси кундан-кун очилиб бораётган бўлса-да, иложсизликдан “пири комил”нинг тегирмонига сув қўяр эди. Шундай қилиб, бу кишилар учун ёшгина Йигит билан талашиш мушкул, балки имконсиз бир иш бўлса ҳам, жасадларида эркакликнинг охирги юқлари ғимирлаётган доцентми, профессорнинг ҳам, Ҳарфхўрми елпаррикнинг ҳам муваффақиятдан умиди бор эди. Ноумид шайтон.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

“QAHRATONNING ACHCHIQ AZOBI” TAASSUROTI VA ADIB MAHORATI

Komila YULDASHYEVA,
UrDU Filologiya
fakulteti Filologiya va tillarni o‘qitish: o‘zbek tili ta’limi yo‘nalishi talabasi,
komila.yuldasheva@gmil.com

Istiqlol yillari o‘zbek nasri bir qator yutuqlarga erishdi. Yozuvchilarimiz oliy xilqat – inson obrazini haqqoniy va real yaratish yo‘lidan bordilar. Adabiyotshunos U. Normatov qayd qilganidek: “So‘nggi yillardagi bizdagi adabiy jarayonga xos eng muhim xususiyatlardan biri shundaki, adabiyotimiz chinakkamga xilma xil bo‘lib boriyapdi… bizda ham falsafiy asosi jihatidan xilma xil yo‘nalishga mansub asarlar paydo bo‘la boshladi [Normatov U., 2000: 4]”. Shu nuqtaiy nazardan, Shuhrat Matkarim ijodida ham bu xususiyatni bevosita kuzatishimiz mumkin. Shuhrat Matkarim hikoyalari insonni o‘zining ichki olamiga shu qadar tortadi-ki, kitobxon ayni damda o‘sha hikoya qahramonlari bilan birgalikda harakatlanadi, qayg‘usidan og‘rinadi, quvonchidan xursand bo‘ladi. Qahramonning qalb kechinmalarini, orzu-o‘ylarini ich-ichidan his qiladi. Yozuvchi qahramonlari sodda, samimiy, g‘ururli, mehnatkash, shu bilan birga gapga chechan, millat xarakteri bo‘rtib turgan insonlardir. “Hikoyalar o‘zining osuda samimiyati, voqelikning ichki tamonini ko‘rsata bilishi, qahramonlar so‘zamolligimas, xayol va tasavvurga boyligi bilan ko‘nglingizni oladi, ustoz shoir aytganidek “Mehrini parhez tutmaydigan” do‘stingizga aylanadi. Muhimi, yozuvchi sizga aql “sotmaydi”, ruhiy qaytariqlar bilan dilingizni achitmaydi, qahramonlarini “qum”dan yasamaydi” [Matkarim Sh., 2017: 3].
Yuqoridagi fikrlar adibning “Qahratonning achchiq azobi” hikoyasiga ham taaalluqli bo‘lib, yozuvchi voqealarni ham, qahramonlar ichki kechinmalarini ham ularning xatti-harakatlari, ichki kolliziyasi orqali tasvirlaydi. Hikoyaning bosh qahramonlardan biri bo‘lgan Boltaboyning kasbi, oilaviy sharoiti va uning og‘ir bir muhitdagi ko‘ngil og‘riqlarini tasvirlar ekan, qishloq kishisining sabr-bardoshi, qanoatini jonli lavhalar orqali tasvirlaydi. Yozuvchi hikoyaning avval-boshidan qahramonlarni tanishtirib o‘tirmaydi. Kitobxon voqealar davomida ular bilan tanishib boradi. Boltaboyning uch nafar farzandi bor. Ularning eng kattasi o‘g‘li – Sulton, “sigirining sutini shaharga olib borib sotishdan iborat biznesi” bo‘lgan qizi Zulfizar va endi yettinchi sinfda o‘qiydigan kenja farzandi Rashid. Boltaboy aslida traktorchi, u hozir ham mana shu qora qazonni qaynatadigan va uning birdan bir najoti, “pultopar” traktorini “tuf desang, tupuk muz bo‘lib yerga tushadigan” sovuqda tuzatish chorasini izlardi. Yozuvchi Boltaboyning o‘y-hayollari orqali sovuqning bor mashaqqatini yuksak mohironalik bilan tasvirlab beradi. U avvaliga uzoq suvsizlik yillaridan keyin birinchi marta guppillab yog‘a boshlagan qor uchun bag‘oyati quvongan edi. “Ammo kechga yaqin sovuq shunday tutdirdi-ki, Boltaboyning ertalabki quvonchi ulkan tashvishga, tashvishgagina emas, rosmana qayg‘uga aylandi. Chunki sovuq qishloqning birinchi dushmani. Eng avvalo, mollarga qiyin. Har qancha panada va ichkarida turmasin, qishda qorni to‘yib yem yemagan mol bir zumda diydirab, ikki buklanib qoladi. Boquvdagi mol bo‘lsa oriqlab, sog‘in bo‘lsa suti tortilib ketadi. Keyin uylarni qizdirishning o‘zi bir muommo. Sovuq zabtini yozdirmay uzoq turib qolsa, yoz bo‘yi g‘amlangan o‘tin-cho‘pning cho‘g‘i pasayib, bog‘-rog‘lardagi mevali daraxtlarga bolta tegadi. “Yozda mevadan nima yeymiz?” degan o‘y hech kimning xayoliga kelmaydi” [Matkarim Sh., 2017:166]. Yuqoridagi tasvirlarni o‘qir ekanmiz, agar yozning kunida bo‘lsak ham tanamiz junjikib, qish sovug‘ini his qilgandek bo‘lamiz. Bu ayanchli holat go‘yo boshimizdan kechayotgandek. Xuddi zahira o‘tinimiz tugab, bog‘imizdan har kuni yangi daraxt kesilayotgandek taassurot uyg‘ota bilgan adib. Buni to‘laqonli yozuvchi mahorati deyolamiz. Mana shunday og‘riqli kunlar hamma qatori Boltaboyni ham tashvishga solar edi.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Бу ҳолдан айниқса, Шамшод хафа бўдди. У хафсаласи пир бўлганлигини сира яшира олмасди. Бироқ Миччининг шаддод назари бир қарашдаёқ бу ердаги ишларнинг, уларнинг бошида турган ва уларга эргашган одамларнинг қалбларини авра-астарини кўрди. У очиқ, дадил ва самимий муносабатларни ёқтирарди. Буқтирма гурунгларни жинидан баттар ёмон кўрарди. Бу ерга келганининг эртасигаёқ Шамшодга шундай деган: “Эээ, бир зўр томоша бўлади бу ерда. Зўррр. Ҳали кўрасиз!...”
Уларнинг бу ердан кутган орзуларини чиппакка чиқарган биринчи нарса қариб қуюлмаган, аёл ва таом танлашда ўта фаросатсиз қандайдир доцентми, профессор эди. Бу одам ташкилотнинг ҳам, бу ерда содир бўлаётган ва бўлиши мумкин бўлган ҳамма ишларнинг боши эди. Ташкилот унинг атрофида айланар, шунинг учун у Оқ уйда ўзини пошшоҳдай тутар эди. Ҳеч ким унининг йўлида кеса турмаслиги, хоҳлаган истаги дарҳол амалга ошиши лозим эди. Қайси масалада бўлмасин, унинг гапи икки бўлмаслиги, гапи рад этилмаслиги керак, дерди. Пасткаш ва майдачи одам эди. У ҳар нарсага осилишар, оддий хат ёзишдан тортиб овқат пишириш-у, мажлис ўтказишларгача бўлган доирадаги ишларда ҳаммага танбеҳ беравериб, барчани бездириб бўлган эди. Айниқса аёллар унинг ўта инжиқ муомаласидан кўпроқ жабр энг кўп жабр кўрарди.
Доцентми, профессор йил-ўн икки ой шу ерда, Оқ уйда бўларди. Ишнинг ҳаддан ташқари кўплигини баҳона этиб, шаҳар марказида жойлашган уйига ойда бир – икки борса борарди, бормаса йўқ. Аслида хотини билан ҳарфи олишмасди. Янаям тўғрироғи Оқ уйда хотинининг жабридан қочиб ётарди. “Сизга уйдан кўприкнинг таги ҳам яхши”, дерди зулмкор хотин. “Уйда қанча бўлмасангиз шунчалик вақтингиз хўш”.
Ҳақиқатан ҳам шундай эди. Уйига кириши билан у нафаси сиқилаётганини ҳис қилар, худди эркин учиб юрган қушни тутиб қафасга солгандай, уйдан тезроқ қутилгиси келарди. Уни, бир вақтлари етим бўлган ва “одам бўлиш” йўлидаги тиришқоқлиги туфайли ўқиган институтида ишга олиб қолишган “ёввойи ва ҳуркак йигитчани” қўшни курсдаги қизга уйлантириб қўйишганди. Институт раҳбарияти. Бу ёш лаборант ўшанда бу ташаббас кимдан чиққанлиги-ю нега улар бирдан унга меҳрибон бўлиб қолганлигини англолмаганди. Қолаверса, шу гап чиққанидан кейин унга ректорнинг муносабати кескин ўзгариб, ҳар мажлисда уни мақтайдиган бўлган. Бегона шаҳарда уйсиз-элсиз, не қиларини билмай дув-доло юрганида бирданига ҳам хотинли, ҳам ватанли, ҳам уйли бўлиб қолди. Кўп ўтмай бу бахти билан камситилганлигини билди. Журъатсизлиги сабаб миқ этиб овоз чиқара олмади. Тезда ҳамма нарса – уй - жой, иши, ҳатто унинг ўзи ҳам олий маълумотли бўлишига қарамай қандайдир катта идора бошлиғининг котибаси бўлиб ишлаётган ёш ва гўзал хотинининг қўлида эканлигини ишламайдиган калласи билан ҳам тушуниб етди. Иккиланишлар чўзилиб кетди. Қаторасига бир неча фарзанд кўрди. Аммо бўлажак доцентми, профессор ҳақиқий бахтни туймади. Умри хотинининг ўкчаси баланд туфлисининг тагида ўтди.
Шунинг учун у ҳамиша Оқ уйда. Бу ерда хлини йўқ. Оқ уйда мажруҳ руҳи билан ҳам ўзини ҳақиқий эркак , ҳақиқий раҳбардай тутишга жон – жаҳди билан интилади. Ҳеч кимни аямайди. Ҳаммани эзади. Барибир руҳ уйи вайрон. Бунинг англагани сайин эзилади ва бутун оламдан норози бўлиб, зулми ошади. Асабий, камситилган кишининг зулми айниқса оғир, аччиқ. Буни Оқ уйдаги ҳар бир кас, айниқса аёллар бутун борича ҳис қиладилар. У ҳар қадами, ҳар иши билан аёллардан устунлигини кўрсатишга интилади. Агар уйда бир аёлдан жабр тортган бўлса бу тасоддифий ҳол. Мана у Оқ уйдаги аёлларнинг ҳаммасидан устун, ҳаммасига зуғумини ўтказа олади. Асли унинг нозик хилқатга бўлган қўпол муносабати ортида умр бўйи хотинидан кўрган жабри, камситилган орияти учун қасд олиш истаги ҳам яширин эди. Бироқ хотинидан бутун умр кўрган жабри унинг руҳини ўлдирган, эркаклигини қирққан, унинг хотинбозлиги ҳақидаги гап-сўзларда ҳам у бир шилқим, суюқ киши сифатида гавлаланар, асло ўлжасига отилган арслон каби эмас. Руҳий босим остида яшаш унинг соғлиғини ҳам вақтидан олдин ишдан чиқарган эди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Миччи яна завқ-шавқ билан Олавой қандай ақлли ит экани, уни қандай қилиб ювиб-тарагани, нималар бериб боққани, итнинг нималарни еб, нималарни емаслиги, нималарни яхши кўриб, нималарни ёқтирмаслигини бир-бир санай кетди. Шамшод стол устида букширилган қўлларига иягини тираб уни тинглар, дугонасининг ҳолидан маъюсгина жилмаяр эди. Яна шу завқ-шавқ ортида қандайдир улкан дард ётганлигини энди жуда аниқ англай бошлади. Унинг миқёсини ҳам тасаввур этди. Юраклари сиқилиб, ғижимланиб кетди. Гўё терсойна олдида ўтирар эди. Терсойнада ғам қувонч бўлиб, қувонч қайғу бўлиб кўринади. Шунинг учун Миччининг шавқли гурунггидан унинг кўзлари намланди. Аста-секин ёш халқалана бошлади қароғларида. Кўз чаноқларини тўлдирган лиммо-лим ёшларга кўзи тушган Миччи бирдан тўхтади ва кескин ҳаракат билан Шамшодни бағрига босди. Йиғлаб юборди.
Бир-бирини айтилмаган сўзлар, беун изҳорлар орқали тушуниш, англашга фақат аёлларгина қодир.
– Мен эса дугонамни соғиндим, – деди бир вақт Шамшод кўз ёшларини артар экан. – Қўшнимиз. Шоҳида. Шундоқ характерлари бор-ки...
Миччи кўз ёшларини артди. Шамшоднинг ҳам айтадиган гаплари борлигини билди ва у яна шахтли ва шиддатли аёлга айланди. Лаблари қимтилди. Диққат билан қулоқ тута бошлади.
– Фақат эри... Йўқ у киши ҳам ёмон одам эмас. Жуда яхши инсон, –Шамшод бир зум ўйга толди. Кейин давом этди. – Меҳнаткаш ҳалол, бировга ёрдами тегса тегадики, асло хусумати йўқ. Фақат бир айби бор, кўп ичади. Шундан ҳаловати йўқ уйида дунонамнинг. Уйи катта йўл ёқасида, қишлоқнинг қоқ марказида. Атрофида дўконлар, новвойхона, чойхоналар. Кўрган инсонни ҳаваси келадиган ҳовлиси бор. Ҳеч нимадан ками йўқ. Рўзғорни дугонам ўз бўйнига олган. Мактабда ўқитувчи. Нолимайди, деб бўлмайди, ҳамма аёлдай гапириб ҳам туради. Нима қилсин, каттаси талаба, контракт ҳам дугонамнинг ойлигидан, рўзғор ҳам шу ойликдан. Баъзан етишмовчиликдан жанжал чиқиб қолади дугонамнинг оиласида. Эри ичиб келса жанжал бошлайди. Дугонам ҳам калтак ейди, ҳам шу ичкиликка кетган пулга рўзғоримни тузаб олар эдим, деб таёқ остида ҳам эрини инсофга чақиришдан тўхтамайди. Аммо бунинг фойдаси йўқлигини ҳам билиб туради, аммо барибир гапини айтиб қолади. Кимгадир ёрилиши керак-ку. Аламидан йиғлайди. Бу хол тез-тез такрорланавергандан эр бепарво бўлиб кетган. Кимга гапиряпсан ҳам демайди. Ишини қилади-да, Фарҳод бўлиб тоғ ағдарган кишидай бемалол уйқуга кетади. Қўшнилардан истиҳола қилган дугонам ҳамма дардини ичига ютишга мажбур. Обрўсини ўйлайди-да.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

– Телбамас, ҳай жилли! Дали. Сизлада далли, дейди. Лекин буларда фарқ бор. Телбада ақл бўлмайди. Дали эса ақлли. Атрофдагиларга тентакдай кўриниши мумкин. Лекин у телбамас. Ақлли. Шунинг учун ўз билганидан қолмайди. Ҳа, уни сизларда дали-ғули ҳам дейди, бизлар дали-девона деймиз. Лекин улар ақлли одамлар. Мана шу Хаёлкашни точно дали деса бўлади. Бугун не иш этди, кўрдингизми? Ман-қуу, на деганини унчаллик англаб билмадим. Лекин гапи ўтирган жиллиларга ёқмади. Шундан билдим-ки, ақлли гап айтди. Ана шундий, ёқса ҳам, ёқмаса ҳам тўғри гап айтадиганларга дали дейдилар. Далилар ҳам ақлли, ҳам юракли бўлади.
– Вой бўйй! Тилшунослик бўйича бутун бошли лекция бўлди-ку.
– У не тилшунослик? Қистанганда оғзимни топиб билмийман-қу тилшуносликни не ердан биламан...
– Барибирам-да. Мен ҳеч бўлмаса телба билан далиниинг фарқини билиб олдим.
– Эээ, – бепарво қўл силтади Миччи. – Менда мундий гаплардан хиррик. Бувам бахши ўткан экан. Қонимда бор.
– Ўргулай қонингиздан, – Шамшод Миччининг елкасини меҳр билан силаб қўйди. – Ўзимнинг билимдоним, хушрўйим.
Миччи пирқа кулди.
– Сизам анаву доцентми, профессорга ўхшаб ёлғондан шилқимлик қиласиз.
– Э, қўйинг-э! Ёлғон ҳам эви билан-да, – ҳар сафар шу воқеани айтганда Миччининг жаҳлдан бўзариб, қошлари бир ерга келишини жуда ёқтирар эди Шамшод. – Нуқул бўлмағур гапларни топиб юрасиз, алдайсиз содда билиб. Мени, анув нима дердингиз, анқов, онгқилдоқ, оғзи очиқ деб ўйлайсиз-да, а?
- Ээ, боринг-ай сизам! Сиздан қарзим борми алдаб? Хонасига кирган эдим, сизга бир гапим бор, бу ёққа келинг, деди. Бордим. Бир вақт орқасига айланди-да, ғарса қужоқлаб олди.
– Вуйй! – энди Шамшод ўзини тутолмай қолди. Оғзини бекитиб муштига кулди. – Вуйй, чоли тушмагур-эй.
– Ҳовво, – деди Миччи. – Қужоқлаб олди. – Унинг ҳам юзига муғамбирона кулгу ёйилди. – Лекин қўллари дим кучли экан бобойнинг. Суягимни ғижирлатиб синдириб юборин, деди.
– Воййй, сиз нуқул..
– Э, сизга бор гапни айтса, нуқул, нуқул, дейверасиз. Мен сизга дўғри гапни айтдим.
– Унда сизам дали экансиз-да, а? Тўғри гапни айтсангиз.
– Ҳовво, далиман.
Миччининг хаёлига яна Хаёлкашга кетди.
– Шундийларни яхши гўраман. Мулойим-бадмазаларни эмас. Лекин шу кийимлари... осилиб ётибди. Ёмпиқ. Аркак даган ўзина қараб юриши гарак. Лекин ҳаммаси муннан қўрқади экан.
– Гап кийимда эмас-да, – шивирлади Шамшод. – Гап юрагида, қалбида.
– Аййй! – қўл силтади Миччи. – Кўчада кўрган одам мунинг юрагини не билади? Аввал кийимига қараб баҳо беради.
– Бундай одамлар одатда буюк бўлади.
– Вой-ўйй! Кийимини ўнглаб кияолмаган одам қандай буюк бўлиши мумкин? Мен сизларга ҳайрон қоламан. Фалончи ундай эди, писмидончи мундай эди, дейсизлар. Мен уларни ҳурмат этмийман. Уйи - эшиги йўқ, бомжларга ўхшаб кир-чир кийим, алкашш... шу одамлардан не ўрганиш мумкин? Агар оғзи билан ойни олиб ўтирган бўлсалар ҳам. Шуларни мақтаганларини эшитсам оташин бўламан.
– Қўйинг, – қўл силтади Шамшод. – Сизга гап уқтириб бўлмайди.
– Ҳоввооо. Гап уқтириб бўлмай-диии. Уқишни ҳам истамайма-аан. Ким, анув бир ўрис ёзувчи айтган экан, одамнинг ҳамма нарсаси, кийими ҳам гўзал бўлиши керак, деб.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Блоггер яна бетоқатланиб қолди Атрофига аланг-жаланг боқди. Қони қайнаб бирдан бақириб юборгиси келди. Бақирганда ҳам хонани, хонани эмас, ушбу бинони, фақат ушбу бинони эмас, бутун Қорақумни бошига кўтариб бақиргиси келди. Лекин у бу ерда ёлғиз эди. Буларнинг ҳаммасига бир қора бошши билангина қарши эди. Шунинг учун у бақирмади. Бақиргандан не фойда? Унинг бақириғига анув Ҳарфхўр жўр бўладими? Ҳеч қачон! Ё мана бу икки аёлми? Албатта йўқ. Бечоралар тўй деб, азага тушиб қолгандай кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай ўтирибдилар. Ёки минг йиллик қадрдони Жўра қўшиладими? Конечно йўқ! Бир қаттиқ қоғозга иймонин ҳам сотиб ўтирибди. Шунинг учун Блоггерга эгнини қисиб ўтиришдан бошқа илож йўқ эди. Бошлиқ эса гапида давом этарди:
– Ҳов, ўртоқлар, қани айтинглар: Шунда буларни ишламаётир, ё ёмон ишлаётир, деб бўладими? Ҳа-аа, йўқ. Тўғри, бу тўғрида ҳам ҳар хил фикр бўлиши мумкин. Ҳар хил фикр бўлгани ҳам яхши. Фикрлар бўлаверсин, яхши. Лекин нима деган анув юнон файласуфи? Тўғри, Суқрот менинг дўстим, аммо ҳақиқат ҳамма нарсадан авло, деганми? Мен ҳам ўша файласуфнинг гапини сал ўзгартириб, Хаёлкаш менинг дўстим, аммо ҳақиқат авлороқ, дейман. Бу ташкилотдаги ҳар бир одам ўткан йили бир кун ҳам дам олмай, ҳоримай - нетмай, пирхина пишиб ишлаб ётган экан, менимча ташкилотга ҳам, унда ишлайдиган кишиларга ҳам раҳмат айтиш керак. Ҳовво, ҳовво! Айтганда ҳам улли раҳмат айтиш керак. Улкан раҳмат айтиш керак. Ана шунда адолатдан бўлади. Адолат қарор топган бўлади. Адолатни оёқ ости қилмайлик ўртоқлар! Адолат нондай азиз. Ким нонни тепкиласа кўр бўлади, хор бўлади.
Ҳамма беихтиёр Хаёлкашга қаради. Ээ, ёмон гаплар бўлди-қу. У не деркин?
У эса ҳеч нарса демади. Ҳеч нарса! Ҳа, бутунлай ҳеч нарса! Чунки Хаёлкаш ўз хаёллари билан аллақачон бу ерлардан кўчиб кетган эди. У Бошлиқнинг бирор гапини ҳам эшитмади. На Блоггернинг жангалнинг устида ўтиргандай бетоқат ғимирлашлари-ю, на Жўранинг беш дақиқада ерга кириб, яна замариқдай портиллаб чиққанини ҳам, Бошлиқнинг одамларни адолатга чиқариб, дунёдаги бор-йўқ адолатни ерга тик кўмганини ҳам, унинг гапидан кейин иймони уюриб ўтирган доцентми, профессор Бошлиқнинг ҳар сўзини Исо нафас билиб қайтадан тирилганидан ҳам хабари йўқ эди.
У гапини тугатиб ўрнига ўтиргани ҳамона ердан кетиб, яна кўр ва карга айланган, ҳеч нарсани кўрмас, ҳеч нарсани эшитмас, хаёлан ўз макони – еттинчи қават осмонида эди. У шаппатдайгина, учлари титилиб кетган блокнотини негадир столга эмас, тиззаари устига қўйиб, ўзича пичирлаб, асабийлашиб, шошиб-пишиб унга алланарсаларни қайд этар эди. У гоҳ-гоҳ ёзишдан тўхтар, ручка билан тўзғиб кетган оқ оралаган сарғиш сочларини тароқлаб-тароқлаб қўяр, лабларини чўччайтириб ўй сурар, кейин яна блокноти устига энкаярди. Асабийликданми ва ё илҳомнинг кучиданми қаламини куч билан юргизар, бундан блокнот қоғози гоҳ-гоҳ “пирс-пирс” ўйилиб ҳам турарди.
– Таакк, – деди доцентми, профессор ҳамон кўнглида аллақандай ҳадик билан Хаёлкашга боқар экан. – Шунда мажлисимизни якунласак ҳам бўладими?
– Бўлади, – деди Бошлиқ шаҳд билан. Агар кимдир қарши фикр айтаман деса ҳам улгурмасин, деган мақсадда. – Нима қиламиз гапни чўзиб?!!
Ҳеч кимнинг бу баҳсга аралашгиси ҳам йўқ эди асли. Тушлик вақти ўтиб кетганидан шунчалик асабий эдилар-ки, бир соатдан бери қулоқларига нотиқнинг сўзи эмас, қоринларининг қулдирашигина чалинар эди.
– Тезроқ фойдали иш билан шуғуллансак. А, не дедингизлар? – якун ясади Бошлиқ сўзига.
Хонада ажиб бир асабий жонланиш рўй берди. Ҳақиқатан ҳам уларнинг олдида қоринни тўйғазиб олишдай энг зарур ва фойдали иш турарди. “Оч қоринга булбулнинг саси ҳам ёқмайди”, деган-ку ахир.
Ҳамма гувва ўрнидан турди. Аллақачон иш топмай айланиб юрган қумнинг саррин шамоли Қорақумнинг энг сара ўтларини чимдиб кало бўлган қўзиқўчқордан босилган қаттиқ қовурдоқнинг иштиҳа қўзғовчи исини димоқларга ташимоқда эди. Ҳамма бирдай эшикка урди. Уларни сўлак безлари олға бошламоқда эди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Сочларига оқ оралаган бу жаноб ҳамиша ўзини энг камтар, энг ҳокисор кўрсатишга уринар, аммо уни шу пайтгача энг улуғ, деб эълон қилмаганликлари учун ҳаммадан гинадор, ҳар гапи, ҳар сўзи ва ҳар товушидан заҳар “чилп-чилп” томиб турар эди. Бу ерга ҳам у ўзининг буюклигини исботлаш учун келган, бу ердаги дўсту нодўстларининг ҳар бирига қарши қўйнида шундай тошлар яширин эди-ки, кетарда бу тошлар кимларнингдир афт-башарасини қонга бўяши тайин эди. “Эшагига яраша тушови”, ўйлади Хаёлкаш. “Сизларга бундан ҳам баттарроқ танқидчилар керак. Ҳай... тўғрисини айтганда бундан ўн, юз, минг баттар танқидчи келганда ҳам сизларга барибир. Чунки уяладиган юзларингиз, гап эшитадиган қулоқларингиз йўқ. Сизлар қанча кўп уфлашларига қараб шишадиган шиширавуксизлар. Қанча кўп уфласа шунча уллайиб, уфламаса бир кунда писсайиб қоласизлар”. Хаёлкашнинг “бу буюк танқидчи”га раҳми ҳам келди. “Бечора қанча тайёрланган экан-а, буларни шарманда қиламан, деб. Лекин, “Шармандада шарм йўқ”. Сўнг Шамшод билан Миччига нигоҳ ташлади. “Бу бечоралар бу иккинчи даражали, балки уч, балки ҳеч қандай даражаси бўлмаган ижодкорлар орасида нима қилиб юрибди? Уларни бу ерга ўзининг сохта обрўси-ю, бир тахта қаттиқ қоғоз ёки чойнакнинг қопқоғидай қонгилтир учун раҳмонга ҳам, шайтонга ҳам бирдай хизмат қилувчи доцентми, профессорнинг сохта обўси етаклаб келганига шак йўқ”. Хаёлкашнинг мумга ўхшаган на шакл ва на шамойили йўқ Харфхўрга кўзи тушганда унда назарини тутиб туришни ҳам эп кўрмади. – Хуллас, – деди Хаёлкан хаёлини йиғиб олиб. – Ишқилиб бугунги ишларингиз ўша лой ўйнаб ўтирган болаларнинг понқилдовуқ ўйинига ўхшайди, – Хаёлканш бироз сукут қилди. – Лекин... лекин болаларнинг шу ўйинларида сизларнинг ишларингиздагидан кўра кўпроқ санъат бор. Бироқ улар ўзларини на шоир, на ёзувчи ва на санъаткор деб ўйлашни хаёлига ҳам келтирмайдилар. Улардан не иш этиб ўтирибсизлар, сўрасангиз, понгқилдовуқ ўйнаб ўтирибмиз, деб жавоб берадилар. Сизлардан сўраса, адабиёт қилаяпмиз, фильмлар олаяпмиз, ҳайкаллар тиклаяпмиз, дейсизлар. Улар ўзларини ҳам, қилаётган ишларини ҳам биладилар. Сизлар эса ақалли шуни ҳам билмайсизлар. Ҳеч бўлмаса шу болалардан ўрганинг. Бошқа гапим йўқ. Айтгандай, бу понгқилдовуқ ўйинларингизни ўзиларингиз, бир-бирингиз билан ўйнаб юраверсангизлар, балки ҳеч кимга зарари тегмас эди. Аммо сизлар, бутун ташкилотингиз ўз ишларингизни халққа адабиёт, мусиқа, қўшиқ ва энг юксак санъат деб ташвиқот қиласизлар. Мана бу ёмон. Жуда ёмон. Уят, айтиш мумкин бўлса. Биз ҳамиша фарзандларимиз шундай нарсаларни адабиёт, мусиқа, қўшиқ ва энг юксак санъат деб қабул қилиши миллатимиз келажаги учун энг оғир фожеа эканлиги ҳақида кўп гапирамиз. Аммо, мана кўриб турибмиз, сизларнинг ишингизни адабиёт, мусиқа, қўшиқ ва энг ажойиб санъат деб қабул қилувчилар ёши катталар, хаётнинг аччиқ-чучигини обдон тортиб қўрганлар орасида ҳам бор. Мана, сафингизга яна янги инсонлар қўшилибди. Мен бу кишиларга эслари борида этакларини йиғиб олишни ва бу даврани тезроқ тарк этишларини маслаҳат бераман.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

XI
Доцентми, профессор сохта мулозамат билан Хаёлкашга юзланди.
– Биз ҳурматли Хаёлкашимизнинг фан ва маданиятимиз, маърифатимиз, адабиётимиз ва шеъриятимиз тараққиётига қўшган ва қўшаётган ҳиссасини, ундаги ўрнини жуда яхши биламиз ва қадрлаймиз. Мавруди келди ва биз бу инсонга қилган хизматлари учун чуқур таъзим қиламиз. Чунки у кишининг фикрлари бизга юқорида санаган барча соҳаларнинг бир неча ўн йилларга мўлжалланган стратегик йўналишини белгилаб берган. Шунинг учун бугун ҳурматли Хаёлкашимиздан қаерга қараб кетамиз, янглишмаслик учун нималарга эътибор беришимиз керак, деган муракаб саволларга олтиндан қиммат жавобларини олсак. Буни билмасак, маёғидан айрилган карвонга менгзаб қоламиз. Азиз дўстлар! Ҳурматли Хаёлкашнинг, мажлисимизда шахсан ўзи қатнашаётганлиги биз учун катта шараф. Агар бунинг устига фикрларини ҳам эшитсак бу дунёда биздан бахтиёр одам бўлмас эди. Демак фикрлар, фикрлар ва фикрлар. Бу ҳаммасидан муҳим. Бугун биз Хаёлкашни эшитмай кетсак авлодлар бизни кечирмайди. Шунинг учун фикрларингизни баён этиб бизни бахтиёр этсангиз. Чунки сизнинг иқтидорингиз, хаёл отларингизнинг қудратини яхши биламиз. Бу фикр парвозларидан бизни бебаҳра этмасангиз. Энг асосийси, бу ерда барча Хаёлкашларнинг илҳом манбалари бўлган нозик ва илоҳий хилқат вакиллари – ҳурматли бикаларимиз, – доцентми, профессор мажлис бошидан бери ҳеч нарсага тушунмай ҳайрон бўлиб ўтирган Шамшод билан Миччи томон бош ирғаб қўйди, – иштирок этаяптилар. Биз бугун уларга қараб эртамизни тасаввур этамиз. Эртамиз мана шундай ёшларнинг қўлида. Бугун бизнинг қўллармизда бўлган эстафета таёқчалари эртага уларнинг қўлида бўлади. Шунинг учун сизнинг фикрларингиз улар учун жуда муҳим, жуда қизиқққ...
Миччи Шамшоднинг биқинига оғритиб туртди: “Новви дийваради бу дали?” Чўчиб тушган Шамшод оғриған биқинини силаб Миччига кўз олайтирди. “Оғрийди ҳам, демайсиз-а!”
Доцентми, профессор Хаёлкашни аврашнинг кириш қисмини тугатганди. Ўзининг ёлғонидан ўзи ҳам чарчади. Гарчи ёлғонлаш унинг учун одатий ҳол бўлсада, ёмон кўрган одам ҳақида бунча мақтов тўқишнинг ўзи бўлмас эди. Лекин у шу гапларни такрорлар экан, хаёлида сўзларини Хаёлкашнинг устидан кулиш деб, ўз-ўзини овутди. Аммо у эҳтиёт чораларини ҳам кўриши керак эди. “Бундан ҳар балони кутса бўлади”, ўйлади унга қараб доцентми, профессор. Гарчи Хаёлкан шу пайтгача бирон марта ҳам миқ этиб оғиз очмаган бўлса-да, унинг жуда жиддий, қовоғини уюб ўтиришида бир бало бордай эди. Хаёлкаш қаерда пайдо бўлса доцентми, профессорнинг кўзига туртилган чўпдек эди. Бу ҳол мажлис бошланганидан бери унинг юрагига тинмай ғулу солиб турар эди. У ичкин гурунгларда Хаёлкашнинг ҳамиша паришон юриши, афтода кийиниша ҳақида кўп ва хўп гапирса-да, унда қандайдир ички куч ва қудрат яширинлигини англарди Ва бир кун ўша қудрат уни узоқ-узоқларга отиб юбориши мумкинлигидан хавфсирарди. Чунки Хаёлкашнинг аҳён-аҳёнда бўлса-да, кутилмаганда ва бир қарашда ҳеч бир сабабсиз вулқондай портлашлари яхши маълум эди. Биз вулқоннинг ҳеч кутилмаганда гумбурлаб отилиши ва қайноқ лавалари билан бутун бошли қишлоқлар, шаҳарлар, гуллаган водийларни куйдириб вайронага айлантирганлиги ҳақида кўп марта эшитганмиз. Бироқ бу зоҳирий сурат ва биз бундан ҳодиса содир бўлгандан кейингина хабар топамиз. Аммо вулқон отилишидан олдин ер қаърида, ботинда нималар бўлгани, бўлаётганини кўролмаймиз, англолмаймиз. Шунинг учун ҳам вулқонларнинг отилиши биз омилар учун ҳамиша кутилмаганда содир бўлгандай туюлаверади.
Доцентми, профессор шунинг учун ҳам доцентми, профессор-ки, у ботинни кўра олмаса ҳам шунга интиларди. У отилажак вулқоннинг олдини олиши лозим эди. Агар вулқон отилиб қолсами, худо сақласин, минг курашиб, минг интилганинг билан ҳам ундан соғ-омон қутилиш маҳол бир ишдир.
Хаёлкашнинг биринчи сўзлариданоқ доцентми, профессор қанчалик катта хатога йўл қўйганлигини англади. У ҳамма нарсани ҳисобга олган, аммо Хаёлкашнинг доимо, ҳар қандай шароитда ҳам ўз фикрини айтиши ва бу фикр ҳамиша ҳам эшитувчиларга, айниқса, раҳбарларга мумдай ёқимли бўлавермаслигини ҳисобга олмаган эди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Тўнтариш содир бўлмади. Ҳамма ўз ўрнида қолди. Доцентми, профессор буни аниқ ҳис қилганида ёдига Шамшод билан Миччи тушди. У аёлларнинг олдида ҳам ўзининг қанчалар довруқли раҳбар эканлигини исботлаб қўймоқчи бўлди. Залдагилар шивирлабгина бўлиб ўтган воқеаларни муҳокама қилар эдилар. Шу пайт доцентми , профессорнинг кўзи Хаёлкашга тушди. А, мана! У ҳам бир бош эгсин – бир-икки оғиз гап айтсин.
Доцентми, профессорни хаяжонлантирган Хаёлкаш ҳақида азиз ўқувчиларимизга икки оғиз сўз. Хаёлкаш бу ерга йиғилган оломон учун ҳам бор, ҳам йўқ эди. Бу не деганимиз? Гап шунда-ки, Хаёлкаш учун бу ердаги оломон олами йўқ эди. Унинг еттинчи қават осмонда ўз олами бор. У олам эса, бу ердан, эҳ-ҳее, жуда узоқда. Шунчалар узоқда эди-ки, бу ерга йиғилган “хонимлар ва жаноблар” бу оламни тасаввур ҳам этолмасдилар. Хаёлкаш эса буларнинг оламини сарига келтирмасди . Бу ерга тасоддифан келиб қолганди. У узлат истаб қолган ва бу ерда, кимнингдир ибораси билан айтганда, “доцентми, профессорнинг шайкаси”га дуч келиб қолганди. Мутлақо тасоддифан. Агар бу дунёди бир одамни ёқтирмаса у доцентми, профессорни ёқтирмасди. Бироқ буни на дилида ва на тилида изҳор этган. Бу унинг табиатига хос эмас эди.
Доцентми, профессор эса Хаёлкашни жинидан баттар ёмон кўрарди. Азалдан. Хаёлкашнинг гадойтахлит кийиниши-ю ўзини тутишидан тортиб ҳамиша паришон юриши ҳам, унга эътиборсизлиги ҳам, айниқса марказда унинг қўлланиши-ю эъзозланишигача разил бир нафрат ўйғотарди унда. Шундай бўлса-да Хаёлкашнинг оламига туртилиб-суқилиб киришга бир неча марта жон-жаҳди билан ҳаракат қилган, аммо Хаёлкаш одатига кўра, ўзи суймаган одамни ҳам, унинг ҳар қандай саъй-ҳаракатини ҳам сезмас эди. Шу сабаб доцентми, профессорнинг уринишлари бекор кетди. Бу уни кўп ўртар, эзар эди. Ахир уни, доцентми, профессорни назарига илмай ким бўлибди бу нусха? Ким, ким, ким?! Такрорларди баъзан доцентми, профессор жон талвасасида. Хаёлкашнинг бепарволиги ҳақида ўйлаганда доцентми, профессорнинг жон-пони чиқиб кетар эди. Ҳа, тўрт-беш қатор шиғир қораласа қоралагандир. Ҳа, марказдаги ўзига ўхшаган тўрт-бешта уйсиз, элсиз валломат қўлласа қўллар. Бу ерда ўтириб марказда машҳур бўлибмишми? Бўлса бўлсин. Унга қараса Ҳиротда машҳур бўлмайдими. Ўз шаҳрида, ўз маҳалласи, ўз кўчасида танилмаса, учраган одам унга ҳеч бўлмаса итиммисан, деб, бир қараб ҳам қўймаса, Ҳиротда машҳур бўлганлигининг нима маъноси бор? Ўргулдим санинг ўзингдан ҳам, Ҳиротингдан ҳам.
Аслида эса Хаёлкаш фақат доцентми, профессорга қасд этган эмас, бунга ўхшаган неча-неча доцентми, профессорлар, “шунослар”нинг бу дунёда борлигини сезмас ҳам эди. Йўқ, бу Хаёлкашнинг кибри, такаббурлигидан эмасди. Асло. Ахир теварагимиз қанчадан-қанча микроблар, турли зарарли-ю зарарсиз бактериялар билан тўлиб, бижғиб ётганлигини биз, оддий одамлар ҳам сезмаймиз-ку. Худди шундай атрофда доцентми, профессорникига ўхшаган, бир-бирини билмайдиган, танимайдиган, ёқтирмайдиган, инкор қиладиган дунёлардан ўнлаган, юзлаган, минглаган, миллион ва миллиардлаган дунёлар бор эди. Чексиз кенгликлар аро бу дунёларнинг ҳар бири ўз хаёти билан яшар, бир-бири билан учрашмас, қоқилишмас, бир-бирлари билан қўшилишмасди ҳам. Улар худди магнитнинг манфий ва мусбат томонларига ўхшаб, ҳамиша ўзига ўхшаганларини маълум масофага итариб турардилар. Гоҳида қандайдир сабаб билан бу оламлар бир-бирларига хавфли масофаларгача яқинлашиб келсалар қиёмат қўпор эди. Момоқалдироқлар гумбурлар, чақмоқлар чақар, тўфонлар содир бўлар, сел, жалалар қуяр, бир сўз билан айтганда қиёмат - қойим қўпор эди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Ҳақиқатан ҳам у эмас, Жўранинг “Эътироф белгиси”га сазовор бўлиши Блоггерни типротиконни терс ютгандай ҳолга келтирди. Бояги андишалар осмонга учди. У яна аслига қайтди. Ичидан бир тўфон қўпа бошлади. У бундай, ликиллаб турган вазиятда ўзининг гумбирлаган овози билан тарозу палласини истаган томонига ағдириб юбориши мумин эди. Ҳозир унинг учун синов вақти етган эди. Чунки кўплар мукофотланган, кўплар рози ва бундай пайтдаги исёнкорлик кўп эътибор жалб қилади. Қолаверса негадир бирдан ўзгариб, Бошлиқнинг кетини ялашга тушиб қолган доцентми, профессорга кесак отиш мумкин эди. Барибир энди унинг йўқотадиган нарсаси йўқ. Шу сабаб шартта ўрнидан турди:
– Ман ҳеч нарсага тушунмаётирман! – бошлади у. – Бу на гап? Бу на ... мукофотлаш? Бу мукофотлар қайси асосда берилаётир?
Блоггер мукофотланганлар орасида турган “тўнтариш” ташаббускори Бошлиққа назар ташлаб яна қандай йўл тутиши ҳақида бироз иккиланди. Ўладиган ҳўкиз болтадан ақйтмайди, деган гап бор. Аммо жон ҳам ширин нарса. У Бошлиқ билан тиралишиш барибир яхшиликка олиб келмаслигини яна ҳис қилди. Гап оҳанггини бироз ўзгартиришга ҳаракат қилди.
– Мана, масалан, Бош... ҳурматли Бошлиғимиз бундан ҳам каттароқ мукофотларга лойиқ эмасми? Албатта, лойиқ! Шундай ҳурматли зотга мукофот ҳақорат эмасми? Кейин пули қани бунинг, пули?! Низомда мукофотлар пули билан топширилади, деб, аниқ-тиниқ, кўрга хасса этиб, косовдий ҳарфлар билан ёзиб қўйилибди. Қани пул? Ё ҳаммасини ўғирлаб бўлдингизларми? – Блоггер, буларни ағдариш керак, ҳали ҳам кеч эмас, дегандай Бошлиққа кўз ташлади. У негадир бошлиқ шу бир парча қоғозга сотилмайди, деб ишонар эди.
Бошлиқ яна салобат билан ўрнидан тура бошлади, қоқиринди. Блоггернинг назарида гапи Бошлиққа таъсир этгандай эди. Яна Бошлиқнинг юзида кескинлик ифодалари кўрингандай бўлди. Бошлиқнинг кўз қарашлари кескин гап айтишидан дарак эди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Ўтирганлар яна марта кўз уриштириб олдилар. Улар такаббур доцентми, профессорнинг бирдан мундай мулойим бадмазага айланиб қолганлигидан ҳайрон эдилар. Одатда у мажлисларда қўпол сўзлар, баъзан бирор бечорани, айтайлик, ташкилотда янги кирган, ҳали бу йўлнинг ўйдим-чуқурини билмаган ходимми, аъзони топиб олиб роса ҳақорат ҳам қиларди. Ҳозир у сувдан чиққан шоғолга ўхшар эди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

У энди анча ўзига келиб олган эди. Бошлиқнинг боягидаги шавқатсиз танбеҳларидан унга қарши бориш яхшиликка олиб келмаслигини англаганди. Бошлиқнинг ёнида ўзини оқламоқчи бўлди у. “Одамлар...”, ўйлади у. “Одамлар не, бир оломон-да. Бошингга бир бало келса улар ҳеч қачон ёнингни олмайди. Қайтанга кетингдан тепиб жарга улоқтиришади. Ақлли одамлар кучлиларнинг ёнида бўлади”.
– Дўғри айтасиз! – деди у, алоҳида эҳтирос билан, ҳаёсизларча. – Буларнинг башараларини очиб ташлаш керак. Қачонганча мундатиб юрамиз?!!
Блоггер Бошлиқни тан олди. Бундайларга керак вақтида ҳайбаракаллачилик қилса фойдадан ҳоли эмас, ўйлади у. Бошлиқ ҳам Блоггернинг қуйруғини ликиллатаётганини дарров сезди. Бироқ бунга эътибор бермагандай қилиб кўрсатди ўзини. Бундайлардан ҳар бало кутса бўлади. Агар шамол йўналишини ўзгартирса флюгерга ўхшаб дарров сенга кетинини қаратиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.
– Менинг гапи тамом, – деди Бошлиқ ва гарчи ҳозиргина ўрнидан турган бўлса ҳам, одатича эҳтиёткорлик билан ўтирадиган курсисини бир-икки силкитиб кўрди-да, салобат билан жойига ўтирди.
Ҳамма бошлиқнинг фикрига қўшилишди: буларнинг башараларини очиб ташлаш керак!

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Бошлиқ ҳам ўзига яраша бир нусха эди. Бутун умр раҳбарлик лавозимларида ишлаган ҳамма кишиларга ўхшаб сиркаси сув кўтармас, қўпол ва баджаҳл эди. У оппоқ ва қалин қошларини уюриб, Блоггерга, қани не гапинг бор сассиқ бола, деб ўқдай нигоҳини қадаб турарди. Бу қараш Блоггерни ёмон этди. Жон талвасасида миясини ишлатиб юборишга урина бошлади. Қани ўша, ўша ўзи айтган масаланинг бошқа томони?!! Уҳҳҳ! Калласига бир ҳам қармоққа иладиган фикр келмасди! Иккиланиш эҳтимол, бир сония, балки сониянинг мингдан бир улишида содир бўлгандир. Аммо бу лаҳза Блоггернинг ярим умрини еди.
Умрда бундай Блоггерларга ўхшаган тутириқсиз тирмизакларнинг кўпини кўрган Бошлиқ унинг ўрнидан зўрға қўзғаётганидан бу манглайи қора қуролсиз жангга кирганини ҳис қилди. Бошлиқ бундай пайтларда нима қилиш кераклигини ҳам жуда яхши биларди.
Кечадан бери Блоггернинг сурбетлиги жонига тегиб юрган эди. Ҳадеб экмаган жойда белга келаверадиган бу жўнқини жойига ўтқазиб қўйиш имконидан Бошлиқ ички бир роҳат туйди. Гал бировни босиб, бировни янчиб, бировни эзиб ташлашга келганида Бошлиқ аёвсиз эди.
– Менга қаранг! – деди у қошларини баттар уюриб, узун, териси салқиган кўрсаткич бармоғини ҳавода ваҳшатли силкитиб. – Гапни охиригача эштишни ўрганинг аввал! Бу бир. Иккинчидан не фикрингиз бўлса кейин айтасиз, ҳозир жииим ўтиринг, – Бошлиқ бошқа гап айтмоқчи эди ўзини тутди, қоқириниб қўйди.
Бошлиқнинг бу гапларидан Блоггер, қаранг-ки, енгил тортди. Энди у Бошлиққа ҳурмат юзасидан жим ўтириш керак. Пешонасидан тер чиқиб кетганди. Худога шукур этди. Оғзидан ўйламай чиқиб кетган гапини исботлаш мажбуриятидан қутилди. Ўртага чиқиб не деярини билмай валдираб турганидан Бошлиқнинг бироз ҳаддидан ошган босимини кўтариб, қайта жойига ўтиргани минг марта афзал. Лекин мажлис аҳлини бутунлай довдиратишдай мақсади чиппакка чиққанидан бироз ҳафсаласи ҳам пир бўлди. Бироқ қийин вазиятдан Бошлиқнинг ўзи чиқарганидан хурсанд эди. “Уффф!” Енгил тортди. Бундай олиб қараганда Блоггер мақсадига маълум даражада эришган ҳам эди. Чунки Бошлиққа эътироз билдирдими, билдирди. Унинг асабини ўйнадими, ўйнади. Ҳамманинг диққатини бир неча сонияга бўлса ҳам ўзига жалб қилдими, қилди. Бу ҳарқалай, кичкинагина бўлса ҳам, ғалаба эди. Катта ғалабалар учун эса энди яна пайт пойлаш керак.
Блоггер ўзини Бошлиқнинг қўпол танбеҳидан ғурури лат еган кишидай кўрсатиб, тумшайиб жойига ўтира бошлади.
Бошлиқ эса Блоггерни, ёш боладай бир нуқиб, жойига ўтқазиб қўйганлигидан расмана ҳузур туйди. Чунки бу тоифа кейинги вақтларда босар-тусарни билмай қолган. Қутирган итдай дуч келганга ташланади. Кўзига биров ёқмай қолса бас. Яна Бошлиқ биларди-ки, буларнинг кўпи, балки ҳаммаси, кимнингдир ити эди. Бундайлари учун ҳалол билан ҳаромнинг, пайтава билан байроқнинг фарқи йўқ. Шуларни ўйлаган Бошлиқ роҳатдан тани-бадани бўшашганини ҳис қилди.
Атрофдагилар Бошлиқни диққат билан тинглашга ҳозирланишди. Блоггерни эса бутунлай эсдан чиқардилар.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Қаррининг ёнига аввал келган шаҳарликлар “культурний” эди. Улар ўзидан кичкиналарни ҳам сизлаб гапиришган. Буни кўриб қарри ҳайрон бўлса, ҳаммамиз зиёли инсонлар – шоир, ёзувчи, рассом, санъаткорлармиз. Ҳатто қурт-қумурсқани ҳам қадрлаймиз. Бизларда ўзидан кичикларни Хоразмдагидай сенлаб гапламийдилар, дер эдилар. Бу бўлса ўзини сизлаб, бобоси тенгги Қаррини сенлаб ётибди. Яна уни бир ит, бир кучукча ҳам кўрмайди. Гапидан билиниб турибди. Қаррининг юраги қанча оғриса ҳам қаҳрини тийди, бундан ҳаққини ундириш керак эди. Шунинг учун бу ўлимтикнинг сўзига эътибор бермай гапида маҳкам турди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Ҳар иккала аёл ҳам эртаклар оламига шўнғиш ниятида келган эдилар. Бу эртак қандай бўлиши, у қандай кечиши ва бу эртак уларга қандай совға ва қандай саргузаштлар ҳадя этишини билмасдилар. Улар икки кундан бери Оқ уйда туғилиши лозим бўлган эртакдаги ўз ролларини топиб олишга ҳаракат қилардилар. Бироқ бу эртаклар яратувчилари қари доцентми, профессор ва мағзи сўриб ташланган шўлтиқ узумга менгзаш Ҳарфхўр елпаррик экани уларга ёқмаган эди. Бикалар уларнинг тирғалишларидан озгина ноз-поз ва ғилжинглаш билан қутилиб кетамиз, деган қарорга келган эдилар. Аммо вазият уларнинг ихтиёрига қарши ўлароқ борган сари жиддийлашар ва бу икки эркакнинг нияти уларникидан анча жиддий ва хавфли эканликларини англай бошлаган эдилар. Худди шундай вазиятда овқатлиққа жонлиқ олиб келишга таклиф қилинганда бунга Миччи ҳам, Шамшод бунга дарров рози бўлишди. Ҳар иккала жувоннинг хаёлида бир гап айланганини таъкидлаш лозим – улар йигитга керагидан ортиқ илтифот кўрсатиш ва шу билан доцентми, профессорнинг ҳам, Ҳарфхўр елпаррикнинг ҳам ортиқча тирғалишларини рад этишларини кўрсатиш ниятида эдилар.
Бирдай ёқимли ва ёқимсиз туйғуларни бошидан кечираётган, патлари утилган хўрозга ўхшаган доцентми, профессорни икки аёл ҳурмат юзасидан қўлтиқлаб машина томон юрдилар. Доцентми, профессор ўзини хушатвору хушахлоқ кўрсатишга унринар ва икки хушрўшнинг орасида назокат билан қадам ташларди. Аслида эса беш-ўн минут бир жойда ҳаракатсиз туриб қолишдан унинг ожиз оёқларига жабр бўлиб, қалтирай бошлаган эди. У бундай ҳолини хонимлардан яширмоғи лозим эди. Чунки у Оқ уйдаги шу беш кунлик йиғинда бу икки жувондан бирининг, иложи бўлса ҳар иккиласининг эътиборида бўлишни режалаштирган эди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

IV
Қарри улар сўрагандай сурувнинг энг сарасини тутди. Ажойиб бўлиб семирган, билқиллаган қўчқор-да ўзи ҳам. Аммо, эрка қўчқор бироз томоша ҳам кўрсатди. Уни машинага тиқаман, деб, сиғири туққан кайвонига ўхшаб енг шимириб келган олифта шофёр Йигитни қўчқор бир калла бериб қумолоқ тўлган қўрага ағдарди. Бу Миччи билан Шамшодни шундай завқлантирди-ки, улар ҳамишагидай шарақлаб кулиб юборишди. Сўнг уялганнома оғизларини бекитиб қиқирлай бошлашди. Йигит ўрнидан туриб у ёқ-бу ёғини тузатаман, деган эди қўчқор иккинчи марта калла урди. Энди бикалар ҳеч кимга, ҳеч нарсага эътибор бермай, андишани ҳам йиғиштириб қўйиб қотиб - қотиб кула бошладилар. Ниҳоят оёқларидан жон қочиб бир-бирига суяниб қолишди. Паканагина, лаққадай билқонглаган Миччи Шамшоднинг елкасига шохи энди чиқиб келаётган қўзига ўхшаб авайлабгина бир-икки марта калла ҳам қўйди. Шамшод бундан баттар завқланди. У эгилиб-ёзилиб кулар, дугонасининг елкасидан ушлаб силтаб-силтаб ҳам қўяр эди.
Бола эса бунинг нимаси кулгули эканлигини ҳеч тушуна олмади. Кичкинагиа, думалоқ содда кўзарини бир онасига, бир Шамшод апка сига тикди. Оғзи ним очиқ эди. Бола бу ерга сўйиш учун жонлиқ олиб кетишга келаётганларини эшитган, ҳали жонлиқни кўрмай туриб унга ичи увуша бошлаган эди. Шунинг учун қўчқор Йигитга бир эмас, икки марта калла қўйиб йиқитганида бола, тамом, энди қўчқор қочиб қутилди, деб ўйлаган эди. Онаси ҳам, унинг чиқони ҳам қўчқорнинг озод бўлганига қувониб чапак чалиб юборади, деса, буларнинг кўзи анави оғада. Бола бу оғани ҳам, анақи икки тоғани ҳам ёқтирмай қолган эди.
Қўчқор учинчи бор калла уриш учун басаётганида йигит ўзига келиб апил-тапил қўрадан чиқиб қочди. Бу қочиш чиқонларнинг кулгусини баттар авжига чиқарди. Қўчқордан қутилган Йигит атрофига аланглаб уст-бошларини қоқар экан, бу “опалар”нинг қилиғидан жони халқумига келди. Йигитлик ғурури бирдан бош кўтарди. Бошқа вақт бўлса-ку, нима дейишини ўзи яхши билар эди. Аммо илож йўқ. Икки чиқонга устозининг, доцентми, профессорнинг “алоҳида меҳри тушиб қолган”. Шунинг учун у яқиндагина ўзи ҳам ёқишга интилаётган аёлларга кўз ташлар экан, “булар биз учун “чепуха”, дегандай, бели, қуймичидаги оғриқни зўрға енгиб, тишини - тишига қўйди, илжайди. Аёллар буни кўриб дарҳол жим бўлишди. Йигит эса болага қараб, мана хаётда нималар бўлмайди, дегандай самимий кўз қисиб қўйди. Феруз аянч жилмайди. Унинг қўчқорга жуда раҳми келаётган эди. Шунинг учун боланинг жилмайиши кўпроқ илжайишга ўхшаб кетди.
Чол қўчқорни аллақачон шохидан маҳкам тутиб, машина томон бошлаётган эди. Қўчқор чолнинг қапталинда, унинг оёқларига суркалиб, бир маром, тихирлик қилмай қадам ташларди. Худди чол унга, қисинма, ҳозир сени қўрадан чиқараман-у, қўйиб юбораман, дегун-у, қўчқор бундан севиниб таз-тез, шошилиб бораётгандай эди.
Қурумсоқ доцентми, профессор ўзининг унча-мунча эмас, сахий ва давлатманд эканлигини намойиш этиш, шунинг баробарида бу саргузаштталаб аёлларни ўзига ийдириб олиш учун бу ерга бошлаб келган эди. Ишнинг кутилмаганда шундай ҳанггома билан бошланиши доцентми, профессорга ёқиб тушди. Ҳарфхўр елпаррик эса ўзини бу ҳолдан жуда завқлангандай кўрсатиб, кафтларини бир-бирига сасси ишқаб ҳадеб жилжаяр эди.

Читать полностью…
Subscribe to a channel