sh_matkarim | Unsorted

Telegram-канал sh_matkarim - Shuhrat Matkarim ijodi

194

Assalomu alaykum! Siz ushbu kanalda xorazmlik taniqli adib Shuhrat Matkarim ijodidan bahramand bo‘lasiz! Murojaat: @Yuldashev_Jumanazar

Subscribe to a channel

Shuhrat Matkarim ijodi

“Кўп ўтмай Чингизхоннинг Маҳмуд ал - Хоразмий бошчилигида Али Хўжа ал – Бухорой, Юсуф Кўнка ал-Ўтрорийлардан иборат элчилари Хоразмга келди. Улар қимматбаҳо метал қўймалар, морж тиши, мускус тўлдирилган халталар, ёқут, ҳар бирининг қиймати 50 динар ёки ундан ҳам қимматроқ бўлган оқ туя юнгидан бўлган қимматбаҳо кийимларни Чингизхондан хоразмшоҳга совға сифатида олиб келдилар. Шунингдек, элчилар мўғил подшоҳидан “Хоразмшоҳ билан тинчлик, дўстлик ва яхши қўшничилик” муносабатларини ўрнатиш ҳақида ҳам топшириқ олган эдилар. Хоразмшоҳга шахсан Чингизхон номидан йўлланган нома ҳам топширилди. Унда шундай сўзлар бор эди: “Сенинг ишларинг қанчалик яхши эканлиги ва ҳукминг қувватини оширишда нималарга эришганинг менга аён. Сенинг қўл остингдаги ҳудудларнинг бепоёнлиги ва очуннинг жуда кўп мамлакатлари сенинг буйруғингга итоат этишларини билиб олдим. Сенинг билан тинч – тотувликда яшашни ўзимнинг бурчим деб биламан. Сен менга энг қадрли ўғлим кабисан. Менинг Хитойни ва унинг атрофидаги туркларнинг давлатларини босиб олганим сенга ҳам аён ва уларнинг қабилалари менга бўйинсундилар. Менинг мамлакатимда бойлик шунчалик кўп-ки, уни бошқа мамлакатлардан ахтаришга ҳеч ҳожат йўқлигини сен ҳаммадан кўра яхшироқ биласан. Агар ҳар икки томон савдогарларига йўл очиб беришнинг имкони бор, деб ҳисобласанг бу ҳамма ва умумий иш учун фойдали иш бўлган бўлур эди”.
Хоразмшоҳ Чингизхоннинг номасини ўқигач Чингизхон ва унинг салтанати ҳақида тўлароқ тасаввурга эга бўлишга қарор қилди. У элчиларнинг бошлиғи Маҳмуд ал-Хоразмийни тунда ўз олдига чақирди, унинг мусулмон, қолаверса Хоразм фарзанди эканлигини эслатиб, кўп совға -саломлар берди ва Маҳмуддан мўғиллар ҳақида янада кўпроқ маълумот олишга интилди. Ҳатто хоразмшоҳ Маҳмуд ал-Хоразмийга унинг Чингиз саройидаги ишончли вакили бўлишни ҳам таклиф қилди. Маҳмуд ал-Хоразмий қўрққанидан рози бўлганида, хоразмшоҳ: “Чингизхоннинг Хитой ҳукмдориман, Тамғачни олдим дегани ростми? Ҳақиқатан ҳам шундайми?” деб сўради. “Ҳа, унинг гапи тўғри. Бундай улуғ воқеалар узоқ вақт сир бўлиб қола олмайди, тез орада султоннинг ўзи бунга ишонч ҳосил қилиши мумкин”, деди Маҳмуд ал-Хоразмий. Бу гап хоразмшоҳга ёқмади: “Сен менинг ҳукмим остидаги ерларни, уларнинг қанчалик кенг эканлигини биласан, менинг қўшимларим сон-саноқсизлигини ҳам биласан-ку. Бу хароми ким бўлибдики, менга ўғлим деса? Унинг қанча қўшини бор ўзи?”
Маҳмуд ал-Хоразмий шоҳнинг жаҳл отига минганини кўрганда ўз жони омонот бўлиб қолганлини сезди ва “ҳақиқатдан юз ўгирди”. Хоразмшоҳнинг марҳаматига сазавор бўлиш учун Чингизхоннинг қўшини хоразмшоҳ лашкари олдида отлиқ қўшин рўпарасидаги ёлғиз чавандозга ёки зимистон тунда милтиллаган шамга ўхшайди, деди. Шундан кейингина Аловиддин Муҳаммад Чингизхон билан тинчлик алоқаларини ўрнатиш ва янги савдо карвонлари билан алмашишга розилик билдирди”.
Ёшуллуси ишонмаган ҳар қандай ходим каби бўлим мудирининг ҳам дили хира эди.
– Сиз Маҳмуд Яловочни хоразмшоҳ қандай кутиб олганлигини биласизми? – сўради у мудирдан.
– Ўқиганман, - деди мудир “уф” тортиб. – Давлатини унинг жоҳиллиги, такаббурлиги хароб этган. Аслида хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммад кўплар айтадигандек қўрқоқ бўлган эмас. Агар ундай бўлганида шунчалик катта империяга бош бўлмаган бўлар эди... – Анча жим кетганларидан кейин қўшиб қўйди: – Такаббурлиги хароб этган уни. Ернинг киндигиман, деб, ўйлаган у. Аммо бу дунёда ҳеч ким ернинг киндиги бўлолмайди.
Мудир у нима демоқчи эканлигини англади.
– Бу шифрланган суҳбатнинг маъносини англамадик, – деди вакил қошини чимириб. – Жоҳил ким, такаббур ким?
– Ээ, сиз аҳамият берманг бу гапларга, – деди у. – Эрталаб “Маданият ва маърифат”да бир кўрсатув берилган эди. Тарих ҳақида. Шунга...

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Ана шундай кунларнинг бирида аввал ҳеч бўлмаган воқеа – тушликдан унда ҳам бир бурда нон ортиб қолган эди. У энди қаттиқ нонни қарсиллатиб тишлашга тушганида синфдош қизларидан бири қўл чўзиб қолди: “Хлли дай!” Қиз боланинг, тағин синфидаги аълочи ва энг кўп пахта терадиган қизлардан бири қўл узатиб турганлигидан ўшанда у чексиз ғурур туйган ва нонининг ҳаммасини унга бериб юборган эди. Ёнма – ён турган иккинчи юк машинасида эса ўша қўшни қиз ўтирар ва бу гапларнинг ҳаммасини кузатиб турарди. Қиз бу ҳолни ўзига нисбатан хиёнат деб ҳисобган. Қўшни қиз шу даражада ғазабга минган экан-ки, ўз норозилигини нақ унинг уйига келиб изҳор қилган ва у ўзига келиб улгуриб - улгармай ортига қайтиб кетган эди.
– Энди мен сен билан юрмайман!
Ўшанда унинг кўз олди қоронғулашиб, ўзини вазнсизлиқ ҳолатига тушиб қолгандай ҳис қилган. Қўшни қизга бўлган туйғу унинг қалби, руҳиятини шу қадар тўлдирган экан-ки, қизнинг бу гапидан кейин ичига сув тўлғизилган пуфак ёриб юборилганда суви бирдан тўкилиб шалвираб ерга қапишиб қолганидай унинг ҳам руҳи равони уни тарк этиб, олам ҳувиллаб қолгандай эди.
Довдираши шу куни ҳам, эртаси ҳам, бир ҳафта, бир ойдан кейин ҳам ўтмади. Қўшни қиз олдига боришга, “хиёнат”ининг сабабини тушунтириб беришга юраги дов бермади. Ахир бола эди ўшанда. Журъатсизлиги сабаб йўқотаётгани ҳаётидан устун бир нарса эканлигини у ўшанда билмаган. Бу нарса учун нафақат ёқтирган кишиси билан гаплашиш, англашмовчиликни бартараф этиш, балки курашиш, керак бўлса жон олиб жон бериш кераклигини ўн уч, ўн тўрт яшар бола қайдан ҳам билсин! Аммо у қўшни қизга бўлган тоза туйғусидан воз кечмади. Кечолмасди ҳам. Чунки бу туйғудан кечиш ёки кечмаслик, бояги айтганимиздай, бизларнинг ихтиёридаги нарса эмас эди.
Бу гапларга ақли етганида эса аллақачон кеч бўлган эди. Жуда кеч. Ўша вақтлари у қўшни қизни аввалгидан ҳам баттар кўргиси келар, узоқдан бўлса ҳам кўзи тушса хаяжонланиб кетар, мактабда, қўни – қўшниларникида бўладиган тўю тамошаларга ҳам фақат уни кўриш учун борар эди. Кўз учи билан бир кўрса-да муроди ҳосил бўларди. Унга бошқа ҳеч нарса керак эмас эди. Гаплашиш йўқ, ҳол-аҳвол сўрашиш йўқ. Узоқдан кўришнинг ўзи етарли бўлди. Энди билса қўшни қизнинг, “Энди мен сен билан юрмайман!” деганида ҳис қилган юрак оғриғи умридаги биринчи оғриғи, энг асосий азоби эди. Аммо у оғриқ шунчалик тотли, тоза ва жонбахш эди-ки, ҳозир ўша оғриқни яна бир бор ҳис қилиши учун кўп нарсадан воз кечишга ҳам тайёр эди.
Катта шаҳарга кетиб мединститут талабаси бўлди. Бу ўқув даргоҳи қизлар денгизи, лобарлар океани эди. Хушрўй-бадрўй, мулойим - чарс, ориқ -семиз, узун - қалта , хуллас меъда қандайини тусаса бу ерда бемалол шундайини топиш мумкин эди. Аммо шундай шароитда ҳам қўшни қиз унга ато этган туйғуни такрорлатиш қудратига эга бўлган дилбарни учратмади.
Институтни битказиб шаҳарда ишда қолди. Элбирларининг гапларидан қизнинг унга таниш бўлган йигит билан учрашиб юрганини эшитди. Аммо тўйлари бўлмади. У эса уйланди. Бола – чақали бўлди. Кейин қўшни қизнинг қари қиз бўлиб ўтириб қолгани, сўнг хотини ўлган бировга иккими, учми боланинг устига турмушга чиққанидан хабар топди. Унинг юрагида тўмтоқ бир оғриқ турди. Ёқимсиз оғриқ эди бу. Сувдан олиб ташланган илонбалиқдай ҳамма ёғи шилимшиқ, биғир-биғири кўрган одамни иргантирадиган ҳосиятсиз оғриқ эди. Негадир қўшни қизни ўша болалик пайтидаги қизалоқ эмас, куни учун бировнинг етим қолган болаларини боқишга мажбур бўлган бир қари кампир сифатида тасаввур этди. Бу умрида ҳис қилган иккинчи катта оғриқ эди. Кўп вақтгача шу икки оғриқ билан яшади. ( Давоми бор )

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

У кейинги кунларда умридаги энг тоза туйғу– биринчи муҳаббатини тез - тез эслайдиган бўлиб қолган. Болалигида қўшни қизни яхши кўриб қолган эди. Бу ҳали кирланмаган юракда пайдо бўлган илк ва энг тоза туйғу эди. Бу илоҳий туйғу уни фариштага айлантирган эди. Қўшни қизни ҳам. У бундай туйғуни бошқа ҳеч қачон ҳис қилмади. Ўспиринлик кунлари бўлди, йигит етди, бироқ ўшандай тоза туйғуни яна қайта ҳис қилиш унга насиб этмади. Бундан жуда азоблангани ёдида. Айни севадиган, севиладиган ғўч йигит пайтлари ўзининг ҳиссий тўмтоқлигидан жуда ташвишланган. У атрофидаги бир-бирини севиб, севилиб Асрорларга тўлган, тўлаётган, кулаётган, йиғлаётганларга қараб уларга ҳавас қиларди. Ўттиз, қирқ ҳатто баъзан элликка кирганларнинг кўнглида ҳам муҳаббат юқлари қолганлигини кўриб кўриб уларга ҳавас, ўрнида ҳасад ҳам қилган.
Изтироб дамлари у биринчи муҳаббатининг оловли тилини ҳис қилган болалигига қайтади. “Мен ҳам одамман, ҳиссиз кесакдай яшаб ўтмадим-ку ”, дейди ўзига ўзи.
Қиз қўшни эдилар. Бу гаплар улар ўн уч – ўн тўрт яшар вақтларида бўлиб ўтган. Икки ўрим йўғон, қалин сочларини орқасига ташлаб юргувчи, кўриниши, юриш туриши, бўй басти билан тенгқурларидан ҳеч айирмаси йўқ, ҳатто ўғил болаларникига ўхшаган катта бурни қорапаранг юзига унча ярашмаган бу қизни нега ёқтириб қолганлигини ҳозиргача аниқ билмайди. Балки яқин атрофдаги хонадонларда бошқа тенгдуш қиз йўқлиги, кўчага чиқса ҳам, кирса ҳам кўзи фақат шу қизга тушгани учун шундай бўлганмикан? Аслини олганда қалбимизнинг эгаси биз эмас. Кимни кўрганда юракнинг қаттиқроқ уриб кетиши ҳам бизнинг қўлимизда эмас. Биз қалбимиз қўлида бўлганнинг қулимиз. Унга бўйсунамиз. Тамом. Шундай экан энди саволни бошқачароқ қўйишимиз ҳам мумкин. Хўш, нечун юрагимиз эгаси биз учун шу қизни танлаган экан? Жавоб ҳам шу саволнинг ўзида.
Бугун ОҒРИҚ бутун борлиғини қандай тўлдириб турган бўлса, у вақтларда унинг борлиғини ўша қизни кўриш истаги лиммо-лим тўлдириб турар эди. Бола қалби бу туйғунинг нималигини, қиммат- қийматини ҳам билмас, билгани ҳар куни, ҳар соат, ҳар сонияда қизни кўргиси келар эди. Юраклари ўртаниб қизни соғинар эди. Дарвоқе, ўша қиз сабаб соғинчнинг қанчалик тотли, ҳатто кишига муҳаббатдан кам бўлмаган лаззат бахш этишини ҳам ўшанда ҳис қилган. Қизни кўрса севинар, шодланар, кўнгли тозариб, тобора покланиб бораётганини ҳис қилар, кўздан йитди дегунча эса яна қисинар, соғинар ва энди соғинч лаззатидан ҳузурлана бошлар эди. У бугун бу туйғуларга ном бериб ёки номини билиб айтаётибди. У вақтлларда у бу туйғуларнинг бирининг ҳам номини билмас, қайси келса, қайси кетишини англамас, билмас эди. Билгани қизни кўрса қувонар, кўрмаса қисинар эди. Ўспириннинг муҳаббати шу икки туйғудангина иборат эди. Қизда ҳам шу ҳол бўлган шекилли. Бўлмаса уни узоқдан кўрса қадамини секинлатмас, “Салом!” деса, қизариниб кетмас эди. Мактабга кетишда ёки келишда “тасоддифан” учрашиб қолишса бир неча ўн қадам бирга одимлашлари мумкин эди. Ундан ортиқ эмас. Улар ҳеч қачон мактабгача ёки мактабдан уйигача бирга келишган эмас. У пайтлари бўй етиб қолаёзган қиз боланинг ўғил бола билан етаклашиб юришини тасаввур ҳам этиб бўлмас эди. Аммо бирга ташланган ўша бир неча қадам ҳам уларни самоларга олиб чиққани тайин. Бироқ бир воқеа унинг болалиги, ёшлигини, ҳаётини остин – устун қилиб юборган.
Куз пайти эди. Улар олтинчими, еттинчи синфга кўчган эдилар. Бир куни кечқурун даладан келиб энди уйга кириб турганида уларникига қиз кириб келган. Тавба, ўшанда уйида ҳеч ким бўлмаган эдими? Ё қўшни қизни ўз уйида кўриб ҳаддан ошиқ ҳаяжонланганидан уйда кимдир борми, йўқлигини бутунлай унутганми? Ҳозир аниқ эсида йўқ. Хуллас, қиз уларникига кириб келган. У ҳам ҳозиргина даладан қайтгани сабаб ҳали кийимини алмаштирмаган, дала кийимида эди. Устида рангги ўча бошлаган қизил гулли чит куйлак, устидан жужинка кийиб олган. Бошида рўмол. У вақтларда қизлар рўмолсиз юрмас эди. Рўмолсиз юриш қиз болага жуда уят ҳисобланар эди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

#OAV_biz_haqimizda

📺 2024-yilning 7-yanvar kungi "Assalom, Xorazm" ko‘rsatuvida yosh yozuvchi, Ogahiy nomidagi ijod maktabi "Navnihol" ijodiy to'garagi rahbari Jumanazar Yo‘ldosh haqida lavha namoyish etildi. Unda "Ro‘yo" kitobi, erishilgan muvaffaqiyatlar haqida so‘z yuritildi, taniqli ustoz adib, O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a'zosi Shuhrat Matkarim yosh yozuvchining ijodi xususida fikr-mulohazalarini bayon etdi.


✅ Marhamat, siz ham tinglab tomosha qiling.

Ogahiy ijod maktabi matbuot xizmati

👉
Telegram|👉 Facebook|
👉YouTube| 👉 Instagram
‌‌

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

– Ҳавво, ҳавво, ўзи яхши билади, – деди энди Яхшим. – Ҳай, биласиз-қу ахир, дўғрими?
– Билмайман, – деди босиқлиқ билан Дарвеш. – Боягина анаву питта милиса, питта хулиган келиб қўлтиғимизнинг тагигача қараб кетди. Не қидирди, топдими, топмадими ҳам билмадик. Энди сизлар... не гап ўзи?
– Ҳовва, не гап ўзи тушунтиринг бунга! – деди Яхшим Болтабой отага.
–Ҳов бола! Отанг яхши одам эди...
– Буни биламан, – деди Дарвеш. – Сиз ҳозирги гапни гапланг...
– Отангнинг юзини ерга қаратма!
–Ҳавво, ҳавво ерга қаратма!
– Ме-ен, ўғирлик қилмаса-ам, – Дарвеш атрофига аланглаб қўйди-да, овозини бадтар пастлатди, – ғарлиқ қилмасам... навчун отамнинг юзини ерга қаратаман? Бечора қайтиш бўлганида ҳам, сендан мингдан - минг розиман, деган менга бечора.
– Ҳавво, ҳавво шундай деган, лекин. Мен ҳам эшитганман.
– Садақа бермаган ўғирликдан ҳам, бошқасидан бадтар. Орғи дунёдан умидинг йўқми? Элнинг обрўсини ҳам тўкибсан! – қизишди Болтабой ота.
– Туври, элнинг обрўсини тўкибсиз,– бош чайқади Яхшим.Бу ҳаммасидан бадтар
– Аммо лекиги-ин одам экансан-да! – жеркди уни Болтабой ота. – Бир гапдан қол-да сенам!
– Эээ, бўлди! – қўлини икки томонга сарди Яхшим. – Энди аралашмайман. Сизга кўмак бўлсин, деб...
Дарвеш бу “ташриф”ларнинг маъносини энди англади. Ҳаммасига сабаб элнинг Наврўз байрамига нарса бермагани экан. Яна ҳокимиятнинг одамини калака ҳам қилибди. “Тавба! Ҳокимият қачондан бери девона бўлиб қолди?” Хоразмда “Чага қотса тош бўлади”, дейдилар. Бу ҳам қотди – тош бўлди. Ҳеч нарсга тушунмагандай Болтабой отанинг оғзига тикилиб ўтираберди. – Не иш этиб элнинг обрўсини тўкибмиз?
– Ҳокимиятдан одам келдими?
– Келди.
– У бола пақир шаҳардаги иш – пишини ташлаб бу ёққа, байрамга пул йиғнамоққа келибди. Наврўзда ҳамма бева – бечоралар совғали бўлсин, деб. Сен яна итфеъллигингга борибсан. Пул бермабсан, у болага ҳақорат берибсан!
– Дўғри! – жим ўтиролмади Яхшим. – Ҳақорат ҳам берибсан!
Болтабой ота Яхшимга ўқрайиб қаради. Бироқ индамади. Унга сўз айтиш бефойда эди.
– Ана Пинни кўрнинг боласи Боққи фермер. Сўлқиллатибгина ҳақ берибди. Бир халта бурунч ҳам бераман, дебди.
– Берибми ё бераман, дебми? – сўради Дарвеш Болтабой отадан эмас, гўё ўзидан ўзи сўрагандай эшитилар - эшитилмас минғирлаб. – Агар мунинг ваъда берган ҳамма одамларига бир халтадан бурунч бериб чиқилса Боққи фермернинг эмас, бутун Хоразмнинг ҳам бурунчи етмас. Ҳа, хўш, кейин, – Дарвеш кўзини кўтариб Болтабой отага қаради.
– Обедда меҳмонга уйида зиёфат ҳам берибди. Ана муни ота боласи, юрт обрўси учун тиришган, деса бўлади.
– Отаси Пинни кўр ҳам аферес эди. Бирни бериб ўнни юлар эди. Боққи фермер мошенникчиликда отасидан ҳам ўтди. Агар зиёфат берган бўлса шу одамнинг томоғига қармоғини илдирган экан. Неча одамни куйдириб қўйибди. Дуч келганга зиёфат бергунча шу қарзларини берсин.
– Беради. Бермай не ерга борар эди. Бугун бермаса эртанг беради, эртанг бермаса буюркун, – деди бироз бўшашиб Болта ота. – Қарзи бўлса у дунёда ҳам, бу дунёда ҳам жавобини ўзи беради. Сен... ҳам кўнглингдан чиққанини беришинг керак эди, садақа хисобида бўлса-да. Садақа бериб туриш керак. Садақа радди бало, деганлар.
– Садақа беришни яқинларингдан бошла-а, деган ҳадис бор, Болтабой ота, – деди Дарвеш. – Биринчида-ан, қанча садақам бўлса, ўзимнинг болаларим, оқтиқларидан ортмайди. Ана, укамнинг болалари ҳам етим қолган, биласиз. Боласини уйлантирдим, қизини чиқардим. Энди жой солиб бераман. Садақанинг уллиси эмасми бу? Яхши. Гап бунда ҳам эмас. Беш - олти танга ҳали ҳеч кимни йиқмаган. Лекин шу ҳокимиятданман, деган боланинг ҳаммани оёғининг учи билан кўрсатгани ёқмади. Ўзи баччами, бир баломи, лекин осмоннан келади.
– Сени гапда утган, одам йўқ, сен эмчакдан сут эмас, гап эмгансан. Ётасан, ётасан-да, кўрмилтиқдан бир отасан! – Болтабой ота этак силтаб ўрнидан турди. – Ёқди, ёқмади! Не сенга ёқаман деб қошини териб, лабини бўяб келсинми? Ё уни галин этажак эдингми? Аммо лекин одам экансан!
– Ҳавво, ҳавво! Эркак ҳам лабини бўяйдими? – Болтабой отанинг изидан қўзғалди Яхшим. – Аммо лекин одам экансиз!
Болтабой ота Яхшимнинг биқинига нуқди:

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

– Йўқ, – деди Дарвиш. – Аммо энциклопедист олим Берунийнинг ёзишича, Хоразмда қадимги замонда Наврўзни Навсаржи деган эканлар. Бу эски хоразмий тилида айнан, “янги йил”, деган маънони билдираэ экан...
Қилтириқ ҳеч нарсага тушунмади.
– Новви жи?
– Навсаржи. Буни Беруний, “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, деган китобида ёзиб қолдирган.
– Хў-ўп, – деди қилтириқ чўзиб. У ўзининг обрўсини тушириб қўйганидан пушаймон бўлди. – Бўлмаса гапни эшитинг! Наврўз, меҳр – муҳаббат байрами. Шунинг учун яқинларнинг, қари – қартанг, бева-бечоранинг ҳолидан хабар оладиган байрам.
– Бечора, чорасиз дегани, – деди Дарвеш. – Хў-ўш...
– Шунинг учун биз оғзибирчилик этиб, ким кўмакка муҳтож бўлса, шуларнинг ҳолидан хабар олишимиз керак...
– Олаверинглар, – деди Дарвиш. – Шунинг учун ҳокимият ҳокимият-да.
– Кимникида кўмак экан? – гапга аралашди чой келтирган Дарвешнинг хотини. У жуда қизиқувчан хотин эди. Бир гапни билмай қолса ичини ит тирнаб ўлдирар эди. – Кимникида, а кимникида?
– Аёл деган гапга аралашмаса! – деди қилтириқ. Ўзини жаҳли чиққандай қилиб кўрсатди. Аммо ўхшамади. – Ё сизларда шундийми, хотин-халаж гапга аралашиб кетаверадими?
Ана шунда Дарвешники яна тутиб қолди.
– Хотин деган ҳам ёмон жонивор эмас, сени туққан, мени туққан. Сут эмизган.
– Яхши бўлса буларга хотин деб қўймас эди, – меҳмоннинг ёнини олишга аҳд қилди Мамат. – Хотин дейилганидан кейин ҳаммаси тушунарли.
Хотин сўғд тилида малика дегани бўлади, – Маматнинг меҳмонга тилёғмолик қилаётганини кўрган Дарвеш яна ўкчага минди. – Энди халажга келсак, халаж қабиласининг аёллари ниҳоятда чиройли бўлгани учун ўтганларимиз аёлларимизга “халаж хотин”, яъни “гўзал малика”, деганлар, билмаган бўлсангизлар.
– Э-ээ, хотин деган барибир ўз жўнинда юриши керак, – деди қилтириқ бироз асабий оҳангда бу қишлоқиларнинг ҳокимиятни ҳурмат қилмай тинмай баҳслашиб ётганига. – Хотин деган қўйдай юввош бўлиш керак.
- Қўй дегани ҳам ёмон гап эмас, – Дарвеш бир осмонга қараб, бир ерга қаради. – Қўй дегани ўзимизнинг эски туркий тилдаги, “қўйин” деган сўздан олинган. Яъни қўйнимдаги, ўзимники, қадрдоним дегани. Бекорга Эронда қўйни гўсфанд – “муқаддас мол” демайди. Шунинг учун хотин қўйдай бўлса ҳам муқаддас мол бўлар экан.
– Ҳай, ничик одамсиз ўзи?! – Қилтириқ томоқ қириб, иягини бир – икки чўзди-ю, аммо бирор сўз айта олмади. Ҳамроҳини қаттиқ туртди. – Айтинг.
– А?! – чўчиб тушди шўра аъзо.
– Айтинг!
– Бўлмаса гап мундаййй, – деди “шўра аъзо”. – Шуу, элатда наврўзни ўтказиш учун одамлардан пул йиғнаб юрибмиз. Мана ҳокимиятдан келган одам бизларга кўмак бериб юрибди. Шунга қўлингиздан келгунича...
Тушунмадим, – Дарвеш бир Маматга, бир қилтириққа қаради.
– Несини тушунмайсиз?! – шўра аъзо овозини бир парда баландлатди. –Элатнинг Наврўзига кўнглингиздан чиққанини беринг!
Дарвеш, энди тушундим, дегандай бошини ирғаб қўйди. Кейин, ерга боқиб, бир зум жим қолди. Сўнг бошини кўтариб Маматга қаради.
– Ҳокимият биздан кўмак сўраб келдими?
Ўртага ноқулай жимлик чўкди. Қилтириқ Маматга, Мамат қилтириққа қаради. Дарвешнинг уларга тикилган нигоҳлари саволига жавоб кутарди.
– Туринг! – деди бир пайт қилтириқ.- Кетдик бу ердан!
Мамат билан меҳмон узун-қисқа бўлиб кўчага чиқишди.
– Иштон бити экан-ку бу?! – фиғони фалакка чиқди ҳокимият вакилининг. – Ҳар гапга канадай ёпишади.
– Калласида тўқирди бор, – деди Мамат. – Дали! Шунинг учун ҳеч ерда ишлатмай кетига тепиб қўйибдилар!
Дарвеш уларнинг орқасидан маъноли боқиб қолди.
– Не гап? – яна сўради хотини сабрсизлик билан. – Меҳмонлар тўнғир-тўнғир этиб чиқиб кетдилар. – Не иш этиб юрибди булар?
– Девоначилик этиб юрибдилар.
(Давоми бор)

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Кунгурали уй дейилиши билан отанинг кўз олдига болалиги, ҳар ер, ҳар ерда солинган юз, икки юз йиллик гужумлар соя бериб турган ҳовузли ҳовли, баланд ва мустаҳкам дарвозали кунгурали уйлар кўз олдига келди.
– Ҳайда, – деди ота яна. – Кўрамиз.
Ҳақиқатан ҳам айтилган бу уй қишлоқдан анча четда экан. Учи-қири йўқ кўпгектарли пахта даласининг ўртасида асрлик гужумлар қуршовида якка ўзи сақланиб қолгани ажабланарли эди. Торгина йўлдан бориб кенг ҳовлида тўхташди. Биринчи бўлиб кўзга кунгурали уйнинг ёнида европача усулда тикланган уч қаватли уй ташланди. Эски уй анча нарида, ҳовуз бўйида эди. Ҳовузнинг сув йўқ, ўлтонида сарғайган гужум япроқлари тўшалиб ётарди.
Машина келиб тўхтаганини кўрган ўттиз беш, қирқ ёшларидаги киши, шу ерда уюлиб ётган темир-тирсаклар қошидан қўлини латтага атра-арта уларга пешвоз юрди.
– Келинглар, ассалому алайкум!
Кўришдилар. Мақсадни айтишди.
– Ҳовво, – деди йигит кунгурали жой томон кўрсатиб. – Дим кенг қолғон бу ер. Шунинг ярисини сотажакман.
– Уйни ҳам қўшиб сотасизми? – сўради ота.
– Йўқ, – деди уйнинг эгаси. – Шу уйдан ори ёғи.
– Уйни кўрсак бўладими? – сўради Ота.
– Бемалол, – деди уй эгаси.
Ота кунгурали уй томон юрди. Ўғил ҳам иложсиз эргашди. Эски уйга кўпдан одам кирмаган, атрофи пўлсиллаб шўр очиб, қамиш, ёнтоқ босиб ётарди. Томи очилиб оғочлари олинган, лекин мустаҳкам нақшиндор давбозаси сақланиб қолган эди. Ота тўзғиб ётган шўра, қовшираган ажриқни босиб дарбоага қараб юрди.
– Ота, устингиз вайрон бўлди, – деди Ўғил отасининг ковуши, оқ тўзғоқ ва шўрҳоқ тупроқ ёпишган уст-бошига қараб.
Ота индамади.
Ўғил билан уй эгаси Ота қайтиб келгунча кутиб туришди.
– Не сўрийсиз шу ерга? – сўради ота. – Тўғри келса оламиз, қўнгши бўламиз.
Уй эгаси чайналди.
– Айтаверинг тортинмай, – деди Ота. Шундай дейиши билан гужумлар орасидан булбул овози келди. У бошқа сўз демай булбул саси келган томон қаради. Бутун вужуди қулоққа айланди. – Булбул... борми бу ерда? – деди кейин.
– Ҳовво, – деди уй эгаси. – Ҳар баҳорда пайдо бўлади.
Отанинг хаёли яна болалигига қайтди. Улли-улли кунгурали, ҳовузли жойлар, юз йиллик гужумлар орасида чуғурлашаётган чумчуқлар, тонгда ҳаммани ўйғотадиган булбул саси...
– Оламиз, – деди Ота. – Не берамиз шу сотиладиган ерингизга?
Уй эгаси тап-тақир ерга қоқиладиган тўрт қозиққа қишлоқда ҳозир кўриб келаётган яп-янги иморатларнинг баҳосидан икки ҳисса кўп сўраётганини айтганда Ўғилнинг эси бошидан учай деди.
Ота савдолаша бошлади. Уй эгасининг ноинсофлигини кўрган Ўғли барибир чидай олмади.
– Ёшулли, инсофингиз борми сизнинг? – деди бир оралиқда гапга суқулиб.
– Тўғри, – деди Ота. – Бу ерингиз минг жаннат бўлганда ҳам сал инсоф керак.
Ўғилнинг эътирозидан кейин Отанинг ҳам кайфияти ўзгарганини кўрган уй эгаси шошиб қолди:
– Балки кўна уйни ҳам сотарман, ҳовузи, гужумлари билан.
Уй эгасининг бу гапидан кейин Ота бошқа савдолашмади.
– Ота, дим қиммат келишдингиз, – деди ўғил қайтишар экан. – Бу пулга қишлоқда тўғри кириб ўтираверадиган жойларни берамиз, деб турибдилар. Бу бир тақир ер бўлса, ҳали бу ерга жой соламиз, деганча қанча пул кетади.
Ота индамади. Унинг қулоғидан ҳамон гужумлар ичидан сайраб ётган булбуллар овози кетмас эди.

Дўрмон,
27.12.2023 йил.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Ўтганларни зиёрат этиб бўлганларидан кейин отаси билан Худойқули оғайнисиникига кирар эдилар. Бу киши ўрта ёшларидан ўтган, узун, қоқсуяк, қоқчакка, мўғилбашара одам бўлиб, тили бироз калчик, лекин кўзлари ёниб, қадоқ қўлларини ёйиб, тарвақайлаган узун-узун бақувват бармоқларини ёводай ёзиб ўтин ёрғондин “қарса-қарса” қаттиқ гапирар эди. Ҳамиша кажавали “Урал” мотоциклида юрарди. Буларни қишлоқнинг не ерида кўрса ҳам дарров уйига қайтар ва ҳамма ишини йиғиштириб меҳмоннавозлик билан бўла берарди. Шунда отаси, “Ҳов, Худойқули, сен ишингни орқайин этавар. Бугун бирибир сеникида қоламиз. Кечда орқайин гурунглашамиз”, деса, “Айй, ака-ай! Иш деган адо бўлами? Сизларни монго худо етказди. Дим соғиниб юрвадим. Ана инди болалар бир-икки даканни ғийқиллатадилар”, дерди худди шовқинли катта бозор ёки тракторнинг саси остида гапираётгандай овозини баланд қўйиб. Кейин ундан ҳам овозини кўтарарди: “Ҳайй, болалар!” Отанинг сасига уйдаги ҳамма улли-киччи бир зумда келарди. Худойқул оғайнининг хотини ҳам, ўғил-у қизлари ҳам ўзига қўшар эди: ҳаммаси очиқкўнгил, очиқчеҳра. Барчаси йиғилишиб ҳадемай меҳмонларнинг атрофи кичик бир бозорга дўнади. Шу бозордагидай ғала-ғовур, ҳамма тенггига гапиради, тенггига сўрашади, тенггига меҳрларни изҳор этади. Шунда яна Худойқули оғайнининг овози янграйди: “Ҳаййй, тўхтанглар! Бу не воғирди!” ҳамма жим бўлади. Кейин вазифалар тақсимланади. Қиш бўлса биринчи топшириқ уйни қиздиришга: “Сен, сен, сен меймонхонага ўт ёқинглар!” Уч бола дарҳол топшириқни бажаришга чўзади . “Сен икки дакан тут! Энг даёвидан тут. Бири қатти қовурдоққа, бири куртикка !” “Сен отангларни айтиб кел! Тозабозордан акамлар кели, де!” ҳамма топшириқ берилиб бўлингач Худойқули оғайни баланд овозда меҳмонларга меҳрини яна бир бошдан изҳор қила бошлайди. Хотини ўзи сариқ, кўзлари кўк аёл, қисиниб-қимтиниб меҳмонларга қарайди: “Оғайнингиз дим қувониб кетганда шундий қаттиқ гаплийди, элаштирманг”. Отаси келинни хижолат бўлмасликка чақиради: “Қисинаварма, галин. Бир кун эмас, уч кун қоламиз. Шунда меҳри қониб, ювошиб қолади”. “Айй, ака, қани эди, қани эди!” гулдирайди Худойқули оғайни. “Лекин укангиз дим қориндошжонли ”.
Хуллас, уч-тўрт кун ўтиб сафар қаригандан кейин яна Зиёд буваникига кирадилар. Яна бир соат , ярим соат гурунглашиб ўтирадилар. Зиёд бува ҳар сафарги илтимосини такрорлайди: “Мадрим, иним шу жойингни солиб ташла. Орқайин бўлин. Мен ҳам қариб қолдим. Маткарим акамнинг ёнина борғонда юзим қизариб ўтирмасин”. Отаси ҳар сафаргидай Зиёд буванинг кўнглини кўтаради: “Худо холаса Зиёд бува, худо холаса”. Зиёд бува бу гапнинг ваъдами ва ёки шцндай кўнгил овутиш учун айтилан гапми билмай дув-доло бўли қолаверар эди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Нима жин урган эди уни ўшанда. Ўзи ҳам сиркаси сув кўтармайдиган бўлиб қолганми ё бошқа баломи, лекин қолиб кетаверса бўлар эди-ку. Йўқ, тегма нозик бўлиб қолган. Шунинг учун баҳона топган. “Уйда ишлар кўп”. Аслида нафақадаги одамнинг уйида бало иши, гўр иши бўларми эди? Йўқ, ҳеч қанақа иши йўқ. Шундай бўлса ҳам у қолмади, “Уйда ишим кўп”, деди. Сал асабийлашаётгани бор эди. “Тушундим Шўртака. Уни энди ёнингизга бормайди. Не иш этасиз энди куёвингизнинг дим яқин жўраси. Дим тўлиб кетган. Шунга сал кўпроқ ичиб қўйибди”.
Тўй даврасида бир йигит манглайидаги курсига келиб ўтирди.
– Ассалому алайкум, тўйлар муборак бўлсин!
Бошини кўтариб қаради. Тузуккина кийинган, икки чаккаси қип-қизил, салобатли одам.
– Раҳмат, сизга ҳам муборак бўлсин.
– Раҳм... раҳмат, – йигит бошидаги қимматбаҳо тумоғини столга авайлаб қўйди-да, хизматда юрган йигитлардан бирини қўл булғаб чақирди. – Ҳай, бу ёққа ке! Ароқ қуй.
У албатта, йигит узатган ароқ лиммо-лим тўлатиб қуйилган пиёлани олмади.
– Кечирасиз...
– Сиз тўй эгасининг қайноғасимисиз ахир?
– Ҳовво.
– Бўлмаса невчун ичимман, дийсиз? Ичасиз.
– Кечирасиз..
– Ичишга мабур-р-сиззз!
Шундагина у йигитнинг ғирт маст эканлиги сезди. Кўринишидан ҳеч ундайга ўхшамас эди. Қарибми ё асаблари кетганми тўйда ўтиргиси келмай қолди ва ўрнидан турди.
Хуллас, шу борганида қолмагани ҳалигача ичидан чиқмайди. “Навчун мундий бўлиб қолдик-а, бизлар?”
Қора кўрдимда қишлоқ кўринди.
Болалик вақтларида отаси билан кўп келар эди. Келганида ҳам камида уч кун, бўлмаса ҳафта, баъзан ўн кунлаб қолиб кетардилар. Аввал, қавмларининг қўйимгоси “Қорақопибува” авлиёбуваси нинг деворининг тик ёнидаги уйга борардилар. Бу уйда, исми ким эди-я, бир оёғи йўқ чол кампири билан яшарди. Ким эди-я оти шу қаррининг? Ким эди? Ҳа, Зиёд бува. Қишлоқдагилар уни Зиёд чўлоқ дейишар экан. Лекин у отасининг чолни бирор марта ҳам Зиёд чўлоқ деганини эшитмаган. Зиёд бува дерди, раҳматли отаси чолни жуда катта ҳурмат билан.
Зиёл бува оёғини Гермон Урушида ташлаб келган. Лекин у бирор марта ҳам Зиёд буванинг қўлтиқтаёқда ликонглаб юрганини кўрмаган, дуч келмаган бунга. Ҳа, бир марта узоқдан, Урушда қатнашган ногиронларга бериладиган “Запарожец” машинасига ўтираётганида кўриб қолган. Шунда бу машинанинг рули бошқаларникига ўхшамай, қандайдир ричаклари ҳам борлигини кўриб ҳайрон қолган.
Зиёд буваникига ҳар сафар кириб борганларида у ҳамиша хос хонасидаги кесак ўчоқнинг ёнида кўзойнак таққанича газета ўқиб ўтирган бўларди. Қиш, совуқ кунлари бўлса ўчоқда ҳамиша олов ёниб турар, кўзли плитка устига қўйилган кичкина чўён қумғон ва қангилтир тунчада биқирлабгина чой қайнаб турарди. Зиёд буванинг олдида кичкинагина оппоқ чойнакка дамланган аччиқ чойи, чойнакнинг усти доимо кичкина, сочоқли сурги билан бостириғлиқ бўларди. Газета-журналлар кесак ўчоқнинг тирноғига тартиб билан терилиб турарди.
Болалигида, ҳали йигит етган вақтида ҳам, шу бир оёқсиз чол – Зиёд бува билан унинг кампири Тўтижон момолар қишлоқдаги энг яқин одамларимиз, энг яқин қориндошларимиз, деб ўйларди. Чунки ҳар сафар зиёрат шу чолникидан бошланар, Зиёд бува ҳам, унинг мункиллаб қолган, доим бошида ўзидан катта лачаги бўлган Тўтижон момолар уларга шундай гирди-капалак бўлардилар-ки, беихтиёр бир зумда меҳр уммонига ғарқ бўлар эдилар. Чексиз меҳр уларнинг ҳар сўзи ва қараши, шошилиб дастурхон тузаши-ю, елиб-югуриб бир зумда ўртани қанд-қурс, жийда-ю қоқ ўрикка тўлдириб ташлаганларидан барқ уриб турарди. Зиёд бобо жуда кам ва деярли шивирлаб гапирарди. Чолнинг дудоғидан вазминлик билан тўкилаётган сўзларидан чак-чак бол томаётгандай туюларди унга. Зиёд буванинг ҳар сўзи, ҳар сўзи эмас, ҳар товуши дурдай кўринар, бу унинг бола кўнглига чексиз роҳат бағишларди. У бардош қуриб ўтирган отасининг сонига суяниб олиб чолнинг билинар - билинмас қимирлаётган лабларига диққат билан тикилиб ўтирарди. Гўё чолнинг оғзидан чиқаётган ҳар сўз даҳанидан болга аралашиб тушаётганини кўриши мумкиндай.
(Давоми бор)

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

БУЛБУЛ
(ҳикоя)
– Энди бу ёғи қум, – деди ўғил охирги ўбадан ҳам чиқиб зейкаш ёқалаб кетишар экан. – Уй йўқ уёғида.
Улар куни билан беш-ўй уй кўришди. Энди бу охиргиси эди.
– Бўлиши керак, – деди ота. – Соп-соқолли одам айтиди-ғў. Шу ерда ҳам бир уй бор, сотиладовун деб.
Ўғил индамади. Унинг жуда зарур ишлари бор эди бугун. Ёшулиси топширган. Биринчи ўринбосарга ишонмай, айнан унга – оддий муовинга ишонган эди у ишни. Кеча ҳам оффисда анча тутилиб, ярим тундан ўтканда келди уйига. Айнан шу топшириқни кутилганидан анча тез, сифатли бажариш учун қанча қоғоз титди, қанча одам билан гаплашди, кимларга топшириқ берди, кимлардан илтимос қилди, кимларга дўқ урди, кимларнинг дўнг бўйнини юмшатаман, деб авваллари гаплашишмакка тенг кўрмайдиган каззобларнинг орқа-бўйнини сийпалади. Ҳаммаси шу масала ва ёшуллининг топшириғини қойилмақом ўринлатиб, ўзининг энг ишончли таянч эканлиги ва унга истаган топшириқни бериш мумкинлигини исботлаш учун эди. Кеча бу ишга тайёрланар экан бугун ўша вазифани тушга қолмай бажариб ахборот беришни ва Ёшулининг, “янглишмадингми, шу айтганимдай бўлдими?” деб қайта - қайта сўраши ва у ҳаммаси ҳал бўлганини эшитганидан кейин ҳайратаниб, “Э қойил! Отангизга раҳмат!” дейишларигача кўз олдига келтирган эди. Тунда уйига қайтар экан тонг қоронғусида уйдан чиқиб кетишни режалаштириб телефонидаги ўйғотгични ҳам керак вақтга созлаб қўйди. Аммо телефондан олдин уни отаси ўйғотди.
– Тур ўғлим, тур. Бир ишни кўпдан ўйлаб қўйган эдим сенинг дам олиш кунингга тўғирлаб. Шунга бориб келайик.
Шошиб телефонига қаради. Ҳали ўйғотгичга бергилаган вақтига бир соат бор эди.
– Ота-аа, бугун...
– Биламан болам, биламан. Бугун дам олиш кунинг. Лекин эндиги дам олишингда яхшилаб дам оларсан. Тур болам, тур йўл олис...
Ичидан зил кетди, аммо отасига ёшулли бир топшириқ бериб қўйган, деб айтолмади. Айтиб ҳам бўлмайди-да.
– Ҳа, оқшомги сумкаларни солайми мошинга? – сўради хотини ҳам ўйғониб. – Эртамасми ҳали?
– Эрта, – деди Ўғил тўнғиллаб. – Орқайин ётавар.Нарсаларни ҳам сумкадан олиб қўй.
– Ҳа-аанг? – ҳайрон бўлди кечагина дам олиш куни ишга кетишига тиш-тирноғи билан қарши бўлган хотини. – Ёшуллингизнинг топшириғи ничик бўлади энди сиз бормасангиз? – Хотин сиз, деганга алоҳида урғу берди, гўё унинг кеча айтган ҳамма гаплари уйдирма эди-ю, ҳозир унинг ёлғони фош бўлиб тургангандай. – А?
– Ётаварсонг-а! – жеркди уни Ўғил. – Мут томоша, мут гап бўлди-а, сенга, а? – Айй, сизларга умр йўлдоши, деб от қўйганларни ҳам.
Имиллаб кийинди. “Айтсаммикан ё? Йўқ, айтиб бўлмийди”. Юрагини тош билан тўлдириб қўйгандай эди. “Яқин ер бўлса эди-ғў шарт-шурт отамнинг ишини қилиб бўлиб кечга бўлса ҳам бажарардим топшириқни. Узоққа борадиганга ўхшиймиз. Бўлмаса бунча эрта турғизмас эди отам. Инди ничик бўлади бу ёғи?”
Долонга чиқса отаси сафар кийимларини кийиб тайёр бўлиб турган экан.
– Ассалому алайкум!
– Валейкум ассалом! – Ота ўғлининг афтига қараб шашти сал пастлигини сезди. – Биламан, оқшом ҳам сал кеч келдинг. Дам ололмадинг. Лекин бугун бормасак бўлмайди.
– Гаппи йўқ, ота! – Ўғил туфлиси эгилиб кияр экан боши лўқиллаб оғриётганини ҳис қилди. “Шу давление деган бало ҳам ёпишиб олди-да”.
Буни отасига бир марта айтган эди, “Ишламайсизлар, меҳнат этмайсизлар”, деди. “Долонда мошинга минасизлар, долонда тушасизлар. Ҳеч бўлмаса ишда беш одам отасизларми? Ҳай, билмадим-ов! Ахир иккинчи этажга ҳам лифтда кўтариласизлар. Борганда кўрдим. Шунда давлена бўлади-да одам”. Отаси ҳалиям уни аяди. Кейинги йилда ўғли ўттиз кило , деса лоф бўлар-у, бир йигирма қилодан ошиқ семириб, долтонглаб зўрға юрадиган бўлиб қолганини айтмади.
Ўғилнинг тахмини тўғри чиқди.
– Қишлоққа! – деди ота машинага ўтириши билан. – Жой қараб келамиз.
Ўғил отага ҳайрон тикилди. “Нечук жой, не жой?” Ҳали кун ёришмагани учун Ота ўғилнинг ҳайрат тўла кўзларини кўрмади, аммо ҳис қилди, шунинг учун тушунтириш берди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Ўзи худо уриб қўйган бу оламнинг ойдай туғилган икки қиздан кейин бўлган ўғли даусон касали билан туғилган эди. Шу ногирон фарзанди дунёга келгач хотинининг ости ер, усти таёқ бўлди. Оғзига ароқ тегдими Матоқ Жуммига даврон келарди. Эзилган хотинини тутиб ураверарди: “Сен била-кўра менга шу касал болани туғиб бердинг!” Ўзи ҳам қисина-қисина бир халта суяк бўлиб қолган хотинни ё қўшнилар бу мияниста эрнинг қўлидан олар, олмаса бу дали ўзи ҳориб йиқилгунча хотинини ур калтак-сур калтак қилар эди. Матоқ Жумми ҳар кун пиён, уй ҳар кун қий-чув, тўс-тўполон. Унга панд-насиҳат таъсир қилмасди. На маҳалланинг маслаҳати, на участкавойнинг қўрқитиши-ю тергашлари. Хуллас, хотин бечора бундан ўнми, ўн бешми йиллар бурун ўлди – таёқдан қутилди. Матоқ Жумми шундан бери ўша ногирон бола билан ёлғиз эди. Буни асли, яшаш деб ҳам бўлмасди, ҳатто ўнгишиқ деб ҳам. Бир ит куни эди булар, айниқса, инвалид боланинг куни. Шундай этиб ой ўтди, кун ўтди. Мана Матоқ Жумми ана шундай шарафсиз ўлим топди.
Бир вақтлар у ҳам тоғни урса талқон қиладиган ғўч йигит эди. Орли эди, номусли эди. Ҳаммаси шу колхоз, совхозлар тугатилиб, фермерларга бўлинганидан бошланди. Икки чаккаси қип-қизил Жумабой ишлаб юрган колхоз бир кунда ерга кирдими, осмонга учдими, йўқ бўлди. Қандайдир “пўққа тўйган хўрозлар” қишлоққа эга чиқиб қолди. Ҳамма ҳам қисинди, лекин бу Жумабойни, Жумабойга ўхшаган, “бегорга борсам етар, играмсан куним ўтар”, деб юрганларни ўтмас пичоқ билан сўйгандай бўлди. Бу не дегани ахир? Оқшомгина бемалол тепкилиб юрган ери бирданига ёт бўлиб қолса. Энди челига мол орқанлай олмаса, солмасидан балиқ тутолмаса, ёпнинг рошидан қамиш, портав идан бўён ўролмаса қани адолат, қани тенглик? Бу нарсаларнинг ҳаммаси бир бўлиб Жумабойга худди отасидан қолган ер тортиб олингандек таъсир этди. Ҳамма ҳам қисинди, аммо бу ёмон ўртанди. Колхозни бўлишиб олганларнинг ҳаммасини ёмон кўриб қолди. Ҳатто бир айланиб фермер бўлиб олган ўзининг ака-укаларини ҳам. “Бир кун бировингни ҳам қолдирмай қамайдилар”, дерди у ўзича қутириб. “Яна ҳаммаси колхоз бўлади”. Ўзи айтган гапларга ўзи ишониб анча вақтгача ишламай юрди.
Аммо вақт шамоли эсаверди. Ва шу шамол ер юзидаги миллион, миллаирд кишилар каби бу йигитнинг ҳам ҳақ-у ноҳақ талабларини кўкка совураверди, совураверди.
Яна ётиб еганга тоғ чидамас, деган гап ҳам бор. Неча авлодининг тиши колхознинг юпқа нони билан чиққан Жумабойда тоғ тугул оддий тумпак ҳам йўқ эди. Ишга кирай деса, қишлоқда иш корейснинг боласидай гап. Хуллас, ётиб-ётиб охири акасининг фермерига ишга чиқди. Лекин тезда бу ишнинг ҳам миси чиқди. Чунки Жумабой бир-икки ойдан кейин қараса у фермер аканинг сиқимидан чиққанинигина ялар экан. Бу унга ёқмади. Жумабой ҳам ҳарқалай шу оиланинг ҳосил шохоси бўлмаса ҳам бачка бутоғи. У ҳам томирдан – фермерликлан келиб турган озиқдан оғзини тўлдириб-тўлдириб хўплагиси келади. Дарров дафтар - қаламни олиб ҳисоб-китоб қилди. Ҳаммаси тўғри! Аканинг пичоғи мой устида, бу эса зўрға қаттиқ нон кемиради. Қани адолат? Юзини тўнтариб акадан ҳаққини талаб қилди. Хўп, деган акаси бирни берса бешни истади, бешни тутса ўнни сўради. Хуллас, ака-укаларнинг моши пишмади. Охири бўлмади: топганларинг тўйингга буюрмасин деб, акасига терс фотиҳа берди-да этак силтаб чиқиб кетди. Шу кетишда бирор бир ерда ҳаз бериб ишламади. Бугун бу гап чиқиб турибди-да.
Жумабойнинг уйга қайтмагани икки кундан кейин маълум бўлди. Уни қидириб кетганлар қараса велосипеди тоза қазилган ёпнинг устига қурилган пояпул ёнида, рошга суяниб турибди. Ўзи ёпнинг ўлтонидаги чалчиқ сувда ғужанак бўлиб ётибди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Ҳозир уйдаги ҳамма уйқуда, ёлғиз у ўйғоқ эди. Шу гапларни эслар экан юраги яна бир марта орзиқди. Хаёллари яна ўша жаннатий вақтларга қайтди.
Қайнотасининг кўп ҳаракат ва харажатлар биланмактабга директор этиб жойлаштирилган йили у ҳам билим юртини тамомлаб, шу ерга жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишга келган эди. У вақтда ёш директор ҳамманинг кўзига ўтдай босилар эди: Баланд бўйли, яғриндор, отасидай бургут бурун, жиддий қарашли. Уни кўрганда киши ҳеч бўлмаса орқасига бир қайрилиб қарарди. Айниқса, қишлоқдаги қизларнинг “жинни бўлиб қолишларига сал қолган”. Мактабда турмушга чиқмаган қизлар ўртасида янги ёш раҳбарнинг эътиборига тушиш борасида эълон қилинмаган баҳс бошланди. Лекин ҳали “оғзининг сариғи кетмаганиданми” ё бошқами у бу мусобоқадан четда эди. Тўғрироғи шундай бўйлашув бошланганидан хабари ҳам йўқ эди. Бўлмаса у ҳам ердан чиққан замариқ эмас эди. Бир дилбар ва гўзал, Нормат бахши куйлаганидай, “узун бўйли, кенг қужоқли” навниҳол эди. Қизларнинг ўзига хос “олишувига” ёш директорнинг дарсларни ўрганиш мақсадида синфларга кириши чек қўйди. Ёш директор Аъзам буни, жисмоний тарбия ўқитувчисини, тор спорт формасида кўрди-ю, ёш директорга кўз сузиб, оғзининг суви оқиб юрганлар доғда қолди-да, “ўлжа” унга насиб этди. Совчи келганида бундан, ҳеч бўлмаса бир оғиз, ҳеч бўлмаса ёлғондан, розимисан, деб ҳам сўрамадилар. Ўзлари бичишди, ўзлари тўқишди. Қарабсиз-ки, ўн саккиз яшар пари ғўч йигитнинг қўйнида ётибди-да. Ўввв, мактабда, маҳаллада, овул ва қишлоқдаги қизларнинг ҳасаддан ёнганларини кўрсангиз эди. Шу даражагача бориб етди-ки, мактабдаги кўп эрсаклар ёш келинга салом бермай, саломига алик ҳам олмай қўйдилар. Юзини жуда-дим қотирганлари, “не кунингга шундай йигитнинг қўйнида ётамишсан”, деб пана-панада келинчакни қоқиб-туртиб ҳам ўтдиган бўлдилар. Бу эса шунчалик понғи эди-ки, мактабдаги оқшомги чиқон, опа-сингилларининг муносабатлари невчун бирдан шунча ўзгариб қолганини англай олмай ҳам юрди. Энди ўн саккизга кирган, ёш эди-да жуда. Бироқ яхши бошланган ишнинг охири вой, бўлди. Вақт ўтиб йигитга етолмай йиғлаганлар кулди, муродимга етдим деган бу йиғлади.
Сулаймоннинг узугига битилган битикда айтилгандай, у кунлар ҳам ўтиб кетди. Энди у замонни эслаганда қувонмайди ҳам, куйинмайди ҳам. Хаёт одамни эзиб-эзиб шу даражада пишитиб қўяр экан.
Қаердадир хўроз қичқирди. Тун ярми бўлган эди.
Хонасига қайтди. Ётоқ эшини очар экан иссиқ билан қўшилиб димоғига “гуп” этиб бояги ҳид урилди. Энди билди. Боя нафас етмай бўғилгани иссиқдан ёки печкадан чиққан бошқа исдан эмас, балки хонани тўлдирган ароқ ҳидидан экан. Буни очиқ ҳавога чиқиб қайтгачгина англади. Аъзам акаси терлаган шекилли. “Невчун бирдан калламга келмади шу?” ўйлади у. Ҳа, кейинги вақтда ароқнинг бадбўйи эрининг ҳар бир хужайрасигача сингиб кетганди. Эрнинг ичмаган куни йўқ, салгинага, баъзан биргина пиёлага ҳам маст бўлиб уйнинг ичтаган бурчагида, дуч келган ерда ухдаб қолаверарди. Шу сабаб тўшаклари ҳам кўпдан бўлак эди.
Кеча эса яна маст қайтган эр хотинига алланарсалар деб ғўлдираганича ётоққа кириб кетган эди. Эри ечинмасдан ҳам ухлаб қолган, бунинг устига диванга кеса ётиб олган эди. У иложсиз аданга тўшак тўшади. Куни билан итдай югуриб чарчагани сабаб дарров ухлаб қолибди.
Аммо, ҳали айтганимиздай, тун ярмида нафас етмай ўйғониб кетганди. Энди қараса дам бермай хўппиқтирган кўмирнинг иси эмас, эрининг, тўғрироғи, спиртнинг қўланса ҳиди экан.
У дераза форточкасини очди. Эшикни ҳам қиялатди. Салқин елвизак хонани тозалай бошлади. Эри одатича ғужанак бўлиб ётарди. Бир вақтлари ҳар елкасида бир йигит ўтирадиган экакнинг муштдай бўлиб қолганини кўриб унинг ҳам ичи увишди, ҳам хўрлиги келди. Аъзам уйқу орасида зир-зир титрар, ғўлдирар ва кимдандир ё нимадандир яширинишга уринади. Бир вақтлари девдай бўлган эрининг ҳозирги аҳволини кўриб кўзига ёш қалқди. Яқиндагина атрофни ларзага солган воқеа ёдига тушди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

У бўлтакларни пухталаб қуяди. Бўлтак яхши ёниши учун тиғиз, оғиргина қилиб тайёрлаш керак. У махсус уч кўзли қолип ясатган. Қуюшдан олдин бўлтакнинг тўрт томони ҳам яхшилаб шиббалайди. Бу яхшиёнар ёқилғи тайёрлашнинг яна бир шарти. Тайёр бўлтакларни қуёш энг яхши тушадиган ерга қуйиш керак. Иш у билан ҳам тамом бўлмайди. Бўлтакнинг ости ҳам усти ҳам бир хил қуриши керак. Бунинг учун уларни ағдариб, ҳамма томони бир хил қуритиш керак. Бўлмаса бўлтакнинг изғор тортган тагидан қурт-қумурсқа кириб уни илма-тешак қилиб ташлайди. Бундай бўлтакнинг ичи эса ғовак, пўкки келади. У ловва ёнади, бироқ иссиғи бўлмайди.
Хуллас мана шу сабабларга кўра бўлтак тайёрлашни бошқага ишонмайди. Ҳамма ишни бошидан охиригача ўз қўлидан чиқаради. Шунинг учун у тайёрлаган бўлтак бир текис ва яхши ёнади. Бировлар бу ишни беҳафсала, чалама-чакки қилади. Шунинг учун уларнинг қиши билан кўргани азоб.
Кеча ишга берилиб хоналарни сал ортиқча қиздирибди. Аммо бунинг ҳеч зарари йўқ. Мана кўча совуқ, уй иссиқ. Фақат мана бу ҳид...Қайдан пайдо бўлди экан?
У ўрнидан туриб ўғилларининг ётоқхонасига бош суқиб кўрди. Йўқ, бу ерда бирор безовталикдан дарак йўқ. Хона ҳавоси ҳам тоза эди. “Ҳа-аа”, деди у деразага кўзи тушар экан. Йигитлар дераза форточкасини кия очиб қўйишибди. Шунда ҳам хона иссиқ, йигитлар тинч ухлашяпти.
Улар икки-уч кундан бери буғдойнинг ўрнига экилган кечки сабзини ковлашаётган эди. Яхши, ер тўнгламай улгуришди. “Жаннат шундан ортиқ бўлмайди”, ўйлади у яхшилаб қилинган меҳнатдан кейин оппоқ чойшабларда, кўнгли хотиржам, бир маром, бир зайл ва бир текис нафас олаётган ўғилларига қараб. “Иккаловларига ҳам раҳмат. Ақлли чиқишди. Кўз тегмасин, полвон йигитлар. Энг асосийси ғайратли. На ишга ёпишса, “ейман”, деб ёпишадилар”.
Ҳақиқатан ҳам ўғиллари тик, бўлдамли, гавда-ситраси дадаларининг худ қуйиб қўйгандай ўзи, ҳатто ундан ҳам баландроқ ва бақувватроқ эдилар. “Худога шукур, феъллари ўхшамади акасига”, деб қўйди у ёқасига туфлаб.
Ўғилларини ўйлаб қувонди, эрини ўйлаб қисинди. “Эҳҳ, қани эди ичишни ташласа. Ўзининг соғлиғи-ю умрини хароб этди. Энди болаларининг ҳам бахтини бойлаётир”.
Шоғолларнинг чўзиб ваҳимали улуши, итларнинг безовта ҳуришлари эшитилди. Товуш туннинг қоронғилиғи-ю совуқ ҳавони тешиб келаётгандай туюлди. Юрагини кимдир оғритиб ғижимлагандай бўлди.
Яқиндан бери бир-икки ерга қудачиликка боришга чоғланган эди. Нияти отли-обрўли одамлар билан қуда бўлиш. Ахир ўғиллари ақлли-хушли. Юз-кўзлари арчиб қўйилган юмуртадек. Ҳар эгнида бир йигит ўтиради. Ичмайдилар, чекмайдилар. Аммо... аммо кимнинг қизини ҳали узоқдан, орқаворатдан суриштирса ҳам уч кун ўтмай совуқ хабар келади: “Сиз учун минг қизимиз бўлса ҳам берар эдик. Лекин акаси...” Ҳеч кимдан хафа ҳам бўлиб бўлмасди, албатта. Фақат эзилади. Болаларига гап йўқ. Бу ҳамма тант олади. Лекин ким ҳам пияниста билан қуда бўлгиса келарди? Албатта, ҳеч ким. Бунинг ўзи ҳам ичмайдиган-чекмайдиган, салобатли, уйида хўжайин эр бўлган оилаларни кўзлайди.
Аммо бир вақтлар, бир замонлар эрининг оиласи ҳам қишлоқдаги манаман деган оила эди. Қайнотаси район марказидаги қандайдир савдо ташкилотида бошлиқ эди. Баланд бўйли, ориқ, қоқчакка, қараганда нигоҳлари тешиб ўтаман, дерди. Янги тушган вақтлари у анчагача қайнотасининг кўзига тушмасликка харакат қилиб юрганини эслайди. Қўрқарди. Важоҳатли рўзғор бошлиғидан. Қайнонаси ҳам, раҳматли, эрини кўрса зир титраб турарди. Қайнотаси уйга келиши билан ҳатто кучуклар ҳурмас, мушуклар миёвламасди. Оилада фақат одам, эрка ўғил Аъзамга қаҳрли қайнотанинг дами ўтмасди. Қайнотанинг ҳамиша совуқ, қор ёғиб турган қовоғи ҳам, бароқ қошлари остидан таралган наштардек нигоҳлар билан ҳам эрка ўғилнинг иши йўқ эди. Аъзам дадасидан заррача ҳам тискинмас, ойисини эса бир тийинга олмасди. Шу даражада эрка эди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

@Zornavobot orqali yuklab olindi 📥

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Кейинги пайтда оиласи унга қайишишга қарор қилган эди. “Йиғиштиринг бу ишларни”, деди хотини. “Энди сизнинг эртадан кечгача елиб-югуришингизнинг ҳожати йўқ. Ёмон эмас энди булар. Ҳаммаси ўзларининг араваларини ўзлари тортиб кетди. Сиз ҳам энди ишларингизни қилинг”. Аёлининг гапидан англади-ки, қарор қатъий, шикоят ва ғингшишга ўрин йўқ. Унинг эртадан кечгача куймаланиб ичидан чиқмайдигани –уйида ташкил этиб қўйган мўъжазгина иссиқхонасини ҳам бир кунда бузиб, кўчага чиқариб тахлашди ва катта қилиб “СОТИЛАДИ” деб ёзиб қўйишди. Буни кўриб қаердадир учратгани ва замон руҳи анқиб турган эълон эсига келди: “ҲАММА НАРСА СОТИЛАДИ”. “Ҳа, ҳамма нарса сотилади”, ўйлади у, “ҳамма нарса”. Авваллари бундай ишларга ўзи югуриб ўрганганидан хотини бошчилигида болаларининг бу ишни бунчалик тез уддалашганига ҳам ҳайрон бўлди, ҳам қойил қолди.
“Бўлди, ҳозир етиб бораман. Таксидаман”. “Ҳози-иррр”. Хотини алаҳсирарди. Тушида жуда шошилаётган бўлса керак ётган жойида безовта ғимирлаб у ёғидан бу ёғига ағдарилди. Яна алланарсалар деди. Бошқа сўзларига тушуниб бўлмади. Инграниб яна ағанади.
“Дим хорийди бу”, ўйлади у. “Ким айтди экан бу гапларни уларга? Кимдан чиққан экан бу таклиф?” Иссиқхона ҳарқалай анча-мунча даромад келтираётган эди оилага. Тўғри, у куни билан ичидан чиқмай куймаланар , ҳамма вақти шунга кетаётган эди. Ёзув-чизув билан асосан тунда, бир ухлаб тургач шуғулланар эди. Натижа ҳам шунга яраша эди. Ишлари ҳақида энг яқин таниш - билишлари ҳам билмас эди. Атрофидагиларнинг бирови қассоб, бирови молфуруш, бирови эшакбозорда даллол дегандай. Бу уни кўпам безовта қилмас эди деса, балки ёлғон бўлар, лекин у молини кўтариб бировнинг бурнига тиқиштирадиганлар тоифасидан ҳам эмас эди. “Кераклар билар”, деб ўйлар эди. Лекин билди-ки, ўзининг ўзи ҳақидаги анчагина ижобий ва баланд фикрига қарши ўлароқ уни билиши кераклар ҳам билмас экан. Буни яқинда марказдан келган бир ҳамкасби айтиб қолди. Ҳамкасбининг кўзларида аллақандай тушунуксиз, йилтираган кулгу бор эди: “Менга қаранг, сиз ҳақингизда гап кетди. Кўпчилик билмас экан”. Бу албатта, анча ёқимсиз ва ориятига тегадиган гап эди. Шунданми, бу гапни эшитиши ҳамона у алланарсалар деб вайсай бошлади. Ҳамкасби ҳам фикрининг давомини айтмади, кўзидаги ўша номаълум кулги қотганича қолди. Ҳозиргача ўйлайди: қанақа кулгу эди ўша кулгу? Кулгу эдими ё ачинишми? Ё мисқиришмиди? Кимдан кулган эди у? Бунинг устиданми? Ё буни билмаганларнинг устиданми? Ё умумий аҳволданми? Номаълум кулги эди бу. Ҳозиргача бу кулгунинг сабабини ахтаради ва топмайди. Қанақа кулгу эди ўзи у? Ўзидан сўраб қолса бўлар экан. Ҳозир калласи қотиб ўтирмасди. Ўйлай-ўйлай ўша ҳамкасбининг кулгусида қандайдир ачиниш зоҳир эканлигига тобора кўпроқ ишонаётган эди. Буни англагани сайин сув юзига қалққан пўкакдай бошқа саволлар қалқа бошлади. Кимдан, кимнинг ҳолига ачинган эди ҳамкасби? Бировга ачинганмиди ё бошқами? Бу саволларга ҳам жавоб йўқ эди. У эса негадир ўшанда ҳамкасбининг олдида тили қисиқдай ҳис қилганди ўзини. Нега? Билмайди. Йўқ, тўғрироғи билади. Унинг ҳамкасбининг олдида ҳам, бошқаларнинг олдида ҳам, ўзининг олдида ҳам тили қисиқлиги бор. Ҳатто кўп. Санайверса рўйхат бир қулоч бўлади. Шунинг учун бу ҳақда гап очмаган маъқул.
Мана, масалан, кейинги вақтда оиласи олдида ҳам тили қисиқдай. Чунки улар буни ишласин деб, ҳамма шароитни яратишган ёки шунга уриниб ётишибди. Бу эса сув сепилган тик қирғоққа чиқишга уринаётган тойлоқдай қайта-қайта шалоплаб сувга қулаяпти - иши унмаяпти. Ундан ҳам баттари боши-ю хаёли отбозор. Фикрлари тас-талқон – чўзғиб-чувалашиб ётибди. Йиғаман, йиғналаман деган сайин фикрлари масхарабознинг оёқ-қўлидай тарвақайлаб кетаётир. Авваллари бўйинтуруқнинг тагида дам олиб бўлса ҳам у-бу нарсага эришар эди. Энди ҳамма шароит бўлганда бир жойда депсиниб, бу ҳам етмагандай, баъзан орқага кетаётгандай туюлаётгани аламли эди. “Эшакнинг юки енгил бўлса ётқиси чиқади, дегани шу бўлса керак”, ўйлади у.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Аммо ҳаёт экан, кейин турли вазиятлар билан боғлиқ катта - кичик, сезилар-сезилмас оғриқларни “кўп ва хўп” туйди. Уларнинг бирлари шу куни, шу ондаёқ ўтиб кетар, бошқалари бир, икки, уч, беш, ўн кун баъзан ойлаб ва йиллаб ҳам ўтмас эди. Бироқ ҳар бир янги оғриқ худди дард устига чиққан чипқондек чунонам азоб берар, фақат навбатдаги дардгина аввалгисининг заҳмини бироз пасайтирар эди.
Яқинда яна бир оғриқ туйди. У ишлайдиган илмий муасасага марказдан вакил - комиссия келди.
Бир вакилдан эндигини қутилишган эди. Изи совумай навбатдагиси пайдо бўлибди. “Шўрвангни тинитмайди булар!” деди биров. “Шўрингга шўрва тўкади булар!” деди иккинчиси. Кейин минггинчи, эҳтимол миллионинчи марта “Ёзнинг ҳазини пашша билан вакил бузади”, деган доно гапни айтган инсонга тасаннолар айтиб, янги вакил, янги комиссияни кутиб олишга ҳозирлана бошлашди.
Кун ўтиб уни директор ҳузурига чорлади:
- Хўшш, - деди бошлиқ. – Анави боланинг бўлимига комиссия келди. Хабарингиз бўлса керак. А? Жуда яхши. Шу... обедда бирга бўлинг. Болага ишониб бўлмайди. Мошинингизда чиқинг. Кейин районга, уйига ташлаб қўйиш керак. – Директор унинг елкасига қоқди. Худди ёш болаларни эркалагандай. – Тушунарлими? Бўпти, марш!
Директорнинг бундай муомаласидан шу сафар юраги бир санчиб кетди. Яқин - яқинларгача директор билан ака-ука эди. Бошлиқ уни бошқалардан кўра ўзига яқин оладигандай туюлар эди унга. Ҳатто баъзан сирлашгандай ҳам бўлар эди. Аммо унинг синфдошими, мактабдошими, қишлоқдошими катта лавозимга ўтирди-ю бир кунда, бир соат, бир сонияда ҳаммаси ўзгарди - қолди. Энди директорнинг бурнига сириқ етмасди. Аввал атрофга зийрак аланглаб тез-тез юрадиган олам, энди салобат билан толтонглаб юрадиган одат чиқарди. Атай. Худди юмуртаси ғўрра бўлгандай. “Тавба”, ҳайрон бўларди у. “Одам ҳам шунчалик тез ўзгарадими?”
Директор ўзини ҳам худо, ҳам пайғамбар тута бошлади. У ҳам директорнинг бу ва бундан баттарроқ хурмача қилиқларини кўтаришга мажбур эди. Нолиш, шикоятбозлик ўринсиз. Афанди айтганидай, олдимизда ҳам ёмғир ёғиб турган бўлса, қочиб қаёққа ҳам борар эдик.
Шуларни хаёлидан ўтказиб вакил билан кўчага чиқди. Бўлим мудири ҳамроҳ бўлди. Мудир ёш бўлса ҳам тиришқоқ, катта - кичик билан қандай гаплашишни биладиган суханак йигит эди. Вакилга ҳамроҳлик, бирга тушлик қилиш, айтган манзилига етказиб қўйиш унинг учун бир “пуф” дегандай гап эди. Аммо директор уни ўз ўрнига даъвогар деб ёқтирмасди. Албатта, таниши катта лавозимда ўтирар экан бундан хавфланмаса ҳам бўлади. Бироқ даҳри дунда нималар бўлмайди, дейсиз. Бир дубалай турса унинг тоғини ҳам учириб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун директор бу ёш бўлим мудирини ғарқ қилишга тинмай уринар эди. Унга “бола” дейиши, устидан доим назоратга киши қўйиши, албатта мудирни камситиш учун директор ўйлаб топган йўл эди.
“Одам ҳам шунчалик жоҳил, такаббур бадгумон бўладими?” жиғи - бийрон бўлди у машинага ўтирар экан. “Бу қилиғинг бир кун бошингга етар-ов”.
Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммаднинг Чингиз элчилари билан бўлган учрашувдаги жоҳиллиги ва такаббурлиги нафақат уни, балки ўз даврининг энг қудратли мусулмон давлатини ҳам хона вайрон этганлигини эслади.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

“Энди мен сен билан юрмайман!” деган қиз ўшанда эшикнингн тутқичидан тутиб ўзини бир ёнга ташлаб бир ўкчасида бешиктебратардай солланиб бориб-келар экан. У қўшни қиз билан “юришини” шундагина билиб ҳайратдан қотиб қолган. Ҳозир ўйлаб қараса кўчада кўришиб қолишса “Салом - Салом”, “Бугун сизларда фалон дарс борми? Бизда бор ёки йўқ”, дейиш уларнинг “юриши” экан. Икки тоза юракнинг бир - бирлари билан шу мулоқоти ҳам фавқулодда яқинликдан дарак экан-да ўша пайтлари!
“Не учун?” ҳайратдан қотиб қолган у. “Сен синфингдаги фалончи билан гаплашар экансан!” “Ёлғон!” деган бутун вужуди ҳис – ҳаяжондан титраб. “Буни мен бугун ўз кўзим билан кўрдим!” “Қачон?” “Пахтадан қайтаётганда, мошинда!”
Ўша кунлар пахта терими мавсуми эди. Улар район маркази –посёлкада туришарди. У вақтлари мактаб ўқувчилари 5 - синфдан бошлаб ўқувдан озод қилиниб, теримга жалб қилинарди. Уларнинг мактаби пахта теришга туман марказини ўраб олган “Коммунизм” колхозига чиқар эди. Ҳар синфга колхоз бир юк машинаси ажратар, ўша машина эрталаб ўқувчи – теримчиларни мактаб олдидаги майдондан миндириб пахтага олиб кетар, кечқурун яна шу ерга олиб келиб қўярди. Уларнинг “Б” синфи ҳам, қиз ўқийдиган “Г” синф ҳам Собир бодроқ деган кишининг бригадасида пахта терарди. Бригадир уларга бутунлай бошқа оламнинг одамидай туюлар, чунки Собир бодроқ улар каби мактаб ўқувчиларинигина эмас, ҳатто катта - катта опалар, ҳолалар, аммалар, дойилар, оғаларни ҳам тергар, бировларини мақтаб, бошқаларини кора ер қила олар эди. Фақат катталар кичикларни тергашларига ўрганиб қолган болалар учун бу бир ғайриоддий ҳол эди.
Ўқувчилар орасида ҳам терим масаласида тартиб қаттиқ эди. Норма бажарилиши шарт. Бажармаганларнинг қулоғи ортида шавла қайнатилади. Унинг синф раҳбари баланд бўйли, чўзиқ юзи қорамтир, арабларга ўхшаб қиррабурун, бароқ, ўсиқ қошларини доимо чимирилган, аммо қувноқ киши эди. Таъби назми борми ё бошқами ўзини, “Чўлда ўсади саксавул созоқ, География ўқитувчиси Сейтақов Қозоқ”, деб таништиришни хуш кўрарди. Аммо норма сўрашга келганда лабларидаги доимий кулгу қаёққадир ғойиб бўлар, бирдан қора, қалин қошларини бадтар уюрар, ўзи қаҳрли, қаттиққўл муаллимга айланиб қоларди. Нормани бажарганлар машинага чиқиб бошқаларни кутар, бажармаганлар эса бир чеккада география ўқитувчисининг “қулоқ шовласи”га навбатга туришар эди.
У ўртача теримчи эди. Нормани бажариши учун бир сония ҳам чалғимасдан бутун ўйу хаёли пахтада бўлиши керак. У шундай ҳам қилар эди. Унинг учун нормани бажариш унга кўп оғир эди. Аммо нормани кучлаб бажариб, эски “Газ-51” автомашинаси бортига чиқиб олиб бошқаларни кутиш бошқача бир ҳузур эди. Фартугини тагига ташлаб машинанинг қаттиқ бортига суянганича қунишиб ўтирар экан, бутун аъзои бадани зирқираб оғриётганини ҳис қиларди. Ҳозир уйига боришини, қўл - оёғини ювиб енгиллашганидан кейин иссиққина уйда, юмшоққина кўрпача устида ўтириб ойиси пишириб қўйган иси иштаҳани қўзғатувчи таомни шошилмасдан ейишини ўйлаганда тезроқ, иложи борича тезроқ уйига етгиси келиб кетар эди. Аммо воқеалар унинг истагига бўйсунмас, ҳаммаси ўз йўсинида давом этарди. Кузак куни қуёш тез ботиб қоронғу туша бошларди. Намчил ҳавода ҳазон, хом пахта ва пишмаган кўрак иси кезинар эди. Куни билан минг, миллион марта ғўза чаноқларига эгилиб чарчаган болаларнинг қоринлари пиёзнинг пўсти бўлиб кетган бўларди бундай чоғда. Баъзи тежамкор болалар фартукларида “обеддан” ортган қаттиқ – қуруқ нонни сичқонга ўхшаб иштаҳа билан қитир-қитир кемира бошлар, қолган оч болалар уларга қўлларини узатиб, “Хлли дай! Хлли дай!” деб ялинишар эди. Нони борлар сўровчиларга ҳиммат кўрсатишар, улар биргаликда дунёдаги энг лаззатли таом – қотган нонларни мазза қилиб кемиришга киришар эди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

ОҒРИҚ

Бугун ҳам нақ ярим тунда ўйғониб кетди. Яна оғриқдан. Бу оғриқ уни кўпдан безовта қилади. Кўринмаган доктори, бормаган табиби қолмади. Бирови у дейди, бирови бу. Маълум гап йўқ. Оғриқ эса уни ҳар кеча нақ гирибонидан олади. Шундай бўғади-ки, ҳатто нафас олишга ҳам қурби етмай қолади. Бир замонда бутун баданини тер босиб, ўзи қўш каллали рубобнинг таранг торидай ҳар нарсага сезгир бўлиб қолади. Оғриқ бир жойдан тутмайди. Кўчиб юради. Ҳозир кўкрак қафасининг чап томонида, сал ўтиб кўкракнинг ўнггида сезилади. Гоҳ қўл ёки оёқда. Ўн ёки юз тонналик пресс остида қолгандай суяклар чарсиллайди, синаётгандай туюлади. Кейинги кун кимдир кабзаларининг остига бигиз тиқиб аёвсиз товлайди. Баъзан оғриқдан белини кўтаролмай қолади. Энг ёмони ҳар сафар оғриқ аъзои баданининг бир жойидан бошланиб, зум ўтмай бутун баданга, танасининг ҳар бир хужайрасигача томир отади. Роҳат - фароғат деб аталмиш жон сўлини аста-аста сўлқиллатиб сўра бошлайди. Бундай оғриққа чидашнинг ҳеч иложи йўқ. Тунги шоғолдай чўзиб - чўзиб увлаган чоғлари ҳам бўлган.
Дард уйқуда қаттиқ сезилади. Кўзларини очса оғриқ аста– секин пасайгандай бўлади. Аммо бир ҳаракат қилдими оғриқ кучайиб кетади. Баданининг гоҳ у, гоҳ бу ерини оч қолган қўтир итдай ғажий бошлайди. Бу ит истаган аъзони тишлайди, дуч келган мичани титкилаб тирнайди. Оғриққа чидамай ўрнидан туради, ўтиради, юради. Минг уринсада оғриқ билан келиша олмайди. Қайсидир таниши ўргатган психотерапевтик усуллардан ҳам фойдаланишга уринада. Аммо бенаф. Ноилож тўшакка чўзилади. Ухлашга уринади. У ёққа ағанайди, бу ёққа ағанайди. Икки киприкни бир ерга олиб келишнинг ҳеч иложи йўқ.
Оғриқ унинг нафақат жисмини, балки руҳини ҳам лиммо-лим тўлдириб қўйган. Ҳаётида шу оғриқдан бошқа нарса ҳеч қолмаган. У ва шу оғриқ. Бир-бирининг белидан тутиб туришибди. Бошқа ҳамма қувончу ташвиш, муаммо-ю масала бир четга сурилган. Оғриқ унинг ёлғиз хўжайинига айланишга , у эса бақадри ҳол оғриққа қаршилик кўрсатишга уринади.
Аввал унинг ҳам кунларида қувончга ҳам, ташвишга, ҳасрат ва аламларга ҳам жой бор эди. У ёлғиз эмас эди. Ҳамроҳ, ҳаммаслак, ҳамфикрлари – қувонч, севинч, тотли дамларини ёнига олиб ғанимлари – ташвишлар, қайғу ҳасратларга қарши курашар, уларни бахт уммонига ғарқ қилишга уринар, кўп ҳолларда бунинг уҳдасидан ҳам чиқар, кейин кўнгли сарафроз бўлиб масту қурғун рсмонларда юрар эди. Шундай мастлик пайтлари ҳам бу оғриқ бор эди. Аммо у ўша вақтлари ниҳоятда кичик, дейлик мошдеккина, балки ундан ҳам майдароқ эди. Яна қаттиқ эмас, қандайдир аморф, шаклу шамойили ҳам маълум эмас эди. Шунинг учун у вақтларда унинг борлиги ҳам ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас эди. Шунинг учун у оғриқни гоҳ сезар, гоҳ сезмас эди. Аммо вақт ўтиб у кучдан қола бошладими ва ёки ғанимлари кучга тўла бошладими бора - бора руҳи, баданидаги оғриқ анчайин шаклланди. Каттайиб эътибор талаб бўлиб қолди. Аввалига қамғоқдай енгил ва салгина пуфлаш билан даф бўладиган оғриқ энди унинг ҳаётида ўз ўрнига даъво қила бошлади. Кунлар ўтган сайин дард думалатилган қортўпдай улканлашиб салмоқ ҳам, кўриниш ҳам касб этди. У маҳв этиш қийин бўлган аниқ воқеликка айланди.
Бугун эса у тани ва руҳини тобора тўлдираётган оғриқ, ички дард қандай қилиб енгилмас девга айланганини англашга уринади. Қачон бошланди ўзи бу оғриқ, бу дарднинг устунлиги? Қачон қувончу севинчлари ғамга таслим бўлди? Наҳот кўпи кетиб ози қолган умрининг қолгани шундай, дард остида кечса? Ёки қувончу севинчлар уни икки қўлтиғидан ушлаб кўк тоқига олиб учадиган вақтлар яна қайтармикан?
Энди унга ким ёки нима далда, суянч ва куч - қудрат манбаи бўлиб хизмат қила олади? Ҳаётида яна катта қувонч, улкан муваффақият ва кўнглини тўлдиргувчи ғалабалар бўлармикан?

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

– Тўтиқушдай қайталайверма бир гапни!

– Невчун келибдилар? – Ҳалима эрининг олдидаги дастурхон – сочоқни йиғиштирар экан ҳайрон бўлди. – Не худой урди буларни бугун?
Аммо кейинги воқеалар ривожи буларни эмас, Дарвишни худо урганини кўрсатди.
– Устингдан ариза тушибди, – деди кечқурун келган шўро бува.
– Ариза? – ҳайрон бўлди Дарвеш. – Устимдан ариза тушиб мен не колхоз раиси ё бир идорага бошлиқманми?
– Улардан ҳам баттарсан! – деди шўро бува. – Боланг икки йилдан бери кўринмийди. Не ерда юрибди?
– Иби, иби! Билмайсизми не ерда юрганини, шўро бува?
– Мен не ердан биламан? Бола сеники бўлса!
– Сиззи бола билан ўрисда юрибди-қу ишлаб.
– Мен сенинг болангни сўраётирман.
– Қизиқмисиз, шўро бува? Ахир ўтан йили ўзингиз келиб, эланиб - эланиб ўтирдингиз-ку, болангизни биззи болага қўшиб юборган эдингиз-қу. Шундан бери келмади.
– Биззи бола-а, ана келди. Юрибди қоровул бўлиб ишлаб. Сенинг боланг не ерда, нечун келмийди, кимлар билан юрибди? Шуни сўраётирман.
– Мен қайдан биламан кимлар билан юрганини. Мен бу ерда, у ўрисда бўлса.
– Билмийсанми?
– Билмийман.
– Билмасанг, боланг у ёқда анавиларга қўшилиб кетибди!
– Ё тавба! – деди Дарвеш. – Кимларга?
– Жўгичилик этма! Ўзинг биласан. Кейин анави гаплардан ҳам хабардор ўхшийсан.
– Қайси гаплардан?
– Анави... қадимги замонларни қайтарамиз, деган гаплардан. Ҳокимиятдан келганларга ҳам кўҳна замонлардан гаплабсан...
Дарвеш миқти гавдали, кенг кўкрак, калта поча бўлса ҳам оёқлари ерга қоқиб қўйилгандай мустаҳкам турадиган, бунинг устига ҳамма қишлоқ болалари каби ёшликда кўп кураш тушган, билаклари бақувват эди. Индамай, сокин бир нафрат билан ўрнидан турди. Шошилмай катдан тушиб йиртиқ қовушини кийди. Шўро буванинг тик манглайига келди. Кўзларини кўзларига қадади. Шўра бува титраб тушди. Дарвешнинг кўзларидаги нафрат шу даражада эди. Дарвеш кўчани кўрсатди. Таҳдидли овозда шивирлади:
– Шўра бува-а, кетинг ҳозир. Болам учун каллам билан жавоб бераман. Сиз эса болангиздан нечун эрта қайтганлигини сўранг.
Дарвеш бунинг сабабини яхши билар эди.

Уч кундан кейин шўро бува яна келди. Болта бува ҳам, Яхшим ҳам, питта хулиган, питта милиса бола ҳам келди. Ҳаммаси бирга келди. Улар билан бирга баланд бўйли, полвонкелбат бир йигит ҳам бор эди. Мўйлаби ўзига ярашиб турибди.
Дарвеш узумзорда юрган эди.
– Э-ээ, келинглар! – деди Дарвеш уларга. Буларнинг ҳаммасининг бир келгани яхшиликками, ёмонликками, деб ўйлади. Аммо уларнинг шашти аввалгидай эмас, пастроқ эди.– Бу йил узум яхши бўлади, худо хоҳласа. – Кейин шўра бувага қараб гап бошлади. – Мен бола билан гаплашдим. Ойдий ишлаб юрибди экан. Заводининг директори билан ҳам гаплаштирди. Раҳмат, шундий меҳнаткаш, оқ кўнгил, тоза болани тарбиялаганингиз учун, деди, – Дарвеш келганларга бир – бир қараб чиқди. – Қайт десангиз, қайтаман дейди, болам.
– Энди-и, Дарвешбой, – қириниб гап бошлади шўро бува. – Бизлар сеннан кечирим сўрамоққа келдик...
Дарвеш келганларга ҳайрон тикилди.
– У бола бир апирис экан. Ҳокимиятданма-ан, деб бир ойдан бери қишлоқма – қишлоқ, маҳаллама – маҳалла пул йиғнаб юрган экан. Бизлардай... соддаларни топиб. Раҳмат сенга... пул бермаганинг учун.
Келганларнинг ҳаммаси қилган ишларига яраша айрим-айрим кечирим сўрашди. Кейин бояги нотаниш полвонкелбат йигитга қарашди. У кишибилмас бош ирғаган эди ҳаммаси узун-қисқа бўлиб эшикка қараб юрдилар.
Дарвиш катга ўтирди. Шу икки – уч кун ичида жуда чарчаганини ҳис қилди. Кўрпачага чўзилди. Бирдан бўшашди. Кўзларига ёш қалқди негадир. “Нега одамлар мундай экан-а?” ўйлади у. Осмонга тикилди. Осмон кўм – кўк эди. У кўзларини сидирди. “Ахир ҳаво рангсиз-ку! Ҳа-ҳа, тўхта-аа. Ахир осмон тубсиз, зимистон. Осмон тубсиз бўлгани учун қоп – қора. Кўзимиз илғаган ердаги булутлар қават – қават, уларнинг сояси рангсизлик билан қўшилиб, кўзимиз илғаган жойларгача мовий тус беради. Ҳаёт ҳам шундай-да. Оқ билан қоранинг қоришиғи. Ичига кирмай четдан қарасанг мовий, зангор, кўм – кўк кўринади. Аммо ичига кирсанг...”
Дарвеш уч кундан бери гапирганига афсус қилиб юрган эди. Энди мутлақо гапирмасликка аҳд қилди.

15 – 28 октябрь 2016 йил.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Эртасига Дарвешникига участкавой келди. Индамай - нетмай тўғри боғ тўрига ўтди. Молхонадаги йирик - майда туёқнинг барини эринмай кўздан кечирди. Товуқхонага ҳам бош суқди. Товуқлар ҳуркиб қоққоқлашиб у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа учишди. Бадбўй чанг кўтарилди. Бироқ милиса бола бунга парво қилмади. Оғилхонанинг қоронғи - қоронғи муюшларигача ўтиб лой деворнинг катта-кичик тирқишларининг ҳаммасини фанариги билан ёритди, уларга бир - бир қўл тиқиб кўрди. Томорқага экилган экинни қистанмай элади. Айниқса, пиёз, саримсоқ, гул кулчаларни қаричма – қарич кўздан кечирди.
Дарвеш унинг ёнига ҳам бормади, не гап, деб ҳам сўрамади. У ҳам ҳеч нарса демади. Отиздан чиқиб уст-бошини ҳафсала билан қоқди-да, қандай кириб келган бўлса шундай, гап - сўзсиз чиқиб кетди.
– Бир чой қўй, – деди Дарвеш секингина хотинига. У умри бино бўлиб ҳеч кимга, ҳатто ит-мушукка ҳам овозини кўтармаган. Болаларига, умр йўлдошига бирор иш айтганида ҳам гапи буюруқ эмас, илтимос оҳапнггида бўлар эди. Юмшоқ ва ҳалим одам эди. Бировнинг кўнглига тегиб қўйишдан жуда-жуда қўрқар эди. Одамнинг бор-буди кўнгли, у ерда худо яшайди, дерди у.
– Дарвеш узумзор ўртасига ўрнатилган сўрига чиқиб ўтирди.
Хотини дастурхон кўтариб келди.
– Бу-уу бизларнинг узумларни кўрмади, – деди Дарвеш хотинига. – Булар яхши нарсани кўрмайдилар. Уларга яхши нарсанинг ўзи керак эмас. Бўлмаса қара, – узумзорга ишорра қилди у. – Қизалоқларнинг жамалак сочидай этиб тараб қўйибман. Бу йил килосини уч мингдан оламиз, деб турибди. Бу бўлса узумларга бир қайрилиб ҳам қарамади. Қара, ничик этибман.
Дарвеш ўзининг ишидан кўнгли тўлди. Бир текис ва чиройли этиб тараб қўйилган узум новдаларига қараб бир ҳузур туйди. Куздаги шиғил-шиғил узум сўлқимларини тасаввур этди. Мана улар қуёш нурида олтиндай товланиб турибдилар.
– Бу боланинг дарди узум эмаслиги кўриниб турибди, – деди хотини дастурхон ёзар экан. – Шу гапламийман, гапламийман, дейсиз-да, гаплаб қўяверасиз. Ана сиз гапсангиз...
– Ҳаййй, не дейсан энди, – деди ўйчанлик билан Дарвеш. – Минг гапламийман, гапламийман, деганинг билан сонингга пичоқ тиқиб олаверса, тиқиб олаверса гаплийсан-да. Қурбақани ҳам боссанг, “варқ!” этар экан. Шу бир қурвақачалик ҳам йўқмизми бизлар. Кейин одам гапламий ўтираверса ҳам тилинг танглайингга ёпишиб қолар экан. –Дарвешнинг кўзи ҳамон таралган ток новдаларида эди. – Аммо не дарди бўлса ҳам шу узумзорга бир қараб қўйиши керак эди.
Хотини Дервишга, “гапимни уқмадингиз”, деган маънода кўз қирини ташлади. Аммо индамай нари кетди. Эрини яхши билар эди у. Бир нарсани такрорлай бошладими, хаёли ерда эмас, осмонларда учиб юрган бўлар эди. Бундай вақтда Дарвешга гап айтиш беҳуда эди.
Боғда баҳор ҳавоси ёқимли эди. Солманинг қуёш тушиб турган тарафларида турли майда ўтлар кўкариб ер бағри тобора қизиб келаётганидан дарак берар эди. Дарвеш қалингина ва ҳали унча қизиб улгурмаган кўрпачага чалқанча чўзилди. У боғда ғимирлаб ҳориган эди. Осмонига тикилди. Тубсиз осмон. Кўм-кўк. Момий. Зангори.
– Ҳа – а, мана ётибди-ку минг қўйли бойдай чўзилиб...
Дарвеш бошини кўтариб, тепасида қўшниси Болтабой отани кўрди. Ёнида Яхшим. Болтабойнинг лақаби ҳовлиқма эди.
– Келинг, Болтабой ота! – ўрнидан қўзғалди Дарвеш. – Қани бу ёққа ўтиб ўтиринг!
– Ҳавво, ҳавво, ўтинг, ўтинг, – деди дарров Яхшим. Яхшимнинг лақаби “Матчон суқулиш” эди. Ким не деса дарров гапга суқулишиб кетаверар эди.
– Сени отанг би-ир уламо одам эди, – соқолини сийпалаб гап бошлади Болта ота. – Элга, юртга ақл берар эди.
– Ҳавво, ҳавво, – унинг гапини қўллади Яхшим. – Шундай. Ақл берар эди!
– Сен бола билмадим, кимга тортдинг! – гапида давом этди Болтабой ота.
– Ҳавво, кимга тортдинг! – гапга суқулишди яна Яхшим.
– Не гап эди? – деди ҳамишагидай сокинлик билан Дарвеш. У ҳеч қачон шошилмас, ҳовлиқмас, қизишмас эди.
– Ҳавво, ҳавво не гаплигини тушунтиринг! – энди Яхшим Болтабой отага юзланди. – Не гаплигини билиб олсин ахир бу!
– Несини тушунтираман! – асабийлашди Болтабой ота Яхшимнинг керак нокерак гапга аралашаверганидан асаби ўйнаб. – Не гаплигини ўзи яхши билади!

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

ГАПИРИШГА ҚЎРҚАДИГАН ОДАМ

Йўлдош Эшмуродга

– Бу боланг, гунгми, не бало? – Ҳалфа кампир Пошшо момонинг олдида ўтирган невараси, уч – тўрт ёшларидаги Дарвешбойни ҳассаси билан анчагина қаттиқ туртди.
Дарвеш тўла тўқ, ғўдолоққина бола, таёқ тегиб оғриган ерини сийпалади. Оқиб кетган бурнини тортди. Энасининг қўлтиғига кўпроқ сингди. Ҳалфа кампирга, ақалли, не айб қилибман-ки, мени туртасиз, деб, қараб ҳам қўймади. Бу Ҳалфа кампирга бадтар нашъа қилди.
– Пешиндан бери шу ерда ўтирибмиз, миқ этиб оғиз очмийди! Тили забони борми ўзи мунинг?
Пошшо момо бир оқтиғига, бир чиқонига қаради. Дарвешнинг бошини астагина силаб қўйди.
– Бор, – деди кейин ва оқтиғининг бошидан меҳр билан ўпиб қўйди. –Буваси билан гаплашади. Бошқа билан гаплашмайди, не мен билан, не ота – онаси билан. Куни бўйи миқ этмайди. Бир нарса берсанг ейди. Бермасанг ўтаради қўяди. Дим ақлли бу.
– Ҳай бола, гапла! – Ҳалфа момо Дарвешни яна, бу сафар сал астароқ туртди. – Тилинг томоғинга кетганма?
– Қўрқаман...
Пошшо момонинг юраги “шув” этди. Неварасининг чаккаларини меҳри ийиб силади.
– Недан қўрқасан, жоним болам, а, недан?
Дарвеш индамади.
– Ҳа-а, бор экан-ку мунинг тили! – Ҳалфа момонинг гамшик оғзи ёйилди – жилмайди. Сўнг қиссасидан бир сиқим унаби жийда чиқарди. – Ма болам, муни есанг жонли - жонли гаплийдиган бўласан!
Дарвеш қўшни момо берган чилон жийдани гарчи кўп эланишлардан кейин олган бўлса ҳам емади.
Шу юмруқдайгина боланинг ўзбилармонлиги Ҳалфа момонинг ичини қизитди. Кейин “Оқтиғинг мен берган жийдани емади, тилсиз қолди”, деб ўла – ўлгунча чиқонининг юзини чиқармади.
Ҳақиқатан ҳам Дарвеш камгап, одамови бўлиб ўсди. Бунда ўша қадим замонда Ҳалфа момо бергану, бола ейилмаган жийданинг қанчалик зарари-ю фойдаси бўлганлиги бизга қоронғу. Аммо Дарвеш мана бугун олтмишидан ошиб етмишига яқинлашиб қолганида ҳам камгап эди.
– Эйй, гап сўзга бир аралашиб ўтирсанг-а! – дейишади жўра - ёронлари йиғилишиб қолганларида.
– Не дийман, гапламакка қўрқади одам ҳозир, - дейди Дарвеш ва бошини ерга солиб ўтираверади. Гапирмайди.
– Умринг гаплашдан қўрқиб ўтди! – таъна қилади унга қурдошлари.
– Ҳе, тўғри қилади, – дейди баъзанлари. – Гапламасин бу! Гапининг чуки бор бунинг!
Ҳақиқатан, Дарвеш гапиришдан қўрқади. Ўзи гаплари ҳам чувалашиқ. илмоқлими, саволлими, бир бало. Маъносини бирдан англаб бўлмайди. Мунинг гапини эшитганлар гоҳ, бу не дегани бўлди экан деб, беш - ўн кун бошларини қотириб юради. Гоҳ гапининг жўнлигидан унинг устидан етти яшар бола ҳам кулади. Шунинг учун Дарвиш жону жаҳонини суғуриб оладиган зарурат бўлмаса оғизини очмайди. Не ерда, не даврада бўлса ҳам шу ерга қараб, оғзига қатиқ уютгандай миқ этмай ўтиргани ўтирган. Лекин гапирса орқасидан бир бало қўподи.
Мана яқиндагина бўлиб ўтган бир воқеа.
Наврўз арафасида унинг уйига қишлоқ кенгашида ишлайдиган Соли созчининг ули Мамат, ҳокимликдан деб, узун бўйли, ниҳоятда ориқ бир йигитни эгартириб келди. Меҳмон оқ куйлак, қора костюм шим кийган эди. Галстук ҳам тақиб олган. Аммо кийимлари ўзиники қолиб укасиникини кийгандай эди. Костюми киндигини зўрға ёпар, енги эса панжа бўғинидан тўрт бармоқ юқори, шимининг болоғи тўпиғига етар-етмас. Туфлисини калта жўрроб билан кийган. Бу кўриниш Дарвешни тонг қолдирди. “Масхарабозми?”
Хуллас, чой-чўракдан кейин ҳалиги йигит гап бошлади.
– Энди-и, ёшулли биласиз, яқинда Наврўз келади-ии...
Йигитнинг овози ниҳоятда нозик, қизларникига ўхшаш эди. Ўзи шунақами, ё, тавба қилдик, ноз этаяптими, Дарвеш билмади. Нозли йигит гапида давом этди.
– Шунинг учун биз ҳокимият, – у ияк қоқиб Маматни кўрсатди, – мана маҳалла вакиллари билан бирга... Танийсизми бу одамни?
– Биламиз, – деди Дарвеш. – Соли созчининг ули... Шўра аъзомиз...
– Э-ээ... – бу гап негадир йигитга ёқмади. – Шўро замонининг ўтиб кетгани қаччо-оон! Сиз шўро дейсиз... Булар маҳалла, ҳокимият вакили!
Дарвеш бу билан айтишиб ўтирмай деб индамади. Аммо ўз фикрини маъқуллади. “Барибир шўро аъзо-да!”
– Наврўз жуда қадимий байрам, – гапида давом этди қилтириқ сочларини узун , оппоқ бармоқлари билан силаб қўяп экан. – Тушунчангиз борми Наврўз ҳақида ўзи?

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Қишлоққа сафарлар, қориндош-туққанни зиёратлар, ҳар сафар қайтиш олдидан Зиёд буваниг кўнглига умид солишлар неча йиллар давомида такрорланди. Лекин худо йўл бермадими ё бошқами қишлоқдаги ўша белгиланган жойга иморат солинмади. Шу орада ота-боболари асли шу қишлоқдан бўлган, аммо ҳозир шаҳарда яшаётган кимдир келиб ўша жойни текислатиб, иккими, уч қаватли қилиб мустаҳкам бир иморат солди. Бу вақтда отаси ҳам, Зиёд бува ҳам, Тўтижон момо ҳам, Худойқули оғайни, бошқа буларни билганларнинг ҳаммаси дунёдан ўтиб кетганди. Шунинг учун бу шаҳарликнинг қўлини тутадиган бирор киши бўлмаган. Бу замонларга келиб Ота ҳам қишлоққа ҳайитдан ҳайитга келиб кетадиган бўлиб қолганди. Ўғил эса қишлоққа болаликларидагина келиб кетганлари эди. Бир марта Ота бетоб бўлиб, зиёратга Ўғилнинг ёлғиз ўзи келган. Ўғил ҳам ўзгариб кетган чилдириш йўллардан қишлоқни топиб келгунча тушликка яқинлашган, қабристон бошида деярлик одам қолмаган. Ўғил ота-буваларининг қўйимгосини эса кўрмаган, сўрай деса, қишлоқда қолган қориндошлардан ҳеч кимни билмасди. Узоқ вақт келмаганидан кейин қишлоқа уни ҳам ҳеч ким танимаган. У нима қилишини билмай қабристон қаршисида анчагача серрайиб турган. Ҳеч кимдан имдод бўлмагани учун ахийри атаганини шу ерда тиланчига ўхшаб, қуриқ ерга бардош қуриб олиб баланд овозда қуръон тиловот қилаётган бир кимсага бериб, кейин ота-буваларимиз тахминан шу ерларда ётқон бўлса керак, деб қабристон деворига қараб қуръон тиловат қилган-у қайтиб кетган.
Мана орадан қанча вақт ўтиб Ота билан Ўғил яна қишлоққа қараб келаётирлар. Буларнинг бу сафарига сабаб Бобонинг ҳадеб тушга кириб Отани безовта қилавергани эди. Энди Отанинг нияти неча марта такрорланган ваъдаси – қишлоқда ватан тутишни бир ёқлиқ қилиш эди: ё бир иморат олади шу қишлоқдан ё бир участка олиб жой солади.
Қишлоққа кираётганларида бу фикрини Ўғлига айтди. Ўғилнинг калласи ҳамон ўша ёшуллисининг берган топшириғида бўлгани учун аввалига Отаси қандайдир йўнакай гапни айтаётибди, деб у гапга унча эътибор бермади, “Ҳовво, ҳовво, яхши”, деб ғўлдираниб қўйди холос. Кейин фикрнинг мазмуни етиб бордими, илкис бошини кўтарди.
– Ким яшийди бу ерда? – деди кўзларини катта-катта очиб.
– Ўзим, опанг билан, – деди Ота осайиштагина.
– Қийналиб қоларсизлар-ов бу ерда икки қарри.
Энди Ота ўғлига ҳайрон тикилди.
– Навчун икки қарри? Улли боланг, Раҳмонни олиб келамиз уйлантириб.
Раҳмоннинг отини эшитганидан сўнг Ўғилнинг хаёли бутунлай ўзига келди. Кейин яна “ғувв” этиб ўйлари чувалашиб кетди: бобо, туш, қишлоқ, ватан тутмоқ, уй, участка... Анчагача не деярини билмади. Отага нима дейиш мумкин? “Отали ўғил, хўжали қул”. Бу лекин... Ниҳоят тилга кирди.
– Раҳмон... келармикан?
– Невчун келмийди? Бугун қишлоқ қайси шаҳардан кам? Қара йўллари ничик, уйларини қара, газ, свет бўлса. Новви етмийди? – “Ўғлинг келмаса ўзинг келасан”, демоқчи эди-ю, ўзининг ҳам, ўғлининг ҳам асабини аяди.
Ўғил ҳам, қишлоқ барибир қишлоқ, деяжак бўлди, лекин ботинмади. Бироқ ўғли Раҳмонниинг қишлоққа келмаслигини билар эди.
– Оқтиқингиз дим чантайган . Кейин жойга пулни не ердан оламиз?
– Банкдаги ҳамма пулни олдим, – деди Ота. – У томонидан ғам ема. Пул етарли.
Ўғилнинг устидан қайноқ сув қуйилгандай бўлди. “Инди бу ёғи ничик бўлади?!” Ўғил бу пулларни Ёшуллиси бошлаган бир лойиҳасига тикмоқчи, шу орқали хўжайини билан ака-уками, дўст-қадрдонми, ишқилиб, бугунгидан ҳам яқинроқ бўлиб олмоқчи эди. Лекин бу режани ҳали отасига айтиб улгурмаган эди.
Уларга сотиладиган уйларнинг бир нечтасини кўрсатдилар. Ҳар уйни кўрганда Ўғил, “Маъқул, шу мана шуниси маъқул”, дерди шоша-пиша. У ҳали ҳам шаҳарга қайтиб, ёшуллисининг топшириғини бажаришга улгуришни ўйлар эди.
Ниҳоят уларда хуторда қолиб кетган, солинганига икки асрга яқинлашган кунгурали уйнинг эгаси ҳовлисининг ярмини ҳам сотмоқчи эканлигини айтдилар.
– Ҳайда, – деди Ота. – Кўрамиз, ничик уй экан.
– Уйни эмас, боғининг бир томонини сотамиз, дебди. Бўш ерни.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Отаси Зиёд буванинг қошида камида бир соат, баъзан ундан ҳам кўпроқ ўтиришарди. Хотирасида суҳбатлардан сақланиб қолган узуқ-юлуқ гапларни улаб, энди ўйлаб кўрса уларнинг ота ватанига Зиёд бува урушдан келган йиллари шу ўтирган уйини солиб олган экан. “Не иш этасан инди”, дерди гуноҳкорона оҳангда Зиёд бува чўлтоқ оёғини босиб-босиб сийпалаб. “Бийвужон бошлиқ шу ерни кўрсатди. Осмонда худо, ерда раис, деган замон эди у вақтлар. Лекин ўзим ҳам бир оғиз, “Бошлиқ, бу ерлар Маткарим махсумники, деб билмадим”, дерди ҳар сафар. Ҳар сафар гурунг шу гапдан бошланарди. Ҳар сафр отаси Зиёд бувани овутар эди. “Зиёни йўқ, Зиёд бува. Асли насиба. Сизам бизларга ёт эмас, бир томир қориндошсиз. Агар бошқа биров олганида не бўлар эди? Кириб ҳам билмас эдик бу уйга. Ина, сиз бўлганингиз учун орқайин шу ерга кириб келаверамиз”. Суҳбат қанча чўзилмасин, гап яна буларнинг шу ерда бир ватан тутишлари лозимлигига келар эди. “Ана, боғнинг кетинда ташлатган тошинг ҳали ҳам ётибди. Шу ерга жой сол тезроқ ҳеч бўлмаса. Менам сал орқайин бўлар, ҳеч бўлмаса буларнинг ёнина борғонда кўзларина сал бўлса ҳам қараб билар эдим”, дерди зорланиб Зиёд бува. “Ай, худо холаса, Зиёд бува, худо холаса”, дерди Отаси ҳар сафар кетиш олдидан. Зиёд бува ҳар сафар Отанинг бу гапи ваъдами ёки бу ишдан қочишми, эканлигини билмай, дув-дола бўлиб қолаверарди.
Анча узрҳохликлардан сўнг отаси ўрнидан қўзғалар ва ўтганларни зиёрат қилиш учун авлиёбувага йўлланишар эди. Гарчи отаси унча катта бўлмаган қабристонни, борадиган йўл ва ўзларининг қавмлари қўйимгоҳларини жуда-дим яхши билса ҳам, ҳар сафар уларга Тўти кампир ҳамроҳ бўлар эди.
– Асли хотин одамнинг авлиёбувани босқилайвергани яхши эмас, лекин мени ўтиришим мана, – дерди ҳар сафар Зиёд бува чўлтоқ оёғига ишора этиб. – Шунинг учун кампир олиб боради сизларни авлиёбувага.
– Керак эмас, ўзларимиз борамиз, Тўхтажон опам овора бўлмасин.
– Айй, бораверсин, яхши бўлади, – дерди Зиёд бува.
Кампир ортиқча гап-сўзсиз буларнинг олдига пилдирабгина тушиб кетаверарди. Ҳар сафар гапни ҳовлидаги доимо артиб, ялтиллатиб қўйиладиган кип-кизил “Запорожец”дан бошларди.
– Зиёд бувангиз урушга борғон. Сизларнинг буваларингиз Матқурбон ака билан кетган. Матқурбон акангиз дим полвон одам бўлган акан. Ҳар эйнинда бир дав ўтирадиган. Урушда қолиб кетди. Зиёд бувангиз қайтиб келган. Лекин бир оёқини ташлаб келди. Шунга ҳам худога минг шукур. Мана бола-чақали бўлдик. Бу мошинни хукумат Зиёд бувангизга шуни учун берган. Оёғи йўқ, ина оёқ, деб. Инди оёқлилар боролмаган ерларга Зиёд бувангиз боради. Ана насиба.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

– Буванг тушимга кириб юрибди кўпдан бери. Шу “Қорақопу” бувани айланаверади. Кейин авлиёбуванинг энг баланд ерига, ҳозир ўзи ётган ерига чиқади-да, бизларнинг ота ватанга қараб тураверади. Мен ҳам қарасам бизларнинг жой ўрин ҳозир ҳам йилғин, қамиш, чўп-чор босиб ётган эмиш. Бўлмаса у ерларнинг посёлка бўлиб, жойлар солиниб кетгани қач-чо-оон эди. Шу мен тўктирган икки мошин тош ҳам ётибдимиш ораларидан қамишлар кўкариб. “Ҳа-аа”, дейман эмиш. “Ҳали ҳам турган экан-да жой ўрнимиз”. Шу бир марта эмас, икки марта эмас, айй, бир беш-олти марта кирди тушимга буванг. Шу келинглар қишлоққа, деб турибда-да. Дим чақириб турибди. Аввал биринчи марта тушимга кирганда, ай, тушда, бир нарсадан безовта бўлиб юргандир, деб ўйлаган эдим. Ёдингда бор, бир бўрсоқ пиширтириб юбордим. Кейин... кирмай юрди бироз вақтгача. Ҳа, энди орқайин бўлди отам, десам. Яқиндан бери яна тушимга кириб бошлади. Яна шу аҳвол, шу туриш. Айлиёбобонинг энг баланд ерига чиқади-да, ота ватанга қараб тураверади. Шунга... қишлоқдан бир жой олсоқми ё шу ёқда бир жой солсоқми? Кейин авлиёбувадан бир ўрин ҳам белгилаб қўямиз бувангнинг ёнидан. Шу... кейин қисиниб юрмийсизлар. Солиб ҳам қўйсак жойимизни.
Ўғилнинг хаёли ҳамон ёшуллининг топшириғида эди. Агар бир соатга, йўлнинг расволигини ҳисобга олса, бир ярим соатга борса, бир соатча юриб отаси режалаштирган ишларни бажарса, яна бир, бир ярим соат юриб орқага қайтса, ҳали ҳам улгурса бўлади топшириқни бажариб. Яна кўз олдига ёшуллининг “Э, қойил! Отангизга раҳмат!” деб тургани кўринди. Газга минди. Моторнинг гувиллаши кабинагача сезилди.
– Ё бир ишинг борми эди болам? Қистаниб турибсан?
– Ййўққ, – Ўғил ўзини ноқулай сезди. – Просто тезроқ борсак, деган эдим.
– Қистанмин ҳайдийвар. Ҳаммасини планлаштириб қўйибман. Икки соатларга борсак кун чиқиб одамлар ўйғонади. Кейин керак-катикни орқайин сўраб суриштираварамиз, орқайин айланамиз. Ўзи ҳам қишлоққа бормаганингга бир ўн йиллар бўлгандир. Мен-ғў ўтган йил борган эдим.
Чол қишлоққа охирги борганини эслади. Синглиси, жиянлари, узоқ-яқин қориндошлари, уларнинг болалари, кўнгши-ўбадагилар чапа-чарс бўлган эдилар уни кутиб. Ойда-йилда бир боради-да ўзи ҳам. Бу бўлса ётиб ҳам қолмади. Йўқ ердан баҳона топиб, йўл узоқ бўлса ҳам қайтиб кетди. Меҳмон кутганларнинг ҳаммасининг мазаси қочди. Синглиси кулиб узатаётибди-ю кўзларида “милт-милт” ёш. Катта-катта томчилар ёноғига тинмай оқади. “Эндиги сафар ётоллий келинг Шўртака, ётоллий. Назокат гаплашиб ўтирамиз деб эди”, дея пичирлайди. Қонсиз лаблари янада қонсизроқдай кўринади. “Не ерга қистандим-а, не ерга?” Ана энди Назокат синглиси йўқ. Ўн кун ётсанг ҳам йўқ, юз кун ётсанг ҳам. Кўнгли сезгандай, “Ойопа, Шўртакам қолса гаплашиб ўтирамиз”, деган экан. Шу куни ётиб қолганда не бўлар эди? Осмон узилиб ерга тушарми эди?
Машина “гурс” этиб чуқалоққа ташлади. Қишлоқ йўлига тушиб олишган эди.
– Иййй, – деди ўғил ноқулай қолиб. – Кўрмай қолибман.
Ота ўғилнинг асабийлашаётганини энди аниқ сеза бошлади. Эрталабдан унинг билинар-билинмас норозилигини уйқудан қолганга йўйиб келаётган эди.
– Сенинг бугун бир ишинг борми эди? Бўлса айт, ҳозирам қайтаверамиз.
– Йўқ, ака, йўқ. Просто кўрмай қолдим чуқалоқни. Ина бу қуёш ҳам кўзга уриб турибди.
Ҳозир тонг отаётир. Шу сафар синглисиникида тунаб қолмай уйга қайтганида кун ботаётган эди. Йўллар ҳам расво эди. Ҳозир бир ярим-икки соатда борилаётирлар қишлоққа У вақтда камида тўрт, бўлмаса беш соат кетарди.
Бечора синглиси акасининг тунаб қолсин, деб охирги чорани ҳам қўллаган: “Ака, ботарға қараб юрманг , қолаваринг. Назокат гаплашиб ўтирамиз, деб турибди”, деган. “Қолиб кетаверинг, олдингиз кеч”.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Унинг аёл ақли дунёдаги кўп ишларга етмайди. Аммо арақ ичиб, оилаларнинг шундай ҳам юпун қопчиғини қуритаётган эркак зотини умуман тушунмайди. Кап-катта одамлар, оила бошлиқлари, ҳаммага ақл ўргатиб, улли-киччини тўғри йўлга солиши керак бўлганларнинг ўзлари йўлдан озиб ётсалар бу қандай бедодлик? Буни тушуниш, тушунтириш мумкинми? Йўқ, албатта. Соғлом ақл буни тушунмайди ҳам, тушунтиролмайди ҳам. Буни калтабинлик, ақлсизлик деганларнинг ҳам ҳаққи кетади. Бу инсоннинг маънавий бузилиши, ириб-чириши, деса бўлар. Ириб-чириган нарса эса ҳеч қачон қайта тирилмайди. Худди шундай ароққа берилган одам ҳам.
Хўрозларнинг қичқиргани эшитилди. У сесканиб ўзига келди. Ҳализамон тонг отади. У шоша-пиша бугунги ишларини режалаштира бошлади.
Дўрмон.
18 декабрь, 2023 йил.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Бу бехайр хабарни боласи топиб келди. Овулдаги Мотоқ Жумми – Матёқуб тракторчининг ўғди Жумабой молларини арқонлашга кетиб, ёпга йиқилиб ўлибди. Қайчи га кетаётганида кўрганлар уни ҳамишагидай пиён бўлганлигини айтибдилар. “Одамлар эрта тонгда “Ё пирларим!” деб ўйғонса, бу “Ё ароқ!” деб ўйғонади”, дердилар у ҳақда. Матоқ Жумми қишлоқда ана шундай от кўтарган ичувчи эди. Унинг ичмаган куни, бу яқин орада йиқилмаган солма си йўқ эди.
Шундан олдин тўй бераётган укасиникида уч кун тинмай ичган эди. Асли бу укаси билан ҳам анчадан бери уришиқли эди. Шундай бўлса-да, азбаройи укасининг ёнида бел боғлаб туриш учун эмас, истаганча ичиш имкони борлиги учун, гўёки “аввалги ҳамма кўнгил қолишмаларни ёддан чиқариб”, “ҳормасин”га борган эди. Укаси ҳам акасининг, ким бўлишидан қатъий назар, тўйга келишидан хурсанд бўлганди. Ҳарқалай жигар – жигар, дигар – дигар-да. Акасига кўз-қулоқ бўлиб туришни қишлоқнинг қўл-оёғи чаққон бир йигитига топширди. Акасидан ҳам тўй ўтгунча бир қултум ҳам ичмаслик ваъдасини олди. Матоқ Жумми аввалига Жумабой бўлиб, мусулмон илондай сирпалиб мулойим юрди. Аммо ароқ деган жонивор складда патиккача терилган бўлса, канорада қўю ҳўкизларнинг сотонлари “мени кўр”, деб соллониб турса, кирган-чиққан хизматдагилар кўнглига тушган вақтда тоза эт, юрак-бағирдан пиёзни мўл солиб “жаз-жуз” этиб ётган бўлсалар, бунинг устига ёнига қўйилган “қоровул йигит” ҳам, “бир-бир урамиз, кейин тўй ўтгунча бир грамм ҳам ичмаймиз”, деб турса ичмаган ҳам ўлсин, ичмийман деб ваъда берган ҳам. Хуллас, кенгашнинг кенгаши куни иш ҳамишагидай “бир-бир уриш”дан бошланди. Кейин бир икки бўлди, икки уч, уч тўрт бўлди, тўрт табиий бешга айланди. Хуллас бу пойга тўй ўтгунча тўхтамади. Жумабой яна Жуми Матоққа дўнди, бир қозон-ўчоқнинг бошида, бир складларда думалаб- думалаб ётаверди. Тўйнинг қандай бошланиб қандай ўтганлагини ҳам билмади.
Жумабой-Матоқ Жуммининг турмушга чиққан икки қизи номусларга ўлди. Келин кўрар куни азонда бир амаллаб отасини кўздан йироқ дастурхонадан топиб, гўр азобида ўйғотиб, отизда арқонли турган молларидан хабар олиб келишга зўрға рози этган эдилар. “Туринг ахир, моллардан бир хабар олинг! Уч кундан бери қоқ бўлгандир улар ҳам. Укамнинг-ку хабарини олиб турибмиз”. Дарвоқе, Жумабой босган уйида ногирон ўғли билан мослиқ ёлғиз яшар эди.
(давоми бор)

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Аммо вақт шамоли тоғларни ҳам емиради. Бир кун келиб қайнотаси ҳам қариди. Ишдан қолиб тиззасидан қувват, кўзидан нури кетди. Айни отанинг белига мадор бўладиган вақтда Аъзамнинг ярамас йигит бўлиб камолга келгани равшан бўлиб қолди. Аммо сиртдан қараганда юзига сув ўгириб ичадиган бир йигит эди Аъзам. Энди оилада у хўжайин бўлиб олди. Аъзам отанинг хулқидаги бор қусури - қўполлиги, сиркаси сув кўтармаслиги, ўжарлиги ҳам кўчирди - олди. Фақат ота билан ўғилнинг орасида “арзимаган” бир фарқ бор эди. Ота топарман-тутарман эди. Ўғил ётарман-еярман бўлди. Ундан ҳам ёмони отасининг мут пули орқасидан кайф-сафога ҳам берилган эди. Энди оилада эрка ўғилнинг овози отаникидан баландроқ чиқа бошлади. Қанча қўрс бўлмасин ота иложсизликданми ё ўғлига бўлган азбаройи меҳрданми буни ҳам ҳазм қилди. Албатта қийналди, аммо чидади. Кейин-кейин ёлғиз бола ёвдан ёмон, деган матал яна бир марта исботланди. Аъзам ота молини кўка совура бошлади. Падар хасталаниб ётиб қолганида эса кайф-сафо ортидан уйнинг ғали-тўшагига ҳам қўл қўйди. Буни она, албатта, отага сездирмади. Шу орада ота бу шармандиликни билмай оламдан ўтиб кетди. Минг азроил бўлгани билан оилада эр хотиннинг қўлқони экан. Қалқон кетгач пияниста ўғил ҳимоясиз онани бурчакка баттар тиқиб қўйди. На бир бир товуш чиқариш, на бир имо ва на бир ҳаракатга изн бўлмай қолди онага бу хўжаликда. Буни, албатта, мискин юракли она кўтара олмади ва у ҳам эрининг изидан, ҳай-ё-ҳуйт, деб кетди-борди. Энди оиладаги ёш келинчакнинг ёлғиз ўзи ҳамма балога балогардон бўлиб эди. Оила ҳақиқий дўзахга айланди. Аъзам бу вақтга келиб аввал мактаб директорлигидан, кейин завучликдан ҳам бўшатилди. У оддий ўқитувчи бўлиб ишлашни хоҳламади. Уйида ичиб ётаверди. Ёш келин эса мактабда минг пора бўлиб ҳам ўзининг, ҳам эрининг дарсларини ўтди. Ҳолини тушунганлари учун мактабда унга ҳеч нарса демадилар. Бироқ барибир асаб дегани пўлат эмас, ёшгина жувон салга қизишиб, салга йиғлайдиган бўлиб қолди. “Миззиқ!” бақирарди унга эри. “Навчун йиғлайсан?!”
Вазиятдан ор-номус ва уятни сақлаб чиқиб кетадиган бирор йўл йўқ эди. Шунда акалари охирги йўлни айтишди. Ажрашиш. “Ҳеч бўлмаса икки болангни ва ўзнингни сақлаб қоласан. Бундан энди таъма йўқ”. “Бўлмайди. Кейин элда не иш этиб бош кўтариб юраман тирик эрдан айрилиб?” Аҳволни билиб, вазиятни кўриб турган бўлсалар ҳам акалари кўп уриндилар. Ҳар хил мисоллар билан тушунтирдилар – фойдаси бўлмади. Уришдилар – нафи йўқ. Сўкдилар – фақат сингилларини йиғлатганлари қолди. “Не бор, не қолди сенга бу уйда?” дедилар унга. У индамасди. Не ҳам десин? Бу уйда қиз кўнглининг баҳори кечгани, оила деб аталган бўстонга қадам қўйиб, ҳар кун эрталаб бошида рўмол, оёғида жиякли лозим, қайнота ва қайнонасига таъзим билан эгилиб салом бергани, илк фарзанд кўриш бахтини ҳам шу уйда туйганини оғаларига айтиб бўладими? Айтганда ҳам қайси эркак аёл қалбигагина хос бўлган бу нозик туйғуларни илғай олади? Шунинг учун оғаларига миқ этиб оғиз очмади ва шу уйда, шу дўзахда қолаверди. Кейин кўп марта бу ишига пушаймон этди, кўп марта фикридан қайтди. Аммо ҳал қилувчи қарор қабул қилиш вақти келганда яна ва яна шу уй танланаверди. Чунки бу уй, бояги айтганимиздай, унга аёллик бахтини илк ҳис қилдирган хонадон эди. Шу уйга келин бўлиб тушган ва унинг келинлик либоси кўпларни куйдирганини шу ерда ҳис қилганди. Бугун дўзах туюлган шу хонадон ўшанда жаннат туюлган ва унинг аёл қалби бу жаннатни унутгиси, ҳеч нарсага алишгиси йўқ эди.
(давоми бор)

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

ТУНДА
ҳикоя
Нафас етмай ўйғониб кетди. Кимдир нақ бўғаётгандай эди. Ҳаддан ортиқ қизиб кетган хонада ҳаво етишмас, ёнган тезак ва кўмирнинг аралашган ҳидидан ташқари яна қадайдир ачимсиқ ҳид кўнгилни айнитарди. “Дим қиздириб юборибман”, ўйлади у.
Кеча интернетда ҳавонинг кескин совиб кетиши ҳақида хабар тарқалган эди. Шу сабаб азондан бошлаб бошқа ишларни йиғиштириб қўйди-да, кечнинг ғамини ея бошлади. Уйни яхшилаб қиздириш керак эди. Ҳали бу йил айтарлик ўт ёқилмаган, уйнинг суяги совуқ эди: навбатма-навбат хоналардаги голланд печларга ўт қалади. Ўтин унинг ўзи ёз бўйи тайёрлаган тезак бўлтаклари эди.
Ихлос билан майдалаб терилган олиштириқлар устига тахланган бўлтаклар бир зумда олишиб, секин сас чиқариб писирлаб ёна бошлади. У табиатан пухта, ҳамма ишни ўзи қўлидан чиқаришга интиларди. Қишда ёқиладиган тезак бўлтаклари ҳам бундан мустасно эмас эди. Бу ишни у на ҳамиша кайф юрадиган эрига ва на бўй етган икки давангирдай ўғлига ишонарди. Улар бу ишга зарур-у, аммо булғашиқ бир ишдай қарардилар. Бу ҳам бир жиҳатдан тўғри эди-ю, аммо уларнинг ёқилғи сифатидаги қишдаги аҳамияти кўз олдига келтирилса, бу ҳам жиддий юмуш эканлигини уқиб олиш қийин эмасди.
Хуллас, у эрта баҳордан қиш ёқилғиси ғамини ея бошлайди. Ёз бўйи сигир - бузоғи бир патта ташласа бир патта, икки патта ташласа икки паттани дарров махсус чуқалоққа отади. Тезак суюлиб, бижғиб туриши учун устига озгина сув ҳам солади. Суюқ тезакка кўмир кукунини аралаштириш осон бўлади. Тезёнар бўлтак тайёрлашнинг энг катта сири мана шу ерда. Кўмир кукуни бўлтакка қанча кўп аралашса у шунча яхши ёнади. Чунки ўт қўйилганда бўлтак ҳам ичидан, ҳам сиртидан бир вақтнинг ўзида олиша бошлайди. Шунинг учун бўлтак тайёрлаганда кўмир кукунини аямайди. Яхшиям у мактабда тоғ бўлиб уюлиб ётади. Чунки мактабга бериладиган кўмирнинг ярми, баъзан ярмидан кўпи кукун ҳолида бўлади. Печкагами, котёлга ёқиш учун аввал бу масса элакдан ўтказилади, донадор кўмир айириб олинади-да аввал шулар ишлатилади. Агар худо ёрлақаб қиш қисқа келса қолган кўмир кукуни ёз бўйи мактаб ҳовлисини қорайтириб уюлиб ётади. Мабодо қиш чўзилиб кетса ўқитувчилар шу кукундан ғишт қуйиб, синфларини қиздиради. Гоҳида совуқ авжига чиқиб, ўқувчининг қулоғини кесаман, деганда донадор кўмир тугаб, кукундан ғишт қуйишга қишнинг қоқ ўртасига тўғри келарди. Ана шунда қуёшнинг кўзи йилт этса ҳамма ўқитувчи дарсларини йиғиштириб, ғишт қуйишга киришиб кетарди.
У эса ҳеч қачон қишда кукундан карвич қуймаган. Бу ишни ҳам ёзда бажариб қўяди. Кун қизиши билан ҳам уйига, ҳам мактабга бўлтак тайёрлай бошлайди. Кўмир кукунни мактабдан олиб келади, албатта. Баъзиларнинг шунга ҳам ичи оғрийди. Аммо қиши билан синфини “Африка қилиб қўйгани учун” унга директор ҳам, мактаб қоровули ҳам ҳеч нарса демайди. Ўзи бўлса бўлтак тайёрлайдиган қимматли хом-ашёни далага ташлаб келмасин, деб молларини ҳамиша, ҳатто кузги бўшлоқ вақтида ҳам қозиқда боқади. Шундай этсагина қишқи ёқилғи учун масаллиқ етарли бўлади. Кўмир кукуни мактабдан, қолган нарса бунинг ҳисобидан. Бўлтакларни чертак тагига, уйникини бўлак, мактабга деганини бўлак уюб қўяди. Қиш келиши билан ҳар ёқиладиган бўлтакни бозор куни олиб бориб синфхона печининг теварагига териб қўяди. Печка ҳам синфни қиздиради, ҳам бўлтакларни охиригача қуритади. Албатта, бунда синфга озгина ёқимсиз ҳид таралади. Бу ҳид кийимларга ҳам ўтириб, бир-икки ота-она додоқлаб бунинг устига ҳам келди. Лекин вазият тушунтирилгач, тоза ҳаволи, лекин совуқ синфхонада ўтиргандан кўра, иссиқ, аммо салгина иси бор хонада ўтирган маъқул, деган қарорга келишди. Кийим деганни кўчага бир сариб қўйса ис-қўҳдан асар ҳам қолмайди, лекин бола шамоллаб бир гап топса ундан қутилишнинг ўзи бўлмайди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Бир текис нафас олаётган хотинига тикилди. “Шу бир аёлчалик ҳам натижам йўқ”, ўйлади у. “Икки-уч жойда ишлайди. Куни билан итдай югуради. Ундан чиқиб бунга, бундан чиқиб унга. Соғлиғи ҳам яхши эмас. Ўзи ҳам “оёғини узати-иб ўтирадиган” ёшда.
Тонг ота бошлади. Хотини вақтни илғаб сесканиб ўйғонди.
– Соат неча бўлди? – сўради у тез туришга уринар экан. Уйқудаги бадан кескин харакатга ўзича жавоб берди: хотини ёнбошлаб қолди. – Воҳ! Оёғимни сийпалаб юборинг, воҳ-воҳ-воҳ! Томири тортиб қолди.
Унинг хаёллари бир зумда учиб кетди. Тезгина турди ва мушукдай овозсиз қадамлар билан бориб хотининг қапталига ўтирди ва аёлининг оёқларни силай бошлади. Кўрпа очиқ қилганиданми ва ё қон айланиши яхши эмасмиди оёқлар муздай эди. У ихлос билан уқалаб оёқларни қиздиришга урина бошлади.
– Воҳ, воҳ, воҳ, – ингранди хотини, – сал астароқ...
Кейинги вақтда хотини ё у ер - бу еридаги оғриқдан шикоят қилса ўзини айбдор сезади.
– Қўй, – деди у хотинига ичи увишиб. – Қўй, қутар бу ишларингни. Ўтир уйда ҳаз этиб. Менга ҳам ҳеч нарса керак эмас.
Хотини кўзлари очиб унга тикилди. Таъна бор эди бу қарашларда.
– Ҳай, яхши, – деди у кейин хотинининг нигоҳларга дош беролмай. – Лекин сенам ўзингга қара.
– Яхши, – деди хотини ўрнидан қўзғалар экан. – Лекин сиз ишингизни тўхтатманг. Мен бир замон дам олсам яна отдай бўлиб кетавераман.
Хотини чиқиб кетди.
У чош-пош бўлиб ётган столига тикилди. “Нима эди-я тушиб кетган?” ўйлади у. Эгилиб столнинг тагини қаради. Пайпаслаб топти. Кўзойнаги экан. Уни артиб тақди.
Стол устидага нарсалар аниқ-тиниқ кўринди.
28.11.2023 йил

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

КЎЗОЙНАК
ҳикоя
Тунчироқни ёқаман, деб тимирскилаётган эди стол устидан нимадир тиқирлаб тушиб кетди.
– Новви тушди? – ғўндиранди хотини уйқу аралаш.
У индамай бир зум тек қотди. Хотини инграб юзтубан бўлди-да яна пишиллаб ухлаб кетаверди. Амаллаб тунчироқни ёқди. “Не тушди экан?” ўйлади у стол устига бир қур кўз ташлар экан. Назарида ҳамма нарса ўз жойида тургандай эди. Не тушиб кетганлигини билмади. “Шиқирлаши шишакка ўхшади. Кўзойнакмикан?”, ўйлади у. “Ё бошқа нарсами?” Стол усти турли матоҳга шунчалик қалашиб ётарди-ки, мижжилдаб текширмаса бир буюмнинг йўқолиб ё қўшилиб қолганини дафъатан англаш қийин эди. Бу паришонлик одатий ҳол эди. Баъзан ҳиққилдоғигача зарур бўлган бирор нарсани зудлик билан топиши керак бўлганда ҳам стол устидаги нарсаларни бир-бир қўлдан ўтказиб неча марта асабийлашган. Шундай ҳоллардан кейин у ҳар сафар стол устини тартибли сақлашга қарор қилар ва шунга харакат эта бошларди. Аммо бу ер яна керак, нокерак нарсаларга дарров тўлиб кетаверарди: аввал ўқилган ва хатчўплар тиқилган, бетларига ҳар хил шарҳ ва изоҳлар ёзилган турли китоблар, катта-кичик ва турли тилдаги луғатлар, эскартма ва бошқа ёзувлар битилган дафтарлар, қалам, қаламтарош, кўк, қизил, қора сиёҳли ручкалар, ўчирғичлар, қоғоз парчалар ва ҳакозалар... Асосан уни китоблар, дафтарлар ва қийқим қоғозлардаги турли қайдлар жинни қиларди. У буларнинг ҳар бирини қайси сабаб билан олгани, кўргани ва ўқиганини билар ва уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида қайси мақсад учун ўқилгани ва қўлланишини билар, аммо қайта кўздан кечирилганда нега бунча нарсани бир ерга жамлаганига тонг қоларди.
Ҳозир ҳам стол устини кўриб лофи каж бўлди . “Қирқингда сурнайчи бўлиб, ўлганда чаласанми, шунча ишни режалаштириб?” деди ўзига ўзи. Қанча вақти бор ўзи? Беш йилми, ўнми, бор-э, йигирма йилми? Ўйлаганлари шунчалик кўп эди-ки, кеча-ю кундуз тинмасдан ишлаганда ҳам улгуриш маҳол. Шундай экан керакми ўзи... шунча куйиб пишмоқ? Энг асосийси, бировга керакми ўзи қора терга ботиб этаётган ишлари? Уларга ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ.Бу аниқ эди. Ҳа, ҳа шундай бўлса нега бунча тиришиб-тирмашиб ётибди? Мана асосий ва жавобсиз савол, тўғрироғи, ўзида энг қўрқинч жавобни яширган савол, Энг оғир савол.
Теваракка, атрофдагиларга қараса, куйиб-пишиб ётиши ақлли одамнинг ишига сира ўхшамайди. Ўйсиз бир тентакнинг “лалак-лалаги”. Қани ким ўзганинг фойдаси деб юрипти? Ҳеч ким. Ҳамманинг иши бир-бировини алдаш. Кўз бўяшда гўё мусобоқа ўйнашади. Ондо-сонда инсофлилар ҳам учраб қолади. Аммо уларнинг қадри бир пул. Уларни ҳамма оёғи билан кўрсатади: “аҳмоқ, бадмуттик ”. Бундайларнинг наздида ўзи ҳам бадмуттиклигини яхши билади. Бу гаплар унинг бошини минг марта қотирган. Балки миллион мартадир. Ишлашга, нимадир қилишга уриниб ётгани қора тийин ҳам келтирмайдиган, соғлиқ, умр ва асаб эгови эканлигини ҳам билади. Билади, аммо ишидан қўл торта олмайди. Бу иложсиз бир нарса. Сабабини тушунтира бошласа яна устидан куладилар: жуда баландпарвоз, қизилми, яшилми гаплар чиқади. Лекин шуни айта олади-ки, агар ишини ҳозир ташласа ҳозир, эртага ташласа эрта, бир ойдан кейин ташласа бир ойдан кейин, бир йилдан кейин ташласа бир йилдан кейин хаётининг мазмуни йўқолади. Ҳувиллаган кўчада ёлғиз қолади гўё. Бу кўча, эл ва элат, шаҳар ҳам унга бутундай нотаниш. Гарчи туғилганидан бери шу кўчада яшаса ҳам бу кўча унга ва бу кўчага у бутунлай бегона. Шунча йил ўтди ҳамки, у бу ердагиларни ва бу ердагилар уни танимайди. “Танимаганни сийламас”, деган матал эса ҳаммага аён. Қолаверса, шуғулланаётган иши унинг ҳимоя қатлами – териси ва қобиғи. Агар ишини ташласа териси шилиниб, асаб толалари очиқ ҳавода хилвираб, танасидан қон сизиб турганга менгзаб қолишини тайин. Бу ҳимоясиз тана ёмғирда ивиб, қуёшда қовжираб, қорда қотиб бир зумда ҳалок бўлади. Ҳалок бўлмаслик учун ҳам у ишнини ташлай олмайди. Бугунги унинг мантиқсиз аҳволинг мантиғи ана шунда эди.

Читать полностью…
Subscribe to a channel