sh_matkarim | Unsorted

Telegram-канал sh_matkarim - Shuhrat Matkarim ijodi

194

Assalomu alaykum! Siz ushbu kanalda xorazmlik taniqli adib Shuhrat Matkarim ijodidan bahramand bo‘lasiz! Murojaat: @Yuldashev_Jumanazar

Subscribe to a channel

Shuhrat Matkarim ijodi

Уйи узоқ эмас, сал юрса бўлди, ина кўриниб ҳам қолди. Энди Йўлбарс олдинга ўтиб олган эди. Тезроқ уйга етиб олмоқчи эдими ё Мақарни йилдамроқ юришга ундамоқчими эди. Мақар ҳам кўчасига кириб ўзини тоғдан ошгандай ҳис қилди. Аслида ҳорғинчилиги бир эмас, ўн тоғдан ошганчалик эди. Яна гурунгни бошлади.
– Қиз лекин зўр ёзган. У ҳам қисинган-да. Аммо бизни эски яраларни қўзғаб юборди бу гаплари билан. Ўқиганда ёмон бўлганман. Менам бу гапларни ўйлаб юрар эдим. Кўп ўйлар эдим. Ахир кўллар қуриб борётир, қумлар сурилиб шоли экилётир. Қиз ҳам шунга қисинибди-да. Одамнинг юзига ойна тутибди. Ина, кўриб қўй, кимсан сен, дебди. Мана Орол ничик бўлган бир вақтлар. Қандай тўлқинланиб ётган, бағрида қандай ажойиб балиқлар яшаган! Кемалар бир кетишда тонна-тонна ов билан қайтганлар. Мен Оролни, унинг шовуллаб туриши-ю, қирғоқларга шоппиллаб уриб турган тўлқинларини кўрмаганман. Лекин эшитган гапларимдан биламан. Унинг қирғоғида хаёл суриб турсанг денгиздан майин, салқин ҳаволар келади. Оролнинг четларинда такалликларнинг, у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа учиб ўтаётган турли бошқа қушларнинг яқин-узоқ овозлари тинмай эшитилиб туради. Лекин ҳақиқатан ҳам шундайми ё бу бир хаёлми, билмайман.
У Оролни болалигида шундай тасаввур этарди. Ҳозир эса Орол деса кўз олдига миллион-миллион гектар шўр-гарава босиб ётган, “чилт” этган ҳаёт нишони йўқ, шовуллаган шамоллар юз, минг, ўн минглаган километрларга офатлар ёғдириб ётган чексиз майдон кўз олдига келади. Мақар Оролнинг бугунги ҳолатини ҳам кўрмаган, бормаган. Ўўўў, қанчалик даҳшат бўлиши мумкин у манзара. Уни тасаввур этишга уринганида юраклари эзилиб кетади. У ўзини одам эмас, кичкина, жуда кичкина бир жонзотдай ҳис қилади. Калтакесакми ё бошқами. У ўзини ҳатто эчкемардай ҳам ҳис қилолмайди. Эчкемар катта, у эса кичкина, ожиз ва кўримсиз бир жонивор. Калтакесак. Ундан майдароқ ва ёқимсизроқ яна нима бор? Агар бўлса Мақар шунинг худ ўзи. Ҳатто калтакесак ҳам эмас.
Йўлбарс орқага қайрилди. Унинг хаёлидан ўтаётганларни ўқиди гўё.
– Уни қўй, Оролингни, – деди гўё у Мақарга. – Орол олис. Ундан кўра тез-тез юр. Уйга етиб олайлик.
IV
Йўлбарс бекор қисинаётган, энди Мақарнинг уйига етиб олишига ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Мабодо у бир гап топиб, шу ерда йиқилганда ҳам бир замонда уйига элтиб қўядилар. Лекин бундай бўлмайди. Уйига Мақарнинг ўзи етиб олади. Ҳали бунга қуввати етади. Ҳа, дарвоқе, мана ҳозир одим отиб келаётган ери ҳам бир вақтлар кўл эди. Кўл бўлганда ҳам қандай кўл эди. Четидан туриб қарасанг охири кўринмасди. Кечалари ой нурида ойдин кўзингни қамаштирар, унда қушлар оҳиста, солланиб сузиб юрар эди. Кўкда оқ-оппоқ ой, ерда ялтираган ойдин. Унда ўйнашиб юрган оққушлар! Бу Мақарнинг хаёлида пайдо бўлган манзара эди. Кўриниш жаннатий, ўта чиройли эди.
Мақар яна қуриб кетган кўллар ҳақида ўйлай бошлади. Уларнинг кўпи унинг кўз олдида қуриган. Шу кўлларни ўйлаганда Мақарнинг ёдига, албатта, отаси ҳам тушади.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Матназар Абдулҳакимнинг "Дарсдан сўнг" шеъри яқинда туркман тилига таржима қилинганди.

Бугун эса шоир ва маҳоратли таржимон Ўрозмурод Муродов ушбу ажойиб шеър Туркманистоннинг "Насл" газетасида чоп этилгани ҳақида хабар берди!

Қардошлигимиз абадий бўлсин!


#Матназар_Абдулҳаким |@M_Abdulhakim

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi


Аёлларга кетмон бермангиз,
Аёлларга берманг белкурак.
Аёлларга кўнгил беринглар,
Аёлларга беринглар юрак.


© Матназар АБДУЛҲАКИМ

https://t.me/joinchat/AAAAAFMinnToJEu--B39wQ

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Хоразмий ҳақида араб кўрсатувидан.

Қуйидаги видеода Хоразмийнинг математикада бурилиш ясагани араб тилида жуда қизиқарли услубда тушунтириб берилган.

@XORAZMLIKLAR kanali👇🏻
http://telegram.me/joinchat/AAAAAFX4R5ZzkvGRQ2m7yw

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

📹 21.02.24 Yangiliklar ID Ustoz shoir xotirasiga yod qilindi
👤 #ETV_Telekanali_official etvtelekanali">→

@youtubabot: 📹480p

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

https://telegra.ph/Men-bilgan-Matnazar-Abdulhakim-02-21

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Ассалому алайкум, ҳурматли сўз шайдолари!
Ҳаммангизни бугунги улуғ кун, Матназар Абдулҳаким таваллуд топган қутлуғ сана билан табриклайман!

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Рустам Назар (1949-2011) Хоразм вилоятида яшаб ижод қилган ўзбекнинг иқтидорли болалар шоирларидан эди. Ўз вақтида ижодкорнинг “Яшасин қуёшли кун” (1987 й.), “Рангли фаввора” (1991й.), “Мўъжиза” (1993 й.), “Ердаги қуёш” ( 2008 й.) номли китоблари чоп этилиб, мутахассислар ва адабиёт ихлосмандлари эътирофига сазавор бўлган.

СУМАЛАК
Қизим Нилуфарга
Яйраб – яйраб учгандай
Гулзор ичра капалак-
Қизча жўшиб куйларди:
“Сумалак, эй, сумалак!”
Кўзларида шундай пайт
Порлар эди ажиб нур.
У кашф этган оламга
Тор келарди тасаввур.
Наврўз эди. Онаси
Қишлоқдан шод қайтганда:
- Мен сизларга сумалак
Келтирдим!- деб айтганда,
Акалари косага
Ёпишдилар талашиб.
Қизғанишиб едилар
Тўймадилар ялашиб.
Қизча эса донг қотди,
Ҳайрон уйди қошини.
Чапиллаган оғизлар
Келтирарди ғашини.
Косадаги таомга
Тикиларда паришон.
У кашф этган оламдан
Қолгани йўқ ном-нишон.
Қизча ҳомуш, жим эди
Билмасди не дейишни –
Истамасди қўшиққа
Нон ботириб ейишни.


ҚИЗИЛ ОЛМА
Дарахтнинг энг учида
Кўзга чўғдек босилиб
Турар эди бир дона
Қизил олма осилиб.

Уни кўрган эчкивой
Туролмасди бир жойда.
Олма сари талпиниб
Ирғишларди бефойда.

Унга қараб жирафа
“Эҳ, лапашанг!” – деб қўйди.
Чўзди узун бўйнини
Ва олмани... еб қўйди.

МЕН СЎЗ БЕРДИМ ЎЗИМГА

Мен сўз бердим ўзимга,
Энди қулоқ солмайман.
Майли, укам ранжисин,
Тарафини олмайман.

Бўлса ношуд ва анқов
Калтак есин, панд есин-
Тушмайман мен ўртага
Ким нима деса десин.

Янглишдим бир - икки гал
Унинг ёнини олиб.
Энди сал гап учун ҳам
Мени излар дод солиб.

Мустақил зарб беришга
Унда сира журъат йўқ.
- Акамга айтаман! – дер,
Қочаётиб урар дўқ.
Орқасида боримни
Ҳис этмаса мабодо,
Ботинмайди мушукка
“Пишт” дейишга у ҳатто.

Мен сўз бердим ўзимга
Энди қулоқ солмайман.
Майли, укам ранжасин
Тарафини олмайман!

ТАҚЛИД ҚИЛУВЧИ БОЛА

У – Чингакчук, мард ҳинду,
Тутқич бермас ёвларга.
У – Маугли, чиқади
Бўрилар-ла овларга.

У-Робинзон, оролда
Яшар танҳо ва нолон.
У-Бармалей, қароқчи,
Қилар босқин, тўполон,

Ўзга номлар, қисматлар
Билан яшар хотиржам.
Йўқ ўзининг ташвиши
Йўқ ўзининг номи ҳам.


СОТИЛГАН ҲАКАМ

Ҳакам – ғирром!
Ҳакам- сотқин!
Ишқибозлар бақиришар.
- Ўйин деган ҳалол бўлсин, -
Адолатга чиқиришар.
“Лочин” қўпол ўйнамоқда,
Ҳар ҳужуми босқин, дўқдир.
Нега ҳакам индамайди,
Жарималар нега йўқдир?
Нега мунча бепарво у,
Тушунмасми ё футболни?
Ахир, нега ҳисоб этмас,
“Учқун” урган аниқ голни?
Ҳакам – ғирром!
Ҳакам- сотқин!
Ишқибозлар бақиришар.
- Ўйин деган ҳалол бўлсин, -
Адолатга чиқиришар.
Қандай уят! Қандай уят!
Ҳакам – Ҳасан ботар терга,
Лекин нетар – иложи йўқ
Бекинишнинг ҳеч қаерга.
Лекин нетсин – ўзи айбдор,
Ўзи шунга кўнган эди:
“Лочин”ликлар музқаймоғин
Нега олди, нега еди?!

ВАЪДА

Чет тилидан ҳар дарсда
Бўлади ғойиб-
Қўйиш зим Собирни
Жиддийроқ койиб.

Бутун синф хужумга
Ўтгач, амалда,
Таслим бўдди айбдор –
Қолди қамалда.

Қилмишига пушаймон,
Боқди мўлтираб:
- Чет тилидан қочмайман
Мен энди сира!

Ваъдасини бузмайди
Ўшандан буён:
... Ҳозир тарих дарсидан
Бўляпти қуён!
ТЎЙДА

Нарига маҳаллага
Тўйга бордик тўртовлон.
Уришқоқ болалардан
Хавфсираб деди Жавлон:
- Озмиз жуда!

Бизга ҳам ош тортдилар
Енг шимардик тўртовлон.
Иштаҳамизни кўриб,
Хўрсиниб қўйди Жавлон:
- Кўпмиз жуда!

ҚЎРИҚЧИ

Шум болалар полизда
Юришар тап тортмасдан.
Сапчаларни узишар
Ё эрмакка, ё қасддан.

Бўйноқ чайла олдида
Ётганича ушбу пайт.
Бўлаётган ишларни
Кузатар жим ва лоқайд.

Бебошларни қувишга
Истаги йўқ, хуши йўқ.
У чайлани қўриқлар
Полиз билан иши йўқ.

ЖЎРАЛАР

Ҳасан билан иккимиз
Жўрамиз.
Ҳамма нарсани баҳам
Кўрамиз.


Кеча Собир Ҳасанни
Урганда.
Аламидан йиғлай деб
Турганда.

Жўрамни ажратиб “Қоч!”
Дедим мен.
Калтакнинг қолганини
Едим мен!..

БАЛИҚЧИ

Кун бўйи қармоқ қуриб
Офтобда куйди Холик.
Лекин тута олмади
Ақалли битта балиқ.

Ярим қарич бир чавақ
Илиниб чиққан эди.
Ўшани ҳам қочирди
Жуда ҳовлиққан эди.

Йўлда этишди кулгу:
- Ҳей, балиқчи! Қани ов?
- Кетди қармоқдан чиқиб,
Бир қарич келарди-ёв!

Дуч келган тиржаярди,
Бўш келмасди Холиқ ҳам.
Ҳар жавобида пича-а
Каттаярди балиқ ҳам.

Ниҳоят ундан уйда
Сўрадилар: - Қани ов?
- Кетди қармоқдан чиқиб,
Бир қулоч келарди-ёв!




БАҲС

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Матназар Абдулҳаким 1982- 1997 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Хоразм вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи сифатида фаолият олиб борган бўлса, 1997 йилдан эътиборан Президент Ислом Каримов ташаббуси билан қайта тикланган Хоразм Маъмун Академиясида илмий изланишлар, мумтоз Хоразм адабиёти тадқиқи билан машғул бўлди. Хоразмда яшаб, форсий тилда ижод қилган Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд кейинчалик Муҳаммад Ризо Эрниёзбек Огаҳий каби азизларнинг асарларини ўзбек тилига ўгириш Хоразм Маъмун Академиясидаги устоз фаолиятининг асосини ташкил этди. Шу даврда Матназар Абдулҳаким Мирзо Абдулқодир Бедил асарларининг таржимасига ҳам қўл урди. Мураккаблиги билан машҳур бўлган ушбу пирнинг асарларини ўзбекчага ўгиришга бел боғлаш Матназар Абдулҳаккимнинг адабий жасоратидан яна бир дарак эди. Натижада “Табаррук ташриф” (Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Абдулқодир Бедил асарларидан иборат тўплам), “Ким агар озоддур” (Паҳлавон Маҳмуд асарлари), “Жамолинг менга бас” (Шайх Нажмиддин Кубро рубоийлари), “Такаллум”(Мирзо Абдулқодир Бедир асарлари), “Кўнгил кўзлари” (Муҳаммад Ризо Огаҳий асарларидан иборат тўплам), “Ҳақ файзи” (Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари), “Ой кетди, офтоб келди” (Муҳаммад Ризо Огаҳий асарлари), “Шавқингни ёд этиб” (Мирзо Абдулқодир Бедил, таржимонлар жамоаси билан биргаликда), “Ҳумо парвози” (Мирзо Абдулқодир Бедил асарлари) каби таржима асарлари дунё юзини кўрди.
Матназар Абдулҳаким мумтоз адабиёт вакиллари ижодининг теран томирлари, унинг фалсафий озуқа манбаларини тадқиқ этишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. “Иймон туҳфаси” , “Ялдони ёритган нур”, “Иккинчи муаллим сабоқлари” каби илмий асарлар ўша изланишларнинг меваси эди.
Матназар оғани бошқалардан ажратиб турадиган яна бир ҳислати у кишининг ҳазрат Навоий ижодига бўлган беқиёс ихлоси эди. Ана шу ихлоснинг натижаси ўлароқ Матназар оға бутун умр Алишер Навоий асарларини ўқиди, ўрганди, тарғиб қилди. Натижада ҳазрат Навоийнинг улкан ижодий меросининг зукко билимдонларидан бирига айланди.
Матназар оғанинг адабиёт, айниқса шеър, шеърият масалаларида юксак ўлчовлари бўлиб ва бу ўлчовларни ким томонидан бўлса ҳам бузиша йўл қўймасди. Агар ким ўша ўлчовларга шак келтирмоқчи бўлса дарҳол “муносиб баҳосини” олар эди. Улар Матназар оғанинг яхши дўстлари, курсдошлари, ака ва ука, жўралари ҳам бўлиши мумкин эди. Шундай бўлса-да уларнинг ҳеч қайсисига шеърият ўлчовларини бузишга изн йўқ эди.
Матназар ака умрининг охирларида неча йил хасталикдан дард чекди. Шундай бўлса ҳам хаёлида фақат шеър, фақат адабиёт ва фақат ижодкорлар ташвиши эди. Хасталик зўрайган кунлардан бирида шифокрлар Матназар акага бундан буёғига энди ўз соғлиғини, ўзини кўроқ ўйлаш зарурлиги ҳақида гап очишди. Матназар ака диққат билан тингладилар, аммо индамадилар. Фақат қарашларидан бу фикр у кишига ёқмаганлиги англашиларди. Бу ҳақда эшитган кишилардан бири бир сўз билан устознинг ҳулқига энг ёрқин чизиқ тортди: “Бу фикр Матназар акага ёқиши мумкин ҳам эмас эди-да! Чунки бошқалар иложи борича узоқроқ яшамоқчи,Матназар оға эса иложи борича кўпроқ ишламоқчи”.
Ҳақиқатан, Матназар оға ҳали кўп ва узоқ ишламоқчи эди. Аммо тақдир экан. У худди шам каби умрининг охирги дақиқаларигача ёниб, атрофдагиларнинг йўлини ёритиб туришга ҳаракат қилди.
Шоирларни маълум маънода валилар ҳам дейиш мумкин. Албатта бу ерда ҳақиқий шоирлар назарда тутилмоқда. Матназар оғанинг ўзи ҳам бу ҳақда кўп гапирар ва “шоир ҳеч қачон ўзининг ўлими ҳақида ёзмаслиги керак, чунки, шеър ваҳий ва бир куни у албатта, амалга ошади”, дерди. Мисол тариқасида машҳур русь шоири ва Матназар оға катта ихлосманди бўлган Сергей Есенин ва унинг ўз ўлимини башорат қилиб ёзган шеърларини келтирар эди.

Бир манзилга борурмиз кам-кам,
Бир манзил-ки, ҳаловат ҳоким.
Йиғиштирмоқ чоғи менга ҳам
Боқий йўлга дўкон – дастгоҳим.

Эй сиз, сулув, оппоқ қайинлар,
Эй сен, замин, боғлар, барханлар.
Кетаётган сафларга қараб
Юрагимга чўкар армонлар.

Мен ўзимча кўп ўйлар сурдим,
Ўз ҳақимда шеър айтдим талай.
Бахтлиман-ки, яшадим, кўрдим,
Бу дунёга келдим ҳар қалай.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Нима бўлганда ҳам ёш Матназарнинг қалбидаги адабиётга бўлган меҳр улғая борди. Илк қораламалари мактабда ўқиб юрган вақтларига тўғри келади. Матназар оға ижодининг илк намунаси ўзи ўқиётган мактабнинг еттинчи синфини битирувчилари олдида ўқиган шеъри эканлигини ўзига хос бўлган юмор туйғуси билан эслаб турар, мавруди келиб қолганда ўша шеърини ўқишни хуш кўрарди. Бу шеърга устознинг меҳри бўлакча эди:

Хайр, хайр еттинчи синф
Хайр ака опалар сизга.
Ўқитувчи, доктор, космонавт
Бўлиб хизмат қилинглар бизга.

Матназар оға ўрта мактабни битказгач, Таганрог педогогика институтига кириб, уни муваффақият билан тамомлади. Олий ўқув юртида ўқиб юрган кезларида мумтоз ва замонавий рус, Европа адабиёти билан ҳам яқиндан танишди.
У пайтлар – ХХ асрнинг 60-70 - йиллари – қизил мафкура турмушнинг барча жабҳалари, жумладан, адабиётни ҳам ўз домига олган, ўша замонларда яшаб ижод қилган шоир-у ёзувчи фақат ва фақат ўша мафкурага хизмат қиладиган, ҳақиқий ҳаётдан жуда узоқ бўлган, қотиб қолган сиёсий қарашларни ифода этувчи асарлар ёзишга маҳкум эди.
– Ана шундай шароитда утоз Абдулла Ориповнинг “Митти юлдуз” деб номланган миттигина китобининг ёруғ олам юзини кўриши ўзбек адабиётида жуда катта воқеа бўлди, – деб ўша вақтларни эсларди устоз Матназар Абдулҳаким. – Ушбу китоб ҳукмрон мафкура таъсирида димиққан, моғор босган қалбларга баҳор насимларини олиб келди, уни узоқ уйқудан ўйғотишга хизмат қиладиган илк турткилардан бўлди.
Ҳар қандай чин истеъдод сингари Матназар Абдулҳакимнинг ҳам шоир сифатида шаклланиши осон кечмади. Тинимсиз муталаа, ўз устида аёвсиз ишлаш. Буларнинг бари устозни шоир, адабиёт билимдони, кейинчалик нозиктаъб ва моҳир таржимон сифатида шаклланишига кўмак берди.
У Урганч туманидаги қишлоқ мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаганда ҳам, туман рўзномасида меҳнат қилганда ҳам, кейинчалик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Хоразм вилот бўлимида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлаган пайтларида ҳам ўз ҳаётининг мазмунини адабиёт , шеърият деб билди. Ҳаётдаги қолган барча – барча нарсалар Матназар Абдулҳаким учун иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бошқа ўринларда эди. Ана шу меҳнатларнинг самараси ўлароқ 1982 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда шоирнинг “Тиниқ тонглар” деб номланган биринчи китоби нашр этилди.
Бу китоб Матнакзар оғанинг катта адабиёт эшигини дадил таққиллтишидан жарак эди. Шуни ҳам айтиш керак-ки, Матназар ака ўз табиатига кўра ёқтирмайдиган сўзлар бўларди. Ана шундай сўзлардан бири провинция сўзи эди. Устоз бу сўзнинг ўзини эмас, балки ўша, ўтган асрнинг 70-80 йилларида, чекка – чекка ҳудудлар, қишлоқ, ўба ва овулларда умргузоронлик қилиб ижод қилаётган ижодкорларга нисбатан бироз менсимай ва беписанд қараш маҳсули – провинциал аниқламасини хазм қилолмасди. “Адабиётда провинция ва марказ, марказ ва провинция бўлиши мумкин эмас! Юртда марказлар кўп бўлиши керак, жумладан, адабий марказлар ҳам”, дерди Матназар ака. “Балки французларнинг машҳур “шоирлар қишлоқда туғилиб, Парижда вафот этадилар”, деган ибораси дунёга келган ўз даври учун тўғри бўлгандир. Чунки ахборот алмашинуви бевосита – шоирларнинг ўзаро мулоқотлари, суҳбатлари, тортишувлари, мушоиралари орқали кечган. Аммо у вақтлар энди эртак. Бугун бошқа давр - ахборот асри, ахборот технологиялари замони. Ахборот алмашинуви бугун дунёдаги энг осон нарсага айланди. Шундай экан, қаерда яхши ижодкорлар яшаса ўша ер адабиёт марказига айланади ва ижодий баҳсгина ким “марказ шоири” ва ким “провинциал шоир” эканлигини кўрсатади”.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Шовон асабийлашгани билан суриштирув тўхтамади. Чунки ёшуллининг нима учун, “Бошимни қотирманглар”, дегани ва яна кулиб икки марта бошини чайқаганлигини билиш ёки билмаслик бутун идоранинг тақдирини ҳал қилиши мумкин эди. Бу ўйин қарайдиган иш эмас, албатта.
Аммо ҳеч ким ёшуллининг, “Невчун менинг бошимни қотиради булар...” деганининг маъносини тополмади.
Ниҳоят уни пўрхонинг ёнига етаклашди. Пўрхон – шу идорада кўп йиллар қоровул бўлиб ишлаган, ҳозир нафақада бўлган Бойжон ака. Ҳамма гапни бир бошдан тахлаб беришди.
– Ҳай бу гаплар Ҳожимуқоннинг асбобидай кўриниб турган нарса-ғў.
Шовоннинг ёнида келганлар енгил тортишди. “Худога шукур, топилди.”
– Мунинг ранггина бир қара!
Ҳамма Шовонга қаради. Лекин Бойжон оға нега бундай деганини ҳеч ким тушунмади.
– ...
– Йўқ, сизлар яхшилаб қаранглар! Сар солиб қаранглар! Ўзларингиз ҳам билиб оласизлар шу гапнинг мазмунини.
Ҳамма яна Шовонга тикилди. У эса бирданига қадалган бир неча кишининг нигоҳини кўтара олмай асабийлашди. Мўйловини тортқилаб тортқилаб қўйди.
– Ана! – Бойжон ака “қарс” урди. – Ўзи айтди мунинг!
Ҳеч ким ҳеч нарсага тушунмай ҳамма Бойжон акага қаради.
– Жоним оға, ўлмагайсиз! Ковушингизнинг патаги бўлин. – Ялинди тўрт ёғидан тер қуйилиб тепакал мудир. – Айтақуйинг не гаплигини!
Бойжон оға булар олиб келган “Хоразм коньяги”дан ўймоқдеккина рюмкасига қуйди. Кейин мазза қилиб ҳидлади. У келганларга ўта бетакаллуф эди. Чунки бир вақтлар буларнинг ҳаммаси ёшулли, у қўл қовуштириб хизматда турарди. Ҳозир эса буларнинг ҳаммаси бунинг олдида қўл қовуштириб ўтирибдилар. Бу ёт деса ётади, ўл, деса ўлади.
.
– Между прочим, Урганчнинг “Королевский” коняги Ўзбекистоннинг энг яхши коняги.
– Ўвв, қарри! – Бош муҳандиснинг асаби дош бермади. – Ичакдин сўзавермай айт-да қўй!
Бойжон оға танглайини тиққиллатди.
– Нерви қайтиб тикланмийди. Уни сақлаш керак. Обшим, ёшуллига мунинг бурти ёқмаган. Шунинг учун ранггига қараб бошини чайқаган.
Ҳамма бирдан Шовонга қаради. Кейин бир - бировига. Ҳақиқатан ҳам бу ерда ҳеч кимда мўйлов йўқ, мунда бор эди. Ёшуллининг ҳам мурти йўқ эди.
– Яқинда унинг ўзи келади бу ерга. Хуллас, – директор хулосани эълон қилди. – Муртингни олдирасан. Тамом! Ёшулли келиб кетгунча идорада кўринмайсан. Ҳе, сендақа Чапаевдан ўргилдим!
Илож қанча. Шовон муйлабидан жудо бўлди. Айтилганидай орадан ҳафта ўтиб - ўтмай Ёшулли келди.
– Анов, тоза ишга олган боланг ничик? Ишлаб юрибдими?
– Уми?.. Юрибди.
– Ҳайй, шу болани кўриб ёшлигим ёдимга тушиб кетди, – деди Ёшулли. – Шунинг ёшида менинг ҳам шундай мурт қўйгим келар эди, энди сўрама. Энди у даврларни биласан, бошқача даврлар эди. Одамнинг муртига ҳам осилишиб олишлари ҳеч гап эмас эди. Боласини, оқтиғини суннат этди, деб нечасини ишдан ҳайдаганларини биламиз.
– ...!
– Паришталигина бола экан. Мурти ҳам ўзина дим ярашиб турибди. – Ёшулли ўрнидан қўзғалди. – Мендан салом айт!
Шовонни оёғини ерга тегдирмай директорнинг ёнига олиб келдилар.
– Тур, йўқол! Даф бўл! – Директор ҳамон ўзини босолмаётган, ҳаяжондан дир - дир титрар эди. – Муртинг аввалги ҳолига келмагунча ишда кўринма!
Шовон қалин муртларини ўстириб, яна ишга қайтганида у идорадаги энг обрўли ходим эди.
– Қаранг! – деди директор Шовоннинг мўйлабига ишора қилиб. – Ничик ярашиб турибди!
Шундан кейин директор Шовонни мажлисларга, тўй-маъракаларга, катта-кичик ўтиришларга бирга олиб юрадиган бўлди. Қаерга борса Шовонни, унинг билими, ишчанлигини мақтайдиган бўлди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

.БУРТ
(ҳикоя)
Мана ниҳоят неча кунлик уйқусиз тунлар, китоб титиш, ёшулли-ёшкиччи билан маслаҳатлашиш, иккиланишлар якунланиб, елкадаги тоғ ағдариладиган вақт келди – Шовонни суҳбатга чақиришди.
Қабулхона ҳаддан ошиқ катта, мебель ва тўшовлар ниҳоятда ноёб ва қиммат эди.
Каттанинг ёрдамчиси узун бўйли, ориқ ва қоқчакка, ўта такаббур йигит экан. Кўм-кўк кўзи совуқ ялтирар, оқ мармардай юзида бирор бир ҳисдан асар ҳам йўқ. У бир қилдан ясанган, эгнида оқ куйлак, қора костюм - шим. Галстуги узун ва нозик. Ҳаммага нописанд назар ташлайди. Гўё бу одам-у, бошқалар ердан чиққан зомориқ .
Шовонни бу суҳбатга кўп одам тайёрлаган.
– Ўзингни сипо тут!
– Илжайма!
– Сўрасагина жавоб бер.
– Биламан деб сандироқлайверма, бошингга бало бўлади!
– Кўзига қарама!
– Қўлига ҳам!
– Хонага аланглама!
Мана энди ҳаммаси ҳал бўлади. Шовонни суҳбатга олиб келган масъул ходим ундан ҳам баттар ҳаяжонланади.
– Шарманда қилма! Маҳкам бўл. Агар бу иш битмаса , ёшулли иккимизни ҳам ёмпайтиради ...
Ниҳоят ёрдамчининг қўнғироғи жаранглади. У гавдасининг ориқлигига қарама – қарши ўлароқ оғир бир салобат билан ўрнидан қўзғалди. Каттанинг қўшқабат эшигининг ташқисини очди.
– Келинг.
Ҳаяжондан Шовоннинг томоғига алланарса тиқилди. Юраги дупурлаб урди. Кейин кимдир уни бўға бошлади. Нафаси қисилди. Қўзғалишга ҳам мажоли қолмади. Нафас етмай тек туриб қолди. Қанча турганини билмайди.
– Тезлашинг! – амр этди ёрдамчи.
Бу совуқ оҳангдан Шовон дарҳол ўзига келди. Эшик тутқичига қўлини чўзди.
– Астароқ босинг! – деди ёрдамчи ҳамон ўша оҳангда.
Каттанинг хонасига кириши билан Шовоннинг жонига сўл юрди. Кабинет ҳашаматдан ҳоли, соддагина эди. Димоғига урилган испанднинг ўткир, аммо ёқимли иси онасини ёдига туширди. Креслода оқ - сариқдан келган, етмишларига яқинлашиб қолган киши ўтарар эди. Юзининг фариштаси бор эди.
– Гал! – Ёшулли ўрнидан қўзғалиб қўйди. Шовонга жой кўрсатди. – Туриб кўришолмадим. Алаштирма. Дим ҳориб юрибман. Ўтир.
– Раҳмат.
У қўлидаги ҳужжатларни бир - бир варақлади. Кейин яна қайта кўриб чиқди.
– Ҳаммаси жойида, – деди у. Сўнг Шовонга меҳрибон кўзларини тикди. – Не дейсан, ҳозир ёшулли бўлиб ишласа бўламо?
Шовон не дейишини билмади. Бўлади, деса мансаб истаб келгандай бўлса, бўлмайди, деса, бўлмаса нега келдинг, деса. Хуллас, Шовон “миқ” этмай ўтираберди. Катта унга синовчан тикилиб ўтирарди.
– Туври айтасан, – деди ёшулли Шовон лом-мим демагач. – Ҳозир ёшулли бўлиб ишлаш қийин. Катталар одамни учакка чиқариб, зангини оладилар-да, “Тез бу ёққа кел”, деб қичқирадилар. Ерга сакраб тушсанг, оёғинг синади, яна сени аҳмоқ, дейдилар, не иш этиб тушаман, десанг, дўнгбўйин экан, дейдилар. Одам учун иккиси ҳам яхши эмас. Хуллас, онгли бўлишинг керак. Ёшинг ниччада?
– Ўттиз тўртда.
– Айни ишлийдиган вақтинг. Мен ўттизга етмай улли бир идоранинг бошлиғи эдим. Туврисини айтганда валломатлигим учун эмас, просто олий маълумотли бўлганим учун бошлиқ этиб қўйгандилар. У вақтларда олий маълумотли одамлар кам эди бу ёқларда. Аммо ўзим ишимга қизиқар эдим. Шунинг учун тиришиб ¬- тирмашиб ишладим. Пишдим. От қозондим. Улли - киччининг назарига тушдим. Мақтадилар. И-ии, кетди-и. Бугун мана етмишга чиқиб ўтирибмиз. Ой - кун деган ҳам юмруқдан бурун келар экан. Ёшлик бир кунда ўтди-кетди. Оқшомгина кунига йигирма беш соат ишласак ҳам ҳоримас эдик. Энди бир кун у еринг оғрийди, бир кун бу еринг. Инқилласанг ҳеч кимга, ҳатто хотинингга ҳам ёқмайсан. Ёшуллиларни-ғў қўявер. Ҳай, буларнинг ҳаммасининг садағаси кетай...
Катта нимадандир, кимдандир хафа эди.
– Болалар борми?
– Меники эмас, худоники.
– Сен билан идорангда ким гаплашди?
– Ёшулли.
– Ўзими?
– Ҳовва.
У Шовонга яна бир қур назар ташлади. Кейин негадир кулимсираб бошини чайқаб қўйди.
– Хориб юрибман, – деди у. – Нагрузка катта. Ўзи гаплашган бўлса бориб ишлайвер. Невчун менинг бошимни қотиради булар...
У ҳужжатлар тўпламининг ҳошиясига чиройли қилиб “Қаршимасман”, деб ёзди. Кейин ўрнидан туриб папкани узатди ва мийиғида кулиб яна бошини чайқаб қўйди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

АКА – СИНГИЛ

Поликлиникага кириб зарур докторнинг хонаси олдида тўхтадим. Икки-уч киши навбат кутаётган экан.
– Очеретнинг охири ким?
– Биз, – деди скамейкада ялпайиб олган ориққина, турқи биринчи курс талабасига ўхшайдиган йигитча. У негадир бу сўзларни мен навбатда узоқ ўтиришим мумкинлигидан ҳузурланиб айтгандай туюлди менга. Йигитча ўтирғичнинг энг четида ўтирар, ёнида тикка турган тахминан тенгдош, йигитчадан ҳам озғинроқ қизнинг биқинига бошини ташлаб олган эди. Уларни янги турмуш қурган келин-куёв ёки севишганлар деб ўйладим.
– Бўлмаса сизлардан кейин мен, – дедим йигитчанинг гап оҳанггига эътибор бермай.
– Ээ, кечирасиз, – деди йигитча қаддини бироз тиклаган бўлиб. Сўзларида ҳамон ўша – ўша беписандликми ёки ўзини кўз-кўзлашга уринишми зоҳир эди. – Биздан кейин яна бир одам бор.
– Не ерда у?
– Мен не билай, – йигитча яна бошини қизнинг биқинига қўйди. Бошини кўтариб ёнидаги қизга, “бопладимми?” дегандай мағрур қариб қўйди. – Шу ерларда бўламан, деган эди.
– Бўлмаса ундан кейин мен, – дедим мен ҳамон бепарво. Йигит ўзини бундай тутиши билан, албатта, қизча олдида ўзининг қанчалик жиддий, мард ва қўрқмас, ҳатто ўзидан ёши анча улуғларга ҳам беписанд муомала қила олиши мумкинлигини кўрсатишга уринаётганлигини англадим. Шунинг учун ёшкиччиларнинг бу қилиқларини ёшуллиларга эркаланишга йўйдим.
– Қачон киришимнинг менга тафовути йўқ. Ҳеч ерга қистаниб ҳам турганим йўқ.
Бу бепарволик йигитни довдиратгандай бўлди. Қаддини ростлади, йиғналиб ўтирди.
– Вообше-то, у келмаса, сиз кираверишингиз мумкин. – У қизга йилт-йилт қараб қўйди, ўнғайсизланиб энсасини қашлади.
– Шундай қиламиз, – дедим ва скамейкага ўрнашиб ўтириб қўлимга китобимни олдим. – У келмаса биз кирамиз.
– Гечирасиз, – деди у кейин негадир узрхоҳлик оҳангида бир менга бир китобга қараб қўяр экан.
Ўртага жимлик чўкди.
– Вой! – қиз бир чўчиб тушиб секингина оҳ урди. – Буни қаранг!
– На гап?!
– Қоринжа!
– Э, юрагимни ёрдинг! На гап экан дебман.
Йигитча қизнинг қўлидаги чумолини олиб отиб юборди.
– Уп - улли қизсан! Қумурсқадан ҳам қўрқасами?
– Қўрқама-ан, – эркаланди қиз. – Қоринжадан қўрқаман...
Қизнинг эркаланишида адоғсиз истиғно бордай эди. Аммо йигит бепарво, беғам эди. У яна қиз билан машғул бўла бошлади. Улар гўё ёлғиздай, атрофдагиларга мутлақо эътибор беришмас, баҳорда топишиб олган қумрилардай эдилар. Мусичалар тинмай “ку-ку”лашар, бир – бирларига меҳрларини ҳаддан ортиқ, эҳтиросга яқин бир туйғу билан изҳор қилишарди. Йигит қизнинг биқинига бошларини босиб-босиб суркар, қиз бундан безмас, аксинча, қиқирлаб завқланар, меҳр билан тортиб-тортиб йигитнинг сочларини бармоқлари билан тинмай тароқларди. Йигит эркалигини ҳаддан оширса қиз секингина унинг бошига бармоғи билан нуқиб қўяр, ўзидан нари итарган бўлар эди.
“Тўйлари яқинда бўлган бўлса керак. Бир ой, балки икки, уч ой... Шундан кўп эмас. Ундан ортиқ бўлса бир-бирларининг меҳрларига анча – мунча тўйишиб, кўчада, яна тағин одамларнинг ёнида бир-бирига мунча суйкалишмас эди. Йўқ, йўқ, буларнинг тўйига ҳали олти ой бўлмаган”.
Унга разм солдим. Ўспирин десам унинг, ёш йигит десам менинг ҳаққим кетар эди. Юзига хуснбузар тошиб енгилгина чўтирлашган, сабза бўлган муртига ҳали поки тегмаган. Қизча эса ундан ҳам маъсумроқ эди. Рангпар, чўзинчоқ юзида қон йўқ. Катта – катта қўй кўзларида меҳр тўда, аммо маъюс боқар эди.
“Айни ўйнаб - кулиб, ёшликнинг завқини тотадиган вақти бўйнига ола тўрвани илдириб олганларини қара!”
– Сен ҳеч қисинма, – деди йигит энди елкасига қўйилган қизнинг қўлларини силаб. – Ҳаммаси яхши бўлади. Во! – у бош бармоғини юқорига кўтарди. – Во! Ҳали кўрасан...
Йигит бидирлаб гапирар, нима қилиб бўлса ҳам қизни қойил қолдиришга ҳаракат қилаётгани аён эди. У изли - изидан бошидан кечирган, гувоҳи бўлган бир - биридан ғаройиб саргузаштларни тинмай суйлар, қиз эса мийиғида, майингина кулганича тинглар, миқ этмасди. Қиз йигитнинг қилиқларидан завқ олар эди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Гапираверганидан ўзи ҳам анча толиқиб қолган Салима бир зум тўхтаб Болжоннинг нигоҳи йўналган ёққа қаради: Алламбало қоп – қора чет эл машинасига кўзи тушди. “Уҳҳ!” Машина ёнида автога монанд қоп – қора кийиниб олган эркак телефонда гаплашар эди. Салиманинг димоғига эркакларнинг хушбўй чет эл атирининг ҳиди урилгандай бўлди. Юраги орзиқиб кетди.
– Ўҳ-ҳўў! Машина зўрр-қу! – деди Салима ва кўзини Элмуроддан анчагача узмади: “Келишган экан”. Хўрсиниб қўйди. Болжонга ҳасад билан боқди. Машина ҳам , эркак ҳам, бир қилдан ясанган Болжоннинг ўзини тутиши-ю, нотаниш йигитга ички бир титроқ билан боқиши Салиманинг ичини қиздирди. – Ёшуллингизми?
Болжон дув қизарди.
– Йўўў... Бирга ишлаймиз.
Салима яна “уф” тортди.
– Насиб этсин, – деди у ич этини еётган ҳасаднинг зўридан тўлғониб. – Насиб этсин... бика.
Кейин Болжоннинг қўлидаги даста пулга кўзи тушиб кўзларида бир бетоқатлик пайдо бўлди.
– Менга бир кўмак этиб юборинг, жо-он опика-аа, – деди у ялинчоқ ва гавдасига ярашмаган ингичка бир товушда. – Бояги... бояги “родитель” пул ташламай кетди. Унинг боласи учун пул бериб турри-и-нг. Эртага боланинг акасидан олиб бераман. Бугун ҳаммасини топширмасангиз, этингизни ейман, деган эди директор, илтимо-осс...
Болжон муаллимадан тезроқ қутилиш имкони туғилганидан хурсанд бўлди:
– Яхши. Неча сўм? Тезроқ бўлинг лекин...
Шошилиб пул олаётганида қопчиғи қўлидан тушиб кетди.
– Бу не олвираб ётибсиз? – деди энди Салима анчайин совуққонлик билан. Яна ҳасад устун келган эди. – Эртадан қолдирмай олиб бераман, дедим-ку!
Болжон чиқиб кетар экан Салима унинг изидан олайиб қараб қолди. “Олиб ётган ери йўқ-ку! Эркакларга ҳам ҳайронсан”, ҳаёлидан ўтказди у. Кейин беихтиёр сочларини тузатди. Семиз ва салқий бошлаган билакларига кўзи тушиб ичида нимадир узилгандай бўлди.
– Анави муаллим опа мен тўғримда ёмон ҳаёлга борди, – деди Болжон машинага ўтирар экан.
– Сизни билмайди-да у, элаштирманг, – деди Элмурод орқа ўриндиққа жойлашган Болжонга машина салонидаги кўзгудан боқар экан. – Билса бунақа ёмон хаёлларга бормас эди.
– Йўқ, у Сизни билмайди, – деди Болжон. – Тоза, соф одамсиз...
– Обо-оо. Яна шу гапми? Шу гапни эшитсам, шунчалик гўл ва латтасиз-ки... дегандай, туюлади.
– Э, қўйинг, мен тўғрисини айтаётирман.
– Мен ҳам тўғрисини айтаётирман. Тоза ва софлик ҳозир вақтда тавқи – лаънат белгисига айланган, биласизми? Бугун кимнидир тоза ва соф десалар, камида дали дегандай бўлади. Шунга мен ҳам бироз нахалроқ бўлсамми, дейман.
– Сиз ундай бўлолмайсиз, – деди Болжон.
– Невчун экан?
– Юрагингизда гард йўқ.
- Дим ҳам унчалик эмас. Минг, йўқ, деганда ҳам, юракдаги гардларим бир-икки эшакка юк бўлади. Шунинг учун, – Элмурод икки кафти билан машинасининг рулига уриб қўйди. – Шунинг учун ... яхшилаб ниқобланиб юраман. Ўҳ-ҳўў, дим ёмон одамман. Фақат аёллар масаласида...
– Бошингизни қотирманг-да, шундай яхшилигингизча қолаверинг.
– Латта бўлиб юраверинг, демоқчимисан?
– Бунақа эмаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз-ку.
– Аёллар мард, шартаки эркакларни яхши кўради, дейдилар. Улар мени ҳам яхши кўрсин, дейман-да.
– Аммо бетамизларни эмас! Сизни мен билган аёлларнинг ҳаммаси ҳурмат қилади.
– Билмаган аёллар не?
– Билмаганлари ҳам.
– Тўғри айтасиз. Менга бу ҳақда доктор ҳам айтган.
– Доктор?!
– Ҳовва. Яқинда кабзамнинг тейинда бир оғриқ сезиб, докторга борсам, безовта бўлманг, сиз фаришга экансиз, кабзангиз остидан қанот ўсиб чиқаётир дейди.
– Эээ... – хафсаласи пир бўлди Болжоннинг. – Докторга борибди, омонликмикан, деб дамим ичимгатушиб кетди...
Элмурод бутун гавдасини силқитиб кулди.
– Тўғрида, – деди у кўз ёшларини артиб. – Сенинг бу гапларингни эшитавериб ойнага тез-тез қарайдиган бўлиб қолдим. Ҳақиқатан ҳам қанот ўсиб чиқмаётибмикан, деб.
– Сиз билан жиддий гаплашиб ҳам бўлмайди.
– Йўқ, ҳозиргача ўсиб чиқмаяпти. Демак мен сен айтганчалик фаришта эмасман.
– Мен сизни фаришта дедимми? Яхши одамсиз, дедим, холос. Сиз бўлса осмондан келасиз.
– Мен эмас, сен осмондан келасан. Сенинг гапларингни эшитиб осмондан қачон тушган эканман , деб ҳам ўйлаб қоламан бир вақтлари.
Бироз жим кетишди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Адабиётга ёт, мактаб дарсликларидаги шеърларни демаса шеърият ҳақида умуман тасаввури йўқ бўлганлиги сабаб бу сатрлар қандай туғилаётганлигига ҳайрон бўлар эмиш. Ҳайрон бўлиб турса ёмғир шитирлай бошлар эмиш. Ёмғир томчилари ҳам дим- дим майда, кўзга кўринар кўринмас даражада эмиш. Ёмғир билан бирга шеър ҳам қуйишда давом этирмиш. Қўшни қиз эса буларнинг барини маъюс ҳолда, жуда - жуда маъюс ҳолда кузатар эмиш.

Ёмғир шитиридан тебранар сассиз,
Баҳорий насиймлар чайқатур уни.
Гул бўлмоқ ишқида ёнган ғунчанинг
Қийнайди кўксидан таралган уни.

Буларнинг ҳаммаси қўшилиб унинг юрагини ҳаприқтирар, бўғзига олиб келиб тиқар, кейин яна қўйворар эмиш. Кейин эътибор берса осмону фалакдан ёғилаётган гулбаргларнинг ҳаммаси айланиб келиб унинг юраги устига қатма – қат қатланаётган эмиш.

Ёмғир ёғаверар, насиймлар эсар
Озурда кўнглимнинг тинчини бузиб.
Юрагим қатига қатланаберар
Гурбарглар ажиб бир қурамиш бўлиб.

У ўз юрагини томоша қила бошлар эмиш. Юраги минг қуроқ эмиш. Миллион қуроқ эмиш. Аммо жуда – жуда мустаҳкам эмиш. Бир текис урар эмиш у. Ҳар зарбда юрагининг қувватини ҳис қилар эмиш у.

28 ноябрь, 2016 йил.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

https://youtu.be/dl46nYH2rQQ?si=__BFCQcwZIIPkb7Y

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Эврил Турон - жасоратли инсон.

Адиб Эврил Туроннинг «Бӯз бӯри» романини ӯқияпман. Босқинчи арабларнинг қотилликлари, қандай қилиб халқимиз тарихи, маданияти ва келажагини барбод қилганлари ҳақида илк бора шундай асосли, тарихий маълумотлар берилганига гувоҳ бӯлдим. Араблар ва араб маданияти халқимиз онгига куч ва зӯравонлик билан сингдирилгани ҳақида маълумотлар ӯзимизда деярли йӯқ. Бошқа тиллардан таржима қилиб нашр этишга ҳеч кимнинг юраги бетламайди. Чунки, ҚӮРҚУВ ва жаҳолат бунга йӯл бермайди. Араб маданияти, адабиёти, урф-одатлари халқимиз онгига дин деб сингдирилган. Турк ӯзбек тили ва маданияти иккинчи ӯринга тушиб қолган. Халқимиз шу зеҳният билан яшашга мажбур қилинмоқда. Жадидлар Отатуркнинг Туркиядаги ислоҳотларидан руҳланиб, ӯзгариш ясашга ҳаракат қилишган эди. Лекин улар қадимчилар номи остидаги консерватив кучлар қаршилигига учрадилар. Ҳозир ҳам араб урф-одатлари ҳақида гапирсангиз сизга бутун халқ қарши чиқади. Халқимиз арабларни чин мусулмонлар деб билишса, араб урф-одатларини дин деб қабул қилиб олишган. Буларнинг асосий сабаби-тарихимизнинг йӯқотилганида, халқимиздан араб босқини борасидаги асл ҳақиқатни яшириб келишаётганида деб ӯйлайман. Эврил Турон бу борада тарихнинг қоронғу сӯқмоқларини очиш учун жасорат билан иш бошлаган эдилар. Умид қиламанки, аста секин бу орзу умидлар кенг қанот ёза бошлайди. Буюк ёзувчи ва миллатпарвар инсон бошлаган иш давом этади. Чунки, замон ӯзгарди, одамлар ӯзгараяпти. Одамлар мусулмон ӯлкаларининг қолоқ ва ибтидоий аҳволда қолиб кетаётгани сабабини тушуна бошлашди. Террорчилик ва хунрезликлар озуқланаётган манба ҳам сохта

ҳадислар ва ривоятлар дини асосида шаклланиб қотиб қолган мусулмон ӯлкаларининг ҳаёт тарзидир. Бу зил-замбил, зирҳли зеҳният қӯрғонини бузиш эса осон иш эмас. Шу зулматда умрбод яшашга мажбурсиз ёки уни ичида ӯзгаришлар қилиш учун ӯзингизда жасорат топишингиз керак.

Юсуф Расул
таниқли журналист

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Устоз Матназар Абдулҳакимнинг "Дарсдан сўнг" шеърини туркманистонлик маҳоратли таржимон, шоир, ўзбек адабиётига меҳри бўлакча инсон Ўрозмурод Муродов туркман тилига таржима қилибди ва устознинг ижоди, бу шеъри ҳақида гўзал фикрлар билдириб, яқинда Туркманистон нашрларида босилишини таъкидлабди!
Ўрозмурод оғага ўзбек адабиёти, Матназар устознинг оиласи номидан миннатдорлик билдирамиз!


Matnazar Abdulhakim
 
SAPAKDAN SOŇ
 
Çilim çeken bir okuwça käýedi,
Alyp goýdy ondan otluçöpi hem.
Ýumuş depderlerin toplady, soňra
Bir-bir sanap gördi. Ýedi depder kem.
“Her gezek siz şeýle,
Utanaňzokmy?
Gelýäňiz okaman, gezelenje siz,
Bu sapar hem iki goýmaýyn, ertir
Galanlaňam depderleri jemlensin”.
Gyş güni – bir tutum.
Garaňkyrapdy.
Ýaýdandy. Aşmaly boljakdy gyrdan.
Äri hem gelmedi alyp gitmäge,
“Göwni geçdimikä...” – tisgindi birden.
Uguny ýekeläp işdeş jorasy:
“Ýatyp gidiň – diýdi – indi giç boldy”.
Göwnemän, goltuklap şol depderleri,
Pyýadalap öýe sary ýol saldy.
Obadan saýlanyp, gyra çykanda,
Agşam düşüp, daş-töwerek tümlükdi.
Ýoldan dönmekçi hem boldy bir göwni,
“Oglum dertläp galan bolmagy mümkin”.
Ýüregine dowul düşüp has erbet,
Gurşap aldy gorky tümlükden beter.
Büdür-südürlikmi, çukur, gyr diýmän,
Gidiberdi, şeýdip ahyry ýeter.
Eýmenji bur sudur ildi gözüne,
Syn etse, möjekdi.
Yzarlaýardy.
Ýatlap ýyrtyjynyň gorkýanyn otdan,
Bir depderi ýakyp, yzlygna sary
Taşlady.
Togtady möjek. Soň – ýene...
Mugallyma medet bolan bu alaw
Ýyrtyja bererdi mejbury sabyr.
Ýolagçy – ýakardy, möjek – togtardy,
Ikisi dem dürsär her depderde bir.
Ýol uzak, tün gara, möjek bolsa aç,
Aç ýyrtyjy bilmez nedir sadakat.
Öýe ýakyn galan wagt tükendi
Mugallymda depder,
Möjekde – takat.
Ahy-pygan tutdy obany daňdan,
Zemin matam tutdy, zaman aglady.
Depder tabşyrmadyk ýedi okuwçy
Hemme kişiden hem ýaman aglady.
Ýöntem şygrym üçin bagyşla, halkym,
Ne alym, ne dana, ne söz piri men.
Öz wagtynda depder tabşyryp bilmän,
Soňa galan çagalaryň biri men.
Men oňat bilýärin, tumar edinmez
Aşykdyr magşuklar ýazanlarymy.
Men oňat bilýärin, aýdymlam ýöntem,
Ýönekeýje garalama gazallar.
Emma... sen barýansyň geljege sary,
Çekinmän kysmatyň öri, gyryndan.
Özümçe gorasym gelýär-dä seni
Ýowuzlyk, hyýanat börülerinden.
Men ýazyp-bozýaryn bir gün sypdyrman,
Habarlar, sowallar, hytaplarymy.
...Sen ýolboýy ýakyp taşlap gidiber
Möjekler eýmenýän kitaplarymy.
 
Terjime eden Orazmyrat Myradow

#Матназар_Абдулҳаким |@M_Abdulhakim

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

https://youtu.be/gGvZqn9TLNk?si=OhvYF4zSoF-3crAm

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

ASSALOM,XORAZM!

21.02.2024 ✅

📲@XorazmTELEKANAL✔️

📲DASTURNING HD versiyasi👇

🎥 YouTube

Telegram kanalga ulanish⤵️
/channel/+Sc_gfY0E_0jvYofu

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

#Matnazar_Abdulhakim_76

MATNAZAR ABDULHAKIM
HAQIDA XOTIRALAR

➡️ Oybek Tillayev, "Hayot ko‘zgusi" gazetasi xodimi, shoir.


🎬Tasvirchi: Xorun Muso

@Xorun_Muso

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Осмон нега зангори,
Эмас қизил ё сариқ?
Чарчамаймиз кечгача
Икки жўра баҳслашиб.

Далиллару исботлар,
Берилса ҳам илмий тус –
Олинмайди сира тан,
Топилади важ махсус.

Енгилишни ким истар,
Ўжар етти пуштимиз.
Овозимиз бўғилса
Ишга тушар муштимиз.

Осмон нега зангори? –
Баҳсни канда қилмаймиз.
Сабабини аслида
Иккимиз ҳам билмаймиз!

БАҲОР КЕЛДИ

Ўчакишиб баҳорга
Қилган эди тўполон –
Нега бирдан бўшашди
Қочиб кетди қиш нолон.

Кўрганда сон-саноқсиз
Куртакларнинг муштини,
Балки унинг дилига
Шундан ҳадик тушдими?!

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Бахтлиман-ки, севдим интилдим,
Қулоч ёздим чечаклар аро.
Жонворларни укам деб билдим,
Бошларига урмадим асло.

Биламан, ул манзилда балқиб
Ётмас оққуш бўйин бошоқлар.
Кетаётган сафларга боқиб
Шундан менда алам, қийноқлар.

Биламан-ки ўшал маъвода
Бу кенгликлар бўлмас, шубҳасиз.
Шунинг учун менга дунёда
Яшаётган одамлар азиз.

Матназар Абдулҳаким қушдай беозор ва осмонни, чексиз кўкни беҳад севувчи инсон эди. Матназар оғанинг хоразмлик шоир Рўзмат Отаев хотирасига бағишланган “Видо” шеърини ўқир эканмиз гўё устоз юқоридаги ҳамма гапларга ўзи якун ясагандай туюлади.

Қўлларимнинг патлари йўқлар,
Суякларим – қўрғошин йилик.
Мени бунча ёмон чорлайсан,
Жоним осмон, бу не кўргилик.

Самарлари узоқ куттирди,
Умид билан эккан мевамнинг.
Кўчмоқдасан гумбазларига
Сендан улгу олган Хевамнинг.

Тун – кунларининг талашадилар
Ғамларимни – аламларимни.
Тортишарлар чексизликларинг
Поёни йўқ оламларимни.

Юрагимни тортар бир юрак
Мендан олис-олис ерларда.
Мен мисралар билан дардлашиб
Саргардонман ғариб шеърларда.

Ишқдан бўлак титроғим йўқдир,
Йўқдир шеърдан бўлак ҳеч ларзам.
Дўстларимдан бошқа ҳеч кимим,
Ердан – кўкдан бошқа ҳеч нарсам.

Дўст меҳрини парҳез тутмадим,
Нодўст дунё гарчи ғамхона.
Ўлдирса ҳам олдим-да едим
Луқма тутгач хаста ҳамхонам.

Сиз ҳам тутманг меҳримни парҳез,
Жоним тандан бўларкан жудо.
Меросдирман ҳаммангизга тенг,
Тенг кўрганни тенг кўрар дунё.

Кўрингизлар барабар баҳам,
Дардманд сўзим шеъриники бўлсин.
Руҳим бўлсин сеники осмон,
Ва жасадим ерники бўлсин.

Дўстларимга бахшида бўлдим
Уммон эдим қолмай бир қатра.
Юрагимни тортган ошуфта
Юракники бўлсин хотирам...


Шуҳрат Маткарим,
2011 йил, 29 ноябрь.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

У киши иқтидорларни қанчалик қўллаб - қўлтиқласа, уларни рағбатлаштиришдан, боласи, невараси тенги ижодкорларнинг асарларига сўзбошилар ёзиб, уларни республика матбуотида ишлаётган таниш – билишларга тавсия этиш, лозим бўлса уларни таҳририятларга шахсан ўз элтишдан чарчамаса ва буни ажиб бир роҳатланиш, ҳузур билан бажарарди.Аммо ҳарфхўрларни, ўзининг ижоди ҳақида ўзи жуда юксак фикрда бўлган “адабиёт паразитлари”ни ёқтирмасди. Бу маънода Матназар ака жуда қаттиққўл ва шавқатсиз эди. У, адабиёт муқаддас маъво, бу ер ҳар – хил “қаланғи - қасанғи”лар учун макон бўлмаслиги керак, деб ҳисобларди. Худди шу қоидаси учун Матназар оғани ёқтирмайдиган тоифалар ҳам бор эди, албатта. Улар Матназар Абдулҳакимнинг залворли обрўсидан, ўткир сўзидан чўчиб буни ошкор қилмасликка интилар эдилар. Аммо киши ўз ботинидаги гапларни бутун умри давомида яшириб юролмайди. У ёки бу сабаб билан , ўзига жуда ишончли деб билган давраларида улар ўз зардобларини тўкиб қолганлари ҳақидаги гаплар устознинг қулоқларигача етиб қоларди баъзан.Шундай вақтларда Матназар оға ўзининг қайноқ ҳулқига қарши ўлароқ, жуда босиқлик билан қўл силтаб қўяқоларди. “Ўз буларни истеъдодсиз этиб яратиб худонимнг ургани ҳам етади”, дер эди.
Улуғ манзилларни кўзловчи ҳар қандай киши каби Матназар оғанинг табиатига ҳам ҳар қандай майдакашлик, ипирисқилик ёт эди. Шунинг учун устоз қайсидир мақсадни, ўзинингми ва ё ўзганинг олдига қўяр экан ҳеч қачон шахсий, маҳаллий ва ёҳуд тор соҳавий манфаатларни кўзламаган. Матназар оғанинг ҳар қандай фикри остида ғоят катта маслаклар, улуғ ғоялар ётарди. Дейлик, Матнакзар оға қайсидир ёш ижодкорни янги асарлар ёзишга, уни эълон қилишга ва тўплам ҳолида нашр этишга ундай бошласа ва шу йўлда ўзи ҳам кимнингдир ҳавасини, кимнингдир ҳасадини келтириб шиддатли бир саъй – ҳаракатлар қила бошласа, билинг-ки ўша қалам соҳиби жуда иқтидорли ва у ўзбек адабиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўша олади.
Тинимсиз меҳнат, изланишлар вақти келиб Матназар оғани нафақат Хоразмда, балки ўзбек адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бирига айлантирди. Бирин кетин шоирнинг “Фасллар қўшиғи”, “Қор қўшиғи”, “Мавж”, “Ёнимдаги дарёлар”, “Қорачиқдаги дунё”, “Ойдинлик”, “Ёлғиз япроқ” каби шеърий тўпламлари нашр этилди.
Матназар Абдулҳаким ўзбек тилининг ҳақиқий жонкуяри сифатида унинг бойишида шеваларнинг аҳамияти ҳақида ҳам кўп фикр юритарди. “Агар адабий тил бир денгиз бўлса, турли шевалар унга турли томонлардан қуйилиб унинг ҳаётлигини таъминлаб турувчи ирмоқлар”, дерди устоз. Шу маънода у Хоразм оғзаки адабиёти намуналарига ўзгача ихлос билан қарар, унинг ўйноқи оҳанглари Матназар оғани доимо тўлқинлантириб келарди. Ана шу таъсир остида ва адабий тажриба сифатида хоразм шевасида ҳам шеърлар ёзди. Кейинчалик уларни “Бир қужоқ гул” номи остида бир тўпламга йиғди.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

“ИҚБОЛ БЎЛИБ КЕЛГАН ЭДИ БИЗЛАРГА”

Атоқли шоир, таржимон, адабиёт тадқиқотчиси
Матназар Абдулҳаким ҳақида
Юлдузларни соғинсанг
“лоп” этиб кўринар чироқлар.
Гули ЗЕБО

XX асрнинг охирларида Хоразм адабий ҳаракатчилигида ажиб бир жонланиш рўй берди. Ўша пайтда ижод қилган Рустам Назар, Шокир Бек, Жуманазар Юсупов, Йўлдош Эшмуродов, Юсуфжон Латипов, Исмоил Оллоберганов, Отабек Исмоилов, Баҳром Рўзимуҳаммад, Содиқжон Иноятов каби ижодкорларнинг республика матбуотида эълон қилинган илк асарлари адабий жамоатчилик, танқидчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Вақт ўтиб ушбу ижодкорларнинг асарлари республика нашрларида узоқ ётиб қолмайдиган, босилганлари юқори баҳоланиб, баъзилари баҳс – мунозараларга сабаб бўладиган бўлди. Натижада Хоразмда ўзига хос адабий муҳит яратилганлиги эътироф этила бошланди.
Вилоятнинг турли бурчакларида яшаб ижод қилаётган иқтидорларни кашф этиб, ўз атрофига тўплаган, уларнинг илк асарларини республика газета ва журналларида эълон қилинишига яқиндан ёрдам берган ва чинакам истеъдод эгаларига ҳақиқий устозлиқ сифатида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб, Хоразм адабий муҳитини янги поғонага олиб чиққан киши устоз Матназар Абдулҳаким эди.
Матназар Абдулҳаким 1948 йилнинг 20 февралида Урганч туманидаги Қоровул қишлоғида зиёли оиласида туғилди. Матназар Абдулҳакимнинг падари бузруквори Абдулҳаким ота мадраса таълимини кўрган, арабий, форсий тилларни мукаммал билган, воҳанинг кўзга кўринган саводхон кишиларидан бири эди. Бироқ ХХ аср бошида рўй берган Октябрь тўнтаришидан кейин юртда барқарор бўлган мустабид тузум ўтган асрнинг 30-40 йилларида, кейин 50 – йилларда яна бир карра Абдулҳаким отага ўхшаган саводли кишиларни эскилик қолдиғи сифатида таъқиб остига олди. Абдулҳаким ота , устоз Матназар Абдулҳакимнинг таъбири билан айтганда “туркман ичига кетиб”, кейин юртнинг маърифатли кишиларининг қўллови билан жон сақлади.
Замон бироз тинчлангач, ўтган асрнинг 60 йилларидаги қатоғонларидан омон ўтган Хоразму, Тошовуз, Қорақалпоғистонда яшовчи, ўша пайтнинг тили билан айтганда, “ўткир муллалари” Абдулҳаким отанинг уйида тез – тез йиғилишадиган, “Навоийхонлик”, “Бедилхонлик”, “Огаҳийхонлик” қиладиган бўлишди.
- Шундай кунлари акамнинг дўстларига хизмат қилиб, чой – пой ташиб турар эдим, - дея эслар эди ўша пайтларни Матназар оға кейинчалик. – Улар Бедил, Навоий ғазалларини мутоала қилишарди.
Эслаётганимиз воқеа – азалдан Хоразмда урф бўлган анъана китобхонлик кечалари эди. Одатда бундай китобхонликларда Абдулқодир Бедил ёки ҳазрати Навоий асарларидан ёҳуд диний, фалсафий , илмий асарлар жамоа бўлиб ўқилар эди. Китобни, одатда даврадагиларнинг саводи нисбатан сустроғи ўқир ва у киши бирор нарсани тушунмаганида мутоала тўхтар ва даврадагиларга савол назари билан қарар эди. Бундай вақтда у
кишига матннинг тушунмаган ери тушунтирилар ва у яна китобхонлик давом этар эди.
Матназар оғанинг ёшлиги ана шундай китобхонликлар таъсирида ўтди. Устоз шоир ўша пайтлардан бошлаб шеър, арабий ва форсий тиллар, аруз оҳангларига “қулоқ қонди” бўлди. Шу муҳитда камолга етган ёш йигитнинг кўнглида табиий сўзга, шеъриятга меҳр ўйғониши табиий бир ҳол эди. Бу нарса уни оталар суҳбатларида фаолроқ иштирок этишга, билмаганларини сўраб ўрганишга чорлар эди. Аммо ҳали бу дунёда ёш кўнгиллар англамайдиган сир-синоатлар ҳам мўл эди.
– Акам бундай китобхонликларда менинг фаол бўлишимни унча рағбатлантирмас эди негадир. Ўша вақтлари мен бунинг сабабини тушунмас ва ҳайрон бўлар эдим, – деб эсларди Матназар оға сўнг. – Кейин билсам акам ҳам, унинг дўстлари ҳам араб ва форс тиллари, араб ёзувига асосланган эски ўзбек ёзувини билган саводхон кишилар бўлганлиги учунгина ХХ асрнинг ўтиш даври – 30, 40, 50 - йилларнинг қатоғин машинаси чиғириғига тушишган, бундан уларнинг ҳар бири нафақат жисмоний, балки маънан ҳам қаттиқ изтироб чеккан кишилар экан. Бундай саводхонлик қизил тузум томонидан турли тазйиқларга учратилади , деб ўйлаган оталаримиз бизларни шу йўсин бало – офатлардан сақлаган эканлар ўзларича.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

– Ишла, ишлайвер жўра. Айни ишлайдиган вақтинг, – такрорлади у аввалги гапини. Кейин бироз жим қолиб қўшиб қўйди. – Аммо иш деб ҳамма нарсани ҳам ёддан чиқариб юборма. Ҳаммаси керак. Ҳаммасининг уҳдасидан чиқиш керак. Хаёт деган кўз очиб юмгунча ўтиб кетар экан. Буни мен сизларнинг ёшингизда билмаганман. Буни бизларга биров айтмаган ҳам. Ўзларимиз бўлса ҳамиша шундай соғлом, ёш бўлиб тураверамиз, деб ўйлаганмиз. Аммо ундай эмас экан. Ина инди, ўтирган ерим ўзимники. Хуллас, в перёд! Аммо ҳеч қачон ўзингнинг олдингда турганни йиқитишга ошиқма. Кейинда келаётганларга ҳам беписанд бўлма. Соғ бўл!
Шовоннинг каттанинг ёнидан дарҳол чиққанини кўриб ёнида келган масъул ходимнинг ўтакаси ёрилди.
– Бўлмадими?!!
– Бўлди.
– Бунча тез эса?
– Билмасам.
– Новви деди?
– Ишлайвер, невчун бошимни қотиради булар, деди.
– Кимни айтди?
– Ким билади.
– Шундий дедими?
– Шундий деди.
– Яна новви деди?
– Кейин ёшуллининг ўрнини олишга ошиқма, деди.
– Қайси ёшуллининг?
– Ким билади.
– Яна новви деди?!
Ёрдамчи салобат билан томоқ қирди. Масъул ходим ўзига келди. Шовонни шашт билан ташқарига судради.
– Яна новви деди? – такрорлади у саволини қабулхонадан чиқибоқ. Қайси ёшуллининг ўрнини олишга қистанма, деди?
– Мен не ердан биламан.
Шовон ёшуллининг ёнига кириб чиққанидан кейин туманни шов-шув босди.
– Фалончининг ўрнига Шовон бўлар экан.
– Ҳа, шундай бўлсин. Ўзи ҳамманинг жонига теккан эди.
– Ёшулли айни ишлайдиган вақтинг. Ҳориб юрибман. Ўрнимга сени қўяман, дебди.
– Ҳаммаси бўлмаси гап! Ҳозир ёшулли бўлиб ишлайдиган замон эмас, жувонмарг бўлиб кетасан, дебди.
– Иш-иш деб ҳамма нарсани ёддан чиқариб қўйма, дебди. Хи-хи-хи. Жанонларни қўлдан қочирма, дебди. Бу масалада ўзининг суяги йўқ эмиш-қу.
– Ана-а, мен на дер эдим сизларга? Ишонмаган эдингизлар. Катта бизларни ёшуллини ёқтирмийди. Ина, ўрнига одам ҳам топибди.
Хуллас, Шовоннинг ёшуллининг суҳбатига бир кириб чиққани арининг инини бузиб юборди. “Виз-виз”, “Ғиз-ғиз”, “Ғилч-ғилч” гап. Ҳаммадан ҳам директор ва унинг теварагидагиларнинг тинчи бузилди. Улар ҳаммасидан ҳам, “Невчун бошимни қотиради булар”, деган гапининг маъносини чақаман, деб вайрон бўлишди. Директор эса ёшуллининг нега бошини сарак - сарак этиб қўйганлигининг маъносини чақолмай боши роса қотди. Боши хум, юраги безовта эди. Ёшуллини бир ўттиз - қирқ йилдан бери билади. Бирор сабаб бўлмаса бундай топишмоқ гап айтмайди. Бу топишмоққа тўғри жавоб топиш директор учун хаёт - мамот масаласига айланди. Топса топти, топмаса ит қопти.
– На у деди? Қистанма. Қистанма! Сўзма сўз айт! – энди уни калтабақай, хўппа семиз, тепакал бўлим бошлиғи сўроқ қилар эди. Асабийлашса терлайдиган одати бор эди унинг. Мана ҳозир ҳам тўрт ёғидан тер қуюларди. У ҳадеб жиққа ҳўл дастрўмоли билан пешонаси, тер тепчиган тепа кали, ҳатто қўлтиғининг тагини ҳам артиб қўяр эди. – Ҳеч кимнинг памиласи, одини айтмадимо?
Шовон бош чайқади.
– Қўли, қўли не ерда, не ерда, ничик туриб эди? Ничик туриб эди? Бармоқлари билан ҳеч бир ишора этмадими? Лабига, қулоғига, чаккасига теккизмадими?
– Қўлини қарама, деган эдилар.
– Ким айтган эди? Аҳмоқ! Ҳамма гап қўлида эди-да!
– Билмасам.
– Ҳей, каллангга дўкин! Қўлларига ҳам қараб-қараб ўтир, давадим-қу!
Бўлим мудирининг ҳафсаласи пир бўлди. У топшириқни уддалай олмади. Ёшуллининг гапининг маъносини тополмади.
– Чёрт побери! Ҳеч нарсага тушуниб бўлмайди. Нега ундай дейди? Ким бошини қотирибди? Сенам шуни сўрамабсан-да!
– Монго қара, ҳай монглойи қора!
– Энди Шовон бульдозер лақабли бош муҳандиснинг олдида бош эгиб ўтирар эди. Унинг ишиям, гапиям шу – бульдозер билан тупроқ сургандай эди. Гулми, тиканми, ҳалолми, харомми ҳаммасини бирдай тупроққа қориб кетаверади. – Ўз-ўзидан айтавердими, “Бошимни қотирманглар!” деб? Ёдингга сол, яна бошқа гапларни ҳам айтган бўлиши керак, раз, шундай деган бўлса.
– Йўқ! – дейди Шовон қатъий. – Тик жонимга тегдингизлар! Бошқа ҳеч нарса демади.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

– Ҳа, армияга борганда бир куни постда турган эдим. Говгум тушаётган эди. Қарасам узоқдан биров келаётир. “Стой кто идёт?” дедим. Миқ этмайди. Устидан плёметни кўчириб юбордим! “До-од, ўлди-им!” деб қичқириб қочди. Қарасам генерал экан. “Ҳа-а, дедим, энди ничиксан?!!”
“Собиқ Иттифоқ армиясида хизмат қилган дадасининг ҳикоясини чала эшитган. Соқчида плёмет эмас, автомат бўлишини ҳам билмайди”.
– Ўзи бир ойгина Шовотга бордингиз армияга. У ерларда ўрис на иш этсин, генерал на иш этсин?
– Шовотда ўрис ҳам бор, генерал ҳам. Лекин мен уларнинг ҳеч биридан қўрқмадим. Қайсисини кўриб қолсам , “Стой кто идёт?” дейман. Улар бўлса “Свой, свой”, дейди. Кейин менга чест берадилар...
Кўп кутиб қолдик. Докторнинг хонасидан дардсиз қиқирлаш, енгил гунгир-гунгир эшитилиб турарди. Йигит бисотидаги бор харажатни тўкиб бўлди. Тоқати тоқ бўлди. Эшикка қараб қичқирди:
– Бизлар ҳам гирали-иии...
Кейин негадир менга боқиб кечирим сўради.
– Хивадан галдик. Эрта минан юзни чала ювиб югуравердик қайдасан Урганч, даб. Геч қолсангизлар доктора гириб билмайсизлар, дедилар-да бизга.
– Яхши этибсизлар эрта келиб, – дедим мен. – Ина ҳозир кирасизлар...
– Гирамиз, гирамиз, – деди йигитча. – Только мана бу қўрқиб ётибди-да.
– Невчун қўрқади? Ёш боламас-ку ахир, катта одам. Тўйларингиз бўлган бўлса...
- На даб турибсиз, дойи?!! Мани синглим бу. Мен Россияда, бу бу ерда. Ман чиқиб кетсам сизга ким овқат пишириб беради, деб совчиларни қайтариб ётибди. Мен бўлса, уйлансам галинбийинг сени чиқиштирмийди, деб мунга тезроқ чиқ, дейман. Иккимиз ҳам ҳар гун отамиздан гап эшитамиз. Ўгай момой индамийди. Ўзининг киччи, отамиздан бўлган болаларини бизлардан қизғаниб, у уйдан бу уйга суррийди, бу уйдан у уйга. Лекин буваки дим маззи, хароб. Жонингга суқиб қўйгинг галади. Охири муни чиқаришга келишдик. Ахир қиз боланинг вақти дарров ўтиб кетади. Гурвакка ўхшайди булар. Кххх! Бугун қарасанг хом, эртанг қарасанг вақти ўтиб кетган!
Қиз йигитнинг калласига энди қаттиқроқ туртди.
– Ваққиллайверманг!
– Яна қор этади. Ничча совчини қайтардик! Охири мана доктордан ўтказишга ўзим олиб келдим. Гаччини соллохонага суррагандай...
– Дим яхши бўлибди, –– ниҳоят тилга кирди қиз. – На гарак ади шу...
– Гарак, гарак, – деди йигит маъноли бош ирғаб.
– Сиз ҳам бира тўла ўтиб олинг доктордан. Ахир уйланишингиз гарак бугунми эртанг.
– Ўтаман, ўтаман!
Мусичалар яна “ку-ку”лаша бошладилар. Улар келин-куёв эмас, ака - сингил эканлар. Уларга ҳавасим келди.
12.09.2017 йил.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

– Аммо ҳазил - пазилларни бир четга қўйиб айтсам Сизни чиқонларим, чинданам фаришта экан, дейдилар. Айниқса анави воқеани айтиб беришимни қайта - қайта сўрайдилар...
– Ҳе, чиқонларингни ҳам айттирма! Улар сенинг ҳам, менинг ҳам устимдан ҳазз этиб кулсалар керак. Сен бўлса ... фаришта дейсан.
– Дарров жонингиз ёнади-ей, тавба! Чиқонларим ҳавас қилади сизга!
– Ҳавас қилишлари мумкин, аммо ҳурмат қилмайдилар.
– У не деганингиз?
– Мана эшит, латифа. – Яна гапни ҳазилга бурди Элмурод. – Икки чиқон учрашиб қолибди. Биттаси эрини мақтаб, “Менинг эрим фаришта”, деса, иккинчиси ҳам “уф” тортиб, “Менинг хўжайиним ҳам эркак эмас”, дермиш.
– Эээ, боринг-ай!...
– Ўзи-ии, бўлмайдиган бола болалигидан маълум, деган гап бор, – деди Элмурод матални ўз сўзига мослаб. – Уч - тўрт яшарлигимда отамга “Ота, менинг ичимга қуёш кириб қолди”, деган эмишман. Отам, “Ҳов, невчун ундай деётирсан, болам?” деса, “Ичим қизиб бораётир. Ҳам ҳамма ёқ оппоқ!” дебман. Шу-шу отам мени “Қуёшни ютган болам!” деб эркалар эдилар.
– Отангиз тўғри айтган экан.
– Йўқ, у гапни мен айтганман!
Ҳазил - мутойиба билан йўлда давом этишди. Улар институтдош, ҳамкасб эдилар. Болжон институтга Элмуроддан бир йил кейин кирган. Ҳамқишлоқ эмасларми, Элмурод уни кўрибоқ қаноти остига олган эди. Синглисидай кўриб. Неча йил ўқишган бўлса Элмурод Болжоннинг устидан қуш ҳам учирмади. Бу борадаги тиришқоқлиги Болжоннинг зарарига ҳам ишлаган. Иккинчими, учинчи курсда пахтада юрган пайтлари Элмуродга кимдир Болжонга бир йигит тегажоғлиқ қилиб турибди, деб етказди. Элмурод айтилган ерга ўқдай учиб борди. Қараса, ҳақиқатан ҳам, бир йигит Болжонни тутқаторнинг тор сўқмоғидан ўтишга йўл бермай, гапга солишга уринаяпти.
– Не гап?! – ҳезланди Элмурод нотаниш йигитга.
– Ҳеч гап. – Чингирикдай узун, қоқчакка, юзлари қўтирга ўхшаш йигит довдираб қолди. Кийимидан шаҳарлик эканлигини кўриниб турарди. Бошига эркакларникими, аёлларникими эканлигини дафъатан англаш қийин бўлган жун шляпа илдирган. Қўнғир шляпасига, қандайдир ноёб қушники бўлса керак, қуёшда ранго – ранг товланиб турган бир қаричча жимжимадор пат ҳам қадалган эди. – Эртага пахтангни торозига қатнаб турсам бўлами, деб сўраётган эдим.
– Менга қара, – деди Элмурод. – Болжон менинг синглим. Қайтиб сени шу ерларда кўрсам хафа қиламан. Тушунтира олдимми?!
Бу вақтда Болжон аллақачон узоқларга кетиб бўлган эди.
У йигит Болжонни ортиқ безовта қилмади. Болжон эса бирдан камгап ва хаёлчан бўлиб қолганди ўшанда. Кейин билса Болжоннинг ўзи ўша йигитни ёқтирар экан. Элмурод қилган ишидан жуда хижолат бўлган. Орадан анча ўтиб ўша воқеа яна эсланди.
– Сенам қизиқсан, Болжон, бир оғиз туйдирсанг бўлар эди-ку.
Болжон шарақлаб кулди.
– Қайси сингил ўз оғасига мен фалончини ёқтираман, деб айта олади?
– Беҳазил айтаяпман. Мен ҳозиргача сенинг олдингда ўзимни айбдор сезаман. Балки шу йигитга турмушга чиқсанг ҳаётинг ҳам бузилмас эдими...
– Бу тақдир Элмурод оға. Кейин, ҳақиқатан ҳам мени ёқтирган бўлса, қизнинг оғаси бир оғиз, “Бу на гап?” дегани билан отам тортгандай гум бўлиб кетмас эди. Қуёнюрак...
– Ээ, барибир ...
– Ўтган гапларни қўяверинг. Муаллиманинг мен тўғримда ёмон фикрда қолгани яхши бўлмади-да..
Негадир Элмурод узоқ жим қолди. Кейин яна кўзгудан Болжонга боқди.
– Сен жаннат мевасига ўхшайсан, Болжон. Кўриш бору ейиш йўқ.
– Ёмонми бу? – сўради жувон.
– Ёмон... эмас. Аммо яхши ҳам эмас...
– Навчун?
Элмурод яна кўзгуга қаради.
– Шу... навчун хотинлар, кечирасан, аёллар шундий?
– Ничик?
– Эркаклар жавоб бера олмайдиган саволларни бериб ... қийнайдилар.
Болжон бир нарса демоқчи эди-ю, аммо индамади.

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

БОЛЖОН

– Ўлга-айй, бир чарвойига сатошиб қолибмиз, – деди бошлангич синф ўқитувчиси Салима.
Болалардан дарслик учун ижара пули йиғаётганда унинг гапи бир “родитель” билан терс тушиб, икки аёл чаппа - чарс бўлган эди. “Родитель” Салимани дунёдаги ўзи билган барча қарғишу лаънатлар билан шундай сувоқ қилиб ташлаган эди-ки, Салима бу қобиқни ҳеч қачон ёриб чиқа олмайдигандек эди. У ҳаддан ташқари асабийлашган, безовта ва тушкун кайфиятда эди. Унинг қуруқшаган лаблари бир-икки дақиқада тарс-тарс ёрилиб кетди.
Салима қирқидан эндигина ошган дардманд бир аёл эди. Қирқида қирқилган, дейилса, унга тўғри таъриф бўлган бўлар эди. Қорапаранг, эркакшода, хўппа семиз, сочларининг ярмидан кўпи оқарган эди. Оёғи оғриқ – торвонглаб зўрға юради, бел, “почка” оғриқ, йилнинг олти ойида ишласа, олти ойи касалхонада. Кейинги вақтда Салимага ҳамкасблари ҳам уни унча хушламаётгандай туюлар эди. Бундан жиғон - биғон бўлар, ҳадеб ким биландир, ким эканлигининг фарқи йўқ, уришгиси келаверар, ҳеч бўлмаса бирортасига заҳри, аламини мўл-мўстон тўкиб солгиси келарди. “Родитель” билан жанжални ҳам асли унинг ўзи бошлади. Уришгиси келиб турган эди. “Родитель”нинг арзимаган саволига қўрс жавоб берди. “Родитель” саволини яна мулойимгина такрорлаган эди Салима осмондан келди. Зум ўтмай бу ишидан пушаймон бўлди. “Родитель”нинг мулойимлиги Салимани илдириш чун қўйилган қопқон экан. Салима унга тушди. “Родитель” шундай шанғиллай бошладиди-ки, Салима ўзини деразадан ташлашга ҳам тайёр эди. Аммо афсус, бунинг ҳеч иложи йўқ эди. Биринчидан, у ўзининг бир юзу эллик килограммини осонликча кўтара олмас эди. Иккинчидан, оёқ оғриғи, бел оғриғи, “почкаси” яна бир муаммо эди. Буларнинг ҳеч қайсиси бўлмаганда ҳам, ўзи қушдай енгил ва мушукдай чаққон бўлганда ҳам ҳеч ерга қочиб кета олмас, ижара пулларини охиригача йиғиб олмаса директор опа бошқаларга қўшиб уни ҳам “ер” эди. Буларнинг ҳаммаси қўшилиб Салимани гаранг қилган, ҳадеб ўзига келишга уринар, бироқ фойдасиз эди. Шунинг учун у Болжон узатган пулни олишга шошилмас, ёнида уни эшитиши мумкин бўлган одам бўлгани учун керак-нокерак гапларни тинмай вайсар, юрагини бўшатиб олиш учун кўз ёши қилар ва афтидан, ҳали - вери унинг чакаги тинадиган эмасди.
Болжонга эса бу гапларнинг мутлақо қизиғи йўқ эди. У шошилаётган эди.
Улар Салима билан деярлик тенгдош эдилар. Фақат Салимадан фарқли ўлароқ Болжоннинг жисми исмига мос эди. Ўрта бўйли ва шу ёшдаги аёлларга хос ҳодиса – келишган қомати сал тўлишган, сутга чайиб олингандай оппоқ юзида бирор тиришиқ изи кўринмас, ўзига эътиборли экани юз-кўзи, қадди-қомати, кийиниши ва ўзини тутишидан ҳам билиниб турарди. Айни мазага кирган беваларга хос ноз, эркаланиш ва нигоҳларидаги яна қандайдир исмсиз мунг аралаш чорлов унга ҳам хос эди.
Ҳозир унинг қулоғига ҳеч гап кирмас, сулдари шу ерда, хаёли эса ташқарида, машинаси ёнида уни бетоқат кутаётган Элмуродда эди.
Болжон сабри чидамай кўчага бот-бот қараб қўярди. Элмурод машинасининг ёнида, бир қўлини шимининг киссасига тиққанича қандайдир номаълум нуқтага тикилиб телефонда гаплашар эди. Болжон бироз хотиржам тортди. Ҳарқалай Элмуроднинг ҳолатида бетақатлик аломатлари сезилмасди. Холбуки, Элмурод унга тез чиқишни тайинлаган, муддат эса аллақачон соб бўлганди.
Болжон Салимани шоширишга қарор қилди. Чунки сиртдан осайишта кўринган вақтларда ҳам Элмуроднинг портлаб кетадиган одатлари бор эди. Болжон буни яхши биларди. Айтгани бўлмаса ёки бирор нарсанинг гули гулига тўғри келмаса “пов” этиб ёнарди. “Тор, инжиқфеъл одамман”, дерди кейин кечирим сўрар экан. Аммо у тавба қилган, кечирим сўраган вақтда аллақачон ғишт қолибдан кўчган бўлар эди.
Салима ҳамон дардини дастурхон қилар, юрагидаги қат-қат дардини тўкиб соларди. Болжоннинг назарида хона бу зардоб билан тобора лиммо-лим тўлиб борар ва синфхонада яна бир зум қолса зардобга ғарқ бўладигандай эди.
– Пулни... оласизми? – деди ниҳоят кўчага яна ўғринча назар ташлар экан Болжон. – Ишим қистоғроқ эди...

Читать полностью…

Shuhrat Matkarim ijodi

Ўтиришда ҳам гап унча қовушмади. Вакилни директор тенгсимаган, шунинг учун хурматини жойига қўймаган эди. Аммо ҳурматталаб вакил директорнинг “самимий қабул қилмаганидан”, мудир эса директорнинг ўзига нисбатан кейинги вақтларда қилаётган адолатсизлигидан, у эса вакил – директор – вакил, директор – бўлим мудири – директор, энди эса директор – бўлим мудири – вакил ўйинида иштирок этаётганидан дилхуфтон эди. Вакилнинг норозилиги ўзини тутиши, ўтириш-туриши, овқатланиши, ҳатто буларга нописанд, қирғий қарашларида ҳам сезилиб турар эди. Бир вақт вакил дик этиб ўрнидан турди-да эшик томон йўналди. Иккови бирдан ўрнидан қўзғалган эди у қўлини асабий силтади: “Ўтираверинглар!”
– Чекишга кетди , – деди у вакилнинг изидан қараб қолар экан.
– Чекимизга тушганини қаранг, – деди мудир қўлидаги санчқини столга эҳтиёткорлик билан қўйиб.
– Бунчалик қисинаверманг, – ҳазил қилишга уринди у. – Меҳмон билан юрсанг ҳеч бўлмаса қорнинг тўйиб юради.
Мудир қўл силтади. У ҳазилни тушунадиган, ҳазиллашадиган аҳволда эмас эди у.
– Қорнинг тўйгани яхши, аммо ғуруринг йўқолиб, беор бўлиб қолганинг ёмон. Бундай пайтларда одамни ток урадию, бир неча кунлаб руҳингни турпоққа кўмиб қўйишга тўғри келади.
Вакил қайтиб келди. Икки қўли шимининг киссасида ўликнинг устида тургандай мудирнинг энсасига келиб қаққайди:
– Сиз чарчаган бўлсангиз, балки дамингизни оларсиз? – кесатди у.
Мудир учун бу охирги томчи бўлди.
– Тўғри айтасиз, менсиз ҳаз этаверинглар...
У мудирни тўхталиб қолишга улгурмади.
– Қўпол бола экан, – деди вакил мудирнинг изидан қараб қолар экан.
– У яхши мутахассис, – деди у.
Мудир ҳимоясига шундан ортиқ гап айта олмади. Бироқ иззатталаб вакил аллақачон тўнини терс кийиб олган эди.
– Ўзи бу юртнинг одамлари анча кўпол экан, – деди вакил. – Аммо бу боланики ҳаммасидан ошиб тушди! – вакил “бола” сўзига алоҳида урғу берди.
– У яхши мутахассис, – такрорлади у.
Эртаси куни уни директор олдига чақирди:
– Не учун қўполлик қилдингизлар вакилга?!
– Тушунмадим.
– Дарров тушунмайдиган бўлиб қолдингизми?!
– Тушунмасам, тушунмадим, дейман-да! – овози асабий титради. – Кўнглида анча вақтдан бери йиғилиб ётган дард ошкор бўлди: –Тушунтириброқ айтинг!
Директорнинг лаби гезарди:
– Ҳе, кўрсатган кароматингиздан ўргилдим!
У ҳеч нарса қила олмади. Ёш мутахассисга қўшилиб у ҳам ишдан кетди. Вакилнинг лақабини кейин эшитди:“Кислота!”
Бугун уни мана шу оғриқ ўйғотган эди тунда. “Не ерга, кимнинг ёнига ишга борсам экан?” У вариантларни бир-бир хаёлидан ўтказа бошлади. “Қизишмаслигим керакмиди балки?” – деди ўзига ўзи. “Доно китобларни ўқиш ҳам ҳеч нарса экан-да, тақсир! Нега фақат манглайимиз “тақ!” этиб деворга урилганидагина кўзимиз лоп этиб очилгандай, ақлимиз киргандай бўлади? Ақлимиз кирадими ўзи? Қанақа ақл экан-ки у элликка борганда ҳам кирмаса? Ё ҳали ақл киришга вақт бормикан?
Бир соатми, икки соатми, шу тарзда ўтади. Кейин уйқу элита бошлайди. Бедорлик, оғриқ, уйқу, хаёл ва туш ҳамма – ҳаммаси қорилиб, айқаш-уйқаш бўлиб кетади.
... Кўкда, ҳув узоқ уфқда қўшни қизнинг чеҳраси намоён бўлади. Жуда йироқда. Кейин аста - секин яқинлаша бошлайди. Қиз ўша – ўша, олтинчими, еттинчи синфда ўқиб юрган кезларидаги пайти. Икки ўрим қалин ва қора сочи елкасидан олдинган ташланган. Жиддий эмиш у. Жуда жиддий. Нимадандир хафа бўлгандай. Унинг нега хафалигини сира англай олмас эмиш у. Шунда бирдан юрагида қаттиқ оғриқ туяр эмиш. Юрагини чангаллармиш. Шунда оғриқ секин - секин ёздира бошлар эмиш. Бир вақт осмону фалакдан гулбарглар ёғила бошлармиш. Лола гулбарглари. Сон - саноғи, ҳадди – сони йўқ эмиш уларнинг. Гулбарглар осмонни аста – аста ол рангги бўяй бошлар эмиш. Ҳавода эса таърифлаб бўлмайдиган даражадаги гуллар ифори кўнгилни маст қилар эмиш. Лаблари эса қандайдир шеърий сатрларни пичирлай бошлар эмиш.

Лола гулбаргидан қатланган кўнглим,
Ҳаёт елларидан тортади озор.
Умиди сокинлик, орзуси васл ,
Сенинг хабарингни беради ифор,

Читать полностью…
Subscribe to a channel