shodmonqul_salom | Unsorted

Telegram-канал shodmonqul_salom - SHODMONQUL SALOM

2223

Ушбу каналда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Шодмонқул САЛОМнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақида фикрлари, хулосалари, иқрорлари ва албатта оташин шеърлари ўрин олган! Murojaat: @ShodmonqulSALOMbot

Subscribe to a channel

SHODMONQUL SALOM

***
Тегирмонтош устида илдиз отган буғдойман,
Қуёшни кўрмаганман – бир тола ойнурдайман.

Икки тош орасидан тортиб чиққан чумоли,
Рангимни сарғайтирган ул жўмарднинг заволи.

Бир тун ойни эшитдим, тилиб ўтди томимни,
Сочин юлиб йиғлади, куйлаб берди ғамимни.

Тегирмончи уйқуда, келмай қолган харидор,
Тўхтаб қолган тошларга қисматин эслат, Жаббор!

Энди ун бўлолмасман, эшилиб кетсин тарзим,
Аросат фасли ўтсин – йўқдир бошқа ҳеч арзим!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Бугун устоз Абдулла ОРИПОВ таваллуд топган кун!

Абдулла Орипов

                  НАВРЎЗ

Яшадим қиш фаслин узун тунида,
Кўрдим ёруғликни тун якунида.
Жоним, Сен ҳам энди тараҳҳум айла,
Сен ҳам табассум қил Наврўз кунида.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ИСААК ЛЕВИТАННИНГ
ТОВУШСИЗ КУЙИ

(Константин Паустовскийнинг
“Исаак Левитан” қиссасини ўқиб)

Кўз тикиб табиат овозларига,
Яшадим мунгларни қоғозга тизиб.
Лекин, бу дунёнинг бор бўзларига
Менинг ўз умримни бўлмайди чизиб.

Сочдим қоғозларга фасллар рангин,
Мавжланиб кўринди баҳорлар кўзга.
Бироқ манзаралар не учун ғамгин?
Нега баҳорларим ўхшайди кузга?

Борлиқ жилмаярми суратда, ахир,
Агар жилмаймаса мусаввир ўзи?
Мусаввир – борлиқнинг унсиз тилидир,
Борлиқ – мусаввирнинг айтажак сўзи:

Хазонлар – ғурбатда тўкилган умр,
Тиниққан дарёлар – сўник бир ҳавас.
Мен кузни севардим, севардим ахир,
Куз – видо олдидан олинган нафас!

Товушсиз бир куйга солдим-у уни,
Лекин инкор қилди мени табиат.
Шу сабаб титроқдир қайинзор уни,
Ва шундан нурларда паришон шиддат.

Ватаним, Россиям, бемеҳр она,
Қувғин бир шайдоман, беқадр, бебурд.
Аммо кўп юртларни кезиб, ягона
Виждоним юрт бўлди, эътиқодим – юрт!

Энди кузларингда яшайдирман мен,
Энди кўзларингда яшайдирман мен.
Энди дунёларни қўйгил, дафъатан
Англадим: бўлса ҳам нечоғ бағри кенг,
Сарсонлик ҳеч кимга бўлолмас Ватан .

1978

Мирзо Кенжабек

ИЗОҲ. Константин Георгиевич Паустовский – машҳур рус ёзувчиси. 1892 йил 19-май куни туғилиб, 1968 йилда вафот этган. “Орест Кипренский”, машҳур манзаралар мусаввири ҳақида ҳикоя қилгувчи “Исаак Левитан”, ёзувчилик меҳнатининг гўзал моҳияти ҳақидаги “Золотая роза” (“Олтин атиргул”) каби асарларини ёзган.

Умри охирида “Повесть о жизни” (“Ҳаёт қиссаси”) номли кенг кўламли саргузашт асар устида ишлаган.

(Исаак Левитан - буюк санъаткор мусаввир. Ҳамма ғояларини табиат манзаралари асосида ифодаланган.
Камина адибнинг “Исаак Левитан” китобини 1978 йилда Туркманистоннинг Небиттоғ туманида офицерлик ҳарбий ўқувида бўлган вақтимизда ҳарбий қисм кутубхонасидан олиб ўқиган эдим... Бу шеър кайфияти ўшанда туғилган.)

@m_kenjabek |instagram | user-yq7sf7zt8i">youtube

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

#Рамазон_илҳоми
***
Дедики, "Рамазон ойлар султони,
Бу ойда занжирбанд этилган шайтон!"
Бешак қабул этгум ушбу нидони,
Аммо не сабабдан қон ютар жаҳон?

Қилмишин бир умр бировга тўнкаб,
Таскин тополмаган қуруқ исёнмиз.
Асли кимлигимиз билурсан, Эгам,
Қачондир покдомон бўлган инсонмиз.

Ва билдим, қўлидан бир иш келмаган,
Бизлар – бировларга мудом ташвишмиз.
Ўзгаларни айблаб турибмиз, гарчи,
Шайтон кишанланган, биз эса бўшмиз.

Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

#Рамазон_илҳоми
ТАВБА ВА ҚУВОНЧ

Саҳро ўртасида туясин излаб,
Кетиб бораётир ёлғиз, ғариб жон.
Бошида ғажирдай айланар ажал,
На сув бор, на емак ва на бир ошён.

Туя топилмаса, тугар ҳаёти,
Шоқолу калхатга бир кунлик байрам.
Қизиган саҳрода чумоли каби,
Инграб бораётир омадсиз одам.

Лаби танглайига қолар ёпишиб,
Ҳолсиз йиқилади, кетиб мадори.
“Оллоҳ-Оллоҳ” дея сўнар товуши,
Узила бошлайди умрнинг тори...

...Бир замон ғойибдан мўъжиза бўлиб,
Пайдо бўлар бирдан беғам туяси.
Шу дамда банданинг қувончин кўринг,
Шукру мадҳиясин йўқ ниҳояси.

Унинг шодлигининг адоғи йўқдир,
Бепарво туясин йиғлаб ўпади.
Бозорда боласин йўқотиб, топган
Онаизор қалби шундай тепади.

Самовотда, Аршда қойимдир Эгам!
Ул зотнинг ҳам улуғ қувончлари бор.
Туясини топган қулдай севингай,
Агар тавба қилса, бирор гуноҳкор!

Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

#Янги_шеър
АЁЛ ШАЪНИ

Баъзи "инқилобчи"ларга!

1.
Энг аввал Онага – аёлга таъзим,
Таъзимдир муштипар опа-сингилга.
Босган изи асли – юрт харитаси,
Таъзим бўлсин ёрга, дарддош кўнгилга.

“Ватанни севаман” деган изҳорни
Айтмасдан, жим юриш мумкиндир, илло.
Лек азиз аёлга бир даста гулдай,
“Севаман!” сўзини айтмаслик гуноҳ!

Ана шу аёлнинг кўксидаги нур,
Бу совуқ оламни сирга ўраган.
Ўзидан зериккан, кулгуси салқи,
Бемурод дунёнинг лабин бўяган.

Аёлнинг қудрати бир уюм тошдан
Борлиққа Тожмаҳал ҳадялар этган.
Шу азиз сиймонинг ўт нигоҳидан
Замин қитъаларга бўлиниб кетган.

Ўзи-чун яшашни унутиб гоҳо,
Муҳаббат тонгида ойдай балққаним.
Ўзбек аёли ҳам бордир шу сафда
Ўлмасин болам, деб туғдай қалққаним.

Қиёмат кунида, Маҳшар тонгида
Оналар фарзанддан тонаётган дам.
“Воҳ, болам!” деб биров бўзласа ногоҳ,
Бу ўзбек онаси, бешак, муҳтарам.

Ўзи бир штат иш – ўзбек бўлмоқлик,
Ўзбек аёли бу – икки бор яшаш.
Бу номни кўтармоқ учун қанча куч,
Қанчалар улуғлик, матонат, кураш...

Ва буюк муҳаббат керак бўлади,
Бу улуғ шарафни пок тутмоқ учун.
Меҳр тиланмайди, қозонилади,
Куч керак! Сабрни жим ютмоқ учун!

Эй, сиз азиз аёл номидан сўзлаб,
Энг гўзал боғимга тегаётганлар.
Бир бор келинчакдай эгилмай туриб,
Менинг ҳам бошимни эгаётганлар.

Номус матосини кўчага ёйиб,
Қуёш юзига кул сочаётганлар.
Худо билан аёл ўртасидаги
Энг пинҳон дарчани очаётганлар.

Эй, аҳли гумонлар, билинг оламда
Ҳалиям ошиқлар ва ҳижрон бордир.
Ҳалиям кимгадир висол ҳурмати
Титраб турган гулнинг жамоли ёрдир.

Ҳа! Недир сир бўлиб қолиши керак!
Неларнингдир пинҳон тургани зебо.
Кимдир ҳаё тутган парда ортида
Нозик энтикканда портласин дунё.

2.
Ватан ҳақидаги нутқдир, шубҳасиз,
Аёлнинг номидан айтар ҳар сўзим.
Шу сабаб бу қутлуғ калом олдидан,
Таъзим, дейман фақат, пойига таъзим!

Шодмонқул САЛОМ

"Жадид" газетаси, 15-март, 2024-йил
@Shodmonqul_SALOM
@Jadidmedia_rasmiy

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЖИМ!!!

Кўзлар қоронғуга ўрганган эди,
Энди либосини ечганди тушлар.
Оёғини ерга қўяётганди
Кўнгилга осилиб турган юмушлар.

Кўчалар кечани унутган эди,
Кечалар унутган эди йўлларни.
Юрак қиррасига қўнган фаришта
Силай бошлаганди қўлларни.

Сув тубида тошдай хаёлга чўмиб,
Кафтини лабига босганди саслар.
Юракнинг ланг очиқ эшикларидан
Кира бошлаганди соқов йўлбарслар.

Тамаки дудидай ўрларди ўйлар,
Истаса сўнг яна кела оларди.
Мўмиё ичгандай тинч эди олам,
Бир томчи бўлса бас, қадаҳ тўларди.

Юлдузлар – машъала кўтарган руҳлар,
Бошқа замонларга кетаётганди.
Пичирлаб, шивирлаб, йўқ-йўқ жимирлаб
Овозсиз қиқирлаб ўтаётганди.

Майиндан тўқилган эди бу туман,
Арқоғи момиқдан эшилган эди.
Жодусига ўзи асир ёсуман
Парвардигор билан тўсилган эди.

Чимилдиқ торидай титрарди дунё,
Кўнгиллар бешикдай тебранган эди.
Тунга марваридлар қадарди Оллоҳ,
Кўзлар қоронғуга ўрганган эди.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Илк қадаҳ қуйқа бўлур, илк қадам расо эрмас,
Кўнгил бир оғриб олмай, ёноқларга сел келмас,
Худодан хабар олмай, Худо ҳам хабар олмас,
Не истаса етгайдир — етгиси келгандан сўнг.

Қорлар кураб беҳуда, сустхотинни ҳам алдаб,
Бу дастурхондан туз еб, ўзгани дуо айлаб,
Бул хомталаш очуннинг бекорга бахтин бойлаб,
Денгиз ҳам кетар экан, кетгиси келгандан сўнг.

Ҳулкари пешин бўлган, шамоли қайтиб келган,
Қайтмайдиган авлоднинг санамлари йиқилган,
Билиб, кулиб турарлар, кўксини симоб тилган,
Ёлин ҳам тутолмайсан, кетгиси келгандан сўнг.

Сув босиши шарт эмас, шарт эмасдир довуллар,
Шум кўргулик энг аввал юракларда увуллар,
Ўз-ўзидан бўшалиб кетавераркан қуллар,
Саҳро ҳам юта олар, ютгиси келгандан сўнг.

Бу қонга асрларнинг кири кетди қоришиб,
Ўзи суяб қолмаса тўхтамайди нурашим,
Хоҳ Қуръонни куйдир, хоҳ масжид қур пойгалашиб,
Ортига қайтмас қуёш – ботгиси келгандан сўнг.

Не асрки мушк-атир сепиб алдаб турибди,
Асл бўйини сезиб – кўнглим ўйнаб турибди,
Бир қултум тоза ҳаво сўраб, йиғлаб турибди,
Олмасанг ҳам сотарлар – сотгиси келгандан сўнг.

Илк жомни кўрган эдим, ютган эдим бир ҳовуч,
Илк қадамларин кўриб, кўзимдан сизган севинч,
Қўй, кўнглимга беҳуда ташлама ёлғон овунч,
Тил ҳам тойиб кетади – айтгиси келгандан сўнг.
Не истаса етгайдир — етгиси келгандан сўнг.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_Salom

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

АЁЛ, СЕН БОРСАНКИ...

Манзура келганди, онам шод эди,
Бошқоронғу эди бизнинг Шоҳиста.
Руҳим қирларига турналар қўниб,
Сузиб кетардилар оҳиста...

Онамнинг қувончи жудаям қиммат,
Жуда осон эди ғусса ташрифи.
Манзуржон, бир даста гулдай келдинг-а...
Оғангнинг бундан соз йўқдир таърифи.

Манзура кенжамиз, эркароқ эди,
Унинг уч ўғлини овлади сайёд.
Кўнглига боқмадинг, кўзига боқмадинг,
Бунча қўлинг қаттиқ, отажон, Ҳаёт!

Кейин онам кетди... тўйга кетгандай,
Манзура кўнмади – йиғлоқ бўп қолди.
Унинг анор сувли жомдай кўнглига
Худойим барибир сабр ҳам солди.

Ҳа, шул-да, кўнмоқ-ку, бандадан талаб,
Не-не баҳоналар қилиб кўрмадим.
Бизларни Оллоҳдан олганди тилаб,
Айтган томонига сира юрмадим.

Ҳа, шул-да, юпанчим – таскинни топдим,
Йиғлатганин ўзи юпатди охир.
Қўноғидан қочган қулундай чопдим,
Бунчалар ширин бу! Воҳ, бунча талхдир.

Сен борсан, баҳорга ишонаман-да,
Сен борсан, кузакнинг тилин топурман.
Онам, синглим, қизим ва яна сен ҳам,
Келинглар, меҳримдан нонлар ёпурман.

Аёл, мен қошингда мангу гўдакман,
Шаррор қўшиқ бўлиб юрибман, мана.
Аёл, сен борсанки, ғамлардан кулиб,
Шоирлар қилурлар зебо тантана.

...Ердан бошқасида сув йўқ демишлар.
Қақраган кўнглимга оққувчи зилол.
Инсонга меҳр-ла қўл чўзган Тангрим,
Ўша азиз қўлнинг бир номи аёл.
Аёл, мен қошингда мангу гўдакман...
            
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

*  *  *
Тирбанд автобуснинг тутқичларида
Оқариб, қизариб, толиб, осилиб..
Қисмат ёқасидан тутгандай тутиб,
Қўллари қўлимга тегиб, ёндириб...

Ийманиб, қимтиниб, кўзин оп қочиб,
Иккинчи қўлида бир жуфт қўлқоп бор.
Қўлқопига битта кўзмунчоқ илган,
Демак қўрқуви бор, ҳам умиди бор.

Зулфини ортига қайтариб ташлар,
Ва тағин юракдай силтанар авто.
Худойим, бунчалар усулларинг кўп,
Мени асраш учун бу янги савдо.

Қаранг, елкалари ва ёноғида
Бир азим титроқ бор, сезилмайдиган.
Оламдан зерикиб кетганга ўхшар,
Аммо қарзи бордай — узилмайдиган.

Агар кифтидаги ҳасратин йиғиб,
Бир қўлини қўйса елкамга, валлоҳ!
Аниқ маҳшар сари оғиб кетаман,
Мени асраяпти Яратган Оллоҳ...

Кейинги бекат  бу — дунё охири,
Ахир, ҳамёнини ковлаяпти у.
Ҳозир тушиб қолар тирбанд оламдан
Боримни билмасдан товлаяпти у.

Юзим четга бурдим, сабрим кўп мўлдир,
Силжидим, ўтқазиб юборай дедим.
Шу дам тилиб ўтди юзимни олов,
Нигоҳин бир чети билан, воҳ, ўлдим.

Ўлдим, лошим, ишга ўзинг боравер,
Сўраб қўй қадимий улфатларимни.
Бир кун нигоҳидан қайта тирилсам,
Давом эттираман суҳбатларимни.
Давом эттирарман суҳбатларимни...

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

БАҲОРНИНГ КЕЛИШИ

Тушнинг давомидай бир кеча эди,
Туннинг саволидай ҳур эди кўнглим.
Дераза, нима у шитирлаётган?
Баҳорми, ёмғирми, вой, жоним синглим.

Кўнглим эриб кетди эскирган қордай,
Юзимга урилди соғинчнинг ели.
Кўнгли кўкламларга кетган бемордай,
Чопгиларим келди, ҳайқиргим келди.

Соғинч – отам қишда кураган қорлар,
Бойчечак лабига кулгулар тошди.
Қўзи боқиб юрган болалагим ҳам,
Баҳор, ташрифингдан энтикди, шошди.

Баҳор, сен бордингми Сурхондарёга,
Кўрдингми турнадай сингилларимни?
Боқдингми, онамнинг достон кўзига,
Ўрикка илдингми кўнгилларимни?

Бойсунга узатган қизи келгандай,
Бодомгул рўмоли ҳилпираб, шошиб,
Ялангоёқ чопган қизалоқлардай,
Қирларга қўзигул кетгандир тошиб.

Жўралар, мен бугун ишга чиқмайман,
Бўзсувга қаранглар, у – менинг кўнглим.
Тошкентда туриб ҳам бормайми, ахир,
Бойсундан келибди баҳорим, синглим.

Тушнинг давомидай бир кеча бўлди...

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ИҚРОРЛАРИ
Ит нафсим кўйида мағлубмен, хормен,
Вале шукронам мўл, ҳисобда бормен.

Шукронам мўл дерман, билмам – кўрликдир,
Кўрлик дегани ҳам жуда турликдир.

Билмасмен – қайси бир дафтаридамен,
Бебароридам-у, бароридамен?!

Билмасмен – қўрқувим, умидим – шундан,
Тонгнинг иқболини тилармен тундан.

Билганим – маъсият чоҳидадирмен,
Масжид, майхонада – гоҳидадирмен.

Мунофиқ ким дея, ўқирман ваъзлар,
Исрофил сурини мен сабаб созлар.

Водариғ! Суяклар кетар қарсиллаб,
Ўйимдан ўт қочар аршга чарсиллаб.

Бу сўз ҳам юракнинг тубидан эрмас,
Юрак тубидаги сўз тилга келмас.

Ўзи суйганини қувонтирармиш,
Йиғлаб толмаганни юпантирармиш.

Ўтди “миш-миш” билан қирқ йиллик шамол,
Қирчанғим жилови сенда – Зулжалол!

Билмам – пок булоқлар кўзидан эдим,
Кўйингда ёнганлар сўзидан эдим.

Таёққа бағрини бермиш оталар,
Чўбин отда қайтмас бўлмиш оналар.

Билмам икки куйган жоласи эдим,
Тилаб олганлари – ноласи эдим.

Эй, Ғаффор, номингга бўлай садоға,
Не жавоб айларсан, гумроҳ садоға?!

Эй, туғилмасимдан ҳисобим олғон,
Эй, тор манглайимга имлосин солғон.

Эй, томчи хорликдан мени бор этган,
Ўзин сезмаганни Ўзи хор этган.

Тишларим тишимга ботиб бородир,
Сўнгакларимдан ҳам ўтиб бородир.

Сира айбситмасман томирдан қонни,
Ва унда югуриб юрган шайтонни.

Ё, Қаҳҳор! Шайтондин бадлар ҳам бисёр,
Такаббур тилимни ўзинг тий, Саттор!

Хорлиқ бермай, азиз қилмас эмишсан,
Банданг ҳоли толғин, толмас эмишсан.

Ё, Ғаффор! Тилимни этдинг-ку бийрон,
Билганига амал қилмаган ҳайрон.

Ё, Ғаффор! Ҳолимга кулар коинот,
Ўшал кулгуларни қилғил каффорот.

Суяк суриб келдим Одам атодин,
Асраб келодирсан, минг бир балодин.

Билиб билмасликка олганларинг бор,
Билмаслик илмини олганларинг бор.

Ё, Ғаффор! Авф этгил, ҳисобда бормен,
Ҳисобинг қаттиқдир, бўзлаб турурмен.
Вале, билганим шул – мағлубмен, хормен.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Қудуққа тикилса, ойни кўрганим,
Кўнглимга энгашиб тушиб кетган гул.
Кўксим деворига юракдай урганим,
Кўнглимни тирноқлаб қонатган булбул.

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

...ЭЙ...

Эй, Худони таниганлар, эй, Худо таниганлар,
Эй, йўллари тугаб қолгач йўлсозни яниганлар,

Сабр тиши лабларига ботиб кетган собирлар,
Яловини юракларга илиб кетган ботирлар,

Эй, кўкраги «оҳ»га тўла, кулиб турган ҳалимлар,
Ҳақни кўриб ўз-ўзига чўкаётган салимлар,

Улуғ сознинг наърасини тулпор отдай сезганлар,
Асрларнинг сиртмоғи-ю жиловини узганлар,

Эй, эркини қўлдан қўймай, қўли шол бўп қолганлар,
«Ота тил» деб бўзлайвериб, дудуқ бўлиб ўлганлар,

Ҳўл қанотин қуритай, деб кўкдан тушиб келганлар,
Қанотига ўт туташиб, шу ўтга исинганлар,

Эй, кўнгилга маҳрам бўлиб азоб йўлин тутганлар,
Ва кўксида юрак билан юзкўрмас бўп кетганлар...,
               
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Шоир деганлари шаҳиддир – хунсиз,
Учинчи дунёдир  – кундузсиз, тунсиз.
Бола каби кулар, бироқ, кўзда ёш,
Бола каби йиғлар, ва лекин унсиз.

Абдулла ОРИПОВ
2015 йил

Шоир қанотига ўт кетган қушдир,
Унга дон кўрсатманг, беринг осмонни.
То ёниб бўлгунча ёришсин олам,
Токи куйдирмасин куйган жаҳонни.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

https://telegra.ph/OLTIN-ZINA-03-20

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЙЎЛЧИ
                                                              
Бу оламда ёй тортдим — у оламда кутяпман,
Бағри минг ямоқ ҳаво! Мен ҳам бағринг йиртяпман,
Юлдузни ялаб ўтдим, ойни тилиб ўтяпман,
Ҳувиллаб қолаяпман, шувиллаб кетаяпман,
Отилган томонимдан қаранг — қандай ботяпман,
Бошланган замонимдан боқинг, қандай битяпман,
Елкамга тор келяпти — шеърдан чиқиб кетяпман,
Бу оламда ёй тортдим — у оламга тушгайман,
Узоқ сўйлашмай юрдим, боргунча ярашгайман.

Қанотим толмасин деб, фақат юракни олдим,
Юрак чанқамасин деб, тоза тилакни олдим,
Туҳфа кутманг, аё дўст, фақат “керак”ни олдим,
Қоронғу томонимни тошга уриб ёқолдим,
Қўрқув ғорида эдим, чақирган ким — чиқолдим,
Қарсиллади бандларим — билмам, қайга йўқолдим,
Жўнаганда кўп эдим, энди бир ўзим қолдим,
Йўлга олдириб қўйдим, боргунимча қўшгайман,
Ўрнин тўлдиргунимча ҳисобдан адашгайман.

Юрак! Бир дам қўнайлик, қара, ой тўлган экан,
Авваллар ҳам кимнингдир излари қолган экан,
Воҳ! Биз етиб келгунча ой ҳам соб бўлган экан,
Қўнгудай жой қолмабди — юрагим билган экан,
Йўлчининг муроди — йўл, тин олмоқ бекор экан,
Борлигини билганлар бор умри бедор экан,
Топмасам ҳам майлига, у барибир бор экан,
Изламайман — топгайман! Унгача адашгайман,
Шувиллаб кетаяпман, ул томонга тушгайман...

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ОЙ

1
Денгизларни чақиради ой,
Ёлғизларни чақиради ой.
Ердан зада, қанотсизларга
Таскин тилаб ҳайқиради ой.

2
Эшитгандим уста мергандан,
Тақдир одил ўйин тузаркан:
Етим қолса кийик боласи,
Тунда уни Ой эмизаркан.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Яшил Тошкент, 1986 йил.

/channel/Vaxshiy_Tarix

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Assalomu alaykum! Shodmonqul Salomdan bugungi kunning dolzarb mavzusida o'tlig' satrlar!

🎙Sitorabonu o'qidi

@sitorabonu_audiolar

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

...Эй, сиз азиз аёл номидан сўзлаб,
Энг гўзал боғимга тегаётганлар.
Бир бор келинчакдай эгилмай туриб,
Менинг ҳам бошимни эгаётганлар.

Номус матосини кўчага ёйиб,
Қуёш юзига кул сочаётганлар.
Худо билан аёл ўртасидаги
Энг пинҳон дарчани очаётганлар...

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ИБОДАТ

Ибодат не? Яратганга итоат ҳам ибодатдир,
Ҳақиқий бандалик бирлан садоқат ҳам ибодатдир!

Ибодатдир, тирикликни этолсанг маърифат боғи,
Машаққатлик илм, санъат, қироат ҳам ибодатдир.

Онанг бирла отанг қалби ўтар Каъба тавофидан,
Агар кўнглини шод этсанг, шу хизмат ҳам ибодатдир.

Хабар олдингми бемордан, қариндош, дўст, мусофирдан?
Бировни йўқласанг дилдан, зиёрат ҳам ибодатдир.

Умрни этмайин исроф, ўзинг рўза, вужудинг соф,
Агар пок ҳолда ухларсен, шу роҳат  ҳам ибодатдир.

Мудом Аллоҳни зикр этсанг, ҳалол борига шукр этсанг,
Қиёмат кунин фикр этсанг, тижорат ҳам ибодатдир.

Бутун борлиқ, наботот ҳам, Яратганга этар тасбиҳ,
Бобо деҳқон экиб юрса зироат ҳам, ибодатдир.

Ибодатдир – бирор золим, жафокорга десанг ҳақ сўз,
Ва нодонга сукут қилсанг, сукунат ҳам ибодатдир.

Агар жуфти ҳалол бирлан кўнгилхушлик этар бўлсанг,
Фалак шоҳид, малак ҳозир, бу суҳбат ҳам ибодатдир.

Бу Исломдир, бутун умринг ибодат ҳолига келгай,
Ва огоҳлик билан ўтган шу фурсат ҳам ибодатдир.

Тамал –  иймону ихлосдир, бу қуллик бандага хосдир,
Худо деб қилганинг ҳар иш ва ният ҳам ибодатдир.

Севиб Мирзо, фақат дўстлик билан дилларни обод эт,
Агар Аллоҳ учун севсанг, муҳаббат ҳам ибодатдир!.. 

Мирзо Кенжабек

@m_kenjabek |instagram | user-yq7sf7zt8i">youtube

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Сен борсан, баҳорга ишонаман-да,
Сен борсан, кузакнинг тилин топурман.
Онам, синглим, қизим ва яна сен ҳам,
Келинглар, меҳримдан нонлар ёпурман...

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ҚАҚНУС кўрсатуви
8 март куни, соат 19:00 да
«Маданият ва маърифат» телеканали

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

СЕН БАҲОРНИ СОҒИНМАДИНГМИ?..

Султонбой ДЕҲҚОНОВ фотоси

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

...Хорлиқ бермай, азиз қилмас эмишсан,
Банданг ҳоли толғин, толмас эмишсан.

Эй, томчи хорликдан мени бор этган,
Ўзин сезмаганни Ўзи хор этган.

Билмасмен – қўрқувим, умидим – шундан,
Тонгнинг иқболини тилармен тундан.

Билганим – маъсият чоҳидадирмен,
Масжид, майхонада – гоҳидадирмен.

Мунофиқ  ким дея, ўқирман ваъзлар,
Исрофил сурини мен сабаб созлар...

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ШОИР
Мен сени қувладим, охири етдим,
Гоҳи ҳақ, гоҳ ноҳақ ёқангдан тутдим.
Сен эса қовоғинг очмадинг, дунё,
Кўнглингни олай, деб сўз излаб кетдим.

ҚУРИЛИШ
Ариза ёзганман ҳақнинг номига,
Кўнгил тўлмаётир, озга камига.
Бирозгина «ёғоч» етмай турибди,
Йиллар вайрон қилган дилнинг томига.

Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Шамолдай бетаъма, нурдай беминнат,
Ёмғирдай кўнгилчан, сирдай бокира,
Тумандай овозсиз, вақт каби жим,
Келганим... ҳолимга бир қара...

Қудуққа тикилса, ойни кўрганим,
Кўнглимга энгашиб тушиб кетган гул.
Кўксим деворига юракдай урганим,
Кўнглимни тирноқлаб қонатган булбул.

Кафтини лабига япроқдай тўсиб,
Хўрсиниқларин ҳам сездирмаганим.
Кўзлари кўзимда исиниб, исиб,
Кўз узиб, кўнглини уздирмаганим.

Кўнгил узмаганим, умидларимдан
Ойга арғимчоқлар солиб учганим.
Менинг соғинчимдан қадаҳлар суниб
Оламни ухлатиб, танҳо ичганим.

Кечадан умидли тушларнинг барин
Илондай авраган, ўзига тортган.
Зулфидай эшилган хаёл сайлида
Кўнглимнинг оёғин қабартган,

Келган, сўзламаган, боққан, кулмаган,
Билган, сездирмаган, куйган, ёнмаган,
Тўлсам, тошмоғимга ишқибоз бўлган,
Тошсам, қирғоғимга келмаган.

Шаҳодат бармоғин ёмон кўрганим,
Жудаям суйганим кўзин остини,
Кафтин чизиғида атай секин юрганим,
Бергим келмаганим гулдай дастини,

... ва кафтида қалбим чўғдай тутолган,
Ҳолим кўр, кўзларинг недандир тўлсин.
Ёниблар кетяпман бир ўт тафтида
Бир боққин, ҳаётим қадаҳдай тўлсин.
Бир боққин, сўнг майли, шоиринг ўлсин.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

“Tun qorovuli” – Shodmonqul Salomdan o‘ta ta’sirli she’r

Shoir ushbu she’rini qorovul bo‘lib ishlagan kezlari yozgan ekan...

Ijro va mahoratga baho bering!

📺“Qaqnus”

@mm_telekanal

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Қишда камбағалларнинг дийдираб туришидан бошқа ҳамма нарса гўзал.

Марк ТВEН
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…
Subscribe to a channel