shodmonqul_salom | Unsorted

Telegram-канал shodmonqul_salom - SHODMONQUL SALOM

2223

Ушбу каналда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Шодмонқул САЛОМнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақида фикрлари, хулосалари, иқрорлари ва албатта оташин шеърлари ўрин олган! Murojaat: @ShodmonqulSALOMbot

Subscribe to a channel

SHODMONQUL SALOM

7-ОКТЯБР ШЕЪРИ

“Ҳар доимо, ҳамма жойда
Сени дуо қилдим, деди.
Мен не бўлсам – бўлдим, аммо
Сен бахтиёр бўлгин” – деди.

Кўнглим ўсди, кўнглим тошди,
Тошга тушиб синди кўнглим.
Қароғидан ҳижрон оқди,
Қордай эриб кетди кўнглим.

Юрагимнинг соҳилида
Қуш изидек бир доғ бордир.
Билганим шу – ёлғончида
Висол йўқдир, фироқ бордир.

Иддао-ю таъмаларсиз
Бармоқлари сўйлайверди.
Ишқ тилида, дард тилида
Бир қўшиқни куйлайверди.

Қарғамади, кечиримлим
Фақатгина қилди дуо.
Юрагини фидо қилди,
Юрагимни қилди адо.

Йилларининг токчасида
Ёнаётган шамни кўрдим.
Ёноғида, кўзларида
“Ота” деган камни кўрдим.

Йиғлолмади, енгларида
Ўйнаб турди ҳисларини.
Бирин олиб, бирин қўйиб
Мақтади ул-қизларини.

Қарамади кўзларимга,
Кўзи боғда хазон терди.
Ўзимга бир қаратгунча
Дунё мендан юз ўгирди.

Йилларининг чангларига
Мен таяммум қилган эдим.
Уни ҳажр доно қипти,
Мен ҳам мулло бўлган эдим.

Парвардигор, кечиргувчим,
Кечмоқ – Сендан, ўчмоқ мендан.
Бир бандангнинг изларини
Йиғлаб-йиғлаб қучмоқ мендан.

Куйдим тамом, бўлдим адо,
Сўз-у шеърим ожиз бўлди.
Оллоҳ, ўзинг берган юрак
Бир соатда ҳофиз бўлди.

Тарозини кўраяпман –
Бир палласи оғир келди.
Бандасидан бол тиландим,
Менга эса чоғир келди.

Айтолмайман, тушунаман,
Кўзёш асли Нилдай эди.
Биз кўришган лаҳзаларда
Томирда қон селдай эди.

Тушунсанг-у айтолмасанг,
Кўксинг ёриб кетгай юрак.
Бу оламда туйғу билан
Яшамоқ ҳам иқбол бешак.

Мен суйгандим, мен куйгандим,
Кўзим ёши тоҳир қилсин.
Маҳшаргоҳда кўришгунча
Омон бўлсин, омон бўлсин!

Шодмонқул САЛОМ

07.10.2024-йил

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Шодмонқул Салом: Қалби бор инсон Ватанга хиёнат қилмайди (+видео)

Инсон тафаккурини бойитиши, дунёқарашини ошириши учун китоблардан бошқа яна қандай манбаларга суяниши керак?

🎥 https://youtu.be/YqNXEmr6R9M

Батафсил: https://uza.uz/posts/639914

Тelegram  | Facebook | Instagram | YouTubе

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

УСТОЗ ШАФОАТ ТЕРМИЗИЙ ЁДИ

Шафоатни кўрдим – кўп ҳорғин,
Нигоҳида ҳасрати тойир.
Ғарқ пишганда ташлаб кетилган
Кузги боққа ўхшарди шоир.

Шафоатни кўрдим сўнги бор,
Оғир ботган болишга боши.
“Шафоати бор юрт бу!”1 деган
Сатрларга ўхшар кўзёши.

Майли, дедим, хайру хўш қилдим,
Дуо қилди титроқ қўллари.
“Дарё бўлгил, денгизга қўшил,
Оллоҳёрнинг2 берсин йўлларин!”

Кетдим. Елкам куйди повуллаб,
Икки кўзин мендан олмайди.
Шоирларнинг елкасида ҳам
Кўзлари бор – алдаб бўлмайди!

30.12.2021й.

1. Шафоат Термизий сатри
2. Сўфи Оллоҳёрни назарда тутганлар.

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

#yangi_kitob

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида, "Адабиёт нашриёти" томонидан атоқли ўзбек шоири, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби, устоз шоир Шафоат Раҳматуллo ТEРМИЗИЙнинг "Сайланма" китоби чоп этилди.
Камтарин ва ҳассос шоиримизнинг ушбу китоби унинг иккинчи умридек туюлади. Зеро, асл шоир ўлмайди, юракларга кўмилади.
Китоб барчамизга муборак бўлсин!

Масъул муҳаррир: Менгнор Олломурод
Адади-1000 нусха
2024-йил. Тошкент

@Shodmonqul_Salom

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Kechagi Sheʼriy konsert dasturidan lavha

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

TAKLIFNOMA

18-sentabr kuni soat 16:00da Yozuvchilar uyushmasida O‘zbekiston Qahramoni, O‘zbekiston xalq shoiri Abdulla Oripov xotirasiga bag‘ishlangan adabiy-maʼrifiy tadbir hamda “Buyuk soddalik” va “Ummon bo‘yidagi o‘ylar” kitoblari taqdimoti bo‘lib o‘tdi. Tadbirga barchani taklif etamiz.

O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Axborot xizmati

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

✅️#Рост_ҳикматлар

Тарбия ⸺ асосан фарзандларимизга тўғри нарсаларни исташни ўргатиш демакдир.

✍️Платон

🍁Кунингиз хайрли ўтсин!

ROST24.uz | Telegram | rost24official?si=8M8hkLv2NHU7UfYo">YouTube

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

#Шарқ_юлдузи (06/2024)
#Назм

Шодмонқул Салом

ШОИРЛАР ШАМОЛНИНГ АВЛОДЛАРИДИР


Йўлчи

Бу оламда ёй тортдим – у оламда кутяпман,
Бағри минг ямоқ ҳаво! Мен ҳам бағринг йиртяпман,
Юлдузни ялаб ўтдим, ойни тилиб ўтяпман,
Ҳувуллаб қолаяпман, шувуллаб кетаяпман,
Отилган томонимдан қаранг – қандай ботяпман,
Бошланган замонимдан боқинг, қандай битяпман,
Елкамга тор келяпти – шеърдан чиқиб кетяпман,
Бу оламда ёй тортдим – у оламга тушгайман,
Узоқ сўйлашмай юрдим, боргунча ярашгайман.


Тўлиқ ўқиш

Бизни кузатиб боринг:
TelegramFacebook | web-sayt

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

РЎМОЛ ВА СОҚОЛ
ХУСУСИДА


Муаллим ким, мулло ким? Масжид не, мактаб нима?
Шундай инжиқ саволлар келаверар кўнглимга.

Кимлигимни эслайман, бировлардан сўрайман,
Кўзимга ёш айланар – сездирмасдан йиғлайман.

Тўлиқ ўқиш: https://telegra.ph/R%D0%8EMOL-VA-SO%D2%9AOL-09-08

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Шайх Аҳмаджон Маҳдум ва шайх Мирзо Кенжабек суҳбати

МАНЗУМА


Илк сўз – Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳийм!
Бори аҳволимдан воқифсан, Раббим!

Ҳамд бўлсин, Ўзингга ё, бор Худо-ё!
Ўн саккиз минг олам Сенга маҳлиё!

давоми

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Ассалому алейкум!
Ҳурматли каналимиз кузатувчилари!
Барчангизга Мустақиллик айёми муборак бўлсин!
меҳр билан,

Шодмонқул Салом

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ОЙ

1
Денгизларни чақиради ой,
Ёлғизларни чақиради ой.
Ердан зада, қанотсизларга
Таскин тилаб ҳайқиради ой.

2
Эшитгандим уста мергандан,
Тақдир одил ўйин тузаркан:
Етим қолса кийик боласи,
Тунда уни Ой эмизаркан.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

СУРУР

Баҳодир Жалоловга!


Мардлар олишмайди, илиб отади!
“Алпомиш”дан кўчар азим байтларим.
Битта ҳимо қилсанг, кўтарилар эл,
Битта имо қилсанг, кетар дардларим.

Шавқим тошиб келди қароғларимга,
Баҳодир рақибни қулатган замон.
Севинчларим чопди ёноқларимга,
Қирғоғидан тошиб кетди Тўполон!

“Отангга ош бер!” деб алқади бир чол,
Баҳодир алпоним қучганда зафар.
Қувонди тахтдаги подшодан токи
Даласида юрган деҳқонга қадар.

Кимлигим, зўрлигим эсимга келди,
Алп тоғларим тушди менинг ёдимга.
Эгнини қисмасдан, бошин тик тутган
Боболар жўр бўлди қувонч додимга.

Баҳодир, бир замон зўр бўлган эдим,
Томиримда шиддат ҳали бор экан.
Мен бугун қайтадан майдонга келдим,
Зўр экан, ўзбагим, ҳали зўр экан!

Баҳодир, менга кўп яхшилик қилдинг,
Бердинг кўп нарсамни менга қайтариб.
Мисли Алпомишдай сен зафар қурдинг,
Мен ҳам Қоражондай турдим қубориб.

Дунёнинг қушлари – тумшуғида гул,
Потирлаб учдилар Сариосиёга.
Улар волидангни қутламоқ учун
Қанотлари тегиб ўтди зиёга.

Термизийдан токи Паҳлавон Маҳмуд,
Муаззам пирларим сенга бўлсин ёр!
Қаршингда рақибинг ким бўлса бўлсин,
Ортингда шу азиз Ўзбекистон бор!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

БИЗНИКИ!

Паҳлавоним Музаффар Тўрабоевга!

Бу тоғлар бизники, даштлар бизники!
Алпомишим сурган гаштлар бизники!
Ғолиб Музаффарнинг кўксин тўлдирган,
Билагига қувват – шаштлар бизники!

Бир хил тўйлайдилар камбағал, бойи,
Кўкибийда бир хил офтоби, ойи,
Эшони Судурнинг отилган жойи,
Ёноғим ёндирган ёшлар бизники!

Ҳеч чўпон тўлини олмаган тугал,
Ай, дунё ишларинг гоҳо кўп чигал,
Бойсун байрам қилиб турибди бу гал,
Қувонган ҳар кўз-у қошлар бизники!

Музаффар, отангга, онангга раҳмат,
Сени Парвардигор айласин иззат!
Томирингда оққан куч эмас, ҳикмат,
Пирлар назар қилган тошлар бизники!

Катони* кўргандим Термиз томонда,
Буддадай жимгина қиларди ханда,
Менга ҳавас билан боққан ҳар онда,
Тарих бунёд қилган чошлар бизники!

“Ё, отамнинг пири!” дея айқирган,
Тортган наърасига шерлар ин қурган,
Шамолин ўнглаган, йўлини берган,
Мағрур кўтарилган бошлар бизники!

Эй, сиз ярим нонин баҳам кўрганлар,
Яхши-ёмон кунда бирга турганлар,
Бойсунни олисдан яхши кўрганлар,
Ойбарчиним сузган ошлар бизники!

Мен ватан ҳақида айтмоқчи эдим,
Аслида бир достон битмоқчи эдим,
Қувониб, жимгина кетмоқчи эдим,
Қандай жим кетаман – хешлар бизники!

Бу қурда ҳар кимнинг насибаси бор,
Музаффар, Баҳодир, Диёра – шунқор!
Ҳали айтилажак гурунглар бисёр,
Даврамда кексаю ёшлар бизники!

Музаффар, отанггга, онангга раҳмат!
Яратганнинг ўзи айласин иззат,
Бронза давридан келётган одат –
Ватан, деб тикилган бошлар бизники!
Ватан, деб тикилган бошлар бизники!

* Като Кюдзо - Термизда узоқ йиллар ишлаган машҳур япон археологи.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ТУН ҚОРОВУЛИ

I

Мен бир тунги қоровулман, туннинг қўриқчисиман,
Тонг ортилган тун карвонин қўриқлайман ўзимдан.
Қора барқут кийган оппоқ Тушларнинг соқчисиман,
Гўдакларнинг уйқусига бекитаман кўзимдан.

Мен тунларга ёлланма-ю кундузларга мусофир,
Вақтим эса синган пулдай беҳисобу бечора.
Танимайман, бу ерликмас ё бир қочоқ муҳожир,
Офтоб кўрмас, ўз соясин ҳеч кўрмаган оввора.

Мен бир тунги қоровулман, туннинг карвонсаройи
Қоранорлар қўзғалганда тунни омон кўраман.
Чироқларни ўчирмасдан, туннинг жойин банд этиб,
Уйқусида гапиринганларни ёмон кўраман.
II
Эй, кундузнинг деҳқонлари, кечанинг меҳмонлари,
Эй, орзу қопқонлари, хаёлнинг ўпқонлари,

Эй, меҳмонга парво қилмай ухлаб ётган соддалар,
Эй, ўлимдан минг бор қўрққан, лек ҳаёти битталар,

Эй, биргача санашдан ҳеч нарига ўтмаганлар,
Эй, минг бора меҳмон бўлиб, бир меҳмон кутмаганлар,

Умр бўйи қимор чийлаб, йўқ ғанимин йиққанлар,
Қачонлардир одамликдан нафақага чиққанлар,

Эй, ўзига ақли етмай, Оллони кузатганлар,
Эй, мотамда йиғлашни ҳам тартиблаб, тузатганлар,

Эй, минг йиллик бир кечани ўн соатга бўлганлар,
Курсигами чиқиб, бўйим бунча баланд деганлар,

Эй, дунёга келмай туриб мангу яшаб қолганлар,
Эй, ҳар йили бир туғилиб асли туғилмаганлар,

Эй, совқотган томонини офтобга тутётганлар,
Ўтиб кетган карвонини интиқиб кутётганлар,

Эй, қўлларда изтиробдан тўлиб турган қадаҳлар,
Шу ғуссадан минг бор ичиб маст бўлмаган Огоҳлар,

Эй, шу қадаҳлар ортидан эврилиб кўринганлар,
Алпомишдай сарватлари соврилиб кўринганлар,

Эй, худони таниганлар, эй, худо таниганлар,
Эй, йўллари тугаб қолгач йўлсозни яниганлар,

Сабр тиши лабларига ботиб кетган собирлар,
Яловини юракларга илиб кетган ботирлар,

Эй, кўкраги «оҳ»га тўла, кулиб турган ҳалимлар,
Ҳақни кўриб ўз-ўзига чўкаётган салимлар,

Улуғ сознинг наърасини тулпор отдай сезганлар,
Асрларнинг сиртмоғи-ю жиловини узганлар,

Эй, эркини қўлдан қўймай, қўли шол бўп қолганлар,
«Ота тил» деб бўзлайвериб, дудуқ бўлиб ўлганлар,

Эй, Тангрининг қабулини кутиб турган қадамлар,
Бир васлдан фариштага дўниб кетган санамлар,

Ҳўл қанотин қуритай, деб кўкдан тушиб келганлар,
Қанотига ўт туташиб, шу ўтга исинганлар,

Эй, кўнгилга маҳрам бўлиб азоб йўлин тутганлар,
Ва кўксида юрак билан юзкўрмас бўп кетганлар,
III
Эй, кундузнинг имонлари, кечанинг гумонлари,
Сиз кўрмаган кўп тушларнинг жўраб, йўриқчисиман.
Тонгни суйган бандаларнинг менман кечабонлари,
Мен бир тунги қоровулман, туннинг қўриқчисиман.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ОНАМ. КУЗГИ ТУРНАЛАР

Ёш айланар кўзларингда, кўкда эса турналар,
Мезонларнинг ҳасратидан мунис боғлар бўзарган.
Узун туннинг киприклари кипригига тегмади,
Тонгда кўрдим – юлдузларнинг қабоқлари қизарган.

Кўкламларда келган қушлар кетмоқдалар, онажон,
Умидларинг яшил эди, сариғ-сариғ барг бўлди.
Катта йўлдан кутганингдай шодлик бўлиб келмадим,
Келтирганим – бир жуфт нондай ҳасрат билан дард бўлди.

Қаро тунда қаро тошда чумолини кўргувчи
Кўзларингнинг нурларини йўлларимга тўкдинг, сен.
Юрагингнинг туб-тубидан – достон яралган жойдан
Салқин бўлсин ҳаёти деб, орзуларинг экдинг сен.

Ҳув самода армон каби кетаётган турналар,
Ёноғингдан сизаётган кўзёшлардай тизилган.
Юрагимда кўчки кўчар, бўғзимга жон ўрмалар
Бу серилдиз ҳаётимнинг ўқ томири узилган.

Ёш айланар кўзларингда, кўкда эса турналар,
Онажоним, бу оламга турначалик қўнмадинг.
Бу дам кузнинг шовуллаган соҳилида ўлтириб
Совуқ қотган юлдузларга уйқу бермай йиғладим.

Азал-азал орзу бўлар турналарнинг таоми,
Озод қушлар бу оламга умидларни эккандай.
Эркаланиб қанот қоқар, бунча енгил учарлар
Армонини онам қабрин усти узра тўккандай.

Бир-бирига навбат бермай икки қўлим йиғлайди,
Азиз юзин, сочларини силаганим эсимда.
Болаларим полапондай ширин-ширин ухлайди,
Кўзим юммай онажонни кўраяпман тушимда.

Довул бузган ўтов каби вайрон бўлган тарзим бор,
Селда оқиб келган тошдай бегонаман дунёга.
Онажоним соғиндим мен, бешон қабрин соғиндим,
Тошкент, мени қўйиб юбор, борай Сурхондарёга.

Менинг исмим кир бўлгандир, ечсам бошқа либос йўқ,
Тунд булутдай юрагимдан кетмас совуқ туманлар.
Олам-жаҳон режалар-у мақсадлар бор, ҳавас йўқ,
Кетаверинг, турнажонлар, учинг иссиқ томонлар...

Қора саҳар елвизагин сезмай музлаб тураман...
Ернинг тани совуб борар, овоз бермай ингранар.
Ҳилпираган чит кўйлагин ранги талош боғларда,
Кўзларимда ёш айланар, кўкда эса турналар.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

😊 Nurjonaday, suluv qiz yo’q dunyoda.

• She'r muallifi: Shodmonqul Salom
• Ijro: Erkin Bozorov

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

СИЗ КИМУ МEН КИМ

Сиртимга қараб сиз чиқарманг ҳукм,
Билмассиз дилимда нималар ҳоким.
Даврада вақт деган бир донишманд бор, 
У ҳали айтади сиз киму мен ким!

Шафоат Раҳматулло ТЕРМИЗИЙ
@Shodmonqul_Salom

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Kechagi Sheʼriy konsertdan lavhalar

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Ertaga 17:00 da Milliy kutubxonada bo’ladigan she’riyat kechasiga tayyorgarlik ketmoqda!

Qahramon Shodmonqul Salom!

“Mutolaa” da she’riy konsertlar davom etadi!

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ОЛОМОН

Искандар Мисрни забт этди охир,
Юз буқа сўйдирди, қурбонлик берди.
Қадим музофотни айланиб юриб,
Шом чоғи энг катта эҳромга кирди.

Ортига қайтарди тансоқчиларни,
“Тонгача танҳоман, олманг хавотир!”
Қиличу совутин сиртда қолдириб,
Тош маъбад бағрига йўл олди ботир.

Базму жамшид қилди музаффар қўшин,
Ўлганлар ёдланди, шодланди борлар.
Тун бўйи май ичди тириклар бари,
Тун бўйи депсиниб чиқди тулпорлар.

Тонг қуёши бир газ етилган они,
Алағдалик ортди аҳли аъёнда.
Ҳануз эҳром ичра эди оламгир,
Зўр ваҳима қўпди ул оломонда.

Бир замон тош девор кетди қарсиллаб,
Эҳром эшигида подшоҳ кўринди.
Ҳали не бўлганин билмаган қавм
“Яшасин Искандар!” дея севинди.

Сўнг шоҳнинг юзига солдилар разм,
Недандир титрарди қўрқмас баҳодир.
Кўзида тириклик нишони сўнган,
Сочига оқ тушган, паришонхотир.

Уни ўраб олди дўстлар, сафдошлар,
Сув тутди, рад этиб олмади жомни.
Саволлар бежавоб, шоҳ сўзламасди,
Унинг шу жимлиги бузди оламни.

Етти кун бирорта сўз айтмади у,
Етти кун ҳеч кимни этмади қабул.
Фақат инграб чиқди етти узун тун,
Ярадор арслонни тингламоқ мушкул.

Ниҳоят юзланиб маҳрам зотларга
Сўз айтди — гўёки чайқалди денгиз.
“Не сир кўрганимни сўрманг ҳеч қачон,
Айтсам ҳам барибир ишонолмайсиз!”

...Мен бугун минг йиллик тарихни тинглаб,
Ўйчил кириб келдим кўҳна Чорсуга.
Кенг майдон саҳнида тош қотиб қолдим,
Кўрганимни айтсам қолгум кулгуга.

Жўмард  шоҳ рад этган жомдай тўлди дил,
Айтмайман, айтсам ҳам ишонмас биров.
Искандар эҳромда кўрганин кўриб,
Юракка ўрлади бир мудҳиш олов.

Нени кўрдим, қўрқдим — Худога аён,
Эй, сен асрдошим, сўрайверма, бас!
Дўстку дўст, душманга этмасин раво,
Ҳа... шоҳнинг кўргани яхши нарсамас.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

She’riy konsert davom etadi!

Oʻzbekiston Yoshlar ishlari agentligi “Mutolaa” loyihasi hamda O‘zbekiston Milliy kutubxonasi hamkorligida “MUTOLAA’DA SHE’RIYAT” nomli teatrlashtirilgan nazm kechasini taqdim etadi.

• Dastur qahramoni: “Do‘stlik” ordeni sohibi, shoir Shodmonqul SALOM

• Mehmon: shoir va aktyor ERKIN BOZOROV

📝 So‘z va adabiyot muxlislarini 20-sentabr (kuni) soat 17:00 da O‘zbekiston Milliy kutubxonasida kutib qolamiz.

Ro’yxatdan o’tish uchun ushbu soʻrovnomani to’ldiring:
https://forms.gle/BJeQBMhLreJXnHj29

BU UNUTILMAS KECHA BO‘LADI!

Telegram | Instagram | Mutolaaxona/">YouTube

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

@Shodmonqul_Salom

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Шайх Аҳмаджон Маҳдум ва шайх Мирзо Кенжабек суҳбати

МАНЗУМА


Илк сўз – Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳийм!
Бори аҳволимдан воқифсан, Раббим!

Ҳамд бўлсин, Ўзингга ё, бор Худо-ё!
Ўн саккиз минг олам Сенга маҳлиё!

давоми

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

«Ўзбекистон» шеърий композиция

Шодмонқул Салом

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Ушу битиклар менинг юрак урушимдан, оғриқларим талошидан, йўлсизлик йўлларидан ўтиб, Сизгача етиб келди. Бу Ҳол малоллар, аламлар, андармон кечимларнинг Ҳоли.
Шу боис менга қиммати бошқача.
Ш.С.


ҲОЛ


Кўнглим осмонига чиқди ғам ойи,
Ғуссадан қорилди вужудим лойи,
Ичимни илитди интиқлик чойи,
Кейин сеҳрлади соғинчнинг майи...

Ғам ойида тўйлар бошлаб юрибман,
Ғолиб Бойчибордай оёқ керибман.
Илкимни илкига жондай берибман,
Асли танҳолигим билмай турибман...

Ҳамма юзин бурган сўқмоқдан юрдим,
Соғинч қишлайдиган бир кулба қурдим.
Одам бормайдиган жойларга бордим,
Одам кўрмайдиган тушларни кўрдим...

Воҳ, мендан минг фарсаҳ нари қочдилар,
Тангрим муҳрлаган зулфни очдилар.
Кўнглимни уйқумда келиб янчдилар,
Сўнг уни оламга дондай сочдилар...

Ёлғизлик бўридек бўғзимдан олди,
Шеърларим тилимга келолмай қолди.
Шоирни изламанг, у адо бўлди,
Ё ўлди, ё қолди — бир бало бўлди...

Онаси ўлгандай бўзлади бир кун,
Жаҳонда онаси йўқлиги учун.
Бедардлар даврасин ёритди бир тун,
Жаҳонда оналар борлиги учун...

— Ҳеч банда бўлмагай дунёга устун!
— Устун бўлолмаса яшамоқ нечун?
— Ул ёқда ҳам сени ўйлайди тун-кун!
— Эҳтимол, ўзининг аҳволи нигун?

У шундай такаббур саволлар берди,
Ўзин ёниб турган оташга урди.
Одам юрмайдиган йўллардан юрди,
Одам кечмайдиган хаёллар сурди...

Мен ўзим кўрганман тонгдай отганин,
Қувонч қучоғида масрур ётганин,
Кўзлари қамашиб қушдай қотганин,
Кўрганман — ой каби сокин ботганин…
Ҳа, кейин…

Қўлида соғинчдан тўлган пиёла,
Ортида жондордек эргашган нола.
Нигоридан оқар қоп-қора жола,
“Отам қачон келар?..” сўрайди бола...

Ёмғирли булутдай дил шеърга тўлди,
Ким ғолиб, ким мағлуб ҳисоби бўлди.
Мен ҳам безор бўлдим — у ёлғиз қолди,
Қиёмат ҳам яқин, не бўлса бўлди…

— Балки юракларда У содир бўлган?
— Юракда нималар содир бўлмаган?!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

“МУЛОҲАЗА УЧУН МАВЗУ” РУКНИДАН

“Жамият ҳеч нарсани кўрмаяпти, чунки уни чуқур гипноз ҳолатида ушлаб туришибди. Халқ ҳеч қачон бу даражада гумроҳ бўлмаган. Одамга бир оз нафас ростлаб, бўлаётган воқеа-ҳодисаларни идрок этишига имконият беришмаяпти. Бири биридан бемаъни, охири йўқ сериаллар, бетайин эстрада, шаҳватпараст ва тажовузкор филмлар онгостимизга секин-аста сизиб кириб, худбинлик ва зўравонликни ўстираяпти. Росмана одам қисқа фурсат ичида ҳаётининг мазмунига бефарқ танбал ва лоқайд ҳайвонга айланаяпти.”

Сергей КАПИТСА (1928-2012), рус олими ва телебошловчиси

Обуна бўлишни унутманг: 👇
/channel/+KaPTxYNJseAzNmMy

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

NURJONA
Shodmonqul SALOM she’ri

Rejissor:
Erkin Bozorov
Tasvirchi:
Nosirjon Otajonov
Aktrisa:
Lobarxon Mamadjonova
—————————
Yanada ajoyib she’rlar, ijod namunalaridan shoir @Shodmonqul_SALOM ning telegram kanalida bahramand bo’lishingiz mumkin.

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Париж - 2024 Олимпиадаси совриндори Музаффар Тўрабоев!

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ХХI АСР ШОИРИГА ТАСКИН

– Кепқолинг, фақат мен орзу сотаман,
Манов, “Марсга учиш”, бу – “Мангу яшаш!”
Мана, Оловиддин сеҳрли чироғи,
Манави “Соғиниш”, буниси “Қумсаш”.

“Онани туш кўриш”, “Ҳижрон” ва “Висол”,
Кепқолинг, фақат мен орзу сотаман.
“Йиғлаш”, “Энтикиш” бор, “Чуқур хўрсиниш”,
Кўпроқ олганларга нархин ўтаман.
Опқолинг, сотаману кетаман!

– Нега бунча катта орзуларингиз,
Кўплари фасондан қолган, амаки.
“Эслолмаслик” йўқми, қиммат бўлса ҳам,
Хорижники бўлса, янаям яхши.

...Дод, молим ўтмайди, бозорим касод,
Юраги тор дунё раҳм қилмайди.
Шоирларга текин тарқатай десам,
Бошловчи шоирлар бунга келмайди,
Бу бозорни улар ҳали билмайди.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…
Subscribe to a channel