Бўрон тинди, ёмғир юпанди,
Сочин қайта таради шамол.
Аразини унутди, кулди,
Кўзёшлари тугаган аёл.
Шаҳар қўлга олди кўзгусин,
Ажинига сурди упалар.
Чошгоҳ сочди тилла ёғдусин,
Гумон каби тўзди парқулар.
Кечикса ҳам келди, дилгир ва
Нимагадир бироз паришон.
Туйғуларнинг селида оқиб,
Яшамоқни қумсаган инсон.
Севги эди орага тушиб,
Ҳаётини судхўрга тутган.
Келмаслиги аён бўлса ҳам
Яшамаган, фақат жим кутган.
Нималарни қилган башорат,
Нималардан умид эшган ул.
Арзон бериб ҳаловатини,
Оғриқларни қиммат олган қул.
Бўлса эди бир тола нурдай
Жонин тутса – иситиб берса.
Меҳр эмас, таскин ҳам эмас,
Фақат бир бор, бир бора кўрса...
Томирида уйғонган қуюн,
Азиз умрин телба айлаган.
Тушунолмас, тушунтиролмас –
Тангри шундай қисмат сайлаган.
Бўрон тинди, хўрсинди сукут,
Ғорга кириб кетди қораёл.
Бўйнин қашиб жим қолди эркак,
Узик торни улади аёл.
Шодмонқул САЛОМ
👇👇👇👇👇👇👇👇
@Shodmonqul_SALOM
O'YLABMANDA MEN
Jonimni behuda qiynabmanda men,
Zanjirni tish bilan chaynabmanda men.
Erkalab, yelkamni tutib turibman,
Dunyoni onam deb o'ylabmanda men.
Kulsa -- quvonibman, yig'lasa -- o'ksib,
Bag'riga tortganda -- bag'rimga bosib.
Go'yo qarzdorni sudxo'rdan to'sib,
Yelkamni ko'zlarga shaylabmanda men.
Yo'lga chiqqan yo'llar yo'ldan adashib,
Bari yuragimda ketdi tutashib.
Hovliqib, quvonib, ko'zlarim toshib,
O'zimni Alpomish bo'ylabmanda men.
Maysani o'ssin deb gulni yulibman,
Hamma yig'ganimga sovg'a olibman.
Bu hali mashqligin qaydan bilibman,
Bugun so'nggi kun deb o'ylabmanda men.
Mayli, dunyo o'tsin, mendan o'tmasin,
Mayli, unda ketsin, menda ketmasin.
Xudoyim, mening shu yaram bitmasin,
O'ynasam bir marta o'ynabmanda men,
Devor osha bir bor bo'ylabmanda men.
Shodmonqul SALOM
@Shodmonqul_SALOM
Ориповга ҳавас қилардим,
Ўртар эди мунгли ноласи.
Ўтмас пичоқ бўғзим тилишин
Қайдан билай қишлоқ боласи.
Ҳайратларим учди ҳавога,
Саробмидинг, азим келажак?
Ҳаммасига етар-у фаҳминг
Бошқа гапни айтишинг керак.
Шоирларни отгали ўқим,
Кўрмоққа кўз йўқдир гоҳи – рост!
Йиғига зўр берган қизчадай
Шеър ёзишни билурлар холос.
Ким кўрибди бу тўнғиз дунё,
Куй тинглаган, рангларда ёнган?
Ҳеч ким билмас жодугар бу дев
Қачон гўдак ёшига қонган?
Навоийнинг саботин айтманг,
Ибрат эмас тақвонг, Саъди-ё!
Булбулларнинг юрак қонига
Пайтавасин ювгандир дунё!
Бахти кулган, беқайғу дея
Ориповга ҳавас қилардим.
Тунлар баднафс итлар галаси
Талар экан, қайдин билардим?!
Йўқ, мен шоир бўлмоқчимасман!
Ожиз қалам ва ғариб тилак...
Керак эмас ўзи тўймаслар
Таъна билан ташлаган суяк.
Йўқ-йўқ, шоир чиқмагай мендан,
Гўл боламас менинг юрагим.
Бойчечакни юлмоқчимасман,
Олислардан кўрмоқ – истагим!
Аё, зоҳид, йўқ, мен кибр этмам,
Чин тавбам бор Ўзига – бешак!
Аёлининг ўйнашига ҳам
Зар тўн ёпган тўйни этгум тарк!
Мардлар, алплар – зўр афсоналар,
Уларни ҳам шоирлар ёзган!
Гар яшаган бўлса ҳам улар,
Қиличида қабрини қазган.
Мардлар, эрлар – яшамаган, йўқ,
Чумолига таланиб ўтган.
Бу очкўзлар зиёфатидан
Туз ҳам тотмай ўтсанг бўларкан.
Эй, қўлимга қараган, дунё,
Қўлим тўла шамол ва ранглар.
Сен ҳимиллаб, терлаб ўлтиргин,
Чулғамайди сени оҳанглар.
Дод! Онани суйгани учун,
Ялтоқланиб айтгани-чун роз!
Милён йилки лабин ялайди,
Худо эса... берганди овоз!
Йўқ, мен шоир бўлмоқчимасман,
Кеч бўлса ҳам этакни ёпдим.
Сизнинг эсноқ ростингизданмас,
Ёлғонлардан бир ҳикмат топдим.
Англаб қолди юрагим менинг,
Ёлғонларни ўгирдим чиндай.
Бошин силаб бир етимчанинг,
Ҳамёнини ўғирлагандай.
Дод! Билурман, чин шоирлар бор!
Ҳа, шубҳасиз бор хабардир шеър!
Улуғ шоирларимни ютиб,
Қайтимига бизни бердинг, ер!
Сенга ўхшаб қолди шоирлар,
Менга ўхшаб қолди шоирлар.
Алиф каби келмиш эдилар,
Нунга ўхшаб қолди шоирлар.
Воҳ, бўғзимда бир булбул хордир,
Овқат тиқиб йўл бермас риё!
Ориповга ҳавас қилгандим,
Сенга тақлид қилмайман, дунё!
Саккиз миллиард ниқобли шарпа,
Қайси одам, қайси қул, дайди?
Телба бўлиб қолдимми десам,
Бирови отамга ўхшайди.
Бу ниқоблар савдолашмасдан
Юрагингни чўққа отарлар.
Бир овсарга “Нобель” тутқазиб
Сўнг юртига қўшин тортарлар.
Сабр, тавба, Ҳақни изламоқ...
Тушунсангчи, Худо – ердамас!
Ростин айтмоқ фарздир, эҳтимол,
Лек хўрланмоқ суннатдан эмас.
Яшаб ўтиш керак – биламан,
Яшаб ўтиш одамларга хос.
Ичим йиғлар, ўзим куламан,
Ориповга ҳавасдан холос!
Қон кўксимга қўлимни босиб,
Деразага боқсам – тонг ёнар!
Юрагимда ўкирган шеърнинг
Нидосидан олам уйғонар.
Ҳали ухлаб ётган боламнинг
Кулгучида кулгуни кўрдим...
Ё, Раб! Бундай таскинларинг бор!
Ё, Раб! Бундай босқинларинг бор!
Ожизлигим билдим, ўлтирдим.
Ожизлигим билдим, ўлтирдим.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Шоир Шодмонқул СAЛОМнинг "Aрслон ва қуралай" ҳикояси nodirabegim.uz каналида эълон қилинибди.
Ушбу ҳикояни қўйдагу ҳавола орқали ўқишингиз мумкин👇
👉Ҳикояни ўқиш👈
T.me/Shodmonqul_SALOM
"...Халқимизнинг қайсидир фазилати Парвардигори Оламга ёққан экан-ки ўз аршидан Навоийдек шоирни бизга туҳфа қилиб юбормишдир."
✍ Абдулла Орипов
Шоир қанотига ўт кетган қушдир,
Унга дон кўрсатманг, беринг осмонни.
То ёниб бўлгунча ёришсин олам,
Токи куйдирмасин куйган жаҳонни.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
КЕЧИККАН ХАТ
Ўткир, Московда ҳам эридими қор,
Кўзёшдек жимирлаб, кетдими музлар?
Ўткир, Московга ҳам бордими баҳор,
Московда ҳам гўзал бўлдими қизлар?
Ўткир, биз томонда майсалар кулди,
Изларинг кўзёшдир – халқобли йўллар.
Сендан вафо истаб, сенинг йўғингда,
Ўзгадан гул олиб титради қўллар.
Ҳув, ўша сен кезган рус ўрмонидай,
Бир қизнинг сочлари шовуллаяпти.
Унинг юрагида, юрак тубида,
Бир асир туйғулар увуллаяпти.
Тингла, сезяпсанми, эшитяпсанми,
Тақдир яшин каби ташлади фармон.
Яшил майсаларнинг бошини эгди,
Есенин қабридай гўзал бир армон.
Бу «оҳ»ни томоша қилмоққа ҳад йўқ,
Изоҳ сўрамагин таржимонлардан.
У кўнгил дардларин айтолмаётир,
Антеннаси чиқмас телефонлардан.
Мана, борлиқ аро яшнади баҳор,
Бугун тўй бўляпти, келиндир бир қиз.
Унинг юрагида изғирин ва қор,
Сенинг юрагингда эримайди муз.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Сурхон қўшиғи
Ҳазрат Султон чўққисида эриган қор,
Термизийнинг зиёратин қилар бажо.
Икки тоғнинг орасида бир осмон бор,
Кўкрагимни тўлдиргандир ўшал ҳаво.
Боботоғдан Бойсунтоққа учар лочин:
Менинг мангу ҳайратимсан, Сурхондарё.
Бақтрия, қадим Кушон, Чағониён,
Тешиктошда бобо тарих тарих тузган.
Қирқ минг йиллик мангу хабар — Зараутсой,
Унда менинг суратим бор, бобом чизган.
Будда каби жим ўлтирар кўҳна қирлар,
Менинг битмас ҳикматимсан, Сурхондарё.
Сингилларнинг тилагидай ҳур жилғалар,
Дўмбиранинг ўркач сойдай нолалари,
Бешик каби чайқалганда не асрлар,
Туғилади Алпомишнинг болалари.
Ойбарчиннинг исирғаси — кўксимда ор,
Эллар аро иззатимсан, Сурхондарё.
Кунгай бетда Сўфий Оллоёр дуо этса,
Кафтларида капалакдан бургут дўнар.
Гар чўпони бир дам хаёл қилиб қолса,
Таёғидан зўр Сайроби чинор унар.
Замин алқаб, бағрин очиб турган само,
Ёмғирдайин раҳматимсан, Сурхондарё.
Замонларнинг гуноҳини ювган дарё.
Пирлар каби тунлар хаёл сурган дарё.
Ўзанини эзгуликка бурган дарё.
Соҳилида тарих ўтов қурган дарё.
Ҳар эпкини битта шоир берган дарё.
Ҳайратимсан, шиддатимсан, ҳикматимсан,
Ҳар сатримда шарқирайсан, Сурхондарё,
Жануб ёқдан ярқирайсан, Сурхондарё.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
#юлдузлар_мангу_ёнади
"Ўзбекистон халқ ёзувчиси" Тоғай Мурод 1948-йил 3-февралда Сурхондарё вилояти Денов тумани Хўжасоат қишлоғида таваллуд топган.
"...авлодлар алмашгани сайин юрак йўқолиб бораяпди!"
@Shodmonqul_SALOM
БОҒИМ
Муҳаббатни қилиб парвариш,
Изтиробни ўстирдим адл.
Сарватига син қўшди Ишонч,
Сарвдек тик Номуснинг қадди.
Шовуллайди шамолда Армон,
Қарсиллайди, синмайди шохи.
Одамбўйи бўп кетган Ҳижрон,
Мевалари тўкилар гоҳи.
Тўкилади рангсиз кунимга,
Ва юлдузи тарк этган тунга.
Битта-битта териб, авайлаб
Токчаларда асрайман — сенга!
Самовотга ўрлаб, қўл ташлаб,
Ўсиб кетган сариқ гулли Ҳақ.
Фақат гуллар, мева бергайму..?
Гулин чўқир бир олашақшақ.
Мен Севгини айлаб парвариш,
Шохларига осдим камимни.
Боғбон қўлим ўксиб йиғлайди,
Сўрагандай аллакимимни.
Шу зайлда бино бўлур боғ,
Чайқалади, жон бериб танга.
Секин-аста кексаяр боғбон,
Боғи эса қолар Ватанга!
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
ТАВБА
“Биродарлар, тафаккур қилинг, қайғуринг! Гуноҳимиз шунчалар зиёда бўлибдимики, бугун Каъбатуллоҳ бўш...”
Муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимовнинг маърузаларидан
Ё, Раб! Дил увишди бир мудҳиш оҳдан,
Раҳмат озайдими бизга даргоҳдан?!
Бало фалакданми, ичдаги жоҳдан
– Чиқолмай ўзимиз қазиган чоҳдан,
Гадодан ўтдими, ўтдими шоҳдан,
Тафаккур айласам, бошдан учар ҳуш:
Каъбатуллоҳ бўш...
Кетгали келгандир одамнинг насли,
Хароб бўлмоқ учун қургайлар асли,
Тил бошқа, дил бўлак – эсламай Дўстни,
Фалакка ўрлаган ноласи ростми?
Бул рутбаси баланд, қилмиши пастнинг
Аҳволига боқсам, аҳволим нохуш:
Каъбатуллоҳ бўш...
Қўл ишда, дил Ёрда, деганди пирлар,
Сабоқни унутиб, беғам юрурлар.
Қаҳқаҳа урурлар, кулиб турурлар,
Тавба эшигини ёпмиш ғурурлар,
Бало келиб бўлди, кибр қилурлар,
Ё, Раҳим! Раҳм этгил, ожизинг сархуш,
Каъбатуллоҳ бўш...
Қисмат қарзин сўрса, оғирдир ҳоли,
Кераксиз юк бўлгай жамғарган моли,
Бу йўлда ёлғизнинг бенаф саволи,
Йиғларлар, юпанчга келмас мажоли,
Ҳатто чумолидан орқада қолиб,
Изиллаб кетарлар, мушкулдир – юмуш,
Каъбатуллоҳ бўш...
Исрофил чалганда азим созини,
Гуноҳлар босганда ул тарозини,
Ўйларлар отаю она розими,
Надомат-ла ерга уриб юзини,
Қудратин кеч англаб улуғ Қозининг,
Қуруқ қўл турурлар, ўзлари беҳуш:
Каъбатуллоҳ бўш...
Эй, Раҳмон, эй, Холиқ, эй, Басир, Қодир,
Эй, Малик, эй, Жаббор, эй, Сомеъ, Собир,
Бандангнинг ҳолига ўзинг қил тадбир,
Чексиз даргоҳингдан нур бергил, Кабийр,
Ё, Ғаффор, ё, Қаҳҳор, аё Муқтадир,
Ислоҳ айламасанг, ҳолимиз нохуш:
Каъбатуллоҳ бўш...
Шодмонқул САЛОМ
Бизнинг Расмий Саҳифалар:
Hayrat ul-Abror | Lison ut-tayr | Youtube
👉 Akrom Malik 👈
"Ўзбекистон"
Жаҳон харитасининг ранги минг бор алмашди,
Тарих мундарижасин керак жойлари куйган.
Қай замонда аждодим орият деб талашди,
Шунда у қадаган туғ — ерни тўхтатиб қўйган.
Юлдузларни музлатган заминдан сачраган қон,
Ўзи пайдо бўлганмас биз суйган Ўзбекистон!
Ер сўфийдир, ер марддир — ҳаммасини айтмайди,
Тинглаб, англаб олмоққа гоҳ сабримиз етмайди.
Отангга ўхшар Ватан, сен ундан тўрагансан,
Кечирар, кек сақламас, шунингдек, унутмайди.
Лочиннинг тухумидан бойқуш чиқмас ҳеч қачон,
Ўзи пайдо бўлганмас биз билган Ўзбекистон!
Тақдир тарозисини адолат узра қурган,
Ер остига олтинлар ернинг устидан борган.
Бобомнинг орзулари армонларга айлангач,
Шул армон ганжга дўниб, насибамни жамғарган.
Бир жилғамда ўн тўрт минг кўзи очиқ қатағон,
Уларнинг нидосидир заҳматкаш Ўзбекистон.
Ҳа, ернинг остидадир тиллоларим, зарларим,
Тарбиячи пирларим, ушлаб турган зўрларим.
Тағин шунда ботиндир, шу Ватан остидадир,
Пешонаси торларим, пешонаси шўрларим.
Бул тупроқни сев, болам, тавоф қилгин ҳар қачон,
Бу оддий тупроқ эмас — табаррук Ўзбекистон.
Оломон эмас, халқ бўл, дея битмиш шоирлар,
Элининг бахтин кўрса — руҳлари шод ётирлар.
Улуғ тоғларга қара — юракларинг улғайсин,
Отаси ботир бўлмай туғилмас баҳодирлар.
Орзу ҳам суяк сурар, умидинг бўлсин омон,
Шу халқнинг орзусидир безавол Ўзбекистон!
Кошки, шу шеърим билан аждод руҳин шодладим,
Хотираси панд берган замонларни ёдладим.
Шом қирғоғида эдим, тонг соҳили кўринди,
Бу тун кулдим, йиғладим, қувониблар додладим.
Қандай ширин ухлайсан, болам, кўзинг оч, уйғон,
Сени йўргаклаётир оппоқ тонг — Ўзбекистон!
Ватан, меҳрингни узма, меҳрингдан тўймагунча,
Кимлигинг билмас эдим, фарзандни суймагунча.
“Она тупроқ” дейишни бир оқшомда ўргандим,
Бунча азиз эмасдинг, онамни қўймагунча.
Кун сайин томирларим ботиб боргувчи бўстон,
Шундай бино бўлгандир она юрт — Ўзбекистон!
Шаҳидлар хиёбони жойлашган манзил назарда тутилмоқда.
Бу жойда 14 мингдан зиёд юртдошимиз қатл этилган.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Ахборот 24 | Ёзувчилар уюшмасида китоблар тақдимоти
#28jan #uzbekiston24
mtrk.uz | Youtube | Facebook | Telegram
ХАЙЁМДАН ТОМЧИ
Улфатлар қатордан майли ўчирсин,
Лекин шаробимдан этмасин жудо.
Худо ичганимга мени кечирсин,
Ичмасам — ёдимга тушмайди Худо.
Мен даҳрий эмасман, майхўр ҳам эмас,
Ичмасам, ростини айтмайди юрак.
Юрак ёлғон айтса, сажданг қабулмас,
Қалбга сажда учун ичмоқлик керак.
2002й
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
#БОБУР_ТAВAЛЛУДИНИНГ_538_ЙИЛЛИГИ
➡️Ҳар кимки, вафо қилса - вафо топқусидур!
Ҳар кимки, жафо қилса - жафо топқусидур!
Яхши киши кўрмагай ёмонлик харгиз,
Ҳар кимки, ёмон бўлса - жазо топқусидур!
➡️Туз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,
Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!
Сарриштайи айшдин кўнгулни зинҳор
Уз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!
@Shodmonqul_SALOM
Birliklar
Bir buyuk sevgi bor,
Bir mahkum ko‘ngil.
Bir alvon shafaq bor,
Bir mahzun quyosh.
Bir ishqdan masrur bor,
Bir sochi sunbul.
Bir shirin kulgu bor,
Bir taxir ko‘zyosh.
Bir bir qaro tuproq bor,
Bir mangu diyor.
Bir g‘aram dunyo bor,
Va bir siqim cho‘g‘.
Bir ro‘zi Mahshar bor,
Bir Parvardigor.
Ikkinchisi yo‘qdir,
Ikkinchisi yo‘q.
©Suhrob ZIYO
@suhrob_ziyo1
ЮРАК ИҚЛИМИ
Сиз мени ишонтиринг, йўқса ишонолмайман,
Дард билан севинтиринг, йўқса қувонолмайман.
Юрагимнинг тубида мудраб ётар бир азоб,
Аввал уни уйғотинг, йўқса уйғонолмайман.
Менга кўз-кўз айламанг юлдуз қучган самони,
Менга замин керакдир, не қилгум бу дунёни.
Аввало, топиб беринг шу заминдан Худони,
Қисмат шу деб авраманг, қисматга кўнолмайман.
Мен ўзимга мағлубман, ўзим эса зафарли,
Онамнинг берган сути энг покиза заҳардир,
Дунё — омонат қайиқ, унга қўнмоқ хатарли,
Балиқчи қуш эмасман, қайиққа қўнолмайман.
Чақин чақнатар само — қайрар ойнинг ўроғин.
Шул ўроқ узар бир кун бўғзимдаги сиртмоқни,
Бунча олис экансан ай, дилимнинг қирғоғи,
Телба тўлқинларингдан наҳотки ошолмайман.
Гоҳ юзимга урилар ўзга дунё салқини,
У дунёлар қошида бу дунё бир сиқимми?
Ўзгариб бораётир юрагимнинг иқлими,
Бас, энди шундай бўлса ортиқча яшолмайман.
Бир бор келган манзилдан икки бор кетолмайман.
2002й
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
БИР МАЪРУЗАЧИга!
Бизнинг ёқда ҳақиқатчи кўпайди, денг,
Йиғинларда стол муштлаб довлашади.
“Билмабмизда, шундай ғаддор экан “у” деб,
Собиқларнинг мозорини ковлашади.
Биттасини танийман мен – ёндафтарин,
Қўлдан қўймай шошилади мажлисларга.
У кеча ҳам бугунгидай куйиб-пишиб,
Собиқларни фош қиларди раисларга.
У кеча ҳам тил ҳақида қайғурарди,
Миллат учун жоним фидо, дерди нуқул.
Ўшанда ҳам ҳозиргидек ёзғирарди,
Собиқларнинг айби билан эди машғул.
Асабидан узилмайди битта тола,
Мен сезаман – ширин жони “қилт” этмайди.
Икки кўзи тарозининг палласида,
Тили эса “ҳақиқат”ни унутмайди.
Энг ёмони – айбин топиб айтолмайсан,
Ушлайдиган думи-ёли қиртишланган.
Виқор билан “ҳақиқат”дан гап бошлайди,
Таъналари собиқларга бағишланган.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
* * *
Аста-аста оқаради тонг,
Аста-аста бўйлайди қуёш.
Аста-аста соч йиғар хаёл,
Аста-аста кўтарилар бош.
Аста-аста ташланар қадам,
Аста-аста бошланар кураш.
Аста-аста хўрсинар одам,
Аста-аста чарчайди яшаш.
Аста-аста силтанади қўл,
Аста-аста кемтилар юрак.
Аста-аста уйдан қочар йўл,
Аста-аста маст бўлар эркак.
Аста-аста зулфга оқ инар,
Аста-аста ёқалари ҳўл.
Аёл юзи тонгдай оқарар
Яноғида музлаб ётар сел.
Аста-аста эснайди юрак,
Аста-аста зўраяр шамол.
Изоҳлолмас, жим юрар эркак,
Изоҳ сўрмас жим юрар аёл.
Аста-аста...
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Surxondaryoda bodom gulladi, boychechak ochildi (foto).
Batafsil — http://dy.uz/37LsI
LIVE | Lifestyle | Sport | Расмий
Тоғай Мурод хотирасига
Бу юракда нелар бор,
Очиб кўрар замон йўқ.
Бошимга дўнар бургут,
Кўзи очу қорни тўқ.
Манзил, ҳей, қандай манзил,
Юрак етилди оҳдан.
Ёшим қирққа етмасдан,
Қайтганмишман жангоҳдан.
Шамолга шалоқ бўлиб,
Эрмак бўлиб элакка.
Мени қўйинг, жўралар,
Тўзим тиланг юракка.
Отамнинг ҳасратига
Сандал каби исиниб.
Худонинг кенг уйида
Юрибманда қисиниб.
Бу юракда нелар бор,
Нелар йўқ бу юракда.
Тангрига хатлар ёзсам,
Қор ёғади фалакдан.
Галасидан айрилган
Бир бўрини кўргандим.
У менга ҳавас қилди,
Мен ҳам ҳавас қилгандим.
Исмини ҳам билмайман,
Балки бир номсиз банда.
У менга бахт тилайди,
Бахтсизлик кўрмаганда.
Бу юрак — тилсиз шоир,
Дод демас, жим кетяпти.
Қизим фалакда туриб,
Менга мактуб битяпти.
Дунё, чин исминг нима,
Матлабинг не, тириклик?
Балки, шу хароб умрим
Чумолига буюклик?!
Бу ланж, беор даврада,
Жонга май аро киргай.
Май баҳона сенга ҳам,
Қачонлардир сўз бергай.
Қўлга ўрганолмаган
Бўри — менинг юрагим.
Ўзимни мастга солсам,
Куйиб кетар кўкрагим.
Қўлга ўрганолмаган
Бўри увуллайди зор:
Очиб кўрар имкон йўқ,
Бу юракда нелар бор.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Ҳозир умидимдан бошқа нарсам йўқ,
Оримдан ўзгасин бериб бўлганман.
Сабр дарахтига умид ниҳолин
Ўз қўлларим билан пайванд қилганман.
Ҳозир кечалардан юлдузлар кетган,
Ҳозир кундузлар йўқ, фақат рақамлар.
Ҳозир мени асраб қолмоқлик учун,
Баҳс қилиб кўксимда чопар ҳакамлар.
Ҳозир на-да яшил, на қизил чироқ,
Фақат сариқ чироқ ёнган йўлимда.
Отанинг ўғилга муҳтожлигидай
Забун кунларимнинг шарҳи қўлимда.
Ҳозир ҳовлиларнинг симдорларига
Юрагим осилган, сўзим осилган.
Мунис нигоҳларга мағлуб, лекин ҳақ,
Менинг имонимнинг муҳри босилган.
Ҳозир шамолларга менинг арзим йўқ,
Сингану битмаган жўмард қанотим.
Кенгликларга учмоқ шиддатин асраб
Термосда турибди менинг ҳаётим.
Ҳозир изтиробнинг чоҳидадир Алп,
Қирқ газга етмайди оҳи Чиборнинг.
Кўксига ғам тоши ботиб ётади,
Сояси тушгунча Парвардигорнинг.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
"...Айрим давраларда менга турк адиби Ришод Нури Гунтекин, грузиялик Нодар Думбадзе, абхаз Фозил Искандар ёки овруполик қалам соҳибларини мақтайвериб, уларнинг асарларидан топган ҳикматини қулоғимга қуявериб силламни қуритишади.
Аввалига жим тинглайман, “Ҳа, маҳоратли, катта истеъдодли ёзувчилар” деб гап бериб тураман. Аста-секин ўзимиз ҳақимизда гап бошланганида ҳамсуҳбатимнинг энсаси қотганини кўраман, писандасини эшитаман, охири бўлмайди – ёриламан:
“Улуғбек хазинаси”ни ўқиганмисиз? “Вафодор” деган, кўр киши игнада ёзган романни-чи?
Ойбекни биларсиз — “Навоий” романи бор. Асқад Мухторнинг “Қорақалпоқнома” асарини ёки Шукур Холмирзаевнинг “Ўн саккизга кирмаган ким бор?” асари...
Ва ҳоказо...
Қаршимда бурнини жийириб ўлтирган “хос китобхон” биродарим мен айтган китобларни ўқимаган, ўқиса-да “иккинчи сорт” деб билувчи, уларнинг муаллифларини эса жайдариликда айбловчи бир жонзотки, унга гап уқтириб бўлмайди. Умрида бир тун қон ютиб қоғоз билан юзма-юз бўлиш азобидан бебаҳра бу каби ҳақпарастлар билан сира-сира сувим тинимайди.
У кишига Навоийни гапирсанг, “Қачонгача ўтганлар билан мақтанамиз” деб оғзингга уради, Шукур акани гапирсанг, “чапани” дейди, Аҳмад Аъзамни ўқимаган бўлади — танимайди, Назар Эшонқул десанг, “ғарбнинг тақлидчиси” дейди, Ўткир Ҳошимов, Тоғай Мурод, Эркин Аъзам каби усталарни ўйлаб ўтирмай “маҳаллийчи”, “юки енгил” каби айблар билан камситаверади.
Ўз адабиётини қадрлаб, қиёслаб, борича эъзозлаёлмаган бундай билағонлар, уйига меҳмон келганида кекса, камбағал отасини кўздан панароқ хонага бекитиб қўювчи гумроҳга ўхшайди."..
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Мангу қалбимизда яшайсиз!
Бугун, 30 январ куни — Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуд топган кун!
@Shodmonqul_SALOM
Куйгай
Сенинг қўлларинг куйгай,
Менинг тилларим куйгай.
Сенинг йилларинг куйгай,
Менинг йўлларим куйгай.
Барисини жамғарсам,
Бир нуқтадир жавоби.
Беҳиштдай марҳаматли,
Дузахдайин азоби.
Ҳаётимга ўт кетгай,
Ўтга қўлларин тутгай,
“Ўзгаришлар муқимдир!”
Бу — Будданинг хитоби.
Барисини жамғарсам,
Қутлуғ жомни синдирсам.
Савдогар юрагимни
Ҳамён каби ағдарсам.
Изоҳталаб кўзларни
Сукутга ишонтирсам,
Сенинг савобинг куйгай,
Менинг ҳисобим куйгай.
Мен кимнинг ҳаққидирман,
Нимадир менинг нақдим?
Бу ҳисобли бозорга
Беҳисоб тумор тақдим.
Зўр илонга айландим,
Фақат ўзимни чақдим.
Қиёмат қирғоғида
Мунтазир турган вақтим.
Кетолмас ҳам кутолмас,
Киприкларинг тутолмас.
Бўғзингдаги кўзёшдан
Сенинг қабоғинг куйгай.
Кўзингдаги қуёшдан
Менинг ёноғим куйгай.
Олов ёққанин кўрдим,
Оловни ёқиб кўрдим,
Оловда ёниб кўрдим.
Ишониб, тониб кўрдим.
Ҳар учқун сачраганда
Бир бор уйғониб кўрдим.
Сув ташиб келтирармиш,
Қарлуғочни эшитдим.
Чарсиллаб ёнмоқ аро
Кўклам ҳавосин кутдим.
Шу оловда сабрнинг
Ғиштин тоблаб пишитдим.
Қарлуғоч сув келтиргай,
Кўрмадиму эшитдим.
Ёлғон бўлса шу садо,
Сенинг ижодинг куйгай.
Ёнсам, фақат кул қолса,
Шунча сабоғим куйгай.
Ёнғинда қолди кўкрак
Ҳар не ғазнам шундадир.
Бир дам тўхтамаётир,
Кундузда ҳам тундадир.
Руҳимнинг суратлари
Сураткаш тутундадир.
Ҳафиз фаришталари
Наҳотки тутқундадир.
Телба томошогоҳда
Бор дардим ичимдадир.
Менинг бор жамғарганим,
Қўлингдадир — сендадир.
Қўлингни тавоф этсам,
Йўғим-борларим куйгай.
Дудларим етиб борса
Осмон-ҳурларинг куйгай.
Кўзи оч олам куймас,
Сенинг сирларинг куйгай.
Ғамнинг хумори тутиб,
Менинг шеърларим куйгай.
Шодмонқул САЛОМ
T.me/Shodmonqul_SALOM