62303
Ўйиндан ташқари фикрлар Твиттер: https://twitter.com/the_bakiroo Инстаграм: https://www.instagram.com/the_bakiroo?igsh=MTZ0YXo0cmRtaHM2Yg== Youtube: https://youtube.com/@thebakiroo?si=VAN-I4yAp3zZBUcS
Жами даромадларнинг ўсиши секинлашган, хусусан пул ўтказмалари ҳисобига
2026 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда аҳолининг умумий даромадларининг реал ўсиши 8,1%гача, жон бошига реал ўсиши эса 6,2%гача секинлашган (ўтган йилнинг шу даврида мос равишда 8,4% ва 6,3% эди).
Ҳудудлар қирқимида олинса. пойтахт Тошкент шаҳрида жон бошига реал даромадлар республика ўртачасидан икки баробардан тезроқ ўсган (13,0%). Камбағаллик ва ишсизлик йил охиригача тугатилиши ваъда қилинган Хоразмда эса статистик хатолик даражасида паст (1,3%). Энг камбағал ва энг бой ҳудудлар орасидаги даромадлар фарқи 3,5 каррадан 3,7 каррагача ошган.
Қорақалпоғистон рақамлари билан боғлиқ ўтган чораклардаги ғаройиб сакрашларга қарамай, 9 ойликда ҳудуд яна жойига қайтарилган ваҳоланки, ўтган чоракларда "ортда қолдирилган" Наманган, Сурхондарёда ва Сирдарёда юқорироқ ўсиш қайд этилган. Статқўм бу ҳалинчакларга тушунтириш берса бўларди.
Тобора Каримов даври статистикасига келбат бераётган даромадлар статистикасининг чиройини бу сафар ҳам яна ўзбандларнинг даромадлари очиб берган. Жами даромадларда ўзбандлар бераётган улуши 36,0%га етган (ўтган йил шу даврда 33,8%). Бу сафар Сурхондарё (+8,1 фоиз банд), Фарғона (+7,2 фоиз банд) ва Қашқадарё (+6 фоиз банд) ва вилоятларидан атипик ўсиш ҳайрон қолдирмаслик мумкин эмас.
Трансферлардан (ҳам ижтимоий, ҳам пул ўтказмалари бўйича) олинаётган даромадлар улушининг пасайиши яққол сезилган. Жами даромадларда ижтимоий трансферларнинг улуши 7,9%га тушган (ўтган йили шу пайтда 8,6%). Пул ўтказмаларининг улуши эса жами даромадлар таркибида 17,8%гача пасайган (ўтган йили шу даврда 21,5%).
Барча ҳудудларда аҳолининг даромадларида пул ўтказмаларидан олинган даромадларининг улуши кескин пасайган. Хусусан, Фарғона вилоятида жами даромадлардаги пул ўтказмаларининг улуши 33,7%дан 24,6%гача қисқарган (минус 9,1 фоиз банд). Фарғона вилояти даромадлари статистикасини юқорида ёзганимиздек, ўзбандлар даромадларининг "мўъжизавий ўсиши" қутқариб қолган.
“Давлат борку деган илинж бор”
Бултурги ҳафта Lolazor'да масъулиятсиз қурувчилар ва алданаётган истеъмолчилар муаммоси борасида ҳам гаплашиб, шаклланган қийший рағбатларни санагандик. Беҳзод Ҳошимов шу мавзуда ёзмоқда:
"Агар йўқотиш рискини давлат ўз зиммасига олса, харидор қурувчини текшириб ўтирмайди, фақат нархга қарайди. Кеча очилган фирма бозордан 15 тийин арзон сотса, одамлар югуриб бориб пулини беради: “Шартнома бор-ку, охир-оқибат давлат барибир уйни беради.” Натижада ҳалол қурувчи ўз ишончлилиги учун ҳақ ололмайди, фирибгар эса рақобатда ютади. Солиқ тўловчиларнинг пули амалда энг ёмон ўйинчиларнинг устунлигини молиялаштиради".
Яъни қанчалик ғалати эшитилмасин, давлатнинг мазкур секторда ҳаддан ташқари кўплиги тескари ва зарарли оқибатлар яратмоқда. Идеалда давлатнинг ўрнида қонун ҳимояси ва кафолатлар ишлаши керак. Кафолатлар ўлароқ таклиф этилган эскроу тизимини ишга тушириш эса, деярли 2 йил бўп қолдики, қудратли лоббилар босими остида пайсалга солиб келинмоқда.
Иситиш ва иссиқ сув тарифлари ўзгармадими?
Бугун 2 ноябрь. Норматив ҳужжатлар эълон қилинадиган lex.uz платформасида ҳали иситиш (иссиқлик энергияси) ва иссиқ сув тарифлари бўйича қарор пайдо бўлгани йўқ.
Балки қарор имзоланган бўлса ҳам, эълон қилинмаган бўлиши мумкин. Чунки рўйхатда ҳукуматнинг 599- ва 600- қарорлари кўрингани йўқ (улар ёпиқ қарорлар ҳам бўлиши мумкин).
Балки иситиш ва иссиқ сув тарифларини оширишдан ҳозирча тийилишгандир.
Нима бўлгандаям, агар бугун ярим тунгача иситиш ва иссиқ сувга оид қарор эълон қилинса, 17 ноябрдан кучга кириши керак бўлади (пропан бўйича қарор ҳам қонун руҳи бўйича 17 ноябрдан кучга кириши керак).
Расман: Аҳоли учун пропан 15 ноябрдан 5 000 сўм
Имзоланган ҳукумат қарорига кўра, 2026 йил 15 ноябрдан:
аҳоли учун суюлтирилган газнинг чакана сотиш нархи ҳар бир килограмм учун қўшилган қиймат солиғи билан 5 000 сўм;
“LPG-Trade” МЧЖ томонидан аҳолига суюлтирилган газни етказиб бериш хизмати учун чекланган нарх ҳар бир килограмм учун қўшилган қиймат солиғи билан 1 300 сўм этиб белгиланади.
Бугун биржада аҳоли учун пропан савдоси алоҳидалаштирган секторда ўтказилган, хўжалик сектори учун савдоларда пропан нархлари сезиларли қимматлаган.
Бизнесингиз учун 50 млрд сўмгача исломий молиялаштириш!
✅ 6 ойдан 24 ойгача муддатга
✅ Банкка бормасдан онлайн расмийлаштириш
✅ Ўзбекистондан ва хориждан товар харид қилиш
✅ Йиллик устама — 15%
📌 Хизмат камида 12 ой давомида узлуксиз фаолият юритган бизнесларга тақдим этилади. Молиялаштириш миқдори банк баҳолаши асосида белгиланади.
📲 Openbank Biznes орқали шартлар билан танишинг ва ариза юборинг!
Реклама
Пул ўтказмаларининг ўсиши учинчи чоракда сезиларли секинлашган
2026 йилнинг 9 ойида халқаро пул ўтказмаларидан тушумлар 8,9%га ўсиб, 15 168 млн.долларни ташкил этган (2025 йилнинг шу даврида 2024 йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсиш 23,7%ни ташкил этган эди).
Пул ўтказмаларидан тушумларнинг ўсишнинг секинлашуви айниқса 3- чоракнинг ўзини олганда яққон кўринади. Демак, 2026 йилнинг июль-сентябрь ойларида пул ўтказмаларидан тушумлар 5 884 млн.долларни ташкил этган. Солиштириш учун 2025 йилнинг июль-сентябрь ойларида пул ўтказмаларидан тушумлар 5 716 млн.доллардан иборат бўлган. Яъни бу даврда пул ўтказмаларидан тушумларнинг ўсиши 2,9%гача секинлашган.
Албатта мазкур даврда рублнинг долларга нисбатан қадрсизланиши ҳам таъсирга эга бўлган, шу билан бирга, пул ўтказмаларида ўзига хос улушга эга бўлган мева-сабзавотлар экспортининг пул ўтказмалари орқали юбориладиган қисмида ҳам пасайиш бўлганини қайд этиш керак (узум ва гилос мисолида).
Муқимий кўчасидаги дўкон-бекатлар бузилиши хато бўлди, деб кимдир тан оладими энди?
Ўзбек чиновникларининг режалаштириш горизонтига чексиз ҳайрон бўлиш мумкин. Уларнинг эрталабки қарори тушдан кейингисига зид, душанбадаги қарори жумадагисига терс бўлса майли, ғирт зарарли бўлиб ҳам чиқади.
Пойтахт ҳокими тасдиқлаган қарорга кўра, Тошкент шаҳрининг тўртта кўчасида алоҳида ажратилган йўлаклар (BRT) барпо этилади — албатта яхши қарор. Лекин, қарорга кўз югуртириб ва 6-7 ой аввалги тарихни эслаб, адашмадингиз, рўйхатда шу йил апрель-май ойларида бекат-дўконлари ғорат қилинган Муқимий кўчаси ҳам борлигини кўрасиз.
Энди шу шаҳар Кенгашида ёки ҳокимнинг атрофида гиргиттон бўлиб юрган дастёр ва шотирлардан биронтаси чиқиб, ўшанда дўкон-бекатларни бузиб хато қилган эканмиз, бекорга бизнес экосистемасига ва умуман ўнлаб оилаларга зарар етказибмиз, хато қипмиз, мана барибир шу кўчадан BRT ўтаркан, дўкон бекатларни қийратиб бузиб, севимли бекат қиролининг 20 минг долларлик бекатларини ўрнатишга умуман ҳожат йўқ эдийкан дермикан?
Менимча, бунақа инсофий шотир шаҳар маъмуриятида топилмаса керак (ўзи ҳокимга ҳокимнинг хатоларини юзига айтадиган бирон ким борми?). Балки ҳокимнинг ўзи вақт ўтиб, кейинги ташкиллаштирган пиар-интервьюларида Муқимий кўчасида буздирилган дўкон-бекатлар бўйича қилган хатосини тан олар (пешлавҳалар бўйича хатосини тан олдику).
Муқимий кўчасида вайрон қилинган дўкон-бекатлар борасида масала шунчалар аянчли ва ачинарлики, ҳоким ҳам, унинг ЦОДД маркази ҳам, Муқимий кўчасидан BRT ўтишини 2025 йилнинг охиридаёқ биларди. Ўзлари ташрифда презентация қилган. Ўзлари режаларини очиқлаган.
Майли. Нимаям дердик, ҳозирги Ўзбекистонда тадбиркорларга зиён етказадиган ҳаракат ва қарорларни оқибатини ҳеч ўйламай қилавериш мумкин, қолаверса, ҳисобини парламент ё кенгаш сўрамайдиган, назоратсиз бюджетнинг кети кенг. Чексиз совуриш мумкин.
Хорватия президенти Тошкентда янги консуллик очиш ташаббуси билан чиқди. Фахрий консул ким бўлди?
Тадбиркор Сарвар Исмоилов Хорватия Республикасининг Ўзбекистондаги фахрий консули этиб тайинланди. У тиббиёт, фармацевтика ва технологиялар соҳасида фаолият юритувчи компаниялар гуруҳи асосчиси бўлиб, Тошкентдаги машҳур лойиҳаларидан бири Medion клиникалар тармоғи ҳисобланади.
Тошкентда янги консуллик ваколатхонасини очиш тўғрисидаги қарорни Хорватия президенти Зоран Миланович шахсан имзолаган.
Янги консулликнинг расмий тақдимот маросимида Хорватиянинг Ўзбекистондаги элчиси Рефик Шабанович, дипломатик корпус, давлат ташкилотлари ҳамда бизнес доиралари вакиллари иштирок этди.
Фахрий консул фаолиятининг асосий йўналишлари икки мамлакат ўртасида ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш ва маданий алмашинувни кенгайтиришдан иборат бўлади.
Хорватия элчисининг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг дастлабки муҳим қадамларидан бири Ўзбекистон ва Хорватия ўртасида тўғридан-тўғри чартер авиақатновларини йўлга қўйиш бўлади.
Ташаббусли бюджет ҳақида жуда қизиқ сўровнома
Иллинойс университети докторанти Икромжон Туҳтасунов томонидан Ўзбекистондаги маҳаллий ривожланиш дастурларига оид фуқаролар фикри ва тажрибасини ўрганишга қаратилган тадқиқот олиб борилмоқда.
Мазкур тадқиқот доирасида докторант сўровномада иштирок этишни сўрамоқда, мен ўзимга қизиқ бўлгани Сўровнома Ташаббусли бюджет моҳиятига оид қатор масалаларни ҳам қамраган.
Сўровномани тўлдириш 15–20 дақиқа вақт олади. Иштирокингиз эвазига сиз $4.50 миқдоридаги мукофот ютиб олиш имконини берувчи қуръада қатнашишингиз мумкин.
Агар иштирок этишга розилик билдирсангиз, сўровномани қуйидаги ҳавола орқали бошлашингиз мумкин:
https://illinois.qualtrics.com/jfe/form/SV_7W1RJf0oo4jY6UK
Ускуна, бизнес-режа ва кредит — бир жойда
📗 Агробанк Жиззах ва Сирдарёда тадбиркорлар учун ускуналар марказини очди. Бу ерда ускунани харид қилишдан олдин унинг ишлашини синаб кўриш ва ундан фойдаланишни ўрганиш мумкин.
Масканда қандолат маҳсулотлари тайёрлаш, қадоқлаш ва бошқа йўналишлар учун 2 млн сўмдан бошлаб ускуналар мавжуд. Қимматроқ ускуналар буюртма асосида тўғридан-тўғри Туркия ёки Хитойдан келтирилади.
Мутахассислар тадбиркорнинг режаси, имкониятлари ва мўлжаллаётган ишлаб чиқариш ҳажмини ўрганиб, мос ускуна ва технологик ечимни тавсия қилади.
Бу хизматдан ўз бизнесини бошламоқчи бўлганлар ҳам, мавжуд ишлаб чиқаришини кенгайтирмоқчи бўлганлар ҳам фойдаланиши мумкин.
Молиялаштириш учун «Лойиҳалар фабрикаси» билан биргаликда бизнес-режа ишлаб чиқилади. Шу асосда Агробанк кредити ҳам жойида расмийлаштирилади.
Ускунани етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари ташкил этилади. Фойдаланиш давомида техник хизмат бўйича ҳам кўмак кўрсатилади.
Мақсад — маҳалла ва хонадонлардаги тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали кичик саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари ва барқарор даромад манбаларини яратиш.
Самарқандда бўлиб ўтган «Global Talent Forum» халқаро форумида инсон капиталини ривожлантириш ва таълимга инвестицияларни иқтисодиёт эҳтиёжлари билан боғлаш масалалари муҳокама қилинди.
Форум доирасида сунъий интеллект ва рақамлаштириш таъсирида меҳнат бозорида юз бераётган ўзгаришлар, 2030 йилга бориб касбий кўникмаларнинг 39 фоизи янгиланиши прогнозлари, хорижда эгалланган билим ва тажрибани Ўзбекистонда амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, истеъдодларнинг глобал мобиллиги каби долзарб мавзулар кўтарилди.
Тадбирда «Uzbekistan’s Club» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти стратегик ҳамкор сифатида иштирок этди. Шунингдек, форум Ўзбекистон Миллий банки (бош ҳамкор), МКБАНК, «Халқ банки» ва «Агробанк» каби йирик молия институтлари томонидан қўллаб-қувватланди. Банкларнинг форумдаги иштироки малакали кадрларга бўлган эҳтиёж ва меҳнат бозори талабларига мос мутахассисларни тайёрлаш масалалари билан боғлиқ бўлди.
Форум дастуридан инсон капиталини ривожлантиришда молия институтларининг ролига бағишланган махсус сессия ҳам ўрин олди. Унда молия соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, замонавий меҳнат бозори талаблари ва таълим билан иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, банкларнинг HR-хизматлари вакиллари ҳамда ёш мутахассислар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди. Мулоқот давомида ташкилотларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжи, талаб юқори бўлган касбий кўникмалар ва ёшлар учун мавжуд ишга жойлашиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Бюджетхўрлик чемпионатида қайси клуб ғолиб бўлади, Пахтакорми ё Нефтчи?
"Хусусий" деб келинган (охирги 30 йилда 5- ё 6- марта "кўча бошқаруви" қўлдан-қўлга ўтган) Пахтакор учун пойтахт бюджетидан, эҳтимолки, етим-есирларни, пенсионерларни, таълимни, соғлиқни сақлашни қисиб 5 млрд.сўм ажратилиши жуда кўп шовқин яратди.
Ваҳоланки, бу бузуқ тажриба 2026 йил мавсуми бошланиши билан, клубларга давлат ҳисобидан 35 миллиард сўмдан ажратилиши белгиланганига қарамай, водий вилоятларида бошлаб берилган, кейин жуда авж олган ва ҳозир қарийб барча боқиманда футбол клубларида нормага айланган.
Том маънода, бу йилги чемпионатни (айниқса, давлат компанияларига ҳомийлик тақиқлангач) Бюджетхўрлик чемпионати деб атаса бўлади (Artel Суперлига эмас, Бюджет Суперлига дейиш ўринли).
Футболни соғломлаштиришга, клубларни кўрпага қараб оёқ узатишга олиб келиши мақсад қилинган ўша машҳур фармойиш ва қарордан кейин, футбол клублари паразитлашиши тўхтатиши ўрнига, аҳвол янада бадтарлашган. Кеча давлат компаниялари ёки буюртма-пудрат қироллари бўлган чўнтакларни сўриб келган футбол клублари энди бюджетни сўрмоқда ва каррасига кўпроқ сўрмоқда.
Хўп бу ёмон анъанани ким саноат даражасига кўтарди? Бухороми? Навбаҳорми?
Ёки бу йил чемпион бўлиши "белгиланган" Нефтчими?
Балки, Нефтчига вилоят бюджетидан ажратилган пулларни саноғи ва ўлчови йўқлиги ҳисобга олинса, Нефтчи чемпион бўлишидан ҳайрон бўлмаслик керак. Нефтчига бюджетдан пул совуриш, яъни бюджетхўрлик ҳали чемпионат бошланмасдан ташкил этилган ва ҳалигача тўхтамай давом этмоқда (1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 10...). Бу ҳисобга ёпиқ қарорлар ва саноқсиз ҳомийликка мажбурлашлар кирмайди (алоҳида мавзу).
15 сентябрда эса Фарғона вилояти ҳоким Нефтчини бюджетдан боқишни яшириш бўйича ғаройиб қарор қабул қилган. Клубнинг 98,6%и 1 млрд.сўм ҳисса билан "Фарғона инвест компанияси" АЖ номига ўтказилган (Нефтчи футболкаларида ҳам шу ёзув пайдо бўлганига эътибор қаратгандирсиз?). Бу билан энди гўёки Нефтчининг бюджетдан боқиш схемалари кўздан яширилгандек кўринади (Farg'ona Invest kompaniyasi АЖ харажатларидан кетаверади, гулдур-гуп). Лекин, авваламбор, айтиш керакки, Farg'ona Invest kompaniyasi АЖ инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари учун тузилган, ҳоким чўнтаги эмас. Қолаверса, қанчалик самарасиз бўлмасин, барибир давлат компанияси ва АЖ ҳисобланади ва ҳомийликка тақиқ бу компанияга ҳам тааллуқли. Дарвоқе, Farg'ona Invest kompaniyasi АЖ Нефтчида назоратни қўлга киритгани бўйича муҳим фактни АЖ ўлароқ эълон қилмаган, бошқа молиявий ҳисоботларини очиқламагани сингари (Мегарегулятор радарини қаратиб қолар).
Дарвоқе, нима учун Фарғона вилояти ҳокими бошлаб берган схемани қолган ҳудудларнинг ҳокими-мутлақлари қилмаслиги керак? Нима учун пойтахт ҳокими Пахтакорни Тошкент инвест компаниясига ўтказиб, ҳеч қанақа ахборотни очиқламай бюджетдан боқиши мумкин эмас. Нима учун Андижон, Наманган ё Қашқадарё бу ишни қилмаслиги керак? Ёмон ва бузуқ тажриба тез ва зўр тарқайдику.
Айниқса, қонунлар, қарорлар, фармойишлар ишламай, фалаж бўп турса. Жазо бўлмаса.
Санкциялар остидаги Лихачев айтаётган пудратчилар ким?
Ўзбекистонда қурилиши режаланаётган* АЭС тўғрисидаги маълумотларни Ўзатом ё дирекциядан эмас, яна ўша шимолдагилардан олишда давом этмоқдамиз.
Хусусан, пудратчи ва субпудратчилар масаласида ҳам.
Ўтган ҳафта Ўзбекистонда бўлган Росатом раҳбар Алексей Лихачев (АҚШ, Британия, Канада ва қатор эркин давлатлар санкциялари остида) лойиҳада маҳаллий пудратчилар, жумладан белгиланган субпудратчи фаол иштирок этаётганини таъкидлаган.
Хўп, ким ўша пудратчилар? Белгиланган (!) субпудратчилар ким? Улар қандай танланган? Тендерлар ё очиқ конкурслар бўлганми?
Ўзатом ёки қурилиш дирекцияси нимадир дейдими?
Ё ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп қабилида, пудрат ва субпудратлар яна қайсики лойиҳага қўли тегса, якунда "тандир" бўлиб чиқадиган дордан қочган инвесторнинг қўлига топширилганми?
*Ўзбекистонда АЭС қурилмаслиги керак.
Йирик авиакомпаниялар ишлатаётган тўлов технологияси энди сизнинг бизнесингизга ҳам тақдим этилмоқда
Йирик ўзбек авиакомпаниялари сайтларида тўловларни Apple Pay ва Google Pay орқали қабул қилиш анча аввал йўлга қўйилган эди. Бу имконият Ўзбекистон интернет-эквайринг бозори етакчиларидан бири — Octobank орқали амалга ошган.
Octobank — 15 мингдан ортиқ компания фойдаланадиган, ойига 15 млн транзакцияни қайта ишлайдиган ва Visa томонидан «Энг яхши эквайер» деб топилган банк. Энди ушбу технология барча тадбиркорларга таклиф қилинмоқда.
Бу бизнесга нима беради?
• Харидор карта маълумотларини ёзиб ўтирмайди, тўловни смартфонида биргина ҳаракат билан тасдиқлайди.
• Мавжуд тўлов шлюзи интеграциясини ўзгартириш шарт эмас.
• Харид жараёни соддалашиши ҳисобига муваффақиятли якунланган тўловлар сони ошиши мумкин.
Бизнесингизга Apple Pay ва Google Pay’ни улаш шартлари билан Octobank сайтида танишинг.
Реклама
Аҳоли омонатларининг ўсиши секинлашган
Сентябрда банклардаги жами 501,0 трлн.сўмдан ошган (+13,4 трлн.сўм). Буда корпоратив депозитлар 11,7 трлн.сўмга кўпайган бўлса, аҳоли омонатлари қолдиғи камтарона 1,7 трлн.сўмга ошган холос.
Ой давомида депозитларнинг энг кўп ўсишини Ипак йўли банк (+4,5 трлн.сўм), Трастбанк (+3,3 трлн.сўм) ва Капиталбанк (+2,7 трлн.сўм) таъминлай олган.
Аҳоли омонатлари бўйича эса Даврбанк (+1,1 трлн.сўм), Капиталбанк (+905 млрд.сўм) ва Агробанк (+786 млрд.сўм) етакчилик қилган. Айтиш керакки, сентябрда 15та банкда аҳоли омонатлари қолдиғида камайиш юз берган. Бу эҳтимол мавсумий бўлиб, банклардан ечилган омонатлар, айтайлик, сентябрда қизийдиган уй-жой бозорига йўналтирилган бўлиши мумкин.
Турдимовнинг хабари бўлмаса керак
Балки талабаларга нисбатан бошланган бу телба-тескари ишлардан (1, 2, 3, 4…) таълимда қаттиқ вертикал ўрнатаётган супервазиримизнинг хабарлари йўқдир. Балки “Хавфсиз талаба” аталмиш иловани ясаш ва мажбурлаб ўрнатириш аввалги маъмуриятдан қолган ёмон меросдир, балки университетлар раҳбариятининг ўзлари шерикчиликдадир?
Нима бўлганда, супервазиримизнинг университетларимизда бўлаётган бундай номаъқул ишларга муносабати жуда муҳим (раҳбардан ранг олишади).
Умуман олганда эса, турли вазирлик ва идораларнинг шерик ва чўнтаклари билан илова ясаш, маъмурий ресурсларидан фойдаланиб мажбурлаб юклаттириш каби жирканч ва қонунийлиги шубҳа остидаги ишларга чек қўйиш керак. Шу ўринда Антикоррупция агентлиги тақдимномалар тарқатишдан бўшаган вақтда ёқимсиз иси бутун дунёга етаётган “илова ишлари” бўйича ҳеч бўлмаса, ўз муносабатини билдирса бўларди.
Ўзбекистонда ҳақлари чекланган ёки маълум маънода маъмурий қарам бўлган талабами, фермерми, ўқитувчими ё дўхтирми, билиши керакки ва охирги бўлаётган воқеалар кўрсатадики, сизга мажбурлаб тиқиштирилаётган “ҳимояловчи иловалардан” шахсий маълумотларингиз шикастланиши ёки бошқа нохуш оқибатлар эҳтимоли юқори бўлиши мумкин.
Ўз шахсий маълумотларингизни ўзингиз асранг!
🌍Дунё бўйлаб харидлар — энди SQB Mobile билан янада осон!
Чет элда саёҳат қиляпсизми ёки хорижий онлайн дўконда харид қилмоқчимисиз?
Alipay+ орқали миллий валютадаги карталарингиздан хорижий валютада тўловларни амалга оширинг.
SQB Mobile иловасини очинг,
Alipay+ QR-кодини сканерланг ва тўловни тасдиқланг — тез, қулай ва ортиқча ҳаракатларсиз.
📲SQB Mobile’ни ҳозироқ юклаб олинг ёки янгиланг ва чегараларсиз тўлов имкониятидан фойдаланинг!
SQB Mobile — дунё бўйлаб қулай тўловлар бир иловада.
Батафсил: 1180 | sqb.uz
📲 Telegram 👥 Facebook
😎 Instagram 🎞sqbuz?si=wcDSO9gxJaA16vsp">YouTube
Реклама
350 кВт.соат
Ҳукумат қарори билан, 2026 йил 1 ноябрдан иситиш мавсумида газлашмаган ҳамда газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий меъёр 200 кВт.соатдан 350 кВт.соатгача оширилган.
Бу билан боғлиқ амалдаги тарифларга ўзгартиришлар киритилган.
Иситиш даври ўзгармаган.
Пул ўтказмаларида мева-сабзавотлар экспортининг ҳам катта улуши бор
Аввал ҳам кўп бора таъкидлаганимиздек, пул ўтказмаларининг тушумларнинг ҳаммаси ҳам меҳнат мигрантларининг трансфертлари эмас.
Шу маънода, бир кишига тўғри келадиган ўртача ойлик пул ўтказмасининг Фарғонада 1 850 доллар, Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида 400 доллар, Сирдарёда 500 доллар, Жиззах ва Навоийда 600 доллар, Сурхондарё ва Хоразмда 700 доллар эканидан келиб чиқиб (фарқ 3-4,5 баравар) қайсидир ҳудуднинг меҳнат мигрантлари самаралироқ, унумлироқ ва юқори даромали ишларда ишлаяпти, дейиш унча тўғри бўлмайди. Масалан, шу етакчи саналган Фарғона вилоятида пул ўтказмаларининг ҳажмдаги катта қисми аслида мева-сабзавотлар экспорти бўйича тушумлардир (пул ўтказмалари тизимлари орқали юборилган). Шунинг учун ҳам, мева-сабзавотлар экспорти баракали бўлган 2025 йилда Фарғона вилоятида жами даромадларнинг қарийб учдан бирини пул ўтказмалари ташкил этган (бу йил эса мева-сабзавот экспортининг чўғи паст, шунинг учун Фарғона вилоятида пул ўтказмаларининг жами даромадлардаги улуши 24,6%гача тушиб кетган).
Агарда, пул ўтказмалари таркибидаги мокки ва мева-сабзавот экспорти, мулк сотуви, бонус ва дивидендлар, норезидентларнинг ўтказмаларини чегирмасак, ҳар бир меҳнат мигранти (расмийларимиз ҳисобига кўра 1,4 миллион меҳнат мигранти бор) ойига ўртача 1 200 доллардан юбораётган бўлиб чиқади.
Банкнинг ўзи микроқарз бўйича қарзингизни тўлайди. Шунақасиям бўладими?
Қарангки, бўлар экан. Ipoteka bank OTP Group’да шу кунларда “Банк тўлайди!” акцияси ўтказилмоқда. Ҳар ҳафта банк икки мижознинг микроқарз бўйича асосий қарзини ёпади.
Ipoteka Mobile янги иловасида расмийлаштирилган, суммаси 8–50 млн сўм бўлган барча янги микроқарзлар акцияда автоматик қатнашади. Ариза топшириш шарт эмас, асосийси – ўз ҳафтангиз ютуғи ўйналгунга қадар қарзни тўлиқ тўлаб қўймаслик.
Акция жонли эфирда ўтади. Қизиқиб, Ipoteka bank сайтига кириб кўриш мумкин: 14 нафар ғолиб аниқлаб бўлинган, ҳатто олдинги ютуқлар ўйналишини кўриш ҳам мумкин.
Лекин эсда тутинг: банк асосий қарзни сўндиради, фоизларни ўзингиз тўлайсиз. Демак, қарз ҳар қандай ҳолатда ҳам мажбуриятлигича қолади ва уни ўта муҳим иш учун пул керак бўлганда олиш керак. Унутманг, микроқарзлар бўйича қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хавф-хатарларга олиб келиши мумкин. Молияга оқилона ёндашинг.
Батафсил
Реклама
Телекоммуникациялар бозоримизга бўлган муносабатимни яхши биласиз. Мобил алоқа операторларини кўп бор ва доимий танқид қилиб тураман.
Бироқ компанияларнинг айрим лойиҳаларда эътироф этишга арзийдиган ташаббуслари ҳам йўқ эмас.
Келаётган дам олиш кунлари, 7 ва 8 ноябрда Самарқанд яна бир бор барчанинг диққат марказига айланади — шаҳарда анъанавий Samarkand Marathon бўлиб ўтади. Бу аллақачон шунчаки югуриш мусобақаси эмас, балки ҳудуд иқтисодиётига реал оқим ва даромад келтирувчи ивент-туризм ҳамда инклюзив муҳит ривожининг муҳим драйверига айланган. Тадбирда бутун Ўзбекистон ва хориждан минглаб иштирокчилар — профессионаллардан тортиб ҳаваскорларгача қатнашиши кутилмоқда.
Бу йил марафоннинг бош ҳамкори сифатида Mobiuz мобил алоқа оператори иштирок этмоқда. Шу ўринда қизиқарли бир амалий жиҳат юзага чиқади.
Одамларнинг ҳар қандай оммавий тўпланиши алоқа инфратузилмаси учун доимо жиддий синов (стресс-тест) ҳисобланади. Mobiuz ўз зиммасига улкан вазифани — нафақат иштирокчилар учун турли фаолликлар ва сюрпризлар ташкил этиш, балки бутун тадбир давомида барқарор алоқани таъминлаш масъулиятини ҳам олмоқда.
Дарҳақиқат, бу оператор учун бу йирик бизнес мамлакатнинг ижтимоий ва туристик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўз корпоратив масъулиятини қандай амалга ошириши кераклигига яхши намуна ҳамдир.
Дам олиш кунлари Самарқандга йўл олаётган барчага енгил қадам ва масофани яхши натижа билан босиб ўтишни тилайман. Саломатлик — ҳеч қачон қадрсизланмайдиган ягона активдир.
Парадокс: туристлар оқими потираб ошаётган Ўзбекистонда Бухоро ва Самарқанд аэропортларига қатновлар сони қисқарган
Uzbekistan airports маълум қилишича, 2026 йилнинг 9 ойида 12 662 922 нафар йўловчи ташилган. Қайд этилишича бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13% юқори кўрсаткич (1- чоракда ўсиш 19%, ярим йилликда —15,5% эди). Лекин ўтган йилнинг шу даври кўрсаткичлари аввал очиқ эълон қилинмаган, шунинг учун рақамларни текшириш ва солиштириш имконияти йўқ.
Йўловчи ташишнинг Тошкент аэропорти орқали концентрацияси ошиб бормоқда ва 67%дан ошган. Айни пайтда ҳудудлардаги қатор аэропортларда йўловчи ташиш қисқаришда давом этмоқда. Хусусан, ёпиқ қарор билан ишончли бошқарувга берилган Наманган аэропортида йўловчи ташиш қисқариши янада тезлашиб 16%га камайган.
Навоий ва Қарши аэропортлари-ку неча йилдирки, чуқур деградацияда.
Лекин туристик шаҳарлар Бухоро ва кипрликми, гонконгликми ё швейцариялик қўлига топширилган Самарқанд аэропортларига қатновлар ҳам 2%га қисқарган. Бухорога йўловчи ташиш 1%га қисқарган бўлса, Самарқанд бўйича ўсмаган. 9 ойда 10,3 хорижий турист келгани ва туристлар сони 20%дан кўпга ўсди деб мақтанамиз, авиаташувлар аҳволи бу. Бошқача айтганда, хорижий туристлар ҳалиям Тошкент орқали учиб келаяпти ва туристик марказларга Афросиёб орқали ташилмоқда (чипта топиш имконсизлиги сабабларидан бири). Айниқса, 5-7 миллион йўловчи ташиш қувватига эга Самарқанд аэропортининг имкониятларидан умуман фойдаланилаётгани йўқ. На ички қатновларда, на ташқи қатновларда. Энг тўғри йўл — бу аэропортни бўғзигача қарз "инвесторлардан" қайтариб олиш ва самарали ишлатиш бўлиши керак.
Жиддий ижобий картина Урганч, Нукус ва Термиз аэропортлари билан боғлиқ. Ҳар уч аэропортда йўловчилар бўйича ўртачадан юқори динамик ўсиш давом этмоқда (Андижон кўрсаткичлари ўтган йилги паст база ҳисобига, мазкур аэропорт аввал ҳеч қурса, Наманган ва Фарғона аэропортлари кўрсаткичларига чиқиб олиши керак — ишни туалетдан бошласа ҳам бўлади).
Тошкент аэропортининг ёқилғи қуйиш мажмуасига бешта талабгор чиққан
Давактивнинг маълум қилишича, пойтахт аэропортидаги ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун замонавий ёқилғи қуйиш мажмуасини сотиб олишга 5 нафар инвестор қизиқиш билдирган. Инвесторларнинг маълумотлари консультант (Ernst and Young) томонидан аввалдан эълон қилинган мезонлар бўйича таҳлил қилингач, мажбуриятга эга бўлган таклифларнинг қабул қилиш босқичи бошланади.
Етти йил аввал ёпиқ ҳужжат билан Тошкент аэропортини ёқилғи билан таъминлаш ёпиқ фармойиш билан Jizzakh Petroleum'га (тинимсиз ном алмаштирган Saneg'нинг аввалги фамилияси) совға қилинган эди. Ўшанда Жаҳон банки ва қатор халқаро консультантлар тарафидан аэропортларни ёқилғи билан таъминловчиларни танлашда очиқ танлов ва конкурслар ўтказилиши лозимлиги тўғрисидаги маслаҳатларига қулоқ солинмаганди. Натижа нима бўлди? Дордан қочган инвесторлар 6-7 йил давомида каррасига қимматлаштирилган ёқилғи билан ўзбекистонликларни талади.
Яъни аэропортнинг энг ёғли ва соққали нуқтаси — ёқилғи қуйиш мажмуаси бўйича жуда ёмон ва шармандали тарихимиз бор (энергетикадаги қайси йирик актив бўйича ўзи коррупцияга ботмаган тарих бор?).
Қанақа йирик актив ҳақида гап кетаётгани билишингиз учун бу мажмуа Тошкент аэропортининг "заправкаси", йилига қарийб 90 минг авиақатновга хизмат кўрсатади ва бир неча юз минг тонна ёқилғи сотади.
Эндиги уриниш қандай ўтади, якунда яна қанақа натижалар кўрамиз. Инвесторлар рақобатлими ё спарринг партнерларми. Кузатайлик-чи.
Яна бир талабалар ётоқхонаси сотувга қўйилган
Ҳафтанинг кўп ёқимсиз хабарлар фонида, буниси алоҳида ёқимсиз.
Ўзбек чиновникларининг "талабалар ётоқхоналарини сотмаяпмиз" ёки "ётоқхонани сотиш билан умумий ётоқхоналар сони камайиб қолмайди" қабилидаги телба-тескари, иккиюзламачи ва антиижтимоий баёнотларига қарамай, талабалар учун ётоқхоналарнинг критик даражада етишмаётгани ҳолатида талабалар ётоқхоналарини сотиш пайдар-пай давом этмоқда.
Бу сафар Юридик университетнинг Талабалар шаҳарчасидаги 1 гектардан ортиқ майдондаги қарийб 9 минг кв.млик талабалар ётоқхонаси 195,7 млрд.сўм бошланғич нархда аукционга чиқарилган. Газетанинг ёзишича, асос ўлароқ Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 2 июлдаги 361-сонли ёпиқ қарори кўрсатилган (аукцион хабарномасида ПФ-177 кўрсатилган, лекин ПФ-177да мазкур ётоқхона хусусийлаштириладиган активлар қаторида йўқ).
Албатта, ўзбек чиновникларининг важи тайин. Юридик университет янги Тошкентга кўчмоқда, шунинг учун университетга эски Тошкентда ётоқхона керак бўлмайди. Лекин барака топгурлар, қолган юзга яқин университетлар ва элликка яқин техникумларга-чи? Бирон сўзи-ю, баёнотига ишонч йўқ ва тугатилган Олий таълим вазирлигини расмий ҳисобига кўра ҳам ётоқхоналар етишмовчилиги 40%дан ортиқ эди ва камида ҳозирнинг ўзида 115 минг ётоқхона ўрни керак. Шундай экан, кўчаётган Юридик университетнинг мазкур ётоқхонасини бошқа университет ёки техникумга ўтказса бўлармиди?
Бўларди.
Лекин бунга хоҳиш керак. Оғриқ керак. Ўзбек чиновникларида ижтимоий муаммолар ечимига нисбатан хоҳиш ва оғриқ борми? Риторик савол.
Ўзбекнефтегаз анжуманида янграган жавоблар саволларни кўпайтиради холос
Масалан, Ўзбекнефтегаз яна Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилмоқчи. Нега яна? Чунки Ўзбекнефтегаз 2019 йилда Бухоро НҚИЗни модернизация қилиш ва қайта қуриш бўйича уч босқичли лойиҳани бошлаган ва бу лойиҳа 2025 йилда якунланиши керак эди.
Кўз-кўз қилинган лойиҳанинг қиймати 553 млн.доллар (бошқа манбада 600 млн.доллар) этиб кўрсатилган ва хусусан Евро 4, Евро 5 талабларига жавоб берадиган юқори октанли АИ-91, АИ-93, АИ-95 автобензинларини ишлаб чиқариш ҳажмларининг кўпайиши ва 100% Евро 5 стандарти бўйича дизел ёқилғисини ишлаб чиқариш таъминланиши керак эди (ўтган йилда қилинган "ноу-хау" - присадка қўшиш билан 92 лақабли ясаш эмас). Хўш, жаноблар, 2019 йилдаги лойиҳа нима бўлганди? Унга қанча қарз олинганди? Қарзлар қаёққа кетди? Кимдир жавобгар бўлдими? Нима учун аввалги лойиҳа якунига етказилмай, яна янги лойиҳа ясашга ўтилди? Янги ясалган лойиҳанинг қиймати қанча ўзи?
Худди шунақа, Ўзбекнефтегазнинг АЁҚШлари сони йил бошидан 31тадан 152тага ошгани тўғрисидаги ғаройиб маълумот ҳам қўшимча савол туғдирмаслиги мумкинмас. Хўш, қайси заправкалар Ўзбекнефтгаз бағрига қайтарилди? Saneg'никими? Ё совға қилинган UNG Petro заправкаларими? Компания ўз АЁҚШ тармоғини кенгайтираётгани ва нефть маҳсулотлари сотиш ҳажмини ошираётганини айтаётган бўлса, нега ўнлаб заправкалар "хусусийлаштириш" учун сотувга қўйиб юборилган? Хўп, Ўзбекнефтегазнинг 152 заправкаси қайси бренд остида ишлаяпти?
Яна Ўзбекнефтегаз Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини бағрига қайтаришни таклиф этмагани ҳам қизиқ. Нега? Дордан қочган инвесторлар заводни пароканда қилиб, қарзга ва зарарга тиқиб кетгани учунми? Ё яна бошқа сабаблари борми?
4 миллиард долларгача шиширилган GTL заводнинг қарзлари қандай мўъжизавий "камайиб қолгани" ва қайта молиялаштирилаётгани тўғрисидаги жавоблар эса янада ҳайратланарли? Балки сирини очарсизлар? Нега консолидациялашган ҳисоботларда компания умумий мажбуриятлари камайиши кўринмаяпти? GTL қарзларини "камайиб қолишида" Air Products билан ясалган ғалати "инвестиция битимининг" омили қандай? Балки GTL қарзлари она компания ҳисобига ўтказилаётгани учундир ( балки қарзлардан ҳоли қилиниб GTL заводни "хусусийлаштириб" Деҳқонобод калий заводи каби яна қандайдир чўнтакка совға қилиш учун).
Дарвоқе, Ўзбекнефтегаз атрофида канадек тўпланган сохта ўртамчилар ва каррасига қимматлаштирувчи каламуш пудратчилардан қутулиндими? Янгилари пайдо бўлмадими? Шу ҳақда негадир гапирилмапти.
P.S. 2026 йил биринчи ярим йиллиги бўйича ҳисобот аудитор шарҳларини олиб ташлаб берилганига изоҳ бериладими?
Сув ишлаб чиқарувчиларимиз шакар импортини квоталаш билан боғлиқ ёпиқ қарорни муҳокама қилишни эмас, бекор қилишни сўрашлари керак
Ўзбекистон алкоголсиз ичимликлар ва шарбатлар ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси 2027 йил 1 январдан бошлаб оқ шакар импортига йилига 300 минг тонна миқдорида квота жорий этилишига қарши чиқишмоқда.
Сув ишлаб чиқарувчиларимиз ёпиқ қарор билан белгиланган чекловлар хомашё қимматлашишига, маҳсулот таннархи ошишига ва инфляция босими кучайишига олиб келишидан хавотирда. Шунингдек, ҳукумат ўзи чиқарган қарорлар ўртасидаги зиддиятлар (квотадан ортиқ маҳсулотни амалдаги божхона божини тўлаш шарти билан олиб кириш имконияти) ва ЖСТ қоидалари бўйича саволлар (импортга миқдорий чекловлар жорий этиш умумий тарзда тақиқланган) кўндаланг қўйилган.
Умуман олган, ассоциация ёпиқ тарзда қабул қилинган 417- қарорнинг нолегитим, зараркунанда ва тор манфаатлар чўнтаги учун бутун иқтисодиётга зиён етказишини асослаб берган.
Айни пайтда, 417-сонли қарорни эълон қилиш, бизнес, экспертлар ва давлат органлари иштирокида очиқ муҳокама ташкил этиш, чекловлар оқибатларини иқтисодий жиҳатдан баҳолаш ва ҳуқуқий экспертиза ўтказишга чақирилган. Мана шу жойда сувчиларимизга эътироз бор — 417- сонли ёпиқ қарор муҳокама қилиниши эмас, бекор қилиниши керак.
Uzum’дан киберхавфсизлик кадрларини тайёрлашга ҳисса
Uzum 24–25 октябрь кунлари Тошкентда School 21 ва OFFBOX билан ҳамкорликда киберхавфсизлик хакатонини ўтказди.
Иштирокчилар махсус синов муҳитида банк иловалари ва маркетплейслар каби бешта рақамли сервисни ҳимоя қилиш устида ишлаган. Вазифа — заифликларни топиш, ҳужумларни қайтариш ва сервисларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш.
Ғолиблар SY4OR3S, /mnt/unskill ва 404 not found жамоалари мос равишда 30, 20 ва 10 млн сўмдан мукофот олган.
Менимча, Uzum’нинг бундай ташаббуслари ўз фаолияти билан бевосита боғлиқ. Банк хизматлари ва онлайн савдони ривожлантираётган компания учун кучли киберхавфсизлик мутахассислари доим керак.
Газ импортига қарамлик ошгандан ошмоқда, Гонконгда ҳаммаёқ тинч
Газ импортига қарамлик ҳар ойда янги рекордларни урмоқда ва бу қарамлик бир неча мамлакатга эмас, ягона — бўлгандаям энергетикани қурол ўлароқ кўрадиган агрессор мамлакатга нисбатан ошмоқда. Минтақа учун ярим ошкор газ нархларини инобатга олгандаям, октябрга келиб газ импорти жами газ балансининг камида 25%ига етган. Газ қазиб олиш қулашда давом этар экан, қишдан чиқар-чиқмас, қарамлик 30%га етади. Айни шу фонда газ экспорти ҳам тўхтамай давом этаётгани ҳар қандай иқтисодий мантиқни бузиб юборади.
Демак, сентябрда 389,2 млн.долларлик газ импорт бўлган (августда 206,1 млн.доллар эди, ўтган йилги шонли энергетиклар томонидан чизилган маълумотлар билан солиштиришдан маъно қолмаган). Йил бошидан импорт ҳажми 1,6 млрд.доллардан ошган.
Шу билан бирга, ой давомида 35,6 млн.долларлик газ экспорт қилинган. Йил бошидан бери экспорт ҳажми 357,6 млн.долларга етган (бу тахминан 1,5-1,6 млрд.куб, ёки газдан узилган Ўзбекистон иссиқхоналари учун икки йилга етадиган газ дегани).
Шунингдек, ой давомида 27,9 млн.долларлик пропан, 16,6 млн.долларлик бензин ва 9,6 млн.долларлик дизель импорт бўлган (божхона маълумотлари билан бир хил).
Ташқи савдонинг бошқа муҳим ўзгаришлари ҳақида гап кетса, олтин яна экспорт бўлмаган. Экспорт йўналишида Гонконг Ўзбекистоннинг 4- ҳамкорига айланган (ой давомида бирдан Қозоғистон ва Франциядан сакраб ўтилган). Сентябрдаги экспортнинг қарийб 10%и айнан Гонгонгга тўғри келган. Гонконгга нима сотаяпмиз ўзи, деган савол ҳалиям очиқ қолмоқда (балки Афғонистон ва босқинчи шимолдан импорт қилинаётган олтин — статистикаси ёпиб қўйилган, балки газ реэкспорти Гонконгдаги чўнтак компанияларига расмийлаштирилаяптими, аниқ расмий жавоблар йўқ).
Шунингдек, Хитой, БАА, Туркияга ҳам экспорт фаолашган.
Хизматлар экспортида фаол ўсиш давом этмоқда. Сентярдаги хихматлар экспортидан тушган 1 168,6 млн.долларлик тушумнинг 60%дан зиёди ёки 712,4 млн.доллари туризмга тўғри келган.
Ичимликлар ва қандолат маҳсулотлари экспорти юқори даражада ўсмоқда (шақар "маҳаллийлаштирувчи"си фойдасига ўлдириб берилмаса яна ўсган бўларди).
Сентябрда автомобиллар/электромобиллар импорти ўсиши секинлашган.
Умумий импортда Хитой ва Россиянинг улуши биринчи марта 50%дан ошган. Яъни импорт қилаётган товар ва хизматларимизнинг ярмидан кўпи (50,1%) шу икки мамлакат ҳиссасига тўғри келади.
Нефть конлари ўғри олигархлардан қайтариб олингани наф бераяптими?
Эҳтиёткорлик билан айтиш лозимки, учинчи ой кетма-кет Ўзбекистонда нефть қазиб олиш ҳажми ўсмоқда ёки ҳартугул қисқараётгани йўқ (охирги қисқариш майда қайд этилган). Дордан қочган ўғри олигархларга совға қилиб юборилган нефть конлари бўйича лицензиялар бекор қилингани тан олингани фонида бу албатта, яхши тенденция, лекин конлар назорати айни дамда кимнинг илкида, бу саволга рост жавобни кимдан олиш керак? Дарвоқе, 3 йил аввал нефть мустақиллигига эришишни ваъда қилган сохтакорлар яна давлат банкларидан ўзларининг ясама ва шиширилган лойиҳаларини молиялаштириш учун маъмурий босимлар билан янги ва янги кредитларни олишни бошлагани айтилмоқда.
Демак, статистикага қайтсак. Сентябрь ойида нефть қазиб олиш 57,2 минг тоннани ташкил этган (+1,6 минг тонна). Кўмир қазиб олиш 1 млн.тоннага етган (+0,1 минг тонна).
Лекин газ қазиб олишда қулаш давом этмоқда. Сентябрда 2,8 млрд.куб газ қазиб олинган, бу ўтган йилги сентябрдагидан нақ 600 миллион куб кам. Йиллик ўлчовда қулаш 5,3 млрд.кубга етган. Ярим чала маълумотлардан келиб чиқилса, монополист Ўзбекнефтегаздаги тубга қулашдан ҳам кўра, бошқа "хусусий" компаниялардаги қулаш янада тезроқ кечаётганини англаш қийин эмас.
Газ конденсати қазиб олиш 80,9 минг тоннагача пасайган (-7,8 минг тонна).
Бензин ишлаб чиқариш 101,9 минг тоннагача пасайган (+12,5 минг тонна), айни пайтда дизель ишлаб чиқариш 144,7 минг тоннагача ошган (+55,2 минг тонна).
Статқўм яна бир муҳим энергомаҳсулот — пропан/бутан ишлаб чиқариш тўғрисидаги маълумотларни беришни ҳали-ҳануз йўлга қўйгани йўқ. Ваҳоланки, импорт тўғрисида маълумотлар берила бошланган.
Сентябрда 6 630,8 млн.кВт.соат электр энергияси генерация қилинган (+478,2 млн.кВт.соат). Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Энергетика вазирлиги ва Статқўм берган рақамларда қарийб 2,5 млрд.кВт.соатлик фарқ бор. Бунга қанақадир изоҳ берилиши керак (ўтган йиллардаги каби ясалган газ статистикаси каби бўлмаса керак).
P.S. Статқўм изоҳига кўра, фарқ асосий фаолияти электр энергияси ишлаб чиқармайдиган корхоналар ҳисобига юзага келган.
SNS Ratings «Ўзбекинвест»нинг энг юқори «uzAAA» рейтингини тасдиқлади
21 октябрь куни SNS Ratings «Ўзбекинвест» суғурта компаниясининг миллий шкаладаги энг юқори рейтингини «Барқарор» прогнози билан тасдиқлади.
Агентлик юқори капиталлашув, институционал қўллаб-қувватлаш, шаффофлик ва андеррайтинг зарарлилигининг пасайишини асосий ижобий омиллар сифатида кўрсатди.
Компаниянинг сўнгги беш йиллик натижалари бу баҳонинг асосли эканини кўрсатади:
▪️ Соф фойда: 5 млрд → 55 млрд сўм (11 баробар)
▪️ Активлар: 1,1 трлн → 2,5 трлн сўм
▪️ Ялпи мукофотлар: 385 млрд → 1,6 трлн сўм
▪️ Хизматлар экспорти: $15 млн → $65 млн
▪️ Экспортчиларга суғурта қопламаси: $1,8 млрд → $3,3 млрд
Бундан кўринадики, активлар 2,3 баробар ўсгани ҳолда фойда 11 баробар ошган, Активлар рентабеллиги (ROA) тахминан 0,5 фоиздан 2,2 фоизга кўтарилган — компания капиталдан анча самарали фойдаланмоқда.
Ҳамкор мамлакатлар сони икки баробар (65 тадан 135 тага) кўпайган бўлса, хизматлар экспорти 4,3 баробар ошган — компания нафақат янги бозорларга кирган, балки мавжудларида ҳам ҳажмни оширган.
Июль ойида Moody's ҳам компания рейтингини Ba1 га кўтарган эди — бу Ўзбекистон молия ташкилотлари орасидаги энг юқори рейтинг кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.
Реклама