behzod_fazliddin | Unsorted

Telegram-канал behzod_fazliddin - Behzod Fazliddin

1412

Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot

Subscribe to a channel

Behzod Fazliddin

Мунофиқлик жамиятимизнинг хос белгиси бўлиб қолдими, деб ўйлаб қоласан. Эҳтимол, аввалдан шундайдир...
Мунофиқ жамият. Мунофиқлар жамияти...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Иш юзасидан кўпинча одамлар назаридаги нуфузли бир олий ўқув юрти биноси ёнидан ўтаман. Аксарият ҳолда, танаффусга тўғри келадими, йўлакни талабалар тўлдириб туришади. Атай кузатмасам-да, хатти-ҳаракатлари дарров кўзга ташланади: кимлар ҳазил-ҳузул қилган, қийқириб кулишган, бирови бошқасини сўккан…
Эътибор бермасликка уринаман. Ёшлик шўхликлари-да.

Йўл бўйи уларнинг гаплари қулоққа чалинади:
“Қаерда овқатланамиз?”
“Машинангни олиб келдингми?”
“Кечқурун қаёққа борасан?”
“Кейинги дарсга кирмайман, уйга бориб ухлайман”…

Деярли ҳар сафар шунақа гаплар. Неча йилки, бу шўринг қурмағурлар “У ёққа борамиз, бу ёққа борамиз”ни қўймайди. Неча йилки, шунақа такасалтанглар ҳаётини эслатадиган манзарага дуч келаман. Бу туришда улар қачон ўқишга вақт топаркин?

Дарвоқе, ўқиш ҳақида ҳам эслаб қолишади. Сессия арафасида мана бундай сўзлар эшитилади: “Гаплашса бўлармикан?”, “Баҳони кўтариб бермайдими?”, “Бирон нарса сўрадими?”…

Худо кўрсатмасин, эртага бундайлар бирор идорага ишга жойлашса, мансаб курсисини эгалласа борми! Кунимизни кўрсатади-я…

Ҳа, айтганча, улар аллақачон қайсидир курсиларни эгаллаб, халқни қақшатишни бошлаб юборган-ку!..

23.01.2014

P. S. Буларни бир неча йил аввал йўл-йўлакай ижтимоий тармоққа ёзиб қўйган эканман. Фейсбук шуни эслатди яна. Ҳозирги аҳвол эса ундан-да бадтар, хавотирли...

@Behzod_Fazliddin

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дарллар #Бу_ҳам_муҳим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Кўпчилик бир кўриб, ўчириб ташлайдиган, ўқиб-ўқимай отиб юборадиган нимарсаларга тўлиб кетди ҳаммаёқ.

Ҳаётимиз ҳам худди бир мартали арзимас матоҳдай бўлиб қолдими...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
На ҳашам-у, на зар қидирдим,
Мен бир тоза назар қидирдим.

Бу қандайин марди йўқ майдон,
Нафс пойида Ҳақиқат қурбон.

Сўзи бошқа, иши бошқадир,
Ҳамтовоқ, лек оши бошқадир.

Ўзимга ҳам ёқмас шу қўшиқ,
Оҳанглари ғамга қоришиқ.

Ўксиб-ўксиб тинглаётирман,
Кулиб-кулиб инграётирман.

2010 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Қара, бағишлай деб Сенга бирйўла
Бутун Ҳаётимни кўтариб келдим...

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Одамзодга ишон, дейди қалб,
Ҳаёт айтар: Одамлардан қоч!

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ЁШЛИККА ХИТОБ

Шуларми эртанинг хўжайинлари?
Тамизи йўқ, сўзи бетайинлари.

Овози шовқиндан нарига ўтмас,
Борида кучининг қадрига етмас.

Йўлига хатолар дарж этиб борар,
Тарбия илдизи дарз кетиб борар.

Ўлаётган вақтга ичим ачийди,
Эртанги пушмондан юрак чўчийди.

Гап сотиш учун пул тўлаган шоввоз,
Ўпкангни босиб ол, ҳой телефонбоз!

Боқ, бедор оламда нима тўполон?
Не учун борлиқнинг ранги заъфарон?

Орзулар айланиб борар тутунга
Нималар берасан эртанги кунга?

Бутун бошли миллат кўз тутар сенга,
Нега уйғонмайсан, қўрқмайсан нега?

2009

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Йўл_йўлакай #Эски_дафтардан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Сароб салтанатин саодат билиб,
Ёлғон таскинларни ҳаловат билиб,
Охири замондан башорат қилиб,
Умрлар ўтмоқда бир он бўлолмай...

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ТУШУНМОВЧИЛИК

Бўлди, йиғламайман, бўлди, кулмайман,
Юрагингни ортиқ этмайман безор.
Ўзимдан бошқани хафа қилмайман,
Ўзимдан ўзгага бермайман озор.

Кимларнинг кўнглига қараб кун кўрдим,
Ялиниб бормайман Бахтнинг ёнига.
Кулиб бахтсизларга халақит бердим,
Йиғлаб бахтлиларнинг тегдим жонига.

2006 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кайфият #Шеърлавҳа

https://youtu.be/9IgbdxpXRwY

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Bir kuni...
Sig‘mayin dunyoga,
Dil sizga zorlanib yotmaydi.
Men uchib ketarman samoga,
Baribir, qo‘lingiz yetmaydi.

Bir kuni...
Men oyga aylanib,
Ko‘k uzra siz tomon boqarman,
Sizga nur sochmoqqa shaylanib,
Samoda quyoshday balqarman.

Bir kuni...
Bag‘ridan qo‘ymasdan
Yulduzlar o‘padi yuzimdan.
So‘ng baxtga cho‘milib bexosdan
Sevinchlar yog‘ilar ko‘zimdan.

Bir kuni...
Sizga hech yoqmagan
She'rlarim o‘z qadrin topadi.
Qolmaydi havas-la boqmagan,
Dil armon eshigin yopadi.

Bir kuni...
O‘kinchning, alamning
Ipiga boylanib qolarsiz.
Shodligi tatimay olamning,
Baxt so‘rab yonimga kelarsiz.

Bir kuni...

2000-yil 23-iyun

© Behzod Fazliddin

#Kayfiyat #Eski_daftardan

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Чуқур кетмайлик, деймиз. Билмаймизмики, бизнинг бу “чуқур”ларимиз нақадар саёз, қанчалар юзада.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Бир кунмас-бир кун одамзод, барибир, гуноҳлардан тўйиб кетади.

#Йўл_йўлакай  #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Шундай жамиятда яшаётганингдан орланиб, қаттиқ хафа бўлиб кетасан. Сабаблар кўп...

***
Ўзни қийнашдан тўйдим,
Охир ёзмай ҳам қўйдим...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

УЙҒОНИШ

Кўзларимдан оловлар сачрар,
Қафасдаги шердай оғриндим.
Ҳувуллаган одамзор ичра,
Ҳаёт, Сени жуда соғиндим!

Кундалигим бир хил: уй, йўл, иш...
Қаноти йўқ қушга ўхшайман.
Ташвишларнинг ортида ташвиш...
Бу туришда қачон яшайман?!

Қайда эшик очдим ғавғога?
Йўл бошида йўқотдим йўлни.
Оз бўлса ҳам тоза ҳавога
Олиб чиққим келар Кўнгилни.

Ёниб кетгим келади бирдан,
Адо қилди тунга шериклик.
Некбин-некбин нигоҳлар билан
Бугун сенга зорман, Тириклик!..

Юрагимда орзугул унар,
Умид тинмай қилар қўнғироқ.
Борган сари кўзларим тинар –
Борган сари Қуёш яқинроқ...

2008 йил 3 июль

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Мен эмас, хаёл у – сени ўйлаган,
Зор кўзлар – йўлингни пойлаб тўймаган,
Кўнгил у – кўнглингни қўмсаб куйлаган,
Мен эмас.

Қўлларим қўлингга етмоқ истади,
Йўлларим йўлингдан кетмоқ истади,
Ҳар нега қистаса, юрак қистади,
Мен эмас.

Тушларим ойнаи жаҳон бўлдилар,
Васлингга йўл излаб ниҳон бўлдилар,
Ортингда орзулар сарсон бўлдилар,
Мен эмас.

Ҳамма гап кўнгилда – кўнгил олисда,
Гоҳида афтода, гоҳи олифта,
Кўнгилсиз кўнглингга кўнгил ошуфта,
Мен эмас!..

2012 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Тушларингдан_чиқиб_келдим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

КЕЛДИМ

Гуллар ранг алмашиб зерикмадилар,
Дунё товланишдан чарчамади ҳеч.
Ирмоқлар кўксимда бирикмадилар,
Келиб кўзларимдан кишанларни еч.

Бору йўғим билан ўзимга хосман,
Беназир ишқимдан ҳануз кўнглим тўқ.
Қанча юлдуз тўкди пойимга осмон,
Кўз учида бўлсин, қараганим йўқ.

Бошимни эгмоқчи эди ранж-алам,
Мудом борлигингни билиб яшадим.
Сени билмасам ҳам, танимасам ҳам,
Ёдингни машъала қилиб яшадим.

Бахт шундоқ ёнимдан кетди бурилиб,
Ишқ ҳаққи, тилимни тишлаб турибман.
Шунча йилдан бери ўлиб-тирилиб,
Сен учун ўзимни асраб юрибман.

Асло тополмасин қайғу изингни,
Кулавер, ўрнингга мен сиқиламан.
Уйқуларингда ҳам асра ўзингни,
Сенга шамол тегса, мен йиқиламан.

Ой яна бепарво кўчамдан ўтар,
Шошиб Вақтдан олдин қошингга елдим.
Кўзларингни очгин, пардани кўтар,
Қара, тушларингдан чиқиб мен келдим!

2007 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Тушларингдан_чиқиб_келдим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Шунча узоқмиди меҳрингиз шаҳри,
Олис-олислардан босиб келдим йўл.
Шу зиёрат ҳаққи, шу сафар ҳаққи,
Кўнглимнинг қулфига уриб кўринг қўл.

Субҳидам юзида табассум балқиб,
Кўзларни яшнатган бир неъмат эдим.
Неларни ўйлайсиз офтобга боқиб,
Мен ҳам бир шуъладай ғанимат эдим.

Юлдузлар меҳримдан бўлди бир шингил,
Ниятни асрадим яхши ниятга.
Билмам, бу оламда бир соҳиби дил
Мен каби зормикан самимиятга?

Кўнглингизни очинг, кўнглим тўла нур,
Айланай энг ёруғ тилагингизга.
Дунё сўрамайман, сўрамам ҳузур,
Бир оғиз гапим бор юрагингизга.

2009

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Тушларингдан_чиқиб_келдим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Сувдан қуруқ чиқиш учун бошқаларни сувга пишишдан ҳам тоймаймиз.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Янги ўзбек шеъриятида умр юлдузи эрта сўнган шоирлар бор: Тилак Жўра, Шавкат Раҳмон, Назар Шукур, Чори Аваз, Асқар Маҳкам, Равшан Файз, Аъзам Ўктам... Баъзилари ҳатто қирқни қораламай фоний дунёни тарк этган.

Улар ўзбек шеъриятига ўзгача оҳанг, покиза руҳ билан кириб келган эдилар. Таассуфки, аксарияти ижоди ёрқинроқ очилмай оламдан ўтиб кетди. Агар шундай шоирлар ҳаёт бўлганида, шеъриятимизда каттароқ ижобий ўзгаришлар кузатилар, маддоҳлик, уятсизлик, субутсизлик бу қадар авж олмасми эди...

Ким билсин, эҳтимол, Сўзнинг бугунги аҳволини кўриб улар янада қаттиқ азоб чекар, барибир, юраклари ёрилиб ўлиб кетармиди...

@Behzod_Fazliddin

#Ижод_ва_эътиқод #Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Холислик ҳам илмданмикан, деб ўйлаб қоласан баъзан. Яъники, инсон қанча илмли бўлса, шунча холис бўлиб бораверади, чоғи.
Шайтон ҳам катта олим эди, дейишга шошмай туринг. У энди мутлақо бошқа масала...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Худога “осилаётган” бугунги “дарвеш шоир”ларнинг ҳолини кўриб не дейишга ҳам ҳайронсан: калимани яхши билмайди-ю, ўзини Машрабга ўхшатмоқчи бўлади...

#Йўл_йўлакай  #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Қийналаётган одамга ёрдам беринг. Ҳатто ўзи сўрамаса ҳам.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Иш юзасидан телефонда уч-тўртта давлат идораси ходими билан гаплашдим. Қизиқ, гаплари, сўзлашув оҳанги, ҳатто овози ҳам деярли бир хил-ей ҳаммасининг. Гўё битта одам билан бир неча бор гаплашгандекман.

Бу шунчаки тасодифмикан ё тизим шунақа қолипга солиб қўярмикан уларни?..

Ҳа, айтганча, мурожаат бўйича бирортасидан тайинли жавоб ололмадим.

#Йўл_йўлакай #Кундаликдан_қайдлар #Бу_ҳам_муҳим

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ўз хато-камчиликларимчалик хафа қилолмайди ҳеч ким мени...

***
“Хилват дар анжуман” – бугун ҳам энг яхши чоралардан.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Гуруҳбозлик – кучсизлар иши. Зўр бўлсанг, ўзинг ёриб чиқ!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Нега қўрқай – қўрқинч бермас қулларинг бор,
Зулматларда башарсиймо нурларинг бор,
Йўл йўқотсам, йўлга бошлар йўлларинг бор –
Нега қўрқай?

Ғурбатларда юрганимда номинг айтсам,
Ҳар балони кўрганимда номинг айтсам,
Қил устида турганимда номинг айтсам –
Нега қўрқай?

Узун, яна, маҳзун бўлди қалб сафари,
Муножотга тўлиб кетди ишқ дафтари,
Ҳақ деганлар – икки дунё музаффари,
Нега қўрқай?

Кўксим ичра гоҳ офтоб, гоҳ юлдуз тунар,
Кўзим ёнар, сўзим ёнар, умрим ёнар...
Сендан қўрқиб турибман-ку, энди яна
Нега қўрқай?!

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Шеърдан ғоя қидириш, ҳатто буни шарт қилиб қўйишни тушунса бўлар, бироқ нафис сўз санъатини ҳукмрон мафкура югурдагига айлантиришга уриниш, кўрсатма бериш, мажбур қилишни ҳеч қандай сабаб-баҳона билан оқлаб бўлмаса керак.

Ҳатто устод адиблар замона зайли билан “Шеър ёзиш – сиёсий масала” дея қатъий фикр билдирган эса-да, чинакам поэзия ҳеч қачон ҳокимиятнинг мафкуравий дастури, сиёсий баённомаси бўлмайди.

Яқин ўтмишимиздаги шоирлар авлоди яратган ижод намуналарининг аксарияти бугун ўз умрини ўтаб бўлгани ҳақиқат. Ўша йиллари адабиёт сиёсий майдон марказига интилди (ҳатто бунга мажбур этилди) ва, алалоқибат, мағзи пуч, сунъий кўтаринкилик, шалдироқ сўзларга бурканган “бадиий асар”лар урчиб кетди.

“Қип-қизил шуъла қўйнида” унган авлоддан бундан ортиғини кутиб ҳам бўлмас эди...

Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Ўзбек_адабиёти #Ижод_ва_эътиқод

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ғалати одамлар бор: аслида хизмат вазифаси, бурчини бажараётган бўлади-ю, ўзини бошқаларга ҳиммат-марҳамат кўрсатаётгандек тутади.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

СЕН ҚАНДАЙ ОДАМСАН?

Сен қандай акасан, сарсон-саргардон юрган иниларинг билан темир-терсакчалик ишинг йўқ, ҳамон янги олган машинангга маҳлиёсан.

Сен қандай укасан, нуқул яқинларинг йўлига тўғаноқ бўласан, ҳаётни майда қаричларинг билан ўлчайсан.

Сен қандай опа бўлдинг, ука-сингилларинг юзини ерга қаратасан.

Сен қандай сингилсанки, “Нима опкелдийз?”дан бошқа гапни билмайсан, бир пиёла чой қуйиб узатиш хаёлингга ҳам келмайди.

“Сен қандай отасан?”, “Сен қандай онасан?” дейишга эса тил бормайди. Нима қилса ҳам, у – Ота, не деса ҳам, у – Она.

Яна барчасини ичингга ютишга маҳкумсан. Сен қандай одамсан ўзи?!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар #Бу_ҳам_муҳим

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Воажаб, одамлар умуман китоб ўқимаслиги, ҳайвондай кун кечираётганини ошкора мақтаняпти...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…
Subscribe to a channel