Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot
Ҳали маъюс боғлар қолади биздан,
Мен дарахт бўлсам ҳам учаман, Қушчам!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Инсон онгли тарзда, ўз ихтиёри билан ҳам жамиятга бегона бўлиши мумкин.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ўз исмини ҳам тўғри ёза олмайдиганлар тўрга ўтқазиладиган ажаб замонлар бўлди...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Бошга тушганини кўз кўрди яна,
Ҳаёт оз меҳрини соз кўрди яна,
Шўр эди пешонам, туз кўрди яна –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.
Кутдим, куттирганга билдирмай кутдим,
Бардошни ёнимдан жилдирмай кутдим,
Бошқасин хаёлга келтирмай кутдим –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.
Аёвсиз ёқамдан тутади бир дард,
Ичимдан ичимга ўтади бир дард,
Жонимда гуркираб ётади бир дард –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.
Дил уйи лаҳзада ёришар-кетар,
Унга борган қувонч мендан ҳам ўтар,
Севаман – яшашга шу асос етар –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.
2011
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Шоирмас сўзни минг кўйга солганлар,
Сўзни деб минг кўйга тушганлар шоир...
Аъзам Ўктам
***
Тирикмасман, ўлганга ҳам ўхшамайман,
Нажот сўраб келганга ҳам ўхшамайман.
Юрагимни ажин босди – қариб кетдим,
Йигирмага тўлганга ҳам ўхшамайман.
Ўзим учун қўйган бари шартим оғир,
Тушган жойин ўйиб ўтар – гардим оғир.
Мен эртага қайта тура оламанми,
Жон олмаса кетмайдиган Дардим оғир.
Нурларимни тунлар учун зарба қилдим,
Кўнглим уйин кимлар учун Каъба қилдим.
Суякларим зирқиради – лаззатланиб
Тавба қилдим, тавба қилдим, тавба қилдим.
Яна чўллаб ётганимни билармикан,
Дарёларим кўкдан қайтиб келармикан?
Шеърларимни элчи қилсам, даргоҳида
Энг одил Шоҳ мени қабул қилармикан?
Тирикмасман, ўлганга ҳам ўхшамайман...
2005 йил 5 апрель
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
***
Йўлимдан айирди йўлсизлик йўли,
Сен ахир – энг порлоқ йўлга йўлловчи.
Мен – тонгнинг қуёшга талпинган қўли,
Хуржуни ўзидан катта йўловчи.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Қош қорайди, ўйчан қисқарди кунлар,
Тағин не ташвишда кўнгли юпунлар?
Ҳали кул остида мудрар учқунлар,
Кутинг...
Бирдай ўтди ойнинг икки ўн беши,
Кечанинг бугунга ўтмади тиши,
Азалнинг иши бу, абаднинг иши,
Кутинг...
Севмаса севмасин сиз якто билган,
Келмаса келмасин сизни қон қилган,
Кутган ҳам ҳақ эрур, ҳақдир кутилган,
Кутинг...
Ким кимни ўчирди хотирасидан,
Ким четлашди ишонч доирасидан,
Кимдир боқар кўнгил ойинасидан,
Кутинг...
Бу асрий лаҳзалар сиғмайди сўзга,
Севги бир шарпами – кўринмас кўзга,
Яхши биласиз-ку, чора йўқ ўзга,
Кутинг...
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
https://www.youtube.com/watch?v=3Ktv3SWAzno
#Кайфият #Шеърлавҳа
ЗАМОН
Кўзларни ўйнатиб тусланар дунё,
Жасадлар ичинда юраклар урён,
Одам-ку азалдан туфроқдан бунёд,
Аслидан орланиб, зарни севарлар.
Жавониб тўлмишдир жабру жафога,
Қайдан қирғин келган меҳру вафога,
Водариғ, кун йўқдир аҳли ҳаёга,
Фосиқни алқарлар, ғарни севарлар.
Гуллар зор – ҳаётга кўзлари тўймай,
Япроқлар хазонми нурга юз бурмай,
Арғумоқлар увол кўпкари кўрмай,
Эйвоҳ, туфук сочган харни севарлар.
Қанот қоқиб борар беруҳ қўшиқлар,
Суймаслар хандондир, гирён ошиқлар,
Қайларда қон йиғлар қалби очиқлар,
Кўнгли кўрни ва ё карни севарлар.
Алҳазар, турланар – одамми ё жин,
Аларнинг илкида дин ҳам бир ўйин,
Қаддингни адил тут, Беҳзод Фазлиддин,
Бу зиндонда фақат зўрни севарлар!..
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Замонадан ортда қолмай деб
Ёлғонкўйлак кийволган ҳамма...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
...Кимнинг кайфи учун бу ўйин –
Мағлублари олдиндан тайин,
Ғолибларга ундан-да қийин,
Сотилмаган майдон сўрайман...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Мен-ку ўз йўлимни топиб оларман,
Фақат сен Онамни асраб тур, Қишлоқ...
#Эски_дафтардан
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Кета қол, даврага сиғмаган одам,
Борсанг-чи, парвозда давом этсанг-чи.
Ҳадемай барига тутилар мотам,
Лойқага қўшилмай ғолиб кетсанг-чи.
Бу ғурбатхонада баломи бордир?
Ҳар қавмнинг ўз шоҳи, ғуломи бордир.
Шусиз ҳам куйингни тинглайди очун,
Тоғларнинг беғараз саломи бордир.
Ҳавойи ўйларни ўйлаб-да юрма,
Кўкармас боғига бўйлаб-да юрма.
Очилиб борадур авж пардалари,
Навосиз наволар сайлаб-да юрма.
Денгизга дарёлар қуяр қудратни,
Тозариб оқурсан мисрама-мисра.
Кўксингдан беҳуда сочма зийнатни –
Қалбингни ардоқла, Дардингни асра.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Икки дунёда ҳам иккиланмасам,
Икки дунёда ҳам битта бўлсайдим...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
https://www.youtube.com/watch?v=9IgbdxpXRwY
#Кайфият #Шеърлавҳа
Қандай сўзлар билан овутмоқ мумкин
Дардлари ўзидан буюк миллатни?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
“Шеър сеҳри” телелойиҳаси. 2014 йил
https://www.youtube.com/watch?v=HMm7bbI-h_w
#Кайфият #Шеърлавҳа
«Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 15-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахслар, ўз миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ниҳоят, «-ов» ва «-вич»дан расман қутулдим.
Дарвоқе, исм-фамилиянинг имловий хатосиз, тўғри ёзилиши (айниқса, асосий ҳужжатда) мен учун принципиал масала. Аммо лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги «ў» ва «ғ» ҳарфларини ёзишда ҳалигача «техник хато» қабилидаги муаммоли ҳолатлар кўпга ўхшайди...
#Кайфият #Йўл_йўлакай #Бу_ҳам_муҳим #Тил_тақдири
@Behzod_Fazliddin
Ўзингни яхши кўр, одамларни сев,
Беҳуда ўйлардан қизғон умрингни...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Боладай самимий ва беғубор бўл. Боладай иштони ҳўл эмас...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Жонга тегдинг жуда, эй ялтироқ мафкура!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Мопассанга майли-да десанг, Чеховни ҳам инглиз тилидан (?!) таржима қилиб, нашр этишяпти. Шунинг ўзи ҳам савод-даражамизни кўрсатиб турибди...
#Йўл_йўлакай #Эски_дардлар #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Ёш қаламкашлар интернетда бир-бирини алқаяпти: “Адабиёт учун катта иш қилдингиз. Адабиётимиз сиздан рози”.
Ҳазил ё киноями, десанг, йўқ, жиддий айтяпти. Ёпирай, булар адабиёт деганда нимани тушунади ўзи?..
#Йўл_йўлакай #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Ёлғиз яшашдан ҳам ёлғиз курашиш оғир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Бозордай серғалва, масжиддай хотиржам жой топмадим. Бозорда хотиржам юрганларни, масжидда ҳам беҳаловат одамларни-да кўп кўрдим...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Яхши ё ёмон, тўғри ё нотўғридир, бугунги жамият, шахс, маънавият, маданият, ижод, эътиқод... борасида бир дунё гапим, безовта фикрларим, таҳрирсиз хаёлларим бор. Ҳаммасини бир-бир айтиш ё ёзишга имкон йўқ-ку, лекин баъзиларини кўпчиликка ҳавола қилиб, уларнинг муносабати, бу ҳақдаги фикрларини билишга уриняпман.
Яна шундай мулоҳазалар ҳам бўладики, бошқалар қандай муносабат билдиришидан қатъи назар, ўша фикрларни айтиб олишнинг ўзи муҳим кўринади. Мавриди келганда, баъзан йўл-йўлакай уларни ижтимоий тармоқларга ҳам жойлаб боряпман.
Бироқ яна кў-ў-ўп гаплар ичимда қоляпти. Эҳтимол, шундай бўлгани ҳам маъқулдир...
Мухтасар гап шу: зарур деб билган фикрларингизни бошқалар билан баҳам кўриб туринг, сал енгил тортасиз. Худо ёрлақаб, холис кишиларнинг пок назаридан ўтиб олса, яхши ўзгаришлар бўлиши мумкин.
@Behzod_Fazliddin
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Сизга_гапим_бор
Ҳар гал эслаганимда бир сергак тортаман:
“Вақт қилич кабидир. Сен уни кесмасанг, у сени кесади” (Ҳазрат Али).
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Бир муддатга китобингни ёп,
Мавҳумотдан нигоҳингни уз.
Табиатнинг ўзи зўр китоб,
Бугун унинг қаҳрамони – Куз.
Қара, асар топилмас бундай,
Тебранади боғлар – руҳафзо.
Неларнидир эсга олгандай,
Энтикади заъфарон дунё.
Тура турсин эски кўзойнак,
Боққин очиқ кўз билан бундоқ.
Деразангга барг отган кузак
Мунча маъюс, мунчалар қувноқ.
Ўйлатмасин ортиқ тартиби,
Шундоғича олам мукаммал.
Қўя тургин ҳаво таркибин,
Тўйиб-тўйиб нафас ол аввал.
Қушлар келиб, қушлар қайтмоқда,
Билганича чалиб сурнайлар.
Кимлар учун видо айтмоқда
Тирикликка ташна тўрғайлар.
Ҳаёт шудир – қанча тежамай,
Вақти-бевақт тўкилган хазон.
Бор бўйича, бўяб-бежамай,
Тасвирлайди мусаввир Мезон...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
P. S. 2008 йил куз сурати.
#Кайфият #Лаҳзалар
Нотўғри: “Сизга хизмат қилишдан мамнунмиз”.
Тўғри: “Биз учун пулингизни совураётганингиздан мамнунмиз”.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Вақтинг ошиб-тошиб ётган бўлса, хоҳлаганингча сарф эт. Фақат унутма: кейин бор-будингни берсанг ҳам фурсатни қайтара олмайсан. Ўшанда ҳам ер юзи Вақт сўраб ялиниб-ёлвораётган ношуд исрофгарларга тўлиб ётган бўлади.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
“Бехос фикр туғилса, ёзиб қўйинглар. Оний фикр – илоҳий фикр”, дея уқтираркан академик Матёқуб Қўшжонов шогирдларига.
***
Вақтида айтилмаган сўзнинг ҳам уволи бор.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
БАХТ БИЛАН ТАНИШУВ
Қаерларда адашдинг, Дийдор?
Бир чеҳрани ёмон соғиндим.
Кел, ёнимда гуллагин, дилдор,
Сенсиз баҳорлардан оғриндим.
Томчилари тоғлардан оғир,
Юрагимни айламиш нишон,
Кўзюртингда тинмайди ёмғир,
Қуёш менинг қўлимда, ишон.
Исмимни айт, тонглар уйғонсин,
Мени эсла – кулсин ҳаётинг.
Хотиралар кўнглингни олсин,
Асраб келар умримни ёдинг.
Тўйгунича ёғиб олсин, деб
Тан бериш йўқ қору дўлларга.
Тунлари ҳам ёруғ бўлсин, деб
Юлдуз ёқиб қўйдим йўлларга…
Улуғ ишга боғлаганман бел,
Йўлга чиқдим азиз аҳд билан.
Кўзим нури, сен ҳам тезроқ кел,
Таништириб қўяй Бахт билан…
2007 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим