Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot
Ўзимдан буюкроқ Қалбим бор десам,
Ўша ҳам бировнинг мулкига ўхшар...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Маърифатпарвар бойлар кўпайиши керак.
***
Агар одамлар жон ҳар лаҳзада айрилиб қолиш хавфи бор омонат эканини англаб етганида, аллақачон бир-бирларини кечириб юборган бўлармиди...
***
Яхшиликни кўзлаб аччиқроқ гапираётган одамнинг оғзига урманг! Ширинсўз ёлғончилардан эса узоқроқ юринг.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ўзига ишончни кибр, ишончсизликни андиша деб ўйламанг.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Зўр бўлсанг, тилингни ўзлари ўрганиб олишади.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Шовқинчи дунёга малолсан, дўстим,
Бундай жамиятга уволсан, дўстим...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ўзини ўзи жадидларга менгзайдиганлар кўпайибди. Миллат учун бошни дорга тутишни-ку гапирмай қўяверайлик, ҳеч қурса, ижод майдонида жиндай бўлса ҳам жадидлардек жасорат кўрсата олдикми ўзи?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
Катта охурлардан ем еб юрган отларга ҳам осон тутманг, бир кунмас-бир кун уларнинг ҳам бўғзига бехос пичоқ тортилиши бор...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ҳаммасига чирт юмиб кўзни,
Шартта учиш керак – вассалом!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Кетинг, эй, даф бўлинг, золим хаёллар,
Кўнглимга тошлардай оғир ботдингиз.
Малоллар келдингиз жонга, малоллар,
Билмам, қачон бунда илдиз отдингиз.
Умримнинг эгови бўлдингиз кўп бор,
Кетинг! Ортингиздан раҳматлар йўллай.
Қанча шаҳло кўзлар йўлимда хумор,
Мен ҳам бир уларга интизор бўлай.
Андак ором олсин саргашта руҳим,
Ҳали манзил узоқ, ҳали кураш кўп.
Ҳозирча ҳасратга ўхшайди оҳим,
Ҳозирча юракда алаҳсираш кўп...
Кейин дўқ ураман, қўймайди чўчиб,
Уларга бас келиш – амри маҳоллар.
Оёғимдан тортиб, бўйнимдан қучиб,
Авраб олаверар маккор хаёллар.
2011
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Қилт этиб узилган битта япроқ ҳам
Нақ қалбимга тегиб ўтади…
© Асқад Мухтор
@Behzod_Fazliddin
КЎЗИНГИЗНИ БЕРИБ ТУРИНГ
Ёлғизгинам, фариштага тенгликкинам,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай.
Иккимизнинг дардимиз бир, мунгликкинам,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Мен бошимни урмаган бир тош қолмади,
Ростин айтсам, юрагимда дош қолмади,
Қуриб қолган кўзларимда ёш қолмади,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Узун-узун армонларим чиқиб кетсин,
Зардобларим кўзёш бўлиб оқиб кетсин,
Қалбимга бир қизғалдоқлар боқиб кетсин,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Мен шабнамман, ғуборларга қўнолмайман,
Ё гул бўлиб тош юракда унолмайман,
Кўнолмайман, бу дардларга кўнолмайман,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Қузғунларнинг қилиғидан зорим келди,
Тоғ қалбимга нафрат деган сорим келди,
Ўзим бўлиб йиғлолмайман, орим келди,
Келинг, Сизнинг кўзингизда йиғлаб олай,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай...
2001 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан #Тушларингдан_чиқиб_келдим
***
Кутганинг сенга ҳам интизор бўлса,
Сен уни севгандек севолмаса ҳам –
Севса, туйғулари беғубор бўлса,
Аросат даштида чекмасанг алам.
Тизилмаса, майли, йўлингда ҳурлар,
Фақат бир нурчеҳра кутса нигорон.
Бағишламаса ҳам шаънингга шеърлар,
Энг тоза сўзларин айласа эҳсон...
Аммо бу ҳаётдир – синов бозори,
Ҳаммаси тескари, барчаси ғалат.
Сен суйган маҳлиқо бошқанинг зори,
Парво қилмаганинг сенга битар хат.
Бу аҳли дунёни тушунай қандай,
Мудом насияга алишгай нақдни.
Кўнгил кўнгил билан ўчакишгандай,
Бахтдан тўйганларга илинар Бахтни...
2012
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Қачонгача ҳамма ишни суллоҳ бозорчилар ҳал қилишига қараб ўтираверамиз?..
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Танлаш ҳуқуқи ҳам танлаб берилади-ку бизда...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
“Шеър ёзмаган куним йўқ...” дейди бир шоир.
Менинг эса шеър ёзмаган, ёзолмаган кунларим кўп, жуда кўп.
Аммо шеър ҳақида, дунёга татигулик гўзал ва ёруғ шеърлар ёзиш ҳақида ўйламаган куним йўқ.
Буниси ҳам рост.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
Ғажишга шай турган бўриларни ҳам
Чақиргим келади биродарликка...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Осмон мени қўйиб юборса,
Ёмғир бўлиб сизга қайтаман...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
***
Ёлғон, ёлғон, ёлғон ҳаммаси,
Фақат иймон, фақат иймон ҳақ.
Ҳар манзилда фано ҳамласи,
Аро йўлда жонинг муаллақ.
Қўллар қисқа, орзулар майиб,
Қонга тўймас армон ханжари.
Нечун олам борар торайиб
Ўсган сари, улғайган сари?
Парво қилма, фарёд айлама.
Кунларингни нурга қондиргин.
Чуқур кетма, ортиқ ўйлама,
Фақат ёнгин, фақат ёндиргин.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
ИЗОҲ
Ўзимни яширдим – ўзимдан қочдим,
Ҳечликнинг бағрида яйрай деб бир оз.
Аммо, нелар қилай, нафас олсам ҳам –
Чиқиб келаверди “Мен” деган овоз.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Ислом инсонни чекламайди, тартибга солади.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ё учиб кетмайди, ё ерга тушмас,
Яшаб бўлмайди-да бу юрак билан!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Қобирғаси синган хазонлар оҳи
Оҳангдор ҳасратдек туюлмас кимга?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Одамларга табиатан ожиз томонлари, турмушидаги камчиликларини эслатавериш билан Яратганга ношукрлик қилишларига сабабчи бўлиб қолиш мумкин.
Шу боис уларга имкон қадар шахсиятидаги яхши жиҳатлар, ҳаётнинг ёруғ томонларини кўрсатинг, шу орқали Худонинг ҳикматини ҳис қилиб, шокир бандалардан бўлишига ёрдам беринг.
***
Ёнимиздагиларга табассум билан боқишимизнинг ўзи ҳам эҳсон бўлгандан кейин меҳрибон ва раҳмли Раббимиз бизни қанчалар бой қилиб қўйганини тасаввур этаверинг.
***
Англайдиган, фикр юритадиган одам учун хатолар ҳам буюк мураббийдир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Сиз ўз нафсингиз – майда манфаатларингизга мослаб олган “дин”ни эмас, соф ва гўзал Исломни истайди кўнгил...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Кўп ўйлайсан: ўзингни қийнаб, ҳол-жонингга қўймай соатлаб сўз саралайсан, муттасил ўй-хаёлларга кўмилиб юрасан.
Ахир қанча-қанча китоблар, “долзарб” мавзудаги диссертациялар чангга ботиб ётибди! Саҳифа-саҳифа ёлғонлар, жилд-жилд “жўқийнома”лар ким учун муҳим, кимга керак ахир!..
Ёзув-чизув, қоғозу китобдан толиққан, анча зериккан бўлсанг-да, шу олам яна ва яна ўзига тортаверади. Ўқиб-изланмаган, нимадир қораламаган кунинг “ўтмади”лар қаторига кириб қоладигандек.
Фойдасиз амал, нафи йўқ илмдан Ўзи паноҳ берсин.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар #Кундаликдан_қайдлар
@Behzod_Fazliddin
Ўз уйида айниб бораётган ҳавони ўзгартира олмаган одам жамият об-ҳавосини қандай янгиласин?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Агар либос очарчилик ва бахтсизликка сабаб бўлса, у ўз чиройини йўқотади, дейди Маҳатма Ганди.
Бу ҳақиқатни англаш учун Ганди даражасида фикрлаш шарт бўлмаса керак.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
ЙЎҚЛОВ
Сабоғи тугамас мактабдир Ҳаёт,
Баъзида танаффус – ўйнаб-кулгани.
Кеча парталарда Дийдор эди шод...
Ҳамма тарқаб кетди Одам бўлгани.
Бир куни йўқ эдик, бирда бор эдик,
Тинмади Орзунинг хархашалари.
Жаннатда юргандай бахтиёр эдик
Бир ота-онанинг зумрашалари...
Қанча ёруғ бўлди умр – дарсхонам,
Билган-билмаганим шундан ҳам маълум.
Муаллим – Руҳимни уйғотган Онам,
Фарзанд ажратмаган Отам – Муаллим.
Сўз бўлиб тилидан савоблар учган,
Икки олам аро қисмати – эъзоз.
Ким бўлиб борсам ҳам бағрини очган –
Келдим. Ассалому алайкум, Устоз!
2008 йил, сентябрь
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
P. S. 2004 йил сурати. Республика талабалар олимпиадаси.
#Кайфият #Лаҳзалар
***
Менга зарурмиди шунақа яшаш,
Қоғозга тўкилиб бормоқда умрим.
Орзулар олдинда, аммо кўнгил ғаш,
Кўзларим, сўзларим ёнаётир жим.
Чопаман ненидир излаган бўлиб,
Топмоқчи бўламан недандир таскин.
Шунчалар узунми йўлсизлик йўли,
Шунчалар ҳақирми одамзод – мискин?
Эйвоҳ, тубанликнинг йўриғи кўпдир,
Бир онда минг имкон майдалашгани.
Аялган кўзларнинг жазоси чўпдир,
Мудом дилни тирнар завол наштари…
Менга зарур эди шунақа яшаш,
Илло, зое кетмас ёниқ сўзларим.
Дардларим давримнинг дардига туташ,
Умримни шамолга сотмас кўзларим.
2011
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Носамимий, барибир, носамимий: “Самимият ила...”
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin