Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot
***
Қош қорайди, ўйчан қисқарди кунлар,
Тағин не ташвишда кўнгли юпунлар?
Ҳали кул остида мудрар учқунлар,
Кутинг...
Бирдай ўтди ойнинг икки ўн беши,
Кечанинг бугунга ўтмади тиши,
Азалнинг иши бу, абаднинг иши,
Кутинг...
Севмаса севмасин сиз якто билган,
Келмаса келмасин сизни қон қилган,
Кутган ҳам ҳақ эрур, ҳақдир кутилган,
Кутинг...
Ким кимни ўчирди хотирасидан,
Ким четлашди ишонч доирасидан,
Кимдир боқар кўнгил ойинасидан,
Кутинг...
Бу асрий лаҳзалар сиғмайди сўзга,
Севги бир шарпами – кўринмас кўзга,
Яхши биласиз-ку, чора йўқ ўзга,
Кутинг...
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
https://www.youtube.com/watch?v=3Ktv3SWAzno
#Кайфият #Шеърлавҳа
***
Бир Ишқ ҳам дунёга етиши мумкин,
Сенсиз ҳаётимда қолармиди ранг.
Уйғонолмай ўтиб кетишим мумкин,
Ўзинг кўзларимга кириб келмасанг.
Яшашга етади қалбимнинг кучи,
Ишон, кипригингга қўнмайди ғубор.
Истасанг, шартлар қўй ёнмоғим учун,
Майли, ўтга юбор, оташга юбор.
Фақат менсиз Бахтнинг қошига борма,
Нимага яралдим Вақтдай елмасам?
Юрагингни берма, борингни берма,
Умрингга қуёшлар олиб келмасам.
Кафтимга юлдузлар қўндириб келай,
Буюк эканимга ишонтир, тегин.
Бориб осмонларни ёндириб келай,
Жоним, яна бир бор “Севмайман!” дегин.
2006 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим #Эски_дафтардан
#Кайфият #Лаҳзалар
Шоирларнинг соғи йўқ, дейишади. Албатта, бундай «касаллик» ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бутун умр сени безовта қилиб турувчи тоза бир дард ўзингни, одамларни даволайди. Шоирларни «ушлаб» турган ҳам ана шу Дард бўлса керак.
Албатта, бундай қисматни кўтариш оғир. Сени тушунмаган, сенга ишонмаган одамзорда ҳаётингни сақлаб қолиш... Бир ёқда тирикчилик юҳоси ютиб юборишга тайёр турибди. Баъзан туйғуларингни сўз қилиб сотиб, кун кўришга тўғри келиб қолиши мумкин. Аммо... ҳар кандай шароитда ҳам чинакам шоирлар ўзини йўқотмаганлар…
Шоир ҳам оддий инсон, ҳам ижодкор сифатида бурчлидир. Ички ва ташқи интизоми кучли бўлган кишилар қатори аввалида шоирлар туришини жуда хоҳлардим…
Беҳзод Фазлиддин
«Шоирликдан юксакроқ мавқе»
2008 йил, “JANNATMAKON” журнали.
P.S. Ушбу эски қайдларни қайта ишламай, борича ҳавола этгим келди.
Батафсил: https://www.facebook.com/behzod.fazliddin/posts/2817180591735899
#Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin
ҚАЙТИШ
Тинч қўймайди саволлар – саркаш,
Кўксимга ўқ отгани-отган.
Бирор чора сўрасам дил ғаш,
Оламлари сукутга ботган.
Йиғлаб борсам, ҳўнграб чиққайлар,
Табибларим ўзимдай хаста.
Бечораҳол, маъюс боққайлар,
Ҳаммасининг кўнгли шикаста.
Кимга айтиб, кимга ёлворсам,
Ўз ғамидан ортолган ким бор?
Этагидан тутай деб борсам,
Муршидимнинг ўзи пирга зор.
Сўраб-сўраб тилим толмади,
Қани бошим тўсар чўгирма?
Мени ҳеч ким қабул қилмади,
Энди Сен ҳам юзинг ўгирма...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
Ҳар куни кўксимда кўпкари,
Олишар чавандоз туйғулар –
Ғирромга ўрганган кўплари.
Уялиб кетаман ўзимдан,
Тағинам гуноҳнинг ҳиди йўқ!..
Нур қочиб боради юзимдан.
Улуғ бир хатони бошладим,
Қаламнинг юргиси келмайди,
Шўрликни... синдириб ташладим...
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
ЎЗИМНИ БЕР
Худойим, ўзимни ўзимга бергин,
Ўзимдан бошқани соғинганим йўқ.
Булут тўлиб қолган кўзимни кўргин,
Яшаш тугул, ҳали туғилганим йўқ.
Ёмғирлар Ҳаётдан бергайми дарак,
Ҳадемай чақмоқ ҳам ўтиб кетади.
Дунёга бир Инсон овози керак,
Қачон юрагимни тўлғоқ тутади?!
2005 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
***
Масжидга ўхшаса эди бу дунё,
Ишонч бирлаштирса одамиятни.
Оқибат дегани бўлмаса рўё,
Ҳеч кас йўқотмаса ор, ҳамиятни...
Ҳамма тарқалмоқда дилга бериб зеб,
Яна оташ олди юракда бир Чўғ.
Меҳримни эҳсондай улашайин деб
Ташқарига чиқсам, пойабзалим йўқ...
2010 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Бу нурсиз ҳашаму дабдаба ичра
Бунча кўз-кўз қилдинг ожизлигингни?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Телевизорга қараб бўлмайди. Радио шанғиллагани‑шанғиллаган. Газета кўнглингни беҳузур қилади. Интернет фитнага тўлиб ётибди. Куну тун шовқин, шовқин, шовқин! Бу ҳам етмагандек, руҳият шовқинот дунёсида сарсон.
Яхшиям, дилга таскин бергувчи тоза хаёллар, гўзал дунёлар бор. Хайриятки, Шеър бор, шеърюраклар бор…
Аммо баъзан шеър, ҳатто Адабиёт ҳам кўнгил олиш, руҳингни кўтаришга ожиздек. Жисму жонингни шундай кайфият банди этадики, на иш, на ижод таскин беради.
Тубанликнинг чек-чегараси борми ўзи? Тавба дейсан-у, гоҳида уйғонгинг, ташқари чиққинг келмайди: яна ўша ҳаётми? Яна ўша буқаламун дунё, юзсиз шовқинхўрларми!..
Йўқ, яна бир буюк куч қайта кўз очиш, тозариш, яшнашни янгитдан бошлашга ундайди.
Минг шукр, минг‑минг тасанно, барчасидан‑да улуғи – Иймон бор. Аввало, шугинани саломат сақлайлик. Ана ундан кейин яшаш ҳақида яхшироқ ўйлаш мумкин. Ёзаверса ҳам бўлади...
2013 йил, сентябрь
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin
https://www.facebook.com/100003319579634/posts/429612393826076/
#Эски_дардлар
МАНА – БИЗ МИЛЛИОНЛАРНИ ҚАНДАЙ АЛДАЙМИЗ!
Телевидениега жиддий бир кўрсатув учун суҳбатга бордим. Очиғи, бир пайтлардаги экранга ишқибозлик, “кўриниб туриш”га ҳавасмандлик бугун анча “босилиб” қолгани боис даставвал кўпам қизиқмадим. Аммо суҳбат ёшлар ва адабиёт масалаларига бағишланганини билгач, бу борадаги айрим мулоҳазаларимни айтиб олиш имкони туғилганидан хурсанд бўлдим. Аммо...
Студияга кирдим-у, бошловчининг икки оғиз гапидан сўнг “ўчиб” қолдим. У шундай пафосда чуғурлар эдики, карахт бўлдим, ўша тилда айтганда, “шокка тушдим”. Бир қарашда сўзларида ҳеч қандай хато йўқ, ўз таъбирича, эга-кесими жойида. Ҳаммаси чиройли, гўё қовушган жумлалар. Бироқ саволлардан тайинли бирор нима илғай олмадим. Ўта умумий ва “қип-қизил”, кимларнингдир оғзидан тушиб қолган гаплар. “Саволларингиз жуда умумий экан”, десам, “У ҳолда, умумийроқ қилиб жавоб бераверинг”, дейди. “Билмадим, бизни ҳатто академиклар ҳам критиковать қилмаганди”, дея қўшиб қўяди яна. Зўрға чидаб ўтирибман. Ўзимни худди терговчи сўроқларига жавоб бераётган айбланувчидай ҳис қилдим.
Буёғи “бугунги адабий жараён ва унда ёшларнинг ўрни”, “ҳозирги адабиётимизнинг ютуқ ва камчиликлари”дан тортиб “атомдан кучли бўлган адабиётнинг глобаллашув даврида таъсир кучи қолмаётгани”, “ёшлар ижодида қаҳрамон ким” экани, “замонавий асарларда миллийлик” (саволлар шу тахлит давом этади) ҳақида деярли қуруқ гаплар... “Бу нимаси, – дейман ичимда ўзимга ўзим. – Экран ҳадисини олгандинг-ку, гапирсанг-чи. Бурро эдинг-ку, сайрамайсанми!..” Йўқ, сўз келмаяпти, гапира олмаяпман. Устига-устак, ҳар қанча уринмай, бошловчи гапларимни “силлиқлаш”га ҳаракат қилади. Ҳар икки-уч жумладан сўнг “Шу гапингизни бошқачароқ айтинг”, дейди. Ортиқ чидаб бўлмади. Охири “қўл кўтардим” – бошқа гапим йўқлигини айтдим. Бу туришда бирон нима чиқмаслигини билган “суҳбатдош”им ҳам кўна қолди. Ниҳоят, суҳбатга якун ясалди. Охири ҳаммасини монтажга қолдирдик. “Хоҳлаганича кесишсин, агар кесадиган жойи бўлса”, дейман ичимда. Ростдан ҳам, кўрсатув “сип-силлиқ” чиққан кўринади. Ўзим озгина томоша қилдим-у, кўрмасликни афзал билдим.
Дийдиё қилаётганга ўхшаб кетган бўлсам, маъзур тутасиз. Бироқ икки-уч кун шу воқеа таъсирида юрдим. Бу ижодкорга хос ўткинчи кайфият эмас. Жуда хафа бўлдим ўзимдан. Ахир шундай бўлишини олдиндан билардим. У ерга шунчаки кўриниб қўйиш ёки кимларгадир ҳисобот бериш учун бормаган бўлсам-да, кўрсатувнинг ўзи шундай эканини тахмин қилгандим. Мана – биз миллионларни қандай алдаймиз. Мана – нега бизни халқ тингламайди (ўқимайди, қизиқмайди). Мен “ақлли” эса бу сафар ҳам ҳаммаси яхши бўлишига умид қилгандим.
Бу битиклардан мақсад кимнидир қоралаш ё ўзни оқлаш эмас. Узр, ҳозирча айтадиган бошқа гапим қолмабди...
2013 йил, ноябрь
P. S. Ўн йиллар аввал ижтимоий тармоқда шуларни ёзиб қўйган эканман. Фейсбук эслатди яна. Ҳозир шунақа нарсаларни ёзгим ҳам келмайди. Шунчаки беҳуда баҳсга айланмасин, дейман. Аммо кимларгадир яхши маънода таъсири бўлар, дея умидланасан одам...
@Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Сизга_гапим_бор
https://www.facebook.com/100003319579634/posts/461953850591930/
Совуқ яшаяпмиз, жуда ҳам совуқ,
Муз каби қотмоқда қалбда гул ҳислар...
***
Умид элчиларин йўллайверар Ҳақ...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Ҳаёт – тушунмаган фалсафам менинг,
Умр – кундаликка ўхшаган дафтар.
Дунё – кипригимда қотиб қолган мунг,
Ажал – руҳ кўкида ёввойи каптар.
Осмон – оламларга сиғмас вужудим,
Қуёш – ёниб турган юрагим менинг.
Иймон – олам аро менинг бор-будим,
Бардош – ерга тегмас курагим менинг.
Шеърим – нафасимнинг тиргаги – ҳаво,
Қалам – оқ қоғозда титраган кўнглим.
Адолат – сувлари қуриган дарё,
Ҳақиқат – юраги қонаган синглим.
Орзу – осмонларга сиғмаган оққуш,
Армон – орзуларнинг синган қаноти,
Бахт – мен кўролмаган гўзал-гўзал туш,
Дард – шоир одамнинг яна бир оти.
Шодлик – тор кулбамнинг эрка меҳмони,
Алам – юрагимни забт этган мезбон.
Поклик – умримнинг гоҳ ожиз томони,
Шуҳрат – томиримда оқолмаган қон.
Ҳижрон – орамизни бузган ёсуман,
Севги – мен рангини англолмаган гул,
Рашк – ишқим кўкини қоплаган туман,
Висол – мен бошини тополмаган йўл.
2000 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Онамнинг_кўнглига_кетамиз китобидан.
Ҳиндистон хотиралари: Тожмаҳал!
“Ҳеч бўлмаса, Тожмаҳални кўриш учун ҳам Ҳиндистонга борса бўлади”, деб юрардим бир пайтлар. Ниҳоят, мана, ўша мўъжиза шундоққина ёнимизда, қўл чўзса етгулик...
Дарвоқе, бу ерларда юрар эканман, ушбу муаззам иморатнинг “муҳаббат қасри” экани хаёлимга ҳам келгани йўқ. Йўлбошловчи(гид)нинг сўзлари эса бу қулоғимдан кириб унисидан чиқиб кетди; айни соҳир онлар ўз оламимда гўзал хаёлларим оғушида сармаст эдим...
Тожмаҳални уч маҳал – эрта тонгда, туш пайти ва кун ботар чоғи уч жойдан томоша қилдик. Муҳташам бино тонгда бошқа, пешин ва намозшом пайти яна ўзгача рангга киради – турфа тусда товланади. Айниқса, ёдгорлик атрофидаги оромижон боғ шоир хаёлларимга хуш ёқди. Оҳ, ўз даврида бу маскан қандай дилоро бўлган эса!..
Лекин хаёлларимдаги Тожмаҳал бошқача эди ва шундай бўлиб қолаверади...
2014 йил, ноябрь
@Behzod_Fazliddin
P.S. Ўз вақтида Ҳиндистон сафари таассуротлари билан интернетда ўртоқлашиб келгандик. Фейсбук ўша кунларни ёдга солди яна...
#Кайфият #Лаҳзалар
***
Беҳуда чиқиллаб толиқди соат,
Лаҳзалар карвони бўлолмади жам.
Қиёфа жангидан чекинди суврат,
Ўзини кутишдан тўймади Одам.
Йиллар оқиб кетди – юзлари сўлғин,
Таъмини йўқотган туйғулар тахир.
Тонгни бедор кутди безовта, дилхун,
Илинжнинг ўлгиси келмайди ахир.
Қадарда борига қилмади зарда,
Сўзласа, сукутдан баланд сўзлади.
Ва лекин энг сўнгги сонияларда
Илиниб қолмаса эди кўзлари...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
НОЯБРЬ
Ёмғир қуя бошлади бирдан,
Савалайди биллур қамчилар.
Панароққа қочгани билан,
Топиб олар йўлни томчилар.
Парво қилмас симёғоч – хумпар,
Бошдан-оёқ ҳўл бўлган жиққа.
Рақсга тушар олтин япроқлар
Шитир-шитир – ёмғирқўшиққа.
Мўлтирайди бекатлар юпун,
Маъюс тортар ёлғиз хиёбон.
Ниманидир эслатиш учун
Гумбурлайди қоп-қора осмон.
Шу баҳона ютмади заҳар –
Ёмғир ювиб кетди барини.
Ғуборлардан зериккан шаҳар
Чайиб олди кўйлакларини.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
#Иқтибос
Қотиб қолган қайғу-андуҳларни, таассуфларни, хавотирликлар, ғашлик ва ғазабни сўзга ишониб топшириш руҳан покланмоқ демакдир. Баъзан эса бу нобуд бўлишдан ёки жинни бўлиб қолишдан сақлаб қоладиган ягона чорадир...
Сўз орзунинг эгиз оғасидир, у сизга шундай бир сирли эшикни очиб берадики, бу эшик орқали сиз истаган вақтингизда эркинликка чиқа олишингиз мумкин. Сўз ёрдамида кишини диққинафас қилиб юборадиган замондан, зериктирувчи манзарадан, чидаб бўлмайдиган турмуш шароитидан, ниҳоят, ўз-ўзингдан осонгина қочиб қутулиш мумкин...
Ян Парандовский. “Сўз кимёси” китобидан.
Озод Шарафиддинов таржимаси.
#Тавсия #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
Ҳурмат – холисона тан олмоқдир.
***
Нимадир сабаб билан ўз даврининг модасига кириб қолган одамлар бўлади.
Улар кўп вақт ўтмай эскириб, урфдан қоладилар, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетадилар ва унутиладилар.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Менинг дарахтлардан битта фарқим бор:
Истаган пайтимда гуллашим мумкин!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан #Сен_қачон_гуллайсан
Эрталабдан Ёзувчилар уюшмасида ишлайдиган шоир укамиз телефон қилди:
– Ака, биласиз, жойларда китобхонлик бўйича тадбирлар бўляпти. Бугун сизнинг навбатингиз, бир маҳаллага соат учда тадбирга боришингизни айтишди.
Тушдан кейин муҳаррирдан изн олиб, тадбирга чопдим. Сал кечикибман. Эшик олдида ўрта ёшлардаги бир киши кутиб олди.
– Ичкарида кимлар бор? – сўрадим пичирлаб.
– Ҳалима Худойбердиева бор.
– Йўғ-е, қачон келди?
– Боя, ўзим кутволдим.
– У ёқдан қандай чақирдиларинг? – дейман қўлимни тепага ишора қилиб.
– Хат берувдик, келди, – дейди бамайлахотир.
– Кечирасиз, ўзлари ким бўладилар? Мана бу ерга ёзиб қўйишим керак-да.
– Менми, мен “Шарқ юлдузи” журналида ишлайман...
– Ия, у журнал ҳалиям борми? – сўради кўзини бақрайтириб. Жавобимни кутмасдан яна саволга тутди:
– Кечирасиз, исми-шарифингиз?
Кейинги саволидан баттар жаҳлим чиқди.
– Агар ичкаридаги одам ростдан ҳам Ҳалима Худойбердиева бўлса, мен аниқ Ўткир Ҳошимов бўламан, – дедим.
Ҳалиги одам:
– Э, бор бўлинг, Ўткир ака, мен сизнинг шеърларингизни роса севиб ўқийман, – деб бошқатдан кўришди.
Ичкарига кирсам, Зулфия Мўминова “Болага китоб беринг!” деб ҳайқириб шеър ўқиётган экан. Менга сўз навбати бераётганида Зулфия опага қараб, "Сизга катта раҳмат, Ҳалима опа", деб қўйдим. Зулфия опа ҳайрон...
Тадбирдан сўнг ўша одамни қидириб тополмадим. Номард, кимсан Ўткир Ҳошимовдан дастхат олмай жўнаворибди.
Айтмоқчи бўлганим, мабодо, сизни ҳам бирор маҳаллага тадбирга чақиришса, қолиб кетманг, эҳтимол, Абдулла Орипов ёки Эркин Воҳидовни учратиб қоларсиз...
Муҳаммад Сиддиқ Раҳматов
https://www.facebook.com/100062923316984/posts/337923188315122/
@Behzod_Fazliddin
Баъзи оилаларда муҳит шундайки, болалар ундан кўра кўчада тарбия олгани ҳам маъқулроқми, дейсан.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Айни навқиронлик палласида жувонмарг этилган миллатпарвар, ҳақсевар ижодкор-шахслар, барибир, барвақт ўлиб кетарди; Худо асраб зулму оммавий жаҳолат тузоғидан омон қолган тақдирда ҳам, бундай саркаш руҳ, дардхўр юрак, ўта безовта виждон билан узоқ яшаб бўлмайди.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
Фарзандингизнинг қизиқишларини ҳурмат қилинг. Айниқса, касб танлашда унга эркинлик беринг.
#Йўл_йўлакай #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Илм-фан, адабиёт, санъатга юксак эътибор бериш, қўллаб-қувватлаш ҳукуматнинг вазифаси, керак бўлса, бурчидир. Бу соҳалар ривожисиз жамият, миллат тараққиёти ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Шундай экан, ҳадеб “Эътибордан бошимиз осмонга етди”, “Юксак ишончга муносиб бўламиз!” дея жўшиб-тошиб, эски усулда ўйин қилавермасдан, соҳадаги муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида кўпроқ гапириш керак.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin
МОҲИЯТ
Баҳор, баҳор, дейсиз, кўклам ҳам ўтар
Ҳар он ваъда қилиб Бахт висолини.
Куни кеча эди дилбар, муаттар,
Турланган гулларнинг кўринг ҳолини.
Ана, олтин кўзёш тўкар дарахтлар,
Зарҳал йўлакларда хаёл фаромуш.
Ортда қолиб кетди паймону аҳдлар,
Афсус чеккан каби бекатлар хомуш.
Неларни англатар ёмғир шитири?
Беқарор томчидай титрайди жонлар.
Сўнгги лаҳзаларин яшаётир-у,
Абадий сабоққа дўнар хазонлар...
Бу ҳолни бошидан ўтказган билар,
Тушунгай ўзи-ла келган юзма-юз.
Ёмғиру шамоли, гоҳ қори билан
Ҳаёт эртагига мазмун берар Куз.
2011
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
2013 йил, октябрь сурати.
#Кайфият #Лаҳзалар
ЧОРА
У қадар мураккаб эмасди дунё,
Унча ҳам қўрқинчли эмасди дардинг.
Тушуниш илмига тобинг йўқ, илло,
Барчасини ўзинг тўқиб чиқардинг.
Гар аслинг қародир, оқ бўлолмассан,
Риё либосига ўранган билан.
Осмон бўлолмассан, тоғ бўлолмассан,
Бу ҳолда милён йил чиранган билан.
Ҳеч неъмат беҳикмат этилмас ато,
Нимага шамаъдир Ойнинг тўлгани?
Самодан бир назар керакдир, ҳатто
Эшак бозорига даллол бўлгани.
Азалнинг тупроғи нақадар хушбўй!..
Ўзингга ўзингдан шифо бер – тузал.
Қадамингдай майда қаричингни қўй,
Бошингни эгиб кўр – ҳаммаси гўзал!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Болалик – энг ширин туш,
Уйғонмагим келяпти...
@Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Лаҳзалар
Билмасангиз, жим туринг, яхши билмасангиз, янаям кўпроқ жим туринг!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Шеър ўқимайдими, демак, зиёли эмас.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ўзига кўпчилик эътиборини қаратиш учун таниқли шахслар, машҳур кишиларга тош отиш бўлмағур ва майда одамларнинг машғулотидир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Бир менми ўзини йўлга қантариб,
Икки ўт ичида қоврилаётган?
Ҳар нафас имкондан имкон ахтариб,
Бор-йўғи ҳавога соврилаётган?
Оҳларим оҳорли куй каби қуйма,
Умримдан таралган оҳанглар чинми?
Бир менми юраги қиймаю қийма,
Яшагандай бўлиб юрган бир менми?..
2010
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим