1412
Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot
***
Кундузнинг ризқи бор туннинг ортида,
Кимнингдир бахти бор кимлар дардида,
Тентираб юрибман сўзлар юртида –
Ҳақиқат аралаш, ёлғон аралаш.
Ҳар дам бардошимга тиларман тўзим,
Гоҳ кўнглим алдайди, гоҳида кўзим,
Қоврилиб ётибман ўзимда ўзим –
Муҳаббат аралаш, исён аралаш.
Узилиб-узилмас ишонч иплари,
Аёвсиз отилар бало тўплари,
Руҳимда эврилиш талотўплари –
Эътиқод аралаш, гумон аралаш.
Бўтадай бўзлайман, тойдай кишнайман,
Гоҳ асал ялайман, гоҳ тош тишлайман,
Бирда сарғаяман, бирда яшнайман –
Умримда Ҳамалу Мезон аралаш.
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
Шояд, бир юзлашсак, сўзсиз сўзлашсак,
Бул аччиқ қисматдан беун бўзлашсак,
Юлдузимиз тушиб юлдузимизга,
Руҳда суҳбат қурсак, руҳда дўстлашсак.
Йўлимиз бир бўлса, дилимиз якто,
Ўзидан бир лаҳза этмаса айро.
Дунёга сиғмаган ишқимиз ҳаққи,
Кўнгилга бекамлик айласа ато.
Бахтимиз бут бўлса, дардимиз улуғ,
Муборак ғамлар-ла умримиз қутлуғ.
Бошдан охиргача нурга чулғансак –
Поклансак, фалаклар айласа қуллуқ...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Бугун юрагимга қўл чўзган эй дўст,
Эрта кун бошимга чиқсангиз, не тонг...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Тўлиб кетганида такбирга осмон,
ҳамду сано айтиб турганда тошлар;
дилбузар доғларга келтирса қирон
мангулик қўшиғин куйлаган қушлар;
Зулфиқор майсалар, кескир шаббалар
зулматнинг бағрини этганда пора,
изингдан эргашса ёруғ шарпалар,
чечаклар қуёшдай қилса наззора;
Паҳлавон ниҳоллар бўй чўзиб кўкка,
матонат илмидан берганда сабоқ,
муккасидан кетмай тирикчиликка,
юмшоқроқ бўлишга ундаса тупроқ...
Баридан орттириб нима ҳам дейин,
ҳикматлар уйидир ҳаёт дегани.
шунча ҳайрат, шунча сабоқдан кейин,
уялиб кетасан шеър тўқигани...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
...чунки кўп нарсадан кўнглимни уздим
чунки ҳафсаламни пир қилди ҳаёт
чунки билиб-билмай ниятни буздим
чунки еру кўкдан бўлмади нажот
чунки ўзим билан келишолмадик
жиндаккина ақлим эгмади бўйин
имкон ила вақтни бўлишолмадик
чунки ҳаммасининг мақсади – ўйин
чунки изғиб юрар бунда қора руҳ
баттар авж олдириб бедов оташни
этимни чимчилар совуқ бир андуҳ
чунки истамадим осон яшашни
чунки...
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
“Ватаним!” деб қичқирар тинмай... ватанфурушлар...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Мен топмаган ул гўзал Сўзни,
Майли, сен топ – ҳалолинг бўлсин...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Ишқилиб, ўзбекни бутунлай йўқ қилмасанг бўлди, Ўзбекчилик!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Фаросатли ёзувчи келажакда ўзини абадият ёки забунлик кутаётганини олдиндан билиши керак.
Эрнест Ҳемингуэй
#Иқтибос #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
Бу зиндонда фақат зўрни севарлар!..
ЗАМОН
Кўзларни ўйнатиб тусланар дунё,
Жасадлар ичинда юраклар урён,
Одам-ку азалдан туфроқдан бунёд,
Аслидан орланиб, зарни севарлар.
Жавониб тўлмишдир жабру жафога,
Қайдан қирғин келган меҳру вафога,
Водариғ, кун йўқдир аҳли ҳаёга,
Фосиқни алқарлар, ғарни севарлар.
Гуллар зор – ҳаётга кўзлари тўймай,
Япроқлар хазонми нурга юз бурмай,
Арғумоқлар увол кўпкари кўрмай,
Эйвоҳ, туфук сочган харни севарлар.
Қанот қоқиб борар беруҳ қўшиқлар,
Суймаслар хандондир, гирён ошиқлар,
Қайларда қон йиғлар қалби очиқлар,
Кўнгли кўрни ва ё карни севарлар.
Алҳазар, турланар – одамми ё жин,
Аларнинг илкида дин ҳам бир ўйин,
Қаддингни адил тут, Беҳзод Фазлиддин,
Бу зиндонда фақат зўрни севарлар!..
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Тубан туйғуларни этмадим тарғиб,
Шукр, қўшилмадим бу кимўзарга...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
ЎЗИГА
Чақирсанг, ҳеч қаерга чекинмасдан келдим-ку,
Тоғларнинг орқасига бекинмасдан келдим-ку.
Қарғаларнинг қавмига инсоф тилаб яшадим,
Ўзингдан бошқасига юкунмасдан келдим-ку.
Энди ҳолимни сўра.
Қачонгача армонлар кулбасига қўноқман,
Мен – дунёнинг ортидан чопаётган чўлоқман.
Йиллар аро сўзларим манзилига етмайди,
Юрагимни тилимга кўчиргани нўноқман.
Энди кўнглимга қара.
Совиб қолсам, жонимни қайси ўтларга тутай,
Нурларингнинг бағрида доғларимни йўқотай.
Мудроқ босган кўзларим, ўзим бедор бўлмасам,
Кўксимдаги қушчани қандай қилиб уйғотай?!
Энди ҳолимни сўра.
Мен бу ерга Сен учун эгилгани келганман,
Лолаларнинг кўзига тикилгани келганман.
Ишонч берсанг, ҳукмингни бажармасдан кетмайман,
Ҳаммаёқни гуллатиб, тўкилгани келганман.
Энди кўнглимга қара.
Энди ўзимга қара...
2005 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
***
Кўксим ичра ҳаво етиб улгурмайди,
Югураман, югураман – буюрмайди.
Ҳаловатдан масрур диллар ибрат сўйлар:
Қаноатни тутган ортиқ югурмайди.
Тенглашолмай тарихга не номлар ўчди,
Енгил елга енгилдию шамлар ўчди.
Жондан азиз номин ёдга олган эдим,
Юрагимнинг хотиридан ғамлар ўчди.
Ўтган кунлар ўтиб бўлди – ўкинмайман,
Тўкилсам ҳам ёнингизда тўкилмайман.
Ҳар шўриши юрагимни тоблаб борар,
Эгилмайман, букилмайман, чекинмайман!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
Менга зарурмиди шунақа яшаш,
Қоғозга тўкилиб бормоқда умрим.
Орзулар олдинда, аммо кўнгил ғаш,
Кўзларим, сўзларим ёнаётир жим.
Чопаман ненидир излаган бўлиб,
Топмоқчи бўламан недандир таскин.
Шунчалар узунми йўлсизлик йўли,
Шунчалар ҳақирми одамзод – мискин?
Эйвоҳ, тубанликнинг йўриғи кўпдир,
Бир онда минг имкон майдалашгани.
Аялган кўзларнинг жазоси чўпдир,
Мудом дилни тирнар завол наштари…
Менга зарур эди шунақа яшаш,
Илло, зое кетмас ёниқ сўзларим.
Дардларим давримнинг дардига туташ,
Умримни шамолга сотмас кўзларим.
2011
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим китобидан.
Икки дунёда ҳам иккиланмасам,
Икки дунёда ҳам битта бўлсайдим...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
https://www.youtube.com/watch?v=9IgbdxpXRwY
#Кайфият #Шеърлавҳа
Ҳақ сўзни айтган оғизларни тош билан қонатмоқ эмас, ҳақиқат тамалини қулатмоққа кўтарилган қўлларни кесмоқ зарур.
Ойбек. "Навоий".
#Иқтибос #Ижод_ва_эътиқод #Миллат_мунавварлари
@Behzod_Fazliddin
ШОИРНИНГ ИЖТИМОИЙ ВИЖДОНИ
...1966 йили “Шарқ юлдузи” журналининг 1-сонида Асқад Мухтор “оқ йўл”и билан Рауф Парфининг туркум шеърлари эълон қилинади. Атоқли адиб ёш шоирнинг ҳеч кимникига ўхшамаган овоз билан куйлай бошлаганини эътироф этар экан, шундай ёзади: “Рауф Парфи ҳар бир шеърида одамнинг мураккаб руҳий дунёсидаги бирон ҳолатни тутиб олиб, суратлайди. Бу – қийин ижодий процесс. Лекин Рауфнинг сатрларида бу қийналиш билинмайди, улар гўё осон кўчгандек равон, табиий, самимий. Бу шеърларда декларативлик ҳам, насиҳат ҳам, иллюстрация ҳам, дидактив ялонғочлик ҳам йўқ. Улар шоирнинг завқ дунёсидан туғилган. Агар бу дунё тобора кенгайса, тўлқин урса, инсоний эҳтирос ва гражданлик ҳислари билан янада бойиса, Рауф Парфи, шубҳасиз, ҳассос шоир бўлади”.
Устод адибнинг бу фикрлари, албатта, Рауф Парфи ижоди ҳақидаги дастлабки тиниқ таассуротлар эди. Шоирнинг ҳеч кимникига ўхшамаган овози тобора дадиллаша борди. Асқад Мухтор орадан салкам 20 йил ўтиб шундай ёзади: “Рауф Парфи – яралари очиқ, дардли шоир. Унда ҳазинлик кўп, ора-чора шунчаки марсия ҳам ёзиб ташлайди, тушкунлик аломатлари ҳам учрайди. Мен буни шоирнинг айбига йўймасдим. Шоир инсоний дардлардан холи бўлолмайди. Рауф Парфи эса, шоир сифатида, ўзлигини тўлароқ ифодалашга интилади, шу маънода рўйирост”.
“Шеър – шоирнинг ижтимоий виждони” сарлавҳали мазкур мақолада Рауф Парфи ижоди етарлича таҳлил қилиб берилди, Асқад Мухтор шоирни айрим мафкурабозлардан ҳимоя этиб, у ҳақдаги энг асосий гапни айтди: “Рауф Парфи ҳиссиёт воситасида тафаккур қилувчи, кучли, беҳаловат шоир”.
Шу ўринда мазкур мақола ўша пайтлари “порлоқ ғоялар”ни шеърга солиш ўрнига ҳазин оҳангда “қанақадир мавҳум ғамларни” (?!) куйлаётган ва шу сабаб аёвсиз танқид қилинаётган шоирни, унинг бетакрор ижодини ҳимоя қилиш мақсадида ёзилгани, ўз навбатида, Рауф Парфи шеърияти теран таҳлил қилинганини таъкидлаб ўтиш керак. Мақола “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1984 йил 20 январь сонида чоп этилган (айтишларича, газетанинг ўша пайтдаги бош муҳаррири, ёзувчи Одил Ёқубов ушбу мақола юзага келишида бош-қош бўлган экан), кейинчалик, 1986 йили Рауф Парфининг “Сабр дарахти” китобига сўзбоши сифатида жузъий қисқартишлар билан киритилган.
Дарвоқе, ушбу мақоладан хулоса сифатида олинадиган жиҳатлар талайгина: чинакам дард ифодаланган шеърларнинг шоир ҳис-туйғуларига боғлиқлиги табиий, самимийми; беҳаловат шоир мисраларидаги дарднинг ижтимоий салмоғи қай даражада?.. Устоз адиб шеър таҳлилида шу каби муҳим жиҳатларга диққат қаратиш лозимлигини уқтиради. Агар бугунги кўплаб шоирлар шеърларига шу нуқтаи назардан ёндашсак, улардаги “дардли” мисралар салмоғи тош босмаслиги, аксарияти шунчаки ҳою ҳавас, ўткинчи ҳислар ўкинчи эканига амин бўламиз.
Асқад Мухтор: “Рауф Парфининг кўп шеърлари ўзига ва бошқаларга муросасиз маънавий талабчанлик руҳида ёзилган беомон ва шиддатли айбномалардир”, дер экан, шоир ўз изланишларнинг баъзи босқичларида интим ҳисларининг ташқи олам билан боғланишини йўқотгани, субъектив ҳиссиётнинг шеър бўлиши учун бундай боғланиш ришталари жуда муҳим эканини ҳам ўринли қайд этади.
Ўрни келганда, яна шуни ҳам айтиш керакки, мақола холис ва теран таҳлил асосида ёзилгани, Рауф Парфи шеъриятига юқори баҳо берилганига қарамай, унда муаллифнинг адабиёт ҳақидаги қарашлари кўпроқ ўз даври нуқтаи назари, аниқроғи, замона зайлидан келиб чиққан эди. Ҳатто Асқад Мухтор “Шеър ёзиш – сиёсий масала”, дея қатъий фикр билдирган эса-да, чинакам поэзия ҳеч қачон ҳокимиятнинг мафкуравий дастури, сиёсий баённома бўлмайди. Яқин ўтмишимиздаги шоирлар авлоди яратган ижод намуналарининг аксарияти бугун ўз умрини ўтаб бўлгани ҳақиқат. Ўша йиллари адабиёт сиёсий майдон марказига интилди (ҳатто бунга мажбур этилди) ва алалоқибат мағзи пуч, сунъий кўтаринкилик, шалдироқ сўзларга бурканган “бадиий асар”лар урчиб кетди...
Беҳзод Фазлиддин
Батафсил: https://www.facebook.com/behzod.fazliddin/posts/3289492891171331
#Ижод_ва_эътиқод #Ўзбек_адабиёти
#Асқад_Мухтор #Рауф_Парфи
@Behzod_Fazliddin
Доим “Бизнинг гапимиз билан нима ўзгаради?” деб ҳаммасига қўл силтаган бўламиз. Жамиятдаги иллатларни таг-туги билан йўқ қилиш қўлимиздан келмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда, уларни ёмон кўришимиз, тоқат қилолмаслигимиз, маънавий хасталикка рози бўлмаслигимизни билдириб турайлик.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin
Ҳақиқий шогирд устози кўрсатган йўлдан тўпири чиқиб ётган далага кетмайди, унга туташ йўллар барпо этади.
Бегали Қосимов
#Ёднома #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
ҲОЛ
Хос бир Ишқ сўрадим – баркамол, салим,
Иссиқ-иссиқ ёшлар дийдамни ювди.
Кўксимдаги харсанг ипакдай ҳалим,
Ҳар заррам уйғонди – ҳар заррам севди.
Суйдим – вужудимда алвон нур оқди,
Руҳимга ўраниб кўкка ўрладим.
Юлдузлар кўзимга машъала ёқди,
Кўнглимда тажаллий этдинг – порладим.
Жамолинг жилваси жисму жонимда,
Гарчи хоки пойман, гарчи хор-хасман,
Шундай сувратимда, шундай ҳолимда
Ўзингдан бошқага муносибмасман!
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
MARMARA*
Oqshom cho‘ka boshlar shafaqni kesib,
Moviy kengliklarda qoramtir jivir.
Namxush havo, nafis nasimlar isi,
Tomchilar tilida huzurbaxsh shivir.
Bul obi rahmatga qonarmi, yo‘qmi –
Qirg‘oqlar – hayotga mangu oshiqlar.
Bir ajab ohangda allalar ruhni
Oqchorloqlar aytgan qadim qo‘shiqlar.
Ne go‘zal! Bu kecha ne qadar go‘zal!..
Uvalanib ketar ko‘ngildan kinlar.
Tiriklik shavqida o‘qigay g‘azal
Toshlarni toblagan tolmas to‘lqinlar.
Parqu bulutlardan dur yog‘ar tinmay,
Yer-u ko‘k sahnida ajib jimjima;
Uzoqlarda – ortga qaytgisi kelmay –
Chayqalib boradi horg‘in bir Kema...
Istanbul, 17.08.2017
© Behzod Fazliddin @Behzod_Fazliddin
* Marmar(a) – dengiz nomi.
Гўдак хаёлларни қилмайин писанд,
Жиддий ўйлар сари бўйлайверди дил...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
Ҳаддан ортиғини сўрамадим-ку,
Бежиз сўндирмайин кўзим нурини.
Ўтиниб тиладим, аҳволим танг-у,
Фақат зарурини, энг зарурини.
Юзимгача тошиб чиқди гуноҳлар,
Ночор қочиб юрдим турфа назардан.
Улканлашиб борар кўксимда доғлар,
Безорман, ўзимдан тамом безорман!
Яшашни ўргат, эй буюк Мураббий,
Новвотга айлантир юрак шўримни.
Бутун қилиб бергин хаёллар каби
Ҳар жойда сочилиб ётган умримни...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
Кўрсам, кўзларимга ёғдулар тўлса,
Юрган йўлларимда орзулар кулса,
Наҳот шундоқ сеҳру жодулар бўлса,
Бу фақат севгими?
Бу фақат ишқми?
Лаҳзада тамоман ўзни унутсам
Ҳам ўзимга қўшиб сизни унутсам,
Барча иккиликни – бизни унутсам,
Бу фақат севгими?
Бу фақат ишқми?
Бирда султон, бирда қул бўлгим келар,
Гоҳ мангу яшагим, гоҳ ўлгим келар,
Руҳимнинг руҳига кўмилгим келар...
Бу фақат севгими?
Бу фақат ишқми?
Ўзим нишон бўлдим, ўзим бўлдим ўқ,
Жоним қил учинда, нечун кўнгил тўқ?
Сирри ҳолим шарҳи руҳ илмида йўқ...
Бу фақат севгими?
Бу фақат ишқми?
Оловга айландим, оловлар, кўринг,
Музликлар, оташин бағримда эринг...
Дардимга муносиб ном топиб беринг,
Бу фақат севгими?!
Бу фақат ишқми?!
2012 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Туйғулар
Тақдирингга дахлдор деб билган одамларинг ҳаётингга заррача ҳам алоқадор бўлиб чиқмаса-я...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Олтин армонларда оқиб борар куз…
Меваларим айни етилган, пишган.
Жон Қушчам, сен мендан хаёлингни уз,
Ахир илдизимга қанча қурт тушган!
Кумуш кечалари ёнимдан жилмай,
Шаънимга юлдузлар айтар эди шеър.
Қанча таъзим қилмай, қанча эгилмай,
Мендан узоқлашиб бораверди Ер…
Яланғоч қолсам ҳам, патларинг билан
Йиллар ярасига сурасан малҳам.
Ҳали маъюс боғлар қолади биздан,
Мен дарахт бўлсам ҳам учаман, Қушчам!
2007 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Устозлар кўнглига қаролмадик, корига яролмадик.
Чархи давворни қарангки, бизни устоз санаб юрганлар ҳам беоқибату бедаволикда ўзимиздан ўтиб тушди.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Бир йигитча телефонда талабаликнинг илк тассуротларини яқинларига гапириб беряпти.
Ёшлик қандай яхши...
Ёшликда илм олиш ундан-да яхши!
Шугиналарнинг орзуларини саробга айлантирма, эй мўъжизакор Ҳаёт!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Шеърга қарсак асосида баҳо бериш (кимга кўп чапак чалинса, шуни зўр деб билиш) шоирга, шеъриятга нисбатан ҳурматсизликдир.
***
Прозадан йироқ шоир, шеъриятдан бехабар носир узоққа бормайди.
Бошқа жиҳатларни санаб ўтирмадим.
***
Шоирлар шеърда ўз ожизлигидан ҳузур қилаётганини сезмай ҳам қолади.
***
Дунё шеърга, шеър дунёга бегона бўлса, шўрлик шоирда не айб?!
***
Шеърдан кимдир санъат, биров ҳикмат, бошқалар сиёсат, кўпчилик шуҳрат қидиради.
Яна билмадим, ҳаммасидан ҳам кўпроқ раҳмат излаётганга ўхшайман Шеър дунёсидан – Раббимнинг раҳматини...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
ЮРАГИНГИЗ СИҚИЛМАСИН!
Кундалигимда юрак сиқилиши билан боғлиқ жуда кўп ўринлар бор экан. Кўпинча мана булардан ичим сиқилиб, жигарларим эзиларкан:
ўзаро тушунмовчиликлар, тобора дарз кетаётган инсоний муносабатлардан;
жоҳил ва ўтакетган оми одамлар тутумидан;
энг муҳим амалларни ўз вақтида адо эта олмасликдан;
диққинафас муҳит, бетиним шовқинлар, ёнимдагиларнинг ундан-да баттар аҳволидан;
бир-бирига жуда ўхшаш, гўёки бенаф ва маъносиз кунлардан;
ҳеч бир ёқлик бўлмаётган илмий-ижодий ишларнинг номаълум тақдиридан;
ҳадеб ўзни чеклайвериш, ҳуда-беҳуда зўриқиш, қоғозбозлигу мажлиспарастликдан;
вақт ва имкон керагидан-да кўпроқ бўлгани ҳолда ҳеч нарсага улгуриб бўлмаётганидан;
кимларни ва нималарнидир кутиш, кутиш ва яна кутишдан;
қулоқни тешиб бўлса-да кириб келаётган данғир-дунғурлар, бачкана ва бузуқи “қўшиқ”лар, дилбузардаги, катта экранлардаги бемаза томоша-ўйинлар, уларнинг сурбет ижрочиларидан;
иложсизликлардан;
барибир, ҳеч нарсани ўзгартира олмасликдан;
ёлғончи-муттаҳамлар, нафси қутурган орсиз олчоқлар, одам эмас одамлардан, плагиатор – кўчирмакаш-ўғрилардан;
ўзимга боғлиқ бўлмаган (эҳтимол, боғлиқ) яна бошқа сабаблардан...
Э, ҳаммасини эслаш юракни баттар сиқади. Бобур бобо тилида айтганда, бошни олиб бир сориға кетгинг келади. Аммо қаёққа?..
Мўмин одамнинг гапими шулар?! Бу нарсаларни юракка яқин олмаслик ва сиқилмаслик кераклигини жуда яхши биласан. Дардингга нима даво эканини ҳам. Аммо, қани энди, ихтиёр ўзингда бўлса!
Буларни кимларгадир таъсири бўлар – яхшироқ, чиройлироқ яшашга ундар деган ниятда ёзаётирман. “Сиқилиш” сўзини эшитганда сиқиладиганлар маъзур тутсинлар. Эътибор бермасинлар ва ҳеч қачон сиқилмасинлар!
2017 йил
@Behzod_Fazliddin
Тармоқдаги эски қайдлардан.
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin/posts/1196889440431697
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар #Кайфият #Сизга_гапим_бор #Бу_ҳам_муҳим