1412
Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot
CУЮНЧИ
Оcмонда йиғлаб келдим –
Дардларим майса бўлди.
Ерда битта бўлса ҳам
Бахтсиз камайса бўлди.
Гарчи инграб ҳар кеча
Тунларимни қон қилдим,
Тонгда гулдан тошгача
Табассум эҳсон қилдим.
Азобларинг – муҳтарам,
Мен дардингга харидор.
Товонимни ўпса ҳам,
Тиканларнинг ҳаққи бор.
Юрагимни уйғотган
Ғамларингга минг шукур.
Гардларимни йўқотган
Дардларингга ташаккур!
Энди Сенда парвойим,
Дунёни ютиб кетдим.
Суюнчи бер, Худойим,
Ўзимдан ўтиб кетдим!
2006
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
***
Эриб борар кўксимдаги қор,
Тилим – гулзор, дилим – дуозор,
Худойимдан сўраганим бор,
Энди менинг яшашим осон.
Шукур айтиб яшамай нега –
Берганига, бермаганига,
Шундан умрим маънога эга,
Энди менинг яшашим осон.
Ҳар жоннинг ўз насибаси бор,
Ким шодлик, ким ғамга харидор,
Умидларнинг ўзи умидвор,
Энди менинг яшашим осон.
Боғларимга бўйлади баҳор,
Ўлмасликка сабаблар бисёр,
Бандаликдан бўлдим бахтиёр,
Энди менинг яшашим осон.
Айбларимни ёпиб келар У,
Гар мен юрсам, чопиб келар У,
Қайда бўлсам, топиб келар У,
Энди менинг яшашим осон.
Умидларим ростлаб борар қад,
Бу қандай бахт, қандай саодат –
Севишим ҳам бўлса ибодат!
Энди менинг яшашим осон.
2007
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
Ахир бизни бахтли қилиш – Ҳақнинг иши,
Янглишиб ҳам ўзгасига йиғлаб қўйманг...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
***
Сизни яратгандан мени қизғонманг,
Келинг, ул Яктони севайлик бирга.
Беҳуда ўртанманг, бекорга ёнманг,
Азиз умримизни ўрайлик нурга.
Борлигингиз – хаста руҳимга далда,
Ҳамма суйган Ёрдан рашк қилмак... Нега?
Ахир ўзингиз ҳам билмаган ҳолда
Худони эслатиб турасиз менга.
Лойимни пишириб борар оловлар,
Барча юлдузларга ўзим бошлиқман.
Ҳушидан айрилиб суйса бировлар,
Мен севиб ақлини топган ошиқман.
Бизни яратгандан мени қизғонманг,
Ой ул Ёр ишқида сархуш фалакда.
Беҳуда ўртанманг, бекорга ёнманг,
Асрайлик, асрайлик Уни юракда.
2007 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
#Кайфият #Лаҳзалар
Кузда кўз очганман – таваллудим сентябрнинг айни пишиқчилик палласи. Аммо хазон фаслига дил боғлаганим сабаби бу эмас. Сўздан афзал сукути, сокинлик бағридаги салобати, маъюс-маъюс хаёллари хуш ёқади кузакнинг. Яна, ёмғир наволари, шоиршамол шўхликлари!..
Бандидан чирт чирт узилаётган япроқлар қўшиғи қанчалар ҳазин бўлмасин, руҳингга ажиб ҳузур бахш этади хазонрез. Теранроқ назар ташлаган кўнгил хазонлар бағрида ҳам Ҳаёт учқунлари яшнаб турганини ҳис қилади. Ахир тўкилаётган барглар бизга видо айтаётгани йўқ, янги умрини яшаш учун замин қучоғига сингиб кетаётир. Асосийси, Кузда сарҳисоб бор, Мезоннинг ўз мезони мавжуд...
Кузда туғилган мана бу шеърларда табиат билан тиллашишга, борлиқни тинглашга урингандим…
Куз шеърлари https://www.facebook.com/behzod.fazliddin/posts/24641799108847400/
P.S. 2007 йил сурати.
***
Кета қол, даврага сиғмаган одам,
Борсанг-чи, парвозда давом этсанг-чи.
Ҳадемай барига тутилар мотам,
Лойқага қўшилмай ғолиб кетсанг-чи.
Бу ғурбатхонада баломи бордир?
Ҳар қавмнинг ўз шоҳи, ғуломи бордир.
Шусиз ҳам куйингни тинглайди очун,
Тоғларнинг беғараз саломи бордир.
Ҳавойи ўйларни ўйлаб-да юрма,
Кўкармас боғига бўйлаб-да юрма.
Очилиб борадур авж пардалари,
Навосиз наволар сайлаб-да юрма.
Денгизга дарёлар қуяр қудратни,
Тозариб оқурсан мисрама-мисра.
Кўксингдан беҳуда сочма зийнатни –
Қалбингни ардоқла, Дардингни асра.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
ҲАЁТ
Гоҳо тоқат етмай ноз-фироғига,
Маъшуқдай астойдил бўлсам-да хафа,
Жавоблар бермасам қўнғироғига,
Кўнглимни олиш-чун уринган дафъа.
Ўзимни кўзидан йироқ тутсам ҳам,
Аччиқ-аччиқ гаплар айтиб, камига,
У ҳақда тушкунроқ байтлар битсам ҳам,
Турфа хил таъналар тиркаб номига;
Кўнглимни сўраманг, асти сўраманг,
Мен уни, барибир, яхши кўраман!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
Воҳ, кимга айландим, асли ким эдим?
Ўйларим бечора, сўзларим етим,
Кўнглимнинг кўзига кўмилиб кетдим –
Мен каби ўзига зорлар бормикан?!
Сирлар салтанати сир очар гоҳи,
Жаннатий ҳислардан энтикар руҳим!..
Ҳануз ором бермас кўҳна андуҳим –
Хаёлимдай хафиф ҳурлар бормикан?!
Ҳақ Калом ёш қўшди кўзда ёшимга,
Ёт сўзлар тош каби тегар тишимга,
Тарҳи тоза тошлар кирар тушимга –
Жилоси сўнмаган дурлар бормикан?!
Кимлар не демади саҳни ашъорда,
Бирови насиҳат, бошқаси зарда…
Ўқиб берармидим рўзи Маҳшарда –
Иймонга кафолат шеърлар бормикан?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
ОЙГА ТЕГМАНГ
Нима қилсам, Ойни бошқа йиғлатмайсиз.
Нима қилсам, тинч қўясиз осмонларни?
Нима қилсам, юлдузларга тош отмайсиз,
Нима қилсам, ўлдирмайсиз жайронларни?
Бирга Ҳақнинг айвонига боради, деб,
Қалдирғочлар қўлларимдан тутиб олган.
Ҳеч бўлмаса, паноҳ сўраб беради, деб,
Оҳулари оёғимга ётиб олган...
Ёмонларга ён бергим йўқ асли, лекин
Гиёҳларнинг номларидан қўл сўрайман.
Ҳали кечмас, ҳали яна севиш мумкин,
Мен гулларнинг кўнгли учун йўл сўрайман.
Нурга қайтинг – рўёларни кетказасиз,
Еру кўкнинг тинчи учун бошланди жанг.
Бу кетишда умрингизни ютқазасиз,
Ўзингизга шафқат қилинг – Ойга тегманг.
2005 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
"Қаҳр" ҳақида
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг "Қаҳр" қиссасини ўқидим. Бу асарнинг ўзига хослиги – анчадан бери эҳтиёткорлик билан таъкидлаб келинаётган фикр-хулосаларга кенгроқ, батафсилроқ тўхталинган. Гап Абдулла Қаҳҳор ҳақида.
Ўзбек адабиётида Озод Шарофиддинов домла таърифлаган идеал Абдулла Қаҳҳор образини чилпарчин қиладиган мутлақо бошқа бир Абдулла Қаҳҳор образи пайдо бўлди. Тўғри, бунга қадар ҳам ёзувчилар – Ғаффор Ҳотам, Нурали Қобул, Мусулмон Намознинг чиқишларида Абдулла Қаҳҳор шахсиятидаги шубҳали саҳифалар эсга олинган, мавжуд стереотипларни бир қадар парчалаган деталлар айтилган эди. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг "Қаҳр" қиссаси эса Абдулла Қаҳҳордан бошланган устоз-шогирдлик мактаби вакилларининг "олтин силсила"сига ялпи қақшатқич ғоявий зарба бўлган.
Синчков ўқувчи асар журнал вариантида анчайин силлиқлангани, недир муҳим, "гўштли" жойлари тарошланганини тушунади. Шундай бўлгани ҳам тузук. Бу ҳақида кейинроқ айтаман.
Умуман, бу асар Абдулла Қаҳҳор ҳақида тилдан тилга кўчиб юрадиган кўплаб саволларга жавоб бермайди, қайтага саволларни кўпайтиради, конкретлаштиради.
Қисса Абдулла Қаҳҳорнинг сўнгги кунларига доир кечинмалардан иборат. Жаҳон модерн адабиётининг, ифодада онг оқими мактабининг мухлиси бўлган Хуршид Дўстмуҳаммад нега бу тажрибага қўл урди экан, деб кўп ўйладим. Бу журъат ва жасоратнинг оқибатини кўлами билан ҳис қилиб ёзган бўлсалар керак, деб ўйладим. Шу аснода дилимда туғилган саволни келтириб ўтмасам бўлмас: онг оқимини эзиб тасвирлашга Қаҳҳордан бошқа образ йўқмиди, Хуршид муаллим? Сизга нима эди шу қалтис баҳсни қўзғаб?
Гап шундаки, адабиётшунослик Қаҳҳор домлани салкам мустақилликнинг маънавий меъмори; ҳуррият орзумандаси, юрагида озодлик нафасини эҳтиёткорона сақлаб келган бутун шахс сифатида сингдириб келади. Бу шаклланган стереотипни инкор этиш эса кенг кўламли янги адабий хулосаларни келтириб чиқаради, жумладан, сохта маъбудлар ва маъбуд ясовчилар армиясини фош этишга олиб кетади. Хуллас, чуқур-чуқур фикрлар, буёғига ўтмаганим маъқул.
Асарнинг ғалатилиги шундаки, Хуршид Дўстмуҳаммад асар руҳидан келиб чиқиб, Қаҳҳорни хоинликда, недир пасткашликда очиқ айбласа керак, деб ўйлайсиз, ундай бўлмайди. Бу мавзуда бирон детал, айбнома чиқиб қолармикан деб ўқийверасиз, ҳеч нима йўқ. Фақат ишоралар бор.
Қиссада ровий – Абдулла Қаҳҳор – ровий алмашинуви дабдурустдан сезилмайди. Қаерда Қаҳҳорнинг мубҳам ҳаёлларининг шарҳи тугаб, ровий тилга кирди – сезмайсиз ҳам. Асарда бошдан оёқ мудҳиш бир шарпа кезади. Қон ва жон талошида ётган Абдулла Қаҳҳор даврнинг қонсираган ғояларига қилган хизмати ҳам ғира-шира, мубҳаму мавҳум, эслашга ҳам жирканадиган шаклда баён қилинади. Бироқ, ўшанинг – эслашга ҳам жирканадиган ишнинг айнан нима эканлиги деталлаштирилмайди.
Бу асарда Абдулла Қаҳҳор деган улкан адибнинг иқрорномасини ўқигандек бўласиз. Бироқ, иқрорномаси ҳам қаҳҳорона: недир сирли, тўлиқ эмас, айни чоқда тўлдириб бўлмайдигандек; уятли саҳифалари йиртиб ташланган кундалик мисоли узуқ-юлуқ; ор ва номуси топталган бақувват истеъдод сингари тактик аламзада; зўр-базўр бостирилган исёндек қайта уйғонишга шай.
Хуршид Дўстмуҳаммад Абдулла Қаҳҳорни айблаш учун қалам олган-у, муқаррар баҳсу маломатлардан чўчибми, қўрқибми, таҳайюл тасвирлари билан чегаралангандек туюлди менга. Хуршид Дўстмуҳаммад яқинда ютубда эълон қилинган суҳбатида таъкид қилганидек, ишора берди, хулоса эмас: Қаҳҳор ўзбек адабиётининг меҳробида туришга лойиқми? Ҳа ёки йўқ, дейишдан бурун Қаҳҳор бўлиб кўринглар, дейди Хуршид Дўстмуҳаммад қувлик билан. Ва ўзи Қаҳҳор бўлиб асар ёзди.
Қиссани якунлаб тилимга келган биринчи сўз "Хайрият" бўлди. Чунки Абдулла Қаҳҳор шундай шахсиятки, уни инкор этиш, унга дангал айбномалар ёғдириш адабий ҳаётимизда чуқур-чуқур жарликларни ҳосил қилади. Абдулла Қаҳҳор мактабидан сув ичган шогирдлар, иқтидорда бўлган невараю эвара шогирдлар билан адоқсиз баҳслар, умрни эговлайдиган турфа синовларга мубтало қилиши мумкин. Бу эса, том маънода, кераксиз ташвиш. Ҳозирча шундай.
Беҳзод Қобулов
P. S. Қисса "Шарқ юлдузи" журналида (2025 йил) чоп этилган.
#Ижод_ва_эътиқод #Ўзбек_адабиёти #Жамият_ва_маънавият
Субутсиз ва қўрқоқ авлод қилиб “тарбияландик”.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
#Ёднома #Ижод_ва_эътиқод
БИР ШЕЪР КАЙФИЯТИ
Ҳадик
Бор-йўғимни этдим хайр-эҳсон,
Кеча-кундуз қилдим ибодат.
Охиратни ўйлаб ёнди жон,
Илм истаб югурдим фақат.
Қабул бўлмас биронтаси ҳам,
Бари кетар, шекилли, куйиб.
Бугун тонгда негадир отам
Қараб қўйди норизо бўлиб.
Аъзам Ўктамнинг бир неча гўзал, бадиий жиҳатдан пишиқ ашъори қатори шу “оддий”роқ шеъри ҳам ўқувчига ажиб кайфият улашади. Шеър – ҳаётий, ўзбекона ва андак фожиавий. Ҳозир шеър таҳлилига ортиқча берилмай, ҳар сафар ушбу сатрларни ўқиганда (дарвоқе, ёддан ўқийман) кўнглимдан кечадиган ўй-хаёллар билан ўртоқлашсам.
Шеърнинг биринчи бандидан аён бўлмоқдаки, лирик қаҳрамон – шоирнинг ўзи – пок эътиқод йўлида жидду жаҳд билан илму ибодат қилаётган (шу ўринда илм олишнинг ўзи ҳам улуғ ибодат эканини яна бир бор ёдга олайлик), бор-будини эзгулик учун сарф қилишга уринаётган иймонли фарзанд. Бироқ у айни дам лаҳзалик бир ҳолдан қаттиқ мутаассир, кўнгли хижил. Бу иккинчи бандда ойдинлашади:
Бугун тонгда негадир отам
Қараб қўйди норизо бўлиб.
Шоир шу ерда “Қараб қўйди қовоғин уйиб” деса ҳам бўларди. Бу қофия учун ҳам қулайроқ эди. Аммо… Ҳаётда кўп нарсани англаб етишга улгурган навқирон ёшдаги “ноқобил” фарзанд (қобили қандай бўлсайкин!) туяётган фожиани ифодалаб бера олмасди. Ота шунчаки қовоқ уйиб қўйгани йўқ, норизо бўлиб қарамоқда! Аниқроғи, шоир-ўғил шундай қабул қилмоқда. Тағин тонгда-я!
Шеър муаллифи жуда нозик ифода билан “негадир” дейди. Гўё билиб-билмасликка олади. Аслида, у ҳаммасини билиб, тушуниб турибди. Лекин шўрлик фарзанд отанинг ҳам ҳаммасини кўриб-билиб тургани ҳолда “негадир” норизодай бўлиб боқаётганини ҳазм қила олмаяпти, бечорага бу жуда оғир ботяпти.
Ўзбек оиласида отанинг фарзандга сал норози бўлиб қараши ҳам мудҳиш ҳол ҳисобланади. Ҳатто шу оний ҳолат бор-йўғини хайр-эҳсонга сарфлаган, охиратни ўйлаб ёнган, кеча-кундуз ибодат қилиб, илм истаб елиб-югурган озурда жоннинг барча яхшиликлари куйиб кетажагига ишора қилмоқда. Эътибор берсангиз, шоир шу ерда ҳам “Куйиб кетар, шекилли” дейди. Куйиб кетади, демайди. Отанинг розилиги ва албатта Яратганнинг марҳаматига умид қилади…
Ижодий умри давомида кўп асарларига Қуръон оятлари, ҳадиси шариф мазмун-моҳиятини сингдирган шоир ушбу шеър орқали ота-онани рози қилиш ҳақидаги муқаддас калималар, халқимизда эътиқод даражасига кўтарилган “Ота рози – Худо рози” ҳикматини ёдга солади. Лекин фарзанд ҳақи, фарзанд розилиги деган тушунчалар ҳам бор! Қолаверса, биз шеърни ўқиб – гарчи унда Она ҳақида бир оғиз гап бўлмаса-да – бор умрини жигарбандлари ташвишини чекиб ўтказаётган музтарин Она ҳақида ҳам ўйлаб қоламиз…
Батафсил: https://www.facebook.com/behzod.fazliddin/posts/966292793491364/
2015 йил
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Туйғулар
УЧ ОҒАЙНИ БОТИРЛАР
(Ғайбулла ас-Салом, Нажмиддин Комил ва Тилак Жўрага)
Уч оғайни ботир фақат эртакдамас,
Ҳаётда ҳам бўлар экан, ҳаётда ҳам.
Кўрган одам қилар эди дилдан ҳавас,
Устоз-шогирд қандай иноқ, ҳамкор, ҳамдам.
Фикр отин миниб чопган чавандозлар,
Фан чўққисин маҳв айлаган тирандозлар,
Илм боғин обод қилган бу шоввозлар
Кам бўлмагай икки дунё, бўлмагай кам.
Учта ниҳол эдилар ҳар ерда ўсган,
Тошкент келиб, чинор бўлиб фикри ўзган,
Тангрим, асра деяр эдим ёмон кўздан,
Ғов бўлмасин йўлларига қайғу, алам.
Аммо кулфат панд бермаган кимса борми?
Ким қолдирар аро йўлда содиқ ёрни?
Ғам ўлдирар ҳамкори йўқ, кўнгли торни,
Устоз, сизнинг бардошингиз тоғдай маҳкам.
Бошингизга ёққан кулфат зарбасидан
Ёки қисмат юборган дард ҳамласидан,
Кўзи тиниб мавҳум кураш ғамзасидан,
Кенжа ботир тополмасдан кетди малҳам.
Малҳам истаб ишонч отин олға сурди,
Маккор умид кўчалари адаштирди,
Тоғдай оғир фалокатни енгил кўрди,
Руҳи кучли эди унинг, руҳи бардам.
«Кенжа ботир эртакларда ўлган эмас,
Ё чорасиз қолиб, мағлуб бўлган эмас,
Дўсти йиғлаб, душманлари кулган эмас,
Охиратинг обод бўлсин жоним, укам».
Катта ака йиғлар юрак, бағри куйиб,
Кичик ака ўксинади қовоқ уйиб,
«Ижод қилсанг бўлмасмиди тўйиб-тўйиб,
Бор эди-ку қўлгинангда ўткир қалам».
Аммо тақдир ҳикматига ҳеч чора йўқ,
Бу жумбоқни ҳал қилган бир овора йўқ,
Умид шами ёниб турган кўнгиллар тўқ,
У бўлмаса босар эди оламни ғам.
Ўзбек илми байроғини баланд тутиб,
Таржима ва тасаввуф шаробин ютиб,
Қанча юксак довонлардан дадил ўтиб,
Ёруғ юз-ла қўймоқдасиз олға қадам.
Эранларга ҳамроҳ бўлган ит сингари,
Мен эргашиб кетмоқдаман манзил сари,
Авлодларга ошкор бўлар бир кун бари,
Нима учун қўшилганим билар олам.
Маъруф ЖАЛИЛ
Суратда (чапдан): Ҳамидулла Кароматов, Тилак Жўра, Ғайбуллоҳ ас-Салом, Нажмиддин Комилов.
Орифжон Тилак Жўра ўғли тақдим этди.
#Ёднома #Ижод_ва_эътиқод #Ўзбек_адабиёти
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/posts/1129182392522527/
@Behzod_Fazliddin
ТУГАМА(ЙДИ)ГАН ШЕЪРЛАР
***
Ҳўнграб ҳам шунчалик қийналмас эдим,
Менинг кулгуларим йиғидан бадтар.
О, бу қадар узоқ ўйланмас эдим,
Сўзимга изма-из юрмаса хатар...
***
Битта қанотда ҳам учган бўлардим,
Йўл топиб олардим ўзим осмонга.
Қуёшга яқинроқ жойда ўлардим,
Қайтмасдим ғам тўла ёруғ зиндонга...
***
Ёниб борар қўлимда қалам,
Ҳамма гаплар айтиб бўлинган,
Сўз даштида дайдиб бўлинган,
Тинч қўймайди Дард деган болам...
2007
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
#Kayfiyat #Lahzalar
YO‘QLOV
Sabog‘i tugamas maktabdir Hayot,
Ba’zida tanaffus – o‘ynab-kulgani.
Kecha partalarda Diydor edi shod...
Hamma tarqab ketdi Odam bo‘lgani.
Bir kuni yo‘q edik, birda bor edik,
Tinmadi Orzuning xarxashalari.
Jannatda yurganday baxtiyor edik
Bir ota-onaning zumrashalari...
Qancha yorug‘ bo‘ldi umr – darsxonam,
Bilgan-bilmaganim shundan ham ma’lum.
Muallim – Ruhimni uyg‘otgan Onam,
Farzand ajratmagan Otam – Muallim.
So‘z bo‘lib tilidan savoblar uchgan,
Ikki olam aro qismati – e’zoz.
Kim bo‘lib borsam ham bag‘rini ochgan –
Keldim. Assalomu alaykum, Ustoz!
2008-yil
©Behzod Fazliddin @Behzod_Fazliddin
P.S. Maktabda ijodiy uchrashuvlardan birida.
#Kutmagan_kunlarim_kutgan_kunlarim
#Tushlaringdan_chiqib_keldim
Қўйиб берсанг, қотилнинг ҳам ўз ҳақиқати бор...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Шоир – ҳамманики ва... ҳеч кимники.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Шундай замонлар бўлдики, яшашга ҳам ҳожат қолмади, деган экан қизиқ устида бир ғариби бечора.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Зўр бўлсанг, тилингни ўзлари ўрганиб олишади.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ислом инсонни чекламайди, тартибга солади.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Катта охурлардан ем еб юрган отларга ҳам осон тутманг, бир кунмас-бир кун уларнинг ҳам бўғзига бехос пичоқ тортилиши бор...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Шундай жамиятда яшаётганингдан орланиб, қаттиқ хафа бўлиб кетасан. Сабаблар кўп...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Барибир, аксарият бойлару раҳбарлар ўз роҳат-фароғатини кўзлаб, оддий аҳоли қорин ғами билан, бир ҳовуч бечора зиёли эса миллат маънавияти, тараққиётини ўйлаб ёниб-куйиб ўтиб кетаверади, шекилли...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Кўпинча кўча тозаловчиларни кўрганда ўйланиб қоламан: “Юртга шуларчалик фойдамиз тегаётганмикан?..”
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
“Эй риёкор!” – хўб муносиб ном топдинг-да!
Бир гал Молик ибн Динорнинг аёллари у кишига “Эй риёкор!” дея танбеҳ берибди. Шунда у киши: “Эй хотин, сен менга басраликлар билмайдиган хўб муносиб бир ном топдинг-да!”– дея кайфиятлари очилиб кетган экан...
“Ахлоқус солиҳийн”
#Иқтибос #Зийнат
@Behzod_Fazliddin
“Ўз тилимизни унутиб қўйяпмиз!” дея бонг ураётган баъзи олим ва адибларнинг фарзанду набиралари фақат рус тилида мулоқот қилар, ҳатто ўзбек тилини деярли билмас экан. Ана ундан кейин тилимиз тақдири ҳақида “куйиниб” айтилаётган сўзларнинг таъсир кучи йўқлиги сабабини тушунгандай бўласиз.
@Behzod_Fazliddin
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим #Тил_тақдири
#Эски_дардлар
“Ўзбек тили ўзбекларнинг ўзига ҳам керак бўлмай қолдими?..” деб ўйлаб қоласан баъзан...
@Behzod_Fazliddin
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Тил_тақдири
Устозлардан нимани ўрганмасликни ҳам ўрганмоқ зарур.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Қонун адолатни ҳимоя қила олмас экан, одамларнинг ўзлари ҳар хил “қонун” яратиб олаверади.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Оз бўлса ҳам тоза ҳавога
Олиб чиққим келар Кўнгилни...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим