1412
Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot
Ёмонотлиқ этмам замонни, асли,
Уни ёмон қилган одамлар ёмон...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Шеърлавҳа
Инсон онгли тарзда, ўз ихтиёри билан ҳам жамиятга бегона бўлиши
***
Наҳот буюртма-ла уйғонса виждон?!
***
Муттаҳам доим бир қадам олдинда. Унга тенглашиб бўлмайди. У шунинг учун ҳам муттаҳам.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Қайси гуноҳимнинг тавбаси бу шеър?
Қайси дардлар билан оғрийман бугун?
Баҳор, уйғотишни мендан бошлайвер,
Юрагимда тугун – умримда тугун.
Кимларнинг умрини такрорлаб қўйдим,
Кимларнинг айби деб бошим эгилган?
Мен Сени Ҳаётдан ортиқроқ суйдим,
Қара, кўзларимга ғамлар экилган...
Тилимни сўзларда қирқиб олганман,
Наҳот кўксимда гул очилмайдиган?
Кўкка қарашга ҳам қўрқиб қолганман,
Юлдуз борми кўзга санчилмайдиган?
Йиллар ўзи гувоҳ, қанча қийналдим
Ўзимни ўзимга тушунтиргани.
О, етар, шундоқ ҳам узоқ чайналдим,
Баҳона йўқ Сени ишонтиргани...
2006
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
УЙҒОНИШ
Кўзларимдан оловлар сачрар,
Қафасдаги шердай оғриндим.
Ҳувуллаган одамзор ичра,
Ҳаёт, Сени жуда соғиндим!
Кундалигим бир хил: уй, йўл, иш...
Қаноти йўқ қушга ўхшайман.
Ташвишларнинг ортида ташвиш...
Бу туришда қачон яшайман?!
Қайда эшик очдим ғавғога?
Йўл бошида йўқотдим йўлни.
Оз бўлса ҳам тоза ҳавога
Олиб чиққим келар Кўнгилни.
Ёниб кетгим келади бирдан,
Адо қилди тунга шериклик.
Некбин-некбин нигоҳлар билан
Бугун сенга зорман, Тириклик!..
Юрагимда орзугул унар,
Умид тинмай қилар қўнғироқ.
Борган сари кўзларим тинар –
Борган сари Қуёш яқинроқ...
2008 йил
***
Ташқарига чиқдим. Юрагим қўлда.
(Бутун бир кўчани ёритарми шам!..)
Бўлиши мумкин-ку худди шу йўлда
Умрида ёруғлик кўрмаган одам.
2008 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
Кўнглимни чўктирди кўнгилсизликлар,
Кўнгилга яқин бир кўнгил изладим.
Кўнглимни оздирди кўнгилбозликлар,
Узмадим, Кўнгилдан кўнгил узмадим.
Кўнгилни коптокдай ўйнади ҳаёт,
Эзилиб-эзилиб синган кўнгилман.
Кўнгил ўйинини қўймади ҳаёт,
Кўнмаган кўнгилман, кўнган кўнгилман.
Бу дунё асли бир кўнгилзор эди,
Кўнгилни кўнгилдан кечирмаганлар.
Наҳотки сизда ҳам кўнгил бор эди,
Кўнглимнинг кўзини очирмаганлар?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сиз_сўраган_шеър
СИЗНИ ЯХШИ КЎРАМАН
Юрагингиз қуёшдан катта,
Юлдузларга ватан – кўзингиз.
Иккимизнинг жонимиз битта,
Менинг ўзим – Сизнинг Ўзингиз.
Мен Сиз билан Бахтга бораман,
Она, Сизни яхши кўраман!
Қошларимиз ўхшаб кетади,
Кўзингизда кулиб турибман.
“О, у кунлар қачон қайтади!..”
Қўмсаяпсиз, билиб турибман.
Ҳамон Сизга дўстдай юраман,
Опа, Сизни яхши кўраман!
Бугун сенда баҳорни кўрдим,
Юлдузларга термуласан жим.
Хуш дамларга яна юз бурдим,
Сен баҳорга ўхшайсан, синглим.
Ол, кўкламни сенга бераман,
Синглим, сени яхши кўраман!
Капалакли кўйлагингизга
Тегмай туриб, титрайди қўлим.
Тўймаяпман бўйларингизга,
Сиз, барибир, бошқасиз, Гулим.
Лабингизда шабнам бўламан,
Гулим, Сизни яхши кўраман!
Яшнаяпман меҳрингиз билан,
Ҳаётимга ифорлар сочиб.
Яшаяпман муҳаббат тўла –
Дунёларга кўксимни очиб.
Мен юраги осмон боламан,
Ҳаммангизни яхши кўраман,
Ҳаммангизни яхши кўраман!
2003 йил 4 март
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим китобидан
https://www.youtube.com/watch?v=CA9pyYqXqzU
Адабиётга тўда-тўда бўлиб кирилмайди.
Ҳар истеъдод ўз кучи, Яратган инъом этган салоҳият қуввати, меҳнати, улуғ устозлар назари, синчков сўз мухлисларининг холис эътирофи билан бу муқаддас даргоҳга кириб келади. Гуруҳбозлик, маълум тоифалар монополияси Адабиётга дахлдор бўлолмайди.
Шунчаки фаоллик, ижодий давраларда, матбуот ва телеэкранда доимий кўриниб туриш, тинимсиз тадбирлар уюштириш, ижтимоий тармоқларда шов-шув қилиш – булар ҳали чинакам ижод, Адабиёт дегани эмас!
Ҳозир бундай “пафосли” гапларнинг деярли таъсири йўқ-ку, лекин шу ҳақда доимий эслатиб туриш керакмикан...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
***
На буғдой, на сомонман,
На яхши, на ёмонман,
На тутқун, на омонман,
Мен ким бўлдим, Мавлойим?
Кетгим ё қолгим келмас,
Овора бўлгим келмас,
Яшагим, ўлгим келмас,
Мен ким бўлдим, Мавлойим?
Кўкламимда хазонлар,
Мезонимда найсонлар,
Сукутимда туғёнлар,
Мен ким бўлдим, Мавлойим?
Мўмин кўзи оч бўлмас,
Томошага ўч бўлмас,
Орзулари пуч бўлмас,
Мен ким бўлдим, Мавлойим?!
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Шамоллар ортидан эргашдик гоҳи,
Гоҳи ёмғирлардан сўрадик қўним...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Шеърлавҳа
Китобни ялингудай бўлиб сотишни ёқламайман. Китобхонлигини кўз-кўз қилаверадиганларни ҳам.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
ҚАҲРАМОН
Тонгдан эшигимни чертади ташвиш,
Ичкарига олиб кирмасам, кўнмас.
Ишда қандай ғалва қайраб турар тиш,
Оёқ тортмайди-ю, бормасам бўлмас.
Йўлга отланаман, нонушта чала,
Муҳими – гупиллаб турибди юрак.
Кутишга заррача йўқдир ҳафсала,
(Барибир, автобус кутишинг керак.)
Ишхонада ўша эски томоша,
Ҳар кимнинг айтгани юзаки ўлан.
Бахтиёр кўрсатгум ўзни ҳамиша
Мийиқдаги сохта табассум билан.
Ахир ёлғон бўлса, бўлар-да шунча,
Не-не алдовларга, балки, соқийман.
То устимдан кулиб қуёш ботгунча,
Нуқул эртак ўқиб, эртак тўқийман...
Нега ҳамма нарса инсонга соя?
Ҳар қулайлик дилни ғамга ўрайди.
Борсам, ўтганмисан рўйхатдан, дея
Бахт ҳам юзи совуқ, ҳужжат сўрайди.
Саволлар тушда ҳам тинч қўймас нечун?
Алаҳсираб тунни тонгга улайман.
Эртага эркинроқ яшашим учун
Тағин қанча жойга ўлпон тўлайман?
Яхши беркилганми жўмракнинг оғзи,
Қўшнининг уйига ўтмабдими сув?..
Кейин шундай ғалат хаёллар баҳси,
Ҳозир ҳаётимнинг бор маъноси – шу...
2010 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Ёнингизга қаранг, бирор зот борми,
Ростдан бахтлимисиз, гуллаётганлар?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Тўғрини ҳам, ўғрини ҳам олқишлайверадиган омма қарсакларига ишонаверманг.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
КЎЗИНГИЗНИ БЕРИБ ТУРИНГ
Ёлғизгинам, фариштага тенгликкинам,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай.
Иккимизнинг дардимиз бир, мунгликкинам,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Мен бошимни урмаган бир тош қолмади,
Ростин айтсам, юрагимда дош қолмади,
Қуриб қолган кўзларимда ёш қолмади,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Узун-узун армонларим чиқиб кетсин,
Зардобларим кўзёш бўлиб оқиб кетсин,
Қалбимга бир қизғалдоқлар боқиб кетсин,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Мен шабнамман, ғуборларга қўнолмайман,
Ё гул бўлиб тош юракда унолмайман,
Кўнолмайман, бу дардларга кўнолмайман,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Қузғунларнинг қилиғидан зорим келди,
Тоғ қалбимга нафрат деган сорим келди,
Ўзим бўлиб йиғлолмайман, орим келди,
Келинг, Сизнинг кўзингизда йиғлаб олай,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай...
2001 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан #Тушларингдан_чиқиб_келдим
***
Балки, бу ҳам бўлса яхшиликкадир,
Ёғаётган тошлар – Ҳақнинг раҳмати.
Бир куни дардларим топгуси қадр,
Қачон беиз кетгай қалбнинг заҳмати?!
Ахир нима қилай, гуноҳ ҳам тақдир,
Кўринмай бўлмайди унинг кўзига.
Аввало, хатони таниган ҳақдир,
Тавбадан гул экиб борар изига.
Бесамар кетмагай қон ютганларим,
Гарчи кўнглим ҳамон саргардон, дайдир,
Яхши кўрганларим – йўқотганларим
Бир кун ўзи мени топиб олгайдир...
2007
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
ҲАҚИҚАТ
Ҳикмат тўла замин, сир тўла осмон,
Инсон – унутувчи, билгувчи – Раҳмон.
Фавқул башар истаб инграган жаҳон,
Бир боқ, қандай хушҳол иймон-ла инсон –
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир.
Қалбидан зеҳнига зиё таратган,
Жумлаи оламни ўзга қаратган.
Қаттоллиги ёлғон, ёвузлиги лоф,
Яратган аларни мушфиқ яратган –
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир.
Чумолига озор бермаган филлар,
Арслон келбатлару ҳалим кўнгиллар,
Илдизи азалга туташган гуллар,
Ботил хаёллардан озода диллар –
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир.
Гувоҳлик бергайдир ҳар ҳадис, оят,
Саодат асридан қанча ривоят!..
Бағоят гўзалдир, бағоят гўзал –
Фикрат кўзи ила боқсалар, шояд,
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир.
Рад этар ҳаддидан ошган ҳар жонни,
Зулм ила тўкилган ҳар томчи қонни.
Миллат сўрамагай, ирқ ажратмагай,
Инсонни эъзозланг, дейди – Инсонни –
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир.
Башарнинг эртаси мавҳумдир ҳануз,
Шу ўй ичра кун-тун маҳзундир ҳануз.
Муқаррар нусратдан умид узмас ҳеч,
Гарчи бечораҳол, мазлумдир ҳануз –
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир.
Қалблардан зулматни аритмасларми?
Жаҳолат уруғин қуритмасларми?
Яратганнинг Сўзи кор этмас наҳот:
“Ахир улар ақл юритмасларми?”
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир.
Айт, нега таҳқирлаб тинмайсан, Дунё,
У сенинг дардингга топгуси даво.
Фитнакор ҳар тўда макрига учма,
Адашма, ҳукмга шошилма, илло –
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир!
2015 йил 11 сентябрь, 2016 йил 22 февраль
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
https://www.youtube.com/watch?v=KPi0STC2FZo
#Кайфият #Шеърлавҳа
Кўкни тутди азоннинг саси —
Мунча ширин иймон шеваси!..
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Тиригида қадрлаш тугул, бир оғиз ширин сўзни дариғ тутамиз. Ўтганидан кейин... хотира ёзамиз, фақат хотира.
***
Ватанга хизмат қилаётган одамни қўллаб-қувватлаш ҳам Ватанга хизмат қилишдир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Бу ҳолда ўзбек адабиётини шарманда қиламиз-ку!
Кейинги пайтларда шундай “эъжодкор”лар пайдо бўлдики, бирор чет тилини яхшироқ билгани туфайли ёки бошқа турли йўллар билан хорижда ўзларини тарғиб қиляпти. Ҳа, фақат ўзларини. Зўр бўлса, қандини урсин, адабиётимизни дунёга танитсин, деймиз, лекин уларнинг кўпи ҳаваскор даражасида, халқимиз тугул, адабий жамоатчиликка ҳам номи таниш эмас. Эълон қилаётганлари-да жўн ёзилдиқлар.
Баъзан интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда “Чет элда фалон асарим тақдимоти бўлди”, “Хорижликлар ўзбек адабиёти қандай эканини шу асарим орқали билишди” қабилидаги куракда турмас гапларга тўла рекламсифат саҳифаларни кўриб ҳайрон бўляпмиз. Улар шу туришда ўзбек адабиёти номидан гапиряпти, ўзларини замонавий ўзбек адабиётининг яратувчилари сифатида “тақдим этяпти”.
Бундай “буюк асар”ларни чоп этаётган “ҳомий”лар ҳам адабиётдан узоқ бўлса керак...
Бу ҳолда ўзбек адабиётини тарғиб эмас, шарманда қиламиз-ку!
Шундай уятли аҳволга жим қараб туриб бўладими?! Демак, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа масъул ташкилотлар ўзбек адабиётининг муносиб (!) намояндалари асарларини хорижда тарғиб этишга жиддий киришиши керак. Тўғри, бу борада айрим ишлар қилиняпти, аммо кўпроқ йўқдан кўра бор қабилида...
Балки, сизни ҳам шу каби безовта ўй-фикрлар қийнаётгандир...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим #Ижод_ва_эътиқод
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
07.03.2018
Фейсбукдаги қайдлардан
https://www.facebook.com/100003319579634/posts/1581416281979009/
Ҳаётини яхши томонга ўзгартираётган одамни ўтмишдаги хатолари, аввалги аҳволини эслатиб маломат қилишга ҳаққимиз йўқ!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Юборсанг Ўзингнинг ёнингга юбор,
Чақирсанг Ўзингнинг қошингга чақир.
Кўзимдан кетолмай саргашта ғубор,
Номингни айтганга нажот бор ахир.
Ёдинг-ла банди эт саркаш хаёлим,
Бошқани ўйламай, бошқани демай.
Соҳиби қудратим, Соҳибкамолим,
Ўзгани Ўзингдай севдирма – севмай.
Қўрқаман ёлғондан, қўрқаман чиндан,
Ҳаётбахш сўзларга тилимни бойла.
Тазарру – мендандир, мағфират – Сендан,
Раҳм айла, раҳм айла, яна раҳм айла.
Манглайга Ошиқ деб дастхат битиб қўй.
Тоабад дунёга ишқим тушмасин.
Муҳтожман, бундан-да муҳтож этиб қўй –
Ўзингдан бошқага ишим тушмасин.
Нуқтача бўлолмай қотдим қаршингда,
Осий ҳисларимни буткул даф этгин.
Вужудим бахшида, Руҳим бахшида,
Севгимни Севгингга мушарраф этгин.
2010
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
ТУШУНМОВЧИЛИК
Бўлди, йиғламайман, бўлди, кулмайман,
Юрагингни ортиқ этмайман безор.
Ўзимдан бошқани хафа қилмайман,
Ўзимдан ўзгага бермайман озор.
Кимларнинг кўнглига қараб кун кўрдим,
Ялиниб бормайман Бахтнинг ёнига.
Кулиб бахтсизларга халақит бердим,
Йиғлаб бахтлиларнинг тегдим жонига.
2006 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Шеърлавҳа
https://youtu.be/9IgbdxpXRwY
Календарга қараб ёзмайман,
Кўнглимнинг ўз тақвими бордир...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Уйғониш нақадар гўзалдир,
Тириклик лаззати беназир.
Созингнинг умрини узайтир,
Йўлингга ёғдулар мунтазир.
Қучоғин тўлдирмиш боғларга,
Бағритош эмасдир, бағритош.
Бир қара мўйсафид тоғларга,
То ҳануз боладай кўнгли ёш.
Cўқмоқлар абадий саволдир,
Қоялар – буюклик ошиғи.
Саболар ҳаётбахш наводир,
Жилғалар – муҳаббат қўшиғи.
Булутлар бўйнида арғимчоқ,
Турналар алқаган айём бу.
Қўлингдан келади яшамоқ,
Севгидай бебаҳо инъом бу.
Хаёлни қўй, оғир хаёлни,
Ярашмас бемаврид ўртансанг.
О, юрак, билмайсан заволни,
Баҳорга ўхшашни ўргансанг.
2010
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Баҳор шеърлари мана бу саҳифада.
#Кайфият #Лаҳзалар #Шеърлавҳа
Қўрқоқ бўлиб туғилмас одам,
Лек айланар нечун қўрқоққа?..
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Баҳор, юр, онамни борайлик йўқлаб,
Ишон, яхши кўриб қоласан уни.
Хушбўйлар сочилган қишлоқни алқа,
Кўзингни ачитмас аёз тутуни.
Йўллар қадамингга муштоқ, мунтазир,
Жилғаларни бунча соғинтирмасанг!
Кўклам, кўкламлигинг нимага арзир,
Кўнгилга илиқлик олиб кирмасанг?
Уйғониш – саодат, тириклик – неъмат,
Ариқлар бошини ялпизга ўра.
Келаси йилгача дийдор ғанимат,
Музтарин момодан бир бор ҳол сўра.
Ёмғирлар ёғдиргин, чанқоғи қонсин,
Томоғи қақраган далалар бўлса.
Варраклар учириб кўзи қувонсин,
Бола бўлолмаган болалар бўлса.
Ўтиб қўй навқирон нигоҳларидан,
Кўнглини чўктирма ўктам оғамнинг.
Барака тўкилсин бармоқларидан,
Қўлини сиқиб қўй деҳқон тоғамнинг.
Қалдирғоч кечикса, уйқуси қочган
Синглимни паришон айлама, Баҳор.
Сен ҳам ҳар меҳмонга бағрини очган
Онажон элимни алдама, Баҳор!
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Авлодлар манқурту малъун бўлмасин,
Ҳар ота-онага маърифат бергин...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Не ажабким, бошқасига ройиш бермас,
Кўнглим гулин ўзимдан ҳам қизғонаман...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
#Кайфият #Лаҳзалар
Шеърларни болажонларнинг ширин тилидан эшитиш гашти бошқача. Бирор жойда шеърларим болалар тилида янграса, кўнглим ёришиб, ажиб хаёлларга бериламан.
Бу сафар жиянчаларим Моҳларойим ва Мустафо шеърларимни ёддан ўқиб беришди. Янги китобингиздан бизга бермадингиз-ку, деб қўярда-қўймай сўраб олишганди. Кирилл ёзувини яхши биласизларми, десам, албатта, биламиз, дейишувди. Мустафо “Онам ёзолмаган шеър”ни, Моҳларойим “Ёшлик – хатоларнинг ватани ўзи”, “Бизни кечиради Ватан албатта” дея адашганлар қўшиғини айтяпти. Нима учун айнан шу шеърларни танладинглар, ким ўргатди, деб сўрасам, ўзимиз танладик, шулар кўпроқ ёқди-да, яна ёдлаганларимиз бор, дейишди.
Шундай пайтлари нима учун ёзаётганингни янада яхшироқ ҳис қиласан. Болаларга ҳам маъқул келадиган, энг муҳими, туйғулар тарбиясига ҳисса қўшадиган асарлар ёзолсак, қанийди...
Бир баҳонаи сабаб билан кўнгилга кўчган ёруғ кайфиятни сизга ҳам улашгим келди.
2018 йил, тармоқдаги қайдлардан.
P.S. Ҳозир шу жиянларим вояга етиб, кап-катта бўлиб қолишди. Онда-сонда кўраман-у, болалик дамларидаги қиёфалари кўз ўнгимдан кетмайди. Шу қоракўзлар камол топиб, севган касб-ҳунарларини эгаллаб, ота-онаси. оиласи билан хайрли, сермазмун ҳаёт кечиришини ва албатта эл-юртга нафи тегадиган инсонлар бўлишини жуда истайман. Эркаликлар даври ўтди энди...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Туйғулар
@Behzod_Fazliddin
ТЎҚИЛМАГАН ҲАЁТ
– Ҳадеб тўқиб ёзавермасдан, жойларга ҳам боринглар, жараённи ўрганинглар...
Раҳбарнинг бу гапи, негадир, айнан менга қарата айтилгандай бўлди. Мажлисдан чиқдик ҳамки, ёзиш кайфияти тарк этмади. Мухбирлигим тутиб кетди. Дарров қоғоз-қалам билан қуролландим.
– Тинчликми? – сўради хонадош ҳамкасбим.
– Бир айланиб келайлик-чи...
У ниятимни тушунгандай бўлди, чоғи, эътироз билдирди:
– Бе, қизишганда айтди-қўйди-да. Вақтингизни (пулингизни демоқчи) кетказиб нима қиласиз? Борсангиз ҳам ўша гап, бормасангиз ҳам...
Мен ҳам худди ҳамиша вақти тиғиз одамдай бўш келмадим:
– Ҳеч бўлмаса, ҳаво алмаштириб келамиз-да.
Мана, диққинафас хонадан чиқиб олдим. Бу ёғи – эркинлик. Ҳозир янги қурилган мактаблар ҳақида кўп гапириляпти. Бирортасига бораману кўрганларимни қоғозга тушираман. Қарабсизки, аканг ўргилсин мақола тайёр-да.
Йўлга тушдим. Яқин-атрофда мактаб дегани кўринавермади. Ниҳоят, сўраб-суриштириб битта умумтаълим даргоҳини топдим. (Қизиқ, нима учун айнан мактабга боргим келиб қолди?)
Агар ёзиб қўйилмаганида бирорта нуфузли ташкилотдир-да, деб адашиб ўтиб кетаверардим.
Дарс пайти бўлса керак, ҳеч ким кўринмайди. Бир қиз пайдо бўлди.
– Ассалому алайкум, – сўрашдим у билан.
– Яхшимисиз...
Ишга янги келган, шекилли, журналистлар билан гаплашишни билмайди-да.
– Мен газетаданман. Мактабингиз ҳақида ёзмоқчи эдим. Шунга...
– Ассалому алайкум! – қизнинг чеҳраси бир лаҳзада мутлақо бошқача қиёфага кирди. – Унда раҳбаримиз билан гаплаша қолинг. Юринг, хоналарини кўрсатаман.
Қиз мени башанг кийинган бир аёл билан учраштириб қўйди-ю, йўқолди-қолди. Бу опа мактаб раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари (буни қоғозга қараб ёзиб олдим) экан. Директори иш билан қаёққадир кетибди.
Опа мақсадимни билгач, мактаб ҳақида жўшиб ҳикоя қила бошлади. Нима деганини ўзи ҳам тушунмади, чамамда. Рус мактабида ўқиган эканми, ҳар икки гапнинг бирида ўрисча сўз қўшади.
– Ўқувчиларнинг ўзлари билан ҳам суҳбатлашайлик, – дедим сабрим чидамай.
– Ҳозир...
Беш дақиқа ўтар-ўтмай, опа ёнида бир бола ва қизча билан кириб келди: – Энг аълочи ўқувчиларимиз. Гаплашиб кўринг-чи...
Дастлаб қизча гап бошлади. Шеър ёдлагандай ифодали, дона-дона қилиб сўзлай кетди: “Мактабимизда ҳамма шароитлар етарли. Ўқитувчиларимиз бизга чин дилдан таълим-тарбия бермоқдалар. Уларнинг сабоқлари, албатта, бизга ҳамиша ёрдам беради. Биз ёшлар ҳам аъло ўқишимиз, намунали хулқимиз билан уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз...”
Турли саволлар билан суҳбат мавзусини ўзгартиришга ҳар қанча уринмай, бўлмади. Ҳар гапида опага қараб-қараб қўяётган қизча, ниҳоят, у кутган охирги гапни айтди: “Ватанга муносиб фарзанд бўламиз”.
– Сизга тенгдошларингизнинг қайси жиҳатлари ёқмайди? – жўрттага илмоқли савол ташладим гапиришга навбат кутиб турган ёнидаги болага.
– Тўғрисини айтаверайми? – деб сўради у.
– Ҳа-да, – дедим мен ҳам шошиб боланинг “тўғри” сўзидан жўяли бир фикр оларманми деб.
– Мени тенгдошларим ҳеч тушунишмайди, – катталардай хўрсинди у.
– Нега? – сўрадим баттар ажабланиб.
– Китобий тилда гапирасан, дейишади. Бу кўп китоб ўқиганимдан бўлса керак...
Хазина топган кишидай кўзларим чақнаб кетди: китоб ўқийдиган ёшлар бор экан-ку!
– Дейл Карнегини биласизми? – кутилмаганда мендан сўради бола. Тасдиқ жавобини олгач, давом этди: – Ҳозир унинг қандай қилиб дўстлар орттириш ва одамларга таъсир ўтказиш мумкинлиги хусусида ёзган китобини ўқияпман...
Бола, ҳақиқатан ҳам, китобий тилда гапирарди. Мухбир бўла туриб мен у айтган баъзи сўзларни мақолада ҳам ишлатмайман.
– Тенгдошларим ҳам ўқиса, изланса, дейман. Юртимизнинг келажаги билимли ёшлар қўлида...
Бояги қиздан фарқли ўлароқ у чиройли гапиришга бор эътиборини қаратганди. Ўртоқлари нима учун уни “тушунмагани”ни мана энди тушундим. Ҳафсалам пир бўлиб, опага юзландим: “Яна бошқа ўқувчиларингиз борми?”
Батафсил: https://www.facebook.com/behzod.fazliddin/posts/pfbid023mpcJkpc8KXjAJYTKza9ZygQH6qNVWWMuqwYNYM67LoD95z85q7Lxg6gteQ6tK2al
2009 йил
Беҳзод Фазлиддин
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Тўқилмаган #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin