1412
Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot
Ёлғонларнинг умри қисқа бўлмади,
Узун бўлмагандай ҳақнинг қўллари...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Шеърлавҳа #Эски_дардлар
ҲАР КУНГИ ТАВБА
Яна кўзларимга кучим етмади,
Яна юрагимнинг бошига етдим.
Яна яшамадим – вақтни ютмадим,
Ҳаёнинг олдидан ҳаёсиз ўтдим.
Ахир неча марта ишора қилдинг,
Ҳар битта заррангда юбординг ҳикмат.
Сен яна кўнглимга кирмоқчи бўлдинг,
Мен яна ўзимга қилмадим шафқат.
Юрагимни бошқа кимга ёраман?
Қанча кун ўлди – мен билмаган, билган.
Ахир ҳузурингга қандай бораман
Пўчоққа айланган йилларим билан!
Яна кўзларимга кучим етмади...
2006
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
***
Дўст-ёрнинг юзида малол бор гоҳи,
Кўзида таънали савол бор гоҳи,
Қай марднинг тамаъдан холи нигоҳи –
Бир Отам, биргина Онамдан бўлак?
Кўчамдан беғараз ўтмайди ҳеч ким,
Меҳр кўрмай меҳр тутмайди ҳеч ким,
Бекордан-бекорга кутмайди ҳеч ким –
Бир Отам, биргина Онамдан бўлак.
Жонлари ҳалакдир, сал қовоқ уйсам,
Адолар бўлгайдир, заррача куйсам,
Ким бошим силайди, пойига қўйсам,
Бир Отам, биргина Онамдан бўлак?
Ўзимнинг ўзимга келмайди раҳмим,
Шу оддий ҳикматга етмайди фаҳмим:
Аввал – Сен, бошқаси суймайди, Раббим,
Бир Отам, биргина Онамдан бўлак.
2010 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
***
Кўксимнинг оғриғи – шеъримга доя,
Бағрингдан қидириб юрибман Зиё.
Берган ғамларингга борми ниҳоя,
Кўзларимда нима ҳаққинг бор, Дунё?!
...Хаёлан тутаман қўлчаларингдан,
Юракка ботириб, сураман қалам.
Ҳали умидим кўп тилчаларингдан,
Ишқилиб, орзумга ўхшагин, болам!
2004 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
***
Bir kuni...
Sig‘mayin dunyoga,
Dil sizga zorlanib yotmaydi.
Men uchib ketarman samoga,
Baribir, qo‘lingiz yetmaydi.
Bir kuni...
Men oyga aylanib,
Ko‘k uzra siz tomon boqarman,
Sizga nur sochmoqqa shaylanib,
Samoda quyoshday balqarman.
Bir kuni...
Bag‘ridan qo‘ymasdan
Yulduzlar o‘padi yuzimdan.
So‘ng baxtga cho‘milib bexosdan
Sevinchlar yog‘ilar ko‘zimdan.
Bir kuni...
Sizga hech yoqmagan
She'rlarim o‘z qadrin topadi.
Qolmaydi havas-la boqmagan,
Dil armon eshigin yopadi.
Bir kuni...
O‘kinchning, alamning
Ipiga boylanib qolarsiz.
Shodligi tatimay olamning,
Baxt so‘rab yonimga kelarsiz.
Bir kuni...
2000-yil
© Behzod Fazliddin @Behzod_Fazliddin
“Bog‘laringdan ketmasin bahor” to‘plamidan (2000)
#Kayfiyat #Lahzalar #Eski_daftardan #Tushlaringdan_chiqib_keldim
***
Кун сайин бежосан ўзни тиёлмай,
Нопоку нобопни кўзинг қиёлмай,
Юзимга боқасан тағин уялмай,
Бунчалар беорсан,
эй, Кўзим?!
Ёлғонни ўйлайсан, ёлғон сўйлайсан,
Ҳаётим қўлингда – тўпдай ўйнайсан,
Бошимни балога қўйиб тўймайсан,
Бунчалар ғаддорсан,
эй, Сўзим?!
Ҳануз ҳолинг хароб, бўлмадинг обод,
Фарёдким, дастингдан мингдан-минг фарёд,
Охир ўз-ўзингни этгайсан барбод,
Бунчалар бадкорсан,
эй, Ўзим?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Эски_дардлар
Бадиий асар ўқимайдиган, ўқишни истамайдиган тил ва адабиёт ўқитувчиларини ҳам кўп кўрдик...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Коронавирус пандемияси сабаб бўлган карантин даври – ўзни ислоҳ қилиш, Китобга қайтиш учун катта бир имкон ҳам. Ишга, тирикчиликка муккасидан кетиб, ўзини ҳам унутиб қўйганлар учун эса бир оз тин олиш, ўз-ўзи ва сувдай оқиб бораётган ҳаёт ҳақида ўйлаб кўриш фурсати.
Лекин аксарият одамлар, барибир, бу имкондан фойдаланмайдими, деб қўрқасан. Қайтага кўпчилик кўнгилхушликнинг бошқа йўлларини қидириш билан овора. Ўқиш ё иш сабаб маълум вақт телефондан, ижтимоий тармоқлардан ноилож “узилиб” турадиган ёшларга-ку Худо берди...
Оилавий муҳит, фарзанд тарбияси масаласи эса алоҳида мавзу. Ўйлаб кўринг, охирги бор қачон болаларингиз билан дилдан суҳбатлашдингиз, ўқиши, тарбияси билан астойдил қизиқдингиз?
Ана, кенжатойингиз мактабга борар ёшга етди, лекин ҳали санашни билмайди. Акаси иккинчида ўқийди-ю, ҳамон ҳарфларни яхши танимайди, ёзишни эплолмайди. Аммо телефоннинг тит-питини чиқаради, турли видеоўйинларни маромига етказади, сериаллар сюжетини-ку оқизмай-томизмай айтиб беради...
Балодан ҳам ҳикмат ахтариш, синовли кунларда ўзимизни ўнглашни қачон ўрганар эканмиз-а...
P.S. 2020 йилги карантин кунлари шуларни кундаликка ёзиб қўйган, тармоққа ҳам жойлаган эканман. Айни дамлар яна шундай фикрлар хаёлдан ўтяпти. Барибир, аҳвол ўзгармаса керак...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Кундаликдан_қайдлар #Сизга_гапим_бор #Бу_ҳам_муҳим
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Ахир шу чоққача қаёқда эдинг,
Эй кўҳна латофат, эй инжа хилқат!
Юрак-юрагимни тўлдириб келдинг,
Кўзимга жо бўлди бир чимдим жаннат.
Тоғу тош, боғу роғ пешвоз йўлингга,
Дарахтлар саф тортмиш – қомати расо.
Узукдек ярашиб нозик қўлингга,
Ям-яшил нур сочар зумрадкўз дунё.
Яшнатиб манзурсан, яшнаб масрурсан,
Умримни тўлдирди муҳаббат куни.
Қанча гўзал бўлсанг, шу қадар ҳурсан,
Мен шундай озода руҳнинг мафтуни!
Борлиқни қуршамиш илоҳий бир ҳис,
Эҳ, азал нафаси келган малика!
Не тонгки, бахтим бут, қувончим тўкис,
Ҳаётим уйғундай мукаммалликка.
Тобора юксалар орзу кафтари,
Заминдан самога мужда илиниб.
Кўксимни қуёшга тутганим сари,
Тушуна боряпман олам тилини.
Юрак учмоққа шай қушга ўхшайди,
Куртаклар жилваси – энг гўзал ашъор,
Сен ҳам бир мўъжиза кўрсатгин, дейди
Дилга илҳом солган Буюк Ижодкор.
Туйғулар қўлимга гулқалам тутиб,
Юрак тошар дақиқ лаҳзалар аро.
Безавол номига қасида битиб,
“Барига шукур!” деб чекаман имзо.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Баҳор, бахт ва муҳаббат шеърларидан туркум фейсбук саҳифамизда
(#Сен_қачон_гуллайсан, #Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим, #Тушларингдан_чиқиб_келдим китобларидан.)
#Кайфият #Лаҳзалар #Шеърлавҳа
Жадидлар диний илмда ҳам чакана эмас эди...
***
Шунча вақт ичида янги бир Дунё яратса ҳам бўларди...
***
Омма, нари борса, ўртамиёналарни танийди ва тан олади. Улуғлар эса доим Ўзи билан ёлғиздир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Ўзлари танлов ўтказиб, ўзларини “ғолиб” қиладилар. Зўр-а?!
***
Фикр эгалари– озчилик, жуда озчилик дегани.
***
Кенглик қилиб бизга ҳам келсанг-чи, Кенглик!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Тамом!.. Бундай юрак ортиқ керакмас,
Осмонга отаман кўксимдан юлиб.
Хурмача қилиғин қилмас экан бас,
Қанча лаззатланди устимдан кулиб.
Ҳар он томирларим ўйнайди ёмон,
Бир бор қулоқ солмас холис сўзимга.
Бошимни кўтарсам, санчиқ беомон,
Тангадай кўринар олам кўзимга.
Ҳеч кимни қошига йўлатмайди-ку,
Такаббур соқчилар қўйган қасрига.
Қандай адолатсиз, золим ҳоким бу,
Косам оқармайди унинг касрига.
Қадами кўкка ҳам кўп оғир ботди,
Ойдай юлдузларнинг ёрди бошини.
Осмон тутаб, қайта ўзимга отди
Кўксимнинг увада қора тошини...
2008
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
Шу чиркин матоҳга борми учмаган?
Барининг онгига ғубор сачраган.
Бойликни кир қоғоз билан ўлчаган
Тўдага тескари боқишни ўргат.
Бу йўлда юзини йўқотган кўпдир,
Илдизу изини йўқотган кўпдир,
Энг керак сўзини йўқотган кўпдир,
Аларнинг сафидан чиқишни ўргат.
Дарёлар бағрига сиғмас жилғаман,
Бирда сокин эсам, бирда долғаман,
Лойқа ҳислар билан тағин булғамай,
Тубигача тиниқ оқишни ўргат.
Тошларнинг кўнглига бир бор қўл солсам,
Ранжима, қошингга пича кеч қолсам,
Адашиб-адашиб йўл топиб олсам,
Юракдан чангларни қоқишни ўргат.
Ўзингга, Ўзингга ёқишни ўргат!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
Балосиз – гўёки ғамимни ейсиз,
Заҳардан ўткирроқ чой бериб қўйиб.
Тортинмай бемалол ўтиринг, дейсиз,
Игнанинг учидан жой бериб қўйиб.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
Бундан буёғига бодомлар бедор,
Бундан буёғига бутоқлар бежо.
Балоғат бўйлаган боғларда баҳор,
Бунчалар беқиёс, бунчалар барно!
Кела қол, новдалар қўймасин гуллаб,
Яшнамоқ фаслини ўзинг бошлаб бер.
Қадаминг тафтидан ёнсин ловуллаб,
Интизор йўлларга нигоҳ ташлаб бер.
Бежиз лаб очишга ошиқма бир дам,
Ҳали фурсат бордир хайру хўшларга;
Гулларга сабоқ бер вафо илмидан,
Муҳаббат қўшиғин ўргат қушларга.
Бўйларинг атрига ғунчалар хумор,
Нафасингни сезиб тонглар жилмайди.
Оний табассуминг каби бетакрор –
Бу баҳор, бу баҳор қайтиб келмайди!
Кўзларим қаърига кўмилар олам,
Дилни даста-даста ашъор этган – Сен.
Сен каби яшнашни билмайди кўклам,
Кел энди, баҳорни баҳор этган – Сен.
2010 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Ўлгудай артистпараст халқмиз-да. На бу дунё, на у дунёмиз учун фойдасиз нағмаларга маҳлиё бўлиб, артистга топинар даражада талпинамиз.
Худо ўнглагур бу феълимиз ўзимизга жуда қимматга тушмасайди. Шундай бўляпти ҳам.
Бу фожиамизни ҳали-бери англаб етмасак керак...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Дала-даштда чопқиллаб, қир-адирда қўлида китоб билан қўй боқиб ширин хаёллар суриб юрган боладан-да бахтли одам бормикан?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Енгиллашган сари оғирдир ҳаёт...
***
Гар Сен асрамасанг, асранмоқ бекор...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
«Ватаним, ватаним!» дерлар,
Сўнг Ватанни бўлиб-бўлиб ерлар...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Бозорда кўнгилга бало борми!
***
“Ҳамма мени яхши кўриши керак” – мана унинг энг катта хатоси.
***
Биров учун ўзини қийнай олмайдиган кишидан дўст чиқиши... Билмадим, мен бунга ишонмайман.
***
Агар шулар “кам таъминланган” бўлса, бизни гадой деб атайверса ҳам бўларкан.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Ғажишга шай турган бўриларни ҳам
Чақиргим келади биродарликка...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Эски_дардлар
***
Чиқиб кетса эди шу иблис қондан,
Сўнг топа олмаса мангуга изим.
Бир Ҳаёт бошласам ўшал ҳур ондан,
Ўз олдимда шувут бўлмаса юзим.
Қайтадан тозарсам – севсам қайтадан,
Чалғитмаса машъум хаёллар бир зум,
Арш сари зиналар қўйсам тавбадан,
Саодат асрини эслатса умрим...
2010
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Хафа бўлишга арзимайдиган одамга айланиб қолишнинг ўзи хафа бўлишга арзийди.
***
Қўрқоқликдан кўра номардлик аянчлироқдир.
***
Жонга ишонч йўқ. Яшашга шошилайлик!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Қалбимга бир боқиб кўр,
Ёмонга ўхшайманми?
Кўзимда бир оқиб кўр,
Уммонга ўхшайманми?
Кимларни деб чекиндим,
Ўз-ўзимдан ўкиндим,
Авжи кўклам тўкилдим,
Хазонга ўхшайманми?
Замин менга хўброқдир –
Руҳим Ерга ўртоқдир,
Бору йўғим туфроқдир,
Осмонга ўхшайманми?
Изларимни қувлама,
Сўзларимни овлама,
Қўй, дардимни кавлама,
Арзонга ўхшайманми?
Бу дунёнинг лаззати –
У дунёнинг ҳасрати,
Шу ҳолимда ҳазрати
Инсонга ўхшайманми?!
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Эски_дардлар
***
Занжирлар узилса, кишанлар синса,
Ортиқ юкунмасанг шу эски тосга.
Ўзлигин йўқотган руҳга файз инса,
Умрингни буркасанг боқий ихлосга.
Шояд, ўз номини унутса хаёл –
Ҳақиқатга дўнса бой тасаввурлар.
Дунёни муҳаббат айласа ишғол,
Замин чеҳрасидан ёғилса нурлар.
Қалб кўзин фикратга эш қилиб боқсанг,
Нигоҳингнинг ўзи улуғ шеър бўлса.
Энг кўҳна ҳикматлар мағзини чақсанг,
Эҳсонга айланса, дил не дер бўлса.
Яшасанг, шу кўйи яшасанг мудом,
Ҳаёт китобида зарҳал битикдай.
Ўлим-да мард бўлса, қилмаса ғирром,
Юрганга яраша юрсанг тирикдай…
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
«Наманган ҳақиқати» газетасининг янги (2026 йил 26 март) сонида Беҳзод Фазлиддин ижоди ва ҳаёти ҳақида мақола чоп этилди.
Таҳририят жамоаси ва муаллиф Лобар Рустамовага ташаккур.
Беҳзод Фазлиддин – водий фарзанди. 1983 йил 20 сентябрда Чуст туманидаги Дамобод қишлоғида туғилган.
Дастлабки ижод намуналари «Чуст ҳақиқати», «Суҳбатдош», «Наманган ҳақиқати», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Маърифат», «Туркистон», «Ёшлик» каби матбуот нашрларида эълон қилинган.
2001 йилдан буён Тошкентда яшаб-ижод қилади.
#Кайфият #Лаҳзалар #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
Мени китоблар билан холи қолдиринг!
Ора-сирада емак учун ул-бул тутиб турсангиз, бас.
***
Сил бўлишга арзимас дунё...
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Бегонамиз дунёга мутлақ,
Бизни китоб “бузди”, биродар...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Мопассанга майли-да десанг, Чеховни ҳам инглиз тилидан (?!) таржима қилиб, нашр этишяпти. Шунинг ўзи ҳам савод-даражамизни кўрсатиб турибди...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin
Жонимизни Жабборга бериб қилаётган ишларимиз кўпроқ ҳарфхўрлик тусини олаётгандек...
***
Одамларнинг оғзига қараб юрсанг, йўлингни йўқотиб қўясан.
***
Иложсизлик иложини топади.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin