behzod_fazliddin | Unsorted

Telegram-канал behzod_fazliddin - Behzod Fazliddin

1412

Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot

Subscribe to a channel

Behzod Fazliddin

ДЎСТ

Мени телбаларча қўмсар Ёлғизлик,
Кўзлари йўлимда илҳақ, нигорон.
Уни ҳам ҳар кўйга солар ёрсизлик,
Шуниси ёмон-да, шуниси ёмон.

Нечундир бу ҳолга осон кўникдим,
Кўнглим чопар унинг кўнглин олгани.
Ёнингга бормасам, кечир, севиклим,
Қўрқади Ёлғизлик ёлғиз қолгани.

2008 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Илончалар чақиб олди тилларимни,
Тангрим дилга солаверди, солаверди...

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Эски_дафтардан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Дўстинг кўпми, демак, дўстинг йўқ.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Шунчалар ишондим, келдим суяниб –
Ҳаққа элтгаймикан ҳақиқатларим?!


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

МАЙЛ

Бу қандай бедодлик, бу қандай исён –
Ўз соям ўзимни ютаман, дейди.
Менмас, ичимдаги махлуқ, Художон,
Дунёнинг тагига етаман, дейди.

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

“УЧЛИК”ЛАРИМ

Сўқирнинг қўлига шам берма, дедим,
Ҳаёт кафгирига дам берма, дедим,
Мендан бошқасига ғам берма, дедим.

***
Соядай қадамим пойлайди Гуноҳ,
Мени ўзимдан кўп ўйлайди Гуноҳ,
Нимага яшашга қўймайди Гуноҳ?!

***
Товланишни бас қил, зарга оғмайман,
Шеър билан овутма, сўзга сиғмайман,
Мен йиғлай олмаслар учун йиғлайман.

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Қўрқмайсизми, тушингизга кирмай қўйсам,
Хаёлингиз билан суҳбат қурмай қўйсам,
Кўнглингизнинг кўчасида юрмай қўйсам,
Қўрқмайсизми?

Борлигимни биласиз-у, билмасдайсиз,
Зорлигимни биласиз-у, билмасдайсиз,
Муштоқсиз-у, лек назарга илмасдайсиз,
Билмасдайсиз.

Кунни тунга, тунни кунга айлантирдим,
Кўзларимни ўчмас унга айлантирдим,
Дил шўрликни бир мажнунга айлантирдим,
Ўйлантирдим.

Атиргулнинг япроғидан тикони кўп,
Яратганнинг биз билмаган ирфони кўп,
Омон бўлсак, яшамакнинг имкони кўп,
Имкони кўп...

2010

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Тушларингдан_чиқиб_келдим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Сизни яратгандан мени қизғонманг,
Келинг, ул Яктони севайлик бирга.
Беҳуда ўртанманг, бекорга ёнманг,
Азиз умримизни ўрайлик нурга.

Борлигингиз – хаста руҳимга далда,
Ҳамма суйган Ёрдан рашк қилмак... Нега?
Ахир ўзингиз ҳам билмаган ҳолда
Худони эслатиб турасиз менга.

Лойимни пишириб борар оловлар,
Барча юлдузларга ўзим бошлиқман.
Ҳушидан айрилиб суйса бировлар,
Мен севиб ақлини топган ошиқман.

Бизни яратгандан мени қизғонманг,
Ой ул Ёр ишқида сархуш фалакда.
Беҳуда ўртанманг, бекорга ёнманг,
Асрайлик, асрайлик Уни юракда.

2007

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Тушларингдан_чиқиб_келдим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

...Халқми шу, бировнинг ҳақини гизлаб,
беш-ўнни юлишни пойлаб турганлар?
Халқми шу, нуроний сиймолар қолиб,
сохта сумбатларни сийлаб турганлар?

Халқми шу, хаёлу орзуларини
ўзидан баландроқ тиклолмаганлар?
Халқми шу, халқининг номидан сўзлаб,
мингдан бир ваъдасин оқлолмаганлар?

Халқ улким, ўзининг пешонасида
юлдузлар борини сезса, қувонса!
Халқ улким, ғурури бўлса ўзида,
асилга ишонса, сохтадан тонса!..

© Омон Матжон

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Шу бир парча Қуёш. Тупроқ. Ҳаво. Сув.
Яна нима керак бахтли бўлгани?
Нега бунча катта кетади Орзу?
Вақтнинг фурсати йўқ қулоқ солгани.

Қанотлари ёниб ўйнар капалак,
Муваққат гўзаллик кун ўтмай бежон.
Юрак осмонида ҳислар камалак,
Эрта-индин бошқа туйғулар меҳмон.

Мавҳум бўшлиқларга узанган қўллар,
Сароб сарҳадида кўринмас охир.
Зардоб йиғиб борар мажруҳ кўнгиллар,
Аҳволи оғирдир, аҳволи оғир.

Балки, шу ташвишда кексайди Очун...
Ҳассаси неча бор йўқолар кўрнинг?
Буюк қарзимизни эслатиш учун
Силкиниб қўйгани етмасми Ернинг?

2008

© Беҳзод Фазлиддин  @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
то ҳануз жумбоққа ўхшайди умрим
то ҳануз улгуриб бўлмас яшашга
то ҳануз кўзимда эзғиланар қум
то ҳануз нўноқман ўзни асрашга

наҳотки ҳаёт шу, тириклик шудир
наҳотки умрбод ўртанмак – қисмат
наҳотки мўъжиза бўлмайди содир
наҳотки тоабад чўзилгай ҳижрат

билмайман, бу бошда яна не савдо
билмайман, не жиндир жонда рақс тушган
билмайман, билишдан надир муддао
билмайман, руҳ қуши қаёққа учган

то ҳануз…
наҳотки…
билмайман…

2012

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ЮҚОРИ

Мана, ўша чўққига чиқдим,
Шилинса ҳам қўлу оёғим.
Наҳот шунга шунча ошиқдим,
Қандай кечар экан бу ёғи?

Ҳамма гаплар ортимда қолди,
(Олдиндадир савол-жавоби.)
Ерга тушар йўллар йўқолди,
Тинч қўймайди қайтиш азоби.

Шу тепага боримни тикдим,
Юрагимга кўп етди шикаст.
Булутларга қараб зерикдим,
Боз устига, ҳарорат ҳам паст.

Шу ерда ҳам ташвишдадир жон,
Ғам бунда ҳам яшар экан-ку.
Ўша-ўша экан-ку осмон,
Дунё ўша-ўша экан-ку!

2008 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Умринг чирпиракдир мисоли хазон,
Ватанда ватансиз изғийсан ҳануз...

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ҳар лаҳзада ўзгариш эҳтимоли бор бугунги қаҳрамонлар, замонамиз оддийларию мураккаблари ҳақида хулоса қилиш, бошқаларни улар сари чорлашдан тийиламиз.

Асосий эътиборни неча юзйилликлар, қанча қадриятлар қаъридан ёруғ из ила омон ўтиб келаётган улуғ шахслар – башарият юлдузлари, миллат мунавварларига қаратамиз.

Зотан, ўрганиш ва эргашишга ана ўшалар муносиб ва арзирлироқдир.

Ҳар ишда, ҳар қандай ҳолатда иқтидо этишимиз учун энг муносиб зот эса, шубҳасиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Йўл-йўлакай ажойиб фикрлар туғилиши, чақноқ сатрлар дунёга келиши мумкин, бироқ йўл-йўлакай, қўл учида яхлит БАДИИЙ АСАР яратиб бўлмайди.

Ижоднинг ҳар қандай турига жиддий ёндашилмас, профессионал даражада шуғулланилмас экан, овозимиз қўшни маҳаллага ҳам етиб бормайди.

Интернетда шовқин кўтараётган ёшлар-ку, майли, ҳали ёшдир, десанг, катта-катта шоир-ёзувчилар, унвондор адибу санъаткорлар ҳам бадиий ижодга йўл-йўлакай, жуда енгил қараётгани, шу тариқа битилган жўн ёзилдиқлари билан адабиёт, санъат даъво қилаётганидан доғсан киши...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

«Юқоридагилар нима деса, шу-да!»
Шуйтиб ўзимизни ўзимиз хароб қиламиз.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

"Олий аттестация комиссияси 2012 йилда бошлаган ислоҳотлари дунёнинг ҳеч бир диёрида учрамаса керак. Илмий даража олиш тартиби, низоми ва шартларига қарийб ҳар ойда ўзгартириш, янгилашлар қўшилди. Илмга чанқоқ ёш йигит-қизлар у ёқда турсин, кўпни кўрган устозлар ҳам гангиб қолди. Ислоҳот – ислоҳот учун тусини олди. Оқибатда илмий тадқиқот ишлари пароканда бўлди, илмий салоҳият жаҳон мезонлари тугул, ўзимиз эришган даражалардан-да пасайиб кетди. Академия шундай вазиятда нима каромат кўрсатди?
Шўролар даври республикамиз Фанлар академиясида қусурлар бўлса бўлгандир, лекин унда ҳаракатдаги жараён бор эди. Салобат, нуфуз баланд эди. Кимё, физика, математика, кибернетика, геология, астрономия, сейсмология, иқтисод йўналишидаги илмий текшириш институтларини оласизми, тарих, фалсафа ва ҳуқуқ, тил ва адабиёт, шарқшунослик сингари институтларни оласизми, уларнинг ҳар бири улкан илмий изланишлар “мамлакат”ига қиёс этгулик мавқега эга эди. Хизмат тақозосига кўра (бир неча йил академия муассислигидаги “Фан ва турмуш” журнали таҳририятида фаолият юритганимдан фахрланаман) ўз даврининг улкан фан дарғалари билан яқиндан танишиш, суҳбатлашиш насиб этган – Обид Содиқов, Ёлқин Тўрақулов, Саъди Сирожиддинов, Восил Қобулов, Иброҳим Ҳамробоев, Собир Юнусов, Содиқ Азимов, Обид Акрамхўжаев, Ҳамдам Усмонов, Абдуманнон Раҳимжонов, Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов, Мирҳожи Асқаров, Раҳим Бекжонов, шунингдек, қанчадан-қанча мухбир-аъзолар, фан докторлари... Ҳар бир академик алоҳида бир дунё, шахмат лаҳжасида айтганда, залворли фигура эди. Академикнинг салобати босарди, ҳузурига кириб борганда ёки қўққис рўпара келганда, тасаввур қилайлик, у қандайдир ғаройиб аура – зирҳ билан муҳофазалангандек туюларди. Фалончи академик билан кўришдим, суҳбатлашдим, мақоласини журналга тайёрладим, деб фахрланардик. Журналхонлар фалончи академик билан суҳбатлашибсиз-а, деб ҳавас қилишарди биз мухбирларга..."

Хуршид Дўстмуҳаммад

#Иқтибос #Жамият_ва_маънавият #Ижод_ва_эътиқод

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ХУДО БЕРГАН ЎҒЛИМ

Куйсам, мендан кўпроқ куяди отам,
Қувонсам, бахт тожин кияди отам,
Суйса ҳам бир ширин суяди отам:
“Худо берган ўғлим, худодод ўғлим!”

Юрагини титиб топгани – дуо,
Тотли забонидан ўпгани – дуо,
Қалбимга нур қилиб сепгани – дуо:
“Худо берган ўғлим, худодод ўғлим!”

Офтоб, бунча ҳавас қилавермасанг,
Юлдуз, мунча бағринг тилавермасанг,
Ёки суймайдими шундай деб отанг:
“Худо берган ўғлим, худодод ўғлим!”

Шул зот ҳаётимга беради маъно,
Тилимдан бол томиб, ёғади дуо,
Ҳар бир ота суйсин ўғлин, илоё:
“Худо берган ўғлим, худодод ўғлим!”

2001 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кайфият #Эски_дафтардан

#Онамнинг_кўнглига_кетамиз китобидан (2003)

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

– Ёшлигим сиздамиди?
– Йўқ, Тафаккурингиз менда?
– Маърифатингизни бериб туринг.
– Ҳидоят олиб келдингизми?
– Илтимос, Ҳурриятингизни ҳам ташлаб кетинг.

(Ўзаро суҳбатимиздан.)

Афсус, сўзлашувда қўштирноқ йўқ-да. Бўлмаса, гап газета-журналлар ҳақида кетаётганини тушунтириб ўтиришга ҳожат бормикан... Бу-ку бир кулиб қўйгулик ҳол. Лекин кун келиб мана бу қўштирноқсиз тирноқли саволларга жавоб беришга тўғри келади:

Ёшлик қани?
Қани Тафаккур?
Маърифат қаерда?
Ҳидоят-чи?
Ҳурриятни нима қилдингиз?..


#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дафтардан

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Кўча одамлари билан кўча тилида гаплашавериб виждон ҳам кўчабезорига айланиб қолмаса бўлди.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ёзмайдиган, ёзолмайдиган “олим”лар диссертацияни қандай ёзган экан?.. Илмий мақола тугул, тузукроқ жумла ҳам ёза олмайдиган “ёш олим”лардан-ку аллақачон ҳафсала пир бўлган. Кўчирмакашликни айтмайсизми!

Яқинда бир “олим” – фан доктори нашр учун мақола берди. Рус тилида. “Уч кун бош кўтармай ёздим, фандаги катта бир янгилик ҳақида”, – дейди. “Бўлмаса, бир ўқиб кўрайлик”, – дея олиб қолдик. Мақолани кўздан кечирар эканман, одатдаги қолипга солинган мужмал ва ўта ғализ “илмий” гаплар ўрнига кўрганим – яхши бир услуб, равон жумлалардан ҳайратландим. Алламбало тилдаги бошоғриқ материалларга кўникиб кетганмиз-да. Негадир кўнглимда “Кўчирмаганмикан” деган шубҳа уйғонди. Дарров мақоладаги исталган бир жумлани интернетдан қидирувга бердим. Воажаб, бутун бошли ўхшаш бир мақола сарлавҳаси билан чиқиб турибди-ку! Солиштириб кўрсам, жумлама-жумла, сўзма-сўз тўғри келяпти. Ҳатто тиниш белгиларигача “ўғирланган”...

Бу, аввало, илмга нисбатан ҳурматсизликдир. Ўзини-ку, ҳурмат қилмаса керак, акс ҳолда, бундай ишга қўл урмас эди. Бу олимлик эмас, шармандаликдир.

Бу ўринда гап фақат кўчирмакашлик ҳақида кетмаяпти. Кўпчилик "олим"у "доктор"ларда ёзув малакаси шаклланмаган. Баъзилари-ку умуман мақола ёза олмайди. Яна "Илмий мақола" бор эди, чиқаришга ёрдамлашасизларми?" деб қўймайди. Юмалоқ-ёстиқ қилиб тайёрланган битирув малакавий ишларию магистрлик диссертациялари ҳақида гапирмай қўя қолайлик...

P.S. Аҳли илм ва, албатта, фан докторлари орасида ҳалол, изланувчан, янги фикрга ташна олим инсонлар ҳам кўп эканини биламан ва бу гаплар уларга оғир ботмайди, деб умид қиламан. Ахир тўғрисиям шу-да: бунақа “олғир”лар илм-фан соҳасида ҳам кўпайиб кетмадими?!

04.01.2017

Неча йиллар давомида бу мавзуда ижтимоий тармоқларда ҳам кўп ёзган эканман. Кўчирмачиликка мактаб давриданоқ қарши туриш зарур. Бу борада қанча гаплар бор яна...
Илму ижод ўғриларига кескин чора кўрилмас экан, аҳвол бундан-да ёмонлашаверади...

#Плагиатга_қаршимиз
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар  #Сизга_гапим_бор

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Сингадиган жойга сув сепган яхши, деган экан эскилар.

***
Борган сари одамларнинг гап-сўзига эмас, ишига қараб баҳо берадиган бўляпман; чиройли сўзлари амали билан боғланганларни кам кўрдим, жуда кам кўрдим.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ён-атрофингда фикрлашадиган бирор одам йўқлиги ҳам бахтсизликдир.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

“Шеър ёзаман, шоирман”, дейди. Аммо ёзганларида ғиж-ғиж хато. На сўзга ҳурмат, на ўқувчига. Савод ҳамин қадар. Жиндай истеъдод учқуни бўлса бордир, лекин ўқиш, изланишдан асар ҳам йўқ. Даъво эса бир олам!

Ўз она тилини яхши билмаган, изланмаган, ўқиб-ўрганмайдиганларнинг яхши шеър ёзишига шахсан мен ишонмайман. Яна бошқа муҳим жиҳатларни айтиб ўтирмадим.

Афсуски, кўпчилигимиз шеър ёзиш билан шунчаки гап тўқишни фарқлай олмайдиган бўлиб қолдик...

P.S. Шунақа нарсалар ёзгинг келмайди-ю, кимларгадир яхши маънода таъсири бўлар, дея умидланасан...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Доим “Бизнинг гапимиз билан нима ўзгаради?” деб ҳаммасига қўл силтаган бўламиз. Жамиятдаги иллатларни таг-туги билан йўқ қилиш қўлимиздан келмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда, уларни ёмон кўришимиз, тоқат қилолмаслигимиз, маънавий хасталикка рози бўлмаслигимизни билдириб турайлик.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Одамларга ёқиш осон. Ишонмасангиз, уларни мақтаб кўринг.
Одамларга ёқмаслик ундан ҳам осон. Ишонмасангиз, уларни танқид қилиб, фикрларига қарши чиқиб кўринг.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Тўғрини ҳам, ўғрини ҳам олқишлайверадиган омма қарсакларига ишонаверманг.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Юрак эканимни эслатиб турар,
Шу ёруғ Дунёнинг борига шукур.
..

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ҲАДИК

Нафасимни вақтга чақиб бер,
Нимам қолди абадиятга?
Ҳар гуноҳим бўлди битта шеър,
Жафо қилдим адабиётга.

Муштоқ қилди тоза бир нафас,
Бор ғамларни кўзга олдим мен.
Гулни эмас, булбулни эмас,
Тупроқларни шеърга солдим мен.

Совуқ ўйлар... Юрагим музлар,
Қачон обод бўлар Дилкаъбам?
Мени алдаб кетмасми сўзлар,
Авлодларга етарми тавбам?!

2006 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Бечора ошиқни қилма маломат,
Севганни айбситма, севмагандан қўрқ.

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…
Subscribe to a channel