behzod_fazliddin | Unsorted

Telegram-канал behzod_fazliddin - Behzod Fazliddin

1412

Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot

Subscribe to a channel

Behzod Fazliddin

Ўзига нима ёқмаса ё кимда қасди бўлса, ўшани “танқид” қилиб чиқадиган “журналист”лар тоифаси бор. Интернетда уларнинг уруғи баттар кўпайган. Ёзганларида шахсий манфаат, бирёқламалик, нуқул ўзини тўғри, бошқаларни ноҳақ деб кўрсатишга уриниш яққол сезилади. Холислик, жамоат фикрини ўрганиш, касб этикаси каби тушунчалар бундайларнинг тушига ҳам кирмаса керак. Тили ҳам алламбало – кўпи кўча гаплари.

Масалан, бир ташкилот унинг ишини битириб бермади ёки кимдир кўзига ёмон кўриниб қолди. Ёинки арзон бир ошхонага кирди-да, хизматчилар муомаласидан кўнгли тўлмади, дейлик. Дарров “мақола” тайёр – сарлавҳаси ҳам одамнинг қитиқ патига тегадиган. Энг ёмони, бундайлар шахсий адоват бадбўйи келиб турган ёзилдиқларини миллат тақдирига дахлдордек қилиб кўрсатмоқчи бўлади...

Бир қарашда гўё халқ дарди, жамият муаммоларини ҳис қилиб айтилаётгандек бу чиқишлар азага бориб ўз дардини айтиб йиғлайдиган хотинлар нағмасидан кам фарқ қилади. Аксига олиб, бунақа “жўшиш”ларни қаҳрамонлик, жасорат дея талқин қилаётганлар ҳам кўп. Отарчиларни реклама қилишга “ихтисослашган журналист”лар, миш-мишу иғво эвазига кун кечирадиган айрим мухбирлар ҳам шу тоифадан кам фарқ қилади.

Жамият, халқ бундай “журналистика”дан ҳеч қандай манфаат кўрмайди. Бу журналистика эмас, муттаҳамлик, бу журналистика эмас, шаллақиликдир!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим #Эски_дардлар

@Behzod_Fazliddin

https://www.facebook.com/100003319579634/posts/1590130057774298/

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Қоғозни қоралаб нима қиламан,
Шеърга арзимайди куйдирганларим...

#Эски_дафтардан

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

“Биз очилдик” эмас, ҳеч бўлмаса, “Биз ишга тушдик!” ё “Биз иш бошладик!” деб ёзинглар, барака топкурлар!

#Йўл_йўлакай #Бу_ҳам_муҳим #Тил_тақдири

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Тил билиш бу ҳали яхши фикрлаш дегани эмас.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Мени китоблар билан холи қолдиринг!
Ора-сирада емак учун ул-бул тутиб турсангиз, бас.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Токи инсоний муносабатлар, ўзаро муросаю мадорани мустаҳкамламас экансиз, ақлингиз, иқтидорингиз ўзингизга қарши, зарарингизга ишлайверади.

Муҳитга кўр-кўрона мослашиш – бу энди бошқа масала.

Афсуски, бизда кўпинча машъум мослашувчанликка ўргатишади. Ана ундан кейин одам муросага ҳам кўнмайдиган бўлиб қолади.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Эски ҳақиқат:
Даъвогар суст бўлса, қози муттаҳам бўлади.

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Юборсанг Ўзингнинг ёнингга юбор,
Чақирсанг Ўзингнинг қошингга чақир.
Кўзимдан кетолмай саргашта ғубор,
Номингни айтганга нажот бор ахир.

Ёдинг-ла банди эт саркаш хаёлим,
Бошқани ўйламай, бошқани демай.
Соҳиби қудратим, Соҳибкамолим,
Ўзгани Ўзингдай севдирма – севмай.

Қўрқаман ёлғондан, қўрқаман чиндан,
Ҳаётбахш сўзларга тилимни бойла.
Тазарру – мендандир, мағфират – Сендан,
Раҳм айла, раҳм айла, яна раҳм айла.

Манглайга Ошиқ деб дастхат битиб қўй.
Тоабад дунёга ишқим тушмасин.
Муҳтожман, бундан-да муҳтож этиб қўй –
Ўзингдан бошқага ишим тушмасин.

Нуқтача бўлолмай қотдим қаршингда,
Осий ҳисларимни буткул даф этгин.
Вужудим бахшида, Руҳим бахшида,
Севгимни Севгингга мушарраф этгин.

2010 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Бунча катта кетмасанг, Ҳақиқат,
барибир, сотиласан-ку!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

“Гулистон”да ишлар эдим. Маҳмуд Саъдий деган ходимимиз бозорда китоб айирбошлаётган экан, милиция ушлаб олиб кетибди. У жуда билимдон, китобхўр; биз уни Шайх деб атар эдик…
Менинг илтимосим билан милиционер идорага келди, ёшгина лейтенант экан.
Гапни узоқдан бошламоқчи бўлдим:
– Ибн Сино Бухоронинг китоб растасида Форобийнинг Арастуга шарҳларини топиб олганда хурсандчилигидан бир зумга ҳушини йўқотган экан…

– Форобий деган шоирни эшитганман, у ҳам сизда ишлайдими?

– Йўқ, бизда фақат Шайх Саъдий ишлайди.

Ҳазил-мутойиба ўтмади. Аниқ гап қилдим:
– Бу йигит уйланганида келинни ошхонага тушириб келган. Чунки уч хонали уйининг ҳамма хоналари лиқ тўла қитоб бўлган. У шунақа китоб жинниси.

– Жиннилигига справкаси борми?

Асқад Мухтор “Тундаликлар”идан.

#Иқтибос #Устозлар #Ижод_ва_эътиқод

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Худойим, барибир, раҳмим келади
Ўзига сиғинган “худоча”ларга...

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Эски_дафтардан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Бошқаларнинг вақтига жуда кўп хиёнат қиламиз.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

#Иқтибос

ҲИЛМ

Ҳилм деб бўлар-бўлмас ишга аччиғланмайдурган, арслон юракли, юмшоқ табиатли бўлмоқни айтилур.
Ҳилм инсонларнинг табъидан хусумат, адоват, ғазаб, ҳиддат каби ёмон хулқларни йўқ қиладурган ҳар кимча мақбул бир сифатдур.

Ҳилм илми ахлоқ юзасидан инсонга энг керакли нарсадур.

Нафснинг роҳати, қалбнинг матонати, фикрнинг саломати, виждоннинг ҳаловати ҳалим табиат бўлмоқ ила ҳосил бўлур. Чунки ҳалим кишилар ҳар қанча қувват ва қудрат соҳиби бўлса ҳам, ўзидан ожиз кишиларга шиддат ила муомала қилмас. Фикри саломат кишиларнинг қалби ҳалим, табъи карим ўлур. Зероки, вужудимиздан пайдо бўладирган афъол ва ҳаракотимизнинг манбайи ҳавас ва орзудур. Бу ҳавас ва орзуга фақат ҳилм ила ғолиб келурмиз ва бу васила ила тўғри йўлга кируб, яхши хулқ соҳиби, дин ва миллат ходимларидан бўлурмиз.

Дунёда чин инсон бўлмак учун ҳаваснинг қўлига нафснинг жиловини бермайдирган, бўлар-бўлмас нарсалардан аччиғланмайдурган, совуққонли, юмшоқ табиатли, мулойим сўзли, ҳалим ва сабрли бўлмак лозимдур...

Расули акрам набиййи муҳтарам афандимиз: «Алҳилму саййидал ахлоқ – Ҳилм хулқларнинг саййидидур», – демишлар.

Суқрот ҳаким: «Шиддат ила муомала қилган кишиларга ман виқор ва ҳалимлик ила муқобила қилурман, чунки ҳилм шиддатни, хусуматни паст қилур. Лекин кишини ожиз ва хорлик даражасига тушурадурган ҳалимликдан ман безор», – демиш.

Бу сўзга қараганда, саховатнинг ифроти исроф ўлдиғи каби ўринсиз ерда ҳилм истеъмол қилмак инсоннинг виқор ва эътиборини поймол қилур. Шунинг учун ҳилмият ҳудудидан – чегарасидан чиқмай, ғазаб, ҳиддат каби ерларда ҳилм истеъмол қилуб, нафснинг ҳароратини паст қилмолидур. Лекин тепса тебранмайдурган, туртса тинг этмайдиган бўлуб, ғайрат, шижоат ўринларига ҳам мулойимлик ишлатув ҳалимлик ҳудудидан ошуб, бўшлик, анқовлик дунёсига чиқмакдур. Бундай ҳалимликдан қочмак, ҳазар қилмак керак...

Абдулла Авлоний

“Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ”дан.


#Миллат_мунавварлари

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ҳар хил экстрасенсу азайимхонларнинг айби йўқ: улар алдангиси келганларни алдайди.

© Асқад Мухтор

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Қўйиб берсанг, қотилнинг ҳам ўз ҳақиқати бор...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

...шайтоний илҳом ҳам бор!..

***
Бизни оғусўздан қутқар, малҳамсўз бер!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

БЕГОНАЛАР

Ёнимдаги узоқ одамлар,
Ҳаётимга тузоқ одамлар.

Майли эди, бўлса бегона,
Улар менга ҳамроҳ, ҳамхона.

Айбим шудир, жиндай феълим чарс,
Бир қўлдан ҳам чиқар экан қарс.

Ачингандай бўларлар тағин,
Осмон менга улардан яқин.

Юрагимдан кўчириб музлар,
Тушунади мени юлдузлар.

Дардлашаман тун бўйи дилдан –
Олис-олис яқинлар билан.

2009

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ПАХТА ҚЎШИҒИ

“Пахта, пахта, жон пахта”,
Юртга шараф-шон пахта,
Ўзинг-ку ойдеккина,
Нега бағринг қон, пахта?

Кимлар сенга осилган,
Кимлар сендан ноз қилган,
Замин узра ёзилган
Оппоқ дастурхон – пахта.

Бировга шерикчилик,
Бировга тирикчилик,
Кимларга тирриқчилик,
Кимгадир виждон пахта.

Кўпга келган васиқа:
Ғанимат ҳар дақиқа.
Кимлар учун ҳақиқат,
Кимларга ёлғон пахта.

Кундан-кунга очилган,
Кекса-ёшни шоширган;
Эгатларга сочилган
Жон сендан арзон, пахта.

Қайнар ҳаёт қозони,
Ким шотир, ким кайвони,
Дунё – ўйин майдони,
Сен зўр қаҳрамон, пахта.

Гоҳ осмонда, гоҳ хоксан,
Нечун бунча ғамноксан,
Сен оппоқсан, сен поксан,
Ўзимиз ёмон, пахта.

03.10.2013

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Йўл_йўлакай #Кайфият #Бадиҳа

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Йилларни бир коса сувдай сипқордим,
Тош кунлар аямай бошимни ёрди.
Яшолмайман, дедим – Худога бордим,
Худо яна мени Сенга юборди.

Ўзимни кўнглингда адаштирайми,
Сен мени ўзингга ўзинг топиб бер.
Умримни кўзингга алмаштирайми,
Кўзинг тўла орзу – кўзинг тўла шеър.

Боримча кўнглимга ўралган эдим,
Мен яна тақдирга ютқазиб ютдим.
Аввалимда Ишқдан яралган эдим,
Охирда ҳам Ишққа айланиб кетдим...

2006 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Сен_қачон_гуллайсан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Ў, кимлар ўтмади бу даҳри дундан,
Не-не давру даврон, замонлар ўтди.
Кимга ўйингоҳ-у, кимларга зиндон,
Оташпараст ўтди, шомонлар ўтди;

Гоҳ шодлик шароби, гоҳ ғамбодалар –
Ипакка ўранган ҳарамлар ўтди.
Мангу қололмади фиръавнзодалар,
Қонсутга чўмилган санамлар ўтди;

Чиркин чирмандалар, маъюс машшоқлар,
Ғурурни таҳқирлаб қанчалар ўтди.
Нобуд бўлди не-не шаҳар, қишлоқлар,
Дунёсидан дунёваччалар ўтди;

Ўтдилар, ўтдилар, ўтдилар қатор,
Қорунлар, ҳорунлар – ўтмаслар ўтди.
Ўткинчилар келди такрор ва такрор,
Гўё фано қўли етмаслар ўтди;

Ўткувчи очуннинг ўтиш фаслида,
Ҳақиқат бўғзида мангу бўз қолди.
Барини бир ёқлик қилмоқ қасдида
Фақат Сўз, фақат Сўз, фақат Сўз қолди.

2012

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Севганман, севилганман,
Орзуга берилганман.
Гоҳ аламдан мунғайиб,
Гоҳ мағрур керилганман.

Осмонларга дил шайдо...
Наҳот Бахтдан йўл айро?!
Тошқин сойдай юрагим
Бу дам сокин бир дарё

О, қайдасиз, ойюзлар,
Ерда юрган юлдузлар,
Мен сочин тортмасам ҳам
Ортимдан қувган қизлар?

Недан кўнгил ғашлиги,
Қани ул бебошлигим?
Кўзларимдан ёш бўлиб
Оқиб борар ёшлигим!..

Севганман, севилганман,
Армонга эврилганман.
Чақирганда Бахт қизи,
Боришга эринганман...

2022

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ҲАЙФ

Дийданг қотиб борар, юрак тошланиб,
Ёниб-куйишингдан кимга нима наф?
Эсиз аччиқ-аччиқ кўзинг ёшлари,
Кўнглингнинг беғараз оҳ-додлари ҳайф.

Бир лаҳза тинмакка ўзни қўймадинг,
Ўйладинг, оқибат нени ўйладинг,
Беҳуда чирандинг, бекор сўйладинг,
Сўзингнинг қалампир, новвотлари ҳайф.

Қул эмас, ботирлар туғгувчи йўқми,
Бузғунч бул ғояни бўғгувчи йўқми,
Магарки муносиб ўқувчи йўқми,
Довоту қоғози – ижодлари ҳайф.

Дарё узра сувга зор бўлиб ўтса,
Кенг дунё кўзига тор бўлиб ўтса,
Ҳақиқат ҳажрида хор бўлиб ўтса,
Бу халққа қайишмас беҳ зодлари ҳайф!

2012

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кайфият  #Эски_дардлар

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Соғиндим, соғиндим, хумор соғиндим,
Кўзимга тўкилди Ойнинг доғлари.
Минг бора сочилдим, минг бор йиғиндим,
Ҳувиллаб қолмишдир кўнгил боғлари.

Майли, келма, майли, тағин куттиргин,
Бўйларинг келтирсин шамоллар – қутли.
Айрилиқ қўшиғин давом эттиргин,
Севгингдан-да суйгун соғинчинг тотли.

Қаён боқмай, кўзга чўғлар тегадир,
Ҳолбуки, кунларим совумаётир.
Негадир, ишқзада юрак негадир
Соғина-соғина овунаётир...

2009 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Сени узоқлардан излаб адашдим,
Дук-дук уриб турган юрагимсан, Бахт!..


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Бардош либосининг иплари тиғдан,
Амаллаб кийдингми, ечишдан не наф?
Кўзингни яширма кўнгли мунглуғдан,
Сева олиш шараф, севилиш шараф.

Дақёнусдан қолган бу даҳри дунда
Бир янги заррадай кўзга илинсам.
Муродим гуллари очилган кунда,
Не тонг, яшаш учун маҳкум қилинсам!

Сўнгги нафасгача эшиклар очиқ,
Ўз ҳолидан ўзи гумонда гумон.
Наздимда, кўрмаган бу қадар Ошиқ
Бир томчи Дийдорга ғарқ бўлган жаҳон...

2008 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Яшайсан де, ўлмайсан деб айт,
Айтгин: Умринг кетмас шамолга.
Ахир қуёш ботмоқда бу пайт,
Кун айланиб борар заволга.

Оҳ, қўрқаман, хавотирдаман,
Кўрганларим туш чиқмасми деб.
Энди олам бўлганда чаман,
Икки қўлим бўш чиқмасми деб.

Яшайвер де, севавер дегин,
Чекинмасин юракдан ғайрат.
Ишончимга куч-қудрат бергин,
Руҳ булбулин бетиним сайрат.

Ўтса ўтди, бўлса бўлгандир,
Не десам ҳам жон аччиғида.
Жуда бахтли бўлгим келганди
Кўзларимнинг очиқлигида.

Яшайсан де, ўлмайсан деб айт,
Айтгин: Умринг кетмас шамолга.
Гарчи қуёш ботмоқда бу пайт,
Кун айланиб борар заволга...

2010

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Томчилаб-томчилаб бўлмоқда адо
Ўз-ўзига ҳадди сиғмаган кўнгил...


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Календарга қараб ёзмайман,
Кўнглимнинг ўз тақвими бордир...

@Behzod_Fazliddin

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ЭЪТИРОФ

Осмонларга учмоқ истасам,
Елкамдаги қанотим – Тилим.
Дунёларни қучмоқ истасам,
Менинг учқур Ғиротим – Тилим.

Мен булбулга ҳавас қилибман,
Сенсиз нўноқ қарға эканман.
Мен дулдулга ҳавас қилибман,
Сенсиз чўлоқ йўрға эканман.

Гарчи содда шеърлар тўқидим,
Гарчи сўзга айладим ихлос;
Мен ўзимни ўзим чўқидим,
Сени яхши билмаслигим рост.

Меники шу яланғоч сўзлар,
Ночор буни замонга йўйдим.
Қаён боқмай, шундай оч сўзлар,
Наҳот сени унутиб қўйдим?

Забонимни тилиб кетдими
Ўзга боғнинг барг – ниналари?
Навоийда қолиб кетдими
Сўз мулкининг ганжиналари?

Хорижий тил – жаҳонга кўприк,
Пайти келса, бу ҳам бир иқбол.
Ўз тилингда сўз кетганда лек,
Дудуқланиб турсанг… Бу не ҳол?!

Юрагимни тешади ўқлар,
Сенсиз менинг эртам куларми?
Она тилим, мендай дудуқлар
Фарзандликка ярай оларми?

Бас, дардингни олмасдан туриб,
Ўзга тилни уқмайман, Тилим,
Сени яхши билмасдан туриб,
Хорижга ҳам чиқмайман, Тилим!

2002 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Тушларингдан_чиқиб_келдим китобидан.

2008 йил сурати.

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

#Кайфият #Лаҳзалар

***
Шамоллар абадий, ёмғирлар мангу,
Биздан сўнг ҳам оппоқ қорлар қолади.
Шаксиз, яшайверар қувончу қайғу,
Изҳорлар, иқрорлар, зорлар қолади.

Минг йилларки, аслин ўзгартмас тоғлар,
Салобати ўша, виқори ўша.
Таровати сўнмас дилоро боғлар –
Ҳануз тошқин ҳислар талпинган гўша.

Бехос такрор-такрор чорладим, чоғи,
Япроқлар тизилиб келди сўзимга.
Қобирғаси синган хазонлар оҳи
Оҳангдор ҳасратдек туюлмас кимга!..

Шунчаки тақлидга ўхшарми бу ҳол –
Демангиз, бу фақат илҳом онлари.
Руҳимда яшади шундай безавол
Ҳаёт деган шеърнинг қаҳрамонлари.

Шамоллар. Ёмғирлар. Дарёлар. Тоғлар...
Азал нафасини келтиргай абад.
Япроқлари оят ўқиган боғлар...
Табиат тилида илоҳий суҳбат.

2011

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

2015 йил. Дўрмон сурати

Читать полностью…
Subscribe to a channel