Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot
Атоқли шоирларимиздан бирининг китобларини яна бир қур кўриб чиқишга тўғри келди. Вовайло, жилд-жилд “Танланган асар”ларда, нари борса, бармоқ билан санарли бутун шеърлар, ўшаларнинг ҳам бағрида суронли йилларнинг қип-қизил доғлари бор. Очиғи, жуда ғалати ҳолга тушдим. Қисмат экан, шундай ноёб истеъдодлар ўзлари истаб-истамаган ҳолда кишан кийиб яшадилар. Бугуннинг кўзлари билан қараганда, уларни айблаш осон...
Устозлар руҳи безовта бўлмасин. Умуман, адабиётимиз улардан миннатдор, халқ унутмайди. Қолаверса, улар авлодларга ҳаёт ва ижод илмидан аччиқ сабоқ бериб турибди: сўз билан ҳазиллашиб бўлмайди, ижод ўйин эмас!
Ҳозир-чи? Ён-атрофдаги ҳали шоир бўлиб-бўлмай “ўлиб” бораётган бахтиқаро бахтиёрларни кузатиб қўрқиб кетасан. Бу ёнда сафи сийрак сўзсуярлар, у томонда олам-олам сўзсўярлар... Ахир қандай яшаш керак? Қандай ёзиш керак ахир? Шунда бир ўй андак таскин бергандай бўлади. Узоққа бормайлик, Рауф Парфи бир умр Шоир бўлиб ўтди-ку. Шавкат Раҳмон ҳали ҳам шоир-ку! Уларни идеаллаштираётганлар томонида эмасман. Аммо адабиёт тарихидаги эътиқоди бутун улуғ адиблар тутумидан уққанимни айтаман: ёзиш мумкин – яшаса бўлади!
2013 йил
Беҳзод Фазлиддин
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin
Фейсбукдаги эски қайдлардан
https://www.facebook.com/100003319579634/posts/371589836294999/
Шу масалада иккиланиб юрганлар бўлса...
«Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 15-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахслар, миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эга.
Исм-фамилиянинг хатосиз, тўғри ёзилиши (айниқса, асосий ҳужжатда) мен учун принципиал масала. Аммо, кузатишимча, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги «ў» (o‘) ва «ғ» (g‘) ҳарфларини ёзишда ҳалигача «техник хато» қабилидаги муаммоли ҳолатлар кўпга ўхшайди...
Ўзбек юртдошларимиз, айниқса, зиёлилар бу масалага жиддий эътибор қаратиши керак, назаримда.
Дарвоқе, 2023 йили «-ов» ва «-вич»дан расман қутулганман. 10-15 йиллар аввал ҳам шунга ҳаракат қилгандим-у, лекин турли баҳона-сабаблар билан қолиб кетганди.
Балки, бу ҳақда кейинроқ батафсил ёзармиз...
@Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Йўл_йўлакай #Бу_ҳам_муҳим #Тил_тақдири
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Кечагидек ёдимда, раҳматли Муҳаммад Юсуф ушбу шеърни Жиззахда, Республика ёш ижодкорлар анжуманида янги ижод намунаси ўлароқ кўпчиликка ўқиб берган эди. Табиийки, шеър ҳаммани таъсирлантирган. Завқи жўшган сўз мухлислари (айримлари кўзда ёш ила) олқишлар ёғдирар, ёнидаги биродарлари шоирни қучиб, ажойиб шеър дунёга келгани билан қутлаган эдилар...
Ўша дамлардаёқ “Лолақизғалдоқ” кўнгилларга чиппа ёпишган, айниқса, шеърнинг мана бу сатрлари шоирнинг бироз синиқ овози билан бирга қулоғимда қолган:
Гулим, яқинроқ кел,
Қара, не савдо,
Бу ажиб ишларни
Дил лавҳига ёз:
Кимга қаср етмас,
Кимга мол-дунё,
Менга эса ҲАВО
Етмайди, холос...
Баъзи манбаларда шеър бошидаги “Шавкат Раҳмон хотирасига” деган сўзлар “тушиб” қоляпти. Аслида, “Лолақизғалдоқ” Шавкат Раҳмон номи ва бу “ўжар” шоир шахсиятига Муҳаммад Юсуфнинг айрича меҳру муҳаббати билан чамбарчас боғлиқ. Шеърнинг таъсир кучи ҳам кўпроқ шу ихлос қудратидан бўлса, ажаб эмас...
Муҳаммад Юсуф шахси ва ижоди ҳақидаги фикрларимни, мавриди келса, батафсил ёзарман.
Бугун (26 апрель) — шоир туғилган кун интернет шу қайдларни эслатди яна.
Ўтган шоирларимизни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
@Behzod_Fazliddin
#Ижод_ва_эътиқод #Ёднома
***
Баланддан келганга осмондан келдим,
Бошимга кўтардим ерга тушганни.
Гулларнинг қошига нур бўлиб елдим,
Ташладим-да, қочдим бурни шишганни.
Ўзим улғайтирдим – бу дардлар ўктам,
Тошдан тоғ яратдим, заррадан оташ.
Фақат оғир экан ҳаммасидан ҳам
Шамоллар юртида шам бўлиб яшаш...
2007 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
Ижод ўғриларига кескин чора кўрилиши зарур!
#Плагиатга_қаршимиз #Муаллифлик_ҳуқуқи
Очиғи, бу ҳақда гапиравериб, ёзавериб жуда чарчади одам...
Ҳамон ижодкорлар муаллифлик ҳуқуқи масаласида ўзи курашиши зарур бўлиб қоляпти. Мен ҳам адабий-илмий ижодда плагиат ҳолатига жуда кўп дуч келганман. Кўпчиликка маълум, бир неча йил аввал (2016 йил) кўчирмачи қаламкаш ва қўшиқчилар билан судлашишгача борганмиз, пировардида улар жавобгарликка тортилган. Ўтган 2022—2023 йиллари ҳам шундай можаролар овоза бўлди...
Аслида, интеллектуал мулк ҳимоясига масъул ташкилотлар ўз ишини қандай бажаряпти? Ижодкорнинг муттасил шундай ортиқча бошоғриқ билан банд бўлиши, ойлаб овораю сарсон юришини нима деб тушуниш керак? Ўзи ким бу ишлар билан шуғулланади? Қачонгача ижодкорлар саргардонликда, эшикма-эшик юриб, ҳуқуқини талаб қилади? Тегишли идоралар эса ишни пайсалга солишдан, сарсон қилишдан нарига ўтмайди ёки шўрлик муаллифнинг югур-югури, муттасил талаблари билан масала бир нави ҳал бўлганда дарров майдонга чиқиб, ўз номини пеш қилганча шов-шув кўтаришни билади. Бироқ инсон қадри, унинг шаъни масаласи улар учун деярли аҳамиятсиздек.
Мурожаатларимизга муносабатдан сўнг яна амин бўлдикки, Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва бошқа масъул идораларда муаллифлик ҳуқуқи бўйича малакали мутахассислар етишмайди. Ҳатто судьялар орасида бу масалани тузук-қуруқ тушунмайдиганлари учрайди. Айтаман деса, анча гап бор... Дарвоқе, Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги, “Ўзбекконцерт” ва бошқа ижодий ташкилотлар ҳам бу масалага жиддийроқ қараши лозим эмасми?!
Муаллифлик ҳуқуқига доир ишларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши ҳам кўнгилдагидек эмас. Кейинги вақтларда плагиат мавзусида бирон жўяли, таҳлилий материал эълон қилинганини эслай олмайман. Турли сайт ва каналлар “фалончи шоир фалончи хонандани судга берди” дея шов-шув кўтариш билан овора. Ҳаваскорларча тайёрланган хабарларни ўқиган, эшитган замондошда ҳуқуқбузар эмас, қонуний ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган шахс айбдор деган таассурот уйғонади. Ижтимоий тармоқдаги муҳокамаларда эса аксар одамлар мавзуни тушуниб-тушунмай оғзига келганини ёзаётир.
Шундай узуқ-юлуқ хабарлар оқимида “Шоирлар шеъри қўшиқ бўлишига бутунлай қарши экан” қабилидаги бўлмағур гаплар болалади. Баъзилар ҳатто муаллифлик ҳуқуқи учун курашаётганларни товламачига чиқармоқчи бўляпти.
Янада аламлиси, шунча қийинчилигу оворагарчиликлар билан иш якунлангандан кейин адлия ходимлари гўё ҳаммасини ўзлари ҳал қилиб бергандек жар соляпти. Ахир айни шу ишлар бўйича қўнғироқларимизга ҳам жавоб бермай, думини тутқазмай юрган эди-ку бу ҳуқуқ посбонлари! Муаллиф адолат истаб овораю сарсон юрганда қаерда эди ўзи бу “олийҳиммат” интеллектуал мулк ҳимоячилари?!
Плагиат ҳодисаси олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот муассасаларида ҳам урчимоқда. Бир мисол. Андижон давлат университетида ҳимоя қилинган магистрлик ишида PhD диссертациям материаллари, хусусан, матбуот ва интернетда эълон қилган мақолаларимдан саҳифа-саҳифа кўчириб олинибди.
Ушбу ҳолат юзасидан университет раҳбариятига мурожаат қилдик. Келинг, ҳозир тафсилотларни дастурхон этиб ўтирмайин. Аммо, очиғи, олий таълим муассасаси раҳбариятининг масъулиятни ўзидан соқит қилишга урингани, педагог-ходимлар эса кўчирмакашлик ҳолатига “Шунга ҳам ота гўри қозихонами!” қабилида муносабатда бўлганидан музтар-мутаассир бўлдим. Тасаввур қилингки, шу каби кўчирмакашлар кейинроқ докторлик диссертациясини ёқласа, илмий даражага эга бўлиб, соҳада жавлон урса! Ким билсин, яна қанча юмалоқ-ёстиқ қилинган “илмий иш”лар бор экан?! Илму ижодга ёлғон, нопок йўллар билан кириб келаётган ёшларнинг келажаги ҳақида ёруғ сўз айтиш қийин.
Олий таълим масъуллари, илмий тадқиқот институтлари мутасаддилари бу масалага алоҳида эътибор қаратмоғи даркор...
Кўчирмачиликка мактаб давриданоқ қатъий қарши туриш зарур. Бу борада қанча гаплар бор яна...
Илму ижод ўғриларига кескин чора кўрилмас экан, аҳвол бундан-да ёмонлашаверади...
@Behzod_Fazliddin
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Сизга_гапим_бор #Эски_дардлар
#Кайфият #Бадиҳа
Футбол – миллионларнинг севимли ўйини, футбол – катта бизнес, футбол – ажабтовур сиёсат!
Футболга фанатлик тугул, у қадар ишқибоз ҳам эмасман-ку, аммо миллат шаъни билан боғлиқ ҳолатларга бефарқ қараб бўлмайди. Жаҳон аҳамиятига молик ўйинларни ўтказиб юбориш ҳам унча яхши бўлмаса керак.
Мана бу бадиҳа-шеър юракни тўлқинлантирган ана шундай ҳаяжонли лаҳзаларда туғилган эди. Касал фанатлар эмас, миллий ғурури уйғоқ мухлислар учун.
ФУТБОЛ
Яшил майдон, икки дарвоза
Ўйин учун – курашмоқ учун.
Ҳаммаёққа кетган овоза:
Миллионлар байрами бугун.
Тўп суради тийиб қўлини
Йигирмадан зиёд паҳлавон.
Ҳали қанча мухлис дилини
Ишғол этар янги қаҳрамон.
Кўп нарса бор йўқотадиган,
Бир лаҳзага чалғиса нигоҳ.
Ор-номусни уйғотадиган
Дарсхонага ўхшар ўйингоҳ.
Кимга керак қуруқ тўп тепиш,
Югурмайди улар эрмакка.
Ватан учун, шаън учун чопиш
Ярашади ахир эркакка.
Тўп юзини терс буриб кетар,
Атроф тўла ҳадик, ҳаяжон.
Сени бизга ким ҳадя этар,
Қаердасан, ҳамма кутган он?
Ўйин қизиб борар шу йўсин,
Чемпионга муштоқ кўзлар лол.
Кучли зарбдан титрайди тўсин!..
Афсус, яна урилмади гол.
Ғирром билан келишар қандай?
Шамол каби елади бари.
Қитмир копток атай қилгандай
Кетаверар майдондан нари...
Гарчи йиллар – омадсиз зарба,
Ҳисоб ҳамон кўнгилга малол.
Истиқболда олтин ғалаба –
Бир умрга татир битта гол!
2009 йил 25 май
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
ЯШАШГА ЖОЙ БОРМИ?
Лаҳзага тенгма-тенг ўчиб бораман,
Ўзимдан, сўзимдан чўчиб бораман.
Завол билмайдиган манзилни кўрсат,
Томирларим билан кўчиб бораман.
2005
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан
#Сен_қачон_гуллайсан
***
Юролмайман, оёғимда лойларим кўп,
Кучукчалар тишлаб олган жойларим кўп.
Осмонларга даъвогарлар бисёр экан,
Чап кўксимда чиқмай ётган ойларим кўп.
Юрагимни кемиради минг битта ўй,
Наҳот энди ялпизларим сочмайди бўй?!
Мен бандангнинг қўлларига ишонмайман,
Тангрим, энди Ўзинг мени турғизиб қўй!
2003 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан #Сен_қачон_гуллайсан
ҲАВАС
Ухламагим келяпти!..
(Жиянимнинг хархашаси)
Эркалангин, болажон,
Қанд-қурс тўлсин қўйнингга.
Катта бўлсанг бир замон,
Ким ҳам қарар кўнглингга.
Майли, ётма, ухлама,
Ўйна ҳолдан тойгунча.
Тушиб қолмасин яна
Оғзингдаги мойкулча.
Қуйилмайди қариб ҳам,
Улар сендан баттар шўх.
Хафа бўлма, жиянчам,
Катталарнинг эси йўқ.
Текканида дам-бадам
Ташвишларнинг калтаги,
Сиз яхшисиз ҳаммадан,
Деб мени ҳам алдагин.
Кунларим эртак – хомуш,
Ишонмагим келяпти.
Болалик – энг ширин туш,
Уйғонмагим келяпти.
2009 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
МУСОФИР
Ҳисларимнинг сочлари оппоқ,
Ўйчан сўзлар юзида ажин.
Боққин ахир, Онажон, бир боқ,
Ўғлинг нега бунчалар ғамгин?!
Балки, жуда эрта улғайди
Юрагимда гуллаб ётган дард.
Кўзларимда тунлар ухлайди,
Ҳалқа-ҳалқа ёшларимни арт.
Кечагина подшодай эдим,
Атрофимда ҳурлар парвона.
Баридан воз кечиб мен энди
Бир сўққабош далли-девона.
Кун қариди, совиди чойинг,
Пахта гулли пиёланг маъюс.
Йиғмай менга тўшаган жойинг,
Дарвозадан ҳатлаб ўтди Куз.
Не кўйларга солмади Орзу...
Ногоҳ учиб борсам қошингга.
Оғушингга гўдакдай ол-у,
Меҳрлар бер мен бебошингга.
Ҳали жуда ёшсан, чироғим,
Армон сени йўқламайди, де.
Эркалаб айт: Ўйинқароғим,
Ўғил бола йиғламайди, де...
Дунё ҳақда ортиқ билгим йўқ,
Ҳар не дедим, барчаси – бекор.
Шоҳ бўлгим йўқ, шоир бўлгим йўқ,
Бугун фақат боланг бўлгим бор.
2010 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Дангалини айтавериш керак: биз ўз тилимизни яхши билмаймиз, яхши кўрмаймиз, ҳурмат қилмаймиз.
Шундай экан, бошқалар бизни қандай ҳурмат қилсин?!
***
Она тилимизни севишни уни яхшироқ ўрганиш, ҳурматини жойига қўйишдан бошлайлик.
Мен ҳамиша тилимиз тақдири ҳақида куюнчаклик билан мулоҳаза билдираётган ва миллатдошларни бу жиддий масалага бефарқ бўлмасликка чақираётган фикр эгалари тарафидаман.
Фақат бу мавзуни кимўзарга, пахтачилар пойгасига айлантириб қўймайлик.
@Behzod_Fazliddin
#Тил_тақдири #Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар
Агар еб қўймаса бебош қўзилар,
Даштни бу чечаклар жаннат қилгайдир...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Бир куни мен сенга қайтаман, Тупроқ,
Бир куни мен сенга кетаман, Само...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Хоразм. Хива суврати
#Кайфият #Лаҳзалар
Молдай яшаб ҳам ўзни бахтли ҳис қилиш мумкин экан-да...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Қушлар, Ҳабибимга бориб айтинглар,
Ҳеч йўқ, тушларимда меҳмон бўлсинлар...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Ташқарига чиқдим. Юрагим қўлда.
(Бутун бир кўчани ёритарми шам!..)
Бўлиши мумкин-ку худди шу йўлда
Умрида ёруғлик кўрмаган одам.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Ўзимча ҳалолман, ўзимча тўғри,
Унда нега бунча қалтираяпман?..
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан #Онамнинг_кўнглига_кетамиз
ОДАМЛАР НИМА ДЕРКИН?
Қўлдан кетмиш ихтиёр,
Бу дунёда ким эркин?
Қарғиш урган бир гап бор:
“Одамлар нима деркин?”
Онам ўшандан қўрқар,
Отам ухлолмай чиқар,
Менинг кўнглимни сиқар:
“Одамлар нима деркин?”
Гап-сўзларга йўқ мажол,
Юролмайман бемалол,
Йўлим тўсар бир савол:
“Одамлар нима деркин?”
Андуҳлардан дил тилим,
Боққа кетдик, юр, Гулим.
Жовдирайди севгилим:
“Одамлар нима деркин?”
Қўшним тўй деб тўймайди,
Янги кий, деб қўймайди,
Ўзгармасам бўлмайди,
Одамлар нима деркин?
Камбағални бой қилган,
Қўлларини лой қилган,
Ҳолимизни вой қилган –
“Одамлар нима деркин?”
2008 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
#Йўл_йўлакай
Қанча катта гапирсанг,
Шунча бечорадирсан...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Гарчи ҳеч билмагай ўзни муносиб,
Саодат асрини соғинди кўнгил...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Бари ўтар, дедим, оғир олмадим,
Чамандай кўринди тақир чўллари.
Ёлғонларнинг умри қисқа бўлмади,
Узун бўлмагандай ҳақнинг қўллари.
Ҳеч кимсанинг иши йўқдир бу дамлар
Манглайга битилган сирли хат билан.
Қаёққача борар бизнинг одамлар
Риёга ўралган муҳаббат билан?!
Жонимни ачитар, ботар юракка,
Балки, улар сабаб кечирилгайман;
Пойимга илашган ҳар тиканакка
Бир қатим бўлса ҳам нур илингайман.
Нималарни ёзар нуроний Қалам?..
Қуламасдан бурун машъум жарликка
Ғажишга шай турган бўриларни ҳам
Чақиргим келади биродарликка.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
«УСТОЗ-ШОГИРД»
Оқпадар шогирд деб шундайларга айтиладики, улар ўз қаричи бўйича маълум даражага етганидан кейин таълим-тарбия берган, йўлга солган устозидан нонкўрларча юз ўгирадилар, ҳатто устасига ҳужум қиладилар. Шу тариқа ўзларини ўзлари хароб этадилар.
Устоз эмас устозлар шундайки, улар гўё йўл кўрсатаётгандек, аслида йўлдан чалғитаётган чиқадилар, шогирд эмас, шотир тайёрламоқчи бўладилар, кўкартирмайдилар, олдинга ўтишга ҳеч қачон йўл қўймайдилар.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
– Нечта тилда гапира олишимни биласизми ўзи?
– Кўриниб турибди, тилдан бошқа ҳеч нарсани ўрганмабсиз.
#Йўл_йўлакай
@Behzod_Fazliddin
#Иқтибос
Машрабнинг оти нега Машраб? Ким билади? Энг олдинда домланинг оғзидан кўз узмай, иложи бўлса, унинг томоқ қирганини ҳам дафтарга ҳафсала билан ёзиб олишга шайланиб ўтирадиган Бўстон билади! У биргина шу саволга “Онасининг қорнида йиғлагани учун”, дея жавоб бердию имтиҳондан ўтди-кетди.
Башарти курсдошларни танлаш ҳуқуқи берилганда мен Бўстон билан ўқишдан қатъиян бош тортган бўлардим. У билан бирга ўқиётганимни ўйлаб доим уялиб кетаман, келажакда ҳам эсимга тушса, ўзимни кечирмасам, номус қилсам керак. Қачон қараманг, телевизордаги “Қизлар давраси”да ишшайиб ўтиради. Гоҳида конфет шимиб ёзган шеърларини ўқиб берса, гоҳо ҳеч нарса қилмайди – шунчаки, ўзини кўрсатиш учун чиқади. Биламан, келажакда бир кун менинг омадим юришмайроқ қолганини эшитса, у албатта: “Ҳа, уми, бошдан ҳам аҳмоқ эди”, дейди эслагиси ҳам келмай, бурнини жийириб. Борди-ю Худо ёрлақаб тузукроқ одам бўлиб кетсам, у: “Бирга ўқиганмиз, бошдан ҳам зўр эди”, дейиши турган гап. “Бўстон, Худо ҳаққи, айт, сени қандай она туққан ўзи? –дейман баъзан ичимда нафратланиб ва негадир у осонгина жавоб топиб, истаган имтиҳондан ўтиб кетиши мумкин бўлган саволларни ёғдира бошлайман: – Машрабнинг оти нега Машраб? Отойи нечанчи йилда туғилган? Дурбекнинг қандай романлари бор? Саккокий нечта драма ёзган? Лутфий нега юз йил эмас, тўқсон тўққиз йил умр кўрган?..”
Олдимда даста-даста китоб, дарслик; теварагимда – бири илм учун яшаётган, бири яшаш учун илм олаётган кимсалар; ташқарида эса ҳаёт аталмиш беқиёс мўъжиза: чарақлаган қуёш, тип-тиниқ осмон, топ-тоза ҳаво, кўзни қамаштирувчи атлас кўйлаклар – барно қизлар, ўйноқи фавворалар, хушнағма қушлар... Уларни айнан ҳозиргидек намойишда кўриш менга ҳеч қачон насиб этмайди. Улар ҳаёт отлиғ мўъжизага айланганча учқур хаёллару шўх шамолларга, автобусу трамвайларга қўшилиб аёвсиз ўтиб бормоқда. Ҳеч қачон қайтариб бўлмайди! Атрофимдаги, чидам билан ҳарфларга термилган кўйи ғафлатда умр ўтказаётган кимсаларни чўчитиб, сескантириб, “Тўхтанг!” дея бақиргим келади...
Эркин Аъзам
“Отойининг туғилган йили” қиссасидан.
/channel/Behzod_Fazliddin
Орсизлар урчиган шовқинзор аро
Уялсам уялдим уялмасликдан...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Кўзларимнинг косасига юлдуз тердим,
Дилингизнинг дастурхони очиқми, Ёр?..
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Бугун интернетда холис таҳлил, теран кузатув камёб. Ҳамма пиар ва “ҳайп”га ружу қўйган. Нима қилиб бўлса ҳам кузатувчиларини кўпайтириш, обуначи йиғиш ва шу орқали танилиш, пул топиш пайида. Одамлар ҳам шунга ўрганиб қолди ва ҳадемай бундан зерика бошласа, ажаб эмас.
Шундай пайтда ҳақиқий журналистика ва албатта чинакам ижод ўзини кўрсатиши, майдонни бетайин шов-шувчиларга бўшатиб қўймаслиги зарур.
Зиёлилар, хусусан, шоир-ёзувчиларнинг “миллат виждони” экани ҳақида ортиқча гапиришга ҳожат бўлмаса керак...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Жаннатий ҳислардан энтикар руҳим!..
Хаёлимдай хафиф ҳурлар бормикан?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Умрбоқий асарлар яратиш – кўпинча катта-катта адибу санъаткорларга ҳам насиб этмайдиган неъмат. Бу ҳам тақдир инъоми.
Аммо ўз ҳурматини билган, адабиёт ва санъатни жондан севган, мухлисларни қадрлаган ижодкор имкон қадар умри узун асарлар яратишга ҳаракат қилмоғи, бачкана нимарсалардан иҳоталанмоғи зарур.
Омманинг тутуриқсиз талабларига оғишмай, юксак мезонлар асосида иш тутган ижодкорнинг бир кунмас, бир кун толеъ юлдузи порлаб, албатта юзи ёруғ бўлажак!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
“...ОДАМ БЎЛИШИМИЗҒА АҚЛИМ ЕТМАЙ ҚОЛДИ...”
Юсуфбек ҳожи:
“Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ, яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсақ ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширқучи – биз кўр ва ақлсиз оталарға Худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим!
Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғузхона қилишиға ҳозирланған биз итлар Яратгучининг қаҳрига албатта йўлиқармиз! Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Али Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилғанлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға қараб судрағучи албатта Тангрининг қаҳриға сазовордир, ўғлим!
Гуноҳсиз бечораларни бўғизлаб, болалар ятимхоналарини вайрон қилғучи золимлар – қуртлар ва қушлар, ердан ўсиб чиқған гиёҳлар қарғишиға нишонадир, ўғлим!..”
Абдулла Қодирий. “Ўткан кунлар”
#Иқтибос #Миллат_мунавварлари #Абдулла_Қодирий
@Behzod_Fazliddin