1412
Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot
?..
Йўқ, ҳали олдинда видо онлари,
Фақат бир қайрилиб ортимга боқдим.
Мени деб ёришди кимнинг тонглари,
Кимнинг қароғига шамчироқ ёқдим?
Йиртиб отмайдиган шеърларим борми?
Менга қарши гувоҳ бўлмасми сўзлар?
Ранжитганим йўқми қишни, баҳорни?
Рози кетдимикан меҳмон ёз, кузлар?
Бир куни Юрагим тилга кирганда,
Суйганим ўзимга бўлмасми зиён?
Кўзларим барини сотиб турганда,
Мени қутқаргани келарми Иймон?
Қандай бўлар экан ишонч меваси?
Эккан-тикканларим пушмон бермасми?
Оғир ботмасмикан қалбим шеваси?
Қаттиқроқ йўталим исён эмасми?..
2008
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Яхши кўрганларим – йўқотганларим
Бир кун ўзи мени топиб олгайдир...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
***
Кўкдан элчиларни қабул қилди-да,
Оҳиста оқ чойшаб ёпинди борлиқ.
Ҳар лаҳза ажойиб эртак бўлди-да,
Бўғотлар бўйнида самовий ёрлиқ.
Бу ёғи не бўлар – елка қисар ер,
Дарахтлар гунг, гўё тушган асирга.
Битиб улгурмовди мен бошлаган шеър,
Энди нима дейман янги фаслга?!
Керагидан зиёд боқдим-у ортга,
Ҳануз юрагимдан кетмас титроқлар.
Кечаги умримни солмоқда ёдга
Бандида дийдираб турган япроқлар.
Қорга ўхшаб кетар қурмағур ҳаёт,
Бир кун эриб, бирда айланар музга.
Аёз деразамга гул солган заҳот
Ҳали қўшиқларим кўп эди кузга...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Лаҳзалар
АЛИК
Тишимга тош босдим – тилимни тийдим,
Майда зуғумлардан юрмадим нолиб.
Юзингга урмадим – қўлимни тийдим,
Яна мен – музаффар, яна мен – ғолиб.
Номимни топтамоқ бўлдинг ошкора,
Ортимдан қароқчи ғамлар юбординг.
Адаштирай дединг беиз, бечора –
Шамолларга ўраб қумлар юбординг.
О, қанча жангларда тобланди юрак,
Кўзингни куйдирдим йўлингдан чиқиб;
Йўқотмоқчи бўлдинг бедом, бедарак
Тирикчилик деган ўпқонга тиқиб...
Қариб кетмадингми заволим кутиб,
Ҳар сафар ўзингни ўзинг этдинг мот.
Таъзирингни бердим сени унутиб,
Мени унутолмай ўтавер, Ҳаёт!
2008 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан
***
Sog‘indim, sog‘indim, xumor sog‘indim,
Ko‘zimga to‘kildi Oyning dog‘lari.
Ming bora sochildim, ming bor yig‘indim,
Huvullab qolmishdir ko‘ngil bog‘lari.
Mayli, kelma, mayli, tag‘in kuttirgin,
Bo‘ylaring keltirsin shamollar – qutli.
Ayriliq qo‘shig‘in davom ettirgin,
Sevgingdan-da suygun sog‘inching totli.
Qayon boqmay, ko‘zga cho‘g‘lar tegadir,
Holbuki, kunlarim sovumayotir.
Negadir, ishqzada yurak negadir
Sog‘ina-sog‘ina ovunayotir...
2009-yil
© Behzod Fazliddin @Behzod_Fazliddin
***
...Sarob saltanatin saodat bilib,
Yolg‘on taskinlarni halovat bilib,
Oxiri zamondan bashorat qilib,
Umrlar o'tmoqda bir on bo‘lolmay...
© Behzod Fazliddin @Behzod_Fazliddin
***
Доим бежо, кўзи сузуксан, Дунё,
Балки, бошдан-оёқ бузуқсан, Дунё.
Ажаблар бўлсинким, шу ҳолингда ҳам
Сенга ошиқлардан тузуксан, Дунё.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Эски_дардлар
***
Қўлингдан нима ҳам келар, биродар,
Ким тинглар пажмурда юрак додини?
Сен бошин силамоқ бўлган мазлумлар
Яхши кўриб турса ўз жаллодини...
Бандаларинг кимга бандадир, Эгам,
Шу қадар ёқимли эканми қуллик?
Қўймижоз бўлса ҳам, ёввош бўлса ҳам,
Қўрққулик, қуллардан ёмон қўрққулик!
2010
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Эски_дардлар
Ички бир туйғу билан сезганман: жуда кўп нарсани ҳис этиб, англаб турган зотнинг ҳаёти қийин кечади. Ҳаётни жуда қисқа қилиб бўлиб олиб, буёғи меники, нариги ёғи билан ярим тийинлик ишим йўқ, дейдиган одам бахтлидир. У ўзини улкан фожиадан ажратиб олди. Уйга кириб эшикни ёпди, ўша ондаёқ дунёни унутди. У – оддий одам. У – ҳайвон каби бахтли. У ўз қалбини ўлимга ҳукм этди...
Рауф Парфи cуҳбатларидан.
#Иқтибос #Ижод_ва_эътиқод #Рауф_Парфи
@Behzod_Fazliddin
Моғор манзилларга яқин йўлолмай
Қайларда дийдираб юрибсан, Иймон?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
/channel/Behzod_Fazliddin/5194
#Кайфият #Эски_дардлар
Ҳеч ким ҳавас қилмас, бургут бўлса ҳам,
Товуқлар ичида юрган бургутга...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
#Кайфият #Лаҳзалар
ҚОРШЕЪР
Осмон бодроқ тўкди кун бўйи –
Борлиқ қўйни тўла оппоқ дур.
Табиатнинг бу кумуш тўйи
Бўғотларга улашар ҳузур.
Кўпни кўрган оғочлар яна
Елкасига олар бор юкни.
Ҳали давом этар тантана –
Асраш керак ҳар нозикликни
Кекса мўри зерикмас чекиб,
Лек ҳавони қилмас бемаза.
Изғириннинг қалами тегиб,
Гулзор бўлиб кетди дераза.
Оққуш бўлиб қанот ёзайлик!..
Хаёлларнинг йўқдир поёни.
Ташқарига шошар гўзаллик
Шарфга ўраб олиб ҳаёни.
Поклик чулғаб борар ҳар ерни,
Оқлик инар далаю боққа.
Аёзкотиб энг дилбар шеърни
Доғ юқтирмай кўчирар оққа…
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Қиш ва қор шеърлари: https://www.facebook.com/behzod.fazliddin/posts/pfbid0zT95My1udzr7ufpgdPLzQ8YY84AxLhyLvnHQHJxffFdwo1c4cSS2VgJ4Kfh6VcVsl
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
ҚОРХАТ
Субҳаналлоҳ, оппоқ нур ёғар кўкдан,
Лаҳзада ўзгарар мезон куйлари.
Оқ яктак кийгач ҳам оғочлар ўктам,
Борлиққа ярашиб турар бўйлари.
Аста гулга дўнар шаффоф томчилар,
Севгимиздай нафис, меҳримиздай пок.
Гўё Орзу сари йўллар очилар,
Олдга бошлар ҳассос илоҳий идрок.
Ҳикматлар ўқиймиз оппоқ дунёдан,
Бахтли саҳфаларни очиб бирма-бир.
Сўзлар ярми кумуш, ярми тиллодан,
Олам тўла маъно, олам тўла сир.
Бу қор биринчи ё охиргисимас,
Биздан олдин, биздан кейин ҳам бордир.
Хотималар абас, ҳижронлар абас,
Ҳали ҳаётимиз биринчи қордир.
Шукрона илмини ўргансин юрак,
Ёмғирига шукур, қорига шукур.
Менинг қорхатим ҳам шу эзгу тилак:
Борига барака, барига шукур!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Лаҳзалар #Бадиҳа
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим,
#Тушларингдан_чиқиб_келдим китобларидан.
Шундай тоифадаги одамларни кўп кўрдим:
1) деярли саводсиз, аммо оз-моз ташкилотчилик ё бошқарувчилик “иқтидор”ига эга бўлгани боис жуда тез “кўтариладиган”лар;
2) катта истеъдод-салоҳияти бўла туриб моддий етишмовчилик ё бошқа сабаблар билан кўпинча онгли равишда фақат “юқори”дагилар манфаати учун ишлайдиган бандаи бечоралар;
3) шу икки тоифадаги одамлардан “унумли” фойдаланадиган нафси ўпқон раҳбарлар.
Энг ёмони, улардан на соҳа, на жамиятга фойда.
Қолган тоифаларни ўзингиз ўйлаб кўрарсиз...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Кетгим келар ғурбатсаройдан,
Покроқ дамларимни соғиндим...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим #Эски_дардлар
***
Одамга зор бўлиб ўтган кунларим,
Кутмаган кунларим, кутган кунларим,
Умримга ярашиб ётган кунларим,
Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг.
Билмадим ва ёки билмаган бўлдим,
Дунёни назарга илмаган бўлдим,
Тиниб бўлдим, гарчи тинмаган бўлдим,
Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг.
Яхшию ёмонга аталган сўзлар,
Кўнглимни бир қадар кўтарган сўзлар,
Бўғзимга пичоқдай қадалган сўзлар,
Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг.
Ҳудами, беҳуда узоқ ўйладим,
Эртакка ўхшамас эртак сўйладим,
Ҳар қанча совурдим – Вақтга тўймадим,
Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг.
Эртамни эслатманг, олманг хавотир,
Ҳар нега қодирдир юрак – баҳодир,
Балки, бу битиклар сўнгги хатодир...
Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг.
2010
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
P.S. 2010 йил сурати. Сўз мухлисларидан.
#Кайфият #Лаҳзалар
Ўзингни ҳам тушун, кечир ва бахтли яша!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Умр – томчи-томчи тўкилган фурсат,
Лаҳзалик ёмғирдай ўтар бу муддат.
Ҳақ дея келгансан, ўзингни кўрсат,
Мунғайиб бир четда турмагин, Шеърим.
Муҳаббат қўлингда ҳур байроқ бўлсин,
Эл ичра пешонанг ярқироқ бўлсин,
Қадаминг пок бўлсин, йўлинг оқ бўлсин,
Ножоиз жойларда юрмагин, Шеърим.
Яшашдан чалғитар ўйларинг – мубҳам,
Холиқнинг ҳукмига этма шак-шубҳа,
Илҳом – дил покловчи илоҳий туҳфа,
Ижодни ўйинга бурмагин, Шеърим.
Минг турфа манзилу маконлар бўйлаб,
Ўтмишинг унутма, эртангни ўйла,
Ишқ бобида ёлғон эртаклар сўйлаб,
Ёш қалбларни йўлдан урмагин, Шеърим.
Бағрингдан таралсин шуълаи ёлқин,
Бор, бани башарнинг дардини олгин,
Мен ўтарман, Ҳақ деб сен мангу қолгин,
Замонлар заволин кўрмагин, Шеърим!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Ижод_ва_эътиқод
– Отаси йўқми, ака ё укаси йўқми буларнинг?
– Бор. Лекин бундан кўра бўлмагани ҳам яхшироқ эди...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар #Қулоққа_чалинган_гаплар
@Behzod_Fazliddin
Оғзимга тош солиб, жим турай дейман –
Бекордан-бекорга қичимайди тил...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Укаси мусофирликда ўлардай қийналиб топган пулига акаси “зачёт” ёпади. Боласининг пешона тери эвазига отаси бўкиб ичади, аҳли аёли қимматбаҳо либосларга ўраниб, кунда турланади. Камига данғиллатиб тўй-томоша қиладилар – “душманлар куйиб ўлсин” учун.
Хулласи, бутун бошли оила бир бечоранинг қўлига қараб қолган, талаб тўймаётган боқинди.
Одамга уят ҳам керак!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим #Эски_дардлар
25.12.2014
P.S. Ўн йиллар аввал ижтимоий тармоқда йўл-йўлакай шуларни ёзиб қўйган эканман. Фейсбук эслатди яна. Шунақа нарсалар ёзгинг келмайди-ю, кимларгадир яхши маънода таъсири бўлар, дея умидланасан одам. Аҳволимиз ўзгарармикан?..
@Behzod_Fazliddin
Ўғрилар тўдасида ҳолинг не кечаркин, менинг тўғригина болам!..
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Yuzing tanish, ko‘zimiz o‘xshash,
O‘zing menga kim bo‘lasan, Baxt?!
© Behzod Fazliddin @Behzod_Fazliddin
#Eski_daftardan #Sen_qachon_gullaysan
Ишламагандан кейин шу-да: ҳисобот ёзамиз, фақат ҳисобот!
***
Бошқаларнинг қўли билан ёмонлик қиладиган одам ўша ижрочидан кўра тубанроқдир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
«Аввалги шоирлар бошқача эди — шеър учун қўшиқчилар билан талашиб-тортишиб юрмасди, ҳақ-ҳуқуқ талаб қилмасди. Масалан, Муҳаммад Юсуф ундай эди, бундай эди...»
Буларнинг қаричи шу!
Сен ўзи Муҳаммад Юсуфни биласанми? Ё суҳбатида бўлганмисан? Дардларини ҳис қиласанми? Кўпчилик қўшиқчилардан ранжиб, норози бўлиб ўтганини-чи? Аслида, унинг қўшиқ бўлган сатрларини ҳам тузук-қуруқ билмайсан-ку! Ундан бошқа шоирларни ҳам танийсанми? Ижод заҳматини тушунасанми? Китоб ўқийсанми ахир?..
Шундай экан, шеърни, шоирни муҳокама қилишга ҳаққинг борми ўзи?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
Телевизорга қараб бўлмайди. Радио шанғиллагани‑шанғиллаган. Газета кўнглингни беҳузур қилади. Интернет фитнага тўлиб ётибди. Куну тун шовқин, шовқин, шовқин! Бу ҳам етмагандек, руҳият шовқинот дунёсида сарсон.
Яхшиям, дилга таскин бергувчи тоза хаёллар, гўзал дунёлар бор. Хайриятки, Шеър бор, шеърюраклар бор…
Аммо баъзан шеър, ҳатто Адабиёт ҳам кўнгил олиш, руҳингни кўтаришга ожиздек. Жисму жонингни шундай кайфият банди этадики, на иш, на ижод таскин беради.
Тубанликнинг чек-чегараси борми ўзи? Тавба дейсан-у, гоҳида уйғонгинг, ташқари чиққинг келмайди: яна ўша ҳаётми? Яна ўша буқаламун дунё, юзсиз шовқинхўрларми!..
Йўқ, яна бир буюк куч қайта кўз очиш, тозариш, яшнашни янгитдан бошлашга ундайди.
Минг шукр, минг‑минг тасанно, барчасидан‑да улуғи – Иймон бор. Аввало, шугинани саломат сақлайлик. Ана ундан кейин яшаш ҳақида яхшироқ ўйлаш мумкин. Ёзаверса ҳам бўлади...
2013 йил
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin
***
...Ўзим суймас ўзимдан юз ўгуртир,
Юз нағмакор сўзимдан юз ўгуртир.
Риёларга риё қўшиб бўзлайман,
Бул тамаъгир бўзимдан юз ўгуртир...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Эски_дардлар
***
Муроса керакдир ҳамиша, илло,
Ниҳол ҳам тиргаксиз ўсолмас тикка.
Келишса бўлади ит билан ҳатто,
Лек қандай кўнарсан мунофиқликка?!
Иғволар – ўткинчи, ғам – ўз йўлига,
Ҳасад маҳв этолмас бутун иймонни.
Ҳар он озор етиб турса дилига –
Ҳақсизлик ўлдирар бир кун Инсонни.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Эски_дардлар
***
Жиловлашди, асов от эдим,
Чидолмадим – яна дод дедим.
Синдиришди оёқларимни,
Юрагимдан қаттиқ лат едим.
Курашлардан чарчадим, толдим,
Жим яшашни ўрганиб олдим.
Воҳ, шу – жоннинг ҳузури экан,
Бора-бора кўникиб қолдим.
2003 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
Наҳотки бурун жийиришдан бошқасига қурбинг етмай ўтиб кетсанг?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin