behzod_fazliddin | Unsorted

Telegram-канал behzod_fazliddin - Behzod Fazliddin

1412

Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot

Subscribe to a channel

Behzod Fazliddin

Китобни ялингудай бўлиб сотишни ёқламайман. Китобхонлигини кўз-кўз қилаверадиганларни ҳам.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ҚАҲРАМОН

Тонгдан эшигимни чертади ташвиш,
Ичкарига олиб кирмасам, кўнмас.
Ишда қандай ғалва қайраб турар тиш,
Оёқ тортмайди-ю, бормасам бўлмас.

Йўлга отланаман, нонушта чала,
Муҳими – гупиллаб турибди юрак.
Кутишга заррача йўқдир ҳафсала,
(Барибир, автобус кутишинг керак.)

Ишхонада ўша эски томоша,
Ҳар кимнинг айтгани юзаки ўлан.
Бахтиёр кўрсатгум ўзни ҳамиша
Мийиқдаги сохта табассум билан.

Ахир ёлғон бўлса, бўлар-да шунча,
Не-не алдовларга, балки, соқийман.
То устимдан кулиб қуёш ботгунча,
Нуқул эртак ўқиб, эртак тўқийман...

Нега ҳамма нарса инсонга соя?
Ҳар қулайлик дилни ғамга ўрайди.
Борсам, ўтганмисан рўйхатдан, дея
Бахт ҳам юзи совуқ, ҳужжат сўрайди.

Саволлар тушда ҳам тинч қўймас нечун?
Алаҳсираб тунни тонгга улайман.
Эртага эркинроқ яшашим учун
Тағин қанча жойга ўлпон тўлайман?

Яхши беркилганми жўмракнинг оғзи,
Қўшнининг уйига ўтмабдими сув?..
Кейин шундай ғалат хаёллар баҳси,
Ҳозир ҳаётимнинг бор маъноси – шу...

2010 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ёнингизга қаранг, бирор зот борми,
Ростдан бахтлимисиз, гуллаётганлар?!


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Тўғрини ҳам, ўғрини ҳам олқишлайверадиган омма қарсакларига ишонаверманг.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

КЎЗИНГИЗНИ БЕРИБ ТУРИНГ

Ёлғизгинам, фариштага тенгликкинам,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай.
Иккимизнинг дардимиз бир, мунгликкинам,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.

Мен бошимни урмаган бир тош қолмади,
Ростин айтсам, юрагимда дош қолмади,
Қуриб қолган кўзларимда ёш қолмади,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.

Узун-узун армонларим чиқиб кетсин,
Зардобларим кўзёш бўлиб оқиб кетсин,
Қалбимга бир қизғалдоқлар боқиб кетсин,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.

Мен шабнамман, ғуборларга қўнолмайман,
Ё гул бўлиб тош юракда унолмайман,
Кўнолмайман, бу дардларга кўнолмайман,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.

Қузғунларнинг қилиғидан зорим келди,
Тоғ қалбимга нафрат деган сорим келди,
Ўзим бўлиб йиғлолмайман, орим келди,
Келинг, Сизнинг кўзингизда йиғлаб олай,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай...

2001 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Эски_дафтардан #Тушларингдан_чиқиб_келдим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Балки, бу ҳам бўлса яхшиликкадир,
Ёғаётган тошлар – Ҳақнинг раҳмати.
Бир куни дардларим топгуси қадр,
Қачон беиз кетгай қалбнинг заҳмати?!

Ахир нима қилай, гуноҳ ҳам тақдир,
Кўринмай бўлмайди унинг кўзига.
Аввало, хатони таниган ҳақдир,
Тавбадан гул экиб борар изига.

Бесамар кетмагай қон ютганларим,
Гарчи кўнглим ҳамон саргардон, дайдир,
Яхши кўрганларим – йўқотганларим
Бир кун ўзи мени топиб олгайдир...

2007

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Сен_қачон_гуллайсан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Бошга тушганини кўз кўрди яна,
Ҳаёт оз меҳрини соз кўрди яна,
Шўр эди пешонам, туз кўрди яна –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.

Кутдим, куттирганга билдирмай кутдим,
Бардошни ёнимдан жилдирмай кутдим,
Бошқасин хаёлга келтирмай кутдим –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.

Аёвсиз ёқамдан тутади бир дард,
Ичимдан ичимга ўтади бир дард,
Жонимда кўкариб ётади бир дард –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.

Дил уйи лаҳзада ёришар-кетар,
Унга борган қувонч мендан ҳам ўтар,
Севаман – яшашга шу асос етар –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.

2011

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
#Тушларингдан_чиқиб_келдим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Алдамчи ҳислардан буткул тўйганман,
Дунёни ўткинчи тушга йўйганман.
Бандаман, мададга муҳтожман, аммо
Одамзоддан имдод кутмай қўйганман.


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кайфият #Лаҳзалар

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Одамлардан чарчаган одам
Қай ерлардан изласин паноҳ?!

***
Сендан рози бўлмас ҳеч ким, ҳеч қачон,
Яратганга юзлан – ҳаловат топ, жон...

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Йўл_йўлакай  #Таҳрирсиз_хаёллар

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Райҳон райҳон эмас, шамол бўлмаса,
Осмон осмон эмас, хаёл бўлмаса.
Нега сўроғимдан чўчийсиз бунча –
Инсон инсон эмас, Савол бўлмаса.

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кайфият #Эски_дардлар

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

MENSIZLIK

Yulduzlari ichikib qoldi,
Mahzun endi Oysiz osmonim.
Sensizlikka ko‘nikib bo‘ldim,
Qanday ekan mensizlik, Jonim?!

Ana, ko‘zim ko‘zingdan o‘tdi,
Qo‘y, yashirma titroqlaringni,
Xato qilding, o‘zingdan o‘tdi,
Tishlayapsan barmoqlaringni.

Endi nurga begona yuzing,
Quyoshingning ranglari qani?
Sig‘mayapsan o‘zingga o‘zing,
Hayotingning tonglari qani?

Kechalaring o‘zingday g‘arib,
Armonlaring osmondan katta.
Yuragingga termulib turib,
Yig‘layapsan birinchi marta.

Uxlab qolgan kunlaring haqqi,
Mening o‘rnim boshqa – bo‘lakman.
Yig‘lab qolgan tunlaring haqqi,
Men, baribir, senga kerakman!

2003-yil

© Behzod Fazliddin @Behzod_Fazliddin

#Eski_daftardan #Sen_qachon_gullaysan #Tushlaringdan_chiqib_keldim

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Яна телбаландим хатолар ичра,
Яна тушар йўлим бўлди истиғфор...

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кайфият #Эски_дардлар

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Кўрарга кўзим йўқ сени, масъулиятсизлик!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

#Кайфият #Лаҳзалар

***
На севги, на нафрат, на шодлик, на ғам...
Тобора баридан мосуво юрак.
Ҳеч нарсага тўлиб бормоқда олам,
Бу қандай ишора, бу недан дарак?

На ишонч, на исён ва на итоат...
Гўё бутун борлиқ бўшлиқ билан банд.
Табиат Тангридан кутмас иноят,
Дунё борган сари кофирга монанд.

На илҳом, на ижод, на амал, на сўз...
Баримиз золим-у, баримиз мазлум.
Пушмонлар тўзони очирмайди кўз,
Ҳозирча умримиз ҳечликка маҳкум.

2012 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Муҳаббат дегани эҳсондир, асли,
Энг эзгу сўзларим элга садақа.
Мен Сенинг сир тўла Cевгингга таслим,
Ишқ ганжи олдида дунё бир чақа.

Юрагим ёришар ёдинг нуридан,
Ҳаётга қайтаман исмингни айтиб.
Хуш наво таралур дил танбуридан,
Севгимдан севгилар уйғонган пайти.

Билмасман, не тахлит тугайди байтим,
Тасаввурга сиғмас шеърим якуни.
Мен фақат кўнглимдан ўтганин айтдим,
Шакли оҳанрабо, Дарддир мазмуни...

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Қўрқоқ бўлиб туғилмас одам,
Лек айланар нечун қўрқоққа?..

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Баҳор, юр, онамни борайлик йўқлаб,
Ишон, яхши кўриб қоласан уни.
Хушбўйлар сочилган қишлоқни алқа,
Кўзингни ачитмас аёз тутуни.

Йўллар қадамингга муштоқ, мунтазир,
Жилғаларни бунча соғинтирмасанг!
Кўклам, кўкламлигинг нимага арзир,
Кўнгилга илиқлик олиб кирмасанг?

Уйғониш – саодат, тириклик – неъмат,
Ариқлар бошини ялпизга ўра.
Келаси йилгача дийдор ғанимат,
Музтарин момодан бир бор ҳол сўра.

Ёмғирлар ёғдиргин, чанқоғи қонсин,
Томоғи қақраган далалар бўлса.
Варраклар учириб кўзи қувонсин,
Бола бўлолмаган болалар бўлса.

Ўтиб қўй навқирон нигоҳларидан,
Кўнглини чўктирма ўктам оғамнинг.
Барака тўкилсин бармоқларидан,
Қўлини сиқиб қўй деҳқон тоғамнинг.

Қалдирғоч кечикса, уйқуси қочган
Синглимни паришон айлама, Баҳор.
Сен ҳам ҳар меҳмонга бағрини очган
Онажон элимни алдама, Баҳор!

2009

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
#Тушларингдан_чиқиб_келдим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Авлодлар манқурту малъун бўлмасин,
Ҳар ота-онага маърифат бергин...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Не ажабким, бошқасига ройиш бермас,
Кўнглим гулин ўзимдан ҳам қизғонаман...

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

#Кайфият #Лаҳзалар

Шеърларни болажонларнинг ширин тилидан эшитиш гашти бошқача. Бирор жойда шеърларим болалар тилида янграса, кўнглим ёришиб, ажиб хаёлларга бериламан.
Бу сафар жиянчаларим Моҳларойим ва Мустафо шеърларимни ёддан ўқиб беришди. Янги китобингиздан бизга бермадингиз-ку, деб қўярда-қўймай сўраб олишганди. Кирилл ёзувини яхши биласизларми, десам, албатта, биламиз, дейишувди. Мустафо “Онам ёзолмаган шеър”ни, Моҳларойим “Ёшлик – хатоларнинг ватани ўзи”, “Бизни кечиради Ватан албатта” дея адашганлар қўшиғини айтяпти. Нима учун айнан шу шеърларни танладинглар, ким ўргатди, деб сўрасам, ўзимиз танладик, шулар кўпроқ ёқди-да, яна ёдлаганларимиз бор, дейишди.
Шундай пайтлари нима учун ёзаётганингни янада яхшироқ ҳис қиласан. Болаларга ҳам маъқул келадиган, энг муҳими, туйғулар тарбиясига ҳисса қўшадиган асарлар ёзолсак, қанийди...
Бир баҳонаи сабаб билан кўнгилга кўчган ёруғ кайфиятни сизга ҳам улашгим келди.

2018 йил, тармоқдаги қайдлардан.

P.S. Ҳозир шу жиянларим вояга етиб, кап-катта бўлиб қолишди. Онда-сонда кўраман-у, болалик дамларидаги қиёфалари кўз ўнгимдан кетмайди. Шу қоракўзлар камол топиб, севган касб-ҳунарларини эгаллаб, ота-онаси. оиласи билан хайрли, сермазмун ҳаёт кечиришини ва албатта эл-юртга нафи тегадиган инсонлар бўлишини жуда истайман. Эркаликлар даври ўтди энди...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Туйғулар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ТЎҚИЛМАГАН ҲАЁТ

– Ҳадеб тўқиб ёзавермасдан, жойларга ҳам боринглар, жараённи ўрганинглар...
Раҳбарнинг бу гапи, негадир, айнан менга қарата айтилгандай бўлди. Мажлисдан чиқдик ҳамки, ёзиш кайфияти тарк этмади. Мухбирлигим тутиб кетди. Дарров қоғоз-қалам билан қуролландим.
– Тинчликми? – сўради хонадош ҳамкасбим.
– Бир айланиб келайлик-чи...
У ниятимни тушунгандай бўлди, чоғи, эътироз билдирди:
– Бе, қизишганда айтди-қўйди-да. Вақтингизни (пулингизни демоқчи) кетказиб нима қиласиз? Борсангиз ҳам ўша гап, бормасангиз ҳам...
Мен ҳам худди ҳамиша вақти тиғиз одамдай бўш келмадим:
– Ҳеч бўлмаса, ҳаво алмаштириб келамиз-да.
Мана, диққинафас хонадан чиқиб олдим. Бу ёғи – эркинлик. Ҳозир янги қурилган мактаблар ҳақида кўп гапириляпти. Бирортасига бораману кўрганларимни қоғозга тушираман. Қарабсизки, аканг ўргилсин мақола тайёр-да.
Йўлга тушдим. Яқин-атрофда мактаб дегани кўринавермади. Ниҳоят, сўраб-суриштириб битта умумтаълим даргоҳини топдим. (Қизиқ, нима учун айнан мактабга боргим келиб қолди?)
Агар ёзиб қўйилмаганида бирорта нуфузли ташкилотдир-да, деб адашиб ўтиб кетаверардим.
Дарс пайти бўлса керак, ҳеч ким кўринмайди. Бир қиз пайдо бўлди.
– Ассалому алайкум, – сўрашдим у билан.
– Яхшимисиз...
Ишга янги келган, шекилли, журналистлар билан гаплашишни билмайди-да.
– Мен газетаданман. Мактабингиз ҳақида ёзмоқчи эдим. Шунга...
– Ассалому алайкум! – қизнинг чеҳраси бир лаҳзада мутлақо бошқача қиёфага кирди. – Унда раҳбаримиз билан гаплаша қолинг. Юринг, хоналарини кўрсатаман.
Қиз мени башанг кийинган бир аёл билан учраштириб қўйди-ю, йўқолди-қолди. Бу опа мактаб раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари (буни қоғозга қараб ёзиб олдим) экан. Директори иш билан қаёққадир кетибди.
Опа мақсадимни билгач, мактаб ҳақида жўшиб ҳикоя қила бошлади. Нима деганини ўзи ҳам тушунмади, чамамда. Рус мактабида ўқиган эканми, ҳар икки гапнинг бирида ўрисча сўз қўшади.
– Ўқувчиларнинг ўзлари билан ҳам суҳбатлашайлик, – дедим сабрим чидамай.
– Ҳозир...
Беш дақиқа ўтар-ўтмай, опа ёнида бир бола ва қизча билан кириб келди: – Энг аълочи ўқувчиларимиз. Гаплашиб кўринг-чи...
Дастлаб қизча гап бошлади. Шеър ёдлагандай ифодали, дона-дона қилиб сўзлай кетди: “Мактабимизда ҳамма шароитлар етарли. Ўқитувчиларимиз бизга чин дилдан таълим-тарбия бермоқдалар. Уларнинг сабоқлари, албатта, бизга ҳамиша ёрдам беради. Биз ёшлар ҳам аъло ўқишимиз, намунали хулқимиз билан уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз...”
Турли саволлар билан суҳбат мавзусини ўзгартиришга ҳар қанча уринмай, бўлмади. Ҳар гапида опага қараб-қараб қўяётган қизча, ниҳоят, у кутган охирги гапни айтди: “Ватанга муносиб фарзанд бўламиз”.
– Сизга тенгдошларингизнинг қайси жиҳатлари ёқмайди? – жўрттага илмоқли савол ташладим гапиришга навбат кутиб турган ёнидаги болага.
– Тўғрисини айтаверайми? – деб сўради у.
– Ҳа-да, – дедим мен ҳам шошиб боланинг “тўғри” сўзидан жўяли бир фикр оларманми деб.
– Мени тенгдошларим ҳеч тушунишмайди, – катталардай хўрсинди у.
– Нега? – сўрадим баттар ажабланиб.
– Китобий тилда гапирасан, дейишади. Бу кўп китоб ўқиганимдан бўлса керак...
Хазина топган кишидай кўзларим чақнаб кетди: китоб ўқийдиган ёшлар бор экан-ку!
– Дейл Карнегини биласизми? – кутилмаганда мендан сўради бола. Тасдиқ жавобини олгач, давом этди: – Ҳозир унинг қандай қилиб дўстлар орттириш ва одамларга таъсир ўтказиш мумкинлиги хусусида ёзган китобини ўқияпман...
Бола, ҳақиқатан ҳам, китобий тилда гапирарди. Мухбир бўла туриб мен у айтган баъзи сўзларни мақолада ҳам ишлатмайман.
– Тенгдошларим ҳам ўқиса, изланса, дейман. Юртимизнинг келажаги билимли ёшлар қўлида...
Бояги қиздан фарқли ўлароқ у чиройли гапиришга бор эътиборини қаратганди. Ўртоқлари нима учун уни “тушунмагани”ни мана энди тушундим. Ҳафсалам пир бўлиб, опага юзландим: “Яна бошқа ўқувчиларингиз борми?”

Батафсил: https://www.facebook.com/behzod.fazliddin/posts/pfbid023mpcJkpc8KXjAJYTKza9ZygQH6qNVWWMuqwYNYM67LoD95z85q7Lxg6gteQ6tK2al

2009 йил

Беҳзод Фазлиддин

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Тўқилмаган #Эски_дардлар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Бахтингни кўрмасдан ўлмайман, Ватан!..

Шеърдан парча акс этган ушбу видеони сўз мухлислари юборган экан.

Бу шеър 2002 йили, 18-19 ёшларимда ёзилган эди. Шу пайтгача турли тадбир, турфа давраларда янгради. Яқинда яна бир анжуманда ўқигандим.

Ҳозирги кўзим билан қарарканман, шеърнинг баъзи сўзларини ўзгартириб, айрим сатрларини қайта ишласамми, дейман гоҳида. Балки, бугунги ҳолимда бошқачароқ ёзган бўлармидим. Аммо ўша Туйғу, ўшандаги Руҳни қайтариб бўлармикан – буниси ҳам бор. Шунинг учун ҳам эски шеърларимга кўпам тегинавергим келмайди. Қолаверса, улар аллақачон мухлисларимизга ҳам ёд бўлиб кетган...

Аслида, бу Ватан, даҳо халқ сизу бизнинг ялтироқ сўзларимизга муҳтож эмас, ўзимиз унга чиройли сўзлар айтишга муҳтожлик сезамиз...

@Behzod_Fazliddin

P. S. Тўлиқ ва сифатлироқ вариантда кейин YouTubeдаги каналимизга жойланади.

#Кайфият #Лаҳзалар #Мухлислардан #Шеърлавҳа

@Behzod_Fazliddin_bot

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

#Иқтибос

“Менга нима? Менга деса, ер ёрилиб кетмайдими!” Бу – кўча ҳайвонининг фикри.

“Оч қорним – тинч қулоғим”. Бу – уй ҳайвонининг фикри.

Рауф Парфи

#Жамият_ва_маънавият #Ижод_ва_эътиқод #Рауф_Парфи

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Ортиқ жимиб бўлмас, йўқ, жимиб бўлмас,
Шунча ютқизиққа кўз юмиб бўлмас,
Ахир ғам ортидан ғам шимиб бўлмас,
Ё Ҳақ, Ҳақ сўраган қалбга нусрат бер.

Бу қандай шажардур, туб томон ўсган,
Ҳар куртак кўзини ғофиллик тўсган,
Бир уйғоқ сўз айтсанг, нафаси қисган
Элатга уйғониш учун қудрат бер.

Буюкларин бир-бир ташлайди ўрга,
Сафсата сотганни бошлайди тўрга,
Борини бой бермиш данғир-дунғурга,
Ўзинг бу саҳнага ўзга суврат бер.

Битмас яраларим буткул биткаргин,
Кўнглимдан ўтганин элга ўткаргин,
Мени қавмим билан бирга қутқаргин,
Пешонамга бошқа ёруғ қисмат бер.

2010

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим китобидан.

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Икки қулоқ бир-бирини “қулоқ” деб ҳақорат қилмоқчи бўлармиш.
Қулоқлар ҳеч қачон дўст бўлмас экан-да. Ҳатто ўзларига ҳам...

#Йўл_йўлакай  #Таҳрирсиз_хаёллар

Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Катталаримиздан деярли ҳеч нарсани ўрганмабмиз (ёки ўргатишмаган экан). Бу аҳволда ёш авлодга нимани ўргатамиз?!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

#Мумтоз_лаҳзалар #Бобур

Давлатқа етиб меҳнат элин унутма,
Бу беш кун учун ўзунгни асру тутма.


Шу гапни Бобур бошқачароқ оҳангда ҳам изҳор айлаши мумкин эди-ку. Аммо ўша оҳанг Бобурнингмас – ўртача савиядаги тахтпарастнинг овоз оҳанги бўлурди. Бу беш кунлик дунё тожу тахт соҳиби бўлганда ҳам на одамлардан узоқлашишга, на ўзини баланд кўтаришга арзимаслигини мукаммал англай олганди. Унингча, дунёдаги энг боқий ҳақиқат умрни ғанимат билиш, инсоннинг инсонга руҳан ва маънан яқинлиги эди. Бобурнинг хуш кўрган сўзларидан бири «аҳбоб»дир. У бу сўзни, хусусан, рубоийларида тез-тез тилга олади. «Аҳбоб унутилмаса керак аҳди қадим», дея умидларга берилади…

Бобур табиатан кўлами кенг, мард ва шижоатли шахс бўлган – номардлик, қўрқоқлик, писмиқликка умуман тоқат қилолмаган. Бобур донишманд, чин маъноси билан маърифатли сиёсий арбоб эди. Шу боис у ақлга макрни, адолатга жаҳл ва зўравонликни, элу улус ишончига ёлғону алдовни аралаштирмаган. Эҳтимолки, шунинг учун ҳам Бобурда давлат юкининг оғирликларидан нолиш ёки эзилишни пайқамайсиз. Унинг дунё ва аҳли дунёдан шикоятларида ҳам руҳоний собирлик, далдакорлик мавжуд…

Иброҳим Ҳаққул

#Ўзбек_адабиёти #Ижод_ва_эътиқод

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Сизга малол келган кулгуларимни
Ўлик лабларимдан юлиб ташладим...


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кайфият #Шеърлавҳа

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Барча илму ижод аҳли – шоир-ёзувчи, олим, таржимон, журналист, рассом ва бошқалар диққатига!

Интернетда адабиёт, илму маърифат тарғиботини кучайтириш, айниқса, улуғ адибу олимларимиз асарларини мунтазам эълон қилиб бориш, майдонни шов-шувчи-шовқинчилар, диний, ирқий ва сиёсий низо қўзғамоқчи бўлаётган ғаламисларга бўшатиб қўймаслик керак. Бу борада Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг виртуал кутубхонаси, Давронбек Тожиалиев юритаётган маърифий портал (ziyouz.com) ва бошқа сайтлар маъмурлари анча яхши ишлар қилиб улгурган бўлса-да, ҳали денгиздан томчидек гап. Қолаверса, бундай сайтлардан ҳеч қандай моддий манфаатдорлик йўқлигини, аксинча, сайт эгаларининг ўз ҳисобидан юритилиб, катта куч, жуда кўп вақт сарфланишини эътиборга олсак, бу ишлар қанчалар оғир эканини тасаввур қилиш мумкин.

Шахсан мен интернетда ўзбек адабиёти тарғиботидан умуман қониқмайман. Ҳамма қўлга илинганини эълон қилиб ётибди. Тизимли тарзда, маълум бир мезон асосида саралаб берадиган сайтлар жуда кам. Айниқса, классик асарлар аслиятдан бутунлай узоқ кўринишда ёки ғиж-ғиж хато билан берилади. Айб – ўзимизда. Маънавият, илму ижод тарғиботида бир-биримизни қўллаб-қувватламаймиз, боз устига, уҳ, бу ҳам рекламага ўтибди-да, қабилида ўзимизча энса қотирамиз. Кўплаб катта адибларимиз эса интернетдан деярли бехабар...

Гарчи шахсий веб-саҳифа бўлса-да, ўзим юритаётган сайтда имкон қадар керакли асарларни бериб боришга ҳаракат қиляпман. Қўлимда сайтда эълон қилиш учун тишимнинг ковагида асраб келаётганим қанча яхши материал бор: ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналаридан тортиб ижтимоий-маънавий ҳаёт, илм-фан ва маданият соҳасига доир мақолаю суҳбатлар, мулоҳазалар... Лекин уларнинг ўндан бирини ҳам тармоққа жойлаб улгурмадик ҳали. Ҳаммасини бирма-бир синчиклаб кўриб чиқиш, аслият билан солиштириш, имкон қадар кўпчиликка нафи тегадиган асарларни бериш керак. Кўпинча бирор матн ёки жумла, ҳатто бир сўз устида узоқ вақт ишлаб ўтиришга тўғри келади.

Янаям сайтимизда шаклга эмас, мазмунга асосий эътибор қаратилади. Аммо шунча вақт, меҳнат маҳсулини биров тузукроқ ўқийдими-йўқми. Интернет ҳам бундай пухталикни кўпам хушлайвермайдиган кўринади. Одамларга эса тезкор информация, миш-миш, ваҳима, сенсация керак. Ҳамма осонига ўрганган. Керак бўлса, Навоийни ҳам битта гап билан тушунтириб қўя қолишса... Шу томондан қараганда, виртуал олам фикрловчиларнинг жойига ўхшамайди.

Кўп ўйлайман: “Тўғри қиляпманми ўзи? Шунча кучни бошқа ишга сарфлаган маъқул эмасми?” Билмадим, ортиқча чиранаётганга ўхшасам ҳам, ҳозирча глобал тармоқдаги ишимдан ўзим озми-кўпми завқ туйяпман. Кимларгадир таъсири, фойдаси бўлаётир, дея умидланаман...

Айни кунларда ижтимоий тармоқлар ва сайтимизга баҳоли қудрат кўпроқ яхши, фойдали материаллар жойлашга астойдил киришилган. Тармоқдаги кўпчиликка фойдаси тегиши мумкин бўлган постларни ҳам муаллифини кўрсатган ва (зарурат сезилса) жузъий таҳрир қилган ҳолда сайтда эълон қилиб бормоқчимиз.

Бисотингизда яхши асарлар, айниқса, башарият ва миллатимиз улуғларининг нодир битиклари бўлса, ҳавола қилинг. Бошқалар ҳам баҳраманд бўлсин.

Бу борада қанча режа ва лойиҳалар бор-ку, лекин кўп нарсага улгуриб бўлмаяпти. Вақт ва имкон дегандек... Қочирим гапларни қўйинг-у, қўлингиздан келса, бу хайрли ишга сиз ҳам ҳисса қўшинг. Ҳар бало тўлиб ётган интернетда имкон қадар кўпроқ маърифат, зиё улашишга ҳаракат қилайлик.

P.S. Ўн йиллар аввал интернетда шуларни ёзиб қолдирган эканман. Очиғи, ҳозир бундай ишларга деярли ҳафсала қолмаган, кўп нарсадан кўнгил совиган. Шунинг учун ҳам сайтимиз маълум муддатга тўхтаб турган бўлса-да, шунчаки қўл силтаб кетмоқчи эмасмиз. Насиб қилса, бу ишлар янгича кўринишда катта ижодий лойиҳаларимиз доирасида давом этади.

Беҳзод Фазлиддин

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Сизга_гапим_бор #Ўзбек_адабиёти #Ижод_ва_эътиқод

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Навоийни қизғанарсан бенаволардан...

#Йўл_йўлакай
#Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…
Subscribe to a channel