behzod_fazliddin | Unsorted

Telegram-канал behzod_fazliddin - Behzod Fazliddin

1412

Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot

Subscribe to a channel

Behzod Fazliddin

СЎРОҚ

Дилни дилга йўлламай,
Йўлни йўлга уламай,
Ҳеч йўқса, бир гулламай,
Сўлиб кетаверайми?

Танда бор чўғим – шу, деб,
Бандалик чоғим – шу, деб,
Менинг бор-йўғим – шу, деб
Нолиб кетаверайми?

Кўкламлар нафасида,
Гуллаш арафасида
Тошларнинг орасида
Қолиб кетаверайми?

Қандай кунга кўндим-ай,
Ич-ичимдан синдим-ай,
Ёнингизда индамай
Ўлиб кетаверайми?

Нега жимсиз?!

2004

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Сен_қачон_гуллайсан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Излаюрсан, лек қайда ул кўнгил маҳрами?..

***
Сендан ўзгасини танигим келмас...


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кайфият #Шеърлавҳа

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

“Оммабоп китобларда бадбўйлик бор...”

Одамлар ҳар хил бўлганидек, китоблар ҳам турлича: бири моҳиятан яроқсиз, иккинчиси ёлғон ва алдов тарғиботчиси, бошқа бирлари истеъдодсизлик ва ўртамиёналик намунаси…

Шунинг учун ҳамма китоб онг ва идрокка яхши таъсир ўтказиб, фикрни бойитади, деган гапни эсдан чиқариш керак. Негаки, зеҳнни ўтмаслаштириб, дид ва савияни бузадиган китоблар ҳам дунёда кам эмас.

Масалан, ёзувчи, шоир ва олимлардан кўпчилигининг шу кунларда нашр этилаётган китобларини ўқимаган киши ҳеч нима ютқазмайди. Тўғри, китобдан йироқлашув оғриқли бир масалага айланиб қолди. Аммо буни фожиага қараб бурмаслик керак. Тасаввур этайликки, ҳамма бирданига китобхонликка шўнғиб кетди – нима ўзгаради? Илм-фан, бадиий адабиёт тармоқларига қараб одамлар онгида аввалгига нисбатан факт ва маълумот кўпроқ йиғилади, фикр-тушунчаларда баъзи ўзгаришлар юзага чиқади. Бироқ одамнинг Ўзлиги, яъни башарий “мен”ида ҳеч қандай силжиш, янгиланиш рўй бермайди. Бунга сабаб нима? Сабаб – дин, фалсафа, адабиёт, санъат ва сиёсатга бағишланган кўпдан-кўп асарларнинг инсон Руҳига теран таъсир ўтказолмаслиги ҳамда унинг инонч “қалъа”сини ишғол эта олмаслигидадир...

Айрим китоблар ўқувчининг ҳаётга аралашиш эҳтиросини пасайтириб, унда китобийлик кўникмасини орттиради. Оқибат нима бўлади? Ҳаётий ҳис-туйғулардан китобий майллар ғолиб чиқиб, инсон воқеликка ҳуркиб, чўчиб-қўрқиб қарайдиган ва қуруқ мушоҳададан нари ўтолмайдиган бир жонзотга ўхшаб қолади. Одатда мана шундай кимсаларнинг китобхўрлик “талант”и ёшлар онгига ёмон таъсир ўтказади.

Хуллас, ҳадеб китоб ўқимасликнинг зиёнидан гапиравермасдан, китоб ўқишдан туғилажак зарарлардан ҳам сўзлаш керак. Ана шунда муаммонинг “кўз”и очилиб, танлаб ўқиш малакаси устида жиддий бош қотирилиши мумкин.

“Оммабоп китобларда бадбўйлик бор. Чунки уларга майда одамларнинг ҳиди сингмиш”, дейди Ф.Нитше. Бу – тўғри фикр. Тўғрилиги учун ҳам бора-бора бунақа китобларни қўлга олиб варақлаш истагидан тамоман фориғ бўламиз...

Иброҳим Ҳаққул билан суҳбатдан.

@Behzod_Fazliddin

#Жамият_ва_маънавият #Ижод_ва_эътиқод #Сизга_гапим_бор #Эски_дардлар

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Мен қидирган сўзлар луғатларда йўқ,
Мен талпинган ҳаёт қайда – билмадим.
Истаган қиёфам сувратларда йўқ,
Орзулар орзусин писанд қилмадим.

Лаҳзалик умримда борми ҳеч маъно?..
Пардалар кўзимдан сурилмаётир.
Ўзим-ку бир сиқим тупроқман, аммо
Мен излаган дунё кўринмаётир...

2010 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим китобидан.

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Кўча одамлари билан кўча тилида гаплашавериб виждон ҳам кўчабезорига айланиб қолмаса бўлди.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Муаллифлик ҳуқуқи? Нима ўзи у? Бор нарсами?!

Бугун (23 апрель) Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни экан. Ҳойнаҳой, тегишли ташкилотлар ҳаммаёқда жар солиб, роса ура-ура қилаётгандир. Аслида эса аҳвол мақтагулик эмас. Очиғи, бу ҳақда гапиравериб, ёзавериб жуда чарчади одам...

Ҳамон ижодкорлар муаллифлик ҳуқуқи масаласида ўзи курашиши зарур бўлиб қоляпти. Хўш, интеллектуал мулк ҳимоясига масъул ташкилотлар ўз ишини қандай бажаряпти? Ижодкорнинг муттасил шундай ортиқча бошоғриқ билан банд бўлиши, ойлаб овораю сарсон юришини нима деб тушуниш керак? Ўзи ким бу ишлар билан шуғулланади? Қачонгача ижодкорлар саргардонликда, эшикма-эшик юриб, ҳуқуқини талаб қилади? Тегишли идоралар эса ишни пайсалга солишдан, сарсон қилишдан нарига ўтмайди ёки шўрлик муаллифнинг югур-югури, муттасил талаблари билан масала бир нави ҳал бўлганда дарров майдонга чиқиб, ўз номини пеш қилганча шов-шув кўтаришни билади. Бироқ инсон қадри, унинг шаъни масаласи улар учун деярли аҳамиятсиздек...

Айниқса, плагиат масаласида аҳвол жуда чатоқ. Ҳаммаси “Кўчирса нима бўпти? Шунга ҳам ота гўри қозихонами!” қабилида муносабатда. Ҳатто ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўзи ҳам. Айтаман деса, гап кўп...

Интеллектуал мулк ва муаллифлик ҳуқуқи ҳимоясини таъминлаш мамлакат тараққиётига кучли таъсир кўрсатувчи ижобий омиллардан. Шунинг учун ҳам ривожланган давлатларда бу масалага жуда жиддий қаралади.
Бизда эса...

Ижтимоий тармоқдаги муҳокамаларда аксар одамлар мавзуни тушуниб-тушунмай оғзига келганини ёзаётир.
Муаллифлик ҳуқуқи ҳимояси учун курашаётган ижодкорларни «пасткаш» деб аташнинг ўзи пасткашликдир!
Аслида, биринчи навбатда ижодкорлар, зиёлилар муаллифлик ҳуқуқи бузилишига, плагиатга, ижодий ўғриликка кескин қарши туриши керак
Плагиатга, ижод ўғриларига қарши курашиш пасткашлик дейиладиган бўлса, майли, «пасткаш» бўла қолинг.

Китобхонлик ва инсон ҳуқуқлари фақат айрим саналардагина шунчаки ҳисобот учун эсланадиган мавзу бўлиб қолмаса эди...

@Behzod_Fazliddin

#Плагиатга_қаршимиз #Муаллифлик_ҳуқуқи
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар #Бу_ҳам_муҳим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Асқад Мухтордай катта файласуф шоир, жаҳоний миқёсда фикрловчи донишманд адиб унутиляпти. Ҳатто ижоди халқ руҳига анча яқин Миртемир деярли эсланмаяпти.
Абдулла Ориповни-да бугун камчилик ўқиса керак. Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон асосан тор доиралардагина ёдга олинади.
Матназар Абдулҳаким деган шоирни кўпчилик эшитмаган ҳам чиқар, балки. Ҳа, айтгандай, Омон Матжон-чи?
Яна, яқин даврда яшаб, ижод этган – борган сари кам эсланаётган ёзувчилардан Одил Ёқубов, Неъмат Аминов...
Мумтоз адабиётга муносабат ҳақида гапиришга ҳожат йўқ.
Ушбу шоир-ёзувчиларни оммавий ўқитайлик, тинимсиз реклама қилайлик, дейиш тўғри бўлмас. Уларнинг аксарияти ҳеч қачон оммалашмаса керак.
Аммо халқ, айниқса, ёш авлод миллат шоирларини, ёзувчиларини яхшироқ таниса, билса, асарларидан кўпроқ баҳраманд бўлса...
Турли тадбирларда, ўзаро суҳбатларда, оммавий ахборот воситаларида, таълим муассасаларида ва албатта интернетда шу каби адиблар ижодини имкон қадар тарғиб этавериш зарур. Қолаверса, бу савоб иш ҳам...

2019

Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ўзбек_адабиёти #Ижод_ва_эътиқод #Бу_ҳам_муҳим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Оёғингни ялаб-юлқаса ҳамки,
Суяк ташламасанг ёқмайсан итга...


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

QO‘NG‘IROQ

Uyimni to‘ldirgan jimlikni buzib,
Hayotni eslatib yangrar qo‘ng‘iroq.
Olisdan bir go‘zal (ko‘zini suzib)
Gapirar, adashib tushibdi biroq.

O‘zim bilan yolg‘iz qolarman yana,
Domiga tortadi xayollar – dengiz...
Telefon!.. Junbushga keladi xona,
Yana o‘sha “Boshqa joyga tushdingiz”.

Nahot hamma menday adashgan, yonar,
Savollar tosh bo‘lib urilar boshga.
Har safar almashib qolar raqamlar,
So‘ragan – begona, so‘ralgan – boshqa...

Hamon dovdirayman, Ruhimda to‘fon,
Meni shu simlarga bog‘lab qo‘ygan Vaqt.
Yuragim jiringlar – jonli telefon,
Ehtimol, qo‘ng‘iroq qilayotgan – Baxt...

2006-yil

© Behzod Fazliddin @Behzod_Fazliddin

#Eski_daftardan #Kayfiyat

#Sen_qachon_gullaysan, #Tushlaringdan_chiqib_keldim kitoblaridan.

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ёлғон шоир керак эмас Ватанга,
Шоир керак эмас ёлғон ватанга...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Руспараст ҳам, туркпараст ё арабпараст ҳам, ҳатто ўзбекпараст ҳам эмасман. Ҳақиқатпарастман!
***
Ҳар даврнинг ўз масхарабозлари бўлар экан-да...
***
“Ҳақиқат” сўзини кўп ишлатадиганларнинг аксарияти аслида ҳақиқатга хиёнат қилувчилардир.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Сўра, бир ундан сўра,
Қалбинг не фатво дейди?


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Яхшироқ қарасанг, бу олтин деворлар орасидан қон оқиб турганини кўрасан...

***
Қодирию чўлпонлар тирилиб келиб ёзса ҳам кўпчилик ўқимайдиган ажаб замонлар бўлди...

***
Шахсий манфаат бор жойда Холислик хижолат тортиб бир чеккага чиқиб турармиш...

***
Зиёлилар шунчаки кузатувчига айланиб қолмасайди...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод

Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Кузатишимизча, Адлия вазирлиги, унинг вилоят бошқармалари ва бошқа идораларда муаллифлик ҳуқуқи бўйича малакали мутахассислар етишмайди. Ҳатто судьялар орасида масалани тузук-қуруқ тушунмайдиганлари учрайди. Айтаман деса, анча гап бор... Дарвоқе, Ёзувчилар уюшмаси, “Ўзбекконцерт” ва бошқа ижодий ташкилотлар ҳам бу масалага жиддийроқ қараши лозим эмасми?!

Сирасини айтганда, жамоатчилик назорати сустлиги, масъул ташкилотлар ўз ишини рисоладагидек уддаламаётгани, судларда муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ тажриба шаклланмагани боис айни ижод қиладиган, изланиб-ўрганадиган паллада бундай ғалвалар муаллифларнинг вақту асабига эгов бўлаётир.

Ижтимоий тармоқдаги муҳокамаларда эса аксар одамлар мавзуни тушуниб-тушунмай оғзига келганини ёзмоқда...

Ривожланган давлатларда муаллифлик ҳуқуқини бузганлар катта жаримага тортилади, ҳатто қамалади. Энг асосийси, “ижодий қароқчи”лар жамият нафратига учрайди...

Беҳзод Фазлиддин

“Tafakkur” журналидан.

#Плагиатга_қаршимиз #Муаллифлик_ҳуқуқи
#Эски_дардлар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Бунча катта кетмасанг, Ҳақиқат,
барибир, сотиласан-ку!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар

Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Иш юзасидан телефонда уч-тўртта давлат идораси ходими билан гаплашдим. Қизиқ, гаплари, сўзлашув оҳанги, ҳатто овози ҳам деярли бир хил-ей ҳаммасининг. Гўё битта одам билан бир неча бор гаплашгандекман.
Бу шунчаки тасодифмикан ё тизим шунақа қолипга солиб қўярмикан уларни?..
Ҳа, айтганча, мурожаат бўйича бирортасидан тайинли жавоб ололмадим.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Кундаликдан_қайдлар #Эски_дардлар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Ҳар куни кўксимда кўпкари,
Олишар чавандоз туйғулар –
Ғирромга ўрганган кўплари.

Уялиб кетаман ўзимдан,
Тағинам гуноҳнинг ҳиди йўқ!..
Нур қочиб боради юзимдан.

Улуғ бир хатони бошладим,
Қаламнинг юргиси келмайди,
Шўрликни... синдириб ташладим...

2009

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Ой суйган юзларга малолман,
Шеър суйган қизларга хаёлман.
Қўлимни қўйворма, баҳорим,
Уволман, кузларга уволман.

Шеърларим – кўнглимнинг юзи-ку,
Муҳаббат – руҳимнинг кўзи-ку.
Бўйнимга дор эмас хатолар,
Бегуноҳ Раббимнинг ўзи-ку!

Очилиб кетаман бир куни,
Сочилиб кетаман бир куни.
Жонимни топ-тоза юз билан
Тангримга тутаман бир куни.

2001 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Эски_дафтардан
#Онамнинг_кўнглига_кетамиз
#Сен_қачон_гуллайсан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Улар қичқираверсин: “Ҳаёт – бу лаҳза. Ўйна!”
Сиз ўзингиз учун жавоб беринг: “Ҳаёт – бу лаҳза. Ўйла!”

Беҳзод Фазлиддин

Мактаб дарслигига (“Она тили”, 9-синф) киритилган бу сатрларни “Қайси китобингиздан? Давоми борми?” деб сўраяпти кўпчилик яна. Ажабланарлиси, баъзилар шеърдан парча деб ўйлаётган экан (?).
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар туркумидаги қисқа қайдларимиздан бу.

Айни кунларда мактабларда шу сатрларга муносабат билдириб, матн тузиш уйга вазифа сифатида берилганми, “Ҳаёт – бу лаҳза...” шунга матн керак”, “изоҳ керак” деб ёзяпти баъзилар. Кўпчилик интернетдан қидирувга бераётган экан.

Ажабо, биз озгина ўйлаб кўришга, фикрлашга шунчалар эринамиз-а...

“Изоҳ керак” деганларга матннинг ўзи жавоб бериб турибди-ку: “Ўйла!”

@Behzod_Fazliddin

#Сизга_гапим_бор #Бу_ҳам_муҳим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Не-не қалбга йўл кўрсатди-ю,
Ўз-ўзимга ўтмади сўзим.
..

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Баланддан келганга осмондан келдим,
Бошимга кўтардим ерга тушганни.
Гулларнинг қошига нур бўлиб елдим,
Ташладим-да, қочдим бурни шишганни.

Ўзим улғайтирдим – бу дардлар ўктам,
Тошдан тоғ яратдим, заррадан оташ.
Фақат оғир экан ҳаммасидан ҳам
Шамоллар юртида шам бўлиб яшаш...

2007 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Сен_қачон_гуллайсан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

– Ёшлигим сиздамиди?
– Йўқ, Тафаккурингиз менда?
– Маърифатингизни бериб туринг.
– Ҳидоят олиб келдингизми?
– Илтимос, Ҳурриятингизни ҳам ташлаб кетинг.

(Ўзаро суҳбатимиздан.)

Афсус, сўзлашувда қўштирноқ йўқ-да. Бўлмаса, гап газета-журналлар ҳақида кетаётганини тушунтириб ўтиришга ҳожат бормикан... Бу-ку бир кулиб қўйгулик ҳол. Лекин кун келиб мана бу қўштирноқсиз тирноқли саволларга жавоб беришга тўғри келади:

Ёшлик қани?
Қани Тафаккур?
Маърифат қаерда?
Ҳидоят-чи?
Ҳурриятни нима қилдингиз?..


2013 йил

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар

Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Йўл очилиб борар йўл юрган сари...

(“Пессимистика”дан толиққанда)

Кўп йўл юраман. Одатда атай пиёда кезаман. Гоҳи тез-тез қадам босиб, баъзан секин, енгилгина одимлаб бораман. Бунинг соғлиққа фойдаси-ку ўзингизга маълум, илму ижодда ҳам ажойиб самара беради. Айниқса, соатлаб мук тушиб компютерда ишлаш, қоғозу китобларга кўмилиб ўтиришдан чарчаганда бунинг мазасини тасаввур қилаверинг.

Йўл юраркансиз, бутун вужуд ҳаракатда, мия фаолияти яхшиланиб, тиниққан фикрлар оқиб кела бошлайди...

Жуда кўп сатрларим, ҳатто бутун бошли шеърларим йўлда туғилган, йўл-йўлакай қанча таҳрирсиз хаёллар қайд этилган (Кўпчиликка маълум, бундай битикларимиз ижтимоий тармоқларда #Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар туркумида бериб бориляпти). Бир пайтлар иш ва уй оралиғида туғилган шеърларимнинг ўзи катта бир туркум бўлса, ажаб эмас.

Ҳозир ҳам йўлдаману шундай мисралар қуйилиб келаётир:

Йўллар яна гўзал йўлларга йўллар...

Ҳа-я, йўл мажозга йўғрилган мана бу сатрлар ҳам йўлда туғилганди:

Тин олганинг сайин ҳорғинсан, валлоҳ,
Йўл очилиб борар йўл юрган сари...

Сайру саёҳатни, хуш манзилларга сафар қилишни яхши кўраман. Коронавирус пандемияси бунга “тузуккина” халал берди-ю, лекин йўл юришни тўхтатганим йўқ. Эҳтимол, сизнинг ҳаётингиз ҳам шундайдир.

Йўл юринг, саёҳат қилинг, юрт кезинг, дунё кўринг, янгиланинг, Яратганнинг беқиёс неъматларидан янада кўпроқ баҳраманд бўлинг. Ва албатта дуоларда бизни ҳам эслаб туринг!

2021 йил, апрель

Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кайфият #Лаҳзалар #Ижод_ва_эътиқод #Сизга_гапим_бор #Бу_ҳам_муҳим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Одамларга ёқиш осон. Ишонмасангиз, уларни мақтаб кўринг.
Одамларга ёқмаслик ундан ҳам осон. Ишонмасангиз, уларни танқид қилиб, фикрларига қарши чиқиб кўринг.
***
Эскилар билиб айтади: Худодан қўрқмайдигандан қўрқ!
***
Истеъдодни асрай билиш ҳам улкан истеъдоддир.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Менинг ўлмайдиган оғриқларим кўп,
Тугаб битмайдиган дардларим бисёр.
Тилимнинг учида чандиқларим кўп,
Муҳаббат, кўнглимни гуллатиб юбор.

Ҳуда-беҳудага ранжитмай турса,
Тинглаб чарчамайман устоз Ҳаётни.
Кўксимни юлдузлар бўшатмай турса,
Ўкситиб кетмайман Адабиётни.

Илдизи шу қадар мустаҳкаммикин
Жонимда кўкариб ётган иллатнинг?
Қандай сўзлар билан овутмоқ мумкин
Дардлари ўзидан буюк миллатни?!

2006 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Сен_қачон_гуллайсан китобидан.

#Эски_дафтардан #Эски_дардлар

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ЧИН СЕВИШ

Кўнглимни кимларга бермадим,
Топганим гард бўлди, дард бўлди.
Мен суйиб, рўшнолик кўрмадим,
Севилиб енгганлар мард бўлди.

Бахт ваъда айлади хобларим,
Туш кўрдим ойларнинг қизини.
Соғиниб яшади лабларим,
Турланган гулларнинг юзини...

Гулларга энг гўзал ранг – вафо,
Бас, рангсиз гулларни севмайман.
Истарим – илоҳий бир зиё,
Ўзгага кўнглимни бермайман.

Чин севмоқ покланмоқ эмасми?
Мен суйиб покланиб бораман.
Севмаса севмасин бандаси,
Кўнглимни Аллоҳга бераман,
Кўнглимни Аллоҳга бераман!

2002 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Онамнинг_кўнглига_кетамиз китобидан (2003)

#Кайфият #Эски_дафтардан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ҳаммаси ўзига маҳлиё

Ноёб истеъдодга эга, интеллектуал салоҳияти юксак, ҳатто даҳолик белгилари намоён бўлаётган ёшлар юртимизда оз эмас. Бироқ ҳамма гап истеъдодни асраш, уни тарбиялаш, тўғри йўналтира билишдадир. Бу ён-атрофдагилар, давлат ҳокимиятидан ҳам аввал шундай қобилият соҳибининг ўзига боғлиқ.

Назаримда, агар ҳар бир кучли истеъдод ўз қисматини халқ ҳаёти, миллат тақдири, юрт равнақи билан боғламас экан, у шунчаки “истеъдод” бўлиб қолаверади.

Илм-фан, техника, адабиёт ва санъат соҳаларида шундай талантларни, тўрт-беш тилда эркин сўзлашадиган полиглот ёшларни, кучли спортчиларни кўрдим, аммо, афсуски, уларнинг кўпчилигида миллий ғурур, ўз эли ва тилига чуқур ҳурмат, миллат тақдирига дахлдорликни илғамадим. Тавба, кузатсангиз, ундайларнинг кўпи ўзбекка ўхшамасликка ҳаракат қилади, гўё бу ишидан фахрланади... Ҳаммаси ўзига маҳлиё, ҳатто халқ билан, оддий одамлар ҳаёти билан иши йўқдай туюлади.

Эҳтимол, бу “даҳолик” табиатига хос касалликдир, балки бунга шунчаки одатий ҳолдек қараш керакдир... Билмадим, мен ўз қобиғига ўраниб олган бундай “камёб” кишилар тутумини ҳеч қачон тўғри деб билмаганман. Гапларим баландпарвозроқ туюлган бўлса, узр.

2014 йил

Беҳзод Фазлидди @Behzod_Fazliddin

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод #Эски_дардлар #Сизга_гапим_бор #Бу_ҳам_муҳим

Тармоқдаги эски қайдлардан.

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Бу хатолар, аччиқ хатолар
Ҳузурингга очиб берди йўл,
Саволларга дуч келдим нуқул,
Юрагимда сассиз садолар.

Қанотларим куйиб, пастладим –
Баланд уча олмас ёлғизлар,
Мудом йўқлик изимни излар,
Ўзгинамни Сенга асрадим.

Қўлда қолиб кетди дуолар –
Нима бўлди? Нима жин урди?
Кипригимга азоб ин қурди,
Энди мени дардлар даволар...

2008

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим китобидан.

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ХАВОТИР

Ечилмасдан қийнар жумбоғи,
Ўйлаб-ўйлаб ўзни ўртарсан.
Оғир бўлмасми деб сўроғи,
Бахтли бўлишга ҳам қўрқарсан.

2008 йил

ШИРИН ХАЁЛ

Бирдан қалбим кетар ёришиб,
Яна севгим, яшагим келар.
Ҳаёт билан сутдай қоришиб,
Йўлига жон тўшагим келар.

Ҳар лаҳзада мазмун бор, Ишқ бор,
Доғ йўқ чивин қанотича ҳам.
Юришларим бирам маънодор,
Гард юқмаган ҳар куним – байрам.

Шубҳаларга ишонч пардадир,
Бир ўй қанот берар шавқимга:
Балки, кимдир, қаерлардадир
Дуо қилар менинг ҳақимга.

Шундан бағрим бутун, эҳтимол,
Шунга йўлдан кетмасман тойиб.
Олисларда чевардай хушҳол
Умрим безар бир меҳри ғойиб...

2009 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кайфият #Лаҳзалар #Эски_дафтардан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ОНАМ ЁЗОЛМАГАН ШЕЪР

Сочларимда оқ гуллар,
Кел, уларни тер, болам.
Йўлингга муштоқ йўллар,
Болам бўлиб бер, болам.

Кўксимга Ой беркитдим,
Юлдузларга чой тутдим.
Отангдан ҳам кўп кутдим,
Бахтим бўлиб бер, болам.

Титраган созингни қўй,
Бўғиқ овозингни қўй.
Қалам-қоғозингни қўй,
Ўғлим бўлиб бер, болам.

Йўл учун туққанмидим,
Гул учун туққанмидим,
Пул учун туққанмидим,
Борим бўлиб бер, болам.

Қалдирғоч синглинг беҳол,
Қанотидан хатни ол.
Ишинг кўпдир, эҳтимол,
Келмай қўявер, болам...

2006 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Сиз_сўраган_шеър

2014 йил видеоси https://www.youtube.com/watch?v=H7_DESuqjPs

#Кайфият #Шеърлавҳа #Эски_дардлар #Сен_қачон_гуллайсан
#Тушларингдан_чиқиб_келдим

Читать полностью…
Subscribe to a channel