ДХХ ва ИИВ тузилмалари томонидан “Антитеррор-тозалаш” кенг кўламли тадбирлари ўтказилди
27-31 январь кунлари Ўзбекистон миқёсида криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва унга салбий таъсир кўрсатувчи шахс ва жиноий гуруҳларни аниқлаш мақсадида жами 946 та махсус тадбир ўтказилди.
Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этишга мойил, республикадаги криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи 418 нафар шахс аниқланиб, уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.
Жиноят ишлари доирасида 169 нафар шахс қамоққа олиниб, 42 та жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйилди. 399 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 270 нафари маъмурий қамоққа олинди. 109 нафар қидирувдаги шахс ушланди.
536 нафар шахс билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, 402 нафари расмий огоҳлантирилди.
Шунингдек, тадбирлар давомида ноқонуний муомаладан 80 та қурол ўқ-дорилари билан, 30 кг 337 гр гиёҳвандлик воситалари, 4 521 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 186 дона тиғ, 22 дона бита ва 17 дона кастетлар олинди.
Криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасидаги тезкор тадбирлар бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилади.
@pressuzb
Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди: https://parliament.gov.uz/oz/regulation/35
@pressuzb
Бош вазир Абдулла Арипов Digital Almaty 2025 халқаро рақамли форумида тақдимот ўтказди
Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия, Беларусь, Эрон Бош вазирлари, Арманистон Бош вазирининг ўринбосари ва бошқалар қатнашган мажлисда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов мамлакатда рақамлаштиришни жадаллаштириш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларга замонавий технологияларни жорий қилиш, Ўзбекистонни сунъий идрок технологияларидан фойдаланувчи дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киришига эришиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тақдимот қилди.
Шунингдек, рақамлаштириш ва сунъий интеллектнинг долзарб масалалари, шу жумладан, мазкур йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари тўғрисида атрофлича фикр алмашилди.
@pressuzb
Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга таъзия йўллади
Президент Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳридаги Рональд Рейган номидаги аэропорт ҳудудида юз берган фожиали авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампга таъзия мактуби йўллади.
Давлат раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига, бутун Америка халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этди.
@pressuzb
Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни пойтахтдаги Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Маросимда Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва ҳукумат вакиллари, зиёлилар, шаҳар жамоатчилиги жам бўлди.
@pressuzb
Бош вазир Абдулла Арипов Digital Almaty 2025 рақамли форумида нутқ сўзлайди
30-31 январь кунлари бош вазир Абдулла Арипов Олмаота шаҳрида амалий ташриф билан бўлади.
Қозоғистон Республикасига ташриф дастуридан Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши мажлисида кузатувчи мақомида қатнашиш, “Digital Almaty 2025” халқаро рақамли форумининг ялпи мажлисида нутқ сўзлаш ҳамда бошқа давлатлар ҳукумат раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш ўрин олган.
@pressuzb
29 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган ишлар билан танишади.
@pressuzb
Нукусда Startup Garage филиали очилди
28 январь куни Нукус шаҳридаги AloqaBank биносида Startup Garage филиали очилди. Ушбу лойиҳа AloqaBank, AloqaVentures ва Startup Garage ташаббуси билан ташкил этилган. Манзил: Қорақолпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри, Ислом Каримов кўчаси 102-уй.
Startup Garage’нинг асосий мақсади:
• ёшларнинг стартап ғояларини қўллаб-қувватлаш ва бизнесга айлантириш;
• мавжуд ғояларни “MVP” (кичик ишчи дастур) даражасига етказиш;
• менторлар билан таъминлаш ва тажриба алмашиш;
• стартапларни офис ва техник инфратузилма билан таъминлаш;
• банк экотизимига интеграция қилиш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;
• инвестициялар жалб қилишда амалий ёрдам бериш;
• ички ва халқаро бозорларга чиқишга кўмаклашиш.
Маълумот учун, 2025 йил бошидан Startup Garage филиаллари очилган ҳудудлар сони 6 тага етди: Қашқадарё вилояти, Сурхондарё вилояти, Самарқанд вилояти, Навоий вилояти, Бухоро вилояти ва энди Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ўз фаолиятини бошлади.
@pressuzb
2024 йилда кредит расмийлаштиришга оид фирибгарлик ҳолатлари 42% га ошган – Омбудсман
2024 йилда Омбудсманга фуқаролардан иқтисодий ҳуқуққа оид 6 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 9 фоизи фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ.
Фуқароларнинг шахсий маълумотлари асосида турли тижорат банкларидан кредит ажратиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган. 2023 йилда шундай мурожаатлар сони 110 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 42 фоизга ошган.
Мурожаатларнинг 60 фоизида ўзини “Click” компанияси ёки Марказий банк ходими сифатида таништирган шахслар фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланган ҳолда, онлайн кредитлар расмийлаштирган. Айрим ҳолатларда эса бир шахс номига 5-6 та тижорат банкларидан кредитлар расмийлаштирилган.
Марказий банк томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024 йилда фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.
@pressuzb
Тошкентда ноқонуний қурилмалар ва реклама конструкцияларини бузиш бошланди
24 январь куни Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ноқонуний қурилишлар ва реклама конструкциялари демонтаж қилингани ҳақида маълум қилди.
25 январь куни Яккасарой тумани ҳокимлиги пойтахтнинг марказий кўчаларида ўнлаб ноқонуний иншоотлар бузиб ташлангани ҳақида хабар берди. Хусусан, тадбиркорлар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар пиёдалар ҳаракатига халақит бераётгани таъкидланди.
Чилонзор туманида ҳам шаҳарсозлик меъёрларига мос тушмайдиган, тегишли ташкилотларнинг расмий рухсатисиз, ўзбошимчалик билан қуриб олинган ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ва тартибга келтириш жараёнлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ҳокимлиги ноқонуний қурилмаларнинг бузилиши ҳақида огоҳлантириш берганди.
@pressuzb
Ўзларига келганда айбсизлик презумпцияси эсга тушиб қолади
Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди, деган нақл ниҳоятда тўғри ўйлаб топилганига Олий суднинг навбатдаги баёноти яққол мисол бўла олади.
Фирибгар(ликда гумондор) банкирнинг қилмишларини фош қилган “Менинг юртим” телеканали мухбири эсингиздадир. Ҳозирча мухбирга ҳеч қандай босим бўлмаяпти.
Аммо ўша банкир аёлнинг эри Олий судда ишлаши ҳақидаги миш-мишлар аллақачон урчиб бўлган бир пайтда Олий суд матбуот котиби “бу ишларинг яхшимас” дегандек, баёнот берган. Қолаверса, Азиз Абидов банкир аёлнинг турмуш ўртоғи чиндан ҳам Олий суд судяси эканини тасдиқлаган.
Азиз Обидовнинг эслатишича, Конституциянинг 28-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган айбсизлик презумпциясига риоя қилиш керак экан. Олий суд шундай моддани эсга олгани қизиқ.
Буни қарангки, ўша фирибгар(ликда гумондор) банкир аёл шу гап-сўзлар тарқаб кетгани учун журналист устидан ИИБга арз қилган. Олий суд аслида банкир аёлнинг фирибгарлиги ва эрининг бунга дахли бор-йўқлигини текшириши, суриштириши керак.
Агар дахли бўлмаса, осон қутулади. Акси бўлса-чи? Қачон журналистларни душман сифатида кўришни бас қилишаркин-а бу идоралар?!
Агар Олий суд берган баёнотидек одилона иш тутса, фирибгар(ликда гумондор) банкир ва унинг судя эрини фош қилгани учун мухбирга раҳмат айтиши керак.
@pressuzb
Президент ташаббуси билан анъанавий ўтказиб келинадиган “Ёшлар овози” – Бўзатов FEST танлови ғолиби Назиров Отабек Бахадир ўғли Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланди.
Маълумот учун, бугунгача жуда кўплаб ёш истеъдод эгаларини кашф этиб келаётган Бўзатов FEST танлови Ёшлар ишлари агентлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилади.
@pressuzb
Қонунбузар банк ходимаси қолиб, буни ўрганган журналист балога қолди
“Менинг юртим” телеканали мухбири Рухсора Ғофурова Халқ банки Жиззах вилояти филиали ходимасининг фирибгарлиги юзасидан материал тайёрлаган. Журналистик суриштирув жараёнида банк ходимаси фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, уни ўзлаштиргани тилга олинган.
“Менинг юртим” (MY5) телеканалига 2024 йил 16 декабрда фуқаро (Навоий вилояти, Қизилтепа тумани, Хўжақўрғон МФЙда яшовчи) Ойбек Очилов томонидан йўлланган мурожаат бўйича телеканал мухбири Рухсора Ғофурова журналистлик суриштирув ўтказган.
Фуқаро (собиқ ҳарбий хизматчи) Ойбек Очилов 2019 йил Халқ банки Жиззах вилояти филиалига истеъмол кредитини олиш бўйича мурожаат қилади. Банк ходими Болтаева Гулинур Шухратовна О. Очиловга йил охири бўлганлиги сабабли лимит ёпилган, деган важ билан рад жавобини берган.
Бироқ, фуқаро О.Очиловнинг таъкидлашича, 2022 йилда унинг собиқ иш жойига кредит қарздорлигини тўлаш шартлиги бўйича Халқ банкидан расмий мурожаат келган. Шу билан бирга, маълум вақт давомида фуқаро О.Очиловнинг пластик картасидан пул маблағи ечиб келинган.
Фуқаро О.Очилов банкка мурожаат қилганида 2019 йилги ариза асосида банк ходимлари унинг номига истеъмол кредити расмийлаштирганлиги маълум бўлган.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича мухбир Рухсора Ғофурова лавҳа тайёрлаган ва “Менинг юртим” телеканалида 2024 йил 23 декабрда “Марказий студия” информацион дастури орқали эфирга берилган.
Телеканал орқали ёритилган эфир юзасидан ўзгалар номига кредит расмийлаштириб, уни ўзлаштирган Гулинур Болтаева прокуратура органларига мурожаат қилган. Гўёки унинг “шаъни ва қадр-қиммати камситилган”.
Бугунги кунда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани прокуратура терговчиси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бундан кўринадики, фуқаролар номига ўзларидан бехабар шаклда кредит расмийлаштирган ва уни ўзлаштирган банк ходимасининг (маълумотларга кўра, унинг турмуш ўртоғи Олий судда ишлайди) қилмишлари қолиб, ҳолатни ўрганган журналист балога қолмоқда.
Видеода эфирга узатилган журналистик суриштирув келтирилди.
@pressuzb
Бухоро стартаплари учун янги имконият – Startup Garage филиали очилди
AloqaBank, AloqaVentures ва Startup Garage ташаббуси билан ташкил этилган мазкур ташаббус доирасида ҳар бир ҳудудда 20 дан ортиқ, республика бўйича эса жами 200 дан ортиқ лойиҳани қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.
Startup Garage Бухоро филиали Бухоро шаҳри, AloqaBank биносида жойлашган. Манзил: Бухоро шаҳри, Зулфия кўчаси, 20-уй.
Startup Garage’нинг асосий мақсади:
⁃ ёшларнинг стартап ғояларини қўллаб-қувватлаш ва бизнесга айлантириш;
⁃ мавжуд ғояларни “МВП” (кичик ишчи дастур) даражасига етказиш;
⁃ менторларга эга бўлиш ва тажриба алмашиш;
⁃ стартапларни офис ва техник инфратузилма билан таъминлаш;
⁃ банк экотизимига интеграция қилиш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;
⁃ инвестициялар жалб қилишда амалий ёрдам бериш;
⁃ ички ва халқаро бозорларга чиқишга кўмаклашиш.
Маълумот учун, Startup Garage филиаллари 16 январь куни Қашқадарё вилоятида, 18 январь куни Сурхондарё вилоятида, 21 январь куни Самарқанд вилоятида, 22 январь куни Навоий вилоятида тантанали равишда очилди.
@pressuzb
Марказий банк асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.
@pressuzb
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тугатилади
Президент Фармонига кўра, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тугатилади.
Ипакчилик қўмитасининг вазифа ва функциялари қуйидаги қўмита ва вазирликларга ўтказилади
⁃ яйловларни бошқаришга оид вазифа ва функциялари – Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига;
⁃ пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасини ривожлантиришга оид вазифа ва функциялари – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига;
⁃ Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази – Ветеринария қўмитаси тизимига;
⁃ Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ва Ўзбекистон табиий толалар илмий-тадқиқот институти – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига.
@pressuzb
“Менинг юртим” телеканали бош муҳаррири Дилшод Маматурдиев (Файз) “Ўзбекистон” телеканали раҳбари этиб тайинланди.
Д.Маматурдиев 2018 йилдан буён “Менинг юртим” (MY5) телеканалининг бош муҳаррири лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
@pressuzb
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Хидоятов Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раиси этиб сайланди.
@pressuzb
Хоразм стартаплари учун янги имконият – Startup Garage филиали очилди
AloqaBank, AloqaVentures ва Startup Garage томонидан ёшларнинг стартап ғояларини қўллаб-қувватлаш ва бизнесга айлантиришда кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган Startup Garage’нинг навбатдаги филиали 30 январь куни Хоразм вилоятида очилди.
Манзил: Урганч шаҳри, AloqaBank биносида жойлашган (Ал-Хоразмий шоҳ кўчаси, 106-уй).
Жорий йил бошидан Startup Garage филиаллари очилган ҳудудлар:
1. Қашқадарё вилояти
2. Сурхондарё вилояти
3. Самарқанд вилояти
4. Навоий вилояти
5. Бухоро вилояти
6. Қорақалпоғистон Республикаси
7. Хоразм вилояти
Маълумот учун, республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган мазкур ташаббус орқали жами 200 дан ортиқ лойиҳани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш режалаштирилган.
@pressuzb
Рақобат қўмитасининг тегишли буйруғи билан онлайн тўлов тизимлари бозорида Payme АЖ устун мавқега эга рақамли платформа оператори деб эътироф этилди.
@pressuzb
Ҳуқуқбузарлик қилиши ёки ундан жабрланиши эҳтимоли бўлган 800 минг кишининг рўйхати тузилди
Ички ишлар вазирлиги ЖХД Ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонованинг маълум қилишича, 2024 йил давомида профилактика инспекторлари ва маҳалла вакиллари томонидан уйма-уй юриш орқали, ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган жами 800 мингдан ортиқ шахслар рўйхати шакллантирилди, уларнинг 588 мингдан ортиғига хулосалар берилиб, маҳалла вакиллари томонидан 400 мингдан ортиқ фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди.
@pressuzb
Бошқа ишга ўтиши муносабати билан Избасаров Агзам Фахриддинович “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг электр тармоқларидан фойдаланиш бўйича биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.
@pressuzb
Binance крипто-биржаси (CoinPay билан қўшма платформа) Ўзбекистонда расман иш бошлади.
“Эндиликда фойдаланувчилар банк карталари ва миллий тўлов тизимлари орқали криптоактивлар билан операцияларни хавфсиз ва қулай тарзда амалга оширишлари, миллий валютадаги маблағларни депозитга қўйишлари ва ечиб олишлари мумкин”, дейилади хабарда.
@pressuzb
“Ташаббусли бюджет”нинг 1-мавсуми 1 февралдан бошланади
“Ташаббусли бюджет” жараёнларининг 2025 йилги 1-мавсуми 1 февралдан бошланиб, 20 мартга қадар давом этади.
Бунда:
⁃ Лойиҳа киритиш босқичи — 1–20 февраль;
⁃ Саралаш босқичи — 21 февраль–7 март;
⁃ Тарғибот бисқичи — 8–10 март;
⁃ Овоз бериш босқичи — 11–20 март кунлари ўтказилади.
Жорий йилдаги 1-мавсум ғолиблари 21 март — Наврўз байрами куни эълон қилинади.
@pressuzb
Тухтаев Акобиржон Хакимович бошқа ишга ўтиши муносабати билан “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Унинг ўрнига Мустафаев Жахонгир Ибодуллаевич “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув раисининг молия-иқтисодиёт ва трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Тайинловга қадар Ж.Мустафаев “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ҚК бош директори сифатида ва бир неча йиллар давомида банк-молия соҳасида масъулиятли лавозимларда фаолият юритган.
@pressuzb
❗️Ижтимоий тармоқларда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ва унинг ўринбосарлари ойлик маошлари ҳақида асосланмаган маълумотлар тарқалмоқда.
Вазирлик матбуот хизмати бу маълумотларнинг барчаси ёлғон эканини маълум қилди.
@pressuzb
Оролбўйи минтақасида тиббий хизмат сифатини ошириш лойиҳаси амалга оширилади – Президент қарори
Ўзбекистон Республикаси ва Германиянинг KfW банки ўртасида лойиҳани молиялаштириш учун 5,5 йиллик имтиёзли давр билан 12,5 йил муддатга жами 30 миллион евро миқдорида қарз битими ҳамда 2 миллион евро миқдорида грант битими имзоланган.
@pressuzb
Ўзбекистонда имтиҳон синовларисиз дипломлари тўғридан тўғри тан олинадиган ТОП-1000 таликка кирган ОТМлар рўйхати тасдиқланди.
Мазкур рўйхат 2025 йил учун эълон қилинган бўлиб, ҳар йили янгиланади.
@pressuzb
23 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтади.
@pressuzb
2024 йил давомида 15 дан ортиқ тижорат банклари томонидан реклама қонунчилиги бузилишига йўл қўйилган
Рақобат қўмитасининг ўрганишлари давомида қуйидаги банкларга нисбатан қўзғатилган ишлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилиши таъминланган:
⁃ “Aloqa Bank” АТ (Республика, Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан);
⁃ “Asia Alliance bank” ATB (Республика томонидан);
⁃ “AVO bank” АЖ (Республика томонидан);
⁃ “Biznesni rivojlantirish banki” АТБ (Республика томонидан);
⁃ “Davr Bank” ATB (Республика томонидан);
⁃ “Hamkorbank” ATB (Республика томонидан);
⁃ “Ipoteka bank” АТИБ (Республика томонидан);
⁃ “Universal bank” АТБ (Республика томонидан);
⁃ “Hayot bank” АЖ (Республика томонидан);
⁃ “Invest finans bank” АЖ (Республика томонидан);
⁃ “Ipak yo'li bank” АТБ (Республика томонидан);
⁃ “Orient Finance Bank” ХАТБ (Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан);
⁃ “Turon Bank” АТБ (Республика, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий органи томонидан);
⁃ “Yangi bank” АЖ (Республика томонидан);
⁃ “Xalq banki” АТБ (Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий органи томонидан).
@pressuzb