Youtube: https://youtube.com/channel/UCaFYOm9O3rAGRdSHmyTJMFQ Саёҳат блоги- @azitravel Мурожаат учун: @AQurbonovaBot
Таътил ҳисоботи
Меҳнат таътилимнинг аксарият кунлари уйдаги ишлар, меҳмон кутишлар, меҳмонга боришлар билан ўтди. Аммо тинимсиз нимадир ўқидим, подкаст тингладим, ҳужжатли фильмлар кўрдим. Энг ёдда қолганларини дайжест қилмоқчиман:
Youtube да Ирина Шихманнинг сўнгги барча видеоларини кўриб/тинглаб чиқдим. Ёдда қолганлари:
Берлин девори
Аёллар контрацепцияси тарихи
Екатерина Шульман: демократия ўлдими?
Қандай бахтли бўлиш мумкин?
Булар орасида энг ёққани "китлар ҳақидаги илмий суҳбат"
Ўта ранг-баранг мавзуларда блог қиладиган Ирина Шихманни жуда яхши кўраман, у осон савол беради, илмий жамоатчиликни одам тилида гапиртира олади. Ўта катта информацияни қайта ишлаб, кичик ҳужжатли фильмлар тайёрлайди. Журналистикага қизиқувчилар учун Шихман яхши фигура.
Ўзимизникилардан янги блогерни кашф қилдим. Бу Seredin.
Сенинг фарзандинг навбатдагиси бўлиши мумкин - Ёшларимиз мефедрон ва наркотик моддаларга қандай ўтириб қолаётгани ҳақида жуда зарур суҳбат. Мен бу видеони оиламиз гуруҳига ҳам ташладим, болаларимга кўрсатдим. Ўсмирлар, ёшлар ўртасида нарковазият жуда ёмон, ўртоқлар.
Марказий Осиёда яна 15 йилга етадиган сув қолди - Эколог Нина Пикуль қурғоқчилик билан боғлиқ барча вазиятни гапириб берган, қилинаётган ишларга тўхталган, муаммоларни санаган.
Юрий Дудь. Уни анчадан бери саралаб кўряпман. Невзоров билан 3 соатлик суҳбатини тинглашга тоқатим етмади. Аммо АҚШнинг Россиядаги элчиси бўлиб ишлаган Макфол билан "Америка ҳақида баҳслар ва икки хил стандартлар" интервьюсини диққат билан эшитдим. Яна Венедиктов билан компромисслар ҳақидаги интервьюсини ҳам эшитдим.
Нурбек Алимовнинг "У ким эди?" сериясидаги айрим блогларини, "Қурултой" нинг эса ҳар бир янги сонини тинглаб боряпман. Айниқса, Ғайбулла Бобоёров ва Фарҳод Мақсудов чиққан сонларини.
Нетфликсдаги обунамни янгиладим ва асосан ҳужжатли фильмлар кўрдим.
"Как стать тираном?" - Адольф Гитлер, Муаммар Каддафи, Саддам Ҳусайн, Иосиф Сталин, Ким сулоласи диктатурасида ишлатилган методичка ҳақида ҳикоя қилади. Диктаторларнинг ақлга сиғмас жиноятларидан ёқа ушлайсиз.
"Attack on London" 7/7 - 2005 йил 7 июнь куни Лондоннинг 4 жойида ўта сирли бомба портлайди. Жуда кучли ҳужжатли фильм. Портлашлар гувоҳлари, ўша вақтдаги бош вазир Тони Блер, МI5 раҳбари интервьюлари бор. Террористларни қўлга олиш жараёни кунма кун кўрсатилган. Чуқур тавсия қиламан.
Ва ҳалигача шов-шуви тинмаётган Жеффри Эпштей/Гилейн Максвелл билан боғлиқ ҳужжатли фильмлар. Эпштейннинг даҳшатли кейси АҚШ адлия тизимидаги муаммоларни очиб беради, сиёсий элитанинг ҳар қандай жиноятда сувдан қуруқ чиқишига ишора қилади.
"Кассандра" номли минисериал ҳам кўрдим, 60-70 йилларда сунъий интеллектга аёл онги жойлаштирилади. У "ақлли уй"нинг робот бекаси шаклида янги кўчиб келган оилага хизмат қилади. Триллер. Қўрқасиз, бекор кўришни бошладим деб охиригача томоша қилишдан ўзингизни тўхтатолмайсиз.
"Dead poets society" бадиий фильми ҳам маъқул бўлди. Ўсмир боласи бор ота-оналарга алоҳида тавсия этаман.
Яна триллионта инстрилс кўрганимни ёзиб ўтирмайман. Буни менсиз ҳам яхши эплаяпсиз.
Китоб-чи? Ўқимадингми, дейсизми?
Ўқидим, лекин тавсия қилганим билан барибир ўқишингизга ишонмайман)
Женнифер Лопес концертига тушмаганлар:)
“Давра подкаст”да қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан суҳбатлашдик. Кўпроқ у кишини олим сифатида тингладик.
Оддий кўсак қурти бутун иқтисодиётга қанча зарар келтириши мумкинлиги-ю холодильникда асралган уруғлар иқтисодиётга қанча фойда келтириши мумкинлиги ҳақида ўта специфик, аммо жуда қизиқарли суҳбат тингладим.
Олимни эшитиш одамни бойитади.
“Ўзбекистон 24” телеканалида эфирга узатилаётган “Давра подкаст” да биз таниқли спорт шарҳловчиси, фикр етакчиси Хайрулла Ҳамидов билан суҳбатлашдик.
Ўрни келганда, бир воқеани шу ерда ёзиб қўйгим келди.
Биз “Ёшлар” телеканалида ишлайдиган ёш ходимлар эдик. МТРКнинг 2-қаватида “аквариум” лақабли кичик буфет бўларди. “Спорт” телеканалининг шарҳ хоналари буфет яқинида бўлгани учун кўпинча футбол шарҳловчилари шу ерда овқатланишарди. Бизнинг ҳам севимли жойимиз ҳам шу аквариум эди.
Қайси йили эсимда йўқ, 2010 йиллардан кейинлиги аниқ. Твдаги дугонам Мафтуна Тожибоева билан тамадди қилаётиб, аввал шу ерда овқатланиб юрган Хайрулла Ҳамидовни эслаб қолдик.
— Энди бунақа айблов билан Хайрулла Ҳамидов ҳеч қачон твга қайтмайди, дедим мен.
— Азиза, қаердан биласиз, мўъжиза юз бериб, чиқар, ишгаям қайтарлар.
— Йўқ, мен бунга ишонмайман.
Замон ўзгармаслигига мен қаттиқ ишонардим.
Орадан 5 йиллар ўтиб, Хайрулла Ҳамидов озодликка чиқди ва 2017 йилдан бошлаб, твда ҳам ишлай бошлади.
Мафтуна менга ўша баҳсимизни эслатди: “кўрдиз, ҳаётда ҳамма нарса ўзгариб кетиши мумкин”.
Хайрулла Ҳамидов ТВда иш бошлагач, ўша йили мен у кишидан “Жаноб Президент” фильми учун интервью ҳам олдим. Ўшанда дугонам билан шундай баҳс бўлганини айтдим…
Бу сафар эса суҳбатимиз инсон қадр-қиммати нимада, ҳозирги ахборот муҳитини қандай баҳолаш мумкинлиги ва яна “ичкарида” ги ҳаёт ҳақида бўлди.
https://youtu.be/T1MXsg-6oIQ?si=OFZqrlF9iPia2W8v
9 та электромобиль учун кураш бошланди! Рақобат қандай?
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши лойиҳа” ва “Энг яхши ихтиро” йўналишлари бўйича муҳандислик соҳасидаги республика кўрик-танловининг якуний босқичи ўз ишини бошлади.
Танловда 40 ёшгача бўлган талабалар, ўқитувчилар ва амалиётчи муҳандислар иштирок этмоқда. Улар алоҳида 3 тоифада баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, muhandis.edu.uz платформаси орқали 1262 та ариза қабул қилинган. Саралаш босқичида 1055 та ариза техник экспертизадан ўтди ва 135 нафар иштирокчи якуний босқичга йўлланма олди. Демак, 1 та электромобиль учун 15 нафар иштирокчи курашмоқда.
Лойиҳалар ноодатий ва, энг муҳими, турли соҳалардаги муаммоларга амалий ечим таклиф қилмоқда. Ҳа, балки кимдир: “Бу нима бўпти, Америкада бор-ку”, дер. Аммо энди биздан ҳам муҳандислар, машинасозлар, ракетасозлар ва сунъий интеллектни амалда қўллай оладиган мутахассислар чиқиши керак. Қачонгача четдан кадр ва маҳсулот импорт қиламиз?!
Барчага омад тилаймиз. Муҳими — ғалаба эмас, энг муҳими — иштирок!
Ва бу иштирокчилар — бизнинг ёшларимиз!
Ўзбекистон яна бир йўналишда глобал натижа қайд этди
Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) молибденни энг замонавий усулларда — гидрометаллургик ва пирометаллургик йўллар билан чуқур қайта ишлайди, ноёб металлар асосидаги қаттиқ қотишмалар ва уларга мос саноат ускуналарини ишлаб чиқаради. Энди эса ТМК Халқаро молибден ассоциацияси (ИМОА) таркибида ва Ўзбекистон Марказий Осиё бўйича биринчилардан бўлиб шундай нуфузли уюшма аъзоси.
Бу аъзолик қандай имкониятлар эшигини очади?
Молибден бўйича етакчи глобал экспертлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик;
Бозор динамикаси ва технологик янгиликлардан биринчи бўлиб хабардорлик;
Илмий-тадқиқот лойиҳаларида ҳамкорлик ва техник тажриба алмашинуви;
Янги бозорлар, янги истиқболлар, янги инновациялар сари йўл.
Маълумот учун, ТМК Халқаро волфрам ассоциацияси, Европа графит ва углерод материаллари уюшмаси ва Камёб ер металлари саноати ассоциациясининг ҳам тўлақонли аъзоси ҳисобланади.
Бугун болаларим билан аквапаркка чиқдик. 69 юан (10 доллар)га барча қулайликларга эга бассенй ва аттракционлар.
Хитойликларнинг фарзандли бўлиш билан боғлиқ ижтимоий муаммолари сабаб, оталар ва оналар фарзандига жуда катта ардоқ ва меҳр билан муомала қилаётганини четдан кузатдим. 1979-2015 йилларда Хитойда “битта оила-битта фарзанд” сиёсати ишлаган, агар оилалар бунга амал қилмаса, уларни йиллик даромадга тенг жарималар кутган, туғилган иккинчи фарзанд жуда кўп ҳуқуқлардан маҳрум бўлган. 2015 йилдан иккинчи фарзандга, 2021 йилдан 3-фарзандга ҳам рухсат берилган. Хитойнинг яқин тарихида бир аёлга 6 бола тўғри келса, ҳозир 1.16 бола тўғри келади, беби бум (1960-70) йилларда туғилган аҳоли қариб боряпти, улар пенсияга чиқади ва яқин келажакда жудаям катта ишчи кучи етишмаслиги юзага келади. Ишлар шундай бораверса, Вашингтон университети тадқиқотларига кўра, 2100 йилга бориб Хитой аҳолиси 1.4 миллиарддан 732 миллионга қисқариб кетади ва дунёдаги аҳолиси кўп бўлган Ҳиндистон ва Нигериядан кейинги 3-ўринга тушади.
1 ҳафта ичида Пекинда жуда кўп манзилга бориш мумкин эди, аммо бу саёҳат “делегациямиз” нинг ҳамма ёшдаги аъзоси учун мос келиши, вақт ўртасидаги барьерни енгиб ўтиш керак бўлди.
Мендан сенга Хитойдан энг катта эсдалик нима бўлди деб сўрасалар, айтардим: Пекин суҳбатлари. Хитойнинг “магги” таъми келадиган пистасини чақиб, алламаҳалгача Дилсора, Саодат ва Дилафруз билан дунёда аёл бўлиш бахти ва машаққатлари ҳақидаги айтган кечмишларимиз яна 4 та алоҳида китоб бўлгулик. Дилсоранинг ҳақиқатларни айттирувчи курсисига ўтиришга фақат менга вақт етмади. Эҳтимол, бу кейинги сафар бўлар.
Уйидан, кўнглидан, мулкидан жой берган ўртоғимиз Дилсора Мирзааҳмедовага “Тошкентнинг катта-кичик делегацияси”дан улкан ташаккур.
Охиригача ўқиган бўлсангиз,
#дўстлик деб ёзиб қўйинг🌷
***
Хитой деворига бормаган-Хитойга келдим демасин!
Мао Цзедуннинг шундай гапи бор: “агар сен ҳали Буюк Хитой деворига бормаган бўлсанг, демак сен ҳақиқий хитойлик эмассан!”
Мактабда ўқиб юрганимда қаердандир қўлимга Манноп Эгамбердиевнинг “Сариқ аждар ҳамласи” номли китоби тушиб қолган. Бу китоб мени биринчи марта Хитой билан таништирган, Хитой деворини қурилиши мамлакат учун нақадар мураккаб, оғир кечгани, юз минглаб ту-ну ва нубейлар (қуллар, деҳқонлар, қурувчилар) нинг азоб-уқубатлари эвазига қурилган ва ҳатто жасадлари устида қад ростлагани ҳақида ўқигандим. Бундан икки минг йил аввал бўлган воқеалар ҳақида сўзлайдиган бу китобда Хитой императори У-ди элчиси Чжан Цзянни Довон (Фарғона)га жўнатгани, у ердан “терлаганида қон оқадиган осмон отлари”ни олиб келиш жараёни, биз яшаётган ҳудудларни эгаллаш учун олиб борган жанглари ҳақида сўз боради.
Пекин марказидан 1.5 соат узоқликдаги Бадалин деворига борганда ўша китобни қайтадан яшадим. Мана ўша 2700 ёшли 21 минг километр узунликдаги, тоғлар, довонлар устига қурилган, ер бўйлаб иланг-биланг судралаётган аждарҳони эслатувчи бўлак-бўлак деворлар. Эрамиздан аввалги 200-йилларда яшаган, барча Хитой подшоҳликларини бирлаштириб, йирик империя тузган Цин Шинхуанди кўчманчи халқлар - хуннулардан ҳимояланиш учун ушбу деворни қуришга буйруқ берган. Унинг учдан бир қисми аллақачон бузилиб кетган. Девор ер юзидаги энг узун ва энг узоқ қурилган иншоот, унинг қурилиши эрамиздан аввалги 3 асрдан 1644 йилгача давом этган. Ҳозиргача мавжуд девор қисмлари шу Минлар сулоласи даврида тикланган 500 йиллик деворлар, улар тош ва ғишт, қайнатилган гуруч қуйқаси билан қурилгани учун ҳам мустаҳкам турибди.
Буюк Хитой девори ҳеч қачон ўз миссиясини шараф билан бажаролмаган. Қадимги манбаларда ҳатто унинг қурилиши устидан калака қилиб шеърлар ҳам ёзилган: “қачон ғарбда девор қуриш бошланса, хуннулар шимолдан ҳужум қилиб чегарани бузиб кирарди”. Деворни Чингизхон бузиб, жуда катта зиён етказган. Неча асрлар давомида хитойликлар сабр-тоқат билан иншоотни қуришда давом этган, халқнинг силласи қуриса ҳам, ғазнадан катта маблағ кетса ҳам тўхтатмаган. Эҳтимол шундай бўлмаганда бугун дунёнинг кунига 20 минг одам келадиган Хитойнинг буюк рамзи ҳам бўлмасди.
Асрлар давомида бу девор ғанимлардан ҳимоя қилиш объекти эмас, хитойликларнинг ҳар қандай вазиятда ҳам қатъият билан танлаган йўлидан қайтмаслиги, бирдамлигининг рамзи эканини эслатиб туради.
Хитой девори Ойдан ҳам кўринади, орбитадан ҳам кўрса бўлади деган мифлар бор. Бу ҳақиқат эмаслигини юқоридаги видеода айтганман.
Биз Бадалингга таксида бордик. Адашмасам, бориб-келиш 6 кишилик машинада 130 долларга тушди. Хитой деворининг ўзига кириш тўлови ҳам 3-5 доллар атрофида. Ислом, Усмон, Дилафруз деворнинг туристларга рухсат этиладиган энг юқори қисмигача чиқишди. Бу жуда қийин, зиналар оёқни узиб юборгудек бўлади. Мен Саида билан пастда қолдим ва шу ерданам яхши кўринаётганига ўзимни ишонтирдим.
Яна 500 йилдан кейин бу деворлар бўладими-йўқми, шуни ўйласанг, инсониятнинг энг қадимги меъморий мўъжизасини кўрганинг одамни тўлқинлантиради.
давоми қуйида
Осмоностида 7 кун: ухлаб ётган панда, гуруч елими билан қурилган Буюк Хитой девори ва асрларга татигулик Пекин суҳбатлари
Бир ҳафтадан бери Хитойдаман. Ва бир ҳафтадан бери шу постни ёзиб-тугатолмайман. Шу суратдаги 3 та чиройли қиз ҳоли-жонимга қўймайди, ярим тунда дунё гўзалини амаллаб ухлатиб (она ва бола жангида ғалаба қозониб десаям бўлади), энди ёзишга ўтираман десам, шу 3 та гулилола қизиқ-қизиқ гапларни гапираверади, нариги хонадаги ғўнғир-ғўнғир эътиборни тортади ва гапдан қолиб кетмай деб, менам гурунгга қўшиламан. Шу билан тонг отади.
Ҳаётимда қизиқ воқеалар кўп бўлган, лекин бунақа таркиб билан бунақа саёҳат биринчи марта содир бўлмоқда. 3 болам, ўртоғим Дилафруз ва жияним Саодат чемоданларни йиғдигу, ўртача 400 +/- доллардан 6 та чипта сотиб олдигу Пекинга келдик. Буни салкам мўъжиза десаям бўлади.
Мўъжизанинг ташаббускори - Дилсора. Хитойга визасиз режим ишга тушганидан бери ичимизга ҳавас ўтини ёқади. Биз у билан Ўзбекистон жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида таҳсил олганмиз. Дилафруз иккаламиз корейс тилида (биз корейсча твоя-моядан нарига ўтолмаймиз), Дилсор эса хитой тили гуруҳида ўқиди, ҳамма нарсани охирига етказмагунича қатъият билан меҳнат қилишини исботлади, шу тилда PhD ҳимоя қилди, ҳозир Хитойнинг Минзу университетида бир неча фандан хитойликларга дарс берадиган олима педагог ва муҳим музокараларда синхрон таржима қиладиган профессионал тилмоч даражасигача чиқди. Бейжинг унинг учун иккинчи уй ва бизни ҳар сафар уйига таклиф этганида, ушалмас орзудек туюлаверарди.
Ниҳоят, биз буни уддаладик! Ниҳоят, биз 2005 йилдан бери мавжуд ўртоқчиликнинг йилма-йил хотираларини тиклаб, кечинмаларни бир-бирига улаб, кулавериб ичак узилиб, Пекин кўчаларини кезяпмиз, кечқурунлари Дилсоранинг хитойлик қўшниларининг қулоғини очиб чиқяпмиз.
Сизга чин дилдан айтяпман, хорижга оилавий чиқиш, якка чиқиш жуда яхши, лекин тенгдош дугоналар билан қайсидир давлатда бир ҳафта бўлиш одамни яшартираркан, янгиларкан, умуман бошқача одамга айлантираркан.
“Чимчилаб кўрчи, ростан санмисан?!” - укам Алишернинг шу гапини бу ерда кўп эсладим.
2018 йилда хизмат сафари билан Хитойга биринчи марта келганимда укам (шу ерда ўқирди) ва Дилсора билан кўришгандик ва ўшанда кутилмаганда пайдо бўлиб қолганимга укам жуда ҳайратланганди. Дилсора ўшанда бизни Пекин ўрдагини татиб кўриш учун ресторанга олиб борган видеоси шу каналимнинг илк постларидан бири бўлганди.
Орадан 7 йил ўтиб, яна Дилсора билан худди ўша ресторанда худди шу таомни фарзандларим ва дугоналарим билан тановвул қилаётганимда, ичида шукр айтдим. Қатордан хато бўлмай, яна дилга яқинлар билан, ўзимиздан кўпайишиб, шу ердамиз. Бахтмасми бу?
2018 йилда катта ўғлим Ислом энди мактаб ёшида ва хитой тилидан у-бу нарсаларни ўрганаётганди, астойдил Хитой тарихига қизиқарди. Буюк Хитой девори ҳақидаги китобларни сотиб олиб берардим, ўқиб ёдлаб оларди. Ҳозирги Ислом мутлоқ бошқа бола бўлса ҳам, ўсмирлик нгилизми билан кўп мени ўйлантирса ҳам, қачонлардир орзу қилган Буюк Хитой деворига чиқди, Бадалинг қалъасининг рухсат этилган бўлагигача бориб қайтди. Хизмат сафарлари сабаб кўп давлатларда кетма-кет бўлиш насиб этяпти, Ўзига шукр. Тарихий жойларни кўрганимда, қизиқ воқеаларга гувоҳ бўлганимда болаларим ёнимда эмас, оилам ҳам кўрса эди деб ичим тўкис бўлмай тураверади. Ўртоғимнинг ёрдами билан болаларимнинг орзусини ушалтирганимиздан ҳам фахрландим.
Қаерларда бўлдик? The Place савдо маркази, Ванфуцзин кўчаси, Қуш уяси стадиони, Туанжиэху парки, Пекин ҳайвонот боғи, Гугонг саройи, Санлитун маркази ва албатта Буюк Хитой девори ва яна бир марта албатта, Ябаолу бозори.
давоми қуйида
Ҳилола Умарова Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Умуман, бугун эълон қилинган тайинловларда Президент Администрацияси раҳбарига тайинланган ўринбосарлар ва котибият мудири (жами 6 нафар)нинг 4 нафари аёл киши экани жуда яхши хабар, мен бу ўзгаришларни ёқлайман.
Аввало, 2 нафар мактаб ўқувчисининг онаси, қолаверса, аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини тарғиб қилувчи фаол сифатида ягона аёл вазир Ҳилола Ўктамовнанинг фаолиятини диққат билан кузатаман. Энг катта ва муаммоли соҳаларимиздан бири бўлган умумтаълимнинг чексиз муаммолари билан курашиб оптимизмини йўқотмаганига тан бераман.
Ҳилола Умаровани жуда кўп танқид қилишади. Лекин у раҳбарлик қилган йиллари бўлган ижобий ўзгаришларни холис тан олиш керак. Масалан:
- Халқаро фан олимпиадаларидаги ютуқларимиз кескин кўпайди: 2019 йилда 29 та медал олинган бўлса, 2024 йилда 128 та медал қўлга киритилди. 2025 йилнинг дастлабки 6 ойида юртимиз ўқувчилари 17 та халқаро олимпиадада 170 та медалга сазовор бўлди. Бугун ҳам 4 та ўқувчимиз кимё бўйича халқаро олимпиадада ғолиб бўлиб (2 та олтин, 2 та кумуш), аввал бўлмаган тарихий натижа қайд этишди.
- Фан олимпиадалари ғолибларини рағбатлантириш ҳам юқори даражага чиқди: миллиардлаб сўм мукофотлар берилди. Булар, аввало, давлат раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли, қолаверса, таълим тизими мутасаддиларидан тортиб педагоглар, ўқувчилар ва ота-оналарнинг катта меҳнати натижасидир. Жумладан, вазирнинг ҳам.
- Давлат мактабларига 2023-2024-ўқув йилида 500 нафардан ортиқ хорижлик мутахассислар жалб этилди ва ҳоказо.
Ҳилола Ўктамовнани янги лавозимда таълим учун ва халқ учун манфаатли ташаббуслар билан кўрамиз деган умиддаман.
Янги тайинланган барчага, хусусан, аёлларга омад ва муваффақият тилайман!
@shahnozxon
Ўзбекистонда илк бор софлиги 99,9% рений металли экспорти йўлга қўйилди
Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) Эстониянинг “VLCor Baltic OU” компанияси билан имзоланган шартнома асосида илк бор рений металлини экспорт қилди. Бу Ўзбекистонда рений металли экспортининг амалдаги бошланишини англатади.
Рений — мураккаб технологиялар, аэрокосмик соҳалар ва юқори ҳароратли суперқотишмалар (суперсплавлар) ишлаб чиқаришда жаҳонда тан олинган стратегик металл ҳисобланади.
ТМК томонидан 2025 йил ярим йиллик давомидаги жами экспорт ҳажми — 21,3 млн доллар (118% ўсиш) ни ташкил этади.
“Qo’lidan kelmaydi” degan gapni menga ishlatish noto’g’ri bo’ladi. Harakat bilan hamma narsaga erishish mumkin” deydi 16 yoshli Abdulloh.💪🏻
Turli tadbirlarda turli insonlar bilan tanishamiz, intervyular olamiz. 30-iyun Yoshlar kunida ham ko’plab iqtidorli, kuchli qahramonlarni o’zim uchun kashf qildim.
🕊️ “Sinchalak: Hikoyalar” ruknida siz oddiy insonlarning oddiy bo’lmagan hikoyalarini eshitasiz.
@Sinchalak_blog
— Bobur, haqiqat bor-a?
— Haa, juda xursandman.
— Siz saralash bosqichida 10 o‘yindan 8 tasida ishtirok etib, oxirgi 2 o’yinda bo’lmagandingiz. Muxlislaringiz siz uchun juda qayg’urishdi.
— Prezidentimiz hammasini bilib, bugun meni shuncha odam oldida taqdirladilar. Juda xursandman.
Bobur Abduxoliqov O’zbekiston terma jamoasining saralash bosqichida O‘zbekiston – BAA uchrashuvida 11 metrlik penaltini ishlab bergan. Otabek Shukurov uni golga aylantirgan. Shimoliy Koreya – O‘zbekiston o‘yinida hal qiluvchi gol uzatmasi bilan jamoamizni qaltis vaziyatdan chiqishiga sabab bo’lgan.
2018 yilda Pekinda o‘tkazilgan Osiyo U-23 chempionatida oltin medal sohibi bo‘lgan.
🇧🇾 2021–2022 yillarda Belarusning “Energetik BGU” klubi tarkibida 36 o‘yinda 29 ta gol urgan!
Shu yillar davomida:
— “Eng yaxshi futbolchi”
— “Eng yaxshi hujumchi”
— “Eng yaxshi legioner”
— “Eng yaxshi to‘purar” unvonlariga sazovor bo‘lgan.
🇰🇿 2023 yilda Qozogʻistonning “Ordabasi” klubi bilan mamlakat chempioni bo‘lgan!
🇺🇿 2024 yilda “Nasaf” jamoasi bilan:
🏆 O‘zbekiston chempioni
🏆 Superkubok sohibi.
🇦🇿 2025 yilda Ozarbayjonning “Sumgait” klubida 4 ta gol urib, jamoaning “Eng yaxshi futbolchisi” deb tan olingan!
Bugun u “Kelajak bunyodkori” medali bilan taqdirlandi.
“Қорақалпоғистонда ўтириб, помидорни қоқи қилиб, Италия, Францияга экспорт қиляпмиз” — Шерзод Ниязымбетов
Читать полностью…Ayni vaqtda O’zbekiston Prezidenti yoshlar bilan uchrashmoqda.
Hozirgina davlatimiz rahbariga o’zining eaten.uz loyihasini taqdimot qilgan Xadicha Suyarova bilan suhbatlashdim.
- Men uchun hayotimdagi eng unutilmas voqea sodir bo'ldi, sizga uzoqroqdan aytib bersam, masalan men o'zi oddiy oiladan chiqqan qizman, dadam svarshik bo’lib ishlaydi asfalt zavodda, onam oddiy oiladan, o'qituvchilar, meni hayotimdagi eng katta burilish yasagan narsa bu — hurmatli Prezidentimiz tashabbuslari bilan “El-yurt umidi” jamg'rmasini ta'sis etilganligi bo’ldi va men Buyuk Britaniyaning eng nufuzli universitetlaridan biri Edinburg universitetini bitirib keldim.
Hozir men o’zim asos solgan loyiha eaten.uz loyihasi haqida aytib berdim, bu loyihamiz mamlakatimizda turizm salohiyatini oshirish va eng asosiysi faqat mehmonxonalar yoki turistik joylar emas, oddiy aholiga qo'shimcha daromad keltiradigan bir loyiha.
- Davlat rahbariga, menimcha, sizni loyihangiz ma'qul keldi, siz bilan suhbatlashib qoldilar?
- Davlatimiz rahbari menga juda ham katta ishonch bildirdilar, bu loyiha O'zbekiston turizm salohiyatini ko'tarishiga ishonch bildirib, xodimlarga topshiriq berdilar, bu qizimizga yordam beringlar, butun Respublika bo'yicha mana shu loyihani yo'lga qo'yish kerak dedilar.
- Demak, sizni loyihangizga ko'ra istalgan o'zbek xonadoni o'zining uyida sayyohlarni chaqirishi mumkin, bir dasturxon atrofida, to'y marosimlar atrofida yig'ilishi mumkin, to'g'rimi? O'zbekistonni yaxshiroq tanitishi va bundan pul topish mumkin.
- Xuddi shunaqa, masalan Samarqandda oddiy qurt tayyorlaydigan uylar bor, biz bordik turistlar bilan birga, ular birga sigir sog’ishi mumkin, birgalikda jarayonni kuzatadi, oddiy qurtni tayyorlab ko'radi va undan tanovvul qilishadi, bu ularga o'zigacha gasht beradi, shunchaki kelib ko'rgandan ko'ra.
Muloqot davom etyapti.
💥Фарзандингиз хусусий мактабда таълим олиб, қўшимчасига қуйидаги тилларни мукаммал ўрганишини истайсизми?
🇬🇧Инглиз тили
🇨🇳Хитой тили
🇸🇦Араб тили
Фарзандингиз карате, гимнастика, хореография машғулотлари билан шуғулланади, малакали ўқитувчилардан таълим олиб, соат 9:00 дан 17:00 гача мактаб назоратида бўлиши таъминланади.
Агар қизиқ бўлса, ҳозироқ ушбу рақамларимизга қўнғироқ қилинг ва чегирмаларга эга бўлинг!
☎️Мурожаат учун:
+998 94 604 00 26
+998 99 831 09 95
+998 55 512 00 55
+998 93 506 95 55
Жўрақори Бўтакўз вафот этибдилар...
Мен у кишини сўнгги 3 ойда танигандим. Биринчи бўлиб, Хайриддин Султоннинг "Навоий 30" асарида "Ойдин"да юрган одамлар" очеркида ўқидим (ушбу асарни чуқур тавсия қиламан, эски ва янги қаҳрамонларни ўзингиз учун кашф этасиз, катта инсонларнинг кичик муаммолари ёки аксинча ҳеч ким билмайдиган инсонларнинг катта ишларидан воқиф бўласиз. Litres дан атиги 1 долларга электрон нусхасини сотиб олдим).
Иккинчи марта танишувим Инобат Аҳатова, Шаҳноза Соатова ва Ҳилола Назировалар иштирокида "Ҳошия" подкастида бўлди, 100 ни қоралаган Жўрақори Бўтакўз билан мунаввар суҳбатни тингладим.
Яна Youtube да қидириб, Мистер Отабек каналида бундан 5 йил аввалги интервьюларини кўрдим. Бунда Жўрақорининг қувваи ҳофизаси яхши, жуда қизиқ ҳикоялар сўзлаб берган.
Бу суҳбатларни тинглаб, англаганим шу бўлдики, Жўрақори Бўтакўзнинг номи сўнгги юз йилликдаги энг фидоий, энг беғараз миллий зиёлиларимиз билан бир қаторда тилга олинишига муносиб. Унинг ҳаёти, айниқса, «Ўтган кунлар» романини қайта нашр этиш учун қилган машаққатлари бунга яққол исбот.
Бўтакўз «Ўтган кунлар» романини қайта чоп этиш учун турли мамлакатларда матбаа излади. Китобларини босмахоналарда яшаб, ҳарфма-ҳарф қайта терди, пулсиз, мукофотсиз, миннатсиз чоп этди. Ҳиндистон, Туркия, Покистон, Миср, Саудия Арабистони, Иордания каби кўплаб мамлакатларда яшаб, миллий адабиётимизни тарғиб қилди. Мақсади - хорижда яшаётган ўзбеклар ўз тилини унутмасин, қадриятларидан узоқлашмасин.
Ҳошия да Жўрақори Бўтакўзнинг ҳар йили "эҳтимол Ватанда жон бериш насиб қилар" деб Америкадан Ўзбекистонга келгани қаттиқ таъсирлантирганди.
Туянинг бўталоғи кўзлари ҳайрат билан боқиб, онасининг ортидан қолмай югургуни каби, бир аср давомида Ватан соғинчида Бўтакўз бўлиб ижод қилган бу катта инсоннинг жойи жаннатда бўлсин.
Дўстларим бугун иккига бўлинди: Жей Ло концертига тушадиганлар ва тушмайдиганлар.
Читать полностью…“Халқимиз кутгандек бўлади” — Шавкат Мирзиёев
Шу ўтган йилларни бутун хотирамда тиклаган ролик.
~38 миллион халқ. Улар тинчлиги, хавфсизлиги, соғлиғи, таълими, даромади, бугуни ва келажаги учун хизмат қилаётганда ислоҳотлар кечуви доим ҳам осонмас, доим ҳам силлиқмас.
Ўзбекистон Президенти мулоқотларда Хитойни ривожланиш йўлига олиб чиққан Дэн Сяопин ислоҳотларини тез-тез ўқишини бир неча бор айтган.
Сяопиндан менга бир иқтибос ёқади: “Дарёни оёқ остидаги тошларни ҳис қилмай туриб, кечиб ўтиб бўлмайди”.
Ўзбек халқи билан кучли давлатчилик ва билимли жамият қуриш орзусига етинг, муаммоларни имкониятга айлантиринг, ҳурматли Президент.
Туғилган кунингиз муборак бўлсин.
фото/Мадина Нурман
Инсон қадри қанча?
Инсон хотираси қанча?
Инсон қалби қиймати қанча?
Инсон садоқати нархи қанча?
Неча пул?
Неча кун?
Неча килограм?
Неча тийин?
Кўп кимгадир бино қўйманг, кўп жонингизни бераверманг, кўп ўзингиздан кечаверманг. Мен кимгадир муҳимман, менсиз шу ишнинг бориши, шу одамнинг ҳаёти тўхтаб қолади, деяверманг.
Ёнингиздагилар юрагини очиб кўролмайсиз, улар наздидаги асл баҳоингизни билолмайсиз, ортингиздан нималар айтишлари мумкинлигини тасаввурингизга сиғдиролмайсиз. Сиз умрингиз, соғлиғингиз, ёшлигингизни бағишлаган иш/одамлар сизни дарров унутишга тайёр туради. Инсон улар-"инса"-унутувчи улар.
Сизга ҳар дақиқа ўзингиз ва руҳингиз олдида хиёнатга тайёр эканликларини хаёлингизнинг бир четига ҳам келтирмай яшайсиз.
Сизга яхши гаплар гапиришлари мумкин, қандайдир ҳозир ёзаётганим бачкана гапларни тўқиб беришлари, ишонтиришлари мумкин.
Лекин, аччиқ ҳақиқат шуки, ҳамма ўз умрини ўзи учун яшашга келади. Якка келади, якка кетади.
Сиз уларнинг эркаликлари, истаклари, хизматларига жон фидо қилиб ўтасиз-кетасиз, сизсиз ҳам дунё давом этаверади, ҳаёти сизга туташ бўлган одамлар сизсиз бўлган ҳаётини қуради ва бамайлихотир яшашда давом этади.
Садоқатига ишончингиз комил бўлиб турган пайтда ҳам ёдда сақланг, ҳамма нарса ўткинчи ва нисбий. Ишонманг.
Бизлар сизни алдаймиз.
Худди шундай ҳиссиётни Хитойнинг 24 нафар императорининг қароргоҳи бўлган Гугонг саройига сайримизда ҳам туйдим. Бир пайтлар бу қасрга яқинлашган, деворидан мўралаган, ошиб ўтган чинликлар боши танидан жудо қилинган. Шунинг учун ҳам мажмуага “тақиқланган шаҳар” деган лақаб қўйишган. Сарой Пекин марказида жойлашган, жуда чиройли. Дилсоранинг айтишича, ҳовлисидаги катта қозонларда доим сув турган, ёнғинни олдини олиш учун фойдаланилган. Хитойликлар махсус миллий либос, миллий турмак ва макияжда суратга тушиш учун ясаниб келишган.
Биз кўп манзилларга метрода бориб-келдик. Бунинг учун Beijing subway иловасини кўчириб олдик, ҳаммаси тушунарли, қийналмай борасиз. Фақат кўп пиёда юришга тўғри келади. Ранг-баранг делегациямиз таркибида коляска лақабли лимузин минган маликаи Турандот борлигини ҳисобга олсак, “коляска кўтар, болани тушир” ритуали икки ака-уканинг сабрини роса синади.
Аммо Саида орқали мен хитойликларнинг болага меҳри бошқача эканини сездим. Қайси дўконга кирсак, совға беришади, яхши гапиришади, полициячими, метродаги йўловчими - ҳамма қизимга табассум қилиб, уни хурсанд қилишга уринишади. 2 яшар қизча 7 кун ичида Нихао ва Сиесие ни туппа тузук айтадиган бўволди, бугун ҳатто Ябалао бозоридаги сотувчи сочиқчанинг рангини инглизча сўраганди, Youtube шарофати билан ўрганган “green”ни “глин” деб ҳаммани қойил қолдирди))
Хитойга келганда интернет ва тўловлар учун олдиндан қуролланиб келиш шарт. Мен Тошкент халқаро аэропортидан Happytel дан 20 гб интернет сотиб олгандим. У впнсиз ишлади, лекин доим алоқада бўлиш учун сим картани ўғлим Усмонга бердим. Катта блогер ўз саҳифасида ҳар қадамимизни мендан ҳам яхши ёритиб борди) Ўзим эса баҳонада дижитл детокс қилдим десаям бўлади. Айтарли ҳеч ким билан гаплашмадим, бирор нарса жойлашга ҳам эриндим.
Қўлимда 3 хил Visa картам бўлса ҳам, фақат айрим туристик манзиллар, замонавий савдо марказларининг бренд дўконларидагина ишлатиш имкони бўлди. DiDi такси иловасига шу картамни муваффақиятли уладим, афсуски тўлов муваффақиятсиз бўлди, умуман ишламади. Хитой умуман бошқа дунё - UnionPay, Alipay, Wechat каби тўлов хизматларига тайёр бўлиб келиш керак экан. Бинолардаги вайфайларга уланиш ва гугл, телеграмдан фойдаланиш учун пуллик впн иловаларини кўчириб олиш керак. Бир неча хил впнларни синаб кўрдим, афсуски бирортаси иш бермади. Дилсоранинг тавсияси билан Shadow rocket ни ишлатдим. Хитойнинг ўзидан 50 долларга сим карта сотиб олиш мумкин.
Ябалао бозорини Хитойга келган ҳар бир МДҲ фуқароси яхши билса керак. У ердан асосан кўк чой, оёқ кийимлар ва трикотаж маҳсулотлари сотиб олинади. Ҳар биримизга 32 кг юк ва 8 кг қўл юки борлигини эслатсам, мен бозорда қандай каромат кўрсатганим ойдинлашади)) Нархларни сотувчилар қиммат айтади, лекин сиз савдолашиб, ээ керакмас деб чиқиб кетаётганингизда сиз айтган нархга кўнади. Ҳайрон қолганим, харидорлар жуда сийрак, бармоқ билан санарли, дўкондорлар пашша қўриб ўтирибди. Дилсора буни ҳамма онлайн дўконларга ўтиб кетгани билан боғлади. Замонавий савдо марказларида одам қайнаб ётибди, Вайфуцзин ва Санлитундаги брендлар, аниқса менга ёқадиган Uniqlo да одам ниҳоятда кўп. Япониядаги нархларга қараганда Хитойнинг Юниклосида қимматроқ туюлди менга. Масалан, эркакларнинг бир хил кўйлак нархи 7 долларгача фарқ қилди. Шундай бўлсаям олавердим, ахир бу Uniqlo. Ва у ҳали Ўзбекистонда йўқ.
давоми қуйида
***
Хитойга келганимиз билиниши учун биринчи бўлиб пандани томоша қилиш учун ҳайвонот боғига бордик.
Катта панда одатдагидек ноз уйқуда, “дунёни сув босса пандага не ғам” дея лўмпайиб экан. Ҳақиқатданам ширин, ёқимли айиқ. Уйқу ичида бир уёққа, бир буёққа қараганларида бизам оҳ-воҳ деб томоша қилдик. Дунё гўзалининг бошига атай панда расми бор панамка олиб бергандим. Шапкаси ва панда ўртасидаги боғлиқни сезиб қолиб, жони кириб қийқирди.
Катта панда - Хитойнинг рамзи, ёввойи табиатда 2060 тача қолган. Панда мамлакат учун шу қадар қадрлики, уни ўлдирган кишига ўлим жазоси берилади. Авваллари Хитой ўзи дўстлик истаётган мамлакатларга дипломатик совға қилиб панда тақдим қиларди. 1984 йилдан бери бу анъанага чек қўйилган, ҳозир фақат баъзи давлатларга йилига 1 млн доллар эвазига жуфт пандаларни 10 йилга ижарага беради, шунда ҳам туғилган пандача ХХР мулки ҳисобланади.
Лекин менга панда ва бошқа ҳайвонлар сақланаётган Ҳайвонот боғи шароитлари унчалик ҳам зўр туюлмади. Ойналар хиралиги фото ва видео олишга халақит берди. Ҳайвонот боғи унчалик қиммат эмас, 5 кишига 15 долларга тушди. Афсуски, кечроқ борганимиз учун Аквариумга чипта сотиб олишга улгурмадик, акула, дельфинларни томоша қилиш орзуси амалга ошмади. Ўрнига ҳайвонот боғи бўйлаб ўтган кўл бўйлаб моторли қайиқда 10 дақиқалик экстремалдан адреналин олдик. Саида ҳар куни телефонимдан видеосини кўриб “ойи, мазза қилдигааа” деб эслаб турибди)
давоми қуйида
ТМКдан Марказий Осиёда илк экологик технология
Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) таркибидаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар заводи экологик хавфсизлик учун Марказий Осиё бўйича биринчи замонавий технология жорий этиб, мазкур технология асосида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда ТМК матбуот хизмати хабар қилди.
Бу қандай технология?
Авваллари, молибден маҳсулотини аммиакли сув ва кислоталар билан ювиш орқали ишлаб чиқаришда аммиак буғлари ҳавога тарқалиши кузатиларди. Бу эса экологик хавф туғдирарди. Янги технология натижасида эса, завод мутахассислари янги, уч босқичли содали ечим асосида ишлайдиган технологияни жорий қилди. Энди молибден хомашёси сода эритмаси билан ишқорланади, барча жараёнлар ёпиқ тизимда амалга оширилади.
Хўш, бу қандай афзалликлар беради?
Аммиак буғлари атмосферага чиқмайди. Бу айни дамда экологик хавфларнинг олдини олишда катта ютуқ ҳисобланади. Ҳавога ташланадиган чиқиндилар миқдори кескин камайди. Жараёнлар хавфсиз ва экологик тоза муҳитда ўтади. Ёпиқ технологик жараён нафақат чиқиндиларни камайтиради, балки ишлаб чиқариш муҳитини инсон саломатлиги учун хавфсиз ҳолга келтиради. Бу технология ТМКнинг ишлаб чиқаришдаги самарадорлик билан бир қаторда, экологик хавфсизликка ҳам аҳамият қаратаётганини кўрсатади.
Телевизорда кино жудаям кам кўраман. Киноплатформаларга одам ўрганиб қолди. Лекин ўзбек тилида, болалик ностальгияси билан соғинган фильмларимни “Маҳалла” канали тез-тез қўйиб туради. Аниқ биламан, ҳар куни 23:00 да кино бошланади.
Ҳозир келаси ҳафта анонсини кўриб, улашгим келди:
🎬 14 июлдан 20 июлга қадар Ҳафта давомида ўзбек миллий кинофондидан ретро фильмлар беришаркан.
◀️ Душанба — “Стадионда учрашамиз” б/ф (ПРЕМЬЕРА)
13:00 ва 23:00 да
◀️ Сешанба — “Қалбимда қуёш” б/ф
13:00 ва 23:00 да
◀️ Чоршанба — “Менинг меҳрибоним” б/ф
13:00 ва 23:00 да
◀️ Пайшанба — “Чиптасиз” б/ф
13:00 ва 23:00 да
◀️ Жума — “Аччиқ данак” б/ф
10:20 да
◀️ Шанба — “Буюк Турон” б/ф
13:00 да
◀️ Шанба — “Сўғдиёна” б/ф
23:00 да
◀️ Якшанба — “Олмос” б/ф
10:20 да
◀️ Якшанба — “Ватангадолар” б/ф (ПРЕМЬЕРА)
13:00 ва 23:00 да
Эҳҳҳеей!
Бу дўстлар, биз кутган кун!
Бу дўстлар, ҳақиқий байрам:)
#1000китоб нинг илк китоблари нашрдан чиқди.
/channel/mingkitobuz/287
Para velosportchi Fotima Soipova “Kelajak bunyodkori” medalini olayotgan chog’da Prezident bilan suhbati haqida
Читать полностью…Президент ва ёшлар учрашувидан 20 ЭНГ МУҲИМ ЯНГИЛИК ВА ТАШАББУС
1. Ўзбекистон ёшлари топ-500 олийгоҳларга киришда Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.
2. 30 нафар ёш дунёнинг топ-10, 500 нафар топ-100, 1 500 нафар топ-300 университетларда ўқияпти.
3. Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олди.
4. 261 та ёшлар ташкил қилган корхонанинг йиллик айланмаси 100 млрд сўмдан ошди.
5. Сурхондарё ёшлар олийгоҳга кириш кўрсаткичида 11-ўриндан 4-ўринга чиқди.
6. 2024 йил 6 ойида халқаро фан олимпиадаларида 166 та медаль қўлга киритилди.
7. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида 325 минг ёш IT соҳасига ўқитилди.
8. 150 мингдан ортиқ ёшлар халқаро тил сертификатларини олди (икки баробар ўсиш).
9. “Гарвардчилар” мактаби Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида иш бошлади.
10. Ҳар йили 3 000 салоҳиятли ўқувчи дунёнинг нуфузли университетларига тайёрланади.
11. STEM соҳалари учун “Эл-юрт умиди” квоталари бир неча баробар оширилади.
12. Топ-300 олийгоҳга кирган ёшларга банклар томонидан 20 000 доллар имтиёзли кредит берилади.
13. “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури жорий этилди (AI study – 100 000 ёш).
14. 5 йилда барча мактаб битирувчилари сунъий интеллект соҳасида билимли бўлади.
15. “Рақамли авлод қизлари” дастури орқали 50 000 қиз қамраб олинади.
16. Ёшлар стартапларига 145 млн доллар венчур сармоя ажратилди (1 млрд долларгача етади).
17. “Менинг касбим” танлови ва “моҳирлик ва бизнес соати” орқали касб танлашга кўмак.
18. “Келажак лидерлари” дастурига ҳар йили 100 нафар ёш жалб этилади ва хорижий стажировкадан ўтади.
19. 300 миллион долларлик “Ёшлар бизнеси” ва “Келажакка қадам” дастурлари орқали 240 минг ёш банд этилади.
20. Ўзбекистон БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига кирди.
Президентимиз билан суҳбатлашган Сайфулло Қодиров эса учта ўзбекона дрон — Бургуткўз, Заминдар ва Бойқуш ҳақида гапириб берди.
Бургуткўз — осмондан туриб экин майдонларини кузатади, хариталайди, таҳлил қилади. Деҳқон учун кўмакчи, олим учун ахборот манбаи.
Заминдар — агродрон. Ушбу “учувчи ёрдамчи” экинларни аниқлик билан зараркунандалардан ҳимоя қилади. Исроф йўқ, самара юқори.
Бойқуш — Оролбўйида яшил ҳаётни қайта тиклашга хизмат қилади. Саксовул уруғини кенг майдонларга сепади.
Сайфулло чет элда Авиация университетига контракт баландлиги учун ўқишга киролмай, ўзимиздаги Ирригация университетини танлаган экан. Бугун у барибир орзусини амалга оширяпти ва худди шу таълим муассасини битирган Президентимиз билан гаплашиб, таклифларини айтди.
МТРК бутун жамоага ажойиб байрам қилиб берди. МТРКнинг энг катта студиясида барча телеканалларнинг ижодий-техник ходимлари йиғилди. Келган ҳам келди, келмаган ҳам келди.
“Ёшлар канали” жамоаси пенсиядаги устозларнинг (операторлар Маҳкам ака, Марат акани таниб хурсанд бўлдим) уйига бориб йўқлабди. Жуда хайрли иш.
Телевидениедаги барча устоз, ҳамкасбларимни яна бир марта табриклайман!