"Қиз фарзанд кўрганимни эшитганимдан сўнг деворга ўгирилиб, йиғлашни бошладим. Сўнгра бироз тинчланганимдан кейин: "Жуда ҳам яхши бўлибди. Қиз бўла қолсин. Қиз кўрганимдан жуда ҳам хурсандман. Аммо у тентакроқ бўлиб улғаяди деб умид қиламан, негаки бизнинг ҳаётимизда аёллар тентак - чиройли тентак - бўлганлари яхшироқ!" - дедим."
Буюк Гэтсби, Ф.С.Фицджеральд
@readnroll
#interesting
Ромео ва Джульетта Инқилоби
Шекспирнинг XVI асрда ёзилган Romeo and Juliet трагедиясининг асосий қаҳрамонлари қандай инқилобни амалга оширган?
Албатта, ҳеч қандай.
С. Хантингтон ўзининг The Clash of Civilizations номли китобида XIV-XV асрларда Европада индивидуализм ривожлангани ҳақида ёзади¹. Бунинг натижасида, дейди Хантингтон, жамият одамларнинг танловларини қабул қилишни бошлайди, яъни жамият одамларнинг танловларини белгилаб бермайди², уларни шунчаки қабул қилади. Бу ижобий жараёнга Deutsch номли олим Ромео ва Джульетта Инқилоби деб ном берган экан.
Жараёнга нега айнан бундай ном берилганлигини, Шекспирнинг машҳур трагедиясининг сюжетини қисқача бўлса ҳам билганлар, осонликла тушуниб олишлари мумкин.
Ҳаволалар:
¹ Huntington, P. Samuel, The Clash of Civilizations and the Remaking of World Order, Simon & Schuster Paperbacks, Hardcover edn., 2011, p. 77
² Инсон танловларини жамият белгилаб бермайди дейиш бироз абсурдроқ гап бўлди, негаки жамият аъзолари танловларини, ўзлари хоҳласа-хоҳламаса, жамият томонидан (асрлар давомида) белгиланган, қабул қилинган нормалар асосида ёки уларнинг таъсирида амалга оширади. Ромео ва Джульеттанинг танлови, албатта, бироз фарқли бўлган.
@readnroll
#brief_review
2020-2021-йиллар Ерюзидаги барча одамлар жамият пойдеворининг асосий қисмларидан бири бу тиббиёт ходимлари эканлигини қайтадан тушуниб етди. Шифохоналарда ўзларининг оқ халатларида юриб, беморларнинг ҳаётини енгил қиладиган шифокорлар, ҳамширалар ёки, шунчаки, қаҳрамонларнинг ҳаёти асли қандай? Улар ҳам биз, оддий одамлар, каби яшайдими? Бизга ўхшаб касал бўладими? Улар ҳам чарчайдими? Бунга улар асли ҳақлими?
Психиатр-врач Джоанна Кэннон ўзининг, бўлган воқеаларга асосланган, Breaking and Mending. A Junior Doctor's Stories of Compassion and Burnout номли китобида бутун дунёга тиббиёт ходимларининг (иш) ҳаётини ичидан кўрсатиб беради. Джоанна ўзининг асарида шифокорлар ҳам биз каби камчиликларга эга бўлган, оилавий муаммоларига кўмилган, беморлар ҳаётини қутқараётганда, уларни даволаётганда ва бу борада муҳим қарорлар олаётганда, елкаларига қўйилган маъсулият катталиги сабабли, тинмай иккиланишларини ёзади.
Ушбу китобни ўқиётиб, бир қизиқ фикрга дуч келдим. Баъзи ҳолларда тиббиёт соҳаси билан ишлайдиган одамларнинг касал бўлиб қолганларини кўрсак, шифокор бўлиб ҳам касал бўлибдими деган фикрга борамиз. Ҳаммамиз ҳаётимизда бир марта бўлса ҳам бундай ўйлаганмиз, деб ёзади Джоанна.
Лекин унинг китобини ўқиганингиздан сўнг, оқ халатли қаҳрамонлар ҳам биз каби оддий одамлар эканлигини ва жамият уларнинг елкаларига ўта катта маъсулиятни юклаб қўйганини (яна бир бор) англашни бошлайсиз.
Ва доимгидек, яхши китоблар ўқишда чарчаманг, дўстлар!
@readnroll
Бугун ишга келсам, столимда шундай сюрприз турган экан. Бир коллегам менга олиб келибди.
Бундай китобларни деярли ҳеч қачон ўқимайман. Энди, вақт бўлганда, синаб кўраман шекилли.
Яна Моруанинг психологик романлари оламига саёҳат бошладим.
Сиз қандай китоблар ўқияпсиз?
Дўстлар, Мадина Мусаева (@madnifique) билан ваъда қилганимиздек, "Биз" асари таржимасининг (1-4 бўлимлар) электрон варианти Сизлар учун каналга қўйилмоқда.
Қолган бўлимларни ҳам тез кунларда эътиборингизга ҳавола этамиз.
@readnroll
Ғийбатлар яхшиликка етаклар
Ғийбат, асосан, инсонларнинг шахсий ва иш ҳаётларидаги камчиликлари ва нуқсонларини¹ уларга эшиттирмай, уларнинг орқасидан муҳокама қилишдир². Барча жамиятларда ғийбат салбий статусга эга ва ғийбатчилар аксар ҳолларда яхши инсон сифатида кўрилмайди. Унинг - ғийбат қилишнинг - оқибатлари деярли ҳаммавақт нохуш ва ёқимсиз (деб ўйлашга ўрганиб қолганмиз).
Simler ва Hansonнинг ёзишича³, ғийбат ва ғийбат қилиш ижобий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин экан.
Қандай дейсизми?
Мисол учун, North Korea аҳолиси амалдаги тузумни/бошқарувчиларини фақатгина у ҳақида орқадан ғийбат қилибгина (унинг яхши эмаслигини пинҳона суҳбатларида муҳокама қилибгина⁴) ўзгартиришга эриша олишлари мумкин экан.
Китоб муаллифларидан бири - Kevin Simler - ғийбатнинг ижобий таъсирини ўз иш ҳаётида ҳам кўрганлигини ёзади.
Ҳаволалар:
¹ Ғийбат қилаётганларнинг кўзларида камчилик ва нуқсон каби кўринган сифатлар, асли ундай бўлмаслик эҳтимоли ҳам мавжуд. Уларни ғийбат қилишга, масалан, оддий ҳасад ундаган бўлиши ҳам мумкин.
² Ҳаммангиз ғийбат нима эканлигини билишингиздан шубҳам йўқ.
³ Simler, Kevin and Robin Hanson, The Elephant in the Brain, Oxford UP, 1 edn., 2018, p. 61
⁴ Бу туркумдаги муҳокамаларни биз ғийбат сифатида кўрмаслигимиз мумкин. Лекин, назарий тарафдан олиб қарасак, улар ҳам ғийбат экан.
@readnroll
Миямизнинг ҳажми йиллар давомида шундай тарзда ўзгариб (каттайиб) борган экан.
Манба: Simler, Kevin and Robin Hanson, The Elephant in the Brain, Oxford UP, 1 edn., 2018, p. 35
@readnroll
"Ҳаммавақт маълум бир ғояни қўллаб-қувватлашингиз ёки унга қарши чиқишингиз сизни, дунёқарашингизга зид бўлган, ғояларга нисбатан кўр қилиб қўяди. Агарда воқеликни англашни истасангиз, бу нотўғри ёндашув.
Бунинг ўрнига, севимли ғояларингизнинг камчиликларини мунтазам равишда текшириб туринг. Билим ва тажрибангиз даражаси тўғрисида доимо тавозе бўлинг. Севимли ғояларингизга зид бўлган янги маълумотлар ўрганишга ва бошқа соҳалардан билимлар орттиришга ҳар доим интилинг. Фақатгина сиз билан ҳамфикр бўлган инсонлар билангина мулоқот қилиш ёки сизнинг севимли ғояларингизга мос келгангина мисолларни тўплашнинг ўрнига, сизга қарши чиққан, сиздан фарқли фикрлаган инсонлар билан ҳам суҳбат қуринг ва сизнинг тушунчаларингизга қарама-қарши бўлган ғояларни дунёни тушуниш учун энг фойдали манба сифатида қабул қилинг."
Factfulness, Hans Rosling
@readnroll
"- Ҳолингиз вой-ку! Чамаси, сизда қалб пайдо бўлганга ўхшайди."
Биз, Е. Замятин
@readnroll
Дунёқараш пазли
Сизлардан каналим ботига келган саволларнинг энг кўп қисми "дунёқарашни кенгайтира оладиган бирор китоб тавсия қила оласизми" деган савол бўлса керак. Ҳар сафар бу каби саволларни олсам, ишонинг, чин дилдан хурсанд бўламан. Хурсандчилигим сабабини пост охирида билиб оласиз.
Менимча, дунёқараш 1, 2 ёки 3 китоб ўқиш билан кенгайиб қоладиган бир нарса эмас. Нега эканлигини яхшироқ тушуниш учун, келинг, кенг дунёқарашни минг, юз минг балки ундан ҳам кўп бўлаклардан иборат бўлган бир пазл деб оламиз.
Кунларнинг бирида вақтингизни унумлироқ ўтказиш ва миянгизга бироз челлендж бериш мақсадида ертўлага тушиб, уерда йиллар давомида чанг босиб ётган катта пазлни олиб чиқдингиз. Меҳмонхонадаги катта стол устига сон-саноқсиз пазл бўлакларини ёйиб қўяр экансиз, сизни қай даражада машаққатли иш кутиб турганини англашни бошлайсиз. Аммо уни йиғиб бўлганингиздаги завқни кўра олганингиз сабабли, қийин ишдан қўрқмай, пазлни аста-секинлик билан йиғишни бошлайсиз.
Албатта, пазл идиши устига чизилган чиройли тасвирни йиғиш учун биргина пазл донасини жойига қўйиб қўйиш етмайди. Бунинг учун сиз стол устидаги ҳамма бўлаклардан фойдаланишингизга тўғри келади. Яна бир ёқимсиз ва меҳнат талаб этадиган ҳолат - ҳар доим ҳам пазлни бир чеккадан бошлаб, тартибма-тартиб йиға олмайсиз: баъзида унинг ўнг тарафидаги тепа қисмининг бир бўлагини йиға оласиз, баъзида ўртасидаги кичик қисмчасини ва баъзида, умумий суратнинг бир жойида турган бир пазл донаснигина топиб, ўз ўрнига қўясиз.
Дунёқарашни кенгайтирадиган¹ китоблар мавзуси ҳам худди шундай: баъзида айрим китоблар дунёқараш пазлининг бутун бошли бир қисмини, айримлари кичик бир қисмчасини ва бир хиллари эса фақатгина бир донагина бўлакчанинг ўрнини тўлдиришга² ёрдам бера олади, холос. Яъни биргина китоб, мўжиза каби, сизнинг дунёқарашингизни бепоён қилиб юбора олмайди: бунинг учун сиз маълум даражада тер тўкишингиз ва турли хил ёзувчиларнинг бир бирига ўхшамас мавзулардаги, хоҳ бадиий, хоҳ илмий бўлсин, китобларини ўқишингиз керак бўлади.
Мисол учун, 4-5 йил аввал, асосан кўнгил очар асарлар ёзувчи, Сесилия Ахерннинг³ The Year I Met You номли бир асарини ўқиган эдим. Асарда асосий қаҳрамон севгилиси эмас (севгилиси ва дўсти икки хар ҳил оламлар бўлади), балки умри бўйи унинг яқин дўсти бўлиб қолган инсонни учратганилиги ҳақида ҳикоя қилиб беради. Орангизда кимдир айтиши мумкин "Бу турдаги/мавзудаги асардан инсон қандай фойда олиш мумкин? Бундай китобдан "пазлнинг" бир бўлагини топиш мумкинми?". Ахерннинг бу асаридан мен ўзим учун муҳим бўлган бир нарсани ўрганганман: мен дунё маркази эмасман; Ерюзида ҳозирда тахминан 8 миллиардга яқин инсон яшаса, уларнинг барчаси ўзларини дунё маркази деб ўйлайдилар ва атрофда содир бўлаётган ҳамма нарсаларни ўзлари билан боғлиқ деб ҳисоблайдилар. "Йўқ" - дейди Ахерннинг бош қаҳрамони: "мен дунё маркази эмасман."
Демоқчиманки, ўзингиз билмаган ҳолда ҳар бир ўқиган китобингиздан дунёқарашингизни кенгайтира оладиган, кичик бўлса ҳам "бир бўлак" топа оласиз ва, айнан шу кичик бўлаклар аста-секин йиғилиб, сизни сиз кўзлаган мақсадга олиб келади.
Энди бу турдаги саволларингизни олганимда нега хурсанд бўлишимга келсак. Сиз учун фойдали бўладиган китоблар излаб, улар қайсилар эканлигини билмай иккиланиб юрасиз ва, одатда, нимадан бошлашни билмай бошингиз ҳам қотиб қолади. Бундай пайтларда шуни билинг-ки, қаерлардадир дунёқарашни кенгайтириш муҳим эканлигини ёки, ҳаттоки, "кенг дунёқараш" каби бир тушунча борлигидан ҳабари ҳам бўлмаган сон-саноқсиз инсонлар бор: уларнинг ертўласидаги қизиқ ва қийин пазл ҳали яна қанча йил чанг босиб ётади, ноаниқ. Сиз ҳеч бўлмаса, ертўлага йўл олдингиз ва пазлни тепага олиб чиқмоқчисиз.
Ҳаволалар:
1. Шубҳасиз, дунёқараш кенгайиши учун китобларгина фойдали эмас. Мавзу китоблар бўлгани сабабли, фақатгина улар инобатга олинди.
2. Яъни дунёқарашингизни кенгайтиришга қисман ёрдам бера олади.
3. Жиддий китоблардан зерикканингизда, Ахерннинг китобларини ўқиб кўринг: қизиқ сюжет, юмор, драма - ҳаммасини топасиз.
@readnroll
Танишлардан бугун ажойиб янгилик эшитдим, AsaxiyBooksда D. Acemoglu ва J. A. Robinsonнинг дунё бўйлаб бестселлерга айланган Why Nations Fail асарининг таржимаси чиққан экан.
Балки Why Nations Fail ҳақида ёзган тақризим Сизга у ҳақида қисқа маълумотга эга бўлишга ёрдам берар ва уни ўқишга туртки бўлар.
Тақризни қуйидаги линк орқали ўқишингиз мумкин 👇
https://link.medium.com/NEB24ZNYJ8
@readnroll
Таълимдаги пропаганда
Давлат ривожланишида ёш авлоднинг олаётган таълими энг асосий факторлардан бири эканлигини ҳеч ким рад қилмайди. Ушбу жараёнда давлат ўқув муассасалари ва таълим тизими учун қанча кўп маблағ ажратса, шунча яхши эканлиги билан ҳам деярли ҳаммамиз рози бўламиз. Лекин бундай қилишдан турли хил давлат ҳукуматларининг ягона мақсадлари ёш авлодни ўқимишли қилишми? Ёки бунга "қўшимча" мақсадлари ҳам борми?
Давлат томонидан молиялаштирилган мажбурий таълим яқин ўтмишда оммалашган деб ёзади, K. Simler ва R. Hanson¹. XVIII ва XIX асрларда Пруссия (ҳарбий) давлати ўз фуқароларини урушга шай турувчи ватанпарвар аскарлар қилиб тайёрлаш учун махсус таълим тизимини² йўлга қўяди. Мактаблар олдиларига қўйилган мақсад ва мажбуриятларни муваффақият билан амалга ошириб, ҳақиқатда шу турдаги фуқароларни етиштира олади³. Пруссия мактаблар қолипи кейинчалик деярли барча давлатлар томонидан андоза қилиб олинади.
Мисол учун, The Elephant in the Brain китобида ёзилишича⁴, Америкадаги K-12 мактаблари дастлаб миллатни шакллантириш, болалардаги ватанпарварлик ҳисларини ривожлантириш ва ҳукуматнинг асосий ғояларини фуқароларга сингдириш лойиҳасининг бир қисми сифатида яратилган. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, таълим тизимидан пропаганда йўлларида фойдаланилади.
Таълим тизимига ўта катта миқдорда маблағ ажратадиган давлатлар ўз фуқароларини осонликча бошқара олади, негаки ҳукумат томонидан мактаблар ва ОТМлар учун яратилган ва ёзилган китобларда (100 %) ўша давлатнинг ғоялари ва сиёсати акс этган бўлади.
Демак, таълим тизими⁵ оммавий ахборот воситалари каби (ёки уларданда кучлироқ) пропаганда воситалари эканлигини унутмаслигимиз керак.
p.s. бу постни ўқиганингиздан сўнг Pink Floydнинг Another Brick in the Wall қўшиғини эшитиб юборишни тавсия қиламан.
Ҳаволалар:
1. Simler, Kevin and Robin Hanson, The Elephant in the Brain, Oxford UP, 1 edn., 2018, p. 231
2. Албатта, Пруссия мактаблари фақатгина пропаганда билан шуғулланмаган ва уларнинг фойдали ва кучли тарафлари биргина бундан иборат бўлмаган.
3. Мисол учун, Пруссиянинг XIX-XX асрлардаги ҳолати бунинг исботларидан бири бўлиши мумкин.
4. Simler, Kevin and Robin Hanson, The Elephant in the Brain, Oxford UP, 1 edn., 2018, p. 231-232
5. Бунинг исботи учун турли хил давлат мактабларидаги тарих китобларини солишитиришнинг ўзи кифоя қилади.
@readnroll
#brief_review
Муҳаббат Иқлимлари, Андре Моруа
Охирги ойларда каналимда Андре Моруани мақтайвериб, сизларни ҳам чарчатиб юборгандирман. Бугунги кичик пост ҳам шулар қаторидан.
Муҳаббат Иқлимлари икки китобдан иборат бўлиб, биринчи китоб Филиппнинг - эркакларнинг - ҳис-туйғулари, кечинмалари ва ўйлари ҳақида, иккинчи китоб эса - Изабелланинг, яъни аёлларнинг, ички дунёси ҳақидадир. Филипп билан Изабелла эр-хотин бўлган ва бу Филиппнинг иккинчи турмуши эди.
Асардаги асосий ва энг қизиқ ғоялардан бири инсон ҳаёти давомида учратган одамлардан ўзининг идеал образини яратади ва бутун умри бўйи унга ошиқ бўлади.
Моруа ўз асар(лари)да инсонларнинг (асосан аёллар ва эркакларнинг) психологиясини шу даражада маҳорат билан очиб беради-ки, асарда ёзилганларини ўқир экансиз, гўё ўзингизнинг кузатувларингиз, тажрибаларингиз ва, эҳтимол, ички дунёингиз ҳақида асар ўқиётгандек бўласиз. Моруа ўз қаҳрамонларининг қалбларидаги нафақат "кўзга ташланувчи" туйғуларини тасвирлай олади, балки улардаги кичик, сезилмас ўзгаришларни ҳам кўздан қочирмай аниқлик билан ёритиб беради.
Яхши китоблар ўқишда чарчаманг, дўстлар!
@readnroll
#ноувхештег
Бизда бугун ёмғир, кучли шамол ва совуқ.
Кеча Буюк Гэтсбини қайта ўқишни бошлагандим.
Яхши ҳам бошлаганим, бугунги ҳаво роса шу китобни ўқишли ҳаво.
Сизда шу кунлар қандай китобларни ўқияпсиз?
Pink Floydнинг Us and Them қўшиғининг асосий ғояси S. Huntingtonнинг The Clash of Civilizations асарида ҳам берилган экан.
Дўстлар, китоблар ўқинг, рок эшитинг.
p.s. қўшиқ китобдаги ғоядан илҳомланиб ёзилганми, билмадим.
@readnroll
"Ўн бир ёшимдан бошлаб ўзимни одамлардан олиб қочишни ва китобларда паноҳ излашни бошладим."
Муҳаббат иқлимлари, Андре Моруа
@readnroll
#interesting
Телевизордаги қандайдир кўрсатувни ёлғиз кўраётганингизни ёки радиодаги эшиттиришни эшитаётганингизни тасаввур қилинг. Унда - кўрсатув ёки эшиттиришда - бошловчи бирор кулгили ҳазил айтди ва ундан сўнг (доимгидек) дарҳол қалбаки кулгу овозларини эшитдингиз.
1990-чи йилларда машҳур нейробиол ва психолог олим Robert Provine кулгу табиатини ўрганиш учун эмпирик тадқиқотлар¹ олиб боради. Тадқиқот давомида Роберт ва унинг уч ёрдамчилари 1200 дан ортиқ "кулгу намуналарини" эшитиб чиқадилар.
Тадқиқотларнинг қизиқарли натижаларидан бири бу кулгунинг ижтимоий ҳодиса эканлиги эди, яъни одамлар бошқалар билан бўлганларидан кўпроқ кулар экан. Ёлғиз бўлганларида эса бундай эҳтимол сезиларди даражада паст экан.
Энди телевизор кўраётганингиз ёки радио эшитаётганингиз ҳақидаги тасаввурингизга қайтайлик. Бошловчининг қизиқ шарҳидан сўнг сохта бўлган кулгу янгради.
Кўрсатув/эшиттиришда бунга қандай эхтиёж бор?
Роберт ва унинг ёрдамчиларининг кузатувларида айтилгандек, инсон ёлғиз бўлганда, бирор кулгили нарсага камдан-кам кулади. ТВ/радио ижодкорлари ўз кўрсатувларида қалбаки кулгу овозларини қўйишларининг сабаби - ёлғизликда ўтирган одамлар учун "ижтимоий табиат" яратиб бериш. Ушбу сохта кулгу натижасида ёлғиз ўтирган томошабинлар ўзини одамлар ичида ҳис қилиб, овоз чиқариб кулишдан "тортинмас" экан.
Манба: ¹Simler, Kevin and Robin Hanson, The Elephant in the Brain, Oxford UP, 1 edn., 2018, p. 132-133
@readnroll
"Қанча кўп тингласанг, шунча кўп эшитишни бошлайсан."
Breaking and Mending: A Doctor’s Story of Burnout and Recovery, Joanna Cannon
@readnroll
Аудиокитоб премьераси:
илк антиутопик асарлардан бўлмиш Евгений Замятиннинг "Биз" романи биринчи марта ўзбек тилида!
Олдос Хаксли ўзининг "Ажиб янги дунё" номли асарини айнан Е.Замятиннинг "Биз" асаридан илҳомланиб ёзган, "Биз"сиз Жорж Оруэллнинг машҳур "1984" асари ҳам мавжуд бўлмас эди.
Роман ўзбек тилига мен (Муштарий Мамадалиева) томонидан таржима қилинмоқда. Уни Мадина Мусаева (@madnifique) профессионал даражадаги аудиокитоб ҳолига келтирмоқда.
Асар таржимасининг электрон варианти ҳам тез кунларда эътиборингизга бепул ҳавола этилади.
"Биз"нинг 1-4 боблари тингловчиларни деярли роботга айланиб қолган, машина каби фикрлайдиган Д-503 ва дилбар О-90, ҳамда Зумрад Девор, Соат Лавҳи, Валинеъмат, Оналик Меъёри каби ғаройиб қаҳрамонлар ва тушунчаларга тўла Интеграл оламига олиб киради.
Бизнинг “#Биз” сизга маъқул келади, деб умид қиламиз.
p.s. #Бизни қўллаб-қувватлаб ушбу постни яқинларингизга share қилиб юборсангиз, қарши эмасмиз)
@readnroll
"Хомо Сапиенснинг ўрнига Хомо Лаборанс келди" деб таъкидлайди Бёрджесс. Ишга бориб-келишдан бошқа ҳаётга эга бўлмаган инсонлар, меҳнат бу инсониятнинг ягона бурчи ва вазифаси деб ҳисоблашни бошлайди.
Батафсил:
https://link.medium.com/QeNA3jCyAeb
@readnroll
"Мен кардиологдан бу ҳис - кимнидир ҳаётга қайтариш, ҳар он қаҳрамон бўлиш имкониятига эга бўлган ишни бажариш, Худо билан баҳслашиш қандай ҳис эканлигини сўрагим келганди."
Breaking and Mending: A Doctor’s Story of Burnout and Recovery, Joanna Cannon
@readnroll
ReadnRoll’нинг гўзал қизлари ва аёллари, барчангизни байрамингиз билан табриклайман!
Сиз ақллисиз, эркинсиз ва ўз ҳаётингизнинг эгасисиз!
Буларни ҳеч қачон унутмаслигингизни тилаб қолар эдим 💜
@readnroll
Салом, дўстлар,
сизлар учун ажойиб янгилик!
Биз @madnifique билан биргаликда Е. Замятиннинг "Биз" асари таржимаси устида ишни бошладик.
Дунёнинг энг машҳур антиутопияларидан бўлмиш "Биз" - биринчи антиутопик асарлардан бири бўлиб, у биз билган саноқсиз ёзувчиларни ўзининг дурдона асарларини ёзишга илҳомлантирган.
Айтишларича, Олдос Хаксли ўзининг "Ажиб янги дунё" номли асарини айнан Е. Замятиннинг "Биз" асаридан илҳомланиб ёзган. "Биз"сиз Жорж Оруэллнинг машҳур "1984" асари ҳам мавжуд бўлмас эди.
Мадина менга ушбу мутлақ нотижорий мақсадларда амалга оширилаётган лойиҳада бирга ишлашни таклиф қилганида, жуда ҳам хурсанд бўлдим, негаки жамиятимизда китобхонликни тарғиб қилиш учун ўзининг ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдамини аямайдиган инсонлар борлигини кўриб хурсанд бўлмаслик имконсиз.
Яқин кунларда асарнинг аудиокитоб кўринишини @madnifique каналида эълон қилишни бошлаймиз ва унинг тўлиқ электрон шакли таржима тугалланиши билан барча китобхонларга бепул тақдим этилади.
Яхши китоблар ўқишда ва дунёқарашингизни кенгайтиришда чарчаманг, дўстлар!
@readnroll
Олдинлари кимдир бирор китобни ўқидим деса, ишонар эдим экан. Чунки одамлар шунчаки сиздан қолиб кетмаслик учун у китобни ўқимаган бўлса ҳам, балки умрида биринчи марта кўриб кўриб турган бўлса ҳам, ўқиганман дейишлари ҳаёлимга ҳам келмасди.
Кузатувларим натижасида шунга ишонч ҳосил қилдим-ки, одамлар ўзларини сиздан устун кўрсатиш учун ёки сизни улардан устун эмаслигингизни ўзларича исботлаш учун, китоб ҳақида заррача маълумотга эга бўлмасалар ҳам, уятмай ўқиганман дер экан.
Яхши китобларни ростдан ўқишда чарчаманг, дўстлар!
Peace.