20055
Ушбу каналда ўзбек тилида кўпчилик йўл қўядиган турли хатоликлар ва уларни бартараф қилиш ҳақида сўз боради. Лотин алифбосида: @xatoliklar_lotin Имло бўйича саволлар: @xatoliklarbot Админ: @nuqtavergul Моддий қўллаб-қувватлаш: t.me/xatoliklar/1059
Kursiv Uzbekistan нашри алифбо янгиланаётгани борасида бир нечта эксперт фикрини жамлаб, мақола тайёрлабди. Барака топишсин.
Қизиқ бўлса, мақолада қуйидаги мутахассислар фикрлари билдирилган:
1. Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази бўлим бошлиғи Ўринбой Бобоёров.
2. Психолингвист Ирода Азимова
3. @xatoliklar Telegram канали муаллифи Абдуазим Рустамхўжаев (камина)
4. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов
Мақолани ўқиш 👇 https://uz.kursiv.media/uz/2026-07-28/yangi-harflar-eski-muammo-alifbo-bahsi-kuchaydi/
@xatoliklar
Бугун эрталабдан алифбо янгиланиши бўйича кутилмаган хабарлар тарқалди. Кўпчилик бу бўйича фикримни сўрабди. Қизиқ бўлса, сал кейинроқ каналда ёзиб қолдираман.
Унгача изоҳларда муҳокама қилиб турсак бўлади.
@xatoliklar
Таҳрирдан кейин 60 бетга “семирган” китоб ҳақида
Бугун амалиётимда учраган бир қизиқ кейс билан бўлишмоқчиман.
Яқинда бир китоб матни устида ишлаб, уни таҳрирдан чиқардик. Жараён фақатгина имло ва услубий хатоларни тузатиш билан чекланмади — оригинал матн билан солиштирма таҳрир ҳам қилинди. Натижада таржима жараёнида тушиб қолган ва эътибордан четда қолган жойлар аниқланиб, тўлиқ тикланди.
Матнни қисман бадиийлаштириб, тўлиғича ўзбек тили руҳиятига ҳам мосладик. Қуруқ, сўзма-сўз ўгирилган конструкциялар тилимизга хос табиий оҳангга киритилди.
Хўш, якунда нима бўлди? Ҳосил бўлган тайёр матн дастлабкисига қараганда нақ 60 бетга кўпроқ чиқди. Шунақаси ҳам бўлиб тураркан.
Профессионал матншуносликда бу сифатли локализациянинг табиий натижаси ҳисобланади. Бизнинг ҳолатда матн кенгайишининг асосий сабаблари:
— Ахборот декомпрессияси (маънони очиш)
Хорижий тиллардаги ихчам конструкциялар, идиомалар ёки маданий контекстларни ўзбек тилида кўпинча тўғридан-тўғри, битта сўз билан бериб бўлмайди. Аслиятдаги воқелик китобхонга тушунарли бўлиши учун таржимон ёки муҳаррир ушбу маънони кенгроқ изоҳлаш (декомпрессия)га мажбур бўлади.
— Узвийликни тиклаш
Солиштирма таҳрир (оригинал матн билан солиштириш) нафақат камчиликларни топиш, балки мантиқий яхлитликни таъминлаш учун ҳам қилинади. Дастлабки таржимада мураккаброқ туюлган ёки эътибордан четда қолган абзацлар тикланганда умумий ҳажм ошиши табиий.
— Услубий адаптация
Сўзма-сўз ўгирилган (калька) матн грамматик жиҳатдан тўғри бўлиши мумкин, лекин кўпинча ўзбек тили руҳиятига ёт бўлади. Сунъий конструкцияларни тилимизга хос табиий оҳангга солиш, матнни қисман бадиийлаштириш — таржиманинг таржима эканини билдирмайдиган воситалардан бири.
———————————
Муҳаррир бўлсангиз, кучли мутахассис иши шунақа бўларкан деб ўйлаб, олган ишингизни расво қилманг яна. Юридик, тиббий ёки техник матнда бундай ўзбошимчаликка мутлақо йўл қўйилмаслиги керак.
@xatoliklar
“Помил чой” сўзининг келиб чиқиши ҳақида.
Манба
@xatoliklar
🌙 Айём муборак
Бу — Ҳайит табрикларида энг кўп ишлатиладиган жумлалардан бири. Баъзилар “Айём сўзи кўпликни билдиради, ҳайит эса 1 кун, демак, бу хато” дейди. Келинг, бу ҳолатни қисқача таҳлил қиламиз.
Ҳайит ўзи неча кун?
— Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр)
Ислом шариатида фақат 1 кун (Шаввол ойининг 1-куни) ҳисобланади. Халқимиз орасида 3 кун давомида йўқловлар қилиш одати шаклланган бўлса-да, диний жиҳатдан байрам бир кундир.
— Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа)
Бу байрам эса диний нуқтаи назардан ҳақиқатан ҳам 3-4 кун (Зулҳижжанинг 10-куни ва ундан кейинги 3 та “Ташриқ” кунлари) давом этади.
Хўш, унда Рамазон ҳайитида “Айём муборак” дейиш хатоми?
Араб тили грамматикаси бўйича қарасак: “Айём” (أيام) — “явм” (يوم — кун) сўзининг кўплиги, яъни “кунлар” дегани. Рамазон ҳайити 1 кун бўлгани учун арабий талқинга кўра “кунлар муборак” дейиш мантиқсиздек туюлиши мумкин.
Аммо ўзбек тилида бу сўз кўплик маъносини йўқотган ва якка ҳодиса — байрамни англатадиган мустақил сўзга айланган. Тилимизда арабча кўплик шаклида кириб келиб, бирлик маъносида ишлатиладиган сўзлар жуда кўп:
• Ашё (“шай” — нарсанинг кўплиги);
• Шароит (“шарт”нинг кўплиги);
• Ахборот (“хабар”нинг кўплиги);
• Авлиё (“валий” — дўстнинг кўплиги).
Демак, Ҳайит 1 кун ёки 3 кун бўлишидан қатъи назар, ўзбек тилида “Айём муборак!” дейиш мутлақо тўғри. Ҳеч иккиланмай шу тарзда табриклайверинг.
Айём муборак!
@xatoliklar
Элчихонадан боғланишди
Юқоридаги анча эски (2019 йилги) ҳолати экан.
Расмда эса ҳозирги ҳолатини кўриб турибсиз, барака топгурлар тўғрилаб қўйишган экан.
@xatoliklar
Кўчаларда, турли пешлавҳа ва эълонларда имловий хатоларга тез-тез дуч келиб турамиз. Аммо энг ачинарлиси — бундай ҳолатларнинг айнан таълим-тарбия масканларида учраши.
Расмга эътибор қилсангиз, келтирилган иқтибос Президент Шавкат Мирзиёевга тегишли. Таълим ва ёшлар тарбиясига оид шундай муҳим фикрни катта қилиб ёзиб қўйиб, унда бундай қўпол имловий хатога йўл қўйилганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Мумкун ❌
Мумкин ✅
@xatoliklar
— Таржимоннинг маҳорати нимада?
— Матннинг таржима қилинган матн эканлигини билдирмаслигида.
Анча йилдан бери халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб бериляпти. Бу яхши, албатта. Аммо ундаги тасдиқнома матни эътиборимни тортди — суратдаги матнни ўқинг.
Енгил таҳрирланган ва ўзбекчалаштирилган ҳолати 👇
Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган жисмоний шахсга имтиҳон топшириш харажатининг тўлиқ қоплаб берилиши тўғрисида ТАСДИҚНОМА
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ўз билимига ишонган, салоҳиятли ва илм олиш йўлида тинимсиз ҳаракат қилаётган _____га тақдим этди. Унинг International English Language Testing System (IELTS) имтиҳонидан юқори балл (даража) қайд этгани учун топширган имтиҳон харажатининг давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилиши тасдиқланди.
P. S. Чет тилларига давлат миқёсида эътибор берилиши жуда яхши, аммо бу ўз тилимизга тупуриб қўйиш эвазига бўлмаслиги керак.
@xatoliklar
Бу пост канал админи томонидан ёзилди
Матнларимиздаги энг катта “касаллик”лардан бири — бу услубий ғализлик, айниқса, рус тили грамматикаси таъсирида шаклланган сунъий жумлалар. Худди сарлавҳадаги каби.
Расмий ҳужжатлар, янгиликлар ва ҳатто реклама матнларида биз кўпинча рус тилидаги пассив (мажҳул нисбат) конструкцияларни ўзбек тилига тўғридан-тўғри кўчириб қўйилганини кузатамиз. Бу ўзбек тили руҳиятига тўғри келмайдиган ва матнни ўқувчи учун оғирлаштирадиган ҳолат.
Асосий қоида: эга (иш-ҳаракат бажарувчиси) аниқ бўлса, феъл ҳам аниқ нисбатда бўлиши керак.
Тил, саводхонлик, имло масалалари ҳаётида “қирқ юзинчи” ўринда турадиган одамлар катта кўпчиликни ташкил этишига ачинаман.
Орзуалар ❌
Орзулар ✅
Шакиллантириш ❌
Шакллантириш ✅
*Расм обуначиларимиздан
@xatoliklar
Яхши янгилик
1. “Машъал” газетасида мақоламиз эълон қилинибди.
2. Шу пост баҳона канал фаолиятини яна тиклаб оламизми, нима дейсиз?
(газетанинг тўлиқ шакли изоҳда 👇)
@xatoliklar
Чала ўзбекча, чала русча гапириш ва ёзишга одатланган ўзбегим-эй...
Оптом ❌
Улгуржи савдо ✅
Алвастр ❌
Алебастр ✅
Мытый песок ❌
Ювилган қум ✅
*Расм обуначиларимиздан
@xatoliklar
“Ўқинг, фақат йиғламанг” деган гап бўларди аввал. Энди “кўринг, фақат ўқиманг” дейдиган ҳолатлар бўляпти.
*Расм обуначиларимиздан
@xatoliklar
— Русча қилайликми?
— ...
— Ёки ўзбекчами?
— ...
— Инглизча қилақолайлик.
— Бошимни оғритманглар! Нима бўлгандаям, кабобам куймасин, сихам куймасин! Ҳозир шошилинч Zoom митингим бор.
TBC Bankda digital copywriter vakansiyasi
Qisqa va aniq yozishni yoqtirasizmi?
Push, bannerlar va reklama matnlarini jonlantirishni bilasizmi?
Unday bo‘lsa, bizning jamoaga qo’shiling.
Nimalarni taklif qilamiz:
— O‘zR MK bo‘yicha rasmiy rasmiylashtirish
— oyda ikki marta barqaror ish haqi
— jadval 5/2, soat 10:00 dan 19:00 gacha
— sinov muddatidan keyingi sug‘urta
— korporativ ta’lim, ishda o‘sish imkoniyati
— timbilding va sport faolliklari
Havola orqali o‘ting va O‘zbekistonda bank tizimini o‘zgartiradigan jamoaning bir qismiga aylaning.
Хулласи калом, шахсий фикри ожизимча, лойиҳа муаллифлари масалага умумтуркий стандартга шаклан мослашиш деган позициядан ёндашишган. Яхшими бу ёки ёмон — вақт кўрсатади.
Ачинарлиси, ҳозирги авлод яна янги тажрибалар қурбонига айланяпти. Биз шундоқ ҳам лотин ёзувига ўтиш азобини авлодлар ўртасидаги жарлик мисолида тўлиқ ҳис қилдик, энди эса эскиларнинг хатоларини тузатиш баҳонасида халқимизни янгича чалкашлик гирдобига ташлаяпмиз.
@xatoliklar
Бирор узунроқ мақолада муаллиф хато қилган бўлса, майли дейсан. Аммо бор-йўғи 4 та сўзли баннерда хато бўлса, тушуниш ва кечириш қийин.
Катта брендлар учун эса мутлақо ярашмайдиган ҳолат.
Ҳамҳор | Hamhor ❌
Ҳамроҳ | Hamroh ✅
P. S. Расмда яна қандай хато(лар) бор?
*Расм обуначиларимиздан
@xatoliklar
Сўзгар подкастининг навбатдаги сони
Бу сафар кўпчилик талаффузда адашадиган “тупроқ” сўзи ҳақида.
🎧 Кейинги аудиоларда қайси мавзуларга тўхталишимизни истайсиз? Изоҳларда таклифларингизни ёзиб қолдиринг 👇
#сўзгар
@xatoliklar
“Бошингни сапчадек узиб ташлайман” — сапча нима?
Бадиий асарлар ва халқ достонларида қаҳрамонларнинг куч-қудратини тасвирлашда бу ибора тез-тез учрайди. Хўш, сапча ўзи нима?
🍈 Сапча — қовуннинг палакда тугиб, эндигина катталаша бошлаган хомаги.
Нега бош айнан сапчага ўхшатилган?
Кичик хомак — сапчанинг банди жуда нозик бўлади. Уни узиб олиш учун ҳеч қандай куч талаб этилмайди, салгина тегиб кетса ҳам палакдан осонгина узилиб тушаверади.
Ёзувчилар ва халқ бахшилари қаҳрамоннинг кучи ва шиддатини бўрттириб (муболаға санъати орқали) кўрсатиш учун айнан шу ташбеҳдан фойдаланишган. Полвон учун душманнинг бошини танасидан жудо қилиш гўёки палакдан жажжигина сапчани юлиб олишдек осон, арзимас ва заҳматсиз иш эканлиги ифодаланган.
@xatoliklar
Каналимиз энди овозли форматда
Нурмуҳаммад ака Исроилов ташаббуси билан Avtoradio кўмагида янги форматдаги лойиҳага қўл урдик — “Сўзгар”.
Энди она тилимизга оид кенг тарқалган хатолар, сўзларнинг келиб чиқиш тарихи (этимологияси), қизиқарли ибора ва мақолларнинг мазмун-моҳияти қисқа, тушунарли ва жарангдор аудио форматда ёритиб борилади.
Уларни секин-аста каналимизга ҳам жойлаб борамиз.
🎧 Кейинги аудиоларда қайси мавзуларга тўхталишимизни истайсиз? Изоҳларда таклифларингизни ёзиб қолдиринг 👇
#сўзгар
@xatoliklar
“Бошқа ҳар қандай жойда хато қилсанг қилавер, лекин элчихона пешлавҳасида эмас”, дейдиган одам борми?
Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги Элчихонаси экан. Тез орада тўғрилаб қўйишади деган умиддамиз.
Элчиҳона | Elchihona ❌
Элчихона | Elchixona ✅
O’ ❌
O‘ ✅
@xatoliklar
ЭМАКДОШ ва ЭМИКДОШ
Кўпинча талаффузи ва ёзилиши ўхшаш бўлган сўзларни чалкаштириб юборамиз. Бугун тилимиздаги ана шундай ҳолатлардан бирини кўриб чиқамиз.
1. ЭМАКДОШ — бирга ишлайдиган, ҳамкасб.
Мисол: Одатда, иш юзасидан елкадош бўлиши керак бўлган ўртоқлар бир-бирларини буткул танимай, ўз эмакдоши қандай заҳмат чекаётганини билмай меҳнат қилади. (Газетадан)
————————
2. ЭМИКДОШ — бир онани эмишган опа-сингил, ака-ука.
Мисол: Бир синглим бор — менинг билан эмикдош,
Синглимга арзимни етказ, ёлғиз ғоз. (“Алпомиш” достонидан)
————————
Мавзуга оид:
• Бедана ва бедона
• Таъриф ва тариф
• Дипломат ва дипломант
@xatoliklar
Орамизда бухгалтерлар борми?
Шу кунларда ўзини ўзи банд қилганлик мақомини тугатиб, ЯТТ очгандим. Ўтган йил солиқлари бўйича камомад чиқяпти.
Ўзини ўзи банд қилган фуқаро учун:
— айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботини тайёрлаш ва топшириш,
— қарздорликни ҳисоблаш,
— солиқ имтиёзини қўллаш.
Шу бўйича ёрдам бера оладиган, солиқчиликни яхши тушунадиган бухгалтер бўлса, алоқага чиқинг.
Ҳаммага раҳмат, бухгалтер топилди.
«Машина олиш ойижонга ёқишдан осон»
Бу жумла эътиборни тортади. Тирик тил (қайнона эмас, ойижон), юмор, миллий контекст, халққа яқинлик бор. Креативлик нуқтаи назаридан — бу плюс.
Муаллифлар халқнинг ичидаги гапни топган. Қайнона-келин ёки куёв муносабатлари — ҳаммага таниш оғриқли (ва кулгили) мавзу.
Лекин жамият шусиз ҳам қайнона-келин можароларидан чарчаган. Реклама эса “қайнона — золим, унга ёқиш қийин” деган эски ва зарарли стереотипни янада чуқурлаштиряпти.
Жиддийроқ қаралса, оилавий муқаддас тушунчаларни, хусусан, катталарга бўлган муносабатни тижорат манфаати йўлида ишлатиш — этик нормаларга зид.
Копирайтерга маслаҳатим: креатив бўлиш яхши, лекин фаросат чегарасидан чиқмаслик керак. Жиловланмаган креатив бренд обрўсини тушириб қўйиши мумкин.
@xatoliklar
Бир обуначимиз жон куйдириб, анчадан бери шу ҳолат ҳақида гапирадилар. Йирик ресторан бренди учун ҳарф ажрата билмаслик — уятли ҳолат. Шунчаки эътиборсизликка йўйиш мумкиндир, лекин огоҳлантиришлар ҳам фойда бермабди.
Ечим: ў ҳарфини логотип услубида макрон ¯ билан ёзса, олам гулистон бўларди.
БОЛСИН | BOLSIN ❌
БЎЛСИН | BO‘LSIN | BŌLSIN ✅
*Расм обуначиларимиздан
@xatoliklar
Инсон учун энг муҳими — тарбия, билим ва соғлик. Иқтибосда шу нарса назарда тутиляпти. Агар бизда улардан бири бўлмаса, қандай ҳолат бўлишини мисолда яққол кўриб турибсиз.
Мухум | Muxum ❌
Муҳим | Muhim ✅
*Расм обуначиларимиздан
@xatoliklar
Ҳаққоний реклама
Расмда хато йўқ. Бунақа трейдинг иловаларини юклаб олгандан кейин одам бор пулини ҳам йўқотиб, ўлиб кетиши ҳеч гап эмас.
*Расм обуначиларимиздан
@xatoliklar
Ҳазил ортида ҳақиқат
Бу сунъий идрокнинг янги талқини PhD (фан доктори) даражасида фикрлай олиши ҳақида айтиляпти.
Менимча, бир неча томли луғат ва энциклопедияларнинг даври ўтди. Сунъий идрок даври бошланди. Энди ундан фойдаланишни биладиганларга талаб ортади.
Сиз ундан қанчалик фойдалана оляпсиз? Сизга керакли натижа чиқариб бериши учун тўғри промт (вазифа) кирита оляпсизми?
@xatoliklar
Бу сўзда ҳам кўпчилик адашар экан. Google орқали «qurulish» сўзини қидирувга берсангиз, лотин алифбосида 58 000 та натижа чиқади.
Қурулиш | Qurulish ❌
Қурилиш | Qurilish ✅
*Расм обуначимиздан
@xatoliklar
Бунёдкор кўчасида янги қурилган жойлардаги ҳолат экан. Бир оғиз сўрамайсанми мендан... дейдиган одам йўқ.
Ёш болалик | Yosh bolalik ❌
Ёш болали | Yosh bolali ✅
Айёллар | Ayyolar ❌
Аёллар | Ayollar ✅
Гапда яна қандай хато бор, изоҳларда ёзиб қолдиринг.
*Расм обуначиларимиздан
@xatoliklar