madnifique | Unsorted

Telegram-канал madnifique - 📚 Madina Musayeva 🎧

3228

Аудиокитоблар, шахсий фикрлар. 📺 https://www.youtube.com/c/Madnifique 🦅 https://twitter.com/bookclubuz ⚠️ Аудиокитобларни бўлишишда Мадина Мусаева суҳандонлиги ва @madnifique канали айтиб ўтилсин, монетизация тақиқланади. 🌃 Торонто

Subscribe to a channel

📚 Madina Musayeva 🎧

Хабарингиз бор, 17-март куни Тошкентда Чикаго университети профессори, “Мамлакатлар таназзули сабаблари” (Why Nations Fail) китоби ҳаммуаллифи Жеймс Робинсон билан учрашув бўлиб ўтади. Агарда учрашувгача ушбу бестселлерни ўқиб тугатмасангиз, ёрдам берувчи контент билан бўлишмоқчиман:

1. BookClubUz да “Мамлакатлар таназзули” китобининг муҳокамасини ўтказганмиз, унда менинг модераторлигим остида китоб таржимони Сиротуллохон Муҳаммадсолиев, MacroBS, Bakiroo каби иқтисодчилар, клуб админлари бўлмиш букблогерлар Mahin’s World, MenSenvaUlar ва бир қатор китобсеварлар иштирок этишган. Ушбу суҳбатни подкаст шаклида жойладим 👉Anchor | Spotify
 
2. Китобнинг кириш ва 1-қисмларини аудиокитоб шаклига ўгирганман 👉Anchor | Spotify | YouTube

3. Mahin’s World китобни жуда яхши ревью қилган 👉YouTube

👉@madnifique👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

Ўзбек шеъриятига янги авлод кириб келдими?

"Академнашр" томонидан чоп этилган "Излам" туркумини BookClubUz да ўқидик. Тилшунос Шаҳноза Соатова, ношир, "Академнашр" асосчиси Санжар Назар, шоира Тилланисо, шоира Меҳриноз Аббосова, иқтисодчи Отабек Бакиров, рэп ижрочиси Шака, тилшунос Доно Бекжон, клуб админлари бўлмиш букблогерлар Mahin’s World, MenSenvaUlar, ҳамда бир қатор китобсеварлар ўзбек шеъриятининг янги авлоди, уларнинг йўналиши, танқид ва тақризлар, ўзбек шеъриятининг бугунги муаммолари ҳақида чатлашдик. 

🎧 Чатни Spotify ва Anchor га подкаст шаклида жойладим. Қатор таклифларга кўра аудиокитобларимни ҳам подкаст каналларга жойлашни бошлайман, бу билан аудиокитоб ва суҳбатларни тинглаш қулайроқ бўлишига умид қиламан. Шунингдек, подкаст каналлари учун янги лойиҳалар режаларда бор, албатта фоллоу қилиб қўйинг! Яқин кунларда "Мамлакатлар таназзули сабаблари", "Ўзбекистон таваллуди", "Handmaid's Tale" ва бошқа бир қанча бестселлер китоблар муҳокамасини ҳам жойлайман.

👉@madnifique👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

📣 Бухоронинг Олот туманидаги қишлоқда кутубхона очяпмиз. Ўтган йили Наманганнинг бир қишлоқ мактабини китоблар билан таъминлашга ёрдам бергандик. Ҳозирда Олотдаги кутубхона учун ажратилган хона ремонтда, бизга эса китоблар ва сизнинг ёрдамингиз керак 🙏

Бу кутубхонани очиш устида мен ва бир қатор китобхонлар Твиттерда юритувчи BookClubUz нинг аъзоси Шаҳноза бош-қош бўлмоқда. Қишлоғида кутубхона очиш унинг орзуси. Аммо, бу – оддий орзу эмас. Китоб ва илм улашиш – нафақат бир инсон, балки бир неча авлод ва миллат учун фойдали иш.

Китобларни икки йўл билан йиғяпмиз: Тошкент ва Бухорода китобларни йиғиш пунктларида ёки картага пул ўтказиш йўли билан. Картага йиғилган маблағ учун тўла ҳисобот берилади.

Келинг, мана шу ажойиб лойиҳада қатнашайлик 👏

4073420037613100
Шаҳноза Наврузова

Китоблар йиғилаётган манзиллар:
📍Тошкентда : Жанубий вокзал рўпарасидаги VEGA CENTRE нинг 4-қавати. (1-қаватида Корзинка жойлашган)
Маълумот учун: @OlimovSS
Тел: +998974471331

📍Бухорода: Олот тумани, Мухтор мф, Хотира кўчаси-71 уй.
@shakhnoz04
Тел : +998999050489

Жараённи қадамма-қадам twitter.com/bookclubuz да ёритиб борамиз. Эълонни тарқатишга ҳам ёрдам берасиз деб умид қиламиз.

👉@madnifique👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

🙋‍♀️Болалик/ўсмирликда энг севиб ўқиган асарингиз қайси ва нимага?

Энг қизиқ ва оригинал ревью учун 🎁 мана шу ажойиб тўплам.

Шартлар бу ерда: https://twitter.com/bookclubuz/status/1597595458268168193?s=46&t=Bvrf7NXd31sb3cNU-lOZOg

Ғолиб 4 декабрда аниқланади. Омад!

👉@madnifique👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

Биз шундай даврда яшаймиз-ки, ҳар бир қилган харидимиз, фойдаланган хизматимиз бизга ҳам куч, ҳам қандайдир маънода ижтимоий мажбурият беради. Қайси бизнесга пул беришимиз – бу ўзимиз қайғурган ишни қўллаб-қувватлаш учун имконият. Ёки аксинча.

Онгли истеъмолчи бўлинг. Ҳеч қачон истеъмолчи ва фуқаро сифатида овозингиз борлигини унутманг.

Бугунги кунда энг етакчи бизнесдан кичик бизнесгача ижтимоий-корпоратив жавобгарлик (Corporate Social Responsibility) нималигини билади, чунки позициясининг узоқ вақтлик таъсири ва истеъмолчи кучини ҳис этади.

Дейлик, қайсидир хизматдан фойдаланасиз. Бизнес эгаси эса булли, систематик равишда аёллар ҳуқуқлари ҳақида қайғурганлар устидан кулади, қадрсизлантиради. Бунда шахсий фикр ва бизнес ўзаро боғлиқми?

Албатта боғлиқ. Ҳар бир тийинингиз у одамнинг гуллаб-яшнашига хизмат қилади. Қайсидир маънода, пулингизни унинг ғояларини молиялаштиришга сарфлаяпсиз.

СИЗ қураётган жамиятда фарзандларингиз яшайди.

СИЗ бугун аёлларга қарши зўравонликни қоралаб, эртага қизларингиз учун хавфсиз муҳит яратяпсиз.


ОНГЛИ истеъмолчи бўлинг. Кичик ва принципиал амаллардан бошланг.

👉@madnifique👈

/channel/xayoldengizi/394

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

🎧 Шароф Бошбеков. Менинг ёзувчи бўлганим (биографик ҳажвия)

"Мен жиддий оилада тарбияланганман. Уйимизда кулги овози камдан-кам эшитиларди. Ота-онамиз: "Жиддий бола бўлгин, шунда сендан жиддий одам чиқиши мумкин. Бўлар-бўлмасга ҳиринглайверсанг, гўр ҳам бўлмайсан" деб ўргатишган. Ана шу гап ҳамон қулоғимда. Мендан дуруст одам чиқдими-йўқми билмадим-у, лекин шунақа қовоғи солиқ одам бўп қолганим аниқ".

Cўнгги пайтларда Шароф ака Бошбековни, аниқроғи, "Темир хотин" ни кўп эсладим. Драматург бир интервьюда "Темир хотин" ҳақида шундай деган: "Оналарим, опаларим, кеннойиларим бир умр пахтазорда ишлаган. Ҳатто битта кеннойим шундоқ эгатда кўз ёриган. Ўшалар тимсолида ўзбек аёлининг дардини, орзулари, қувончу аламларини қаламга олганман". Ўйлаб қарасам, оддий ўзбек аёли қиладиган кундалик ишларни темир робот қилса, бир неча кун ичида ўзини йўқ қилиб юборишини шундай юмор ва барчага тушунарли этиб кўрсатадиган драматурглар жуда кам экан.

"Менинг ёзувчи бўлганим" ҳикоясини шу йилнинг февралида ёзган эдим, бу ҳикоя кенг аудиторияли бир блогер билан режалаштирган "Ўн дақиқалик мутолаа" лойиҳа доирасида чиқиши керак эди. Лекин, афсуски, нимагадир у одам лойиҳани бошламади, ҳикоя эса компьютерим сарҳадларида чанг босиб ётди. Бугун аудиоҳикояни сиз билан бўлишяпман. Тинглаб, Шароф ака Бошбековни эслаб, бир дуо қилиб қўярсиз.  

 👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

🎧 Премьера: Элис Манро, “Ижара ижодхона”
 
“Замонамиз Чехови” дея таърифланувчи, Нобель мукофоти совриндори Элис Манро “Ижара ижодхона” ҳикоясида Виржиния Вульфнинг машҳур фикрига юзланади: ҳар бир аёлнинг ўз хонаси бўлиши керак. Бир қарашда ҳажвия аралаш ёзилган ҳикояда Манро моҳирона тарзда аёл кишининг жамиятдаги стереотип роллари ва аёлга нисбатан кутувлар ҳақида ўз мисолида сўзлайди. Аёл – она, аёл – турмуш ўртоқ, аёл – уй бекаси, бироқ, аёл барча қатори иш, ўқиш ёки ижод билан машғул бўлса ҳам, одатда профессионал ҳаёти ёки қизиқишлари жамият босими ва ҳикоядаги “Мистер Моллилар” таъсирида иккинчи планга сурилади. Ва бу – шунчаки ёзувчининг уйдирмаси эмас. Масалан, статистикага назар ташласак, пандемия пайтида ишини йўқотган аёллар сони эркакларникига нисбатан ўта нопропорционал, яъни эркак ва аёл бир хил тарзда карантин шароитида уйда бўлган вақтда, болаларга қараш, уй ишларини бажариш ва шу билан бирга онлайн ишлаш босими натижасида кўпроқ аёллар ишини йўқотган.   
 
Монронинг ҳикояси ёзувчининг ўзи учун ижодхона қидиришга ҳаракати билан бошланади. Эрининг кўйлагини дазмол қилиб турган аёл шундай ўй суради: 
 
“Ҳар қалай, уйда эркак кишининг ишлаши учун шароит яратилган бўлади. Ишхонасида битиролмай қолган ёзув-чизувларини уйга олиб келса, унга барча зарур шароит муҳайё этилади. Уйдагилар унинг иши муҳимлигини яхши тушунади ва халақит қилишмайди. “Жиринг-жиринг” қилган телефонга жавоб бермайди, уйда нима қаерда экани ундан сўралмайди, яна жанжаллашаётган болаларига қозилик қилиши ёки мушугига овқат бериши ҳам шарт бўлмайди. У эшигини ичидан беркитиб олади-да, бемалол ишлайверади. Ана энди айни шу ҳолатга онани қўйиб кўрайлик: у ишлаш учун хонасининг эшигини ичкаридан қулфлаб олади. Онасининг ичкарида эканини билиб турган болалар бундан ваҳимага тушиши аниқ-ку. Эри ва фарзандларининг рисоладагидай яшашига масъул бўлган аёл шу ҳаракатлари билан уларни қийнаб қўймайдими, бу ахир ҳаётнинг минг йиллик анъанаю одатларини бузиш бўлмайдими? Зеро, оилада аёлнинг бурч ва мажбуриятлари эркак кишиникидан тубдан фарқ қилади. Ахир, аёл оилада эрталаб ювиб дазмолланган кийимларни эгнига илиб ишга кетадиган ва оқшом келиб, тайёр овқатни еб, жойига бориб ухлайдиган эркак билан тенг эмас-ку. Уйни уй қилиб ушлаб турган аёл барини қўйиб, ҳеч нарсага чалғимай, бутун фикри ёди билан уйда ижод қилиб ўтира олармиди?!”
 
Ҳикоя матнига линк пост тагида бириктирилган. Шарҳлар учун: YouTube. Репостлар учун катта раҳмат, аудиокитоблар қанчалик кўп тингланса ва фикрлар билдирилса, бу менга янги аудиолар устида ишлаш учун катта мотивация бўлиб хизмат қилади. 
 
P.S. Мен, Mahin’s World, MenSenvaUlar ва яна бир қатор китобсевар букблогерлар билан жонли мулоқотда бўлиш ва бошқа лойиҳаларимизни кузатишни истасангиз, Твиттердаги BookClubUz саҳифасига марҳамат. Биз у ерда ҳар ой аниқ бир китобни танлаб ўқиймиз ва аудиочатда муҳокама қиламиз. Шунингдек, танловлар ўтказамиз, турли мавзуларда суҳбатлашамиз, ижтимоий лойиҳалар амалга ошириш учун бирлашамиз. Масалан, 30-октябр, якшанба, Тошкент вақти билан 21:00 да октябр ойида мутолаа учун танланган “Ўзбекистон таваллуди” асарини аудиочатда муҳокама қиламиз, албатта тингланг ва қатнашинг: https://twitter.com/bookclubuz/status/1584293450849357826  

 👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

Hammaga welcome. Qatnashing, fikr almashing. Kutamiz. Bugun soat 21:00 twitter bookclubuz da

Hammaga tarqating

@mahinsworld

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

🎧 Аудиокитоб премьераси: “Мамлакатлар таназзули сабаблари: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари” (1-боб, китобдан парча)
 
“Нима учун менинг мамлакатим табиий бойликлари ва меҳнаткаш одамлари бўлишига қарамасдан дунёнинг энг камбағал мамлакатлари қаторига киради?”
 
Cogito ergo sum, яъни “Мен фикрлаяпман, демак, мен тирикман” ибораси файласуф Рене Декарт томонидан токи инсон ўзига савол берар ва борлиққа қизиқувчанлик билан қарар экан, у онгли мавжудот сифатида яшашда давом этиши маъносида айтилади. Дарон Ажемўғли ва Жеймс А. Робинсонлар “Мамлакатлар таназзули сабаблари: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари” китобида мана шундай саволларнинг энг муҳимларидан бирини беришади: нега баъзи халқлар фаровон ҳаёт кечиради, баъзилари эса қашшоқликка маҳкум? Ва, “маҳкум” деган тушунча умуман тўғрими? Муаллифлар "менталитет", иқлим, билимсизлик каби қатор гипотезаларни аниқ давлатлар ва халқлар мисолида тарихий, сиёсий ва иқтисодий тарафдан таҳлил қилади. 
 
Ушбу китобни аудио форматида тинглаш истаги ҳақидаги илтимосларни инобатга олиб, Why Nations Fail бестселлерининг ўзбек тилига таржимаси масъул муҳаррири, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан биргаликда 1-бобни аудио шаклга ўгирдик. Китоб сотувда бор (илова) ва уни албатта тўлиқлигича ўқиб чиқишни маслаҳат бераман. У мураккаб муаммолар ҳақида оддий ва тушунарли тилда сўзлайди ва эффектив ечимлар таклиф этади. 
 
👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

🎧 Аудиоҳикоя премьераси: Оскар Уайлд, “Бахтиёр шаҳзода
 
Бу эртакда барча нарса бисёр: Оскар Уайлднинг сўзлари билан айтганда, “ўзини гўё ашаддий санъат шайдосидай кўрсатишга уринаётган”, бироқ ялтирамай қолганда тарихий ёдгорликларни яксон этувчи дидсиз ҳокимлар; халқ ҳақидаги қайғуси систематик тарзда шахсий манфаатига хизмат қиладиган амалдорлар; ёҳуд, аҳоли камбағаллик ботқоғига нақадар чуқур ботганини кўрмаслик учун атрофида янада баландроқ девор бунёд этиб, босар-тусарини билмай яшайдиган зодагонлар.

Аммо, “Бахтиёр шаҳзода” аслида бу ҳақида эмас. Ҳикоя сўнгида қайдай амаллар, муаллифнинг наздида, жаннатнинг боғи ва олтиндан барпо қилинган шаҳрида абадий қолиш учун эшикларни очиши ҳақида билиб олиб, эҳтимол, ўйга толарсиз.
 
Қисқа (уни ўқишга 10-15, тинглашга эса 26 дақиқа сарфлайсиз) ҳикоя Уайлднинг символикасига тўладир. Эскапизм, нарциссизм, сунъий чирой ортидан қувиш, очкўзлик, кибр, адолатсизлик, тенгсизлик, коррупция, дўстлик, севги, садоқат, яхшилик ва фидоийлик каби тушунчаларнинг қарама-қаршилиги кўпчилик саҳналарда ўта нозик дид билан тасвирланган. Яъни, марказида олтин ва қимматбаҳо тошлар билан безалган зодагон ҳайкали жойлашган заминда болалар қашшоқлик, касаллик, очлик, эксплуатация ва азоб қуршовида яшаётганлиги ҳақидаги тасвирлар инсонда қайсидир маънода когнитив диссонанс уйғотади ва бу когнитив диссонанс ҳисси ҳаётга шу қадар яқинки, ёзувчига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. 
 
Умуман олганда, Оскар Уайлднинг азоб ва адолатсизликда ўтган ва тугаган ҳаёти, эндиликда эса, ҳатто ўша афсонавий “Дориан Грей портрети” асарининг нақадар севилиб, шоҳсупага кўтарилишининг ўзи ҳам турган-битгани парадоксдир. Жамият томонидан “ёмон ва жирканч” деб ҳисобланган шахс абадий қадриятларнинг энг давомли ва энг эффектив куйловчисига айланади. Бу парадокснинг гўзаллиги ҳам айнан шундаки, Уайлд қайсидир маънода уни таҳқирлаган жамият ва инсониятнинг коллектив хотирасида абадий қолади ва гўёки дейди: “Келинг, мен сизга инсониятнинг энг нодир ва энг тубан хусусиятлари ҳақида асрлар оша сўзлайман, сиз эса – эшитасиз”. 

👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

🎧 Аудиокитоб премьераси: Анна Франк, “Чордоқ ҳикоялари (кундаликлар)”

Адабиётнинг кундалик ёки мемуар жанри – қаҳрамоннинг ички кечинмаларини хронологик тарзда ва деталлар билан кўрсата олиши туфайли – тарихий воқеаларни тиклаш каби жараёнларда муҳим роль ўйнайди. Шунингдек, баъзи кундаликлар овозини баралла эшиттира олмаган инсонларнинг тақдири сассизлик домига сингиб кетишига йўл қўймайди.

Таниқли ёзувчи Ян Парандовский ёзувчилик иқтидорини айниқса уруш вақтида кундаликлар орқали ифода этишнинг аҳамияти ҳақида шундай дейди: “... шавқатсиз ва мудҳиш уруш кўпгина мамлакатларда одамларни қўлга қалам олиб, бошидан кечганларни ёзишга мажбур қилди. Дўзахни бошидан охиригача кесиб ўтган одам яна қайтадан ўзининг одатдаги сукут ҳалқасига биқиниб ололмасди. Ҳатто болалар ҳам қўлларига қалам олдилар. Масалан, ўн тўрт ёшли Анна Франк шундай қилди – унинг Голландияда яшаганида бошидан кечирган даҳшатли йиллари ҳақидаги кундаликлар қизалоқнинг ёзувчилик истеъдоди борлигидан далолат беради. Бизда Польшада Давид Рубинович деган ёш бола кўримсиз дафтарларга истило даврининг даҳшатли кунларини ёзиб чиққан экан. Бу ёзувлар кишини янада қаттиқроқ ларзага солувчи шаҳодатномалар бўлди. Улар тил-забондан маҳрум қилинган, уриб-тепкилаб, унут бўлишга маҳкум этилган миллионлаб одамларнинг садоси бўлди”.

Хабарингиз бўлса, ҳар йили 27 январь куни Халқаро Холокост қурбонларини хотирлаш куни сифатида ёдга олинади. 14 ёшли қизалоқ Анна Франкнинг кундалиги Холокостда қурбон бўлган 6 миллион яҳудийларнинг энг ёрқин овозларидан бири бўлиб янграйди. Анна оиласи билан икки йил давомида Голландиянинг Амстердам шаҳрида чордоқда беркиниб яшаган, лекин уларни кимдир “сотган” ва фашистлар оилани топиб, Освенцим (Аушвиц-Биркенау) лагерига жўнатишган. Айнан шу сабабдан Аннанинг кундалиги кутилмаганда узилиб қолади. Анна Освенцимдан опаси Марго билан Берген-Бельзен лагерига ўтказилган ва ғалабага яқин, яъни 1945 йилнинг февралида вафот этган. Анна ёқтирган Питер ҳам ғалаба кунларида вафот этган.

Аннанинг кундалигини фашистлар ағдар-тўнтар қилган чордоқда оилага икки йил давомида беркинишга ёрдам берганлардан бири бўлмиш Миеп Гиз исмли аёл топиб олган ва лагердан тирик қайтган ягона оила аъзоси, яъни Аннанинг отаси билан биргаликда кундаликнинг нашр этилиши учун катта ҳисса қўшган. Хилари Суэнк бош ролни ижро этган “Озодлик ёзувчилари” (Freedom Writers) фильмини кўрган бўлсангиз, у ерда ўқитувчи ва ўқувчилар пул йиғиб, Миеп Гизни Америкага таклиф қилишади. Ўқувчилар билан учрашувда Миеп уларга айтади: “Ҳар бирингиз кичик амаллар ва йўллар билан бўлса ҳам, қоронғу хонада чироқ ёқа оласиз”. Буларнинг бари – бўлган воқеа.

Холокостни рад этувчилар ушбу кундалик ҳақиқий эмаслиги ҳақида кўп жар солишган, лекин кундалик тарихчилар томонидан жуда кўп ўрганилган. 1958 йилда афсонавий “нацистларни овловчи” Симон Визенталь кундалик ҳақиқий эканлигининг далолати сифатида оилани ҳибсга олган эсэс офицерини топган. Амстердам марказидаги жажжи чордоқ ҳозирда Голландиянинг энг машҳур музейлари қаторига қиради.

Освенцим лагерида жами 1 миллион 100 минг одам ўлдирилган, уларнинг орасида фашистлар “унтерменш” (ноодам) деб таҳқирлаган ва оммавий равишда қирган озчилик гуруҳларига тегишли инсонлар, яъни “Иегова гувоҳлари” диний оқими, лўлилар, ЛГБТ вакиллари ва бошқалар бор. Освенцимда Совет асирлари, жумладан камида 100 та ўзбекистонлик ҳам бўлган. Освенцимни озод қилишда эса 39 миллатдан иборат 1-Украина фронтининг 60-армияси иштирок этган, унинг таркибида 838 нафар ўзбекистонлик бор эди.

Анна Франкнинг кундаликлари дунёда энг кўп ўқилган, ҳамда таржима қилинган асарлардан бўлиб, қатор мамлакатлар мактабларида Иккинчи жаҳон уруши, ҳамда фашизм ва дискриминациянинг салбий оқибатларидан воқиф этиш мақсадида ўрганилади.

Асарни ўзбек тилига Мунира Менглиева таржима қилган, матн пост тагида линк қилиб бириктирилган. Шарҳлар учун: YouTube. Аудиокитобни дўстлари билан бўлишганларга ташаккур.

👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

🎧 Аудиокитоб премьераси: Вацлав Гавел, “Кучсизлар кучи”.

Кучсизлар кучи” эссеси ёзувчи, диссидент, чех халқини коммунистик диктатура чангалидан олиб чиқиб, Чехия Республикасининг биринчи президенти лавозимини эгаллаган Вацлав Гавелнинг энг машҳур асарларидан биридир. Гавел атрофдаги воқеаларни онгли равишда англаш ва сиёсий манқуртга айланмаслик ҳақида ёзади, посттоталитар тузумларнинг хусусиятлари ва манипулятив усулларини фош қилади, ҳамда демократик ривожланиш йўли борасида батафсил ва аниқ мисоллар ёрдамида тушунтиради.  

“....тизимдаги ҳаёт иккиюзламачилик ва ёлғон билан қоришиб кетган бўлиб, бунда бюрократик ҳокимият – халқ ҳокимияти дейилади; ишчилар синфи номи билан – ишчилар қул қилинади; инсонни тотал таҳқирлаш – инсон эркинлиги сифатида; ахборот изоляцияси – унинг очиқлиги сифатида; жамоат назорати ташкилотларининг ҳукумат томонидан манипуляция қилиниши ва ҳукумат ўзбошимчалиги – қонун устуворлиги сифатида, маданиятни йўқ қилиш – унинг ривожланиши сифатида; империя таъсир доирасининг кенгайишини – жабрдийдаларга ғамхўрлик сифатида; сўз эркинлиги чекланишини – эркинликнинг юксак кўриниши сифатида; сайлов сохтакорлигини – демократиянинг энг олий шакли сифатида; тафаккур қуллигини – илғор илмий дунёқараш сифатида; оккупацияни – биродарлик ёрдами сифатида тақдим этилади. 

Ҳокимият ўз ёлғонлари асиридир ва шунинг учун ҳам у сохтакорликка эҳтиёж сезади. Ўтмишни сохталаштиради. Бугунни, келажакни ва статис­тикани қалбакилаштиради. У ўзини, қудратли ва зўравон полиция аппарати мавжуд эмасдай тутади. Инсон ҳуқуқларига риоя қилаётганини сурбетларча таъкидлайди. Мунофиқликни – мунофиқлик ортига яширади.”

Сиёсатшунос Ҳамид Содиқга асар таржимаси ва уни аудиокитобга айлантиришга руҳсат учун раҳмат. Шарҳларингизни YouTube да қолдиришингиз мумкин. Дўстларингиз билан бўлишишни унутманг!

👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

♞ Гроссмейстер Гарри Каспаров компьтерга ютқазиб қўйганидан кейин нима бўлган? Сунъий интеллект инсон каби мукаммал бўла оладими ёки биринчи дастурловчи Ада Лавлейснинг башорати тўғрими? IT соҳаси ривожида гуманитар фанлар, давлат ва бошқа секторларнинг ўрни қандай? “#Инноваторлар” нинг сўнгги бобида шу ҳақида сўз кетади.

Аудиокитобнинг барча бобларига ва 📚 .pdf шаклига линк пост тагида. Китобни IT соҳасининг тарихи ва бугунги куни ҳақидаги тўлиқ, фойдали ва мотивацион дарслик сифатида тавсия этаман. 

👉 @madnifique 👈 каналининг кейинги лойиҳаси сифатида ёзувчи, ҳуқуқ ҳимоячиси ва Чехиянинг биринчи президенти Вацлав Гавелнинг Ҳамид Содиқ таржимасидаги "Кучсизлар кучи" асари аудиокитоб ва китоб тарзида яқин кунларда тақдим этилади. Канални кузатиб боринг. Аудиокитобларга 📺 YouTube каналимизда ҳам обуна бўлишингиз мумкин.

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

“Мен жимжитлик уммонида, зулмат қаърида батисфера ичидаги ғаввос каби тубсизлик исканжасида қолгандим. Гўё шу ғаввоснинг сув юзига чиқишига нажот берувчи биргина арқони ҳам узилиб кетган-у, бу ғаввос сассиз-садосиз уммон қаърида, ваҳима билан олишаётгандек аҳволда эдим”. 

Стефан Цвейгнинг қаламига мансуб, немисчадан Давронбек Мамарасулов моҳирона таржима қилган  “#Шахматновелласи” сида инсон заковати ва тасаввурининг чексизлиги, ҳамда шаҳмат ўйинининг гўзаллиги акс этади. Аудиокитоб сизга ёқади, деб умид қиламан. 
📝 Матн: ZiyoUz

👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

Систематик тарзда ёлғон тарқатиш ҳолатини кўпчилик посттоталитар тузумларда кузатиш мумкин. Ҳозирги замон мисолида айтганда, “Жельсомино ёлғончилар мамлакати” да мана бундай воқеалар содир бўлади: жойларда свет бўлмаса ҳам энг юқори курсиларда ўтирадиган давлат арбоблари “свет бўлмайдиган вақтлар ўтиб кетди”, дейишади, гарчи ўзлари ва халқ бунинг ёлғон эканлигини яхши билади.

Посттоталитар режимлар, уларнинг хусусиятлари ва қўллайдиган услублари ҳақида қизиқ бир автобиографик асарни аудиокитобга айлантириш яқин режаларимда бор.

Жанни Родари қаламига мансуб “Жельсомино ёлғончилар мамлакати” нинг барча боблари тайёр. Асар .pdf шаклида мана бу ерда. Изоҳлар бўлса YouTube да⬇️ қолдиринг ва яна қандай китоблар тинглашни ҳоҳлашингиз ҳақида айтиб қўйинг. Репост учун ҳам олдиндан катта раҳмат! :)

👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

Усмон Носирнинг жияни Нодира Рашидованинг 2004 йилги хотираларидан
“...1937 йил 12 июлда бўлиб ўтган Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмаси йиғилишида Усмон Носирнинг иши кўриб чиқилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларидан бири, ёзувчи Ҳамид Олимжон мажлис бошланишидан аввал Усмонни қўлтиқлаб, йиғилишда ўзини қандай тутиш ҳақида маслаҳат берди:
- Ҳозир сени миллатчиликда, уюшган гуруҳ тузишда айблаймиз, лекин сен жим тургин, айбингни тан ол, кечирим сўра ва биз кечирамиз...
Ëши Усмондан унчалик катта бўлмаса-да, Ҳамид Олимжон уюшмада катта обрўга эга эди, Шарқда эса катталарнинг маслаҳатига қулоқ тутиш анъанаси бор. Шу одамга ишонган Усмон худди шундай йўл тутди. 
Йиғилишда Усмонга миллатчилик қўзғатиш, русофобия, пессимистик руҳдаги шеърлар билан ёшларни йўлдан уриш каби айбларни қўйишди. Бирваракайига Бухарин ҳақида аввал айтган гапларини ҳам ёдга олишди. Усмон бу вақт индамай бошини эгиб ўтирди, унга сўз беришганда эса Ҳамиднинг маслаҳатига амал қилган ҳолда айбига иқрор бўлди, ҳақиқатан ҳам айтилган хатоларга йўл қўйгани ва ўртоқлари бераётган маслаҳатларга амал қилган тарзда хатоларини тузатишга ваъда берди. Усмондан сўнг дарҳол Ҳамид Олимжон сўзга чиқди:
– Кўрдингларми, у ҳамма нарсани тан оляпти! Бундайларга орамизда жой йўқ!
Ва зудлик билан Усмонни уюшмадан ҳайдашни таклиф қилди. Ҳамиднинг пасткашлигини тушуниб етган Усмон қайта сўз олади ва айбловлар адолатсиз эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилади, лекин кеч бўлганди... Бу ҳам етмагандай, Усмон ҳаяжондан ўзи сезмаган ҳолда рус тилидан ўзбек тилига ўтиб сўзлашни бошлади, Ҳамид эса уни қўпол тарзда жеркиб берди: 
– Русча гапир! Биз сафларимизда миллатчиликни тоқат қилмаймиз!
Ва ушбу таънали сўзларни бир ўзбек бошқасига ўз она тилида гапиргани учун айтди! Шунақа замонлар эди у пайтлар!...”

👉@madnifique👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

🎧 Премьера: М. Лермонтов, “Демон” (“Иблис”), Усмон Носир таржимаси.

Кейинги кунларда 10-20 дақиқадан ўзбек тилига Усмон Носир томонидан маҳорат билан таржима қилинган, Михаил Лермонтов қаламига мансуб “Демон” (“Иблис”) достонини ўқийман. Шу йўл билан ажойиб шоиримизни ёдга олиб, унинг ижоди ва ҳаёти ҳақида суҳбатлашамиз. 
Усмон Носир 1944 йилнинг 9-мартида, Сталин ва Берия томонидан “иши” кўриб чиқилиб, оқланишига озгина муддат қолганида лагерда вафот этган.   

Шарҳларингизни YouTube да қолдиришингиз мумкин. Репостлар, лайк ва комментлар учун олдиндан раҳмат, бу менга катта мотивация беради. 

👉@madnifique👈
Twitter: bookclubuz

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

Абдурауф Фитрат. "Ҳинд сайёҳининг қиссаси" (аудиокитоб, электрон китоб)

“Форс, хинд ва хитойлардан илмини олиб, бунга ўзлари ҳам катта илм қўшган мусулмонлар ҳаммасини европаликларга бериб юборди.” - деган эди француз профессорларидан бири. 
Энди эътибор беринг, европаликни ўзини фикрича, улар ғарб прогресси бошидаги илмларни мусулмонлардан олишган. Агар биз ҳозир йўқотилган ўз маданиятимиз ва тамаддунимизни қайтариб олиш учун бир қадам ташласак, бизнинг уламолар “Сен кофирсан” дейишади ва бизга ҳалақит беришади.”

Фитрат домланинг бирқанча вақт давомида ман этилган ва кутубхоналардан олиб ташланган қиссаси Бухорога келган ҳиндистонлик мусулмон сайёҳ тилидан ҳикоя қилинади. Унда ёзувчи муллалар, муфти, ҳоким ва амирларнинг иллатларини довюраклик билан очиб ташлайди ва миллат нима учун ортда қолиши ҳақида сўзлайди.

1991 йилда “Шарқ юлдузи” журналида қайта чоп этилган асарни тожик тилидан ўзбек тилига Ҳасан Қудратуллаев таржима қилган, аудиокитобни Саодат Зайдинова ўқиган. 
 
👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

🎧 📚 Твиттердаги Букклабимизда ноябрда Маргарет Этвуднинг машҳур Handmaid’s Tale (Рассказ служанки) антиутопик асарини ўқидик ва уни чатда муҳокама қилдик. Суҳбатнинг ёзиб олинган шаклини мана бу ерда тинглашингиз мумкин: 
https://twitter.com/i/spaces/1yNxaNMypAXKj

Клубимизни албатта Твиттерда кузатиб боринг, чунки у ерда биз, яъни дунёнинг турли нуқталаридаги ўзбекзабон китобхонлар, ҳар ой оригинал, қизиқ, долзарб, турли мавзу ва йўналишлардаги китоблардан бирини танлаб ўқиймиз ва муҳокама қиламиз. Август ойидан бери бешинчи китобни бошлаш арафасидамиз. Шунингдек, клубда турли танловлар ҳам ўтказиб турамиз ва бошқа мавзуларда ҳам твитлар орқали фикр алмашамиз 👍

👉@madnifique👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

Шу аканинг иккиюзламачилигини исботлаб берайми?

Хўп, исломий қадриятлар бўйича аёлларга муносабатда бўлар экансан. Оқ йўл, бемалол, бос! Бу сенинг ҳуқуқинг. Тўғри, бу ишинг клерикаллигингни кўрсатади, лекин клерикал десак хафа бўласан, ҳақорат қилишяпти, бетоқатлик қилишяпти дейсан. Муҳими, бизнинг ҳаётимизга аралашма, ўзинг билганингдай яша.

Энди саволлар туғиляпти: хўп, энди жамиятимизда бошқа қадриятларга эга одамлар бор. Гендер тенглик ва адолат йўлида ҳаракат қилаётган. Уларга ҳам оқ йўл, газини босишсин. Ахир сенга мумкин, уларга ҳам мумкин бўлса керак, шундай эмасми? Йўқ, бу акамизнинг фикрича, ундай эмас. Фақат унинг қадриятлари тўғри, уларга ҳамма амал қилишга мажбур, ким амал қилмаса, псевдолиберал ва экстремист-феминист. Кимдир уни клерикал деса, бу бетоқатлик, ҳақорат, орқадан гапириш, шахсий ишига аралашиш, сўз эркинлигини бўғиш. Ўзига эса ҳамма нарса мумкин. Танқид қилиш ҳам мумкин, ўз қарашини сингдириш, тарғиб қилишам мумкин. Бошқаларга мумкин эмас, экстремизм бўп қолади.

Баҳс одоби ҳақида икки оғиз. Буни гапираётганлар "оғзи шалоқ", лекин бутун бошли аҳоли қатламларини оғзи шалоқ ва экстремист дейиш ҳақорат эмас, одоб. Бировларни экстремистга чиқараётган, ўзича ўзини диний экстремистлардан ажратиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган бу одамнинг диний экстремистлардан заррача фарқини сезяпсизларми? Маданиятли одамга ўхшаб "барча қарашларни ҳурмат қиламан, лекин менинг фикрим шунақа" деб бирор марта ёзганми ўзи? Ўша феминистларга фикрини тўғри, асосли тушунтиришга уринганми ёки уларнинг даврасига кирволиб "ҳамманг бузуқсан, экстремистсан" дейишдан нарига ўтмаганми? Мен Twitter'га кириб қолсам, фақат фалонча экстремист, писмадонча псевдолиберал деб ётганини (ва, о парадокс, мени кимдир клерикал деди деб норози бўлаётганини) кўраман. Унинг фикрича, фақат либераллар "консерваторларни ҳурмат қиламан" деб гап бошлаши керак, акс ҳолда бетоқат оғзи шалоқ бўлиб қолади. Рижоллар эса бутун дунёга қўйвориб, осмондан келиб, беписанд гапиришга ҳақли.

Феминизм олийжаноб ҳаракатдир, усиз ўзбек жамиятида ижобий ўзгаришларга умид қилмаса ҳам бўлади. Консерваторларимиз хаспўшлашга уринаётган жуда кўп муаммоларни шу феминизм ҳаракати ҳал қилиб беради. Булар феминизм ҳақида Россия пропагандаси ёзган беш-олтита эгри талқинни ўқиб олиб, ёлғон тасаввур қиволиб, "ҳа мана экан, шунақа экан!" деб бақириб юрибди. Ўзбек халқининг куни шундай "зиёли"ларга қолгани тамом бўлган куни бўлади.

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

🎙️ Шеърият: “Тупроқ узра”, Фуруғ Фаррухзод

👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

Шахсга сиғиниш: кеча, бугун, эртага.
 
Премьера: Одил Ëқубов, “Музқаймоқ
 
Қатағон йилларининг отаси ва ўз оиласи тақдирида қолдирган даҳшатли изларини Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ëқубов “Музқаймоқ” ҳикоясида ёдга олган. Ҳикояда қайта ва қайта “шахсга сиғиниш” ибораси учрайди ва балки, сиз ҳам худди ёзувчи каби, қай тарзда одамлар Сталин шахсига сиғинган ва шундай қонхўрни оқлаб келган экан, қабилидаги саволни берарсиз. Бироқ, буни тушуниш учун узоққа боришнинг кераги йўқ. Биз шундай кунларда яшаяпмиз-ки, атрофимизда, ёнгинамизда, ўз қардош халқининг ерларига бостириб кириб, қўлини қонга ботираётган шарафсизни оқлаб, унга сиғиниб юрганлар тўлиб ётибди. 
 
Лекин, биласизми, мен барибир инсониятда ёмонликка нисбатан яхшилик кўпроқ эканлигига ишонгим келади. Ҳар қандай замонларда ҳам қаламини ҳақиқатни айтиш учун аямайдиган инсонлар борлигини кўраман ва бундайлар менга умид бағишлайди. Еру кўкни зулмат чўлғаган пайтда адабиёт энг дадил ва қўрқмас нур бўлиши керак, бўлмоғи шарт. Масалан, Одил Ëқубовнинг Москвадаги мана бу жасоратга тўла машҳур нутқини томоша қилинг.   
 
“Музқаймоқ” ҳикояси матнига линк пост тагида бириктирилган. Шарҳларингизни YouTube да қолдиришингиз мумкин. Репостлар учун катта раҳмат. 
 
Слава Україні.

👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

Премьера: Бенжамин Франклин, "Ҳуштак"

Буюк ихтирочи, олим, дипломат, файласуф, сиёсатчи, тадбиркор ва АҚШ Конституциясининг муаллифларидан бири Бенжамин Франклин муҳожир-ҳунарманд оиласида 17 нафар фарзанднинг саккизинчиси бўлган. Мустақил равишда таҳсил олган ва жуда кўп китоб ўқиган Франклинга тебранма ўриндиқ, яшин қайтаргич ва бир қатор электрик жиҳозлар каби кўплаб ихтиролар тегишлидир. Шунингдек, Франклин ихтиро қилган мусиқа асбобларидан Моцарт, Бетховен ва Штраус каби буюк бастакорлар фойдаланган. 1914 йилдан бошлаб Бенжамин Франклиннинг сурати Американинг 100 долларлик купюрасида чоп этилишни бошлаган. 
 
“Вақт — бу пул”.

“Энг яхши инвестициялар билимга қилинган инвестициялардир”.
 
Ношир, ёзувчи ва иқтидорли жамоат арбоби Бенжамин Франклин замонамизнинг кўп ёрқин шахсларига илҳом бағишлаган. Масалан, каналимда Илон Маскни илҳомлантирган китоблар ва инсонлар ҳақидаги постларда Илон ўзининг қаҳрамони сифатида Бенжамин Франклинни кўрсатгани борасида маълумот берилганди. Бугун Бенжамин Франклин томонидан ёзилган фалсафий ва ибратли “Ҳуштак” ҳикоясини аудио шаклда тақдим этмоқдаман.  
 
Ҳикоя матнига линк пост тагида бириктирилган. Шарҳларингизни YouTube да қолдиришингиз мумкин.  
 
👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

Канални юритишни бошлаганимга 14 ой бўлибди! Мана шу давр давомида 20 дан ортиқ турли жанрдаги адабий, илмий-техник ва фалсафий роман, қисса, кундалик ва ҳикояларни аудиокитоб шаклига келтирдим. Катта бир антиутопик асарни таржима ҳам қилиб, китоб шаклида чиқаришга муваффақ бўлдик. Аудиокитобларни тинглаб, бошқалар билан улашиб, қўллаб-қувватловчи шарҳлар ёзадиганлар, ҳамда қатор жонкуяр таржимонлар шу вақтгача канални битта ҳам реклама ва ҳомий олмай юритишга мотивация беришди. Бунинг учун барчага катта раҳмат!

Тунов куни дугонамнинг уйига борган эдим, кичкинтой ўғлига қизимнинг болалигидаги китобларини олиб бориб бердим. Болажон шунақа хурсанд бўлди-ки, кўзлари чақнаб кетди. Қизимга китобларни ўқитиб, тинглаб ўтирди. Шунда мен ўйладим: инсонга кўп нарса совға қилиш мумкин, аммо унга китоб ва билимга қизиқиш уйғотишдан қувончлироқ нарса кам...

Сиз яна қандай асарларни тинглашни истайсиз? Сизга романлар маъқулми, ёки қисса, ҳикояларми? Жонли чатлар сизга қизиқми? Масалан, айни дамда менда Макиавеллининг "Ҳукмдори", Фитратнинг "Ҳинд сайёҳининг қиссаси", Хемингуэйнинг бир нечта ҳикояси бор, шулардан қайси бирини тинглашни танлаган бўлардингиз? Шарҳларингизни YouTube да қолдирсангиз, албатта ўқиб чиқаман.

Ҳурмат ила,

👉@madnifique👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

🎧 Аудиоҳикоя премьераси: Элис Манро, “Юз”
 
2013 йили Салмон Рушди каби ёзувчиларни кутилмаганда ортда қолдирган ҳолда адабиёт бўйича Нобель мукофотини мен яшайдиган жонажон Онтарио провинциясида туғилиб ўсган ёзувчи олди. Айни дамда 90 ёшни қаршилаган Элис Манро Канаданинг адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган ягона ёзувчисидир.  
 
Манрони нима сабабдан “замонамизнинг Чехови” деб аташади? Бир қарашда, у ўта содда ва кундалик ҳаётда унчалик ҳам эътиборга лойиқ бўлмаган мавзулар, инсонлар ва ҳодисалар ҳақида ёзади. Лекин, назаримда, у буни шундай моҳирлик билан уддалайдики, гўё ҳикояларининг ичига ҳикоялар жойлайди, яъни 2-3 сатрда бутун бир асар ўқигандек бўласиз. Масалан, Мукаррам Отамуродова таржимасидаги “Юз” ҳикоясидан парча: 
 
“Болалик инсон умрининг тоғ чўққисидаги қорлар каби беғубор, гул япроғи устидаги шабнамдай тоза дамлари бўлиб, уни ҳаёт йўлингизнинг ҳар бир бекатида қўмсайсиз… соғинасиз… яна бир лаҳзага бўлса-да унга қайтгингиз келади. Аммо менинг бу ёруғ кунларим ҳасратнинг қора калхатларига ўлжа бўлгани учун, баҳорни кўрмай кузнинг совуқ елларида учиб кетган болалик орзуларим учун тақдиримдан хафаман… норозиман… шу туфайли баъзан дунёи-дунга ўт қўйгим келади”.
 
Манронинг ҳикоялари асосида қатор фильмлар ҳам суратга олинган, улардан энг машҳури Педро Альмодоварнинг “Джульетта” фильми ҳисобланади. “Юз” ҳикоясидаги Манрога ҳос илиқлик сизга ҳам етиб боради, деб ўйлайман.

Ҳикоя ҳақида @xushnudbek ҳам ёзган экан, матнни унинг саҳифасида ўқишингиз мумкин.

Дўстларингиз билан бўлишишни унутманг!
👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

🎧 Премьера: Габриэль Гарсия Маркес, “Мовий ранг итнинг кўзлари

Нобель мукофоти совриндори Габриэль Гарсия Маркес “сеҳрли реализм” жанрининг энг ёрқин намоёндаларидан биридир. “Сеҳрли реализм” жанрида ижод қилган ёзувчилар Михаил Булгаков,  Хорхе Луис Борхес, Салмон Рушдий, Тони Моррисон, Хулио Кортасар, Николай Гоголь, ёки Марк Шагал каби рассомларнинг ишларига назар ташлаганда, уларда кундалик ҳаёт саҳналари сеҳрли элементлар билан уйғунлашиб кетганини кўриш мумкин; сўз, бирикмалар ва саҳналар инсонда кучли таассурот уйғотади. Қисқа қилиб айтганда, сеҳрли реализм – катталар учун эртак. 

Маркеснинг менга энг ёққан томони шундаки, у тасаввуримнинг қайсидир бурчакларида беркинган туйғу ва хотираларни қоғозда ифодалайди. Унинг асарларини ўқиётганимда менда мана шундай туйғулар пайдо бўлади: масалан, сувнинг сатҳини кафт билан силаш ёки эрта тонгдаги шудринг ифори. Буни қандай тасвирлай оласан? Маркес эса тасвирлай олади. Бугун ўқиган аудио ҳикоям “Мовий ранг итнинг кўзлари”ни олайлик: унда севишганлар фақат тушларида кўришишади, уйғонганларида эса бир-бирларини “Мовий ранг итнинг кўзлари” ибораси ёрдамида излашади. Сизда балки шундай бўлгандир, кимнидир бир умр тушингизда кўрасиз ва биласиз, ҳаётда эса топа олмайсиз? 

Ҳикояни моҳир таржимон ва ёзувчи Гулноз Мамарасулова таржима қилган. Маркесни таржима қилиш ўта мушкул, лекин Гулноз таржимасидаги “Қия очиқ эшикда сукунат ҳалқалари осиқлиқ турарди” каби иборалар ҳикояга ўзгача жозиба берган. Ëки мана бу: “У ойнак олдида ўтирганча кўзгу кенгликларида акс этаётган вақт чизгилари ила менинг елкаларимга тикилар, ҳамда нигоҳларида шу кенгликлардаги вақт чизгиларини ушлаб қолишга интиларди”...
Ҳикоя матн шаклида пост тагида линкланган, Гулноз Мамарасуловага эса таржима учун катта раҳмат. Унинг ҳикояларини мана бу линк орқали ўқишингиз мумкин. 

Шарҳлар учун 👉 YouTube.

🔔 Тез кунларда адабиётда алоҳида ўрин тутган бир тарихий кундаликни аудиокитоб шаклида эълон қиламан, канални кузатиб боринг. 

Ҳурмат ила,
👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

"Яшаяпмиз атрофда юртни ҳис қилмай,
Гапларимиз нарига ҳам эшитилмай.
Овозинг чиққудек бўлса ҳамиша,
Кремль тоғлигини қилишар пеша.

Унда панжа йўғон, зулукдай, ёғли,
Сўзлари ҳам худди тошдай залворли.
Кулса суварак кўз, атроф қалтирар,
Даҳшат солиб этик соғи ялтирар.

Атрофида гирён доҳийваччалар,
Хизмат қилар ярим одамваччалар.
Кимдир хуштак чалар, ким миёвлаб қўяр,
Ғиринг десанг икки кўзингни ўяр.

Тақа туҳфа қилган изма-из фармон,
Насибадор чекар афсусу армон.
У қатл этмаган кун – малина ҳаёт,
Демак осетин дилида янграган баёт."
 
– Осип Мандельштам
(Рус тилидан Жамолиддин Муслим ва Юсуф Мирзамаҳмудов таржимаси)
 
Шоир Осип Мандельштам Сталин ҳақидаги “Яшаяпмиз атрофда юртни ҳис қилмай” (Мы живём, под собою не чуя страны) шеъри сабабли ҳибсга олинган ва 1937 йил декабрида, 14-январдаги туғилган кунига бир неча кун қолганда қамоқда вафот этган.
 
Мандельштамнинг сатрлари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. 
 
👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

Стэнфорд университетида икки талаба учрашиб қолишади: улардан бири ота-онаси яҳудий бўлгани учун собиқ СССР да ишдан бўшатилган ва оиласи билан АҚШ га 5 ёшида келган қизиққон иммигрант эди. Иккинчи талаба ўта босиқ ва камгап бўлса ҳам, университетдошлар дарҳол баҳсга берилиб кетишади ва тез орада лойиҳа яратишади. Ушбу лойиҳа учун улар ҳатто сармоя топишга қийналишади. Йиллар ўтиб биз барчамиз Калифорния гаражларидан бирида бошланган ушбу компанияни Гугл номи билан таниймиз.

“#Инноваторлар” китобининг 11-бобида Ларри Пейдж ва Сергей Брин қандай қилиб дунёни ўзгартиргани, шу пайтнинг ўзида Жимми Уэйлс билимлар ўчоғи бўлмиш Википедияни қай тарзда яратгани ҳақида тингланг ⬇️

👉@madnifique

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

ПРЕМЬЕРА: “Бобом”, Сергей Довлатов.
 
Каналимиз орқали Довлатовнинг “Акам” ҳикояси билан танишганлар ушбу ҳикоя муаллифнинг “Бизникилар” номли тўпламидан эканлигини билишлари мумкин. Довлатов ушбу тўпламни Америкада ёзган ва ҳикояларнинг бир нечтаси инглиз тилида The New Yorker журналида чоп этилган. Ҳикояларнинг ҳар бири ёзувчининг қариндоши номи билан аталади. 
 
Тўпламда менга энг ёққан ҳикоялардан бири бўлмиш “Бобом” ни таржима қилдим ва аудиога айлантирдим. Фикрларингизни YouTube⬇️ да қолдиришингиз мумкин. Ҳар битта репост учун алоҳида раҳмат! 
 
P.S. Баъзи соғлиқ билан боғлиқ сабаблар туфайли катта аудиолойиҳаларни ёзишим қийинроқ кечмоқда, лекин яқин орада фаолиятни давом эттираман, деб умид қиламан. 
 
👉 @madnifique 👈

Читать полностью…

📚 Madina Musayeva 🎧

1963 йилда ёзилган “Дюна” асари асосида канадалик режиссер Дени Вильнёв олган янги фильмни кўрдим. Қисқа рецензия:

“Янги Саҳро аҳолиси саҳро қумларидан азият чекиб, чанг ва сувсизлик билан курашаётган бир пайтда, унинг монополистлари олдида қумдан сеҳрли Зиравор йиғиб, “Меланжфартель” фирмаси фаолиятини йўлга қўйиш каби долзарб масалалар турарди”.
#нетрудностиперевода

👉@madnifique

Читать полностью…
Subscribe to a channel